(Буни ўқигач, “шўргинанг қурсин, мўйлов!” деб юбормасангиз бас.)
Мусича чумчуқнинг инида тунаб қолган куни “Мўйловчиликни ўрганиш билмий-текширмаслик институти”да Маънижон Ҳузуралиев “Йигирманчи асрнинг олтмишинчи йилларида мўйловчилик ҳаракати” деган мавзуда чаланомзодлик диссертациясини ўрнига қўйди. Бу маросимда меҳмон сифатида иштирок этсамда, “ўрганган кўнгил ўртанса қўймас”, деганларидек, қоғоз-қаламни қўлга олиб, муҳокамада қимматли фикр ва мулоҳазаларини билдирган атоқли мўйловшунос олимларнинг сўзларини ёзиб қўйибман. Ёзилган нарса ташлаб юборилса увол бўлар, деб сизга илиндим. Истасангиз, ўқинг, истамасангиз – йўқ. Хоҳласангиз, бу гапларга ишонинг, хоҳламасангиз – йўқ.
Сизга ёлғон, менга ҳам чин бўлмаган ўша муҳокамада биринчи гапни мўйловчилик фанлари дўктўри Шопазим Соқолиев бошлаб бердилар. Сўзларининг баёни будир:
-Азиз ўртоқлар, Маънижоннинг диссертацияси менда улуғ таассурот уйғотди. Шу пайтгача, ўртоқлар, олтмишинчи йиллар мўйловчилиги ҳақида илмий иш олиб борилмаган эди. Мен Маънижоннинг ушбу иши тўла маънода кандидат деган унвонни беришга лойиқ деб топаман. Лекин укамиз Маънижон йўл қўйган айрим жузъий камчиликлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтишим лозим. Ўйлайман-ки, Маънижон бу камчиликларга дўктўрлик ишини ёзиш пайтида аҳамият беради. Ҳў-ўш... Маънижон бизга мўйловчилик ҳақида гапира туриб, асосан мўйловнинг икки тури, яъниким, биринчи – “Қалдирғоч мўйлов” ва иккинчи – “Шоп мўйлов” ҳақида тўхталади. Хўш, бизда мўйловнинг фақат икки тури мавжудми? Йўқ, ўртоқлар, аксинча жуда кўп. Мисол учун олайлик – “қиличсимон мўйлов”. Бу мўйлов қадим юнон манбаларида “қиличсимус мўйловсимус” шаклида учрашига диққатингизни тортаман. Хўш, шоп мўйловнинг қиличсимус мўйловсимусдан нимаси ортиқ? Аксинча, қилич мўйлов ҳам шоп мўйлов каби кишига ҳусн бериб туради. Яъниким, юнонча айтилганда: кишимус ҳуснимус. Бу ўринда Маънижон яна бир нарсага эътибор бермаганлар. Яъниким, хў-ўш... мўйлов рангларини олайлик. Диссертант асосан қора мўйловлар ҳақида фикр юритади. Хўш, малла, яъни маллиус мўйловлар, сап-сариқ, яъни сапиус сариқус мўйловлар, оқ оралаган, яъни мошгуручиус мўйловлар қаерда қолди?
Сўзимнинг охирида мен яна бир нарсага тўхталмоқчиман: яъниким, хў-ўш... Маънижон “мўйловчилик” сўзини кўп қайтарганлар. Бу жуда қўпол ва ғализ, энг муҳими антиилмий сўз, ўртоқлар. Атама илмий бўлиши, жаҳон стандартларига жавоб бериши шарт. Яъниким, диссертант “мўйловчилик” эмас, “мўйловизм” дейишлари жоиз эди.
Навбат мўйловчилик фанлари дўктўри, билмий-текширмаслик институти “Мўйлов намояндалари” бўлими мудири Осимали Қаригановга берилганда ул зот жумладан шундай дедилар:
-Ўртоқлар, ҳаммамиз учун устоз саналган қадрли Шопазим Соқолиевнинг сўзларига юз фоиз қўшилган ҳолда “Маънижон агар тўғридан тўғри “Мўйловизм ва соқолизм” деяверганларида хато қилмаган бўлар эдилар”, деган фикрни ўртага ташламоқчиман. Айни чоқда бу атама қадим Рим империяси даврида “Мўйловетти ва соқолетти” тарзида қўлланганини эслатиб ўтаман. Кейинги давр арман манбаларида “Мўйловян ва соқолян”, грузин манбаларида “Мўйловидзе ва соқолашвили” тарзида учраши диққатимиздан четда қолмаслиги керак. Диссертацияга нисбатан менинг асосий притензиям қуйидагича: Маънижон асосан шоп мўйлов ва унинг олтмишинчи йиллардаги намояндалари ҳақида гапиради. Менинг фикримча, у шоп мўйлов ҳақида кўпроқ адабиётлар бўлгани учун шундай қилган. Ҳолбуки, қалдирғоч мўйлов ҳақида ҳам кўпроқ тўхталиши шарт эди. Чунки қалдирғоч мўйловизм ҳаракатини баралла туриб “йигирманчи асрнинг шох асари” дейишимиз мумкин. Олтмишинчи йилларда мўйловчиликнинг асосини именно ана шу қалдирғоч мўйлов ташкил қилган. Масаланинг сиёсий томонига қарасак, мустабид тузум йилларида “буруннинг ҳуснини бузади”, деган баҳоналар билан сиқувга олинди ва бу мўйловнинг гуркираб яшнашига йўл берилмади. Бу йиллар мўйловизми намояндалари ҳақида ҳам жиддий притензияларим бор, ўртоқлар. Диссертант бу йилларни асосан қарияларга боғлаб ўрганган. Бу нотўғри йўл фанни антимўйловизмга буриб юбориши мумкин. Масалан, Францияда Одам Атодан олдинги саккизинчи асрда шундай ҳол кузатилган. Мен аниқ ишонч билан таъкид эта оламанки, олтмишинчи йиллар мўйловизмини асосан ёшлар ташкил этган эди. Шу ўринда ёшлар мўйловизмини уч қисмга бўлиб ўрганиш керак. Биринчи: тўлиқ қалдирғоч мўйловизмчилик; иккинчи: сабза урган қалдирғоч мўйловизмчилик; учинчи: яккам-дуккам қалдирғоч мўйловизмчилик. Ўртоқлар, мен диссертантни сиёсий хатода ёки сиёсий саводсизликда айбламоқчи эмасман. Аммо унинг хатоларидан кўз ҳам юма олмайман. Диссертациядан ноҳақлик ҳиди уфуриб турганини барча сезса керак, деб ўйлайман. Ҳеч биримизга сир эмаски, айрим хотинларда ҳам мўйлов учраб туради. Қадимги Испан қироллигида бу фактдан кўз юмиб келинган. Мўйловли хотинлар таҳқирланган. Хўш, мустабид замонлар ўтиб кетган ҳозирги озодлик кунларида, хотинларнинг мўйлов қўйишларига кенг йўл очиб берилганида, бу ҳақда ёзишга Маънижонга нима ҳалақит берди? Албатта, ўша қадимги Испан қироллигининг бизгача етиб келган салбий таъсири! Гарчи, вақти бўлмаса-да, айтиш лозимки, ўртоқлар, мўйловли хотинларни ўзимиз билан бир сафга қўйиш вақти етди. Энди етар, кўп гапириш ўрнига кўпроқ ишлайлик. Ҳар бир кунимизни мўйловли хотинларга қайғуриш билан бошлайлик. Мен институтимиз ташаббуси билан “Мўйловли хотинлар ассоциацияси”ни ташкил этишни таклиф қиламан. Илмий ишлар билан ғоят банд бўлишимга қарамай, мазкур ташкилотга жамоатчилик асосида раис бўлишга розиман. Ассоциация ўз фаолиятини чойхоналарда “мўйловли хотинлар” бўлимини очишдан бошлайди.
Билмий-текширмаслик институти “Мўйловчиликни ҳаётга тадбиқ этилиши” бўлими мудирининг муовини Ўтбосар Бурунбоевга учинчи бўлиб сўз берилди. Муовиннинг сўзлари бир неча марта қарсаклар билан бўлиниб турганини таъкид этган ҳолда баённи бошлаймиз:
-Азиз ва муҳтарам устозлар, мен диссертация ҳақида гапиришдан олдин қадрли устозимиз Осималижон акамизнинг таклифларини қўлламоқчиман. Шундай ассоциация ҳозир бизга керакми? Керак! Минг марталаб керак! Чунки устозимизнинг оталари кўса бўлганлари билан муҳтарама волидаи муҳтарамаларида мўйлов бўлганини тарихий далиллар таъкидлайди. Яна тарихий далиллар шуни билдирадики, Момо Ҳавводан олдинги учинчи асрда яшаган айрим бувиларида ҳам мўйлов учраб турган. Демоқчиманки, бу анъана ўзининг тарихий илдизларига эга. Янги ассоциация раиси айнан шундай маънавий ҳуқуққа эга бўлиши адолат юзасидан ғоят тўғридир. Агар ассоциацияга авлодида битта ҳам мўйловли хотин учрамайдиган одам раис бўлиб қолса, ташкилотни расво қилади. Энди диссертация хусусига келсак, азиз дўстимиз мисолларни чизмалар ёрдамида яхши тушунтирдилар. Лекин айтиш зарурки, чизмалар ҳаёт билан узвий боғланмаган. Қўлда чизилган расм эмас, мўйлов эгаси бўлган шахсларнинг фотосуратлари кўрсатилганда яхшироқ бўларди. Диссертацияда мўйловчилик процесси ва ўсиш проценти ва диаграммаси тахминан айтилди. Ҳолбуки сартарошхоналар билан алоқа боғлаб, мўйловкашларнинг сони аниқ даражада кўрсатилиши керак эди. Бу жузъий камчиликлардан ташқари диссертант “Киши салмоқдорлигини оширишда мўйловизмнинг роли”, “Мўйловизмнинг кенг тараққий этишида сартарошлар томонидан олиб борилиши лозим бўлган агитация ва пропаганда ишларининг ўрни”, “Мўйловизм ва соқолизмнинг қардошлик алоқалари”, “Мўйловизм ва колониализм”, “Қўлтиқсоқолнинг ўтмишда камситилиб, қириб ташлашга ҳукм қилиниши” каби масалаларга яхши эътибор бермаган. Шунингдек, бугунги кунда айрим аёлларнинг мўйловизм ва соқолизмга қарши курашига жиддий зарба берилмаган. Хотини рухсат бермагани туфайли соқол-мўйлов қўёлмай хорланишларининг олдини олиш йўллари илмий асосда кўрсатиб берилиши керак эди. Хотинларнинг “соқол ва мўйлов ўпишаётганда ҳалақит беради”, деган даъволарининг пучлиги жонли мисоллар орқали рад этилиши шарт эди. Эрнинг соқол ва мўйловидан ҳузурланувчи аёлларга диссертацияда алоҳида боб ажратилиши негадир унутилган. Мўйловизм ва соқолизмга аёлларнинг таъсирини четлаб ўтиш мутлақо мумкин эмас. Қўлтиқсоқол масаласидаги илмий тортишувларда аёлларнинг иштирокини ҳали унутганимиз йўқ. Айнан уларнинг ёрдами туфайли “қўлтиқ жуни” деб камситилишига чек қўйилиб, соқолизм оиласининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида “қўлтиқсоқол” деб шарафланди. Энди кўкрак жуни масаласида ҳам аёлларнинг қўллаб-қувватлашига суянишимиз вақти етди ўртоқлар. Кўкрак жуни шунчаки мўй эмас, соқолизм оиласига мансуб эканини исбот эта олмас эканмиз, тарих бизни кечирмайди.
Диссертантнинг яна бир камчилиги: айрим ҳайвонларда учрайдиган мўйловларни мутлақо эътибордан четда қолдирган. Мисол учун айтсак, эркак мушукдаги мўйловнинг урғочи мушукка таъсири ўрганилмаган. Мушуклар мов бўлган даврда эски маҳаллалар томида бир неча кун илмий изланиш олиб борилганида, бу камчиликка йўл қўйилмаган бўларди. Умуман мушуклардаги мўйловизм онгли равишда тараққий этадими ё онгсиз равишдами, бу саволга ким жавоб бериши керак?
Илм ошкораликни яхши кўради, мен ҳам нуқтаи назаримни яширмайман: шу ўринда устоз Осималижон акамизнинг бир фикрларига қўшила олмайман. У киши ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида асосан қалдирғоч мўйловлар тараққий этди, дедилар. Ахир бу масалага бир томонлама ёндошиш эмасми? Хўш, номи хунук бўлса ҳам ўзи баъзи кишиларга чирой берувчи “қўнғиз мўйлов” тўғрисида нима учун гапирмаймиз? Шу масалада мен битта таклифни ўртага ташламоқчиман: кейинги йилларда қўнғиз мўйловизм ҳаракатининг анча сустлашгани қайд этилмоқда. Шу муносабат билан институтимииз ташаббуси билан “Қўнғиз мўйловизмни асраш қўмитаси” тузишни таклиф этаман. Бунинг учун чет эллик мутаҳассисларини ҳам жалб этиш лозим бўлади. Балки институтимиз қошида германиялик мутаҳассислар билан биргаликда “Қўнғиз мўйлов” деган қўшма корхона очиш мақсадга мувофиқ бўлар? Мен бир камтарин мўйловист олим сифатида бу чораларни зарурий деб ҳисоблайман.
Хотима ўрнида:
Маълумингиз бўлсинким, диссертация муҳокамасида айтилган барча фикрларни қоғозга туширишдай оғир иш йўқ. Мен айтилган фикрларнинг қаймоғинигина сизга етказишга ҳаракат қилдим. Мазкур муҳокамада яна икки мўйловист фан дўктўри, тўртта номзод, яна бир қанча аспирантлар сўзга чиқишди. Улар “Бурун оққан маҳалда мўйловнинг ҳолати”, “Мўйлов ва зилзила”, “Камчаткада уйғонган вулқоннинг Ўзбекистондаги мўйловизмга таъсири” каби муҳим масалаларда диссертантга маслаҳатлар бердилар. Шунингдек, мўйловчиликни ривожлантиришни кўзда тутувчи яна учта жамият, бешта ассоциация, ўн иккита қўмита тузишга келишиб олинди. Камина ҳам эътибордан четда қолгани йўқ. “Ёмғирда ҳўл бўлган мўйловни қуритиш принциплари” деб аталмиш қўмитага аъзо қилиб сайландимким, а, ҳа... ўзларингга ҳам муборак бўлсин, табрикларингизни бажонидил қабул этурман.