03:20 / 17.04.2011 · Кутубхона
Кўргазмали қурол. Тоҳир Малик
Илтимос, бу воқеага ҳечам ишонманг.
(Ўқиғувчи.)

Дунёда исми жисмига монанд келмайдиган одамлар кўп. Шулардан бири  - Йўғонбой. Отаси раҳматли унга нима мақсадда шундай исм берганини ўзи ҳам билмасди. Бўрининг ёнида яшаган қўйни тасаввур қилинг-у Йўғонбойни кўз олдингизга келтираверинг. Қовурғаларини бемалол санаш мумкин, дея олмаймиз, чунки бунинг учун у бояқишни ечинтириб кўриш керак. Хотинини бўрига қиёслай олмаймиз, чунки   бояқиш Мардонани кўрган бўри ҳам касб-корини ўзгартириб юбориши ҳеч гап эмас. Йўғонбой шу хотинга уйланиб, кейин озиб кетган, ҳам дея олмаймиз. Чунки туғилганидан бери унинг семириб юрганини биров тушида ҳам кўрмаган.  Ажиб томони шундаки, эр ҳам, хотин ҳам ўзини “пешонаси шўр” деб аталмиш жабрдийда тоифадан деб билади. Қайси бирларининг пешонаси шўрроқ эканини аниқлаб бера олувчи тарози бўлганида эди, биз бу масалага аниқлик киритиб, айтадиганимизни мухтасар қилиб қўя қолардик.
Бир куни Мардона эрининг маошини қоқлагандан кейин “яна беркитиб қолгани бордир”, деган фикрда у ер-бу ерини пайпаслаб кўраётган эди, Йўғонбойнинг хўрлиги келиб, ундан:
-Сен менга нечанчи йилда тегиб эдинг, ёдингдами?-деб сўради.
-Саксон еттинчи йилда, нега суриштириб қолдингиз?-деди Мардона ажабланиб.
-Сендан биттагина илтимосим бор, хотинхўжа, йўқ демайсан. Икки минг ўнинчи йилда кетаманми бу дунёдан ё йигирманчи йилдами, Худо билади. Вақтики келиб вафот этсам, гўримга тош қўйгудай бўлсанг, ўлган йилимни ёздирма. “Шу шўрпешона олтмиш тўртинчи йилда туғилиб, саксон еттинчи йилга қадар одамга ўхшаб яшаган”, деб қўявер,-деди Йўғонбой.
Бу гап юракдан айтилганига қараганда Йўғонбойнинг дардига шерик бўлсак арзийди. Агар “хотиндан куйганлар жамияти” тузилгудай бўлса, унга Йўғонбойнинг раислик қилиши шубҳасиз, деб ўйлаётгандирсиз. Бизда ҳам шундай ўй бор эди, аммо унинг тақдири сал бошқачароқ ҳал этилди.
Кеча  Йўғонбойнинг маош олгани эсида. Икки улфати билан битта “оқ бола”ни “ағдармоқчи” бўлгани ҳам ёдида. Бугун кун ёйилганда уйғонди-ю нечта “оқ бола”ни юмалатиб, кейин ўзи ағдарилганини эсламоқчи бўлиб, шифтга тикилганича  ётаверди. Аслида  нечта “оқ бола” шишани қуритганини аниқ билиши шарт эмас. Унинг ташвиши бошқа: маошини уйгача етказиб олиб келдими, ё уйга қуруқ чўнтак билан ташлаб кетишдими?
Хотини индамаяпти. Демак, иккидан бири – ё кеча маош олганидан бехабар, ё чўнтакдаги пулни олиб, кўнгли тинчиган.
Йўғонбой иккинчи тўхтамга келиб, бир оз хотиржамлик билан ўрнидан туриб ювинди. Нонушта сўраса, балога қолишини билиб, кўчага отланди. Эрининг ҳаракатларини жимгина кузатаётган Мардона ана шундан кейингина тилга кирди:
-Ҳа, йўл бўлсин?-деди у.
-Маҳаллада мажлис бор экан,-деди Йўғонбой.
-Қачондан бери мажлисга чиқадиган бўлиб қолдингиз?
-Кеча оқсоқол қаттиқ тайинловди.
-Шунақами? Мен кирларимни ювиб олай, мажлисни икковимиз уйда қила қоламиз. Қимирламай ўтиринг, бир қадам ҳам жилмайсиз.
-Бу гапинг ҳам маъқул, мажлисга тоқатим йўқ. Майли, чиқиб, сигарет олиб келай.
-Бугун ҳеч қаёққа чиқмайсиз, дедим-а? Ичмайсиз ҳам, чекмайсиз ҳам,-Мардона эрининг билагидан ушлаб, худди болага ўхшатиб етаклади-да, диванга ўтқизиб, газета узатди.
-Мени қийнама, хотинхўжа,-деб ялинди Йўғонбой,- газет ўқисам, миям суюлиб кетади.
-Вой савил, агар сизда мия қолган бўлса, аллақачон ароқдан суюлиб кетгандир. Ўтиринг, ўқинг!
Йўғонбой рўпарасида ҳозир катта генерал турса, гапини икки қилиши мумкин эди-ю, бироқ Мардонага қарши сўз айтолмади. Мардона нари кетди. Йўғонбой иштонини бўктирган боладай жойида жимгина қолди. “Бу хотинхўжа эмас , бу – ҳархашахўжа!” деб қўйишдан ўзга чораси йўқ эди.  Уй қамоғига банди этилган Йўғонбой хўрлик  азобидан “уф” тортиб юборди. Чора излаб, атрофига олазарак боқди. Уйи иккинчими ё учинчими қаватда бўлганда деразадан ташлаб қочарди-я! Хотини уйни атайин тўққизинчи қаватдан олган. Йўғонбой ёнбошлади-да, хотинининг буйруғига кўра ўқиши лозим бўлган газетни бошига ёпди...
Қанча вақт шу аҳволда ётганини билмайди. Бир маҳал эшик қўнғироғи чалинди-ю “улфатларим чақириб келишгандир” деган умид билан бошини кўтарди. Хотинининг дугонаси Арбобхонимни кўриб, яна афсус ва ўкинч билан “уфф” тортиб қўйди.
Арбобхоним дугонасини ўпиб кўришгач:
-Эринг уйдами?-деб сўради.
Унинг бу саволи Йўғонбойни ҳам, Мардонани ҳам ажаблантирди.
-Эримни нима қилмоқчисан?-деб сўради Мардона.
-Эрингни икки соатга бериб тур.
Бу илтимос янада ажабланарли бўлди.
-Эримни нима қиласан, ўзингники қани?
-Ўзимники улфатлари билан ошхўрликка кетган. Кейин... бугунги ишга менинг эрим ярамайди.
Бу гапдан кейин ҳавотир ҳам уйғонди.
-Бировнинг эрини омонатга оладиган одатинг йўқ эди-ку?-деди Мардона зардали оҳангда.
-Бугун муҳим мажлис бор. Эринг менга кўргазмали қурол сифатида зарур. Қўрқма, бу тавиянгни шкаладдай ўраб олиб, шкаладдай қўлингга топшираман.
-Унақада майли, олиб кетавер, ана ётибди, оғзига пашша қўндириб.
-Хоҳласанг, ўзингни ҳам олиб кетай. Мана, сенга ҳам таклифнома олиб келганман.
Мардона таклифномани истамайгина олиб, кўз югуртирди. Кейин овоз чиқариб ўқиди:
-“Сизни “Эркакларни авайлаш жамияти” тузилиши муносабати билан ўтказиладиган таъсис мажлисига таклиф этамиз”...-Мардона ажабланиб, дугонасига қараб қўйди-да, таклифномани учинчи марта ўқиди:-Эсларинг жойидами?
-Эсимиз жойида. Сеники жойидамас. Менинг эрим қаерда? Маишатда! Сенинг эринг-чи? Сен ва сендақаларда инсоф йўқ! Бўпти, орқамиздан етиб бор,-Арбобхоним шундай деб Йўғонбойга юзланди: - Ака, тура қолинг, кетдик, сизга озодлик тегиб қолди.
Йўғонбой вазифаси нимадан иборат эканини билмаса-да, Арбобхондан миннатдор бўлиб, унга эргашди. Маҳалла чойхонаси яқинидан ўтаётганларида шайтон васваса қилиб “шу хотинни чалғитиб, қочиб қолсанг – марра сеники”, деди-ю, бироқ, чалғитишнинг йўлини кўрсатмади. “Эшак кимники – минганники”, деганларидай, айни дамда Йўғонбой Арбобхонники эди.
Улар алламбало бир саройга етиб келдилар. Осиб ташланган турли шиорларни ўқиб Йўғонбойнинг юраги ҳаприқиб кетди: “Эркаклар – бойлигимиз, кўз қорачиғидай асрайлик!” , “Эркакни хорлаган, хор бўлсин!”,  “Ҳар бир эркакни ҳар куни бир шиша текин конъяк билан таъминлашга эришайлик!”, “Чойхонада ҳар куни ошхўрлик қилмаган эркак – эркак эмас!” Шиорларни ўқиб, Йўғонбой чидолмади – йиғлаб юборди. “Бу дунёда ақлли одамлар ҳам бор экан-ку!” деди у хўнграб. Арбобхон уни овутиб, ичкари бошлади. Во ажаб, саройга мингларча одам тўпланган.  Энг ажойиби – биронта эркак зотидан йўқ, ҳаммаси аёл!  Бунақаси ҳали тарихда бўлмаган.   “Қирқта товуққа эгаман”, деб керилувчи хўроз нафасини юта қолса ҳам бўларкан. Чунки бу ерда мингта хотинга биттагина Йўғонбой!
Мажлис бошланиб, хотинлар бирин-сирин минбарга чиқиб сўзлай бердилар. Йўғонбой уларнинг нутқларини йиғлаганича эшитаверди. “Дам олиш кунлари эрларини уй қамоғига ҳукм қилган хотинларнинг сочларини биттадан юлиш керак”, деган таклиф айтилганда ҳаммага қўшилиб, чунон қарсак урди-ки, бармоқлари ёрилиб, қон сачраб кетди.
Ниҳоят  Арбобхонимга сўз навбати етгач,  Йўғонбойни саҳнага етаклаб чиқди. Эркакларнинг улуғ зот эканини таъкидлаб, сўнг муддаога ўтди:
-Ана шунақа, муҳтарама хонимлар, ўртоқ хотинлар. “Эркакларни авайлаш жамияти”ни тузиш кўнгиллар талаби бўлиб турибди. Гапим қуруқ бўлмасин учун кўргазмали қурол ёрдамида фикримни исбот қилишга ўтаман. Сиз кўриб турганингиз, агар фаҳмлаган бўлсангиз, тирик эркак ҳисобланади. Уни анатомик жиҳатдан таҳлил қилиш бизнинг вазифамизга кирмайди. Биз “эркак” номи билан аталувчи бу тирик жоннинг ҳақ-ҳуқуқлари қай даражада бузилаётгани билан қизиқиб кўрамиз. Бу одам туғилганида отаси яхши ният билан “Йўғонбой” деб исм қўйган. Ана энди ўзингиз қараб айтинг: бу одамнинг нимаси Йўғонбой? Нега шундай бўлди? Бундақа Йўғонбой биттагинами? Ўртоқ хотинлар, кўзларимизни очайлик! Эътиборсизлигимиз, эркакларга нисбатан шафқатсизларча муносабатимиз туфайли  йўғонбойларимиз қилтириқжонларга айланиб кетишмоқда. Ана энди ижозатларингиз билан кўргазмали қуролдан битта-иккита гап сўраб олсам:
-Йўғонбой ака, сиз чекасизми?
-Ҳа, оз-оз.
-Оз-оз, деганингиз нимаси, аниқ айтинг, кунига неча дона чекасиз?
-Кунигами...-Йўғонбой “тўғрисини айтаверсаммикин”, деб иккиланди. Сўнг дангалига кўчиб қўя қолди:- энди... дугонангиз кунига йигрма дона деб қатъий белгилаб қўйганлар. Лекин... текини учраб қолса, ўттизтами, қирқтами, фарқи йўқ уриб ташлайверамиз. Нос учраб қолса, у ҳам кетаверади. Энди... бу ёғини ўзингиз ҳисоблаб олаверасиз.
-Ана, эшитинг, ўртоқ хотинлар!-деди Арбобхон хитоб билан.-Кўргазмали қуролимиз одоб доирасидан чиқмай “белгилаб қўйганлар”, деб айтяптилар. Аслида эса  неча марта чекиш ноинсоф ва виждонсиз хотин томонидан чеклаб қўйилган ва бу билан эркакнинг эркаклик ҳуқуқи қўпол равишда бузилган. Кунига қирқ ва ундан кўпроқ сигарет чека олувчи эркак бизнинг бойлигимиз эмасми? Айрим хотинларга бу бойликни оёқ ости қилиш ҳуқуқини ким берган? Хўш, бундай бечора эркаклар дардларини кимга айтсинлар?  Бугун биз ташкил этаётган “Эркакларни авайлаш жамияти” шу долзарб масалани ҳал қилиши керак.
Арбобхон гапини тугатмай, раёсатда ўтирган чиройлигина жувон унга мурожаат қилди:
-Кўргазмали қуролга саволим бор эди.
Чиройли жувоннинг овози шунақанги ёқимли экан-ки, Йўғонбойда “Шу саволини қулоғимга шивирлаб айтсайди”, деган ширин орзу уйғонди. Лекин бу ер орзу амалга ошадиган жой эмасди, шу боис савол микрофон орқали янгради:
-Айтинг-чи, Югонбой ака, сиз ичасизми?
Бошқа биров исмини шунақа бузиб айтса, Йўғонбойнинг аччиғи чиққан бўларди. Лекин ҳозир чиройли жувоннинг “Югонбой” дейиши жуда-жуда ширин эшитилиб, ичида “тилингга шакар”, деб ҳам қўйди. Саволдан мақсадни англаб турса ҳам, ўзини гўлликка солиб сўради:
-Чойми?
- Йў-ўқ, алькоголни айтяпман.
-Ҳа. энди, эл қатори...
-Купроқ қай биридан ичасиз, окиданми ёки кизилиданми?
-Танлаган - номард! Борига барака!
-Яна битта  дополнителний савол: юрасизми?
-Ие, ана, юриб келдим-ку? Арбобхоним кўтарганлари йўқ. Хотинхўжа бир нарса десалар, югуриб ҳам қоламиз.
-Мен пешком юришни эмас. хотинларга юришни ойтаман. Бошка хотинларга юрасизми?
-Энди... эркакчилик... эл қаторида.
-Масалан, сразу ништаси билан юрасиз?
-Саволингиз қизиқ бўлди-ку? Бу саналадиган нарсамас-ку? Учрашига қарабда...
-Масалан, в данний момент ништа юрадиганиниз бор?
-Ҳозирми... ҳозир биттаям йўқ. Очиғи... илгари ҳам бўлмаган.
-Нига?
-Негалигини Арбобхондан сўранг. Хотинхўжа хабар топиб қолса, шўрим қурийди-да.
Шу ерга келганда гапни яна Арбобхон илиб кетди:
-Ана, ўртоқ хотинлар, менга худди шу жавоб керак эди! Кўргазмали қуролга нисбатан фақ-қат хуқуқ бузилмаган. Балки зулм ҳам қилинган. Агар кўргазмали қуролни патономик жиҳатдан ўрганадиган бўлсак, унинг бош миясидаги таламус ва гипоталамус қисмларида синдромик ўзгаришлар бошланган бўлиши керак. Яъни унга зулм давом этаверадиган бўлса, яқин орада хотинларни кўрганида боши айланиши, ўқчиши ва қайт қилиш ҳоллари кузатилиши мумкин. Ва ниҳоят, саксон ёшларга борганида, ҳатто эркаклик ҳусусиятларини йўқотиб боришлари ҳам практикада кузатилган. Хўп, энди табиий савол туғилади: эркакларимизни шу ҳолга тушириб қўйишимиз инсофданми? Чекмайдиган, ичмайдиган, юрмайдиган эркакни эркак дейишга тилимиз ҳам бормайди. Агар эркак шунақа бўлса, у уйланиши эмас, эрга тегиши керак экан, шундай эмасми? Ҳар бир онгли оилага ўзимиз ўрнак бўлишимиз керак. Шахсан мен ўзим эржонимга ҳар куни уч қутидан сигерат олиб бераман. Иккитасини ўзингиз чекинг, биттасини ошналарингиз билан баҳам кўринг, дейман. Ҳар куни бир шиша ароқ, бир шиша конъяк олиб келиб қўяман. Эркакнинг кўнгли ўзгарувчан бўлади, бугун оқини тусаса, эртага қизилини хоҳлаб қолади. Ҳафтада уч марта чойхонадаги маишатлари учун қўшимча маблағ ажратаман. Чойхонадан қайтиб келишларида кутиб олиш учун болалардан навбатчи тайинлаб қўйганман. Ҳар ҳолда йиқилиб қолсалар, ёки бегоналар суяб келса, оиламиз шаънига иснод бўлади-да!  Хотинлар масаласини ҳам онгли равишда ўзим ҳал қилиб берганман. Фаррошимиз бабка Шура менинг эримни ҳомийликка олганлар. Бабка Шурани мен ўзим ҳар томонлама текшириб кўрганман. У минг тўққиз юз қирқ тўққизинчи йилдан бери партия аъзоси бўлган. Эри қирқ иккинчи йилда урушда халок бўлганидан бери бошқа эр қилмаган. Ана шунақа, ҳар бир онгли аёл ўзи бош бўлиб, эрига ишончли хуштор топиб бериши керак.
-Менда битта таклиф бор,-деди раёсатда ўтирган чиройли аёл ҳаяжонланиб.-Янги жамиятимизда малака ошириш курсларини очсак-да, Арбобхонимни бу курсларга мудира қилиб тайинласак. Токи онгсиз хотинлар келиб, бу муҳтарама олимамиздан ақл ўрганиб кетсинлар.
Бу таклиф Йўғонбойга ёқиб тушиб, чапак чалди-да, қўшимча қилди:
-Биринчи бўлиб шу ўқишингизга менинг хотинхўжамни ёзиб қўйинглар. Аммо бурнини ерга ишқаб ўқитасизларда.
Йўғонбой шундай дейиши билан хотини пайдо бўлиб қолсами?
-Вой савил, бир камингиз хотинларнинг мажлисида ўтириш эди, энди тўла-тўкис аҳмоқ бўлибсиз,-деди Мардона.
Йўғонбойнинг ўтакаси ёрилишига сал қолувди,  раёсатда ўтирган чиройли жувон жонига оро кирди:
-Билишимча, сиз кўргазмали қуролимизнинг хотинлари экансиз? Уялмайсизми, хоним?
-Нимадан уялай?-деб бўш келмади Мардона.
-Шундай жонон йигитни харобгина қилиб қўйибсиз-ку? Ҳуқуқини пойиол қилиб ташлабсиз-ку! Сиздай хотинга чидаб юргани учун бу эркакка ҳар ҳафтада биттадан орден бериш керак.
Бу гап зўр бўлди-ю, бироқ Мардона деганига таъсир этмади. Икки қўлини белига тираб, чиройли жувонга тик боқиб деди:
-Шунақами? Бу одамга чидаб келаётганим учун менга ҳар соатда биттадан орден беришингиз керак.
Орани очиқ қилиш учун Йўғонбой гапга аралашди:
-Майли синглим, орденни шу опангизга бера қолинг,-деди у чиройли жувонга қараб,-орденини ювиш баҳонасида бизнинг кўкракка ҳам офтоб тегиб қолар.
Жувон чиройли бўлгани билан қайсар экан, Йўғонбойнинг ялинишига қулоқ солмай Мардонага қараб жиддий тарзда буюрди:
-Сиз, опажон, ана у бурчакка туринг. Биз сиздай хотинга замондош бўлганимиздан орланамиз. Билиб қўйинг, бугундан бошлаб ҳаммамиз учун ардоқли акамизни чекишдан чекламайсиз. Ишдан келишларига битта оқидан, битта беш юлдузлигидан олиб келиб қўясиз. Ўзингиз бош бўлиб, устингизга битта норасмий кундош олиб берасиз.
Йўғонбой бу талаблардан қувонса-да, кўнгли тўлмай, чиройли жувондан яна илтимос қилди:
-Жон синглим, оқидан иккита бўлсин, деб қўяверинг, Сотволди чиқиб қолса, битта камлик қилади.
Ҳайрият, бу илтимос жавобсиз қолмади:
-Бу масалада изоҳимиз бор: агар уйда бир ўзлари бўлса, оқидан битта, улфатлари келса шуларга қараб иккита, учта ёки тўртта олиб қўйишингиз шарт. Ва яна бу акамиз уй ишларидан мутлақо озод этилишлари зарур.
Бу талабни эшитган Мардона додлаб юборишдан ўзини тутиб:
-Вой, шу одам уй ишга қарашарканми?- деб хитоб қилди.
-Қарашмайсизми?-деб сўради чиройли жувон Йўғонбойдан.
-Нега қарашмас эканман? Нон олиб келаман, ахлат ташлайман... Туғишдан бошқа ҳамма айтган ишларини қойиллатиб ташлайман.
-Ҳали шунақами! Ҳали сизни деб мен бу тавияларнинг олдида шарманда бўлишим керакми! Қани, юринг-чи. олдимга тушинг-чи!-Мардона шундай деб Йўғонбойни чимчилай кетди.
-Жон хотинхўжа, бу ерда жанжал қилма, булар жамият тузишяпти, сениям ўқитишаркан,-демоқчи бўлган Йўғонбойнинг негадир овози чиқмади. Хотини биқинидан чимчилаган эди, жон аччиғида бақириб юборди ва... кўзларини очди.
Ҳозиргина хотини мажлисда чимчилаятувди... бу ер ўз уйи... диванда ётибди, бошига ёпган газета тушиб кетибди.
-Туринг, туринг-е!-деди Мардона энди уни силтаб,- ахлат мошина келди,  ташлаб келинг.
Ҳали уйқуси яхши очилмаган Йўғонбой хотинига ажабланиб қаради:
-Бекор айтибсан, ўзинг ташлайвер. Мен уй ишларидан озод қилинганман. Ишонмасанг ўртоғинг Арбобхондан сўра.
-Нима бало, кечаги ҳалиям тарқамади-ми? Қани, туринг-чи!
Йўғонбой ҳозиргина кўргани туш эканидан ачинмади. Ҳар ҳолда тушида бўлса ҳам яхшиликни кўрди. “Эркакнинг туши ўнгидан келади”, дейдилар, бу тушда ҳам бир ҳикмат бордир.
Йўғонбой ахлатни ташлагани чиқиб, аввал Сотволдини кейин Умматали, Йигиталини учратди. Элакка чиққан хотиннинг эллик оғиз гапи бўлганда ахлат ташлагани чиққан эркаклар жимгина кетаверарканларми? Хуллас, бир челак ахлатни кўтариб чиққан Йўғонбой уйга Мардонанинг ҳисоби бўйича тўрт соату ўн саккиз дақиқадан кейин қайтди. Лекин эс-ҳуши жойида эди. Ўқлов кўтарган хотинидан чўчимади, дангал шундай деди:
-Мен озод эркакман, билиб қўй! Мени ҳимоя қиладиганлар бор, билиб қўй! Сен бурчакка тур, эркакларнинг ҳуқуқини поймол қилганинг учун жавоб берасан!
Ўша куни Мардона кўтарган ўқлов синганмиш. Нима учунлигини ҳеч ким билмайди. Ҳеч ким билмаган нарсани биз ҳам билмаймиз. Вассалом.