Шоир, драматург, таржимон Рамз Бобожон 1921 йили Тошкент шаҳрида хизматчи оиласида туғилди. Таълим-тарбия техникумини тамом қилгандан кейин Низомий номидаги Тошкент педагогика институтининг адабиёт факултетига кириб ўқийди.
1939—1948 йилларда у «Ленин учқуни» муҳарририятида бўлим бошлиғи, Ўзбекистон Давлат нашриётида, Ўзбекистон Радио комитетида муҳаррир бўлиб ишлади. Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасида адабий маслаҳатчи, котиб, «Ватан» жамияти раҳбари сифатида фаол меҳнат қилди.
Рамз Бобожон 1936 йилдан ижод қила бошлаган. Шу вақтгача «Шеърлар» (1939), «Ҳадя» (1940), «Олтин камалак» (1949), «Водий бўйлаб» (1949), «Танланган асарлар» (1958), «Севги сирлари» (1963), «Сердсе не спит никогда» (1963), «Дважди живёт поет» (1966), “Да — я азиат” (1973), «Сенга севгилим» (1969), «Би-ринчи парвоз» (1989), «Муҳаббатга таъзим» (1980) каби бир неча тўпламини ва «Сайланма»ларини нашр эттирди.
Шоирнинг “Қадрдон дўстлар” поемаси уруш ва ундан кейинги даврдаги совет халқларининг дўстлигини кўрсатишга бағишланган. Драматургиямиз тараққиётида Рамз Бобожоннинг ўзига яраша хизматлари бор. 1961 йилда “Тоға ва жиянлар” комедиясини яратди. «Лўлилар” песаси Москва театрларида намойиш қилинди.
Қолоқ шахслар кескин фош этилган “Инсу жинс ёки тирик мурдалар” (1972) комедияси ҳам мухлислар томонидан илиқ кутиб олинди.
Драматургнинг «Юсуф ва Зулайҳо» (1981) драмаси, айниқса, томошабинлар ва кенг китобхонлар олқишига сазовор бўлди.
Рамз Бобожоннинг адабиёт шинавандалари фақат шоир сифатида эмас, балки яхши таржимон сифатида ҳам билишади. А. С. Пушкин, М.Ю. Лермонтов, Н.А.Некрасов ва бошқа классикларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Рамз Бобожон ўзининг баракали ижодий фаолияти учун “Ҳурмат белгиси” ордени билан мукофотланган.
1972 йилда Ўзбекпстон ССРда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Халқ шоири унвони ва «Оби ҳаёт» поемаси учун Давлат мукофотини олишга сазовор бўлган. Кўп йиллар давомида «Ватан» жамиятини бошқариб келган.