Ўзбек шўро шеърияти ва насрининг танилган вакилларидан Мирмуҳсин Мирсаидов 1921 йили Тошкентнинг Қўрғонтеги маҳалласида, кулол оиласида дунёга келди. Ўрта мактабни тугатиб, 1933 йили Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтида шоир Шуҳрат, Шукруллолар билан бирга ўқиди.
«Испан йигити», «Шералининг мардлиги», «Олов болалар» каби ҳикоялари (1936), «Камар» (1939) достони адиб ижодининг илк меваси сифатида аҳамиятли.
Мирмуҳсин институтни тугатгач, (1941) ўрта мактабда, радио, рўзнома ва ойномаларда ишлаб келди. Улуғ Ватан уруши йилларида халқимизнинг қаҳрамонлиги адабиётнинг бош мавзуси эди. Шоирнинг «Панфиловчи» шеъри, «Ер юрак» (1942) тўплами ўша давр маҳсулидир. Шоир ижодининг камолоти Улуғ Ватан урушидан сўнгги даврга тўғри келади. «Вафо» (1950), «Ирмоқлар» (1961), «Қалб ва фалсафа» (1963) сингари тўплам ва балладаларида, «Зиёд ва Адиба» (1958) шеърий романида замонамиз кишиларининг маънавий қиёфаси, Ватанга бўлган муносабатлари бош мавзудир.
Шоирнинг «Уста Ғиёс», «Дўнан» (1947), «Яшил қиш», «Қадрдонлар» (1954) поемаларида ўзбек деҳқонларининг мардонавор меҳнати улуғланади. Адибнинг “Дорбозлар” (4956) ҳикоясида ўзбек миллий характери анъанавй санъати жозибадор ифодаланса, «Жамила» (1957) қиссаси адабиётимиздаги хотин-қиз қаҳрамонлар галлереясини бойитди. «Ҳикоялар» (1959), «Қизил дуррралар» (1961), “Созанда” (1963) китобларининг тематик доираси кенг бўлиб, воқеалар реалистик бўёқларда берилган.
Унинг “Оқ мармар” (1958), «Чўри» (1959), «Тунги чақмоқлар” (1964) повестлари у шоиргина эмас, моҳир носир эканлигини ҳам намойиш этди. Шунингдек, Мирмуҳсин 60-70-йилларда турли мавзуларга бағишланган йирик полотнолар яратди. «Чиниқиш» (1970), «Умид» (1969) “Дегрез ўғли” (1972) романлари шулар жумласидандир.
Асрлар оша яшаб келган тарихий ёдгорликлар ва улар ижодкорларининг адабий барҳаётлигини тасвирловчи “Меъмор” (1974) романи кенг жамоатчилик томонидан мамнуният билан кутиб олинди.
Мирмуҳсин 80-йилларда ҳам баракали ижод қилди. Бу даврда унинг «Чодирли аёл», «Чотқол йўлбарси», “илдизлар ва япроқлар”, «Темур Малик», «Илон ўчи», “Мовароуннаҳр” каби қатор асарлари ўқувчилар қўлига етиб борди.
Мирмуҳсин 300 дан ортиқ насрий ва назмий китоблар муаллифидир. Унинг асарлари турли тилларга таржима қилинган. Алоҳида китоблари Россия, Украинада, қўшни республикаларда? Миср ва Англияда нашр қилинган.
Мирмуҳсин Пушкин ва Лер,онтов асарлари таржимонларидан бири. У 1974 йилда «Умид» романи учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлди.
Ўзбекистон халқ ёзувчаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси Мирмуҳсин ҳукуматнинг бир қатор орден ва медаллари билан тақдирланган.
Мирмуҳсин «Гулистон» ойномасига муҳаррирлик қилиш билан бирга асарлар устида қизғин иш олиб бормоқда.