Ўзбек адабиётининг сермаҳсул ижод соҳибларидан бири Шукрулло (Шукрулло Юсунов) 1921 йили Тошкентда дунёга келди. Бошланғич таълимни олгач, педагогика билим юрти (1935), Тошкент Давлат педагогика билимгоҳида (1944) ҳамда Тошкент Давлат дорулфунуни қошидаги аспирантурада таҳсил кўрди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи, бадиий адабиёт нашриётида муҳаррирлик қилди.
Шукруллонинг биринчи шеъри «Бахт қонуни» 1939 йилда, дастлабки шеърий тўпламлари — «Биринчи дафтар», «Қалб қўшиқлари» 1949 йилда нашр этилди. Ўзбек пахтакорларининг мардонавор кураши, янги ерлар очишдаги фидокорона меҳнатларидан ҳикоя қилувчи «Чоллар» (1948) асари билан у шеъриятимизда достончилик жанрини ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшди. Давримизнинг юксалиш йўлидаги муҳим поғоналари, ўзбек деҳқонларининг фидокорона меҳнати, халқлар дўстлигини куйлаш, замонамиз кишилари онгида Ватан тушунчасининг муқаддаслигини ифодалаш учун «Россия», «Икки қоя», «26 тонготари», «Достонлар» (1970) каби асарларига мавзу бўлган.
Адиб ижодида инсоннинг маънавий камолотини куйлаш биринчи ўринда туради. У асарларида дастлаб ҳаётимиздан четда қолганларни қаттиқ қоралайди, кишиларни инсон деган шарафли номга муносиб бўлишга чақиради, инсонни улуғловчи фазилатларнинг энг буюги меҳнат деб билади. Унинг бу фикрлари «Ҳаёт илҳомлари», «Умрим борича», «Инсон ва яхшилик» (1961), «Инсон — инсон учун» (1964) шеърий тўпламларида ўз ифодасини топган.
Шукрулло болалар учун ҳам ижод қилди. Унинг «Баҳор совғаси» (1962), «Юлдузлар» (1964) каби китобларида дўстлик, Ватанга муҳаббат, она юрт табиатини улуғлаш ғоялари тараннум қилинади.
Шоирнинг «Россия», «Икки қоя», «Икки ёшлик» сингари шеърий тўпламларини қардош ва хорижий халқлар ўз она тилларида севиб ўқийдилар. Адиб драматик асарлар ҳам яратди. Унинг «Хатарли йўл», «Табассум ўғрилари» (1977), «Ўғрини қароқчи урди» (1984) драмалари республикамиз театрлари саҳнасида намойиш қилинган.
Шукрулло “Зарралар” (1973), «Суянчиқ» (1977), “Яшагим келади” (1978), «Сенинг бахтинг» (1986), шеърий мажмуаларини ҳамда «Кафансиз кўмилганлар» романини ўқувчилар ҳукмига ҳавола этди. У ўзининг “Зарралар” тўпламида ўзбек шеъриятидаги рубоий жанрини янги мазмунда давом эттиради. Уларда ҳаёт сабоқларидан чиқариладиган катта мазмундаги хулосаларини ихчам, лўнда ифодалаб берди.
У ўзининг “Тошкент, 26 тонготари» достони учун Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган.
Шукрулло ҳам қатагонлик даврининг иккинчи тўлқини жабрини чеккан, Сибирга бадарға этилган ўзбек ижодкорларидан бири, шўро ҳукумати лагерларида оғир азоб-уқубатларни ўз бошидан кечирган жабрдийдалардан бири ҳамдир. Унинг «Кафансиз кўмилганлар» романи ана шу воқеаларнинг бадиий ифодасидир. Шукрулло ҳам ижодкор, ҳам жамоат арбоби, айни пайтда Ўзбекистон Президентлик Кенгаши аъзоси вазифасида фаоллик кўрсатмоқда. У Ўзбекистон халқ шоиридир.