Ўзбек адабиётининг етак носирларидан бири Саид Аҳмад Ҳусанхўжаев 1920 йили Тошкентнинг Самарқавд дарбоза маҳалласида зиёли ойласида дунёга келди. Шу ерда ўрта мактабни (1939) битириб, Олий ўқув юртида (1940—1941) таълим олган. Адабиёт дарслари ва тўгаракларида ижодга бўлган ҳаваси ортиб, қўлга қалам ушлаган, вақтли матбуот унинг ижод дорилфунуни бўлган. Саид Аҳмад дастлаб «Муштум» ойномасида, Радио комитетида (1942—1943), «Қизил Ўзбекистон» рўзномаси (1943—1947), «Шарқ юлдузи» ойномасида (1948—1950) ва сўнгги йилларда у Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси қошидаги наср бўлимига бошчилик қилади. Унинг биринчи ҳикоялар тўплами «Тортиқ» 1940 йилда нашр этилади.
Уруш ва урушдан сўнгги йилларда Саид Аҳмад кўплаб фелъетон, очерк ва ҳикоялар ёзди. «Ер юрак» (1942), «Фарғона ҳикоялари» (1948), «Муҳаббат» (1949) каби тўпламлар нашр этилди. Улуғ Ваган уруши даври воқеаларига бағишланган «Хазина», «Ҳайқириқ», «Раҳмат азизларим» каби ҳикояларида автор урушнинг даҳшатли оқибатларини ҳаяжонли тасвирлайди, уруш қаҳрамонларини улуғлайди.
Адибнинг ҳикояларида Ойбекнинг психологик тасвир маҳорати, Ғафур Ғуломнинг юмори, Абдулла Қаҳҳорнинг баёндаги лаконизми мужассамдир.
Саид Аҳмаднинг барча ҳикоялари замонавий мавзуда ёзилган. У ҳикояларида тасвирлайдиган ҳар бир воқеадан фалсафий умумлашма чиқаришга, воқеаларни лирик таъсирчанлик билан ифодалашга, бадиий приёмларнинг хилма-хиллигига эришишга интилди. «Чўл бургути», «Ўрик домла», «Лочин», «Одам ва бўри», «Бўстон», «Тўй боши» каби қатор асарлари Саид Аҳмад ижодида ҳам, ўзбек насрида ҳам янгилик бўлди, Адиб ҳикояларининг бош қаҳрамони ички дунёси бой ва пок бўлган замондошларимиздир. Муаллиф «Тоғ афсонаси», «Зумрад», «Муҳаббатнинг туғилиши», «Кўзларингда ўт бор эди», «Пойқадам», «Алла», «Иқбол чироқлари» асарларида ҳаётий характерлар яратди.
Саид Аҳмад ҳажвий ҳикояларида тараққиётжмизга тўсиқ бўлаётган ярамас урф-одатлар устидан кулади, янгича маънавий-ахлоқий масалаларни ўртага қўяди. Аксинча, ўзбек психологиясига сингмайдиган, миллийликдан йироқ беватан, бемиллат, янгича урф-одатлар, удумлар устидан ҳам қаҳқаҳа отиб кулади. Унинг «Ханка билан Танка» «Лампа шиша» каби ўнлаб ҳажвиялари шулар жумласидандир. Саид Аҳмад кичик ҳажвий асарлари билан ўзбек радио ва телевидениесида қувноқ миниатюралар театрига асос солган.
Саид Аҳмад ҳикояларидан аста-секин йирик полотнолар яратишга ўтди. 1949 йилда чоп этилган «Қадрдон далалар» ва «Ҳукм» (1958) қиссалари шулар жумласидандир.
«Уфқ» романида (1964) Улуғ Ватан урушининг оловли йилларида ўзбек деҳқонларининг фронт орқасида кўрсатган меҳнат қаҳрамонликлари атрофлича ҳикоя қилинади. «Уфқ» трилогия бўлиб, ёзувчи унда урушдан олдинги ва ундан кейинги давр ҳаётий муаммолари ҳақида баҳс юритади. У ўзининг «Жимжитлик» (1988) романида эса турғунлик даври иллатларини фош этишга интилди.
Саид Аҳмад моҳир драматург сифатида ҳам танилди. Унинг «Келинлар қўзғолони», «Куёв» каби саҳна асарлари шулар жумласидандир.
Саид Аҳмад ҳам қатағонлик зулмининг иккинчи тўлқинига дучор бўлган, лагер азобларини тортган ижодкордир. Ўз таланти ва она халқига садоқат, катта ишонч адибни сўз санъаткори даражасига етказган.
Ижодкор таржима ишлари билан ҳам фаол шуғулланган. Жумладан, Б. Полевой, А. Мусатов, О. Гончар каби ёзувчилар асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Айни чоғда адибнинг кўпгина ҳикоялари қардош ва ҳорижий тилларга ағдарилди.
Саид Аҳмад ўзининг қувноқ, оромбаҳш ҳикоялари ва салмоқли романлари билан ўзбек прозаси ривожланишига катта ҳисса қўшиб келаётган илғор ёзувчидир. У Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ҳамза мукофоти совриндори ҳамдир.