Шўро даври ўзбек адабиётининг таниқли намояндаларидан бири шоир ва носир, драматург Шуҳрат (Ғулом Алимов) 1918 йили Тошкентда ҳунарманд оиласида туғилди. Ўрта мактабни тугатгач, Тошкент Давлат педагогика институтида таҳсил кўрди (1936-1940). Аммо Шуҳратнинг ҳаёти ва фаолияти анча серташвиш ва нотекис кечди.
Ўша 1937 йилги машъум қатағонлик шамоли ёш Шуҳратни ҳам четлаб ўтмади. Унга «Отангиз савдогарлик қилган экан. Ўзингиз косибдан чиқмаган экансиз, хотинингиз эскича, жиякли лозим билан атлас кўйлак кийиб юрибди. Болангиз эса бешикда ётибди. Яқинда хатна қилар экансиз, туриш-турмушингиз эскича. Бу нарса шеърларингизда ҳам акс этиб турибди, деб союздан ҳайдашади («Ёшлик», 4, 1988, 50-бет). Иккинчи бор 50-йиллар бошида «Усмон Носирнинг пропагандистиъъ Абдулла Қодирий билан Чўлпон китобларини ўқиган ва тарғиб қилган»ликда айбланиб беш йил «Сибиру Шимолий Қозоғистондаги қамоқхоналарда ўтириб» келади. «Жаннат қидирганлар» (1968) романи нашр этилгач, яна ташвиш устига ташвиш келади. Устози Абдулла Қаҳҳор туфайли ҳам бир бор туртки еди. Шуларнинг ҳаммаси унинг соглиғига путур етказди.
Шоир Ёзувчилар уюшмасининг маслаҳатхонасида, нашриётда муҳаррир бўлиб ишлади.
Ўз ижодини (1935) шеърлар ёзиш билан бошлаган Шуҳратнинг «Истак ва ўч» (1940) поемаси босилди.
1940 йил кузида ҳарбий хизматга чақирилган Шуҳрат Улуғ Ватан уруши жангларида офитсер лавозимида душманга қарши мардонавор жанг қилиш билан бирга қаламини немис-фашист босқинчиларига қарши қаратди. Кейинчалик бу давр «Шинелли йиллар» романининг яратилишига асос бўлди.
Урушдан сўнг республика рўзнома ва ойномаларида адабий ходим бўлиб ишлаган шоирнинг шарафли меҳнатни мадҳ қилувчи «Ҳаёт нафаси» (1947), «Қардошлар» (1950) шеърий тўпламлари китобхонларга янги тортиқ бўлди.
Ёш авлоднинг ахлоқ-одоби, меҳнатсеварлиги, ватан мудофааси қаҳрамонликларини, озодлик ва тинчлик учун курашган ота-боболарга муносиб ворислар бўлиб етишишларини ифтихор билан тасвирловчи «Бизнинг кўча», «Балоғат» (1957-1958), «Қудуқ» (1973) асарлари яратилди. Адибнинг «Сенинг севгинг» (1961), «Ишқингда ёниб» (1964) лирик китоблари, «Кавказ дафтари», «Қиз табассуми», «Буюк муҳаббат» каби шеърий туркумлари, балладаларида ватан ва инсон, севги ва муҳаббат, қадр ва қиммат, меҳнат ва меҳнатсеварлик улуғланади.
Ҳаётий воқеаларни кенг кўламда тасвирлаш эҳтиёжи ижодкорни роман жанрига ундади. Улуғ Ватан уруши фронтларида орттирган катта ҳаётий тажрибалари асосида халқимизнинг жанговар ҳаёти, қаҳрамонлиги, ватанпарварлиги, қийинчиликларга бардошлилиги, келажакка умид ва буюк ғалаба ҳақида ҳикоя қилувчи «Шинелли йиллар» (1947—1957) асарини яратди.
Шоир ва адиб Шуҳрат ҳам қатағонлик даврининг иккинчи тўлқини маънавий қурбонлари М. Шайхзода, С Аҳмад, Шукрулло каби адолатсизлик зулмини тортган, ҳурфикрлилиги туфайли Шўро ҳокимияти ҳибсхоналари жабрини чеккан.
Шуҳратнинг «Олтин зангламас» (1967) асарида маърифат соҳиби — ўқитувчи деган шарафли касб улуғланса, «Жаннат қидирганлар» (1968) романида ватангадолик фожеалари бадиий ифодасини топган. Шоирнинг ҳаёт ҳақидаги фалсафий мулоҳазалари ифодаланган шеър ва тўртликлардан иборат «Лирика» (1973) тўплами, «Беш кунлик куёв», «Қўша қаринглар» комедиялари санъаткорнинг ўзбек адабиёти ривожига қўшган ҳиссаси бўлди. Унинг кўпгина асарлари қардош халқлар ва хорижий тилларга таржима қилинган. У Ўзбекистон халқ ёзувчисидир.