Қўшиқчи шоир ва драматург Туроб Тўла 1918 йили Қозоғистон республикаси Чимкент вилоятиниш Турбат қишлоғида деҳқон оиласида туғилди. У болалар уйида тарбияланди.
1938—1941 йилларда Тошкент педагогкка институтининг кечки бўлимида таҳсил олди. Шу билан бирга, «Ёш куч» ойномаси, «Ёш лениячи» рўзномаларида ишлади. Сўнгра Ўзбекистон Давлат нашриётида муҳаррир, «Ўзбекфилм» ва Ўзбекистон Радиосида бўлим бошқарувчиси, Республика киночилар уюшмаси котиби, Маданият ишлари вазирлигида бўлим раҳбари, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси қошидаги адабиёт тарғиботи раёсатининг раҳбари, Ҳамза театри директори каби бир қанча масъул ижодий вазифаларда фаоллик кўрсатди.
Туроб Тўла шеър ёзишни 1934 йиллардан бошлади. 1939 йилда унинг биринчи шеърлар тўплами босилган. 1941—1945 йилларда унинг Улуғ Ватан уруши фронтларида жанг қилаётган совет аскарларига бағишланган шеърлари халқимизнинг фашизмга нафрати ва ватанга бўлган ҳис-туйғуларини ифодалади. Шоирнинг «Шодлигим» (1941), «Табассум» (1944) тўпламларидаги шеърлари ҳам Улуғ Ватан уруши фронтида курашаётган жангчиларга бағишланади.
Туроб Тўла «Бахт тонготари» (1948), «Сен ҳақингда»,, «Қанот қоқинг, қўшиқларим», «Камалак», «Нафосат», рус тилида нашр қилинган «Звени моя песня» (1954) юмли тўпламлари кўпгина шеър ва достонларни ўз ичига олади.
У «Болалар достони» (1950) номли асарида ёш китобхонларга мактаб ва дўстлик ҳақида ҳикоя қилади. 1955 йилда Туроб Тўла «Қанотлан қўшиқларим» шеърлар тўпламини ўқувчиларига тақдим этди. Унинг қўшиқ учув ёзилган ёқимли, жарангдор шеърлари замонамиз кисгиларининг юрагига ҳамоҳангдир. У қўшиқчи шоир сифатида ҳам ўз элига, юртига машҳур бўлган.
Бир қанча киноповестлар, жумладан, «Раис», «Марғилонлик қиз», «Талант», «Мафтунингман», «Фурқат», «Шашмақом», «Тўққизинчи аср монологи», «Қаҳр» филилмлари ссенарийси Туроб Тўла қаламига мансубдир. Ҳаётининг сўнгги йилларида Туроб Тўланинг «Қирқ қиз», «Қизбулоқ», «Момо ер» (Ч. Айтматов асари асосида), «Нодирабегим», «Қаҳр» пъесалари қўйилди. Шунингдек, у «Зулматдан нур» (Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романи асосида) операсини ҳамда «Самарқанд афсонаси балетининг либреттоларини ёзган,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Туроб Тўла ўз шеърлари, қўшиқлари, музикали драмалари ва киноповестлари билан ўзбек китобхонлари ва томошабинлари қалбидан жой олган. Шоир Туроб Тўла 1990 йилда оламдан ўтди.