Жангчи адиблардан бири Назармат (Назармат Эгамназаров) 1917 йилнинг 7 ноябрида Тожикистон Республикаси, Хўжанд вилояти, Нов қишлоғида дунёга келган. У шоир Аширмат Назаров (Егамназаров, 1913 й.)нинг укасидир.
Ўрта мактабни 1935 йилда тугатиб, 1936 йилда Самарқанд Давлат дорилфунунига ўқишга киради. 1941 йилда дорилфунунни битирибоқ урушга кетади. У ерда взвод командири, гвардия лейтенанти даражасида хизмат қилади. Сўнгра 1947 йилгача «Фронт ҳақиқати» рўзномасига бошчилик қилади. Армиядан қайтгач, 1947—1954 йилларда «Қизил Ўзбекистон» (ҳозирги «Ўзбекистон овози»), 1955-1985 йилларда эса «Тошкент ҳақиқати» рўзномаларида адабиёт ва санъат бўлимини бошқаради. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси қошидаги жангчи фахрийлар қўмитаси раисидир.
Назармат ижоди 30-йиллардан бошланган бўлиб, унинг биринчи шеъри «Қўзичоқ» 1934 йилда «Ленин учқуни» рўзномасида босилиб чиқади. Биринчи тўплами эса 1941 йилда «Ёшлик завқи» номи билан нашр этилади. Уруш туфайли иккинчи тўплам анча кеч — 1949 йилда «Ватан ишқи» номи билан чоп этилади. Бу тўплам Шароф Рашидов тавсияси билан босилади. Ҳозирги кунда унинг йигирмадан ортиқ шеърий, насрий асарлари, қўшиқлар тўпламлари чоп этилган. Хусусан, «Яшил далалар» (1955), «Сир бўйи, нур бўйи» (1959), «Тоғдаги гулханлар» (1962), «Най садоси» (1965), «Баҳор қўшиғи» (1968), «Шаҳримиз болалари» (1970), «Мангу олов» (1972), «Достонлар» (1975), «ЙЎллар ва гуллар” (1977), «Меҳрим-муҳаббатим» (1983), «Танланган асарлар» (1987), «Ғунчалар» (1987), «Муҳаббат тароналари” (1992) кенг китобхонлар оммасига яхши танишдир.
Назармат носир сифатида ҳам анча баракали ижод қилиб келмоқда. Унинг очерк ва ҳикоялардан ташкил топган «Қирғоқдаги жанг» (1965), «Бурч йўли» (1966) «Сайёд жасорати» (қисса, 1972), «Жанггоҳдан қатралар” (1974), «Турналар йўли» (1977) каби ҳарбий турку! ги асарлари ҳам китобхон ва адабий жамоатчилик эътиборига кирган. Унинг болалар учун ёзган «Шаҳримиз болалари», «Ғунчалар» каби шеърий тўплами ҳам эътиборга лойиқдир. Назармат шоир, публисист, очеркнавис, ҳикоянавис ва қиссанавис бўлиши билан бирга таржимон ҳамдир. Унинг Бедил, А. Жомий, Н. Хисрав, Фирдавсий, М. Миршакар, М. Турсунзода, Ж. Мулдагалиев ижодидан қилган таржималари алоҳида қимматлидир.
Назармат 1992 йили 75 ёшга тўлди, аммоъ ўз ижоди режаларини ҳормай-толмай ҳайрат билан амалга ошириб келмоқда.
Назармат Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходимидир.