Таниқли ёзувчи ва журналист Иброҳим Раҳим 1916 йили Фарғона вилояти Қува тумани Сойкелди қишлоғида камбағал деҳқон оиласида дунёга келди. Қишлоқ мактабини битириб, ўқитувчилик қилди. Улуғ Ватан урушининг дастлабки кунлариданоқ ҳарбий хизматга чақирилган Иброҳим Раҳим ўзбек тилида чиқадиган фронт газеталарига муҳаррирлик қилди. Жангчиларимизнинг оташин ватанпарварликларини акс эттирувчи очерклар, ҳикоялар, хабарлар ёзди.
1946 йилда ҳарбий хизматдан қайтган адиб, республикамиздаги рўзнома ва ойнома муҳарририятларида ишлаб келди.
Иброҳим Раҳим Радио комитетида (1946-1947), Партия Олий мактабида (1947-1950), «Қизил Ўзбекистон» (1950-1961) рўзномаси муҳаррири, «Ўзбекфилм» киностудияси раҳбари (1960-1966), «Гулистон» (1966-1970), «Муштум» (1976-1982) ойномаларининг бош муҳаррири вазифаларида ишлади.
Ёзувчининг ижодий фаолияти 1938 йилдан бошланади. Биринчи йирик асари чегарачилар ҳаётидан ёзилган “Баҳодир” (1939) поемасидир. Иброҳим Раҳим 1953 йили "Ҳаёт булоқлари» романини ёзди. Кейинчалик бу асар танқидий фикр ва мулоҳазалари асосида қайта ишланиб, «Ихлос» (1958) номи билан чоп этилди.
«Чин муҳаббат» (1958) ва «Фидойилар» (1972), «Генерал Равшанов» (1985) каби романларида Улуғ Ватан уруши қаҳрамонларининг ҳаёти, ватанпарварлиги акс эттирилган.
1966 йилги Тошкент зилзиласи ва унинг оқибатларини мардонавор тугатиш ҳадида ёзувчи «Тинимсиз шаҳар» (1968) романини ёзди. Уснинг «Тақдир» романи эса янги шаҳар қурилишига бағишланган. Муаллифнинг «Ҳилола» (1960) қиссаси жамоа хўжалигида хотип-қизларнинг ўрни, уларни раҳбарлик лавозимларига кўтариш, жамоа хўжалиги иқтисодиётини юксалтириш сингари ўз даврининг муҳим муаммоларини бадиий ҳал қилишга бағишланган. Ёзувчининг «Зангори кема капитани”, «Оловкор» (1960) қиссаларида ҳам кишиларимизни юксак маънавий қнёфаси, меҳнатдаги қаҳрамонликлар акс этган. «Оқибат» номли романига Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти (1983) берилган.
Иброҳим Раҳим 1974 йилда «Жоним фидо» ва «Чақмоқ» номли драмалар ҳам яратди. «Чақмоқ»да Белоруссия ўрмонларида немис-фашист босқинчиларига қарши курашган, ажойиб партизан, ўзбек йигити Мамадали Топиболдиев образи яратилган. У «Фарҳоднинг жасорати” кинофилмининг автори ҳамдир. Адиб Ватан ва халқ олдидаги хизматлари учун орден ва медаллар билан тақдирланган.
Ёзувчи Иброҳим Раҳим Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси ҳамдир.
Иброҳим Раҳим ранг-баранг жанрларда ёзган асарлари билан ўзбек адабиётининг ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.