Ўзбек адабиёти, қолаверса, ўзбек болалар ва ўсмирлар адабиётининг кўзга кўринган вакилларидан бири Ҳаким Назирдир. У 1915 йилда Тошкентда косиб оиласида дунёга келди. Болалигиданоқ ота касби - косибчиликдан иш бошлади, оёқ кийим фабрикасида ишлаб, кечқурунлари ўқиди. 1936-1941 йилларда эса кундузи ишлаб, Тошкент кечки педагогика ипститутида таҳсил олди.
Шу йиллардан бошлаб, у жумҳурият болалар матбуотида, радиода ишлади. Унинг ижоди 30-йиллардан бошланган бўлиб. даставвал лавҳалар, репортаж ва хабарлар билан «Ленин учқуни» рўзномасида пайдо бўлди. Ёзувчининг биринчи ҳикоялар тўплами 1948 йилда “Қишлоқдаги жиянларим” номи билан чоп этилди. Шундан сўнг, кетма-кет адибнинг «Пионерлар боғи» (1950), “Беш баҳо” (1955), «Чўл ҳавоси» (1958), «Мени танийсизми?» (1963), «Болажонларим» (1964) сингари ҳикоялар тўпламлари ва «Чиранма ғоз» каби саҳна асарлари яратилди. Мазкур асарларда ёзувчи болалар ва ўсмирларга хос беғубор қалб ҳарорати ва туйғуларини ардоқлашга интилди, уларни меҳнатсевар, эл-юрт, ватан фарзандлари бўлишга даъваткорлик қилди. Унинг 40 дан ортиқ китобларида ёшлик ташвишлари, орзу-интилишлари ўз ифодасини топди.
Адибснинг «Ёнар дарё» (1966), «Али ва Шер» (1971) каби қисса ва ҳикояларида, шунингдек, “Лочин қанотлари” (1973) каби романларида ҳам ёш авлоднинг комил инсон бўлиб етишуви йўлидаги кураш ва умидлар ташвиши ва орзулари кенг ифода этилди.
Ҳаким Назирнинг ўндан ортиқ китоблари ва асарлари рус ва бошда тилларда нашр этилган бўлиб, айрим энг яхши асарлари «Пионер кутубхонаси» тўпламинин 6- жилдида нашр этилган. У айни чоғда моҳир таржимон ҳамдир. Шоир В. Катаев, А. Гайдар, Л. Кассил каби бир қатор адибларнинг болалар ҳақидаги асарларин ўзбек тилига ағдариб нашр эттирди.
1981 йилда унинг беш томлик сайланма асарлари Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлди. Бинобарин, у Ўзбекистон халқ ёзувчисидир.