Шўро даври ўзбек адабиётининг кўзга кўринган вакили Амин Умарий 1913 йили Қўқонда хизматчи оиласида дунёга келган. Отаси Умар ака эски мактабларда муаллимлик қилган. Она Нисобиби дидли, зукко аёл ҳисобланган. Шу сабаб бўлса керак, Амин Умарий оилада яхши тарбия кўрган, хатли-саводли бўлиб вояга етган.
Унинг болалиги ўлкада инқилобий кўтарилишлар, иш ташлаш қўзғолонлар авжига минаётган даврга тўғри келган. Шунингдек, Қўқонда Муқимий, Фурқат, Завқий, Анбар Отин каби элпарвар шоир ва шоираларнинг ижтимоий адолатсизликка қарши кураши авж олган давр ҳам эди. Хусусан, Ҳамза Ҳакимзоданинг «Миллий ашулалар»и, С.Айнийнинг «Марселеза» каби даъваткор шеърияти Амин Умарийнинг ижтимоий онги ўсувида, адиб бўлиб етишувида муҳим омил бўлди.
У ўрта мактабни тугатиб, 1930-1935 йилларда Самарқанд Давлат педакадемиясига ўқишга киради. Шоир 1935 йилда Самарқанд дорилфунунини аъло баҳолар билан якунлайди. Бу ерда у Ҳ.Олимжон, Уйғун, Ойдин каби истеъдодли адиблар билан ҳамнафас бўлади. 1937 йилда Самарқанддан Тошкентга кўчиб келади ва шу йили Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзолигига қабул қилинади. Шоирнинг мактаб йилларида бошланган ижоди худди шу даврга келиб гуллай бошлайди. Унинг «Салом, мактаб!» шеъри 1930 йилда босилган бўлиб, «Янгроқ садолар» номли биринчи тўплами 1932 йилда нашр этилади. Тўпламдаги кўпгина шеърларда ўша давр учун долзарб бўлган қишлоқ, саноат, хотин-қизлар озодлиги, зиёлилар ҳаётини ифодаловчи мавзулар етакчилик қилади. Жумладан, «Қайнаётган сехимиз» шеърида саноат мавзуи, «Болшевик ҳомийси»да пахтакор деҳқон меҳнати ва «Зарбачи эрлар» шеърида маърифат мавзуи ўз аксини топади.
1938 йилга келиб, Амин Умарийшшг «Давр тантанаси» номли иккинчи шеърий тўплами юзага келади. Мазкур тўпламдаги шеърлар анча пухта, мавзуи жиҳатидан анча бой эди. Унинг «Ёшлик» (1935) номли тўплами шоир ижодида кўтарилишдан дарак беради. «Фарзанд» (1937), «Садоқат» (1938), «Қўшиқлар», «Ижод боғида» каби тўпламлари кетма-кет яратилди. Шоир бу йилларда Тошкент Давлат педагогика институтида муаллимлик қилди. «Гулистон» ойномасида, Ўзбекистон Давлат нашриётларида фаоллик кўрсатди, таржимон ва мунаққид сифатида қалам тебратди.
Амин Умарий «Шеърлар», «Болалик қўшиқлари”, «Овозим», «Қуёш жарчиси» (1939-1941 йиллар) каби тўпламлар яратди, болалар шоири сифатида «Болалик қўшиқлари» (1938) китобини чоп эттирди.
Амин Умарий Улуғ Ватан уруши йилларида яна ҳам жонбозлик кўрсатди. Унинг «Қасамёд» (1942) номли шеърий тўплами ўша давр жанговар фахрияси эди.
У драматург сифатида К. Яшин билан бирга «Ҳамза» (1941), Туйғун билан бирга «Қасос» драмаларини ёзди ва уларда уруш даври картиналарини чизишга интилди.
Носир сифатида «Асад» (1932), «Қозон йўлида» (1838), «Тошотар» (1939) каби ҳикоя ва очерк тўпламларини яратди.
Шоир ва драматург, носир ва таржимон Амин Умарий авжи ижоди қайнаган даврда — 1942 йил 14 ноябрда Бекобод сафаридан қайтгач, бетобликдан вафот этади.