Ўзбек болалар адабиётининг кўзга кўринган вакилларидан бири Зафар Диёрдир. У 1912 йили Наманган вилоятининг Чуст туманида камбағал деҳқон оиласида туғилди. Аввал эски мактабда, сўнг Шўро даври болалар уйида таълим олди.
Бўлғуси шоир 1927 йилда Наримонов номли ўзбек Эрлар билим юртига ўқжшга кириб, уни 1933 йилда аъло баҳоларга тугатиб, ўша ерда адабиёт муаллими бўлиб хизмат қилди. 1941 йилда эса Тошкент Давлат педагогика олий билимгоҳини тугатди.
Шоир ижоди гарчи эрта бошланган ва кўпгина шеърлари «Ленин учқуни», «Ёш ленинчи», «Ёш куч», «Колхозчи болалар» каби рўзномаларда чоп этилган бўлса ҳам, унинг «Қўшиқлар» номли биринчи шеърий тўплами 1933 йилда нашр этилади. Журналистика шоир фаолияти билан чамбарчас боғлиқдир. У аввал «Ленин учқуни» (1936-1941) рўзномасида масъул котиб, 1941 йилдан умрининг охиригача «Қизил Ўзбекистон» рўзномасида бўлим мудири бўлиб ишлайди.
Шоирнинг «Қўшиқлар» тўпламидан сўнг «Тантана» (1938), «Шеърлар» (1939), «Бизнинг қуролимиз», “Бизнинг оила” (1942), «Совға» (1944) каби шеърий мажмуалари босилади.
Зафар Диёр Иккинчи жаҳон уруши йилларида (1941-1945) ранг-баранг жанрларда самарали ижод қилди. Унинг «Она алласи» (1942) қўшиғи ўз вақтида ёзилган қўшиқ эди. Унинг «Қурол беринг менга ҳам!» шеъри Ҳамид Олимжоннинг «Қўлингга қурол ол!» асарига ҳамоҳанг эди. Шунингдек, «Орзу», «Тимурчилар мактуби», Отам келар яқинда», «Табассум» «Тўққизинчи май» каби шеърлари ёшларни қаҳрамонлик, ватанпарварлик ва биродарлик руҳида тарбиялашда муҳим рол ўйнайди.
Зафар Диёр моҳир болалар шоири бўлиши билан бирга болаларнинг суюкли драматурги ҳам эди. Унинг уч қисмдан иборат «Бахтли ёшлик», «Уч оғайни» пъесаларида болалар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ардоқланади. У адабий-танқидий мадолалар муаллифи сифатида “Наби Раҳимов”, «Абай ўланлари», «Ашулалар» каби кўплаб мақолалар чоп эттирган. У таржимон ва носир ҳам эди.
Зафар Диёр 1946 йил 14 апрелда бевақт вафот этди. Унинг вафотидан кейин «Кичкина боғбон ҳақида достон» (1947), «Чаман» (1948), «Гунафша» (1952), «Асарлар» (1954), «Қанотли дўстлар» (1958), «Сув билан суҳбат» каби тўплам ва сайланмалари нашр этилди.