Истеъдодли шоир Султон Жўра адабиётимизга 50-йилларда Амин Умарий, Усмон Носир, Ойдин, Зулфия, Зафар Диёр, Қуддус Муҳаммадйй каби адиблар билан бирга кириб келган бўгинга мансубдир. У бор-йўғи ўттиз уч йил умр кўрди, шундан ўн уч йилинигина адабиётга, шеъриятга бахшида этди.
Султон Жўра 1910 йилда Бухоронинг Шофрикон туманидаги Қоғолтом қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келди. Уч-тўрт ёшлигидаёқ ота-онасидан жудо бўлиб, қариндош-уруғлари тарбиясида бўлади. Сўнгра Шўро мактабларида бошланғич таълимни олгач, Бухоро Эрлар билим юртига ўқишга кириб, уни 1930 йилда тугатади. Мактабларда, билим юртларида, қолаверса, Андижон давлат педагогика олий билимгоҳларида адабиётдан дарс беради.
Ижоди ҳам шу йиллардан бошланган бўлиб, унинг биринчи шеъри 1927 йилда «Меҳнат қўйнида» номи билан «Янги йўл» ойномасида чоп этилади. Сўнгра, унинг «Шеърлар» (1933), «Фидокор» (1939), «Москва» (1941) каби тўпламлари, «Кулги» (1936), «Шодлигим» (1939), «Очиқ чеҳралар» (1939) каби туркум шеърлари пайдо бўлади.
Шеърлар ва тўпламларнинг номидан кўриниб турганидек, уларда шоир давр ва замон, замондошлари дарди, қувончи, шодлигидан ҳикоя қилади.
Султон Жўра қатор лиро-епик достонлар, эртаклар муаллифи сифатида ҳам китобхонга таниш. Унинг «Қалдирғоч», «Жаннат» каби эртак-достонларида ёш китобхоннинг романтик руҳини ифодалайди. Ундаги қалдирғоч рамзий образи орқали ёшларнинг она-Ватанга садоқати умумлаштирилади. Шоир «Зангори гилам» шеърий эртагида фолклор мотивларидан кенг фойдаланиш орқали ўз китобхонининг ички оламини, сир-асрорини очиб беради. «Карим ва Қундуз» поемасида бўлса меҳнат ва унинг гашти, роҳати ҳақида сўзлайди. Шоирнинг «Бруно» достони унинг ижодида муҳим босқичдир. Унда Жордано Брунонинг ўлмас образи гавдалантирилган.
Султон Жўра болалар учун бир талай асарлар яратган. «Ҳарфлар паради», «Тиниш белгиларининг мажлиси», «Ёлғончи», «Чўнтак», «Ой нечта», «Соғинчли салом» каби асарлари болалар адабиётининг энг яхши намуналаридир.
Улуғ Ватан уруши йилларида Султон Жўра ижоди янги босқичга кўтарилди. Бутун ҳаёти, ижодини она Ватан мустақиллигига бахшида этди. У ўзининг «Пулемотчи овози», «Тўпчи Муҳаммад» «Найзамиз» ва «Чавандоз» каби қатор шеърларида фашизмга лаънат ўқийди.
Шоир бу йилларда уруш мавзуида ўзининг «Ирода» драмасини ҳам яратди. Унинг уруш мавзуида яратилган асарлари орасида «Соғинчли салом» шеъри алоҳида ўрин тутади. Унда ота-она, ёр ва биродар. йигит ва қиз, қавм-қариндош фироғига сабаб бўлган урушга лаънатлар ёғдиради. Шоир:
Соғиндим чироғим, нечора, бироқ —
Ҳар бир айрилиқнинг кўришмоғи бор,—
дея ғалабага ишонч билдиради. У ана шу жангу жадалда 1943 йилнинг 10 ноябрида қаҳрамонларча ҳалок бўлади.