Шўро даври ўзбек адабиётининг кўзга кўринган вакилларидан бири Парда Турсундир. У 1909 йили Наманган вилояти Поп туманидаги Чоркесар маҳалласида деҳқон оиласида туғилди. Ота-онадан эрта етим қолган Парда Турсун сарсон-саргардонликда ҳаёт кечиради.
Аёвсиз йиллар шамоли уни 1918 йилда Чоркесар қишлоғидан Тошкентга етаклайди. Кишилар эшигида хизматкор бўлиб кун кечиради. Ундаги илмга ташналик 1923-1927 йилларда тажриба кўрсаткич мактабига, 1927-1928 йилларда Карл Маркс номли педагогика билим юртига олиб келади. Сўнгра, токи 30-йиллар бошига қадар Тошкент вилоятининг Пискент туманидаги мактабларда ўқитувчилик қилади. Унинг адабиётга қизиқиши худди шу даврдан бошланган бўлиб, «Қизил Ўзбекистон» («Ўзбекистон овози») рўзномаси муҳарририятига етаклайди. 1929-1934 йилларда мазкур рўзнома саҳифаларида ўзининг хабар, очерк, ҳикояларияи чоп эттиради. 1930 йилга келиб, унинг «Зўрлик» номли биринчи ҳикояси эълон қилинади.
1934-1935 йилларга келиб, адибнинг «Остонада», «Қўлдош ва Маруся», «Бир хотиннинг тарихи» каби бир неча ҳикоялари яратилади.
Парда Турсун ижодий фаолиятида унинг «Домла (1937) ҳикояси муҳим рол ўйнайди. Мазкур ҳикоянинг сюжет чизиғи айтиш мумкинки, адибнинг бутун умри давомида яратган ўрта ва йирик асарлари саҳифаларига кўчди, қисса ва романларининг бош мавзуига айланди.
Парда Турсун бу йилларда замондошлари ҳаётидан олинган бир қатор ҳикоялар, ўнлаб очерклар яратди. Унинг «Дадажон раис» (1932), «Янги раислар» (1933), «Мажлисда» (1934), «Қувноқ ҳаёт» (1935), «Яйловда (1935), «Тракторчи» (1935) каби очерклари шулар жумласидандир. Адиб ҳикояларидагидек очеркларида ҳам ўзбек зиёлисининг босиб ўтган йўли, кураши ҳақида ҳикоя қилади.
1941-1945 йилларда адиб бир қўлида қурол, бир қўлида қалам билан она-Ватан ҳимоясида бўлади. Урушдан кейинги йилларда олий ўқув юртларида талаба, ўқитувчи, нашриётларда муҳаррир бўлиб фаолият кўрсатди. 1947 йили унинг биринчи йирик асари — «Ҳақ йўл» номли қиссаси чоп этилади. Ундаги бош қаҳрамон Холмурод Дўстматовнинг ҳаёт йўли тимсолида адиб таржимаи ҳоли эмас, ўзбек зиёлисининг босиб ўтган машаққатли йўли гавдалантирилади. У кейинроқ «Ўқитувчининг йўли» номи билан ўзбек ва рус тилларида чоп этилади. 1950 йилларга келиб, мазкур қисса қайта ишланиб, «Ўқитувчи» номи билан мустақил бир асар — роман сифатида нашр этилади. Ундаги бош қаҳрамон Элмурод образи ҳатти-ҳаракати ва характери воситасида оъзбек зиёлиси — ўқитувчисининг ҳаёти ва кураш йўли умумлашмасига кўтарилди.
Парда Турсун журналист, ўқитувчи, ношир ва публитсист, очеркнавис ва ҳикоянавис, қиссанавис ва романнавис бўлиши билан бирга моҳир таржимон ҳам эди. У Салтиков-Шчедрин, А.Толстой, Эмил Золя, Ги де Мопассан асарларини ўзбек тилига ағдарган. Унинг асарлари кўплаб қардош ва хорижий тилларга таржима бўлган. У 1957 йилда вафот этган.