Атоқли адиб ва жамоат арбоби Комил Яшин (Нўмонов) 1909 йили Андижон шаҳрида туғилди. Ўрта мактабни тугатгач, 1925 йилда Ленинградда ўқийди, сўнгра мактабда ўқитувчилик қилади. 1930-1936 йилларда Яшин Ўзбек Давлат Музика театрида адабий эмакдош, 1946-1949 йилларда Ўзбекистон Санъат ишлари бошқармасига раҳбарлик қилди. У қарийб йигирма йилдан кўп (1958-1980) Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасига раҳбарлик қилди. Айни бир пайтда Ойбек вафотидан сўнг «Ўзбек тили ва адабиёти» ойномасига муҳаррирлик ҳам қилди. У Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиянинг ҳақиқий аъзоси ҳамдир.
Яшиннинг ижодий фаолияти 1925 йилдан бошланади. Бу йилларда унинг шеър ва очерклари вақтли матбуотда кўрина бошлади. Шоирнинг «Қуёш» (1930), «Кураш» (1931), «Комсомол» (1933) шеърий тўпламларига кирган асарларида меҳнаткаш халқ ҳаётида содир бўлаётган янгиликлар, ёшлар тақдири ва келажаги ҳақида фикр оритилади. Унинг биринчи драматик асари «Икки коммунист» (1929 йилда) саҳнага қўйилди. У қишлоқларни коллективлаштириш даврида «Ўртоқлар» (1930) ва «Ёндирамиз» (1931) пъесаларини ёзди. Яшиннинг «Номус ва муҳаббат» (1935), «Ҳамза» (А. Умарий билан ҳамкорликда, 1940) саҳна асарлари Улуғ Ватан урушигача бўлган ўзбек драматургиясининг энг яхши намуналаридандир.
Ўзбек хотин-қизларини эскилик сарқитларидан озод этишга бағишланган «Гулсара» (1934), «Нурхон» (1940) пъесалари ўз вақтида яратилган, ўша давр учун характерли саҳна асарларидандир.
Комил Яшин Улуғ Ватан уруши даврида етук драматург даражасига кўтарилди. Адибнинг бу даврда яратилган асарларида дўстларга нисбатан меҳрибонли самимий муҳаббат, душманларга қаҳру ғазаб ёгдирилди. «Ўлим босқинчиларга» (1942), «Офтобхон» (1944), «Даврон ота» (1942, Уйғун, Собир Абдулла, Чустий билан бирга ёзилган) драмаларига шу руҳ сингдирилган. Комил Яшин «Гулсара» операсининг либреттоси 1950 йилда Иттифоқ Давлат мукофоти лауреати деган фахрий унвонни олишга муяссар бўлди. «Генерал Раҳимов» драмасида (1949) биринчи ўзбек генерали Собир Раҳимовнинг Улуғ Ватан урушида кўрсатган қаҳрамонлиги акс эттирилган.
Драматургнинг инқилобий мавзудаги «ЙЎлчи юлдуз (1957) асари республикамиз театрларида муваффақият билан қўйилиб келинди.
Истеъдодли санъаткор Комил Яшин 1974 йилда «Инқилоб тонги» драмасини ёзди. Унда халқимизнинг етук фарзанди, атоқли давлат арбоби Файзулла Хўжаевнинг сиймоси гавдаланган. Унга адабиёт ва санъат соҳасида хизматлари учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган сан1 арбоби ва Ўзбекистон халқ ёзувчиси, 1974 йилда Меҳнат қаҳрамони унвонлари берилди.
Ҳамзадек улуғ устози изидан борган Комил Яшин ўзбек драматургиясида янги саҳифалар очган, унинг тематик доирасини бойитган, узоқ умрлик асарлар яратган адибдир. Адабиётимизда унинг овозига эргашган, тарбиясидан баҳраманд бўлган драматурглар оз эмас. Комил Яшиннинг ўзбек театри ва драматургияси тараққиётига қўшган ҳиссаси улкандир.
Комил Яшин кейинги йилларда «Ҳамза» романини ёзиб чоп эттирди. Унинг сўнгги асарларидан бири икки китобдан иборат «Ёдгорлик» мемуарномасидир. Гап Комил Яшин каби кекса санъаткорлар ҳақида борганда улар йўл қўйган хатолар ёки нуқсонларни давр руҳияти, талаби билан боғлиқ ҳолда кўриш зарурдир. Тўғри, унинг кўп асарларида Уйғун, Ғ.Ғулом, Н. Сафаров ва бошқа адиблар каби партиявий авангардлик меъёридан ошиб кетган, шунинг оқибатида улар асарларида тарихий ҳақиқатдан маълум чекиниш ҳоллари содир бўлган. Энг муҳими, ҳозирги авлод улар йўл қўйган хатоларни такрорламасликларидадир.