Ўзбек адабиётининг атоқли намояндаларидан бири, забардаст драматург, адабий файласуф Мақсуд Маъсум ўғли Шайхзода 1908 йили Озарбайжоннинг Оқдош шаҳрида таваллуд топди. Бошланғич маълумотни Оқдошда олгач, янги совет мактабида ўқишни давом эттирди. 1925 йилдан муаллимлик қилган Шайхзода Боку Олий педагогика институтини сиртдан ўқиб битирди.
У 1928 йилда Тошкентга келиб, турли рўзнома ва ойномалар муҳарририятларида, 1935—1938 йилларда эса Ўзбекистон ССР Фанлар Комитети қошидаги Тил ва адабиёт институтида илмий ходим, 1938 йилдан Низомий номли Тошкент Давлат педагогика институти ўзбек классик адабиёти кафедрасига раҳбарлик қилди, юқори малакали кадрлар тайёрлади.
Шоирнинг адабий фаолияти 1929 йилдан бошланди. Унинг «Ўн шеър» (1932), «Ундошларим» (1933), «Учинчи китоб» (1934), «Жумҳурият» (1935) тўпламларининг нашр этилиши адабиётга ўзига хос овозли шоир кириб келаётганидан дарак берди.
Улуғ Ватан уруши йилларида шоир бутун ижодий қувватини, қалб ҳароратини душман устидан ғалаба қозонишга сафарбар этди. Урушнинг биринчи кунлариданоқ жанг қаҳрамонларпни улуғловчи, фронт орқасидаги кишиларининг фидокорона меҳнатини ифодаловчи «Кураш нечун» (1941). «Жанг ва қўшиқ» (1942), «Капитан Гастелло (1941), «Кўнгил дейдики» каби шеърий тўпламлари, «Жалолиддин Мангуберди» (1944) тарихий драма ва бошқа қатор публитсистик асарларини яратди.
Урушдан кейниги тинч қурилиш йилларида Ватанимиз бўйлаб кенг қулоч ёзган зафарли меҳнат, тинчлик учун кураш шоирнинг «Ўн беш йилнинг дафтари», «Олқишларим», «Замон торлари», «Шуъла», «Чорак девони» каби шеърий тўпламлари учун асосий мавзу бўлди.
1958 йили адибнинг кўҳна ва айни чоғда навқирон Тошкент шаҳрига бағишланган, унинг тарихи, ўтмишидаги маданият ва халқаро алоқаларини тасвирловчи «Тошкентнома» лирик достони яратилди. Хассос шоир 1960 йилда ёзган «Мирзо Улуғбек» трагедияси билан истеъдодли драматург сифатида танилди. У буюк инсон — Улуғбек образи орқали ўзбек драматургиясида фожеа жанрининг классик намунасини яратди.
Шайхзода Пушкиннинг «Мис чавандоз», Лермонтовнинг «Кавказ асири», Маяковскийнинг «Жуда соз» поемалари ва кўплаб шеърларини, Шекспирнинг «Ҳамлет» ва «Ромео ва Жулетта» трагедияларини ва сонетларини, Нозим Ҳикматнинг шеърларини, озарбайжон шоирлари асарларини ўзбек тилига ағдарди. Шайхзоданинг ўзбек адабиёти тарихи, ўзбек халқ оғзаки ижодиёти, хусусан Алишер Навоий ижодини тадқиқ этиш борасида яратган илмий ишлари ҳам таҳсинга сазовордир. У филология фанлари номзоди, дотсент ҳам эди.
Шайхзода асарлари қардош халқлар ва хорижий тилларга таржима қилинган. Шоир таржима жараёнида қардош халқлар ва жаҳон адабиёти классикларининг маҳорат мактабидан таълим олди, илғор анъаналарини ўзида мужассамлаштирган шеърлар ёзди.
Шоирнинг адабиёт соҳасидаги хизматлари шўро ҳукумати томонидан тақдирланган. Ўзбек адабиётининг трибун шоирларидан Мақсуд Шайхзода фалсафий фикрларга бой ҳикматомуз асарлари билан халқимиз қалбида абадий яшайди. У бир кам олтмиш йил умр кўрди. 1967 йилда оламдан ўтди.