Совет даври ўзбек болалар адабиётининг йирик ва истеъдодли намояндаларидан бири Қуддус Муҳаммадий 1907 йили Тошкентда деҳқон оиласида дунёга келди. Ўрта мактабдан сўнг аввал қишлоқ хўжалиги билим юртида, сўнг Ўрта Осиё дорилфунунининг биология факултетида таҳсил олди.
Унинг ижоди 30-йилардан бошланган бўлиб, даставвал «Шарқ ҳақиқати» рўзномаси ва «Ер юзи» ойномаларида чоп этилди. Унинг машҳур «Сандал ва печка», «Ўз-ўзини танқид» каби достонлари 1936-1937 йилларда яратилди.
Унда эскилик билан янгилик, эски урф-одатлар билан янгича урф-одатлар қиёсий тарзда ўзининг поетик ифодасини топди. Ҳаётдаги, кишилар, хусусан болалар характеридаги айрим нуқсонлар беғараз ҳажв қилинди.
Қуддус Муҳаммадий 1941—1944 йилларда машҳур халқ шоири, бахши Ислом ота ҳузурида унинг достонларини ёзиб олиш билан машғул бўлди. Урушдан кейинги йилларда эса унинг биринчи шеърий тўплами «Синов» (1947) номи билан нашр этилди. Шундан сўнг «Ўқувчига эсдалик» (1947), «Шеър ва эртаклар» (1947), «Орзу» (1948), «Баҳор келди» (1950), «Дунёда энг кучли нима?» (1951), «Қирқ ўғил ва қиз» (1951), «Бизнинг дўстларимиз» (1952), «Сен туғилган кун» (1952), «Янги уй» (1953), «Меҳрибон дўстлар» (1953), «Қўнғизбой билан сичқонбой» (1955), «Тугмача» (1956), «Танланган асарлар» (1957) каби ўнтадан ортиқ китоблари босилиб чиқди. Хусусан, унинг тўрт китобдан иборат «Табиат алифбоси» китоби маълум ва машҳур бўлиб кетди. «Очил дастурхон» (1970) каби халқ оғзаки ижоди анъаналари руҳидаги асарлари ҳам шуҳрат топди ва адибга чексиз шараф келтирди. Унинг «Қанотли дўстлар» номли шеърий китоби 1970 йилда Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлди. У айни чоғда Ўзбекистон халқ шоири ҳам бўлди.
Қ. Муҳаммадий фақат болалар шоиригина эмас, болалар адабиётининг тадқиқотчиси, жонкуяри ва тарғиботчиси сифатида ҳам ўнлаб мақолалар ёзди. Хусусан унинг «Болалар адабиётининг янада равнақи учун (1961), «Болалар адабиётини ўрганайлик» (1963), «Илҳом билан» (1967) каби мақолалари шулар жумласидандир.
Қуддус Муҳаммадий моҳир таржимон сифатида машҳурдир. Унинг С. Маршак, С. Михалков, А. Баро, К. Чуковский асарлари таржимаси ўзбек болалар адабиётининг равнақи ва тарақтсиётида муҳим рол ўйнайи.
Қ. Муҳаммадий хоҳ шоир, хоҳ тадқиқотчи, хоҳ таржимон сифатида фаолият кўрсатмасин, ҳамиша ҳамма ўринда болалар келажаги, камолоти, маънавий шаклланиши хақида қайғурди. Уларнинг ўқимишли, ишбилармон ва етук мутахассис бўлишини орзу қилди ва ниҳоят, бунинг учун:
Бўлай десанг боғбон,
Ё Ватанга посбон,
Ё осмонда учувчи,
Ё денгизда сузувчи,
Нимаики қилсанг тилак
Барига ўқиш керак, —
деган хулосага келди.