Ўзбек адабиётиётига катта ҳисса қўшган Абдулла Қаҳҳор 1907 йили Қўқон шаҳрида темирчи оиласида дунёга келди. Ўрта маълумотни Қўқонда олган Абдулла 1925 йили Тошкентга келиб, «Қизил Ўзбекистон» рўзномасида ишлайди.
У Ўрта Осиё Давлат дорилфунунининг педагогика факултетида (1930) таҳсил олди. Ёзувчи «Совет адабиёти» ойномасида масъул котиб, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси раиси, Ўзбекистон Давлат нашриётида муҳаррир лавозимларида ишлади (1954—1956).
Абдулла Қаҳҳорнинг ижоди 1924 йилдан бошланган. дастлаб, «Муштум» ойномасида, «Янги Фарғона» ва «Қизил Ўзбекистон» рўзномаларида унинг ҳикоя ва фелъетон, хабарлари босилди. Ёзувчининг «Олам яшаради» номли биринчи ҳикоялар тўплами 1938 йилда чоп қилинди. 30-йилларда адибнинг «Ҳикоялар» тўпламлари (1935, 1938, 1939) китобхонлар қўлига тегди. Бу даврда Абдулла Қаҳҳор кичик ҳикоялардан ташқари «Сароб» (1935) романини ёзди. Улуғ Ватан уруши йилларида ёзувчининг бир қанча фелъетон, очерк ва ҳикоялари эълон қилинди. «Асрор бобо», «Дардақдан чиққан қаҳрамон», «Кампирлар сим қоқди», «Хотинлар» ҳикоялари ва «Олтин юлдуз» каби қиссаларида ўзбек жангчиларининг мардлиги, халқимизнинг меҳнатдаги жонбозлиги, юксак ватанпарварлиги ифодаланган.
Ёзувчининг урушдан кейинги йилларда яратган «Қўшчинор чироқлари» (1951) романи коллективлаштириш мавзуига бағишланган. У ўзининг «Шоҳи сўзана» (1951), «Оғриқ тишлар» (1954), «Тобутдан товуш» (1962), «Аяжонларим» (1967) комедиялари билан ўзбек драматургияси ривожига салмоқли ҳисса қўшди. Айниқса, «Шоҳи сўзана» пъесасида драматург қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштиришнинг муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятини маҳорат билан тасвирлади. Пъеса мамлакатимиз ва қардош демократик республикалар саҳналарида муваффақиятли намойиш қилинди. Мазкур пъеса Иттифоқ давлат мукофотига сазовор бўлган.
Ёзувчининг «Синчалак» (1958), «Муҳаббат» (1968), «Ўтмишдан эртаклар» (1965) қиссалари ўзбек прозасининг тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилди. У «Ўтмишдан эртаклар» қиссаси учун Ойбек («Болалик»), Н. Сафаров («Кўрган-кечирганларим») каби адибларнинг автобиографик қиссалари қаторида Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлди.
Узбек китобхонлари Абдулла Қаҳҳор таржимасида М. Горкийнинг «Менинг дорилфунунларим» , (1935) Ф. Гладковнинг «Оловли от» (1933), Л. Н. Толстойнинг «Уруш ва тинчлик» романининг I—II китобларини ва бошқа бир қатор асарларни ўз она тилиларида ўқишга муваффақ бўлдилар.
Адабиёт соҳасидаги хизматлари учун Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвони, орден ва медаллар билан тақдирланди. У 1988 йил 25 май куни Москвада 61 ёшида вафот этди.