Ушбу тўплам ўзбек совет адабиётининг улкан намояндаларидан бири устоз Ойбекнинг табиат, инсон, гўзаллик мавзуларидаги энг машҳур лирик, фалсафий шеърларидан тузилди. Тўпламни лутфан кўздан кечириб, қимматли маслаҳат ва мулоҳазалар билдирганликлари учун нашриёт муҳтарама Зарифа опа Саидносировага миннатдорчилик изҳор этади. Тузувчи: О. Матжонов
ЁШ КЎНГИЛ
Ёш кўнгил баъзан тошар,
Чексиз тоғлардан ошар.
На ғам билур, на ҳасрат,
Ҳавас-ла тўлиб яшар.
Қаноти бор ипакли,
Кўзлари кўп тилакли.
Қўрқув билмас, чарчамас,
Арслон каби юракли.
Ёш кўнгил ёшда бўлур,
Денгиздек тўлқинлидир.
Амалининг йўлидан
Қайтмайдир, балки ўлур.
1924
АМАЛИМ УЧУН
Кўнглим бир оз ўйнасин,
Тилакларин сўйласин,
Амалимнинг париси,
Қочма, руҳим яйрасин.
Олтин қанотларинг бор,
Сен менга энг нозли ёр,
Қоронғи кечаларни
Нуринг яшиндек ёқар.
Энг суюкли амалим,
Ҳаётдаги чечагим!
Кўнгил сенсиз ёшалмас,
Қочма, тутай, малагим!
1924
ҚИШЛОҒИМНИ ЭСЛАРКАН
Тевараги кўм-кўк ўтлоқ,
Табиати жуда қувноқ.
Тотли, юмшоқ ҳавоси-ла
На гўзалди кичик қишлоқ.
Кўкларинда қушлар учар,
Нағмалари кўнгил қучар.
Тонг отаркан, қизил чечак
Бир қиз каби кулиб чиқар.
Булутларга етган тоғлар,
Кичик-кичик яшил боғлар.
Хаёлимда жилваланур
Қишлоқдаги тотли чоғлар.
Ой, юлдузли кумуш тунлар,
Қани нозик ғунча — гуллар?
Унутилмас из қолдирмиш
Қишлоқдаги порлоқ кунлар.
1924
ЧИРЧИҚ БЎЙЛАРИДА
Гўзал Чирчиқ, на учун,
Тўлқинларинг йўқ ўлмиш?
Кўнгилларни эритар
Мусиқиларинг синмиш?
Бир ўксиз бола каби
Юзингда маъюслик бор,
Сўйла, бир хаста қалби
Сенчами, алам туяр?
Мен келдим соҳилингга,
Ошиқман кулишингга.
Кўнглима достон сўйла,
Най каби гўзал куйла,
Кенг Чирчиқ суви, кўпир,
Арслондек сен-да ҳайқир!
Тоғлардан, тепалардан ош,
Тўлқинининг-ла ҳар ён тош!
У чоқда мен ҳам қайнаб,
Тўлқинингда ўйнайман.
Тўфонларингда қувнаб,
Қулоч отиб яйрайман.
1924, 29 март
ОВЧИГА
Отма, қушчани, қанотин қоқсин!
Гўзал нағмалар кўнглидан оқсин.
Эркликдан бошқа — борми бир гўзал?
Қўй, овчи, уни чечаклар тақсин.
Пириллаб кўкка қанот қоқиши,
Малаклар каби гўзал боқиши.
Энг нафис шеърдир, овчи, сен англа!
Борлиқда битсин қоннинг оқиши!
Кўм-кўк ёғочда ўгирмиш, бир боқ!
Ким билур, унинг қалбида бу чоқ
Қандай тилаклар тўлиб-тошадир,
Отма қушчани, ўйнасин озроқ!
1924, 14 сентябрь
ЎЗБЕК ҚИЗИГА
Нечун сенинг юзларингда
Қайғу-алам ўти тошар?
Ёниқ, маҳзун куйларингда
Қалб эзувчи бир нола бор.
Кўкда кезган эрк қушпарин
Нағмасини тинглолмадинг.
Зулматларни оташлар-ла
Ёқиб, эркни қучолмадинг.
Букун ортиқ баҳор ўлди,
Ҳар ёқ чечак билан тўлди.
Боқчалардан сен узоқда,
Юзикг япроқ каби сўлди.
Эй, Шарқ қизи, энди қўрқма,
Кишанлардан, занжирлардан,
Қулликларни йиқиб ташла!
Олқиш сепай чечаклардан...
1924
ОЛТИН ҚЎНҒИЗГА
Кўклам туйғулари
Қўйинг, олтин қанотларин боғламанг,
Эрка кўнгли чечаклардек яшнасин.
Тутқунликда унинг қалбин доғламанг,
Бўстонларда бир оз кулиб яйрасин!
Ана кўклам ҳар томонга шеър сочмиш,
Боқчаларда очилмишдир чечаклар.
Лабларингдан ўпар қушлар — малаклар,
Олтин юзин гўзал қуёш ҳам очмиш.
Олтин қўнғиз, қанотларинг қайрилмиш,
Яна севги дардларини куйлайсан.
Парилардан ёниқ дилинг айрилмиш,
Англат менга, дардингними сўйлайсан?
Оёғингга ип тақилмиш, кел узай!
Сен-да бир оз япроқларда кул, яйра,
Эркинликнинг йўлларини кел тузай,
Руҳим учун сен нағма чал, бир сайра!
Олтин қўнғиз, ипни уздим, кўкка уч!
Севганингнинг юзларидан ўпиб, қуч.
1924
ЭРКИН ҚУШ
Малак каби гўзал бир қуш
Тол шохига келиб қўнди.
Дедим: «Қушча, ёнимга туш,
Ёш кўнглимга алам тўлди.
Бир оз куйла, шеъринг сўйла,
Маҳзун руҳим қанот қоқсин
Сирли, гўзал нағмаларинг
Амалимнинг шамин ёқсин».
«Ёндим эркнинг савдосида,
Қафаслардан жуда бездим,
Боқчаларнинг ҳижронида
Юраги қон тутқун эдим.
Қўй, чақирма кўкка учай,
Эркинликка энди чиқай:
Баҳор келиб, ҳар ёқ кулди,
Чечакларни бир оз қучай!»
Дея қушча ҳар ён боқди.
Тиниқ кўкда қанот қоқди,
1924
ҚУШЛАР, ҚОЧИНГИЗ!
Кўнгил очилди,
Лолалар кулди.
Баҳор қизидан
Нурлар сочилди.
Ҳар ёқ чечак-гул,
Ноз қилур сунбул,
Фақат дардлидир
Қафасда булбул.
Қушлар, қочингиз!
Қирлар ошингиз.
Эркин тоғларда
Қанот қоқингиз.
Кимса кўрмасин,
Қонлар тўкмасин
Эрка руҳингиз
Сира сўлмасин!
1924
БОҒБОН ҚИЗИ
(«Бир эсдалик»дан)
Ҳой, боғбон қизи,
Кўнгил юлдузи,
Нега қорайди
Толеинг юзи?
Эрк-ла қувнардинг,
Қушдек учардинг.
Капалак каби
Чечак қучардинг...
Боғда булбуллар,
Чаманда гуллар
Олқиш сўйларди
Сенга сунбуллар.
Дард қучоқ очмиш,
Кўз ёшинг сочмиш.
Кулган чоқларинг
Қайларга қочмиш!
Нечун, бир сўйла,
Синиқ най, куйла,
Гўзал кўнгилда
Қайғу-ғам тўла?
Қани у чоқлар,
Яшил япроқлар,
Куйлаб толмаган
Ғунча дудоқлар?
1924
БУЛОҚЛАР ЁНИДА
Нағмангиз, ҳой, мунча ёниқ,
Тинглар сизни бутун борлиқ.
Ойнинг олтин кокиллари
Қўйнингизда очиқ-сочиқ.
Шод булоқлар, нағма чолинг!
Чўпонларнинг кўнглин олинг.
Сизга эмди боғланмишман,
Қочманг мендан, бир оз қолинг!
Бир оз сўнгра қуёш боқар,
Уфқларга лола тақар.
Билмам, сизга налар сўзлаб,
Кўксингизни ўт-ла ёқар.
Уваларга нағма сочиб,
Чўпон дилин гулдек очиб,
Қувишасиз, шод булоқлар,
Узоқларга мендан қочиб,
Ёш кўнглимга жўшиб оқди
Тотли, қувноқ куйларингиз,
Ўксиз руҳим қанот қоқди.
Қучсин сизни, қўл очингиз,
Эй табиат шоирлари!
1925
ЁШ ЙЎЛЧИ
Йўлим кўп узоқ,
Амалим порлоқ:
Орзулар тошди
Кўксимда бу чоқ.
Қутурма, денгиз,
Ҳовлиқма, денгиз.
Кичик қайиқни
Ирғитма, денгиз!
Ёш кучим толмас,
Тилагим қўрқмас.
Тоғдек тўлқининг
Йўлимни тўсмас.
Ёш кўнгил тошар,
Кўклардан ошар.
Севган юлдузин
Ахтариб қучар.
1925, сентябрь
ҚУЁШ БОТАРКАН
Оғир-оғир қанот қоқиб,
Увалардан қушлар учди.
Тоғ-тошларга чечак тақиб,
Уфқларни қуёш қучди.
Кенг қирларнинг эркин ели
Чечаклардан ўпиш олди.
Булоқларнинг эрка тили
Шеър сўйлаб, нағма чолди,
Тошди менда севги, амал.
Узоқларда юлдуз порлар.
Бу оқшомнинг руҳи гўзал,
Қучоғида кўнгил яйрар.
1925
КУТГАНДА
Йўлингда кутдим,
Ҳасратлар ютдим.
Ҳажринг-ла кўпдан
Ўзни унутдим.
Сен ҳеч келмадинг,
Дардим сезмадинг.
Чаманлар ичра
Бирга кезмадинг.
Аввал ўқ отдинг,
Кўнглим қонатдинг.
Сўнгра, юлдузим,
Қайларга ботдинг?
Малагим, бир боқ!
Борлиғимни ёқ.
Оҳ... ёшлик чоғим,
Бир кузги япроқ...
1925
КАПАЛАК
Қувдим боғларда,
Ёшлик чоғларда
Сен ўртоғимдинг
Лолазорларда.
Пир-пир этардинг,
Ташлаб кетардинг,
Тутқич бермасдан
Кўнглим эзардинг.
Гўзал капалак!
Сенга не керак?
Билдим... қалбингда
Сўлғун бир тилак.
Гуллар очилди,
Ҳидлар сочилди,
Баҳор нашъаси
Ҳар ён ёйилди!
Уч, уч, қанот ёз!
Сен титрак бир соз,
Кўклам шеъридан
Тинглайин бир оз.
1925, 25 декабрь
БУЛОҚ
Ҳой булоқ, тошқин булоқ!
Кўпирган шошқин булоқ!
Тошлар билан курашиб,
Қаерга?.. Тўхта, булоқ.
Тўлқинли сенда исён,
Товшингда кучли арслон.
На дардинг бор на ғаминг,
Тошурсан, телба, ҳар ён?
Шеърингга тўёлмадим,
Кўксингда яшнолмадим.
Сен тошиб йўлга тушдинг,
Мен ғариб боролмадим.
Ҳой булоқ, жўшқин булоқ!
Кўнглим кўнглингга иноқ.
Тўхта десам, боқмайсан,
Сўйла, йўлингми узоқ?!
1925, 29 декабрь
ҚИШ КЎРИНИШЛАРИ
Ҳар томонда қор,
Тортишиб чана
Болалар яна
«Қорбўрон» ўйнар.
Сўлғин бир кулиш
Отиб қочади
Баъзи вақт қуёш.
Бўрон, совуқ қиш
Борлиқ сочади.
Бир дардли қараш.
Кеч бўлса, жимжит...
Кўлкалар қоплар.
У ёқ-бу ёқда
Чироқлар ёнар,
Титрашиб милт-милт.
Борлиқ нашъасиз,
Муздек совуқ қор
Юзларга урар,
Бўронлар ўйнар,
Йўллар кимсасиз.
Кечалар жимжит,
Фақат узоқдан
Увлар дард билан
Бир боёқиш ит.
1926, январь
ЧЕЧАКЛАР ТЕРГАНДА
Қўлимда даста-даста
Сўлдингиз, ёш чечаклар.
Қалбингиз энди хаста,
Сўндими у тилаклар?
Тоғларда очилдингиз,
Йўлларга сочилдингиз,
Шоирнинг кўнгли каби
Кулдингиз, ёйилдингиз.
Юзингиз тўла ҳасрат,
Боқдингиз малакларим!
На қилай, уздим фақат,
Эзилди юракларим...
1926
ЎТИНИШ
Ҳой гўзал, менга боқма,
Кўксимни ўт-ла ёқма.
Бир пари каби кулиб,
Қаршимда лола тақма!
Сочларинг тола-тола,
Лабимда гизли нола.
Ичимда тўла ҳасрат,
Найлай, эй воҳ... бу ҳола?
Дардинг-ла ёнди бошим,
Кўзларда қонли ёшим.
Йўқ... Кечир... Энди бир кул,
Сен, кўнгил орқадошим!
1926
* * *
Орқангдан йиғлаб қолдим,
Кўксимни тиғлаб қолдим,
Қиз, дарёдан ошарсан,
Билмам қайда яшарсан.
Орқангдан йиғлаб қолдим.
Сир аралаш ҳаётинг...
Гавҳарлардан маржонинг.
Ҳазин куйлар чаласан,
Сўйла, қаён борасан?
Сир аралаш ҳаётинг...
Тушимда кўрдим сени,
Бирга олиб кет мени.
Денгиз, тоғлар ошайлик,
Чўпон каби яшайлик.
Бирга олиб кет мени.
1926
НИКОҲ КУНИ
Узоқлардан қўш сурнайнинг куйи сезилди
Қизнинг қалби куз гулидек сўлди, эзилди,
Уфқлардан боқар эди сўлғун бир лола,
Қиз қалбида титрар эди синиқ бир нола.
Ёш қиз, қайдам, ўз эркини ололмадими?
Эркин севги боғчасида ўйнолмадими?
Боғга чиқиб, ўксиз каби ҳар томон боқди,
Гўдак чоғлар изи унинг кўксини ёқди.
«Хайр энди, чечакларим, қора бир диёр
Кучоқ очди, кетдим агар келса гўзал ёр,
Менинг учун кулиб боқинг, кўнглини олинг!»
Деган каби қиз кўнглига қайғу соларди.
Не қилсин, оҳ... тотли ҳислар шунда қоларди.
1926
ТУРМУШ ЙЎЛИДА
Йўл кўп узун... Ҳар томоним тоғлик, тошлик.
Сурунаман ўтмоқ истаб бу йўллардан.
Яна мудҳиш, қизғин қумли шу чўллардан,
Тилакларим, ғайратларим менга бошлиқ.
Баъзи вақтда заҳар совуқ қучоқ очар,
Баъзан қуёш, гўзал кўклам нурин сочар.
Баъзан тўлқин билан келар турмуш сели,
Баъзан кўнглим қитиқлайдир тонгнинг ели.
Йўқ, қайтмайман ҳеч орқага... кучим толмас,
Ҳаёт гўзал, амал буюк, сел тўсолмас.
1926, 24 июнь
* * *
Ўйнаб оққан ирмоқлар,
Яшил, нозли япроқлар
Дерлар менга: «Ҳой, шоир!
Ёз энди бизга доир!»
Эй кумушдек ирмоқлар,
Баҳордаги япроқлар!
Сиз шеъримдан кўп гўзал,
Кулсангиз, кулар амал.
Сози носоз бу шоир
Не ёзсин сизга доир?
1926, июнь
КЕЧҚУРУН
Қуёш секин бекинди
Қаршимдаги тоғларда.
Борлиқнинг кўзи тинди
Ёлғиз-дим шу чоқларда.
Қир туман-ла бурканди,
Тоғдан тушди сурувлар.
Ўйноқ қиздек бурилиб,
Оқарди пастда сувлар.
Сўнгра кўкни ёритиб,
Чиқди сариқ бир чечак.
Оқшом кўнглин овутиб
Аллаларди шаршарак.
1926, 2 июль
ШАРШАРАК
Чиқар тоғлардан
Ҳовлиқиб-шошиб...
Истаган томон
Чопадир тошиб.
Кумушдан оппоқ,
Соф кўйнаги бор.
Тўхтамай бир чоқ,
Шеър этиб оқар.
Буюк тошлиқлар
На кураш қилар,
На унинг кескин
Кучин синдирар.
Шаршарак тошқин,
Ёш кўнгил каби.
Йўлида шошқин,
Йўқ ҳасрат-ғами.
Узоқ белгисиз
Йўлга талпинар.
Қайдадир денгиз?
Чопар, ахтарар.
1927, 31 май
САҲРОДА
Саҳро жимгина ухлар,
Кўкда юлдузлар порлар,
Тевалар секин-секин
Илгари қадам отар.
Тарқалар қўнғироқдан
Бир товуш, умид тўла.
Акс этиб кўп узоқдан,
Дерки: «Наридан сўра!..»
Кўп йўллар ортда қолди,
Кетиш, сурилиш яна,
Мени ким йўлга солди?
Интилиш бор кўнгилда.
Чарчамайди тевалар,
Азал, абад йўлида.
Сўйлар алланималар,
Юлдузлар кўк чўлида...
1927, 4 июнь
БАҲОРНИНГ КЕЛИШИ
Ботди қуёш — қиз,
Ёнди узоқда
Атлас этаги.
Кўкда бир юлдуз
Кулди шу чоқда...
Оқшом чечаги!
Енгил шамоллар
Тентираб қолди
Кўча-кўйларда.
Майин рўмоллар
Каби судралди
Оқ булут кўкда.
Баҳорнинг нозик,
Ипак нафаси
Етишди қонга.
Тарновдан «тик-тик»
Томчи пардаси
Учди ҳар ёнга...
Кўзимда қотган
Дард қанотланди,
Йўқликка учди.
Қалбда ухлаган;
Нашъа уйғонди,
Кўкламни қучди,
1929, апрель
* * *
Яна баҳор келди, яна қалб ёнар,
Яна гул палласи, яна ишқ фасли,
Узоқликлар сари кўнгил толпинар.
Яна ичда жўшар ҳисларнинг масти...
Уфқлар имлайди, кўк ҳам, булут ҳам,
Гунафша кўзида ёнар жонли ҳис,
Дарахтларга гулдан тож қўйган кўклам,
Ишқим юпатса-чи... йўқ, мендан олис!
Ариқларда лим-лим оқади шўх сув,
Йўқ, сув эмас, оқар жонли, ҳур қўшиқ,
Боғларни қучган бир олтин уйқу
Ҳар ёнда гўзаллик, ҳар ён бахт тўлиқ.
1929, апрель
ОНЛАР
I
Қуёш оғди уфқдан,
Бир тўплам олов сочин
Илиб қолди ўрмонлар...
Узоқликларда шу он
Секин ёзди қанотин
Мовий, майин туманлар.
Енгил табассум ёғар,
Осмон зангори, сўнгсиз
Коинотга боқаман.
Кўкда юлдузлар ёнар,
Абадият гўзал қиз
Каби ётар... толаман...
1929, апрель
II
Мен юраман аста-секин,
Йўллар қумли, ипак каби...
Уйғонмиш тонг ва шамоллар.
* * *
Узун йўлнинг ўнг ва чап
Қатор юксак яшил арча
Учларида қуёш ёнар.
* * *
Эркин қушлар ва япроқлар,
Куйлашади узоқ-яқин.
Бундан кўзни ололмайман.
* * *
Шунда битар ғам, фироқлар,
Мангу ҳаёт мусиқасин
Тинглаб-тинглаб қонолмайман...
1929, май, Ялта
ОҚШОМ СЕЗГИСИ
Тоғларда илинди қуёш этаги,
Оғочлар узоқда бир тўплам кўлка.
Денгизда порлаган ғуруб чечаги —
Сувларнинг қўйнида қизил машъала,
Учиб бир гала қуш аллақайларга,
Йўқолди кўзимдан нуқталар каби.
Сукунат чўзилди жар ва сойларга,
Ҳар ёқда кундузнинг учди шўх дами,
Фақат онда-сонда юксалар секин,
Қрим қизларининг тунги қўшиғи.
Ёнаркан юлдузлар ҳам бирин-сирин
Оқади кўнглингга олтин туйғуси.
1929, май. Ялта
ҚОРА ДЕНГИЗ БЎЙЛАРИДА
Тинчибгина ётолмайсан ётоғингда,
Денгиз, букча ҳар он жўшиб чайқаласан?
Сўйла, қачон уринишдан сен толасан?
Тўлқинларинг тош кемирар қирғоғингда...
Сен зангори ва улуғсан осмон каби,
Бир асабий ғазабинг бор, юзинг титроқ,
Тоғлар бағрин савайдирсан шароқ-шароқ,
Бу исёнинг абадият аламими?
Сени севдим, сенга толдим, жўшқин денгиз!
Сенга боқсам унутаман гўзал ёрни.
Қайна, кўпир, кемирабер қояларни,
Жаҳаннамий чуқурликда кучинг чексиз...
1929, май. Ялта
ЯЛТА КЕЧАСИ
1
Кумуш булутлар қучоғида ой
шўнғиб сузади.
Бурушиқ тоғлар, дала, қир ва сой
мудраб ётади.
Оғочликларда япроқлар куйи
тунни аллалар.
Юлдузлар тўкар оҳиста қуйи
олтин хандалар...
Уринмай мағрур ётоғини тинч
қучгандир денгиз,
Қалбимда ўйнар сўнгсиз бир севинч,
кезаркан ёлғиз...
1929, май.
2
Ой кўкда бепарво тентирар яна,
Кумуш тун чексизлик қучоқлашганлар,
Тоғларда аллаким ёқди аланга,
Афсона девларнинг кўзидек ёнар.
Кўзимда белгисиз кўлканинг изи,
Севгим ҳам кўнгилда тип-тинч ухлайди,
Суюкли чечаклар, боғчалар қизи
Руҳимга нега нашъа тақмайди.
Хаёл кемасида сира чарчамай,
Кезаман жимгина мен коикотни...
Сен мени масхара қилма, гўзал ой!
Шоирлар севади шундай ҳаётни.
1929
* * *
Уфқлар қуроқ тутди.
Ранг-баранг булутлардан.
Юксак оғочлар учи
Қуёш сочлари билан
Секин ўйнайди...
Соф узоқлик,
Сўнгсизлик
Маъсум бола каби тинч,
Абадият қўйнида
Ётиб мудрайди...
Жимгина толаман...
Шу дамда
Кўнгил фалсафасига
Сажда қиламан.
Кўксимга сиғмайди —
Севги, севинч...
1929
ТОШЧАҚАР
Вақт пешин... ёзнинг олов яхтаги.
Ҳар нарсани қоажиратиб ёндирар.
Кўчаларнинг қизғин оташ, нафаси
Қизган симдек баданларга ёпишар.
Оғочлар ҳам қимир этмас, мудрайди,
Иссиқ-иссиқ! Фақат бунда бир тошчи
Болға билан тошларни хўп савайди,
Зарбасидан титраб кетар ер ости...
Писанд қилмас иссиқликни «тошчақар»
Шодлик сочар меҳнат куйи: «чақ, чақ, чуқ».
Юзларидан, кийимидан тер оқар,
Унинг қора кенг манглайи бурушиқ.
Ҳеч нарсага назар солмай шу узун
Ёниқ кунда бахт тошини чақади.
Эрклик учун, олтин кунлар тузмак-чун
Зарурият кишанини узади.
1929
ЁЗ КЕЧАСИ
Ой нурлари мудрайди
Япроқларнинг бетида...
Теран сукут шу тунда...
Кўнглимга туташгандир.
Сўнгсиз, улуғ коинот,
Мангу ёш гўзал ҳаёт.
Юлдузларнинг узоқда
Олтин киприги ўйнар,
Суяди, зркалайди
Она каби мени-да...
1930
САНЬАТ ИШҚИ
Кўп ойлар қолсам сендан узоқда,
Эй, санъат, оташинг ёқар кўксимни;
Уйқусиз тунларни кечирган чоғда
Қонимга кирмишсан, эй бугак севги,
Порлайсан абадий, олтин машъала,
Сендадир гўзаллик, ҳақиқат, ҳаёт,
Ҳар жилва очади янги манзара,
Сен билан англанур бутун коинот.
Эй, санъат, боғчангда мангу қолайин,
Олтин найларингни тинмай чалайин.
1930, 11 июль, Москва
ДЕНГИЗГА
Эркалан, шўх денгиз, ўйна, шўх денгиз!
Уфқлардан ошар, сиғмас қирғоғинг.
Йигит кўнглим каби қайна тинимсиз,
Юксакларда қуёш—олтин байроғинг.
Соҳилингда бордир яшил, кенг боғлар,
Гуллари уйғонар чўчиб бўсангдан.
Абадий куйингни туманли тоғлар
Тинглайлар бир улуғ сукунат билан.
Эй денгиз, эркалан, аждардек тўлған!
Кучинг зўр, ошиб ўт юксак тоғлардан.
1930, август
ДЕНГИЗДА ОҚШОМ
Сувларда секин ўйнар,
Олтин қайиқчалардек,
Қуёш алангалари...
Ғуруб ёнғини қоплар,
Само юзи анордек,
Булутлар атлас каби...
Уфқлар қулочига
Сиғмаган буюк денгиз
Чайқалар секингина.
Сувлар қуёш сочига
Ўралашиб тинимсиз
Ўпар қирғоқни аста...
1930, октябрь. Сочи
КУНДУЗ
Катта оқ туя каби,
Булутлар секин чўкар
Яшил тоғ, тепаларга...
Анҳор кумуш лентаси
Уфқларга чўзилар...
На фусункор манзара!
Нозли сарвлар секин
Узоқларда рақс этар,
Ҳаво тиниқ, енгил, соф.
Узун олтин бандагин
Оғочликларда сургар
Кўклам қизи офтоб...
1930, Сочи
НИШ — ДУТОР — ЧОЛ
Қор капалаги —
Поёнсиз гала...
Кўкни қучишлар,
Эркин учишлар
Билан чарчаган
Оппоқ қанотлар
Синадир ерда...
Шамол парраги
Тинмай айланар,
Қорларни хирмон
Каби совурар...
Ҳужра эски, тор...
Аланга тили
Куюқ кўлкани
Ямлар ва ютар...
Чолнинг бурушуқ
Юзини шуъла
Жимгина ялар.
Чол кўзи юмуқ,
Завқларга тўлиқ,
Чаладир дутор...
Муаззин товши
Илашиб ерга,
Бўлиб дабдала,
Келар узоқдан,
Чолнинг йўқ иши,
Қор капалаги
Қалтираб тинглар, юракда тўлқин.
Дардини куйлар ёш оқин — шоир:
«Келдим сени сўроқлаб,
Дилда ёлғиз ардоқлаб,
Ҳолим сўр, марҳамат қил,
Берган сўзингни оқлаб...
Сендан айрилган куни
Бошланди умр туни.
Сайрамади дўмбирам,
Куйлатардинг сен уни!
Кўзларимга овул тор,
Кўкламимни босди қор.
Ошамадим, ичмадим,
Дардинг озиқ бўлди, ёр.
Келди ботир йўлдошлар,
Қўллади кўмакдошлар,
Чўлда изинг қидирдик,
Налар кўрмади бошлар?
Бир тун етдик карвонга,
Ҳар биримиз арслонга:
Айланиб қилдик босқин
Бонг урдик биёбонга!
Тақдир кўр экан бироқ,
Қутқаролмадим у чоқ.
Яна бир йил ғам ютдим,
Йигитликда сочим оқ.
Катта бозор «Қарқара»,
Бойлар бор гала-гала,
Қулликка рози бўлиб,
Келдим бу бўсағага.
Бу ерда бахтим гули,
Ҳаммадан ўзи сулув:
Дўмбирам, ёрни ллақта,
Сен азалдан булбули!»
Тинглар Бахтигул, ҳар томирида
Қуёш нуридай куй оқар эди.
Йиқил, ёрилтош!
Зулмат ҳовлида
Дев қўрғонларга у боқар эди,
Йиқилса тўсиқ, учса ёр сари
Ва қучоғига ўзини отса.
Шунчалар чеккан азоб бадали,
Эрк, севги завқин зумгина тотса!
Лоақал, қўйиб борича товшин,
Ҳозир куйласа бутун дардини,
Бутун соғинчу, бутун ёзмишин,
О, ёр тингласа юрак зарбини!
У — чўри, бунда мол қаторида,
(Ҳали бойнинг у никоҳида ҳам!)
Чиқара билмас товшини сира.
Йиғлар тонггача кўз юммай бир дам...
Кундан-кун оғир эрксизлик зулм.
Севар юраклар ёнар ҳижронда.
О, насиб бўлса қозушмоқ бир зум!
Ҳамроҳ уларга умид ҳар онда.
Малай болалар уларнинг дардин,
Кўнгил сирларин ташир шивирлаб.
Зиндонга бирдан кўкламги эпкин,
Киргандек диллар яшнар бахт тилаб,
Улар ишқидан эди хабардор
Бу даргоҳдаги қароллар бари.
Бари эзилган, барида дард бор,
Елкаларида заҳмат яғири...
Зулмга қарши ноилож бироқ.
Хону бек, қози, масжиду имом
Бари ҳам бойнинг сўзини дер ҳақ.
Фатво, қамчи, пул бой билан мудом,
Оқшомлар қаттиқ меҳнатдан кейин,
Қўшхонада жам бўлур қароллар —
Ўзбегу қозоқ, қирғиз...
Жим, ҳорғин
Ўтирар дўстлар — ёшлар ва чоллар.
Соғиндиқ олар қўлга дўмбира.
Севги эртаги — ғамли ва гўзал,
Оқар дилларга ёниқ дард била.
Кўз ёшлар аста қайнар шу маҳал...
Сўнгра зулмни, бойни қарғашар,
Гулханни қуршаб ўйлашар ғамгин.
Ошуқ-маъшуққа бахт тилайдилар.
Қиш туни оқар узун ва ҳазин...
Ҳар бир қаролда чайқалди ғазаб,
Бой арғимоғи ҳаром қотган кун
Тўққиз қаролни қорда қаторлаб
Жазолади бой (ўлган от учун,
Тўлаган тўққиз от баҳосин бой!)
Баданларда хўб ўйнади таёқ, . .
Ғаддор золимнинг оқибати вой!
Қароллар ўчга отланди иноқ.
Тунда бой уйин қамрайди ёнғин.
Бой, бека ётар ҳушсиз, занжирбанд.,,
Отлар ёради тун қоронғисин,
Чўл сари учар йигитлар хурсанд,
Бошда Соғиндиқ билан Бахтигул —
Озод шунқорлар учишар жасур.
Бу эл ҳеч маҳал бўлмаяжак қул,
Шиори; қайда золим бўлса ур!
1933
* * *
Йигит Мажнун эмас, қиз эмас Лайло,
Иккиси меҳнатнинг эркин зарбдори.
Икки севгилини қопламас асло,
Ўксиниш, айрилиқ, кўз ёши — зори…
Эшик тирқичидан мўраламайди,
Девор тешигига қоқилмайди кўз.
Севги маъносини англатузчи сўз
Кўнгилда ях бўлиб мангу қотмайди,
Машина устида қилинди изҳор
Севги ва соғиниш ва бутун кўнгил,
Меҳнатда чақилди туйғу учқуни,
На мактуб, на альбом ва на бир булбул..
Ҳар оқшом тинглашиб маҳалладаги
Клубда радио... ўйнашар дамка.
Сўнг анҳор бўйида кезалар аста,
Дудоқларни ёқар ёшлик бўсаси...
1933
ЎЗБЕКИСТОН
Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди,
Бир ўлкаки, қишларида шивиллар баҳор,
Бир ўлкаки, сал кўрмаса, қуёш соғинар...
Бир ўлкаки, ғайратидан асаби чақнар.
Бахт тошини чақиб, бунда куч гувиллайди.
Дердиларки: «унинг руҳи инжиҳ ва хаста»,
Бироқ, томчи қони унинг бир кулча олтин!
Уқа билан тортиб сотган афсоналарин,
Аччиқ, дудли фалсафанинг кутубхонасин
Совет шарқи ёқди... Ёнди бу эски латта.
Совет шарқи тўлқинини кўринг — бу ҳаёт!
Тебратади ўлкани иш — бахтнинг ўз қўли,
Очилгандир тарихларнинг энг улуғ йўли.
Хазинасин очиб берган қири, тоғ, чўли,
Бутун шарқда ёзажак у шафақдан қанот.
Болғалар-ла парчаланди уйқу илони,
Меҳнаткаш эл букун белин кўтарди мағрур,
Термометр симобидай... Ўпар экан нур
Янги тарих қуёшидан унинг манглайи,
Меҳнатидан айқиради энди бахт, сурур.
Далаларда машинанинг тетик нафаси,
Уфқларнинг зумрад кўксин ўпар пахтазор.
Чоллар — йигит, йигитчалар чақмоқдай ёнар,
Эркин меҳнат бахтли кўзда чўғ каби порлар,
Ироданинг қилич янглиғ ўткирдир дами.
Қайтиб келмас ва тирилмас мозий қабрдан,
Йўқчиликдан кафан ўртган скелет кунлар,
Кўз ёши-ла жинчироғни ёндирган тунлар..
Бўшликларга юксалган у хаёл-тутунлар,
Елкаларда учқун ёнмас қамчи зарбидан.
Хонақани ташлаб фикр фанларни минди,
Электрон текширади кечаги чўпон.
Институт курсисини ўпар қиз-жувон.
«Капитал»нинг ҳар сатридан галалаб учган
Фикрларни қувар тунлаб ёшлар киприги.
Яратипди бир шоҳ асар, гўзал бир достон,
Ғадир-будур меҳнат қўли битгандир буни,
Келажакнинг баҳоридан олинган куйи,
Хаёлларга сиғмайди ҳеч бунинг мазмуни,
Қофиядир фабриклар-ла қизлар қўшиғи,
Ўқи ва сев! Бунинг исми ёш Ўзбекистон.
1934
* * *
Булутлар сочингга кўз ёшим каби
Томчилаб ўтдилар бинафшазорда,
Кўз ёшим аралаш юрагим ғами
Ёзилиб кетганди бир чоғ баҳорда.
Булутлар қалдираб кечди ўт чақиб,
Чўпон уйқусига томчилар томди.
Сочларинг ёмғирдан гавҳарлар тақиб,
Кулардинг, боқишлар менга илҳомди.
Ҳар баҳор сургайди бинафшазорга,
Гулларнинг кўзидан, нозик ҳидидан
Ёдимга тушади эски хотира.
Бинафша ярқирар кўз томчисидан...
1934
КЎКЛАМ ҲИСЛАРИ
Бошимда олманинг хушбўй оқ гули,
Улуғ ерни қучиб ётибман уйғоқ.
Қулочим етмаса қалбим еткуси,
Инсоннинг қалбига қуёш жинчироқ.
Дарахтлар кўтармиш гул қадаҳчалар
Кўкламнинг, ҳаётнинг соғлиги учун...
Ясанса, қузонса қирлар, боғчалар,
Нега меҳнат, ерни мақтамай бугун?
Бирлашган меҳнат-ла техника ва фан,
Ҳаёт олтинини шахдам қазийди.
Колхознинг ҳар ёғи туташ бир гулшан
Бу ерда иш — меҳнат бир қўшиқ каби.
Ота-боболарнинг хотираларин
Бир сукут сингари сақлайди бу ер.
Фақат мафтун этар шоир хаёлин
Қўйнидаги кўклам, манглай тўккан тер.
1934
* * *
Ой нурининг мавжлари ёйилар майин,
Жимжитгина кўлкалар қочар панага.
Кўкда юлдуз гуллари очилган қалин:
Ёзнинг елпиғичини тиндирмас кеча.
Уйқуси йўқ баргларнинг чучук лапари,
Қалбларимизга тегар, ҳисларни ёқар.
Ёнар кўзларимнзда ёшлик нашъаси,
Ялтирар бошимизда кумуш олмалар...
Атласдай тозланади ранглар чаманда,
Олтин ёмғир юаади гуллар тожини.
Жаранглаб тин ҳавода нозли бир ханда,
Қалбга боғлайди туннинг ипак сочини.
1934
КУЗДА
Учар, ерни ўпар бир гала япроқ,
Ўқиб битиришди ёз достонини.
Оғочлар гавдаси ориқ ва титроқ,
Совуқ ер ўчирди яшил қонини.
Тўсатдан куз босди, булут ва ёмғир.
«Яланг оёқ» ёзнинг кўм-кўк яктаги
Жиққа ҳўл бўлди у, офтоб сари
Тутиб кўкрагиии исинар базўр.
Учиб ер тишлайди бир гала япроқ…
Сасида қуёшнинг, бақорнинг ёди.
Гўзалдир олтин куз сўлғин парвози,
Боғчаларда танҳо кезаман узоқ...
1934, 20 сентябрь
* * *
Бир ютум май каби
Сева симирдим
Гилосдай лабингни,
Дўндиқ, севгилим!
Бир ютум май каби
Сева симирдим,
У дамда абадий
Туюлди умрим.
Ой нурин ёпинган
Чиройли баҳор...
Қани у соғинган
Гилос дудоқлар?...
1934, 21 декабрь
* * *
Ёзнинг олови ўчди, яллиғи қолди,
Бармоқларда санашди чол ҳисобдонлар,
Менга «асад норасад» деди боғбонлар.
Мовий тутунлар ила боғлар ўралди.
Чуғурчуқлар-да кетди, қизлар бўш қолди.
Дарахтларга осилган эски челак гунг.
Баргларда сезилади ўзга бир гурунг,
Ёз тандирига жим куз оёқ солди.
1935, 8 сентябрь
* * *
Майсада ётаркан, ўйладим сени,
Ёш эдик, шўх здик у чоқларда биз.
Қуёшдек яшарди ичда севгимиз,
Шодликнинг, кулгининг бормиди чеки?
Кўзлар хаёлчанди, бўсалар думбул,
Ҳисларга мажҳулди ҳижроннинг туни.
Дилларни тўлдирган бахт эди нуқул,
Майсада ётгандик бир баҳор куни...
1935
ТОҒ САЙРИ
Ахтариб топганимда «Ўн икки булоқ!»
Қалбимда ўн икки шеър бирдан жўш урди,
Ҳаммаси шивирлайди сиздек, шўх, иноқ...
Кўксимгз ҳам ўн икки баҳор югурди…
Порлоқ ва шаън ўн икки кўзнинг ишқида,
Кўзларим хийла замон адашиб қолди.
Севинч қайнар, жилдирар соф кумушида…
Ўн икки қиз изидан хаёл йўл солди...
Нурлардан ҳалқачалар оқар, жимирлар...
Тошларда еинар майин табассумлари,
Олтин ипга чизилар жонли инжулар,
Бўсадан-да шириндир, ич, ютумлари!
Ўн икки пиёланинг ялтироқ мавжи,
Тўкинган лабларимда қолар бир умр,
Кўзлари сени ўпган бирон йўловчи,
Балки бир чоғ севгимни ҳикоя қилур!
Мен Эпокринани ҳам унутдим ҳозир,
Афсона томиридан оқа берсин у.
Ўқ икки шеър қалби бунда тошадир,
Илҳом қадаҳларининг чиройлиси шу.
Ҳар томчисида бутун қуёш бекинган,
Гуллар нафис бошларини эгмиш таъзимкор
Баргларини варақлаб шамол тинмасдан
Шивирлар чашмаларга... муҳаббат изҳор.
Чўмилган япроқларнинг сассиз чапаги,
Қўйнида қубба-қубба ёнғоқ юмалар.
Кўкнинг фирузасидан сирпаниб чопар
Ўн икки кўз қаъридан қувноқ нашъаси!
1936
* * *
Ёр кўзларининг ишқини, хуморини ёд эт!
Кўк гулшани дурлар каби порлайди бу оқшом,
Ҳар тоғда-ю, қирда ётади нозли хуш ором,
Дунёдаги кўзлар аро шаҳлосини ёд эт!
Кўксимни эзар ҳажрида қалбимдаги туйғу,
Тепамда қуяр куйини булбул яна шўх, шаън.
Гуллар қадаҳин кечки Шамол аста тўкаркан,
Ёдимга тушар сен каби дилбар, гўзал орзу.
Ёлғиз кезаман шарқираган сув ёқасидан,
Ёдингни қучиб ўлтираман тош каби сокин.
Олам қочади, сен кирасан, қалбга шу чоғ тинч,
Ширингина рўё каби оқшом қорасинда...
Ёр кўзларининг ишқини, хумморини ёд эт!
Овозини, шўх созини ҳам нозини ёд эт!
1936, июль
* * *
Юраман, тошади севинчим.
Бу севинч қаердан, билмайман.
Кечанинг оғуши латиф, жим...
Юлдузлар чамани гуллаган.
Тошлар ҳам, қушлар ҳам ухлайди
Шамоллар учганда еп-енгил,
Ой нури мавжланиб титрайди,
Баргларга киради ширин тил.
Коинот севгиси гул каби
Қалбимда очилар, қаёл — ҳур.
Тўладир севинчнинг қадаҳи,
Юлдузлар томчилар олтин нур...
1936, июль, Чимён
* * *
Абадият ва умр
Сингари оқади сув.
Оқ сочларини уйқу
Силамас бунда бир қур.
Унинг мавжлари урса,
Чўнг тошлар тилга кирар,
Ўзидан найи дилбар,
Эркаланиб, кўпирса.
Тоғдан шўх, шодлик сурар
Аллақайға совғаси
Қуёшнинг олтин тоси
Кундузи унда сузар...
Олтин узуклар оқар,
Ҳар кун ҳарир кўксида.
Жим-жим жимирлаш ила
Янги кунларга чопар.
Яшил ёқаларида
Кезаман кундуз, оқшом.
Ҳовучим қадаҳ ва жом,
Ичаман қона-қона.
1936, июль
* * *
Тепага чиқамен, сойга тушамен,
Ё гаранг тошларга жим суянамен,
Ё булоқ бошида бир чўпон каби
Ястаниб бир лаҳза ўйга толамен.
Жўшади булоқнинг кумуш ёшлари,
Ҳам мунгли, ҳам ширин жилдирашлари
Буралиб, кўкатлар ичидан чопар,
Узилган марварид ярқирашлари.
Кундузнинг шўхлиги ҳар ерда улфат,
Ҳар ерда гулларнинг саломи эсар:
Булутлар тепага қўнар бир муддат.
Шуълалар, соялар бирга тентирар.
«Дунёда яшамоқ на гўзал!» — бир сас
Ҳаво олтинида жаранглаб учар;
Узоқ бир ўтовда патефон тинмас,
Орзулар сийнага сиғмасдан тошар...
1936
* * *
Олтин сепкилли қоп-қора кеча,
Қора илиқлик, хушбўй бир нафас
Секин эсади. Ухлар қир, тепа,
Ариқда оқар нотинч, қора сас.
Гуллар тожини силайди уйқу,
Орзулари жўш урар кўнгулнинг.
Оғочлиқлардан келди бир «уху».
Шамол шивирлар: келмас, узулманг!
Тугар ҳисларин қора бахмалча.
Юлдузлар жим-жим киприкдан томар,
Тун хушбўй, илиқ: нозли бир палла,
Тоғлар бошида юлдузлар чақнар...
1936
НАЪМАТАК
Нафис чайқалади бир туп наъматак
Юксакда, шамолнинг беланчагида,
Қуёшга кўтариб бир сават оқ гул,
Виқор-ла ўшшайган қоя лабида.
Нафис чайқалади бир туп наъматак
Майин рақсига ҳеч қониқмас кўнгил,
Ваҳший тошларга ҳам у берар фусун,
Сўнмайди юзида ёрқин табассум.
Яноқларни тутиб олтин бўса-чун,
Қуёшга тутади бир сават оқ гул!
Пойида йиғлайди кумуш қор юм-юм...
Нафис чайқалади бир туп наъматак...
Шамол инжуларни сепар чашмадак
Бошида бир сават оқ юлдуз — чечак,
Нозик саломлари нақадар маъсум!
Тоғлар ҳавосининг фирузасидан
Майин товланади бутун ниҳоли.
Ваҳший қояларнинг ажиб ижоди:
Юксакда рақс этар бир туп наъматак,
Қуёшга бир сават гул тутиб хурсанд!
1936
* * *
Шамол, бир эртак ўқи
Ўзганда тоғ уетидан.
Ичиб булок бошидан,
Шамол, бир зртак ўқи!
Арчалар шохидан туш!
Кўк ипакда қил жилва,
Сочларимда ғивирла,
Кел, қалбимга шивирла,
Арчалар шохидан туш!
Тоғлар рўёсини айт,
Юлдуз саломини айт,
Шивирла ҳаёт сасин,
Севги дуосини айт.
1936, 9 июль
* * *
Бўш куним боғма-боғ кезаман
Уюшкан резавор боғбонлар...
Девор йўқ, «пўшт-пўшт» йўқ... Сезаман
Иш билан овора жувонлар...
Қўлтиқда Пастернак ё Пушкин,
Ҳисларда учади дилгирлик...
Оёқлар ёзади чигилин...
Ел, қуёш беради хўп тинчлик.
Беданинг кўк ранги мавжланар,
Олмалар қуйилиб гуллаган...
Экинзор... Мевазор ва токзор..,
Шоҳидай товланар шуъладан.
Ҳар боғча бир тўплам гул каби,
Ҳавоси чайқалган атирга.
Шийпонда ёш она алласи,
Ҳар нафас янги бир манзара.
Ётаман чўзилиб майсада,
Бошимда энг майин гул чодир.
Ер курра сиққандай бағримга,
Фикрлар бир онда тошадир:
Она-Ер нақадар меҳрибон?
Ҳаммани қалбида ухлатар...
Бир қўлла тўйдириб, яшнатар,
Бир қўлла ўтказар ўроқдан...
Мингларча бобомдан бир сукут
Қолгандир бағрида эҳтимол.
Қоп-қора уфқда бир булут
Сингари эрийди бемаҳал.
Кўксидан унади баҳорлар,
Сайр этар гул осиб бўйнига.
Сеҳрни билмовчи сеҳргар
Янадан тортади қўйнига.
Ўйлайман, келарки бир замон:
Суйишкан икки ёш далага
Чиқишар шаҳардан, ойнадан...
Гуллардан эсирган ҳавога…
Дўндиқ қиз — фалсафа доктори,
Ёш йигит сайёра йўлида,
Инженер — техника ғурури:
Юлдузлар тизгини қўлида...
Қувишар бир олтин қўнғизни,
Иккиси қувониб боладай.
Кулишдан, севинчдан хинадай
Қизиллик силайди оқ юзни.
Ўтирар қўш мағиз сингари
Файласуф, инженер тепада...
Шеърдан, футболдан ва фанний
Баҳслардан талашиб масала.
Дастлаб терилган кўп гуллар —
Қоқигул, чучмўма, бинафша,
Ким билан қанча кўз, кўнгиллар
Мазмунин тўпламиш шу даста?..
Эҳтимол мен ҳам бор... мени ҳам
Ҳидлашар галма-гал икки ёш.
Ҳар баҳор билгисиз сағонам
Гул бўлиб очилса ва қуёш
Силаса ёмонми? Ўйлайман:
Юзимда титрама, табассум...
Азалдан абадни бўйлайман,
Гирдобмиш туғилиш ва ўлим...
ПУШКИН
Олтин мисраларга нақшланган фикр,
Қалбинг қуёшидан қуюлган туйғу —
Сўнмайди, эй шоир, ўтса юэ аср,
Ҳайкалинг сингари чидамли, тунж у.
Тошларни чанг қилиб учирар замон,
Бир учқун йўқотмас шеъринг ёлқини.
Боғчанг бир баҳорга ҳамиша макон,
Севади ҳар кўнгил, ҳар хаёл уни!
Санъатнинг энг юксак чўққи тошидан
Оқди фикрларинг кенг доирага:
Оқ шуъла мавж урган тоғлар бошидан
Гувиллаб отилган соф бир шалола...
Эркин манбалардан эсди илҳоминг,
Ҳислар, кечинмалар тоза ва латиф,
Шўх нозлар, севинчлар куйлаган созинг
Ҳайқирар, чақирар, дам инграр ҳафиф...
Қайғунг ҳам нашъангдай, юлдуздай порлоқ,
Қалбинг оташидай иссиқ ва яқин,
Ёзги ёмғир каби кўз ёшинг қайноқ:
Ювиб, яшнатади қалблар гулшанин.
Ҳаёт, табиатнинг чексиз оҳакги,
Саноқсиз ранги-ла шеьрянг ярқирар.
Ҳур, мағрур бошингда шон гулдастаси
Нурига юлдузлар кўкдан суқланар.
Юксак амалларни этдинг тараннум,
Қўшиғинг ҳур кўнгил, эркнинг овози!
Ҳайқирдинг, титради қирли тож, зулм,
Итардинг кишансиз ҳур Русияни!
У заррин кийимли разил ва олчоқ
Жаллодлар қон томган қўллари ила
Ҳар бир одимингга қўйдилар тузоқ,
Қалбингга санчдилар минг заҳар игна!
Санъат оташидан улар бегона
Кўзларин қоплаган фаҳшнинг дуди.
Сарой — юз товланган бир қузғунхона
Халқнинг кўз ёшлари — унинг ғурури!
Қувилдинг жанубнинг саҳроларига,
Эркин қўшиқларинг қуюлиб-тошди,
Янги гўзалликлар шеъринг торига
Нафис куйлар қуйди, куйинг тоғ ошди...
Кўзингда ёнаркан даҳо қуёши,
Қалбингда куларкан олтин бир баҳор,
Сени эзди қора даврнинг тоши,
Сен кетдинг қолдириб мангу чаманзор…
Нур тўла қадаҳинг ичаркан диллар,
Ҳислар ғунчалайди ва очилади!
Ёрқин илҳоминг-ла қайнар насллар,
Асрдан-асрга нур сочилади.
Ўқиркан, севгинг-ла ёнади кўзлар,
Дилларни тўлдирар баҳор нафаси,
Олтин манбалардан нурланган сўзлар —
Қуйма мисраларнинг жонли нашъаси.
Арктиканинг музи ва қуюқ туни,
Қорли саҳро, денгиз, бўз қир, яйловда
Шаҳарлар тўлқини, тоғлар чўққиси,
Боғчалар диёри, ҳар ерда шуъла —
Сочади қуёшинг, Эй шоир, сурур —
Ила сени ўқир бу эркин Ватан.
Сен қанча тилларда сайрайсан мағрур,
Созинг юксалажак яна баланд, шаън!..
1936
ШЕЪР
Дейдиларки шеър — юлдуз кирпиги.
Болчиқ йўлни ёрит, деёлмас ҳеч ким.
Ҳаёт қорасида инжу нур ипи.
Дейдиларки шеър — фақат қуш тили
Маъносин туяди ҳассос кўнгиллар,
Ёки у кўр қалбнинг кўз ёш томчиси,
Гошларга томади, ё тақар гуллар.
Дейдиларки шеър — ўз мантиқини
Юмшоқ уйқу чоғи олади тушдан,
Қон ва севинч берган ернинг ҳидини
Илҳомлар сўрмади пуч ғурур билан...
1936
ПРОМЕТЕЙ
Қалб эмас бир денгизди буюк севги, нур
Мавжланарди, тошарди — руҳингдек қайноқ,
Манглайингнинг тошида куч, фикр, ғурур
Уйилганди, даврлар силолмас ҳеч чоқ.
Инсонликка муҳаббат машъаласини
Қудратли қўлларинг-ла қуёшдан юксак
Кўтардинг, тангриларнинг ёқиб кинини,
Эркин бошинг билмади асло эгилмак!
Илк бошладинг самога қарши ўчакиш,
Жаҳон тунида чақдинг илк дафъа чақмоқ.
Жасорат алангаси эди бу ёниш,
Кўк ғазабдан силкинди, қақшади олчоқ.
Гавдангни ўраб олди темир илонлар,
Сен михландинг тоғларнинг қояларига...
Бўлолмади қалбингга тангри ҳукмдор.
Ортди яна ғазабинг қуёш ёвига,
Жигарингни юларди бургут тумшуғи,
Изтиробинг тимсолидир кураш, зафарга.
Иродангга тиз чўкди қисман кўр кучи,
Абадиятга кирдинг ўт ранг саҳар-ла.
Эй паҳлавон, исёнчи — эрксевар ботир!
Ер босган оёғингни тангри тахтига
Мардлик билан қўйдингу синдирдинг ахир.
Сирларни оча солдинг инсон бахтига.
Ғуруринг қулликнинг у оғир кишанин
Ва исканжасин отиб, керди қанотин.
Эзгувчи қора кучнинг бўлиб душмани,
Ақл ва ироданинг сургандинг отин.
Эй буюк қалб, исёнкор, кучли нафасинг
Даврлар орасидан ўтди, яшади.
Қақшатди ҳақсизликнинг минглаб тожини,
Тарих томирларидан оққан руҳ санинг!
Ердаги тангриларнинг қора қанотин
Ёндириб наҳра очдинг нурга, баҳорга.
Биз азалги тунларнинг олтин сабоҳин
Ўпдик курашлардан сўнг, мириқиб баҳорга.
Замон океанининг ваҳший мавжлари
Оёқларинг остида ўрмалар хира.
Асл, улуғ бир виқор ила биз сари
Келасан, ғурилланган алангалар-ла!
1936
МАШРАБ
Сочлари патила, кўзлари хумор,
Кўзларда сачрайди қора, кучли нур.
Саратон қуёши, қиш изғирини
Ишламиш юзларнинг маъно, сирини...
Давлати — қалб шеъри ва эски танбур.
Кулоҳдан тошарди жингалак сочи,
Мағрур ва кўркамди ҳар қачон боши.
Ташир ҳам қиш, қам ёз бир қўсқи пўстин,..
(Унда қолмагандир ямоқсиз ўрин),
Белида каттакон бир носқовоғи,,.
Саҳроларни ошар бир шамол каби,
Кеча ҳам кундуздай тутмас пардани,
Оёқлари учун тиканлар майса,
Қумлар оғирлиги унга бир пайса.
Илҳоми ва сози ёлғиз ҳамдами.
Бир ҳовуч сув ютиб тоза чашмадан,
Ястанар тошларга, ёзилар бадан.
Осмонни бир томчи мовий ёш каби
Эритар, кўзларнинг жонли оташи,
Тақир тошларда у кўрарди чаман.
Оёғи босмасдан шаҳар қопқасин,
Хабари тўлқиндек тарқарди, локин
Маҳалла, чойхона, такя ва гузар
Минутни соат деб йўлга кўз тутар,
Кўрмаган чизарди шоир сиймосин.
Ана, шоир келар.., Бир тўда бола
Унинг орқасида ажралмас соя.
Кўзлар акс этади муҳаббат, мароқ,
Уни билиш қийин: гўё «жуфи тоқ».
Асрлар кўрмаган ажиб девона.
Олтин танга тутар қандайдир бир зот,
Пичинг ила кулиб, отар шоир бот,
Танга аллақайда жаранглар тошда,
Бундай шираларга қўнади пашша!
Усиз сеҳрлидир, рангиндир ҳаёт...
Тўхтаб у: «Гулхан сол!» дейди бировга,
Ўзи кўп эпчилдир ўтин қаловга.
Оловни ҳам дудни севади шоир,
Кафтида чўғларни ўйнатар моҳир,
Қуёш жилвасини кўрар оловда.
Мана чекади у тўлиқ завқ билан,
Каттакон чилимнинг тош тўпписидан
Бир қарич ўт учар, тутунлар булут
Қўллари ёқада, баъзи дер: «Чулчут!»
Баҳс этар баъзилар шоир сиридан.
Чилим тугар, сўздан — созга келар гал,
У қаттиқ чертарак ўцийди ғазал.
Жаранглар ҳавода баланд, хуш овоз,
Ҳаммаси табиий, унда йўқ пардоз,
Руҳлариинг қаърида ёқади машъал.
Туя миниб келган саҳройи қозоқ,
Косиб ҳам, бўзчи ҳам, деҳқон ҳам шу чоқ
Уни тинглайдилар сукут ичида.
Бошлар рақс этади куй таъсирида,
Сўзларнинг сеҳридан ким бўлар узоқ!
Беқарор девона билмайди қўним,
Кимхобдан аълодир унга жўн тўқим.
Сўзи халқни қаттиқ кулдиради гоҳ,
Гоҳо у қалблардан уздиради оҳ,
Дарбадар кезади, ҳар гўша маълум.
Мантиқи тиғидан кесилар чигил,
Мударрис, муллалар — қошида разил,
Мағрур боши билмас асло эгилиш,
Ундан содир бўлган ҳар қилиқ, ҳар иш
Топади энг чуқур, энг нодир далил.
Қалбаки эътиқод, қалбаки ахлоқ —
Асрлар чириган, сасиган ботқоқ
Ҳеч қачон бўғмади унинг нафасин...
Оппоқ дасторларга тўкиб тувагин,
Исбот қила олар: нақ ундадир ҳақ.
Қочади ҳар ерда кошоналардан,
Шоҳ дўстлар чиркинроқ бегоналардан.
Ис босган кулбада топар ранг, зиё,
Хон қиз бўлолмас ишқига Лайло,
Қидирар қуёшни майхоналардан...
Булутдай кезса халқ ичидан шоир,
Хотираси қуёш каби қоладир.
Кўнгли кўтаргунча ҳар даргоҳ гулшан,
Билинмас нашъаси, ғами нимадан,
Ҳаёти минг қуроқ бир афсонадир.
1937