Имоним комилки, аввалига учовимиздан бирортамизнинг ҳам миямизда банкни талаш фикри йўқ эди. Ҳаммаси Чарлз Эшлининг зукколигидан бошланди. Мен билан Мел Харрисон эса даҳо қандай қилиб мураккаб муаммоларни еча олишини кўришга қизиққанимиз туфайли бу ишга аралашиб қолдик.
Ҳаммаси Мел иккимиз Чарлзнинг уйида уй вазифасини бажарган оқшомдан бошланди.
Биз вазифаларни бажариб бўлгач, уй-уйимизга тарқалишдан олдин бирпас лақиллаб ўтирдик. Суҳбатимиз жиноятчилик ҳақида эди.
Чарлз ҳар доимгидек завқ билан сўзларди. Унинг айтишича, ақлли одамларнинг қонунни бузишга эҳтиёжлари йўқ бўлиб, бойиб кетишнинг кўплаб йўллари бор экан.
-Билишимча, Вилли Саттон бир нечта муваффақиятли, пухта ўйланган банк ўғирликларини амалга оширган,-дедим мен.
Чарлз кинояли илжайди.
-Умрининг қолган қисмини турмада якунлаш муваффақият ҳисобланадими, Гарри? Адашмасам, Виллига 135 йил беришган. У ҳеч қачон ҳамма майда-чуйдаларни ҳисобга олмаган. Ҳар сафар Вилли иштирокидаги талончиликдан сўнг унинг ташқи кўриниши ҳақида радио ва телевидениеда жар солишган, ҳар бир бурчакда унинг «қидирувда» деган ёзувли сурати осиғлиқ турган. Ҳақиқий ақлли талончи шундай бўлиши керакки, у банкни ўмарганидан кейин ҳеч ким ундан шубҳаланмаслиги керак. Мен банкни талашим ва бемалол яширинмасдан юришим мумкин.
-Сенга банкни талашнинг нима кераги бор?-деди Мел.-Барибир банкдаги пулларнинг ярми сеники-ку.
-Ҳамма гап мана шунда,-деди Чарлз.-Аслида, омадли жиноятчи деб пулга эҳтиёжи йўқ одамга айтилади, чунки у ақллилиги учун пулни қонунни бузмасдан топиши мумкин. Уни жиноятга ундовчи сабаб эса пулга эга бўлиш эмас, бошқа нарса бўлади. Масалан, ўзининг зукколигини кўрсатиш истаги бўлиши мумкин.
-Агар мен банкни таласам, фақат пул учун талаган бўлардим,-гап ташладим.-Менинг отам мултимиллионер эмас.
-Меники ҳам,-деди Мел.-Чарлз, агар сенга пул керак бўлмаса, сенинг улушингни ҳам олган бўлардим.
Аслида Чарлз Эшли ўзи бир тсент ҳам топмасди. Унинг отаси мамлакатдаги энг бой нефт саноатчиларидан бири эди ва Чарлзнинг шахсий бойлиги ҳам отасининг бевосита бошқарувида эди. Чарлзнинг ўзи ҳам бировнинг кўмагисиз бемалол бойиб кетиши мумкин эди, чунки у мен умримда кўрган энг ақлли инсонлардан бири эди.
Биз ҳаммамиз Лос-Анжелесдаги Калифорния университетининг юқори босқич талабалари бўлиб, орамиздаги дўстлик талабаликнинг илк кунлариданоқ бошланган эди.
Чарлз туғма истеъдод соҳиби бўлиб, юқори босқич сардори, «Фи-бета-каппа» талабалар тўгараги президенти, зукколар гуруҳи етакчиси эди. У ҳамма фанлардан фақат аъло баҳога ўқирди. Унинг биргина камчилиги-қизлар билан гаплашгани уяларди. Бунга менимча унинг спортнинг бирорта ҳам тури билан шуғуллана олмаслиги сабаб эди.
Мел Харрисон эса аксинча, гавдали, қолоқ талабалардан эди. У эплаб-сеплаб ўрта баҳога илашиб юрарди. Аммо Чарлз ақлан қанчалик етук бўлса, у ҳам жисмонан шунчалик етук эди. Мел университет футбол терма жамоасининг етакчи ҳимоячиси, тош кўтариш, найза ва диск улоқтириш, кураш бўйича талабалар ўртасида чемпион эди.
Шахсан менга келсак, мен-Гарри Уорс ўртача йигит эдим. Ўзимни унчалик ҳам зўриқтирмаган ҳолда яхши баҳога ўқирдим. Чарлз Эшлининг мен билан дўстлашишига менинг қизлар билан жуда тез ва осон тил топишишим сабаб бўлган бўлса керак деб ўйлайман. Бундан ташқари, мен мерган ҳам эдим. Йигирма иккинчи калибрли оптик мўлжалли милтиқдан 50 ярд наридаги тангани ура олардим.
Чарлз усти очиладиган қимматбаҳо автомашина минар, Санта-Моникадаги тўрт хонали уйда турарди. Мелнинг ота-онаси ўзларига тўқ бўлишмаса-да, унга тез-тез пул жўнатиб туришар, у ҳам ҳар қалай минилган бўлса-да ўз машинаси ва яшаш жойига эга эди.
Уларнинг ичида энг камбағали мен эдим. Мен Лос-Анжелесдаги эски бир кулбада ижарада турардим. Ижара ҳақи ва емоқ-ичмоғимни таъминлаш учун ҳар куни кечқурун ресторанда бир ярим соат офитсиантлик қилардим. Ёзда фабрикада ишлаб, ўқиш ва бошқа харажатларим учун пул топардим. Менинг 1950 йилда ишлаб чиқарилган автомобилим бўлиб, уни атиги 25 долларга сотиб олгандим.
Мавқеимиздан қатъи назар, биз қадрдон дўстлар эдик. Чарлз ҳеч қачон ўзининг бойлигини пеш қилмас, биз ҳам ўз навбатида унинг пулига тайёр емакхўрлик қилмасдик. Аммо барибир, аксарият ҳолларда биз унинг вино ёки ликёрига шерик бўлардик, чунки унинг уйи бизнинг йиғиладиган паккамиз эди. Агар бирор жойга чиқадиган бўлсак, бу бирорта арзонроқ ресторан бўларди.
Чарлз сўзида давом этди:
-Муваффақиятли жиноятнинг энг асосий омили шундаки, ҳеч ким сени жиноят содир этганликда гумон қила олмайди. Ана шунда мамлакатдан қочиб кетишга ҳам, яшириниб ёки бирортаси таниб қолишидан қўрқиб юришингга ҳам ҳожат қолмайди. Сен бемалол уйингда ухлашинг, одатий ҳаётингни давом эттиришинг мумкин бўлади. Ҳаттоки, сен куни кеча талаган банкингга ҳам ҳеч қўрқмасдан кириб боришинг мумкин.
-Бу осон бўлмаса керак,-деди Мел.-Қандай қилиб бунга эришиш мумкин?
-Ниқобланиш,-жавоб қилди Чарлз.-Аксарият жиноятчилар жиноят содир қилгандан кейин ниқобланишга уринишади, аммо мен жиноятга қўл уришдан олдин ниқобланган бирорта ҳам ақлли жиноятчи ҳақида эшитмадим.
Чарлз қўли билан қандайдир ишора қилди ва гапида давом этди:
-Мен оддий ниқобни назарда тутаётганим йўқ. Мен одамнинг ташқи кўринишини бутунлай ўзгартирадиган, аммо ниқоблиги билинмайдиган ниқобланиш ҳақида гапиряпман. Бу шунчаки ясама соқол эмас, балки Голливуд гримчисининг ҳақиқий иши бўлади. Бирор филм учун актёрнинг ташқи кўринишини қанчалик ўзгартиришларини яхши биламиз. Гримчилар юз шаклини ўзгартириш учун махсус матолар ёпиштиришади, буруннинг ўлчами ва шаклини ўзгартиришади, ҳаттоки янги қулоқ ҳам ўрнатишлари мумкин. Махсус воситалар ёрдамида гавда тузилишини ҳам ўзгартирса бўлади. Тўғри, буларнинг ҳаммаси юксак маҳоратни талаб қилади. Бенжамин Фаст шунчаки ҳазил тариқасида иккита машҳур актёрнинг юз қиёфаларини бир-бириникига шунчалик ўхшатганки, улар минглаб томошабинлар олдида гримларини олишгачгина бу ёлғон фош бўлган.
Дастлабки суҳбатимиз шу руҳда кечди. Бир неча кундан кейин, якшанба куни биз унинг уйида пиво ичиб, мусиқа эшитиб ўтиргандик. Кутилмаганда Чарлз ғалати овозда гап бошлаб қолди:
-Ҳурматга сазовор омонатчининг битта устунлиги борки, бунга Вилли Саттон ҳасад қилган бўларди.
Биз унинг нимага шаъма қилаётганини тушунмадик.
-Ўзинглар биласизлар, менинг ҳисоб рақамим «Кексон траст» банкида,-давом этди Чарлз.-Банк бу ердан саккиз квартал нарида, Уилшир кўчасида.
-Банкинг қаердалигини яхши биламиз,-дедим мен.-Ҳар сафар банкка пул қўйганингда бу бинонинг деворлари ташқарига силжийди.
Чарлз илжайди.
-Жума куни тушдан кейин мен банкка пул қўйдим ва банк президенти билан бирпас гаплашиб қолдим. У менга илтифот кўрсатди ва банк билан таништирди. У ўзининг асосий омонатчисига жуда ишонганидан менинг ҳар қандай саволимга жавоб берди. Саволларимдан бири банкдаги пулларнинг қанчалиги ҳақида эди. Одатда жума кунлари, банк ёпилишидан сал олдин банкдаги пуллар миқдори юз эллик мингга етаркан.
Мел ҳуштак чалиб юборди.
-Банк жума кунлари соат олтида ёпилади, аммо пуллар турадиган сейф еттигача очиқ туради,-гапини давом эттирди Чарлз.-Бу вақт давомида хизматчилар банкдаги бор нақд пулни санашади. Банкни «тозалаш» учун тўсиқдан сакраб ўтилса бўлди, тўғри пул сақланадиган жойга кирилади. Президент менга бинонинг қўриқлаш тизимини ҳам кўрсатди.
Мел ҳам, мен ҳам жим қулоқ солиб турардик. Чарлз ёзув столи олдига бориб ғаладонлардан бирини очди ва ичидан бир варақ қоғоз олди. Қоғозга бинонинг режаси чизилганди.
-Банкми бу?-сўрадик Мел иккимиз.
-Ҳа. Мана бу Уилширга олиб чиқадиган асосий эшик, мана бу эса бино орқасидаги автомобиллар турадиган жойга олиб чиқадиган орқа эшик. Банкка кириш ва ундан чиқиш мумкин бўлган эшиклар фақат мана шулар. Мана бу узун, ингичка тўртбурчак тўсиқни билдиради, бўшлиқлар эса эшиклар. Оператсияни амалга оширувчи ходимлар ўнг томондаги тўсиқлар орқасида ўтиришади. Сал тепароқда ҳисоб-китоб бўлими, чапда кредит бўлими жойлашган. Жума кунлари банк президенти соат бешда уйига кетади.
-Мана бу нима?-сўрадим ўнг бурчакда жойлашган квадратни кўрсатиб.
-Бу телефон коммутатори. Банкда аввал олд эшикни, кейин орқа эшикни қулфлайдиган биттагина қўриқчи бор. Талончилик банк ишни тугатган заҳоти бошланади.
Мел иккимиз буларнинг барчасини шунчаки ҳазил деб қабул қилдик. Аммо барибир Мел саволдан ўзини тиёлмади:
-Иккала эшик ҳам ёпиқ бўлса, ичкарига қандай кирамиз?
Чарлз кинояли илжайди:
-Биз бу вақтда банкда бўламиз. Банк ёпилишидан сал олдин ичкарига кирамиз ва бирорта ҳужжатни тўлдираётганга ўхшаб оламиз. Гаррининг қўлида ичига қоп солинган дипломат бўлади. Банкда бошқа мижозлар ҳам бўлиши мумкин. Улар ҳам ишларини тугатиб орқа эшикдан чиқиб кетишади. Қўриқчи бу вақтда ўша ерда ҳар бир чиқиб кетаётган одамга эшикни очиб бериб турган бўлади. Зал бўшаши билан ишга киришамиз.
-Қандай қилиб?-қизиқдим мен.
-Мел шу заҳоти орқа эшикка бориб қўриқчини қуролсизлантиради.
-Биз нима қиламиз, Чарлз?
-Мен телефон коммутаторининг олдига бораман ва омбир ёрдамида бинодаги телефон алоқасини узаман. Кейин эса тўппонча ўқталиб банкнинг барча ходимларини зал ўртасига тўплаб, ерга ётқизаман. Бу вақтда сен пуллар сақланадиган хонага кириб, қопларни тўлдирасан ва залга қайтиб чиқасан.
-Қўриқлаш сигнализатсияси-чи?-Чарлзнинг гапини бўлди Мел.-Бирортаси тугмани босишга уриниши мумкин.
-Сигнализатсия ишдан чиқарилган бўлади. Банкдан сал нарироқда бутун квартални ток билан таъминлайдиган трансформатор қутиси бор, симни узсак бўлди.
-Ҳамманинг кўз ўнгида симёғочга чиқамизми?-сўрадим иккиланиб.
-Асло ундай қилмаймиз,-деди Чарлз,-сенинг мерганлик истеъдодингдан фойдаланамиз. Қути кўчанинг бурчагида жойлашган. Бештакам олтиларда у ерга машинада борамиз, сен симларни ўқ отиб узасан. Ўттиз ярд масофадан буни уддалай олишингга ишонаман.
-Бундай масофадан игнанинг кўзини ура оламан,-бош силкидим.-Аммо атрофда одамлар бўлса нима қиламиз?
-Нима бўпти? Бирортаси бунга фикр билдиргунча биз банк олдида бўламиз. Бунинг учун ўғирланган машинадан фойдаланамиз, ўзимизнинг машинамизни эса аввалроқ қўшни кварталга қўйиб қўямиз. Тўполон кўтарилгунча биз машинани алмаштириб, менинг уйимга келамиз ва ниқобларимизни ечамиз.
Энди фақат Бенжамин Фаст бизни грим қилиши қолганди, холос.
Жума куни Мел билан кеч соат тўққизларда Чарлзнинг уйига келдик. Аввалига менга эшикни нотаниш киши очгандек туюлди, чунки бу киши Чарлзга мутлақо ўхшамасди: ёноқлари туртиб чиққан, бурни узун, сочларига оқ оралаган ва пешонаси тўла ажин эди. Аммо синчиклаб қарагач, хохолаб кулиб юбордим. Бир оздан сўнг ўзига келган Мел ҳам кулиб юборди. Чарлз бизга ўқрайиб қараб қўйди ва ичкарига кириб кетди. У қаттиқ асабийлашганди, чунки унинг юксак даражада ниқобланиш ҳақидаги фикрлари чиппакка чиққанди.
Чарлз юзидаги гримни тозалаб хонага қайтгунча ўн беш дақиқа вақт ўтди.
-Бу воқеа мен томонимдан олдинги суҳбатларимизда илгари сурилган фикрнинг яққол исботидир,-деди Чарлз нотиқларча.-Моҳирлик билан қилинмаган грим бизни қаноатлантирмайди. Моҳир уста Фастнинг биз учун ишлаши аниқ. Бу ишимиз иккингизга фойда келтиради-пулни икковингиз бўлишиб оласизлар.
-Банкни талаганимиз учун бизга ўн йилдан беришади,-дедим мен суҳбатимизга янги мавзу киритиш мақсадида.
-Фақат жиноятчилар қўлга олинса,-деди Чарлз қуруққина қилиб.-Режамнинг мукаммаллиги шундаки, хавфсизлигингиз юз фоиз кафолатланади. Хўш, сизларнинг иштирокингизга умид қилсам бўладими?
Биз розилик маъносида бош силкидик.
Талончиликка оид бошқа икир-чикирлар Чарлзнинг уйида кейинги якшанбадаги йиғилишимизда муҳокама қилинди. Мел иккимиз режа якунланиш арафасида эканлиги ва банкни талаш жума кунига мўлжалланганлигидан хабардор бўлдик.
-Бир қатор масалаларни ойдинлаштириб олишимиз керак,-деди Чарлз.-Гарри, жумагача қурол топа оласанми?
-Машғулотлар тугагач, қуроллар махсус жавонга солинади ва жаноб Женнер соат бешда уйига кетади. Уйга кетаётганда қуролни жойига қўйишимни айтиб, пайшанба куни қўшимча машғулотга рухсат олишим мумкин. Кейинги машғулот бир ҳафтадан кейин бўлади, унгача қуролни қайтариб жойига қўйиб қўяман.
-Зўр. Энди йигитлар, машина масаласига келсак. Энг яхшиси, Мелнинг машинаси. Банкка киришдан икки соатча олдин Мелнинг машинасида Лос-Анжелес марказига бориб олгач, бирор автомобилни ўғирлаб талончиликка йўл оламиз.
-Фаст-чи, наҳотки у ҳам бизга шерик бўлишга розилик берган бўлса?-қизиқди Мел.
-Мен барча керакли чораларни кўриб қўйганман,-уни ишонтиришга уринди Чарлз.-Шаҳарнинг японлар кварталидаги бўш дўконнинг ертўласини ижарага олганман.
Чарлз шу сўзларни айтаркан, бизга манзил ёзилган қоғоз парчасини узатди.
-Фаст ҳар биримизни грим қилиш учун соатлаб вақт сарфлаши мумкин, шунинг учун кеч қолмасдан соат роппа-роса ўнда шу манзилга етиб келинглар.
-Тўппончаларни қаердан оламиз?-сўрадим мен.
-Учта тўппонча, ўқлар, дипломат ва қоплар ертўлада турибди.
Мел иккимизнинг саволларимиз тугаб, уй-уйимизга тарқалдик.
Чоршанба куни эрталаб нонушта қилаётиб «Лос-Анжелес таймс» саҳифаларига кўз югуртирар эканман, кутилмаганда машҳур гримчи, «Оскар» мукофоти лауреати Бенжамин Фаст қариндошининг дафн маросимини ўтказиш учун мамлакат шарқига учиб кетгани ҳақидаги хабарга кўзим тушиб қолди. Мен Чарлзлар дарс ўтиши лозим бўлган физика факултети биносига ўқдек учиб етиб бордим ва уни залда тўхтатдим.
-Даҳо режалаштирувчимиз мана бу хабарга қандай фикр билдирадилар?-дедим заҳархандалик билан.
Чарлз менга қараб кинояли илжайди:
-Қария, ўзингни бос. Фастнинг бир неча кун студияда бўлмаслигини пардалаш учун мана шундай хабар чоп этилган.
Мен чўкаётган одам хасга ёпишгани каби унга илтижо қилдим:
-Банкни ўмаришни ҳар томонлама пухта режалаштириш учун яна бир марта учрашсак бўлмайдими?
Чарлз инкор маъносида бош чайқади:
-Қолганини Фаст бизни грим қилаётганида маслаҳатлашамиз.
Жума куни биз ўқишга бормадик.
Мелнинг автомобилини белгиланган манзилдаги бино ёнига тўхтатгач, биз бир сесканиб олдик: йўлнинг шундоқ нариги бетида маҳаллий политсия бўлими жойлашганди.
Бўм-бўш дўконнинг тепасида «Япон антиквариати» деган хира ёзув кўриниб турарди. Ертўла эшигини тақиллатдик ва эшик очилиб, Чарлз бизни ичкарига имлади. Биз афтидан собиқ омборхонада эдик, чунки ҳамма ёқда картон қутилар сочилиб ётарди. Чарлзнинг уйидаги йиғма стуллар ва иккита йиғма каравот ҳам шу ерда эди. Каравотлардан бирида олтмиш ёшлардаги бир киши детектив журнал ўқиб ўтирарди. У журнални бир четга ташлаб, бизга ёвқараш қилди.
-Жаноблар, бир дақиқага! Сизларга жаноб Бенжамин Фастни таништиришимга рухсат беринглар!-деди Чарлз.
Ҳорғин, соқоллари ўсиб кетган бу кишининг аҳволини кўриб, ўзимни саволдан тия олмадим:
-Бу киши бу ерга ўз ихтиёри билан келганми?
-Албатта, йўқ,-деди Чарлз хотиржамлик билан,-чоршанба куни кечқурун унинг уйига бостириб кириб, тўппонча тираб уни бу ерга олиб келдим. Сўнгра эса студияга қўнғироқ қилиб, ўзимни унинг дўсти деб таништирдим ва таниқли гримчи қариндошининг дафн маросимига кетганини айтдим.
-Одам ўғирлаганлик учун бир умрлик қамоқ жазосини олишимиз мумкин!-бўғиқ овозда деди Мел.
-Қачонки ўғирланган одам учун пул талаб қилинса ёки унга тан жароҳати етказилса. Биз бор-йўғи одам ўғирлаб, унинг эркин ҳаракат қилишига йўл қўймаяпмиз холос: бу ердан чиқиб кетаётиб Фастнинг оёқ-қўлини боғлаб, оғзига латта тиқиб қўйгандим. Бу жиддий жазога тортадиган қонун бузилиши эмас. Бундан ташқари, мен унга ҳурмат билан муносабатда бўлдим.
-Энди тушундим: сен ақлдан озиб қолибсан. Мен одам ўғирлаш жиноятига шерик бўлмайман ва ўйиндан чиқаман,-деди Мел.
-Иш пишган пайтда-я?!-эътироз билдирди Чарлз.-Мана буни кўр!
У шундай деб халтадан жаноб Фастнинг буюмларини чиқарди.
-Жаноб Фаст ҳар биримизга мос келадиган гримни танлаб қўйган.
«Чарлз бу бечора кишини тирик ва соғ чиқармайди» деган фикр хаёлимдан яшин тезлигида ўтди. Албатта, бундан бошқача бўлиши мумкин эмас: гримчи талончиларнинг ташқи кўринишини биладиган ягона гувоҳ. Аммо етмиш беш минг долларга эга бўлиш орзуси мени ўзига шунчалик ром этдики, Фастнинг ўлдирилиши ҳам талончиликдан воз кечишимга тўсқинлик қилолмасди.
Мел иккиланганча елкасини қисиб бошини қашлади:
-Нима ҳам дердим, унда жаноб Фастнинг юксак маҳоратини кўрамиз.
Гримчи ишга жон-жаҳди билан киришди. Ҳаммамизни грим қилиш учун унинг тўрт соат вақти кетди, аммо ишини олий даражада адо этди.
Махсус ёпишқоқ тасма ёрдамида у кўзларимиз ва лабларимизнинг шаклини ўзгартирди, қулоқларимиз ҳам бошқача кўринишга кирди, бўёқлар ёрдамида сочларимизнинг ранги бошқача тус олди, эгилувчан пластик найчалар бурнимизнинг чўзинчоқ бўлишини таъминлади, махсус қатлам эса грим изларини беркитиб, кўринишимизга табиийлик берди.
Биз бир-биримизга диққат билан тикилганча гримни фош этадиган бирор изни топишга уринардик. Шу пайт Бенжамин Фастнинг паст овози қулоғимизга чалинди:
-Ташқари иссиқмасми?
-Аксинча, салқин,-дедим мен.
-Ундай бўлса гримингиз оқиб кетмайди. Юзингизни буриштирмасангиз, грим соатлаб туриши мумкин. Энди кетсам бўладими?
-Йўқ,-деди Чарлз.-Афсуски, сизни охирги марта-соат еттигача боғлаб қўйишга мажбурман, қайтиб келгач, сизни қўйиб юборамиз.
Соат ўн бештакам учларда биз аҳмоқона режамиз қотиллик билан якунланиши мумкинлигини ҳам ўйлаб ўтирмасдан Мелнинг автомобилига ўтирдик.
-Ишқилиб, гримчи политсияни бу ерга олиб келсаю, улар ертўлани ижарага олган одам кимлигини суриштиришса бизни топиб олишмайдими?-сўради Мел.
Чарлз одатига кўра илжаймоқчи бўлди, бироқ Фастнинг маслаҳати ёдига тушиб ўзини тийди. Аммо унинг кўзларида киноя акс этди.
-Умуман олганда, омборхона ижарага олинмаган, машинада айланиб юриб, шу ерни кўзлаб қўйгандим.
Талончилик учун мўлжаллаган машинамизни Хоуп кўчасида топдик-бу ойналари очиқ ҳолда турган седан эди. Мел соатига кўз ташлаб, ихтиёримизда яна икки соат борлигини маълум қилди.
-Балки қолган вақтни банк билан танишишга сарфлармиз?
Менинг бу ташаббусим шу ондаёқ маъқулланди. Бир оздан кейин биз банк биноси ичида турардик.
Мен деворга ёпиштирилган турли эълонларни ўқишга тутиндим. Аслида эса бутун диққат-эътиборим сейф томон олиб борадиган эшикда эди. Банкда ишлайдиган қизлардан бири ўтирган ўрнидан туриб ёнимга келди ва ўз ёрдамини таклиф қилди.
-Мен дўстимни кутяпман,-минғирладим охирги сўзимни ичимга ютганча. Унинг нигоҳи худди қиёфамни суратга олаётгандек таассурот қолдирди.
Биз машинага қайтганимизда Мел ўзини ўриндиққа ташлади ва тўнғиллади:
-Ўн долларимни майдалаб берган пешойна ортидаги қиз кўзлари билан мени тешиб юборай деди!
Чарлз унга истеҳзоли қаради:
-Сенга шундай туюлгандир. Биз банкка кираётганимизда залда юрган дўмбоққина кишини кўрдингларми?
-Кулранг костюмлими?-деди Мел.
-Ҳа-ҳа. У банк президенти бўлади. У менга диққат билан қаради, аммо кимлигимни сезмади. Демак, бу гримимизнинг нақадар юксак даражада тайёрланганидан далолат беради!
Қолган бир ярим соатни оператсиямизнинг майда-чуйда тафсилотларини муҳокама қилиш билан ўтказдик. Йигирматакам олтида Чарлз моторни ўт олдирди, бештакам олтида эса машинамиз кимсасиз торкўчалардан бирида турарди. Машинадан тушиб, трансформаторни нишонга олдим ва иккита ўқ билан бутун квартални, жумладан банк биносини ҳам электр билан таъминлайдиган симларни узиб ташладим. Иккитакам олтида орқа эшикдан банкка кирдик ва учаламиз залдаги учта стол тарафга юрдик.
Марказий стол олдига келиб, қўлимдаги дипломатни ерга қўйдим ва қайднома варақаларидан бирини олиб ўзимча тўлдира бошладим.
Банк ёпилиши олдидан одамнинг бу даражада кўпайиб кетгани мени ҳайрон қолдирди: бешта пешойнанинг ҳар бирида камида ўнтадан одам навбат кутиб турарди. Яна бир ҳолат ҳам менда нохуш ҳис уйғотди: деярли барча мижозлар гавдали эркаклар эди. Кутилмаганда навбатда турганларнинг иккитаси икки томондан мен турган столга қараб юра бошлашди. Шу лаҳзада Мел билан Чарлз томонга ҳам бир жуфтдан барзанги кетаётганига кўзим тушди ва юрагим қинидан чиқиб кетгудай ура бошлади. Аммо кеч бўлганди! Мен ўгирилишга ҳам улгурмай чап биқинимга совуқ тўппонча тиралди, ўнг тарафимдаги эркак эса қўлларимни қайириб кишан солди. Ёнимдаги тўппонча, қоплар солинган дипломатим эса кўздан ғойиб бўлди. Мел билан Чарлз ҳам қўллари кишанланган ҳолда туришарди.
-Жанговар тайёргарлик билан келибсан-да, Зип?-деди барзангилардан бири менга қараб.
Қолган «мижозлар» ҳам бизни ўраб олишаётганини алам билан кузатарканман, биз тўғри Федерал Қидирув Бюросининг каттагина гуруҳи қўлига тушганимизни тушундим.
-Салом, Ред,-деди яна бирови Мелга қараб.-О-о, эски танишимиз Гофер Стейси ҳам шу ерда-ку! Сизларни банкка куппа-кундуз куни келишга нима мажбур қилди? Дарвоқе, сизларнинг битта гуруҳда ишлаётганингиз биз учун сюрприз бўлди. Бизга банкдан қўнғироқ қилиб, сизларнинг келганингизни айтишмагунча, бир-бирингиз билан таниш эканлигингизни ҳам билмасдик!
-Бу нима деганингиз? Биз ҳеч қандай қонунга хилоф иш қилганимиз йўқ,-Чарлз нима бўлаётганига тушунмай эътироз билдиришга уринди.
Федерал Қидирув Бюроси ходими хохолаб кулди:
-Бу сафар ҳам сувдан қуруқ чиқмоқчимисан, Гофер? Омадимиз келганини қара, бирданига учта қидирувдаги ашаддий жиноятчиларни қўлга олдик! Сизлар тентакмисизлар, нима бало! Ахир учалангизнинг ҳам башарангиз акс эттирилган суратлар барча политсия бўлимлари ва банк ходимларига тарқатилган-ку. Бундан ташқари, вақти-вақти билан детектив журналларда ҳам суратларингиз чоп этилиб турарди.
«Детектив журналларда ҳам...», дедим ичимда ниҳоят қандай воқеа юз берганини англаб. Ҳа, буюк гримчи Бенжамин Фаст бизни боплаб чув туширганди.
Дилшодбек Асқаров таржимаси.