Бўш хона. Доналд Хениг

Эшик калити буралганда ғичирлаган товуш чиқди ва Карл бир лаҳзага тўхтаб, қоронғи уйга кўз югуртирди. «Қизиқ,-ўйлади у,-ухлаяптимикин? Уйғонмадимикин?». Аммо Карл Боган бу фикрни дарҳол миясидан қувиб чиқарди. Пичоқ келиб суякка қадалган, ҳозир унга барибир эди. Хотинининг ҳар кунги жанжал ва айбловлари унинг асабларини ишдан чиқарганди.
Карл ичкарига кириб энди зинадан кўтарилмоқчи бўлганида қоронғуликдан хотинининг овози эшитилди:
-Карл.
Карл Боган биринчи поғонадаёқ қотиб қолди. У хотини ҳозир қаерда турганини биларди-меҳмонхона бурчагида. Ҳар сафар жанжаллашадиган бўлса Лаура негадир ўша ерга туриб оларди. 
-Пистирмаларингга аллақачон кўникишим керак эди,-деди у,-аммо ҳар сафар мени чўчитиб юборасан. Нимага чироқни ёқиб қўймадинг?
-Нима учун ёқиб қўйишим керак?-саволга савол билан жавоб қайтарди Лаура Боган. Қоронғи бўлишига қарамасдан, Карл унинг қимтилган лаблари ва нафратдан чақнаётган кўзларини илғади.-Нима учун ёқиб қўйишим керак? Айтиб қўйсанг бўлармиди?
-Мен қаердан келаётганимни ўзинг яхши биласан,-деди Карл.
-Йўқ, билмайман, билишни ҳам хоҳламайман. Менга қилган хиёнатларинг ҳақида виждонинг уйғонмагунча айтишингни хоҳлайман...
-Илтимос, Лаура, яна бошлама.
-Йўқ, бошлайман. Бошлайман! Хиёнатингни бас қилмагунингча гапиравераман.
-Ёки уйдан кетиб қолмагунимча.
-Сен ҳеч қачон бундай қилмайсан.
Ҳозир бошланади. «Уйдан кетиб қолсанг қандай кун кечирасан? Сенинг пулинг ҳам, тайинли ишинг ҳам йўқ. Сен менинг уйимда, менинг пулимга яшаяпсан, менга шунинг учун уйлангансан. Мен сенга бир пайтлар ишонганим ва севганим учун чидаб келяпман…».
-Овозингни ўчир!-қичқирди у хотини бу гапларни юзинчи марта қайтаришидан олдинроқ.-Лаура, наҳотки шу пайтгача кўникмадинг?
-Чунки мен сенга кўникиб қолганман, Карл, сенинг қилиқларингга эмас. Дунёдаги ҳеч қайси аёл эрининг хиёнатларига кўника олмайди. 
-Наҳотки кўплаб оилали эркаклар бошқа аёллар билан учрашиб туришларини билмайсан?
-Бу гапинг билан ўзингни оқламоқчимисан, Карл?
-Сенинг олдингда ҳам, бошқасининг олдида ҳам ўзимни оқлашга ҳожат йўқ,-жавоб қайтарди Боган. Уни яқинлашиб келаётган бўрон олдидан пайдо бўладиган сукунат қамраб олди. 
«Ўзини ким деб ўйлаяпти,-ғазабланди у.-Наҳотки у лаънати пуллари Карлнинг вужуди ва руҳига эгалик қилишга ҳуқуқ беради деб ўйлаяпти?».
Боган хотиржамлик билан хотинига яқинлашди. У қонида хотинига нисбатан қаҳр кўпириб-тошаётганини ҳис қилди.
Лаура унинг бу ҳаракатидан чўчиб кетди.
-Карл!-Унинг овози қўрқувдан қалтираб чиқди.-Ундай қил...
Аммо кеч бўлганди. Карл унинг томоғидан бўғиб олди. Лаура тиз чўкиб қолди ва оғзини катта очганча унга даҳшат билан тикилди. Уларнинг кўзлари орасини саноқли сантиметрлар ажратиб турар, Карлнинг кўзларида совуқ учқун ва хотинини бутунлай бир ёқли қилишга қатъий қарор қилгани кўриниб турар, хотинининг кўзларида эса ўлимдан олдинги даҳшат ифодаси қотиб қолганди. 
Боган қўлларини бўшатди, хотини ерга қулади. Бир оздан кейин ўзига келган Карл атрофга аланглади. «Қизиқ,-ўйлади у,-бу хонада қотиллик юз берди, аммо хонада ҳеч нарса ўзгармади».
Карл Боган меҳмонхонага кириб пардаларни ёпди ва чироқни ёқди. У курткасини ечиб креслога ўтирди ва сигарет тутатди. Карл ўтирган жойдан хотини жасадининг бир қисми кўриниб турарди. У ўйлай бошлади. «Энди нима қилиш керак?».
Кутилмаганда Боган қандайдир уйни бузишаётиб инсон суякларини топиб олишгани ҳақидаги хабарни ўқиганини эслаб қолди. Политсия аёл кишига тегишли бу суяклар ертўлада камида эллик йил ётганини тахмин қилганди. Уни кимдир ўлдирган, қолган умрини эса бемалол, хавотирланмай ўтказган.
Карл ертўлага йўл олди. У чўкич билан тсемент полни ўйди ва ҳаяжондан титраганча юмшоқ ерни қазий бошлади. Сўнгра юқорига чиқиб хотинини ертўлага олиб тушди ва ҳозиргина қазилган қабрга қўйди. 
Бурчакда қум аралаштирилган тсемент солинган қоп турарди. Карл сув олиб келди ва қабр устини сувай бошлади. Тирқишлардан қуёшнинг илк нурлари туша бошлаганда у ишини тугатганди. 
Боган эски тўқима курсига ўтирди ва қабрдан кўзини узмай сигарет чекди. 
Демак, энди Лаура йўқ, аммо унинг йўқолиб қолиши шубҳа уйғотиши мумкин. У ҳақиқатга яқин бирор нарса ўйлаб топиши керак. Лаура иккиси қўшнилар билан унчалик ҳам яқин эмасдилар. Лаура «барча қўшнилар эримнинг хиёнаткорлиги ҳақида билишади» деган ўйда улардан уялиб, ҳеч ким билан алоқа қилмасди. 
Карл унинг Калифорниядаги узоқ қариндошларига Лаура оғриб қолганлиги ҳақида хат ёзиб юборди. У қариндошлари кутилмаганда келиб қолмасликлари учун унчалик ҳам бўрттириб ёзмади. Ўша куннинг ўзида Боган тўртта хат ёзди ва ҳар бирига бир ҳафта оралиқда сана ёзди. Бу хатларда у Лауранинг саломатлиги яхшиланганини, кейин бирданига ёмонлашгани ва ниҳоят, унинг вафот этганлигини баён этди. 
Учинчи куни Карл Боган қотиллик қилганидан бери уйидан чиқмаганлигини сезиб қолди. У қўрқувга ҳожат йўқлигини, уйида йўқлигида ҳеч ким келиб жасадни кавламаслигини тушунар, аммо хавотир ҳисси уни тарк этмасди.
Уни турфа ўйлар исканжасидан телефоннинг жиринглаши қутқарди. Қассоб Боган хонимнинг нима учун буюртмани олгани келмаганлигини сўради. 
-Ҳаммаси жойида,-жавоб қайтарди Карл.-Шунчаки Боган хонимнинг озгина мазаси қочиб қолди. 
У қассобнинг Лаурага саломатлик тилашини эшитиб бўлгач, гўшакни қўйди. 
Телефон қўнғироғи уни ўйлашга мажбур қилди. Аввалига у ҳаммаси жойидалигини, кейин эса хотини касал бўлиб қолганини айтди. Бундан буён эҳтиёт бўлиш лозим. Қўшнилар унчалик ҳам аҳмоқ бўлмасликлари мумкин. Қачондир бир куни кимдир Боган хонимнинг анчадан бери кўринмай қолганини сезиши ва кераксиз саволларга кўмиб юбориши мумкин. 
Бундан ташқари, Лауранинг дугоналари ҳам бўлиши мумкин. Карл хотинини ва унинг феъл-атворини жуда ёмон билганини энди тушунди. Карл кун бўйи уйда бўлмас, баъзан эса бир неча кунлаб йўқолиб кетарди. Хотини у йўқ пайтда нима билан шуғулланганини, кимлар билан, нималар ҳақида гаплашганини қаердан ҳам билсин.
Тушлик қилиб олгач, у бир оз мизғиб олмоқчи бўлди, аммо кейин бу қароридан афсусланди. У даҳшатли туш кўрди. У уйғонмоқчи бўлар, лекин қаттиқ уйқу бунга йўл қўймасди. У каравотда совуқ терга ботганча тўлғанарди. Тушида Лаура қабрдан чиқмоқчи эмиш. Лаура тсементни тирнар, тинмай чинқирармиш. Тирнаш овози борган сари кучаяр, кейин эса бўғиқ зарбаларга айланар эмиш. Семент полда ёриқлар пайдо бўлибди. Бутун уй зилзиладан ларзага келгандек титраган пайтда Карл ўрнидан сапчиб туриб кетди ва атрофга аланглади. Уйда сукунат ҳукм сурарди. «Жудаям жимжит», ўйлади у ваҳима билан. У ертўлага қараб югурди. Шошилганидан қоқилиб тушиб бўйнини синдириб олишига сал қолди. Семент полда ҳеч қандай ёриқ йўқ эди. Унга нима бўляпти, наҳотки ақлдан озаётган бўлса? Карл ҳаммасига ўзи айбдор эканлигини тушунди. У уйдан чиқмай фақат қотиллик ҳақида ўйлайвергани учун шунақа туш кўрган. 
Карл Боган уйидан ташқарига чиқди ва шу заҳоти худди елкасидан тоғ ағдарилгандек ўзини енгил ҳис қилди.
-Яхшимисиз, жаноб Боган?
Унинг юрагини қўрқувнинг совуқ чангали ғижимлади. У бор кучини тўплаб ёнбошига ўгирилди ва қайчи билан буталарни текислаётган қўшни аёлга кўзи тушди. 
-Яхши,-жавоб қайтарди у хотиржам гапиришга уриниб.
-Боган хоним-чи? Уни деярли бир ҳафтадан бери кўрмадим. 
Бошланяпти! Лаура ўлганига энди уч кун бўлди, бу хотин эса бир ҳафтадан бери кўрмадим деяпти. Тез орада қўшнилар орасида бошланган гап-сўзлар уни қотилликда айблаш билан якунланади.
-Унинг мазаси йўқроқ,-аранг гапирди Карл Боган.
Қўшни худди Лаурада бирор иши бордек бошини чайқади. 
-Мабодо ёрдамим керакмасми, жаноб Боган?
-Йўқ, раҳмат. 
-Боган хонимнинг касали оғир эмасми?
-Билмадим.
-Доктор чақирдингларми?
Унга аёл шубҳа билан қараётгандек туюлди. Худога шукр, иш ҳозирча уни қотилликда айблашгача етиб бормади. Ҳозир бу хотин уни Лаурани дўппослаганликда ва бечора Лаура калтак излари йўқолмагунча уйидан чиқишга уялаётганликда айблайди.
-Ҳа. Доктор унга ором кераклигини айтди. Тинчлик ва ором. 
-кўриб чиқсам бўладими? Унга шўрва пишириб беришим мумкин. 
-Йўқ, йўқ, раҳмат,-деди Карл шошиб-пишиб. Ичида эса  «Нима бўляпти ўзи? Нимадан қўрқяпман?», деди.-Раҳмат, Ван-Найс хоним, ўзим қараяпман. 
-Аммо сиз ишга кетганингизда…-Демак, қўшнилар уни ҳалиям ишлайди деб ўйлашади. Яхши, аммо бу Ван-Найс ўтакетган қизиқувчан ва қайсар аёл. У Лауранинг ёнига кирмагунча қўймайди.  Жин урсин!
-Мен ҳамшира ёлламоқчиман.-Боган бу гапни жуда тез айтди ва бу қилиғи учун ичида ўзини сўкди.
Маржери Ван-Найс жилмайди. Ҳамшира ҳақида гапириб тўғри қилибди. Қўшнининг кўзидаги шубҳа шу заҳоти ғойиб бўлди. Қизиқ, керакли жойда ва керакли пайтда айтилган кичкинагина ёлғон қандай мўъжизаларга қодир. 
Карл уйига қайтди ва эшикни ичидан беркитиб олди. У Ван-Найс хоним билан бўлиб ўтган суҳбатни тўлиғича эслашга уринди. Албатта, у ўзини хотиржамроқ тутиши лозим эди. Аммо Маржери кутилмаганда шўрва кўтариб Лаурани кўргани кирмаслигига унинг ишончи комил эди. 
Умуман олганда, ҳамшира ҳақидаги фикр ёмон эмас. Тўғри, у ҳақиқий ҳамшира ёллай олмасди, аммо уй йиғиштирадиган, овқат пиширадиган аёлни топишига ҳеч ким халақит бермасди. Шундай қилиш керакки, бу аёл юқорига чиқмасин ва Боган хонимни кўрмасин. Боган хонимнинг аҳволи оғирлигини ва ўзидан бошқа ҳеч ким унинг ёнига кирмаслиги шартлигини айтиш мумкин. 
Эртасига маҳаллий газеталардан бирида уй бекаси касалдан тургунча уй ишларини бажариб турадиган аёл кераклиги ҳақида эълон чиқди. Икки кундан кейин эшик қўнғироғи жиринглади.
Карл эшикни очди ва остонада баланд бўйли, истарали, лаблари чиройли ва кўзлари ақлли боқадиган аёлни кўрди. У қўлида эълонлар саҳифаси очилган газетани ушлаб олганди. 
Аёллар билан муносабатда бой тажрибага эга бўлган Боган унинг қирққа ҳам кирмаганини ва сир сақлай оладиган аёллардан эканлигини бир қарашдаёқ сезди. Эҳтимол, вақти келиб у сирини мана шу аёлга айтиши мумкин. 
Бетта Кул унинг саволларига қисқа-қисқа жавоб берди.
-Агар зарур бўлса ҳамширалик ҳам қилишим мумкин,-қўшиб қўйди у. 
-Йўқ, йўқ, бунга ҳожат йўқ!-бош чайқади Боган.-Сиз фақат уй ишларини бажарасиз ва овқат тайёрлайсиз. Боган хонимга тинчлик керак.-У бир оз жим тургач, қўшиб қўйди:-Доктор уни ҳафтада бир марта келиб кўриб кетади.
Кул хоним унга синчковлик билан тикилди. Карл унинг нимадир сўрамоқчилигини, аммо сўрашга ботинолмаётганини сезди. 
-У фарзандли бўлиши керак эди, аммо…-деди Карл Боган. Бетта афсуслангандек хўрсиниб қўйди.-У жудаям заиф.-Карл кўзларини ерга қадади, аммо овозига яхшиликдан умид қилаётгандек оҳанг беришга уринди. 
Ярим соатдан сўнг улар ҳамма нарсани келишиб олдилар. Кул хоним эрталаб келади, биринчи қаватни йиғиштиради ва Боган хоним учун овқат тайёрлайди. Карл овқатни Лаура ётган хонага олиб чиқади, уни овқатлантиргач, идишни олиб тушади.
-Лаура сизнинг қўлингиз ширинлигини айтиб мақтади,-деди у биринчи куниёқ. 
-Раҳмат.
Боган уни диққат билан кузатди. «кўриниши ёмонмас», ўйлади у. Баъзан Карл аёл ҳам унга бошқача кўз билан қараб қўяётганини сезиб қоларди. У аёлнинг ачинаётганини ва бу охири нимага олиб келишини биларди. 
Орадан бир ҳафта, кейин иккинчиси ўтди. Ҳар куни эрталаб ва туш пайти Карл патнис кўтариб Лауранинг бўм-бўш хонасига кирар, эшикни ичидан қулфлаб олиб овқатланишга тушарди. Баъзан эса Кулга Лауранинг номидан бирор гапни айтарди. Соат тўртда Бетта уйига кетар ва Карлнинг ўзи ёлғиз қоларди. 
Бир куни у Беттани автобус бекатигача кузатиб қўйди. 
-Боган хоним қалай?-қизиқди Бетта Кул.
-Афсуски, олдингидек,-қайғу билан бош чайқади Карл,-ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Кеча сиз кетгандан кейин доктор келди. Унинг айтишича, яхши томонга ўзгариш бўлмабди. Лаура деворга тикилганча миқ этмай ётибди. 
-Бола ҳақида ўйлаётган бўлса керак.
-Бўлиши мумкин,-деди Карл.
Улар бекатга етиб келишганида аёл унга тик қаради ва бир оз иккиланиб сўради:
-Тузалиб кетишига умид борми, жаноб Боган?
-Гап иккимизнинг ўртамизда қолсин,-деди Боган,-йўқ. Доктор индамаяпти, аммо унинг кўзидан тузалишига умид йўқлигини кўряпман. 
-Сизга ачинаман, жаноб Боган. Сизга ҳозир қанчалар оғирлигини ўз тажрибамдан келиб чиқиб биламан. Ёлғизлик ҳисси менга яхши таниш. 
-Балки бир-биримизнинг кайфиятимизни кўтарармиз?-кутилмаганда Карлнинг оғзидан шу сўзлар чиқиб кетди. 
У Бетта жавоб қайтармайди деб ўйлаганди, аммо унинг жавоби ҳайратланарли бўлди:
-Агар Боган хонимга бирор кун қўшнингиз қараб турса, кинога боришимиз мумкин. 
Шундай қилиб, ҳар куни кечқурун Боганларнинг уйида «қўшниси» ўтириб турадиган бўлди. Карл яна аёл киши билан учрашишни бошлаганидан хурсанд эди. Кул хонимнинг ёлғизлиги ҳам барҳам топди. 
Карл Боган хотини ўлаётган кишига ўхшамасди. Улар рақс тушишар, контсертларга боришарди.
-Карл, сен туфайли мен яна ўзимни ёшлигимга қайтгандек ҳис қиляпман,-деди бир куни Бетта Кул.
-Мен ҳам. Ҳаётимизни ўзгартиришимиз керак.
-Учрашувларимизни бас қилишимиз керак деб ўйлайсанми?
-Албатта йўқ,-деди Боган.-Бу фикрни миянгдан чиқариб ташла, Бетта. Биз ҳаётимиздаги нохуш дамларни енгишга уринаётган инсонлармиз холос. 
-Бу қанча вақт давом этади деб ўйлайсан?
-Билмадим,-у елкасини қисди.-Лаура ҳали ҳам ётибди. 
-Бу бир умр давом этиши мумкин. 
Карл Боган бу бир умр давом этмаслигини тушуниб турарди. Нимадир қилиш керак, лекин нима? Тўғри, у Лаурани «ўлди» дейиши мумкин, аммо унда бошқа муаммо пайдо бўлади. Уни кўммасликнинг иложи йўқ. Ўлим ҳақида гувоҳнома олиш керак. Тобут тайёрлатиш керак. Лауранинг ўлими кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради. 
Бир куни у ҳатто Беттага ҳаммасини айтмоқчи ҳам бўлди. Карл бу аёл уни севишига асло шубҳа қилмасди, севги эса аёлни қулга айлантиради. Узоқ ўйланишлардан сўнг у бу фикрдан воз кечди. Яна бир бор таваккал қилишни истамади. 
«Вазиятдан чиқишнинг энг яхши йўли,-ўйлади Карл,-Лауранинг ғойиб бўлиши. Лаурани касалхонага олиб бориб қўйганини айтади. Унинг жасадини эса, ҳалиги газетада ўқигани сингари эллик йилдан кейин топишади. Ким ҳам ўзидан ўзи келиб ертўлани кавларди?».
Карл қўлида патнис билан иккинчи қаватга кўтариларкан, шу ҳақда ўйларди. У курсига ўзини ташлади ва паришонхотирлик билан овқатлана бошлади. Уйни сотиш мумкин. Ҳарҳолда, анча-мунча пул бўлади. Тўғри, Лауранинг бор бойлиги олдида уйнинг пули арзимаган пул бўлади, лекин нима ҳам қилсин.
Кутилмаганда Боган қотиб қолди ва овқатланишни бас қилди. Унинг миясига хотинининг пулларини ҳам эгаллаш мумкинлиги ҳақидаги фикр келиб қолди. Бунинг учун Лауранинг ўрнига Беттадан фойдаланиш мумкин. Жасадни фақат тобут тайёрлайдиганлар кўради, лекин улар Лауранинг ўрнида Бетта ётганлигини билишмайди. «Ажойиб фикр!», Карл ҳаяжондан сакраб туриб кетди. Аммо Беттани ўлдиришдан олдин ҳаммасини яхшилаб ўйлаб олиш керак.
У бўш идишлар билан ошхонага қайтганида Бетта сўради:
-Овқатнинг ҳаммасини едими?
-Ҳа,-бош силкиди Карл унга диққат билан тикилганча.
-Карл, мени севасанми?-кутилмаганда сўраб қолди Бетта.
-Бетта, ўзинг биласан-ку. Тепада ҳам фақат сен ҳақингда ўйладим.
-Агар у ўлса, сен мени ҳар доимгидек севасанми?
-Ҳозиргидан ҳам қаттиқроқ севаман,-уни ишонтирди Боган, Бетта  нега бундай деяётганига тушунмай. 
-Худога шукр, Карл! Бунга оз қолди.
-Нимани назарда тутяпсан?
Бетта Кул бўш идишларга қараб мийиғида кулди, сўнг Боганга нигоҳини бурди. 
-Мен овқатга заҳар қўшиб қўйдим. У бир оздан кейин ўлади. 
Карл Боганнинг ранги оқариб кетди. Сўнгра бирданига ўткир оғриқ бошланди. Унинг жиғилдони худди ўт кетгандек қизиб борар, Карл полда тиришганча жазавага тушарди. 
Бетта унга ҳайрон  тикилиб турарди. Карл жон беришдан олдин унга қараб «аҳмоқ» дейишга улгурди холос.

Рус тилидан Дилшодбек Асқаров таржимаси.