Лидия Хартман куни билан кутган телефон қўнғироғи у иш вақтини тугатиб энди уйига қайтаётган маҳалда бўлди. У остонада тураркан, бошлиғи гўшакни олганини кўрди:
-Суғурта идораси, Тримейн эшитади.
Сўнгра бошлиқ Лидияга қараб бош силкиди. У югуриб келиб гўшакни қўлига олди ва шоша-пиша гапирди:
-Хартман хонимман.
-Мен Жулиусман,-еркак кишининг овози эшитилди.-Буффалодан қўнғироқ қиляпман.
-Буффало!-хитоб қилди аёл.
-У қаерга борса орқасидан кузатиб юришим кераклигини айтувдинг-ку,-деди Жулиус Вейганд норози оҳангда.-У Буффалога борадиган автобусга ўтириши билан мен ҳам машинамда йўлга тушдим.
Лидия илгичдан шляпасини олаётган бошлиғига кўз қирини ташлади ва Жулиусдан паст овозда сўради:
-У кузатаётганингни биладими?
-Йўқ, у мени кўрмади. Мен уни хусусий детективга ўхшаб шаҳарма-шаҳар кузатиб юрибман.
Жаноб Тримейн кийиниб, хайрлашди. Лидия гўшакни қўли билан тўсганча унга хайрли кеч тилади. Бошлиқ чиқиб кетгач, Лидия сўради:
-У тузукми?
-Албатта,-жавоб қилди Вейганд истеҳзо билан.-У «Редмилл» меҳмонхонасига жойлашди ва тушдан кейин икки шиша вискини тугатди. Сенга айтгандим-ку, «унинг бўкиб ичишдан бошқа мақсади йўқ» деб.
-Ё Худойим! Агар у ичиб олса миясига нима келса шуни қилади. Мен ўша ерга бораман.
-Шундай дейишингни билганим учун қатнов жадвалини кўздан кечириб қўйгандим. Поезд соат олтида Рочестердан жўнайди ва етти яримда шу ерда бўлади. Автобус эса саккиздан кейин йўлга чиқади.
-Яхши, поездда бораман.
-Келиб нима қилмоқчисан?
-Унга ёрдам бераман, бирорта даҳшатли нарсага қўл уришига имкон бермайман.
-Масалан, ўзини ўлдиришига, шунақами? Маст одам ўзини ўлдирмайди.
-У маст эмас,-деди Лидия кескин.-Жим қўлидаги ҳамма нарсани йўқотганидан кейин шунақа бўлиб қолгани учун уни айблашга ҳаққинг йўқ.
-Унинг йўқотишлари-менинг ҳам йўқотишларим. Эсингдан чиқмасин, мен унинг ҳамкори эдим,-деди Вейганд.
-Биламан,-деди аёл.-Сен уни судга беришинг мумкин эди.
-Сени деб шундай қилмадим, Лидия. Фақат сени деб. Сенга қандай муносабатда эканлигимни биласан-ку.
-Жимнинг хотини эканман, бу ҳақда эшитишни хоҳламайман!-бақирди Лидия.-У менга ҳар қачонгидан ҳам муҳтож бўлиб турган бир пайтда уни ёлғиз ташлаб қўёлмайман.
-Жавобинг худди Жимнинг ишлари юришиб кетганидан кейин сен уни ташлаб кетадигандек янгради. Бу менга умид бағишлайди,-деди Вейганд.
-Етти яримда мени кутиб ол,-аёл суҳбатга нуқта қўйди.
Лидия Хартман Буффалода поезддан тушганида, Жулиус Вейганд уни кутиб турганди. Лидиянинг хаёлига бундан бир ой олдин уни кўрганда юраги қинидан чиқиб кетгудай уриши келди. Аммо у пайтда Жулиус иши юришаётган бизнесмен эди, ҳозир эса банкрот бўлган. У бир омадли бизнесменни бошқасига алмаштириши мумкин эди, лекин банкротни банкротга алмаштириш... Ўттиз иккига кирган аёл етарлича тажрибага эга бўлиши шарт.
Жулиус жилмайганча унга очиқчасига суқланиб қараб турарди. Лидия унинг ёнига келди ва юзини чимчилади:
-Менга унақа қарама.
-Бунча гўзал бўлмасанг,-деди Жулиус ва унинг қўлидаги юкларни олиб йўл бошлади.
У юкларни машина юкхонасига солиб, аёлга эшикни очди, сўнг машинани айланиб ўтиб, ўзи ҳам ўтирди. У машинани ўт олдиришдан олдин сўради:
-Хўш, энди нима қилмоқчисан?
-У билан гаплашмоқчиман. Агар уйга кетмайдиган бўлса, шу ерда қоламан.
-Унинг ақлини йўқотгунча ичишини томоша қиласанми? У бир ҳафтаям юриши мумкин.
-Унда мен ҳам бир ҳафта юраман.
-Ишингдан ажраласан.
-Эрталаб жаноб Тримейнга қўнғироқ қилиб ҳаммасини тушунтираман.
-У ерда ишлаётганингга энди уч ҳафта бўлди-ку, Лидия. Ҳар қандай бошлиқ ҳам сенга бир ҳафтага рухсат бермайди.
-Менинг эски ходим эканлигимни унутиб қўйибсан. Жим энди ишини бошлаган пайтларда мен у ерда беш йил ишлаганман.
-Аммо кейин беш йил ишламадинг.
-Мени мудир лавозимига ишга қабул қилишди, демак мени унутишмабди.
-Ҳа, бу Жимга руҳан таъсир қилди: у бизнесдан учиб кетган пайтда сен ишга қайтдинг.
-Учиб кетган пайтда?
-Яна нима дейиш мумкин? Буни бошқача атай олмайман... Нимага ундан воз кечиб қўя қолмайсан? Бир ой олдин бу ҳақда гаплашгандик.
-Бир ой олдин у бунчалик пастга қуламаганди. Ундан ҳозир воз кечолмайман.
-Вафодорлигингдан ўргилдим!-қичқирди Жулиус.-У билан бир умр бирга бўлсанг ҳам уни оёққа тургиза олмайсан. У тамом бўлган одам.
-Сени деб ундан воз кечишимни истайсанми?-сўради аёл заҳархандалик билан.-Сен ҳам худди унга ўхшаган банкротсан-ку.
-Ҳа, лекин вақти келиб ўзимни тиклайман, Жим эса ҳеч қачон. Унга ёрдам берган тақдирингда ҳам иши юришмайди. Лидия, у лапашанг.
-Бўлиши мумкин, лекин у менинг эрим. Ва айни пайтда сен менга мос эркак эмассан. Ҳаттоки агар Жим билан ажрашадиган бўлсам ҳам сен унинг ўрнига номзод бўлолмайсан.
Жулиус унга ажабланиб қаради:
-Жиддий гапиряпсанми?
-Албатта. Эҳтимол ўн йил олдин сенга тегишим мумкин эди. Аммо мен Жимникиман. Сенга эса ҳозир ўзингни тиклашинг учун ёрдамчи керак. Лекин мен ёрдамчи бўлолмайман. Мен ўттиз иккига кирдим, сен эса қирққа яқинлашяпсан. Энди молиявий курашларга тоқатим йўқ, чарчадим. Менинг бўлажак эрим оёғида мустаҳкам тура оладиган бадавлат инсон бўлиши керак. Ўшандагина у билан ҳаётимни боғлашим мумкин.
-Нотўғри фикрлаяпсан. Жим билан бўлганинг учун кўп тер тўкишга мажбур бўлгансан. Агар мен билан бўлганингда чарчамаган бўлардинг.
-Лекин мен Жимга текканман. Бўл, у турган жойга борайлик.
Жулиус индамай машинани юргизди. «Редмилл» меҳмонхонаси Перл-стрит кўчасида жойлашганди. Улар меҳмонхонага етиб келишди ва ичкарига киришди. Бино ичи ҳам ташқариси каби кўримсиз эди. Мебел ва гиламлар эскириб кетган, аммо тоза эди. Икки қария залда газета ўқиб ўтиришар, рўйхатхонада тепакал бир киши навбатчиликда эди. Вейганд унинг ёнига келиб сўради:
-У ҳали ҳам хонасидами?
Навбатчи бош силкиди. Вейганд Лидияни лифтга бошлади.
-Жимни кузатиб туриши учун унга ўн доллар бердим, акс ҳолда Жимнинг қанча виски ичганини қаердан билардим,-деди Жулиус.
-Барча харажатларингни тўлайман,-деди аёл қуруққина қилиб.
-Жиннилик қилма, бир неча доллар мен учун ҳеч нарса эмас. Менда етарлича пул бор, сен эса анча пулингдан айрилдинг.
Улар еттинчи қаватга кўтарилишди. Йўлак бўйлаб юришгач, 714-хона эшиги олдига келишди.
-У шу ерда,-пичирлади Жулиус.
Эшик тепасида бўялган ойнаванд дарча бўлиб, унинг қия очиқлигидан хонада чироқ ёниқ эканлигини билиш мумкин эди. Лидия эшикни тақиллатди. Ҳеч қандай жавоб бўлмади. У қаттиқроқ тақиллатди. Бир оз кутишгач, Вейганд эшикни муштлай бошлади. Қарама-қарши томондаги эшик очилиб, бир қария мўралади. Уларга бир қараб қўйгач, эшикни ёпди.
-Ухлаяпти, шекилли,-деди Лидия.
-Аниқроғи, маст бўлиб қотиб қолган,-жавоб қилди Жулиус.-Пастга тушиб захира калитни олиб келаман.
Вейганд кетди, Лидия эса кута бошлади. Бир неча дақиқадан кейин Жулиус навбатчи билан қайтиб келди.
-Лидия, бу киши жаноб Симмз. Унга сен Жимнинг хотини эканлигингни айтдим.
-Яхшимисиз,-деди Симмз Лидияга шубҳали назар ташлагач.-Бу ерда тўполон кўтармайсиз деб умид қиламан.
-Мен эримдан ташвишдаман,-деди Лидия.-Ерим билан жанжаллашганимиз йўқ, тўполон қилиш ниятида ҳам эмасман. У мени кўрса хурсанд бўлади.
-Яхши,-деди Симмз.
У калитни тирқишга солиб буради ва эшикни итарди. Аммо эшик очилмади.
-Эшикни зулфинлаб олибди,-деди Симмз ва эшикни гурсиллатиб ура бошлади.
Йўлакда бир нечта эшиклар очилди, ҳамма нима бўлаётганига қизиқиб мўралай бошлади. Симмз бир кишини уйғота олишмаётганини айтиб, уларни безовта қилгани учун узр сўради. Эшиклар ёпилди, улар эса 714-хона эшиги олдида турганча хонадан бирор овоз келармикин деган умидда диққат билан қулоқ солишди. Аммо хона жимжит эди.
Лидия ташвишли овозда гапирди:
-Жим ухлаётганда хуррак отарди.
Симмз яна эшикни очишга уринди, аммо бундан натижа чиқмади.
У бошини чайқади ва деди:
-Дарчадан мўралаймиз. Ҳозир нарвон олиб келаман.
У ўн дақиқалардан кейин нарвон билан қайтиб келди. Нарвонни эшикка тирагач, деди:
-Мен ҳар эҳтимолга қарши пичоқ олиб келдим. Дарчадан одам сиғиши қийин, лекин дарчани ушлаб турган пластинани чиқариб оламиз ва дарча очилади.
У охирги поғонага кўтарилди ва пичоқ билан пластинани бўшатди.
-Мен бу ердан сиғмайман. Балки сиз уриниб кўрарсиз, хоним?-деди у.
-Бўпти,-деди Лидия.
У поябзалини ечди ва нарвонга чиқди. Дарчадан аста кириб, ичкарига тушди.
-Нима гап?
-Ҳозир эшикни очаман.
Йўлакда ичи қизиб турган Вейганд ҳам шу йўл билан ичкарига тушмоқчи бўлди. Унинг юзи дарчада кўринган пайтда Лидия эшик томон келаётганди.
-Нима гап?-сўради Вейганд унинг юзи оқариб кетганини кўриб.
Жулиус каравотда ётган кишини кўролмади, чунки уни Лидиянинг гавдаси тўсиб турарди. Лидия унга жавоб бериш ўрнига эшик зулфинини туширди. Вейганд нарвондан тушди ва Симмзнинг кетидан хонага кирди. Лидия ташқарига чиқиб поябзалини кийди ва деворга суянганча кўзларини юмди. Хонадаги эркаклар каравотда ётган кишининг жасадига ҳайрат билан тикилиб туришарди. У ўттиз беш ёшлардаги эркак эди. У битта шимда ётарди. Каравотда бўш шиша ётар, яна бир шиша эса полда турарди. Унинг қўллари қорнида, кўксининг чап томонидаги қонли жароҳатдан сал пастроқда эди.
Симмз унинг юзига қўлини теккизиб кўрди ва шу заҳоти тортиб олди.
-Совуқ, демак ўлган,-деди у.
-Мен эса маст одамлар ўзини ўлдирмайдилар деб ўйловдим,-деди Жулиус.
Симмз дарҳол унга қаради:
-Ўзини ўлдирибдими? Унда пичоқ қани?
Вейганд хона ичига аланглади. Сўнг эмаклаб каравот тагига кирди. Кейин эса навбатчига шубҳали тикилди.
-Эшик аниқ ичидан беркмиди?-сўради у.
-Ҳа,-жавоб берди Симмз дарчага тикиларкан.
Вейганд ваннахона эшигига қаради. Навбатчи «қулт» этиб ютинди.
-Қотил ҳали ҳам шу ерда деб ўйлайсизми?-шивирлади у.
Вейганд индамай шишалардан бирини қўлига олди ва ваннахона эшигини шахд билан очди. Шишани баланд кўтарганча ичкарига кирди. Сўнг эса у ердан ажабланиб қайтиб чиқди. Симмз ҳожатхона эшигига қараб турарди. Вейганд шишани боши узра кўтарганча ҳожатхона эшигини очди. У ер ҳам бўм-бўш эди. Жулиус шишани столга қўйди ва дераза олдига келди. Пастга қарагач, деди:
-Дераза остида кенглиги бир футча келадиган токчага ўхшаш бўртиқ бор экан. Қўшни хонада ким туради?
-Менимча, текширувни бас қилиб политсияга мурожаат қилганимиз маъқул,-деди Симмз.
-Гапингиз тўғри,-деди Вейганд.
Лидия бир чайқалди ва ўтириб қолди. Жулиус уни елкасидан тутди ва бағрига босди.
-Бўлди, тузукман,-деди аёл шикаста овозда.
Жулиус Лидияни елкасидан тутганча залга етаклаб келди. Аёл зўрға қадам ташларди. Симмз хонасига кириб телефон гўшагини кўтарди. Жулиус Лидияни диванга ўтқизмоқчи бўлди, лекин у ўтиришни истамади. Жулиус унга синовчан тикилди:
-Нега ўтирмаяпсан?
-Мен ўзимга келдим,-деди у.-Бугун Рочестерга қайтолмасак керак?
-Мен ҳам шуни ўйлаяпман. Политсия биз билан гаплашади.
-Меҳмонхонадан жой олганмисан?
Вейганд инкор маъносида бош чайқади:
-Йўқ. Мен бугун Жимни олиб уйга қайтамиз деб ўйлагандим.
-Шу ерда қоламизми?
-Ҳа. Мен бориб билай-чи, бўш хоналар бормикин.
У навбатчи гўшакни қўйган пайтда хонага етиб келди.
-Политсия ҳозир келади. Шу атрофда бўлиб туринглар.
-Биз ҳам шу фикрдамиз. Бўш хоналарингиз борми?
Симмз қоғоз титкилаётган пайтда Лидия меҳмонхонадан чиқиб кетди. Вейганд рўйхатдан ўтиш ишларини тугатиб ортига ўгирилди ва Лидия юклари билан турганини кўрди.
-Ўзим олиб келардим,-деди у юк халталарини оларкан.
-Оғирмас. Хона олдингми?
-Ҳа, бешинчи қаватдан иккита хона олдим. Кел, политсияни шу ерда кутиб турамиз, ҳозир келаркан.
Лидия диванга ўтирди. Вейганд унинг ёнига жойлашди. Беш дақиқадан кейин политсиячилар кириб келишди. Улар икки киши эди. Бири ўрта ёшлардаги гавдали киши бўлиб, ўзини сержант Чарлз Картер деб таништирди. Иккинчиси эса Гарри Николсон исмли ёш, озғингина йигит эди. Картер Симмздан доктор чақирган-чақирмаганлигини сўради.
-Ҳа, сер. Бир неча дақиқадан кейин етиб келади.
-Юринг, жасадни кўрамиз,-деди Картер.-Гарри, сен булар билан қоласан ва доктор келганида юқорига олиб чиқасан.
Сержант ва Симмз кетишди. Афтидан, Гарри Николсоннинг қотиллик бўйича ҳеч қандай савол бергиси йўқ эди. У об-ҳаво ҳақида нимадир деб минғирлагач, жим бўлди. Беш дақиқадан кейин қўлида тиббиёт чамадонини кўтарган кекса киши пайдо бўлди. Николсон уни эшик олдида кутиб олди ва лифт томонга бошлади. Лидия соатига қараб ажабланди. Саккиздан қирқ беш дақиқа ўтганди. У поезддан тушганидан бери энди бир соату ўн беш дақиқа ўтибди. Николсон қайтиб келиб ҳам гапирмади. Чамаси, саволларни сержант берарди. Йигирма дақиқадан кейин Симмз, доктор ва сержант тушиб келишди. Доктор кетди, Симмз билан сержант эса ўтирганларнинг олдига келишди.
-Бу қотиллик,-деди сержант.-Кимдир унинг юрагига пичоқ санчган. У қон чиққунча жон таслим қилган. Аммо ғалати воқеа.
-Нимани назарда тутяпсиз?-сўради Николсон.
-Симмзнинг айтишича, эшик ичидан зулфинланган, дарча эса қия очиқ бўлган.
Симмз Лидияга ишора қилди:
-Бу аёл дарчадан кириб эшикни очди.
Николсон Лидияга қаради.
-Дарчадан фақат мен сиғардим,-деди у.
Николсон шеригига юзланди:
-Қотил ёнғин нарвонидан фойдаланган бўлса керак.
-Ёнғин нарвони ўрнатилмаган,-деди Картер.
-Ҳм-м. Унда у жасадни топишган пайтда хонада бўлган. Ваннахонага яшириниб олган бўлса керак. Улар бизни чақиргани тушишганда қочиб қолган.
Картер бош чайқади:
-Йўқ, Симмзнинг айтишича, улар хонани текшириб чиқишган.
У Вейгандга қаради:
-Тўғрими, жаноб?
Вейганд бош силкиди:
-Каравотнинг остигача қарадим.
Николсон сўради:
-Шеф, хонада қандайдир сир бор деб ўйлайсизми?
-Йўқ,-жавоб қайтарди Картер.-Бу фақатгина дераза остидаги бўртиқ ягона йўл эканлигидан далолат беради. Баландликдан қўрқмайдиган одам шу йўл билан хонадан хонага ўтиши мумкин.
-Қўшни хоналарда ким туради?-сўради Николсон Симмздан.
-Иккала хона ҳам бўш.
-Бу хоналарни кўрдим,-гапида давом этди Картер,-деразалар берк, лекин зулфинланмаган. Қотил деразадан бемалол кирган. Эшик эса ичкаридан очилади, ташқарига чиқиб ёпилганда яна қулфланиб қолади.
-Доктор нима деди?-сўради Николсон.
-Ўлим бугун соат уч билан бешнинг орасида юз берган. Аниқроғи, уч ярим билан беш яримнинг орасида. Менимча, беш яримларда.
-Нимага ундай деб ўйлайсиз?
-Симмз унга соат икки яримда иккинчи вискини келтириб берган. Биринчи шишани у икки ярим соатда бўшатган. Иккинчисини ҳам шунча вақтда бўшатган бўлса керак. Бу соат бешларга тўғри келади. Булар ичкарига киришганда иккала шиша ҳам бўш бўлган.
-Мантиқан тўғри,-бош ирғади Николсон.-Нима қиламиз?
-Сен экспертларни чақир, бармоқ изларини олишсин. Мен булар билан бошқармага кетаман.
Жулиус Вейганд ўрнидан турди:
-Унда машинамни бир четга олиб қўяй.
-Ташвишланманг, жаноб Вейганд,-деди Симмз,-калитни берсангиз, ўзим уни четга олиб қўяман. Хартман хонимнинг юкларини ҳам хонасига олиб кириб қўяман. Айтганча, 521-хона сизники.
-Раҳмат,-деди Лидия.
Вейганд калитни берди ва сержант уларни политсия бошқармасига олиб кетди. Улар лифтда юқори қаватга кўтарилишди ва сержант Картер уларни «Қотилликлар» деган ёзув осилган эшик олдига олиб келди. Ичкарида бир нечта стол ва стуллар жойлашган хона бўлиб, бир киши телефонда ким биландир гаплашаётганди. Хонада бошқа ҳеч ким йўқ эди. Картер жойига ўтирди ва Лидия билан Жулиусга ҳам ўтиришга ишора қилди.
-Чекасизми?-деди у сигарет қутисини узатаркан. Улар рад этишгач, Картер бир дона сигарет олди ва Лидияга қараб деди:
-Тушунишимча, марҳум сизнинг эрингиз эди, шундайми?
Лидия тасдиқ маъносида бош силкиди.
-Рочестердан келдингизми?
-Ҳа, Жулиус ҳам.
-Ҳм-м, эрингиз бу ерда нима қилаётганди?
-Ичиб ётганди,-Лидиянинг овози зўрға эшитилди.-Кейинги пайтда фақат ичаётганди. Жим бу ерга келишдан олдин Рочестердаги меҳмонхонада ҳам шунақа қилганди.
-«Кейинги пайтда» деганингиз нимани англатади?
-Кейинги бир неча ҳафталардан бери. У бизнесдаги ишлари орқага кетганидан тушкунликка тушиб қолганди.
-У нима билан шуғулланарди?
-Жим билан Жулиус кўчмас мулк савдоси билан шуғулланувчи «Вейганд ва Хартман» компаниясига эгалик қилишарди. Уч ҳафта олдин улар банкрот бўлишди. Бу Жимни деб бўлди.
-Нима учун?-сўради Картер.
-У... пулларни ноқонуний ўзлаштириб олган. Жулиус буни жуда кеч пайқаган. У ўшанда ҳам яхшилик қилди. Жимни бу иши учун судга бериши ҳам мумкин эди.
-Бу билан ишим ўнгланиб қолмасди, Жимнинг қамалгани қоларди, холос,-гап қўшди Жулиус.
Картер Вейгандга ўгирилди.
-Шеригингизга шунчалик ачиндингизми?
-Йўғ-е. Агар Лидия бўлмаганида уни қаматиб юборардим,-деди Вейганд.-Лидиянинг дилини оғритишни истамадим.
-Шунақами! Хўш, нима учун?
-Биринчидан, унинг айби йўқ, иккинчидан, уни севиб қолганман.
Картер унга узоқ тикилиб турди, кейин Лидияга ўгирилди:
-Ерингиз бу ерда эканлигини қаердан билдингиз?
-Жулиус соат бешларда менга қўнғироқ қилди. Мен ундан эримни кузатиб юришини илтимос қилгандим. Чунки Жимдан хавотирда эдим. Жулиус Жимнинг «Редмилл» меҳмонхонасида эканлигини ва вискига буюртма берганини айтгач, соат олтидаги поездга ўтирдим ва етти яримда етиб келдим. Жулиус мени кутиб олди.
-Ҳм-м. Агар сиз соат бешда Рочестерда бўлган бўлсангиз, сиздан гумон олиб ташланади,-минғирлади Картер ва яна Вейгандга қаради.
-Унинг айтганларини тасдиқлайсизми?
-Албатта. Наҳотки ундан шубҳаланиш мумкин бўлса?
-Қоидага кўра, эр ўлдирилганида биринчи ўринда хотини гумон остига олинади. Энди сизга келсак. Марҳумни Рочестердан бу ерга сиз олиб келдингизми?
-Йўқ. Мен унинг Буффалога борадиган автобусга чипта олганини кўргач, тўғри бу ерга келдим. У меҳмонхонага жойлашгач, навбатчидан уни кузатиб туришини сўрадим. Навбатчи менга Жим виски буюртирганини айтганидан кейин Лидияга қўнғироқ қилдим.
-Тушунарли. Демак, сиз ўзингизни банкрот қилган инсоннинг аччиқ қисматини енгиллаштиришни ўз зиммангизга олгансиз.
Вейганд қизариб кетди.
-Уни деб қилмадим. ҳаммасини Лидия учун қилдим.
-Албатта, чин севги намунаси,-киноя қилди Картер.
Вейганд баттар қизарди.
-Нимага шаъма қиляпсиз, сержант?
-Ҳозир тушунтириб бераман,-деди Картер.-Хартманнинг чўнтагида бор-йўғи олтмиш уч доллар пул бўлган. Демак, талончилик юз берган дейиш қийин. У бу ерлик эмасди, шунинг учун унинг бу ерда душмани бўлган деёлмаймиз. Сиз унга қасдлашиб қолгансиз, бунинг устига унинг хотинини севасиз. Уйланганмисиз, жаноб Вейганд?
-Йўқ, лекин мени айбламоқчи бўлсангиз...
-Мен ҳозирча ҳеч кимни айблаганим йўқ,-унинг гапини бўлди сержант.-Мен фақат сизда қотиллик қилиш учун бир-иккита сабаб бўлганини ва шунинг учун Рочестердан бу ерга келганингизни таъкидламоқчиман, холос.
-Лекин у менинг илтимосим билан бу ерга келганди,-эътироз билдирди Лидия.-Мен Жим ўзини ўлдиришидан қўрққандим.
-Еҳтимол, лекин манави киши эрингиз айнан шундай қилмаслигидан кўпроқ қўрққан бўлса керак,-деди Картер заҳархандалик билан.-Ҳар қалай, «енг маъқул» гумондорни топмагунимизча, Вейганд, сиз ҳибсга олинасиз.
Жулиус Вейганд ўрнидан сакраб турди, энди оғзини жуфтлаган пайтда эшик очилиб, қўлида қоғоз халта кўтарган Гарри Николсон кириб келди. Сержант Картер ундан сўради:
-Натижа борми?
-Експертлар ҳали ҳам бармоқ изларини олишяпти.
У халтани стол устига қўйди.
-Мана буни кўринг-чи.
Сержант халта ичига қўлини суқди ва ингичка буклама пичоқни чиқарди. Пичоқ тиғида қорамтир доғ бор эди. Картер пичоқни стол устига қўйди ва сўради:
-Бу пичоқни бирортангиз биласизми?
Лидия пичоққа энгашди. Унинг суякдан ишланган қора сопида зарҳал билан ёзилган «Ж.Х.» ҳарфлари кўриниб турарди.
-Бу эримнинг пичоғи. У пичоқни доим ўзи билан олиб юрарди,-пичирлади у.
Картер Николсонга қаради.
-Демак, у ўз пичоғи билан ўлдирилган. Ҳа-а. Чамаси, қотил кирган пайтда у маст бўлиб ухлаб ётган бўлган.
-Фикримни айтайми?-деди Николсон.-Тўғри, биз Хартманнинг ва пичоқдаги қон гуруҳларининг натижасини кутишимиз керак, лекин гаров ўйнайманки, улар бир хил чиқади!
-Гаровнинг кераги йўқ,-деди Картер.-Буни қаердан топдинг?
-Вейганднинг машинасини текширувдим,-деди Николсон.-Пичоқ машина ичидаги қутичада турган экан.
Лидия меҳмонхонага қайтганида ярим тун бўлганди. У Жулиусга нисбатан чиқарилган айбловга узоқ эътироз билдирди. Кейин эса адвокатга қўнғироқ қилиб унинг келишини кутди. Аммо ҳеч нарса ёрдам бермади: қасддан қотиллик қилишда гумон остига олинган шахсни гаров эвазига қўйиб юбориш тақиқланганлиги боис Жулиус Вейганд ҳибсхонада қолди. Лидиянинг барча ҳаракатлари Жулиусга ёрдам бермаган бўлса-да, унинг ўзига ёрдам берганди. Агар политсия уни ҳам қотилликда гумон қилганида ёмон бўларди. Бахтига, политсиядагилар унинг эри учун қайғурганини маъқуллашди. Албатта, ҳеч ким, Жулиуснинг ўзи ҳам Лидия нима учун Жимнинг ўз жонига қасд қилишидан бунчалик хавотирланганлигининг асл сабабини билмасди...
Лидия хонага кириб ечинди. Пайпоғини ечаётиб сонидаги кичкинагина қонли доғни кўриб қошини чимирди. Пичоқни пайпоғи ичига солганида теккан суюқ қон доғ бўлиб қотиб қолганди.
Иккинчи пайпоғини ечишдан олдин у ваннахонага кириб қон доғини ювиб ташлади. Бу пайпоғини ечаркан, пайпоғи орасидан букланган қоғоз парчасини олиб ўқишга тутинди. Жимнинг хонасида уни ўқишга вақти бўлмаганди. Ўшанда бу қоғозни пайпоғи орасига яширишга зўрға улгурганди.
Хат қинғир-қийшиқ қилиб ёзилганди. Лекин ўқиса бўларди:
«Кечир, мен ҳаётдан кетишнинг шу йўлини танладим...».
Қолган сўзларни ўқий олмади, лекин буни ўз жонига қасд қилган одамнинг мактуби дейишга шунинг ўзи етарли эди. Лидия қоғозни майда-майда қилиб йиртиб ташлади. Яхшиям у Жим ҳаётини суғурта қилдирган суғурта идорасида ишларди. Акс ҳолда эри ўз жонига қасд қилгани учун эллик минг доллар суғурта пулини ололмаслигини билмаган бўларди. Яхшиям у ўн йиллик никоҳидан сўнг нимагадир эришадиган бўлди. Агарда пичоқни Жимнинг кўксидан суғуриб олмаганида ва унинг қўлидаги хатни яширмаганида бунга эришолмаган бўларди.
Рус тилидан Дилшодбек Асқаров таржимаси.