Чап оёғимда кутилмаганда даҳшатли оғриқни ҳис қилган пайтимда Бродвейдаги Минди ресторанида эдим. Оғриққа чидолмай ўрнимдан сакраб турдим ва болохонадор қилиб сўкиндим.
Менга «паровозча» ўрнатишганини ва шу атрофда ҳазилкаш Жо-турли ҳазиллар устаси турганлигини сездим.
«Паровозча» нималигини билмоқчимисиз? Ресторанга кирган одамнинг поябзали устига гугурт чақиб қўясиз. Шу заҳоти ҳаммани кулдирадиган воқеа бошланади.
Ҳазилкаш Жо бу борада устаси фаранг бўлиб кетган. У «қурбони» ёнига шундай сездирмасдан келадики, қасам ичиб айтишим мумкин: Жо ҳатто сичқоннинг оёғига ҳам «паровозча» қўя олади, албатта сичқоннинг поябзали бўлса. Агар бирортаси ортиқча жаҳлга минса ҳам у вазиятдан чиқиб кета олади. Қимматбаҳо поябзал кийганлар эса тез-тез у билан жиқиллашиб туришади.
Аммо Жога кимнинг қанақа поябзалда кирганлигининг фарқи йўқ. Бир куни у шахсан қайсар Френкига «паровозча» қўйганида кўпчиликнинг кўнглидан бир фикр ўтди: бу яхшиликка олиб келмайди.
...Қайсар Френки Бруклинда яшайди, у бу ерда анчагина ҳурматли одам. Ҳар қалай унга бунақа ҳазилларни қилиш тўғри келмайди. Бунинг устига Френкида ҳазил туйғусидан асар ҳам йўқ, унинг кулганини ҳали ҳеч ким эшитмаган. Френки Бродвейда бронкслик аллақандай кишилар билан гаплашиб турганида Жо унга «паровозча» уюштирди. Албатта у кулгани йўқ, аксинча, Жога қаҳр билан тикилди ва италянчалаб нимадир деди.
Қайсар Френкининг ҳақиқий фамилияси италянча, Фероччо деганга ўхшаш бўлиб, уни асли ситсилиялик деб эшитгандим. У Бруклинда анчадан буён яшайди. Френки ишни майда сотувчиликдан бошлаган бўлиб, ҳозир йирик савдогарга айланганди. Унинг ёши ўттиздан ўтган, сочлари қоп-қора, нигоҳи кишига ўткир боқарди.
Ҳеч ким у ҳақда бундан ортиқ нарса билмайди.
Жо унга ҳазил қилганида мен ғалати бўлиб кетдим. Назаримда, Френки бу ҳазилни ҳақорат деб тушунган ва бутун Гарлемдагиларга ўчакишиб қолганди.
Жога ҳаддидан ошиб кетганлигини айтишганида эса у кулиб қўйганди, холос. Френкида ҳазил туйғусининг йўқлиги Жонинг айби эмас экан. У қулай пайт келса бу ҳазилини яна такрорлашини ҳам қистириб ўтганди...
Мен ҳақ бўлиб чиқдим: ёнимда ҳазилкаш Жо турар ва қорнини чангаллаганча куларди. Энг ёмони, унга қўшилиб бир гуруҳ бекорчилар ҳам кулишар, Жо атрофда ҳеч ким йўқлигида ҳазил қилмасди. У билан кўришгани қўл узатдим. Шу заҳоти яна гумбурлаган кулги овозлари янгради, Жонинг мен билан сўрашган қўлида юмшоқ ва ёпишқоқ пишлоқ бўлаги бор экан.
Ўлганимнинг кунидан илжайдим. Жо қўлидаги пишлоқ қолдиғини ресторан бурчагида турган машина ойнасига артганида эса чин кўнгилдан хохоладим.
Жодан акаси икковига тегишли пивохонада ишлар қандай кетаётганлигини сўрадим. У ишлар жойида эканлигини айтди. Кейин эса унинг хотини ва менинг эски танишим Роза ҳақида сўрадим: уни «Хот Бокс» барида қўшиқ айтган пайтидан бери билардим.
Роза ҳақидаги саволимни эшитган Жо хитоб қилди:
-Берган саволингни қара-ю! Эшитмадингми? У мени ташлаб қайсар Френки билан топишиб олганига икки ой бўлди. Ҳозир у Бруклинда, Френкига яқин жойда яшаяпти.
Шу пайт у қорнини чангаллаганча кула бошлади. Ниҳоят у кулгидан тўхтади ва мен ундан бунинг нимаси кулгили эканини сўрадим.
-Нега кулгили бўлмасин,-деди Жо.-Бу макарончи Розага қанча пул сарфлаши кераклигини билганида қанақа аҳволга тушишини тасаввур қиляпман. Тўғри, Френкининг Бруклинда бизнеси бор, аммо Роза уни ташлаб кетмаслиги учун анча пул сарфлашига тўғри келади.
У шундай вазиятда ҳам ҳазил туйғусини йўқотмаганлиги мени ҳайрон қолдирди.
Маълум бўлишича, қайсар Френки Розани у эрга тегишидан олдин ҳам яхши таниган. У тез-тез «Хот Бокс» барига келиб турган ва ҳатто Роза эрга текканидан кейин ҳам у билан баъзан учрашиб турган. Френкининг бизнесдаги ишлари юришиб кетгач эса улар кунора кўриша бошлашган. Жо албатта бу ҳақда билмаган. Унинг ўша пайтларда иши орқага кетган ва хотинига у хоҳлаган ҳамма нарсани сотиб олиб беришга қурби етмаган. Роза эса ўзи истаган нарсани олиб бермаган эркакларга тоқат қилолмайди.
Жо қайсар Френкига қўпол ҳазил қилади, Френки эса Розани Бруклинга олиб кетади.
-Нима ҳам дердим,-дедим унинг ҳикоясини эшитиб бўлгач,-бунақа гапларни эшитиш ёқимсиз. Сенга ачинаман...
-Яхшиси, қайсар Френкига ачин,-қувноқлик билан жавоб қайтарди Жо.-Агар бу сенга камлик қилса, Розага ҳам ачин.
Ниҳоят Жо уйига кетишга тараддудланди, аммо аввал тамаки дўконидаги телефондан Минди ресторанига қўнғироқ қилди. У аёллар овози билан Пегги Жойс эканлигини, қайсидир бир манзилга тўй маросими учун олти юз дона бутербродга буюртма бермоқчилигини айтди. Албатта, ундай манзилнинг ўзи йўқ, бўлган тақдирда ҳам ҳеч ким унча бутербродга пул тўлашни истамайди.
Кейин Жо машинасига ўтирди ва уйига жўнади.
Бир неча кундан кейин Бруклинда Жонинг пивохонасида ишлайдиган икки йигитнинг қопга солинган жасади топилганини газетада ўқиб қолдим. Политсиядагилар улар қайсар Френкининг бизнесига халақит беришга уринишганини айтишарди. Аммо бирорта ҳам политсиячи уларни Френки ўлдирганини таъкидлай олмасди. Чунки бунга ҳеч қандай далил йўқ эди.
Қоп билан боғлиқ воқеа шунчаки иш эмас, бунга маҳорат керак. Одамни қопга тиқиш учун аввал уни ухлатиш керак, ахир қайси аҳмоқ қопга ўзи тушади. Бунинг учун уйқу дори бериш керак дейишади, аммо ҳақиқий мутахассисларнинг фикрича, қопга солмоқчи бўлган одамингнинг бошига тўқмоқ билан яхшилаб тушириш кифоя.
Хуллас, одамнинг бўйнига сиртмоқ солишади ва арқоннинг бир учини тиззалари орқасидан ўтказиб боғлашади. Уни шу ҳолатда қопга тиқишади ва бирор жойга ташлаб кетишади. Бечора ўзига келгач, қопдан чиқишга уринади. У букилган тиззаларини тўғриламоқчи бўлади ва бўйнидаги сиртмоқ тортилиб, бир оздан кейин бўғилиб ўлади.
Икки кундан кейин Клинтон-стритда сайр қилиб юрган икки бруклинликни номаълум шахслар бўғиб ўлдиришганини эшитдим. Айтишларича, ўлганлар қайсар Френкининг дўстлари, уларни ўлдирганлар эса гарлемликлар экан.
Тез орада Бруклинда ғалати воқеалар юз бераётганини тушундим. Бир ҳафтадан кейин у ерда қопга солинган яна бир жасад топилди. Бу сафарги қурбон ҳазилкаш Жонинг акаси Фредди эди.
Иш шунга бориб етдики, бруклинликлар картошка солинган қопни ўзлари очгани қўрқиб қолишди ва бунинг учун политсия чақирадиган бўлишди.
Бир куни кечқурун ҳазилкаш Жони кўриб қолдим. Бу сафар у ёлғиз ўзи ўтирарди ва унинг нимадандир ташвишда эканлигини кўриб халақит бергим келмади. Унинг ёнидан ўтиб кетмоқчи эдим, қўлимдан тутиб тўхтатди. Унга акасининг ўлими сабабли таъзия билдирдим.
-Нима дейишмасин, Фредди аҳмоқлик қилди,-деди Жо.-Роза уни Бруклинга таклиф қилган. У Фреддидан мени Роза билан расман ажрашишга унатишни сўрамоқчи бўлган. Бечора акам Роза иккимизни яраштирмоқчи бўлганди, бунинг ўрнига қопга солинди. Уни Розаникидан қайтаётганида ушлашган. Бунда Розанинг ҳам қўли бор деёлмайман, аммо акам унинг айби билан ўлди.
Жо кулди, аммо унинг кулгиси менга ғалати туюлди. Жо гапини давом эттирди:
-Мен қайсар Френкига зўр ҳазил қилмоқчиман.
-Йўқ, Жо,-дедим мен.-Яхшиси, уни унут. Унда ҳазил туйғуси йўқ.
-Э йўқ,-эътироз билдирди Жо,-мендан Розани тортиб олишга ҳазил туйғуси бўлди-ю. Эшитишимча, у Розани қаттиқ севаркан. Мен зўр ҳазил тайёрлаб қўйганман-Френкининг олдига қопда ўзим бораман.
Унинг нимани мўлжаллаганини тушунмадим.
-Сент-луислик оғайним қайсар Френкининг қоплар билан боғлиқ буюртмаларини бажаради. Унинг исми Роупс Макгонигл. У Фредди менинг акам эканлигини эшитиб ғазабга минди ва Френкига ҳазил қилишимда ёрдам бермоқчи. Кеча Френки Роупсни уйига чақирган ва мени қопга солиб унинг олдига олиб келишини сўраган. У Розадан акамнинг нима деганини эшитган. Мен акамга у билан ҳеч қачон ажрашмаслигимни айтгандим. Хуллас, Роупс менга ҳамма гапни айтиб берди ва мен уни яна Френкининг олдига жўнатиб юбордим. Мен эртага кечқурун Бруклинда бўламан ва Роупс мени қийналмасдан қопга жойлайди.
-Қайсар Френкининг олдига қопда боришдан хавфлироқ нарса бўлмаса керак,-дедим.-Бу қанақа ҳазил эканлигига тушунмадим.
-Нимасини тушунмайсан!-хитоб қилди Жо.-Ҳазилим шуки, мен қопда қўл-оёғим боғлиқ ҳолда бўлмайман ва иккала қўлимда тўппонча бўлади. Қопни очганида рўпарасида тўппонча билан мен пайдо бўлсам Френки қандай аҳволга тушишини кўз олдингга келтириб кўр.
Ҳақиқатан ҳам Жо иккита тўппонча ушлаб қайсар Френкининг олдида пайдо бўлганида унинг қандай таажжубга тушишини тасаввур қилса бўлади.
-Айтганча,-деди Жо,-Роупс Макгонигл ҳам ҳар эҳтимолга қарши ўша ерда бўлади.
Жо кетди, мен бўлсам унинг қоп ичидан тўппонча билан чиқишини тасаввур қилиб илжайдим.
Шундан кейин Жо билан учрашмадим, аммо бу воқеа нима билан тугаганини айтиб беришди.
Роупс келтирган қопни қайсар Френкининг ўзи ертўлага олиб тушибди. У ёнидан тўппонча олиб Жо ётган қопни очиб ўтирмасдан унга қарата олтита ўқ узибди.
Айтишларича, ертўлага политсиячилар бостириб кириб уни қотилликда айблашганида Френкининг кўзи чаноғидан чиқиб кетай дебди.
Маълум бўлишича, Роупсдан Жонинг режаси ҳақида маълумот олган қайсар Френки қопдаги қурбонини бир ёқли қилмоқчи бўлган. Табиийки, Роупс бу ҳақда Жога айтган ва у ўзининг ҳеч кимда йўқ ҳазилкашлик маҳоратини ишга солган.
Қайсар Френкига олиб борилган қопга эса албатта Жо эмас, балки оёқ-қўли боғланган, оғзига латта тиқилган Роза солинган экан.
Рус тилидан Дилшодбек Асқаров таржимаси