Каккули соат. Ричард Деминг

Дастлабки телефон қўнғироғи феврал ойининг душанба куни кеч соат ўн бирларда бўлди.
-Телефон рақамингизни газетадан билдим,-деди ёқимли, сал хирқироқ овозда аёл киши.
Газетадаги эълонда «Ўз жонига қасд қилмоқчи бўлганлар учун ишонч телефони. Йигирма тўрт соат давомида узлуксиз ишлайди, қўнғироқ қилувчининг кимлиги сир сақланади, бепул» деб ёзилганди. Оператор ўз жонига қасд қилишга уриниб қўнғироқ қилганларнинг қўнғироғини қабул қилар ва ўша куни ишлаётган кўнгиллиларнинг уй телефони билан боғларди.
-Сизга қандай ёрдам беришим мумкин?-сўради Марта Пруетт.
-Ўзим ҳам билмайман...-деди аёл бир оз жим тургач.-Умуман олганда, мен ўзимни ўлдирмоқчимасман. Шунчаки кайфиятим жудаям ёмон, шунга ким биландир гаплашсам дегандим.  
-Кайфиятингиз нега ёмон?
-Сабаби кўп. Ишқилиб, қўнғироқ қилаётганларнинг телефон рақамини аниқлайдиган ускуналарингиз йўқми?
-Албатта йўқ,-уни тинчлантирди Марта.-Агар бундай қиладиган бўлсак бизга ҳеч ким қўнғироқ қилмаган бўларди. Тўғри, ким билан гаплашаётганингни билганинг яхши, аммо биз қўнғироқ қилувчини ўзини таништиришга мажбур қилмаймиз. Агар ўзингизни таништирсангиз ҳам исмингиз сир сақланади. Менинг вазифам сизга ёрдам бериш. Мен сизнинг розилигингизсиз муаммоларингизни ҳеч ким билан муҳокама қилмайман.
-Сиз яхши одамга ўхшайсиз... Исмингиз нима?
-Марта.
-Меники Жанет.
-Танишганимдан хурсандман. Овозингиздан ёшга ўхшайсиз. Турмушга чиққанмисиз?
-Ёшим ўттиз иккида. Турмушга чиққанимга ўн йил бўлди, лекин фарзандимиз йўқ.  
-Ерингиз ҳозир уйдами?
-Ерим душанба кунлари боулинг ўйнагани боради ва уйга ярим кечаси қайтади.  
-Ерингиз нима иш қилади?
-Ишлайди,-аниқ жавобдан қочди Жанет.
-Кайфиятингиз ёмонлигига эрингиз айбдорми, Жанет?
-Йўқ. Фред яхши…
Шу пайт гўшакдан икки марта каккунинг кукулаган овози эшитилди, сўнг соат ўн бир марта бонг урди ва какку яна икки марта кукулади.  
-Сиз менга яхши ёрдам бердингиз,-деди бирдан Жанет.-Кайфиятим бузилган пайтларда сизга қўнғироқ қилиб турсам бўладими?
-Албатта, фақат менга туша олсангиз. Биз навбат билан ишлаймиз.
-А…-деди Жанет.-Сиз қайси кунлари ишлайсиз?
-Душанба ва чоршанба кунлари, кеч соат саккиздан эрталаб саккизгача.
-Бошқа кунлари тушкунликка тушмасликка ҳаракат қиламан,-ҳазиллашди Жанет.-Мени эшитганингиз учун раҳмат, Марта. Миннатдорман...
Жанет иккинчи марта чоршанба куни деярли ярим тунда қўнғироқ қилди. Ухлаб қолган Мартани телефон қўнғироғи уйғотиб юборди.  
-Марта?-деди хириллаган аёл товуши.
-Ҳа, Жанет.
-Овозимдан танидингизми?-ҳайрон қолди аёл.-Мен бўлсам сизларга кўплаб қўнғироқлар бўлгани учун мени унутиб юборгандирсиз деб ўйлагандим.
-Унутганим йўқ. Яна кайфиятингиз ёмонми?
-Даҳшатли.-Жанет ҳиқиллади.-Мен… мен сизни алдагандим, Марта. Мен доим ўзимни ўлдириш ҳақида ўйлайман. Нима қилишни билмай қолдим.
-Ҳозир ёнингизда бўлиши мумкин бўлган дугонангиз борми?
-Дугоналаримга муаммоларимни айта олмайман,-деди Жанет.
-Қанақа муаммоларингиз бор?-қизиқди Марта.
-Менинг асосий муаммом шуки, мен ақлдан озяпман. Мен эримни жудаям севаман, лекин вақти-вақти билан уни... ўлдиргим келади,-деди Жанет маҳзун товушда.-Ҳаттоки якшанба куни кечқурун мен ошхонага пичоқ олгани кирдим. Агар вақтида ўзимга келмаганимда ухлаб ётган эримни сўйиб қўйган бўлардим. Шунинг учун қўрқиб кетяпман.
Жанетга ўхшаганларни фақат шифокорга боришга кўндириш лозимлиги Мартага тажрибадан маълум эди. Қолган барча нарса бефойда.  
-Ерингиз сиз уни ўлдирмоқчи бўлаётганингизни биладими?
-Йўқ. У менинг севишимни билади. Шунинг учун кайфиятим яхши пайтда ўзимни ўлдиргим келади. Уни ўлдиргандан кўра ўзим ўлганим яхши!  
-Ҳеч кимнинг ўлишига ҳожат йўқ,-деди Марта қатъийлик билан.-Ишончим комил, сизга руҳшунос ёрдам бера олади. Кучли мутахассислар кўп. Истасангиз, кимга учрашишингизни айтаман.
-У эримга айтиб қўймайдими?
-Албатта йўқ. Унинг исми Алберт Маннерс, анча таниқли руҳшунос. Эслаб қолдингизми? Эртагаёқ унга қўнғироқ қилинг. Бўптими?
-Хўп, Марта. Ваъда бераман. Сизга катта раҳмат, менга анча ёрдам бердингиз...
Жанет учинчи ва охирги марта душанба куни соат тўққизга яқин қўнғироқ қилди.  
-Жуда кеч...-деди у йиғламсираб.-Эртагача кута олмадим. Жудаям кеч...
-Жанет?-деди Марта аввалига унинг овозини танимай.
-Ҳа, мен. Салом, Марта!..
-Қандай қарорга келдингиз?
-Жудаям кеч. Эртагача кута олмадим...
-Нимани кута олмадингиз?
-Доктор Маннерснинг қабулига боришни. Эримни ўлдира олмайман. Уни севишимни етказиб қўйинг...
-Ерингизни қаердан топаман?-умидсизлик билан қичқирди Пруетт.-У қаерда боулинг ўйнайди?
-Елкс-Мен-Лигдан. Фред… Фред Уотерс. Унга айтиб қўйинг...
Жанет жим бўлиб қолди, лекин қисқа гудок товуши ўрнига Марта яна какку товушини эшитди. Сўнг соат тўққиз марта бонг урди ва какку яна икки марта кукулади.  
Марта Пруетт Жанетнинг эрини зўрға топди.
-Ҳа, Жанет,-деди Фред Уотерс гўшакда.-Нима гап?
-Йўқ, йўқ, Жанет эмасман. Мен ўз жонига қасд қилмоқчи бўлганларга руҳий ёрдам кўрсатиш марказида ишлайман,-деди Марта шошиб-пишиб.-Йигирма дақиқа олдин хотинингиз қўнғироқ қилди. У қандайдир дори ичган ва ҳушидан кетиб қолди. Тезда уйга боринг. Албатта «тез ёрдам»га қўнғироқ қилинг. Менинг исмим Марта Пруетт. Телефон рақамимни ёзиб олинг.-Марта телефон рақамини айтди.-Қўнғироғингизни кутаман.
-Қўнғироқ қилганингиз учун раҳмат,-ҳаяжонланиб миннатдорчилик билдирди Фред Уотерс.
Соат ўн бир яримда телефон жиринглади.  
-Мисс Пруетт?-деди нотаниш эркак.
-Политсиядан лейтенант Герман Абелман. Доктор Уотерс сизга қўнғироқ қилишимни илтимос қилди, чунки унинг ўзи ҳозир гаплашадиган ҳолатда эмас. Тушунишимча, хотини қандайдир дори ичиб олганини унга сиз айтгансиз.
-Ҳа. Жанет тузукми?
-Афсуски, «тез ёрдам» етиб келганида кеч бўлган экан. Уотерс хоним вафот этди.  
-Даҳшат! У эндигина ўттиз иккига кирганди. Агар қатъиятлироқ бўлганимда у ўлмаган бўларди!..
-Ўзингизни айбламанг,-деди Абел.-Бошқармага қачон келиб кўрсатма бера оласиз?
-Истаган пайтингизда. Мен нафақадаги одамман, бўш вақтим кўп.
-Унда сизни эртага соат тўртда кутаман.
-Яхши, лейтенант. Эртагача...
Марта Пруетт политсия бошқармасига роппа-роса тўртда кириб келди. Абел уни Фред Уотерс-ўттиз беш ёшлардаги бўйи баланд, сочлари қоп-қора, тишлари ҳайрон қоларли даражада оппоқ эркак билан таништирди.  
Жанет уни кўп марта ўлдирмоқчи бўлганлигини эшитиб Уотерс ҳайрон қолди. «Кейинги пайтда у тушкун кайфиятда эди, аммо унинг бу даражага етиб қолганлигини билмаган эканман», деди у.
-У мени севади деб ўйлардим,-деди каловланиб қолган тиш доктори.
-Шундай ҳам эди,-таъкидлади Марта.-Доктор, хотинингиз ақлан носоғлом бўлган.
Марта Жанет ҳақида билган ҳамма нарсасини айтиб берди ва кўрсатмасига имзо чекди. Абел бу вақт орасида доктор Маннерснинг қабулхонасига қўнғироқ қилди ва Жанет ҳақиқатан ҳам унинг қабулига ёзилганлигини аниқлади. Уотерс хоним ўз жонига қасд қилганлиги учун иш тезда ёпилди...
Марта Пруетт йилда икки марта албатта тиш докторига учрарди. Унинг доктори Флоридага кетганди. Марта Фред Уотерснинг тиш доктори эканлигини эслади. Май кунларидан бирида, Жанет ўз жонига қасд қилганидан уч ой кейин у Уотерснинг қабулхонасига қўнғироқ қилди ва жума куни соат тўрт яримга қабулга ёзилди.  
У ўн беш дақиқага кеч қолди, лекин шошилмаса ҳам бўларкан. Доктор барибир уни бешдан олдин қабул қила олмас, чунки мижоз билан банд экан.  
-Мен докторнинг олдига киргунингизга қадар кетиб қолишим мумкин,-деди қорасоч ҳамшира.-Соат олтидаги автобусга улгуришим керак. Қоғозингизни бераман, докторга ўзингиз бераверасиз.
Марта стол устида турган аёллар журналини қўлига олди ва ўқишга берилди. Орадан ўн дақиқа ўтгач, деворда осиғлиқ турган ёғоч соат ичидан какку чиқиб соат беш бўлганлигини билдирди. «Худди Жанет Уотерс билан бўлган суҳбатларимиздагидек», ўйлади Пруетт.  
-Хоним, мабодо билмайсизми, доктор Уотерснинг уйида ҳам худди шунақа соат борми?-сўради у ҳамширадан.
-Билмадим,-деди ҳамшира.-Бу ерда ишлаётганимга энди икки ҳафта бўлди, лекин яқинда бу соат мени ақлдан оздиради. Жаноб Уотерс бу соатни уйланганидан кейин бу ерга олиб келиб осмагани яхши эди.
-Лекин у ўн йил олдин уйланган-ку,-ҳайрон бўлди Марта.
-Кейинги уйланишини айтяпман,-жилмайди ҳамшира.-У уч ҳафта олдин Жоанга уйланган. Жоан шу ерда ҳамшира бўлиб ишларди.  
Марта Пруетт ғамгин бош чайқади. «Буни қара-я,-деди у ичида,-хотини ўлганига икки ой бўлиб-бўлмай бошқасига уйланибди». Унинг докторга нисбатан фикри ўзгарди.
-Бу соат Жоаннинг уйида турарди,-гапида давом этди ҳамшира.-У доктор Уотерснинг уйига кўчиб ўтгач, уйидаги анча-мунча нарсаларни сотди, қолган нарсаларни, мана шу соатни ҳам ўзи билан олиб келди.  
Марта Пруетт ўйчанлик билан соатга тикилиб қолди. Агар учала қўнғироқ ҳам доктор Уотерснинг уйидан эмас, балки унинг ҳамширасиникидан амалга оширилган бўлса, демак, у Жанет Уотерс билан эмас, Жоан билан гаплашган экан-да!
Соат роппа-роса беш бўлганида эшик очилиб, қабулхонада мижоз ва доктор Уотерс пайдо бўлди.  
-Руби, жаноб Кертисни кейинги чоршанбага қабулга ёзиб қўйинг,-деди Фред ҳамширага,-кейин кетаверинг.
Ва у Мартани кўриб қолди. Унинг юзида хавотирга ўхшаш ифода пайдо бўлди.  
-Салом!-сўрашди у.-Сизни куттириб қўйганим учун узр. Юринг ичкарига.
Марта худди ёғоч оёқда тургандек зўрға ўрнидан турди, Уотерснинг ортидан ичкарига кирди ва креслога ўтирди. Уотерс унинг бўйнига мато боғлади ва Марта оғзини очди.
Кейинги ўн беш дақиқа давомида Фред Уотерс унинг тишидаги тошларни тозалади, Марта эса энди нима қилиш кераклигини ўйлаб ўтирди. У оғзини чайқаш учун қаддини тиклаган пайтда эшик очилиб, йигирма беш ёшлардаги малласоч аёл кўринди.
-Кечир, азизим,-деди у сал хирқироқ овозда.-Ишинг тугади деб ўйлабман.
-Сиз Жоан бўлсангиз керак,-деди шу заҳоти унинг овозини таниган Марта. У жим туриши лозимлигини биларди, аммо ўзини тутиб туролмади.-Мен Мартаман. Эсладингизми, Жоан?
Ранги оқариб кетган аёл Мартага узоқ тикилиб турди, сўнг пешонасини тириштириб бош чайқади.
-Биз танишмизми?-сўради у.
-Фақат телефон орқали,-совуқ оҳангда жавоб қайтарди Пруетт.-Қандай ақлли қотиллик! Менинг ёрдамим билан Жанетни ўзини ўлдиришга уринадиган ақлдан озган аёлга чиқардинглар. Уни қандай заҳарладингиз, доктор?-Марта қаҳрли нигоҳини тиш докторига қаратди.-Қаҳвасига дори қўшиб қўйдингизми?
-Албатта, мижозингнинг ўта катта дозадаги анестезиядан вафот этиши обрўингга путур етказади, аммо қотиллик бўйича жавобгарликка тортилгандан кўра шуниси яхши, азизим,-деди малласоч.
-Мен кетаман,-деди Марта ўрнидан туришга уриниб.
-Бошқа иложинг йўқ.-Жоан Мартага умуман эътибор бермади.-Ҳамма буни бахтсиз ҳодиса деб ўйлайди.
Доктор Уотерс Мартанинг елкасидан тутиб уни яна креслога ўтқазди.
-Юзига газли ниқобни тақ,-деди у хотинига.
Марта Пруетт қаршилик қилмоқчи бўлди, аммо Жоан бир қўли билан унинг жағидан маҳкам ушлади ва иккинчи қўли билан ниқобни унинг юзига босди. Шу пайт эшик очилиб, қорасоч ҳамшира Рубининг овози эшитилди.
-Мен чиптамни унутиб қолдирибман, доктор. Қайтишга тўғри келди...-У турган жойида қотиб қолди.-Бу ерда нима бўляпти?
Кутилмаган ҳодисадан доктор Уотерс Мартанинг елкаларини қўйиб юборди, Жоан ҳам ўзини йўқотиб ниқобни тушириб юборди. Пруетт Жоаннинг қўлини тишлади ва иккала оёғи билан Уотерснинг қорнига тепди. Уотерс асбоблар турадиган столга учиб тушди.  
Марта хонадан отилиб чиқди. Бахтига у машинасини бино эшиги олдига қўйганди. Доктор хотини билан ташқарига югуриб чиққанида унинг машинаси жойидан жилганди.
Марта Пруетт тўғри политсия бошқармаси томон йўл олди.

Рус тилидан Дилшодбек Асқаров таржимаси.