Ташқарида итнинг вовуллагани эшитилди. Мен билан инженер Ананев ва унинг ёрдамчиси студент фон Штенберг ит кимга вовуллаётганини кўриш учун баракдан ташқарига чиқдик. Мен меҳмон бўлганимдан баракдан чиқмаслигим ҳам мумкин эди. Иқрор бўлайки, ичилган винодан бошим айланиб тургани учун ташқари чиқиб, соф ҳавода нафас олишни орзу қилиб турардим.
— Ҳеч ким йўқ-ку... — деди Ананев, биз ташқарига чиққанда. — Нега бекорга вовуллайсан Азорка? Аҳмоқ!
Теварак-атрофда ҳеч кимса кўринмайди. Хонаки қора ит—аҳмоқ Азорка бекорга вовуллагани учун узур сўрагандай чўчиброқ ёнимизга келди-да, думини ликиллатди. Инженер энгашиб, унинг икки кулоғи орасини силади.
— Ҳай жонивор, нега бекорга вовуллайсан? — деди Ананев, болаларга ва итларга хушфеъл одам гапиргандай. — Хўш, ёмон туш кўрдингми? Доктор, кўринг-а, — деб, у менга мурожаат қилди. — Бу жуда асабий жонивор. Ёлғизликка тоқат қилолмайди, ҳамиша ёмон тушлар кўради, босинқираб, кўзларига ҳар нима кўринаверади. Бақириб берсанг, жазаваси тутади-ю, ўзини йўқотиб қўяди.
— Ҳа, жуда нозик ит... — деди студент, унинг сўзини маъқуллаб.
Азорка ўзи тўғрисида гап бораётганини сезиб, тумшуғини юқори кўтариб, ғиншиди, гўё: «Ҳа, баъзида қаттиқ азобланаман, лекин сизлар, марҳамат қилиб, мени кечиринглар!» деди.
Август ойи, тун серюлдуз бўлса ҳам хийла қоронғи. Умримда бугунгидай фавқулодда вазиятга тушмаганимдан серюлдуз тун ҳам сокин, кўнгилсиз ва аслидагидан қоронғироқ бўлиб кўринди. Мен эндигина қурилаётган темир йўл линиясида эдим. Тайёр бўлай деб қолган темир йўл кўтармалари, қум уюмлари, тупроқ ва шағаллар, бараклар, чуқурлар, ҳар жой-ҳар жойда ётган замбил ғалтаклар, ишчилар яшаётган ертўлалар тепасидаги тупроқлар — қоп-қора тун ўз бўёғига бўяган ана шу барча нарсалар аралаш-қуралаш бўлиб, ер устида қадимий тартибсиз бир манзара ҳосил қилган эди. Бу барча буюмлар кўз олдимда шу қадар бетартиб ястаниб ётардики, кавлаб ташланган, ҳеч нимага ўхшамаган, бадбуруш ерда одамларнинг ва тик симёғочнинг қорасини кўриш ғалати туйиларди; ҳар иккиси ҳам манзарани бузиб турар, осмондан тушганга ўхшарди. Жимлик, фақат симёғоч устида аллақандай ғингиллаш эшитилар эди.
Биз кўтарма тепасига чиқиб, пастга қарадик. Биздан тахминан эллик сажин нарида, тун қўйнида чуқурлар, баланд-пастлик ва тепалар яхлит нарсадек қорайиб кўринган ерда хира чироқ милтилларди. Ундан нарида иккинчиси, кейин учинчиси кўринди. У чироқлардан юз қадамча нарида ёнма-ён турган икки қизил кўз — эҳтимол, бирор баракнинг деразаси йилтирайди. Маржондек тизилиб кетган чироқлар тобора ғуж бўлиб, узоқлашиб, хиралашиб шу кўйи уфққача бориб туташиб, ярим доира ясайди-да, чапга қайрилиб кетади ва узоқда, қоронғилик қўйнида кўздан ғойиб бўлади. Чироқлар қимирламасди. Тун сукутида ва телеграф симларининг ғингиллашида қандайдир умумийлик борлиги сезилиб турарди. Ана шу кўтарма остига аллақандай муҳим сир кўмиб юборилгану, бу сирдан фақат чироқлар, тун ва телеграф симларигина хабардорга ўхшайди...
— Эҳ, қандай роҳати жон-а! — деб чуқур нафас олди Ананев. — Бу ерларнинг кенглиги ва гўзаллигидан кўз узгинг келмайди! Манави кўтармани кўринг! Бу кўтарма эмас, Монбланнинг ўзгинаси! Унинг баҳоси бир қанча миллион...
Чироқлар ва баҳоси бир қанча миллионли кўтармадан завқланган, винодан кайфи чоғ, ва нозик ҳисларга берилган инженер, студент фон Штенберг елкасига қоқаркан, ҳазиллашган оҳангда сўзида давом этди:
— Хўш, Михайло Михайлич, нега ўйлаб қолдингиз? Ўз қўлинг билан бунёд қилган нарсага қараш завқли эканми? Ўтган йили, худди мана шу биз турган ер қуп-қуруқ чўл эди, инсон оёғи тегмаганди. Мана энди кўрасизки, ҳаёт, тсивилизатсия кириб келди! Худо ҳақи, булар қандай яхши! Сиз билан биз темир йўл қураётибмиз, биздан кейин, айтайлик юз ёки икки юз йил ўтгач, яхши одамлар фабрикалар, мактаблар, касалхоналар қурадилар — қарабсизки, бу ерлар яшнаб кетибди! А?
Студент қўлларини чўнтагига тиққанича кўзини чироқлардан узмай, қимирламай турарди. У, инженернинг гапига қулоқ солмас, ниманидир ўйларди. Шу топда у, баъзан кишида бўладиган вазиятни бошидан кечирар — на гапиргиси, на эшитгиси, келарди. Узоқ жим турганидан кейин, мен томон ўгирилиб, секингина:
— Шу охири кўринмас чироқлар нимага ўхшайди? — деб сўради. — Улар менда, минг йиллар илгари яшаб, аллақачон қирилиб кетган, қандайдир амалекитянлар ёки филистимлянлар лагерлари сингари ўтмиш хотирасини уйғотди. Назаримда, аллақандай қадимий халқ шу ерга манзил қуриб, жойлашган-да, тонг отишини кутмоқда, тонг отиши билан у Саул ёки Довуд билан жангга киради. Тасаввуримнинг тўла бўлиши учун ёлғиз карнайлар овози-ю, соқчиларнинг бир-бирлари билан аллақандай эфиопия тилида гаплашишларигина етмайди.
— Ҳа, шундай... — деб унинг фикрига қўшилди инженер.
Шу лаҳзада гўё жўрттага темир йўл бўйлаб шамол эсди ва қурол-аслаҳа жаранглашига ўхшаган овоз келди. Ўртага жимлик чўкди. Инженер ва студентнинг ҳозир нима тўғрида ўйлаётганини билмайман, аммо аллақачон ўлиб кетганлар кўз олдимда кўриниб, соқчилар ҳам нотаниш тилда гаплашаётганга ўхшаб кетди. Тасаввурим чодирлар, ғалати одамлар ва уларнинг кийимлари, қурол-аслаҳаларини дарров кўз олдимга келтирди...
— Шундай, — деб ғўлдиради хаёл суриб турган студент. — Бир вақтлари, мана шу дунёда филистимлянлар ва амалекитянлар яшаган, урушлар қилган, ҳаётда маълум рол ўйнаган эди, мана энди улардан нишон ҳам қолмади. Биз ҳам шундай бўламиз. Ҳозир темир йўл қураётирмиз, мана шу ерда туриб, фалсафа сотаётирмиз, орадан икки мингча йил ўтгач, бу тепаликдан, оғир меҳнатдан кейин ухлаб ётган барча кишилардан асар ҳам қолмайди. Аслида бу даҳшат!
— Яхшиси, сиз бу фикрларни ташланг... — деди инженер жиддий ва ўгит бергандай.
— Нима учун?
— Шунинг учун... Бу фикрлар ҳаётни бошлаш эмас, уни тугатиш керак деган бўлади. Бундай фикрларни айтишга сиз ҳали ёшлик қиласиз.
— Нимага ахир? — деди студент яна.
— Ҳаётнинг чириклиги ва арзимаслиги, унинг маъносизлиги, ўлимнинг муқаррарлиги, нариги дунё ва бошқа тўғридаги гаплар, чироғим, қариган чоғингда, узоқ ички туйғуларни бошингдан кечирганингдагина яхши ва табиий, чинакам ақлий бойлик бўлади; мустақил ҳаётга эндигина қадам қўйиб келаётган ёш йигитнинг ақл-идроки учун бу нарса бахтсизликдан ўзга нарса эмас! Ҳа, бахтсизликнинг худди ўзи! — деди Ананев ва қўл силтади. — Менимча, сиздек ёш йигитнинг бундай фикрлар билан яшаганидан кўра бошсиз юргани афзал! Барон, мен бу сўзларини сизга жиддий равишда айтяпман. Бу ҳақда кўпдан бери сиз билан гаплашмоқчи бўлиб юргандим, чунки, танишган вақтимдаёқ сизнинг ана шу лаънати фикрларга иштиёқингиз борлигини сезган эдим!
— Худоё тавба, нега энди лаънати бўлади? — деди жилмайиб студент. Унинг юзидан ҳам, сўз оҳангидан ҳам инженер бошлаган бахс ўзини мутлақо қизиқтирмаётгани, фақат одоб юзасидан, инженер сўзи ерда қолмасин деб жавоб қилаётгани кўриниб турарди.
Уйқум келиб, кўзим юмилиб борарди. Мен, ҳозир қайтиб кирамиз-у, бир-биримизга хайрли кеч тилаб, дарҳол ётамиз деб ўйлаган эдим, лекин, менинг бу истагим тезда амалга ошмади. Баракка қайтиб киргач инженер бўш шишаларни йиғиштириб, кроват остига қўйдида, каттакон сават яшчикдан яна икки шиша олди. Шишаларни очиб, доимий иш жойига келиб ўтирди. У, ичишни, гаплашишни ва ишлашни кўзда тутганга ўхшарди. Инженер стаканидан вино ҳўплаб қўйиб, қалам билан аллақандай чертёжларга белги қўяркан, студентнинг ножўя фикрлар билан боши банд эканини исботлашни давом этдирди. Студент унинг ёнида аллақандай ҳисоботни кўздан кечириб, индамай ўтирарди. Унинг менга ўхшаб на гапиргиси, на эшитгиси келарди. Ўзим эса ишлаётганларга халақит бермаслик учун ва ҳар онда ётишимни таклиф қилишларини кутиб, бир четда, столдан анча нарида, инженернинг қийшиқ оёқ сафар кроватида зерикиб ўтирардим. Соат ўн иккидан ошган эди.
Қиладиган ишим бўлмаганидан янги танишларимни кузатиб ўтирдим. Ананевни ҳам, студентни ҳам илгари кўрмаган эдим. Улар билан шу кечаси танишган эдим. Мен, ўзим меҳмон бўлиб турган помешчик уйига ярмаркадан кечқурун отда қайтиб келаётиб, қоронғида адашиб, бошқа йўлга тушиб кетибман. Темир йўл ёқасида адашиб юрарканман, қоронғи тобора қуюқлашиб бораётганини кўриб, пиёданинг ҳам, отлиқнинг ҳам йўлини тўсувчи «оёқяланглар»дан ваҳима олиб, йўл босишга юрагим дов бермай, дуч келган бараклардан бирининг эшигини қоқдим. Мени Ананев ва студент хушнуд кутиб олди. Мутлақо бир-бирини танимаган ва тасодифан учрашиб қолган одамлар ўртасида бўлгани каби биз ҳам тез орада танишиб олдик, аввал биргалашиб чой ичдик, кейин вино ичишга ўтганда бир-бирини узоқ йиллардан бери билган одамдек апоқ-чапоқ бўлиб кетдик. Орадан бир соат ўтар ўтмас мен уларнинг кимлиги, бу узоқ чўлга пойтахтдан нега келиб қолганларини билдим. Улар ҳам менинг кимлигим, фикрларим ва нима юмуш билан юрганимни билиб олишди.
Инженер Ананев, Николай Анастасевич, тўладан келган, кенг елкали, ташқи қиёфасидан Отелло сингари «кексалик водисига тушиб бораётган», ҳатто керагидан кўра семизроқ одам эди. Совчилар тили билан айтганда унинг «илиг-илтиги тўлган», яъни ёш ҳам эмас, қари ҳам, яхши ейишни, ичишни, ўтмишни мақташни севадиган, юрганда сал нафаси қисилиб, уйқусида қаттиқ хуррак отадиган пайти эди. Кишилар билан муомалада эса штаб офитсер лавозимига эришиб, энди семира бошлаган оқкўнгил одамлар сингари салмоқли ва мулойим гаплашарди. Соч соқолига ҳали оқ ораламаганига қарамай, ўзи ҳам сезмай, ёшларни мурувват билан беихтиёр «азизим» деб аташга ўрганиб кетганди. Шу туфайли уларнинг фикрини мулойимлик билан тергаб қўйишга ўзини ҳақли деб биларди. Унинг ҳаракати, овози оҳиста ва бир маромда, ўзининг катта ҳаёт йўлига чиқиб олганини, қўлидан иш келишини ва нони бутун бўлиб қолганини, ҳар нарсага ўз нуқтаи назари билан қарай олишини яхши билган одамдек ишонч билан гапирарди... Офтобда қорайган, катта бурунли юзи ва томирлари бўртиб чиққан бўйни гўё сизга: «Мен тўқ ва соғломман, ўзимдан мамнунман, вақти келиб, сиз ёшлар ҳам тўқ, соғлом ва ўзингиздан мамнун бўласиз...» деб турарди. Унинг устида қийиқ ёқа чит кўйлак, кенг суруп чолворини улкан этиклари қўнжига тиқиб олганди. Баъзи майда-чуйдаларга қараб, жумладан жун ипдан тўқилган рангдор белбоғчаси, кўйлагига ёқа тутилгани ва тирсагидаги ямоқгача қараб, унинг уйланганини ва хотини яхши кўришини фаҳмладим.
Йўл ишлари институтининг студенти, Михаил Михайлович, барон фон Штенберг ёш бўлиб, йигирма уч-йигирма тўртларга кирган эди. Ёлғиз малла сочлари билан сийрак соқолигина, юз бичимининг сал бесўнақай ва кўримсизлиги унинг остзей баронлари авлодидан келиб чиққанини эслатиб туради, бошқа жиҳатлари — исми, эътиқоди, фикри, ўзини тутиши, юзи ва қилиқлари русга ўхшарди. У ҳам Ананев сингари кенг чит кўйлак кийган, оёғида катта этик. Сал букчайган, сочларини кўпдан бери текислатмаган, офтобда қорайган бу йигит студентга ҳам, баронга ҳам ўхшамас, кўпроқ оддий рус мастери ёрдамчисига ўхшарди. Ўзи кам гап, кам ҳаракат, винони истар-истамас ичади, ҳисоботни беэътибор текширар ва ҳамиша алланимани ўйлаётганга ўхшарди. Унинг ҳам ҳаракати ва гапириши оҳиста ва бир маромда бўлиб, лекин ундаги оҳиста ҳаракат инженерникига бутунлай ўхшамасди. Офтобда қорайган, ўйчан ва жилмайиб турадиган юзлари, салгина ўқрайиб қаровчи кўзлари ва бутун вужуди ҳафсаласизлигини ва ғайратсизлигини кўрсатиб турарди... унинг қарашидан, чироқ ёняптими, ёнмаяптими, вино ширинми, бемазами, текширган ҳисоби тўғрими, нотўғри — унга барибирга ўхшарди... Мен унинг очиқ ва хотиржам чеҳрасига қараб: «Ҳозирча мен маълум иш қўлдан келишдан ҳам, нони бутун бўлишдан ҳам, ўз нуқтаи назарига эга бўлишдан бирон яхши нарсани кўрмадим. Буларнинг ҳаммаси бўлмағур гаплар. Илгари Петербургда эдим, ҳозир баракда ўтирибман, кузда яна Петербургга қайтиб кетаман. Кейин баҳорда яна бу ёққа келаман... Булардан нима фойда, билмайман, буни ҳеч ким ҳам билмайди... Шундай бўлгач, бу ҳақда гапиришдан ҳеч қандай фойда йўқ...» деган ифодани ўқидим.
Инженернинг сўзларини у қизиқмай, гапга тушиб кетган оқкўнгил ўқитувчининг сўзини юқори синфдаги кадетларга ўхшаб бепарво эшитади. Менга инженернинг айтганлари барон учун янгилик эмас, гапиришга эринмаганида унинг ўзи янги ва маънилироқ фикрлар айта оладигандек туйилди. Ананев ҳамон қўймасди: у, энди оқ кўнгиллик билан, ҳазиллашган оҳангда эмас, жиддий равишда, ҳатто ўзининг одатдаги оҳиста сўзлашига зид бўлган қизғинлик билан тушунтирарди. Менимча у, умумий тарзда муҳокама юритишга қизиқадиган, ҳатто уни севадиган кўринади. Лекин, талқин қилмайди, бунга ўрганган ҳам эмас. Бу нарса унинг ҳар бир сўзидан сезилиб туради. Шунинг учун мен унинг нима демоқчи бўлганига дарҳол тушунолмадим.
— Бу фикрларни бутун вужудим билан ёмон кўраман! — деди у.— Ёшлигимда мен ҳам шу дардга учраган эдим, ҳозир ҳам балки ундан бутунлай халос бўлмагандирман. Балки лақиллаб, баланд дорга осилгандирман, иш қилиб улар менга фақат ёмонлик келтирди. Бу маълум гап! Ҳаётнинг беҳудалиги, маънисизлиги, биз яшаб турган дунёнинг чириганлиги, «ҳаётнинг пучлиги» тўғрисидаги Сулаймон замонидан қолган фикрлар инсон тафаккурининг ҳозиргача энг олий ва сўнгги босқичини ташкил қилиб келди ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Мутаффакир шу босқичга етдими, бўлди — шу ерда тўхтайди! Ундан нари ўтолмайди! Шу ерда мўътадил мия ўз фаолиятини якунлайди, бу табиий бир нарса. Бизнинг бахтсизлигимиз фикрлашни худди шу чеккадан бошлашимизда. Одатда мўътадил одамлар тамом қилган жойдан биз бошлаймиз. Биз биринчи қадамданоқ, мия мустақил ишлай бошлашиданоқ дарҳол энг олий ва сўнгги босқичга чиқиб оламиз-да, қуйи босқичлар борлигини билгимиз ҳам келмайди.
— Бунинг нимаси ёмон? — деб сўради студент.
— Ахир тушунсангизчи, бу бузуқлик-ку! — деб қичқирди Ананев ғазаб билан унга тикилиб. — Агар биз пастки босқичларни босиб ўтмай туриб, юқорига чиқиб олиш йўлини топган бўлсак, у тақдирда, турли бўёқлар, овозлар ва фикрлар билан тўла ҳаёт деб аталган узун зинанинг бизга қиммати қолмайди. Сизнинг шу ёшдаёқ бундай фикр юритишингиз беҳуда ва аҳамиятсиз эканини мустақил ва онгли ҳаётингизда ҳар бир қадамда тушунишингиз мумкин. Масалан, сиз, ҳозир Дарвин ёки Шекспир китобини ўқигани ўтирдингиз дейлик. Бир саҳифани ўқиб бўлмай туриб, сизнинг узоқ ҳаётингиз ҳам, Шекспир ҳам, Дарвин ҳам кўзингизга беҳуда, бўлмағур бўлиб кўринади. Чунки, сиз ўзингизни вафот қилишингизни, Шекспир билан Дарвинлар ҳам аллақачон ўлиб кетганини биласиз, уларнинг фикрлари на ўзларини, на ерни, на сизни ўлимдан сақлаб қололмайди, демак, ҳаёт маъносиз ва беҳуда экан, у тақдирда барча билимлар, шеърият ва олий фикрлар кераксиз овунчоқ — катталар ўйинчиғи бўлиб қолади. Шундай қилиб сиз иккинчи саҳифага ўтмаёқ ўқишни йиғиштириб қўясиз. Энди бошқа бир мисолни олайлик, ақлли одам деб олдингизга кишилар келиб, жумладан, уруш керакми, ахлоққа тўғри келадими деб, сўради. Бу даҳшатли саволга елкангизни қисиб, бу ҳақдаги мавҳум умумий гаплардан бирини айтган бўлардингиз, чунки, бундай фикрда бўлган сиз учун, юз минглаб кишилар мажбуран ўлдириладими ёки улар ўз ажали билан ўладими — барибир: у ҳолда ҳам, бу ҳолда ҳам натижа бир — улар тупроққа айланади ва унутилади. Биз сиз билан бирга темир йўл қураётирмиз. Энди, шундай бир савол туғилади, биз қураётган йўл барибир икки минг йилдан кейин тупроққа айланса, ҳозир бош қотиришимизнинг, янгилик ўйлаб топишимизнинг, шаблондан қочишимизнинг, ишчиларни аяшимизнинг, ўғирлик қилиш ё қилмаслигимизнинг нима кераги бор? Ҳоказо ва ҳоказолар... Энди ўзингиз ҳам рози бўлинг, агар шундай бемаза фикр юритсак на фанда, на санъатда, ва на ана шу фикрлашнинг ўзида ҳеч қандай прогресснинг бўлиши мумкин эмас. Биз ўзимизни халқдан ҳам, Шекспирдан ҳам ақлли деб ўйлаймиз, аслида эса бизнинг фикрлаш фаолиятимиз, пастки босқичга тушишга истагимиз йўқлигидан, баландга чиқишга юқори босқичнинг бўлмаганидан беҳуда бўлиб қолади. Миямиз бир жойида тўхтаб, бир ердан жилмай қолади... Мен ана шу фикрларнинг оғир юки остида олти йилга яқин адашиб юрдим, худо урсинки, ана шу вақт ичида биронта бамаъни китоб ўқимадим, ақлим бир пақирлик ошмади, ахлоқ маромим ҳатто бир ҳарф ҳам бойимади. Бундан ортиқ бахтсизлик бўладими? Яна ўзимизнинг мана шундай заҳарланганимиз устига, атрофимизни ўраган кишилар ҳаётини ҳам заҳарлаймиз. Ўзимизнинг ана шу тушкунлигимиз билан ҳаётдан воз кечсак, ғорларда умр ўтказсак ёки ўлишга шошилсак майли эди-я, биз бунинг тескарисини қилиб, умумий қонунга итоат қилган ҳолда, яшаймиз, ҳис қиламиз, хотинларни севамиз, болаларни тарбия қиламиз, йўллар қурамиз!
— Бизнинг фикрларимиздан бировга фойда ҳам, зиён ҳам йўқ-да... — деди студент, истар-истамас.
— Йўқ, сиз ахир, қўйсангиз-чи. Сиз ҳали ҳаётнинг а-чиқ-чучугини тотганингиз йўқ, отахоним, менинг ёшимга етинг, ана ўшанда биласиз! Бизнинг фикрлашимиз сиз ўйлагандек зарарсиз эмас. Амалий ҳаётда, кишилар билан тўқнашганда улар бизни даҳшатли воқиаларга ва бемаза ҳолларга дуч келтиради. Мен шундай воқиаларни бошдан кечирганман, мен уни душманимга ҳам раво кўрмайман.
— Масалан? — деб сўрадим.
— Масалан? — деб саволимни такрорлади инженер; у, ўйлаб олди, илжайди кейин яна сўзлаб кетди: — Масалан, мана шундай бир воқиани олайлик. Аниқроғи воқиа эмас, боши ва кети бўлган бутун бир саргузашт! Ажойиб сабоқ бўлган эди! Эҳ, шундай сабоқки!
У, бизга ва ўзига вино қуйди, ўз тегишини ичгач, кенг кўкрагини кафти билан силади ва кўпроқ менга қараб ҳикоясини бошлади:
— Бу воқиа уруш тугаб, мен курсни тамомлаганимдан сал кейин, 187... йилнинг ёз ойларида бўлган эди. Мен Кавказга кетаётиб, йўлда денгиз бўйига жойлашган Н... шаҳарида беш кун яшадим. Ўзим ана шу шаҳарда туғилиб, ўсганман, шу туфайли, пойтахтдан келган кишига ҳар қанақангги Чухлома ёки Каширадаги сингари Н. шаҳарида яшаш ҳам зерикарли ва кўнгилсиз бўлишига қарамай, менинг кўзимга у одатдан ташқари кўнгилли, роҳатбахш, илиқ ва кўркам бўлиб кўринди. Бир вақтлари ўзим ўқиган гимназия ёнидан ўтарканман қалбимни ғамгин кайфият қоплаб олди, таниш шаҳарнинг истироҳат боғида ҳам ғамгин ҳолда сайр қилиб юрдим, кўпдан бери кўрмаган, аммо ўзим билган кишиларни ғамгинлик билан яқиндан кўришга тиришдим... Ҳаммаси мана шундай ғамгин суратда бўлди...
Ҳа, дарвоқе, бир куни кечқурун Карантин деб аталувчи жойга бордим. Бир вақтлари вабо касали тарқалган маҳалда бу ер чиндан ҳам карантин бўлган эди, ҳозир эса бу чорбоғчилар яшайдиган миёнагина, сийрак дарахтзор. Унга шаҳардан чиққан тўрт чақиримли яхши, юмшоқ йўл билан келинади. Йўлда кетаётиб, чап қўлда кўм-кўк денгизни, ўнг қўлда чегараси йўқ, кўримсиз чўлни томоша қилиб бордим; нафас олиш енгил, кўз қараб тўймайди. Дарахтзор шундайгина денгиз ёқасида. Мен извозчига жавоб бериб юбориб, таниш дарвозадан тўғри ичкари кириб бордим ва биринчи навбатда ёшликдан севган жойим — кичкинагина ғиштин шийпончага қараб бордим. Ана шу қўпол устунли қадимий мозор ёдгорлиги билан Собакевич дағаллигини ўзида мужассамлантирган юмалоқ шийпонча назаримда бутун шаҳарда энг илҳомбахш бурчакдан бири эди. У, денгиз бўйида, тик қирғоққа жойлашган бўлиб, ундан денгиз яхлит кўриниб туради.
Мен скамейкага ўтириб, панжарадан энгашиб, пастга қарадим. Шийпончадан тикка қирғоқ бўйлаб ёлғиз оёқ йўл кетган, у, тупроқ тепа ва ёввойи ўтлар ёнидан ўтиб, денгизга бориб туташган, худди ана шу ерда, қум билан қопланган паст қирғоқда нозик шилдираб, оҳиста чайқалганча тўлқин ўйнайди. Денгиз ҳозир ҳам, бундан етти йил илгари, мен гимназияни тамомлаб, пойтахтга кетган палладаги сингари улуғвор, чексиз ва беилтифот боқади; узоқда бир тўп тутун кўринди — пароход ўтиб бормоқда эди, ана шу бир жойдан жилмай ғира-шира кўринувчи тутун ва сув юзида ора-сира кўзга чалиниб қолувчи мартишка*лардан бўлак ҳеч нима денгиз билан осмоннинг бир хил манзарасини безамайди. Шийпончадан ўнг томонга ҳам, чап томонга ҳам — ҳар икки томонга эгри-бугри тупроқли соҳил чўзилиб кетган...
Ўзингизга ҳам маълумки, ғамгин киши денгиз ёки баҳайбат манзарани ёлғиз ўзи кўраркан, унинг ғамгинлиги устига ўзининг бекорга яшаб, беном-нишонсиз ўлиб кетиш ҳисси қўшилади-да, у, беихтиёр қўлига қалам олиб, дуч келган ерга исмини ёзиб қўйишга ошиқади. Шунинг учун ҳам мен ўтирган шийпончага ўхшаган барча кўздан нари, пасқам бурчакларга ҳамма вақт исмлар қалам билан ёзилган ёки қаламтараш билан ўйилган бўлади. Ҳозир ҳам ёдимда: панжаранинг у ёқ бу ёғига қараб «Х. Қ. (яъни хотира қолдирдим) Иван Королков. 16 май 1876 йил» деган сўзларни ўқидим. Худди ана шу Королков ёнига аллақандай маҳаллий хаёлпараст ўз исмини ёзиб: «Қуруқ тўлқинли қирғоқда у, турар буюк ўйларга тўлиқ» деб қўшиб қўйибди. Бу ёзув бўш, чочиқ, худди ҳўл шоҳидек майин эди. Аллақандай Кросс деган биттаси, чамаси ўлардай нотавон ва бефаросат одам бўлса керак, ўзининг пастаринлигини жуда яхши ҳис этиб, қаламтарашда отини бир вершокли чуқур ҳарфлар билан ёзиб чиқибди. Мен ҳам беихтиёр чўнтагимдан қаламимни олиб, устунлардан бирига исмимни ёзиб қўйдим. Ҳа, буни айтилаётган воқиага даҳли йўқ... Кечирасиз, мен қисқагина қилиб сўзлаб беришни билмайман.
Мен ғамгин ва бироз зериккан эдим. Зерикиш, жимлик ва тўлқинларнинг шувирлаши мени ҳозиргина сиз билан гаплашган фикрларга олиб келди. У маҳалда, етмишинчи йилларнинг охирида бу нарса халойиқ ўртасида тарқалганди. Саксонинчи йилларнинг бошига келиб, аста-секин адабиётга, фан ва сиёсатга ҳам ўтди. У маҳалда мен энди йигирма олти ёшга киргандим, лекин мен ҳаётнинг беҳуда ва бемаънилигини, ҳамма нарса алдаш ва хомхаёлдан иборат эканини, Сахалин оролида каторгада яшовчилар ҳаёти билан Нитстсада ўтказилган умрнинг фарқи йўқлигини, Кант мияси билан пашша мияси ўртасида ҳеч қандай тафовут йўқлигини, бу оламда ҳеч ким ҳақ ва айбдор эмаслигини — ҳаммаси бекорчи сафсаталигини, шунинг учун уларни улоқтириб ташлаш кераклигини яхши билиб олгандим! Ўзимнинг яшамоқда эканим билан гўё мени яшашга мажбур қилаётган аллақандай номаълум кучга илтифот кўрсатаётганга ўхшардим: гўё мана, кўриб қўй, ҳой куч, яшаяпман, лекин мен ўз ҳаётимни бир пақирга ҳам олмайман деярдим! Мен фақат маълум бир йўналишда, лекин турли тусда фикр юритардим, бу жиҳатдан ўз ишини яхши билган, атиги биргина картошкадан юз хил мазали овқат пиширадиган пазанда ошпазга ўхшардим. Очиқ гап, мен бир томонлама, ҳатто маълум даражада тор доирада фикр юритардим. Лекин ўзимга, фикрлаш доирамнинг боши ҳам, охири ҳам йўқдек, фикрим гўё денгиздек кенг бўлиб кўринарди. Энди, ўзимдан қиёс қилиб айтсам, ҳозир биз сўзлаётган фикр юритиш ҳам аслида гиёҳ сингари, яъни томоки ёки морфий каби ўзига тортади, киши унга одатланиб, тусаб туради. Шу туфайли ёлғиз қолган ҳар бир минутда ва ҳар бир қулай фурсатда киши ҳаётнинг бемаънилиги ва нариги дунё тўғрисидаги фикрларга берилиб, шу билан лаззатланади. Мен шийпончада ўтирган пайтимда, узун бурунли грек болалари сиполик билан хиёбонда сайр қилиб юришарди. Мен ана шу қулай фурсатдан фойдаланиб, болалардан кўз олмай:
«Хўш, манави болалар нега туғилди-ю, нега яшамоқдалар? Уларнинг яшашида бирон маъно борми? Ўзлари ҳам нима учун эканини билмай катта бўлишади, ҳеч керак бўлмаган ҳолда, мана шу узоқ бурчакда яшашади-да, ўлиб кетишади...» деган фикрни кўнглимдан ўтказдим.
Очиғини айтсам, болаларнинг мана шундай сиполик билан юришлари, ўзларининг кичкина бўлмағур ҳаётларини қиммат кўриб, дунёда нима учун яшаёгганларини гўё яхши билгандай бир-бирлари билан жиддий равишда гаплашаётганлари алам қилди... Хиёбоннинг нариги бошида, узоқдан уч аёлнинг қораси кўрингани ҳали ҳам эсимда. Аллақандай ойимқизлар — бири пуштиранг кўйлакли, иккитаси оқ кўйлакли — алланимани гаплашиб, кулиб, қўлтиқлашган ҳолда ёнма-ён келишарди. Уларни кузатиб турарканман, ўзимча:
«Зерикиб қолмаслик учун биронта хотин билан бу ерда икки кунгина дон олишсак ёмон бўлмас эди!» деб ўйладим.
Худди шу лаҳза Петербургдаги ойимча олдида бундан уч ҳафта илгари сўнгги марта бўлганим эсимга келди, шу туфайли бирон аёл билан сал вақтта бўлса қам танишиш хўп маъқул гап бўлишини кўнглимга тугдим. Ўртадаги, оқ кўйлакли ойимқиз дугоналарига нисбатан ёшроқ ва гўзалроқ эди, ўзини тутишига, кулишига қараганда гимназиянинг юқори синфида ўқиса керак. кўнглимга келган ана шу ножўя ўйни яширмай, унинг кўкрагига қарадим-да:
«Музика чалишни, ўзини тутишни ўрганади, аллақандай, худо ўзинг кечир, грекка эрга тегади, бир хилда аҳмоқона ҳаёт кечиради. Ҳеч қандай кераги бўлмаган ҳолда, нималигини ўзи ҳам билмай, бирталай болаларни туғиб беради, кейин ўлиб кетади. Ҳаёт қандай бемаъни нарса-я!» деб унинг тўғрисида ўйладим.
Умуман, шуни айтайки, мен ўзимнинг энг олижаноб фикрларимни ҳар қандай арзимаган ва содда нарсалар билан уйғунлаб, қўшиб юборишга уста эдим. Нариги дунё ҳақидаги фикрларим хотин-қизларнинг кўкраги ва оёқларига ихлос билан қарашимга халақит бермасди. Бизнинг ҳурматли баронга ҳам, унинг баландпарвоз фикрлари ҳар шанба куни Вуколовка қишлоғига бориб донжуанлик қилиб келишга сира халал бермайди. Виждонан айтганда, эсимни танибманки, хотинларга нисбатан муносабатим ғоят таҳқирли эди. Ҳозир гимназист қизни эслаб, ўша маҳалдаги фикрларим учун, уялганимдан қизариб кетдим, у маҳалда ҳеч бир уялмас эдим.
Ўзим олижаноб бир оиланинг боласи, христианман, олий маълумотим бор. Табиатан ёвуз ва тентак бўлмаган мендек одам, хотинлар билан немислар атагандек блутгелд усулида тўлаганимда ёки гимназист қизларга ҳақорат назари билан тикилганимда ҳеч қандай виждон азоби сезмасдим... Ҳамма бало шундаки, ёшликнинг ўз ҳуқуқлари бор, бизнинг фикр юритишимиз эса, бу ҳуқуқлар яхшими ё жирканчми эканига ҳеч бир қарши эмас. Кимки, ҳаётнинг бемаънилигини ва ўлим муқаррар эканини билса, ундай одам табиат билан бўладиган курашга, гуноҳ тўғрисидаги тушунчага бутунлай бепарво қарайди: курашсанг ҳам, курашмасанг ҳам, бари бир ўласан ва чириб кетасан дейди... Иккинчидан, афандилар, менинг, бизнинг фикрлашимиз ҳатто ёш йигитларни ҳам ўй сурадиган қилиб қўяди. кўп ҳолларда бизнинг мулоҳазаларимиз юракдан устун келади. Бевосита ҳис-туйғулар, илҳомланишлар майда таҳлиллар билан кўмиб ташланади. Қаердаки ўй суриш бўлса, у ерда бепарволик мавжуддир. Бепарво одамлар эса — яширишга сира ҳожат йўқ — софлик, иффатни билмайдилар. Бу фазилатлар фақат самимий, оқкўнгил ва муҳаббатга лаёқатли одамлардагина бўлади. Учинчидан, бизнинг фикр юритишимиз, хаётнинг маъносини инкор этиш билан, ҳар бир шахснинг ҳам маъносини инкор этади. Равшанки, агар мен қандайдир Наталя Степановнани шахс сифатида инкор этарканман, бу ҳолда у ҳақоратландими ё йўқми, менинг учун бари бир. Бугун унга блутгелд усулида ҳақ тўлаб, инсонлик фазилатини ҳақоратлаган бўлсам, эртага уни бутунлай унутиб юборишим ҳеч гап эмас.
Шундай қилиб, шийпончада ўтириб, қизларни кузатардим. Хиёбонда бош яланг, елкасига оқ жун рўмол ташлаб олган, малла сочли яна бир аёл кўринди. У, сайр қилиб юрди-да, сўнг шийпонга чиқди. Панжарани ушлаб, бепарволик билан пастга, кейин узоқ денгиз сатҳига қаради. Ўзи шийпончада турган бўлса-да, гўё ўтирганимни кўрмагандек, мутлақо менга эътибор бермади. Мен унинг оёғидан-бошига разм солиб чиқдим (одатда эркаклар хотинларнинг бошидан-оёғига қарайдилар). У ёш, йигирма бешдан ошмаган, ёқимтой, қадди-қомати келишган, кўринишидан эрга яқинда текканга ўхшарди, барно бир хотин эди. Устида уйда кийиладиган либос, умуман Н... шаҳаридаги барча зиёли аёллар сингари модага яраша кийинган эди.
«Қани энди шу рози бўлса... — деб ўйладим мен аёлнинг келишган хипча белига, қўлларига тикилиб, — чакки эмас экан... Ўзи бирон ҳаким-табиб ёки гимназия ўқитувчисининг хотини бўлса керак...»
У билан танишмоқ, ёки туристлар ишқивоз бўлган кичик бир ошиқ-машуқлик саргузаштига уни тортмоқ осон гап эмас, эҳтимол, бутунлай мумкин ҳам эмасдир. Унинг юзларига қараб, фикрим тўғри эканлигини фаҳмладим. У, атрофга шундай қарардики, гўё денгиз ҳам, узоқдаги тутун ҳам, осмон ҳам аллақачон унинг меъдасига теккан эди; афтидан у жуда чарчаган, зериккан ва аллақандай кўнгилсиз фикрни ўйларди, шуниси ғалати эдики, унда ҳатто нотаниш эркак ҳузурида ҳар қандай аёлда юз берадиган ясама бефарқлик ёки тараддудланиш ҳам пайдо бўлмади.
У, зерикканлиги кўриниб турган бир нигоҳ билан мен томон кўз ташлади-да, скамейкага ўтирди ва нима ҳақдадир яна ўйлай бошлади. Унинг ана шу қарашидан билдимки, ҳозир хотиннинг мен билан бир чақалик ҳам иши йўқ, ҳатто менинг пойтахтли эканим ҳам уни қизиқтирмади. Лекин, шунга ҳарамай у билан гаплашишга жазм қилиб:
— Хоним, узур, бир савол сўрашга рухсат этсангиз, бу ердан шаҳарга линейка** соат нечаларда жўнайди, шуни айтолмайсизми? — деб сўрадим.
— Соат ўн, ўн бирларда жўнаса керак...
Мен миннатдорлик билдирдим. У менга бир-икки қараб олди-да, бирдан бепарво юзида қизиқиш белгиси кўринди. Кейин унда аллақандай таажжуб, ҳайронлик ифодаси пайдо бўлди... Мен дарҳол ўзимни ҳеч нима билмаганга солиб, бепарво қиёфага кирдим ва донлашяпти, деб ўйладим! Алланима уни қаттиқ чақиб олгандай, у ирғиб ўрнидан туриб кетди ва мулойимгина жилмайиб, мени кўздан кечираркан, ботинқирамай:
— Менга қаранг, гоҳо одам янглишади, сиз Ананев эмасмисиз? — деб сўради.
— Ҳа, Ананевман... — деб жавоб бердим.
— Мени танидингизми? Йўқми?
Мен хижолат тортиб, унга синчиклаб қарадим. кўз олдингизга келтиринг, уни юзи-кўзидан, ё қадди-қоматидан эмас, ёқимли, ҳорғин жилмайишидан танидим. У, Наталя Степановна, бу ердагилар айтгандай, Кисочка эди. Ҳа, бундан етти-саккиз йил олдин, гимназияда ўқиб юрган йилларимда, мен оҳ, десам ўпкам кўринадиган даражада севиб қолган қиз шу эди. Бу аллақачон бўлган юрак сирлари эди... Мен Кисочкани жажжигина, ўн беш-ўн олти ёшли гимназия ўқувчиси эканини биламан, у маҳалда Кисочка гимназия ўқувчилари таъбига жуда ёқадиган, табиатнинг ўзи гўё атайлаб Афлотин муҳаббати учун яратгандай бир нозанин эди. Қандай малоҳатли қиз эди-я! Оппоққина, момиқдай енгил ва нозик, назаримда пуфласа, пардек осмонга учиб кетадиганга ўхшарди. Юзи ҳамиша ёқимтой, ҳайрат ифодаси кезар, қўллари кичкина, узун майин сочлари хипча белга тушиб турарди, — қисқаси ой нуридек мусаффо, нозик бир жонон эди, гимназист кўзи билан қараганда таърифи йўқ бир гўзал эди... Мен эсимни йўқотиш даражасида уни севиб қолгандим! Тунлари ухламай, унга атаб шеърлар ёзардим... Шундай ҳам бўлардики, у шаҳар истироҳат боғида кечаси скамейкада ўтирар, биз гимназия ўқувчилари унинг олдида уймалашиб, иззат-икром билан қарардик... Бизнинг оҳ-воҳларимизга, хушомадларимизга кечки салқиндан жунжиб, кўзларини юмар ва беозор, ёқимтойгина жилмайиш билан жавоб қиларди. Шу маҳалда у жажжигина, ёқимтой мушук боласига ўхшаб кетарди; уни ҳар биримиз эркалатгимиз, бошини силагимиз келарди. Унга Кисочка деб мушук номи қўйилиши ҳам шундан эди.
Биз бир-биримизни кўрмаган мана шу етти-саккиз йил ичида Кисочка жуда ўзгача бўлиб кетибди. У, анча тўлишган, энди аввалгидек юмшоқ ва серюнг мушук боласига ўхшамас эди. Юзи ўзгармаган ва сўлмаган, сал туси ўзгариб, жиддий тусга кирганди. Сочи калтароқ, бўйи узунроқ, елкалари аввалгидан деярли икки баравар кенг бўлган эди: энг муҳими, унинг ёшига борган ҳар қандай аёлда бўладиган каби, юзида оналик ва тобелик ифодаси ёрқин сезиларди. Аввал албатта, мен унинг юзида бундай ифодани кўрмаган эдим... Қисқаси, илгариги биз Афлотинча муҳаббат қўйган нозик паридан, аввалгидек ёқимтой жилмайишини ҳисобга олмаганда, ҳеч вақо қолмаганди...
Биз гаплаша бошладик. Менинг инженер эканимни эшитиб Кисочка ниҳоятда хурсанд бўлди.
— Қандай яхши-я! — деди у, қувонч билан менинг кўзларимга боқиб, — Оҳ, қандай яхши-я! Ҳамманглар ҳам жуда азамат чиқдинглар-да! Сиз билан бирга битирганларнинг биронтаси ҳам муваффақиялсизликка учрагани йўқ, ҳаммангиз яхши одамлар бўлиб етишдинглар: бири инженер, бири доктор, яна бири ўқитувчи, тўртинчиси ҳозир Петербургда атоқли артист дейишади... Ҳаммангиз ана шундай азаматсизлар! Оҳ, қандай яхши-я!
Кисочканинг кўзларида самимий қувонч ва хайрихоҳлик алангаланди. У, менга меҳрибонлик билан, укасига боққан опадек, ўз ўқувчисини кўриб қолган ўқитувчидек завқ билан қаради. Мен бўлсам унинг ёқимли юзига қараб: «Шу бугун у билан бирга бўлсам ёмон бўлмас эди!» деб ўйладим.
— Наталя Степановна, эсингиздами, — деб сўрадим, — бир сафар боғда, даста гулга мактуб қўшиб сизга берганим? Сиз, хатни ўқиб, ҳайрон бўлиб қолгандингиз...
— Йўқ, бу нарса эсимдан чиқибди, — деди мийиғида кулиб у. — Лекин, бир марта мени деб Флоренсни дуелга чақирмоқчи бўлганингиз эсимда...
— Ростдан-а, буни қаранг, менинг эсимда йўқ...
— Ҳа, бўлган нарса, ўтиб кетди... — деб Кисочка уҳ тортди. — Бир вақтлар ҳаммангиз менга сиғинардингиз, энди мен сизларга сиғинаман...
Кейинги гаплардан шу нарса маълум бўлдики, Кисочка гимназияда ўқишни тамом қилгач, орадан икки йилча ўтиб, шу ерлик бир кишига, банкдами, суғурта жамиятидами, аллақаерда ишлайдиган, айни маҳалда ғалла савдоси билан машғул ярим рус, ярим грек эрга тегибди. У аллақанақа Популакими ё Скарандопуломи, шунга ўхшаган ғалати фамилияли одам экан... Қурғурнинг оти хотирамдан кўтарилибди... Кисочка ўзи тўғрисида оз ва истар-истамас гапирди. Гапсўз асосан менинг тўғримда бўлди. У, институт, ўртоқларим, Петербург, келажак режаларим тўғрисида сўради. Мен нима тўғрида гапирсам ҳам у қувонар, жонланиб кетар ва: «Оҳ, қандай яхши-я!» — деб такрорларди.
Биз денгиз соҳилига тушдик, қумда сайр қилиб юриб, денгиздан кечки нам ҳаво эсганда шийпонгача қайтиб келдик. Гап ҳамон менинг тўғримда ва ўтмиш тўғрисида бўлди. Биз уйларда чироқ ўчгунча сайр қилиб юрдик.
— Бизникига юринг, чой ичамиз, — деб таклиф қилди, Кисочка. — Самовар аллақачон қайнатилиб, дастурхон ёзилган бўлса керак... Мен уйда ёлғизман, — деди у, ям-яшил акатсиялар орасидан ўзининг шинамгина уйи кўзга кўринган пайтда. — Эрим ҳамиша шаҳарда бўлади, фақат тунда уйга келади, шунда ҳам ҳар куни келмайди, бирам зерикаманки, ўлар бўлсам ўлиб бўлдим.
Мен унинг кетидан борарканман суқланиб елкасига қарардим. Унинг эрга текканлиги менга маъқул тушди. Кичкинагина ишқий саргузашт учун ойимқизлардан кўра жувонлар дуруст. Яна, уйда эри йўқлигини айтмайсизми. Лекин, шу ондаёқ орамизда бундай саргузаштнинг бўлмаслигига кўзим етди...
Биз уйга кирдик. Кисочканинг хоналари чоғроқ ва шифтлари пастроқ, қишлоққа хос мебеллар билан (руслар шаҳардан четдаги уйига қўпол, оғир, ранги ўчган, ташлай деса кўзи қиймайдиган мебеллар қўяди) жиҳозланган эди, лекин, баъзи майда-чуйдаларга қараб, уларнинг қашшоқ эмаслигини, бир йилда беш-олти минг харжлаб кун кўришларини тушуниш осон эди. Эсимда турибди, Кисочка ошхона деб атаган уйи ўртасига негадир олти оёқли юмалоқ стол қўйилган эди, унда самовар ва пиёлалар, бир четида саҳифалари очиқ китоб, қалам ва дафтар ётарди. Мен кўз ташлаб, Малинин ва Бурениннинг ҳисоб масалалари китоби эканини билдим. Китобнинг «шерикат қоидалари» саҳифаси очиқ турган эди.
— Сиз кимни ўқитяпсиз? — деб сўрадим Кисточкадан.
— Ҳеч кимни... — деб жавоб берди у. — Ўзим, шунчаки... зерикканимдан ва қиладиган ишим бўлмаганидан, эскиларни хотирлаб, масалалар ечиб ўтираман.
— Болаларингиз борми?
— Бир ўғил кўрган эдим, бир ҳафта умр кўриб ўлди. Чой ичгани ўтирдик. Кисочка завқ билан менга қарар, инженер бўлиб чиққанимдан, муваффақиятларимдан беҳад қувонганини айтарди. У, қанча очилиб гапирмасин, самимий равишда қанча кулмасин, бу уйдан қуруқ чиқиб кетишимга ишончим комил бўла борди. У маҳалда хотинлар билан бундай саргузаштларни ўрнига қўйишга уста эдим, иш чиқадими, йўқми менда бунга қандай имконлар борлигини дарҳол билиб олар эдим. Агар сиз, бирон лақма хотинни, ёки худди ўзингизга ўхшаб саргузашт ва енгил-елпи қувонч изловчи аёлни, ё бўлмаса сизга бутунлай ёт бўлган бемаъни хотинни қўлга туширмоқчи бўлсангиз, ҳеч шубҳасиз, иш чиқишига ишонаверинг. Борди-ю, ақлли-ҳушли, ўзи жиддий, юзлари ҳорғинлик билан хайрихоҳликни ифода этса, сиз билан ўтирганига чин қалбидан хурсанд бўлса, энг муҳими — сизни ҳурмат қилса, бундай аёлга овора бўлмай, индамай қайтиб кетаверишингиз мумкин. Бундай кезда иш чиқариш учун бир кун камлик қилади, бунга узоқроқ фурсат лозим.
Чироқ ёруғида Кисочка кундуз кундагидан кўра яна ҳам хушрўй кўринди. У тобора менга ёқиб бормоқда эди. Афтидан ўзим ҳам унга ёқиб бораётган эдим. Вазиятнинг ўзи ҳам ишқий саргузашт учун қулай эди-да: уйда эр йўқ, малайлар кўринмайди, атроф жимлик... Бирон иш чиқишига ишонмаганим ҳолда уни гапга солишга жазм қилдим. Аввало, Кисочка билан расмий равишда гаплашишга ўтмоқ керак эди, унинг самимий-жиддий ўтиришини, ўйноқироқ ҳолатга кўчирмоқ зарур...
— Наталя Степановна, энди бошқа тўғриларда гаплашсак бўларди, — деб сўз бошладим. — Бирон қизиқарли гап топайлик. Аввало, қадимий хотирамиз ҳурмати, сизни яна Кисочка деб аташга рухсат этинг.
У, рози бўлди.
— Кисочка, марҳамат қилиб айтинг, — деб давом этдим, — бу ердаги барча гўзалларнинг нима шўри қуриди. Нима гап ўзи? Илгари уларнинг бари одоб-ахлоқли, яхши фазилатли одамлар эди, энди бўлса, ким тўғрисида сўрамай, шундай нарсаларни айтишадики, эшитиб юрагим орқамга тортиб кетди... Бир ойимқиз офитсер билан қочиб кетибди, иккинчиси ўзи қочиб, бир гимназистни эргаштириб кетибди, учинчи хоним бўлса эрини ташлаб, бир артист билан жўнаб қопти, яна бири эридан чиқиб, офитсер билан топишибди, ҳоказо ва ҳоказо... Бу ерда шунақа юқумли касал тарқалганми дейман! Шундай бўлаверса, шаҳарингизда тез орада биронта ойимқиз, биронта тузук жувон қолмаса керак!
Мен бу сўзларни тилёғламалик билан разил бир оҳангда айтдим. Агар, Кисочка сўзимни эшитиб жилмайса, мен: «Ей, Кисочка, сиз ҳам ҳазир бўлинг, бирон офитсёр ё актёр тағин сизни ҳам ўғирлаб кетмасин!» демоқчи эдим. У тақдирда Кисочка кўзини ерга тикиб: «Менга ўхшаган нотовонни ўғирлаш кимга ҳам керак? Мендан кўра ёш ва чиройлилар кўп-ку...» деб жавоб қиларди. Мен унга: «Бўлмағур гапни қўйсангизчи, Кисочка, аввало ўзим сизни ўғирлаб кетардим!» дердим. Шу тақлид гап чувала бориб, охири, ошиғим олчи турарди. Бироқ, Кисочка менга жавобан жилмаймади, аксинча, юзларига жиддий тус кириб, уҳ тортди.
— Ана шу эшитганларингизнинг ҳаммаси тўғри...— деди у. — Актёр билан қочиб кетган қиз менинг холаваччам Соня бўлади. Бу яхши гап эмас, албатта. Ҳар бир одам тақдирга тан бериши керак. Лекин мен уларни қораламоқчи эмасман... Баъзан вазият кишидан устун келади!
— Бу-ку тўғри-я, Кисочка, лекин қандай вазият юқумли касал тарзида бўлиши мумкин?
— Бу маълум ва равшан... — деди қошларини чимириб Кисочка. — Бу ерда зиёли қиз ва жувонлар ўзларини қаерга қўйишни билмайдилар. Курсга ўқишга кетишга, ўқитувчилик қилишга, умуман, эркаклар сингари ғоя ва мақсад билан яшашга ҳар бир аёл ҳам қодир эмас. Бўлмаса эрга тегиш керак, дерсиз... Хўш, қани кимга тегайлик? Сиз — ўғил болалар гимназияда ўқишни тамом қилгач, ўз туғилган шаҳарингизга қайтиб келмаслик учун университетга кирасиз, пойтахтнинг ўзида уйланасиз, бу ердаги қизлар эса қолиб кета беради!.. Хўш, шундай бўлгач, уларни кимга тег дейсиз энди? Ўқимишли, виждонли яхши эркаклар бўлмаганидан кейин қизларимиз дуч келган, арақ ичадиган, клубларда жанжал кўтарадиган, қаердаги даллол ва келгиндиларга тегишга мажбур бўладилар-да, бекорга умрларини хазон қиладилар... Шундан кейин ҳаёт нима бўларди дейсиз? Ўзингиз яхши тушунасизки, тарбия кўрган, ўқимишли хотин бемаза бир одам билан ҳаёт кечираётиб, зиёли одамни: офитсерми ё актёр, докторми ёхуд аллакимни кўради-да, уни севиб қолади; шундан сўнг ҳаёт дўзахга айланиб, эрини ташлаб қочади. Уларни айблаб бўлмайди!
— Кисочка, ундай бўлса эрга тегиб нима қилишади?—деб сўрадим.
— Албатта, — деди Кисочка чуқур нафас олиб, — ахир ҳар қанақа қиз ҳам бирон эркакнинг бўлишини афзал кўради-да... Умуман, Николай Анастасевич, бу ерда яшаш осон эмас, ғоят қийин! Қиз ўтирсанг жонинг қийноқда, эрга тегсанг ундан бадтар... Мана ҳамма Сонянинг қочиб кетганини масхара қилади. Яна артист билан-а дейишади, агар улар Соня қалбини билсалар, бу тақлид кулишмаган бўларди...
Ташқаридан яна Азорканинг вовуллагани эшитилди. У, аллакимга ғазаб билан вовуллаб, кейин ғамгин ғиншиб олди ва бутун гавдаси билан ўзини барагимиз деворига урди... Ананевнинг юзи ачинишдан бужмайди, у, ҳикоясини бўлиб, ташқари чиқиб кетди. Икки минутча унинг эшик орқасида итни овутаётгани эшитилиб турди. У зўр бериб: «Зап яхши ит-да! Вой бечорагина-ей!» дерди.
— Николай Анастасичимиз суҳбатни яхши кўради, — деди фон Штенберг илжайиб ва бироз жим қолгач. — Яхши одам! — деб қўйди.
Инженер баракка қайтиб келиб, стаканларимизга яна вино қуйди, кейин илжайиб, кўкракларини силаркан, сўзини қолган жойидан давом этдирди:
— Шундай қилиб, менинг ҳужумим бекор кетди. Илож йўқ, ўзимнинг бузуқ ниятимни бошқа бир қулайроқ пайтга қолдириб, мағлубиятга кўникишга, бор-е деб, қўл силтаб қўя қолишга мажбур бўлдим. Кисочканинг товуши, кечки мусаффо ҳаво ҳамда жимлик менга таъсир қилиб, ўзим аста-секин дилбар бир кайфиятга келдим. Эсимда бор, мен ланг очиқ дераза тагидаги креслода дарахтларга ва қорайиб кетган осмонга қараб ўтирардим. Акатсия билан орғувон дарахтлари бундан саккиз йил илгаригидай бир хилда кўринарди; ўша ёшлик йилларимдаги сингари ҳозир ҳам аллақаерда, узоқда фортепяно ғингиллар, ўша вақтдаги каби хиёбоннинг у бошидан бу бошига кишилар сайр қилиб юрар, лекин бу сайр қилиб юрганлар бошқа одамлар эди. Энди бу хиёбонларда мен, ўртоқларим, ёки севганим эмас, бизга таниш бўлмаган аллақандай гимназистлар ва нотаниш қизлар сайр қилиб юрарди. Қалбим ғамгин ҳисларга тўлди. Кисочкадан таниш-билишларимни сўрардим, ундан беш марта «ўлган» деган жавоб олдим, бундан ғамгинлигим ошиб, кўнглим вафот этган яхши одамлар азасида ўтиргандек бузилиб кетди. Дераза тагида ўтириб, сайр этиб юрган кишиларни томоша қиларканман, фортепяно ғингиллашига қулоқ соларканман, умримда биринчи марта, бир авлод иккинчи авлодни алмашишга қанчалик эҳтирос билан шошилиб кетаётганини ва одамзод ҳаётида етти-саккиз йил деган нарса машъум аҳамиятга эга эканини ўз кўзим билан кўрдим!
Кисочка столга сантурин деган бир шиша вино келтириб қўйди. Мен ичдим, кайфим ошиб, узоқ вайсадим. Кисочка сўзимга қулоқ солиб, аввалгидай ўзимга ва ақлимга қойил қолар, завқ билан менга қараб ўтирарди. Вақт ўтиб бормоқда эди. Осмон шундай қоронғи бўлиб кетдики, акатсия билан арғувон дарахтларининг қораси бир-бирига қўшилиб кетди, хиёбонда сайр қилиб юрганлар кўринмай қолди, фортепянонинг овози ўчди, ёлғиз денгизнинг бир меъёрдаги шувуллаши эшитиларди.
Ешларнинг ҳаммаси бир хил. Еш йигитни эркалатиб, силаб-сийпасангиз, вино берсангиз, яхши ва келишган йигитсан деб мақтасангиз бўлди, ҳамма нарсани унутиб, оғзини очиб ўтира беради, кетиш кераклигини унутиб, ҳадеб гапира беради... Мезбоннинг уйқуси келиб кўзлари юмилиб кетаётган бўлса ҳам, ҳамон жағи тинмай гап сотаверади. Мен ҳам худди шундай бўлдим. Бир сафар беҳосдан соатга кўзим тушганда вақт ўн ярим бўлганди. Хайрлашмоқчи бўлиб турган эдим:
— Кетар жафосига ичинг, — деди Кисочка.
Мен кетар жафосига яна ичдим, кейин узундан-узоқ гапга тушиб кетдим, кетишим кераклигини ҳам унутиб, яна ўтирдим. Шу палла эркакларнинг овози, қадам товуши ва шпорлар жиринглаши эшитилди. Аллақандай одамлар дераза тагидан ўтиб, эшик ёнида тўхташди.
— Эрим келганга ўхшайди... — деди Кисочка ташқаридан келаётган овозларга қулоқ солиб.
Эшик шиқ этди, овозлар энди даҳлиздан кела бошлади, мен ошхонага кирадиган эшик ёнидан ўтган икки кишининг қорасини кўрдим: бири семиздан келган, қорамағиз юзли, похол шляпали қирғий бурун бир одам, иккинчиси оқ кител кийган ёш офитсер эди. Улар эшик ёнидан ўтатуриб, мен ва Кисочкага бёпарво кўз ташлаб қўйишди, менга уларнинг ҳар иккови ҳам ғирт мастга ўхшаб кўринди.
— Демак, у сенга ёлғон гапирган, сен лаққа ишонгансан! —деган овоз эшитилди, орадан бир минут ўтмай, ғўлдираб. — Биринчидан, бу нарса катта клубда эмас, кичигида бўлган эди.
— Юпитер, жаҳлинг чиқяпти, демак ҳақли эмассан... — деди иккинчиси, йўталаётгани кулиб, эҳтимол буниси офитсернинг овози бўлса. — Менга қара, бугун уйингда ётиб қолсам майлими? Очиғини айтавер: сенга бемалолми?
— Бу қанақа савол?! Ётиб қолишинг майлигина эмас, шарт! Нима ичасан: пивоми, ё виноми?
Улар биздан икки хона нарида ўтириб, баланд овозда гаплашарди, на Кисочка, на унинг меҳмонига қизиқишмасди. Кисочкада эрининг келиши билан сезиларли ўзгариш юз берди. У, аввалига қизарди, кейин юзида чўчиш ва ўзини гуноҳкордек сезиш акс этди. Умуман вужудини аллақандай хавотирлик қоплади, менга у эрини кўрсатгани уялаётгандай, шунинг учун тезроқ кетишимни кутаётгандай туйилди.
Мен хайрлашдим. Кисочка эшиккача кузатиб чиқди. Унинг хайрлашаётгандаги ёқимтой ва ғамгинлик билан жилмайиши, эркалик ва итоаткорлик билан боқиши ҳали ҳам ёдимда. У қўл бериб хайрлашаркан:
— Эҳтимол, энди ҳеч бир кўришмасмиз... — деди, — илоҳи ишингиз ўнгидан келсин. Келганингиз учун раҳмат!
Ортиқ бир оғиз гапирмади ва бирон марта уҳ тортмади. Мен билан хайрлашаётганда қўлида шам бор эди; ёруғ доирача худди унинг ҳасратли жилмайишини қувиб юргандай юзида, бўйнида ўйнарди; мен бир замонлар кўрганда мушук боласидек силагинг келадиган Кисочкани хаёлимдан ўтказиб, кўз олдимда турган Кисочкага синчиклаб қарадим. Негадир хотирамга унинг: «Ҳар бир одам тақдирга тан бериши керак» деган сўзи келди. Шундан кейин кўнглим жуда ўзгариб кетди. Мендек бахтиёр ва бепарво одам олдида ғоят меҳрибон, софдил, аммо кўп азоб-уқубат чеккан жувон турганини бутун вужудим билан сездим.
Мен таъзим қилиб, дарвоза томон юрдим. Аллақачон қоронғи тушган, Жанубда июл ойларида кеч жуда эрта тушиб, бир нафасда ҳаммаёқ қоронғи бўлиб кетади. Соат ўнга бориб шундай қоронғи бўладики, киши кўз олдидагини ҳам кўрмайди. Мен туртиниб-суртиниб юриб, дарвозагача йигирматача гугурт чақдим.
Дарвозадан чиқдим-у:
— Извозчик! — деб қичқирдим, менга бирон овоз эшитилмади... Мен яна: — Извозчик! — деб қичқирдим.
— Эй, ленейка!
Извош ҳам, линейка ҳам йўқ эди. Атрофим мозордай жимжит. Қулоғимга фақат денгизнинг шувиллаши, бояги сантурин виносидан юрагимнинг уриши эшитилади. Бошимни кўтариб осмонга қарадим — биронта юлдуз кўринмайди. Қоронғи ва осмонни булут қоплаган бўлса керак. Мен негадир елкамни қисдим, телбадек тиржайиб, ботинмай, яна «Извозчик!» деб бақирдим.
— Оч! — деган акс садо эшитилди.
Тўрт чақирим дала йўлини қоронғида ўтиш — кўнгилга хуш ёқмайдиган нарса, албатта. Пиёда йўлга тушишдан олдин мен узоқ ўйладим, тағин извош чақирдим, шундан кейин елкамни қисиб, аниқ бир қарорга келмай истар-истамас дарахтзорга келдим. Дарахтзор ичи зимистон. У ер бу ерда, дарахтлар орасидан чорбоғчиларнинг деразаларидан ғира-шира ёруғ кўзга чалиниб қолади. Қадамим товушидан ва гугурт чақиб, шийпонча йўлини ёритишимдан чўчиб кетган қарға дарахтдан-дарахтга учиб ўтар ва зўр бериб баргларни шитирлатарди. Менинг ҳам жаҳлим чиқар, ҳам хижолат тортардим. Бу ҳолатимни сезгандай қарға мени масхара қилиб, қағ-қағ деярди! Пиёда қайтиб кетиш алам қилар ва Кисочка уйида худди ёш боладек вайсаганимдан хижолат тортар эдим.
Охири шийпонгача етиб бордим, қўлим билан скамейкани пайпаслаб топиб, ўтирдим. Пастда, қоронғилик қўйнида денгиз оҳиста ва шахдам шувилларди. Мен кўр одамдай денгизни ҳам, осмонни ҳам, ҳатто ўзим ўтирган шийпончани ҳам кўрмай, бутун дунё фақат маст калламга келган фикрлар ва пастда аллақаерда бир хилда шувиллаётган кўринмас кучдан иборатга ўхшаб туйиларди. Кейин мудроқ босди, шувиллаётган денгиз эмас, менинг фикрларимга ўхшаб кетди. Бутун дунё эса ёлғиз мендан иборатдек сезилди. Шундай қилиб, бутун дунёни ўзимда мужассамлантириб извошчиларни, шаҳарни, Кисочкани унутдим ва ўзим севган туйғуларга берилдим. Бу даҳшатли ёлғизлик туйғуси бўлиб, қоп-қоронғи, шаклсиз бутун оламда мендан бўлак тирик жон йўққа ўхшарди. Бу туйғу, ўз текисликлари, ўрмонлари ва қорлари сингари фикрлаши ҳам, ҳис-туйғулари ҳам чексиз ва бепоён бўлган рус кишиларига хос ғурурли, иблисона бир туйғу эди. Агар мен рассом бўлганимда, бошини қўллари орасига олиб, оёқларини остига букиб, қимирламай ўтирган ва ана шу туйғуларга берилган рус кишисининг юзидаги ифодани тасвирлардим... Мана шу туйғулар билан бир қаторда ҳаётнинг бемаънилиги, ўлим ва нариги дунё ҳақидаги фикрлар... Бу фикрлар аслида бир чақага ҳам қиммат, аммо, юз ифодаси ниҳоятда чиройли чиқса керак...
Ўрнимдан қўзғолмай, мудраб ўтирарканман, ўзимни илиқ ва хотиржам сездим; денгизнинг секин, бир меъёрда шувиллаши орасидан бир ҳодиса содир бўлгандай бнрин-кетин эшитилган овозлар хаёлимни бўлди... Кимдир хиёбондан жадал келарди. Бу одам шийпонга етганда тўхтади-да, ёш қиздек энтикиб, йиғлоқ бир оҳангда:
— Эй парвардигор, бу азоб-уқубат қачон тугайди? Тангрим! — деб нола қилди.
Овози ва йиғисига қараганда қиз ўн-ўн икки ёшларга кирганга ўхшарди. У, тараддуд ичида шийпончага кириб ўтирди-да, сўник овозда ғўлдирай бошлади. Унинг ибодат қилаётганини ҳам, шикоят қилаёгганинн ҳам билиб бўлмасди...
— Ё раббим! —деди у йиғи аралаш чўзиб. — Ахир бунга чидаб бўладими! Пичоқ суякка бориб тақалди-ку! Мен шу маҳалгача сабр-тоқат қилиб келдим, индамадим, тушунгин, аҳир, менинг ҳам яшагим келади. Вой худойим-ей!
Ҳаммаси шу тақлид гаплар... Мен қизни кўргим ва у билан гаплашгим келди. Уни чўчитиб юбормаслик учун аввал қаттиқ уҳ тортдим, кейин йўталдим ва оҳиста гугурт чақдим... равшан нур қоронғиликда чақнаб, йиғлаётган одам юзини ёритди. У Кисочка эди...
— Манави антиқани қаранг! — деб уҳ тортди фон Штенберг. — Қоронғи кеча, денгиз шувиллайди, изтироб чекаётган хотин, оламда ёлғизлик туйғусини тортаётглн ўзлари... аллама бало-ку! Сиз айтган манзарага ханжар кўтарган черкасгина етмайди, холос.
— Мен сизга эртак эмас, бўлган воқиани гапириб беряпман.
— Бўлган бўлса нима қипти... Бунинг энди сира аҳамияти йўқ, кўпдан маълум...
— Таҳқир билан қарамай, охирини эшитинг! —деди Ананев, жаҳл билан унга қўл силтаб. — Халақит бермасангиз-чи! Мен буларни сизга эмас, докторга сўзлаб беряпман... Хўш, — деди у менга мурожаат қилиб, сўзида давом этаркан, ҳисоблари устига энгашиб турган студентга кўз қирини ташлаб олди. Студент инженерни калака қилганидан мамнунга ўхшарди. — Хўш, шу десангиз, Кисочка мени кўриб шийпончада ўтиришимни аввалдан билгандай таажжубланмади, чўчиб, кетмади. У, энтикиб нафас олар, безгаги хуруж қилган одамдай бутун вужуди титрарди, юзлари кўз ёшларидан ҳўл бўлиб кетганди. Мен устма-уст гугурт чақиб, оқил, итоаткор ва ҳорғин чеҳра ўрнида ҳозирча ўзим тушунолмаган ғалати бир юзни кўрдим. Сўзлари ва кўз ёшлари азоб-ўқубатними, безовталикними ё ғам-ғуссаними акс этдирадими, билиб бўлмасди... Иқрор бўлишим керакки, унинг бу нотайин кўринишидан, у менга мастдай ҳам туйилган бўлса керак.
— Ортиқ тоқат қила олмайман... — деди Кисочка ғўлдираб, йиғлаётган қиз каби. —Жонимдан тўйиб кетдим. Николай Анастасич! Кечиринг мени, Николай Анастасич... Бундай яшашга тоқат қолмади... Шаҳарга, ойимнинг олдига кетаман... Мени кузатиб қўйинг... Худо хайрингизни берсин, ўтинаман, кузатиб қўйинг... Худо хайр берсин!
Олдимда биров йиғлаб турса мен на гапира олардим, на жим ўтира олардим. Ўзимни йўқотиб қўйдим ва алланима деб ғулдираб, тасалли берган бўлдим.
— Йўқ, йўқ, мен ойимникига кетаман! — деди Кисочка, қатъий равишда, ўрнидан тураркан, қалтираган қўллари билан қўлимдан ушлади (унинг қўли ва енги кўз ёшидан ҳўл бўлиб кетганди). — Кечирасиз Николай Анастасич, кетаман... Бошқа илож қолмади, ўлиб бўлдим...
— Кисочка, кўряпсиз-ку, биронта извош йўқ! — дедим. — Нимада кетасиз шаҳарга?
— Ҳечқиси йўқ, мен пиёда ҳам кета бераман... Унча узоқ эмас. Ортиқ чидолмайман...
Мен хижолат тортган бўлсам-да, ҳаяжонга тушмадим. Кисочканинг кўз ёшлари, қалтираши ва юзидаги нотайин кўриниш менга франтсуз ёки малорусларнинг арзимас қайғу учун пудлаб кўз ёши тўкиладиган сийқа мелодрамалари сингари асоссиз бўлиб кўринди. Мен тушунмасдим, буни ўзим ҳам яхши билиб турардим, шу туфайли жимгина ўтиришим лозим эди, лекин мен негадир, эҳтимол индамай ўтириш лақмалик нишонаси бўлмасин дебми, унинг онаси олдига кетмай уйида тинчгина ўтиришини маслаҳат қилдим. Йиғлаганлар ўз кўз ёшларини биров кўриб қолишини севмайдилар. Мен бўлсам устма-уст гугурт ёқиб, то қути тамом бўлгунча чақиб ўтирдим. Ана шу мурувватсиз чарағонликнинг менга нима кераги бор эди, ҳалиям билмайман. Умуман, бепарво одамлар кўпинча қўпол ва ҳатто аҳмоқ бўладилар.
Охири, Кисочка мени қўлтиқлаб олди, биз шийпончадан чиқиб кетдик. Дарвозадан чиққач, ўнг қўлга қайрилиб, юмшоқ тўпроқ йўлдан аста-секин кетдик. Тун қоронғи; кўзим секин-аста қоронғиликка ўргангач йўлнинг икки ёқасидаги кекса, лекин ингичка эман ва арғувон дарахтлари қорасини кўра бошладим. Тез орада ўнг қўлда, у ер бу ерини ўпқонлар ва майда-чуйда жарликлар қоплаган нотекис саҳн ғира-шира кўзга ташланди. Жарликлар бўйида худди пусиб ўтирган одамдек пастак буталар турарди. Юрагимни ваҳима босиб кетди. Мен шубҳаланиб қирғоқ томон кўз қиримни ташладим, денгиз шувиллаши, далаларнинг сукунати юрагимга ғулғула солди. Кисочка индамай борар, у ҳамон қалтирар, ярим чақиримча йўл босмай юришдан мадори қуриб, халлослаб қолди. Мен ҳам индамай кетмоқда эдим.
Карантиндан бир чақиримча нарида бир вақтлари буғ билан ишланган, мўрилари жуда ҳам баланд, тўрт қаватли ташланди тегирмон биноси бор. У соҳилда ягона бино бўлиб, кундузи денгиздан ҳам, далалардан ҳам кўриниб туради. Бино ташланди ва унда ҳеч ким яшамаслиги, ҳар қанақа овозларга акс садо бериши, ўтган-кетганларнинг овози ва қадам товуши бино ичидан барала эшитилиб туришидан кўзга жуда сирли ҳамда ваҳимали кўринади. Мана шу қоп-коронғи кеча қўйнида эридан қочиб кетаётган хотинни қўлтиқлаб, ўйиб олинган кўздек юзлаб қора деразалари тикилиб турган, ҳар бир қадамимнинг садосини такрорлаётган бино олдида турган мени тасаввур этинг. Бундай кезда, эси жойида бўлган ёш йигит романтизмга берилиб кетарди, мен бўлсам қоп-қора деразаларга қараб, ўзимча: «буларнинг ҳаммаси даҳшатли, лекин бир кун келиб шу бинодан, Кисочкадан, унинг ғам-андуҳларидан, мен ва менинг барча фикр-ўйларимдан ному нишон қолмайди... Барчаси бўлмағур, беҳуда нарсалар...» деб ўйладим.
Биз тегирмон ёнига етганимизда Кисочка тўсатдан тўхтади, қўлини оҳиста бўшатиб олиб, аввалгидай ёш қиз овози билан эмас, ўзининг расмана озози билан:
— Николай Анастасич, буларнинг ҳаммаси сизга жуда ғалати кўринаётгандир, — деди, — лекин, мен жуда бахтсизман! Қандай бахти қора эканимни тасаввур ҳам қилолмайсиз! Тасаввур қилиб ҳам бўлмайди! Сизга уни гапириб ўтирмайман, чунки гапириб ҳам бўлмайди. Шундай ҳаёт, шунақангги ҳаёт...
Кисочка гапини тугатолмади, тишларини ғижирлатиб, шундай инградики, гўё оғриқдан бақириб юбормаслик учун кучининг борича ўзини тийиб турганга ўхшади...
— Шунақангги ҳаёт! — деб такрорлади у қўрқув билан ва чўзиб. Бу овозда жанублиларга, хохолларга хос бўлган, айниқса хотинларнинг ҳаяжонли сўзлашига қўшиқ руҳини берадиган оҳанг янграб эшитилди. — Шунақангги турмуш! Вой худойим-ей, бу қандай гап, а? Эй, парвардигор!
У, гўё ўз ҳаётининг сирини ечмоқчи бўлгандай ҳайрат билан елкасини қисди, бошини чайқаб, қўлини-қўлига урди. Худди ашула айтаётгандай сўзлар, ҳаракати эса жозибали ҳамда чиройли эди; шу топда у менга таниш бир отоқли украин актрисасини эслатди.
— Оҳ худо, мен худди зиндонда ётганга ўхшайман! — деди у, сўзида давом этиб ва бармоқларини қисиллатиб. — Қани энди, ақалли бир нафасгина одамларга ўхшаб шод-хуррам яшасам! Э, худо! Қандай маломатли кунларга қолди бу бошим! Ёт одам олдида худди аллақанақангги саёқ хотинлардек ярим кечаси эримни ташлаб қочиб кетяпман. Шундан кейин нимага умид боғлаб бўлади?
Мен унинг ҳаракати ва овозини завқ билан кузата туриб, Кисочкани эри билан ёмон туришидан хурсанд бўлаётганимни бирдан пайқаб қолдим. кўнглимдан дарҳол: «У билан бир кеча бирга бўлишга нима етсин!» деган фикр ўтди. Бу шафқатсиз фикр кўнглимга қаттиқ жойлашиб олиб, йўл бўйи менга тинчлик бермади. Тобора мени кўпроқ васвасага солиб, юрагимни қитиқлаб борди...
Тегирмондан бир ярим чақиримча ўтилгач, шаҳарга бориш учун мозор ёнида чапга қайилиш керак. Ана шу қайилишда, мозор муйишида ғиштин шамол тегирмон бор, унинг ёнидаги кичик уйда тегирмончи яшайди. Биз тегирмон ва унинг эгаси уйидан ўтиб кетдик, кейин чапга қайрилиб, мозор дарвозасига етдик. Шу ерда Кисочка тўхтади.
— Николай Анастасич, мен қайтиб кетаман! — деди у, — сиз кета беринг, худо йўлингизни берсин, уйимга ўзим қайтиб кетаман. Мен қўрқмайман.
— Ия, топган гапингизни қаранг-а! — дедим чўчиб, — онангизникига борадиган бўлсангиз боринг-да...
— Мен бекор қизишиб, тезлик қилибман... жанжал арзимаган нарсадан чиқди. Сизнинг сўзларингиз ўтмишни ёдимга туширди. Шундан кейин кўнглимга турли ўйлар келди... Юрагим сиқилиб турганди. Эрим офитсер ўртоғи олдида менга ножўя гап қилди, мен чидаб туролмадим... Шаҳарда, ойимнинг олдида нима бор? Шундай қилсам бахтли бўлармидим? Қизиғида қайтганим яхши... Йўқ, келинг... юра беринг! — деди Кисочка ва жилмайиб қўйди. — Бўлар иш бўлди!
Мен мозор дарвозасидаги: «Шундай соат келадики, барча қабрда ётганлар Исонинг овозини эшитадилар» деб ёзиб қўйилган лавҳани эсладим, мен, қачондир эртами, ё кеч, бир кун келиб ўзим ҳам, Кисочка ҳам, унинг эри, оқ кителли офитсер ҳам, ҳаммамиз анави қорайиб кўринаётган дарахтлар остидаги панжаранинг нарёғида ётажагимизни яхши билардим. Шу билан бирга ёнимда бахти қора, ҳақоратланган одам кетаётганини ҳам билардим, булар менга равшан эди, лекин Кисочка қайтиб кетади-ю мен унга айтмоқчи бўлган гапларимни айтолмай қоламан деган малол келадиган ва кўнгилсиз хавотирлик дилимга ҳаяжон солди. Калламда ҳеч қачон ўша тундагидек олий фикрлар ўзимнинг пасткаш ниятларим билан қўшилиб, бу даражада аралашиб кетмаганди... Қандай даҳшат!
Мозор яқинида извош топдик. Кисочканинг онаси истиқомат қиладиган Болшая кўчасига етганимизда извошдан тушиб, йўлкадан кетдик. Кисочка ҳамон жим кетарди, мен эса унга қараган сари жаҳлим чиқиб: «Нега индамайсан, ахир? Гапирсангчи, айни фурсат-ку!» деб ўзимни-ўзим койирдим. Мен яшаётган меҳмонхонадан йигирма қадам беридаги фонар тагига етганимизда Кисочка тўхтаб, йиғлаб юборди.
— Николай Анастасич! — деди у йиғи ва кулги аралаш. Кейин ёш тўла кўзларини жовдиратиб, менга тикилди. — Ана шу қилган яхшилигингизни бир умр унутмайман... Қандай яхши одамсиз! Сизларнинг ҳаммангиз ана шундай азаматсизлар! Оқ кўнгил, ҳимматли, донишманд, муруватли... Оҳ қандай яхши-я!
У менга ҳамма жиҳатдан илғор ва етук маданиятли одам деб қарарди; унинг кўз ёшларидан ҳўл бўлиб кетган юзида, менга нисбатан туғилган завқ ва меҳр билан бир қаторда, менга ўхшаган одамларни жуда кам кўриши ва шундай одамлардан бирини хотини бўлишдек бахтни худо унга раво кўрмаганидан афсусланиш бор эди. «Оҳ, қандай яхши-я!» деб яна ғўлдиради у. Юзидаги гўдаклик севинчи, кўз ёшлари, мулойим жилмайиши, рўмоли остидан чиқиб турган майин сочлари, бепарволик билан бошига ташлаб олган ана шу рўмолининг ўзи менга фонар ёруғида кўрганингда мушукдек силаб-сийпагинг келадиган илгариги Кисочкани эслатди...
Мен чидаб туролмай унинг сочларини, елкасини, қўлларини силадим...
— Кисочка, айт ахир, нима истайсан? — деб ғўлдирадим. — Истасанг сен билан дунёнинг нариги бурчига боришга розиман! Мен сени ана шу зиндондан олиб кетаман, бахтли бўласан, Сени севаман... Бирга кетайлик, жонгинам! Хўпми? Яхшими?
Кисочканинг юзида таажжуб пайдо бўлди. У, фонар остидан бир қадам чекиниб, кўзларини катта очиб менга тикилди. Мен эса унинг қўлини маҳкам ушлаб юзини,, елкасини, бўйнини ўпдим, қасам ичиб, турли-туман ваъдалар бердим. Ишқ-муҳаббатда қасам ичиш жисмоний бир заруриятдир. Бусиз иш битмайди. Баъзан шундай бўладики, ёлғон гапираётганингни ўзинг хам билиб турасан, ваъда бериш керак эмас, лекин, бари бир қасам ичиб, ваъда берасан. Ҳайратда қолган Кисочка ҳамон орқага тисарилар ва кўзини бақрайтириб менга қарарди.
— Йўқ, йўқ! Керак эмас! — деб шивирлади у қўли билан мени ўзидан четлатиб.
Мен уни маҳкам қучоқлаб олдим. Тўсатдан у асабийлашиб, ҳўнграб йиғлаб юборди, унинг юзи шийпончада гугурт чиққанимдаги сингари нотайин ва аллақандай бепарво тусга кирди. Мен унинг сўзлашига халақит бериб, розилигини олмай, меҳмонхонага судраб кирдим... У, худди тошдай қотиб қолган, юрмасди, шунга қарамай мен уни қўлтиғидан ушлаб, деярлик кўтариб олиб кетдим... Эсимда, биз зинапоядан чиқаётганимизда аллақандай қизил гардиш фуражкали одам таажжуб билан менга қаради-да, Кисочкага салом берди...
Ананев қизариб кетди ва сўздан тўхтади. У, жимгина стол ёнидан ўтди, зарда билан бўйнини қашиди, кейин ўзининг баданига югурган совуқдан жунжиб, курак ўртасини ва елкасини қисди. Унга ўтмишни хотирлаш оғир, ўзи билан ўзи олишмоқда эди...
— Яхши эмас! — деди у стакандаги винони ичай деб туриб, бош силкиб. — Айтишларига қараганда, студент медикларга ҳар сафар хотин-қизлар касалликлари тўғрисида кириш лектсияси ўқиш ва бемор аёлни ечинтириб, у ёқ бу ёғини ушлаб кўришдан олдин уларга ҳар бирининг онаси, синглиси ва қаллиғи борлигини эслашни маслаҳат беришаркан... Бу гап ёлғиз медикларга эмас, ҳаётда бирон сабаб билан хотинларга дуч келадиган барча кишиларга алоқадор ва айтилиши лозим. Мана ҳозир, хотиним ва қизим бор, мана энди бу маслаҳатнинг қанчалик ўринли эканини тушундим! Айтгандай, бу ёғини эшитинглар... Кисочка менинг севгилим бўлганидан кейин, бунга бошқача назар билан қаради. Аввало, мени ихтирос билан чуқур севди. Мен учун қисқа муддатли кўнгил очиш унинг хаётида катта ўзгариш ясади. Эсимдаки, у ақлдан озган одамга ўхшаб қолганди. Ҳаётида биринчи марта бахтли бўлиб, яшариб кетди, юзларида завқ ва қувонч ўйнаб, бахтиёрликдан ўзини қўйгани жой топмай гоҳ кулар, гоҳ йиғларди, эртага биз қандай қилиб Кавказга жўнашимиз, у ердан кузда Петербургга боришимиз, сўнг қанақа ҳаёт кечиришимиз тўғрисида орзу-умидларини тинмай очиқ гапирарди...
— Эрим тўғрисида асло ташвиш тортма, — деб менга тасалли берди, — у менга талоқ хатимни беришга мажбур. Чунки Костовичнинг катта қизи билан учрашиб туришини бутун шаҳар билади. Мен ундан ажраламан, иккимиз никоҳдан ўтамиз.
Хотинлар севиб қолса, мушукка ўхшаб, қишига жуда тез илашиб, кўникиб кетади. Кисочка менинг хонамда атиги бир ярим соат бўлди-ю, лекин худди ўз уйида ўтиргандек, менинг буюмларимни ўз буюмидек билиб, тергай бошлади. Буюмларимни чемоданга жойлади, қимматбаҳо палтомни қозиққа илмай латтадек стулга ташлаб қўйганим учун койиди ва ҳоказолар.
Мен унга қараб, сўзларини эшитиб ўтирарканман, ўзимнинг чарчаганим ва бу ишдан пушаймон бўлаётганимни сездим. Оқкўнгил, номусли, жафо тортган аёллинг уч-тўрт соат ичида дуч келган одам қучоғига отилиб, ўйнаш бўлгани менинг ғашимга тегмоқда эди. кўрдингизми, мендай инсофли одамга бу нарса ёқмай қолди. Кейин, Кисочка каби енгилтак аёлларнинг ҳаётни ҳаддан зиёд севишлари, ҳатто бекорчи гап бўлган — ўзларининг эркакларга муҳаббатларини олий бахт, азоб-уқубат ва ҳаётни ўзгартувчи нарса даражасига кўтаришлари менда ёмон таъсир қолдирди... Бунинг устига, муродим ҳосил бўлгач, бу аёл билан яқинлашиб телбалик қилганим ва энди беихтиёр уни алдашим кераклигидан ўзим пушаймон бўлмоқда эдим... Ҳа, дарвоқи, шуни ҳам айтиб ўтайки, ўзимнинг хийла интизомсизлигимга қарамай, ёлғон гапиришни ўлардай ёмон кўрардим.
Ҳозир ҳам эсимда, Кисочка бошини тиззамга қўйиб ўтирарди. Муҳаббатдан ёниб турган кўзларини менга тикиб:
— Коля, мени севасанми? — деб сўрарди. — Жуда ҳам севасанми? А жуда ҳам-а?
Шундай деб, у қувнаб кулди... Бу нарса менинг кўзимга туйғуга ортиқ берилиш, кўнгилни айнатувчи нодонлик бўлиб кўринди. Лекин ўзим, шу пайтда аввало ҳамма нарсадан «чуқур фикр» излаш кайфиятида эдим.
— Кисочка, онанг уйига кетсанг бўларди, — дедим. — Бир бало бўлиб, йўқлигинг билиниб қолса, қариндош-уруғларинг бутун шаҳарни кезиб, излаб юришмасин тағин. Ойинг олдига эрталаб кириб борсанг, яхши бўлмайди...
Кисочка сўзимни маъқуллади. Хайрлашаётиб, у билан эртага кундузи шаҳар истироҳат боғида учрашадиган, индинига Пятигорскка бирга жўнаб кетадиган бўлиб, аҳдлашдик. Уни кўчагача кузатиб чиқдим. Йўлда самимий ва меҳрибонлик билан эркалатганим ҳали ҳам хотирамда. Шундай дақиқалар ҳам бўлдики, ҳеч шубҳасиз менга ишонаётгани учун унга раҳмим келди, ҳатто, ўзим билан Петербургга олиб кетмоқни хаёл қилдим. Лекин, чемоданимда атиги олти юз сўм борлиги, кузда эса ундан ажралиш ҳозиргидан кўра янада қийинроқ бўлишини эслаб, дарҳол раҳм-шафқатимни йиғиштириб қўйдим.
Биз Кисочканинг онаси яшайдиган уй олдига келдик. Мен қўнғироқни босдим. Эшик орқасидан оёқ товуши эшитилганда Кисочканинг юзида дарҳол жиддий қиёфа пайдо бўлиб, осмонга қаради ва мени шошилиб ёш боладек қайта-қайта чўқинтирди, шундан кейин қўлимни маҳкам ушлаб, лабларига босди.
— Эртагача хайр! — деди у ва уйга кириб кетди.
Мен кўчанинг нариги бетига ўтиб, йўлкадан туриб, рўпарамдаги уйни кўздан кечирдим. Аввал деразалар қоп-қоронғи эди, тўсатдан бир деразада ёқилган шамнинг хира кўкиш нури кўринди; у катталаниб, ўзидан шуъла таратди. Ана шу нур билан бирга аллақандай соялар хона бўйлаб юра бошлади.
«Кутишмаган экан!» деб кўнглимдан ўтказдим.
Ўз номеримга қайтиб келиб, ечиндим, сантурин виносидан ичиб, бозордан кундуз куни сотиб олган донадор икра билан закуска қилдим. Шошилмай ўрнимга ётдим-да, туристлар сингари хотиржам ва қаттиқ уйқуга кетдим.
Эрталаб ўрнимдан турганимда бошим оғрир, кайфим бузуқ, негадир кўнглим ғаш эди.
— Нима гап ўзи? — деб сўрадим ўзим ўзимдан, нимадан ташвишланаётганимни билмоқ учун. — Мени нима безовта қиляпти? Кисочка келиб қолса жўнаб кетишимга халақит бериши ва унга ёлғон гапириб, минг товланишим кераклиги мени безовта қилаётган экан. Мен тезгина кийиндим-да, буюмларимни чемоданга жойлаб, уни кечқурун соат еттига вокзалга етказиб беришларини буюриб, меҳмонхонадан чиқиб кетдим. Кун бўйи бир таниш доктор ўртоғим уйида ўтирдим, кеч киргач, шаҳардан жўнаб кетдим. Мана, ўзингиз кўриб турибсизки, менииг фикрим ғоят пасткашлик билан, хиёнаткорона равишда шаҳардан қочиб қолишга халақит бермади.
Таниш доктор ўртоғим уйида ўтирганимда ҳам, вокзалга чиқиб кетаётганимда ҳам хавотирликдан ўзимни қўйгани жой топмадим. Ўзимча Кисочка билан учрашишдан, бирон жанжал чиқишидан кўрқаётганга ўхшардим. Вокзалда атайлаб иккинчи қўнғироқ урилгунча ҳожатхонада ўтирдим. Ўз вагоним томон кетаётганда қалбимни шундай оғир туйғулар қамраб олдики, гўё бошимдан оёғимгача ўғирланган буюмлар билан ўралгандек эдим. Зўр ваҳима ва сабрсизлик билан учинчи қўнғироқ чалинишини кутдим!
Ниҳоят қувончли, жонимга ора кирувчи учинчи қўнғироқ урилди, поезд йўлга тушди; қамоқхона билан казарма ҳам орқада қолиб кетди, кенг дала бошланди, аммо, мени ҳайрон қилган нарса шу бўлдики, юрагимнинг безовталиги ҳамон босилмаган эди. Ўзимни ҳали ҳам зўр бериб қочишга тиришаётган ўғридай ҳис қилмоқда эдим. Бу қанақаси а? Ўзимни босиб олиш ва кўнгилдаги чигилни ёзиш учун, вагон деразасидан ташқарига қарадим. Поезд соҳил ёқалаб борарди. Денгиз сатҳи ойнадай силлиқ, кечки шафақнинг олтинсимон нозик шуъласи ёйилган феруза осмон денгизда жилваланиб, осойишта акс этиб турарди. Денгизнинг у ер бу ерида балиқчиларнинг сол ва қайиқлари кўзга қорайиб кўринарди. Баланд соҳилга жойлашган худди қутичадай бежирим ва ғуборсиз шаҳар устини аста-секин кеч қоронғилиги қоплай бошлаган эди. Унинг олтин бошли черковларида, деразалари ва кўкатларида ботаётган қўёшнинг нури акс этиб, эритилаётган олтиндай яллуғланар ва сўнарди... Далалардан таралаётган хушбўй ис денгиздан эсаётган ёқимли нам ҳаво билан қўшилиб кетмоқда.
Поезд учиб борарди. Йўловчилар ва кондукторларнинг кулгилари тинмайди, ҳамма шод-хуррам, ўзини енгил сезарди, ёлғиз менинг ғалати безовталигим борган сари зўраярди... Мен шаҳарни босаётган нурсиз қоронғиликка қарадим, назаримда, ана шу қоронғилик ичидаги черков ҳамда уйлар ёнида, юзида бирон ифода бўлмаган, бепарво қаровчи хотин зир югуриб мени қидириб юрганга ўхшади. У ёш қиздек ёки украин актрисаси сингари чўзиб: «Ё раббим, ё раббим!» деб инграрди. Кеча хайрлашаётиб, унинг жиддий юз ва ташвиш тўла кўзларини катта очиб, худди ўз ўғлидек мени чўқинтирганини эсладим, шу заҳоти, кеча у ўпган ўз қўлларимга беихтиёр қарадим.
Қўлимни қашиб туриб: «Нима бало, яхши кўриб қолдимми?» деб ўзимдан-ўзим сўрадим.
Фақат кечаси бўлиб, йўловчилар уйқуга кетиб, мен ўз виждоним билан ёлғиз қолганимдагина илгариги ғалати туйғумни фаҳмлаб қолдим. Ҳозиргина ёритилган вагонда, кўз олдимда Кисочка образи турарди, худди ана шу фурсатда мен одам ўлдириш даражасида ёвузлик қилганимни англадим. Виждон азоби қийнамоқда эди. Ана шу азоб-уқубатли ҳисларни босмоқ учун буларнинг ҳаммаси беҳуда, бўлмағур нарса, бари бир мен ҳам, Кисочка ҳам ўлиб, чириб кетамиз, унинг қайғу-аламлари эса ўлим олдида ҳеч гап эмас ва ҳоказо ва ҳоказо, деб ўзимга тасалли беришга тиришдим... Қисқаси, озод ирода йўқ, демак шундай бўлгач мен ҳам айбдор эмасман; лекин мана шу далилларнинг ўзи менинг ғашимга тегарди ва улар бўлак ўй-мулоҳазаларим ичида ғалати бир тезликда йўқолиб кетарди. Кисочка ўпган қўлимдан қўмсаш ҳисси сездим... Гоҳ жойимга бориб ётар, гоҳ ўрнимдан туриб стантсияларда арақ ичар, ўзимни межбур қилиб бутерброд ердим, кейин ҳаётнинг бир чақалик қиммати йўқ деб, ўзимни ишонтиришга тушдим, аммо бундан ҳеч нима чиқмади. Менинг миям ғалати нарсалар, очиғи, кулгили нарсалар билан тўлиб тошганди. Сира бир-бирига ўхшамаган фикрлар тартибсиз равишда қалашиб, бири иккинчисига халақит бериб, чувалашиб кетарди, мен мутафаккир эса, бошимни қуйи эгиб, кўзимни ердан олмай ҳеч балога тушунмаганимча, ана шу сон-саноқсиз фикрлардан керакли ва кераксизини ажратолмай карахт ўтирардим. Маълум бўлдики, мен, мутафаккир шу маҳалгача ҳатто фикрлаш техникасини ҳам билмас эканман, худди соатни тузата олмаганим сингари миямни ҳам ўзимга бўйсундиролмас эканман. Умрим бино бўлиб биринчи марта жиддий тарзда фикр юргизмоқда эдим, бу нарса менга жуда қизиқ туйилди, ўзимча: «Мен жинни бўламан, шекилли!» деб ўйладим. Кимнинг мияси ҳамиша ишламай, фақат қийин пайтдагина ишласа, ундай одамнинг кўнглидан кўпинча жинни бўлиб қолиш фикри ўтади.
Ана шу ўйлар билан бир кечаю бир кундуз қийналдим. Иккинчи кеча ҳам худди шу тарзда ўтди, мен фикр юритиш нақадар кам кўмак берганини сезиб, кўзим мошдай очилди. Шу билан ўзимнинг кимлигимни яхши билиб олдим. Фикрларим бир чақага қимматлигини, Кисочка билан учрашувимизга қадар ҳали фикр юрита олмаганимни, жиддий фикр юритиш нималиги ҳақида ҳатто тушунчага ҳам эга эмаслигимни англадим; шунча азоб-уқубат чекканимдан кейингина менда эътиқод ҳам, аниқ бир маънавий маслак ҳам, юрак ҳам, идрок ҳам йўқлигини билдим. Мендаги барча ақлий ва маънавий бойлик фақат маҳсус билимдан, бўлак-бўлак ва кераксиз хотиралардан, бировларнинг фикрларидан иборат экан, руҳий ҳолатим эса, худди якун билган алифбе даражасида паст ва оддий тарзда экан... Ёлғон гапирмаслигим, ўғирлик қилмаслигим, бировни ўлдирмаслигим, ҳаммага равшан бўлган ножўя ишларга берилмаслигимга сабаб менда бирон маслак ёхуд эътиқоднинг борлигидан эмас, — улар менда йўқ эди, — асосан, ўзим барчаси бўлмаган нарса деб ҳисоблаган, оёқ-қўлимни маҳкам боғлаб, сезмаганим ҳолда менинг ҳаётимни бошқариб келган, қон ва танамга синпиб кетган энагамнинг эртаклари билан кирган ҳаммабоп хулосалар экан...
Мен ўзимнинг мутафаккир ҳам эмас, файласуф ҳам эмас, юлдузни бенарвон урадиган эпчил одам эканимни тушундим. Худо менга соғлом, бақувват истеъдод куртаги бўлган рус миясини берган эди. Мана энди, йигирма олти ёшли, ҳали оқ-қорани танимаган, турғунликдан бегона, бирон бойлик орттирмаган, аммо, инженерлик касбининг енгил-елпи чанги билан қопланган мияни тасаввур этинг; у ёш бўлганидан жисмоний ишга ўч, уни қидиради. Лекин, у, ҳаётнинг бемаънилиги ва нариги дунё тўғрисидаги жуда чиройли, жарангдор фикрларга тасодифан дуч келади-да, ана шу фикрларни хасислик билан ўзига эмиб олиб, бутун борлигини унга бағишлайди, шу билан худди мушук билан сичқон ўртасидаги сингари улар ўртасида турли ўйин бошланади. Мия ҳали на эрудитсияга, на бирон маълум тартибга эга, лекин бу ҳеч нарса эмас. У, ўзига берилган табиий куч воситаси билан мустақил ўсиб-унгандек улкан фикрларни ҳам уддалаб кетади, орадан бир ой ўтмай кўрибсизки, ана шу мия эгаси биргина картошкадан юз хил маззали овқат тайёрлаб, ўзини мутафаккир деб хаёл қилади...
Бизнинг авлодимиз ана шу эпчилликни, жиддий фикр ўйинини фанга, адабиётга, сиёсатга, иш қилиб, қайси кўчага киришга эринмаган бўлса, ҳаммасига олиб кирди, бу билан унинг бепарволиги, маъюслиги, бир ёқламалиги ҳам кириб келди, яна менимча, халқда шу маҳалгача кўрилмаган, жиддий фикрга ғалати муносабатни юзага келтирди.
Ана шу бахтсизлик орқасида мен ўзимнинг нуқсонларимни ва нодон эканлигимни билиб олдим, булардан хулоса чиқардим. Тўғри фикр юритишим, ўз билишимча, ишни алифбедан бошлаганимдан, яъни виждоним буйруғи билан Н шаҳарига қайтиб боришга мажбур бўлганимда бошланди. Мен фалсафа сотиб, донишмандлик қилиб ўтирмай, Кисочка олдида худди ёш боладек ялиниб-ёлвориб, товба қилдим ва бирга ўтириб йиғладим...
Ананев қисқа қилиб Кисочка билан бўлган сўнгги учрашувини сўзлаб берди-да, кейин жим қолди. Инженер ҳикоясини тамом қилгач:
— Шундай... — деди студент гердайиб, — оламда шунақа гаплар ҳам бор!
Унинг юзи ҳануз бепарволигини акс этдирар, Ананевнинг ҳикояси унга зиғирча таъсир қилмаганга ўхшарди. Бир пасгина дам олган инженер, ўзининг олдинги фикрларини шарҳлай бошлаганда студент асабийлик билан юзини буриштириб, ўрнидан турди ва стол ёнидан ўз кровати томон кетди. Жойини ҳозирлаб, ечина бошлади.
— Ҳозир ўзингизча бирон кишини бирон нарсага ишонтирган одамга ўхшайсиз! — деди жаҳл билан у.
— Бирон кишини деб такрор сўради инженер, — азизим, ахир мен бунга даъвогар эмасман-ку? Сизга худо ёр бўлсин! Сизни ишонтириб бўладими! Бундай ишончга фақат ўз шахсий тажрибангиз орқали ҳамда азоб-уқубат чекиб эришасиз!..
— Гапингиздаги мантиқ ҳам жуда ғалати — деди студент тунги ич кўйлагини кияркан, минғирлаб. — Ўзингиз севмайдиган ана шу фикрлар ёшларга ҳалокат-ку, сизга ўхшаган кексалар учун, гапингизга қараганда, нормал ҳол эмиш! Гўё гап сочнинг оқи устида бораётгандек... Кексаларга бу имтиёз қаёқдан берилди? Нимага асосланган у? Ана шу фикрлар заҳар бўлса — ҳамма учун баравар бўлиши лозим эди.
— Э, йўқ, азизим, ундай деманг! — деди инженер муғомбирлик билан кўз қисиб. — Асло ундай деманг! Биринчидан, кексалар эпчил эмаслар. Улардаги умидсизлик ташқаридан, тасодифан келган нарса бўлмай, мияларида туғилади, улар ҳар қанақа Гегел ва Кантларни ёдлаб, хўп азоб-уқубат чекиб, бир талай хато қилиб, бир сўз билан айтганда, бутун зинани пастдан юқори босқичига босиб ўтиб, бунга эришадилар. Уларнинг умидсизлиги шахсий тажриба ҳамда пухта фалсафий заминга эга бўлади. Иккинчидан, кекса мутафаккирларда умидсизлик сиз билан мендаги сингари олди-қочди эмас, оламшумул азоб, жафо чекиш деган гап. Бу христианликка бориб тақалади, чунки у кишига муҳаббат ва киши ҳақидаги фикрлардан келиб чиқади, шу туфайли эпчил одамлардаги умидсизликка ҳеч бир ўхшамайди. Сиз, ҳаёт ўз сир-асрорини шахсан сиздан яширгани учун унга нафрат билан қарайсиз, фақат ўз ўлимингиздан кўрқасиз, холос, чин мутафаккир эса, ҳақиқат барча одамлардан яширин бўлгани учун қайғиради ва одамлар деб ғам чекади. Жумладан: шу ердан сал нарида Иван Александрович деган давлат ўрмонининг қоровули яшайди. Ажойиб чол ўзи. Бир вақтлари аллақаерда ўқитувчи бўлган, алланималар ёзган, ким бўлиб ўтганини ким билади, хуллас, ўзи хўп донишманд, фалсафани сув қилиб ичиб юборган одам. кўп ўқиган, ҳозир ҳам қўлидан китоб тушмайди. Шу яқинда нима ҳам бўлиб биз у билан Грузовская участкасида учрашиб қолдик... ўша кунларда у ерда шпала ва темир йўл изи ётқизилган эди. Иш айтарли мураккаб эмас, лекин бу касбдан хабари йўқ Иван Александровичга из ётқизиш аллақандай фокусга ўхшаб кўринарди. Тажрибакор мастер шпалани ўрнатиб, унга темир йўл изи ётқизиши учун атиги бир минут керак. Ишчиларнинг кайфлари чоғ бўлганидан улар чиндан ҳам жадал ва моҳирлик билан ишламоқда эдилар. Айниқса бир аблаҳ болға билан михнинг қалпоқчасига шундай мўлжаллаб урардики, бир зарбнинг ўзидаёқ шпалага михни жойлаб қўярди, болға дастасининг ўзи сал кам бир саржин, мих эса бир фут узунликда эди. Иван Александрович ишчиларга узоқ тикилиб турди, кўнгли юмшаб кетиб, кўзларига ёш тўлди, у мен томон қараб: «Еҳ, аттанг, мана шу ажойиб кишиларнинг ҳаммаси бекорга ўлиб кетади!..» деди. Бундай умидсизликнинг маъносига мен тушунаман...
— Бу гапларингиз ҳеч нимани исботлаб, ечиб бермайди, — деди студент чойшаб ёпинаркан. — Бу нарса ховончада сув янчиш билан баравар гап! Ҳеч ким ҳеч нарсани билмайди, кейин сўз билан бирон нарсани исботлаб бериш ҳам мумкин эмас.
У, чойшаб тагидан бошини кўтарди ва асабийлик билан юзини буриштириб, шошилиб:
— Кишиларнинг сўзига ва мантиққа ишонмоқ, унга муҳим нарса деб қарамоқ учун одам ҳаддан ташқари содда ва гўл бўлмоғи керак, — деди. — Оғизда истаган нарсани исботлаб бериш ва уни рад этиш мумкин. Одамлар тез орада тил техникасини мислсиз даражада такомиллаштириш билан икки карра иккини етти деб математик жиҳатдан тўғри исботлаб беришга эришадилар. Мен бировнинг гапини эшитишни, китоб ўқишни яхши кўраман, лекин ишонч масаласига келганда, мени кечиринг, ишонмоққа ожизман, буни истамайман ҳам. Мен фақат худога ишонаман, сизга бўлса, осмон узилиб ерга тушгунча гапирсангиз ҳам, Кисочкалардан яна беш юзтасини шайдо қилсангиз ҳам ишонмайман, фақат ақлдан озганимдагина ишонишим мумкин... Яхши ётибтуринглар!
Студент бошига чойшабини ёпиб олди, ўзининг эшитишни ҳам, гапиришни ҳам истамаётганлигини билдириш учун девор томонга ўгирилди. Шу билан баҳс тамом бўлди.
Ётишдан олдин инженер билан мен баракдан ташқарига чиқдик ва яна чироқларни томоша қилдик.
— Сизни беҳуда сафсаталаримиз билан тоззаям зериктириб юбордик, шекилли! — деди Ананев осмонга қараб, ҳомиза тортаркан. — Шундай, отахоним, нима қил дейсиз! Бемаза зеркишдан юрагинг сиқилиб вино ичасан-у, фалсафа сотиб, кўнгил овутасан... Вой худойим, анави кўтармани кўринг! — деди у завқланиб, биз темир йўл кўтармаси ёнига келганда. — Қаранг, кўтарма эмас, нақ Арарат тоғининг ўзгинаси-я!
Бироз жим қолгач, яна давом этди:
— Мана шу чироқлар баронга амалекитянларни эслатибди, менга улар кишиларнинг фикрларига ўхшайди... Биласизми, ҳар бир одамнинг фикри ана шу тақлид тарқоқ ва тартибсиз бўлади. У, ҳеч нимани ечиб бермайди, қоронғиликни ёритмайди, номаълум ҳолича аллақанақа мақсад томон бир ёқлама интилади, кейин, аллақаерда — узоқ кексаликка бориб ғойиб бўлади... Дарвоқи, фалсафа сотишни бас қилайлик! Алламаҳал бўлиб қолди...
Биз баракка қайтиб кирдик. Инженер мени ўзининг кроватига ётишимни илтимос қилди.
— Ҳеч сўзсиз хўп денг! — деб қистарди икки қўлини кўксига қўйганича. — Ўтинаман! Менинг тўғримда асло ташвиш қилмасинлар. Тўғри келган жойда ётиб кета бераман, энг муҳими, мен ҳали-вери ётмоқчи эмасман... Илтимосимни қайтарманг!
Мен рози бўлиб, ечина бошладим. Инженер иш жойига ўтириб, яна чертёжларни кўздан кечиришга киришди.
— Отахоним, бизга ўхшаган бечораларга уйқу қаёқда дейсиз, — деди шивирлаб. Мен аллақачон ўринга ётиб, кўзимни юмиб олгандим. — Кимнинг хотини ва икки боласи бўлса унинг ухлашга вақти бўлмайди. Уларни боқиши, кийинтириши ва келажагини ғамлаб бериши керак. Иккита болам бор: бири ўғил, бири қиз... Ўғилчам тушкурнинг башараси хўп келишган-да... ўзи ҳали олти ёшга тўлгани йўғу истеъдоди, мен сизга айтсам, жуда ўткир, зеҳни баланд... Қаердадир суратлари ҳам бор... Эҳ болажонларим, жонажонларим!
У қоғозларни титиб, суратни топиб олди-да, уни кўра бошлади. Мен ухлаб қолдим.
Азорканинг вовуллашидан ва аллақандай шанғиллаган озоздан уйғониб кетдим. Ички кўйлакли, сочлари тўзиган яланг оёқ фон Штенберг остонада туриб, биров билан қаттиқ гаплашарди. Тонг отиб келмоқда ади... кўкиш тонг қоронғуси баракнинг эшиги, тирқишлар ва деразалардан ўзини ичкари уриб, мен ётган кроватни, Ананевни, қоғозлар тўла стол устини хирагина ёритмоқда эди. Полга тўшалган бурка устида, гўштдор, серюнг кўкракларини кериб, чарм ёстиққа бош қўйиб инженер ухлаб ётарди. Ананев шундай қаттиқ хуррак отардики, ҳар кеча у билан бирга ётувчи студентга чин қалбимдан ачиндим.
— Нима сабабдан биз уни қабул қиларканмиз? — деб қичқирарди фон Штенберг. — Бунинг бизга дахли йўқ!
Инженер Чалисов олдига олиб бор! Қозонларни ким бериб юборди?
— Никитин... — деб жавоб қилди йўғон овоз.
— Гап шу, уни тўғри Чалисовга олиб бориб бер... Бизга бунинг тегишли жойи йўқ. Нега бақрайиб турибсан? Жўна!
— Жаноби олийлари, биз у кишининг олдиларига бориб келдик! — деди йўғон овоз яна. — Кеча кун бўйи юриб бутун темир йўл бўйлаб у кишини изладик, баракларига кирсак, у кишини Димковский участкасига кетганлар, деб айтишди. Барака топинг, бир яхшилик қилинг, олиб қолинг уни! Қачонгача олиб юрамиз? Олиб юраверишимизнинг охири кўринмайди...
— Нима гап ўзи? — деди хириллаб Ананев уйқудан уйғониб, бошини кўтариб қараркан.
— Никитиндан қозон олиб келишипти, — деди студент, — бизга қабул қилиб олинглар деб тиқилинч қилишяпти. Олиб бизга нима зарур келипти?
— Ҳайдаб юборинг!
— Илоҳи барака топинг, жаноби олийлари, шу нарсани бир ёғлиқ қилиб беринг! Отларимизга икки кундан бери ем берганимиз йўқ, ҳойноҳой хўжайинимизнинг жаҳли чиқиб ўтиргандир. Қайтариб олиб кетиб бўладими? Қозонларни темир йўл буюрган экан. демак, қабул қилиб олиши керак...
— Гапга тушунсанг-чи ахир, қовоқбош, бу бизнинг ишимиз эмас! Чалисовнинг олдига бор, деб айтяпман-ку!
— Тағин нима гап? Ким ўзи? — Яна хириллаб сўради Ананев. — Эй башараси қурсин! — деб койинганича ўрнидан туриб, эшик ёнига келди. — Нима гап?
Мен ҳам кийиниб, орадан икки минут ўтмай, баракдан ташқарига чиқдим. Ананев билан студент, уларнинг ҳар иккиси ҳам ички кўйлакда, ялангоёқ, олдиларида турган бошяланг, қамчин ушлаган ва уларнинг нима деяётганларига тушунмаётган мужикка алланимани қизишиб, сабрсизлик билан тушунтирардилар. Ҳар иккисининг ҳам юзида кундалик оддий ташвиш акс этарди.
— Қозонни нима қиламан? — деб бақириб берди Ананев. — Бошимга ураманми уни? Агар Чалисовни топмаган бўлсанг, ёрдамчисини қидириб топ, бор йўлингдан қолма, бизнинг ҳам бошимизни оғритиб юрма!
Студентнинг кўзи менга тушиши билан кечаси бўлиб ўтган гапларни эслади, шекилли, уйқули юзидан ташвиш белгиси йўқолиб, ўрнини ақлий танбаллик ифодаси эгаллади. У, мужикка қўл силтаб, ниманидир ўйлаганича бир четга чиқиб кетди.
Эрталабдан ҳавонинг авзойи бузуқ эди. Тунда чироқлар кўринган темир йўл бўйлаб, уйқудан турган ишчилар ивирсиб юрарди. Олағовур ва замбил ғалтакларнинг ғижирлаши эшитилди. Иш куни бошланди. Арқон абзалли от қум солинган аравани бўйнини чўзиб, кучининг борича интилиб, кўтарма устига тортиб чиқарди...
Мен хайрлашдим... Тунда жуда кўп соҳада гап бўлди, аммо, мен биронта ҳал қилинган масалани кўнглимга туголмадим, тунда бўлган гаплардан худди сузгичдан ўтказгандай эрталаб менинг хотирамда фақат чироқлар билан Кисочка образигина қолди, холос. Мен отга миниб, сўнгги бор студентга, Ананевга, жазаваси қўзиб қоладиган, кўзлари мастдек хира боқувчи Азоркага, эрталабки туманда кўзга чалинаётган ишчиларга, темир йўл кўтармасига, бўйнини чўзиб тепага чиқиб кетаётган отга қараб, ўзимча:
«Бу дунёда ҳеч нарсага тушуниб бўлмайди!» деб ўйладим.
Отимга қамчи босиб, темир йўл ёқалаб кетдим, сал юриб, тумшайган бепоён текисликка, булут билан қопланган совуқ осмонга қараб, тундаги гаплар хотирамдан ўтди. Ўйлаб кетдим, қуёш тиғидан қовжираган текислик, чексиз осмон, узоқдан қорайиб кўринган ўрмон, туманли уфқ гўё менга: «Ҳа, ростдан ҳам бу дунёда ҳеч нарсага тушуниб бўлмайди!» деб айтаётгандек эди.
Қуёш чиқа бошлади...
С.Абдуқаҳҳоров таржимаси