Земство врачи Григорий Иванович Овчинников ўттиз беш ёшларга борган озғин ва асабий киши бўлиб, ўртоқлари орасида ўзининг медитсина статистикаси бобидаги андак ишлари ва «маиший масала» деб аталган нарсага муккасидан кетганлиги билан машҳур эди. Бир куни у эрталаб палаталарни обход қила бошлади. Врач орқасидан, одатдагидек унинг фелдшери, кексайиб қолган, юзлари лўппи, мойланган сочлари силлиқ таралган, қулоғига зирак таққан Михаил Захарович эргашиб борарди.
Доктор касалларни энди кўра бошлаган эдики, бемаъни бир нарса жуда шубҳали бўлиб кўринди, масалан: фелдшернинг нимчаси қат-қат букланиб қолган бўлиб, қайта-қайта тортиб, силаб қўйса ҳам, диккайиб тураверди. Унинг ғижимланган сарочкаси ҳам шунақа диккайиб тирарди; узун қора камзулида, чалворида ва ҳатто галстугининг у ер бу ерида оқ пар кўриниб турарди... Чамаси фелдшер бугун кечаси ечинмасдан ётгану шундай туриб, жилеткасини тортиб-тортиб текислаб, галстугини тўғрилаб келаверган. Унинг ҳаракатидан кийими сиқиб турганга ўхшарди.
Доктор унга тикилиб разм солди-ю, аҳволини тушунди. Фелдшер гандиракламас, саволларга равон жавоб берар, лекин унинг бадқовоқ, карахт юзи, нурсиз кўзлари, бўйни ва қўлларининг қалтираб туриши, кийимининг ғижимлангани, ҳаммадан ҳам, зўр бериб ўзини тутиб туришга уриниши ва ўз аҳволини яшириш учун қилаётган ҳаракатлари — унинг ҳозиргина ўрнидан турганидан, уйқуга тўймаган ва маст эканидан, кечадан буён маст эканидан дарак берарди... У ичкилик «жабрини» тортар, афтидан, қилмишига жуда пушаймон эди.
Фелдшерни хуш кўрмайдиган ва бунинг учун сабаб топиб қўйган доктор: «кўриб турибман, сиз мастсиз!» демоқчи бўлди-ю, бироқ фелдшернинг нимчаси, рўдапо камзули, сергўшт қулоғида осилиб турган зираги жуда ҳунук кўриниб кетди-да, ўзини босиб олиб, ҳар қачонгидай юмшоқ ва мулойимлик билан:
— Герасимга сут бердингларми? — деди.
— Бердик... — деб жавоб берди Михаил Захарич ҳам юмшоққина.
Доктор бемор Герасим билан гаплаша туриб ҳарорат варақасига назар солди-ю, фиғони чиқиб кетдн; кейин қаттиқ гапириб юбормаслик учун нафасини ичига олиб турди, бироқ тоқати тоқ бўлиб, бўғилиб кетди ва дағаллик билан сўради:
— Нега ҳарорати ёзилмай қолди?
— Йўғ-е, ёзилгандир! — деди мулойимгина қилиб Михаил Захарич, лекин варақага кўз югуртириб, чиндан ҳам ҳарорат ёзилмаганига ишонч ҳосил қилгач, каловлаб, елкасини қисиб, минғиллади: — билмадим, буни ҳалиги, Надежда Осиповка...
— Кеча кечқурунгиси ҳам ёзилмаган! — деб сўзида давом этди доктор. — Нуқул пиянисталик қилиш билан оворасиз, жин урсин сизни. Ҳозир ҳам ўлардай мастсиз! Надежда Осиповна қани?
Акушерка Надежда Осиповна палатада йўқ, у ҳар куни эрталаб перевязка вақтида қатнашар эди. Доктор атрофига разм солган эди, палата йиғиштирилмаган, ҳамма нарса чочилиб ётибди, лозим бўлган ишлардан биронтаси қилинмаган, ҳамма нарса худди фелдшернинг жирканч нимчасидай ифлос эди; у устидаги оқ фартугини шартта ечиб, бақириб, уришиб, туфлаб чиқиб кетгудай бўлди-ю, лекин базўр ўзини босиб, обходни давом эттирди.
Доктор Герасимдан кейин, ўнг қўли бутун яллиғланган касалга қаради. Унга перевязка қилиш керак эди. Доктор унинг олдидаги табуреткага ўтириб, қўлини кўра бошлади.
«Мана шу, булар кеча именинада маишат қилишган... — деб ўйлади у секин ўровни оча туриб. — Тўхтаб туринглар, имениналарингни чиқариб қўяман! Зотан мен нима ҳам қила олардим? Қўлимдан ҳеч нарса келмайди».
Доктор қип-қизил, бўртиб ётган қўлнинг йиринглаган ерини босиб кўриб:
— Скалпел!* —деди.
Ўзини бардам ва бемалол ишга ярайдиган ҳолатда қилиб кўрсатишга уринаётган Михаил Захарич ирғиб ўрнидан туриб, дарров скалпелни узатди.
— Буни эмас! Янгисидан олиб беринг, — деди дожтор. Фелдшер йўрғалаб бориб, перевязка анжомлари солинган яшик турган стулни титкилаб қолди. У, касал боқувчи аёл билан алланималар деб шивир-шивир қилди, стулдаги яшчикни ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа сурди, нарсаларини шитирлатди, икки марта ниманидир тушириб юборди. Доктор эса қараб ўтирарди, шивир-шивир ва шақир-шуқурдан асаби қаттиқ қўзғалиб кетганини сезиб турарди.
— Қани? — деб сўради у. — Пастда крлдириб чиққандирсиз...
Фелдшер югуриб докторнинг олдига келди-да, иккита скалпел узатаркан, ўзини четга олмай, докторга қараб дам урди.
— Булар эмас! — деди доктор асабийлашиб. — Мен сизга рус тилида гапиряпман, янгисидан беринг. Ҳа, боринг, бир ухлаб, ўзингизга келиб олинг, сиздан қовоқхона ҳиди келяпти! Эсингизни еб қўйибсиз!
— Сизга яна қанақа пичоқ керак? — деб сўради фелдшер асабий бир ҳолда ва секин елкасини қисиб қўйди.
Унга бутун касаллар ва касал боқувчи аёллар тикилиб тургани алам қилди ва уялиб кетди, ўзининг уялганини билдирмаслик учун зўрма-зўраки кулиб туриб, яна такрорлади:
— Сизга яна қанақа пичоқ керак?
Докторнинг кўзлари ёшланиб, бармоқлари титраб кетди. У ўзини базўр тутиб, титроқ овоз билан сўзлади:
— Боринг, бир ухлаб олинг! Мен маст одам билан гаплашишни истамайман...
— Сиз мени иш юзасида жазолашингиз мумкин, — деди фелдшер, — хўш, мен, айтайлик, башарти ичган бўлсам, буни писанда қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ахир мен ишлаяпманми? Сизга яна нима керак! Ишлаяпманми, ахир?
Доктор ирғиб турди-да, ўйламай-нетмай кучининг борича қулочкашлаб фелдшернинг башарасига тушириб қолди. У, нима учун шундай қилаётганини ўзи тушунмас, лекин мушти бориб худди башарага теккани, ва туппа-тузук, басавлат, бола-чақали, тақводор, ўз қадрини биладиган бир одам гандираклаб, коптокдай сакраб бориб табуретда ўтириб қолганидан жуда ҳузур қилди. У астойдил, яна бир марта урмоқчи эди-ю, лекин, жирканч вужуд қаршисида ранги қув ўчиб қўрқиб ўтирган касал боқувчи аёлни кўриб, бу ҳузуридан кечди ва қўл силкиб, палатадан югуриб чиқиб кетди.
Ҳовлида унга Надежда Осиповна дуч келиб қолди; йигирма етти ёшларга борган, оқ сариқдан келган, сочлари пахмоқ бу қиз касалхонага келаётган эди. Пушти ранг чит кўйлагининг этаги жуда тор бўлганидан қадамини жуда майда босарди. У кўйлагини шилдиратиб, худди ичида бир шўхчан қўшиқни куйлаб кетаётгандай ҳар қадам босганида кифтини қоқиб, бошини чайқарди.
«Аҳа, Русалка!» деб қўйди доктор ичида; касалхонадагилар бу акушеркага шу лақабни қўйиб олишганди. Мана ҳозир ўзига зеб берган бу бедана қадам олифтани узиб оламан, деб хурсанд бўлиб кетди.
Доктор унинг ёнига бориш билан:
— Қаёқда йўқолиб юрибсиз? — деб бақирди. — Нега касалхонада кўринмайсиз? Ҳарорат ёзилмаган, ҳамма ёқ бетартиб, фелдшер маст, ўзингиз соат ўн иккигача ухлаб ётибсиз!.. Марҳамат қилиб жойингизни топинг! Энди сизга бу ерда иш йўқ!
Доктор уйга келиши билан устидаги оқ фартукни ва белбоғ қилиб олган сочиқни жаҳл билан юлиб олиб, бурчакка улоқтирди-да, кабинетда у ёқдан бу ёққа юра бошлади.
— Е тавба, булар қанақа одамлар ўзи-а, қанақа одамлар! — деб қўярди у. — Булар ёрдамчи эмас, ишбузармонлар! Энди ишга дармон қолмади! Тоқат тугади! Бу ердан кетаман!
Унинг юраги дукиллар, бутун вужуди қалтирар, ўпкаси тўлиб, ҳатто йиғлагиси келарди, яна шу ҳолатдан қутулиш учун у фелдшерни уриб жуда яхши иш қилганини ва бунда тамом ҳақли эканини ўйлаб, ўзига-ўзи тасалли бера бошлади. Ҳаммадан ҳунуги шуки, деб ўйларди доктор: фелдшер касалхонага ўзидан-ўзи келиб қолган эмас, уни земство маҳкамаси раисиникида энага бўлиб юрган холаси далолат қилган эди (бу муътабар холаси даволаниш учун келиб, касалхонада ўзини худди уйидагидай тутиши, яна навбатсиз қабул қилинишини талаб этиши алам қилади). Фелдшернинг интизоми бузуқ, билими кам, билган нарсасини ҳам бутунлай тушунмайди. У доим маст, қўрс, қўли эгри, касаллардан пора олади, касалхона дориларини ўғринча сотиб юради. Яна шуниси ҳам ҳаммага маълумки, унинг ўзи касалларни боқади ва мешчан ёшларининг махфий касалларини даволайди, бунинг устига ўзи топган аллақандай дориларни ишлатади. Бу шунчаки муттаҳам бўлса майлийди, унақалар кўп, бироқ бу ўзига ишонган ва зимдан кемирадиган муттаҳамлардан. У, қатнаб даволанадиган касалларга доктордан яширинча банка қўяди, уларга қон қуяди, оператсияга қўлини ювмасдан келади, яраларни ҳамиша ифлос зонд** билан кавлайди, докторлик медитсинасидан, илмидан ва эътибор талаблигидан қаттиқ ва таптортмай нафратланаётганини тушуниш учун шунинг ўзи кифоя.
Доктор бармоқларининг қалтироғи босилгунча кутиб турди-да, кейин столга ўтириб, маҳкама раисига хат ёзди: «Ҳурматли Лев Трофимович! Агарда мазкур хатни олиш билан маҳкамангиз фелдшер Смирновскийни бўшатиб ва менга ўз ёрдамчиларимни ўзим танлаш ҳуқуқини бермаса, унда мени бундан буён Н касалхонасининг врачи деб ҳисобламаслигингизни (пушаймон қилмайман, албатта) ва ўрнимга бошқа киши топиш тўғрисида ғамхўрлик қилишингизни сўрашга мажбурман. Любов Федоровна ва Юсга мендан салом. Ҳурмат билан Г. Овчинников». Доктор бу хатни ўқиб чиқиб, уни жуда қисқа ва бўш ёзилган деб топди. Бунинг устига, ишга тааллуқли, расмий хатда Любов Федоровна ва Юсга (раиснинг кичик ўғлини шундай деб эркалатишарди) салом айтиш мутлақо ўринсиз эди.
«Бу ерда Юсга бало борми?» деб қўйди ичида доктор ва хатни майда-майда қилиб ташлаб, яна қайтадан бош қотириб қолди. — «Мухтарам жаноб...» деб ўйлади очиқ дераза олдида ўтириб ташқарига қараркан; шу чоқ ташқарида бир тўда ўрдаклар болаларини эргаштириб лапанглашиб ва қоқила-суқила ҳовуз томонга югуришаётган эди; битта ўрдак боласи йўлда аллақандай бир ичакни топиб олди-да, ютолмай, қаттиқ чийиллаб юборди; кейин бошқаси югуриб бориб, унинг оғзидаги ичакни тортиб олди, у ҳам ютолмади... Ҳу нарида, девор олдида, ёш липа дарахтлари олачалпак соя ташлаб турган ўтлоқда ошпаз хотин Даря имирсиб юриб, шўрвага солиш учун шовил термоқда... Ҳар хил овозлар эшитиларди... Қўлида юганчасини ушлаб турган извошчи Зот билан кир фартук кийиб олган касалхона хизматчиси Мануйло иккаласи сарой олдида туриб, бир нарсаларни гаплашиб кулишарди.
«Улар фелдшерни урганим тўғрисида гаплашяпти... — деб ўйлади доктор. — Бу жанжални шу бугуноқ бутун уезд биладиган бўлди... Шундай қилиб: «Муҳтарам жаноб! Агар сизнинг маҳкамангиз фелдшер Смирновскийни...»
Докторнинг шунга ишончи комил эдики, маҳкама ҳеч қачон уни фелдшерга алишмайди ва бутун уездда битта фелдшер қолмаган тақдирда ҳам Овчинниковдай эътиборли одамдан ажралишга рози бўлмайди. Эҳтимол, Лев Трофимович бу хатни олиши билан уч отлик извошга ўтиради-ю, ғириллаб докторнинг олдига келади-да, айтади: — Эй отахон, нималар деяпсиз? Ўзи нима гап, азизим? Худо хайрингизни берсин! Хўш? Бу қандай бўлди? Қани у? Фирибгарни бу ёққа келтиринг! Ҳайданг! Албатта ҳайдаб юборинг! У ифлоснинг эртагаёқ бу ерда нишони кўринмасин!» — кейин у доктор билан бирга обед қилади, обеддан кейин эса манави малина ранг диванда чалқанча ётади, юзини газета билан бекитиб, хуррак отади; уйқидан тургач, чой ичади-да, кейин докторни уйига олиб кетиб шу кеча олиб қолади. Ниҳоят, пировардида шундай бўладики, фелдшер ҳам касалхонада қолади, доктор ҳам истеъфо бермайди.
Доктор эса кўнглида воқианинг бундай тамом бўлишини истамасди. У, фелдшернинг холаси ютиб чиқишини ва шу билан маҳкама, унинг саккиз йиллик ҳалол хизматига ҳам қарамасдан, сўзсиз ва ҳатто жон-дил билан истеъфосини қабул қилишини истарди. У, ўзи ўрганиб қолган касалхонасидан қандай кетишини, «Врач» газетасига хат ёзишини, уни ўқиб ўртоқлари ачиниб қандай номалар ёзишини ўйлаб кетди...
Йўлда Русалка кўриниб қолди. У бедана юриш билан кўйлакларни шилдиратиб, ойна олдига келди-да, сўради:
— Григорий Иванович, касалларни ўзингиз қабул қиласизми, ёки ўзлари қабул қилишаверсинми?
Қизнинг кўзлари гўё: «Сен қизишиб кетган эдинг, лекин энди ўзингга келдинг, мана ҳозир уялиб ўтирибсан, аммо мен мардлик қилиб бунга парво қилаётганим йўқ» деяётгандай эди.
— Яхши, мен ҳозир бораман, — деди доктор.
У яна фартугини кийди, белини сочиқ билан боғлади-да, касалхонага жўнади.
«Уни ургандан кейин, чиқиб кетганим ёмон бўлди... — деб ўйлади доктор, йўл-йўлакай. — Худди мен изза бўлгандай, ёки қўрққандай бўлиб чиқди... Ёш боладай бўлиб қолдим... Жуда ноқулай бўлди-да!»
Докторнинг назарида палатага кирганда касаллар унга қарашга ҳижолат тортади-ю, ўзи ҳам уялиб кетадигандай туйилди; лекин у касалхонага кирганда касаллар кроватларида жимгина ётишаверди, унга унча эътибор ҳам беришмади. Сил бўлиб ётган Герасимнинг юзида бутунлай бепарволик акс этар ва гўё: «У сени оёқ ости қилолмади, сал эс-ҳушига келтириб қўйдинг... Бусиз иложи йўқ, азизим» деяётгандай бўларди.
Доктор, қип-қизил бўртиб ётган қўлнинг икки еридан йиринг топди-да, унга повязка қўйди, кейин хотин-қизлар бўлимига борди, у ерда бир хотиннинг кўзини оператсия қилди, Русалка докторга эргашиб юриб, гўё орада ҳеч нарса ўтмагандай, бемалол унга ёрдамлашиб тураверди. Обходдан сўнг қатнаб боқизадиган касалларни қабул қилиш бошланди. Докторнинг кичкинагина қабулхонасида деразалар ланг очиқ эди. Дераза токчасига ўтириб, хиёл эгилиб қараса, бир оз наридаги кўм-кўк майсани кўриш мумкин эди. Кеча кечқурун момоқалдироқ билан қаттиқ жала қуйгани учун ўтлар бир оз эгилиб, ялтираб турарди. Хиёл нарироқда сойга борадиган сўқмоқ йўл худди ювилгандай ва икки томонида сочилиб ётган синиқ-мертик дори шишалари ҳам худди ювилгандай, қуёш нурида товланиб, кўзни қамаштиргудай ялтираб ётарди Сўқмоқ йўлнинг нарироғида кўк либосга ўралган ёш арчалар тизилишиб кетган, ундан нарида таналари қоғоздай оппоқ қайинлар турибди, шамолдан енгилгина силкиниб турган кўм-кўк қайин шохлари орасида эса бепоён мовий осмон кўриниб туради. Қараб турсанг, сўқмоқ йўлда дикиллаб юрган чуғурчуқлар гоҳ ойна томонга тумшуғини буриб: қўрқсакмикан ё йўқми? деб ўйлаб қолишар ва қўрқиб, бирин-кетин чуғуллашиб, худди доктор учолмаётгани учун уни юпатаётгандай тепасидан ўтиб, оқ қайинларнинг учига чиқиб кетишарди...
Иодоформнинг аччиқ иси орасидан баҳорнинг соф ва хушбўй ҳиди сезилиб турарди... Ҳаво қандай яхши! Нафас олиш енгил.
— Анна Спиридонова! — деб чақирди доктор. Қабулхонага қизил кўйлакли ёшгина жувон кирди-да, иконага қараб чўқиниб қўйди.
— Қаерингиз оғрийди? — деб сўради доктор. Жувон бир оз ҳадиксираб, ўзи кириб келган эшикка кўз қирини ташлаб қўйди-да, кейин аптекага чиқадиган эшик олдига, докторга яқинроқ келиб туриб:
— Бўйимда бўлмаяпти! — деб шивирлади.
— Яна ким ёзилмай қолди? — деб қичқирди аптекадан Русалка. — Келиб ёзилинглар!
Доктор жувонни кўраётиб ўйлар эди: «у шунинг учун ҳам ҳайвонки, умрида биринчи марта мени мушт уришга мажбур қилди. Мен онадан туғилиб уришмаган эдим».
Анна Спиридонова кетди. Ундан кейин бемаъни бир касал билан оғриган чол, сўнгра қўтир бўлган бир хотин уч боласи билан кириб келди, иш бошдан ошиб кетди. Фелдшер мутлақо кўринмади. Эшик орқасидаги аптекада кўйлагини шилдиратиб ва идишларни жаранглатиб, бидир-бидир қилиб Русалка юрарди; у оператсияга қарашаётганда ҳам, ретсепт олиш учуи қабулхонага кириб қолганда ҳам, ўзини ишлар жойида дегандай тутарди.
«Мен фелдшерни урганимга у жуда хурсанд бўлса керак, — деб ўйлади доктор, акушерканинг овозига қулоқ солиб. — Ахир фелдшер иккаласи ит-мушук эди-да, агар уни бўшатиб юборишса, Русалкага байрам бўлади. Касал боқувчи аёллар ҳам, хурсандга ўхшайди... Ўзи ҳам жуда расво одам-да!»
Қабул маросимининг энг қизғин пайтида докторнинг назарида акушерка ҳам, касал боқувчи аёллар ҳам, ҳатто касаллар ҳам ўзларини жўрттага бепарволикка солиб, қувноқ кўрсатишга урунаётгандай эди. Улар гўё докторнинг хижолат тортаётганини билардилар, аммо сиполик қилиб ўзларини билмасликка солардилар. Доктор ҳам ўзини мутлақо хижолат тортмаётган қилиб кўрсатмоқчи бўлиб, жаҳл билан қичқириб:
— Ҳой, ким бор! Эшикни ёпинг, уй ғуриллаб кетди! — деди.
Аслида доктор ҳижолат тортар ва қийналар эди. У, қирқ бешта касални қабул қилиб, касалҳрнадан аста-секин чиқди. Акушерка бу орада уйга бориб, лола ранг рўмолчасини елкасига солиб, оғзида папирос, пахмоқ сочига гул тақиб шоша-пиша қаёққадир жўнамоқда эди; практикага ёки меҳмонга бораётган бўлса керак. Касалхона остонасида касаллар ўзларини офтобга солиб, жимгина ўтиришарди. Чуғурчиқлар боягидай чуғурлашиб, қўнғизларни қувиб юришарди. Доктор атрофга қараб ўйлаб қолди: мана шу бир зайил, тинчгина ҳаётда фелдшер билан унинг ҳаёти, худди фортопянода бузилиб қолган иккита клавишдай ажралиб, ҳеч нарсага яроқсиз кўринар эди. Фелдшер ҳозир ухлагани ётгандир, лекин ўзининг айбдорлиги, таҳқир этилганлиги ва иш жойидан маҳрум қилинганини ўйлайвериб, уйқиси келмаётган бўлса керак. У қийин аҳволда. Ахир, илгари ҳеч кимга қўл текизмаган доктор ҳозир ўзини назокатдан бутунлай маҳрум бўлгандай сезмоқда-ку. Энди у ҳозир фелдшерни айблаётгани ва ўзини оқлаётгани йўқ, фақат ҳайрон қоляпти: ўзи қанақа иш бўлди бу. Умрида бирорта итни ҳам урмаган, туппа-тузук одам фелдшерни урса-я! Ўз квартирасига келгач, кабинетга кириб, диванга ётди-да, суянчиғига ўгирилиб олиб, ўйлаб кетди:
«У-ку, мазаси йўқ, ишга зарар берадиган одам; у ишлаётгандан буён ўтган уч йил мобайнида роса қоним қайнади, лекин бари бир менинг қилмишларимни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Мен кучли одам ҳуқуқидан фойдаландим. У менга қарашли одам, гуноҳкор ва бунинг устига маст, мен бўлсам, унинг бошлиғи, ҳақли ва ҳушёрман... Демак мен кучлироқман. Иккинчидан, мен уни, ўзимни эътиборли деб ҳисоблайдиган одамлар олдида урдим ва шундай қилиб, мен уларга энг ярамас қилиғимни кўрсатдим...»
Докторни обедга чақиришди... У шчидан бир неча қошиқ ичди-да, ўрнидан туриб, яна диванга ётди.
«Энди нима қилиш керак? — деб ўйлади яна у. — Уни иложи борича тезроқ кўнглини олиш керак... Бироқ қандай йўл билан? Тадбирли одам бўлгани учун дуелни у аҳмоқлик деб билади ёки тушунмайди. Борди-ю, анави, ўша палатанинг ўзида касал боқувчи аёллар ва беморлар олдида афв сўрасам, бу нарса уни эмас, фақат ўзимни қаноатлантиради, у ярамас одам менинг афв сўрашимни устимдан бошлиқларга шикоят қилмасин деб қўрқяпти, деб тушунади. Бунинг устига менинг афв сўрашим, пировардида касалхона интизомини бўшаштириб юборади. Унга пул таклиф қилиб кўрсаммикан? Йўқ, бу ахлоқсизлик бўлади ва порага ўхшаб қолади. Агар, ҳозир, айтайлик, масалани ҳал қилиш учун ўзимизнинг бевосита бошлиғимизга, яъни маҳкамага мурожаат қилсак-чи... Маҳкама менга виговор бериши, ёки ишдан бўшатиб юбориши мумкин... Бироқ у бундай қилмайди. Ҳа, ундан кейин, касалхонадаги хусусий ишларга маҳкаманинг аралашиб юриши унча келишмайди ҳам, дарвоқи, бунга ҳеч қандай ҳақи ҳам йўқ-да, ахир...»
Обеддан сўнг уч соатдан кейин доктор чўмилгани ҳовузга кета туриб ўйлади:
«Шунақангги аҳволлар рўй бериб қолганда бошқа одамлар нима қилса, мен ҳам шундай қилаверсам-чи? Яъни, майли у мени судга берсин. Мен сўзсиз айбдорман, ўзимни оқлаб ҳам ўтирмайман ва судя мени қамоққа ҳукм қилади. Шундай қилиб, таҳқирланган одам қаноатланади ва мени эътиборли деб билган кишилар олдида мен ҳақсиз бўлиб чиқаман».
Мана шу ғоя унга маъқул тушди. У хурсанд бўлиб кетди ва гўё ҳамма иш жойида, масала ҳал бўлди, сўнгра масаланинг бундан кўра адолатлироқ ҳал бўлиши мумкин эмас, деб ўйлади.
«Хўш, жуда соз-да! — деб ўйлади доктор сувга тушаётиб ва ундан чўчиб гала-гала қочаётган майда тилла товон балиқларни томоша қилиб туриб. — Берса бераверсин... Қайтага унга шуниси қулай, чунки бизнинг хизмат муносабатимиз аллақачон узилиб бўлди ва шунча жанжалдан кейин, бари бир, иккаламиздан биримиз касалхонадан жўнашимиз керак...»
Кечқурун доктор ҳарбий бошлиқ олдига бориб қарта ўйнаб келиш учун арава қўшишга буйруқ берди.
У палтосини, шляпасини кийиб, йўлга бутунлай тахт бўлган ва кабинет ўртасида туриб қўлқопини кияётган эди, кўча эшик ғийқ этиб очилди-да, кимдир секингина даҳлизга кирди.
— Ким бу? — деб сўради доктор.
— Менман... — деб секин жавоб берди кирган одам. Докторнинг бирдан юраги дукиллаб, уялганидан ва аллақандай тушуниб бўлмайдиган қўрқувдан унинг этлари увишиб кетди. Фелдшер Михаил Захарич (келган киши шу эди) секингина йўталиб қўйди-да, қўрқа-пуса кабинетга кирди. Бир оз жим тургандан сўнг у, айбдор кишидай паст овоз билан деди:
— Мени кечиринг, Григорий Иванич!
Доктор саросимага тушиб, нима дейишини билмай қолди. Фелдшер христианларга хос бўйсуниш билан ҳақорат қилувчини яксон этиш мақсадида оёғига бош уриб афв сўрагани келмаганини доктор билди. Фелдшер: «Ўзимни босиб туриб, афв сўрайман, шояд мени ҳайдаб, еб турган нонимдан маҳрум этмаса...» деб келган эди. Инсон қадри-қиммати учун бундан кўра ҳақоратлироқ нарса борми?
— Кечиринг... — деб такрорлади фелдшер.
— Менга қаранг... — деб гап бошлади доктор, унга қарамасликка тиришиб ва ҳамон нима дейишини билмасдан. — Менга қаранг... мен сизни ҳақорат қилдим, бунинг учун... бунинг учун жазоимни тортишим, яъни сизни қаноатлантиришим керак... Дуелни сиз инобатга олмайсиз... Рост, буни мен ўзим ҳам инобатга олмайман. Мен сизни ҳақоратладим, энди сиз... менинг устимдан судяга шикоят қилишингиз мумкин ва жазоимни тортаман... Бу ерда иккимизнинг қолишимиз мумкин эмас... Иккимиздан биримиз, кетишимиз керак! («Ё тавба! Мен унга бунақа демоқчимасдим-ку! — хавфсираб кетди доктор. — Тентаклик бу, тентаклик!») Хуллас, арзнома беринг! Энди биз бундан буён бирга ишлай олмаймиз!.. Ё мен турай ё сиз... Эртагаёқ беринг!
Фелдшер докторга хўмрайиб қараган эди, унинг қоп-қора, хира кўзларида зўр нафрат ифодаси чақнаб кетди. У ҳамиша докторни сўзда бор-у, ишда йўқ, инжиқ бир ёш бола деб ҳисобларди, ҳозир эса унинг титраб-қақшаши ва пойинтар-сойинтар гапиришлари фелдшернинг нафратини қўзғатиб юборди...
— Бераманам-да, — деди у жаҳл билан қовоғини солиб.
— Ҳа, беринг-да!
— Хўш, сиз нима деб ўйловдингиз? Бермайди дебми? Бераманам-да... Сизнинг уришга ҳақингиз йўқ. Бундай уялсангиз ҳам гўрга эди-я! Одатда фақат маст мужикларгина муштлашади, сиз маълумотли одамсиз-а, яна...
Докторнинг қалбидаги бутун ғазаби тўсатдан оловланиб кетди-ю, бирдан бақириб юборди:
— Жўнанг, бу ердан!
— Фелдшер турган жойидан истар-истамас қўзғалди (у худди яна бирор нима демоқчига ўхшарди), даҳлизга чиқиб кетди-да, ўша ерда хаёл суриб қолди. Кейин, алланимани ўйлаб бўлгач, кескин қадам билан чиқиб кетди...
— Қандай тентаклик, қандай тентаклик-а! — деб ғўлдиради доктор у кетиши билан. — Ҳаммаси тентаклик ва бемаънигарчилик!
У ҳозир фелдшерга худди ёш болаларча муомала қилганлигини сезди ва шуни ҳам тушуниб қолдики, унинг суд ҳақидаги ўйлаганлари масалани ҳал қилиш эмас, қайта чигаллаштириб юборди.
«Қандай тентаклик қилдим-а! — деб ўйлади у шарабанга чиқаётиб ва ундан кейин ҳарбий бошлиқ билан қарта ўйнаб туриб. — Наҳотки мен шу қадар кам маълумотли бўлсам ва ҳаётни шу қадар кам билсам, мана шу оддийгина бир масалани ҳал қилишга ҳам қурбим етмаса? Хўш, нима қилиш керак?»
Эртасига эрталаб доктор, фелдшернинг хотини қаёққадир бормоқчи бўлиб, аравага чиқаётганини кўриб қолди-да: «Ана, холажонларига кетяптилар. Бораверсин!» деди ичида.
Касалхона фелдшерсиз обход қилинди. Маҳкамага ариза ёзиш керак эди-ю, лекин доктор хатнинг формасини ҳали ҳам ўйлаб ололмаган эди. Эндиги хатнинг мазмунидан: «Гарчи, айбдор у эмас, мен бўлсам ҳам, фелдшерни бўшатиб юборишингизни сўрайман» деган маъно чиқиши керак. Ахир дурустгина одамни уятга қолдирмай бу мазмунни баён қилишнинг иложи йўқ-ку.
Орадан икки-уч кун ўтгач, фелдшернинг Лев Трофимович олдига бориб шикоят қилгани тўғрисида докторга хабар беришди. Раис уни бир оғиз ҳам гапиртирмасдан, депсиниб: «Мен сени биламан! Йўқол! Гапингни ҳам эшитмайман!» деб сўкиб чиқариб юборибди.
Фелдшер Лев Трофимовичнинг олдидан чиқиб тўғри маҳкамага боради, ва у ерда тарсаки егани тўғрисида миқ этмасдан ҳамда ҳеч нарса сўрамасдан туриб, доктор менинг ҳузуримда маҳкамани ва раисни бир неча бор сўкди, касалларга ҳам яхши қарамайди, участкаларга борганда ҳам чалакам-чатти иш қилади ва ҳоказо деб, иғво тарқатади. Буларни эшитгандан кейин доктор кулиб юборди ва «Оббо аҳмоқ-ей!» деб қўйди ичида. Доктор ҳам хижолат тортар, ҳам фелдшернинг тентаклигига ачинар эди; киши ўзини муҳофаза қилиш учун қанча кўп бемаънигарчилик қилса, шунча ночор ва заифлигини кўрсатади.
Роса уч ҳафтадан кейин эрталаб доктор суддан повестка олди.
«Бу энди ўтакетган бемаънигарчилик... — деб уйлади у повесткани олишга қўл қўя туриб. — Бундан кўра бемаънироқ нарсани ўйлаб ҳам топиб бўлмайди».
У судга кетаётган куни эрталаб ҳаво булут ва осойишта эди; доктор шу пайтда уялмади, унга алам қилди ва таъби жуда хира бўлди. У, ўзидан ҳам, фелдшердан ҳам, бутун вазиятдан ҳам диққат бўлиб...
«Судда тўппа-тўғри шундай дейман, — деди жиғибийрони чиқиб, — бу ердан йўқолларинг, жин урсин сизларни! Ҳаммангиз эшаксизлар, ҳеч балога тушунмайсизлар!»
У, суд камераси олдига келганда остонада ўзида касал боқувчи хотинлардан учтасини ва Русалкани кўрди, булар гувоҳ сифатида чақирилган эдилар. Хотинларни ва тоқати тоқ бўлганидан ҳадеб оёқларини чалиштириб турган акушеркани кўргач ва ҳатто акушерка бўлажак протсесснинг бош қаҳрамонини кўриш билан ҳузур қилиб кулиб юборгандан кейин, жахли чиқиб кетган доктор худди уларга қирғийдай чанг солиб: «Касалхонадан кетишга сизга ким рухсат берди? Шу минутдаёқ жўнанг!» деб ҳаммасини довдиратиб қўймоқчи бўлди-ю, аммо ўзини босди; ўзини бамайлихотир қилиб кўрсатишга тиришиб, бир тўда одамлар орасидан ўтиб камерага кирди. Камера бўм-бўш ва суднинг занжири кресло суянчиғида ётган эди. Доктор иш юритувчининг хонасига борди. У, бу ерда юзлари қотма, коломенка пиджагининг чўнтаклари дўппайиб турган ёш йигитни кўрди, бу иш юритувчи эди; шу ерда фелдшер ҳам стол ёнида ўтириб, бекорчиликдан судланувчилар тўғрисидаги справкаларни варақлаб ўтирарди. Доктор кириши билан иш юритувчи ўрнидан турди; фелдшер ҳам хижолат тортиб, ўрнидан турди.
— Александр Архипович ҳали келгани йўқми? — деб сўради доктор уялинқираб.
— Йўқ ҳали. Улар уйида... — деб жавоб берди иш юритувчи.
Камера судя қўрғонидаги уйлардан бирига жойлашган бўлиб, судянинг ўзи эса катта уйда турарди. Доктор камерадан чиқди-да, аста-секин уйга қараб йўл олди. У борганда Александр Архипович емакхонада самовар олдида турган эди. Судя сюртуксиз ва жилеткасиз кўйлакчан, кўкрак тугмачалари ечиқ, стол олдида иккала қўли билан чойнак ушлаб турган эди; ўзига бир стакан, худди кофега ўхшаган қуюқ чой қуйди; меҳмонни кўриши билан у дарров олдига бошқа бир стаканни суриб олди-да, саломлашмасдан аввал чой қуйиб:
— Сизга қандлими ё қандсизми? — деб сўради. Судя бир вақтлар, бунга жуда кўп бўлди, кавалерияда хизмат қилган эди; ҳозирда у, кўп йиллик хизматлари туфайли ўз хоҳиши билан ҳақиқий гражданлик мансабларидан бирини эгаллаб олган, аммо ҳали ҳам ўзининг ҳарбий мундирини, ҳарбий урф-одатларини ташламаган. Унинг мўйлови ҳам политсмейстерларники сингари узун, шими бахияли ва қилиқлари, гап-сўзлари ҳарбийча эди. У бошини сал орқага ташлаб нутқини генералларга хос «мнеее...» деган ибора билан тўлдириб, елкасини учириб, кўзларини ўйнатиб гапирарди. Салом-алик қилганда ёки бировга папирос тутганда товонларини тапиллатиб қўярди, юриб кетаётган пайтда эса, шпорларини шундай нозик шиқирлатиб юрардики, шпорнинг ҳар бир овозидан гўё унинг бирор жойи қаттиқ оғриётгандай туйиларди. Докторни чойга таклиф этиб ўтқизгандан кейин, у ўзининг чорпахил кўкраги ва қорнини бир силаб олди-да, чуқур бир нафас олиб, деди;
— Қани, хўш... Эҳтимол, ўзларининг кўнгиллари арақ ичиб, закуска қилишни тусаб тургандир? Мне-е?
— Йўқ, раҳмат, қорним тўқ.
Ҳар иккаласи ҳам касалхонадаги жанжал тўғрисида гап очмасликнинг иложи йўқлигини сезиб туришар ва иккаласи ҳам ноқулай аҳволда қолган эди. Доктор жим бўлиб қолди. Судя қўлларини назокат билан қулочкашлаб, кўкрагини чақиб турган пашшани тутди, унга ҳар томондан диққат билан қаради ва қўйиб юборди, кейин чуқур нафас олиб докторга қаради-да, дона-дона қилиб гапирди:
— Менга қаранг, нима учун сиз уни ҳайдаб юбормайсиз?
Доктор унинг овозида ачиниш оҳангини туйди; бирдан ўзига раҳми келиб кетди, ва сўнгра шу ҳафтада бошига тушган мушкилотдан эзилиб тинка-мадори қуриганини сезди. Ниҳоят тоқати-тоқ бўлиб, юраги ёрилгудай, столдан ирғиб турди-ю, титраб-қақшаб, юзларини буриштириб, елкаларини қисиб, гапира кетди:
— Ҳайдаб юбориш! Сизлар нима деб ўйлайсизлар ўзи, худо ҳақи... жуда ғалатисизлар-да! Ахир, хаддим борми уни ҳайдашга? Сизлар бу ерда ўтириб, мени касалхонада ўзи хон, кўланкаси майдон-у, кўнгилга нима келса шуни қилади, деб ўйлайсизлар-да! Жуда ғалатисизлар-а! Унинг холаси Лев Трофимовичникида бола боқсин ва Лев Трофимовичга Захарич сингари писмиқ малайлар зарур бўлиб турсин-да, яна уни ҳайдаб юборишга хаддим борми? Земство биз — врачларни сариқ чақага олмай, ҳар қадамда оёқ ости қилиб тургандан кейин, менинг қўлимдан нима келади? Жин урсин ҳаммасиниям, энди мен ишламайман, мана бўлган тургани шу! Ишламайман!
— Йў, йў, йў... Сиз, жоним, жуда ваҳима қиляпсиз, ундай деганда...
— Бошлиғингиз жон-жаҳди билан бизнинг ҳаммамизни ниглистлар деб исботлашга уринади, жосуслик қилади ва биздан худди ўз котибидай хизмат қилишни талаб этади. Мен йўқ пайтимда касалхонага келиб, у ерда беморлар ва касал боқувчи хотинларни сўроқ қилишга қандай ҳақи бор? Ахир, бу ҳақоратлаш эмасми? Хўш, анави телба Семён Алексеичингиз-чи, ўзи доим гердайиб юради. Қорни тўқ ва ҳўкиздай бақувват бўлгани учун медитсинага мутлақо ишонмайди, яна ҳаммага эшиттириб, кўз олдимизда бизни текинхўр деб, таъна қилади, бир бурда нонни раво кўрмайди! Ҳа, жин урсин уни! Мен эрталабдан кечгача ишлайман, дам олиш деган нарсани билмайман, ҳамма телба-тезик, тақводор, ислоҳчилар ва шу сингари масхарабозлардан кўра бу ерда мен зарурроқман, ахир! Мен иш деб соғлиғимдан ажралдим, лекин мендан миннатдорчилик қилиш ўрнига, бир бурда нонни таъна қилишади! Сизга ташаккурларимни изҳор этаман! Яна ҳар ким бировларнинг ишига тумшуғини суқишга, насиҳатгўйлик ва назорат қилишга ўзини ҳақли деб ҳисоблайди! Анави, сизнинг махкамангизнинг аъзоси Камчатский бўлса, Земство мажлисида, бизда калий аралашмасининг кўп ишлатиб қўйилганлиги учун врачларга танбеҳ берди ва бизга бундан буён кокаинни эҳтиёт қилиб ишлатишни тавсия қилди! Унинг ўзи нимани билади, қани мен сиздан сўрайчи? Унинг нима иши бор? Нега у сизларга суд қилишни ўргатмайди?
— Бе... ахир у безбет хушомадгўй одам-да, жонигинам... Унга парво қилишнинг кераги йўқ...
— Хўп, безбет, хушомадгўй одам, лекин сизлар бу вағвағни аъзоликка сайлагансиз ва унга ҳамма ёққа тумшуқ суқишга йўл бериб қўйгансиз-да! Сиз бўлсангиз, илжаясиз! Сизнингча буларнинг ҳаммаси майда-чуйда, арзимаган нарсалар, лекин, ўйлаб кўринг, ахир, бунақангги майда-чуйдалар шу қадар кўпки, худди шағаллар йиғилиб тоғ бўлгандай бутун ҳаёт ҳам мана шу майда-чуйдалардан ташкил топган! Энди чидай олмайман! Мадорим қуриди, Александр Архипич! Яна бир оз турсам шу ерда, сизни ишонтириб айтаманки, оғзи-бурнига тушириш эмас, ҳатто бирортасини отиб қўяман! Сиз тушунинг, ахир, менинг асабларим, симдан эмас, мен ҳам худди сизга ўхшаган одамман...
Докторнинг кўзларига жиққа ёш тўлиб, овози ҳам титраб кетди; у тескари ўгирилиб, деразага қараб олди. Орага жимлик чўкди.
— Ҳа, ҳм, муҳтарам... — ғўлдиради судя тараддудланиб. — Иккинчи томондан, агар бундай вазминлик билан ўйлаб қаралса унда... (судя чивин тутиб, кўзларини қисиб, унга ҳар томондан қаради-да, эзиб, чайинди идишга ташлади)... Унда, биласизми, фелдшерни ҳайдашдан ҳам маъни чиқмайди. Ҳайдаб юборинг-чи, бари бир ўрнига яна битта шунақаси, балки ундан бадтарроғи ўтириб олади. Юзта одамни алмаштирганингиз билан яхшисини тополмайсиз... Ҳаммаси аблаҳ (судя қўлтиғи тагига қараб қўйиб, секин папирос чека бошлади). Бу ёвуз билан муроса қилиш керак. Мен сизга айтиб қўйишим керакки, ҳозирги замонда сиз ишонишингиз мумкин бўлган софдил, идрокли одамни фақат зиёлилар ва мужиклар орасидан, яъни масалан фақат шу икки қатлам орасидангина топишингиз мумкин. Сиз, айтайлик, покиза врачни, олижаноб педагогни, покиза қўшчи ёки темирчини топа оласиз, бироқ ўрта даражадаги одамлар, яъни шундай деб таърифлаш жоиз бўлса, халқ ичидан чиқиб ва ҳали зиёлиларгача бориб етмаган кишилар ишончсизлик элементларини ҳосил қилади. Шунинг учун ҳам софдил ва идрокли фелдшер, котиб, гумашта ва шу кабиларни топиш ғоят оғир. Фавқулодда оғир! Мен Горох шоҳи замонидан буён адлия соҳасида хизмат қиламан ва бутун хизматим мобайнида, гарчи сон-саноқсиз котибларни ҳайдаб юборган бўлсам-да, бирорта софдил ва идрокли котибни кўрганим йўқ. Халқда ахлоқ интизоми йўқ, принтсип ҳа-а-а-қида гапирмаёқ қўяқолайлик, мен сизга айтсам...
«Нега буларни гапиради? — деб ўйлаб қолди доктор. — Биз у билан керакли нарсани гаплашаётганимиз йўқ-ку».
— Мана узоққа бормайлик, ўтган жумада, — деб сўзида давом этди судя, —менинг Дюжинскийим, ўзингиз тасаввур этинг, шундай бир қилиқ қилипти. Кечқурун олдига аллақандай пиянисталарни чақирипти, ким билади дейсиз, улар ким экан, туниминам ўшалар билан камерада ичкиликбозлик қилиб чиқипти. Хушингизга келадими? Мен-ку, ичкиликка ҳеч қарши эмасман-а. Жин урсин сени, ичсанг ичавер, аммо нега номаълум кишиларии камерага киритасан? Ахир, ўзингиз ўйланг, ишлардан бирорта ҳужжатни, вексел ва шу сингари қоғозларни бирпасда ўғирлаб қўйиш мумкин! Бунга нима дейсан? Ўша айши-ишратдан кейин мен, бирор нарса йўқолиб қолмадими деб икки кунгача ҳамма ишни кўздан кечириб чиқдим... Хўш, бу аблаҳларни нима қилардингиз? Ҳайдашми? Яхши — хм... Яна бошқаси бундан баттар бўлмайди деб, қандай ишонтира оласиз?
— Рост, уни қандай қилиб ҳайдайман? — деди доктор. — Одамни ҳайдаш фақат гапда онсон... Мен унинг бола-чақалилигини, оч-яланғочлигини билиб турганимдан кейин, қандай ҳайдаб, бир бурда нондан бенасиб қиламан? Бола-чақаси билан у қаёққа боради?
«Ие, нима бало бўлди, ўзи, мунақа демоқчимасдим-ку!» деб ўйлаб қолди у, ўз хаёлини бирор аниқ фикр ёки бирор ҳиссиёт устида жамлай олмаётганига ҳайрон бўлади. «Бунинг сабаби шуки, мен пухта эмасман ва фикрлашни билмайман» деб қўйди ичида.
— Ўрта даражадаги одамга, халиги сиз айтгандай ишониб бўлмайди, — деб давом этди. — Биз уни ҳайдаймиз, сўкамиз, афти-башарасига қараб урамиз, аммо лекин, унинг аҳволига ҳам қараш керак-да, ахир. У на мужик, на барин, бир дардисар; унинг ўтмиши расво, ҳозирда эса ойига фақат йигирма беш сўм олади, бола-чақаси оч ва бировга қарам, келажакда ҳам уники яна ўша йигирма беш сўм пул-у, бировга боқим, юз йил хизмат қилганда ҳам аҳволи шу-да. Унда на маълумот бор ва на мол-мулк; ўқишга ва черковга боришга вақти йўқ, биздан ҳеч нарса эшитмайди, чунки биз уни яқинимизга йўлатмаймиз. Шундай қилиб у, ўла-ўлгунча дурустроқ бир турмушдан умид қилмай, чала-ярим овқат еб, «мана ҳозир давлат квартирасидан ҳайдаб юборади» деб қўрқиб, бола-чақасини қаерга қўйишини билмай юраверади. Шундан кейин айтинг-чи, қалай пиянисталик, ўғирлик қилмасин? Бу ерда принтсипга ўрин қолдими, энди!
«Биз, чамаси, ижтимоий масалаларни ҳал қилишга ўтиб кетдик, шекилли, — деб ўйлади у. — Жуда четга чиқиб кетдик, тавба! Булар нимага керак ўзи?»
Шу орада жаранг-журунг овоз эшитилиб қолди. Кимдир извош билан ҳовлига кирди, олдин камера олдига борди, кейин катта уйга кираверишдаги зина ёнига келди.
— Ўзи келди, — деди судя, деразадан қараб. — Ана энди таъзирингизни беради!
— А, сиз, марҳамат қилиб, мени тезроқ жўнатинг... — илтимос қилди доктор. — Агар иложи бўлса, менинг ишимни бенавбат кўрсангиз. Худо ҳақи, вақтим йўқ.
— Яхши-яхши... Фақат, ҳали ўзим билмайман, тақсир, бу ишни мен суд қилиб ўтиришим керакмикан. Фелдшер билан сизнинг муносабатингиз, айтайлик, хизмат юзасидан бўлган, бунинг устига сиз уни хизмат вазифасини ўтаётган пайтда тузлагансиз. Аммо дурустгина билмайман ҳам. Ҳозир Лев Трофимовичдан сўраймиз.
Шоша-пиша келаётган қадам товуши ва оғир ҳарсиллаган овоз эшитилди ва шу он эшикдан раис — соч-соқоли оппоқ, тепакал, соқоллари узун ва қовоқлари қип-қизил Лев Трофимович кўриниб қолди.
— Салом бердик... — деди у ҳарсиллаб туриб. Уф, тавба! Муҳтарам судя, менга квас беринг! Ўлганим яхши...
У креслога ўзини ташлади, лекин шу заҳоти дарров ирғиб туриб, докторнинг олдига борди ва жаҳл билан унга ўқрайиб, чийилдоқ овоз билан гапира кетди:
— Сиздан жуда ва бениҳоят миннатдорман. Григорий Иванич! Худо ҳақи ҳеч қачон унутмайман! Дўст киши бундай қилмайди! кўнглингизга келмасин-у, лекин сизнинг томонингиздан ҳатто инсофсизлик қилинган! Нима сабабдан сиз менга маълум қилмадингиз? Хўш, мен нима? Кимман, ахир? Душман ёки бегона одамми? Сизга душманманми? Бирон вақт сўзингизни ерда қолдирганмидим? А?
Раис кўзларини олайтириб ва бармоқларини силкиб, квас ичди-да, дарров лабларини артиб, давом этди:
— Ғоят, ғоят миннатдорман сиздан! Нима сабабдан менга маълум қилмадингиз? Агарда сизда менга нисбатан қиттак кўнгил бўлганда, олдимга келиб, дўстларча: — «Жонгинам, Лев Трофимович, шундай, шундай вассалом... Ана шундай ҳодиса рўй бериб қолди ва ҳоказо...» дердингиз. Мен сизга бир зумда ҳаммасини тўғрилаб берган бўлардим ва бундай жанжалга ўрин ҳам қолмас эди... Анави аҳмоқ, худди девонадай бутун уездда сандироқлаб, ғийбат қилиб, хотинлар орасида чақимчилик қилиб юрипти; сиз бўлсангиз шарманда бўлиб, кўнглигизга келмасин-у, ким билади нима балоларни қўзғаб юрибсиз, судга беришга ўша аҳмоқни мажбур қилгансиз! Шармандалик, ғирт шармандалик! Ҳамма мендан нима гап ўзи, нима асти, деб сўрайди, хўш, мен-чи, раисман, аммо у ёқда нималар бўляпти, ҳеч нарсани билмайман, менинг сизга асло керагим ҳам йўқ-да! Ғоят, ғоят миннатдорман сиздан, Григорий Иванич!
Раис шундай паст эгилиб таъзим қилдики, ҳатто аъзойи-бадани қип-қизариб кетди, кейин деразага келиб бақирди:
— Жигалов, Михаил Захарични бу ёққа чақир! Айт, шу топдаёқ келсин! Яхши эмас-с! — деди у, деразадан нари бориб. — Ҳатто менинг хотиним ҳам ранжиди, хўш, нима сабабдан, чамаси, сизга мурувват қилса керак-да! Сиз, афандим, жуда билармонлик қилиб юборибсиз! Оқилона бўлсин деб ҳар хил принтсиплар ва турли қилиқлар қиласиз, лекин чалғитасиз, холос.
— Сиз нуқул таваккал қилаверасиз, хўш нима чиқяпти? — деб сўради доктор.
— Нима чиқяптими? Шу нарса чиқяптики, агар мен ҳозир бу ёққа келмаганимда, сиз ўзингизни ҳам шарманда қилардингиз, бизни ҳам... бахтингизга мен келиб қолдим!
Фелдшер кириб, остонада тўхтади. Раис унга ёндамасига туриб, қўлларини чўнтагига тиқиб олди-да, бир йўталиб, деди:
— Ҳозир доктордан узр сўра!
Доктор қип-қизариб, бошқа уйга кириб кетди.
— Мана, кўрдингми, доктор сенинг узрингни қабул қилгуси келмаяпти! — деб давом этди раис. — У сени, товбангни сўзда эмас, балки ишда кўрсатишингни истаяпти. Бугундан бошлаб итоат қилишга ва доим ҳушёр бўлишга сўз берасанми?
— Бераман... — деб қовоғини осилтириб тўнғиллади фелдшер.
— кўзингни оч! Худо кўрсатмасин! Бир мўйлов қилсамми, жойдан ажраласан қоласан! Энди бирор гап бўлса, мендан яхшилик кутиб ўтирма... Қани, жўна уйингга...
Ишнинг бу йўсинда ҳал бўлиши ўз хўжаси билан ярашиб олган фелдшер учун ҳеч кутилмаган бахт бўлди. У севинганидан ҳатто ранги оқариб кетди. Фелдшер бирор нарса демоқчи бўлиб, қўлини чўзди-ю, лекин ҳеч нарса демади, фақат маъносизгина илжайиб чиқиб кетди.
— Ана, иш тамом! — деди раис. — Энди ҳеч қандай суднинг ҳам кераги йўқ.
У енгил тортиб нафас олди-да, шу топда худди жуда оғир ва муҳим бир иш қилиб юборгандай самовар ва стаканларга қараб қўйди ва қўлларини ишқалаб туриб деди:
— Худо ҳаллоқ... Менга бир қултум қуй-чи, Саша. Ҳа, айтгандай, аввал закускага бирор нарса олиб келгин... Кейин, оқидан...
— Бу мумкин эмас, жаноблар! — деди доктор ошхонага кираётиб; у ҳамон қизариб-бўртиб инжиқлик қилар эди. — Бу... бу комедия-ку! Бу қабиҳлик! Мен чидай олмайман! Масалани бунақангги масқарабозлик билан ҳал қилгандан кўра йигирма марта судлашган яхши, йўқ, мен чидай олмайман!
— Сизга нима керак, ахир? — деди раис унга ғижиниб. — Ҳайдашми? Майли, ҳайдаб қўя қолай...
— Йўқ, ҳайдаш эмас... Менга нима кераклигини ўзим ҳам билмайман, лекин, жаноблар, ҳаётга бундай муносабатда бўлиш... Эй, худойим-ей!
Докторнинг асаби қайнаб бесаранжом бўлиб қолди, шляпасини қидирди, тополмади ва дармони қуриб креслога ўзини ташлади.
— Қабиҳлик! — деб яна такрорлади у.
— Жонгинам, — деди пичирлаб судя, — баъзан сизга ҳам тушунолмайман, бундай қараганда... Ахир бу ишда сиз айбдорсиз-ку! Ун тўққизинчи асрнинг охирида бировнинг башарасига қараб тушириш — бу, мен сизга айтсам, нима десангиз деяверинг-ку, бўлмайди-да... Тўғри, у аблаҳ, биро-о-оқ, хўп деяверинг, сиз ҳам эҳтиётсизлик қилиб юборгансиз...
— Албатта-да! — деди раис.
Арақ ва закуска келтиришди. Хайрлашув олдидан доктор ҳам беихтиёр бир рюмка ичиб юбориб, редиска билан закуска қилди. У касалхонага қайтиб келган пайтда унинг фикрини худди куз эртасидаги майсадай туман қоплаган эди.
«Наҳотки, — деб ўйлади у, — сўнгги ҳафтада тортган шунча азоб-уқубатлар, бош қотиришлар ва айтилгач гаплар — оқибат шу қадар бемаънигарчилик билан тугаса! Қандай тентаклик! Қандай тентаклик!»
У ўзининг шахсий масалаларига ёт кишиларни аралаштириб қўйгани учун уялди, бу кишиларга айтган гаплари ва одати бўйича ўйлаб ўтирмай ароқ ичиб юборгани учун уялди, ўзининг тушуниб етмаган, саёз ақлидан ҳижолат тортди... У касалхонага келиши билан шу заҳоти обход қила бошлади. Ёнида фелдшер, худди мулойим мушукдай ийманиб, саволларга юмшоқ жавоб бериб юрарди... Фелдшер ҳам, Русалка ҳам, касал боқувчи аёллар ҳам ўзларини, гўё ҳеч нарса билмагандай ва ҳамма иш жойида дегандай бир қиёфада тутар эдилар. Доктор ҳам кучининг борича ўзини бепарво қилиб кўрсатишга урунарди. У буйруқ берар, жаҳл қилар, касаллар билан ҳазил-ҳузил гап қилиб қўярди-ю, аммо миясидан:
— Тентаклик, тентаклик, тентаклик... — деган гап нари кетмас эди.
А.Алиев таржимаси