«Даҳшат» жанрида ижод қиладиган ҳар бир ёзувчи тириклайин кўмилганлар ва меҳмонхонадаги арвоҳлар жойлашган хона ҳақида камида битта ҳикоя ёзиши шарт. Қуйидаги ҳикоя менинг ушбу йўналишдаги ҳикояларимдан бири. Унинг ғалатилиги шундаки, мен бу ҳикояни мантиқан якунламоқчи эмасдим. «Китоб қандай ёзилади» деган «дарслигим»га шунчаки илова сифатида уч-тўрт саҳифа ёзиб, ўқувчиларга ҳикоя қандай ёзилишини кўрсатмоқчи эдим. Асосийси, асар ёзаётганимда нималарга эътибор беришимни мисол билан кўрсатишни истагандим. Аммо ёқимли воқеа юз берди: ҳикоя мени ўзига жалб этди ва уни охиригача ёзиб тугатдим. Уни ёзарканман, бу ҳикоя мени қўрқитди. Дастлаб у «Қон ва тутун» деб номланган аудиокитобнинг бир қисми сифатида пайдо бўлди ва қўлёзмадан кўра кўпроқ даҳшатга солди. Ўлгудек қўрқдим. Аммо меҳмонхоналардаги хоналар рақамлари ўз-ўзидан қўрқув ҳиссини уйғотади, шундай эмасми? Хонага қадам қўяр экансан, беихтиёр саволлар гирдобида қоласан. «Менгача нечта одам бу хонада ётган экан? Уларнинг нечтаси касал бўлган? Нечтаси шу хонада ўзини осмоқчи бўлган?» Уҳ-ҳ-ҳ. Келинг, текшириб кўрамиз. Мана сизга калит... ва сиз шошмасдан бу тўртта рақамнинг жами йиғиндиси қайси сонни ҳосил қилишини ҳисоблаб чиқишингиз мумкин.
Мана ўша хона, йўлак охирида.
Майк Энслин айланма эшикни очаркан, залдаги креслолардан бирида ўтирган «Делфин» меҳмонхонаси менежери Олинга кўзи тушди. Майкнинг юраги ҳовлиқди. «Барибир адвокат билан бирга келишим керак эди», ўйлади у. Нимаям қиларди, энди кеч. Агар Олин 1408-хона ёнидаги хоналарни таклиф қилса ҳечқиси йўқ. Китобида бир нечта ортиқча саҳифа пайдо бўлади.
Олин унга пешвоз чиқиб қўлини узатди. «Делфин» Олтмиш биринчи кўчада, Бешинчи авенюдан бир неча қадам нарида жойлашган, унчалик баланд бўлмаган, лекин кўркам бино эди. Майк қўлидаги кичикроқ чамадонни чап қўлига олиб менежерга қўл узатган пайтда бир эркак билан аёл Майкнинг ёнидан етаклашиб ўтишди. Бардан «Кун ва тун» мусиқасининг товуши эшитилди.
—Жаноб Энслин. Хайрли кеч.
—Жаноб Олин. Муаммо йўқми?
Олин ўзини йўқотиб қўйди. Худди ёрдам сўраётгандай залга аланглади. Рўйхатга олиш хонаси олдида бир эркак аёли билан қайси хонага жойлашиш масаласини гаплашаётганди.
—Жаноб Олин?-такрорлади Майк.
—Жаноб Энслин… сиз билан хонамда гаплашсак бўладими?
Албатта, нега йўқ бўларкан? Бу суҳбат ёзаётган китобининг 1408-хонага бағишланган бўлимини тўлдиради, китобхонлар севадиган даҳшатни тақдим қилади. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бу ташрифга жиддий тайёрланган бўлса-да, Майк Энслинда ҳали тўлиқ ишонч пайдо бўлмаганди. Мана энди у Олин 1408-хонадан, Майк билан бу тун содир бўладиган воқеадан қўрқаётганини кўрди.
—Албатта, жаноб Олин.
Олин Майкнинг чамадонига қўлини чўзди.
—Келинг.
—Йўқ, раҳмат,-деди Майк.-Ичида тиш чўтка ва сочиқдан бошқа нарса йўқ.
—Шундайми?
—Ҳа,-бош силкиди Майк.-Гавайича кўйлагимни кийиб олганман,-у жилмайди.-Ҳиди арвоҳларни қувадиган махсус суюқлик сепилган.
Олин кулмади. Оғир уф тортди.
—Жуда яхши, жаноб Энслин. Ортимдан юринг.
Залда меҳмонхона менежери ожиз одамга ўхшаб кўринган, худди кетига тепки еган итни эслатганди. Аммо деворига дуб ёғочлари қопланган хонасида («Делфин» 1910 йилда очилганди. Китоби у ҳақдаги маълумотларни киритмаса ҳам чоп этилишини билса-да, Майк эски газета ва журналлардан меҳмонхона тарихини ўрганиб чиққанди) ўзига ишонган одамга айланди. Полга форс гилами тўшалганди. Стол устида, сигара қутиси олдида яшил қандилли лампа жойлашганди. Сигара қутисининг бу ёнида Энслиннинг учта китоби турарди. «Хўжайин ҳам тайёргарлик кўрибди», ўйлади Майк.
Майк стол олдидаги креслога ўтирди. Олин ҳам унинг ёнидаги креслога ўтирди, оёқларини чалиштирди, сўнг олдинга эгилиб сигара қутисини қўлига олди.
—Сигара чекасизми, жаноб Энслин?
—Раҳмат, мен чекмайман.
Олиннинг нигоҳи унинг ўнг қулоғига қистирилган сигаретга қадалди. Аксарият мухбирлар ҳадеб чўнтак кавлайвермаслик учун шляпаларидаги «Матбуот» деб ёзилган тасмага сигарет қистириб юришарди. Майк ҳам узоқ вақтлардан буён қулоғига сигарет қистириб юргани учун аввалига жаноб Олин қаёққа қараётганини тушунмади. Кейин эса кулиб қўйди, қулоғига қистирилган сигаретни олди ва Олинга қаради.
—Тўққиз йилдан бери чекмайман. Акам ўпка ракидан вафот этган. Унинг вафотидан кейин чекишни ташлаганман. Қулоғимдаги сигарет эса...-у елкасини қисди,-ҳам хотира, ҳам ирим. Худди гавайича кўйлагим сингари. 1408-хонада чекишга рухсат борми, жаноб Олин? Ҳар эҳтимолга қарши билиб қўяй.
—Албатта.
—Жуда яхши,-деди Майк.-Ҳеч бўлмаса шундан ташвиш қилмас эканман.
Жаноб Олин яна уф тортди.
—Сиз ҳали ҳам мени фикрингиздан воз кечишга кўндиролмайди деб ўйлаяпсизми?-деди у.
—кўндиролмаслигингизни биламан,-Майк сигаретни қулоғига қистирди. У ҳар куни кечқурун қулоғидаги сигаретни ташлаб юбориб, эрталаб янгисини қистирарди. Ташлаб юбораётган сигаретига тикилиб тураркан, у қандай қилиб деярли йигирма йил давомида кунига ўттиз-қирқ донадан сигарет чекканини тасаввур қилолмасди.
Олин стол устида турган китобларни қўлига олди.
—Сиз адашаётганингизга чин дилдан умид қиламан.
Майк чамадонини очди. Ичидан «Сони» диктофонини чиқарди.
—Суҳбатимизни ёзиб олишимга қаршимасмисиз, жаноб Олин?
Менежер қўлини силтади. Майк ёзув тугмасини босди, кичкинагина қизил чироқ ёнди. Тасма айлана бошлади.
Олин бу пайтда китобларнинг номларини овоз чиқариб ўқиётганди. Майк Энслин ҳар сафар бирортасининг қўлида ўзининг китобини кўриб қолса турли ҳис-туйғуларни бошидан кечирарди: фахр, ноқулайлик, ҳайрат, уялиш. Бизнесмен сифатида эса уялмасди: кейинги беш йил давомида уни ёзган китоблари боқиб келаётганди.
Олин унинг китоблари номини овоз чиқариб ўқиркан, Майк диктофонни ёққанига афсусланди. Чунки у кейинчалик ёзувни қайта эшитганида Олиннинг овозида нафрат оҳангини сезишини биларди. У беихтиёр қулоғига қистирилган сигаретга қўлини чўзди.
«Арвоҳли уйда ўтган тўққиз тун»,-ўқиди Олин.-«Қабристонда ўтган ўн тун», «Арвоҳли қасрларда ўтган ўн тун»,-у Майкка қаради ва лабида истеҳзоли табассум пайдо бўлди.-Бу китобни ёзиш учун Шотландияга боргансиз. Йўлга кетган харажатларингиз ҳисобига сизнинг тўлайдиган солиқларингиз миқдори пасайган, тўғрими? Хуллас, арвоҳларни овлаш сизнинг бизнесингиз.
—Гапингиз тугадими?
—Бу китоблар сиз учун жудаям қадрлими?
—Ҳа, қадрли. Аммо китобларимни танқид қилиб мени меҳмонхонадан кетказа олмайсиз…
—Йўқ, йўқ. Шунчаки қизиқиш. Икки кун олдин, сиз илтимос билан келганингиздан кейин бу китобларни Марсел исмли хизматчига айтиб олиб келтирдим.
—Талаб билан, илтимос эмас. Ва ҳозир ҳам талаб қиламан. Жаноб Робертсоннинг гапларини эшитгандирсиз. Ню-Ёрк штати қонунига кўра, агар бирор хона бўш бўлсаю мен унга жойлашмоқчи бўлсам, бу талабимни рад қилишга ҳаққингиз йўқ. 1408-хона эса бўш. Бу хона доим бўш.
Аммо жаноб Олин «Ню-Ёрк таймс» газетасининг энг кўп сотилган китоблар рўйхатидан жой олган Майкнинг китоблари мавзусидан ҳали-бери четлашмоқчига ўхшамасди. У китобларни учинчи марта кўздан кечирди. Чироқдан тушган нур ялтироқ муқоваларда жилоланарди. Муқовалар қизил рангда товланарди.
—Шу бугунгача бу китобларни кўргани вақтим бўлмаганди. Иш кўп. Ню-Ёрк миқёсида олиб қарайдиган бўлсак, «Делфин» кичкина меҳмонхона, лекин доим банд бўлади ва деярли ҳар бир меҳмон ўзи билан бирор муаммо олиб келади.
—Менга ўхшаб.
Олин жилмайди.
—Айтишим мумкинки, сиз алоҳида бир муаммосиз. Сиз, жаноб Робертсон ва барча таҳдидларингиз ҳам.
Майкка унинг сўзлари ёқмади. У ҳеч кимга таҳдид қилмаганди, агарда жаноб Робертсоннинг ташрифи таҳдид деб ҳисобланмаса. Ва уни адвокат хизматидан фойдаланишга мажбур қилишди. Худди калити аллақачон йўқолган эски уй эшигини очиш учун болтадан фойдаланишга мажбур бўлган одам сингари.
«Уй сеникимас», деди ичидаги овоз, аммо қонун унга бунинг аксини таъкидларди. Қонун агар Майк истаса ва банд қилинмаган бўлса, «Делфин» меҳмонхонасидаги 1408-хонага жойлашиши мумкинлигини кўрсатиб турарди.
Майк Олин ҳали ҳам уни истеҳзо билан кузатиб турганини ҳис қилди. У худди Майкнинг кўнглидан кечаётган фикрларни ўқиётгандай эди. У ўзини нохуш ҳис қилди.
—Агар суҳбатимизда бирорта чуқур маъно яширинган бўлса, узр, жаноб Олин, мен бу маънони кўролмаяпман. Бошқа эътирозингиз бўлмаса ва 1408-хонага жойлашишим мумкин бўлса, ижозатингиз билан...
—Мен биттасини ўқидим... Нима деб атайсиз? Қиссами? Ҳикоятми? Воқеа,-деди Олин.-Ҳар бир китобингиздан биттадан воқеани ўқиб чиқдим. «Арвоҳли уй»дан Канзасдаги Рилсбилар уйи ҳақидагисини...
—Ҳа. Кимдир Рилсби оиласининг барча олти нафар аъзосини чопиб ташлаган.
—Тўғри. Ва ўз жонига қасд қилган аляскалик севишганлар ҳақидаги воқеани. Одамлар уларнинг арвоҳларини кўришган экан... ва Гартсби қалъасида ўтказган тунингиз ҳақида. Жудаям қизиқарли воқеалар экан.
Майк ҳар қандай мақтов ичидан ҳам мазах ёки ижирғаниш оҳангини илғай оларди, аммо бу сафар мақтов чин дилдан айтилганини сезди.
—Раҳмат,-деди у диктофонига бир қараб олиб.
Олин бармоқлари билан китобни чертди.
—Китобингизни охиригача ўқиб чиқмоқчиман. Ёзиш услубингиз ёқди. Гартсби қалъасида ҳеч қандай ғайритабиий ҳодисасиз ўтказган тунингиз ҳақида ўқиб мириқиб кулдим. Сиз яхши ёзувчи экансиз. Бироқ бу китоблар мени ташвишга ҳам солди. Агар китобларингиз билан танишиб чиқмаганимда, сизни ҳозир кутмаётган бўлардим. Анави адвокатни кўргач, сиз бу лаънати хонада тунни ўтказмоқчи эканлигингизни ва ҳеч ким сизни бу фикрингиздан қайтаролмаслигини тушундим. Аммо китоблар...
Майк диктофонни ўчирди.
—Нима учун бундай нарсаларни кавлаб юришимни билмоқчимисиз?
—Менимча, сиз буларнинг барини пул учун қиласиз,-деди Олин.
Майк қизариб кетди.
—Мени бир нарса ташвишлантирди, тўғрироғи, қўрқитди: мен ўзи ёзмоқчи бўлган ва ёзган нарсаларига мутлақо ишонмайдиган зиёли, иқтидорли инсоннинг китобини ўқидим.
«Унчалик эмас», деди ичида Майк. У ўзи ишонадиган ўнлаб ҳикояларни ёзган, аммо бир нечтасини чоп этган холос. У ўзи ишонадиган кўплаб шеърларни ёзган. Лекин Канзасдаги ташландиқ уйда дайдиб юрадиган Южин Рилсбининг бошсиз арвоҳига ишонмайди. У бу уйда бир тунни ўтказган ва сичқонлардан бошқа ҳеч нарсани кўрмаган. У Влад Тепеснинг Трансилваниядаги қасрида тунни ўтказган, аммо қонсўрар чивинлардан бошқа нарсага дуч келмаган. Лекин у буларнинг ҳаммасини Олинга айтиб ўтирмоқчи эмасди.
—Сиз ҳақсиз, мен арвоҳларга ҳам, шарпаларга ҳам, жинларга ҳам ишонмайман. Шунинг учун бошиданоқ оддий кузатувчи мақомида иш олиб бораман. Рўпарамдан арвоҳ чиқиб қолган тақдирда ҳам бунга холислик билан ёндашаман.
Олин нимадир деди, лекин Майк англамай қолди.
—Тушунмадим?
— «Йўқ» дедим,-деди Олин.
Майк оғир хўрсинди. Олин уни ёлғончи деб ўйлаяпти. Энди фақат иккита йўл бор: ё ҳаммасини айтиш керак ёки баҳслашишни тўхтатиш керак.
—Суҳбатимизни бошқа куни давом эттирсак бўлмайдими, жаноб Олин? Мен хонага жойлашиб, ювиниб олмоқчиман. Балки кўзгуда Кевин ОъМоллининг арвоҳини кўрарман?
Майк ўрнидан турмоқчи бўлди, аммо Олин қўлини кўтариб уни тўхтатди.
—Сизни ёлғончи демоқчимасман, жаноб Энслин. Арвоҳлар уларга ишонмайдиган одамларга кам кўринади. Балки Южин Рилсби сизнинг ёнингиздан ўтгандир, аммо сиз кўрмагандирсиз!
Майк ўрнидан турди, сўнг чамадонини олиш учун эгилди.
—Агар шундай бўлса, 1408-хонадан ташвишланмасам ҳам бўлади, шундайми?
—Аксинча,-еътироз билдирди Олин.-Ташвишланишингиз шарт. Чунки 1408-хонада арвоҳ йўқ, ҳеч қачон бўлмаган ҳам. У ерда нимадир бор, буни ҳис қилганман, лекин у арвоҳ эмас. Ташландиқ уйда арвоҳларга ишонмаслигингиз сизга ҳимоя вазифасини ўташи мумкин. Лекин 1408-хонада бу ёрдам бермайди. Ундай қилманг, жаноб Энслин. Айнан шуни сўраш учун, сиздан ўтиниб сўраш учун бугун сизни кутаётгандим.
Майк унинг барча гапларини ҳам эшитар, ҳам эшитмасди. «Диктофонни ўчириб қўйганингни қара!-у ичида ўзини сўкарди.-Жин урсин! Барибир унинг айтганларини китобимга киритаман».
Унинг тезроқ хонага чиққиси келарди. Нафақат бир тунни ўтказиш учун, балки Олиннинг сўзлари ёдидан кўтарилмай туриб қоғозга тушириб қўйиш учун ҳам.
—Келинг, ичамиз, жаноб Энслин.
—Йўқ, мен...
Жаноб Олин қўлини чўнтагига суқди ва мис пластина билан ҳалқача ёрдамида бириктирилган калитни олди. Пластинага 1408 рақами ўйиб ёзилганди.
—Марҳамат,-деди Олин.-Менга ўн дақиқа вақтингизни ажратинг, бир стакандан виски ичамиз ва сизга калитни бераман. Сиз қарорингиздан қайтишингиз учун ҳар қандай нарсани беришга тайёрман, аммо фикрингиздан қайтаришга уринишим беҳуда кетишига ишонч ҳосил қилдим.
—Ҳозир ҳам калитдан фойдаланасизларми?-сўради Майк.-Ажойиб.
—«Делфин»даги хоналар 1979 йилда магнит қулфлар билан жиҳозланган. Ўша йили мен бошқарувчи этиб тайинланганман. 1408 эса эшиги оддий калит билан очиладиган ягона хона. Унга магнит қулф ўрнатишнинг ҳожати йўқ, барибир доим бўш бўлади. Охирги марта бу хонага 1978 йилда одам қўйилган.
—Аҳмоқ қилманг!-Майк жойига ўтирди, яна диктофонни қўлига олди. Ёзув тугмасини босди ва деди: «Меҳмонхона бошқарувчисининг айтишича, 1408-хонага одам кирмаганига йигирма йилдан ошибди».
—1408-хона эшигига магнитли қулф ўрнатилмаган, чунки имоним комил, қўйилганда ҳам у ишламаган бўларди. 1408-хонада электрон соатлар ишламайди. Айримлари орқада қолади, айримлари тўхтаб қолади. Бу хонада аниқ вақтни ҳеч ким билмайди. Калкулятор ва уяли телефонлар ҳам шундай. Агар машинангизнинг бошқарув пулти бўлса, уни ўчириб қўйишингизни маслаҳат бераман, чунки 1408-хонада у исталган вақтда ишлаб кетиши мумкин. Агарда уни ўчириб қўйсангиз, қайтиб ишламай қолади. Энг яхшиси, батарейкаларини чиқариб қўйинг.-У диктофонни ўчириш тугмасини босди.-Аслида, жаноб Энслин, нохушликлардан қутулишнинг энг яхши йўли-бу хонадан узоқроқ юриш.
—Иложим йўқ,-Майк диктофонни қўлига олди, сўнг чўнтагига солди,-аммо виски ичишга вақтим бор.
Олин шиша олар экан, Майк ундан 1978 йилдан бери 1408-хонага одам кирмаган бўлса, замонавий технологиялар асосида яратилган электрон буюмлар бу хонада ишламаслиги унга қаердан маълумлигини сўради.
—Мен 1978 йилдан бери бу хонага одам кирмаган демадим,-жавоб қайтарди Олин.-Биринчидан, бу хона енгил тозаланади. Бу эса...
Тўрт ойдан бери «Арвоҳли хонаси бор меҳмонхоналар» китоби устида ишлаётган Майк «енгил тозалаш» нимани англатишини биларди. Бу қуйидагиларни англатарди: деразалар очилади, чанглар артилади, сочиқлар алмаштирилади. Ётоқхона жиҳозларига тегилмайди.
Иккита стакан ушлаб олган Олин Майк томон келаркан, худди унинг фикрини уққандек деди:
—кўрпа-тўшак жилдлари бугун алмаштирилган, жаноб Энслин.
—Мени Майк деб чақиришингиз мумкин.
—Менга шуниси қулайроқ. Сиз учун.
—Сиз учун,-Майк стаканини Олиннинг қўлидаги стакан билан чўқиштириш учун қўлини кўтарди, аммо у қўлини тортиб олди.
—Йўқ, сиз учун, жаноб Энслин. Буни талаб қиламан. Бугун фақат сиз учун ичамиз.
Майк уф тортди, сўнг стаканини чўқиштирди.
—Мен учун. Сиз даҳшатли филмларда рол ўйнасангиз бўларкан.
Олин ўтирди.
—Худога шукр, бундай филмда рол ўйнамайман. 1408-хона ғайритабиий ҳодисалар юз берадиган жойлар рўйхати киритилган бирорта ҳам сайтда йўқ...
«Менинг китобим чиққанидан сўнг бу тубдан ўзгаради», ўйлади Майк.
—…ва арвоҳлар жойлашган меҳмонхоналар рўйхати берилган сайёҳлик китобларида ҳам «Делфин» меҳмонхонаси қайд этилмаган. Аммо «Шерри-Нидерленд», «Плаза», «Парк-Лейн» меҳмонхоналари бор. Биз 1408-хона ҳақида иложи борича ҳеч ким билмаслиги учун ҳаракат қиламиз... аммо барибир кимдир билиб қолади.
Майк илжайди.
—Вероника кўрпа-тўшакларни янгилади,-гапида давом этди Олин.-Мен унга қараб турдим. Вероника ва унинг синглиси «Делфин» меҳмонхонасига 1971 ёки 72 йилда келишган. Ви, биз уни шундай чақирамиз, «Делфин»нинг энг ёши улуғ хизматчиси, унинг иш стажи меникидан кўпроқ. Опа-сингиллар 1992 йилгача 1408-хонани тозалашган. Вероника ва Селеста эгизаклар эдилар ва улар ўртасидаги ички боғлиқлик опа-сингилни хавфдан сақлаб қолган. Барибир уларга хонанинг таъсири бўлган.
—Верониканинг синглиси шу хонада ўлган демассиз, ҳойнаҳой?
—Албатта, йўқ. У соғлиги ёмонлашгани учун 1988 йилда ишдан кетган. Менимча, унинг соғлигига хонанинг таъсири бўлган.
—Айтган гапларингизга ишонмайман, жаноб Олин.
Олин кулди.
—Арвоҳлар олами тадқиқотчисисиз-да.
—Бу ўқувчиларим олдидаги бурчим,-деди Майк қуруққина қилиб.
—Мен 1408-хонани бутунлай унутиб юборишим мумкин эди,-деди меҳмонхона менежери.-Ешик ёпилади, чироқлар ўчирилади, пардалар туширилади… аммо хонанинг ҳавоси бузилиб, чанг қатлами кундан-кунга кўтарилишини ўйлаб бундай қилмадим. Хуллас, Ви ва Си хонага тезда кириб, йиғиштириб, тезда қайтиб чиқишарди. Си ишдан бўшади, Вининг эса лавозими кўтарилди. Шундан сўнг хонани бошқалар йиғиштирадиган бўлишди ва хонага доим икки киши кирарди... Сиз 1408-хонадаги арвоҳлар устидан кулишингиз мумкин, лекин ичкарига киришингиз биланоқ уларнинг мавжудлигини ҳис қиласиз.
Мен хонани йиғиштиришаётганда доим хизматчиларга қараб турардим,-у бир оз жим бўлиб қолди, сўнг яна давом этди.-Агар бирор даҳшатли воқеа юз берса уларни хонадан олиб чиқиб кетиш учун. Худога шукр, ундай воқеа юз бермади. Айримлар қўққисдан йиғлаб юборар, айримлар қаҳ-қаҳ уриб кулар, айримлар эса ҳушидан кетиб қоларди. Ўтган йиллар давомида мен бошқарув пултлари, уяли телефонлар, соатлар билан кўплаб тажрибалар ўтказдим. Бир аёлнинг кўзлари кўрмай қолганди.
—Нима?
—Ромми ван Гелдер. У телевизорнинг чангини артаётганди. Бирдан чинқира бошлади. Ундан нима бўлганини сўрадим. У латтани ташлаб, қўллари билан кўзларини ушлади ва кўзлари кўрмай қолганини айтди. Мен уни ташқарига олиб чиқдим, лифт олдига етганимиздан кейингина у яна кўра бошлади.
—Буларнинг барини мени қўрқитиш учун айтяпсизми, жаноб Олин? 1408-хонага кирмаслигим учунми?
—Йўқ. Сиз хонанинг тарихини бу хонада биринчи бўлиб ўлган одамдан бошлаб биласиз-ку.
Майк биларди. Кевин ОъМолли, тикув машиналарини сотиш билан шуғулланадиган савдогар 1910 йилнинг 13 октябрида шу хонада ўз жонига қасд қилганди.
—Беш эркак ва бир аёл хонанинг ягона деразасидан ўзларини пастга ташлашган, жаноб Энслин. Уч аёл ва бир эркак кўп миқдорда уйқу дори ичиб ҳаётдан кўз юмган, икки киши каравотда, яна икки киши ваннада, бир эркак ҳожатхонада ўлик ҳолда топилган. Бир эркак 1970 йилда ўзини кийим жавони ичида осиб ўлдирган...
—Генри Сторкин,-деди Майк.
—Рандолф Хайд билагидаги томирларини кесиб ташлаган. Демоқчиманки, жаноб Энслин, агар олтмиш саккиз йил давомида бу хонада ўн икки киши ўз жонига суиқасд қилгани сизни фикрингиздан қайтара олмаган бўлса, хизматчиларнинг оҳ-воҳлари сизга мутлақо таъсир қилмайди.
«Оҳ-воҳлар, яхши», ўйлади Майк, ёзаётган китобида бу иборадан фойдаланишни мўлжалларкан.
Майкни хизматчилар ва уларнинг оҳ-воҳлари қизиқтирмасди. Тўғри, Олин айтган суиқасдлар сони одамни таъсирлантиради. Аммо исбот... Авраам Линколн ва Жон Кеннедиларнинг витсе-президентларининг фамилиялари бир хил-Жонсон бўлган. Линколн ва Кеннеди охири 60 билан тугайдиган йилда президентликка сайланишган. Линколнни «Кеннеди» театрида ўлдиришган, Кеннедини «Линколн» автомобилида ўлдиришган. Хўш, бу тасодифлар нимани исботлайди? Ҳеч нарсани.
—Бу суиқасдлар менинг китобимда ўз аксини топади,-деди Майк
—Гапларимга яхшилаб қулоқ солинг. Вининг синглиси Селеста юрак хуружидан вафот этган.
—Аммо унинг опаси соппа-соғ. Ўзингиз-чи, жаноб Олин, бу хонага неча марта киргансиз? Юз мартами? Минг мартами?
—Жудаям қисқа вақтга кирганман,-деди Олин.-Биласизми, бу худди заҳарли газ билан тўлдирилган хонага киргандек тарзда бўлади. Бундай хонада нафас олмай турган маъқул. Билдим, ўхшатишим сизга ёқмади. Аммо ишонаверинг, бу зўр ўхшатиш бўлди.
У қўлларини иягига тиради.
—Айрим одамлар бу хона таъсирига тезроқ ва кучлироқ тушишади. «Делфин» очилганига юз йил бўлди ва бу вақт давомида меҳмонхона хизматчилари 1408-заҳарланган хона эканлигига ишонч ҳосил қилиб бўлишган. У ҳақда ҳеч ким оғиз очмайди, ҳеч ким эсламайди. Ўн тўртинчи қават бошқа меҳмонхоналардаги каби аслида ўн учинчи қават эканлигини ҳамма билади, лекин ҳеч ким индамайди. Бу ҳам худди шунга ўхшаш. Агар бу хона ҳақидаги ҳамма маълумотлар ошкор этилса... ўқувчиларингиз даҳшатга тушишади.
Масалан мен Ню-Ёркдаги деярли барча меҳмонхоналарда ҳеч бўлмаса бир марта ўз жонига суиқасд бўлганлигига шубҳа қилмайман, аммо фақат «Делфин»дагина ўн икки киши битта хонанинг ўзида ўз жонларига қасд қилишган. 1408-хонада табиий ўлим топганларни айтганим йўқ ҳали.
—Неча киши ўлган?-1408-хонада табиий ўлим топган одамлар ҳам бўлганлиги Майкнинг хаёлига келмаган эди.
—Ўттиз киши,-деди Олин.-Камида ўттиз. Ўттиз кишининг ўлганлигини аниқ биламан.
—Алдаяпсиз!-сўзлар Майкнинг оғзидан отилиб чиқди.
—Йўқ, жаноб Энслин, ишонтириб айтаман, алдаётганим йўқ. Ёки сиз бу хонани шунчаки ирим учун бўш ушлаб туришибди деб ўйлаяпсизми?
Майк Энслин янги ёзаётган китобида бу фикрни ҳам айтиб ўтиб кетишни мўлжаллаганди.
—Меҳмонхона бизнесида ирим ва анъаналар бор, жаноб Энслин, лекин биз уларнинг ишимизга халақит беришига йўл қўймаймиз. Хона бўшадими, шу заҳоти унга одам қўямиз. Фақат бу қоида ўн учинчи қаватда жойлашган, эшигидаги рақамларнинг умумий йиғиндиси ўн учга тенг бўлган 1408-хонага нисбатан қўлланилмайди.
Олин Майк Энслинга синчков назар ташлади.
—Бу хонада нафақат суиқасдлар, балки инсултлар, инфарктлар ва тутқаноқ хуружлари ҳам содир бўлган. Бир киши, бу 1973 йилда содир бўлганди, шўрва қуйилган ликопга чўкиб кетган. Сиз бундай нарса бўлиши мумкин эмас дейишингиз мумкин, аммо мен ўша пайтда меҳмонхона хавфсизлик хизматида ишлаган ва ўлим ҳақидаги гувоҳномани ўз кўзи билан кўрган одам билан гаплашганман. Хонадаги ғайритабиий куч туш пайтида сал бўшашгандек бўлади. Аммо ўша пайтда хонани йиғиштиришга кирган айрим хизматчилар ҳозирда юрак касаллиги, қандли диабетга дучор бўлишган. Уч йил олдин ўша қаватда иситиш тизими ишдан чиққан ва меҳмонхонанинг ўша пайтдаги бош муҳандиси жаноб Нил ҳамма хоналарни, шу жумладан 1408-хонани ҳам текшириб чиққан. У ўзини жуда яхши қилган, бироқ эртасига миясига қон қуйилиб ўлган.
—Тасодиф,-қўл силтади Майк. Лекин ичида Олиннинг маҳоратига тан берди. Агар у болалар оромгоҳида етакчи бўлганида борми, кечқурун арвоҳлар ҳақида ҳикоя қилганининг эртасигаёқ оромгоҳдаги болаларнинг тўқсон фоизи уйига қочиб кетган бўларди.
—Тасодиф,-такрорлади Олин ачиниш оҳангида. У калитни узатди.-Юрагингиз бақувватми ишқилиб, жаноб Энслин? Қон босимингиз, асабингиз жойидами?
Майк калитни олди.
—Шикоятим йўқ,-деди Майк.-Ундан ташқари, менинг гавайича омадли кўйлагим бор. Уни бекорга кийиб олмаганман.
Олин Майкни ўн тўртинчи қаватгача кузатиб қўймоқчи бўлди.
Залда уларни бир эркак тўхтатди ва Олинга бир нечта варақ узатиб, франтсузчалаб нимадир деб пичирлади. Олин ҳам унга ўша тилда нимадир деди, бош ирғади ва барча варақларга имзо чекди. Бардан пианинода «Ню-Ёркда куз» мусиқаси ижро этилаётгани эшитилди.
Еркак «мерси» деб ортига қайтди. Олин яна Майкдан чамадонини беришни сўради ва у яна бу таклифни рад этди. Лифтда Майкнинг нигоҳи уч қатор тугмачага қадалди. Ҳар бир тугмачада рақамлар ёзилган бўлиб, 12 рақамидан кейин 14 рақами келарди. «Ўзларича,-ўйлади Майк,-ўртадаги рақамни олиб ташлашиб, одамларга унинг борлигини эслатмасликка уринишибди. Бемаънилик... бироқ Олин барибир ҳақ. Дунёнинг деярли барча мамлакатларидаги меҳмонхоналарда шунақа».
—Жаноб Олин,-узоқ жимликни Майкнинг овози бузди.-Бир нарсани сўрамоқчиман. Агар 1408-хонадан шунчалик қўрқсангиз, нима учун бу хонага аслида ҳеч ким бўлмаса ҳам меҳмон жойлашганини айтмайсиз? Ёки нега ўз номингизга қайд қилдириб қўймайсиз?
—Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва бошқа расмий муассасалар вакиллари мени товламачиликда айблашларидан қўрқдим. Сизни 1408-хонага жойлашиш фикридан қайтаролмаганимдек, «Стенли корпорейшн» компанияси директорлар кенгашини бу хонада арвоҳ борлиги учун ҳеч кимни қўймаётганимга ишонтиришим қийин.
Майкни жаноб Олиннинг сўнгги гапи хавотирга солди. «У энди мени фикримдан қайтаришга уринмаяпти,-ўйлади у.-Аммо у 1408-хонада кимдир ёки нимадир борлигига ишонади. Шак-шубҳасиз ишонади».
12 рақами ёзилган тугмача чироғи ўчди ва 14-тугмача ёнди. Лифт тўхтади. Эшиклар очилиб, қизил тусли гилам тўшалган меҳмонхона йўлаги кўринди. Йўлакни ўн тўққизинчи аср услубидаги газли фонарлар ёритиб турарди.
—Етиб келдик,-деди Олин.-Сизнинг қаватингиз. Кечирасиз, сиз билан шу ерда хайрлашаман. 1408-хона чап қўлда, йўлак охирида. Зарурият бўлмаса бу хонага яқинлашмайман.
Майк Энслин лифт кабинасидан чиқди. Унда худди оёқлари оғирлашиб кетгандек, 1408-хонага боришни исташмаётгандек таассурот уйғонди. У ўгирилиб Олинга қаради. Олин қўлларини орқасига қилганча турарди ва Майк унинг ранги оқариб кетганини кўрди. Кенг, ажинсиз пешонаси эса тер билан қопланганди.
—Хонада, табиийки, телефон бор,-деди Олин.-Агар бирор нарса юз берса қўнғироқ қилишга уриниб кўришингиз мумкин... Аммо телефон хонанинг ўзи хоҳласагина ишлайди.
Майк унга ҳазил билан жавоб қайтармоқчи бўлди, аммо тили ҳам худди оёқларидек оғирлашиб кетганди.
Олин бир қўлини олдинга узатди ва Майк унинг қўли қалтираётганини кўрди.
—Жаноб Энслин. Майк. Ундай қилманг. Худо ҳаққи...
У шу сўзларни айтиши билан лифт эшиклари ёпилди. Майк меҳмонхонанинг жимжит йўлагида бир оз туриб қолди. У лифт чақирув тугмасини босмоқчи ҳам бўлди.
Аммо агар тугмани босса, Олин ғолиб чиқади. Ёзаётган китобининг энг яхши боби ўрни эса бўш қолади.
Майк лифт чақириш ўрнига қўлини кўтарди ва қулоғидаги сигаретни ушлаб ўзини хавотирли фикрлардан чалғитди, сўнг эса омад келтирувчи гавайича кўйлагининг ёқасини тўғрилади. У 1408-хона томон қадам ташлади.
Майк Энслиннинг 1408-хонада ўтказган қисқагина (етмиш дақиқа) дамларидан қолган ягона нарса диктофонга ёзилган ўн бир дақиқалик ёзув бўлди. Диктофон озгина буришиб қолган, лекин тасмага зарар етмаган. Энг ғаройиби, тасмага деярли ҳеч нарса ёзилмаган, аммо ёзилган нарса эса янада ғаройиб.
Диктофонни унга бундан беш йил бурун ажрашиб кетган хотини совға қилганди. Майк уни илк сафарига (Канзасдаги Рилсби фермасига) бешта дафтар ва қаламларга қўшимча сифатида ўзи билан олиб борганди. Ҳозир, 1408-хонага эса у бешта тўқсон дақиқалик кассетага қўшимча сифатида битта дафтар ва қалам олиб келганди. Олтинчи кассетани уйидан чиқаётиб диктофонга жойлаштирганди.
кўнглидан кечаётган фикрларни ва ўзи борган жойдаги овозларни акс эттириш диктофонда осонроқ эди. У кўплаб сирли маконларга борган, аммо бирорта ҳам ғайритабиий ҳодисага дуч келмаганди. Ўтган йиллар давомида «Сони» диктофони унинг ажралмас ҳамроҳига айланиб қолганди.
1408-хона билан муаммо у хонага кирмасидан бошланди.
Майк эшикка қараркан, унинг қийшиқлигини кўрди.
Бутун эшик эмас, унинг чап томони сал қийшайганди. Кейин эса эшик худди денгизда кема чайқалгандек олдинга-орқага, ўнгга-чапга оға бошлади. Майкнинг кўнгли ағдарилаёзди.
У энгашди (бош айланиши ва кўнгил айниши шу заҳоти қолди, эшикнинг қийшиқ қисми тўғриланди), чамадонидан диктофонини олди. Сўнгра ёзув тугмачасини босди ва «Ешик мени бир томонга оғиб ўзига хос тарзда кутиб олмоқда» дейиш учун оғзини очди.
У «ешик» дедию жим бўлди. Майк диктофонни ўчирди. Чунки эшик тўғри бўлиб қолганди. Майк ўгирилиб, 1409-хона эшигига қаради, кейин нигоҳини яна 1408-хона эшигига қаратди. Иккала эшик ҳам бир хил турарди. Ҳеч қандай оғиш йўқ, тўғри тўртбурчак шаклидаги эшиклар.
Майк яна энгашди, диктофон ушлаб турган қўли билан чамадонини кўтарди, бу қўлидаги калитни эса қулф тирқишига узатди.
Ешик яна қийшайиб қолганди.
Бу сафар ўнг томони қийшайганди.
—Бўлиши мумкин эмас,-минғирлади Майк, аммо яна кўнгли оза бошлади. У икки йил илгари Англияга кемада борган ва ўшанда адабини еганди. Бир куни бўрон туриб, кема чайқалганди. Майкнинг эсида, у каютада ётганча қусишга уринган, аммо ичи ағдарилгудай ўқчиса-да қуса олмаганди. Эшикка, стол ёки стулга қараса боши тинмай айланганди...
«Ҳаммасига Олин айбдор,-ўйлади Майк.-У истаганига эришяпти. Агар ҳозир мени шу ҳолатда кўрганида роса устимдан кулаётган бўларди».
Ва шу пайт унинг миясига «Олин айни дамда ҳаммасини кўриб турибди» деган фикр урилди. Майк эшикдан нигоҳини олиши билан бош айланиши ва кўнгил айниши ўтиб кетганини сезмасдан йўлакка аланглади. Шифтда, лифтнинг чап тарафида у излаган нарсасини кўрди: ички кузатув камераси. Меҳмонхона хавфсизлик хизмати ходимларидан бири экран олдида доимий равишда навбатчилик қилиб турса керак ва Майкнинг ишончи комил, Олин ҳозир унинг ёнида турганча худди маймундек тиржайиб унинг аҳволини томоша қиляпти. «Қайтиб бизга ҳуқуқини эслатмайдиган ва адвокатини жўнатмайдиган бўлади», дейди Олин. «Қаранг-қаранг!-хитоб қилади хавфсизлик хизмати ходими ҳиринглаганча.-Ранги девордек оқариб кетибди, ҳали эшикни очгани ҳам йўқ. Бопладингиз, босс! Қалтирашини қаранг».
«Бекорларни айтибсанлар,-ўйлади Майк.-Мен оила аъзолари ўлдирилган Рилсбиларнинг уйида ухлаганман. Сер Девид Смайт хотинларини чўктириб ўлдирган ваннахонада чўмилганман. Болаларни қўрқитиш учун айтиладиган чўпчакларга ишонмай қўйганимга анча бўлган. Мени боплаганларинг йўқ!»
У эшикка боқди: текис, тўғри тўртбурчак. Нимадир деб минғирлади ва калитни қулф тирқишига солиб буради. Эшик очилди. Майк ичкарига кирди. У девордан чироқ тугмасини пайпаслаб топди ва тугмани босди. Шифтга ўрнатилган биллур қандиллардаги чироқлар нур сочди. Хона бурчагидаги стол устига ўрнатилган стол чироғи ҳам ёнди.
Стол дераза олдига ўрнатилган, бу ердан Олтмиш биринчи кўчани томоша қилиш... ёки ўзини пастга ташлаш мумкин эди. Агарда шундай истак пайдо бўлса...
Майк чамадонини остона ёнига қўйди, эшикни ёпди ва диктофоннинг ёзув тугмасини босди. Қизил чироқча ёнди.
—Олиннинг айтишича, мен қараб турган деразадан олти киши ўзини пастга ташлаган,-гапини бошлади Майк,-аммо бу оқшом мен ўзимни «Делфин» меҳмонхонасининг ўн тўртинчи, кечирасизлар, ўн учинчи қаватидан ташламоқчи эмасман. Фикри ожизимча, 1408-хона ярим люкс деб аталадиган хоналар тоифасига киради. Мен турган хонада иккита стул, диван, ёзув столи, телевизор ва минибар бор. Полга тўшалган гилам Олиннинг хонасидаги форс гиламига тенг келолмайди. Деворларга гулқоғоз ёпиштирилган. Улар... бир дақиқа...
Агар тасмани тинглаётган бўлсангиз, шу лаҳзада чиқиллаган товушни эшитасиз: Майк тўхташ тугмасини босади. Умуман олганда, бутун ёзув қисқа-қисқа бўлаклардан иборат. Бунинг устига, ҳар бир бўлакдан кейин овоз оҳанги ўзгаради. Ёзув бошланишида муҳим иш билан банд бўлган киши гапирган бўлса, кейинги ёзув нима бўлаётганини англамаётган, худди ўзи билан ўзи гаплашаётган одамнинг овозига ўхшайди. Тингловчи ёзувни охиригача эшитаркан, бу гапларни гапирган одам ақлдан озмаган бўлса-да, атрофида нималар бўлаётганини идрок қилолмаганлигига ишонч ҳосил қилади ва шунинг ўзиёқ бир нарсани англатади: 1408-хонада қандайдир ғайритабиий воқеа юз берган.
Майк диктофонни ўчирган онда девордаги суратларга кўзи тушганди. Деворда жами учта сурат бор эди: йигирманчи йиллар услубида кийинган аёлнинг зинада тургани тасвирланган сурат, тўлқинлар оша сузаётган елканли кема ва сариқ-малла ранглардан ҳосил бўлган натюрморт: олмалар, бананлар, апелсинлар. Суратлар ойна остига олинган бўлиб, ҳаммаси қийшайиб турарди.
Зинадаги хоним суратининг чап бурчаги ўнг томонига нисбатан камида икки сантиметр пастроқда эди. Йўловчилари балиқларни томоша қилаётган елканли кема сурати ҳам худди шу кўринишда эди. Натюрмортнинг эса чап бурчаги ўнг бурчагига нисбатан баландроқда эди. кўнгил айниш бошланиши учун суратга қарашнинг ўзи кифоя эди. Суратлар устидаги ойнани чанг қоплаганди. У ойналардан бирини бармоғи билан артиб кўрди. Чанг қандайдир ёғли, ёпишқоқдек таассурот уйғотди. У суратларни тўғрилаб, ортига тисарилди ва уларга бирма-бир қараб чиқди: барча суратлар тўғри турарди.
У кўзларини юмди, тўрт марта чуқур-чуқур нафас олиб, бир оз нафасини ушлаб турди ва нафас чиқарди. Илгари ҳеч қачон бунақа ҳодисага дуч келмаганди: на арвоҳлари билан ном чиқарган қабристонларда ва на қадимий қўрғонларда.
«Бу Олиннинг иши. У сени гипноз қилган, лекин сен унинг измидан чиқа олдинг,-деди ичида қандайдир овоз.-Сен бу лаънати хонада бир тунни ўтказишинг шарт. Энг асосийси, Олинга ютқазмаслик лозим. Унинг бу хонада ўттиз киши ўлгани ҳақидаги чўпчаги ёлғон бўлиб чиқиши керак. Шунинг учун нафас ол... чиқар».
У нақ бир ярим дақиқа нафас олиб-чиқарди ва кўзларини очганида ўзини анча яхши ҳис қилаётганди.
У ёзув тугмасини босди. Қизил чироқ ёнди. «Бир дақиқача бошим айланди,-у ёзув столи томон яқинлашди.-Менимча, Олиннинг хонасидаги ичкиликнинг таъсири бўлса керак. Ҳаво дим. Лекин моғор ёки чанг иси келмаяпти. Олин хона шамоллатиб турилишини айтганди, аммо дим».
Ёзув столи устида ичига бир қути гугурт солинган қалин шишадан ясалган кулдон турарди. Гугурт қутисига «Делфин» меҳмонхонаси тасвири ва меҳмонхона эшиги ёнида турган эшикбон сурати туширилганди.
—Гугурт қутиси бу ерга худди 1955 йилдан келиб қолганга ўхшайди,-Майк қутини кўйлаги чўнтагига солди.-Уни эсдалик сифатида олиб қўяман. Энди эса хонага тоза ҳаво киритиш пайти келди.
У диктофонни стол устига қўйди.
—Ғалаба!-деди Майк.-Ғалаба! Деразанинг пастки қисми зўрға очилди, юқори қисмини очиш эса осон бўлди. Бешинчи авенюдаги автомобиллар оқимининг шовқинини эшитяпман. Қаердадир саксофон чалишяпти, менимча, икки квартал наридаги «Плаза» меҳмонхонасида бўлса керак. Бу товуш менга акамни эслатяпти.
Майк қизил чироқчага тикилганча жим бўлиб қолди. Чироқча уни худди бир нимада айблаётгандек эди. Унинг акаси «тамаки уруши»нинг навбатдаги қурбони бўлган. Майк шу заҳоти енгил тортди. Хўш, нима бўпти?
—Аслида акамни Коннектикут йўлида бўрилар еб қўйишган,-деди у ва ҳиринглаганча диктофонни ўчирди.
Майк ётоқхона эшиги томон қадам ташлади. У ичкарига кирди ва қўллари билан деворни пайпаслаганча чироқ тугмасини қидирди. Чироқни ёқди. Шифтдаги биллур қандилдан таралган нур ётоқхонани ёритди. Икки кишилик каравот устига сариқ кўрпажилд тўшалганди.
Майк каравотга яқинлашди. Каравотнинг иккала тарафига жавончалар қўйилганди. Улардан бирининг устида қора рангли, рақам терадиган диски катта телефон турарди. Дискнинг бармоқ тиқиладиган тешикчалари унга кўзларни эслатди. Иккинчи жавон устида олхўри солинган идиш бор эди.
кўрпажилд устида таомнома ётарди. Майк каравот четига ўтирди ва таомномани қўлига олди. Таомнома франтсуз тилида ёзилган бўлса-да, у бу тилни билгани учун таомлардан бири ахлат аралаштирилган товуқ гўшти эканлигини тушунди.
У кўзларини юмиб очди.
Таомнома франтсузча ўрнига русча бўлиб қолганди.
У кўзларини яна юмиб очди.
Русчанинг ўрнига италянча ёзув турарди.
кўзларини юмиб очди.
Ёзувлар ғойиб бўлганди. Энди Майкнинг қўлидаги қоғозда оёғига бўри тишларини ботириб турган бола сурати қараб турарди.
«Булар йўқ нарсалар», ўйлади Майк. Бу сафар унинг қўлида инглиз тилида ёзилган таомнома турарди.
У худди қабрдек тор туюлаётган девор ва каравот оралиғидан аста сирғалиб чиқди. Юраги шу даражада кучли урардики, юрагининг ҳар бир уриши нафақат кўкрак қафасида, балки бўйни ва бўғимларида ҳам сезиларди. кўзлари косасидан чиқиб кетгудай ҳолатда эди. 1408-хонада қандайдир ғайритабиий нарса бор, аниқ бор. Олин заҳарли газ ҳақида гапирганди. Буларнинг бари Олиннинг иши. Ҳаво айланиб турувчи тирқишлардан хонага газ юборишган. У атрофга аланглади, аммо ҳаво айланиб турувчи тирқишга кўзи тушмади.
кўзлари қўрқувдан катта-катта очилган Майк ётоқхонага назар ташлади. Каравотнинг чап томонида турган жавон устидаги идиш ичидаги олхўриси билан ғойиб бўлганди. Майк ортига ўгирилди ва эшик томон бир қадам ташлаб тўхтаб қолди. Деворда сурат осиғлиқ турарди. У ётоқхонага кирганида ҳеч қандай суратга кўзи тушмаганди.
-Бу ердан чиқишим керак,-пичирлади у ва гандираклаганча меҳмонхонага чиқди. Бирдан у ҳар қадам ташлаганда чапиллаган товуш чиқаётганини, пол эса юмшаб бораётганини сезиб қолди.
Девордаги суратлар яна қийшайиб қолган, аммо ўзгаришлар фақат шулардангина иборат эмасди. Зинадаги аёл кўйлаги этагини кўтариб олганди. У Майкка тикилганча тишларини иржайтириб турарди. Елканли кемада ранглари оқариб кетган эркак ва аёллар тизилишиб туришарди. Суратнинг чап қисмида турган жигарранг костюмли эркак қўлига шляпасини ушлаб олган, юзида даҳшат ифодаси қотиб қолганди. Майк уни таниди: Кевин ОъМолли, 1408-хонада ўз жонига қасд қилган энг биринчи инсон. ОъМоллининг ёнида шу хонадан нариги дунёга равона бўлган инсонлар туришар, уларнинг ҳам юзлари даҳшатдан бужмайиб кетганди. Учинчи суратда эса мевалар ўрнида инсон боши турарди.
Майк ҳансираганча суратлардан кўзини узди ва ёзув столига яқинлашди. Очиқ деразадан кираётган шабада пардани ҳилпиратаётганини кўрди, бироқ ҳеч қандай шабадани ҳис қилмади. Хона худди ичкарига кираётган ҳавони ютиб юбораётгандек эди. Бешинчи авенюдаги автомобиллар шовқини унга узоқ-узоқлардан эшитилди.
«Бас қил» демоқчи бўлди Майк, лекин у гапириш қобилиятидан маҳрум бўлганди. Юраги даҳшатли тезликда урар, агар яна озгина тезроқ урса ёрилиб кетиши аниқ эди.
Худди узоқ масофага югураётган спортчи марра охирига етгани сингари Майк оғзини катта очганча нафас олиб кафтини кўкрагига босди. Ва кўкрак чўнтагида диктофон турганини ҳис қилди. Ўзига қадрдон буюмни ҳис қилиш уни маълум даражада ўзига келтирди. У нимадир деб минғирлади. Майк боши айланаётганини сезди ва ошқозони худди ҳозир ташқарига ағдарилиб чиқадигандек туюлди.
Аммо у сал бўлса-да ўзига келган, бир нарсани англаб турарди: вақт борлигида бирортасини ёрдамга чақириши шарт. Тиржаяётган Олин, унинг ҳаво айланиб турувчи тирқишдан газ киритгани ҳақидаги фикрлар унинг миясини батамом тарк этганди. Ҳамма гап мана шу хонанинг ўзида.
У гўшакни олиш учун қўлини шаҳд билан телефонга узатди. Аслида эса қўли худди сув остида сузаётгандек аста-секинлик билан телефон томон чўзилаётганини кузатди. У ҳаттоки ҳаво пуфакчаларини кўрмаётганига ажабланди ҳам.
Бармоқлари гўшакни тутди, кўтарди. Иккинчи қўли эса шундай оҳисталик билан рақамли дискка узатилиб рақам терди. У гўшакни қулоғига тутди.
Гўшакдан хириллаган овоз эшитилди: «Бу тўққиз! Тўққиз! Тўққиз! Бу ўн! Ўн! Ҳамма яқинларинг ўлди! Бу олти! Олти!»
Майк овозга даҳшат билан қулоқ солиб турди. Овоз машинага ҳам, одамга ҳам тегишли эмасди-бу овоз хонаники эди.
Майкнинг қўлидаги гўшак бармоқлари орасидан сирғалиб ерга тушди. Унинг ошқозони ғижимлаб оғрирди.
У қулоғига қистирилган сигаретни қўлига олди, лаблари орасига қистирди, чўнтагидан гугуртни чиқарди.
Хона унинг кўз ўнгида эрий бошлади.
Текис бурчак ва чизиқлар букила бошлади. Шифтга осилган биллур қандил улкан сўлак томчисига айланди. Суратлар ҳам эгилиб-букила бошлади. Суратдаги аёл тишларини иржайтирганча зина бўйлаб юқорига югуриб кетди. Телефондан қулоқни ёриб юборгудек овоз тинмай эшитилиб турарди: «Беш! Бу беш! Бу хона сени тинч қўймайди! Саккиз!»
Ётоқхона ва йўлакка чиқиладиган эшиклар бўйига пасайиб, энига кенгая бошлади. Хонада сариқ-малларанг нур пайдо бўлди. Майк гулқоғозларнинг йиртилиб, оғиз шаклига кираётганини кўрди. «Олти!-бўкирарди телефон.-Олти!»
Майк ўйлаб ҳам ўтирмасдан, у ўйлайдиган ҳолатда эмасди ҳам, оғзини очганча гугурт чўпини қўлига олди, лабидаги сигарет тушиб кетди. Чўпни қути ёнига ишқалади ва дарҳол қути ичидаги чўпларга туташтирди. «П-ш-шш»-гугурт чўплари аланга олди, бурнига ёнаётган олтингугурт ҳиди урилди. Ва Майк ўйлаб ҳам ўтирмасдан ёнаётган қутини кўйлагига тегизди. кўйлак шу заҳоти «лов» этиб аланга олди. Майк дарҳол ўзига келди.
Хонада ҳали ҳам ғайритабиий воқеалар юз бераётганди. Майк худди ғор ичида тургандек эди. Пол, девор ва шифт тасаввур қилиб бўлмас даражада оғаётганди. Сурат осилган девор у томон яқинлашиб келарди.
Иягини ялай бошлаган олов тили уни яна ўзига келтирди. Ёнаётган кўйлак тафтини ҳис қилган Майк йўлакка олиб чиқадиган эшик томон ташланди. Деворлар зириллади. Майк эшик тутқичини буради, эшик очилди.
Эллигинчи йиллардаги машҳур бир қўшиқда севги дунёни ўзгартириши, лекин бунга тасодиф сабаб бўлиши айтилади. Руфус Диаборн, 1414-хонага жойлашган савдогар «Зингер тикув машиналари» компаниясида ишларди. Ню-Ёркка компания раҳбарияти билан музокара олиб бориш учун Техасдан келганди. 1408-хонага жойлашган илк меҳмон деразадан ўзини ташлаб жонига қасд қилган бўлса, тикув машиналарини сотадиган яна бир савдогар арвоҳлар жойлашган меҳмонхоналар ҳақида китоб ёзаётган ёзувчининг ҳаётини сақлаб қолди.
Шуни ҳам айтиб ўтиш жоиз, Диаборннинг ўзи ҳам ҳаммаси қандай юз берганини аниқ эслолмайди. Унинг айтишича, йўлакка олов ичида қолган одам югуриб чиққан. Ундан кейинги воқеалар эса мавҳумлик пардасига ўралган. У ўша пайтда хонасига бир пақирча муз кўтариб қайтаётганди.
У бир нарсага амин эди, лекин мухбирларга бу ҳақда индамади, чунки бу ҳодисага мантиқий изоҳ тополмаганди. Олов ичида чинқираётган одамнинг овози борган сари кўтарилиб борар, унга худди олдида одам эмас, балки магнитофон тургандай ва магнитофон овозини кимдир тинмай баландлатаётгандай туюлганди. Бу қандай содир бўлиши мумкинлигини Диаборн асло тушунолмади.
Аммо ўша пайтда у бу ҳақда ўйлаб ҳам ўтирмади. Қўлидаги муз тўла пақирча билан ёнаётган одам томон ташланди. Бу одам хонасидан югуриб чиқиб тўғридаги эшикка урилиб ерга қулаганди. Айни шу дамда Диаборн унинг ёнига етиб келди. Уни тиззаси билан босиб, муз тўла пақирчани унинг устига ағдарди.
У муз бўлаклари остида кийими тутаётган кишини чалқанчасига ётқизди ва қолган-қутган учқунларни ўчиришга тутинди...
Диаборн кутилмаганда бошини кўтарди ва... ҳозиргина ерда ётган киши чиққан хонадан ажойиб нур таралаётганини кўрди, бу нур уни ўзига чорлади. У ичкарига киришга чоғланди.
Майк ҳам Диаборннинг ҳаётини сақлаб қолди дейиш мумкин. У Диаборннинг ўрнидан тураётганини кўрди, унинг юзида 1408-хонадан таралаётган нур жилваланарди. Майк Диаборннинг шими почасидан ушлади:
—У ёққа кирманг,-пичирлади у.-Қайтиб чиқмайсиз.
Диаборн тўхтаб қолди, юзлари пуфакчаларга тўлиб кетган кишига тикилди.
—У ерда арвоҳлар бор,-деди Майк ва 1408-хона эшиги тарақлаб ёпилди.
«Зингер тикув машиналари» компаниясининг энг яхши сотувчиларидан бири бўлган Руфус Диаборн лифт томон югурди ва ёнғиндан огоҳлантирувчи қўнғироқ тугмасини босди.
«Куйиш жароҳатини даволаш» журналининг ўн олтинчи сонида Майк Энслиннинг фотосурати босилган. Бу сурат Майк «Делфин» меҳмонхонасининг 1408-хонасида бўлганидан сўнг ўн олти ой ўтгач чоп этилган. Суратда Майкнинг чап кўкрагидаги оқ квадрат шакли тасвирланган. Бу унинг чўнтагида бўлган диктофоннинг изи.
Диктофоннинг бурчаклари эриб кетган, лекин ишлайди ва ичидаги тасма ҳам бус-бутун сақланиб қолган. Майкнинг агенти Сем Фаррелл тасмадаги ёзувларни эшитиб бўлиши билан қўрқувдан эти жимирлаганча тасмани сейф ичига солиб қўйган. У ёзувни эшитишни сўраб илтимос қилганларнинг барчасига рад жавобини беради.
Ёзувни эшитишдан қўрқса-да, Фаррел Майк уни эшитишини ва янги китобини ёзишда ёзувдан фойдаланишини истайди. Фаррелнинг фикрича, унинг бўлажак китоби Майкнинг олдин ёзган барча китобларини қўшиб ҳисоблаганда ҳам адади жиҳатидан ортда қолдириши тайин. У Майкнинг бундан буён арвоҳлар ҳақида умуман китоб ёзмаслиги ҳақидаги баёнотига ишонмайди.
Майк Энслин ҳақида эса унинг омади келган дейиш мумкин. Буни унинг ўзи ҳам яхши билади. Агар жаноб Диаборн бўлмаганида у тери кўчириш бўйича тўртта эмас, йигирма-ўттизта оператсияни бошидан ўтказиши мумкин эди. Агар «Делфин» меҳмонхонаси сурати туширилган гугурт қутиси бўлмаганида у ҳалок бўлиши аниқ эди. Фақат, экспертлар унинг инсулт ёки инфаркт бўлиб ўлганини қайд этишарди.
Сем Фаррелл Майк ёзувчилик фаолиятини тугатганига ишонмайди, лекин бунинг аҳамияти йўқ. Майкнинг ўзи ёзувчилик фаолиятини якунлаганига ишончи комил. У қўлига қалам ушлолмайдиган бўлиб қолган. Баъзан ручка ёки магнитофонга кўзи тушиши биланоқ «Суратлар қийшайиб қолди» деган фикр миясига урилади. Қон босими ҳам тез-тез кўтариладиган бўлиб қолган, кўзи ҳам хиралашиб қолди, бел оғриғи безовта қилиб туради... аммо яшаса бўлади. Баъзида у қўрқинчли туш кўриб уйғониб кетади, бироқ қандай туш кўрганини эслолмайди. Ҳозирда у Лонг-Айлендда яшайди ва ҳаво яхши кунлари атрофни айлангани чиқади.
У соғлиги яхшиланиб кетишига умид билан яшамоқда. Аммо у ҳозирча хонасидаги чироқни ўчирмасдан ухлайди. Уйида телефон аппарати йўқ, чунки гўшакни қўлига олиши билан «Бу тўққиз! Тўққиз! Тўққиз! Бу ўн! Ўн! Ҳамма яқинларинг ўлди!» деган овозни эшитишдан қўрқади.
Кун ботаётганда эса эшик ва деразаларидаги барча пардаларни тушириб олади. Чунки у уфқнинг қизараётган рангига тоқат қилолмайдиган бўлиб қолган.
Дилшодбек Асқаров таржимаси