Ўргимчак уясининг толаси. Акутагава Рюноске

1

Кунларнинг бирида Будда жаннат ҳовузининг бўйида танҳо кезиб юрарди. Ҳовуз юзаси марвариддек оқ нилуфарлар билан қопланган, уларнинг гулкосаларидан чор атрофга зариф ва муаттар бўй таралар эди.
Жаннатда тонг палласи эди.
Хаёллар оғушига чўмган Будда тўхтади-ю, кўзи бирдан нилуфар гулларининг энли япроқлари аро жилваланаётган сув ойинасига тушди. Нилуфар ҳовузининг тубида ғалати манзара намоён эди.
Жаннат ҳовузининг чуқурлиги дўзахгача бориб етганди.
Шаффоф сувда Игна тоғи ва Сандзу дарёси худди заррабин кўзчасидагидек, яққол, очиқ-ойдин кўриниб турарди.
Тубсиз дўзах осий бандалар билан тўлиб-тошганди. Будданинг нигоҳи Кандата исмли бир осийга тушди.
Кандата ашаддий қароқчилардан эди. Қарангки, жуда кўплаб қабиҳликлар қилган — ўлдирган, талаган, одамларнинг хонумонини куйдирган шу банданинг номаи аъмолида ҳам биттагина хайрли иш бор экан.
Кунлардан бир кун Кандата ўрмон оралаб юрганида, сўқмоқ устида пилдираб кетаётган ўргимчакка кўзи тушади. Кандата уни босиш учун оёғини кўтаради-ю, ўйланиб қолади: «Йўқ, кичик бўлса ҳам, барибир тирик жонзот-ку. Бекордан-бекорга ўлдириб савоб топмайман».
Ўргимчакка тегмайди.
Дўзах тасвирларини томоша қиларкан, Будда қароқчи Кандатанинг ўргимчакка раҳм қилганини эслаб, иложини топса, биргина шу хайрли иши учун бу осий бандани дўзах чангалидан қутқармоқчи бўлди. Тасодифни қарангки, шу пайт ёнида жаннат ўргимчагини кўриб қолди. Ўргимчакдан чиққан ажойиб кумуш тола чашма тошларидек ям-яшил нилуфар япроғига илинар эди.
Будда эҳтиёткорлик билан толани қўлга олиб, унинг бир учини марвариддек оқ нилуфарлар орасидан сувга туширди. Тола эшила-чўзила, ахийри дўзах тубига етиб борди.

2

Кандата дўзах тубидаги Қон кўлида бошқа гуноҳкорлар қатори гоҳ юқорига сузиб, гоҳ гирдобга чўкиб, аянчли қийноқларга чидашга мажбур эди.
Қаёққа боқманг, ҳаммаёқни зим-зиё қоронғулик қамраб олган. Гоҳи-гоҳида нимадир қоронғуликда милт-милт ёришиб кўринарди, холос. Бу — даҳшатли Игна тоғининг игналари эди. Мазкур кўринишнинг бутун даҳшатини тасвирлашга сўз топиш амри-маҳол. Атроф гўё қабристондагидек жимжит. Фақат ора-сира осийларнинг унсиз хўрсиниши қулоққа чалинади.
Дўзах тубида кўплаб азоб-уқубатларга дучор бўлаётган бу гуноҳкор бандаларнинг инграшу оҳ-воҳ қилишга ҳам мажоллари қолмаган эди.
Қон кўлининг қонида чўмилиб нафаси қайтаётган буюк қароқчи Кандата ҳам жони узилаётган қурбақадек унсиз типирчилаб қўярди, холос.
У туйқус бошини кўтариб Қон кўлининг устидаги қоронғуликка қаради. Бу тимқора бўшлиқ аро, узоқ-узоқлардаги осмондан, ўзидан заифгина ёғду таратиб, гўё бошқа гуноҳкорлар сезмасин учун эҳтиёткорона бир маромда, ўргимчак толаси тушиб келаётган эди.
Кандата қувончдан қарсак чалиб юборди. Бу толага илиниб олса бас, аста-секин юқорига кўтарилаверади. Қарабсизки, дўзах азобидан фориғ бўлиб турибди-да! Ажабмас, омади чопиб, жаннатга ҳам тушса. Унда ҳеч ким ҳеч қачон Игна тоғининг чўққисига ҳайдаб, яна Қон кўлига ташламайди.
Шу умид юрагига ўт ёқиб, ўргимчак уясининг толасига икки қўли билан қаттиқ ёпишиб олиб, бор кучи билан тепага тирмаша бошлади. Пихини ёрган ўғри учун бу оппа-осон иш эди.
Аммо жаҳаннамдан жаннат маконигача минг-минглаб ри* масофа бор.
Ҳарчанд уринмасин, тоғ тепасига етиб олиш осон бўлмади. Юқорига тирмаша-тирмаша чиқаётган Кандатани, ҳа-ҳа ҳатто шундай паҳлавонни ҳам чарчоқ енгди. Бир нафасда осмонгача чиқолмади.
Бир муддат тўхтаб, нафас ростлашдан бошқа иложи йўқ эди. У тўхтаб, ўргимчак уясининг толасида осилганча дам оларкан, пастга, чуқур жарликка қаради.
Ҳа, Кандатанинг чирмашишлари зое кетмаган экан. Ҳозиргина ўзи азобдан қутулган Қон кўли қоронғулик бағрига сингиб ётибди. Жаҳаннам тубида хира йилтираётган қўрқинчли Игна тоғининг чўққиси энди унинг оёғи остида. Агар яна шундай чаққонлик билан тирмашишда давом этса жаҳаннам чангалидан қутулиши аниқ эди.
Ўргимчак толасини маҳкам қисган Кандата кўп йиллардан сўнг яна биринчи бор инсон овозига эга бўлди ва қаҳ-қаҳ отиб кулганича қичқирди:
— Халос бўлдим! Халос бўлдим!
Аммо бирдан, пастда бошқа сон-саноқсиз гуноҳкор бандаларнинг ҳам ўргимчак уясининг толасига тирмашиб олганларича, худди чумолилардек саф-саф бўлиб тобора баландга ўрмалаб чиқаётганликларини кўрди.
Бу манзарадан қўрқув ва ҳайратга тушган Кандатанинг кўз соққалари ўйнаб, меровларча катта очилган оғзи ёпилмай қолди.
Бу нозик тола унинг ўзини зўрға тутиб турибди-ю, шунча одамни қандай кўтаради?! Тола чирт узилса борми, унда ўзи ҳам — ўйлаяпсизми, ўзи ҳам! — шунча азоблар билан амаллаб кўтарилиб олганида, оёғи осмондан бўлиб яна пастга учади-я!..
У ўйлар экан, осий бандалар Қон кўлининг тубидан мўрмалахдай ўрмалаб келишар эди. Юзлаб, минглаб гуноҳкорлар узун занжирдек чўзилиб, шошганларича ожизгина ёғду сочаётган ўргимчак уясининг толаси бўйлаб чиқишарди.
Тезроқ, тезроқ бирор тадбир қўллаши керак, бўлмаса, ҳозир тола узилади-ю, жаҳаннам қаърига учади.
Шунда Кандата бор овози билан ҳайқириб юборди:
— Ҳой осийлар! Бу тола меники! Сизларга ким ижозат берди? Қани, тезда пастга тушинглар! Пастга тушинглар!
Аммо, ўша сонияда нима бўлди денг?!
Шунча вақт бус-бутун, ҳеч бир шикастсиз турган ўргимчак уясининг толаси айнан ўша Кандата илиниб турган жойидан чирт этиб узилди!
У оҳ-воҳ қилишга ҳам улгурмай, чирпирак бўлиб, шамолдек ғувиллаб пастга, қоронғулик тубига учиб кетди.
Фақат ўргимчак уяси толасининг бир кичик бўлагигина, жаҳаннамнинг юлдузсиз, ойсиз осмонида ожиз шуъла таратиб осилиб турарди.

3

Будда Нилуфар ҳовузининг четида туриб, нималар бўлаётганини бошдан-оёқ кузатди. Кандата худди улоқтирилган тошдек, Қон кўлининг тубига чўкканида Будданинг юзи маъюс тортиб, яна ўз сайрида давом этди.
Кандатанинг юрагига меҳр-шафқат туйғуси ёт эди. У қандай қилиб бўлса ҳам фақат ўзим жаҳаннамдан қутулиб қолай, деган эди. Шунга яраша жазосини олди: дўзах гирдобига итқитиб юборилди. Будда учун бу аянчли ва эзгин манзара эди.
Нилуфар кўлидаги нилуфарлар эса буларнинг барига бепарво эдилар.
Уларнинг марвариддек оппоқ косачалари Будданинг пойида оҳиста чайқаларди.
Будданинг ҳар бир одими билан нилуфарларнинг гулкосаларидан чор атрофга зариф ва муаттар бўй тараларди.
Жаннатда вақт пешинга яқинлашиб қолган эди.

Ўрисчадан Дилшод Нуруллоҳ таржимаси.
«Шарқ юлдузи» журнали, 1991 йил, 10-сон.