Ўзбекистонда адабий ҳаракатлар

(Ўзбек адабиёти тарихида (саройлар атрофидаги адабий муҳитни истисно қилганда) қалам аҳлини ўзаро уюштириб, адабий ҳаракатга йўналиш бериб турган ташкилотлар бўлмаган. Шунинг учун ҳам ўзбек адабиёти XX асрнинг биринчи чорагига қадар "Қўқон адабий муҳити", "Хоразм адабий муҳити", "Тошкент адабий муҳити" сингари турли жўғрофий-адабий ҳудудларга бўлинган ҳолда яшаб келди.
"Чиғатой гурунги" эса Ўзбекистонда ташкил топган дастлабки адабий уюшмадир.

"Чиғатой гурунги". Ўзбекистон ёзувчилари 1934 йили Совет ҳокимияти томонидан ташкил қилинган Ёзувчилар уюшмасига бирлаштирилгунларига қадар ўзларининг бир неча кичик-кичик жамиятларига эга бўлганлар. Шулардан бири 1919 йили ташкил этилган "Чиғатой гурунги"дир.
Совет даври ўзбек адабиёти тарихига бағишланган барча китоб ва мақолаларда "Чиғатой гурунги" миллатчилик ва пантуркизм ғояларини олға сурган, ўта реакцион адабий уюшма сифатида тилга олиниб келинган. Шунинг учун ҳам бирор адабиёт тарихчиси бу дастлабки уюшма фаолияти билан қизиқмай, унинг вужудга келиши ва тугатилиш тарихини ўрганмай келган.
Чиғатой Чингизхоннинг иккинчи ўғли бўлиб, Амударё бўйларидан Ғулжага қадар ёйилган ерлар — Мовароуннаҳр, Еттисув ва Қашқар унинг тасарруфида бўлган. Чиғатой 1242 йили вафот этганидан кейин унинг аждодларига мерос сифатида ўтган бу жуғрофий кенглик "Чиғатой улуси" деб аталган. Шу кенгликда яшаган халқлар тили "чиғатой тили", улар яратган адабиёт эса "чиғатой адабиёти" деб юритилган.
Совет ҳокимияти ўрнатилгандан кейин, 1919 йили Фитрат бошлиқ бир гуруҳ шоир ва олимлар биринчи адабий уюшмани тузганларида, унга "Чиғатой гурунги" деб ном беришган. Фитрат ва унинг маслакдошлари мўғул истилосидан ўзларига қадар туркий тилда яратилган адабиётни ўзбек халқининг маънавий-маданий бойлиги сифатида сақлаб қолиш ва халқнинг том маънодаги мулкига айлантириш мақсадида бу бой адабий меросни тўплаш, ўрганиш ва нашр этишни ўз олдиларига вазифа қилиб қўйдилар. Бунинг учун эса улар аввало саводсизликни тугатиш, мураккаб араб имлосини ислоҳ қилиш ва ўзбек тилининг софлигини таъминлаш лозим, деб топдилар.
"Гурунг"нинг илмий ва ижодий дастурини амалга оширишга киришган Фитрат ўзбек мумтоз адабиётини унинг қадимги даврларидан бошлаб ўрганишга киришди; Элбек халқ ижоди намуналарини тўплаш ва ўрганишни ўз зиммасига олди; Қаюм Рамазон ўзбек тилининг тарихи ва назариясини ўргана бошлади; Чўлпон ҳам ўзининг серқирра ижодий фаолияти билан бу хайрли ишга ҳисса қўшишга уринди.
Октябрь тўнтаришидан кейин собиқ чор мустамлакала-ри, шу жумладан, Ўзбекистонда сунъий равишда пролетар адабиёти яратилаётгани ва бу адабиётнинг нафис санъатдан узоқ, ғариб бир адабиёт бўлиши мумкинлигини кўрган бир гуруҳ ёзувчилар ана шу "чиғатой адабиёти" анъаналарини сақлаб қолиш ниятида "Чиғатой гурунги"га асос солганлар. Бу дастлабки адабий уюшманинг асосчиси XX аср ўзбек адабиётининг буюк сиймоларидан бири Фитрат бўлиб, у Совет давлати тонгидаёқ ўзбек халқи энди "қизил" кишанлар билан занжирбанд этилиши мумкинлигини сезган ва бу хавфдан қутулишнинг бирдан-бир йўлини Туркистонда истиқомат қилган халқларнинг бир байроқ остида бирлашишида ва улар маданиятини юксалтиришда кўрган. "Чиғатой гурунги"нинг асосий мақсад-вазифаси ҳам ёлғиз ўзбек адабиёти ва ўзбек тилининг софлигини саклаб қолиш, ўзбек адабиёти эришган бадиий ютуқларни мустаҳкамлаш эди. "Миллий-маданий мухторият" сўзларини ўзига шиор қилиб олган "Чиғатой гурунги" бир йил муқаддам қизил қўшин томонидан тор-мор этилган "Туркистон мухторияти" ғоясини адабий-маданий жабҳада давом эттиришни ўзининг бурчи деб билди.
"Чиғатой гурунги", чиндан ҳам, сиёсатга аралашмаслик ваъдаси билан майдонга чикди. Лекин унинг миллий тил ва миллий адабиётнинг софлиги йўлида олиб борган фаолияти Октябрдан кейинги ўзбек адабиётининг пролетарлашиш жараёнига, руслашиш ва советлашиш жараёнига қарши қаратилди. У ўзбек тилини арабий ва форсий сўзлардан халос этиш учун кураш олиб борар экан, бу курашнинг асосий йўналишини руслашишга қарши, ўзбек тилига русча-байналмилал сўзларнинг оқиб киришига қарши қаратди. Худди шу нарса совет ҳокимияти ва унинг мафкура соҳасидаги посбонлари томонидан аксилинқилобий ва миллатчилик ҳаракати деб баҳоланди.
Совет ҳокимиятининг ширин ваъдаларига ишонган ва 1918 йили Туркистон учун рус тили билан бирга умумтуркий тил-нинг давлат тили деб эълон қилинганини кўрган "гурунг" қатнашчилари "Чиғатой тили" ёки умумтуркий тилнинг софлиги учун курашиб, арабий ва форсий сўзларни туркий сўзлар билан алмаштириш, араб ёзувини ислоҳ қилиш, атамашунослик мезонларини ишлаб чиқишга киришдилар. Фитрат ва унинг маслакдошлари ўз дастурларини амалга оширишда, бир томондан, панисломистлар, иккинчи томон-дан, пантуркистларнинг қаршилигига дуч келдилар. Панисломистлар "чиғатой тили"дан араб сўзларини қувиб чиқариш бу тилнинг адабий тил сифатида нуфузини йўқотади, деган даъво билан "гурунг"га қарши ҳаракат бошладилар.
"Дейдиларким, - деб ёзган эди Фитрат уларга жавобан, - туркчадан адабий сўзларни чиқармасға тейиш. Буни биз ҳам қабул қиламиз. Адабий сўзларни туркчадан чиқорингиз, демаймиз. Бизнинг тилагимиз - адабий сўзларни эмас, арабий сўзларни чиқармоқ. Англашиладирким, бизга қарши бўлғон оғолар арабий билан адабийни айирмасдан гапирадилар ".
Фитратнинг "чиғатой тили"ни ислоҳ қилишга қаратилган фаолиятини тўғри тушуниш учун унинг яна қуйидаги сўзларига эътибор бериш лозим: "Шул чоқда тилимиздаги араб, форс сўзларининг туркчаси топилмайди, демоқчи эсангиз, ўрганинг! Ҳозирги сўзларимиздаги арабча, форсчалардан бир нечаси учун туркча топилмайди, десангиз, сўзларингиз тўғридир. Биз ҳам унларни чиқармоқчи эмасмиз, унларни олурмиз, лекин ўзимизники қилармиз, туркчалашдурурмиз. Айтайликким, "қоида "нинг туркчаси йўқдир.
"Ҳарф "нинг-да туркчасин тополмадик, иккисин даҳи олурмиз. Лекин сизлар каби "қавойиди ҳурфия " демасдан, "ҳарф қоидалари ", дермиз ".
Фитратдан ташқари, "гурунг"да Шокиржон Раҳимий, Қаюм Рамазон, Шорасул Зуннун, Чўлпон, Элбек, Боту, Саидаҳмад Назиров ҳам аъзо бўлганлар. Улар Хадрада умумтурк тили адабиётини ўрганиш бўйича пулсиз курслар ташкил этиб, шаҳар мактабларидаги кўплаб муаллимларни ўз дарсларидан баҳраманд этганлар. Бу дарслардан олдин, 1918 йилда Фитрат саккиз ойлик курсларда ҳам умумтурк тили ва адабиётидан сабоқ берган.
"Бир кеча, - деб ёзади Фитрат, - "Чиғатой гурунги"нинг мажлиси бўлғон эди. Гурунг аъзолари томонидан ёзилғон асарларни ўқиб, муҳокама қилмоқда эдик. Тошкентнинг энг катта ташкилотининг бирида турғон бир ўртоқ винтовка кўтариб келиб, мажлисимизга бирдан кирди. "Муҳаммад пайғамбарнинг меърожини инкор қилар экансиз ", деб тафтишга киришди ва бизни мунақа йўлсиз ҳаракатлардан ман қилиб кетди. Мана буларнинг ҳаммаси пантуркистларнинг иғвоси билан бўлар эди ".
Фитрат бу сўзларни ёзганда, пантуркизмга қарши кураш авж олган, унинг ўзи ҳам пантуркист сифатида қоралана-ётган эди. Шунинг учун у пантуркистларни ўта қора бўёқ-лар билан тасвир этган бўлиши мумкин. Лекин шу нарса ҳақиқатки, у келажакда ўзбек давлатчилигининг Россиядан ҳам, Туркиядан ҳам мустақил яшашини орзу қилган ва "Чи-ғатой гурунги"нинг сиёсатга аралашмаган ҳолда шу ғояга хизмат қилишини кўзлаган эди.
Фитратнинг ёш маслакдошларидан бири Ботудир. У кейинчалик, турли омиллар таъсирида, Фитрат ва Чўлпондан узоқлашган, ҳатто уларга қарши курашган. Лекин у 1931 йил 16 февраль санали кўргазмасида "Чиғатой гурунги" ва унинг раҳбари Фитрат тўғрисида ҳаққоний маълумот берган ва, жумладан, бундай ёзган:
"Мен Фитратни биринчи марта 1918 йилнинг ўрталарида, 8 ойлик курсларда кўрдим... Фитрат ўша вактда чиғатой тили ва чиғатой адабиётини тарғиб қилар эди. Мен ўша вақтда Фитратни билмас ва мутлақо тушунмас эдим. Агар янглишмасам, мени Фитрат билан 1919 йили Икромов таништирган. Фитрат бу даврда ҳокимият тепасида бўлган
Мунаввар қори гуруҳининг таъқибидан яшириниб яшарди. Уни, менга маълум бўлишича, даҳрийлик ва ғайрипантуркизмда айблашган эди...
Икромовнинг "Изчи тўда" гуруҳи Саид Аҳрорий группаси ва турк зобитлари билан уришиб қолгач, биз Фитрат томонига ўта бошладик. Мен баъзан Шорасул Зуннун, баъзан Икромов билан Фитратнинг олдига ўз шеърларимни олиб борадиган бўлдим. Шорасул Зуннун тез орада Саид Аҳрорий томонига ўтиб кетди ва биз у билан биродарлик муносабатларини уздик.
1919 йили Саид Аҳрорий гуруҳи билан "Изчи тўда" ўртасидаги кураш бизнинг қаттиқ мағлубиятимиз билан тугаб, Икромов Наманганга иш сафари билан кетди, мен Тошкентда осмон билан ер ўртасида муаллақ бўлиб қолдим. Шу вақтда мен "Чиғатой гурунги "нинг котиби Элбек билан танишдим. Унинг таклифи билан 1920 йилнинг бошларида "Чиғатой гурунги "га аъзо бўлиб кирдим ва техник котиб вазифасини ўз зиммамга олдим. "Чиғатой гурунги " биздан сал нарида, Баландмачитда жойлашган экан, мен у ерда бир ой мобайнида ёлғиз ўзим ишлай бошладим ".
Фитрат, юқорида айтиб ўтилганидек, бу вақтда рақиблар таъқибидан қочиб юргани учун ҳатто "Чиғатой гурунги"нинг мажлисларида ҳам иштирок эта олмаган.
Боту "гурунг" қатнашчилари ташкил этган мажлислар тўғрисида ҳам озми-кўпми муфассал маълумотлар беради:
"Мен бир марта "Чиғатой гурунги "биносида бўлиб ўтган мажлисда қатнашдим, унда янги имлони ўрганиш курсларини очиш, чамаси, Қ.Рамазон томонидан тузилган ўзбек тилининг имлосини ўрганиш, ўзбек халқ қўшиқларини тўплаш, ҳукумат идоралари олдига ўзбекларни ўзбек деб аташ маса-ласини қўйиш каби муаммолар муҳокама қилинди. Сўнгги масала қандай муҳокама этилганлиги ёдимда йўқ. Мен қатнашган иккинчи мажлис Рамзийнинг уйида бўлиб ўтди. У ерда Рамзий ва Фитрат ўз шеърларини ўқидилар. Мен тез орада кетиб қолганим учун кейин нима бўлганини билмайман. Учинчи мажлис амакиваччамнинг уйида бўлиб, унда мусиқа чалинди. Дарвоқе, бу мажлисларнинг ҳаммасида мусиқа чалинар эди. Фитрат суҳбат пайтида ҳар доим ўзбек миллий маданиятини барпо этиш, аниқроғи, тирилтириш ва мустақил ўзбек миллатини яратиш масаласини кўтариб чиқарди. У ўша пайтда босмачилик ҳаракатига шубҳа билан қарарди. У дерди: аввал — маданият, кейин — мустақиллик; босмачилар Русияга қарши ҳеч нарса қила олмайдилар; бизнинг ҳозирги вазифамиз миллатни маданий жиҳатдан тарбиялашдир. Мен ўша пайтда айтилган гапларнинг аксарига тушунмаганман. Билишимча, ўша пайтда маданий ўзбек миллатини яратиш (қайси йўл билан эканлигини ҳали ҳам тасаввур этмайман), динга қарши кураш, янги алифбо учун кураш зарурлиги қайта-қайта айтилган.
1919 йил охирида бўлса керак, турклар "чиғатой гурунгчилар " билан келишиб олиш учун Ҳайдар афанди ва унинг тарафдорларини юбордилар. Уларнинг Фитрат ва "Чиғатой гурунги "нинг бошқа раҳбарлари билан нима ҳақда сўзлашганлари менга қоронғи, аммо бу музокарадан ҳеч нарса чиқмаган; натижада барча пантуркистлар ўзаро бирлашиб, бизларга қарши шиддатли ҳужум бошлаганлар. Улар янги имлони ўрганиш бўйича Тошкентда очган курсларимизни ёпиб, аҳоли ўртасида гўё динга қарши иш олиб бораётганимиз ҳақида овоза тарқатдилар. Бу сўнгги тадбир аҳволи-мизни ўша заҳоти ёмонлаштириб юборди ва "Чиғатой гурунги " чок-чокидан сўкилиб кетди ".
Фитрат гарчанд Туркияда таълим олган ва ёш турклар таъсирида жадидчилик ҳаракатига кириб келган бўлса-да, икки дарё оралиғида яшаган халкдарнинг турк тилидан мустақил ўзбек тилини, турк адабиётидан мустақил ўзбек адабиётини янги тарихий-маданий шароитда ривожлантириш лозимлигини тушунди. Бу ғоя ўша вақтда Эски шаҳардаги совет ҳокимиятини ўз таъсир доирасига олган Мунаввар қори ва унинг беҳисоб маслакдошлари учун мутлақо ёт эди. Бундай қудратли кишилар билан курашда Фитратнинг ва "Чиғатой гурунги"нинг мағлубиятга учраши тайин эди. Зероки, бу икки гуруҳни ўзаро уриштириб қўйишдан манфаатдор бўлган учинчи бир куч ҳам бор эдики, у ўз мавқеини мустаҳкамлаш учун ҳеч нарсадан, ҳатто мунофиқона ҳаракатлардан ҳам тоймас эди.
Фитратнинг "Чиғатой гурунги" раҳбари сифатидаги сўнгги иши 1921 йил январида ўзбек тили ва унинг имлосини ўрганиш бўйича биринчи ўзбек ўлка қурултойини ўтказиш ва 1922 йилда "Ўзбек ёш шоирлари" тўпламини чоп этиш бўлди.
Фитрат қурултойда янги ўзбек имлоси тўғрисида "Чиғатой гурунги" номидан маъруза ўқиди. Ашурали Зоҳирий ва секин-аста советлар томонига ўта бошлаган Боту Фитратга қарши сўзга чиқдилар. Боту 20-йилларнинг аввалидаёқ лотин ёзувига ўтишни таклиф қилди, лекин унинг ўша давр учун ғўр таклифи ҳатто муҳокама учун қабул ҳам қилинмади. Панисломизмнинг 20-йиллардаги йирик арбоби Муса Бегиевнинг қурултой ишида қатнашганлигидан руҳланган Тошкент зиёлиларининг руҳоний қисми "Чиғатой гурунги" таклиф қилган янги имло лойиҳасининг қабул қилинишига қаттиқ қаршилик кўрсатди.
Мунаввар қори гуруҳи билан "Чиғатой гурунги" ўртасидаги келишмовчиликнинг туб моҳиятини тушуниш учун яна Фитратнинг ўзига мурожаат этайлик. У Бойбўлатовга ёзган очиқ хатида 1917—1918 йилларда Тошкентда айниқса кучайган туркпарастлик кайфияти тўғрисида сўзлаб, бундай деган: "...Турк тилларини, турк адабиётини бирлаштириш шиори остида "Чиғатой гурунги "ташкил этилди. "Чиғатой гурунги "... ўзбек тили, ўзбек адабиёти шиорлари остида пантуркист тўдаларга ва уларга берилган ўнг жадидларга қарши курашди ".
Демак, "Чиғатой гурунги"ни тузишдан мақсад Тошкентдаги туркпараст зиёлилар ва асир турк зобитлари туфайли кучайиб бораётган пантуркизм ғояларига зарба бериш, ўзбек тили ва адабиётининг турк тили ва адабиётига сингиб кетишига қарши курашиш эди. Ўзбек жадидларининг сўл қанотидан ташкил топган "Чиғатой гурунги" ана шу хайрли вазифани ўз елкасига олиб, ўзбек тилининг софлиги учун, янги ўзбек имлосини яратиш, халқнинг маънавий ва маданий ўсишига ёрдам бера олувчи ёзувчиларни етиштириш учун фидокорона кураш олиб борди. Бу, ниҳоятда қисқа умр кўрган дастлабки адабий уюшманинг катта тарихий хизмати эди.
Ботунинг айтишича, қурултойнинг руҳоний қисмида Фитратни жисмоний жиҳатдан маҳв этиш фикри ҳам туғилди. Буни сезган Фитрат ўз мухолифларига қарши дипломатларча муносабатда бўлиб, "Аввал — мустақиллик, сўнг — бирлашиш", деган шиор билан чиқишга мажбур бўлди.
Туркий халқлар адабиётининг улкан билимдони бўлган Фитрат ўзбек тили ва ўзбек адабиёти эришган ютуқлар би¬лан ҳақли равишда фахрланган. У қурултойда қилган маърузасида "Чиғатой адабиёти турлича шевали турк адабиёти орасида энг юксак, энг муҳим ўринни тутгандир. Бошқа шевадаги турк адабиёти орасида юксак, юқори, олий бўлғонидан кейин чиғатой тилининг ҳам турк тиллари орасида юксак, юқори, олий бўлғонлиғин қабул этмак мутлақо лозимдир " деган фикрни бежиз олға сурмаган.
XX аср шеъриятида фикрнинг аниқ, ифоданинг халқчил ва лўнда бўлишлиги лозимлигини сезган "Чиғатой гурунги" ўзининг дастлабки шеърий тажрибалари билан янги ўзбек шеъриятининг туғилишига унумдор замин яратди. "Гурунг"нинг тил ва адабиёт бобидаги изланишлари маълум қусурлардан холи бўлмаса-да, Чўлпон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Шайхзода, Миртемир, Усмон Носир шеъриятининг майдонга келиши учун қутлуғ замин бўлиб хизмат этди.
Афсуски, 20-йиллар аввалида авж олган адабий кураш ёш советлар мамлакатида жорий этила бошлаган адабий сиёсат натижасида "Чиғатой гурунги" 1922 йили ўз фаолиятига нуқта қўйишга мажбур бўлди. Лекин бугун, орадан 85 йил кечганига ва турли мафкуравий шамоллар эсиб ўтганига қарамай, Фитрат асос солган "Чиғатой гурунги"нинг тўғри йўлни танлаб, ўзбек тили ва адабиётини, демак, ўзбек халқини мустақиллик хиёбонидан олиб боришга интилгани бизда мамнуният ҳисларини уйғотади.
"Гурунг" қатнашчилари ўзбек тили ва адабиётининг фақат умумий масалалари билангина чекланиб қолмай, адабий жараённи ҳам синчковлик билан кузатдилар. Шу маънода уларнинг "Фарғона фожиалари" асарига муносабати бир мунча ибратли. "Фарғона фожиалари" Ҳамзанинг бизга етиб келмаган кўп қисмли пьесаси бўлиб, "гурунг"нинг унга муносабати салбий бўлган. Чўлпоннинг айтишича, 1919—1920 йилларда Фарғонада тўкилган қонлар нафақат Тошкент ва Самарқанд, балки Москва ва Ленинградга қадар етиб борган. Аммо бу воқеалар ниҳоятда мураккаб бўлганига қарамай, Ҳамза ўз асарини шошма-шошарлик билан ёзган ва унинг моҳиятини тўғри оча билмаган. "Чиғатой гурунги" эса ўз мажлисларида бундай асарларни муҳокама қилиб, янги адабиётнинг шаклланиш йўлидаги қусурларни бартараф этишга ҳаракат қилган.
"Гурунг" аъзолари 1922 йили "Ўзбек ёш шоирлари" деган шеърий тўпламни чоп этдилар. Тўпламдан Фитрат, Чўлпон, Ботунинг шеърлари жой олган эди. Бу шеърлар орасида Фитратнинг "Миррих юлдузига", "Шоир", "Шарқ", Чўлпоннинг "Бузилган ўлкага" сингари асарлари ҳам бўлиб, уларда мазкур шоирларнинг Фарғона водийсидаги воқеа-лардан жунбишга келган қалблари ҳамон фиғон қилиб турарди.
Мазкур тўплам эълон қилингандан кейин Фарғона аҳли-нинг тинчини бузган қўллар 1922 йили "Чиғатой гурунги"нинг фаолиятига ҳам чек қўйдилар ва "гурунг" мустақиллик офтоби чиққунига қадар қораланиб келинди. Тарихдан бехабар кишилар "гурунг"ни "пантуркизм" ғояларини тарғиб қилишда, ўзбек маданияти байроғини турклар қўлига бериб қўйишда айбладилар. Ҳолбуки, Фитрат ва унинг маслакдошлари бу масалада мутлақо бошқа фикрда эдилар.
Совет ҳокимияти "Чиғатой гурунги"нинг ташкил топишига рухсат берганида, сиёсатга аралашмаслик шартини қўйган эди. Фитрат ва унинг биродарлари шу шартга қанчалик амал қилмасинлар, уларнинг ўзбек тилини чет таъсирдан муҳофаза қилиш, мумтоз адабиёт ва халқ оғзаки ижоди намуналарини тўплаш ва ўрганиш, янги ўзбек адабиётининг эстетик гўзаллигини сакдаш ҳамда ҳаётни тўғри акс эттиришга қаратилган ишлари кундан-кунга нотўғри баҳолана бошлади. Шунинг учун ҳам "Чиғатой гурунги" номатлуб адабий уюшма сифатида тарқатилиб юборилди.

"Нашри маориф". Дунёқараши 1917 йилга қадар шаклланган ва шу даврда маърифат соҳасида жонбозлик кўрсатган зиёлилар "Чиғатой гурунги" тарқатилганидан кейин ҳам халқни маориф ва маданият меваларидан баҳраманд этиб боришни виждоний бурчлари, деб билдилар. 1922 йилнинг сўнгги кунларида навбатдаги норасмий йиғинларига тўпланган тошкентлик зиёлилар "Нашри маориф" номли янги жамиятни ташкил этишга қарор қилдилар. Мунаввар қори Абдурашидхонов ташаббуси билан тузилган бу жамиятнинг таъсисчилари эса қуйидагилар эди: Умархон Акрамхонов, Маннон Рамзий, Саидносир Миржалилов, Толибжон Мусабоев, Шокиржон Раҳимий, Муҳаммад Усмонов, Холмуҳаммад Охунов, Абдулҳамид Сулаймонов (Чўлпон) ва Ҳами-дуллахон Орифхонов. 1923 йил 1 январида "Туркистон" газетасида ана шу таъсисчилардан таркиб топган ижроия гуруҳининг Туркистон республикасидаги маориф ходимларига мурожаати эълон қилинади. Бу мурожаатда таъсисчилар жамиятнинг мақсад ва вазифаларини тушунтирибгина қолмай, унга аъзо бўлиб киришни ҳам маориф ва маданият ходимларидан илтимос қилган эдилар.
Агар шу мурожаатни "Нашри маориф" жамиятининг илк қадами сифатида қабул қилсак, унинг вужудга келиш санаси 1922 йил декабрининг сўнгги кунлари бўлади. Тошкентдаги Эски шаҳар халқ маориф шўъбаси қошида қад кўтарган жамият тез орада қанот ёзиб, республикамизнинг бошқа қатор вилоятларида ҳам ўз бўлимларини ташкил этди. Жамиятнинг Тошкент шаҳридаги бўлими ҳайъати эса қуйидаги маориф ва маданият фидойиларидан таркиб топди: Шокиржон Раҳимий (раис), Мунаввар қори Абдурашидхонов (раис ўринбосари), Миркомил Алиев (котиб), Саидносир Миржалилов (хазиначи), Абдулҳамид Сулаймонов (Чўлпон), Холмуҳаммад Охунов, Толибжон Мусабоев, Зуфар Носирий, Абдулла Авлоний, Салимхон Тиллахонов ва бошқалар. Бу тилга олинган зиёлилардан ташқари, жамиятнинг Тошкент бўлими фаолиятида Маннон Рамзий, Элбек, Шоҳид Эсон каби сиймолар ҳам яқиндан иштирок этдилар.
XX асрнинг 10 — 20-йилларида Тошкентдаги маърифатпарварлик ҳаракатининг бошида халқимизнинг улуғ фарзандларидан бири Мунаввар қори Абдурашидхонов турган. Бу даврда қандай ижтимоий-сиёсий ва маданий тадбир амалга оширилган бўлмасин, уларнинг аксари Мунаввар қори Абдурашидхонов ташаббуси билан майдонга келган. "Нашри маориф" жамияти ҳам даставвал унинг хаёлида туғилган. Аммо Тошкент аҳолиси ўртасида катта обрў-эътиборга эга бўлган бу сиймо дастлаб "оқ", кейин "қизил" таъқиб остида яшагани учун, жамият манфаатидан келиб чиқиб, расмий раислик қилиш ҳуқуқини бошқаларга берган. Шунга қарамай, у "Нашри маориф"нинг фаолиятида асосий рол-лардан бирини ўйнаган. Мунаввар қори билан келишувга мувофиқ, Шокиржон Раҳимий "Тўркистон" газетасининг 13 феврал сонида "Нашри маориф" нима?, Мунаввар қорининг ўзи эса шу газетанинг 4 март сонида ""Нашри мао¬риф" уюшмасининг аҳамияти"" деган мақолаларини эълон қилишган. Жамият фаолларидан яна бири Усмонхон Эшонхўжаев ҳам бу "баҳс"дан четда қолмай, шу газетанинг 28 апрель сонида "Яна "Нашри маориф" тўғрисида" деган мақола билан чиқиб, уюшманинг маориф ходимлари ўртасида машҳур бўлишига ўз ҳиссасини қўшган.
Жамият раиси Ш.Раҳимий ва котиби М.Алиев имзолари билан, шунингдек, муҳр билан тасдикданган низомга кўра, жамиятнинг асосий мақсади: а) ўзбек адабий тили, атама-шунослиги ва имлоси масалаларини ишлаш; б) миллий санъат тўғрисидаги билимни ўрганиш ва тарқатиш; в) ўзбек халқининг тарихи ва маиший ҳаётини ўрганиш; г) ўзбек мактабларидаги таълим ва тарбия масалаларини йўлга қўйиш; д) ўзбек халқ таълими ходимлари ва санъат арбобларига ёрдам кўрсатиш; е) Туркистон, Россия ва хориждаги олий ҳамда қуйи мактаблардаги ўзбек ўқувчилари сонини оширишга қаратилган тадбирларни ишлаб чиқиш; ж) аҳоли ўртасида мавжуд бўлган ўтмиш сарқитлари ва фанатизмга қарши кураш йўли билан ўзбек халқини маданий жиҳатдан ўстириш эди.
Жамият ана шу вазифаларни ҳал қилиш учун:
а) мунозаралар, суҳбатлар ва маърузаларни ташкил этиш;
б) экспедиция ва экскурсияларни уюштириш;
в) кўргазмалар очиш;
г)    муваққат ва номуваққат нашрларни босмадан чиқариш;
д)    китоблар, қўлёзмалар, осори атиқа ва санъат асарларини тўплаш ҳамда тарқатиш;
е) танловлар ўтказиш ҳамда илмий ишлар ва санъат асарлари учун мукофотлар белгилаш;
ж) ўзбек мактаблари учун зарур бўлган мутахассисларни тайёрлаш бўйича курслар очиш;
з) муваққат ва номуваққат нашрлар учун ўзбек таржимонлари, мусаҳҳиҳлари ва ходимларидан иборат бюрони ташкил этиш;
и) ўзбек стенографиясини яратиш ҳамда ҳукумат идоралари ҳамда жамоат ташкилотларидан мадад сўраш ҳуқуқига эга эди.

Туркистон мухторияти тутатилгандан сўнг ўлкада авж олган сиёсий таъқиб шу даврда бир оз юмшаган, Москвада эса Лениннинг хасталиги туфайли пролетариат инқилобининг кемаси хийла қалқиб-қалқиб кетаётган эди. Буни сезган зиёлилар яқин орада мамлакатнинг сиёсий ҳаётида жиддий ўзгариш рўй бериши мумкинлигини ва ҳозирги номўътадил вазиятдан фойдаланиш лозимлигини тушундилар.
Уларнинг яна бир мақсади халқ ўртасидаги бошбошдоқликка, ластаввал, зиёлилар ўртасидаги гуруҳбозликка чек қўйиш, у ёки бу гуруҳга ёпиштирилган "қадим", ё "жадид", ё "уламо" ёрлиқларини олиб ташлаш эди. Улар Февраль инқилобидан кейин бой берилган имкониятларни қайта чамалаб кўриб, асосий хато зиёлилар ва умуман халқнинг ноиттифоқлигида эканлигини эътироф этдилар. Шунинг учун ҳам улар, модомики, халқимиз ислом динининг кучли таъсирида экан, демак, биз Маҳкамаи шаръия билан ҳамкорликда иш олиб боришимиз, халқимиз мусулмон халқи эканлигини доимо ёдда тутишимиз лозим, деган қарорга келдилар.
Чор охранкаси ҳам, ҳар қандай янгиликдан чўчиган амалдорлару руҳонийлар ҳам жадидчилик ҳаракатининг камол топишига тўғаноқ бўлдилар. Шунинг натижасида жадидлар маълум даражада халкдан узилган эдилар. Таъсисчилар жадидчилик ҳаракатининг ана шу нуқсонини инобатга олиб, "Нашри маориф"ни тобора халқ ичига яқинлаштириш чораларини ахтардилар. Шу мақсадда улар, масалан, Эски шаҳардаги мусулмонлар ўртасида маориф ва маданият ишларини олиб борар эканлар, қарийб барча маҳаллаларда "гап"лар ташкил этдилар ва бу "гап"ларда маориф ишлари билангина чекланиб қолмай, кишиларнинг сиёсий онги ва миллий ғурурини оширувчи фикрларни ҳам ўртага ташладилар.
Янги иқтисодий сиёсат (НЭП) эълон қилингач, Тошкент-да 1-Туркистон ширкати тузилди. Маърифатпарвар Саидносир Миржалилов ташаббуси билан майдонга келган бу ширкат гарчанд савдо-саноат жамияти деб ҳисобланган бўлса-да, у амалда тошкентлик илғор ёшларнинг учрашиши ва фикрлашиши мумкин бўлган марказ ҳам эди. "Нашри маориф" ташкил этган "гап"ларнинг аксар қатнашчилари ҳам шу ёшлар бўлди. Жамият раҳбарлари ўз ғоя ва маслакларини ана шу ёшлар орқали тарқатиш, уларни уюшма ҳисобига хорижга ўқишга юбориш йўли билан янги маърифатли авлодни тарбиялаш вазифасини ўз олдиларига қўйдилар. Улар бахтига, шу даврда ширкат қошида худди шу масала билан шуғулланувчи "Кўмак" жамияти ҳам фаолият кўрсата бошлаган эди.
Шу тарзда жамият, биринчидан, "Нашри маориф" номида Тошкент, Бухоро ва бошқа шаҳарларда чоп этилган муваққат нашрлари, иккинчидан, "гап"лари орқали, айниқса, мусулмон ўқитувчилари ва ўқувчи ёшлари ўртасида катта тарбиявий-маърифий ишларни олиб борди; учинчидан, "Кўмак"ни ўз ихтиёрига жалб этиб, Россия, Туркия, Германия ва бошқа мамлакатларга ўқишга юборилажак ёшлар билан боғлиқ муаммоларни ҳам ўз зиммасига олди.
Жамиятнинг барча аъзолари учун (фахрий аъзолардан ташқари) кириш бадали ярим пуд буғдой бўлган. Жамият маблағи аъзолик бадаллари, ионалари, давлат ва жамоат муассасаларидан олинадиган ёрдам, нашрлар, пулли маърузалар, спектакллар, сайиллар ва бошқа тадбирлардан тушган даромад асосида тўпланган. Бу маблағ, ўз навбатида, муваққат нашрлар, мактабларнинг ўқув-методик эҳтиёжлари, хорижга ўқишга юборилаётган ё юборилган талабалар ўртасида тақсимланган.
Жамиятнинг 1923 йилдаги фаолияти, айниқса, самарали бўлди. Жамият бир йил ичида оёққа турибгина қолмай, турли нашрларни амалга оширди. Жамиятнинг вилоят бўлимлари ҳам орқада қолмади. Афсуски, биз турли кутубхоналарда сақланиб қолган жамиятнинг журнал ва нашрларини ҳали тўплаб ўрганиб чиққанимизча йўқ. Бу — келажакнинг иши. Аммо ҳозирнинг ўзидаёқ шу нарса аниқки, "Нашри маориф" қисқа фаолияти мобайнида халқ маориф ва маданиятини кўтариш бўйича кўпгина хайрли ишларни амалга оширди. У олиб борган хайрли ишларнинг асосий нишаби эса истиқлол сари — элу юртимизни миллий мустақилликка олиб чиқишга қаратилган эди.
Жамият фаолларидан бири Салимхон Тиллахонов ўз маслакдошлари билан суҳбатда бундай деган экан: "Биз шу пайтга қадар бурчак-бурчакларда яшириниб ишлаб келган эдик, эндиликда ошкора ишлаш пайти келди. Шунинг учун ҳам ғайратимизга ғайрат қўшишимиз керак". Шокиржон Раҳимий эса Мунаввар қори билан суҳбатлашар экан, бундай сўзларни айтган: "Агар жамиятимиз биз хоҳлаган йўналишда яхши ишларни олиб борса, худо хоҳласа, тез орада ажнабий халқларнинг таъсиридан қутулиб қоламиз ".
Бундай некбин кайфиятга берилган жамият аъзолари 1924 йилнинг январида уюшма фаолиятини янада жонлантириш истагида ҳайъат таркибини қайта сайладилар. Мунаввар қори жамиятга раис, Ғози Олим Юнусов эса котиб этиб сайланди.
30 январь куни "Нашри маориф" ва "Кўмак" жамиятлари раҳбарлари кенгаши бўлиб ўтди ва унда ҳар иккала жамиятни бирлаштириш масаласи ўртага ташланди. Аммо шу пайт, кутилмаганда, Шокир Раҳимий "Нашри маориф" жамиятини тарқатиб юбориш ҳақидаги таклифни ўртага ташлади. Ва унинг таклифи кўпчилик овоз билан қабул қилинди.
Советлар мамлакати шу вақтда ўз ҳаётининг оғир бир даврига қадам қўйган эди. Ленинизм "тугаб", сталинизм бошланганини кўрган маорифчилар шу даврнинг хосиятсиз бўлишини Сталиннинг мақбара олдидаги қасамларидан аниқ сезган эдилар.

"Қизил қалам". 1923 йилда "Адабий-бадиий тўгарак" деган Йўқсил (пролетар) ёзувчилар уюшмаси тузилди. Бу уюшма ҳозир Санъат музейи жойлашган ва ўша йилларда Кафанов номидаги Ишчилар клубига қарашли бинода ўз фаолиятини бошлади. Ўша йилларда ўзбек адабиётига кириб келган йўқсил шоир ва ёзувчилар шу тўгаракнинг аъзоси бўлганлар. Лекин бу тўгарак ўз атрофига йўқсил адабиёт вакилларини тўплаш ва тарбиялашга қаратилган вазифасини, ижодий ночорлиги орқасида, бажара олмади ва бирор амалий натижага эришмади. Шу сабабдан унинг аъзолари тез орада пароканда бўлиб кетдилар.
1926 йили эса Самарқандда "Қизил қалам" жамиятига асос солинди. Шокир Сулаймон раҳбарлик қилган бу жамиятда Отажон Ҳошим, Боту, Зиё Саид, Сотти Ҳусайн, Анқабой, Олтой билан бирга янги етишиб келаётган Уйғун, Ҳамид Олимжон, Миртемир, Ойдин сингари ёш қаламкашлар ҳам бор эди. Ўша йилнинг охирларида жамиятнинг Фарғона ва Наманган вилоят бўлимлари ҳам ташкил этилди. Жамиятнинг асосий мақсади Ўзбекистонда барпо этилаётган социалистик тузумга хайрихоҳ ёзувчиларни тўплаш ва тарбия қилиш эди. Лекин "Қизил қалам" аъзолари орасида, бир томондан, катта авлод вакиллари, иккинчи томондан, ёшлар бўлгани ва улар, дунёқарашларига кўра, фарқлангани учун жамият йиғилишларида ўзаро қизғин баҳс ва мунозаралар тез-тез бўлиб турди. Бу мунозаралар 1928 йилда, "Қизил қалам" мажмуасининг биринчи китоби чоп этилганидан кейин, айниқса, авж олиб, кекса ва ёш аъзолар ўртасида жиддий ихтилоф юзага келди. Бу ихтилоф ҳатто жа¬миятнинг маълум муддатга тарқалиб кетишига ҳам сабаб бўлди.
Ихтилоф туфайли пайдо бўлган қисқа муддатли танаффусдан сўнг "Қизил қалам" 1928 йили яна ўз фаолиятини давом эттирди. 1929 йилда эса жамиятнинг бошқарув органи қайта кўрилиб, Зиё Саид унинг раҳбари этиб сайланди. Шу йили жамиятнинг иккинчи мажмуаси нашрдан чикди.
Совет ҳокимияти "Қизил қалам" орқали ёзувчиларни Ўзбекистондаги социалистик қурилиш мавзуига бағишланган, шунингдек, СССРнинг пахта мустақиллигига эришиши учун қишлоқ аҳлини "қаҳрамонона меҳнат"га сафарбар этувчи асарлар ёзишга рағбатлантирди. Бундай асарлар пайдо бўлиши биланоқ улар янги ўзбек адабиётининг ажойиб намуналари сифатида баҳоланди. Шу тарзда яланғоч ғоялар ифодаланган долзарб мавзулардаги асарлар оқими вужудга кела бошлади.
"Қизил қалам" Ўзбекистоннинг бир неча вилоятларида ўз бўлимларини очиш ва улар ҳаётини жонлантириш устида қайғурибгина қолмай, Озарбайжон ва Татаристондаги адабий ташкилотлар билан ҳам яқин алоқа ўрнатди.

"Ёш ленинчи" газетаси қошидаги тўгарак. Шу йилларда "Қизил қалам" жамияти билан бирга баъзи газеталар ва олий ўқув юртлари қошида ҳам адабий тўтараклар ташкил этилиб, улар ёш қалам аҳлини тарбиялаш ишлари билан шуғулланди. Шундай тўгараклардан бири Тошкентда, "Ёш ленинчи" газетаси қошида тузилди. "Ёш пролетар адибшоирлари" деб номланган бу тўгарак газетанинг янги муҳаррири Сотти Ҳусайн ташаббуси билан 1927 йилда ташкил топди.
Сотти Ҳусайн газетада ўз шеърлари, ҳикоя ва очерклари билан қатнашган ёш ижодкорларни тўплаб, уларнинг дастлабки асарларини тўгарак муҳокамасига қўйди, эпақали асарлар устида муаллифлар билан бирга ишлаб, сўнг газетада эълон қилиб борди. Бундан илҳомланган ёшлар тўгарак атрофида янада жипслашиб, дастлабки адабий сабоқларни шу ерда олдилар.
Тўтарак қатнашчиларидан бири - Миртемирнинг "Шуълалар қўинида" (1928) деб номланган дастлабки тўплами ўша даврда катта воқеа бўлди. Бу тўпламдан жой олган аксар шеърлар шу тўгаракда муҳокама қилиниб, сайқалланган эди. Мазкур тўпламга кириш сўзи ёзган Сотти Ҳусайн истеъдодли ёш шоир туғилганидан ғоят мамнун бўлиб, унинг адабий келажагига катта умид билдирган эди. Бу, ўша пайтда Миртемирга нисбатан уч-тўрт кўйлакни ортиқ кийган айрим қаламкашларнинг ғашини келтиради. Улар Миртемирга қарши мақолалар билан чиқиб, сиёсий идоралар эътиборини унинг келиб чиқишига жалб этмоқчи бўладилар. Бундай ошкора ғаразгўйлик ва ҳасад ёш шоирни майиб қилиши мумкинлигини сезган мураббий уни ўз паноҳига олади. У фақат Миртемирни эмас, бошқа ёшларнинг адабий келажаги ҳақида ҳам қайғуриб, 1929 йидда тўгарак аъзоларининг асарларидан таркиб топган "Кўрмана" тўпламини бостириб чиқаради. Бу тўпламдан Миртемир, Яшин, Собир Абдулла, Эргаш, Ҳасан Пўлат, Юнус Латиф ва бошқа шоирларнинг шеърлари ўрин олган эди.
Миртемир Сотти Ҳусайн тўғрисидаги хотираларида ўша даврни эслаб, бундай ёзган: "Сотти Ҳусайн ташаббуси билан қаламкашларнинг "Кўрмана " сарлавҳали тўплами ёруғлик кўргани ҳам катта ҳодиса бўлгани ёдимда. "Ҳозирги воқелик бадиий асар учун илҳом беришдан ожиз!" деб айюҳаннос солганга бу тўплам: "Кўр, мана!" маъносида бўлганлигини Сотти Ҳусайн фахр билан адабий йиғинларда такрорлагани эсимда ".
Сотти Ҳусайн марксчи мунаққид бўлгани учун тўгарак аъзоларида марксизм-ленинизм таълимотига нисбатан ҳурмат туйғусини сингдириш, уларни совет даври мавзуларида асарлар ёзишга рағбатлантиришга уринди. Ўзининг марксча-ленинча қарашларига ҳаддан зиёд ишонган мунаққид ҳатто бир туркум мақолалар ёзиб, ўзбек адабиётининг "Ўтган кунлар"дек буюк асарини чилпарчин қилиб ташламоқчи ҳам бўлди. Аммо у тўтарак раҳбари сифатида шу йилларда кўплаб шоирларнинг шаклланишида муайян ролни ўйнади.

Пролетар ёзувчилари уюшмалари. 1923 йил мартида бўлиб ўтган Москва пролетар ёзувчиларининг 1-қурултойида Москва пролетар ёзувчилари уюшмаси — МАППга асос солинади. Ва ўша йилнинг май ойида МАПП ташкилотчилари Бутуниттифоқ пролетар ёзувчилари уюшмаси (ВАПП) ни ташкил этишга қарор қиладилар. Бу ҳар иккала уюшмани тузишдан мақсад адабиётга раҳбарлик қилиш ҳуқуқини партияга бериш ва шу йўл билан пролетар адабиётини яратишда иштирок этмаган ёзувчиларни партия ёрдамида четлаштириш эди. Уларнинг асосий шиорлари эса адабий меросни ўрганишга чек қўйиш, йўқсил ёзувчилар қаршисида кенг ижодий майдон ва шароитни яратиш, "йўловчи" ёзувчиларни адабиётдан четлаштириш орқали "буржуа мафкураси"нинг жонланишига имкон бермаслик эди.
Афсуски, бундай қарашлар Ўзбекистонда туғилиб келаётган йўқсил ёзувчиларга ҳам бегона эмас эди. Улар 1924 йил июнида юқорида зикр этилган Кафанов номидаги Ишчилар клубида таъсис йиғилишини ўтказиб, ВАППнинг Тошкент бўлими (ТАПП) ни очишга қарор қилдилар. Шундан кейин ТАПП мутасаддилари МАПП ва ЛАПП билан алоқа ўрнатиб, пролетар адабиётининг аҳволи ва вазифаларига бағишланган кечалар ўтказдилар, маърузалар қилдилар.
1928 йил апрелида ТАПП замирида Ўрта Осиё пролетар ёзувчилари уюшмаси (САПП) ташкил этилди. Ўз навбатида бу уюшманинг Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон бўлимлари тузилиб, улар бу ўлкаларда пролетар адабиётининг кенг қанот ёзиши учун турли-туман тадбирларни амалга оширдилар. Уюшма қошида рус тилида "Ўрта Осиё адабиёти" газетаси ва "Ўрта Осиё халқларининг совет адабиёти" журнали нашр этила бошлади.
1928 йилнинг апрель-май ойларида Москвада Пролетар ёзувчиларининг 1-Бутуниттифоқ қурултойи ўтказилиб, унда ВАППни Пролетар ёзувчилари уюшмасининг бутуниттифоқ бирлашмаси (ВОАПП)га айлантириш ҳамда Россия пролетар ёзувчилар уюшмаси (РАПП)ни тузиш ҳақидаги қарорга келинди. Шу вақтдан эътиборан ВАПП ўз мавқеини йўқотиб, пролетар адабиётига раҳбарлик жилови РАПП қўлига ўтди. РАППчилар ўз қарорларини қабул қилмаган барча ёзувчиларга қарши курашиб, уларга "йўловчи" ёрлиғини ёпиштира бошладилар. Улар ҳатто М.Горький ва В.Маяковскийни ҳам "йўловчи ёзувчилар", деб эълон қилдилар.
РАППнинг бутуниттифоқ пролетар адабиётидаги кунданкунга ошиб бораётган мавқеини кўрган республика раҳбарияти 1930 йилда "Қизил қалам" жамиятини тугатиб, Ўзбекистон пролетар ёзувчилар уюшмаси (ЎзАПП) га пойдевор қўйди. Умаржон Исмоилов бу янги ташкилотнинг раҳбари этиб тайинланди. Шу вақтдан бошлаб РАППнинг Ўзбекистондаги издошлари рус оғаларининг ҳар бир ҳаракатидан ибрат олиб, завод ва фабрикалардаги "ижодий кучлар"дан пролетар ёзувчиларни етиштиришга киришдилар. "Сельмаш" сингари завод ва фабрикалар қошида ишчилар учун адабий тўгараклар ташкил этилди. ЎзАПП ўз сафларидаги айрим ёшларни "ҳаёт мактаби"ни ўташ учун бу завод ва фабрикаларга ишга юборди. "Қизил қалам"нинг ғоявий хатоларини тузатиш баҳонаси билан адабий меросни ўрга-нишга қарши кураш бошланди. Пролетар ёзувчилари 1-бутуниттифоқ қурултойининг делегати бўлган ўзбек ёзувчи ва танқидчилари ўз ҳамкасбларини турли гуруҳларга ажратиб, "йўловчилар"ни ҳар томонлама сиқув ва таъқиб остига ола бошладилар.
Шу йилларда ЎзАППнинг мафкуравий раҳбарларидан бири бўлган Сотти Ҳусайн дастур аҳамиятига эга бўлган бир мақоласида қаламкаш биродарларини гуруҳ-гуруҳларга ажратиб, бундай ёзган эди:
"...Энди йўловчиларнинг кимлигини билиб қўяйлик.
Йўловчини белгилаганда, унинг табақаларга бўлинишини кўзда тутишимиз лозим. Йўловчиларни ажратишда ҳозирча фақат мафкуравий ёқдан қараймиз, ҳозирги адабиётимизда ўнг бурилишдаги йўловчи Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпондир. Абдулла Қодирий ўнгчиликдан бир мунча қайтиб келмакдадир.
Фитрат, Чўлпонлар инқилоб бошида ўта ўнг эдилар. Кейин-кейин миллий бойлар томони енгилиши билан сўниб қолдилар. Сўнишлари табиий эди. Уларга бир чора инқилоб билан бирга бориб, ёзувчиликда кучланиш бўлса, иккинчи чора бутунлай сўнишдир...
Шокир Сулаймон, Элбек, Ойбек, Н.Раҳимий сўллашмакда бўлган ёзувчилардир. Булар ичидан Шокир Сулаймон мафкуравий ёқдан ўсиб, сўллашиб келмоқда ".
РАПП билан ЎзАППнинг шу йиллардаги фаолиятини ўзаро қиёсласак, ажабтовур бир манзарани кўрамиз. Агар РАППчилар нафақат М.Горький ва В.Маяковский, балки А.Толстой, С.Есенин, С.Сергеев-Ценский, И.Эренбург, Л.Леонов, К.Федин ва бошқа рус ёзувчиларига ҳам шубҳа билан қараган бўлсалар, ЎзАППчилар ҳам шу даврдаги барча энг истеъдодли ёзувчиларни бадном этмоқчи бўлдилар. Фитрат ва Чўлпонларга қарши 20-йилларнинг ўрталарида матбуотда бошланган кураш уларни адабиётдан сиқиб чиқариш билан тугади. ЎзАППчилар улар қаршисида матбуот ва нашриёт эшикларини ёпиб қўйдилар. Нафақат бу улуғ ёзувчилар, балки адабиётда ўзига эндигина ўрин ҳозирлаётган ёшлар шаънига ҳам бўлмағур гапларни айтдилар. "Қизил Ўзбекистон" газетасининг 1928 йил 5 июль сонида босилган мақола муаллифи Ойбекка мурожаат этиб: "...асарларингиздаги мафкурани ленинчи комсомол номига жавоб берадиган вазиятга келтирсангиз, сизга - нажот, бўлмаса - ҳалокат " — деб ёзди. Элбек эса "йўлдан озган муртад " деб аталди. Оддий инсоний маданиятни унутган ЎзАППчиларнинг "фикр афкори" - "Қурилиш" журнали эса Навоий, Машраб, Турди, Муқимий ва бошқа мумтоз адабиётимиз намояндаларини "ҳозирги замон кемаси"дан улоқтириб ташлашга чақирди.
ЎзАППнинг шу йилларда олиб борган амалий фаолияти ҳақида қуйидаги фактлар ҳам аниқ тасаввур бериши мумкин: "Қурилиш" журналининг 1931 йил 3-сонида берилган маълумотда айтилишича, Ҳусайн Шамс ЎзАПП топшириғига кўра "Ишчилар кутубхонаси" учун 12 та асар ёзиб берган; ҳозир эса "Колхоз кутубхонаси" учун 3 та асар ёзмоқда. Агар бундай хабарларнинг шу йилларда Чўлпон ва Ойбекларга қарши олиб борилган ҳаракат билан қиёслайдиган бўлсак, ЎзАПП фаолиятидаги ғайримаданий ҳолат кўзга янада яққолроқ ташланиши мумкин.
Шу нарса ажабланарлики, агар биз 30-йиллар адабиётига назар ташласак, унинг энг яхши намуналарини на Ҳусайн Шамс сингари ЎзАПП ишончини қозонган ёзувчилар, на завод ва фабрикалардан адабиётга "кириб келган" Ғиёс Соатий, Фатхулла Ғулом, Солиҳ Собирий, Ҳошим Зоҳидов сингари қаламкашлар, балки "ўнг ва сўл йўловчилар" ёзганини кўрамиз. Қизиғи шундаки, рус адабиётида ҳам пешонасига "йўловчи" тамғаси босилган ёзувчиларгина шу даврдаги энг машҳур асарларни яратганлар.
Шу тарзда пролетар адабиётини яратишга қаратилган уриниш пировардида сароб бўлиб чикди; пролетар ёзувчилари уюшмаларининг фаолияти эса адабиётга фойдадан кўра кўпроқ зарар келтирди.

Ёзувчилар уюшмаси. 30-йилларнинг бошларига келиб, собиқ иттифоқ, республика ва ҳатто вилоят миқёсидаги пролетар ёзувчилари уюшмаларининг адабий ҳаракатга салбий таъсир кўрсатаётгани кундек равшан бўлди. Партия, бир томондан, ўз мақсадига эришди: яхшими-ёмонми, талайгина пролетар ёзувчилари етишиб чиқди; завод ва фабрикаларнинг дудини озми-кўпми симирган қаламкашлар ҳам пайдо бўлдилар; партия бу икки кучнинг ёрдами билан "буржуа кайфияти"даги истеъдодли адибларни жиловлаб олди. Лекин, иккинчи томондан, турли мавқедаги уюшмалар ҳатто бир-бирлари билан ҳам рақобатлашадиган, бир-бирларининг бурунларини қонатадиган гуруҳларга айланиб қолдилар. Шунинг учун ҳам ВКП(б) Марказкоми 1932 йил 23 апрелда "Адабий-бадиий ташкилотларни қайта қуриш тўғрисида" қарор қабул қилди. Бу қарорга мувофиқ пролетар ёзувчилари уюшмалари тарқатилиб, совет ҳокимиятини қўллаб-қувватловчи барча қалам аҳлини совет ёзувчиларининг ягона уюшмасига бирлаштириш вазифаси қўйилди.
9 май куни ВКП(б) МКнинг Ўрта Осиё бюроси мазкур қарорга асосланиб, "Ўрта Осиёда адабий-бадиий ташкилотларни қайта тузиш ҳақида" қарор қабул қилди. 16 июнда Тошкент шаҳар совет ёзувчиларининг Самарқанд шаҳар ёзувчилари вакиллари билан биргаликдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш ВКП(б) МК Ўрта Осиё бюросининг мазкур қарорини муҳокама қилишга бағишланди. "Ўрта Осиё совет адабиёти" журнали муҳаррири Алексеевнинг кириш сўзидан кейин Садриддин Айнийнинг йиғилиш номига ёзган "адабий комбинатлар"ни ёқлаган хати ўқиб эшиттирилди: мунаққид Раҳмат Мажидий ВКП(б) МК Ўрта Осиё бюроси қарори муносабати билан совет ёзувчилари ташкилоти олдида турган вазифалар тўғрисида маъруза қилди. Ушбу маъруза юзасидан бўлиб ўтган муҳокамада сўзга чиққан нотиқлар бюро қарорини қўллаб-қувватладилар. Йиғилиш сўнгида Совет ёзувчилари иттифоқининг Раҳмат Мажидий раислигидаги ташкилий комитети сайланди. Комитетга Ойдин (котиб), Зиё Саид, Голодович, Ҳамид Олимжон, М.Усмонов, М.Алексеев, Элбек, Анқабой, Ғафур Ғулом ва З.Фатхуллин аъзо қилиб сайландилар
Шундан кейин янги адабий уюшма таъсис этилгунга қадар ЎзАПП муассислигида нашр этиб келинган "Қурилиш" журнали тўхтатилиб, унинг ўрнига июнь-июль ойларидан бошлаб "Ўзбекистон шўро адабиёти" журнали (муҳаррири Р. Мажидий) чиқарила бошлади.
Шу йилнинг август ойида Москвада Совет ёзувчилари уюшмасининг М.Горький раислигида бутуниттифоқ ташкилий комитети тузилди. 50 кишидан иборат бу комитетга Ўзбекистондан М.Алексеев, Р.Мажидий, У.Исмоилов, Ғафур Ғулом, Ойдин ва Садриддин Айнийлар киритилди.
1933 йил 22 февралда ВКП(б) МК Ўрта Осиё бюроси котибияти Ўрта Осиё ёзувчилар уюшмасининг ташкилий комитетини тузиш тўғрисида қарор чиқарди. Бу қарорга биноан комитетга М.Алексеев — раис, Қосим Лоҳутий — раис ўринбосари, Р.Мажидий, С.Трегуб, Тошназаров ва А.Тоқомбоевлар раёсат аъзолари қилиб сайландилар.
Совет ёзувчилари уюшмасининг бутуниттифоқ, Ўрта Осиё ва Ўзбекистон ташкилий комитетлари тинимсиз равишда турли пленум, йиғилиш ва мунозаралар ўтказиб турди. Аммо СССР Ёзувчилар уюшмасининг низоми ва тузилмаси устида олиб борилган ишлар ўз вақтида туталланмаганлиги сабабли бу ташкилий комитетларнинг фаолияти узоқ давом этди.
Ниҳоят, 1934 йилнинг 7 март куни Ўзбекистон совет ёзувчиларининг I қурултойи ўз ишини бошлади. Ташкилий комитет раиси Р.Мажидий Ўзбекистондаги адабий ҳаракатни қайтадан қуриш якунлари ва галдаги вазифалар ҳақида маъруза қилди. Зиё Саид драматургия, Анқабой ёш ёзувчилар билан ишлаш, Н.Сафаров Ёзувчилар уюшмасининг ташкилий масалалари бўйича қўшимча маърузалар билан чиқдилар. Қурултой 37 кишидан иборат Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташкилий комитетини сайлади. 12 март куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг пленуми бўлиб, унда Р.Мажидий раёсат раиси этиб тасдиқланди.
Шу тарзда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вужудга келди.

Ўша йилнинг 17 августида совет ёзувчилари I Бутуниттифоқ қурултойи Москвада ўз ишини бошлади. Қурултой СССР Совет ёзувчилар утошмасининг низомини ҳам қабул қилди. Унда, жумладан, совет адабиётининг ижодий методига оид бундай сўзлар битилган эди: "Социалистик реализм совет бадиий адабиёти ва адабий танқидининг асосий методи бўлиб, санъаткордан воқеликни инқилобий тараққиётда ҳаққоний, тарихан аниқ тасвирлашни талаб этади. Айни пайтда воқеликни ҳаққоний ва тарихан аниқ бадиий таспирлаш меҳнаткашларни социализм руҳида ғоявий қайта қуриш ва тарбиялаш вазифаси билан бирлашиши лозим ".
Совет адабиётининг бу сўзларда ўз ифодасини топган методи адабиётимизни ўта сиёсатлаштириб, партиявийлаштириб юборди. Лекин шунга қарамай, 1934 йилдан кейинги адабиётимизнинг тараққиёт йўлига назар ташлар эканмиз, катта ва чинакам истеъдоднинг, юқори адабий маҳоратнинг маҳсули бўлган кўпгина асарларнинг ҳам яратилганини кўрамиз. Ана шу асарларнинг майдонга келиши, неча-неча истеъдодли ёзувчилар авлодининг етишиб чиқиши, адабиётимизнинг янги адабий тур ва жанрлар, рус ва жаҳон ёзувчиларининг бадиий тажрибалари билан бойиши, адабий ҳаракатнинг эса мислсиз даражада ўсиб, халқ ҳаётига яқинлашишида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ҳам хизмати каттадир.

Наим Каримов