Навоий уйида

«Бобурнома»дан:
«Алишербек... ўғил ва қиз ва аҳлу аёли йўқ, оламни тавре фард ва жарийда (якка ва ёлғизлик билан) ўткарди».

Алишер Навоийнинг нима учун уйланмаганлиги замон-дошлари учун сир бўлиб қолгани каби, бизнинг кунларимизда ҳам ажиб бир ҳодиса бўлиб кўринади. Аммо бу ҳодиса — Навоийда бор бирор айб ва камчилик натижаси эмаслиги замондошлари учун аён эди.
«Бадоеъ ул-вақоеъ»дан (Восифий ҳикоя қилади): «Алишер уйланмаган эди. Бунинг сабаблари замонанинг ҳамма кишиларини қизиқтирар эди. Султон Ҳусайн мирзо Атишернинг уйланмаслигига сабаб унинг «этаги поклиги» ва нафсоний шаҳватга майли йўқлиги, яъни ахлоқий жиҳатдан жуда юксаклиги, илм-фан ва шеъриятга берилганлиги, деб ҳисоблар эди.Султоннинг севикли хотини Хадичабегим эса бунинг сабабларини бошқача деб тушунар эди. Ҳақиқатни аниқлаш учун Хадичабегим ўзининг жуда ҳам гўзал канизакларидан Давлатбахтни Алишернинг уйига юборди. Давлатбахт турли баҳоналар билан Алишернинг уйида тунаб қолди. Тунда қиз Алишернинг қўйнига кирди... Давлатбахт эрталаб Хадичабегим олдига жуда хурсанд қайтиб, бутун воқеани айтиб берди. Натижада Султон Ҳусайн мирзонинг фикри тасдиқ бўлди ва Хадичабегимнинг ҳам Алишерга ҳурмати аввалгидан юз мартаба ортди» (172—173). Мирзо Ҳайдарнинг «Тарихи Рашидий» асаридан: «Мир Алишернинг нозикликдан ва тез ранжишликдан бошқа ҳеч айби йўқ эди» (121).
Навоийнинг уйланмаганлиги унинг севмаганига далолат эмас. Аксинча, Навоий ўзининг оташин ошиқ бўлганлигини сўзлайди. «Фарҳод ва Ширин» достонини нима учун ёзганини асослаб, Навоий бировни жуда қаттиқ яхши кўрганини, шу севгиси туфайли севгилисининг таърифига тили лол (ожиз) эканлигини ва «Фарҳод ва Ширин» достони орқали ўз аҳволидан ҳикоя қилмокчи бўлганлигини айтади. «Фарҳод ва Ширин» достонидан:
«Фарҳод ва Ширин» ёзилганидан ўн беш йилча кейин Навоий яна ўз муҳаббатини бир асарида ёдга олади: «Лисон ут-тайр» достонида афсонавий Шайх Санъоннинг (мусулмон руҳонийсининг) христиан қизига муҳаббатини тасвир этиб келиб, Навоий ўзининг кимгадир муҳаббати Шайхнинг муҳаббатидан ҳам оташин эканини гапиради ва ҳикояни агар бир неча кун умрдин амон топса (саломат бўлса) ўз оташин ишқи тарихи ҳақида достон ёзажагини ифодаловчи сатрлар билан тамомлайди.
«Лисон ут-тайр»дан:
«Шайхни андоқки шайдо этти ишқ,
Олам ахди ичра расво этти ишқ.
Сўнгра мендек солмади ғавғосини,
Кимса кўнгли мулкига яғмосини,
Ҳолим андин кимса гар ортиқ демас,
Ортуқ эрмас бўлса ҳам, ўксук эмас.
Кел, Навоий, сўзни ҳоло хатм қил,
Ишқ аро изҳори даъво қилмағил.
Бир неча кун умрдин топсам амон,
Шарҳи ишқим назм этай бир достон.
Анда билгай кимгаким инсофдур-
Ким, сўзум чинму дурур ё лофдур» (11, 102).

Навоий бу достонни ёзишга улгурмай, вафот этган.

«Яна боис буким, ишқи бало шўр,
Бир ўтдин айлаб эрди жонима зўр.
Тилим худ бор анинг таърифида лол,
Қилай хомам тилидин шарҳи аҳвол.
Ҳазин жонимда бор эрди балойи,
Балолиғ ишқ ила ҳар ён ҳавойи.
Биров ишқи солиб жонимға андуҳ,
Машаққат тоши юклаб кўҳ то кўҳ.
Бўлуб зулми ўтидин хаста жоним,
Қарориб дуди бирла хонумоним.
Биров йўқ, кофири қотил ниҳоди
Париваш дев зулми ҳур зоди...
Мени маҳзунни ишқи барқи рафтор
Ул офат ўтиға айлаб гирифтор» (11, 14—15).
Навоийнинг сўзларига қараганда, унинг маъшуқаси (севгани) бепарво ва бевафо эди. (Бу гаплар — шеърий муболиғами ёки Навоий ўз севгилисининг ҳақиқатан бевафолигини гапираётирми, — аниқлаш қийин.) Шоирнинг маъшуқаси «вафосиз, табъсиз (қобилиятсиз) ва ноаҳл (ярамас, ёт) кишиларни ёқтиради, аммо вафодорлар унга ёқмайди. Маъшуқаси шоирни ғам-ғуссага қолдириб, ўзи ётларнинг уйларида «шамъи мажлис» (ўтиришларни безатувчи) бўлиб юради:
«Жунун кўнглумни дашти ғамға солиб,   
Не ғам, ҳар лаҳза бир оламға солиб.
Не маҳзун хотиримға васли мумкин,
Не ҳажрида ўтум бир лаҳза сокин.
Бор эрди дард қотил, ишқ бебок,
Булардин тундроқ маъшуқи чолок
Вафосиз, табъсиз ноаҳл анга хуш,
Вафо аҳли била биттабъ нохуш...
Нетай, минг зебу зийнат бирла товус
Ки, бўлғай ҳамнишини буми манҳус...
Манга айлаб ғаму меҳнатни мунис,
Ўзи ҳар уйда бўлғай шамъи мажлис» (11, 15—16).
Навоийнинг муҳаббати ҳақида ўзбек ва туркман фольклорида анча асарлар бор. Уларда Навоийнинг севгилиси сифатида Гул деган қиз тилга олинади. Бу асарларда буюк шоир таржимаи ҳолининг баъзи фактлари, ўзгартилган ҳолда, ўз аксини топган бўлса керак. Шундай асарлардан бирини келтирамиз:
«Амалёфтани Алишер» («Алишернинг амалдор бўлиши») асаридан (мазмуни):
«Чорвадор Алишер бозорга мол олиб келди ва молини насияга сотмоқчи эканини эълон этди. Бозор аҳли: «Биз молингизни олсак, қарзимизни қачон тўлашимиз керак?» деб сўради. Алишер: «Қарзингизни подшоҳ Ҳусайн Бойқаро ўлган куни тўлайсиз», деди. Бозор аҳли Алишер олиб келган от, мол ва қўйларни дарров насияга олиб кетишади: Ҳусайн Бойқаро ҳали ёш, қачон ўлиши номаълум эди.
Бу гап Ҳусайн Бойқаро қулоғига етди. Подшоҳ дарғазаб бўлиб, чорвадорни дарров тутиб олиб келишни буюрди. Алишерни боғлаб, подшоҳ олдига олиб келдилар. Подшоҳ сўради: «Эй, нодон ва ёмон ниятли киши, мен сенга нима ёмонлик қилдимки, сен менинг ўлимимни тилайсан? Одамларга молингни насияга сотиб, қарзингни Ҳусайн Бойқаро ўлганда тўлайсан, дер эмишсан? Жавоб бер!» деди.
Алишер деди: «Эй, одил подшоҳ, мен сизнинг ўлимингизни тиламайман, балки, аксинча, умрингиз узоқ бўлишини истайман».
Ҳусайн Бойқаро сўради: «Нечук? Қарзни мен ўлган куни ундирар эмишсан-ку?»
Алишер деди: «Подшоҳим! Мендан насияга мол олган ҳар бир киши энди ҳар куни беш маҳал намоз чоғида: «Эй, худо, подшоҳ Ҳусайн Бойқарони ўлдирма, мен қарзимни тўламай», деб тоат-ибодат қилади. Зора шундай тоат-ибодат ижобат топиб, худо сизнинг умрингизга умр қўшса. Молимни насияга сотишдан ниятим шу».
Алишернинг бу гапи Ҳусайн Бойқарога ёқди ва у: «Сен ақлли одам экансан, ёнимда қол, саройимда хизмат қил», деб Алишерни ўз маслаҳатгўйлари қаторига олди.
Кунлар ўтган сари Алишер ўз доно маслаҳатлари билан подшоҳ саройида азиз бўла берди ва ахийри Ҳусайн Бойқаро уни вазирлик вазифасига тайин этди.
Кунлардан бир куни Алишер Ҳирот кўчаларида отлиқ ўтиб кетаётиб, томда кир ёяётган бир қизга кўзи тушди. Қиз жуда гўзал эди. Алишер уни яхши кўриб қолди. Қизнинг уйига совчи юборди. Қиз ҳам Алишерни ғойибдан яхши кўриб юрар экан. Исми Гул экан. Тўйга тайёргарлик бошланди.
Бир куни овдан қайтаётиб, Ҳусайн Бойқаронинг ҳам ўша томда юрган қиз — Гулга кўзи тушди ва уни севиб қолди. Совчи юборишга қарор бериб, совчиликни дўсти ва вазири Алишерга топширди. Алишер совчиликка борди ва ўз дўстлигига содиқ қолиб, Гулни подшоҳга тегишга кўндирди. Аммо Гул бир шарт қўйди: «Подшоҳ тўйдан кейин қирқ кунгача менинг олдимга кирмай туриши керак», деди. Алишер бу шартга подшоҳни кўндиражагини айтди. Шунда Гул иккита кичик мактуб ёзиб, Алишердан бу мактубларни табибга олиб бориб беришни ва табиб берган нарсаларни олиб, қайтиб келишни илтимос қилди. Алишер табиб олдига борганида табиб мактубнинг бирини ўқиб, кулиб юборди ва иккин-чисини ўқиб, йиғлади. Иккита дори берди. Алишер дориларни Гул олдига олиб келди. Гул дорининг бирини ўзига олиб қолди ва иккинчисини Алишерга бериб: «Ичинг!» деди. Алишер ичди. Гул Алишерга подшоҳ олдига равона бўлишга ва тўй тайёргарлигини бошлашга рухсат берди.
Подшоҳ Гулнинг шартини қабул этди, катта тўй қилди, аммо келинчак олдига қирқ кунгача кирмади. Бу орада Гул қаттиқ касал бўлиб қолди.
Тўйдан қирқ кун ўтганда Гул Алишерни олдига чақирди. Гул ўлим тўшагида ётар эди. У Алишерга деди: «Икки дори эсингиздами? Унинг бирини мен сизга ичирган эдим, у дори сизни сира ҳам уйланмайдиган қилиб қўядиган дори эди. Иккинчи дорини мен ўзим ичганман, у дори мени қирқ кун ичида ўлдирадиган, секин таъсир қиладиган заҳар эди. Мана, дори ўз таъсирини кўрсатди, мен касал бўлдим. Бугун ўламан.
Муҳаббатимизга содиқ қолиш учун мен шундай қилдим, Алишер! Энди подшоҳ менинг ёнимга кираберса ҳам бўлади».
Ўша куни Гули дунёдан ўтди. Алишер ва подшоҳ унинг тобутини икки ёқдан кўтариб бордилар. Икки ошиқ ва икки дўст қон-қон йиғлар эдилар.
Уларнинг бири сўрар эди:
«Сарвларнинг соясинда сўлди гул, нетмоқ керак?»
Иккинчиси жавоб берар эди:
«Сарвдин тобут ясаб, гулдин кафан этмоқ керак».

*  *  *

Навоийнинг оиласи йўқлиги унинг уйи «ҳувиллаб қол-ганлигини» кўрсатмайди. Аксинча, Навоийнинг уйи доимо қувноқлик, шеърият ва маърифат макони эди.
Давлатшоҳ «Тазкира»сидан:
«У буюк зотнинг интизомли мажлислари фазл аҳлининг мақсади эди. Унинг баланд остонаси — бева ва бечоралар борадиган жой эди. Ва унинг таомлар тўлдирилмиш дастур-хонлари саргардон ва сарсонлар учун доим тайёр ва унинг эҳсонининг эшиги муҳтожлар учун ҳар вақт очиқ эди. Ва у билан ўлтурувчилар яхши табътик ва фазилатли кишилардан ўзга эмас эди. Ва унинг хотирининг дўст ва улфатлари кўн-гулларни забт этувчилардан бошқа эмас эди. Ва халқнинг назарида зўр ва оғир кўринган нарсалар унинг ҳиммати олдида енгил ва андак кўрунур эди, аммо ноаҳл кишилар унинг нафис мажлисига киролмас эдилар».
Зайниддин Маҳмуд Восифийнинг «Бадоеъ ул-вақоеъ» («Ажойиб воқеалар») китобидан:
«Алишер Навоийнинг энг ажойиб дўстларидан ва азиз суҳбатдошларидан бири бўлган Мавлоно Соҳиб Доро менга ота томондан жуда яқин қариндош эди. Бир куни мен отам билан унинг уйида меҳмонда ўтирганимда у отамга деди: «Кўпдан бери эшитаманки, сизнинг ўғлингиз аъло толибул-илм (студент), шеърни яхши ўқувчи ва дуруст шеърлар ёзувчидир. Унинг муаммоларини ечиб беришдаги шуҳрати чексиздир». Шу сўзлардан кейин Мавлоно Соҳиб Доро бир муаммо айттирди. Мен уни андак ўйлаб, ечиб бердим. Ҳамма ҳайрон қолди.
Биз ўз уйимизга қайтганимиздан сўнг, Мавлоно Соҳиб Дородан бир киши келиб: «Сизни менинг хожам чақирмоқдалар», деди. Мен Соҳиб Доро қошига келганимда, у деди: «Мен Алишер олдида бўлдим. Унинг одати бор: ҳар куни у мени ўз қошига чақиради ва: «Бу шаҳарда бугун сен қандай ажойиб ва ғаройиб нарсаларни кўрдинг, гапир», дейди. Бу гал мен унга айтдим: «Мен ўн олти ёшли бир йигитни кўрдим, у энг қийин муаммоларни ҳам дарров ечиб беради. Бундан ташқари, у ўзининг илмий машғулотлари билан, шеър ўқиш ва шеър ёзишдаги ҳунари билан ҳам машҳурдир». Алишер жуда ҳайрон қолди ва сўради: «Сен уни синаб кўрдингми?» Мен жавоб бердим: «Ҳа, мен жуда чигал муаммони ўқидим ва у бу муаммони дарров ечиб берди». У ҳазрат олий ўпка билан менга деди: «Нега у йигитни бизнинг олдимизга олиб келмадинг?» Шунда мен сенинг тўғрингда Алишерга оғиз очганимга афсус қилдим, чунки биламанки, Алишер билан янги танишганда одамлар каллаларини йўқотиб қўядилар ва «Отинг нима?» деган саволга ҳам жавоб беролмай қолган маҳаллари кўп бўлади. Сен борганингда бир киши муаммо ўқиб қолса-ю, сен ечиб беролмасанг, мен уятга қолсам, нима бўлади?.. Нима бўлса ҳам энди бўлди, тайёрланиб тур».
Эртасига эрталаб мен яна Соҳиб Доро олдига бордим. У ерда мендан ташқари яна уч толибул-илм ўтириб эди. Мавлоно айтди: «Сен вақтида келдинг. Мана бу икки киши ҳақида ҳам мен Алишерга гапирганман. Буларнинг бири — муаммода шуҳрати Мавлоно Амир Ҳусайн Нишопурийнинг шуҳратига тенгдир. Мана бу иккинчиси - қасидалар ёзиш билан ном чиқарган... Учинчиси - маснавий ёзишда машҳур».
Биз у азизлар мажлисига кириб бордик. Навоийнинг ҳамма надимлари (ўртоқлари) ва ҳамсуҳбатлари ҳозир эдилар. Бизга назари тушган у ҳазрат Соҳиб Дородан сўради: «Муаммони тез ечиб берадиган йигитинг шуми?» Мавлоно Соҳиб Доро деди: «Ҳа, шу йигит». Алишернинг дўсти ва ажойиб ҳазилкаши Мавлоно Муҳаммад Бадахший деди: «Жаноб олий ҳазратлари, аччиқ сўзим учун кечирасиз, аммо ҳақиқатни айтганда, сизнинг муаммоларни ҳал этиш борасидаги ҳунарингиз бу йигитнинг маҳорати олдида ҳеч нарса эмас» Алишер айтди: «Мен буни унинг кўзларидан дарров пайқаб олдим, чунки бу кўзларда тафаккур аломатлари бор». Шундан кейин Алишер бир муаммони ўқиди. Мен унда яширилган сўзни топишим керак эди. Аммо маълум бўлдики, бу муаммода яширилган сўзни мен аввалдан биламан. Мен гумонсираб қолдим: у яширилган сўзни билмаганликка солиб, мажлис аҳлини алдайми ёки ҳақиқатни айтиб берайми? Мен Алишерга дедим: «Тақсир, бу муаммода яширилган сўз менга аввалдан маълумдир». У ҳазрат бошини қуйи солди ва анчагача жим қолди. Сўнгра у деди: «Дўстлар, бу йигитнинт сўзларида нима маъно борлигини пайқадингизми? У ўз қувватини намойиш қилиб: «Бу муаммонгиз ўтмайди, бошқасини айтинг», деяпти... Шундан кейин Алишер бу мажлисда муаммо ўқимади, менга иззату ҳурмат кўрсатди ва Мавлоно Соҳиб Дорога деди: «Мен бу йигитга қойилман» (143—144). «Макорим ул-ахлоқ»дан:
«Ҳазрати султоннинг дўсти, давлат эгаси олий ҳазрат (Навоий) баъзан ширин тилни мазах ва мутоибага (қизиқчилик ва ҳазилкашликка) очарди ва муносиб ўринларда латифасимон сўзларни баён ипига тортарди. Бундай сўзлар олий ҳазратнинг нозик зеҳни ва муборак фикрининг юқори даражада ўткир эканлигига далолат қилганлигидан улардан бир хилларини ёзишга журъат қилинади:
Мусиқий фанида даврнинг ягонаси Мавлоно Алишоҳ бир куни давлати олий ҳазратга арз қилиб: «Сизнинг олий илтифотингиздан ва марҳаматингиздан умид шуки, вақф бошқарувчилари олти ойлик маошимни бирданига берсалар, токи мен ҳар ойда хизматчиларга бош оғриғи бўлиб юрмасам», деди. Олий ҳазрат жавоб бериб: «Мавлоно, — деди, — умрингиздан олти кун қолганми, йўқми — бизга маълум эмас. Сиз нима учун амонат ҳаётга мунчалик кўнгил қўйиб, келажак олти ойлик маошни талаб қиласиз?» Мавлавий жавоб берди: «Сиз фармон беринг, у пулларни бераверсинлар. Борди-ю, ўлиб қолсам, гўр-кафанимга яраб кетар», деди. Олий ҳазрат: «Ўлиги ҳам бир бало, тириги ҳам бир бало» деганлари сиз экансиз-да», деди.

«Бадоеъ ул-вақоеъ»дан:
«Бир куни Алишер Биноийни ўз уйига чақирган эди. Биноий эшик олдида пайдо бўлганида, Алишер гўё танимагандек унга қаттиқ тикилди. Биноий яқин келганидан кейин Алишер деди: «Ҳа, Биноиймисан? Узоқдан менга эшак келаётганга ўхшади». Биноий жавоб берди: «Тақсир, менга ҳам узоқдан бу ерда одам ўтирганга ўхшаган эди...» Алишер Биноийни ўтиришга таклиф этди. У аёғини узатган эди, Биноийнинг орқасига тегди. Навоий деди: «Ажаб ишки, Ҳиротда аёғини узатсанг, албатта битта шоирнинг орқасига тегади». Биноий жавоб берди: «Тақсир аёғингизни йиғиштирсангиз ҳам албатта битта шоирнинг орқасига тегади».
«Макорим ул-ахлоқ»дан:
«Бир кун соф кўнгилли Амир фасоҳат ва зарофат бобида замон шоирларининг пешқадами Хожа Осафийга насиҳат қилиб, айтди: «Мен сенга ҳайрон бўламанки, ўткир зеҳнинг ва баланд табъинг (истеъдодинг) бўлатуриб, шеър айтиш билан кам шуғулланасан, ҳамма вақтингни фойдасиз ишларга сарф қиласан». Осафий: «Тақсир, ҳозирги фурсатда борган сари кўпроқ шеър айтишга машғул бўлаётирман. Масалан, ўтган кеча икки пуллик шамъ ёниб битгунича икки юз байт ёздим», деди. Олий ҳазрат: «Демак, у тизмаларингнинг юз байти бир пул экан-да», деди».
«Бадоеъ ул-вақоеъ»дан:
«Султон Ҳусайн ҳамма рассомлар орасида устод Беҳзодга кўп эътибор берар эди. Беҳзодга «Иккинчи Моний» деган фахрли унвон берилган эди. Шоҳнинг кайфияти ғам-ғусса билан бузулганида, Беҳзод доимо бирор нарсанинг ёки бирор одамнинг суратини солар, султон бу суратни кўрганида кўнгли очилар, ғам-ғуссадан халос бўлар эди. Беҳзод доимо ҳар хил ажойиб суратларни олиб юрар, айниқса жуда ҳурматли Бобо Маҳмуднинг хилма-хил суратларини чизишни ва намойиш этишни ёқтирар эди. Бобо Маҳмуд эса ажойиб сифатларни ўзида мужассамлантирар — у семиз, қўпол бўлиш билан бирга жуда чаққон ва гапга уста эди...
Беҳзод бир куни Алишер мажлисига бир суратни келтирди: суратда — гулзор, хилма-хил дарахтлар; уларнинг шохларида сайраб турган ранго-ранг, гўзал қушлар; чор атрофда — шариллаб оқиб турган ариқлар, очилиб турган гуллар — дилдор бир манзара тасвирланган эди. Навоий ўзи эса бу суратда ҳассага суяниб турган ҳолда тасвирланган, унинг олдидаги табақлар олтин ва кумуш сочиқ билан тўла эди. Алишер бу суратни кўриб қувонди ва таҳсин ўқиди. Кейин у меҳмонларига мурожаат қилиб сўради: «Бу ажиб суратга баҳо ва мақтов борасида сизларнинг хаёлингизга нималар келаётир?» Алишернинг устоди ва Хуросоннинг энг машҳур кишиларидан бири Мавлоно Фасиҳиддин деди: «Бу очилган гулларни кўрганимда, қўлимни узатиб, улардан бирини узиб олиб, салламга таққим келди». Алишернинг доимий суҳбатдоши ва надими Мавлоно Соҳиб Доро деди: «Менда ҳам шундай тилак туғилди, аммо мен, агар гулларга қўл узатсам, бу қушлар чўчиб, учиб кстмасмикинлар, деб қўрқиб турибман». Алишернинг доимий ҳазилкаши, Хуросон латифагўйларининг пешқадами Мавлоно Бурҳон айтди: «Мен ҳам суратга қараб, жим ва қимирламай туришим лозимлигини тушундим, чунки Амир Алишер ҳазратлари ғазабга келиб, қовоқларини солиб олмасинлар». Хуросоннинг зарифларидан (қизиқ сўз усталаридан бири), Алишср томонидан «латифатарош» деб ном олган Мавлоно Муҳаммад Бадахший айтди: «О, Мавлоно Бурҳон, агар одобсизлик бўлмаса эди, мен Алишернинг қўлидаги ҳассани олар эдиму, шу сўзларинг учун бошингга бир солар эдим». Алишер ҳазратлари дедилар: «Азиз суҳбатдошлар, яхши сўзлар айтдингиз ва сўз дурдоналарини сочдингиз. Миннатдорман. Агар Мавлоно Бурҳон шудағаллик ва одобсизлигини қилмаса эди, мен шу табақлардаги олтин ва кумушларни сизларнинг бошларингизга сочмоқчи бўлиб туриб эдим». Мажлис ахди завқланиб кулди. Шундан кейин Алишер Беҳзодга эгар-жабдуқлари билан бир от ҳадя қилди, мажлис аҳлининг ҳар бирига эса қимматбаҳо тўнлар кийгизди» (194-195).
«Макорим ул-ахлоқ»дан:
«Бир куни саховат майдонининг эгаси (Алишер) бурунги зариф кимсалардан ўзининг қизиқ кўриниши ва ажойиб сўзлари билан мумтоз ва мустасно бўлган Мавлоно Шаҳобиддин Мудаввинга, марҳамат юзасидан, эгар-жабдукди бир от инъом қилди. Бу илтифот муносабати билан Мавлоно ўзини Олий ҳазратнинг (Алишернинг) хос (энг яқин) кишилари қаторида ҳисоблаб хизмат ва мулозиматни ҳаддин ошириб юборди. Масалан, ҳар қачон отга миниб бирор жойга борилса у киши ҳам бориб, хизматда бўлар, қайтиб уйга келганда, уй эшигидан бир нафас нарига силжимас эди. Шу сабабли лутф ва карам манбаи (Алишер) ундан жуда тангликка келди. Бироқўзининг олий хулқи у кишининг дилини оғритишга ва очиқдан-очиқ ўз мулозиматидан қайтаришга йўл қўймас эди. Шу сабабли хизматчилардан бири, Алишернинг буйруғи билан, ўғрилик тариқасида Мудаввиннинг уйига йўлланди ва отини олиб, тезлик билан бозорга келтириб сотди. Мавлоно у одамни ҳақиқатан ўғри ҳисоблаб, унинг орқасидан қидириб, икки тош йўлни пиёда босди. Отдан ҳеч асар топмагач, бу воқеадан ҳайрон бўлиб яна иззатденгизи Амирнинг (Навоийнинг) мулозиматига югурди ва ўзининг саргардонлик кайфиятиғги арз қилди. Олий ҳазрат: «Биз отингнинг баҳосини берамиз, шу шарт биланки, бундан сўнг от сақламайсан ва отга минган (сафарга отланган) чоғимизда бизга ҳам бош оғриғи бўлмайсан», дсди. У рози бўлди. Шу чоқда Амир маълум миқцор ақчани Мавлонога берингиз, деб буюрди. Ҳийлакорлик қилган киши Мавлонога тўқсон тўрт танга санаб берди. Мавлоно таажжубланиб: «Инъом қилинган ақча юз танга бўлиши керак, нима учун олти танга кам?» деди. Суҳбатда ҳозир бўлганлардан бири: «Мавлоно, афсуски, отингизни шундан ортиққа олмадилар», деди» (64). «Мажолис ун-нафоис»дан:
Навоий гувоҳлик беради: «Мавлоио Ҳасаншоҳ— Хуросон-нинг қадимий шуаросидиндур. Шоҳрух Мирзо замонидин бу фарҳунда давронғача (Султон Ҳусайннинг подшоҳлик давригача) кўпроқ салотин ва акобир ва мутааййин элга (машҳур кишиларга) мадҳи ва марсияси бор...» (75).
«Бадоеъ ул-вақоеъ»да Восифий ҳикоя қилади: «Мавлоно Ҳасаншоҳ жуда оғир моддий аҳволга тушиб қолган эди. У ўз ўғлига деди: «Бошингга кўк ўра, тўн кий ва амир Алишер олдига бор. Сени бу аҳволда кўрган амир: «Нима учун мотам либосидасан?» деб сўрайди, албатта. Сен: «Отам бечора дунёдан ўтдилар» дегин. Алишер албатта мени дафн этиш учун сенга бирор маблағ беради. Пулни олиб, бозорга бор ва овқот олиб кел»... Мавлононинг ўғли отаси айтган аҳволда Алишер олдида пайдо бўлди. Амир Алишер ундан: «Нима бўлди, мотам кийимидасан?» деб сўради. «Отам вафот эттилар, амонатни худога топширдилар», деди ўғил. Амир Алишер кўзига ёш олди ва: «Эй, афсус, мавлоно Ҳасаншоҳ давримизнинг нодир кишиларидан эди», деди ва ўғилга уч юз хоний пул инъом этди. Мавлононинг ўғли қувончидан ўзида йўқ бозорга чопди ва айтилган овқотни сотиб олиб, уйига келтирди. Эртаси куни Мавлоно Ҳасаншоҳўзи Навоий олдига кириб келди. Уни тирик кўрган Алишер кулиб юборди, ўзини кулгудан тутолмай деворга суяниб қолди ва деди: «Мулло, сиз ўлган эдингиз-ку? Нима бўлди?» Мавлоно Ҳасаншоҳ деди: «Эй, улуғ амир, агар сиз кеча бизга пул инъом қилмаган бўлсангиз эди, мен бугун ўлган бўлур эдим». Ҳасаншоҳга Алишер яна яхши сарупо ва минг динор пул инъом қилди».

Иззат Султон

* * *

(«Навоийнинг қалб дафтари» китобига ёзилган тақризида проф. А.Ҳайитметов Навоийнинг муҳаббати ҳақида қуйидагича фикр айтган: «Кейинги текширишлар шуни кўрсатадики, у (яъни Навоий) кимлиги биз учун номаълум бўлиб келаётган бир қизни севган. Қиз ҳам унга ёмон муносабатда бўлмаган, илтифотлар кўрсатган. Афсуски, қиз эрта вафот этган. Қизиинг вафоти Навоийдан олисда рўй берган. Шу кўнгилсиз фожиадан кейингина Навоий ўзининг унга бўлган муҳаббати чексиз ва беқиёс эканини билиб қолган. Бу муҳаббат ўти унинг қалбида умрининг охиригача сўнмаган. Шу сабабли шоир ўзининг биринчи муҳаббатига содиқ қолган — уйланмай ўтган. Унинг:
Бор эди, ул ҳамки, бир чоғ бизга ёре бор эди,
Кулли ар ёр ўлмаса, филжумла боре ёр эди...
матлаи билан бошланган ғазали фикримизни маълум даражада тасдиқлай олади. Ғазалнинг охирроғида:
Гўйиё шукр этмадимким онсиз ўлмишмен бу дам,
Ул қуёшимни ёшурғон чархи кажрафтор эди...
деган байти ҳам бор. Навоийнинг, афтидан, ўша қиз вафоти ҳақида хабар келиши муносабати билан ёзилган қуйидаги рубоийси ҳам... бу жиҳатдан жуда характерлидир:
Ёшунғон эмиш қаро булугқа моҳим,
Гардунни совурмоқлиғ эрур дилхоҳим.
Кирмиш қаро тупроққа қуёшдек моҳим,)

(«Шарқ юлдузи», 1970,12-сон, 201-204 бетлар)