Кўк турклар асири. Ноуман Смайлз

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим!

Шуни айтишим керакки... маъзур тутгайсиз, буни инглизчада айтмасам бўлмайди. Биламан, менинг инглизчам бузуқ, жайдари, ҳашаки инглизча, лекин дунёниннг ярмидан кўпи мана шундай инглизчада гаплашади-ку, дея ўзимни овутаман. Нафсиламрини айтганда, мен буни инглизчадан бошқа кўпгина тилларда етарлича гўзал ҳикоя қилиб беришим мумкин эди. Афсуски, бу борада анча чегараланганман. Шу кунгача мен инглизчада «Мен буни жуда яхши кўраман» эмас, «Мен буни яхши жуда кўраман» деб келдим. Сизга айтмоқчи бўлганим шуки, нотиқлик ёки услубнинг аҳамияти йўқ мен учун. Қолаверса, тил грамматикага амал қилиш эмас, балки муомала воситасидир, шундай эмасми? Айтадилар-ку, айтсам тилим, айтмасам дилим куяр, деб. Мана шу нарса мени ҳикояни бошлашга руҳлантирди. Ва ниҳоят инглизча менинг тасарруфимдаги ягона бир тил эдики, уни атрофимдаги кишилар мутлақо тушунмасди...

1

Деярли бир ой олдин мени гаровга олишди. Ўшандан бери қанча вақт ўтганини аниқ айта олмаслигимга сабаб, тоғлар орасидаги кичик метеорологик уйчадаги тутқунликда вақтни аниқлашнинг имкони йўқ эди. Биз бунда икки кишимиз: мен ва Ли исмли бир хитой йигит, ён атрофда ўз мустақиллиги учун курашаётган жангарилар гуруҳидаги турли-туман одамлар. Умуман олганда, улар бизга ўзларини яхши кўрсатишга интилишади, сабаби, биз чет элликмиз, магар баъзан ҳукумат учоқлари улар устига бомба ташлаш учун ёпирилиб келганда, жудаям қўпол ва ёқимсиз бўлиб кетишади. Бундай пайтда улар бизни ушлаб, бошимизга қоп кийгизиб, яқинроқдаги ғор ёки бошқа пана жойга судраб кетишади. Биз эса кун билан туннинг фарқига бормай ётамиз. Бомба тушишини ҳисобга олмаганда, ҳаётимиз, агар уни ҳаёт деб аташ мумкин бўлса, бир-бирига боғланган ҳолда бир хилдаги бошпана остида ухлаш, қачон берилишини кутиладиган овқат - асосан, музлаган картошка, сувда қайнатилган макарон, баъзан эса дудланган гўшт, қотган нон ҳамда Хитой кўк чойидан иборат. Ҳожатхона ташқарида бўлиб, егулигимизга қараб бизни кунига икки-уч маҳал бошимизга ҳалигинақа қопларни ўраб-чирмаб, у ёққа олиб чиқишади.
Бошқа пайтлар биз фақат ўтирамиз, баъзан китоб ўқиймиз, сўзлашишга рухсат йўқ, лекин қочиб кетган баъзи метеорологистлардан қолган шахматни ўйнамоқ мумкин. Қизиқ, лекин одам зоти ҳар нарсага кўнар экан, фақат тақдирим шу экан-да, дея ўйлансагина, бундай турмушга кўниш осон кечади. Миянгиз бўш, на қўрқув ва на умид ҳисси мавжуд. Ёлғиз, юпун ҳолдаги бемаъни умр. Бошқа ҳолларда сиз бундай шароитда бўлиш қанчалик ҳаяжонли экани ва унинг мавжудлик борасидаги тажрибангизни не қадар бойитиши ҳақида ўйлаган бўлардингиз. Ҳафсалангизни пир қилишга тўғри келади. Ён атрофда нуқул бир хиллик. Тўғрисини айтганда орадан фақат бир ой ўтиб, ўзимга нима бўлганилиги ҳақида ўйлашга ва таҳлил қилишга ҳаракат қиляпман. Нега мен бу ерга тушиб қолдим? Дунёдаги энг баланд тоғлар орасида, номаълум бир жойнинг қоқ ўртасида, қандайдир сабаб билан урушиб юрган ғазабнок одамлар орасида нима қилиб юрибман ахир? Мен ўзи кимман?

2

Бундан икки йил аввал Шинжон - Уйғуристонда Индианадаги католик институтидан келган америкалик исломшунос олимга тилмоч эдим. Шинжон қаердалигини биласизми? Бу Хитойда, Тибет билан Марказий Осиё оралиғида жойлашган. Шундай қилиб, Шарқий Туркистоннинг борган сари хитойлашиб бораётган турли ўлкаларига бордик. Биз қадимги қўлёзмаларни ахтариб юрардик. Балки ғоят кенг саҳронинг бир қанча воҳаларини кезиб, исталган динга оид қўлёзмаларни топиш мумкин, демоқ ҳам тўғри бўлар, негаки америкалик дўстим айтганидай, қадимги уйғурлар ва уларнинг аждодлари - қадимги ёки Кўк Турклари барча динларга эътиқод қилганлар. Лук Америкадан олиб келган бир неча буддист таржимон билан бир қаторда биз ҳам Ҳўтандан 17-сасрга тааллуқли қўлёзма сотиб олдик. Бу дастлабки Манихей матнларининг тўплами эди. Қашғар томонга жўнар эканмиз, бир жуфт Исломга оид китоб ҳам топиб олдик ва... узр, алаҳсияпман...

Биз Турфонни саёҳатимизнинг сўнгги нуқтаси, дея белгилаб олдик. Лукнинг айтишича, Турфон ўзининг жойлашиш ўрни билан машҳур. У денгиз сатҳидан тахминан 150 метр пастда жойлашган. Лук яна бундай пастликларнинг дин ва диний қўлёзмалар билан қандайдир алоқаси мавжуд эканлигини айтди. У бизникидан-да қуйироқ бўлган Ўлик денгизни мисол қилиб келтирди. Келишувимизга кўра, мен олдинроқда бориб, баъзи нарсаларни аниқлашим, алоқа боғлашим ва учрашув ташкиллаштиришим лозим эди. Эрта азонда Лук Урумчи музейига, мен эса турист сифатида олти нафар хитой (назаримда уларнинг бари хавфсизлик хизмати ходимлари эди) билан Турфонга қараб кетдик. Шу бўйи Лукни қайтиб кўрмадим...

3

Ўша куни ҳавонинг авзойи ҳаддан ортиқ бузуқ, қаттиқ шамол эсар, қумлар уюмининг саҳро ва пасттекисликлар орасида учиб юриши табиий бир ҳолдай эди. Ҳар ҳолда, энди ярим йўлга етганимизда, кучли шамол машинамиз билан бирга кўтариб четдаги шағалликлар устига учириб юбордики, қандайдир мўъжиза туфайли ҳайҳотдай саҳронинг қоқ ўртасида бир ўлимдан сақланиб қолдик. Шу ернинг ўзида каттакон кўзойнак таққан ва ўзини севгилисини бағрига босаётгандай қилиб кўрсатаётган махфий агентнинг сири очилиб қолди
- у соф инглиз тилида менга сўзлай кетди. Салгина ғурур билан шуни англагандай бўлдимки, у қандай бўлмасин ақалли менинг ҳаётимга жавобгар эди. У «севгилиси»нинг сумкасидан чўнтак телефонини тортиб чиқараркан, қизни бутунлай эсанкиратиб қўйди, чунки у нима қилишини билмай қолди, на ўзини чўнтак телефонга уланган қулоқларидаги икки беўхшов эшитгич орқали плеерини эшитаётган қилиб кўрсатишни ва на шеригининг идора билан сўзлашаётганини тўсиб туришни билмас, нима бўлганда ҳам, мен уларнинг ғалати хитойчаларини тушуна олмадим.

Чанг-тўзон ва туманли Турфонга кириш олдидан барчамиз қондошларга айлангандик. У катта қора кўзойнагини бирор марта бўлсин ечмади. Жон исмли (менимча Зян деган исмнинг бузиб айтилиши) гонконглик хитой ўз «компания»сининг машинасини токзорга қараб буришни буюрди. У ерда мени мазали уйғур таоми билан сийлашди. Тоғ оралаб оқувчи дарё бўйидаги узумзор соясида озроқ муддатга ҳожатга ўтиб, шу баҳонада бир уйғур йигитдан уларнинг қўлёзма сотувчилари ҳақида сўрашга муваффақ бўлдим. Унинг айтишича, Ўлик Шаҳарнинг нариги томонида бир дарвиши девона бўлиб, ўшанда бирор нима бўлиши мумкин экан...

Шундан кейин биз Ўлик Шаҳарга келдик. Мен ашаддий турист эмасман, шу боис қадимдан қолган қудуқ ёхуд ғайриоддий узум заҳираларининг мен учун катта аҳамияти йўқ, бари бир гўр. Мен ҳаттоки Жон-Зян томоша қилиш учун арзигулик дея камоли эҳтиром билан таклиф қилган баъзи машҳур масжидларга ҳам қизиқмадим. Магар Ўлик Шаҳарга келганда... У чиндан ҳам бўлакча эди. Таржимон сифатида жуда кўп тарихий жойларда бўлганман, лекин лой вайроналарни деб ҳеч бир жойга телбаларча ошиқмаган эдим: бу шундай бир Замин эдики, бир кун барпо этилиб, яна бир кун тупроққа айланиши учун вайрон этилган замин. Ташвиш шамоли бор унинг бошида... Ҳам осмонда хира, қора, кераксиз қуёш...

Таажжубки, қуёш ва унинг иссиғи Жон ва унинг командасини ортимдан эргашмасликка мажбур қилиб қўйди. Улар буни сираям ёқтирмасликларини чиндан ҳам тан олиб, мен бу ЙЎқлик бўйлаб ёлғиз кезгунимча машинада қолишга қарор қилишди. Бироқ мен Урумчидан сайру саёҳат илинжида келган бу туристларнинг бундай ғаройиб жойларни кўришни рад этаётганларидан таажубда эдим. «Кейинги сафар», дейишди улар. Унда янаям яхши, дедим ўзимга-ўзим ва олов пуркаётган лой вайроналар орасидаги сўқмоқдан йўлга тушдим. Қуёш қизитгандан қизитиб борар, кўринмас соям устидан қадам ташлаб борарканман, Тарих ёки Вақт оралаб кезаётгандай эдим. Шаҳарнинг нариги томонида таёқни милтиқ қилиб ўйнаётган болалар ёнидан ўтдим, уларнинг ёнига яқин келиб, нарироқда қуруқ дарахт тагида шумшайиб ўтирган қарияга кўзим тушди. Билмайман, нимага буни дарахт деб ўйлаганимни, балки чолнинг таёғи ерга суқиб қўйилгани ва кир-чир ёпишқоқ белбоғи таёқнинг учига илиб қўйилгани учундир. Мен чолга салом бердим. У худди эртаклардагидай: «Саломинг бўлмаса, икки ямлаб бир ютардим!» дея жавоб берди. На кулишимни, на қўрқишимни билмай туриб қолдим. Аниқроғи, қўрқиб кетдим ва ўзимни йўқотиб қўяёздим. «Мабодо қадимий ақлу заковатни излаб юрган бўлсанг, анави ёққа юр...» - шундай деб у чанг-тўзонда ўйнаётган болалар томонга ишора қилди. «Мен бунда ўзим учун юрганим йўқ...», зўрға овоз чиқардим. «Биламан, - деди у, ўн йил аввал яҳудий бир йигит ҳам шу мақсадда келиб эди», - деди чол ва чанг босган юзини ўгириб оли. Ўлик Шаҳардан узундан-узоқ шамол эсарди.

4

Кун охирлаб қолганда бир қўлёзманинг парчасини топдим. Бу қоғоз бўлаги эмас, балки каттакон тошга ўйилган қадимги битиклар эди, мен дарҳол уни расмга олдим. Бу ёзувни ўқий олмай, ҳалиги қариядан умид қилдим, у эса тошни аввал ҳеч ким кўрмаганини айтди, бунга сабаб, минг йиллардан бери тош ёзув қисми пастга қараган ҳолда ётарди. Чол жойнамозини унинг устига ёйганди, силлиқ қора тош кўздан бекинди. Ундан тафсилотларни сўраб ўтирмадим, икки кун ичида билағон америкалик дўстимни бу ерга олиб келишим лозим эди. «Мана буни ўқиб кўрсин-чи», дея чол кир муқовали бир дафтарни тутқазди қўлимга. Мен хитойлик ҳамроҳларимни эсладим ва дафтарни дарҳол терлаб кетган қўйнимга яширдим.

Кейинроқ бу ақлдан озган чолни алдаганга ўхшаб қолдим: биз уни ҳам, ҳалиги тошни ҳам кўргани бормадик. Бунга мен эмас, Лукнинг Урумчида ғойиб бўлгани сабаб бўлди. «Ҳунгшиан Бингуа» меҳмонхонасида Лукни зудлик билан мамлакатдан чиқиб кетганини айтишди, лекин бу чиндан ҳам шубҳали эди. Қолаверса, у менга на бир хабар ва на ишим учун бир чақа қолдирган эди!

Тошнинг сурати туширилган плёнкани ювдириш учун ўз ҳамёнимдан пул тўлаб, ғурбатхонада бошимни ушлаганча якка ўзим плёнканинг эртага тайёр бўлишини кутиб ўтирарканман, тугмаланмаган куйлагим сабаб қўйнимдаги бояги дафтарча ерга тушиб кетди. Ақалли бу нарсани ўқишга маънавий ҳаққим бор-ку, дея ўзимни овутгандай бўлдим ва дафтар муқовасини йиртиб, уни оча бошладим. Афсуски, бу қадимий қўлёзма эмас, балки кундалик бир дафтар бўлиб, унинг биринчи саҳифасида 7 декабр 1990 йил санаси кўрсатилган эди.

«Мен ушбу ҳар икки ишни орқага суришга мажбур бўлдим, бундан кўзланган мақсад бирмунча аввалроқ бошланган ва тугалланиш арафасида бўлган лойиҳа устида ишламоқдан иборат. Менинг қадимий кўк туркларининг сири ҳақидаги китобим ниҳоясига етди ва ҳозирда уни чоп этиш учун ношир излаб юрибман - бу иш чиндан ҳам кўпгина вақтимни олди (ўтган йил ёзидан ҳозиргача). Бу борада бир неча қомусий мақолаларим ва 6-аср Турк хонлиги ҳақидаги учта чоп этилмаган мақолам бор. Мен ўша давр кўк туркларининг сеҳрли оламига батамом берилиб кетдим, ҳозир умид қиламанки, уларнинг диний ва шоҳона ҳаётига оид китоб ва мақолаларни келгуси ёз ойи охиригача тартиблаб бўламан. Ана ундан кейин навбатдаги лойиҳага ўтишим мумкин... »

Бу гапларни тўғри ўқиганимга шубҳаланиб қарадим. Тўғрисини айтганда, қўлда ёзилган хатларни ўқишга нўноқроқман. Бу ҳуснихат ҳам шу қадар кичик ва тушунарсиз эдики, мен ўзимни қийнамасликни маъқул кўриб, охирги вараққа кўз югуртирдим. Унинг сарлавҳаси «6 феврал 1991 йил» эди.

«Сўнгги икки ой ичида ҳаётим қанчалик ўзгариб кетганигидан таажжубдаман. Бу ерга икки ой аввалроқ келган эдим, ўшанда келажакдан умид қилса бўларди. Ҳозир хавфли вазиятга тушиб қолдимки, бу ҳақда эслатиб ўтиш жудям яхшидир. Ҳаётим Шиа Чангникидай тартибсиз бўлиб кетди. Унинг оиласи фақатгина анъаналарининг кучлилиги учун яшаб турибди. Афсуски, биз ўзгаришлар қилиш учун ўзимизда куч топа билавермаймиз. Бир ой олдин қанчалик гўл бўлган эканмиз-а! Унинг вазиятни қандай қабул қилаётганини билиш мен учун жудаям қизиқ. Шунингдек, унинг бу вазиятдаги шахсий ўрни ҳақида ҳам ташвишдаман. Эртага мен уни Турфонда кўриш учун отланаман. У мени оиласи
билан танишишга таклиф қилган. Қизиқ, негадир бу учрашувдан ҳайиқиб турибман... бу Турфонда топганим яширин матнни хотиримга соляпти... »

Яна бир карра ушбу ёзувларни тўғри ўқиганимга ишонолмай турдим, лекин уни тугатишга ҳам, қайта кўриб чиқишга ҳам вақтим йўқ эди, сабаби, кимдир хонам эшигини тақиллатарди, мен дарҳол у сирли дафтарчани қўйнимга тиқиб, эшикни очишга турдим.

5

Қаршимда келишган хитой аёли турарди. Аввал айтганимдай, хитойчани мутлақо билмайман, шунга қарамай, хижолатдан қутулиш мақсадида ўзимни ҳамма нарсага тайёрдай қиёфага солдим. У майин ва мусиқий хитойчада гапирарди - бу менга форсча бир шеърни эслатди:
«Ёрим туркийда cўзлар, афсус, туркча билмайман, Ё Рабки, унинг тили менинг оғзимда бўлса...»
Хитой аёли хонамдаги нимагадир ишора қилди. Уни ичкарига таклиф қилдим. Остона ҳатлаб кираркан, қўнғироқдай овозда бир нималар деб ногаҳон чўмилиш хонасига бошлади ва мени ҳам орқамдан юр, дегандай имлади. Ўша пайтдаги ҳолатимни бир тасаввур қилинг! Бегона юрт, мен билмайдиган тил, ишончсиз аёл, кутилмаган таклиф ва айтиб бўлмайдиган вазият - бундай пайтда нима қилишим керак эди у ерда? Дарҳол миямга икки нарса келди: биринчиси - бу аёл мени ўлдиргани келган, иккинчиси - бу ажойиб, хаёлий бир имкониятдан фойдаланиб қолиш керак. Афсуски, хом хаёл қилибман. Аёл аввал совуқ сув, кейин иссиқ сув жўмрагини буради, улардан отилиб сув чиқди, бир муддат ўтгач, вишиллаган овоз чиқди ва сув тўхтади. «Шу-шу», тушунтирган бўлди аёл, «Шу-шу», жавоб бердим мен ҳам. Кейин у қўлидаги соатни кўрсатиб, бир-икки рақамларни кўрсатди ва мусиқий бир нималар дея хонамни тарк этди.

Ешик ёнига суянган кўйи узун корридорда бу хитой аёлининг кўздан ғойиб бўлгунича, нима бўлганини тушунишга ҳаракат қилиб, серрайиб қараб қолдим. Кошки билолсам эди.

6

Муҳаббат ва Ўлим доим бирга юради, - ўйладим мен икки кун ўтгач уйда Зев исмли яҳудий йигитнинг кундалигини ўқиб ўтирарканман. Ажнабий бўлганим учун кўпгина сўзларни ҳарфма-ҳарф тушунаман, яъни масалан мени инглизчадаги «алwайс» (ҳар доим) cўзининг вақт билан алоқадорлиги эмас, балки макон билан боғлиқлиги «алл wайс» (барча йўллар) қизиқтиради. Бундай дейишимга асос бор. Яқинда бир ҳалокатли таҳдидга учрадим. Жуда қисқа фурсат ичида ниҳоятда катта тажриба мужассам, шундай эмасми? Лекин англадимки, баъзан ҳаёт деганлари водопровод жўмрагидан оқиб тушаётган
сўнгги томчиларга ўхшаб кетади... Шу боис, бутунлай ўзни унутганим ҳолда кимнингдир кундалигини муккадан кетиб мутолаа қилишга ҳаракат қилдим.

Айтганча, ҳалокатли таҳдид хусусида айтмоқчийдим. Келинг уни бир тарозига солиб кўрайлик. Ўша куни зудлик билан, секингина, ҳеч қандай кескин ҳаракатларсиз Хитойдан ўз юртимга қайтиб келдим. Эртасига эрталаб мени америкалик тадқиқотчига таржимон сифатида ишга ёллаган компанияга етиб бордим. Улар мени ўз мижозларисиз кўрганларидан нечоғли таажжубга тушишгани табиий. Англадимки, улар мижозлари тўғрисида ҳеч нарса билишмайди. Нима бўлганда ҳам, ҳаммасини аниқламагунларича, менга бир тийин ҳам тўламасликларини айтишди. Шунда Ўлик Шаҳардаги тошни суратга олганим плёнкани унутиб қолдирганимни эсладим. Ҳай майли, шунга шунчами? Ушбу бюро менга тез кунда яна иш таклиф қилишга ваъда берди. Шу дақиқада қанчалик хато кетган эдим-а мен!

Уйга келиб кундаликни ўқишга тушдим. Декабр тунларининг бирида Зев Шиа Чанг билан танишадиган маълуму машҳур «Ҳунгшиан Бингуа» меҳмонхонаси қаршисидаги такси тўхташ жойига етганимда, кимдир менга қўнғироқ қилди. Бу дўстим эди. Яна бир бор инглизчамдаги чегараланишни сезиб қолдим. Аслида «дугонам» дейишим керак эди, лекин у шунчаки дўстим ва шунчаки бир қиздир. У сафарим ҳақида сўради ва жавобимни ҳам кутмай, бирдан йиғлашга тушди ва зудлик билан ҳузурига кириб ўтишимни илтимос қилди.

Умуман олганда, мен бу каби аёллар фожиасини ҳечам хуш кўрмайман. Лекин нимадир мени шаҳарни кесиб ўтиб, у билан кўришишга ундарди.

У давлатнинг юқори маҳкамасида бўлгани, у ерда мени ўлимга маҳкум қилингани тўғрисида маълумот олганини айтди. Аввал бошда, бу менга кулгили туюлди, лекин у йиғлай бошлагач, вазиятнинг жиддийлигини англадим. Мен ундан қайси ташкилотни назарда тутаётганини сўрадим. У ўзини ҳеч кимга ҳеч нима айтмаслик ва мен билан ҳам мулоқотга киришмаслик ҳақида огоҳлантиришганини айтди. У яна улар менинг барча режаларимдан хабардор эканликлари, Франтсияга кетаётганим, лекин ҳеч ким менга ёрдам бера олмаслиги ва қаерда бўлмай, барибир мени топиб олишлари ҳақида сўзлади... Мен дўстимдан бошқа бирор нарса ололмадим ва умидсизликка тўлиб уйдан чиқиб кетдим.

Шу алфозда кундалик устида ўйлаб ўтирардим. Мен Шекспир драмаларида одамларнинг осонгина ва тез-тез ўлиб туришларига таажуб қиламан. Бошқа бир романда эса биргина ўлим саҳнасига барча тафсилотларини намойиш этиб юзлаб саҳифа ажратилади, магар Шекспирнинг услуби алоҳида: Ҳамлет урушиб ҳалок бўлади, Ромео курашиб ўлади, ўнлаб бошқа одамлар ҳам курашда ҳалок бўлишади ва бу ўлим биргина сатрда ифодаланади-қўяди. Жудаям содда. Ва бирдан ушбу соддалик мени даҳшат ичра ўраб олганини ҳис қилдим. Бир оз чалғиш мақсадида, яна бир неча варақни очдим. «Колумбия Университетидаги уйғур ва туркшуносликнинг янги инқирози чиндан ҳам ачинарлидир, бироқ ҳақиқатнинг кўзига тик қарамоғим керак. Марказий Осиё ва Уйғуристон Америкада анча шов-шувга сабаб бўлган, магар университет бўлимларида уни бир макон сифатида ривожлантиришни исташаётгани сезилмаётир... »

Бемаънилик! Лук ғойиб бўлди, Зев асфаласофилинга кетган чамаси, мен эса хавотирдаман... Жин урсин! Бас!

Кўк Турклари асири (роман). Ноуман Смайлз «9 январ
Мен ўтган асрнинг сўнггида бу ерга келган рус роҳиби Ефрем Валаамов (Валаомов?)нинг охирги мактубини топиб олдим. Тахминим тўғри чиқди. Уни заҳарлашганди. Мана унинг мак... »

Узр, телефонимни автоматик жавоб бериш қурилмасига ўтказиш ёдимдан кўтарилибди. Кундаликни очиқ ҳолда қолдириб, гўшакни кўтаришга турдим. Бу мени Лук учун ишга ёллаган фирманинг бошлиғи экан. «Биласизми, - деди у, - сиз учун иккита янгилик бор, ёмони шуки, Лукни қўпорувчилик ҳаракатлари учун ҳибсга олишибди, яхши янгилик эса, сиз айни шу фалокатдан қочиб қутулибсиз, қандингизни уринг эркинликда. Яна бир бошқа хабар ҳам бор, лекин бунинг сизга алоқаси йўқ, деб ўйлайман. Сиз Урумчидан чиқиб кетган кун бешта жойда оммавий портлашлар юз берган.» Мен учун иккинчи янгилик муҳимроқ эди: бу билан бошлиқ менга бир мири ҳам тўламаслигига ишора қилди. Лекин шундай бўлса-да, менинг бутун хаёлим бошқа бир рус роҳибида эди...

7

Кейинги 2 ҳафта ичида Салмон Рушдийнинг ҳаётини яшагандай бўлдим: мен Хитойга кетган дўстимнинг квартирасига кўчиб ўтиб, ҳар тун унинг велосипеди билан эшигимни баррикада каби тўсаман, ҳар лаҳза ўлимимни кутиб ётаман. Ниҳоят Франтсияга виза олдим ва асарларини ўзимизнинг тилимизга ўгирганим дўстимникига етиб келгачгина, шу ерда, яъни Фонтенеблода яқин ўтган кунлардаги ҳаётим ҳақида ўйлашга имкон топдим. Чарм креслода сокингина ўтирарканман, айни пайтда, инсон фалокат ва сокинликка жуда тез кўникаркан, дея ўйлардим. Кеча устаси фаранг жиноятчидай бекиниб юриб эдим, бугун эса бировнинг кундалигини, сўнгги мактубини ўқиш имконим бор.

«Милостивий государ,

смею надеятся, что сие послание застанет Вас в добром здравии и благополучии, дарах наименее тсенимбих, покуда судба не коснется своей шершавой деснитсей...»

Ҳа, хат русчада битилган ва Зев уни таржима қилиб ўтирмай нусха кўчириб олган эди. Мен ҳам 19-асрга оид бу услубни сақлаган ҳолда таржима қилолмасам-да, бошланишини уриниб кўраман: «Марҳаматли Жаноб, умид қилишга ҳаддим сиғдики, ушбу хабар сизни соғлом ва фаровон ҳолда топажак, энг қадрсиз иқтидорлилик, тақдир ўзининг беўхшов ўнг қўлини сизга теккизгунга қадар... » Русчада бу янада жимжимадор ва антиқа. Шунчалик беўхшовки - баъзи фалсафий нарсалардан сўнг у яна ёзади:

«Фонусда нурни сақлаб турганингиз учун ташаккур. Менга юборганингиз В. Томсоннинг охирги китоби ниҳоятда қимматли мукофот бўлди. У энг қўрқинчли вазиятларда ҳам яшашим учун куч-қувват бериб турибди. Назаримда у бир неча характер ва сўзларни таҳлил қилишда хатога йўл қўйган, лекин умуман олганда, у жуда зўр бир ишни ниҳоясига етказди. Айниқса, менга Кул-Тегинниг сўнгги парчаси маъқул
келди:

"Си Ку-тегин нъаваит эте, ун гранде номбре дъентре воус аураиент троуве ла морт. Маис мон фрере Кул-тегин перит, мои-меме же ме десолаи..."

«Агар Кул-Тегин бўлмаганда, ораларингиздаги минглаб кишилар ўлим топган бўлурдилар. Кичик укам Кул-Тегин вафот этди, мен унинг учун ғам-ғуссага ботдим. Кўрар кўзим кўрга айланди, билган илмим номаълум бўлиб қолди. Ўзим эса андуҳ ичраман. Парвардигор вақтни яратди, инсон эса ўлимга маҳкум. Кўп йиллар дарду алам мени ўртади. Кўзларимга ёш келиб, юрагимга қил сиғмади. Наҳот икки шаҳзода, ёш биродарларим ва ўғилларимнинг, қўмондонларим ва одамларимнинг кўзу қошлари йиғидан озор топса, дея ўйлаб ғуссага ботдим.

Йиғлагувчилар ва азадорлар каби, Китан ва Татаби аҳолиси Удар-сенгунга тегишлидир. Хон Табғач Ичи Лиангга тааллуқлидир. У кўплаб совға-салом ва нокерак олтину кумуш келтирди. Тибет хонидан булон келди. Ортидан, ғарбдаги кунботар томондан, Сўғд, Форс ва Бухородан уларнинг хони Ниан-сянг келди. Ўн-ўқ ўғилларимдан, Турғузхондан тамғачилар Макрач ва Ўғуз-Билга келди. Қирғизхондан Тардуш Инончи Чўр келди. Мақбара қуриш, тошга ўйиб ёзиш учун Хитой Императорининг устаси Чянг-сенгун
келди.

Кул-Тегин Қўй Йилининг ўн еттинчи куни ғойиб бўлди. Унинг жанозасини тўққизинчи ойнинг йигирма еттинчи куни ўтказдик. Ва биз ушбу абадий тошни ўрнатдик... »

Рус роҳиби давом этди:

Мен гўё ўзимнинг жанозамда ҳозир бўлгандай ҳис қилдим ўзимни. Бироқ меники анча қисқа давом этса керак. Ҳеч қандай тош ва унинг устидаги ёзувсиз албатта. Рашидиддиннинг Ат-Тоҳарийдан келтиришича (бу кишини қайсидир бир саҳрода бошларидан жудо қилишган), баъзи яширин ёки йўқотиб юборилган матнга кўра, Несториалик роҳиб ҳам улар билан бирга бўлган. Баъзида, ёлғизлик онларимда мен гўё бу воқеани ва уни жуда яхши биладигандай ҳолга тушаман. Магар яхшиси бас қила қолдим.

8

Жудаям таъсирчан одамман-да. Бу сўзни тўғри ишлатдимми-йўқми, ҳарқалай, аввал ишлатмоқчи бўлганим «ишонувчан»дан кўра яхшироқ бу сўз. Айтмоқчиманки, мени ишонтириш жудаям осон. Янги газетанинг ҳар бир сони фикримни ўзгартириши мумкин. Ушбу мурожаатномани Ефрем Валаамовдан ўқиш учун нечоғли таъсирланганимни тасаввур қилаверинг. Жудаям инсофли одамман шекил, лекин ҳар бир чақириқ ўзимни айбдордай ҳис қилишимга мажбур қилади, гўёки вазиятга кўра ҳаракат қила олмаяпгандайман.

Фонтенеблодаги шоҳона паркда ҳайрат ичра сайр қила туриб, унинг чеккароқдаги қисмига келдим ва қадим дарахтлар остидан оқаётган эрта кузакнинг тип-тиниқ жилғасига тиззалаб эгилдим. Илк сариқ баргчалар сокин оқаётган сув юзасида ўйнар, бу менга саҳродаги воҳанинг аста-секин емирилиш жараёнини эслатди. /амгин бўлиб қолдим. ЙЎқ, ўзим учун эмас, балки ўзим билган неча одамларнинг умри учун. Гўёки нафақат
ўзимнинг жанозамда, балки барчамизнинг умумий ҳаётимиз жанозасида қатнашаётгандай чуқур қайғу ичра қолдим...

9

Дарахтнинг тўкилган барги мисол сирли Ўлимнинг жилғаси аро сурилиб борар эдим. Ким мени ўлдирмоққа қасд қилди? Нега? Наҳот, маълум бир нуқтадан, яъни Лук билан ҳамкорликни бошлаганимдан бери ҳаётимдаги ҳар бир нарса ўлим ҳақида кечган бўлса? Қандай хато ўтди ахир?

Бу саволларми ёхуд қизиққонлигим, билмайман, қўлимда мавжуд барча маълумотларни текширишга ундаган нарса нима экан, ҳар қалай ўшандан бери вақтимнинг асосий қисмини Париж кутубхоналари ва музейларида ўтказдим. Аввал Ефрем Валаамовдан бошладим.

Мен унинг бир қанча мактублари, мақолалари ва ҳатто Тибет тарихига бағишланган китобини топдим. Буларнинг аксариятини ўқиб чиқиб, аста-секин унинг қиёфасини қайта тиклай бошладим. У Русия вилоятларидан бирида туғилган бўлиб, ота-боболарининг келиб чиқиши татар миллатига мансуб бўлган. (Шу ўринда бир машҳур гапни билиб қўйсангиз ёмон бўлмасди: «Ҳар бир руснинг сирини кўчирсанг, тагидан татар чиқади». У «сири кўчмаган» руслардан эди.) 19-аср бошида дорилфунунни тугатгач, у ўзини руҳоний бўлишга тайёрлади ва кейинроқ роҳиб бўлди. Гарчи у роҳиб бўлса-да, ҳеч қачон турмушни диний ёки дунёвий деб иккига ажратгани йўқ. Александр Пушкин унинг дўстларидан бири эди. 19-аср адоғида уни православ делегатсиясининг аъзоси сифатида Марказий Осиёга, кейинчалик эса Тибетга юборишди ва у бу ерларда маҳаллий тилларни ўрганиб, қўлёзмалар йиғиш билан машғул бўлди. Сафари сўнггида у Петербургга 15 карвонга юк бўлгулик китоблар келтирди. Номаълум сабабларга кўра, Або Ефрем мансабидан четлаштирилиб, Валаам Роҳибгоҳига жўнатилади ва у шу ерда Валаамов деган шариф олади. Бир неча йил у шарқ қўлёзмалари устида иш олиб борди. Кейинчалик рус ҳукумати унинг режаларини Марказий Осиёни кенгайтириш ва колонизатсия мақсадларида ишлатиш учун бу шарманда роҳибдан фойдаланишга, уни яна бир бор ярим-махфий юмуш билан ўша узоқ ўлкаларга юборишга қарор қилади. Мен Або Ефремнинг жосус бўлган-бўлмагани ҳақида бехабарман, лекин унинг бир қанча қўлёзмаларни рус ва франтсуз тилига ўгиргани, Марказий Осиё тарихи ва турмуши тўғрисида бир жуфт илмий китоб эълон қилгани маълум. Шу тариқа уни Уйғуристонда, аниқроғи, Қошғарда ҳибсга олишган ва у бунда қандай вафот этгани маълум эмас. Шекспир айтганидай, ана шунақа кечди унинг ҳаёти.

10

Лукдан ҳеч бир хабар бўлмади. Гарчи Урумчидаги портлашлар анча ғавғога сабаб бўлса-да, менга шундай туюлдики, Лук билан умуман ҳеч ким қизиқмади. Ҳеч ким унинг учун қайғургани йўқ. Магар Лукнинг ўзи, мисол учун, Зев тўғрисида бирор нима билар эдими? Дарвоқе, Зевга нима бўлди? Лукка етказишим керак бўлган кундалик дафтарни ҳар тун ўқиб чиқарканман, илмий қоғозларни ҳисобга олмаганда, у асосан,
Зевнинг Шиа-Чанг исмли ярим хитой, ярим уйғур қизга ошиқ бўлиб қолганлиги ҳақидаги ишқ-муҳаббат ёзишмаларидан иборат эди. Гапнинг лўндасини айтганда, у қизни машҳур «Ҳангшен Бингуа» ёнидаги такси турар жойида учратганди. Ўшанда у бўм-бўш «Ҳолидей Ин»да кечки овқат қилиб қайтаётган, шу ерда бир италян конструктори маҳаллий аҳолининг хиёнаткорлиги хусусида уни огоҳлантириб эди. «Улар кулиб туриб, бошингиздан айириб кетишлари ҳеч гапмас», деган эди саккиз йилдан бери шунда яшаб келаётган италян. Такси турар жойида Зев меҳмонхонанинг нариги тарафидан шошиб келаётган қизга кўзи тушди. Улар айни бир таксининг олдида бир-бирларига урилиб кетай дейишди, шунда Зев унга илтифот билан йўл берди, бунга жавобан қиз уйғур тилида унга ташаккур айтди. Зевнинг ёзишича, у уйғурчани жуда зўр билмаса-да, лекин ўша лаҳзада уйғурчада қандайдир чиройли гап айтишнинг уддасидан чиқа олган. Бундан қиз ҳайратга тушган. Уларнинг шарқ шеъриятига меҳри баландлигини билган Зев агар бир-икки дақиқа вақтини аямаса, қизга уларнинг қадим бир шоирлари тўғрисида қизиқ ҳикоя айтиб беришини илтимос қилган. Қизга бу гап ёқиб тушиб, «жоним билан» дея унга қулоқ тутган. У бу ўринда ёлғон ишлатган, чунки у ҳикоя қилмоқчи бўлгани уйғур эмас, балки турк (гарчи иккиси ҳам бир) шоири Фузулий эди. Кунларнинг бирида Фузулий кўзасига қудуқдан сув олаётган бир араб қизини учратиб қолибди. Унинг гўзаллигидан ҳайратга тушган Фузулий сўрабди: Менинг кимлигимни биласанми, эй жонон? Мен туркийда шеърлар битадиган буюк шоирман. «Мен туркчани билмайман», дебди гўзал. Уч кун ичида Фузулий араб тилида бир шеърий девон тартиб бердики, у бошдан оёқ ана шу гўзалга бағишланган эди. «Икки дақиқада бу ҳикояни сизга айтиб бердим, магар уч кун ичида мен ҳам Фузулий каби сизга бутун бир китобни бағишлаган бўлардим», хулосалайди ўз сўзини Зев. Қиз хохолаб кулиб юборади. Ўша тун улар биргаликда «Ҳуншанг Бингуа» рўпарасида турган таксига ўтириб, атрофни томоша қилишга кетишади.

11

Мовий осмон остида ва қизғиш ернинг устида одам яралган. Менинг боболарим Буминхон ва Истамихон неча халқлар устидан ҳукмронлик қилиб ўтишди. Улар туркий халқлар бирлигини мудом сақлаб келишди. Дунёнинг тўрт тарафи ёғий эди. Улар бутун дунёни забт этиб, унда тинчлик-осойишталик ҳукм суришини таъминлашган. Елкаларига бош қўйганга қуллуқ қилиб, тиз чўкканнинг қаршисида эгилишган. Улар шундай оқилу доно ва ботир хон эдилар, уларнинг ишлари ҳам ақлга мувофиқ ва қўл остидаги одамлари мард ва жасур эди. Шу боис улар узоқ ҳукмронлик қилишди. Сўнгра эса абадий уйқуга кетмишлар.

Аза кунида кунчиқар томондан, табғачлар, тибетликлар, аварлар, романлар, қирғизлар, учқўрғонлар, ўтиз-татарлар, хитанлар, татабилар, сон-саноқсиз одамлар йиғи ва азага тўпланишди. Улар ана шундай улуғ хон эдилар.

Шундан кейин уларнинг инилари, сўнгра уларнинг оғаларининг ўғли хон бўлди. Кичик укалар катта акалари каби эмасди, ўғиллар оталарига ўхшамасди. Нооқил хонлар ҳукмронликни бошлашди, ҳокимият қўрқоқ хонлар қўлига ўтди, уларнинг тартиби ҳам маънисиз ва одамларида жасоратдан учқун йўқ эди. Турклар ўзларининг покиза эркагу аёллари билан табғачларга асир бўлмишлар. Мен-да бир Хон бўлдим, фақат бадавлат халқ устида эмас, балки на ичи овқатга ва на таши кийимга ёлчиган бир халққа. Шундоқ,
бир камбағал ва бечора халққа хон бўлдим. Кичик укам Кул-тегин билан суҳбат қуриб шундай хулосага келдикки, аждодларимизнинг номи ва шавкатини сақлаб қолиш мақсадида, мен туркий халқларнинг саодати дея тунлар мижжа қоқмадим, кунлар ҳузурга берилганим йўқ. Кичик укам Кул-тегин билан ўла-ўлгунча меҳнат қилдик...

Мен бутун дунёни ўзимга бўйсундирдим ва барча халқлар менга бош эгди...

О, туркий халқлар, эшитяпсизми? Айтмоқчи бўлганимнинг барини ушбу абадий тошга ўйиб ёздирдим... Билга-хон...

12

Кеча биринчи марта қаерда эканимизни ўз кўзим билан кўрдим. Ҳатто асирликда ҳам кишига ҳордиқ кунини ёдга соладиган кунлар бўлар экан. Қуёш янада ёрқин ва илиқ нур сочяпти, кун анча сокин ва ёқимли. Атрофдаги одамлар ҳам бир қадар хушкайфият. Гарчи буни метеорологик бошпанадан кўриш имкони йўқ эса-да, лекин ҳис қилиш мумкин. Икки соатча кейин мени яна ўша бир хил ҳис қоплади -қўриқчиларимиз шахмат ўйнашар, Ли ва мен китоб ўқиб ўтирардик, лекин бирдан самода ҳарбий самолётларнинг овози эшитилди ва шу билан якшанба кунимиз ўз ниҳоясига етди. Қўриқчилар дарҳол бизни ушлаб, бошимизга қоп кийгизишди-да, бомбадан сақланадиган бошпанага судраб кетишди. Бу орада мен яқинлашиб келаётган ҳуштак овози ва жудаям яқинимизда бомба портлаганини эшитдим. Ҳаммаси бир лаҳзада содир бўлди: отишма, портлаш, тошларнинг ҳар томонга сочилиши - дўзахни эслатувчи манзара, ҳозир мен уни бирма-бир таҳлил қиляпман: мен Лининг бақирганини эшитаман, тошларнинг қулаши, қояларга отилган танам, ҳуштак овози, эриб бораётгандайман... Лекин ўзим ҳақимда ўйлашга фурсат етмайди, магар шуни аниқ биламанки, миямга келган фикр шу эди: Ли ўлди! ЙЎқ, у тирик эди, уни судраб бораётган жангари тош босиб ўлганди. Шундай қилиб, биз ҳали бошпанага етиб улгурмагандик, секин силжиб борарканмиз, кимдир Лини туртар, бўралаб сўкар ва лаънатларкан, бошқа бир иккитаси мени тепа бошлади, мен ғужанак бўлиб олдим, баданимнинг зирқираб оғриши ҳали тирик эканимдан дарак берарди.

Кейинроқ бизни бошпанамизга олиб келишди ва бошимиздаги қопларимиз билан шу ерда қолдиришди. Жангарилар бошлиғи келиб бизни бўшатишни буюрди. Мен юзимни кўролмасдим, лекин Лини анча моматалоқ қилиб қўйишганди. Юзимдан, йўқ, соқолимдан қон оқаётганини сездим. Командир ювиниб олишимизни буюрди, кейин қўриқчиларимиздан бири ҳалок бўлганини эълон қилди. Улар ибодат қила бошлашди. Нигоҳлари бургутникидай ўткир, хушбичим, сийрак соқолли келишган командир имомликка ўтди. Сўнг улар чиқиб кетишди, бир муддатдан сўнг бир чопар келиб, командир бизни ҳам кўмиш маросимига олиб боришни буюрганини айтди. Бир ой ичида илк бор бошимиздаги қопсиз юришга рухсат беришди.

Шундай қилиб, жанозага, оғриққа ва келгусида бўладиган қўрқувга қарамай, ўша кун якшанба эди. Гарчи ортимиздаги қуёш ортга қарашга қўймайдиган даражада ёрқин нур сочаётган бўлса ҳам, атрофимиздаги қоялар мовий-қора, устимиздаги музликлар ва чўққидаги қор кўзни қамаштирадиган даражада оппоқ эди. Бизни қоплаб олган қора-мовий осмон муздек ҳаводан нафас олган каби вужудимизга чуқур сизиб кирди. Мен
шунда жангарилар йиғисини кўрдим. Ўлган биродарлари учун уввос солиб йиғлашар эди улар. Кейин қичқириб осмонга қарата ўқ отишди, сўнг командир бизга болға ва қалин ўткир пичоқ беришни, менга инглизчада, Лига эса хитойчада, ҳалок бўлган биродарлари исми, туғилган ва ўлган йилини қоятошга ўйиб ёзишни буюрди...

13

Зевнинг кундалик дафтари менга ёд бўлиб кетди. Ундан Шиа Чангнинг биринчи бор уни ташлаб кетгани, эртасига интизорлик билан қизнинг қўнғироғини кутиши, қиз эса бир кун ўтиб қўнғироқ қилгани, уларнинг тунги извошда кўришишгани, Зевнинг қизни ўпгани-ю, алданиб қолгани ҳақидаги тафсилотлар аён эди менга. Бу чиндан ҳам айтса арзигулик ҳикоядир. Навбатдаги учрашувда Зев қиздан уйига келишини қаттиқ туриб илтимос қилди. Аввалига қиз синглисини баҳона қилиб кўнмади. Лекин дарҳол нимадир харид қилиш учун Зевдан пул бериб туришни сўраб, таксига ўтирди-да, магазинга кетди. Зев унинг қайтишини сабрсизлик билан кутди, орадан беш дақиқа ўтди, ўн дақиқа ўтди, бироқ қиз қайтиб келмади. Улар зим-зиё қоронғиликда шаҳар ташқарисидаги кимсасиз бир жойда эдилар, 15 дақиқа ўтгач, Зев безовта бўла бошлади, чурқ этмай турган ҳайдовчи бирдан тоқати тоқ бўлиб, соатига ишора қилди. Зев ундан қиз қаерда қолди, деб сўради инглизчада. Ҳайдовчи инглизчани билмаса-да, лекин савол мазмунини илғади ва имо-ишора билан қизнинг кетиб қолганини тушунтирди. Кетган бўлса қайтардир, сўради у яна. ЙЎқ, деди ҳайдовчи. Ундай бўлса, нега бу ерда қаққайиб турибмиз? Зевнинг кайфияти тушиб кетди, қандай бемаънилик, деди у. Ҳайдовчи елкасини қисиб қўйди.

Ертаси куни қизга қўнғироқ қилганда, у ёмғирдан кейинги осмондай тоза ва бокира тутди ўзини. Зев уни на пул ва на алдангани учун айблади, биргина «яна қачон кўришамиз», деб сўради. Қиз тайинли бир кунни айтди, лекин бу сафар тунги клубда учрашишга келишдилар.

14

Гарчи улар ўчиб кетган матнга ишора қилишган бўлса-да, на Зев, на роҳиб Валаамов Култегин жанозаси тўғрисидаги ҳикояни давом эттирди. Шуни қўшимча қилишим керакки, Або Ефремнинг китобларидан бирида Шаҳзода мақбарасининг таърифини учратгандим. У тўрт юз фут майдонни эгаллаган хитойча услубдаги бинодан иборат эди. Асосий дарвозаларнинг икки тарафида бир-бирига қаратиб қўйилган қўчқорларнинг мармар ҳайкали қад ростлаган. Ичкарига томон кетган тор йўлакнинг охирида ҳовуз бўлиб, унинг ёнида ўйиб ёзилган машҳур тош бор эди. Бу тош каттакон мармар тошбақа устига ўрнатилганди. Орқа томондаги мақбаранинг ўзи ҳам ажойиб меъморчилик услуби билан шоҳ санъат асари каби кўрилмишди. Кул-тегин ва унинг аёлига бағишлаб ишланган сурат ва ҳайкаллар ибодатхонанинг ички томонини безаб турарди. Ташқи томонда муқаддас қадамжонинг атрофида Кул-тегин жангу жадалларда ўлдирган минглаб одамларга ўрнатилан тош ҳайкалларни кўриш мумкин эди...

Бироқ Карпини китобига ёзган шарҳида роҳиб Валаамов Абулғозихон ва Ат-Тоҳарийни Манихей ва Зардуштийларга оид матнларни таржима қилган алломалар сифатида алоҳида
таъкидлаб ўтади. Шунингдек, у хитой қўлёзмалари, жумладан, Ган-му ва бошқалар хусусида тўхталадики, кўпларининг номи эсимда қолмаган. Шу ерга келганда, Або Ефремнинг айтишича, ҳикоя кутилмаган бир услубда давом эттирилади, у «яширин» деган сўзни қўллайди бу борада.

15

Мен Абулғозихонни ўқигандим, лекин Ат-Тоҳарийнинг «Тазкиратул-ғаройибатул-қадим»ига тааллуқли ҳикоянинг бошланишини топиб олдим. Яна қаерда денг, Парижда эмас, Фонтенблодан кўчиб ўтганим Бавариянинг Бамберг шаҳрида. Католикшунослик бўлимида мижозим бўлмиш Лук АҚШга кетишидан олдин ўша Тазкиранинг нусхасини берди. Бу ҳақда кейинроқ айтиб берарман. Аввал Кул-тегин азасидан сўнг нима содир бўлганидан сўзласам. Ат-Тоҳарий жуда исломий, бадиий бир йўсинда аза ҳикоясини қуйидагича давом эттиради:

«Саккизинчи кун Билга-хоқон ўзининг оппоқ шоҳона чодирида барча меҳмонларини жамлаб, уларга ҳамдардликлари учун миннатдорчилик билдирди, сўнг у доно вазири Тонгюқуққа мурожаат қилиб деди:

«Мен дунёнинг тўрт бурчини ишғол қилдим, бироқ суюмли жигарим Кул-Тегиндан жудо бўлганимдан буён, бу ишдан қониқиш ҳосил қилмай қўйдим. Мен курраи заминда неча ўлкаларни ўз тасарруфимга олдим, мен маконни қўлга киритдим, лекин замон тутқич бермади. Сиз тўрт томондан келган энг ақлли кишиларсиз, вақт устидан қандай қилиб ғалаба қозониш мумкинлигини айтишингизни истайман. Бу ишни ўзингиз бошлаб беринг. Сиз атрофимдаги ўнта чодирда қолиб, йўқотиш нелигини билмайдиган сирли бир душман билан олишгайсиз. Шу тариқа жаҳоннниг бори донолигини менга билдиргайсиз ва мен уни абадий тошларга ўйиб ёзгум...

Доно Тонгюқуқ чуқурдан чуқур ғам-андуҳ ичра жим қолди... »

Кейинчалик ёзмишларида Ат-Тоҳарий Билга-хонни бутпарастликда айблайди, Билга, деб ёзади у, туманлик ва жаҳолат ичра яшарди, магар у дунёнинг турли бурчидан жанозага йиғилганлар - Удар-сенгундан келган Хитан ва Татаби, Табғачхон номидан кераксиз олтину кумуш келтирган Ичи Лянг, Тибетхон тарафдан ташриф буюрган булонларнинг тақдири нима кечгани тўғрисида ҳеч нарса демайди. Орқа тарафдан, ғарбдаги кунботардан, Сўғд, Форс ва Бухородан келганларнинг, Нян-сянг хоннинг ўғли, Тургишхон тарафдан Ўн-ўқнинг ўғиллари, тамғачилар Макрач ва Ўғуз-билгаларнинг аҳволи не кечди?

У ҳатто бу кишиларнинг гаровга олинганлиги хусусида ҳам лом-мим демайди.

16

Баъзан Гумбазли Ибодатхонага қараган дераза ёнида ўтириб ўша одамлар ҳақида ўйга чўмар эканман, менга шундай туюладики, улар ҳақида қанча кўп маълумотга эга бўлсам, шунча кам биладиганганга ўхшайвераман. Одам сенга қанча яқин бўлса, уни шунча яхши билмайсан, деганлари тўғрими ё? Мана, масалан, ўзим мени шу турклар билан овораи сарсон қилиб қўйган Лукни яхши биламанми ўзи? Афсуски йўқ.

Бамбергдаги меҳмонхонада Исо Масиҳ ҳақидаги китобни ўқир эканман, Лукнинг оиласига мактуб ёзишга қарор қилдим. У тўғрисидаги энг сўнгги хабарларни ҳисобга олмаганда, балки улар Лук ва Зев ҳақида бирор янги нарса дея олишар. Чунки Лукнинг тақдири Зевники билан жуда ўхшаш бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Ўшандан кейин, эртаси куни Зев меҳмонхона яқинидаги тунги клубга боради. Қизил кийимдаги киши уни кутиб олиб, пастга бошлайди. Саёҳатларга бой ҳаётида Зев кўплаб тунги клубларда бўлган, лекин буниси бўлакча эди. Балки хитойча мусиқа, шарқона атир ҳиди ва ёки Шиа Чангнинг кутилмаганда қоронғилик ва сирлилик ичра ушбу клубнинг ғаройиб эгаси каби пайдо бўлишими, ишқилиб, нимадир уни бутунлай эсанкиратиб қўяди. Томирларида оқаётган тоза яқудий қонмиди ёхуд ажнабийга хос туйғуми, уни яхшиси бу ерга келмагани маъқуллигини айтиб турган. Шиа Чанг уни алоҳида хонага бошлаб кириб, хизматкорга Хитой виносидан келтиришни буюради. У «хўп» деганча чиқиб кетади. Хизматкор столни тузата бошлар экан, Зев бир-икки сўм пули учун Шиа Чангни айблагани ёдига тушиб, анча хижолат бўлади. Қиз жудаям сахий бўлиб кўринади унга. Столга хилма-хил Хитой мева-сабзавотлари ва турли-туман винолари қўйилади. Аввал қиз илиқ сўзлар айтади ва бирга қадаҳ кўтаришади. Хитой виноси анча аччиқ экан. Зевнинг боши айланиб кетаёзди. «Шу ҳайҳотдай жой сенга қарашлими?» - сўрайди у овозини кўтариб. «ЙЎқ, мен бунда шунчаки бир раққосаман», - жавоб беради қиз. «Хўш, ким учун рақсга тушасан?» - сўрайди Зев дарҳол. «Сенга ўхшаганлар учун». Бу ҳақоратмиди ёки рағбат? Зев жим қолади, чунки унинг кўз ўнгида беҳаё романлардаги яланғоч ҳақиқат намоён бўлган эди.

17

Бир ҳафта ичида мен Лукнинг севгилисидан мактуб олдим. Ҳа, бу ҳозирги кунда ҳам тез-тез учраб туради. Мен севгилиларни назарда тутяпман. Бунинг устига, қиз америкалик лейди бўлиб, ота-боболари муқаддас ғордаги Шаҳзода ота ва она бўридан тарқаган туркларнниг энг қадимий манзилгоҳлари саналмиш Олтойдан бўлишган. Қиз буни фахр билан ёзибдики, унинг севгилиси изланиш олиб борган халқлар тарихи билан қизиқишимдан бирмунча хабари бор эди. Унинг ёзишича, афсуски Лукдан ҳеч бир хабар йўқ, у ҳали ҳам таъқиб остида ва гарчи Америка Элчихонаси Хитой ҳукуматига протест билан мурожаат қилган эса-да, у билан кўришиш учун ҳеч кимга рухсат берилмаётган эмиш. Қиз мен билан учрашиш истагини билдирибди, чунки улар учун Лукни ҳибсга олишларидан аввал у билан охирги марта кўришган инсон мен эдим. Қизга факс юбордим ва ҳафта ўтиб у билан Нюрнбергда кўришдик.

Аввал бошдан мен ўзимни айбли сеза бошладим, чунки у билан кўришганимиз ондан бошлаб, беҳаёларча қизни ўзимга қаратишга уриндим. Менинг ўрнимда бошқа киши бўлганда ҳам шундай қилган бўларди: келишган жононлар каби қиз мендан баландроқ, ҳаддан зиёд гўзал ва сарвқомат эди. Яна денг, у мен билан кўришгани келди. Айни
пайтда мен бу қизни маликадай хаёл қилдим, ўзим эса сўлаги оқиб ётган оч бўридай бир алфозда эдим. Уятим ҳам қолмабди!

Уят-е, чунки бирдан барча ишимни унутиб, ақлу ҳушимдан айрилдим, фақат қизга қулоқ тутарканман, унинг нима деётганини тушунмай, ғунчадек лабларига ва унга уйғун равишда ёниб турган қароқларига суқланиб қараб турардим. Ҳатто қаерда турганимизни ҳам унутиб қўяёзибман.

18

Жумладан, мен рус роҳиби Ерем Валаамовни бутунлай ёдимдан чиқардим. Эртасига Фиона (Лукнинг маъшуқаси исми шундай эди) Уйғуристонга кетмай туриб, Лук ўтказган сўнгги тадқиқот хусусида сўзлар экан, мен бу ҳикоя Або Ефрем ҳақида эканилигини англай олмабман. Аслида ҳам шундай эди. Бу роҳиб диний юмуш билан Хитой ва Тибетга юборилгач, бунда маҳаллий роҳиб билан танишади ва уни православ насронийликка даъват этади. Тензиг Датсаонинг (роҳибнинг исми шундай эди) деярли Муқаддас Учликка эътиқодини ўзгартиришга муваффақ бўлинган маҳалда унинг қиёфадоши қадим китобларда ўқигани бир ҳикояни айтиб беради. Бир неча аср бурун насроний миссионери бу юртларга келиб, содда бир одамни учратади ва уни Худо ҳамда Унинг Самовий салтанатига ишонтира бошлайди. Содда киши Абадий Ҳаётга мушарраф бўлганига бир баҳя қолганда, бирдан айниб қолади, чунки, ўзининг айтишича, насронийликда отнинг сутидан тайёрланган қимиз ичиш маън этилгани ёдига тушиб қолади. Мен ҳам ўшанга ўхшадим, дейди роҳиб Тензиг. - Сизнинг динингизда ўлганлар руҳини озод қилишга рухсат берилмаган. Або Ефрем бу билан нима демоқчилигини сўраганда, у ўзидаги Муқаддас Китобни кўрсатиб, ундан бир неча оят ўқиб беради.

Роҳиб Ефрем Валаамов ўзи эшитган оятларнинг маъносига шу қадар қизиқиб қоладики, ҳаттоки нега бу юртларга келганини-да унутиб, роҳиб Тензиг ёрдамида ўша Муқаддас Китобни русчага ўгиришга тушади.

Ушбу ҳикоянинг Лук билан боғлиқ томони аниқ эсимда йўқ бўлса-да, кутилмаганда уни ўзим билан боғлиқлигини сездим: гўёки менинг ўлик руҳим янги бир ҳаётга ўрлаётгандай эди...

19

Ҳарқалай Фиона истаган одам мен эмас деб ўйлагандим, лекин аксинча мен унга керак бўлиб чиқдим. Буюк шоирлардан бири ёзганидек: «Мени мен истаган ўз суҳбатида аржуманд этмас, Мени истар кишининг суҳбатин кўнглим писанд этмас». Биз Нюрнбергдан Бамбергга ўтишга келишдик, чунки мен унга ҳўв ғаройиб дарвишнинг Лукка бериб юборган Зевнинг кундалиги ҳақида гапирмоқчийдим. Тўғрисини айтсам, бу ўйлаб топганим бир тузоқ бўлиб, кундалик дафтар сумкамнинг ичида турган эди. Шунга қарамай, иложи борича самимий тарзда қизни таклиф этдим, гўёки кундалик мен биланми-йўқми эсимдан чиқаргандай эдим, бироқ, кўриб турганингиздай, ниятим бузуқ эди. Эсимда, ёшлигимизда оғайниларимдан бири кундалигини ўқишга рухсат беришини баҳона
қилиб, университет қизларини йўлдан урарди. У биринчи ўлжасини қандай қилиб қўлга туширгани воқеаси бутун бир ҳикоятдир. Қисқаси мен ҳам ўшандай қилмоқчи бўлдим шекил. Лекин балки мен анча тажрибалироқ чиқдим чамаси. Нимага дейсизми? Майли, айтиб бера қолай. Ҳали Нюрнбергдалигимда собиқ Иезуит Институти Католик бўлимида қадимий қўлёзмалар устида ишлашимда яқиндан ёрдам берган ижара уйимнниг хўжайини ва дўстим касалхонага тушиб қолди денг. Ўша куни у уйимизнинг калитини ташлаб кетиш эсидан чиқибди. Шу боис биз Олмониянинг чеккароқдаги энг қадимий ва гўзал шаҳарчасидаги замонавий меъморчиликнинг ойнаси саналмиш кўп қаватли касалхонага боришга мажбур бўлдик.

Биламан, тил имкониятим Бамбергни тасвирлаб беришга ожизлик қилади, бас, шундай экан, уфқдаги тепаликлар ва Алтенберг минорасини нақадар жозибадор, гумбазнинг тўрт минораси антиқа, Мишелберг ибодатхонаси бирам фусункор, десам ишонаверинг. Дўстим ошқозон касали билан оғриб ётган клиниканинг ўн учинчи қавати ойнасидан бу манзара янада гўзал кўринади. Биз унга янги газеталарни қолдириб, калитни олиб чиқарканмиз, бирдан негадир юқорига кўтарилиб, Бамбергнинг кунботардаги қиёфасини томоша қилишни таклиф қилиб қолдим.

Фиона рози бўла қолди ва орқамдан юрди. Ёнғин пайтида чиқишга мўлжалланган бўм-бўш зинадан юқорига кўтарилаканмиз, иш вақти тугаганиданми ёки беморлар овқатланишаётганиданми, ҳарқалай атрофда ҳеч кимса кўринмас эди. Энг юқориги қаватда мен қизга ўзим ёқтирадиган жойни кўрсатдим. Биз ойнабанд деворга яқин келдик, лекин бир-биримизга янада яқин эдик, нафасимиздан тиниқ ойнани ҳам туман қоплади, кўзларим чақнаб, бир муддат жимликдан сўнг қизни ўпишдан бошқа яхши нарса топмадим. У қаршилик қилгани йўқ.

Айни пайтда елкамга осиғлиқ сумкам билан Фионага ёпишиб турганим жуда кулгили эканлигини тушундим. Ишонгим келмайди, наҳотки шу ишни қилган бўлсам: мен уни ўпдим, кўкракларини ва унинг учларини силадим (қўполлигим учун маъзур тутгайсиз, бу сўзларни шундай эшитганман), қўлларим янада нозик жойларга томон сирғалиб тушди, кўйлакларини юқорига кўтардим, бармоқларим иштони остида қолди ва ниҳоят елкамдаги сумкамдан қутулишга қарор қилдим, уни четга улоқтиргандим, бориб икки мармар зинанинг орасидаги тешикка бориб тушди, бироқ пастки қаватдаги ҳеч ким бизни сезмади. Қизнинг иштони жуда тор эди, айниқса, икки оёқлари ораси. Унинг баланд бўйи яна қўл келди, интим аъзоларимиз айни бир-бирининг қаршисига тўғри келди. Қиз иштонини пастроққа туширишимга рухсат берди ва мен энди ўзимни мутлақо тутиб туролмадим, унинг қайноқ лабларидан ақлимни йўқотдим. Яна қайтараман: шу ишни қилганимга ишонмаяпман, лекин клиниканинг зиналарида қуёшнинг сўнгги нурлари остида мен у билан қовушганим рост. Бироқ бундай ғайритабиий саргузаштдан хурсанд бўлишим керакми ёки хиёнаткорлигим ва телбалигим учун ўзимни айблашим лозимми, мутлақо билмасдим.


20

Билга-хоқоннинг чодири атрофида тўққиз рангли чодир қад ростлади ва доно Тонгюқуқ қуролланган тилмочларига ишга керакли нарсаларни тайёрлашни буюрди. Хитой қоғози ва Сурия сиёҳи, Сўғдиёна шамлари-ю Форс патқаламлари барчаси дунёнинг тўрт
бурчидан келган ажнабийлар учун тахт қилиб қўйилди. Ўз қарашларини тошларга ўйиб ёзишга одатланган турклар доно Тонгюқуқ билан ажнабийларнинг шошиб қолганларини кўриб, уларни мазах қилишди. Шунга қарамай, иш бошлаб юборилди.

Ерта азонлаб қуёш даштлик четидаги Отукан ўрмони устида кўрина бошлаганда, Форсдан келган зардушт руҳоний Авестодан қўшиқлар куйлай бошлади, тибетлик Булен сирли зикрини айтишга тушди, Табғач генерали Ичи Лянг кунни жанговар санъати билан бошлади, Сўғддан келган шаҳзода ўтов ичидаги безакларга, қайрилма шохлару ипак баргларга қараб, чуқур тафаккур қилишга ўтирди. Тардуш Инончи Чўр дўмбирасини қўлига олганди, бутун даштлик бўйлаб шамолларни ёдга солувчи маҳзун наволар янгради, генераллар орасидаги биринчи несториялик насроний ва несториялик насронийлар орасидаги биринчи генерал, қилич ва ўқ-ёйдан бошқасини билмайдиган Удар-Сенгун Исо Масиҳнинг қиёфаси бўлмаган кичик хочга қараб, қўлларини бир-бирига қовуштирди, бу ерга Ибн-Қутайбанинг отларида келган Ислом динининг яширин билимдони, бухоролик шаҳзода Нянг-сянг эса Аллоҳга ибодат қилиш керакми-йўқми билмай, Конфутсия анъанасига содиқ Хитой Императори бундан хабар топишидан қўрқиб турарди...

Фақат Ўн-ўқ тамғачилари, Макрач ва Ўғузгина Билга-хоқон ва унинг тилмочлари буйруғига қарамай, ухлаб ётишар, маҳаллий шомон Удегҳе уларнинг уйқуда учиб юрган руҳини сақлаб турар эди.

21

Асирнинг тушлари. Ўтган кеча Лига суянганим ҳолда, бир чақам ҳам йўқлигини билсам-да, бир неча йилдан буён давом этиб келаётган кечки курсларим учун пул тўлашим кераклиги ҳақида туш кўрибман. Деярли яланғоч ҳолда эдим, ички кийимимдан нимадир қидираётган кўринаман. Отини эсимдан чиқариб қўйганим ўгай отамнинг ҳовлисига яқин эшик қаршисида эшак миясини еб турган телбани учратдим, у менга ҳовли эгаси дўкондор экани ва ақлдан озганидан бери касал ҳолда ётишини айтди. Мен бу телбадан ўгай отамнинг исмини сўрашга ор қилиб, уни тушунган мисоли бошимни қимирлатиб қўйдим. Эшикни очиб, каттакон ҳовлига кўзим тушди, у қишлоқ спорт майдони ёнида экан, пахса девор уни очиқ ва ёниб кетган майдондан ажратиб турарди. Мен ўгай отамни чақирдим. Ҳовли тўрида ит эмас, нақ бир занжирбанд шер уйғониб кетди. Мен орқамга тисарилгандим, бироқ шерхон жим бўлиб қолди. Шу пайт эшик очилиб, ўгай отамнинг қораси кўринди. Бирдан шер эмас, балки бир гижинглаган от занжирларини узиб, худди тсирк саҳнасидаги каби ҳовли бўйлаб ёввойилардай чопа бошлади. Ўгай отам бир бақирган эди, орқасида ўғли пайдо бўлди. Лекин от ўз шижоатидан боши айланган дарвиш каби телбаларча югурарди. Мен унинг ўгай отам овозидан ёқимлироқ бўлган туёқ товушларини эшитдим. Уни тутмоқчи бўлиб қилинган барча ҳаракат зое кетди, ҳовлидаги тупроқ пахса деворлардаги чанг билан қоришиб, тўзон бу ақлсиз жониворнинг узун думи каби айланар эди.

Ниҳоят, мустанг бу ҳалқадан чиқиб кетиш учун етарли куч тўплаб, бирданига қўшимча эшик қаршисида менга ҳужум қилишга қарор қилди. Мен дарҳол ҳимоя ҳолатига кирдим ва ўнг оёғимни унинг юзига томон кўтаргандим, у тўхтаб чунонам бир кишнадики, худди шу пайт ўгай отам уни тутиб олди. У бўралаб сўкар, «Кейинги сафар сениям мана бу ўлик эшакка ўхшаб таъзирингни бераман!» дея жигарранг териси
тупроққа беланиб ётган эшакка ишора қилди. У мустангни жиловлади ва от олдинги оёқларига ётиб, бошини тупроққа қўйди. Умрим бино бўлиб бу жиловланган отнинг бошидан-да ғариб бир нарсани кўрган эмасман. Шундан сўнг ўгай отам олдимга келиб, кутилмаганда менга пул узатди: «Ма ол, кечки курсларингга тўларсан». Тавба, пулим йўқлигини қаердан билдийкин? Мен ҳеч нарса сўрамай, етарли пулим бор, дея уни қайтаришга тушдим, лекин отам мажбурлагач, пулни олдим ва «Синглимга бериб қўярман» дея пичирлаган бўлдим...

Тонгга яқин Ли ҳаммаёқни тепиб, одатий каратесини бошлади, қўриқчиларимиздан бирининг муздай сувнинг устимиздан сепиб юборганидан, менинг уйқум ҳам бузилиб кетди. Томас Стернс Эллиот айтганидай: «Одам шарпаси келмай уйғотинг, сўнг чўкайлик»...

22

Ўтган давр ичида кашф этганим шу бўлдики, асирга тушиш курортда дам олган билан баб-баробар экан. Мен тушлар нуқтаи назаридан айтяпман. Қанча кўп роҳатлансангиз, шунча узоқ ўтмишдаги хотиротлар тушингизда намоён бўлади. Яшаб турган кунингизни-да тамоман унутиб қўясиз - гўёки руҳингиздаги энг яширин тугунларни ечиб юборадиган чуқур бир кечмишлар ичига шўнғигандай бўласиз. Ҳарқалай, менда шундай кечди.

Мен Бамбергда Фиона билан қилган гуноҳимни эсладим. У билан кўчалар ва йўллар бўйлаб аксимизни гоҳ дўкон ойналарида, гоҳ дарёларда кўрганча пиёда юрганимиз, ҳаётнинг ўзи каби ноаниқ мавзуларда суҳбат қурганимиз, тез орада Зевнинг акаси икки ойча археология музейи аъзоси сифатида яшаб турган Кот-д-Азур томондаги Антибсга келиб қолганимиз ёдимга бир-бир кела бошлади. Тушимга нима кирганини англай олмасдим: қумли пляжлар, иссиқ денгиз, арзон ва мазали ресторанлар, Авлиё-Маргарет ва Авлиё-Ҳоноре деб аталмиш ёввойи оролларга саёҳатимиз, ёхуд жазирама тунлардаги тонг ва муҳаббат оралиғидаги орзуларим, қуёш тиғида чанг ва иссиқ тупроқ кечган болалик йилларим, ёхуд балки Ноам ҳар иккимизга айтиб берган тарихий ривоятлар, Фиона ҳақидаги хотиралар...

Ака-укалар ўзларининг биродарликлари ҳақида болаликдан бўлак нимаям билишарди? Опа-сингиллар-чи? Деярли ҳеч нима. Биз Ноамга укасининиг кундалиги ҳақида оғиз очмадик. У Зев ошқозон касалидан чет элда вафот этган деб юраркан. Лекин мутахассис сифатида у бизга шундай бир нарсани сўзлаб бердики, бу Зевнинг бутун кундалигидан ҳам қимматлироқ эди.

23

«Аловуддин» ресторанида у бизга талабалик йиллари ҳақида гапириб берди. Ўша пайтларда у Қуддусда эмас, балки Ленинградда яшар, исми ҳам яширинча Ноам эмас, оддийгина Никита эди. Шунингдек, у Зев билан қондош бўлган. Отаси рус эди, шу боис унинг асрлар оша сайқаллашган, қадимий яҳудий қони алал-оқибат рус қонига аралашиб кетган ва бу
Ноам ҳаётидаги барча муаммоларнинг сабабчисига айланди. Археология институтининг бешинчи курсида улар ёзги амалий дала ишини Монголия даштларида ўн-ўқ уруғига қарашли қадимги кишиларнинг қўрғонини кавлаш билан ўтказишади. У одамларнинг жанговар табиатини ҳисобга оладиган бўлсак, қабиланинг бундай номланиши у қадар ажабланарли эмас. Ўн ўқ бўлса бўпти-да. Гарчи Никитка мақтанчоқлигини тан олса-да, биз унинг уятчанлигини билардик. У дарҳол мавзуни йигирма йил аввалги Қуддус воқеаларига ўзгартирди. У ўша жойда топиб олган қўлёзма билан тилла шохни ўғирлади. Шох-ку бир нави, лекин у қўлёзманинг на баҳоси ва на маъносини биларди, магар у бир кунмас бир кун ушбу қўлёзма қайсидир институт жавонларида сарғайиб ётмасдан, ўз ўрнини топажагини ич-ичидан ҳис қиларди.

Лекин Никита ҳозирча фақат тилла шохни қандай қилиб сотиш ҳақида бош қотирар ва ниҳоят баъзи ўртачи кишилар орқали уни Ленинграддаги бир араб консулига сотишга муваффақ бўлади. Фақат Исроилга кўчишга рухсат берилгандан сўнггина, у қимматбаҳо қўлёзмани қайта эсга олди ва уни ўрганишга киришди. Бунинг натижасида қилган кашфиёти қоғознинг материали баҳосидан минг карра қимматлироқ бўлиб чиқди. Ушбу қоғозда Аллоҳ Синойда Мусо алайҳиссаломга юборган Ўн Буйруқнинг нусхаси бор эди. Бу Ўн-Ўқ қабиласи дея номланувчи инсонлар тарихида мутлақо янги бир саҳифа очди.

Профессор Ноам Шатский ўша қабиланинг номи Ўн-Ўқ эмас, балки Ўн Аҳд эканини исбот этди.

24

Бу кашфиёт Зевни усмонли турклар маданияти ҳақидаги изланишларини тўхтатиб, қадимги туркларни ўрганишга руҳлантирди. Шуларни айтар экан, Ноам Қуддусда кўрсатишга арзигулик бошқа нарсалар ҳам борлигига ишора қилди ва ишбилармон одам сифатида дарҳол иккимизни икки ойга «Турфа динлар Анжумани»га таклиф қилди. Мен дабдурустдан рози бўлишдан тийилиб турар, чунки сезишимча, у менинг ишимдан кўра Фионага кўпроқ қизиқиб қолганди. Фиона эса дарҳол рози бўлди. Бирдан кайфим учиб кетди, анча ўзимни йўқотиб қўяёздим: менинг рашким келар, лекин бу рашк бошқа бировнинг ёри учун эди. Одам қариганда шароитга нечоғли тез кўникиши мумкинлиги ажабланарли эмасми? Бир ой аввал ўлим билан олишиб юрувдим, ҳозир эса Фионани Қуддусга бормасликка қандай кўндириш мумкинлигини ўйлаяпман ва бунга фақат Ноам ҳам қизга ёқиб қолди шекил, дея ўйлаётганим сабабдир.

Кейинроқ арзон «Тропико» меҳмонхонасидаги бир кишилик хонамизда мен қизга Зевнинг кундалигидаги қуйидаги парчани кўрсатдим:

«Биз узоқ муддат хитойча мусиқа жўрлигида вино ичиб ўтирардик. Шиа Чанг билан бирга ўткзаётган вақтим анча ҳузурбахш эди. Лекин бирдан қизил куйлакли офитсиант олдимизга келиб, хонимнинг қулоғига нимадир дея пичирлади. Хоним хитойча жавоб бераркан, узр сўраб, бир муддатга мени тарк этишини айтди. Мен уни қанча кутиш лозим бўлса, шунча кутишга тайёрлигимни билдирдим. Бироқ ярим соатдаёқ зерика бошладим. Мени ёлғиз қўйишгани йўқ: қизил куйлакли офитсиант ҳар дақиқа бирор нима керакми, дея мўралаб турди. Бир сафар мен унинг исмини сўрадим. У Шиа Чангнинг укаси эканини айтди. Ундан мулойимлик билан қизнинг қаерга кетганини сўраганимда, у айни пайтда
қизнинг бошқа мижоз олдига кетганини айтди. Ҳушим учиб кетди. ЙЎқ, бу йигитнинг одатий йўсинда гапираётганидан эмас, балки айни пайтда тушунишни истамаётганим нарсани англаганимдан шу ҳолга тушдим. Шиа Чанг чиндан ҳам фоҳиша экан! Мен эса у билан ишқий ўйинларга берилиб кетибман... Нақадар бачкана воқеа!

25

Бунга жавобан Фиона менга Лук ҳақида гапириб берди. Умуман олганда, унинг Кўк Турклари билан қизиқиши қўлёзмалар боисидан эмас, балки фақатгина ўша туркларнинг деярли барча динларга эътиқод қилганлари сабабидан эди. Лук турли динларни солиштирар экан, улар аввало тилни, кейинча инсоннинг менталитетини ўзгартириши фактини аниқлашга ҳаракат қилди. Унинг фикрига ёки ўзи айтганидай, «назария»сига кўра, дунёда яҳудий ва араблар каби «Худо танлаб олган» халқлар бор. Аллоҳ улар билан бевосита гаплашаверади. Қолганлар эса бошқаларнинг йўл-йўриғига «Худо унут» тиллари-ю ўй-фикрларини мослаштиришлари лозим. У бу назарияни деярли барча динларга эътиқод қилган қадимги турклар мисолида исботлашга қарор қилди. Турфа динларнинг «зуғуми» остида халқларнинг тили қанчалик ўзгарганини солиштириш мақсадида ишни турли муқаддас матнларнинг қадимги туркийча таржималарини тўплашдан бошлади. Бу борада ислом, насроний, буддист, Манихей ва шаманизмга оид матнларнинг инглизчасини осонгина топди-ю, бироқ унинг мақсади бу матнларни асл туркийдаги муқобиллари билан солиштиришдан иборат эди. Шу тариқа бир неча йилни қадимги туркчани ўрганишга сарфлади. Улар бир-бири билан танишишди. Фионанинг ота-боболари олтойлик бўлиб, у Лукка бувисидан қолган жуда кўп нақлларни айтиб берар ва фурсати билан Лук йўлиққан асосий муаммоларни таъкидлаб ўтарди. Лук таққослаш асосларини яхши билмасди. Барча муқаддас матнлар қачонлардир таржима қилинганди. Магар муқаддас турк тилининг «табиий», «нейтрал» ҳолати қандай эканини Лук билолмади. Қизнинг эртак ва афсоналари таъсири ўлароқ, у шуни кашф қилдики, қадимги туркларнинг қадим Худоси - Тангрига эътиқод қилувчи бир қатлам мавжуд бўлган. Шундан кейин у аста-секин Тангри деган сўз бор қўлёзмаларни излашга тушди. Шу йўсинда мен уни учратиб қолдим.

Фиона менга Анғиз Ер тўғрисида гапириб берди, у Мовий Само Инсоният Ўғлонларига нимадир берганини айтганди (мен бунинг нелигини унутиб қўйдим), қисқа қилиб айтганда, бу бизнинг ўзаро муносабатимизда худди Ноамга ўхшаш бир нимадир эди ва шу боис мен чалғиб кетдим...

Ўша пайт мен на Ўлик Шаҳардаги дарвиш ва на Урумчида қолдирганим плёнка ҳақида унга сўзладим, лекин шуни ҳис қилдимки, биз айни пайтда Лук билан бир томонда эдик. Мовий само ёрқин қуёшга ҳам, қора булутга ҳам бирдай тааллуқли бўлганидай, Лук номидан менинг рашким келиб турарди.

26

«Покиза жаннатий тартиб илмлари ичида мавжуд эканмиз, биз - икки асосий ва уч ўзгарувчан қоидалар - жаннатий борлиқнинг ёрқин асосини ва дўхахнинг зим-зиё тубини биламиз. Ҳали осмон ва ер мавжуд бўлмаган вақтда, нима бўлган дея, сўрарканмиз,
раҳмоний ва шайтоний кучларнинг нима сабабдан тўқнаш келганини, ёруғлик ва зимистон кучларининг учрашганини, ёруғлик ва қоронғулик қандай қилиб бир-биридан ажратилганини ва ундан кейин нима бўлганини билардик... »

Сўғднинг Манихей Шаҳзодаси ушбу парчани Берке тилмочга тушунтираман деб қийналиб кетди. Умри бино бўлиб Берке икки бора Хуросонни ишғол қилишга борганди ва гарчи у мақсадига эришолмаган бўлса ҳам, бир қанча асирларни қул қилиб оладики, уларнинг бари Отуканга боришдаги узоқ йўлда ҳалок бўлишади. Шу боисдан Берке Сўғд Шаҳзодасининг энг яхши тилмочи саналарди. У бир неча юз сўғдча сўзларни билар, лекин Мани динининг ҳамма учун ҳам тушунарли бўлмаган безакли ёзувлари мазмунини унга тушунтириб бериш осон иш эмасди. Ёруғлик ва қоронғулик ўртасидаги муносабатни унга қандай қилиб тушунтирса бўлади? Шаҳзода Мани динига эътиқод қилувчиларнинг ибодатномаси «Ҳуастуанифт»нинг энг осон парчасини тўғри таржима қилганига унчалик ишонмаётганди, шунинг учун ундан қайта-қайта ўгиришни сўрайверди.

Беркенинг бунга сабри чидамади, жаҳли чиқди, лекин у Билга-хоқон ва унинг фаросатли маслаҳатчиси Тонгюқуқнинг дунёдаги энг ақлли сўзларни ҳузуримга келтиринг, деган буйруғини бажариши лозим эди. Мулойимлиги уни ушбу лаънати сўзни қайта таржима қилишга мажбур қилди, йўқса, бу йигит бир қилич зарби билан бошини танасидан жудо қилиши ҳеч гапмас. У «Тангри» деди ва осмонга ишора қилди, «ариғ» дея одам қандай қилиб қўл ювишини намойиш этди, сўнгра ўша сўзларни қайтариб, уларнинг биргаликда қўлланиши, яъни Аллоҳнинг поклиги маъносини айтди. Шундан кейин у эски асирларининг биридан илиб олган яна бир сўзни айтди - «номуғ» - «буйруқ». Ушбу сўз Шаҳзода тушуна оладиган ва роҳат қиладиган ягона сўз эди. «Мен биламан» - деди Берке сўғдчада. «Биз биламиз» дея тўғирлади уни Шаҳзода. Берке уни тушунди, бошини қимирлатиб, ўз тилида нимадир деди, лекин Шаҳзода Беркенинг «Биз биламиз» дедими ёки Шаҳзодага ишора қилиб «Сиз биласиз» дедими, тушунмай қолди. Шаҳзода икки бора уларнинг ҳаммалари билишига ишора қилди ва Билга-хон ва Тонгюқуқнинг номларини эслатди. Берке эса яна бошини қимирлатди - Худо билади нега - ва сўғд тилида «Яшасин» деди. Шаҳзода ҳозиргина эшитгани барча сўзларнинг маъносини чақишга уринди. Берке уни хурсанд қилишга ва бу қургур машғулотни тезроқ тугатишга интилди, қанийди ҳозирнинг ўзида очиқ саҳрога, боши оққан томонга қочиб қутула қолсайди...

Бу каби ҳар хил ўйлар қуршовида иккилари ҳам Ўн-ўқ қабиласидан бўлган Макрач ва Ўғуз-Билганинг хохолаб кулаётганини эшитишди...

27

Фиона ҳақида ўйлаш учун вақтим етарли эди. У ақллилиги билан бошқа аёллардан фарқ қиларди. Мен ўзимни аёлга ўч одам деб ҳисоблашларини истамайман, лекин нимани назарда тутаётганимни тушунтириб берсам, мени тушунасиз, деб ўйлайман. Турк уруғларидан ташқари Фионанинг ўтмишда немисларга боғлиқ жиҳати ҳам бўлиб, ё бобоси, ё отаси немис бўлган. У фалсафий тафаккурни - мен билган аёллар орасида кам учрайдиган очиқлилик, самимийликни мерос қилиб олганди. Ҳа, менимча, аёлларнинг асосий кучи ақллиликда эмас ва Фиона туркларга хос ёввойилиги боис бундай тоифа яралмишларнинг энг яхши ва мулойим бир намунаси эди. Фақат, аввал айтганимдай,
мен уни севишдан эмас, балки суқротона суҳбатлар қуриб ўтиришдан кўпроқ завқ олардим. У менга кўп нарсани ўргатди. Масалан, овчи ва унинг ўлжаси назариясини олайлик. У Лукни овчи, ўзини эса ҳайвон бўлганини айтади. Лук ҳаётида бир нарсани: ўз ўлжасини керакли маҳал ва айни жойида ушлашни яхши кўрарди. Фиона ҳам ҳар доим у ерда бўларди. Лекин отишдан аввалги айни сўнгги лаҳзада доимо ўққа учмасликнинг уддасидан чиқар ва овчи уни бошқа жой ва вақтда яна мўлжалга олишга уриниб кўрарди...

Ҳозир эса Фиона уни пойлаб юрибди. У менга бутунлай бошқа бир ҳикояни сўзлаб берди. Биз Канн яқинидаги Авлиё Маргарет оролидаги арча бўйлари анқиб турган ўрмонда сайр қилиб юрардик, бирдан у қабртошига ўтириб, ўрхун ёзувларини қандай қилиб ўқишганини билиш-билмаслигимни сўради.

«Роҳиб Ефрем Валаамовнинг дўсти рус сайёҳи Ядринтсев ўрхун тошларини топганда, нидерландиялик тилшунос Вилгелм Томсон («Мен уни биламан!») уларни суратга олиб, хитойча варианти билан солиштириб кўрди ва ундаги ўзига хосликларни ўргана бошлади. Энг аввал у Ўрхун тоши 38 та қайтариладиган турли хил ҳарфлардан иборатлигини аниқлади. Кейин у бу алифбода унли ҳарфлар борми-йўқлиги, агар бор бўлса, уларнинг қайси эканлиги устида иш олиб борди. Унинг фикрича, масалан, «х-у-х» ундош-унли-ундош кетма-кетлиги бўлиши мумкин ёки аксинча. Шу тарзда у бошқа тилшунослик қоидасига кўра унли товуш эканини билдирувчи бир неча белгиларни топди. Шу билан бир қаторда у бу унлиларнинг турли ундошлар билан боғланиш йўлларини излай бошлади. У топган қоидалар излаётган тилида унлилар уйғунлиги мавжуд эканига ишонч ҳосил қилдирди. Матндаги энг кўп қайтариладиган сўзларни таҳлил қилар экан, улардан бири икки унлили сўз эканини аниқлади, бу «Тангри» деган сўз эди. Иккинчи энг кўп ишлатилган ва хитойчага аслига яқин қилиб таржима қилинган сўз «Кюеҳ-ти-кин» бўлиб, узоқ ва оғир меҳнатдан сўнг Вилгелм Томсон бунинг ҳақиқий номини аниқлади: «Кул-Тегин» ёхуд Фаровонлик Шаҳзодаси. Ушбу сўзлар кўп фойдаланилган учинчи бир сўзни ўқиш имконини берди: «Турк». Шундай қилиб, «Тангри», «Кул-Тегин» ва «Турк» сўзлари тошдаги ўқилган биринчи сўзлар бўлди. Қандайдир рамзий маъно борга ўхшамаяптими?»

Фиона ҳикоясини тўхтатиб, жилмайганча деди: «Баъзида шундай туюладики, гўёки мен ҳам бир унли товушман ва ҳаёт мени қоронғу ундошлар ичига пуфлаб туради»...

28

Бу Томсоннинг шарҳи тўғрисидаги ҳикоянинг сўнгги эмас эди. Фионанинг гапига қараганда, Або Ефрем - Ядринтсев шарҳнинг қиёсий усулини танқид қилган. У Кул-тегинга бағишланган бир хил тошдги туркий ва хитойча матнларнинг бошланишини бирлаштирди. Фиона ён дафтарчасини олиб, қуйидагиларни ўқиди:

«Юқорида мовий осмон ва қуйида қўнғир ер яратилгач, уларнинг ўртасида инсон боласи вужудга келди».

Енди хитойча муқобилини эшитинг:
«Оҳ, осмон бунча мовий! Сенинг ҳимоянгда бўлмаган ҳеч бир нарса йўқ! Осмон ва инсонлар уларнинг орасига қўйилган ва коинот бир жинслидир... »

Иккимиз ҳам бирданига хохолаб юбордик. Бошимиз устидаги қушлар бир чўчиб тушиб, ғалати овоз чиқарганча қоронғу дарахтзор томон учиб кетди.

29

Тан олишим керак, Фиона яқин кунлардаги ҳаётимнинг асосий ва энг илиқ хотираси бўлиб қолди мен учун. Бир-биримиз билан қанчалик осон топишган бўлсак, бир-биримизни шунчалик тез йўқотиб ҳам қўйдик. Аниқроғи, мен уни йўқотдим.

Ҳаммаси аниқ, мен бу ерда ҳар бир нарсани аниқлашга, тартибга туширишга ва барча нарсадан мантиқ қидиришга уринмоқдаман, айниқса, ўйлаш учун фурсат бўлганда, яна шуни англадимки, ҳаёт у қадар ўткинчи нарса ҳам эмас экан. У лойга ўхшаб, истаган шаклга кира олади. Кунларнинг бирида эрталаб уйғониб қарасам, ёнимда Фиона йўқ. Миямга келган биринчи фикр шу бўлди: у Хитойда Лукни ташлаб кетганидай, мени ҳам ҳеч бир огоҳлантиришсиз қолдириб кетаверган. Доминик - биз турган меҳмонхона хўжайини қўли билан ишора қилиб «Хоним жуда эрта чиқиб кетди» деди. Ваҳима қилганим йўқ. Антибга бордим, шумшайиб қолгандай Пикассо музейида анча вақтимни ўтказдим, кимсасиз қирғоққа бордим, лекин кўнглим қайтариб бўлмас нимадир содир бўлганлигини сезарди. Одатга кўра, тушликка иккимизга ҳам ёқиб қолган мўъжазгина «Ла коте а л-ос» ресторанига келдим, бизни таниб қолган офитсиант «чиройли хоним тез орада келадими» дея сўраганди, унга жавобан қизил винодан кўпроқ келтиришни илтимос қилдим...

У ўзи режалаштириб юргани - Монакога кетиб қолган, дея ишонишга уриндим, ақалли у Ноам билан бирга бўлиши керак, бироқ вақт ўтаверарди, ундан эса дарак бўлмади. Кот д-Азурда янгидан-янги баҳоналар ахтариб яна икки кун қолдим: у Лукнинг севгилиси бўлган, у мендан узунроқ эди ва иккимиз турганимизда жуда кулгили туюларди, унда Ноамга нисбатан «симпатия» уйғонди, бундан буён гуноҳим камроқ бўлар, ва ҳоказоларни ўйлаб ташладим. Бирдан, бор пулимни ишлатиб бўлганим эсимга тушди ва ҳеч бир умидсиз, йўловчи машиналарда саёҳат қилиб, Бамбергга қайтдим. Фиона айтганидай, учар унлиларнинг шаффофлигисиз, лойга қоришган ундошлар каби борардим...

30

Мен ҳамма нарсанинг бир сабаби бор-ку, дея ўйлашга ўрганганман. Агар ёр ташлаб кетса, драма бошланиши керак эди, бироқ менинг ҳолатимда бундай бўлмади, балки бу вақтнинг белгисидир: у қаерга келишни хоҳласа келарди, кимни ташлаб кетишни истаса, ташлаб кетаверарди. Икки ой бурун усиз ёлғиз, ўзим билан ўзим оввораи сарсон эдим. Икки ой ўтиб эса яна ўша ҳолга тушдим, яна бирор нарса қўшиладими, камаядими, мутлақо бехабар эканман. Алал-оқибат, бир пайтнинг ўзида ўша нимадир қўшилди ва яна кўздан ғойиб бўлди.
Аввалги ишимни давом эттиришга уриниб кўрдим: Фионадан қолган қоғозлардан Валаамов, Ат-Тоҳарий ҳақида ўқидим, фақат ғалати тақдиримга сабабчи бўлган, дея Зевнинг кундалигига текканим йўқ. Аммо, асосан, уринишларим яқин кунлардаги ҳаётимнинг муҳофазасига қаратилганди. Бу орада Олмония ва Франтсиядаги турли таржима ва сайёҳлик компанияларига ўзимнинг Осиёнинг узоқ ўлкалари бўйлаб олиб юриш ва таништириш бўйича тажриба ва малакаларимни таклиф қилиб мактублар ёздим. Доимо нима биландир банд бўлишга интилдим. Балки сиз «синиш»нинг маъносини билмассиз, мен гўё узлатга чекиинаётгандай эдим. Ҳатто об-ҳаво ҳам менга қаршидай: ёғаётган ёмғир остимга, йўқ, устимга, янаям аниқроғи, вужудимни кесиб ёғарди. «Ёмғир шаҳарга эмас, кўнглимга ёғмоқда» дея унинг эски манзилига мактублар битдим, телефонини топишга уриндим, лекин ҳеч бири самара бермади: у жисму борлиғимдан бутунлай ғойиб бўлиб кетди.

31

Қитанлик Удар-сенгун, биринчи Нестория генерали, бошқа дипломатик-диний асирларга нисбатан яхшироқ шароитда яшарди. Гап шунда эдики, марҳум Шаҳзода Кул-Тегиннниг бениҳоя гўзал хотини Кўрк-хотин насроний динининг ишқибози эди. Узоқ йиллар аввал отасининг ўтов-қасрида ёшгина шоҳ қизи бўлиб юрган кунларда бир армани роҳибни кўрган, у тилла билан тикилган узун куйлак, қимматбаҳо тошлар ва товус пати билан безатилган ғаройиб тож кийиб олганди. Роҳибнинг бир қўлида оғир тилла хоч ва иккинчисида атир тўлдирилган идиш бор эди. Қиз отасининг олдида роҳиб ижро этган рангин ва мунгли қўшиқлардан шу қадар таъсирланганки, эртасигаёқ отасидан у билан кўришишга рухсат олган. Қиз роҳибнинг кулбасига бири боғдан, бири тоғдан келадиган саволларини уларнинг беўхшов қўпол тилларига таржима қилиб берадиган тилмоч билан қўшиб жўнатилади. У Биби Марям ва унинг одамлар учун азоб чеккан, бир кун қасос учун қайтиб келадиган ўғли ҳақидаги энг яхши ҳикояларни айтиб беради. Гарчи Кўрк хотин Биби Марям ҳақидаги гапларни тўлиқ тушунмаса ҳам, лекин унинг бир кун қайтиб келадиган қутқарувчи ўғли саҳровий кўнглини ишғол қилиб олганди. Тез орада ботир Шаҳзода Кул-Тегин номидан ўз отаси олдига қизининг қўлини сўраб совчилар келганда, чин ошиқ кўнгли билан ўша қутқарувчи ўғилдан совчи келганига ишонди.

Магар энди ўз Қутқарувчисидан айрилгач, у қандайдир мўъжиза юз беришини кутар, бу гўё ҳалиги армани роҳибнинг қовушмаган тилмоч орқали унга ваъда берганига ўхшарди. Шу боис у бир хизматкорини насронийликда қандай янги нарса кутилаётгани тўғрисида бирор нарса билиб келиш учун Удар-сенгуннинг олдига юборади.

Генерал жуда яхши, бироқ мураккаб бир шароитда эди. Аслида, художўйлигини ҳисобга олмаганда, у ҳақиқий насроний эмасди. Бахт унга кулиб боқди, чунки Қитан армиясининг масиҳий ғояларга бой бўлган бошлиғи агар ҳокимиятни қўлга киритишса, ўз ўрнига уни тайинлашга ваъда берди. Лекин ботир ва ақлли жангари Удар-сенгун ҳамма нарса унинг фойдасига ўзгариб кетганини сезди. Ягона муаммо кучларни бир жойга тўплаш ва уларни муҳим йўналишга солишдан иборат эди. У Кўрк-хотинга ўзи юборган хизматкор орқали хабар жўнатиб, Инжилнинг нусхаси кераклигини, уни кўк туркларининг каттакон салтанати чегарасида бирор роҳибгоҳнинг армани роҳибидан олиш мумкинлигини илова қилиб юборди. Қолган ишни ўз зиммасига олди.

32

Ли оз-моз франтсузча биларди. Умуман олганда, улар бир-биримиз билан суҳбатлашишга рухсат беришмасди, лекин жаноза ва ундан олдинги қонхўрликдан кейин ўзларини бизга яқин олиб, илиқ муносабатда бўла бошлашди. «Енди бизнинг тақдиримиз - бу сизнинг тақдирингиз» деди кунларнинг бирида жангарилар командири, Ли икковимиз эса бу гапнинг маъносини чақишга уриндик. Ё уларга нима бўлса, бизга ҳам ўша бўлади, ё улар ҳам биз каби асир бўладилар. Ҳарқалай, энди бизни илгаригидай қаттиқ қўриқламайдиган бўлишди, балки бизнинг қочишимиздан наф йўқ, ҳукумат тинимсиз равишда ҳаво кучлари билан зарба бериб турган бўлса, бундай шароитда қочиш асир ўтиришдан ҳам хавфли деб ўйлашган. Биз бирга шахмат ўйнашимиз, суҳбат қуришимиз мумкин эди, лекин бунда тансоқчиларимизга фикримизни синхроник таржима воситасида тушунтирардик. Иккимиз ҳам шароитдами ё командирлар тафаккуридами, қандайдир бир нохуш нарсани сезгандай бўлдик. Умримиз кутиш билан ўтди. Шукрки, вақти-вақти билан бўлиб турадиган бомбардимонлардан бошқа нарса содир бўлгани йўқ. Фақат командир ўзларининг аввалги ва ҳозирги юришларининг барча баённомасини инглиз ва хитой тилларига таржима қилишни илтимос қилгани ёмон бўлди. Улар бизга қалин дафтарларни тутқазишди, уларда метеоролог бўлган салафларимизнинг ҳавонинг даражаси ва музликлар ҳолати бўйича кузатувлари акс этган. Мен бу ёзувларни таржима қиларканман, улар аввалги ёзувлар каби қисқартирилган ҳолда бўлиши керак эди, шу боис номлар ҳам бош ҳарф билан ёзилмаган. Ли франтсузчада анча муваффақиятга эришиб, баъзи сўзларнниг маъносини мендан сўрарди. Ўзимни икки карра асирдай ҳис қила бошладим: биринчиси - жангарилар асири, иккинчиси - Лининг яхши ниятлари асири.

33

Ростини айтсам, Фиона ҳаётимни остин-устун қилиб ташлади. Уни деб ташлаб кетган тўгаракларимга ҳам боролмай қолдим. Бу дунёда нима ҳам қилардим? Ҳатто эслашга ҳам мадорим йўқ. Ўлимга маҳкум қилинганлигим тўғрисидаги фактнинг ҳам аҳамияти қолмади. Ким? Нима? Қачон? Қаерда? Нега? Бемаъни саволлар. Қудуққа зинама-зина тушиб бораётган кишини хаёлингизга келтиринг, у ё ҳаёт манбаига дуч келади, ё ўзининг қора аксига. Бир қалқиса, бу чуқур ва қоронғу сувга юмалаб тушади. Мен ҳам шундай бўлиб қолдим. Ҳар қадамимни эсга олишга уриндим: Лук-дарвиш-Зев-Валаамов-Ат-Тоҳарий-ноаниқлик...ва Фиона. Ҳофиз ёзганидек: «Ки ишқ осон намуд аввал вале афтод мушкилҳо... » Ҳаётимнинг охири ва янги муқаддимаси. Бошимга аввалгидан-да баттар нохушликлар ёғдираётгандайман, балки ўлимга маҳкумлик дегани шудир ва у аллақачон амалга ошириб бўлинган балки?!

34

Қудуқ ичидаги Юсуф ҳақидаги ҳикояни, ҳойнаҳой, эшитгансиз. Ўткинчи йўловчилар уни Мисрда қул қилиб сотиш учун сувидиш билан бирга қудуқдан тортиб олишади. Қудуқдаги кишандан қулликдаги кишанга. Шунга ўхшаб, «АМИП Олимпиа» деган бир франтсуз
фирмаси мени собиқ совет Марказий Осиёсида съёмка қилишни мўлжаллаётган кино гуруҳига экскурсоводликка таклиф этди. Бу пайтда Фиона берган қоғозларнинг ярмини ўқиб бўлган, фикрлар қуршовида ақлдан озай деб қолган эдим. Шу боис, озроқ молиявий томонни ўйлаб, кўпроқ ўзимни асраб қолиш мақсадида бу ишга рози бўлдим.

Ишимиз ҳақида кўп вайсаб ўтирмайман, у одатий бир нарса эди: бир жазоирлик ёки покистонлик кўзойнакли режиссёр ўз бошлиқларини турли маданиятга таалуқли одамлар гуруҳини, худо билади, қаёққадир юборишга кўндиради. Бунинг сабаби унинг чексиз нафси ёки баъзи ноаниқ оилавий можаролар, яъни уларнинг ота-боболари энг катта қитъанинг қоқ ўртасидан келганлари ҳақидаги масалага бориб тақаларди... Ва уларнинг ишлаган филмлари: гитарага ўхшаган чолғу асбоблари билан бузиб талқин этилган шарқона мусиқа, исломий дид ва ғарбона келажак, насиҳат ва эртак... ва даъво, даъво, даъво... Тўғрисини айтсам, бунақа янгилик-пангиликка ҳечам ҳушим йўқ, агар пул учун бўлмаганда, ўрислар айтганидай, бундайлар билан кенг далада ҳожат учун ҳам бирга ўтирмаган бўлардим. Улар гўшингни қийма-қийма, суягингни майда-майда қилади, қонингни томчи-томчилаб ичади ва ниҳоят кулингни бир қошиққа олиб, бутун дунё бўйлаб янгилик сифатида ёйиб юради... Юрагимнинг уриши уларнинг зилзиласидан минг карра қадрлироқ мен учун. Келинг унутайлик шуларни.

Сизга тасвирлаб бермоқчи бўлганим бу кузги саҳро: елкаларида зил-замбил осмонни кўтариб турган шамолли чексиз ер юзаси. Бошқа ҳеч нарса. Ва бу икки вертикалликни бир-бири билан боғлаб турган ягона нарса - Инсон боласи. Ҳаётимда биринчи бор кўнгил ва фикрга мос икки бўшлиқ қандай қилиб бу қадар ширин ёлғизликни келтириб чиқара олганлигини ҳис этдим. ЙЎқлик. Кераксизлик. Оввораи сарсонлик ва руҳнинг шамоли...

35

Доно Тонгюқуқ даштнинг ўртасида умрининг 86 кузида туриб эди. Қуёш уфқда сўниб борар, қизғишликнинг сўнгги тилчаларигина қолган эди. Ҳаёт шундай кечарди. У вақтдан ютдими-йўқми, барибир ҳаёт охирлаб борарди. Кўк Турклари унга «Тулки овчиси» деб лақаб қўйиб олишганди, чунки у энг ақлли ва айёр душмандан ҳам оқилроқ ва уддабурророқ эди. Туркларнинг Кўк Турклари дея ном қозонишларига ҳам у сабабчи бўлган. У Хитойда туғилган ва шу ерда катта бўлган. Шу боис у Ўрта Қиролликнинг урф-одатларини, яшаш тарзини ҳаммадан яхши биларди. У нафақат мамлакат, балки ҳар бир фуқаро чегарасини ҳам қойилмақом ўзлаштирганди. Магар Тонгюқуқнинг саҳровий қони энди буларга бефарқдай эди. Унинг чегараси уфқдан пастга оғган, ҳаёт йўли бетўхтов ва унинг ўзи мусаффолик келтирувчи саҳро шамолидай барчага бирдай очиқ эди.

Турклар ўзларининг ўлдирилгани, вайрон этилгани, деярли йўқ қилиб юборилаёзганини унутмадиларми? Улардан сўнгги етти юз киши ўрмонларда тентираб юрганида, мана шу Доно Тонгюқуқ уларни бирлаштирган ва Элтуришни хоқон ёхуд туркларнинг хони этиб тайинлашга қарор қилган. Лекин бу ишда у: агар бўлажак хоқон ҳўкизнинг қай бири ориғу, қай бири семиз эканини билмаса, у хоқон бўлиши керакми, дея иккиланади. У бир оз ўйланиб туради ва шунга қарор қилади: Тангри унга ақлу заковат берибдими, у Элтуришни хоқон ва ўзини вазир этиб тайинлажак. Шундан бери у тунлар мижжа қоққани йўқ, кунлар эса кайфу сафога берилмади. Ориқ шохни эгиш осон бўлади. Мулойим нарсани синдириш
ҳам осон дейишади. Лекин агар ориқ нарса кейинчалик қалинлашиб кетса, уни букиш қийин бўлади. Мулойим нарса қўполлашса, уни синдириш қийин дейишади. Шундай қилиб, у туркларни бир жойга тўплади ва турк хоқони билан бирга Отукан ўрмонига бошлаб борди. Тунлар бедор, кунлар роҳатсиз, қизил қонини оқизган ва қора терга ботган ҳолда ўн етти бор хитойликларга, етти бора қитанларга, беш марта ўғузларга қарши кураш олиб борди. У туркий қавмларни узоқ юришларга жўнатди ва улар жангу жадаллар натижасида сон-саноқсиз тилла, кумуш, гўзал қиз ва бевалар, ўркачли туялар билан уйга қайтишди. У на бирор душманга Кўк Турклари орасидан қутулиб кетишига ва на бирор ёввойи отнинг бетизгин кетишига йўл берарди. Мана ҳозир унинг шарофати билан Кўк Турклари дунёнинг Тўрт Бурчида ҳокимлик қилишмоқда. Агар у ғолиб бўлмаганда эди, на давлат ва на халқ бўлган бўлур эди. Унинг муваффақияти туфайли Кўк Турклари гуллаб яшнагандан яшнайверди.

Мана энди у қариб қолди, йиллар мадорини қуритди, энди ўзининг шарафли ғалабаларини эмас, балки оғриқли яраларини санайди, холос. Қачонлардир Элтириш-хоқон тириклигида Тонгюқуқ Ўн-ўқ қабиласига қарши юришга чиққан. Ўшанда у одатий услубларидан шундай хулоса чиқарганди: душман нимани ният қилган бўлса, ўшани қил, фақат ундан олдинроқ. Шу пайт хоқон тарафдан бир жосус келган ва «ҳеч қаёққа жилинмасин!» деган буйруқ келтирган. Лекин Тонгюқуққа хоқоннинг бошқа қўмондонларга хабар юборганини айтишади: Доно Тонгюқуқ золим ва маккор. Унга эргаша кўрманг! У билан бирор масалада сулҳ ҳам тузмангиз! Лекин Тонгюқуқ ўз қарорида қатъий эди ва улар ҳеч бир сўқмоқсиз Олтой тоғига тирмашишади, ҳеч бир кечув жойи бўлмаган Ертиш дарёсидан кесиб ўтишади, жанг қилиб, Ўн-ўқ қабиласини батамом тор-мор этишади.

Елтириш-хоқон ўлганда, унинг атрофидагиларнинг бари қони қайнаб турган Кул-Тегин томонидан қатл этилган. У ўз иниси Билгани ҳокимият тепасига кўтариб, уни хоқон деб эълон қилган. Доно Тонгюқуқ буни олдиндан сезганди. Шу сабабдан ҳали шаҳзодалигидаёқ қизи Побекани Билгага никоҳлаб беради. Гарчи бошида бир оз хижолат қилган бўлса-да, кейинчалик куёви Билга-хоқон уни ўзига вазир қилиб олади. ЙЎқ, биргина ёш Кул-Тегиннинг қайноқ қиличи эмас, балки кекса Тонгюқуқнинг ёрқин ақлу заковати Турк давлатини ҳозиргидай кучли ва енгилмас айлади...

Ҳозир эса у яна ёлғиз. Тарозининг икинчи палласи ҳам оғиб кетди. Кул-Тегин ўлди, доно Тонгюқуқ эса ўзини бўрининг тилларанг боши тасвирланган байроқ остида одамларни бирлаштирган ботир бўридай сезмаяпти, йўқ, қайтанга у ўз ўқидан азоб кўрган қари мазлум каби бўлиб қолганди. У Билга-хоқоннниг энг охирги қарори - дунёдаги жамики динларни бирлаштириш ҳақида ўйларди. Бир неча йил аввал, худди шу Билга-хоқон ўзини бошқа Хитой Императори дея даъво қилишга қарор қилганида ва бутун даштни Буюк Девор билан ўраб олиш ҳамда Будда ва Лао-Сзига бағишланган ибодатхоналарни барпо қилишни ният қилганида, ўз куёвига шундай деган эди: «Кўк Турклари хитойлик эмаслар, улар ўт ва сувга эътиқод қилиб, фақат ҳарбий ишлар билан машғулдирлар. Улар кучли бўлган маҳалда зафар учун олға интилишади, агар заифликларини сезишса, катта йўқотишларга йўлиқмаслик учун ортга чекинишади. Қолаверса, Будда ва Лао-Сзининг таълимотлари одамларни урушқоқ ва кучли эмас, балки шафқатли ва заиф қилиб қўяди.»

Ҳозир гап фақат Будда ёки Лао-Сзи ҳақида эмас, балки жиддийроқ нарса устида кетяпти. Тулки Овчиси ушбу фурсатда ҳам бутун умр бўйи эришгани каби муваффақиятга
еришадими? Кўк-қора осмонда юз минг туманлари билан кўринган ҳилол сўнгги қилич мисол чархланиб турарди.

36

Таажжубки, Лук билан Фиона икки йил аввал айни бир жойда бўлишганди. Мен Ўрта Осиёни назарда тутяпман. Лекин менга ўхшаб, интервю уюштириш, вақт ва тўловларни назорат қилиш, режиссёр ва суҳбатдош оғзидан чиқаётган ҳар бир сўзни таржима қилиш билан шуғулланишмаган улар. Лук одатий иши - кўчманчи ва ўтроқ аҳолига хос одатларни бир-бири билан солиштириш билан банд бўлган. У кўчманчилар ва ўтроқ аҳоли тафаккуридаги фарқларни кўрсатиб ўтган бир муаллифнинг «ЙЎл ва мақом» мақоласидан мисоллар келтиради. Ўша муаллифнинг айтишича, маҳаллий ўтроқ аҳоли шеърият деганда аёлларга муҳаббатни тушунган, кўчманчиларнинг шеърияти эса биродарларча севгидан иборат эди. Мисол тариқасида у Билга-хоқоннинг марҳум биродари Кул-Тегин вафотига бағишлаган аза қўшиғини келтиради.

«Ёшгина укам Кул-Тегин ўлди, мен унга аза тутаман. Кўрар кўзим ожиз, билар илмим нотаниш бўлди. Ўзим андуҳ ичраман. Худо вақтни Инсон боласи ўлиши учун яратадими? Мен чуқур қайғудаман. Кўзимга ёш келганда, кўнглимга ғам инганда, ёндим, азобландим. Қайғуга ботиб ўйладимки, икки шаҳзода ва ёшгина укамнинг, ўғилларимнинг, қўмондонларим ва халқимнинг кўзу қошларига йиғидан зиён етгай».

Мен эса ўзимга қандай шеърият ёқишини жуда яхши билардим.

37

Мен мақола муаллифи бўлмиш аллақайси муаллифни топишга ҳаракат қилдим, бироқ уни қувғинда, деб айтишди. Ҳақиқатда ҳам ушбу оддий далил съёмка орасида мени изланишни қайтадан бошлашга мажбур қилган бўлиши мумкин. Алалоқибат - мен воқеалар нуқтаи назаридан айтяпман - Турфанга Шиа Чанг оиласини кўргани бориш кутилмаган нарса бўлди. Бу ҳақда аввалроқ айтган эдим. Яна турли хил ёзувлар, шифрланган, яъни кўплаб қисқартиришлар билан ёзилган матн (масалан,, Ф.Ефр. учрашди 1.т. Тенз. ўзининг кўпл. ва дек...) бор эди, лекин унда нима дейилганини аниқлашга муваффақ бўлдим.

«Роҳиб Валаамов ўлимига сабаб бўлган ҳолатни аниқладим. Бу таажжублаанарли бир ҳикоядир. Мисрликларнинг Ўликлар китобидан ташқари тибетликларнинг ҳам айни шундай китоби борлигини Тенгиз Датсаодан ўргангач, буларни қиёслашга киришган. Аниқроғи Тензигни ўз жойида сўнгги бор учратган киши Або Ефрем бўлиб, у узоқ Тибет сафаридан кейин турли эътиқодлар ва Ҳотандаги ҳаётни бир-бири билан солиштиришга уриниб кўришни таклиф қилган. Икки роҳиб бир қаландарга дуч келишади. У «Оч юзим, ғассол, бу дам, Ёруғ жаҳонни бир кўрай» дея қўшиқ куйларди. Улар қаландарга эргашадилар ва у қабристонга бошлаб боради. Ўзи яшашга одатланган кечки бўм-бўш қабристонда
қаландар бир қабртошига ўтириб, камтаргина кечки овқатга - ҳалиги қўшиғини айтиб топган бор-будига таклиф этади.

Роҳиб Валаамов ўз мақсадларини айтади. Қаландар хуржунидан дўмбирасини олиб, қўшиқ айта бошлайди. У мунгли бир товушда узун ҳикояни куйлар экан, баъзи ўринларни айтиб бериш учун ўқтин-ўқтин тўхтаб қўярди. У Ер-Туштук деган қаҳрамон ҳақида куйлар, бу қаҳрамон эса ўзининг сеҳргар хотинини излаб, ернинг энг чекка бурчигача борган ва у ерда еростидаги қандайдир бир салтанатнинг эшигига яқинлашади. У бу эшикдан кириб, Қиролликнинг биринчи қатламида кўради ўзини . Қари кампир қиёфасидаги ялмоғиз уни кутиб турарди. Йигит унга салом беради. «Саломинг бўлмаганда икки ямлаб бир ютардим», дейди ялмоғиз. Йигит унга ўз упаси, тароғи ва ойнасинигина ташлаб кетган сеҳргар хотинини излаб юрганини айтади. Қари ялмоғиз бу нотаниш кишининг сўзига қулоқ солмас, уни қандай пишириб ейишни ўйларди. У йигитдан кўпроқ ўтин келтиргунича каттакон қозон тагидаги оловга қараб туришни сўрайди. Ер-Туштук ҳаёти хавф остидалигини сезиб, қочишга қарор қилади. Кампир унинг қочаётганини сезиб, ортидан қувади. Етай-етай деганда, йигитнинг қўлидаги упа тушиб кетиб, улар ўртасида ҳайҳотдай саҳро пайдо бўлади. Шу тариқа йигит ер остининг иккинчи қатламига тушиб қолади.

Бирдан ўткир шохли ҳўкиз таъқиб қилаётганини сезади. Ҳўкиз энди шохига илинтириб тепага кўтараман деганда, йигит қўлидаги тароқни ерга ташлайди ва ўртада қалин, қоронғу ўрмон пайдо бўлади. Ер-Туштук кейинги қатламда кўради ўзини. Бу ерда аждаҳодай баҳайбат илон уни тишламоқчи бўлганда, ойнани ерга ташлайди ва ўртада чексиз кўл ҳосил бўлиб, йигитни ҳужумдан асрайди. Ерости Қироллигидаги уч қатламдан ўтаркан, Ер-Туштук қизил буғулар тўдасига учрайди ва қўрқиб турганига қарамай, буғулар унинг чуқурроқ қатламга тушишига ёрдам беради. Сўнгра Қора Тулки ўзининг изини ва бутун танасини Қора Тунда яшириб, йигитни у ерда ёлғиз ташлаб кетади. Ниҳоят, Ер-Туштук энг сўнгги тоғнинг чўққисида бир ғорни кўради, у ерда Тепакўз йигитнинг йўқолган сеҳргар хотинини ушлаб турарди...

Зев ёзмишларининг биринчи қисми шу ерда қирқилган ва мен иккинчи қисмни ўқиш орзусида сабр қилолмасдим. Билмадим, Зев нимани назарда тутган экан, лекин Ер-Туштукнинг табиатини ўзимда акс эттириб кўрдим. Қатлам кетидан қатлам, мен одатий заминий ҳаётимдан сояларнинг зимистон дунёсига тушиб кетгандай эдим. Фақат кимни
излаб?

38

Мен ҳатто ўша гуруҳ ичида репортёр бўлиб юрганимни ҳам эслашни истамайман. Яна, режиссёр худди ўз Инжилини сақлагандай авайлаб юрган «Дунё бир кун ичида» китобини ҳам умуман ёдга олмасам дейман. Бир куни иш жадвалини излаётиб, стол устида очиқ ҳолда турган ўша китобга кўзим тушди ва қизиққонлигим боис ундаги сариқлик тўла майдон суратига кўзим тушди. Унда тушунтирилишича, бир кун ичида инсоният чиқарадиган чиқинди Луизиана стадионини 19 метр чуқурликда кўмиши мумкин экан. Юқорида барча одамнинг олтита контейнерга юк бўлган чиқиндиси бор эди. Ҳайратда қолдим. ЙЎқ, ўлчовларни деб эмас... билмайман нимага. Кейинроқ баъзи таҳлиллардан сўнг ақалли икки сабаб борлигини тушундим: биринчиси - инсониятга био-масса
сифатида қараш, иккинчиси - ўша био-масанинг бир қисми сифатида ҳар бир инсон, ўзимни ҳам ҳисоблаганда, бу фактдан жуда хафа бўлган бўларди. Инсон зоти борки ўз шахсиятини, яъни ўз чиқиндиси, сийдигини ҳимоя қилишга интилади.

Умуман биз киммиз? Катта-катта майдонларни ўз чиқиндилари билан булғовчи, учта Ню-Ёркка тенг бинодаги нонни еб ташлайдиган ва оби манийлари билан бутун галактикани бойитадиганларми? Киммиз ўзи? Яхши-ёмон, катта-кичик, баланд-пастни барбод қилувчиларми? Киммиз? Бизнес картамизда ёхуд газета сарлавҳасидагидай гўнг устида ўрмалаётган қуртлармизми?..

Киммиз ахир? Матлуботнинг қули, ҳар беш йил, йил, олти ой, бир ой, икки ҳафта, бир ҳафта, ҳар сония нафси ҳакалак отганларми ё? Ким, ким? Дўзах деб аталмиш майдонни еганларини қусиб тўлдирадиганларми?..

39

Метеорология марказида ўйга берилиб ўтирган эдим, бирдан жангарилар жаримизнинг шундоққина оғзида ҳужум қилишга қарор қилишса бўладими. Ўтган кеча улар буни биздан сир тутишмаган, бизни ўзларига қарашли кишилар деб ҳисоблашар ва хавфсизлигимиз билан ҳам қизиқмай қўйишди. Бироқ улар бу борада хато кетдиларки, бизнинг борлигимиз учун ҳам қарши тараф музокарага рози бўлади деб ўйлашганди. Улар бизни хавфсиз йўлак ёки бўлмаса ақалли бу ерда қишлаш учун озиқ-овқат заҳирасига сотмоқчи эдилар. Эшитишимча, улардаги озиқ-овқат камайган, шу боис Ли икковимиз улар учун кераксиз нарсага айланганмиз, биздан қутилиш осон эмас, улар билан қолишимиз ҳам бир тийин фойда келтирмасди. Шунда мен бизни отиб ўлдиришлари ҳам мумкин, деган ўйга бордим, чунки вазият тобора кескинлашиб борарди. Улар ҳужум қилиш ё музокарага чиқиш устида баҳслашишарди. Қўмондонлардан бири бошқасини қўрқоқликда айблаганди, икинчиси бизга шундай ғазаб билан қарадики, гўёки уларнинг тортишувига биз сабабчи бўлгандек. Лекин мен бошқа бир нарсадан қўрқаётгандим: биз унинг заифлигига гувоҳ бўлдик ва жангарилар (фақат улар эмас) буни осонгина эсдан чиқаришмайди.

Бироқ кейинги кун кечқурун ноҳақ эканимни англадим.

Ертанги кун, бомдод намозидан кейин, жуда эрта бошланди. Жангарилар қуролларини олиб, бизни ҳеч бир соқчисиз бошпанамизда қолдиришди. Ҳатто бир-биримизга боғлаб ҳам қўйишмади. Лини билмадим-у, лекин мен ўзимни анча хўрлангандай ҳис этдим. Улар бизни бир уюм ахлат каби ҳеч бир гап-сўзсиз ташлаб кетишди. Улар билан бир ойдан ошиқ бирга бўлдик, ҳамма нарсани бирга бўлишдик, ўлим олдида теппа-тенг турдик ва ниҳоят улар бизни бу ерда унутиб қолдиришди... Қуёш кўтарилиб, тонгги шабада милтиқларнинг аниқ-тиниқ овозини келтирди. Ҳеч бир сабабсиз Ли икимиз ўрнимиздан ирғиб туриб метеорологик минора ўрнатилган платформа томон югурдик. Совуқ қояларга тирмашиб, торгина ғорнинг оғзини, бир неча танк ва зирҳли машиналар тоғларга қарата ўт очаётганини ва қоялар ортига бекинаётган жангариларнинг кичкина жуссаларини кўрдик. Танклар яқинлашиб келар ва биз турган жой жангни кузатиш учун жуда қулай эди. Ли, имкониятдан фойдаланиб, ҳукумат кучларига бизнинг у ердалигимизни билдириш учун сигнал беради, деб ўйлагандим, йўқ, у чурқ этмай турди. Қизиқ, ҳаётимда биринчи марта ҳақиқий урушни кўриб турган бўлсам-да, лекин аввалги бомба тушишлари сабабми
ё ўлим барчамизга яқин бўлиб қолгани учунми, бу ерда ўзимни анча эркин тутдим. Пастда кечаётган уруш қуёшли кун, мусаффо осмон ва осуда табиат туфайли қандайдир беўхшов кўринарди.

Шундан сўнг кутилмаган воқеа содир бўлди: зирҳли машиналар тор йўлакнинг оғзига яқин келганда, кечаги ваҳший қўмондон жангнинг барча қонун-қоидасини бузиб, танкнинг олд томонига ўтди-да, уни граната отиб портлатиб юборди. Унинг гуруҳидаги беш нафар жангари ортидан юриб, ёнаётган танкдан қочаётган жангариларни ўққа тута бошлади. Бироқ бошқа томондан учиб келган олов рақибини ер тишлатди. Снайперлар ҳар томонда бекиниб туришганди. Турган жойимдан ирғиб туриб, қочишимдан аввал кўрганим шу эдики, учиб келган граната снайперлар яширинган жойга келиб, у ернинг кулини кўкка совурди. Ли иккимиз қалтираб қолдик. Қўрқув, ҳаяжон, музлаш -билмайман. Балки буларнинг бари. Биз бу жарликдан қочиб кетолмасдик - пастда урушаётган жангарилар, юқорида - сокин музликлар ва уйимиз - метеор марказ эса ўртада. Биз орқага, уй томонга юришга қарор қилдик. Жангарилар анча кеч қайтишди. Ёвуз қўмондонимиз улар орасида кўринмасди. Билдикки, у ҳалок бўлган. Унинг кечаги рақиби йиғлар, қўлида илма-тешик бўлиб кетган Қуръон нусхаси бор эди. Китоб ичидан марҳум қўмондоннинг қизи ёзган мактубни олди. Бола қўли билан чизилган палма дарахтининг расмини ҳам ўқ тешиб ўтганди. Бир кун олдинги шубҳам учун ўзимни жуда ёмон ҳис қилдим ва қайғуга ботдим. Барибир, ўша маҳал ҳам улар бизни тирик қолдиришди.


40

Ёзишни бошлаганимда, шунга ишончим комил эдики, тилшунослик манбаларининг йўқлиги сабаб, фақат ишга оид услубдан фойдаланаман, тасвирни яширадиган лирик чекиниш ва шунга ўхшаш безаклардан йироқроқ бўламан, деб эдим. Кўп йиллар давомидаги таржимонлик тажрибамдан биламанки, тилнинг бойлиги воқеаларни очишдан кўра, уларни яширишга хизмат қилади. Мақсад-моҳиятни тушунмаган бўлсангиз, уни таржима қилиш учун қанча сўзларни ишлатиб кўрасиз? Ҳали ҳикоянинг сўнги кўринмаса-да, борган сари ҳаяжонланиб кетяпман. Очиқроқ бўлишим керак. Ўрта Осиёга қилган сафаримни сизга нима учун айтяпман? Чунки мен у ерда Фионага хиёнат қилдим. Бу Фарғона водийсида рўй берганди.

Бошида биз Марғилон деган жойда энг катта диний арбобни учратдик. У шу қадар таъсирли эдики, дарҳол Ўлик Шаҳардаги дарвиш ёдимга келди. Леонардо да Винчига ўхшаган, оппоқ либосда жойнамоз устида ўтирган кимсани хаёлингизга келтиринг, фақат сизнинг суҳбатингизгина уни ер устида ушлаб турибди, йўқса у бир зумда жаннатга учиб кетган бўлурди... Ҳа, мен дарвишимни эсладим ва ундан Кўк Турклари ҳақида бирор нарса билишини, бирор жойда ўқиганини сўрадим. У оддийгина қилиб, бу туркларнинг ғафлат ва туманликда ҳаёт кечирадиган одамлар бўлгани, лекин улар орасида бир киши ҳақиқий мусулмон эканини айтди, фақат унинг исмини яширди. Унинг исми Фаридиддин Атторнинг «Тазкиратул-авлиё» асарида бор. Шу пайт унинг ўғли келиб намоз вақти бўлганини айтди ва улар кетишди ёки биз кетдик, аниқ эсимда йўқ. Шундай қилиб яна бир бор фитнага учрадим ва бу фитна аввалгиларига қайтарадиганга ўхшаб кўринди.
Ўша куннинг иккинчи қисмини ва тунни Шоҳимардонда - тоғ бағридаги ажойиб дам олиш масканида ўтказдик. Аслида бу жой дам олиш маскани эмас, балки муқаддас зиёратгоҳ бўлиб, у ерда Имом Алининг 12 қабрларидан бири жойлашган дейилади, лекин шўролар у ерда зинокорлиги учун тошбўрон қилиб ўлдирилган гуноҳкор бир шоирнинг қолдиқларини қўйишган ва кўнгилочар жойга айлантиришган. Барибир, ғарблашган маҳаллий йўлбошловчимиз севгилиси билан бизни у ёққа бошлаб чиқди ва жилға бўйида шу ернинг арағидан керагича урдик. Биласиз, ичиб олгач, бошқача ҳаракатлар қила бошлайсиз. Шу орада йўлбошловчимизнинг севгилиси билан икки-уч бор кўзимиз тўқнашиб кетди. У ажнабийлар билан банд эди. Кейин ҳаммамиз ухлашга турдик, тўғрисини айтсам, у ерда ётишга каравотлар йўқ эди, шунинг учун кимдир машинада, ким мезбонимиз берган кўрпачада, яна кимдир менга ўхшаб деворга суянган кўйи ухлаб қолди. Совуқдан жунжикиб уйғониб кетганимда, соат тунги бир бўлганди. Тишларим таккиллаб, бир-бирига тегмай қалтирардим. Сакраб ўрнимдан турдим ва машқ қилаётган кўйи ҳаракат қилдим. Бироқ суякларим қотиб қолгандай эди, шу боис ташқарига чиқиб юришга қарор қилдим. Ҳовли зим-зимистон, бедор жилғанинг товушидан бўлак ҳеч қандай сас йўқ эди. Хуррак товушини ҳисобга олмассиз, деб ўйлайман. Қоронғиликда тентираганча дарвоза ёнига келдим ва унинг ёпиқлигини сезиб, ундан ошиб ўтиш учун тирмашдим. Кўзим осмондаги ёрқин юлдузларга тушди. Ҳовли тўла дарахт бўлиб, энди мен тоғ ва унинг орасидаги тор жарликлар томонга олиб борадиган йўлни бемалол топа олардим. Балки ҳалиям кайфим бор эди, лекин нечундир тоғнинг тепасига, табаррук зот билан гуноҳор шоир ором топган жойга чиқишга қарор қилдим.

Худо билади, ниманидир ўйлаб тоққа кўтарилар эканман, бирдан жарликнинг нариги томонида қаршидаги тоғнинг яқинида тургандай каттакон бир юлдузга кўзим тушди. Ҳеч қачон бу қадар катта ва шунчалик пастдаги юлдузни кўрган эмасман. Ё Худо, деб ўйладим, қанчалик қудратлисан-а, юлдузларингни тоғларнинг ортига ўрнатиб қўйсанг. Лекин ҳайратим қўрқувга айланди, худди «тоғлар увададай учиб юради» оятига ўхшаш ва шу онда икки тоғ китоб варағи каби мени ва ёрқин юлдузни ичига олиб бир-бирининг устига шундай ёпиладики, зудлик билан юқорига чиқиб, очиқ ва хатарсиз осмонда кўраман ўзимни, дея ўйладим.

41

Тоғнинг тепаси бўм-бўш эди. Бу кўпроқ тоқ бағридаги текис ялангликка ўхшар, чунки чўққига ҳали анча бор, у қалин ўсган дарахтлар ортида яшириниб турарди. Лекин бу ер боя юлдуз кўрганим жойдан анча хавфсиз эди. Ҳақиқатда, ҳаяжонга тушмай айтишим мумкинки, бу тунда қўрқадиган ҳеч нарса йўқ эди, фақат шоирнинг қабри олдидаги қандайдир бир шарпадан чиндан ҳам жуда қўрқиб кетдим. Нимани ўйладим? Не ҳам ўйлар олардим? Фаришта, пари, шоирнинг имонсиз руҳими? ЙЎқ, бу йўлбошловчимизнинг севгилиси эди. Уят-е, ҳатто бу қизнниг исмини ҳам билиб олмабман. «Ёлғизликни излаб юрибман», - деди у айбдорлардай. «Мен эса сенинг изингдан кузатиб юрибман». Ё қиз бу ерга чиқишим сабабини тушунди, у ҳам мендай ўйлаётганди, буни билмайман. Ҳарқалай, мени кузатиб юрган, деб ўйлаб, бир оз ноқулай аҳволга тушдим. Лекин ҳалиям кайфим тарқамаган, ўзимнинг ёлғизлигимни иккимизнинг бирга ёлғиз бўлишимиз учун қурбон қилишга тайёрлигимни айтиш учун куч тополдим. Ўйлашимча, қиз ҳам етарли отиб олган, бу каби қўпол муомалага лаққа тушгандай эди. У кулди. Сиз кейин нима бўлганини англаш учун шарқ қизларининг табиатини
билишингиз керак бўлади. Улар учун сўзнинг жуда катта аҳамияти бор. Бошқача қилиб айтганда, ғарблик қизларга қараганда, сўз улар учун анча муҳим нарса ҳисобланади. Шу боис, бу ерда ётган шоир ҳатто ётган жойида ҳам жуда машҳурдир.

Қолаверса, қиз ўша шоирдан қандайдир шарқона сатрлар келтирди:

Ўйласам, бу дилбарим маккорга ўхшайди-ку, Раҳми йўқ бир бевафо хунхорга оХшайди-ку...

Қиз буни овоз чиқариб эмас, балки пичирлаб ўқиди, умуман, вазиятнинг ўзгарувчанлиги ва қалтислиги боис биз пичирлаб гапирардик. Бир ножўя қадамни деб пастимиздаги тубсиз жарга қулаб тушиш мумкин эди. Мен унга пастдаги водий ва бошимиз устидаги юлдузларни томоша қилишни таклиф этдим. Биз текисроқ бир жой топиб ўтирдик ва бу жимликда тезда совуқ қота бошладим. Яна бир ноқулайлик - тобора бўшангим қистаб кетаётгани эди. Жин урсин, деб ўйладим, наҳот ҳаётингдаги энг ажойиб дақиқалар шу каби эҳтиёжлар туфайли барбод бўлса? Қизни ноқулай вазиятда ўпиб олдим. У қаршилик қилмади. Унга бир дақиқадан кейин келаман, дея ўрнимдан турдим. «Қаёққа кетяпсиз?» - пичирлади у. Мен ер тепиниб қолдим. Бу ҳаётимдаги энг ёмон дақиқалардан бири эди. Лекин асло чидаб туролмасдим ва югурганча шоир қабрининг нариги томонига ўтиб кетдим.

Қайтиб келганимда, қиз ҳудудсиз ва ёввойи коинотда шу қадар ёлғиздай ўтирардики, уни бу бўм-бўш мангу тундан ҳимоя қилган кўйи бирдан сўрадим: сизнинг ҳам ташқарига чиққингиз келяптими? Бу маҳаллий тилда ҳожатга чиқиш деб тушуниларди. Бундай дейиш жуда қўполлик саналарди, лекин имоним комилки, бу гап менинг унга яқинлигимни исботлади. У «йўқ», дея юзини кўксимга яширди. Умримда биринчи бор аёл кишини ҳирс билан эмас, дўстларча ўпдим. Гарчи бу қиз билан бошқа ҳеч учрашмаслигимни, мен унга ва у менга керак бўлмаслигини билсам ҳам, ўша тун бизни Худо билади қаерда учраштирди, лекин, бироқ, барибир, алалоқибат биз уят бўладиган ишни қилдик. Қандай бойлик ва қанақа бегуноҳликни йўқотдим мен унда... худди табаррук киши олдидаги айбдор шоир мисоли...

42

На йўлбошчимиз ва на унинг севгилиси олдида ўзимни айбдор санадим, чунки эртасига эрталаб улар билан бутунлай хайрлашиб кетдим. Лекин номаълум Фионанинг (аслида Лукнинг номаълум Фионаси) олдида ўзимни айбдор ҳис этдим. Ҳақиқий гуноҳлар... мен уларнинг ичига ботиб кетдим.

Тибетлик Булен бинафшаранг куйлагини уйида киярди. У китобларида ёзилган ўтмиш ҳикояларидан бирини айтиб беришга қарор қилди. Бу воқеа тибетликларнинг маймун ва ўрмон арвоҳидан, туркларнинг эса ўн ёшли Ҳунну шаҳзодаси ва дашт бўрисининг никоҳидан туғилганидан кейин содир бўлган. Тибетлик руҳонийлар - шаминлар бутпарастликни турк шаҳзодаси Ашина подшолигига келтиришди. Ўша кўчманчи халқнинг бир неча шаҳзодаси дарҳол у динни қабул қилдики, уларнинг азобланишига муҳаббатлари эмас, балки бутпараст роҳибаларга уйланганлари сабаб бўлди. Наҳот
роҳибалар ўз динларини ёйиш учун уларга эрга тегишган бўлса? Бу жуда чигал масала бўлиб, Булен ундан қандай қилиб қутулиш устида ўйларди.

Ёш шомон аёллардан бири Шаҳзоданинг қароргоҳида яшар, унинг исми Доҳун-девон бўлиб, эртаклардаги парилардай гўзал эди. У азоб чекаётган шаҳзода ва маликаларни аждодлар руҳи билан даволашга одат қилганди. Лекин кўпчилик шаҳзодалар худосиз роҳиба аёлларга уйланиб олгач, аждодлар руҳи ғалаён қилиб, уни нафақат мижозларидан, балки мўъжизали кучидан ҳам маҳрум қилди. Бу гўзалнинг барча уринишлари беҳуда кетди: рақсга тушди, бақирди, дўмбира чертди, қилмаган нарсаси қолмади, магар руҳлар қайтиб келмади.

Шаҳзоданинг роҳибаси кўзи ёриётганда, Доҳун-девон бир неча тибетлик шомин ва роҳиба аёллар билан тезда унинг чодирига таклиф қилинади. Шоминлар чодирга кираверишда ибодат қилиб туришарди: «Ишқсиз ва ҳиссиз юрак заҳарга ўхшайди. Бироқ кимки нафсни енгса ва нафссиз ҳаёт қурса, у покиза ернинг тишланган, лекин заҳарланмаган подшоҳига ўхшайди...» Дохун-девон чодирга бир неча роҳиба аёллар билан бирга кириб келди. Шаҳзода ҳам у ерда, волидаи муҳтарамасининг олдида ўтирарди. Унинг хотини ўлаётганди. Атрофдаги аёллар безовталаниб туришарди. Нафратнинг кучсизлиги Дохун-девоннинг юз қиёфасини ўзгартириб юборди ва гўёки овози ҳайвонларникидай бўғиқ юз ёшли жодугар кампирга ўхшаб қолди. Бўғзидан чиққан товушни эшитиб, ҳамма бирдан ялт этиб унга қаради ва яна бир ёш ва гўзал Дохун-девонни кўрди. Ҳеч кутилмаганда унинг ўхшаши, акси, руҳи туғаётган аёл устига тушди. Аёлга яқинлашар экан, бирдан ҳалиги гўзал ва ёш қиздан кучли урғочи бўрига айланиб қолди. Оғзини катта очаркан, унинг қичқириғи ўтовдагиларнинг йиғиси билан қўшилиб кетди. Чақалоқ ўлик эди.

Дохун-девон терга ботган ва қалтираган кўйи четда турар, чиройли чеҳрасини тўзғиган қора сочлари беркитган эди. Бошқа бир Девон-дохун ўтовни ташлаб чиқар экан, осмон билан ўтовни боғлаб турган «тешик» томонга қийналиб чиқиб борарди.

Ертасига уни ўлимга маҳкум қилишади. Гарчи Шаҳзода бунга қарши бўлса-да, онаси Дохун-девонни заҳарлаб ўлдирди. Ана шундан кейин мамлакатда ғалаён авж олди. Шаҳзоданинг онаси уни жужанларга қарши курашга чорлади. Шаҳзода жангу жадалда юраркан, онаси кичик ўғлини шоҳ қилиб кўтаришга қарор қилди, лекин Шаҳзоданинг тарафдорлари ҳокимиятни ўз қўлларига олиб, аёлни ва унинг ўғлини ўлдиришди. Қолганлар қочиб қутулди ва Хитойга сотилиб, душман қўшинини ўз одамлари устига олиб борди.

Гарчи турклар Дохун-девонни ўлдирилгани боис аждодлар руҳи безовталаниб қолди, дея ишонишса-да, Буленнинг тибетча китоблари янги туғилган чақалоқнинг шафқатсиз ўлими билан боғлиқ воқеаларни тушунтириб бера оларди. Шундай қилиб, Булен бинафшаранг кийимда ўтирар экан, бу ҳикояни Билга-хоқонга қандай етказиш тўғрисида ўйларди.

43

Телегуруҳ ҳам жонимга тегиб кетди, чунки Марказий Осиёдаги энг катта шаҳар саналмиш Тошкентга келар эканмиз, мавристонлик продюсер хонимнинг фикри бирдан бир юзу саксон градусга ўзгариб, қишлоқ ва подачилар ҳақидаги филмни олмасликка қарор
қилди, фақат қаерда денг, аъло континентнинг қоқ ўртасидаги аъло шаҳарларга етганда! У ўша маҳаллар фаолиятини Тошкентга келиши кутилаётган Боней-М деган поп-гуруҳдан бошлаган эди. Гуруҳ номи Моней-Б миди ё? Ҳай майли, нима бўлганда ҳам гуруҳ пул (моней) ҳақида эди, пул бўлганда ҳам В (биг) катта пул тўғрисида. Ҳар ҳолда мен уларни кутиб олгандан сўнг, продюсерим билан кўришгач, у гуруҳнинг маъмури мени Марказий Осиё ва Россия бўйлаб гастрол сафарларида кўмак беришимни таклиф этди ва катта ойлик ваъда қилди. Албатта, у мавристонлик продюсеримга «ўтказиш ҳақи»ни ҳам тўлади. Улар билан продюсерим бераётган ҳақдан уч баробардан зиёдроқ ойликли ишга джентелменларча шартнома тузган ҳолда, бундан кейин шу гуруҳда ишлай бошладим.

Гуруҳ ичида қандай вазифа бажаришимни яхши тушунмаганим аниқ: барча сафар тадбирлари, яъни контсертлар, пул, таклиф, президентлар ва машҳур кишилар билан учрашувлар аввал бошдан тайёргарлик кўрилган ҳолда юқори даражада уюштирилди. Менинг вазифам, маъмурга кўра, уни ва унинг икки солистини жононлар (суюқоёқлар билан эмас) билан таъминлашдан иборат эди. У бундай жононларни ўзлари сафар қилаётган барча мамлакатда йиғишган. Унинг тушунтиришича, бу мамлакатларда қандайдир қатъий удумлар бор, деб эшитган ва шу боис мен уларга керак бўлган эканман. Аста-секин ўзимни қўшмачи сифатида сотиб олишганини англаб, юзим буриша бошлаганда, у дарҳол гапини «бу улар билан алоқа қилиш учун эмас, фақат кўнгилхушлик учун» дея тўғирлади.

Лекин Худо ёрлақаб, контсертдан кейин кўрдимки, сон-саноқсиз жононлар атрофда айланиб юришар, мен эса ваъда қилинган катта пулни уларни жалб қилганим учун эмас, балки тарқатиб юборганим учун қуртдай санаб олдим. Жононларга бўлса, эстрада юлдузлари сизлар билан эртага учрашади дея ваъда бердим. Бироқ бечоралар юлдузлар фақат тунда чиқади-ку, дея таажжубланишарди...

44

Кузнинг бошларида кимдир ахири бизни ҳам эсга олди. Аниқроғи бизни эмас (Ли ва мени), чунки қўшни дарада юқори мансабли асирларнинг бошқа бир гуруҳи борлиги аён бўлди. Юлдузлар бодраб чиққан тунларнинг бирида қўмондонимиз бир кишини бошлаб кирди. Хира керосин лампа ёниб турган бошпанамизда йўқолиб қолган бу кишининг кўзларини ишқалаётганини кўрдик, у ён атрофга жовдираб, кимга ва қандай қилиб мурожаат этишни билмай талмовсирарди. Мен қўлда ручка билан метеорологик қурилма устида ўтирардим, у мен томонга яқинлашди. Чиновникларга ўхшаб ўтирганим учун менга томон юрди шекил, бироқ унинг мурожаатидан бурун мен унинг орқасида турган қўмондонга ишора қилдим. Бегона киши жуда уялиб кетди. Қўмондонимиз ўзини аранг кулгидан ушлаб туриб, унга дамини олишини ва эрталаб гаплашишини айтди. Лекин у бошқаларни намозга чорлаганда, меҳмон иккиланиб, қўмондондан бошқаларга қўшилиш учун рухсат сўради. Қўмондон эса яна аранг ўзини кулгидан тийиб, қаторга туришга рухсат берди.

Тонгда бу киши ҳаммадан эрта уйғониб, навбатчи зобит бошқаларни уйғотгунича, таҳоратини олиб тайёр турди. Музокаралар нима ҳақида бўлганидан хабарим йўқ, лекин у бизни асирлар қаторида кўрмагани, умуман, бошқалардан мутлақо ажратолмаганидан таажжубландим. Очиғи, у бу шафқатсиз ҳақиқатдан бехабар эдики, шахсан менинг ўзим ҳаётимни унга ишонмаган бўлардим. Ли ҳам шундай қилармикин?

45

Енг охирги воқеалар жараёни Лига бўлган яқинлигимни янада мустаҳкамлади. Негалигини биласизми? Бир тасаввур қилиб кўринг, бир ярим йил аввал у ўзининг Хитойида, Шинжон-Уйғуристонда асирга тушганини айтиб берди. Хитойликлар бошқа шарқликларга ўхшаб, жуда сирли бўлишади, шунинг учун мен аввал бошда унга ишонмайгина қарадим, лекин Ли Янги Ҳудудларни (Шинжоннинг таржимаси шундай) ўрганишга келган кишиларга таржимонлик қилганини сўзлаганда, ишонмай туролмадим. Айниқса, Франтсиядан келган Фарраҳ исмли мавристонлик продюсер хоним бошчилигидаги телегуруҳ билан ҳам бирга бўлганми-бўлмаганини сўраганимда, у бошини қимирлатиб маъқуллади. Тасаввур қиляпсизми, Ли айни мен таржима қилган гуруҳ билан ишлаган. Лекин бу ҳаммаси эмас, чунки «қўпорувчилик мақсади»да юрган гуруҳ билан ҳамкорлиги учун қамалган Ли турмадалигида бир америкалик диний пешво билан учрашади, унинг исми... топинг-чи, нима эди унинг исми, - ҳа, албатта, Лук! Бошида гарчи Ли инглизчани билишини тан олмаса-да, у кундаликларимни ўқиган, деб ўйладим. Бироқ, Ли ўзи ҳақида мен била олмаган баъзи тафсилотларни гапириб берганда, унга ишонишга қарор қилдим. Аввало, Лук мансабдорлар ундан хитойликларга қарши қўлёзма топиб олишганида қўлга олишганини Лига айтиб берган. Гарчи у қўлёзманинг қадимийлиги ва бугунги Хитойга мутлақо тегишли эмаслигини исботласа ҳам, уни тарихий ва диний тадқиқот ниқоби остида аксил-Хитой ғояларни тарғиб қилишда айблашади. Лукнинг ҳафсаласи анча пир бўлган чамаси, у қўлёзманинг замонавий Хитой билан алоқаси йўқлигига Лини ишонтиришга уринган. Унга кўра, қўлёзма Хитой Ҳукмдори кўплаб совға-саломлар билан бир турк шаҳзодасининг жанозасига юборган уч киши тўғрисида бўлган. Улардан иккитаси моҳир уста бўлиб, шаҳзода учун мақбара қуриш ва хитойча ҳамда туркча ёзувлар билан безаш иши шуларга топширилган. Лекин уччалови ҳам Турк Хони томонидан қўлга олиниб, Ҳукмдор номига ёзилган мактубларини уйғур тилига ўгиришади, қўлёзмада Хитой ҳамда дашт алоқалари билан боғлиқ масалалар баён этилганди. Шуларни ҳаяжонда эшитар эканман, воқеаларнинг ажойиб бир тарзда бир-бирига мос тушаётганидан яна қайта шубҳа гирдоби ичида қолдим, бироқ Ли бирдан ҳикоясини тўхтатди, чунки икки кундан бери қораси кўринмаётган тунов кунги киши қўмондонимиз билан бошпанамизга кириб келди.

У билан бирга яна бир бошқа йигит бор эди, элчи уни ўзининг жангари эмас, балки ҳақиқий вакил эканининг исботи сифатида келтирганди. Йигитнинг жангари бўлишни исташини, шу мақсадда тинч-тотувликдаги ҳаётини қўйиб, курашиш учун бу ёққа келганини айтишди. Бироқ жангарилар қўмондони уни яна бир асир каби бизга қўшиб қўйди. Ростини айтсам, у биздек бўлишга даъвогар эканидан кўнглим хижил бўлди ва «ҳақиқий» асир каби унга қарши юрагимда ғалаён уйғонди. Бечора йигит бўлса, на бизга ва на жангариларга қўшилолмай, аросатда қолди ҳамда элчига бошқа ишонмай қўйди.

46

Ҳозир у биз билан дўстларча суҳбат қурарди. Мен жангарилар ва Ли учун таржима қиларканман, тўғриси, терга ботиб кетардим, йўқ, фақат Лининг оғзидан чиққан баъзи қалтис гапларни таржима қилиш жараёнида эмас, балки шугина оддий хизматимни деб эътибордан маҳрум бўлишни ўйласам шундай бўларди. Ҳатто зийрак жангариларнинг

шубҳасини бир четга қўйиб турганда ҳам. Тасаввур қилинг, Ли франтсузчада айтган «Улар менинг бошимга сумка қўйиб қўйишса кўргани кўзим қолмайди. Нафасим қисилиб кетаётганга ўхшайман. Ҳар лаҳза улар мени дўппослаб қолишлари мумкин дея ўйлайман. Кейин эса муз қоплаган лойга тиқиб қўйишади ва намлик суяк-суягингга ўтиб кетгач, бақириб-чақириб хўрлашади... » Мен буни шундай таржима қиламан: «Ҳукумат кучлари устимизга бомба ёғдирганда, ундан ҳимоя қилиш учун исёнчилар бошимиз устига чидаб бўлмайдиган оғир сумкаларни қўйишга мажбурлар... » ва ҳоказо. Бунда айтадиган сўзларимни тарозига соламан, Лидан нимани назарда тутаётганини қайта-қайта сўрайман... Қисқа қилиб айтганда, бу мамлакатларда шундай гап бор: сих хам, кабоб ҳам куймасин...

47

Худди товламачига ўхшаб қолгандайман. Бу ҳикояни икки дақиқада ҳам айтиб берсам бўларди. Лекин бу каби бўлак-бўлак, баён кетидан баён қилиб ёзишдан нима тутиб турибди мени? Бу билан ҳаётимни сақлаб, вақтни чўзяпманми ё? Музокарачи элчи кетиб, унинг ўрни бўш қолди. Ҳикоям Билга-Хоқоннинг суюкли биродари Кул-Тегин ҳаётининг баҳоси учун асирга олинган кишилар хусусида эди. Хўш, қўққисдан тушган тош каби нечун самодаги бургут мисоли ўлжа учун ташланмасдан, фақат қанот қоқиб айланиб юрибман? Нега сизга Билга-Хоқоннинг ўзи шоҳона уйида, нима қилиб қўйгани ҳақида хавотир олиб ўтирганини айтиб бермаяпман? Балки у ҳам айни пайтда мен тушган аҳволда қолгандир? Ё бунга бошқа сабаблар ҳам бормиди?

Билга-Хоқон шоҳона ўтовида ажиб бир кайфиятда ўтирарди. Суюкли биродари Кул-Тегинннинг ўлимига мана бир ой тўлди, бу орада гарчи ғаму ғашликдан деярли фориғ бўлган бўлса-да, қандайдир бўшлиқ унинг ўрнини эгаллаб олиб, юрагини нурли иплар ва майин оғриқлар билан оҳиста тортар ва қитиқларди. Мақбаранинг қурилиши битай деб қолган, тошга ўйиб ёзилган, дунёнинг тўрт бурчидан келган меҳмонлар барча ақлу заковатни бирлаштириш мақсадида куйиб пишар, лекин англаш қийин бўлган бир нима жангчининг ҳувиллаган ва безовта кўнглини қийнаб турар эди. Бу жангу жадалларнинг йўқлиги ва тинчликдан қўрқувмиди? Тонгюқуқнинг маъқулламаслиги ёки ўғли Шаҳзода ЙЎлликнинг хитой Ичи Лянгнинг жанговор санъатидан завқ олишими? Даштликнинг кузги ҳаракати ва унинг устидаги само ва ё фурсатнинг вақтинчалик тўхтаб қолишимиди? Нима эди йўқса? У мақсадсизликни тушунишга ҳаракат қилди, сўзлар бўшлиққа тўсқинлик қилолмади, шу боис у бўшлиқдир ва ҳеч ким уни жиловлай билмас.

Ҳа, унинг барча меҳмонлари ўз эътиқод ва ишончларининг қаймоғини намойиш этиш билан банд эди, бироқ қандай тасаввур қилиш мумкинки, унинг ягона ўғли Шаҳзода ЙЎллик худосиз хитойлик генерал Ичи Лянгнинг санъатига ошуфта бўлиб қолса. Ҳақиқатда ҳам бу унчалик аҳамиятга эга бўлмаган факт, яъни болакайнинг кеча-ю кундуз душманнинг ҳайвоний ўйинлари билан овора бўлиши бошқа нарсаларнинг очилишига олиб келди: бирдан Билга-Хоқон ҳаёт ҳеч нарсага парво қилмай давом этишини англаб етди. Гарчи бир ой аввал биродарининг ғамида адойи тамом бўлганида, энди вақт тўхтаб қолади, кунлар ниҳоясига етади ва ҳаёт тугаб битади, дея ўйлаганди...

Ҳеч бундай эмас...

48

Негалигини билмайман-у, лекин тунлари киши ҳаммадан узр сўрагиси келаверади. Мен ҳам шундай. Музокарачи кетгач, узоқ вақт ухлай олмадим. Гарчи у кетиб, биз яна қолганимиз оғриқли ҳис уйғотса ҳам, бизни ташлаб кетганидан афсусланмайман. Кутилмаганда телегуруҳимга ачиниб кетдим, чунки ўша тун Фарраҳ ва унинг жамоаси мамлакатни тарк этиш олдидан хайрлашув кечаси ўтказганди. Улар чиндан ҳам доимгидай сохта кишиларга ўхшамас, Фарраҳнинг кўзлари бошқача порларди. Журналистлардан бири менга бир ҳикоя айтиб бергандики, унинг ҳақиқий маъносини шу асирликдаги тунда англаб етдим. У яқиндагина оиласи билан ажрашган ва уч қизи ҳам онаси билан кетганини айтганди. Мен на Эйнштейн ва на Эйсенштейнман, балки оддий бир журналистман ва бир кун умрим тугаса, ҳеч ким мени эсига ҳам олмайди, - деганди у. «Лекин бир қобилиятим бўларди: қизларим билан ўтирганимизда, шишадаги сувни стаканларга қуйишни одат қилгандим ва автоматик равишда тўртта стаканни ҳам бир хил миқдордаги сув билан тўлдиришнинг уддасидан чиқардим. Қизларим бундан катта завқ олиб, қийқириб юборишарди ва мен яна ўша ишни такрорлардим. Энди бўлса улар оналари билан мени ташлаб кетишди, бу қобилиятимнинг нечоғли аҳамияти қолди энди?» Шундай дея у чиндан ҳам бир хил миқдордаги ароқни тўртта стаканимизга қуйганди.

Уни нима деб юпатганимиз эсимда йўқ, лекин айни пайтда шуни тушуниб етдимки, уни юпатишнинг ҳеч бир йўли йўқ экан, оғриқларини кетказиш ва ёлғизлигини тўлдиришнинг имкони қийин экан... Ҳар томондан бизни ўраб олган бўм-бўш ва чексиз тун қўйнида унга жуда ачиниб кетдим. Ёлғизликдаги соқов садоларимиз худди чексиз коинот бағридаги митти юлдузларга ўхшаб кетарди...

49

Аввал айтганимдай, баъзан ҳаётдаги барча воқеалар бир ё икки кунгагина жамланади. Бу борада турклар шундай дейишади: «Йилнинг етти жумаси бир келди». Руслар: «Бу ер бўш, лекин бу ер зич». Эронийлар ва яҳудийлар бу ҳақда нима дейишганидан хабарим йўқ, лекин «Интерконтинентал» меҳмонхонасида мен юқоридаги икки мамлакатдан иккита факс олдим. Бири Ноамдан бўлиб, у нафақат мени эътиқодлараро анжуманга таклиф қилган, балки у ерда синхрон таржима қилиб мўмайгина пул ишлаб олишим мумкинлигини ҳам айтганди. Иккинчи факс Олмониядан жўнатилганди, унда бир футбол жамоасинининг бошлиғи Эронга норасмий сафар қилмоқчи экани-ю, мен таржимон ва йўлбошловчи сифатида жуда керак бўлиб қолганимни ёзибди. Гарчи тўсқинлик бўлмаса-да, бу икки мамлакатга боришга ҳам уриниш айёрлик бўлур эди. Қолаверса, шуни яхши билардимки, агар паспортингизга Исроил визасини олсангиз, Эронга бориш учун ҳеч қачон рухсат ололмайсиз ва аксинча. Лекин яҳудийлар анча мослашувчан бўлишади, шундай эмасми? Исроил консуллигида шароитимни тушунтирганимда, консулнинг ўзи шундай деди: «Қонунлар уларга амал қилиш учун эмас, балки четлаб ўтиш учун ишлаб чиқилади». Бу мингйиллик фалсафий гапдан кейин у менга паспортимга ёпиштиришимнинг ҳожати бўлмаган алоҳида виза қилиб берди. Эрон визасини олиш хамирдан қил суғургандай осон бўлди. Бироқ, шундан сўнг мен яна учинчи бир факс ҳам олдим. Унда қуйидаги ёзувлар бор эди: «Сенинг қаерга жўнамоқчи бўлганингни биламиз, лекин қаерда
бўлсанг ҳам топиб оламиз». Негалигини билмайман-у, лекин бу хатарни шаҳардаги портлашлар билан боғлаганим рост.

50

Гарчанд қаердан бошлаган бўлсам, худди ўша жойнинг ўзига қайтиб келган бўлсам ҳам, вазият у қадар аниқ эмасди. Менга хавф солаётган ким эди ва нега? Исроилликлар Эронга боришим эҳтимолини деб ва ёки аксинча ҳол учун мени хавотирга қўйишлари мумкинми? Яна нима бўлиши мумкин? Ё бўлмаса бир неча кишилар, жумладан, Лук ва Зевнинг ҳаётини ўрганганим учунми? Валаамов, Ат-Тоҳарий ёхуд бошқаларнинг юз йиллар аввал ўлиб кетгани энди менга таъсир қилиши мумкинми? Ўзимни жиноят содир қилган жойига қайтиб келишни кўзлаган жиноятчи сифатида ҳис қиларканман, шуни тушуниб етдимки, гарчи Исроилга ҳам, Эронга ҳам кетаётган бўлсам-да, ундан кейин Шинжон-Уйғуристонга қайтаман. Хавотирнинг сабабини аниқлай оламанми-йўқми, лекин аллақачон қатъий қарор қабул қилиб қўйгандим.

51

Қуддусдаги тайёрагоҳда мени террористларни текширгандай кўздан кечиришди. Қайсидир маънода бу менинг ишончимга ишонч қўшди. Улар барча борар манзилимни обдон суриштиришди ва мен агар шубҳали инсон сифатида мени назоратга олишса, ақалли шуларнинг ҳимоясида бўламан-ку, деб ўйладим ва анжуман ўтадиган жойларни ҳам, Ноамнинг уй манзилини ҳам қўшиб бердим. Хавфсизликка жавобгар қувгина хоним Исроилга киришимга рухсат бериши ҳамоно Ноам мени қучоқ отиб кутиб олди. Биринчи саволи нима бўлганини топинг-чи? «Фиона қани?» Ўзимнинг хавотир остида эканим етмаганидай, у ўтмишдаги оғриқларни ҳам кавлаштира бошлади. Шахсий ҳимоямни ўйлаб эҳтиётлик билан қурганим кейинги икки ойдаги воқеаларнинг барча қатлами бир уринишда сидириб ташланди. Яна қайта кучли шамол супуриб ташлашга уринаётган яланғоч ва ҳимоясиз ўсимликдай ҳис қилдим...

Анжуманда Фиона кўринмади. Лекин анжуман бошқа халқаро учрашувлар каби «комедия» бўлди. Инсоний беҳудалик ярмаркаси. Таржимон сифатида мен кераксиз шараф билан шуҳратни тортадиган тарози палласидай эдим. Иброҳим динларининг вакиллари учрашишди. Православ поплар қора ва бинафшарангли кийимда, Аҳмадия муллалари саллаларда, яҳудий олим ва раввинлар қора тсилиндрларда, камтар католик ва ўзига бино қўйган миссионерлар бир ҳафта давомида Муқаддас Шаҳарнинг турли бурчакларида учрашув ўтказишди. Анжуман барча динлар учун муҳим бўлган асосий масалалар, хусусан, замонавий дунёдаги СПИДга, маънавий инқирозга қарши кураш, глобаллашув жараёнидаги масалалар устида иш олиб борди. Анжуман дастури шуларни ўз ичига оларди. Лекин аслида уларнинг яхшилари ягона Оллоҳга шу кунларга, муқаддас жойларга зиёрат учун еткизгани учун шукрона айтишса, ёмонлари меҳмонхоналарнинг бар ва ресторанларида бўлажак эътиқодлараро ва халқаро алоқалар учун ўтиришди. Ҳатто бир гал ўзим таржима қилганим фоҳишабозлик ҳақида маъруза ўқиган руҳоний мени ўз хонасига ёш ва келишган офитсиант билан беодоб суҳбатларини таржима қилишга чақирганида ҳайрон қолдим, тез орада бу суҳбат бемаъни ва арзимас гапларга айланиб кетдики, мен
улар орасида тўғаноқ бўлишни истамай, ёлғиз қолдириб чиқиб кетдим. Қолаверса, мен ким бўпман уларга ҳукм ўқийдиган?

52

Ўн-ўқ қабиласидан бўлган Макрач Оллоҳнинг Мусо алайҳиссаломга туширган ўнта буйруғининг тошга ўйилган парчасини кўчириб олди. Булар Тангрининг ягоналигига имон келтириш, бутларга хизмат қилмаслик, Тангри номини беҳуда қўлламаслик, шанба кунлари ишламаслик, ота-онани ҳурмат қилиш, қон тўкмаслик, ўғирлик қилмаслик, зино қилмаслик, ёлғон гувоҳлик бермаслик, хотин ёки яқинларнинг мулкига зулм қилмаслик. У ушбу парчани Ўғуз-Билгага кўрсатди. Ўғуз-Билга дудуқ эди, шунинг учун у ёзувларни ўқишни бошлаганида, Макрач кулиб юборди. Тасаввур қилинг: Т-т-тан-н-г-г-
г-ри, я-гг-ооо-ннн-аа     бе-бе-бе (қўйга ўхшамай қол) дея ўқиётган эди, уни
тўхтатиб, ёзувни қайтиб олди. Гарчи Ўғуз-Билга дудуқ бўлса ҳам, ўнта буйруқни тўғри тартибда эслаб қололди. Макрач бўлса шанба куни ҳақидагисини эслаб қолди, унга қолса, шу буйруқлар ҳаққи ҳар кунини шанба деб эълон қилган бўларди, чунки барибир саналар тартибини унутиб қўйилганди. Тош ёзувнинг қолган қисмига келсак, Макрач уни содда қилиб саҳродаги дарёга ўхшаш ҳаётга менгзадики, бу дарё унинг қуриб қолишини ҳисобга олмаганда, баъзан қирғоқдан чиқмай сокин оқади, баъзан қирғоқдан тошиб кетади, баъзида эса бутунлай оқимини ўзгартиради. Макрачнинг Ўғуз-Билга билан бир ўтовдаги ҳаётига назар солинг. У кўп нарсани билгани учун ҳам Билга - оқил деган лақаб олган. Бироқ айни пайтда унинг оқиллигидан ёрдам кутса бўладими? Аслида бу унинг аҳволини бирор телбаникидан ҳам баттарроқ қилади. У ақлининг кўплигидан ақлдан озади. Бошқа бир тунда у Макрачнинг кўрпаси остига биқиниб олиб, кимдир уни доимо таъқиб қилаётганидан қўрқаётганини айтади. Макрач бўлса ён-атрофга қараб, ўтовнинг тешигидан тўлин ой ва биргина юлдуздан бўлак ҳеч нимани кўрмайди. Ўғуз-Билга эса баттар қалтираб, Макрачнинг елкасига тирмашади. Кейинроқ, Макрач орқасида, белининг пастроғида нимадир катталашаётганини ҳис қилади ва гарчи дастлаб ғазаб отига минган бўлса-да, юзини Ўғуз-Билгага қаратиб, унинг ширин уйқуга кетганини кўради. Макрач дўстини нариги томонга қаратиб, қўлларини Ўғуз-Билганинг елкасига қўяди. Охирги марта ўйлаган нарсаси шу эди: «Бу тун шанба туни эмас...»

Бу ҳикояни Ноам ўзининг Қуддусдаги арманилар кварталидаги уйига таклиф қилганда гапириб берувди. Мен унинг ягона меҳмони бўлганим учун (Фионасиз) ҳам икки нарсадан хавотирга тушардим. Бири - доим гомосексуал таҳқир ёки шунга ишорадан қўрқишим бўлса, иккинчиси - у мени Фионасиз таклиф қилган ва ишончим комил эдики, фақатгина Фиона ҳаққи менга ғамхўрлик қилаётган эди. Бу икки ноаниқликдан ҳам қочиш мақсадида суҳбатимизни унинг марҳум биродари Зев томонга буришга қарор қилдим.

53

Ли бизнинг жангарилар томонидан бошқа бир жойда қўлга олинган япон ёки хитой асирларини озод қилиш бўйича кечган музокара муваффақиятли бўлганини менга яширин тарзда айтиб берди. Навбатдаги умидли музокара бизники бўлиши мумкин. Бу
ерларга ўрганиб қолганимга қарамай, тунлари совуқ шундай забтига олардики, гарчи Лининг серсуяк танасига қапишиб олсам-да, бизнинг эҳтиёткорона яқинлигимиздан совуқ устун келаверарди. Шунинг учун Лига қулоқ соларканман, бунинг қандайдир олдини оладиган енгилликни ҳис қилдим. Кун бўйи мавзуга жуда эрк бермаганим ҳолда Лук ҳақида суҳбатлашишга ҳаракат қилдим. Лининг айтишича, у Лукни учратган жой қамоқхона эмас, балки қандайдир бир ҳарбий бошпана бўлиб, у ерда Лукни кечаю кундуз сўроқ қилишарди. Сайр пайтида улар бир-бири билан уч-тўрт марта кўришишган ва Лук ўша қонли қўлёзма тўғрисида гапириб берган. Лининг бошқа ҳеч нарса айтиб бера олмаслигини сезгач, эҳтиёткорлик билан ундан Зев ҳақида сўрадим. «Бу ақлдан озган бир бесоқолбоз ўн йил аввал ўлдирган ўша яҳудий йигитми?» - овозини кўтарди у. Гарчи воқеанинг иккинчи қисмидан ғоят таажжубга тушган бўлсам ҳам, бошимни қимирлатиб маъқулладим. «Ҳа, бир фоҳиша уни ўз акаси учун уйига таклиф қилганда, ўша телба уни рашкдан ўлдириб қўйган. Қолаверса, сенинг Лукинг унга эслатганки...» «Нима деган у?» «У йигит - оти нимайди - Зивми, Зевмиди, Лукнинг бу ерга келишига сабабчи бўлган ва қўлга тушган».

54

Бу Билга-Хоқонннинг Кул-Тегин вафотидан сўнг иккинчи бор барча меҳмонларни ўзининг шоҳона чодирида йиғиши эди. Ўтган тун у ғалати бир туш кўрганди. Оқ самовий қушлар унинг устида чарх урар ва аста-секин пастлар экан, темир тумшуқли қушларга айланиб, ён атрофдаги ҳамма нарсани чўқий ва бирдан Билга-хоқоннниг ўтовини майда-майда бўлакларга ажрата бошлади. Қушларнинг бири унинг ўғли ЙЎллик-Тегинга чанг солди, Билга эса унга томон отилган эди, шу пайтнинг ўзида бошқа бир қуш унинг хотини Побекага ташланди, Билга ўзини йўқотиб қўйди, лекин устига бостириб келаётган темир панжали қушга кўзи тушар экан, унинг чангалига тушмасдан аввал даҳшатдан уйғониб кетади...

У ана шу қўрқинчли тушнинг таъбирини билишни истарди. Меҳмонлар бир-бири билан пичирлашиб туришарди. Билга уларнинг ҳар бирини алоҳида-алоҳида сўроққа тута бошлади. Несториалик генерал Удар-сенгун ҳалиям армани роҳибни кутар (Кул-Тегиннниг хотини Кўрк-хотин ваъда қилган), ўзи туш таъбирини айтишда нўноқроқ эди, бироқ ҳарбий бўлгани учун биринчи ҳамланинг маъносини англагандай шундай деди: «Менинг назаримда, ҳарбий қўшин сизнинг устингизга бостириб келаяпти ва сиз уч жабҳадан туриб жангга киришасиз... » Ўн-ўқ қабиласидан бўлган Макрач Удар-сенгуннинг фикрига қўшилмади ва бунга насронийларнинг учлик билан боғланиб қолганларини сабаб қилиб кўрсатди. У Билга-Хоқон устида неча қуш учиб юрганини сўраган эди, Хўжайин «тўққиз-ўнта» деб жавоб берди ва Макрач ҳаяжонини яшира олмади. У: «Ўнта қуш Тангрининг ўн буйруғи ва уларнинг баъзисини Билганинг хотини, ўғли ва ўзи амалга ошириши керак» деди. Лекин унинг сўзини Қирғиз Хонининг элчиси Тардуш Инончи чор бўлиб қўйди. У дўмбирасини олиб куйлай бошлади:

Бири иккинчисин қўшиқларига
Қулоқ тутган қушдай тинглайман сени
Ўзгалар устига ташланган қушдай
Ҳақиқатдан ҳамла бор менда.
Чанг солинган қаҳрамон ва аҳлининг боши

Кўк Турклари асири (роман). Ноуман Смайлз Само учун жуда катта ўлжа бўлгуси...
Сўғд Шаҳзодаси шоҳона қадр-қимматсиз ўз Манихеан кўринишини очмоқчи бўлганида, у ҳали қўшиғини тугатмаган эди. У овозини чиқариб ўқиди: «Яралмишнинг беш турига тааллуқли - биринчидан, икки оёқли одамлар, иккинчидан тўрт оёқли ҳайвонлар, учинчидан, учиб юрувчи жониворлар, тўртинчидан, сув остидаги барча нарсалар, бешинчидан, судралиб юрувчилар; биз, ер юзида гуноҳларимизга ўралашиб юрганлар, эй Худойим, биз уларни қўрқитиб юрдик, биз уларни саросимага солдик, тўнтариб ташладик, дўппослаб ўлдирдик; биз шу қадар гуноҳкор ва айблимизки, ҳозир бир уринишда ўзимизни гуноҳнинг чангалидан қутқазиш учун сендан ўтиниб сўраймиз: гуноҳларимизни мағфират қил, Оллоҳим...

Унинг орага кириши аввалги Тардуш Инончи Чўр каби шу қадар кучли бўлдики, ҳамма жим қолди: баъзилар илҳомбахш ғоядан, баъзилар кучли таъсирдан, бошқалар нафаси ичига тушиб кетганидан. Бир лаҳза ўтиб, Билга Хоқон бу тинчликни бузиб, тибетлик Буленга мурожаат қилди...

55

«Бир бор экан, бир йўқ экан, бир шаҳар ва унинг собиқ қотил ҳукмдори бўлган экан, -деди Булен халқ услубида. Лекин у ўзини ўзгартирган бўлиб, кунларнинг бирида қизининг балоғатга етганлиги муносабати билан зиёфат беради. Бунинг учун кўплаб мол, қўй, чўчқа, товуқ ва ўрдак сўйдиради. Зиёфатдан ўн кун ўтгач, ҳукмдор бирдан ҳолсизланиб, аста-секин сўла бошлади. Алал-оқибат унинг умри ўз ниҳоясига етади. Эшитган киши борки, кўз ёш қилиб, қаттиқ изтиробга тушади. Бироқ кўмиш маросимида ҳукмдор бирдан тобутдан қўзғалиб, ўрнидан туради ва ейиш учун овқат сўрайди. Йиғилганлар даҳшат ичра қолишади ва қочишга тушадилар, лекин ҳукмдор уларни қўрқмасликка ва унга қулоқ солишга чақириб, шундай дейди: «Мендан қўрқмангиз, мен нариги дунёга бориб қайтиб келдим, холос, ва энди сизга ўша ёқдаги саргузаштларимни айтиб бераман». Шундан сўнг одамлар ортга қайтишади. У гап бошлайди: Қачонки умрим тугаб ўла бошлаганимда, тўрт шайтон олдимга келди. Бирининг қўлида қамчи, иккинчисида арқон, учинчисида қисқич бўлиб, тўртинчиси отда ўтирган қўмондон эди. Шайтонлар мени қўмондон айтган жойга келтиришди. Унга яқинлашганимда бир ҳужжатни ўқиб эшиттирди. Бу зиёфат куни сўйдирганим ҳайвонларнинг шикояти эди. Уларнинг айтишича, аввалги ҳаётларида инсон бўлиб туғилишган, лекин гуноҳлари сабабли ҳайвон каби қайта дунёга келишган. Улар ҳайвон бўлиб ўз гуноҳларини юваётган пайтларида мен уларни сўйишга буюриб, инсон каби яна қайта туғилишларига эмас, балки ўлимга маҳкум этганман.

«Шуларнинг шикояти сабабли биз сени олдик», - деди қўмондон ва қолган уч шайтонни ҳам ҳузурига чақирди. Бири бўйнимга арқон солди, иккинчиси бўғиб, нафасимни қисди, учинчиси бўлса қўлига қамчи ушлаб, таъқиб қилаверди. Улар: «Кун, ой ва йилларнинг ҳали тугамай туриб, нима учун сени олганимизни биласанми?» деб сўрашди. Мен дедим: «Эй ҳурматли жаноблар, нечун энди келиб-келиб мени, ахир атрофимда қанчадан-қанча киши ҳайвонларни сўйиб, қурбонлик қилаётганлиги учун ҳеч бир жазо олмаяпти-ку? Соддалигимни кечиргайсиз!» Шуларни эшитаркан, шайтонлар дейишди: «Шоҳимизнинг саройида сени ўттиз турли яралмиш кутмоқда. Улар сени темир кўз ва темир юз билан

кутиб олгай. Қочиб қутулишнинг ҳеч имкони йўқ.» Улар мени уриб-ниқтаб таъқиб қилишга тушдилар. Қўрқувдан ялиниб ёлвора бошладим: «Эй, меҳрибонлар, модомики, қутулишнинг иложи йўқ экан, бояги айтганингиз яралмишларсиз шоҳнинг ўзини қандай кўрсам бўлади?» Улар дейишди: «Эй инсон фарзанди, агар сен уларнинг қотили сифатида афсус чексанг ва шу надомат ва покиза қалбинг билан Буддамизнинг коинот рўпарасида турган ялтироқ, дунёларга нур таратиб турган шоҳона китобини тўлалигича қайта ёзиб чиқишга ваъда берсанг, бу азоб-уқубатлардан қутулишинг мумкин.»

Бу сўзларни эшитган заҳоти қилган хатоларимга афсус-надомат чекдим ва дарҳол ҳамма нарсанинг олдида турган нурли китобга амал қилишга ваъда бердим. Мен бу ишим билан ўлдирган ҳайвонларимнинг кейинги ҳаётларини сақлаб қолишимга қаттиқ ишондим. Мен баланд овозда хизматимни ўташга тайёрлигимни билдирдим ва шундан сўнг биз шаҳарга кирдик. У ерда ҳамма нарсадан юқорида Озодлик Қиролига кўзим тушди. Унинг қаршисидаги ялангликда беҳисоб тутқунлар худди мен каби қилган гуноҳлари учун бақириб-чақириб туришар, водийни безовталик ва уруш-жанжал тутиб кетганди.

Шайтонлар мени келтиришганини Шоҳга билдиришди. Озодлик Қироли шундай деди: «Унинг айби ғоят катта, у ниҳоятда гуноҳкордир. Нега уни бунча кеч олиб келдингиз? Ҳозироқ бориб унинг ўртачисини келтиринг!» Шайтонларим ташқарига чиқиб менинг ҳимоячиларимни ахтариб бақира бошлашди. Ҳеч кимдан садо бўлмади. Улар Шоҳнинг олдига қайтиб келиб, мени ҳимоя қила оладиган ҳеч ким йўқлигини айтишди. Озодлик Қироли уларни иккинчи ва учинчи бор ортларига жўнатди. Лекин улар бир кишини ҳам топишолмади. Мен энг ёмон нарсага ҳам тайёр турганимда, Беш ЙЎлнинг Эгаси Шоҳга нома йўллади. Унда менинг айбимга иқрор бўлиб, тавба-тазарру қилганим, сўйилган ва азобланган ҳайвонларни асраб қолиш ва ҳаётга қайтариш мақсадида нурли китобга амал қилишга ваъда берганим баён этилганди.

Озодлик Қироли уни ўқиб чиққач, баланд овоз билан деди: «Гарчи шу қадар кўп ҳаётга зомин бўлган эсанг-да, уларни асраб қолиш ва озод этиш воситасини уддалай олдинг. Майли, сени қўйиб юбораман, лекин бундан буён ер юзида ўлдириш, зулм қилиш, бузғунчиликлар қилиш сенга ёт бўлсин ва фақат савобли ишлар билан шуғуллан!» Шу тариқа янги ҳаёт қуриш учун уйғониб, ўрнимдан туриб кетдим, - деди ҳукмдор».

Бу ғаройиб ҳикояни эшитгач, жанозада ҳозир бўлганларнинг барчаси Нурли Шоҳона Китобнинг қўлёзмасини излашга тушишди ва у эски бир ибодатхонадан топилди. Шундан сўнг бу китобдан нусхалар кўчириб, кўнгилларини тозартиришга ва руҳларини асрашга киришдилар.

56

Мутлақо кутилмаганда, оғайниларимдан бири - Ли биланми, Лук ё Зев биланми ёхуд бошқа биров биланми юрганим тушимга кирибди. Бир тўда шайтонлар олдимизга келганда, ҳар кунги ишимизни қилаётган эканмиз. Тушимнинг биринчи қисмини эслолмасам-да, иккинчисини аниқ-тиниқ эслайман. Мен чигитнинг фарқига бора оламан. Оғайним мендан шуни сўраганида, уни одамлар уруғларни вагонларга ортаётган омбор томонга темир йўл ёқалаб бошлаб бордим. У ерга келганимизда машина қўзғалишга тайёр турган эди, ҳайдовчи эса саволимизга жавоб ҳам бермай ўзи билан
бирга юришимизни таклиф қилди ва у билан далаларни оралаб елиб кетдик. Машина тезликни оширганида, ё қарши томондан келаётган шамолни ё тезликни деб, унинг қисмлари ошқовоқнинг пўсти каби бир-бир ерга тушиб қола бошлади. Бу жуда қўрқинчли ҳол эди, бироқ темир йўл ёқасидаги пахта даласига етиб келганимизда, бир аёл йиғлаб чиқиб, ҳаётидан нолий бошлади, у оиласининг куни чигитдан ҳам баттар бўлган кунжутга қолгани ҳақида сўзларди.

Аёлдан узоқлашиб, ортдаги стантсияга пиёда қайтарканмиз, бирдан ер қимирлаб, темир йўлларда қаттиқ портлашга ўхшаш нимадир гумбурлади, келаётган аниқ Шайтон эди. Унинг одамлари аллақачон бизнинг орамизда бўлиб, уларнинг биридан «келаётган чиндан ҳам Иблисми?» деб сўрагандим, у «ҳа» дея тасдиқлади. У ўрта ёшлардаги қора сочли, сузик қоракўзли, ғаройиб юзли ва қоп-қора кийимдаги киши экан. У бизга бир қараб қўйди. Ўша ерда бу кишининг Иблис эканинин биладиган бошқа бир йигит ҳам бор эдики, ҳайратланарли томони, у қўрқиб турган иккинчи груҳга қўшилиб кетди. Биз ўша томонга қарай-қарай, хайрлашмасдан кўча, маҳалла ва шаҳарни ташлаб, тез-тез юриб кетдик. Сўнгги текширув жойи - бозордан ўтганимизда, қовун сотаётгандай ўтирган тарозибонга кўзимиз тушди ва улар ортимиздан таъқиб қилиб келаётгандай, яна темир йўл тарафга қоча бошладик. Тилла жингалак сочли йигит боя Иблисми йўқми деб сўраганим киши эканини сезиб қолдим, ё тавба, турган жойини ва ишини шунчалик тез ўзгартирадими улар, дея таажжубга тушдим...

Темир йўл бўйлаб қочиб бордик. Иблис тарозисини ташлаб ортимиздан қува бошлади. Икки юз метрдан кейин у бизга яқинлашиб келди, лекин биз урушишга тайёр турдик. Гарчи Иблиснинг енгилмаслигини билсак ҳам, унга қарата ўқ уздик, бу ўзимизни кенг бўшлиққа чиқиб олишимизга етарли фурсат берди. Бу осмон билан ер орасидаги бир жой эди. Мен Аллоҳдан ёрдам беришини сўраб ёлвордим, икки-уч сония ичида булутли осмон кўринди. Илтижо қилар эканман, бирдан осмон тўнтарилиб, чакалокзорга тушиб қолганимни англадим. Улар орасидаги сўқмоқ трубасимон бўлиб, темир йўл уфққа томон торайиб кетгани учун, сўқмоқ ҳам тор ва қоронғилашиб борарди. Иблис бошлиқ гуруҳ ортимиздан бир қияликка қадар таъқиб қилиб келди. Улар шундоқ кетимизда ўтиришарди. Тиканаклар кўкрак қафасимизни қисиб келаверди. ЙЎл қоронғилашгандан қоронғилашаверди ва чангалзор бутунлай ўтишга йўл бермай қўйди. Мен аранг, инқиллаб-синқиллаб уларни четлаб ўтишга уринар, олдинда жиндай бўлса-да ёрдам қўлини чўзадиган бирор нарсадан умидвор интилардим. Қоронғилик ва қўрқинч, умидсизлик ва тушкунлик ичра бир жойда қотиб қолганимда, бирдан олдимдаги эшик ёруғ бир кунга очилганини сезиб қолдим... мен уйғониб кетгандим...

57

Шундай қилиб тибетлик Бюлен ўз шарҳини тугатди ва тасбеҳ ўгира бошлади. Аслида Билга-Хоқон аллақачон Табғач-хондан келган Ичи Лянгга қараб турарди. Ўғли ЙЎллук-Тегин ёнида шогирд ўз устози билан ўтиргандай ўтирарди. Хитойлик генерал ўз шарҳини шунчалик паст товушда бошладики, шундоққина ўтов ёнида отнинг кишнаши унинг овозини босиб тушди. «Хитойлар қандай қилиб ўзларига эътибор қаратишни яхши билишади» -ўйлади Тонгюқуқ жаҳлини ичига ютиб. Ичи Лянг туш таъбирлаш ўрнига, соддагина қилиб марҳум акасидан ҳокимиятни мерос қилиб олган Хитой Императорининг ҳоли не кечганини айтиб берди. Темир қушлар ёхуд аждодлар руҳи - «шанлар» унга ҳамла қилгани келган ва
у ҳокимиятни бошқаришдан аввал Фалак билан муносабатини аниқлаштириб олиши лозимлигини англаб етган. У ерда бир генерал бўлиб, гарчи у тирик бўлса ҳам, «шанлар» даражасига етган ва бу каби руҳий ҳолатларни яхши биларди. Шунинг учун Императорга акасининиг хотирасидан қутулиш учун бир гулхан ёқишни ва шундан кейин яшаётганлар ва руҳлар ўртасида янги қонун ва тартиблар ишлаб чиқишни айтади. Олов саройни ва у билан бирга марҳум аканиниг хотирасини ўчириб ташлагач, Император ўз генералини тириклар ва ўликлар учун ёзилган қонунларнинг икки китобини сақлаётган адирдаги бир устоз олдига юборади. Кунларнинг бирида махсус маросимдан кейин Император китобларнинг биринчисини очиб ўқийди. Одамларнинг бахтига барча қонунлар бир хил эди. Шундан кейин у иккинчи китобни олиб, қўрқинч ичра Императорлигини ўз ўғлига қолдиришини ўқийди ва шу тариқа «шанлар» иерархиясини бошқариб боради... Мана шу нарса Фалак қонуни эди...

Ичи Лянг жим қолди, лекин от яна бир кишнади-ю, Тонгюқуқ сокинликни бузиб юборди...

58

Ноам гапимни бўлиб, уялмасдан акаси унга ғамхўрлик қилмаётганини айтди. У менга қараб кулди ва мен бу қарашдан титраб кетдим. Ростини айтсам, мен бу каби ака-укаларни жуда яхши биламан, уларнинг марҳумларни кўрарга кўзи йўқ, жанозага эса қалин китобларни кўтариб келиб, маросим давомида жамоатчилик ичида кўзбўямачилик қилиб, баландпарвоз парчаларни ўқиб ўтиришади. Бундайлар тобут ичида ётган марҳум биродарларидан кўра, уларнинг сояларига кўпроқ марҳамат кўрсатишади.

59

Барча динлар анжумани бир текисда давом этаётганди. Бироқ, бир сафар Олтой Шомон анъанасининг асосан «чуқур томоқ овози» билан куйлаётган ва қолган вақтда беўхшов гапларни гапирадиган ғалати бир вакилига таржима қилиб турганимда, Лама сектаси ноиблари намойишкорона анжуман залини тарк этишди. Сессияни бошқариб турган яҳудий раввин куйлашни ва таржимани тўхтатиб, поплар, муллалар, епископлар, пресвитерианлар, квакерлар ва бошқа мормон ва руҳонийлар орасидаги қизил кийимли «биродарлар» сектасига мурожаат қилди. Лекин улар эътибор бермай чиқиб кетаверишди, ваҳоланки уларнинг таржимони президиум томонга юриб, менга баёнотномани топширди, бу бизга ўхшаган интеллктуал пролетарлар бирлигининг белгиси эди. Мен баёнотни очиб, ундаги «...нинг Муқаддас Номи билан... - Норозилик номаси» деган сарлавҳани кўришим билан дарҳол уни раис жанобларига узатдим. Ўртамиздаги Шомон эса куйлашдан тўхтаб, жимгина кутиб турарди. Раввин қоғозни дуо каби очиб ўқиди ва ҳеч бир иккиланмасдан танаффус эълон қилди.

Кейин нима бўлганини билиб олдим. Лама сектасининг аниқлашича, православ бўлмаган мустақил руҳонийлардан бири бу ерда Будда роҳибларидан бирининг қиёфаси хунук ва ҳақоратли тарзда тасвирланган китобни тарқатиб юрган ва гўёки у кунига икки марта Шайтонга ибодат қилармиш. Бу китобни ҳеч ким ўқимади, чуни у нидерланд ё дат тилида эди, лекин бирдан бу масала эътиқодлар ўртасидаги қайноқ тортишувга сабаб бўлди,
фақат кимнинг қайси томондалигини ҳеч ким билмасди. Раис жаноблари махсус транс-еътиқодий комиссия тузди ва мен тилмочлик қилиб анча пул ишлаб олдим. Ушбу комиссия барча иштирокчилар ва қизиқувчиларнинг далилларига қулоқ тутиб, уларни таҳлил қилиш билан шуғулланди. Гарчи православ бўлмаган мустақил руҳоний ҳалиги китоби ва ҳақоратланган сектанинг катта-кичик роҳиблари билан кўринмай қолган бўлса ҳам, қолганлар улардан жуда хафа бўлишди. Анжуманда Салмон Рушдий ва Усома бин Ладен ҳақида ҳам гапирилди. Раис жаноблари фатво Пайғамбар (с.а.в.)ни деб бўлмаганлигини, балки чет элда яшаётган Имомнинг ўз тасвири туфайли бўлганини зиммасига олди. Деобандилар комиссияни ҳам, анжуманни ҳам тарк этишди. Раис жаноблари дарҳол ўз раислик лавозимидан бўшашини эълон қилди. Тарафдорлари унга ва унинг бўшанглигига қарши чиқишди. Православлар уларни анжуманга қарши чиқишда айблади ва ҳоказо ва ҳоказо. Ҳеч ким, ҳатто ғойиб бўлган Ноам ҳам бу тўқнашув ва жанжални, глобал эътиқодлараро муносабатнинг синишини бостира олмади, алал-оқибат, қолган-қутган маблағ, олийжаноблик билан, ҳалиям шу ерда қолган ташкилотчилар билан менинг ўртамда тақсимланди.


60

Ҳа, айтганча, бир гал мен оддий Ламани (Монголия ва Тибетдаги буддист роҳиблар) эмас, балки буюк Далай-Ламани учратганман. Бу Москвада рўй берган бўлиб, таржимон ва бошловчи сифатида Болтиқбўйи ёзувчилари делегатсиясини бу ерга олиб келгандим. Ўшанда қайта қуриш даври эди. Гарчи Далай-Лама тибет тилида гапираётган бўлса ҳам, мен унинг гапларини тушуниб турардим: «қуролсизланиш», «зулм қилмаслик», «янги эра» ва «янги глобал тартиб» кабилар. Кулгили одам. Мен уни гипноз қилишга урингандим, ақалли сирли алоқа ўрнатишга интилдим, йўқ, бари бефойда бўлди, у ҳаддан ортиқ сиёсий тус берганди ўзига. Ҳафсалам пир бўлганди ўшанда. Маърузадан сўнг, мезбонлар ўзларини ақллироқ кўрсатишга уринишганда, Далай-Лама бунинг аксини қилган ва ёзувчилар уни тавоф қилишга тушишганди. Ҳануз эсимда, динни янги қабул қилган Болтиқбўйи делегатсиямиздаги хонимлардан бири Ҳазратнинг олдига яқинлашган, бир қадам - жилмайиш, яна бир қадам - яна жилмайиш, учинчи қадам - жилмайиш ва эгилиш, шу тариқа Далай-Ламанинг муқаддас қўлига етгунча, аёлнинг ичидан сув келиб, бўлари бўлиб бўлганди... Ўша учрашувдан қолган хотира мана шундан иборат.

61

Мен Лининг аслида жуда кўп нарсадан хабардорлигига шубҳа қилардим. Мисол учун, ушбу бобга келганимда, у қалин дафтаримга ишора қилиб «Мана энди бу мустаҳкамроқ бўла бошлади» деди. Бу билан нимани назарда тутган? Олтмиш биринчи бўлакда жангариларимиз ҳаракатининг тайёр баёнидан қочган бўлармидик? Ҳа, чиндан ҳам «таржима» деб аталувчи икки-уч турдаги олтмиш баёнотдан сўнг, энди янги баёнотни таржима қиляпман, дея олмайман, чунки бошқа янгисининиг ўзи йўқ. Хўш, нима қилмоқчиман? Аввалги бобга сайқал беряпман деб ўтиришим керакми? Ё шахсий масалаларни ёзяпман, дейинми? Улар мени ўлдиришган бўларди. Лекин агар ёзишни тугатсам, шу мени ўлдиради. Шу ўйлар билан чалғиб ўтирганимда, Ли таклиф киритиб қолди: «Менга инглизча ўргатсанг бўлмайдими, мен эса сенга хитойчани... » Бу бир баҳона
бўлиши мумкин эди... Аслида Ли охирги гапни баланд овозда айтгани йўқ, мен буни сездим ва бу гап айтилмаган, деб ҳисобладим.

62

Бир ҳафта ичида ҳаётимизда кескин ўзгаришлар содир бўлди. Жангарилар тоғни кесиб ўтиб, Афғонистоннинг Бадахшон вилоятига ўтишга қарор қилишди. Назаримда, бу узоқ йўл эди. Ли уларнинг япон асирлари учун катта ўлпон олганликларини айтди, бироқ биз билан ҳеч кимнинг қизиқмаётганини кўрган қўмондон, водийга бориб маҳаллий ҳукуматга сотиламизми ё шу бошпанамизда қолиб, қишни ўтказамизми ва ёинки Бадахшонга борамизми, шу ҳақда биздан сўради. Бу менга эртакдаги уч йўлни, яъни борса келар, борса ё келар, ё келмас ва борса келмасни эслатди. Афсуски, айни ҳолатимизда қайси йўл қанақа эканини билолмасдим. Ли бўлса ақалли ўз Ватанига яқинроқ бўлишни ўйлаб, улар билан бирга боришга қарор қилди ва шу билан танлаш имкониятини ҳам йўққа чиқарди. Агар водийга борсам, ёки шу ернинг ўзида қолсам, улар мени кераксиз гувоҳ дея ўлдириб юбормасликларига ким кафолат беради? Шунинг учун ҳам уларга қўшилишга маҳкум эдим...

63

Тоғли Бадахшонга кетишимиздан аввал қўмондон қаердадир охирги марта эски элчи билан учрашди ва биз билан бирга қолдирилган йигитга хат олиб келди. Қўмондонга содиқ қолиш учун у мактубни ўзи очмади, шунга қарамай, мен унинг хат мазмунидан шубҳаланаётганини сездим. Балки у мана бундай ўйлаётганди: «Сенинг вазифанг тугади, базага қайт». Сабримиз чидамасди, лекин мактуб мазмунини билгач... Йигит хатни ўқир экан, кўкариб кетди ва кутилмаганда, телбаларча кула бошлади ёки хиқиллаб қолди...

Мактубни унинг холаси ёзган бўлиб, унда йигитнинг ота-онаси у кетгандан бир ҳафта ўтиб ўзларини осиб қўйишгани ёзилганди. Йигит ақлдан озиб қолди, лекин ҳарбий қисм уни ўзи билан олиб кетди ва шундан бери у биз билан бирга турадиган бўлди.

64

Оқил ва кекса Тонгюқуқ «Билга уларнинг бари бизнинг душманимиз бўлгани, ҳозирда шундай экани ва келгусида ҳам душман бўлишини ёдда тутармикин?» дея ўйларди. Билга Хитой Императори, Ўн-ўқ қабиласи ва Қирғиз хоннинг ёғийимизлигини унутгани йўқми? Улар бирлашиб бизга қарши уруш очишган эди-ку. Улар шундай дейишган: «Агар биз уларга қарши жанг қилмасак, уларнинг жасур хоқонлари ва доно вазирлари бор экан, бизга ҳеч омонлик йўқ ва бир кунмас бир кун албатта барчамизни қириб ташлайдилар». Шу гапларни билганимдан сўнг, тунлари на кўзимга уйқу келди, кунлари на бир завқ олишни истадим. Ахири қарор қилдимки: «Агар биз биринчи бўлиб қирғизларга қарши юриш бошласак, тўсатдан уларни эсанкиратиб қўйишимиз ва қўлга олишимиз мумкин».
Юриш учун Когман орқали ўтадиган биргина тор йўл бор эди, у ҳам бўлса буткул қор билан қопланган. Агар шу йўлдан борганимизда, яхшиликка олиб келмаслиги аниқ эди. Мен бу ерларни яхши биладиган бирор кишини ахтариб, уни Аз қабиласи орасидан топдим. У шундай деди: «Ани дарёси ёқасида бир сўқмоқ йўл бор, кенглиги битта от сиққулик холос». У бир гал шу ердан юрганини айтди. «Агар бу чавандоз ўша жойларда бўлган бўлса, биз ҳам ундан ўта оламиз», дея қарор қилдим.

Билга бу ҳақда эшитганми-йўқми, билмадим, лекин бобоси Элтариш-ҳоқондан изн олиб, қўшинимга юриш бошлашни буюрдим. «Дарёга отда тушаверинг», дедим уларга ва Оқ-Термел дарёсини кечиб ўтдик. Шундан сўнг от устида турган ҳолда қорни ёриб киришга буюрдим. Мен ва бошқалар отларимизни олдинроққа қўйиб юбориб, ўзимиз дарахтларга тирмашдик. Олдиндаги қўшин қорни суриб, йўлни очиб борди ва шу тариқа тоғдан ўтиб олдик ҳамда пастга аста сирғалиб туша бошладик. Ўн кеча кундуз пиёда қор ичида йўл босдик. ЙЎлбошловчимиз йўлдан адашди ва бошидан жудо бўлди. Шунинг учун Ҳоқон шундай деди: «Шошилингиз! Ани дарёси ёқалаб юрамиз!» Шундай қилиб дарё бўйлаб юрдик ва отларимиздан тушиб, неча киши қолганини ҳисобладик. Отларимизни дарахтларга боғлаб, куну тунни унутиб, қирғизлар ичига юрдик.

Уларнинг устига ухлаб ётган пайтларида ҳужум қилдик. Қуролларимиз билан сўқмоқ йўлни очдик. Уларнинг Хони ва қўшини тўпланди. Биз уларга ўқ отиб, илма-тешик қилдик ва хонларини ўлдирдик. Қирғизлар тор-мор этилди ва бўйсундирилди. Шундан сўнг Когман йўли орқали ортимизга қайтдик».

Кўринадики, ҳеч ким бу ҳақда эсламайди. Бугун яшаётган ҳар бир киши мудраётган дунёда яшайди ва биргина етим от доно Тонгюқуқнинг хаёлини бўлиб, ўтмишдги урушларни эслаб кишнайди холос...

65

Агар шу ерда саргардон бўлишимни билганимда, бир боғ сомон ғамлаб қўйган бўлардим. Ўн кечаю ўн кундуз Худо урган Тоғли Бадахшонга қараб сафарга чиқишимизни ким билибди, дейсиз. Кундузи ҳужумлардан ҳимоя қилади, дея ғор ва тоғ ёриқларида яшириндик, тунлар санғиб юрган оч тулкидай йўл юрдик. Ҳамма бир-бирига боғланган эди, фақат биз - мен, Ли ва телба йигит бошқа занжирда эдик, арқонннинг учи бўлса, қўриқчимизнинг қўлида. Телба тихирлик қилиб, осилишга тушган эди, қўриқчи уни арқоннинг учи билан савалаб ташлади ва бола пақир инграб, ўз қилиғидан пушаймон
бўлди...

Инсон қалби энг охири музлайдиган нарса ва бошқа ҳеч нарса қолмаганда уни ичингда олиб юриш шу қадар азобки... Оёқларга кунда икки бора арақ суртасан, лекин арақни ҳам, босган қадамингни ҳам ҳис қилмайсан, бармоқларингдаги тирноқлар оғриққа михлангандек, шамолда қовурилган юзинг энди сеники эмас, аммо қалб... У асло музламайди, у борган сайин совуқдан қисилиб боради, ким билади нега, шунинг учун уни ташқарига тортиб чиқаролмайсан ва у ўртаниб, азоб чекаверади...

Барча воқеаларни кунма-кун эслаб қолмаганман, бу хотирда ёрқин доғ қолдирган, эсда кўп ҳам турмайдиган бемаъни нарса холос ўзи. Бўшлиқ қоронғи ва қовоғи
солиқдай: қор тун қўйнига осмондан тушиб келади, қўмондоннинг ҳўл қор тагида йўқолган чироғи: ҳеч ким хавфсизроқ жой ёки жарликнинг қаердалигини билмайди, фақат арқонни бўшроқ ушлаган ҳолда хавфсираб юришдан ўзга илож йўқ, мабодо бирор киши қулаб, ҳалок бўлса, зум ўтмай сенинг ҳам бор-йўқлигингга кафолат йўқ...

Юмшаётган тонна-тонна қорга, музнинг металсимон қатламларига қарамай, дарёнинг шовқини бир зум ҳам тўхтамайдиганга ўхшайди. Ё бу шунчаки бошдан охиригача бизни таъқиб қилиб келган саробмикин? Ё бошқа нарсами?

Мен юришимизнинг энг сўнгги кунини яхши эслайман, лекин охирги кун бўлмаганда, эслаб қолган бўлармидим-йўқми, ишончим комил эмас. Тунда кетар эканмиз, бирдан тоғ тугаб, қорлар ўрнига олдимизда узун кенглик кўринди ва ҳаммамизнинг кўзимиз яқиндагина изиллатиб турган шамолдан кейинги иссиқ ҳавонинг уфуришига ўхшаган шайтоний оловларга тушди. Қўмондон тўхташимизни ва йўл сумкаларимизни қўйишни буюрди. Биз арқонларимиздан бўшалгандик, телба йигит ҳалиги оловга қараб зорлана бошлади. Қўриқчи унга эътибор бермади, балки унинг ҳам кўнглида худди шундай ҳис ғимирлагандир. Қўмондон бизни санаб чиқди ва охирги марта олов ёқиб, сўнгги картошкаларни пиширишимизни айтди. Арақларимизнинг кўп миқдордагиси ичимиз ва ташимизни қизитиш ўрнига, олов ёқиш учун сарфланди. Оловни таналаримиз билан ўраб олиб, охирги бурдани еб тугатганимизда, қўмондон шундай деди: «Биз уларни ухлаб ётган пайтларида қўлга туширамиз!»

Тоғ қишлоғини эрта азонда ишғол қилдик. Ҳатто Ли билан менга ҳам пулемёт бериб, қўриқчимиз билан бирга тоғ четидаги энг кичик уйни олишга жўнатишганди. Гарчи отиш ҳақида огоҳлантирилган бўлсак ҳам, ҳаяжон ва қўрқувдан қуролимни у ёқ-бу ёққа буриб, сўкинардим холос. Уйга кирганимизда, унда қари бир кампир ўтирар, бизни чақирилмаган ажинага ўхшатиб, бир ёндан иккинчи ёнга ўгирилиб олди. Кампирнинг юзи кўпиб, ачиб кетган хамирга ўхшарди...

66

«Худди шунақа нарса табғачлар, ўн-ўқ қабиласи, Қитанлар ва бошқаларда ҳам содир бўлди. Тонгюқуқ ва Элтуриш-хоннинг донолиги, кейинроқ Кул-Тегинннинг кучи уларнинг попугини пасайтирмаганда, Кўк Турклари бундан-да баттар, бундан-да паст ва кучсиз бўлган бўлур эдилар. Ҳозир Билга-Ҳоқон уларнинг ўз туши ҳақидаги таъбирига гўёки дунёдаги бор ақлу заковатни айтиб беришаётгандай қулоқ тутарди. Ишдан бўшаганидан бери ичишга муккасидан кетган шу ерлик шомон Удеганинг ўзини таклиф қилса етмасмиди? У ўзимизнинг Башорат Китобидан қуйидагиларни ўқиган бўларди:

«Мен олтин қанотли қора йиртқич қушман. Танамдаги рангларнинг саноғи ҳам йўқ. Денгиз узра учар эканман, кўнглим тусаган нарсани тутаман ва хоҳлаган нарсамни ейман. Ана шунақа кучлиман мен! Билингки, бу яхши аломатдир!

Мен ола-була ва учқур лочинман! Дарахт устида ўтирганимдан беҳад мамнунман. Эшитяпсизми?
Лекин «Қуён!» дея қичқириб, лочин осмондан ўқдай учиб тушди ва қуённи тутиб олди. У ўткир тирноқларини кўрсатди ва яна яшириб олди. Лочин қуённи чангаллаб юқорига кўтарилди. Қуённинг териси тушиб қолди. Билингки, бу ёмонлик аломатидир!»

«Ўзимизнинг Башорат Китобида ана шундай дейилади, - дея ўйлади доно Тонгюқуқ, -агар ўзингни қуёнга ўхшаб тутсанг, истаган қушга ўлжа бўлишга маҳкумсан ва айниқса, агар бу қушлар бизнинг темир тумшуқли қушлардай бўлса!»

Лекин у буни эшиттириб айтгани йўқ, биринчидан, ундан ҳеч ким сўрамади, иккинчидан, Билга-Ҳоқоннинг элчилар билан учрашувини яна бошқа бир нарса бузиб юборди.

67

Исроилни тарк этиш Эронга киришдай гап бўлди. Ҳар икки шароитда ҳам мана бундай саволларга дуч келдим: ким эдим, қаерликман, нима қилдим, қандай иш қиляпман, бу ерда нима қилишни ният қилгандим, нимадан хабарим бор, ким билан учрашдиму, ким билан учрашмоқчиман, келгуси режаларим қанақа ва ҳоказо. Ҳозир бу саволларга юзаки ва ўйламасдан жавоб берганлигимни ўйлаяпман, йўқса, метафизикага берилиб кетиб, ким билсин, балки ҳозирда йўлиққаним баъзи жавобсиз саволларни ечиш имкониятидан фойдаланган бўлармидим? Англаганим шу бўлдики, биз кутилмаган воқеаларни аччиқ хотиралар туфайли қўлдан бой берар эканмиз. Мен фақат иккита мисол айтаман. Ёшлигимда бутунлай турлича бўлган икки қиз бола дўстим бўларди. Яқинда уларнинг фамилиялари турли тилда бир хил маънони англатишини аниқладим. Бу шунчаки уйғунлик ва тушунтириб бўлмайдиган ҳодисами эди? Дорилфунундаги ўртоқларимдан бири ўша қизлардан бирига ошиқу беқарор бўлиб қолганди, шунга қарамай, натижада ҳеч нарса содир бўлгани йўқ. У бошқа кишига турмушга чиқди. Ўшандан бери унинг қорасини кўрмадим. Лекин икки йил аввал бу аёл ўзи севишиб юрган кишининг исми билан бир хил бўлган ҳамкасбим орқали мен билан топишди. Ё бу ҳам тасодифми?

Балки сиз энди нима учун Исроил ва Эронни биргаликда эсга олганимни тушунгандирсиз?

68

Биз америкалик иккинчи лига клубининиг командаси билан Теҳрон стадионида ўйин бошладик. Бизга қарши ким ўйнаётганини билмасдим, уларнинг тайёргарлиги жуда сирли кечди, лекин бу каби футболни умримда кўрмаганман: у маҳоратга қарши маҳорат эмас, аксинча, қўполликка қарши қўполлик ўйини бўлди. Бу кимнинг маҳоратсизлиги яхшироқ ё ёмонроқ, ким ўзининг қобилиятсизлиги устидан ғалаба қилади, деган сўроқ гап бўлди. Тасаввур қилинг, ўз оёғига қоқилиб юрган ўйинчилар, етим тўпнинг улардан бири етиб келгунча кутиб тургани ва шу бечора тўпни ёғоч оёқ билан тепилганию бошга оширилгани ва ҳоказо. Бу шамоллатилган бўм-бўш хонадаги шиширилган шарга ўхшар ва дарвозабонлар содир бўлиши мумкин бўлган хавфни бефойда кутишдан чарчаб кетишганди. Ёдимга саксончи йилларда шўро командасини Жаҳон Чемпионатида кузатганим ва украиналик футболчининг барча эркин зарбаларни тепгани ёдимга тушди. Одатда, у тўпни грузин ўйиндошининиг калласига мўлжаллаб оширарди.
Грузиннинг вазифаси эса ҳаракат қилишмас, балки бир жойда туришдан иборат бўларди. Натижада тўп учиб келиб унинг бошига тегарди-да, дарвозага кириб кетарди. Бахтга қарши бизнинг ўйинимизда ўшанақа моҳир ўйинчилар йўқ эди-да. Охир оқибат дарвозабонимиз бор умидсизлигини тўплаб, тўпни бир тепганди, у ўқдай учиб бориб, эронлик ҳужумчининг боши орқасига келиб урилди, табиий, у буни ҳеч кутмаганди, сўнгра тўп худди ўша машҳур грузин ҳужумчисининг бошидан учган каби орқага қайтиб, дарвоза устунига тегди ва дарвозабонимиз елкасини ялаб ўтиб, охири дарвозага кириб
кетди.

Ўша маҳал майдонда, нафақат майдонда, балки, шаҳарда ва бутун мамлакатда нима содир бўлганини хаёлингизга келтириб кўринг-а! Худди янги бир инқилоб рўй берди: оломон ибодат қилишни ҳам унутиб, кеча-ю кундуз қўшиқ айтар, биз масхара ва ачиниш сабабчисига айлангандик. Ўйинда ютқазиб қўйиб, шу қадар катта шуҳратга эришдикки, биздан кейинги ўйин ғолиблари ҳам машҳурлигимизга тўсиқ бўла олмади.

69

Нега Эрондаги футболни эсга олдим? ЙЎқ, фақат эълон қилинган ўлимимни кутиб ётганим, унинг Исроилда содир бўлмагани учун эмас. Эрондаги воқеаларни эслашга уринганимга сабаб, уч кун аввал Тоғли Бадахшондаги қор билан қопланган қияликда футбол ўйнаганимиз ва тўп ўрнида пайтава тиқиб тўлдирилган мўйнали телпакдан фойдаланганимиз эди. Қишлоқни забт этган командамиз, қилган душманлигимизга қарамай, яхши қабул қилган маҳаллий аҳолига қарши тўп сурди. Дарҳақиқат, кейинроқ Эрондаги немис командасига ўхшаб, уларни зерикишдан сақлаб турган катта янгиликка айландик, лекин бизнинг ўйинимиз нўноқликка қарши нўноқлик ўйини бўлмади. Маҳаллий аҳоли қишлоқларини тунда ишғол қилган биз қўрқоқлардан кучли эканликларини исботлаш учун курашишди. Биз ҳам бўш келмадик. Лекин ҳаёт учинчи бир нарсани исботлади. Сирпаниб, сурилиб музлаб қолган оёқларимиз билан тўпни тепишга чираниб турганимиз маҳалда, бизга овқат тайёрлашга уннаймиз деган уч жангари йўқолиб қолса бўладими. Биз ўйинда ютқазиб қўйдик, бунинг устига, ўлганнинг устига тепгандай қилиб, бутун лагер тревогадан оёққа турди. Ўлгудай очиққан ва чарчаган бошқа жангарилар қочоқларни излашга юборилди. Тўрттамиз - мен, Ли, телба йигит ва қўриқчимиз овқат тайёрлашга қолдик.

Ҳали ўлганнинг устига тепки, деган иборани эслатдим, бу эса мурданинг устида рақс тушганга ўхшади. Жангарилар қишлоқни тарк этишлари ҳамоно, саккиз киши қурол кўтариб ошхонамизга киришди ва ҳеч бир иккиланмай, қўл-оёғимизни боғлашди. Бир асирликдан иккинчисига тушдик. Бу биз ўйлаганчалик эмасди, мен чиндан ҳам қўрқиб кетган, қишлоқни ишғол қилаётиб, қари кампирга қандай қилиб бақирганимни эсга олардим. Буниси энди сўнггиси, дея ўйладим. Агар авалги асирлигимда ҳар қалай тушунишларига ва кечиришларига умид қилган айбсиз бўлган бўлсам, бу гал анча айбли ва нафратга лойиқ эдим. Энди булар ҳам бошимизга қоп кийгизишади, деб қўрқиб турувдим, йўқ, ундай бўлмади, бахтимизга улар бизни қоронғи ертўлага ташлаб, бир нечта ун ва гурунчли қопларни унинг қопқаси устига бостириб, тезда ғойиб бўлишди. Бир-биримизга қапишган ҳолда зимистон ва ноаниқ қўрқув ичра қолавердик...

70

Улар бизни ўзларини ҳақоратлаганларга қарши урушиш мақсадида шу ҳолда ташлаб кетишди. Афсуски буни ёза олмайман...

72

Агар Бамбергни яхши билсангиз, демак, Отто-Фридрих Гимназияси орқасида торгина йўл борлигидан ҳам хабарингиз бор. Бу йўл аввал кенг далаларга, ундан кейин эса адирларга олиб боради. У Алтенберг қасри ёнигача турли-туман дарахтлар билан қопланган. Бир гал Фиона иккимиз илонизи йўллардан биргаликда борарканмиз, у Лук билан муносабатлари тўғрисида ғамгин бир ҳикоя айтиб берганди. Очиғи, бу ҳикояни аниқ эслолмасам-да, лекин Фионанинг синиқ овози, мунгли кўзлари ва кузнинг бошланиши каби ҳорғин нафас олиши ҳануз эсимда. Балки бу барча узун бўйли ва ихчам кишиларга хос одатий хислатдир, лекин мен унинг титраётгани, шу боисдан қўлини чўнтакка яшириб олганини сездим. Балки у бизнинг бирга қилган энг ажойиб сайримиз бўлгандир, чунки иккимиз ёлғиз эдик, унинг ғамгин сўзлари алпинистларнинг арқони сингари иккаламизни ҳам бирлаштириб турарди. Ўшанда Фиона ажрашгани ва Лук муаммолар дастидан Хитойга қочиб кетганини айтганди. Энди бўлса, у ўз вазифасини бажариб юрибди, бироқ унинг жимлигида бу сўзлардан ҳам ғамгинроқ нимадир бор эди.

Биз Алтенбергга келдик ва кечани «Либерфромилч»да ўтказдик. Оддий ҳаётимизнинг оддий тафсилотлари... Тавба, нега бу нарсаларни эслаяпман ўзи?..

73

Маҳаллий шомон Удеге Башорат Китобини эмас, балки Тонгюқуқнинг жаҳлини қўзитган сеҳрли қора печда яқиндагина куйдирилган икки елка суягини келтирди. У суякларни Билга-Ҳоқонга узатди ва Император уларга келажагини тасаввур қилаётгандай тикилиб қаради. Суяклар бир неча жойидан узунасига эмас, энига ёрилганди. Яқинроқ келиб Тонгюқуқ сездики, қора сеҳрнинг янги турига кўра, Императорнинг нияти амалга ошмайди, қайтанга уни муваффақиятсизлик кутиб турарди. Билга-Ҳоқон аввал Удегега ва кейин бошқа меҳмонларга қаради. Удеге суяклардаги бахтсизликнинг сабабчиси каби бошини қуйи солиб турар, лаблари ниманидир эшитилар-ешитилмас пичирларди. Бирдан Император гезариб ваҳшат ичра ўрнидан турди ва икки қадамда Удегега яқинлашиб, унинг сийрак соқолидан ушлаб қўлидаги елка суяги билан кекирдагини кесиб ташлади. Суяк ёрилиб, бўлакларга ажралиб кетди. Суякдан булғанган қоп-қора қон Билга-Ҳоқоннинг оппоқ юзига сачради. Атрофдагилар ҳайратдан оғзини очиб қолди. Удеге турган жойида гир айланиб, аста-секин ўз Ҳукмдори қаршисида тиз чўкди. Янги қондан ҳосил бўлган кўлмак унинг атрофида айлана ҳосил қилиб, фақатгина қора елка суягини қоплаб олди...

74

Ўлдирилган кишилар қандай ўлишини биласизми? ЙЎқ дейсизми? Тўғри, нимага ҳам билишингиз керак-а? Минг йиллардан буён ўлимнинг сири ҳақида гапирамиз, ўзимизни унинг келишига тайёрлаймиз, лекин у шу қадар одатий ва бехосдан содир бўладики, гўёки суҳбат чоғида, ҳожатхонада ёхуд қассобхонада гўштни қиймалаётиб гирибонингиздан олади. Ҳа, барчамиз бир тану бир жонмиз, на бировимиз оқилроқ, на яхшироқ ва ҳатто покизароқмиз.

Қисқа отишувдан кейин жангарилар бояги қишлоқдаги барча эркакларни ўлдириб юборишди. Бизни эса ертўладан соғ-омон ҳолда топишди, у ердан чиққач, ўлдирилган одамлар қандай бўлишини кўрдим. /алати ҳолда ҳар ер-ҳар ерда чўзилиб ётганларга кўзинг тушса... Агар ўлик ҳайвонни кўриб қолсак, ҳа ўлибди-да, деб кетамиз, лекин инсон зотининг кўча-кўйда ўлиб ётганини хаёлга келтирилмайди: унинг кийим-кечаги бор, оёғида этиги, соати ҳануз чиқиллаб турибди, у гўёки бошқа бир нарса учун мавжуддай, худди чидаб бўлмайдиган бир қоп гўштдан ҳам бошқа нарса каби. Ҳатто бўйин атрофида қотиб қолган қонда ҳам недир хатолик бордай ва бу сенинг шундоққина олдингда турса, ҳаммаси нечоғли оддий эканига ҳам ишонгинг келмайди. Осмон узилиб ерга тушмас, ер портлаб ҳам кетмагай, йўқ, ҳеч нарса содир бўлмайди. Икки соатгина аввал исми, хотираси бор бу таналар энди ахлат уюмига айланди-қолди. Фақатгина уларнинг сочлари шамолда тирикликдан дарак бергандай ҳилпирайди...

Қўмондон уларни тўплаб, ўрага ташлашни буюради. Жангчилар ер чизиб бораётган ўликларни судраб кетишади, улардан фақат ана шу излар қолади. Кимдир айтганди: «О инсон, оппоқ қор устида ҳимоясиз бўл!»

75

Исфаҳонда Регистон аталмиш мўъжизали майдоннинг орқасида бир неча боши берк кўча бор. Унда қадимги, лойдан қурилган уйлар орасидан учиб чиқадиган ғалати қарғалар сизга ҳамроҳ бўлиб олиши умкин. Ёки тўсатдан олдингизда пайдо бўлган қоп-қора матога ўралган аёл сиздан ўзини яшириб ўтиб қолади. Ахлат уюми ёнида ўтирар экансиз, ўзингизнинг қанчалик кераксиз эканингизни англаб қоласиз: агарки бу дунёда ўзинг ўзингга юк экансан, яна кимга ҳам керак бўла олардинг? Бу каби ўлим шарпасини келтирадиган барча даҳшатлар бир қарашда кулгили туюлади, шу сабаб бирдан улар қутқу соладигандай: гўёки ўша қора қарға сизни мудом таъқиб қилиб келган, қора кийимдаги аёл эса сизни ўлдириш учун юборилгандай. Ҳамма нарсани унутган ҳолда, кераксизлигинг боисидан бари қўрқув ва безовталикни бир-бир таҳлил қилишга киришасан киши.

76

Футболчилар ҳам турлича бўлишади-да. Гап тренернинг кўзини шамғалат қилиб, бирор шаҳар кўчасига сайрга чиқиш устида бормоқда. Бу Шерозми, Кармана ва ё Исфаҳонми, фарқи йўқ. Улар ҳар гал бирор нарсани, масалан, гемморойларининг газак отиб кетаётгани ва ё шахсий гувоҳномаларининг машғулотдан қайтаётиб тушиб қолганини баҳона қилиб, мени ҳам бирга олиб кетишга одатланишганди. Гарчи бу ишларидан айтарли фойда чиқмаса ҳам, барибир кўчага ошиқаверардилар. Ҳай майли. Поябзал магазини яқинида шу ерлик икки бола ажнабийлигимизни сезиб, кимлигимиз, нимани излаётганимиз, ким бизни олб келгани тўғрисида саволга тута бошлади. Гап гапга қовушиб, улар биздан АҚШда бир шиша виски қанча туриши, кўчада енгилтак аёлларни топиш қанчалик осонлиги, наша ва марихуана ҳақида сўрашди. Бу одатий ҳол эди.

Ўткинчи йўловчилардан бири менга шубҳаланиб қулоқ тутди, мен форсча ва инглизча ўртасида сарсон эдим. Сўнг бу ўйинни тугатишга қарор қилдим. Лекин футболчилар ортга қайтишни исташмасди. Улар ён атрофда ҳаёт қизиётганини сезган ва биз Исфахоннинг бошқа дўконларини айланишга кетдик.

Гаров ўйнашим мукмин, истаган футбол жамоасида, албатта, битта бўлса ҳам ҳаммани орқасидан диққатга сазовор жойлар, музей ёки китоб дўконларига бошлаб юрадиган «нтеллигент» бўлади. Шунга ўхшаб, бизда ҳам бир йигит бўлиб, у форсчани ўрганаётган ва Румийнинг китобини ахтариб юрарди. Шунинг учун китоб дўконини кўриши билан ўзини ичкарига урди, қолганлар тўдалашиб кўчада кутиб турдик. Лекин у узоқ вақт кўринмади ва яна икки киши бирин-кетин уни излаб дўконга кириб кетди, бироқ улар ҳам зим бўлди-қолди. Бу сафар ўзим хонага кирдим ва узоқроқдаги бурчакда китоб сотувчисига кўзим тушди, футболчилар унинг қаршисида туришарди. Сотувчи қўлини кўксига уриб, ниманидир зўр бериб тушунтираётганди. Уларга яқинлашарканман, сотувчининг муқаддас сўзларни такрорлаётгани ва унинг маъносини инглизчада тушунтиришга уринаётганини эшитдим: Ла илаҳа иллаллоҳ - Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. -Илоҳ йўқ, дерди у ва қўллари билан ишора қиларди, на қўлида, на жавондан олган китобнинг тагида, ҳеч қаерда, - фақат Аллоҳдан бошқа. У бошқа илоҳлар каби мавжуд эмас, бироқ у ягона, у Аллоҳ каби мавжуддир...

Мен унинг ўз билгича тушунтираётганини сездим, лекин футболчилар бу каби номавжуд мавжудликдан ҳайрон қолиб туришарди. - Мен буларга урфон ўргатяпман, деди у менинг форсча тушунишимни англаб. У қийшиқ юзли ва бадбашара ғалати бир йигит бўлиб, маънавияти юксак кишилардай бир кечада мистик оқимни бизга ўргата олишини айтди. Очиғи, гарчи миститсизмнинг бу каби билағонларини биринчи марта кўриб турмаган бўлсам ҳам, бундай хунук юзлиларга ишонгим келмайди. Инсоф билан айтганда, баъзан уларнинг қоши қулоғи билан мослигининг фарқи йўқ, деб ўйлайман, шунга қарамай, менинг эстетикам адолатимдан кучлироқдир.

Шундай қилиб, у бизни ўша кеч бир жойга таклиф этди ва «интеллигентимиз» бу таклифга жон деб рози бўлди. Бу унинг шахсий таржимони сифатида менинг ҳам бирга боришимни билдирарди, бироқ ушбу иш тренернинг режаси ва умуман, команда тартиб-итизомига қанчалик мос эди? Устунлик - бу ҳамиша номувофиқлик ҳақида бўладими, бу ҳаёт оқимидан орқада қолиб кетиш деганими ё, худди ҳозир мен мавзудан адашиб кетганимга ўхшаб-а?

77

ЙЎқ. Бу чиндан ҳам ҳаётимдаги энг ажойиб тунлардан бири бўлди, десам адашмаган бўламан. Кечқурун тренерга ўзимизни ухлаётгандай кўрсатиб, унинг хуррак отишини кутиб ётдик, сўнгра қоровулга бизни тушунгани учун чойчақа бериб ҳалокат чиқишидан суқилиб ўтдик ва меҳмонхонанинг орқасида кўришиб, таксига ўтирдик. Ярим соатда манзилга етиб келдик. Ҳозир мен бу нарсаларнинг биронтасини ҳам қилмаган бўлардим, чунки булар Эронда қатъиян тақиқлаб қўйилганди. Лекин очиғини айтсам, ўша тун интеллигент футболчимизни деб эмас, балки ўзимнинг қизиққонлигим боис келдим у ерга. Билмадим, нега мистикага бу қадар қизиқар эканмиз, бироқ, мен ҳеч бир шубҳасиз бу муносабатларнинг асл муддаосини биламан. Биз китоб сотувчисининг уйига келдик, у бизни турли катта-кичик эшиклар, лойсувоқ уйлар ва деворлар орқали каттакон бир уйга етаклади. У ерда йигирмадан зиёд киши ўтирган ҳолда Пайғамбарни шарафлаб наът ўқирди. ЙЎлбошловчимиз бизни маъқулроқ жойга бошлади ва ёнига ўтиришимизни айтди. Футболчилар-ку доим шуғулланиб туришади, лекин менинг чордона қуриб ўтиришим жуда ноқулайлик туғдирди-ки.

Бу ерда ҳеч ким бизга эътибор бергани йўқ, кимдир Румийдан ўқишни бошлади, қолганлар ундан завқ олиб, оҳиста тебраниб ўтиришди. Чорак соатлар чамаси ўтгач, орқа тарафимиздаги эшик очилиб, уларнинг Пири бир неча киши кузатувида ичкарига кириб келди. Ҳамма қатори биз ҳам ўрнимиздан турдик ва биздан ташқари, турганларнниг барчаси махсус мадҳияни куйлай кетди. Бир пайтнинг ўзида ҳар бир киши қаторлар орасидан ўтаётган Пирнинг қўлини ўпишга интиларди. Бир ғаройиб туйғу ичра Пирнинг бармоқлари бўғинларини қисган ҳолда очиқ қўлини ўпиш учун эгилган эдим, бу ҳаракатим шунақа беўхшов чиқдики, Пир менга ғалати қараб ўтиб кетди. Ўзимга ҳам жуда кулгили туюлган ушбу ҳолни ҳисобга олмаганда, қолгани анча кўнгилдагидек кечди, ҳеч ким бизни ажнабийга йўймади ва зикр, тафаккур машқи бошлаб юборилди.

Келинг, батафсилроқ айта қолай: Устоз қоронғи бурчакда биргина шам ёруғида Қуръондан оятлар ўқиди, қолган жамоат эса уни жўр бўлиб қайтарди. Кейин Пир ўқишини тезлаштирди ва биз ҳам баъзи оятлар, муқаддас сўзлар ва охирида ёлғиз Аллоҳнинг номини такрорлаб турдик. Худонинг 99 исмини зикр қилишни тугатгач, Устоз фақат «Аллоҳ» калимасини айтишни буюрди. Кейин у «У» деган маънони берувчи «Ҳу» сўзига ўтди ва биз чуқур-чуқур нафас олиб «Ҳу-ҳу-ҳу» дейишга киришдик.

Сиз буни бошдан кечиришингиз керак. Тушунтириб беришга сўз ожизлик қилади. Фақат бир қиёс: болалигимизда бувим турфа байрамлар арафасида пудаб шиширилган шарлар сотувчиси эди ва биз у шарларни шишириб бериб турардик. Агар бирданига йигирмата шарни пудалса, ўзингизни шундай ҳис қиласизки, худди ўша шарлар каби енгил ва бўм-бўш бўлиб қоласиз ва бирор киши шунчаки бармоғини тегизиб қўйса, осмону фалакка учиб кетгудай бўласиз. Ўша тун ҳам шундай кечинмани туйдик.

78

Мажлис ниҳоясида нима бўлганини биласизми? Биз йиғинни намоз бошлангач тарк этдик, китоб сотувчимиз бизни ташқарига кузатиб чиқаркан, футболчимизнинг ғойиб бўлганини сездим. Сотувчи форсчада шундай деди: «Ҳўтик думини ахтаргани чиқиб, икки қулоғини
йўқотиб қайтди». У бизни тунги автобус бекатига ташлаб, уйига қайтаркан, ирфон нури энди бизнинг ҳам ичимизга кирганига ишонтирди. Кўчадаги бошқа одамлар орасида жимгина турарканмиз, бурчакда автобус кўринди ва қайрилаётиб чироқ устунига урилиб кетди. Натижада электр симлари узилиб, ҳар томонга учқун отилди. Яқинроқда турган киши бошини чангаллаб бақира бошлади. Биз бекатдан узоқроққа қочишга уриндик. Кимдир: «Ушланг уларни!» дея бақирди ва икки кишининг қораси кўринди. Гарчи у ерда бўлмасликни афзал кўрсам ҳам, барибир энди воқеанинг гувоҳига айлангандим. Ўйлаганим тўғри чиқди.

Бирдан худди ўша бурчакда фургон машина кўринди ва икки дақиқа аввал бекатда қичқирган одам икки политсияга қўшилди. Улар қочиб кетганларни эмас, балки бизни қўлга олишди ва машинага ўтиришга ишора қилишди. Мен ажнабий эканлигимиз, бўлиб ўтган воқеа билан ҳеч қандай алоқамиз йўқлиги, кечки ибодатдан келаётган футболчилар эканимизни исботлашга уриндим. Темирни қизиғида босишга уриниб, нафақат политсияга, балки машинадаги жиноятчиларга ҳам мурожаат қила кетибман. Ҳарқалай, улар бизнинг жиноятчи эмаслигимизга кафил бўлишди. Улар бошларини қимирлатишди. Энди хурсанд бўлиб, ёнимизни оладиганлар ҳам бор экан-ку, деб турганимда, жиноятчи деб ўйлаган кишилар фуқаро кийимини ечишган эди, барчалари политсия экани аён бўлиб қолди. Уларнинг барчаси бошини қимирлатиб, баттар устимиздан хахолаб кулди. Мен эса ўзимни тутиб туролмасдан, худди кинофилмлардагидай: «Адвокатим билан кўришишга рухсат беринглар!» дея бақира бошладим. Политсиячилар эса кулгидан аранг тийилиб туришарди.

79

Ат-Тоҳарий     тарихий рисоласида шундай ёзганди:

Ҳамма жойда ҳам одамлар асир бўлишнинг аввал ўйланганидан кўра жиддийроқ ва хавфлироқ эканини тушуниб етишган. Ҳамманинг ичида қўрқув пайдо бўлди. Биргина ислом динининг билимдони бухоролик Шаҳзода Ниян-Сианг ҳамма нарса Аллоҳ қўлида эканини биларди. У устози ибн Қусамнинг сўзига қулоқ солиб, кундалик ибодати сонини ўн тўққизтага кўпайтирди. Унинг вафодорлигини нафақат Тўғлук тилмоч, балки тулки овчиси Тонгюқуқ ҳам айтиб ўтган.

Шундан сўнг Ат-Тоҳарий мавзуни бутунлай ўзгартиради, лекин Зев келтириб ўтган рус роҳиби Ефрем Валаамов аввалги хатлардан бирида дейдики:

Несториялик роҳиблар Турк ҳоқонлари саройида катта рол ўйнаган ва бу Кўк Турклари Салтанатининг инқирозида муҳим аҳамият касб этди. Уларнинг меросхўрлари бўлмиш уйғурлар бу таъсир даражасини билишган, ҳақиқатда уларнинг давлати Несторияликлар давлати бўлиб қолди. Шу ўринда Шаҳзода Кул-Тегин вафотидан сўнг Билга Ҳоқон саройига келган арманистонлик роҳиб ҳақида эслатиб ўтмасам бўлмас. У марҳум Кул-Тегинннинг хотини назарида ғоят аҳамиятли киши эди (шу боис армия назарида ҳам), чунки кунларнинг бирида Кул-Тегин қусиши учун унга ўсимликдан тайёрланган дори берган ва ҳаётини сақлаб қолганди.

Кейинроқ Валаамов дўсти Тензиг роҳиб ҳақида яна бошқа бир парчани келтиради:
Бир гал у менга одатий мажлисларнинг бирида Булен билан баъзи диний масалалар борасида тортишиб қолган хитойлик генерал ва қурувчи ҳақида ўқиб берган. Мақбара қурувчи ўзининг нафақат жисмни, балки руҳни ҳам сақлаб қолганини исботлаган, шунга қарамай, Булен аввало руҳни уни озод қилишдан ва кейин қайта мужассамлашдан сақлашини айтган. Шунда Генерал уларнинг сўзини бўлиб, Булендан ўз назариясини исбот қилиб беришини таклиф этган. Булен эса бу асосда ўлишдан бош тортган, бунга бир вақтнинг ўзида ҳам объект ва субъект бўлолмаслигини сабаб қилиб кўрсатган, лекин агар Генерал озод бўлиш ва қайта кириш объекти бўлишга рози бўлганда, у назариясини исботлай олган бўларди. Генерал бу таклифни дарҳол қабул қиларкан, олдиндан бир неча шарт қўяди. Мени бунга боғланиб қолмаслигим учун Тензиг роҳиб бошқа ҳеч нарса демаган.

Лекин Зевнинг ўзи бу нарсани шарҳлаб дейдики:

«Бу менга католик руҳоний билан тортишган раввин тўғрисидаги латифани эслатади. Раввин руҳонийдан улардаги энг олий мақомни сўраганда, руҳоний «Поп» дея жавоб беради. Раввин эса кулиб шундай дейди: «Лекин бизнинг ўғил сизларнинг Худойингиз бўлиб қолишда муваффақият қозонди».

Генералнинг кайфиятини ҳис қила олсам ҳам, Ефрем Роҳиб мактуби билан латифа орасидаги боғлиқликни тушунмадим. Қуйида Фиона айтиб берган, лекин Лукка тегишли яна бир парча:

Сиз у ёки бу воқеанинг қандай ривожланишини ҳеч қачон билолмайсиз. Бир ният билан бошлаган ишингиз охир оқибат мутлақо тескари натижа билан тугаши мумкин. Билга-Ҳоқон ўзининг машҳур ишини «тафаккур қаймоғидан тотиш учун» жанозага айтилган меҳмонлар билан бошлаганди. Лекин оқибатда бутун Салтанатни барбод қилди, ўғлидан айрилди, энг яқин маслаҳатчисини ўлдирди, никоҳини бекор қилди ва нопок ҳолатларда вафот этди. Тафаккур қаймоғи-чи, у нима бўлди? Алалхусус ким уни ниҳоясига етказди?

Ё ҳаёти нурсиз зиндондаги қурт-қумурсқалар ичида ниҳоя топган Ёруғлик Шаҳзодаси Манихейми?

Озод табиатнинг озод куйчиси бўлмиш Тардуш Инончи Чўрнинг мисолими? Унинг чексиз қўшиқлари аввал қоғозга, сўнгра тошга ўйиб ёзилганида ва энг ёмони -ўзига сўзма-сўз қайтирлганда - у икки кўзгу ўртасидаги йиртқич каби телбага айланиб қолганди... Бечора яралмиш...

Буларнинг барчаси бир хил нарса хусусида эдими, йўқми, ана шуни билмасдим.


80

Қоронғи ертўлада ўтирарканман, ҳаётимнинг қайси қисмида турганимдан хабарим йўқ эди. Бу ҳозир содир бўляптими ё келажакдами? Бу гўёки турмушнинг вақтинчалик ҳолати эди. Мен унга одатий ҳол сифатида қарашга кўникиб қолгандайман. Бу ердан қутулиб кетиш учун нима қилиш кералигини ўйламаяпман ҳам. Ўзини ботқоқликдан сочидан тортиб чиқарган Барон Мюнхаузен эмасман, вақтимни тартибга солаётганим ҳам йўқ. Шунчаки зим-зиё ертўлада ўтирибман холос. Ҳеч нарса рўй бермади,
бермаяпти, бермайди ҳам. Мана шу менинг ҳаётим. Ҳеч ким менга ўзимчалик яқин эмас. Ўзимга бек, ўзимга хонман. Кучли, давомий, мангу, ҳар нарса бўлиб бораётирман.

81

Кундалик турмушда инсон ниманидир ўзгартиришга интилади: кичик ҳаёт кичик ўзгаришларни талаб этади, магар қарама-қарши нарса ростга айланса, бугун қотил ё ўлик бўлсангиз, ҳаётингизнинг қандай кечиши бутунлай олдиндан айтиб бўлмаганда, Худодан ўзингизни олисда қолган зерикарли кунларга қайтаришини ўтиниб сўрай бошлайсиз. Сизга кулфат эмас, тинчлик керак. Ўтган кунларингизни соғиниб-соғиниб кетасиз. Ҳозир мен ҳаттоки Фонтенблода яшаганимда қатнашишга кўникканим давраларни нақадар азиз бўлганини ҳис қилмоқдаман. Уч католик, бир жуфт мусулмон, бир яҳудий хоним, атеист негр қиз, буддист роҳиб, менга ўхшаган бир неча нотаниш кишилар - барчамиз яҳудий қизнинг ҳинд йигитига муҳаббати каби динлараро масалаларни муҳокама қилишга одатлангандик. Ромео ва Жулеттадан асло кам бўлмаган. Ота-оналар ўз болаларига қарши, ошиқлар эса ўз ота-оналарига, биз бўлсак - ўртада чой билан бисквит еб, ўз фикрини билдирувчи қози.

Мен узр сўраганим ҳолда узумни турли миллат вакиллари: араб, турк, грек ва форсларнинг турлича номлагани хусусидаги Румий ҳикоятини айтиб бераман. Улар ҳикоятнинг мағзини чаққунларича, айтаманки, ҳар бир боғ турфа гулларга эга бўлсагина чиройлидир ва ундаги ҳар ким ўзини турфа гулларнинг бири деб ўйлагани ҳолда бахтиёрлик туяди.

Ҳозир мен бор ҳақиқатни очяпман.

Бир кун Россия Президентлигига сайловдан қайтдим. У ерда ўзим каби /арбий турмушдан зериккан халқаро кузатувчиларга тилмочлик қилгандим. /алати аломат. Ўзингизни Россиядаги миллиардер ёки кўчадаги гадо сифатида тасаввур қилиб кўринг. Хонананинг бир бурчида «алкоголик»ка ўхшаб ётган Президентлар, пайғамбарликка даъвогар ёзувчилар, масхарабозлик кўрсатаётган пайғамбарлар, Облонский уйининг аралаш-қуралашлари, ароқ, икра... Ва бирдан ўлчаб қўйилган /арб ҳаётининг томчиси.

Есимда, русча турмуш чизиғида бўлганлар, аввало, ғарбликлар эди. Меҳмонхонадаги исталган фоҳиша уларни ёввойига айлантира оларди. Улар таксиларга ўтириб, Москва ташқарисидаги дала ҳовлиларга йўл олишганда, турмушнинг янги бир мазасини туйишди. Мен уларнинг кутилмаган учрашувларида таржимонлик қилиш учун бордим. Бир рус таржимони менга ёрдам берди, у ярим татар бўлиб, кузатувчилар хонимлари билан саунага кириб кетишганда, у билан дала ҳовлининг айвонида жуда мазза қилдик. Ирма исмли бу ҳамкасб қиз ишқий саргузаштларда устаси фаранг бўлиб, ҳар бир қовушишдан кейин ювиниш хонасига борар, унда қўшиқ куйлар ва сув сачратиб яна бир бор ҳузурингизга келарди. Биринчи бор чўмилиш хонасида унга яқинлашганимда, «Суякларим остигача яйраб кетди» - деди у. Сув менга мусобақадош бўлди.

Москвадан қайтар эканман, ўша ғарбликларни кўриб, нега яна ғазаб отига миндим. Нечун йўқотилган қадр-қиммат ва /арбни бўралаб сўкдим? Бу балки улар фоҳишалар учун пул тўлашгани ва мен Ирма билан бепул мазза қилганим учундир?

82

Тонгюқуқ бир нарсани аниқ биларди: душман устидан ғалаба қилишнинг ягона йўли ёв йўлидан, у ишлатаётган қуролдан биринчи бўлиб фойдаланиш эди. Душмандан олдинроққа ўтиб кетиш керак. Бу аввал ҳам синалган, нега энди ҳозир ишончни оқламасин? «Тонг текканлар» ёки «Тулки овчилари» ҳозир айни ҳаракат пайти эканини тушуниш мақсадида Билга-Ҳоқон тузган тафаккур комедиясини етарлича кўришганди. У ҳалақит беришга қарор қилганди, бироқ жуда кечикди.

Югураётган одам тезроқ югуришга интилиб, юзтубан йиқилади, қаттиқроқ бақиришга кучанган киши томоғини йиртади. Тафаккур ҳам шунга ўхшайди, - ўйлади Тонгюқуқ. Агар улар энг яқинлрига муҳаббатдан дарс беришса, севишга изн бер, лекин тез орада улар ўзини кўрарга кўзлари қолмаслигини англайсан. Улар қонга қон сўрашса, марҳаматингни дариғ тутма ва яна ва яна талаб қилишларини кўр: нафақат кўз, балки қулоқ ва бурунни ҳам. Агар улар мангу бепарволикни тарғиб қилишса, яланғоч ва бепарво аёл билан қолдир, вассалом... Шу тариқа уларнинг қуролларини ўзларига қарши ишлат.

Енг аввал миясига Побека - қизи ва Билга-Ҳоқоннинг хотини келди. Қатъиятли ва интилувчан Побека нимани тўғри деб билса, шуни қила оларди. Бошқа оналар каби у ҳам ўғли ЙЎллуғни ўзидан ҳам ортиқ кўрар, Тонгюқуқнинг ўзи ҳам уни севарди. Побека занжирдаги чиқариб ташланиши керак бўлган биринчи ҳалқа эди...

Ён атрофдаги дашт - шу қип-қизил ва куйиб ётган замин сезилтирмасдан қуриган майсани кўтарди, гўё у бунга розидай. Кўринмас тулки шундоққина ёнидан югуриб ўтди, қари Тонгюқуқ унинг ҳидини сезди ва сийрак мўйловини силаб кулимсиради...

83

Ҳаётга қизиқишим қолмади. Агар эртага умринг тугайди, дейишса, иккиланиб ўтирмасдим. Ҳа, олам аро айланиб юришимни тугатдим. Менга нима бўлган бўлса ҳам, ҳеч нарсам ўзгармади; қалбим, кайфим, туйғум қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай. Бу кунба-кун сақланиш, юриш ва тирмашишдан, узрхоҳ бўлишдан осонроқ. Шундай бўлақолсин! Ҳа, агар барча буюк туйғуларимизни бир қўшиқнинг сатрларига жо қилиш имкони бор экан, нафсимиз билан ишқий муносабатларга киришишдан на фойда? Тўхтанг!

Эй, кимда-ким мени ўлдирмоқчи бўлса, қани, келсин! Мен тайёрман!

Жимлик
Менга исм беринг! Шу ҳайқириқ деб Деразалар чил-чил, синди эшиклар... Очиқ осмон остида битта Жанозадан қолган оина. Бу оина фақат бир лаҳза /амни ўз аксига яширди ёки

Кимнингдир саволин садоси:
Эй, исмсиз, ким бақирди менга?

84

85

Айни пайтдаги кайфиятим сабабли бир муддат ёзганим йўқ. Яна бир бор, ҳа яна бир қайта буни нега ёзяпганимни ўйлаётгандим. Одатдагидай мияга ҳар хил нарсалар келади, лекин тузукроқ нарсага учрамайсан. Шу тариқа ҳозирнинг ўзида тугатиб қўяқоласан. Айниқса, менинг ҳолатим каби гўёки жисмонан ҳеч қаерда бўлмаган онларда шундай бўлади. Давом эттиришим кераклиги ва охирига етказишим лозимлигини ҳисобга олмаганда, ҳозир ҳеч қандай бошқа сабаб кўрмаяпман. Баъзан бунинг нечоғли қийин иш эканини ҳис қиламан: «А» дедингми, «Б» ҳам дейишинг керак, лекин сўнгги «Ҳ» га етгунга қадар тўхтатиб қўёлмайсан. Бир гап тугамасидан бурун бошқаси эргашиб туради ва гапни охирига етказишга мажбур бўласан, шу тариқа ҳикоянинг асирига айланаман. Қолаверса, ҳар томонга отиб юборганим тошларни тўплайдиган ҳам ўзимман-ку.

86

Сиз балки ишонмассиз, лекин Ли, менинг иккинчи қисмим бўлган Ли ҳам уларнинг бири бўлиб чиқди! Шунча пайтдан бери мен жосусманми-йўқми, шуни билиш учун ўзини асир қилиб кўрсатган ва мендай яшаган экан. Нақадар жиннилик ва сотқинлик! Қандай телбавор сотқинлик ва сотқинона телбалик! Ё нотўғри тушунганим бирор нарса борми? Чунки кеча тунда қўмондон уни уйғотиб, бошқа хонага олиб чиққани ва мени нимадир қилиш ҳақида муҳокама қилишганини сезиб қолдим. Ўрнимдан секин туриб, бир неча бор ўз исмимни ва Лининг инглизча бир нималар деганини эшитдим. Кейин Ли ёнимга қайтиб келди, бироқ сира ухлагим келмади. Тонгга қадар шеригимнинг шунчалик айёрлик қилиб юрганини ўйладим ва эрталаб турибоқ унинг юзига тупураман, дея режа туздим. Афсуски, эрталаб қотиб ухлаб қолибман, улар мени уйғотишганда, Ли ғойиб бўлганди...

87

Ҳозир унинг менга айтган ҳар бир сўзи, талаффузи, овозидаги ўзгаришни, нигоҳи ва кайфиятини эслашга ҳаракат қиляпман. Охиргиси биринчи келади, дейдилар. Мана унинг исёнкор бадахшонликларнинг ертўласида асир бўлиб ўтирганимизда франтсузчада айтиб берган сўнгги ҳикояси ёдимга келди:
«Еслайсанми, бир гал сенга Лукнинг асир тушишига сабаб бўлган қўлёзма ҳақида айтиб берувдим? Бу сенинг Зевинг Шиа Чангнинг акасидан излаётган қўлёзманинг ўзгинасидир. Ундаги ғайритабиий ҳикояни билишни истайсанми? Ё кўпроқ бу ҳикоя атрофидаги ҳолатга қизиқасанми?» Гарчи Лига «ҳар иккиси ҳам мен учун қизиқ» деган бўлсам ҳам, у қуйидагини айтиб берган эди:

«Сен Ичи Лянг деб айтадиган киши аслида битта одам эмас, қўлёзмага кўра, бу исмнинг ортида икки киши яширинган: Чян Куй ва Лю Сян. Улар эгизак эдилар, бироқ Ичи Лянг Билга-Ҳоқоннинг ўғли ЙЎллуғга яқин бўлгунига қадар ҳеч ким буни билмаган эди. Чян Куй унга ҳарб санъатини ўргатган ва кунларнинг бирида Турк Шаҳзодасини ўтовига таклиф қилган. У ерда ҳеч бир шубҳа туғдирмаган ҳолда унинг эгизаги пайдо бўлади. Гарчи Шаҳзода ЙЎллуғ сирни очмасликка қасам ичган бўлса ҳам, тез орада унинг онаси Побека бундан воқиф бўлиб қолади.

Ўша пайт унинг отаси Доно Тонгюқуқ барча асирларга, энг аввало, абадий душмани вакили, келажакда Дашт Ҳукмдори бўлмиш набирасини ҳарб санъатига ўқитаётган Ичи Лянгга қарши яширин кураш бошлаганди. Бир гал Тонгюқуқ тафаккурга чўмиб ўтирган маҳал унинг олдига онаси билан бирга набираси келади. «Афсонавий ўтмишдан сўзлаб беринг», - дея сўрайди Шаҳзода ЙЎллуғ. Кекса Тонгюқуқ унга туркларнинг келиб чиқиши, Шаҳзоданинг тўнғич ўғли урғочи бўридан туғилишидан бошлаб то ЙЎллукнинг тоғаси Кул-Тегин вафотигача бўлган даврдаги барча билганини сўзлаб беради. Дашт руҳлари уйғонган ва уларнинг ҳаракати увлаётган шоқоллар ва пишқираётган отларда акс этган гўё. «Биз Она Бўрининг авлодларимиз» - деди Тонгюқуқ. Биз ҳеч қачон ўзимизни йўлбарс ролини ўйнаётган муғомбир ва айёр тулкидай тутмаслигимиз керак. Эртагимни эшит: бўрилар галасида бошқаларидан кучлироқ бўлган бир бўри бор экан, у ҳатто гала бошлиғи - қари ота-онасидан ҳам кучли экан. Шу яқин атрофда унга душман бўлган бир тулки бор экан ва бир кунмас бир кун бояги ёш бўри якка ов қилаётганда учратаман-ку, гарчи йўлбарс тўқайнинг хўжайини бўлса ҳам, бунда даштдагидан қуйруқ кўп ахир, деб юраркан. Бироқ, - дебди тулки, - у менинг дўстим, яхшиси уни йўлбарс билан таништириб қўяй ва у ҳам хотиржам ов қилаверади у ерда. Кейинги сафар айёр тулки бўрини дашт чеккасида қолдириб, ўзи тўқайга кириб кетибди ва бошқа бир тулкини учратибди. Лекин у ердаги тулкиларнинг бари йўлбарсга ўхшаркан. Шундай қилиб, тулки қайтиб чиқиб, ҳамма нарса ҳал қилингани ва бўрининг ов қилиши мумкинлигини айтади. Содда бўри тўқайга ов қилгани киради, лекин тез орада йўлбарслар оиласининг ўлжасига айланади. Гарчи бўри кучли ва жасур бўлса-да, кучлар нисбати тенг эмасди ва йўлбарслар уни нимта-нимта қилиб ташлайди. Гўштини эса тулкилар еб кетади.

Қани айт-чи, бўрининг асосий хатоси нимада эди? - сўради Тонгюқуқ набирасидан ва боланинг тараддудланиб қолганини кўриб, ўзи жавоб берди. - Гарчи кечириб бўлмайдиган бўлса ҳам, тулкининг сўзига лаққа тушгани ҳам, галасини ташлаб келгани ҳам асосий хато эмас. Асосий хатоси уни бўри қилиб турган Даштни ташлаб кетгани эди, шундай қилмаганда, йўлбарсларнинг чангалига тушмаган бўларди...

88

Ли нега қўлёзманинг бу қисмини айнан ўша маҳал айтиб берганикин? Бу қандайдир мақсадга қаратилганмиди ё у шунчаки узундан-узоқ асирликдаги соатларни қисқартириш учун шундай қилганми? Бу унинг охирги ишига қанчалик мос тушади? У бўриларнинг менга ўхшаб соддалигидан кулаётган тулкиларнинг бирига ўхшамаяптими? Ё у ҳикояни бошқа бир сабаб билан айтдимикин? Агар шундай бўлса, қанақа сабаб эди у? Биз ҳамиша мана шунақа саволлар билан ўзимизни қийнашимизни сезяпсизми? Нечун дунёда содир бўлган ёки содир бўлаётган нарсаларга мурожаат қиламиз? Қайси нафс буни мумкин ёки маъқул қилиб қўяди? Ўша қўлёзмадан Ли бошқа ҳикоя ҳам сўйлаб берганди:

Билга-Ҳоқон ғалати бир кайфиятда эди. Аввал ҳеч бундай шубҳали кўринмаганди. У шу қадар хаёлга берилгандики: дунёнинг бутун ақлу заковатини аниқлаш учун жамики Муқаддас Китоблар таржима қилиниб, юзлаб буғу терисидан тайёрланган саҳифалар унинг ҳузурига келтирилганди. Баъзан тилмочлар тилмочи, дунёдаги барча тилларни яхши биладиган оқ бошли Ярил улардан парчалар ўқиб берар, Билга-Ҳоқон буни аранг тушунар, лекин улардаги ноаниқлик ақлу заковатнинг исботи каби эди. Билга ҳеч қачон Ярилдан уларнинг барчасини ўқиб беришни сўрамасди, чунки у бошқа юмуш - парчаларнинг барини энг катта тошга ўйиб ёзишни амалга ошириш учун сақлаб турилганди. Бундай тошнинг абадул абад Билга-Ҳоқон номи билан ўрнатилиши ҳақидаги ғоя унинг юрагини қизитарди.

Иккинчи томондан эса, ақлу заковатни таржима қилган кишиларни кузатаркан, Билга улардаги номукаммалликка эътибор қаратарди. Биргина Қитан ва Татабудан келган Удар Сенгунни олайлик. Бу несториалик генерал армани роҳибни марҳумнинг хотини Кўрк хотин кўмагида келтириб катта муваффақият қозонганди. Кул-Тегин аввал ундан Муқаддас Китобни таржима қилишда фойдаланган, кейин эса бегуноҳ бева хотинни зўрлашда айблаган. Шундай қилиб Билга арманини қатл этиши керак эди. Армани қачонлардир қутқариб қолган Кўрк хотин ўша қўрқинчли воқеани лаънатлаб юрди. Удар, Билга-Ҳоқон ва генерал бундан унинг ҳақлиги ва беванинг жиноятини исботлаш учун фойдаланишга уринишди. Қолаверса, уларнинг Муқаддас Китобида шундай дейилган: «Ёнингиздаги кишиларни севинг... »

Ё Парсдан келган зардушт руҳоний Фармуздни олинг. Унинг черков қўшиқларига бир қулоқ тутинг-а:

«Қуёш осмонга кўтарилган замон Ерга раҳмат ёғилади ва ундаги оқаётган, бир жойда муқим турган ва денгиз сувларига раҳмат ёғилгай. Муқаддас Руҳнинг барча яратилганлари ёрлақаланмиш. Магар Қуёш кўкка кўтарилмаса, шайтонлар Ерда бузғунчилик қила бошлайди ва самовий ҳеч нарса тирик қолмас. Мен баланд овозда дуо қилиб Қуёшга ибодат қиламан, ҳа, ўлмас ва абадий Қуёшга сажда қиламан, фикру хаёлим, ишу аъмолим ва тўғри сўзим билан илтижо қиламан. Мен Қуёшга ибодат қиламан!»

Билга-Ҳоқон юрагининг туб-тубигача ҳис этадиган бундай сўзларни айтар экан, қуёшга ибодат қилишга рухсат берилган тонгларнинг бирида у тилмочни чалғитиб, унинг отини ўғирлаган ва қочишга уринган, лекин Билганинг абжир йигитларидан бири уни тутиб, ортига қайтарганди. Билга-Ҳоқон бу иши учун уни жазоламаган, бироқ Қуёшга ибодат қилишига чек қўйганди. Хўш, ҳозир у қоронғи бошпанада Ахура-Мазданинг қизи илоҳий
Ашига ибодат қилаётиб, қандай пинҳоний нарса тайёрлаётган экан? Ашининг мана бундай сўзлари бор:

«Учқур отли турклар мени таъқиб қилганда, ўзимни кучли ҳўкиз туёқлари остига яширдим; лекин у ердан ёш йигитлар ва эр кўрмаган қизлар мени топиб олишди. Яна бир бор учқур отли турклар таъқибига учрадим ва ўзимни қўйнинг бўйни остига яширдим. Бу сафар ҳам ёш йигитлар ва эр кўрмаган қизлар мени топиб олишди. Яна мени учқур отли турклар таъқиб этишди.

Аввал бошда Аши дув-дув ёш тўкиб, бир боласиз урғочига зорланди: «Унга яқинлашма, у билан бирга ётма; лекин мен улар билан нима қилишим керак? Осмонга учмоғим даркорми ва ё ерга қайтмоғим?»

Кейин Аши дув-дув ёш тўкиб ўз боласини эрига келтириб берган бошқа биридан ҳомиладор урғочига шикоят қилди: «Улар билан нима қилмоғим керак: осмонга учайми ва ё ерга қайтайми?»

Сўнгида илоҳий Аши ёшини оқизиб зорланди: «Бокира қизларни олиб кетиб, уларни боласиз аёлдай қайтариб келадиганлар мудҳиш жиноятга қўл урадилар. Улар билан нима ҳам қилардим? Осмонгами учай ё ерга тушайми?»

89

Ҳа, эронликларнинг ҳибсидан дарҳол қутулиб чиқдим. Гарчи мендаги қўрқув ҳақиқатдагидан кўра кучлироқ бўлса ҳам, воқеанинг нима билан тугашини ҳеч қачон билиб бўлмас экан. Инсон ҳаёти шу қадар ўзгарувчан, шу қадар кимнингдир кайфияти, маълумоти ва ё бошқа нарсаларга боғлиқ эканки, лекин фақатгина таназзул онларида кайфият ё ғафлатдан кучлироқ бўлган ҳақиқат мавжудлигини англай бошлайсиз. Шундан кейин имконият деб аталувчи нарсаларнинг бари саробга айланади. Айни пайтда мен ўтган кунларимни сарҳисоб қиларканман, қанчалик ҳақ эканимни ўрганяпман. Ҳаётим ва йўлим қанчалик тўғри кечди? Эрон Инқилобининг мени ўлдириб юборишга қодир ёки чиркин зиндонга ташлаши мумкин қуюқ соқолли қўриқчиси борлигидан хабарим бормиди? Ўйлаганим шу эди: «Ҳаммаси тугади, у ҳар нарсани билади! Аслида у (балки У) мени қотиллик билан қўрқитган ва ҳозир Исроилга сафаримдан сўнг бундан ҳам ёмони бошланади». Лекин биринчисидан каттароқ бошқа бир қўриқчи борлигини ўйламаган эканман. Вазифам унга ундан ҳам йирикроғи борлигини унутишига йўл қўймасликдан иборат. Аслида мен буни бехосдан билиб қолдим. Чунки кичик ва ҳал қилувчи қўриқчи мени нима қилиш ҳақида бир қарорга келмасдан бурун ҳужжатларимни титкилаётганда, Оятуллоҳ Ҳомайнийнинг сурати паспортим ичидан тушиб кетди. Шу кичик сурат сўроқчимнинг қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборганини сездим. Бу ўринда менинг ушлаб турилишим кейинги кунни - Президент учун эмас, унинг келгуси ҳукмронлиги учун - барбод қилиши мумкинлигини айтиб ўтиш етарли бўлди. Бир мақол бор: Отдан тушса ҳам эгардан тушмайди, деган. Шунга ўхшаб, кичик қўриқчи ўқрайиб туриб менга бақирди, бироқ у телефон орқали қўмондонини топишга тушди. Шундан кейингина Катта Тренерим ишга аралашди...

90

Нега буни худди муҳим нарсадай сизга айтяпман? Нега тартибсиз тилмочлик ҳаётимнинг аҳамиятини аниқлашга уринмоқдаман? Ўша маънисиз кунлардан қанчалик уялганимни билсангиз эди. Бир кун бу ёқда, бир кун у ёқда, фақат берилган вақтни замонавий ҳаёт деб аталувчи юзакиликка сарфлаш. Ботаётган қуёш ортидаги сояни таъқиб қилиш. Буларнинг бари нима ҳақида? Воситачи сифатида хизмат қилганим ҳамма тадқиқотчи, продюсер, руҳоний, қўшиқчи, футболчи, ҳарбий политсиячи, топ-модел, барча юлдузлару замонавий жамият қаймоғи бошқа дунё билан кўприк ўрнатиш мақсадида эдими?

Ёки бу каби ўйлашим билан уларнинг эмас, менинг ҳаётим ғайритабиий тус олди, дея кибрга берилдимми? Яъни бу бошқаларникига ўхшамайдиган, ўша бошқалар бўлишадиган айқаш-уйқашликми? Бир нарса аниқ: рўй берган барча нарса ҳақиқат, ягона, ёлғиз, якка ҳақиқат. Балки мен ақллироқ бўлишим, юлдузлар ҳамда ишқибозларнинг эмас, ўтмиш ва келажакнинг икки тегирмон тоши орасида янчилаётган шу ғаройиб саробдан воз кечмоғим керакдир?

91

Яна гап зардуштийларнинг қўшиқлари ҳақида. Москвадаги саргузаштимга сабаб бўлган Ирма эри тўғрисида бир ҳикоя айтиб берди. (Бошида уни Фионага ўхшатдим, кўпгина хонимларга ўхшаб, яқинликдан кейин у ҳам эри ҳақида гапирди). Улар Москвадан анча узоқда жойлашган қишлоқда яшашга одатланишган экан, лекин икковлари ҳам Шўролар пойтахтида ишлашган. Одатда ярим соат автобусда, сўнгра Қозон стантсиясига қадар поездда ва охири метрога тушишаркан. Бир гал Ирманинг қандайдир иши чиқиб қолиб, шаҳарда қолишига тўғри келади ва қишлоқда ширакайф бўлиб ўтирган эрига сим қоқади. «Ешит, - дейди у эрига, - Эртага Болшойга кундузги томошага тушмоқчимиз, соат ўнда у ерда бўлишинг керак, отлар турган устун тагида. Қаерлигини уқдингми?» «Албатта! Болшойни ким билмайди? Қизил Майдон яқинида-ку!» «Бўпти, ухлаб қолма!»

Унинг эри ўша заҳоти ухлашга ётади ва радиони ўчирмай қолдиради. Шўролар гимни янги кунни эълон қилган пайтда ирғиб ўрнидан туради, чиройли кийиниб, автобус бекатига чопади. Кўча негадир қоронғи эди. «Кеча жуда кўп ичворибман», - тушунтиради у ўзига ўзи ва қишлоқ четидаги бекат томон тез-тез қадам ташлаб кетади. У ерга етиб келса, автобус йўқ эмиш. Бир соат кутса ҳамки ҳеч нарсанинг дараги бўлмабди. «Бугун байрамми?» - ўйлайди у, - лекин нимага қўнғироқлар чалинмаяпти? Яна ярим соат кутгач, бир маст ўткинчига кўзи тушади. «Оғайни, нега автобус йўқ?» -сўрайди у. «Жинни-пиннимасмисан, ярим тунда қанақа автобус сенга?» У қайтиб соатига қарайди. Соат тунги икки. Бувисини уйғотади: «Қаранг, нимага гимн айтишди?» «Тентак бола-я, - дейди у, - соат тунги ўн иккида фақат сўзсиз чолғу чалинади, эрталабки олтида эса гимнни қўшиқ қилиб айтишади. Буларнинг фарқи бор!»

Шундай қилиб, соат олтида Шўролар гимни айтилгач, эр яна автобус бекатига боради. Соат ўнда у каттакон устун тагида турар, лекин Ирмадан дарак йўқмиш. У бирдан атрофга қараб томошага келмаётган фақат Ирма эканлигини ўйлабди ва текшириб кўриш
учун устуннинг юқорисига қарабди. Не кўз билан кўрсинки, мармар отлардан нишон йўқ эмиш. У чиндан ҳам қўрқиб кетибди: жин урсин қаердайди ахир улар? У бошқа бир маст йўловчидан отлар қаерда деб сўрабди. «Жинни-пиннимасмисан, Манежнинг устида отлар нима қилсин? Улар Қизил Майдоннинг худди шунақа нариги томонидаги Болшойнинг устида!»

92

Еронда эканман, гуруҳимиз охирги ўйинга тайёргарлик кўргунича ҳамма нарсани унутишга ва диққатга сазовор жойларни томоша қилишга қарор қилдим. Шероз автобус бекатида келиб-кетиш вақти кўрсатилган жадвалдан узоқлашаётганимда, бир такси ҳайдовчи олдимга келиб, истаган еримга олиб бориб қўйишини таклиф қилди. У деди, бу деди, қисқаси, мен уни эмас, у мени ёллади. Шу аснода унга 100 минг риёл, яъни тахминан 30 доллар пулга келишдик ва у мени шаҳар бўйлаб олиб юрадиган бўлди. Чиндан ҳам такси ҳайдовчи ҳамма ёқни кўрсатди. Биз кунни биргаликда ўтказдик, ҳатто саёҳатимиз сўнггида у мени уйига таклиф қилди. Унда аёли билан қизлари исломий қонун-қоидаларга мутлақо қарши бўлган саволларни устимга ёғдиришди. Бу футболчилар, менинг сайру саёҳатим ва шахсий ҳаётимга оид саволлар эди асосан. Бир сўз билан айтганда, биз ака-укадай бўлиб қолдик гўё. Ахири ҳайдовчи қайтиб ўша Шероз бекатига мени элтиб қўяркан, келишганимиз 100 минг риёлни чиқариб унга узатдим. Лекин у пулни олмади, бундан буён унга қариндош эканим ва бирор кун азиз меҳмоним бўлишдан боши осмонга етишини айтди. Мен ҳам худди унга ўхшаб қуюқ меҳмондорчилик қилишга сўз бериб, пулни олишини ўтиндим. Бироқ у яна рад этди. Мен қайта қистагандим, у бирдан «Яхши, - деди, - модомики мажбурлаётган экансиз, у ҳолда менга 110 минг риёл беришингиз керак, чунки ташриф буюрганингиз ҳамма музейларга ҳам билетни ўзим сотиб олиб бердим... »

93

Бир сафар Фионанинг Тоғли олтойлик жияни замонавий саккиз яшар турк ўғли билан уни кўргани Индианага келишди. Болакай кеча-ю кундуз телевизор кўришдан чарчамасди. Онаси унга рухсат бермайдиган биргина нарса - ишқий саҳналарни кўрмаслиги керак эди. Бир гал онаси қараса, қўли билан бир кўзини беркитган ҳолда у ҳалиям телевизор кўриб ўтирган экан. «Нимага ҳалиям бу ердасан?», - тутоқибди она. Бола эса шундай жавоб қилибди: «Мен фақат эркакка қараяпман.»

94

Кибру ҳаводан йироқ бўлган ҳолда, бу кулгили ҳикояларни кўплаб янги ҳислар топиш учун эсладим. Бу қандай туйғулар эканини кейинроқ айтиб бераман. Лекин ҳозир Лининг менга бўлган муносабатини ва ўзимнинг унга муносабатим замирида қандай маъно ётганини чақишга ҳаракат қилмоқдаман. Бир куни метеорологик бошпанамизда у асирдошларининг биридан эшитган ҳикояни сўзлаб берганди. Ўша маҳал бу ҳикояга у
қадар эътибор бермаган эканман, бироқ энди ундаги ҳар бир тафсилотни икир-чикиригача эслашга уриняпман, чунки бу кўп нарсани тушунишга ёрдам беради. Ҳикоя жангариларимиздан бир нечаси жалб қилинган портлаш хусусида эди. Ҳозир англадимки, бу мен Урумчи ва Лукни ташлаб қочганимда содир бўлган портлаш экан.

«Портлашлар маҳаллий террорчи кучларга тўнкалган ва ҳукумат улардан исталган норозиликни барбод қилишда фойдаланган. Жангарилар устидан катта суд бўлиб, уларнинг бари жиноятни бўйинга олишганди, шунга қарамай, кўплари ўлимга маҳкум этилган. Қизиғи шундаки, бир кишидан ташқари, маҳкумларнинг бирортаси портлаш жойида бўлмаган. Ҳақиқий жиноятчилар эса қочиб кетишга улгурган. Ундан-да қизиғи: ўша ҳаракатнинг етакчиларидан бири портлашдан уч ой аввал қўлга олинган. У хавфсизлик хизматига иккига ажралган экстремист гуруҳ борлиги, улар ташвиш туғдириш мумкинлиги ҳақида гапириб, у гуруҳнинг бошлиғи исмини айтиб берган. Алалхусус, портлашларга унинг ўзини айбдор деб топишган. Ўша йигит турмада ўзини ўзи ўлдиради.

Шундан сўнг Ли бу етакчи жуда илмли экани ва ундан кўплаб янги нарсаларни ўрганганини айтади. Охир оқибат улар ҳарбий асирлар лагерида маълум бир қўлёзмани бирга ўқишади. Ли яна қўшимча қилдики, бирор кимнинг яхши нияти уларни тўғридан-тўғри дўзахга элтиши мумкин эди. Унутилган ўлим даҳшати дарҳол бошимда қанот қоқа бошлади, лекин айни пайтда кўпроқ Ли ҳақида ўйлаяпман. Агар ўша портлашларни ҳукумат ташвиқ қилган ёки режалаштирган бўлса, Ли бу хусусда қаердан билиши мумкин? Ва агар у буни ва менинг ҳаётимни яхши билса, у давлатга ишлаётган бўлиб чиқадими? Лекин бир сония тўхтанг - йигирма дақиқа бурун уни жангари дея мени кузатиб юрганидан шубҳаландим. Ким ўзи у? Ҳозир қаерда юрибди?

95

Салтанат хавф остида қолганди. Тонгюқуқ буни даштдаги ноякдиллик исидан сезди, шунга қарамай Билга-Ҳоқон умумжаҳон ақлу заковат дафтари устида ғурурланиб ўтирарди. Бошинг ақлсиз бўлгани ҳолда дунё заковатининг маъниси не бўлди? Бу заковатни келтирган кишилар асал берувчи найзали асаларига ўхшашади. Иккиюзламачи хитойлик жосус ва шу томонда даштнинг келгуси ҳукмдори. Тибетлик Булен расмий дини Ламаизмни унутиб юборди ва норасмий Бон динини ўқитиб юрди. Удар-Сенгун Кул-Тегин бевасининг севгилисига айланди; тамғачи Макрач ва Ўн-ўқ қабиласидан келган Ўғуз-билга янги шарҳларини шаҳвониятнинг объекти сифатида ишлатади... Ва бу бузуқлик чўзилгандан чўзилаверади.

Жанубда, Хитой ҳукмдори уйғур қабиласи бошлиғи Шансуни қувғин қилади. Уйғурлар ҳозир хитойликлар ва Кўк Турклари зулмидан безор. Шансунинг ўғли Ҳошу ғалаён кўтариб, Хитой-Отукен карвон йўлини тўсиб қўяди. Шарқда Қитан Катуган бошлиғи Хитой элчисини ўлдириб, унинг бошқа генералларини туркларга юборади. Лекин турклар ўралашиб ўтирмайди ва хитойлик юборган жосус Катуган ва унинг оиласини калласидан жудо этади. Қитанлар гарчи сотқинни чопиб ташлаган ва яна бир бор кўк туркларига мурожаат қилган бўлса-да, Билга-Ҳоқон айни пайтда Салтанатдан айрилиб қолишга алоқадор ўзининг мангу ишлари билан банд эди...
Тонгюқуқ аллақачон Ҳукмдорга таъсир қилишга уринган, хавфни кенгайтиришга кўмаклашган ва буни Ҳукмдорга кўрсатгани ҳолда Билга-Ҳоқонни ўғлидан айирган, шунга қарамай, Тонгюқуқнинг қизи ҳануз ишнинг боришига таъсир кўрсатиб турарди. Ҳоқон бекордан-бекорга Макон устидан ғалаба қилгани каби Вақтни ҳам енгаман деб уриниб юрибди. Доно тулки овчиси келажакка бориши керакми ва яна ўзи келажак ҳақида қайғурсинми? Наҳот Тангри самовий жавобгарликни унинг чўкиб бораётган серсуяк елкасига юклаётган бўлса?

96

Баъзи ўринларда Кўк Турклари тарихи хусусида жуда кўп кишилар тадқиқот олиб борганини англайман: Радлов ва Малов, Клаусон ва Чаваннес, Банг ва Ота Малик Жувоний, Бичурин ва Гумилев, Гроусет ва Пелиот, Лиу Мау-тасаи ва Жулен. Фақат номлар, номлар, номлар. Баъзи нуқталарда мен уларнинг ҳаёти билан қизиқдим ва аввал Лук ва Зев, Валаамов ва Тензиг, Ат-Тоҳарий ва исмсиз дарвиш каби уларнинг ҳаётига шўнғиб кетишим мумкинлигини англадим.

Иккинчи томондан ўзим ҳам уларнинг бирига айландим ва ҳаётим ўрганишга арзигулик мисол бўлиб қолди. Иш шуни тақозо этди. Бу қачон содир бўлганини сезмаган эсам-да, лекин ҳозир уни аниқ биламан. Шунинг учун юқорида келтирганим тасодифий ажнабийлар (ишончим комилки, уларни эслай олмайсиз) орасидан ўзим томонга янги йўл қуриб олдим. Кимман ўзи? Ўша йўловчилар, ажнабийлар ва қаҳрамонларнинг шунчаки соясими, ёки сифатли бир нарсами ва ё озод устихонлик аллакимми? Ёхуд ҳақиқат замонавийлик томонда турган мана шу кўпчилик ўртасидами? Ёхуд ҳатто ҳеч бир ерда: мен у ҳақиқатни уларнинг орасидан топишга уринарканман, шу ишни қилаётганимни унутаман, бироқ буни билсам, улар орасидан ахтараётганимга эътибор бермайман...

97

Албатта, Тулки Овчиси тулкилар ўзини алдашда деярли муваффақиятга эришганини яхши биларди. Салтанат қулаб борар, лекин буни ҳали ҳеч ким билмасди. Қанақа давлат бу? Бу -ирода, узундан-узоқ ирода. Бутун дашт каби чўзилган ирода. Заковат ва куч-қудратни келтирган ирода. Кекса Тонгюқуқ доно эди, бироқ кучли эмасди у қадар. Кул-Тегин ўлганди. Бўрилар кучсиз бўлса, тулкилар, шоқоллар ва қарғалар ҳукмронликка ўтади. Сариқ тулкилар ҳам уларни чув туширди.

Лекин даштда ов қилишнинг жуда қадимги йўли бор: чавандозлар тулкиларни уфқ чегарасигача тўхтамай қувиб боришади ва бирдан улар ўнг тарафдан келиб, яна уларни уфқнинг бошқа чегарасигача қувишади. Сўнгра чавандозлар яна бошдан ўнг тарафдан келишади ва тулкиларни қайта-қайта уфқнинг учинчи чегарасига қадар қувишади. Бу бир фитнадир. Лекин охири чавандозлар катта эгри чизиқ тортиб тулки билан юзма-юз келишади. Тулки эса чап бериш ўрнига, ерга қулаб ўлади. Улар дашт ғоясига тоқат қилолмайди. Бу Буюк Қайтарув деб аталади. Доно ва Кекса Тонгюқуқ ана шу Буюк Қайтарувга тайёр турарди.

98

Бу йилги қиш менинг узун ўйларимдан ҳам чўзилиб кетди. Бу тоғли ўлкага баҳор келишига ҳам шубҳаланиб қолдим. Ҳозир ўша кар-соқов аёл билан яшаяпман. Баъзан уни бўм-бўш пулемётим билан қўрқитиб қўяман. Мен билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Тавба, дунёнинг ярмини кезиб чиққан, ер юзидаги энг гўзал жойларни кўрган мендай бир киши кимсасиз ва лаънати қишлоғидан нари чиқмаган қари жодугар ёхуд бокира аёл олдида ўлаётган бўлсам, шу тобда ўлим олдида қай биримиз бойроқ ва бечора ҳол эканмиз? Бир сўфий шоир ёзганидек:

Руҳоний илми-ла фахр этар, камбағаллар кўтарар исён,

Жазо куни кимнинг тоши оғир келар, ким ҳам биларди?

Қишлоққа жангарилар ҳужум қилганда, бу аёлнинг уйи вайронага айланганди. Ҳар куни у тош териб келиб, битта-битталаб деворини тиклайди. Узун ҳаётнинг икир-чикирлари...

Балки мен учун ҳам дунёнинг ярмига сочиб юборилган тошларимни териш фурсати етгандир?

99

Билга-Ҳоқон ғазаб отига минганди. Лаънати ақлдан озган қари чол нима қилиб ўтирибди? Тўғри, у Салтанатни оёққа турғизишда катта фойда берган, бироқ энди унинг ақли бошидан учиб, мамлакатни хароб қилмоқда. У ҳокимиятга қизи Малика Побекани жалб қилди, худди Ҳукмдорга ўғли Шаҳзода ЙЎллукдан маҳрум бўлгани етмагандай. Улар барча муқаддас китобларнинг нусхасини олиб, нафақат уларни ўқишга, балки турфа китобларни уларни таржима қилган кишилар билан бирга турли туркий қабилаларга юборишга қарор қилишди. Агар бу иш бошида тилмочлар тилмочи турмаганда, Ҳукмдор ҳеч нарсани билмаган бўларди.

Билга-Ҳоқон биродари Кул-Тегиндан айрилди, ўғли Шаҳзода ЙЎллукни йўқотди, ўз хотини Побека сотқинлик қилди, фолбини Удегени қатл этди, лекин бу унинг сўнгги забт этган нарсаси - Дунё Ақлу заковатини бир четга йиғиштириб қўйди дегани эмасди. Бу ақлдан озган, тиши тушган чол уни бутун даштга ёйишни истади. Худди шамол учираётган тупроқ каби...

Уни ўлдиринг!


100

Ниятларимнинг бирортасини рўёбга чиқаролмадим. Ҳаммаси ярим йўлда чала қолиб кетди. Лук, Зев, Фиона, Ноам, роҳиб Валаамов, Тензиг, Ат-Тоҳарий. Кеча Ли қайтиб келганда, уни ўлдирганим йўқ, ҳатто қаерга борганини, нима қилганини-да сўраб¬

суриштирмадим. Уни на шубҳали жосусликда ва на сотқинликда айбладим. Сўроққа тутадиган судямидим? Ахир гуноҳи кабираларни қилиб юрган, Худога ишонмайдиган (гарчи беҳудага Унинг Исмини эслаб юрсам ҳам), шайтонга қўл берган, ота-онасини унутган, зинокор ва қасамхўр, деярли қари хотинни ўлдирган, қадимий қўлёзмани ўғирлаган бир нотавон бўлсам... Бу дунёдаги хом сут эмган бандалар ичида нима қилиб юрибман ўзи?..

Ли ўзини ҳеч нарса бўлмагандай тутди. Мен ҳам. Кечқурун кампир ўзининг қоплон териси тўшалган тош ётоғига кетганда, Ли шамчироқни ёқиб, қўйнидан турли хил варақларни чиқариб менга узатди. Бу хитойча ва уйғурча муқаддас ёзувлар эди. Мен уларнинг нима ҳақида эканини жуда яхши билардим.

Ли аввал хитойчасини ўқиди ва таржима қила бошлади:

«Тан сулоласининг асосчиси хитойсифат турк Ли Юан бўлган. Шу боис сулола икки маъноли бўлиб қолган. Таотзун ҳукмронлиги вақтида кўпгина турклар унинг атрофига тўпланишган: Киби Ҳели, Ашина Шени, Тонгюқуқ... Бу вақт оралиғида Таотзуннинг ўғли Гаотзун ўз отаси ҳарамидаги Ю деган гўзал аёлни севиб қолади. Лекин кўп ўтмай Ҳукмдор вафот этиб, унинг барча хотинлари ибодатхонага жўнатилади. Кунларнинг бирида янги ҳукмдор Гаотзун ибодатхонага бориб, севгилиси Ю билан кўришади. Чунки унинг хотини фарзандсиз бўлиб, ҳукмдор ҳарамига роҳиба олишга розилик берганди. Гаотзун Юни ўзидан ҳам ортиқ кўрар ва тез орада ўз ўрнини унга бўшатиб беради. Ҳукмдор аёл эса имкониятдан фойдаланиб, энг аввал ўз рақибини шаробга ғарқ қилади, сўнг барча ажнабийларни қувғин ёки сургун қилади. У жудаям ҳаддидан ошиб кетади. Тез фурсатда у сулолани деярли барбод этиб, эрининг вафотидан кейиноқ ҳокимият тепасига келадиган ўғлини қатл этади. Шу тариқа Ю Тан сулоласининг номини бутунлай ҳаёт саҳнасидан олиб ташлайди. Буддист роҳибларнинг ёзишича, бу Будданинг қизи бўлган экан.

Ўшанда турклар энди-енди юзага келаётган пайтлар эди...»

Шундан сўнг Ли кейинги қоғозни ўқишга ўтди:

«Ўрта Салтанатнинг пойтахти Чанъан сарой фитналарининг марказига айланди. Ҳукмдор Тжун-Суннинг хотини Вей Шей аждоди бўлмиш Юнинг кирдикорларини қайтаришга уринди. Мавқеидан фойдаланиб, бу аёл ўз эрининг тарафдорларини қатл эттиради ва охири эрини ҳам заҳарлайди. Малика Ан-ло билан биргаликда Ҳукмдорнинг ўлимини яширган ҳолда, унинг ҳокимиятдан ўз хоҳиши билан бўшагани хусусидаги сохта фармонга имзо чекишади. Шундай қилиб, унинг ўғли янги Ҳукмдор дея эълон қилинади.

Лекин ҳукуматни олишга уриниш иш бермайди. Ҳукмдорнинг жияни Ли ўз қўшини билан саройга ҳужум қилиб, исёнкорларнинг бошини танидан жудо қилади. Тез орада у сулоланинг янги Ҳукмдори ва Суантзюн номи остида Кўк Ўғлига айланади. Туркларнинг Ҳукмдори Билга-Ҳоқон Кўк Ўғлига ўз отасидай ҳурмат кўрсатишга сўз беради.

Кейинроқ Кўк Ўғли Билга, Кул-Тегин ва Тонгюқуқни Тайшан тоғи остидаги қурбонлик маросимига таклиф этади, бироқ ўз элчилари Мейлучжони юборгани ҳолда уларнинг бирортаси ҳам маросимга келмайди... »

Кейинги қоғоз уйғур тилида бўлиб, Ли уни менга узатди, Мен ўқий бошладим:
«Сўғддан келган Манихей Шаҳзода эътиқоди кучлироқ бўлган ўз тилмочи Берке билан мунозара қилиб турарди. Берке Шаҳзодага тегишли барча нарсани, хусусан «Ном»нинг таржимасини ҳам олиб, бир жойга тўплади ва устидан ўт қўйди. Олов тиллари юқорига ўрлаганда, Берке унинг атрофида пичирлаб, ҳар хил сўзлар айтиб, қўнғироқ ва дўмбира чалиб, ўйинга туша бошлади. Бирдан у ақлу ҳушини йўқотиб, ғалати овозлар чиқара бошлади ва ногоҳ ерга юмалаб тушди-ю, ўлиб қолди. Китоб ўт ичида қолди, саҳифалари гуриллаб ёна бошлади. Шаҳзода ҳеч қачон бу каби ажойиб манзарани кўрмаган эди. Ерда Беркенинг ўлиги ётарди... »

Ли бошқа бир хитойча ёзилган қоғозни тортиб чиқарди ва бетартиб ўқий кетди:

«Кўк Ўғли Сунтзюн ўзининг иккиюзламачи хизматчилари Чжан Куй ва Лю Сян туфайли Билга-Ҳоқоннинг Отукендаги саройида нималар содир бўлаётганини жуда яхши биларди. Унинг уларни асирга олаётганларидан жаҳли чиқарди. Бу уларнинг аввалги ваъдаларига қарши бўлиб, ўзига нисбатан ўта ҳурматсизлик ҳам эди. Вазиятнинг биргина афзал томони уларнинг ҳалиям у ерда туриб, ўз ишларини давом эттиришаётгани бўлиб, бу Суантзюн асосий душмани ҳақида кўпроқ нарса билиши мумкинлигини англатарди. Шунга қарамай, хизматкорлар уруш очиш фурсати етгани ҳақида хабар жўнатишганди.

Кўк Ўғли исёнчиларга қарши қандай курашиш кераклигини биларди. У туркларнинг элчиси Мейлучжони Отукен ўрмонига юборади. Мейлучжо ўз ишидан ва уни амалга оширгач, эвазига нима олишидан яхши хабардор эди... »

101

«Тонгюқуқ уларнинг элчиси Мейлучжо ортига қайтиб келгани ва энг аввал Ҳукмдор билан кўришганини эшитган заҳоти ҳаммасини тушунди. Аввал унинг ўзи Хитой ҳукумати томонидан худди шунақа иш учун юборилган, лекин ўз одамларини сотган эмасди. Аксинча, у ҳамма нарсани даштнинг асосий душманларига қарши кўтарган ва ҳозир кўк турклар салтанати денгиз оша кенгайиб бормоқда. Унинг ҳаётдаги вазифаси тулкиларни излаб топиш, таъқиб этиш ва овлашдан иборат эди, айни пайтда у тулкиларнинг яна қайта бўрилар мулкида эканини ҳис этди.

Ҳар дақиқа у Мейлучжонинг ҳузурига келишини интиқиб кутар, чунки салтанат бир қўлсиз ҳам салтанат, ҳатто иккинчи қўли йўқ бўлса ҳам салтанат, лекин бошсиз салтанат салтанат эмасдир. Мейлучжо Чанъандалигида бунга ўқитилганди. Бироқ, Доно Тонгюқуқ Ҳукмдорнинг аҳволини билиш учун одам юбориб, Панкул бошлиқ сараланган қўшинни қўққисдан бошланадиган ҳужумга тайёр туришини буюрди.

Доно Тонгюқуқ Буюк Қайтарувни бошлаб нечоғли тўғри иш қилганини яна бир карра ҳис этди.

Хонасида ўтираркан, эшик оғаси ичкари кириб, Кўк Ўғли жаноби олийларининг элчиси кутиб турганини айтди. Шанъанда илдиз ёзган барча гаплар Тонгюқуқнинг ғазабини қўзғатганди, бироқ у Мейлучжога киришга изн берди. Лекин у ичкарига кирмасидан бурун, элчилар ва Билга-Ҳоқоннинг жаллодлари ўтовга бостириб киришди ва Тонгюқуқ ҳақ бўлиб чиқди. Дашт Ҳукмдори заҳарланганди. У ҳаёт учун курашар экан, зудлик билан
Мейлучжони тутишни ва бутун уруғи билан қириб ташлашни буюрди. Кекса Тонгюқуқ кўзлари ёниб турган лаънати шоқолга тикилиб қаради, лекин сотқин бу сокин шармандаликка чидай билмади...

Салтанат хавф остида қолди... »

102

Одатда ўзинг биладиган нарсалардан бошқалар ҳам хабардор деб ўйлайсан киши, шунинг учун ҳам уларга ҳар томонлама эътибор қаратмайсан, масалан, ўз қайдларингга. Баъзи ўринларда мен ҳам шундай қилганимни англадим: сўнгги икки йил ичида ҳаётимда рўй берган воқеаларни ҳамма билиши керак деб ўйладим ва шундан буён қайдларимдаги мантиқ ёки батафсилликка у қадар эътибор қаратмайдиган бўлдим: улар маълум бир вақтдаги кайфиятимнинг инъикоси эди холос. Лекин ҳаётнинг мантиқ билан иши йўқ, у ўз йўлида давом этаверади. Шундан бўлса керак, салтанатларнинг барбод бўлиши, тсивилизатсиялараро тўқнашув каби йирик масалалар қолиб, арзимас шахсий воқеалар, ҳатто воқеадан ҳам кичкина нарсалар тўғрисида гап бошланади. Бу менга «Туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр» деган мақолни эслатади.

Фионадан айрилганим кўнглимни қаттиқ оғритиб юрган кунларнинг бирида бирор жойга саёҳатга чиқишга қарор қилдим. Сайёҳлик агентлиги Венага боришни таклиф қилди. Ҳа, адо бўлган салтанатлардан бирининг пойтахтига. Ҳар кимнинг тасаввури турлича бўлгани каби, мен ҳам Венани мусулмончасига тасаввур қилардим. Лекин ҳамманинг хоҳиш-истаги ҳар хил. Сиз бу комплекс саёҳат нима эканини биласиз: автобусдагилар унга ўтиргандан бошлаб, бир-бири билан танишишга тушиб кетишади, оқибатда бу танишув бир шиша ўрта сифатли немис виносидан отиб олгач, аллақандай хира дўстликка айланади ва оқибатда маст-аластларнинг «Доктор Геслер, Постгас, 14» пансионида битта ўринга ётиб ухлаб қолиш билан якунланади. Буни тан олиш қийин, лекин ундан ҳам қийини уларни айблаётганинг ва ўзинг ҳам худди шундай эканлигингда.

Якка ўзим Венанинг дабдабали ва унча кенг бўлмаган тош кўчаларидан Ҳукмдор уйлари, боғ, фавворалар, Опера театрини томоша қилиб борарканман, Домен-Платсга келиб қолдим, у ерда ёшлар брейк тушаётган ва бошларида айланиб ўйнашаётганди. Яқин атрофдаги ибодатхонада қўнғироқлар чалина бошланди, лекин ҳеч ким унга қулоқ тутмасди. Ваҳимали мусиқа уни босиб тушар ва ёшлар «Оле, оле!» дея қичқиришарди. Боб Марли «Сен билан қисилиб қолишни истайман» қўшиғини куйлар, тўпланганлар орасида японлар ва ҳиндлар, турклар ва австрияликлар, британиялик ва кариблик, мексикалик ва словен, хитой ва рус, яҳудий ва лўлилар бор эди.

Мен ибодатхонага кирдим. Пасха байрамига бағишланган маросим бошланиш арафасида эди. Аслида мен бу маросимда қатнашишга эмас, бу жойларни томоша қилишга келгандим, лекин эшик оғаси мендан маросимга келдингизми, деб сўраганида, «ҳа» деб юборибман. Мен ёлғон гапиргандим, лекин энди ичкарига кириб бўлгандим.

Черковда нималар бўлганини сизга айтмоқчи эмасман. Бу жуда китобий ва маънавий бир нарсага ўхшаб қолади. Аксинча, епископ бу дунёни тарк этган Ўғил ҳақида куйиниб гапириб турганда, ўртачилик қилиб юрган ҳаётимдан сўйлайдиган арзимас, яроқсиз бир ҳикоя эсимга тушиб кетди.

Бир куни, бу ҳикоя бошланмасидан бурун, тилмочлик бюромизнинг раҳбари мендан муҳим бир ишни тугатишни сўради. Иш юзасидан жуда кўп кишилар билан алоқа қилишимга тўғри келар, улар орасида театр олийгоҳининг ректори ҳам бор бўлиб, у билан муносабатимиз яхши эди. Бошлиғимнинг пойтахтимиз атрофидаги тоғларда юрган жияни бор эди, бир кун у ана шу жиянининг ажойиб актёр эканини айтиб қолди. У қўшиқ куйлаш, рақсга тушиш ва кичик саҳна асарлари ижро этишда устаси фаранглигидан, театр олийгоҳига ўқишга киришни орзу қиларкан. Мендан ректор билан гаплаша оламанми-йўқми деб сўради у, чунки имтиҳон топшириш муддати ўтиб кетганди. Мен ҳаракат қилиб кўришимни айтдим. Шундай ҳам қилдим. Танишимга ўша йигит ҳақида илиқ гаплар айтдим, унинг истеъдодли йигит экани, ҳинд филмлари учун таппа-тайёр юлдуз бўлишини сўзладим. Ректор имтиҳон вақти ўтганини эслатиб, лекин менинг ҳам сўзимни ерда қолдирмаслик мақсадида ёрдам беришга сўз берди. Биз шунга келишдик: мен ёш иқтидорли юлдузни олиб келадиган ва ректор бошқарувнинг навбатдан ташқари кенгашини ташкил этадиган бўлдик

Шундай қилиб бошлиғимни хурсанд қилдим ва жиянини душанба куни олиб келишини сўрадим. Айтилган кун келди. Мен ўзи баланд бўйли киши эмасман, лекин «ўсиб келаётган юлдуз»ни биринчи бор кўрганимда ўз бўйимдан уялиб кетдим. Бундан ташқари, у қандайдир рангсиз, туссиз бир бола эдики, «албинос» эканига шубҳалана бошладим. Бу унинг фақат ташқи қиёфаси эди. Ундан жасорат қилиб исмини сўраганимда, кучли бир актсент билан ярим товушни ютиб юборган ҳолда бир нима деганди, мени ҳиққа тутиб қолди. «Суяги бизники, эти сизники» деди бошлиғим ва бизни ҳоли қолдирди.

Ваъдага вафо дея бу яралмишни олийгоҳга олиб келдим. Гарчи ректорнинг гавдаси меникидай бўлса ҳам, лекин юраги икки марта катта эди. Чунки у мен билан менинг бемаъни илтимосим ва ғалати мақсадли мана бу ғайритабиий яралмиш ўртасида қолганди. Бизни кўриб, камзулининг чўнтагига қўлини тиққанича, жаҳл отига минмай, болани кенгашга олиб чиқиш олдидан хонанинг у ёғидан бу ёғига Гулливерга ўхшаб катта-катта қадам ташлаб юра бошлади. У «актёр саҳнада кўриниб туриши керак», деди холос. «Ҳатто энг орқа қатордаги томошабин ҳам уни кўриши шарт. Ҳозир сизга кўрсатаман» дея нариги хонадан кимнидир бошлаб чиқди. Бир актёр момоқалдироқ овозидай гумбурлаб хонага кириб келди. «Биласанми, - деди ректор, - келгуси йил қўғирчоқ театри учун курслар очамиз, ўшанда келсанг, ҳеч қандай имтиҳонсиз ўқишга оламиз, бўптими?»

Жиян келаси йил ўқишга бордими-йўқми, хабарим йўғу, лекин сездимки, ваъда берилган жой ўртачилик қилиб юрган мендек қўғирчоқбозга қарата айтилганди. Шу оддийгина ҳикояда ҳам аввалгиларидагидай бир неча хулосалар ва қарорлар борлигини кўраман. Улар биз ўйлаганчалик содда эмас-ов. Аслида ҳар бир ҳикоя маълум бир руҳидан ташқари ўзининг суяк ва этларига эга бўлади. Лекин мен уларни шарҳлаб ўтириш ниятим йўқ. Мен фақат Венада Пасха байрами муносабати билан уюштирилган маросимда эсладим буларни. Бор-йўғи шу.

103

Яна бир қўлдан берилган салтанат бу шўъролар салтанатидир. Исроил ва Эрондан қайтганимдан сўнг, кўп ўтмай, Европа ташкилотларидан бири Грузияга боришни мўлжаллаётган нозик делегатсия учун таржимонликка ёллади. Аниқроғи, мен ана шу делегатсиянинг сафар аҳамиятини ёритиб берадиган журналистлари учун тилмочликка ёлландим. Биз Европадаги бир пойтахт шаҳардан шахсий самолётда учиб кетдик. Бу раҳбарлар ҳар куни баҳраманд бўладиган баъзи нарсалар: энг яхши винолар ва икра, ширин табассумлар ва бепул хизматдан биз ҳам бебаҳра қолганимиз йўқ. Улар сафар кундалигини ўзгартиришганида эса, завқимиз янада ошиб кетди: грузинлар меҳмоннавозликда жуда машҳур бўлиб, имкониятдан фойдаланиб, нимага қодир эканликларини намоён этишди: расмий нонушталар, шоҳона тушликлар, ташрифлар, ташрифлар... Лекин менга ўхшаган четдагилар бу кун тартиби фақат раис ва унинг кузатувчилари шарафига тузилганини унутибмиз. Биз буни тайёрагоҳда билдик: делегатсия бир томонга, биз иккинчи томонга кетиб, қоронғи ҳаётимиз бошланди.

«Расмий сафарларда юрадиган журналист» нима эканини биласизми? Бу - ҳалақит берадиган, лекин ақалли пашшани қўриб турадиган бир дум дегани. Таржимон эса ана шу думнинг думи дегани. Матбуот котиби сизни навбатдаги воқеанинг зўр бўлишига қизиқтириб, меҳмонхонадан олиб чиқади, сиз дейлик, Ташқи Ишлар Вазирлигига келасиз, у ерда чавандозлар қуршовида зирҳли автомобилда келадиган раисингизни бир соат кутасиз, шундан кейин гуллар, ялтир-юлтурлар, табассумлар, текин хизматлар, лекин сизга ҳеч нарса йўқ. Шундан сўнг хизматчилар тўпига шўнғиб кетасиз ва ўзингизнинг нечоғли кераксиз ва қатордан тушиб қолганингизни ҳис этасиз. Кечроқ улар дабдабали безатилган столлар ортида ғойиб бўлишади, эшиклар тақа-тақ беркитилади ва матбуот котиби яна сизни бир оз кутишингизни илтимос қилиб, ажойиб матбуот анжумани бўлади, дея қизиқтиради. Сиз на мармар зиналарда ва на форсий гиламларда ўтиришга ҳаддингиз сиғмай, айтилганча кутасиз. Анчадан кейин хушчақчақ ҳолда уларнинг қип-қизил юзлари кўринади: ялтир-юлтурлар, табассумлар, қарсак-тарсаклар ва раис қоровуллар қуршовида яна бир бошқа жойга кетади. Бечора матбуот котиби эса у ерда саволлар бериш имкони туғилади, дея ишонтиришга тушади.

Очқаган, чанқоқ ва нафратланган ҳолда мамлакат Президентини кутиб олиш учун жўнайсиз. У ерга ҳар галгидай хавфсизлик юзасидан бир соат илгари келиб турасиз. Жиддий ва қатъий тан соқчилари (тавба, кимнинг танини сақлар экан улар? Бошқа томондан қараганда улар ўз танасини шу қадлар яхши қўриқлайдики, сиз ўзингизнинг танангизни ҳам қўриқлашлари ёки тинтишларига ишонасиз) куйлагингизнинг ҳар бир тугмасини текшириб чиқишади, лекин аслида, сиз ашқол-дашқол тўла пиджагингизни детекторнинг нариги томонига ташлаб қўясиз ва уни эсон-омон қўлга оласиз. Кейин Президент раисни қабул қиладиган ўн биринчи қаватга кўтариласиз. Юқорида яна бир қўриқчилар гуруҳи сизни кутиб туради ва текширув ўтказади, энди тугатай деганларида, бир зийракроғи протокол бўлими исмингизни ёзишда хато қилганини сезиб қолади. Улар тинтув бошлашади ва бир тўхтамга келгунларича, Президент ва раис ёпиқ эшиклар ортида юзма-юз суҳбатни бошлаб юборган бўлади.

Енди Протокол бошлиғи ярим-соат бир соат ичида уларнинг иккиси ҳам биринчи қаватда матбуот анжумани ўтказади, дея руҳлантиради. Сиз пастга тушасиз ва маҳаллий журналистлар орасида яна аллақанча вақт кутасиз, журналистлар сизни Президент ҳеч қачон
пастга тушмаслигига ишонтиришади. Улар биринчи қаватни назарда тутишяптими ва ё умуман, ерними - бу тилшуносликнинг сири бўла қолсин.

Мана энди билгандирсиз расмий сафарларни ёритиб борадиган журналист бўлиш қанақалигини? Бир сўз билан айтганда, у асирдир. У ҳолда асирнинг таржимони бўлган сиз ким бўлдингиз?

Ночор хаёлларга берилиб тураркансиз, лифт ичида осмондан тушган фариштадай бўлиб раиснинг қораси кўринади. У шу қадар бахтиёрки, бу ҳолида ғамгинлар билан суҳбатлашиб ўтиради дейсизми? Шунга қарамай, биз ҳар куни ўнлаб, балки юзлаб учрашувлар бўлаётганини кўрамиз, ўқиймиз ва эшитамиз.

Ўша ерда ва фақат ўшандан кейин журналист ва дипломат орасидаги фарқни тушуниб етдим. Журналист йўқдан бор қилганда, дипломат ҳатто борни ҳам йўққа чиқарар экан.

104

Мени маъзур тутгайсиз, лекин сиз ўйлагандан ақллироқман дейишга ҳақлиман. Нега сизга буларни - турли мамлакат ва жойлардан бир қарашда тасодифий бўлган лирик чекинишларни келтиряпман? Конус қонунини биласизми? Аввал ҳаммаси ноаниқ бошланади, сўнгра қизиллик, яна ва яна, босим кўтарилади ва охири бир нуқтага зарба беради. Шундан кейин зарбанинг кучини тасаввур қила оласиз.

Агар шу ўринда сизга макон устидан ғалаба қилган, лекин вақтни енголмаган Дунёнинг Тўрт Бурчи Ҳукмдори Билга-Ҳоқонга ўхшаш томонимни айтиб берсам, балки бу тартибсиз ҳикояларимга бир оз ҳис берган бўлармиди? Ҳа, ниманидир сақлаб қолишга интилиб, мен у ердан бу ерга кўчиб юрдим: турли одамлар ўртасида рўй берган бу ҳикоялар Саҳро Ҳукмдори бошидан кечирган қўшимча ақлу заковат топишга уринишнинг айни ўзидир. Шуни тушуниб етганимда, бу дунёдан узоқлашишнинг йўлини топдим. Буни сизга тушунтириб бераман: мисол учун, сиз Лондонга учмоқчисиз ва ҳамма бундан хабардор, дейлик. Сиз қариндошларингиз, ҳамкасбларингиз ва дўстларингизга нима қилмоқчилигингиз, қаерга кетаётганингиз, ким билан учрашмоқчилигингиз ва қачон қайтиб келишингизни айтасиз. Атрофингизга боқинг, сиз ҳар доим пиллага ўхшаб муносабатларингизнинг кумуш иплари билан ўраб олингансиз. Лекин яхшиси, уларни чақиринг-да, иш юзасидан бир кечага, Худо билади, алоқа қилиш мумкин бўлмаган қайсидир бир қирғинга кетаётганингизни айтинг, бироқ, барибир эртага тунда орқага учиб келаман-ку, денг.

Ҳақиқатда эса поездга ўтириб, дейлик, сиз бировни ва ҳеч ким сизни билмайдиган Эдинбургга жўнайсиз. Бу қочиш қанчалик ғамгин ва ширин ва сиз ҳеч ким учун мавжуд бўлмайсиз, ўзингиздан бўлак ҳеч кимники бўлмай қоласиз... Фақат мангу тошлар ва совуқ ўтирғичлар сизнинг шу ердалигингиз, одамлар орасида йўқолиб қолганингизга гувоҳ холос. Бу ёлғиз қолишнниг ягона хили: сиз одамлар орасида қордай эриб кетасиз ёки эртаклардагидай ғорда ё саҳрода ўлиб кетган бўласиз. Балки ҳозир пилладан учиб чиққан капалак биринчи бор ипак қанотларини бошқа капалаклар орасида қоққан замон ўзини худди шундай сезаётгандир.

Буюк шоир айтганидай: «Ел нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам... »

105

Сўнгги воқеалар бўрони мени бу ерга олиб келган сабаблар ва қадамларни давом эттиришга вақт бермаяпти. Қолаверса, бу бўрон нафақат бадиий баён, балки ҳақиқат ҳамдир. Ли менга ўша ҳикояни айтиб берганди. Ўтган ҳафта телба дўстимиз билан ўнта жангари тоғли қишлоқдан қочишга ва ҳукуматга таслим бўлишга қарор қилишди, чунки баъзи чопарлар ҳукумат ўзи бош эгиб келган истаган кишини афв этиши ҳақидаги янгиликни олиб келганди. Шунинг учун ўн-ўн икки киши қочишга келишган. Қўмондонлар буни ярим кечаси сезиб қолиб, орқаларидан дарҳол одам юборган. Бу гуруҳ қочоқларни торгина тоғ йўлининг пастида музликларни кесиб ўтаётган ҳолда топган Лекин уларни тутиб олиш йўли йўқ эди ва гуруҳ ўт очишга киришади. Исёнчилар ҳам қараб турмай, жанг қилишган ва натижада баҳорги эришга шайланаётган қорлар кўчиб, икки гуруҳни ҳам жарга улоқтириб юборади. Тирик қолган биргина киши бу бизнинг телба оғайнимиз эди. У уст-бошига қараб бўлмайдиган бир ҳолда ўзи орқага қайтиб келиб, овоз чиқармай юм-юм йиғлади, гўё ёшлари телбалигини ювиб тушаётгандай эди. У ҳамманинг кўзига ғамгин ва жимгина боқар, лекин ҳеч ким бу қараш кечирим сўрашми, уятми ва ё афсус-надомат - нималигини билолмасди. Шу ўринда бутунлай бошқа бир манзара хаёлимга келди.

Бир йил аввал халқаро ёрдам гуруҳига таржимонлик қилиш учун Мўғулистонга боргандим. Балки сиз аллақачон бундай халқаро гуруҳларга шубҳа билан қарашимни сезгандирсиз -менинг қатъий фикримга кўра, уларнинг кўпчилиги қаллоблик билан шуғулланади, ё қайсидир йўл билан пул топишга интилади ва ё бошқаларнинг қашшоқлиги ҳамда оғриқлари устидан кулишни билади, бироқ мен айтаётган жамоа ундай эмасди. Сиз бу мамлакатга ҳалокатли таъсир кўрсатган ҳайвонлар вабосини эслайсиз, албатта. Қутқарувчилар гуруҳи мол дўхтирлари, зоологлар, экологлар ва бошқа мутахассислардан иборат бўлиб, улар табиийки, одамлар билан шуғулланишмайди.

Ҳаётимда ҳеч қачон бунчалик катта фожиага гувоҳ бўлмагандим: Мўғулистоннинг оппоқ қорли кенгликлари қорамолларнинг ўлик танаси билан тўлиб кетганди: улар орасида энг кучлиси саналган отлар ўрнидан туришга интилиб, оғриқдан тўлғонар, юнглари музли қорларга ёпишиб қолган ювошгина қўйлар эса, кучсиз овозда оппоқ ва кар осмонга қараб маърарди. Изғирин ўлим шарпасини олиб келар ёхуд Ўлим қанотлари ҳалокатли шамолни суриб келаётгандай эди гўё. Ва ё Чингизхон руҳи ана шу кенгликлар сари кезиб юриб, дунёвий қарзларини қайтараётгандай. Ҳар ҳолда ўта ваҳимали манзара...

Парламент аъзоси бўлган инглизча гапирувчи хоним бизни кутиб олиб, қишлоқ жойларига бошлаб борди. У Кембриджда таҳсил олган ва шу боис кўп нарсадан хабардор эди. Шу билан бирга Орхон вилоятига вертолоётда учиб борарканмиз, бу хонимдан Билга-Ҳоқон ва Тонгюқуқнинг машҳур тош ёзувлари ҳануз борми, дея сўраган эдим, у нафақат бошини қимирлатиб қўйди, балки уларни менга кўрсатишга ваъда ҳам берди. Албатта, биринчи галда яйловларга бордик.

Сизга манзаранинг нақадар ночорлигини айтдим: нормал ҳаётимизда бу дунёда қанча ҳайвон яшаши ҳақида ўйлаб кўрмаймиз, биз фақат ўзимизни ҳисобга оламиз холос, лекин аслида барча ҳайвонлар, қушлар ва ҳашаротлар яшаётганимиз заминга биздай ҳақлидир. Улар камтаргина бўлиб туғилиш ва ўлишларини билдиришмайди, на

туғруқхоналари ва на қабристонлари бор. Лекин агар мол совуқдан ва очликдан ўлса, бу инсоннинг бошига тушган кулфатга гувоҳ бўлгандан ҳам баттар. Ҳорғин чўпонлар очдан ўлаётган қўйларга музлаб ётган смолани синдирар, қўйлар эса йўқ ҳашакка талпиниб, музлаган тумшуқларини дам-бадам охурга тиқишарди.

Билмадим, бу қутқарувчилар ҳайвонларга озуқа бўлмаган бир шароитда қандай ёрдам кўрсата оларкин, лекин мана улар нима қилишди: чўпонлар умидсизликка тушиб, ўлиб қолмасидан бурун кўпроқ қўйларни сўйиб юборишга уринишарди. Мўғуллар ўлимтик истеъмол қилишмайди, фақат сўйилган ҳайвонни ейишади, шу боис улар ақалли ўзлари учун гўшт бўлади, дея ҳайвонларни сўйишарди. Гуруҳ бир четда сўйиш хонаси ташкил этди. Худо билади қаердан, лекин улар бир қочоқ эчкини топиб олишганди ва бу айёр ва тўқ жонивор қўйларнинг биринчи гуруҳини овқат ва илиқлик ваъда қилиб, сўйиш жойига бошлаб келади. Унда оддий сўйиш машинаси бўлиб, эчки махсус тешикдан ичкарига киргач, бечора оч қўй овқатга талпиниб бошини суқади ва шу заҳоти кескич уни бошидан жудо қилади, танаси эса ўлим талвасасида бир томонга гурсиллаб йиқилади...

106

«Ўлим талвасаси» Афғонистонда рўй берган ундан-да мудҳиш манзарани ёдимга солади. Нега у ерда бўлганимни айтишдан аввал ўшандан бери унута олмаганим ғаройиб маросимни тасвирлаб берсам. Бу Мозори Шариф ва Қошғар оралиғида жойлашган тоғлар бағридаги бир қишлоқда рўй берганди. Қишлоқ оралаб кетиб борарканмиз, қуролланган қўриқчи бизни тўхтатиб, қатл маросимига қўшилишимизни буюрди. Мен, мижозим (у ҳақда кейинроқ гапириб бераман) ва ҳайдовчимиз оломонга қўшилдик ва айтилган жойга келдик. У ерда бошига қоп кийгизилган, қўли боғлиқ бир кишини кўрдик. Жарчилар баланд овозда бақирган эди, бошқа бир киши нарироқда турган қозон тагига олов ёқди. Улар жамоатчиликка ош пиширяптиларми, деб таажубландим. Лекин нега? Қатл дегани ўйин-кулги эмас-ку, бунинг устига ошнинг масаллиқлари ҳам йўқ. Қозон ичи қайнаб турган ёғга тўла эди: унинг ҳиди атрофга таралиб турарди. Барибир, кўп нарса ўйлолмадим. Бирдан жаллод ҳалиги кишини орқасига бир туртиб, гандираклаб ерга қулаб тушгунича калласидан жудо қилди. Бошни оломон орасида айлантириб чиқишдан аввал, жаллод танани маҳкам қисиб, унинг кесилган томоғи томонини қизиб турган ёққа солди. Қон ҳамма ёққа фавворадай отилгунча ёғ уни жизғанак қилди, шундан сўнг жаллод танани ерга ирғитиб юборди. Бошсиз тана бужмайиб, одамлар ва чанг ўртасида тўлғона бошлади. «Ўлим талвасаси», пичирлади ҳайдовчимиз...

107

Билга-Ҳоқон ўлим олди талвасасида ётарди. «Агар продшоҳ онангга тегажоғлик қилса, дардингни кимга айтасан?», - энг сўнгги кучини тўплаб бақирди у. На хотини Побека ва на ўғли ЙЎллук бу сўзларнинг асл маъносини тушунди: Ҳукмдор бу билан Кўк Ўғлини назарда тутдими ё салтанатнинг кўзу қулоғи бўлиши учун юборгани Мейлучжоними? Балки Билга-Ҳоқон уни ҳамма нарсадан маҳрум қилган Ҳукмдорлар Ҳукмдори -Тангрининг Ўзи ҳақида шикоят қилдими? Бошқа кимдан шикоя қилиши мумкин?
Нимагаям Кул-Тегиннинг жанозасига келганларни атрофида тўплашга қарор берди? Демак, уларни ўзининг жанозасида қатнашиши учун тутиб турган экан-да. Улардан нима кутган эди - ақлу-заковат китобиними ва ё инсонийликними? Ўзлари қилган ишга мос келмайдиган сўзлариними? Бутун умр билгани, сўзи билан эмас, фақат қилич кучи билан ўзига бўйсундиргани нокомил инсон зотидан нима кутган эди? Нима сабабдан ўзини ўзи сотди, нечун сароб ортидан эргашди?

Мана энди эккан ҳосилини ўряпти: тарафдорлари уни йўлдан оздирди, душманлари янада кучлироқ бўлиб кетди, мамлакат эса қум, балки майда-майда тупроқ заррачаларига айланди. Ҳатто ўз оиласи барбод бўлди: Побека кўчманчи аравасини бир томонга тортади, Кул-Тегинннинг хотини ўзини бошқа томонга ташлайди, ўғли ЙЎллук осмонларда учиб юради ва Доно Тонгюқуқ уларнинг барчасини бир жойга йиғолмай ҳалак... Билга-Ҳоқоннинг ўзи нима истаганди? Биладими ўзи? Бу дунёда аскарларининг бевафолигию саргардон одамларининг заҳарлаб қўйишларини биларми эди? Ақлдан озиб бўлганингда дунёнинг ақлу заковати нимага керак энди? Ўлаётганингдаги куч-қудратингдан не фойда? Не...

108

Икки сафар ҳам орқамда турган одамлардан юзимни ўгирганча, кўнглим беҳузур бўлиб қайт қилдим. Мўғулситонда Оюн (йўлбошичимизнинг исми шундай эди) менга ёрдамга келди, юзим ва оғзимни муздек, таъмсиз қор билан ювиб олганимдан кейин, у ичирган аччиқ ҳинд чойини обиҳаёт каби ҳис қилдим. Мўғул аёллари бошқа барча кўчманчи аёллар сингари руҳан жуда кучли бўлишади, улар эркаклар билан баб-баравар, балки улардан ҳам кучли ва ақллироқдирлар. Балки бунга уларнинг тилларида «женский род»нинг йўқлиги сабабдир. Оюн ҳам ана шунақалар хилидан эди: камгап ва ҳаяжонга тез берилмайдиган, лекин дилкаш ва ишончли. Бунинг устига у жудаям гўзал аёл эди, лекин умримда биринчи марта аёлга нисбатан шаҳват туймадим. Ҳаётимда илк бор яқинликка ўхшаш бир ҳисни англадимки, у шаҳвоний ҳирсдан кўра ширинроқ эди. Маҳаллий чўпонлар ва таклиф этилган мутахассисларга ҳамма нарса таржима қилиб бўлингач, Оюн энди бирор жойга бора олишимизни айтди. У қолганларга менинг докторга учрашим кераклигини тушунтирди ва биз «Жип» га ўтирганча саҳрога қараб кетдик.

У мени Ўрхун ёзувларини кўришга олиб келди. Гарчи бу вақтга келиб улар тўғрисида деярли ҳамма нарсадан хабардор бўлсам-да, лекин бу оддий ва каттакон тошларнинг қандай қилиб саҳродан осмонга отилиб чиққанини ҳеч тасаввурга сиғдира олмасдим. Қор уларнинг тусини ўзгартиролмади, шамол неча асрлар аввал ўйиб ёзилган ҳарфларини учириб кетолмади, ҳатто одамлар ўз эҳтиёжлари учун уларни судраб кетишга ботинишгани йўқ.

Мен бир тошга теккан эдим, бармоқларимни ток урди. Бу нима эди? Об-ҳавонинг совуқлигими ё юрак оғриғимнинг иссиқлиги? Билмадим, лекин Оюн енгчамдан тортиб, бармоғини лабларига босди...

109

Тонгюқуқ Ичи Лянг деган бир одам остида яширинган ўша хитойлик эгизаклар - Чжан Куй ва Лю Сян ҳақида хабардор эди. Лекин у ўз душманининг кучини ўзига оғдириб олишни яхши биларди: икки бор жойда уч ҳам бўлиши керак. У Татаббу қабиласидан ўша икки хитойликка икки томчи сувдай ўхшайдиган одамни топди. Бунинг устига бу жангчи хитой тилининг «мандарин» диалектида жуда яхши гапирарди. Тонгюқуқнинг ўзи унга сабоқ берди ва у тайёр бўлгач, тулки овловчилар қизи Побека ва набираси ЙЎллукни таклиф қилди. Бу Билга-Ҳоқонннинг ўлими арафасида содир бўлди. Ҳар иккилари Ичи Лянг каби учинчи одамга мурожаат қилишди.

Кюле Ҳукмдорни заҳарлаган кун ва Чжан Куй Ҳукмдорнинг чодири атрофида унинг ўқувчиси Шаҳзода ЙЎллукни ахтараётган кўйи тентираб юрганида, учинчи одам чодирга юборилади ҳамда махсус сигналдан сўнг Лю Сян бурчакдан чиқади ва «Чжан Куй» деб чақиради. Лю Сян учинчи одамдан ҳаммаси режага асосан кетяптими-йўқми дея сўрайди, яъни Саҳро Ҳукмдори ўлдими ёки улар фурсатни қўлдан бермай ҳаракат қилишсинми? Шундан сўнг улар батафсил режа тузиб олишади ва бунинг натижасида хитойлик эгиз Тонгюқуқ одамлари томонидан қўлга туширилади.

Кейинроқ, Чжан Куй чодирга келади ва махсус сигналдан сўнг учинчи одам бурчакда кўринади ҳамда Чжан Куй унга «Лю Сян» дея мурожаат қилади. У Саҳро Ҳукмдори заҳарлангани ва Кўк Ўғли тузган режага кўра уларнинг ўқувчиси Шаҳзода ЙЎллук тахтни қабул қилиб олишга тайёргарлик кўраётгани, шу боис, зудлик билан барча режаларни ҳал қилиб олиш лозимлигини айтади...

Уни ҳам қўлга олишади. Эгизаклар ўрнига келгуси режаларга тўлиқ биргина турк Ичи Лянг қолдирилганди...

110

Оюн Кўк Турклари тарихини яхши биларди, бу менга ғалати туюлди, чунки мўғуллар одатда Чингизхон тарихидан ўзларини йироқ тутишади. Лекин у менга мутлақо нотаниш бўлган бир неча манбаларни келтирди ва ҳатто мўғуллар ва Кўк Турклари тарихи ўртасидаги мутаносибликни кўрсатиб берди. У Чингизхон бўлишидан аввал Темучин ва Жамуҳа ўртасидаги сирли биродарлик тўғрисида сўзлади. Натижада мен «Мўғулларнинг сирли тарихи» китобини ўқидим ва кунларнинг бирида Саҳронинг қоқ ўртасида юзма-юз кўришган ва қондош ака-укага айланган икки рақобатчи ҳақида билиб олдим. Улар бир-бирларига содиқ қолишга ва ўлгунча ёрдам беришга сўз беришади. Бироқ уларнинг қондошлиги кўплаб сотқинликдан иборат бўлади: бир-бирларига қарши кураш, очиқдан-очиқ душманлик, бунинг натижасида Темучиннинг Жамуҳани қатл этиши... Шу воқеадан кейин Темучин буюк Чингизхонга айланади ва мўғул дашти ва ўрдани бирлаштиради. Лекин Оюн менга уларнинг муносабати - бирлашган ва кучли дашт ҳаққи жентлменларча тузилган шартноманинг яширин тарихини айтиб берди. Жамуҳа чиндан ҳам ўла-ўлгунча Темучинга содиқ қолади ва буни Темучин жаллодининг тиғи остидаги ўлими билан исбот этади. Лекин аввал ўзини ўз қондош биродарининг душмани каби тутади. У ҳақиқий душманлар билан иттифоқ тузади ва Темучин уларнинг барини яксон қилади. Аслида Жамуҳа Чингизхоннинг келажаги ҳаққи жосусликка қўл урган ва Чингизхон ҳар доим Жамуҳасиз даштнинг буюк Ҳукмдорига айлана олмаслигини яхши биларди.
Оюн бу аниқ ва сирли биродарлик ҳикоясини айтиб берар экан, шунга ўхшаган муносабат менинг ҳам бошимдан ўтганини ҳис этдим...

111

Ли бу ҳикояни эшитиб шундай деди: «Биз ҳам шундай вазиятда эмасмизми?» Мен бир оз тараддудланиб қолдим ва уялиб кетдим, чунки буни асло хаёлимга келтирмагандим. «Нима демоқчисан?»- сўрадим ундан. «Шунчаки бир гап» - жавоб берди у ва гапни бошқа томонга бурди. «Биласанми, улар сени ҳалиям жосус деб ўйлашяпти», - дея эшик томонга ишора қилди у жангариларни назарда тутиб. «Нима?! Нима дединг?» -сўрадим мен жаҳлим чиқиб. Лекин тезда ўзимни босиб олдим, эсимга қўрққан олдин мушт кўтарар, деган гап тушиб кетди. Мен Лининг ўзини назарда тутяпман, чунки у биринчи бўлиб ҳужумга ўтди: «Сен жуда кўп мамлакатларда бўлгансан, қанчадан-қанча одамлар билан кўришгансан, ўнлаб алоқаларинг мавжуд, шунинг ўзи ғалати эмасми?»- сўради у. «Сен буни қайдан биласан?» «Бас қил, бу дунёда яширин бирон нарсанинг ўзи йўқ. Бир кишига маълум нарса ҳаммага аён бўлади! Шуни билмасмидинг?» Мен ҳеч нима демадим.

Нима ҳам дердим? Уни жосус дея шубҳаландимми? Шу билан мен, у ва ё жангарилар учун бирор нарса ўзгариб қоладими? Билмадим нимага, лекин кейин унга шундай дедим: «Биламан, ҳозир одамлар ўз қарашлари ва ҳаётларини ўзгартирмоқдалар», - ва бирдан унга қуйидаги ҳикояни айта бошладим:

«Мўғулистонда бўлганимда, Оюн шундай деганди: «Биласизми, Улан-Баторга махсус иш билан келган бир тилмоч аёл сизни билар экан...» Миямга биринчи келган сўз «Фиона!» бўлди. Ҳа, Фиона! «У узун бўйлими?»-сўрадим. Бу бемаъни савол эди, худдики мен уни Оюнннинг ўзи билан солиштираётганга ўхшадим, лекин Оюн тезда жавоб берди: «ЙЎқ, ўрта бўйли». «Унинг исми Ирмами?» - сўради Оюн паст овозда. «Ҳа, Ирмами... » - юзимда ҳафсалам пир бўлгани яққол сезилди, чунки Оюн яна қайта мени руҳлантиришга интилди: «У жудаям чиройли экан!»

Мен одатда аёлларга хос масалаларни бошқа аёллар билан муҳокама қилишни ёқтираман: уларни билиб олишнинг энг мақбул йўли шу. Биринчидан, бунда вайсақилик керакмас, чунки бу бошқа бир аёл ҳақида, иккинчидан, ўзингиз суҳбатлашаётган аёлда яхши таассурот қолдиришга интиласиз, учинчидан, суҳбат асносига қараб, ўзингизни ўзгартира оласиз, тўртинчидан, у аёл у ёки бу шароитда ўзини қандай тутиши ҳақида гапириб, барча сирларини ошкор қилиб қўяди, бешинчидан, олтинчидан ва ҳоказо. Лекин мен Оюн билан ҳеч кимни муҳокама қилмоқни истамадим. Балки бунга унинг сирлилиги сабаб бўлгандир.

Икки кун ичида қўйларни оммавий равимда сўйиб туришгунча, биз Улан-Баторга кетдик. Мен қочоқ эчкига ўхшаб, «қўзичоғим» билан ажойиб тунларни ўтказишни орзиқиб борардим. Шовқинли вертолётимизда унга қандай қилиб тегишим, оппоқ, совуқ елкалари, бошқа жойларини силашни хаёлимга келтирдим, нафасим иллюминаторни хиралаштирар ва ҳеч қаерга қарамасдан ўтирардим...
Оюн ҳолатимни сездими-йўқми, билмайман, лекин баъзан жавобгарлик ҳиссини йўқотиб қўяман. У мени марказдаги меҳмонхонанинг қаршисида қолдириб, «Ёрдам керак бўлса, қўнғироқ қиларсиз», дея телефон рақамларини берди. Лекин у пайт бир нарсадан бўлак ҳеч нарсани ўйламасдим. Унга нимадир деб пичирладим, балки бу унинг камтарин ёрдами учун миннатдорчилик эдими, эсимда йўқ. Сўнг меҳмонхонага кириб кетдим.

Қанчалик ғалати бўлмасин, котиба қиз хонимни кўчага чиқиб кетди ва уч кундан кейин бўлади, деб айтмади, балки дарҳол Ирма билан боғлаб берди ва менинг асалимнинг овози эшитилди: «Ешитаман...» Аёлни аёл қиладиган нарса нима эканини биласизми? Унинг овози. Сиз юзингизга упа-елик суртиб, гўзаллаштиришингиз, қоматингизни ўзгартиришингиз, кўкракларингизни катталаштиришингиз мумкин, лекин ҳеч қачон овозингизни сохталаштира олмайсиз. Ирманинг овози майин ва ром қиларли даражада ширин эди.

У ўз хонасида экан, бетоқатлигимни кўрсатмаган ҳолда уни пастки қаватдаги қаҳвахонага таклиф этдим. У завқимга завқ қўшиб, суҳбатга жон деб рози бўлди. «Айтадиган гап кўп»,-деди у ва мен у нимани назарда тутганини тасаввур қилдим. Шундай қилиб, ўн дақиқадан кейин пастда кўришишга келишдик. Шу дақиқалар ичида турли ҳолатларни ўйлаган ҳолда нафсимни тинчлантириб турдим. Қисқаси, ўн дақиқа ўн йил, ўн асрга чўзилгандай бўлди.

Ахири Ирма ортимда пайдо бўлди. Аввал унинг қўнғироқдай овози эшитилди, сўнг унга қараган эдим, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, у роҳибаларнинг кийимида кулиб турарди. «Буниси янада қизиқ», деб ўйладим мен.

Биз қаҳвахонага кириб ўтирдик, мен унинг рўмолига қараб: «Тишингизга бирор нима бўлдими?» деб сўрадим. «ЙЎқ». Мен жинни бўлиб қолай дедим, чунки у: «Биз бу ерга умумжаҳон универсал дини делегатсиясининг бир қисми сифатида келдик», деди. «Сен уларнинг таржимонимисан?»- умид билан сўрадим мен. «ЙЎқ, мен делегатсия раҳбариман. Биз...аниқлаяпмиз... ўз мақсадларимиз бор... универсал ишонч... эътиқодимизга кўра... мўлжаллаяпмиз... , қисқаси шунга ўхшаган гаплар. Мен унинг сўзларини бўлмасдан, диққатини жаъм қилган ўқувчидай берилиб эшитдим, у эса бундан завқланиб сўзларди.

Ўша ерда ва ўша пайт кўп нарсага чидай олишимни англадим. Аслида бу на Блаватскизм, на Гуржизм ё Ошоизм ва ёхуд бошқа «изм»лар, балки ҳаддан ортиқ нотабиий аёллар таълимотизми ҳақида эдики, барча бошқа нарсаларни қўшиб ҳисоблаганда ҳам менинг учун қўрқинчлироқ эди.

112

Нафсиламрини айтганда, бу мен кўрсатишга уринганимчалик кескин эмасди. Баъзи ўринларда унинг насиҳатомуз гапларига чек қўйиб, суҳбатимизни якунлагим, юмшоқ ўринда эмас, масалан, қаҳвахона ҳожатхонасида бўлса-да, мазза қилгим келди. Бироқ, унинг ғазабланиши эмас, балки қандайдир бир ҳорғинлик ҳайвоний ва шаҳвоний истагимни тийиб туришга сабр ва куч берди. Аввал унинг даъватлари кўнглимга хуш ёқаётгани, у юз йиллар аввал бўлган босқичда турганимни билдиришга тиришдим. Худо Ирмадан рози
бўлсин, лекин бу жуда оғир бир ҳол эди. Ҳарқалай бу ишлардан оёғимни узганимдан хурсандман...

113

Мен Афғонистондаги машҳур толибонлар ҳам бечора Ирма билан солиштирганда, объектив ва эркин ўйлайдиган кишилар бўлганини эсладим.

Охирги гап Лини қизиқтириб қўйди. Ирма ҳақидаги ҳикоямнинг маънисини сўрамади, гарчи мен уни хулоса ўрнида айтгандим, у фақат менинг бунчалик ғазабнок эканимни билмаганини айтиб, толибонлар тўғрисида гапириб беришимни қаттиқ талаб қилди.

Баъзан нега икки йилдан бери шулар билан сизнинг устингизга бомба ёғдириб юрганимдан таажжубга тушаман. Давом эттиришга нима тўсқинлик қилади? Бу ёлғизликни четлаб ўтишнинг ягона йўлими ёки ўлим қўрқуви билан шуғулланишми? Биласиз: мен ҳам сиз каби маънисиз ҳаётни яшаб ўтдим, лекин энди унинг маънисизлиги қайсидир бир кун келадиган ўлимнинг мумкинлиги билан кўпайтирилди. ЙЎқ, ундай эмас, аниқроғи, ўлимнинг ҳар кун келиши мумкинлиги унинг ҳар доим биз билан ва бизнинг атрофимизда эканида, лекин мен бошқача вазиятдаман, чунки мен Худонинг эмас, балки одамларнинг қўлидаман. Ўзимни жангарилар қўлида деб ҳисоблайман. Хўрозлардан қўрққан телба ҳақидаги ҳазилни биласизми? Хўрозлар гўёки телбани донга ўхшатиб, уни қўрқитаётганга ўхшайди. Физиотерапевт уни даволаб, дон эмаслигига ишонтиради ва касалхонадан чиқариб юборади. Беш дақиқадан кейин у қўрқув ичра орқасига қайтиб келади ва «Ҳув анави ерда бир хўроз бор экан, у мени чўқиб еб қўйиши мумкин». «Лекин сен дон эмассан-ку, шундайми?» - «Тўғри, лекин хўроз буни қаёқдан билсин?»

Мен ҳам шунақа: жангариларга тегишли ва уларнинг яхши-ёмон хоҳиш-истагига боғлиқ эдим. Қўққисдан келадиган ва қаттиқ ўлим туйғусининг нечоғли қўрқинчли эканини яхши билардим. Мен ўлишни истамайман, чунки кимдир тақдиримни ҳал қилиб қўйди ва ҳар замон Ўлим Фариштаси мени дунёдаги нима биландир чалғитиб тураркан, ғазабланганим ва вайсақи бўлганим жойда яна мўралаб туради, лекин ўша чидаб бўлмас қўрқув...

114

Баъзан ўлимдан қўрқиб юришдан чарчаб кетаман ва нега бунчалик чўзилмаса, дея ўйлайман. Мард бўлсанг кел ва бу ғамларни кўтар...

Лекин Венетсияга ўхшаган жойлар бор экан, нега одамлар ўлади? Кўчалар ўрнида денгиз мавж уриб оқадиган шаҳар, шундай шаҳарки, санъат деган тушунча маънисиз, чунки ундаги ҳамма нарса санъат, замонавийликни қувиб ўтган шаҳар, чунки у мангу... Мен учун ҳамма нарса қайта бошланган шаҳардир бу.

Ҳаётда тасаввур ва ҳаққонийлик мавжуд. Мен уларнинг ўртасида бўлмоқ истайман. Ҳаққонийлик ҳеч қачон тасаввурга тенг бўлолмайди, аввал исталган маркага қаранг,
сўнгра Венетсиянинг ўзига. Ялтироқ кам, кўпроқ ҳаққоният: деворларнинг тўкилиб тушаётган оҳаклари, шўрхок ва зах ерлару тор йўлаклар ва миллион-миллион туристлар ичида инсон зоти ўзини ҳам йўқотиб қўядиган боши берк кўчалар... Ёлғизлигингиз Қирол Саройида ҳам сизни тарк этмайди. Галереянинг чап қанотига ўтинг ёки хоҳласангиз, ўнг томонига - ўзингизни қамоқхонанинг бирор хонасига яширинг...

Ҳозир Тоғли Бадахшондаги телба қариянинг тош қафасида шундай ҳисга берилдим. У гоҳ ичкарига киради, гоҳ ташқарига чиқади, Ли қаршимда михланган, лекин мен ўзимни янада ёлғиз сезмоқдаманки... Тасаввур ва ҳаққонийлик билан бўлган ўйинларим ўз ҳосилини берди: Мен ўзимдан ҳам фарқли эдим, ҳеч ким ҳақиқатда ким эканимни билмасди. Ли мени жосус, дея шубҳаланади, қария босқинчи деб, ўзим эса, бир қурбон, дея санайман ўзни. Хўш, ким ҳақу ким ноҳақ?

Умримнинг кўп қисмини таржимонлик қилиб беҳуда ўтказдим: икки тентаклик ўртасидаги кўприк бўлганинг ва уларга ўзингни купайтирганинг замон бундан-да бўшроқ касб бўлиши мумкинми? Бир бўшлиқдан иккинчи вакуумга қуйиласан, ҳеч нарса ҳаққи ўзингнинг барча сифатинг ва мавжудлигингни унутасан. Замонавий дея аталувчи ҳаётнинг деярли барча томонларини кўрдим. Уларнинг бари менга талабгор эди: сартарошлар оғзаки тасаввурларини ўз қўғирчоқларига ифодалаб беришимни сўрашди, тиш дўхтирлари тишдаги мураккабликларни бечора мижозларига тушунтириб беришим учун таклиф қилишди; кема изидан тушган денгизчиларга, ўзларини биринчи дуч келган чуқурга кўмишга тайёр шоирларга, бесоқолбозлар билан гаплашган коммунистларга, наркотик билан шуғулланувчиларга, опера қўшиқчиларига, бир гал ҳатто биринчи телевидение орқали гинекологга, роҳиба ва космонавтга ва яна аллакимларга тилмочлик қилдим. Амаким айтганидай: «Бу мамлакатдаги энг машҳур қизлар билан бирга бўлдим, лекин уларнинг бирортаси битта сичқон бўлсин туғиб бермади.» Мен ҳам шундай...

Берке тилмоч Сўғднинг Манихеан Шаҳзодаси билан шунча кўп вақт бирга яшадики, натижада унинг барча урф ва одатларини қабул қилди. Эндиликда у кунни Ёруғлик Худосига ибодат қилиш билан бошлайди, сўнг Буюк Хабарчининг Муқаддас Китобини ўқийди, кейин пешонасидан чиқадиган ички бир нур ичра тафаккурга чўмади, ундан кейин кундузги ибодатга ўтиради, сўнг...

Уларга ҳеч ким ҳалақит бермайди, чунки улар барча Манихеан китобларини таржима қилишган ва эндиликда бу иш ниҳоясига етиб, уни Ҳукмдорга узатилгач, Берке тилмоч таржима жараёнида ташлаб кетган баъзи тушунмовчиликларнинг асл маъносини англай бошлайди, лекин уларни тўғрилашнинг имкони йўқ. Ҳақиқатда ҳеч ким уни очиб беролмаган, чунки матнни ўқиш бошқа, уни ҳаётга тадбиқ этиш бошқа бир ишдир.

У ҳозир Сўғд Шаҳзодасига ўхшаб қолган: жуфтликлар ҳаётларининг сўнггида бир хил бўлиб қолишади - умумий иш, умумий эҳтиёж, умумий фарзандлар уларни бир хил қилиб қўяди. У нурга тўлган кўйи ўзининг Берке тилмочлигини ҳам унутиб қўяди баъзан, ўзини ибтидоий одамлар орасидаги нотаниш Шаҳзода каби кўради. Фақат Ҳукмдори - Доно Тонгюқуқ бу туйғуларни қўллаб қувватлаб, унга завқ бағишлайди... «Ҳамма нарса Тангрининг иродаси билан бўлади», дейди у.

115

Мен буни ҳали ҳаммаси бошланмасидан бурун Венетсиядалигимда «Қуадерни ди Студи Эуроасиатиcи» да ўқигандим. У касбимнинг ўзгариши билан боғлиқ бўлгани учун ҳам ҳисобга олиб қўйгандим. Ўша пайтда гап нима ҳақда эканини билганимда эди! Афсус, у пайт ғуборсиз кунлар бўлган, ўшанда мен Марказий Осиёни тадқиқ этиш бўйича Европа Семинарида таржимонлик қилар, шу орада бундай йиғинларга бажонидил қатнашиб турадиган ёш ва келишган бир олимани ахтарардим.

Бироқ, ширингина аёлнинг ўрнига, мени Шинжон сафарига ишга таклиф этган Лук билан кўришдим.

У глобал геополитикага ёхуд маҳаллий чегара муаммоларига оид зерикарли маърузаларни тинглагани эмас, балки Венетсиядаги шахсий кутубхоналарда маълум ва номаълум венетсиялик сайёҳларнинг Даштга боғлиқ қадимий қўлёзмаларини ўрганиш мақсадида келганди. Шарққа оид бирор иловага дуч келган чоғларда мендан таржима қилишда ёрдам сўрарди. Бу муносабатларимизнинг муқаддимаси бўлди. Афсуски, ўша иловаларнинг мазмунини аниқ-тиниқ эслолмайман, чунки уларнинг кўпчилигида Мўғул хонларини кўкларга кўтариб мақталган ва уларнинг сайёҳ руҳонийларини ва аксинча, руҳоний сайёҳларини хафа қилдириб қўймасликлари тўғрисидаги ваъдалари битилганди. Бироқ улардан бири миямга қаттиқ ўрнашиб қолган ва эндиликда бунинг маънисини тушуниб етгандайман.

Бу қадимги уйғур тилидаги бир мактуб бўлиб, саҳифанинг тўртдан бирида эгри ҳарфлар юқоридан пастга қараб тизилган, гўёки ҳарфлар осмондан ерга учиб тушаётганга ўхшарди. 13-асрда дараксиз кетган, деб саналган венетсиялик сайёҳ бу мактубни уйғур қамоқхонасида ёзган ва 18-асрнинг ўрталарида яна бир италиялик сайёҳ уни бошқа қўлёзмалар билан бирга Ҳўтан бозоридан сотиб олган. Асирга тушган сайёҳ маҳаллий халқ ҳақида ёзиб қолдирганди:

«Ҳаётимда биринчи бўлиб дунёдаги барча маълум динларга эътиқод қиладиган халқни кўрдим. Бунда манихеан ва саратсинларни, оловга сиғинувчилар ва несторианларни, буддист ва ламаистларни, шомон ва иудаистларни учратиш мумкин. Уларнинг бари бир хил тилда сўзлашади, бир хил турмуш тарзига эга, фақат эътиқоди бўлак. Бунга қандай қилиб эришилди? Умуман, бу мумкинми? Мен бу ҳодисанинг илдизларини ўрганишга киришдим: бу ҳаддан ташқари чидамлилик, бееътиборлиликми ё адашган сир-синоатми? Уларнинг фикрлаш йўсинига кириб бориш учун бу халқнинг тилини ўргана бошладим ва тез орада унинг сўз ўзагига ўхшаган бир неча асосий элементлардан иборатлиги ва бир қанча функтсионал қўшимчалар ёрдамида биргина асосий элементдан кўплаб турли маъноларни ясаб олиш мумкинлигини аниқладим. Бу мантиқ ва тартиб мени қўрқитиб юборди. У Даштдаги ягона қора доғдан катталашиб-катталашиб пайдо бўлган минглаб кишилар ўрдасига ўхшарди. Бу сизга отилаётган сонсиз ўқ-ёйлар демакдир. Бу Даштнинг ўзи каби миллиард қум зарраларининг бу дунёнинг ишончсиз боғларига томон сурилишига ўхшарди... Гўёки осмон жангчилари бошимизга ёғилиб тушаётгандай.

Мен буни бир лаҳзалик сирли тушдай кўрдим ва шу совуқ зиндонда нега ҳаётим якун топганини яхши билардим. Гарчи бу халқ орасида ўттиз йилдан ортиқ умр кечирган эсам-да, бундан ортиқ ҳеч нарса деёлмайман. Бир нарсани аниқ биламан: бу анча аввал
бошланган, лекин жуда узоқ давом этажак. Айтадилар-ку: «Ҳамма нарса Тангрининг иродасига боғлиқ. Омин!»

Май кунларининг бирида, кечқурун Понте Риалто яқинида Лук билан ғаройиб ширинликни «Мусcато Сиcилиано» билан қўшиб еб ўтирарканмиз, ўша асирга тушган сайёҳнинг аниқ нимани назарда тутганини муҳокама қилардик. Унинг ҳар бир сўзига урғу беришга интилсак-да, лекин улар «бетартиб йўлакли боққа» ўхшар, бу эса икки йил асирликда ёлғиз яшашни ва ўша қадимги уйғур тилида ёзилган венетсиялик киши мактубининг асл маъносини билиб олишни талаб этди...

116

ЙЎқ, адашмадим, бугун асирлигимнинг роппа-роса бир юзу ўн олтинчи куни.

Ли қишлоққа қайтганидан кейин жангарилар сони ортганини сездим. Улар ўртасида нима содир бўлганди? Шуни айтишим керакки, ишончсизлик асирликдаги энг ёмон нарсадир. Ўз шубҳаларингга ғарқ бўларкансан, кейинги лаҳзада юқорига сузиб чиқасанми-йўқми билолмайсан. Бу мен учун хавфлими ё хавфсиз? Лига нисбатан қандай муносабатда бўлмоғим керак?

Аввалги куни у толибонлар ҳақида сўраганида, уларнинг болшевикларга ўхшаб бир кечада ўз жамиятларини ўзгартиришни исташганини айтганимда, хохолаб кулиб юборганди. Бундан руҳланиб, айтдимки, афғон жамияти қашшоқлашиб боряпти, бу қаймоғи олинган сутга ўшайдики, у қаймоқнинг ҳам юпқалигига шубҳа йўқ. Ли бу фикрни ҳам маъқуллади. Мен гапимни давом эттириб, толибонларнинг ўзларига ишончлари ҳаминқадарлиги сабаб алданганликларини айтдим. Лекин улар ёш бўлиб, шунинг учун ҳам радикал эдилар, ҳатто эронлик Оятуллоҳлар улар олдида тиш-тирноқсиз шерга ўхшайди; иккинчидан улар янги келганларди ва келгуси йигирма йилда ҳукмронлик қилишлари мумкин; учинчидан, ноанъанавий тарзда ҳамма нарсага қизиқувчан ва руҳонийлик нуқтаи назаридан исталган муаммони муҳокама қилишга тайёрдирлар улар; тўртинчидан, интилувчандирлар ва шу боис ишонтириш қийин ва ҳоказо...

Мундай олиб қараса, бу сифатларнинг аралашмаси қайсидир даражада Лида ҳам акс этганди. Чунки охири у юз қиёфасини ўзгартирмасдан «Биласанми, Толибон ҳудудларида уларнинг тайёрлов базалари мавжуд», деди ва давом этди: «Лекин сен қайдларингда ўз кузатишларингдан фойдалансанг бўларди».

Бу нима дегани: қўрқувми ё шунчаки бир маслаҳат? Бунга ўхшаш арзимас баёнотни ўнлаб бошқа миллат ва жамиятлар тўғрисида айта олган бўлардим. Масалан: «бўлмоқ»дан кўра «туюлмоқ» муҳимроқ бўлган франтсузларнинг ичи бўшлиги, ҳеч қачон кўрсатмайдиган, лекин бажарадиган немисларнинг мустаҳкам ички дунёси, ўнта имкониятдан бири таваккалли бўлса ҳам ҳеч нарса қилмайдиган инглизларнинг эҳтиёткорлиги, Эллин илоҳиётини Семитик православиега айлантирган греклар, арабларнинг такаббурлиги, жанжалкаш руслар, ўзини камтар озчиликдай кўрсатадиган бир ярим миллиард хитойликлар...Бас! Етар энди. Лекин уларнинг бирортасини ўз ўрнимда кўришни истардим, ҳа менга ғамхўрлик қилмайдиган, аксинча ўша адашган Ли ва унинг шайкаси билан бир юзу ўн олти куним устидан босим ўтказадиган ақалли бирортасини...

117

Ниҳоят Венетсияда (кўнглимнинг ёлғиз юпанчи!) ўзимнинг «белла рагазза»мни топдим. У провинтсиялик италян қиз бўлиб, даврлар ва йўллар туташган чорраҳа - Иосиф Бродский қатнашган Халқаро анжуман иштирокчиси эди. Гарчи шеъриятнинг катта шайдоси бўлмасам ҳам, аёл кўнглининг нозик торларини чертиш йўлида ундан қандай фойдаланишни биламан. Қолаверса, бир гал Бродскийга Ню-Ёркдаги адабий симпозиумда таржимонлик ҳам қилганман.

Мен ўзимни илҳом оғушига олган дамларда жуда ёқтираман. Дабдабали қайиқда ўтирарканман, бу дунёда ҳар ким ўз исмининг сеҳрли меросини кўтариб юришга маҳкум, дея бадиий ўқишга берилиб кетаман, шунга ўхшаб, Бродскийнинг ҳаётида ўз Ватанининг турмасидаги қудуққа ташланган Соҳибжамол Иосифнинг аксини кўриш мумкин, кейинчалик у ўз мамлакатидан ташқарида шуҳрат топди ва аввал душман бўлган биродарлари унинг куч-қудратини тан олишга келишди. Гертсоглар саройи ва турма ўртасидаги «Чуқур Нафас Кўприги»дан ўтганимизда, айтганимдай, денгиз юзасига чиқдик. Мен Салтанатлар мавзусига батафсил тўхтала бошладим ва қолган бошқа барча империяларга қарши ўлароқ, совет империяси бўш ҳокимият устига қурилган мафкуравий ва қуруқ империя эканини айтдим. Бу хаёлий бир империя эди. Шунинг учун ҳам ёзувчиларнинг роли унда ғоят буюк эди. Ўша буюк куч устидан ғалаба қилишнинг кўпгина йўллари бор эди ва уларнинг бирини Бродский топган: унинг эркин хаёллари рус шеъриятининг анъанавий шаклига қарши қўйилган. «Ўз хоҳишига қарши бориш»дан холилик унинг шеъриятига хос асосий қоида эди.

Булар чиндан ҳам мен Ню-Ёркда таржима қилганим Бродскийнинг ғоялари эди, лекин Марселлам учун улар қандайдир янгилик бўлди. У буларнинг барини халқаро анжуманда ҳамкасблари билан ўртоқлашиш учун ёзиб олди. Қайиқчи бизни суратга тушишга таклиф қилганида, у жон деб тезроқ ундан қутулиш учун фотоаппаратини тутқазди ва ДНК тузилиши ҳақидаги сўзларимни бошлаганча, Гранд Канал томонга бурилиб кетдик. Биласиз, касбим туфайли кераксиз билимларга тўлиб тошганман: масалан, ДНК чизиғи тўрт унсурдан ташкил топганлигини биламан, булар ДНК занжирини юзага келтирадиган сулфонатлар, спирал ҳосил қиладиган иккита бир-бири билан боғланган занжир ва бу спираллар ўзаро боғланиб ҳаёт асоси учун тўртинчи босқични ташкил қилади. Бродский шеърияти ҳам шунга ўхшайди...

Марселла мендан ДНК тузилишини чизиб беришни сўради. Мен унинг расмини ҳеч қачон кўрмагандим, чунки фақат сўзларни таржима қиламан холос, шу боис олдиндан тайёргарликсиз, Венетсия дарё ва каналлари схемасини чиза бошладим, бироқ Марселла бундан бехабар, нақадар ўзини бахтиёр сезарди...

Шу орада майин шабада суҳбатимизга қўшилишни истаган кўйи сочларимизни тортқилай бошлади.

Қайта эслаётганим учун маъзур тутгайсиз, хуллас ўша куни гапларимиз бир-бирига уланиб-уланиб, суюклигим Венетсияда ҳозир ҳам сув узра учиб бораётган қайиқдаги ажойиб ҳаётимиздан эсдалик суратларни ва фотоаппаратни унутиб қолдиргандик... Сўзлар, сўзлар, сўзлар...

118

Билга-Ҳоқон ўлди, лекин қўшни ҳукмдорларнинг биронтаси ҳам ўз элчиларини унинг жанозасига юбормади. Аслида унинг ўлими ҳатто очиқ эълон ҳам қилинмаганди ва ҳокимият тўғридан-тўғри Побека бошчилигидаги ўғил ЙЎллук қўлига ўтган, шунга қарамай, Доно Тонгюқуқ салтанатда содир бўладиган ҳамма нарсага жавобгар эди. Салтанат чўкиб борар, Тонгюқуқ буни билса-да, лекин тўхтатолмасди: бош бўлмаган жойда ҳеч нарсани бошқариб бўлмайди...

Неча кунки чодирида ўтириб, Катта Қайтишнинг стратегияси ҳақида хаёл қилар, аслида буни аллақачон бошлаб қўйганди: бошқа бир кун Берке-тилмоч Сўғднинг манихеан шаҳзодаси билан бўлган баҳснинг ўртасида ўлади, ҳақиқатда эса ўлган киши Берке эмас, балки Шаҳзоданинг ўзи эди ва Тонгюқуқ ва Беркедан бошқа ҳеч ким буни билмасди. Энди, Ёруғлик Шаҳзодаси зиндонга ташланди, унда ўз эътиқодини ўзгартириши мумкин, динни янги қабул қилаётганларга оддий оғриқ ва азобдан-да кучлироқ бошқа нарса даъват қилмайди. Берке ўзини бағишлаганларнинг ички жамоасини тузиш кераклигини яхши биларди ва унга бўйсунганларнинг барчаси ўзларининг беш кишилик ибодатхоналарини ташкил этишга киришишади ва уларнинг ҳам ҳар бири бошқа бештани ўз қўл остига олган бўларди. Фақат юқори қисмигина пастигача бўлган ҳамма нарсани биладиган пирамида...

Биргина Ичи Лянг Салтанат юз тутаётган тартибсизликка қарши мажбурий фан сифатида яқинда эълон қилинган ҳарбий санъатлар билан машғул...

Собиқ Салтанатнинг ҳар бир собиқ асири буни қўллаб-қувватлаши керак эди...

119

Балки сиз Кўк Турклари тўғрисида батафсил маълумотни қаердан олганлигимни ўйлаётгандирсиз? Асосан, шу ерда ва мана шу душманлик ҳолатимда. Шинжонга қилган биринчи сафаримдан кейинги икки йил давомида ўқиганларимни эслаяпман холосми? Қисман, ҳа, лекин бу фақат шундан иборат эмас. Ли билан бўлган узундан-узоқ суҳбатлар ва унинг хитой манбалари билан танишлиги менга қўшимча билим берди. Лекин сизга ҳали энг асосий нарсани айтганим йўқ: тўрт ярим ойча бурун ахири Шинжонга қайтиб келдим ва агар эсингизда бўлса, Ўлик Шаҳардаги тошларнинг нафақат суратини олдим, балки яна бошқа нарсаларга ҳам эга бўлдим. Ва бу ҳозир ёнимда турибди...


120

Тугалланмаганлик белгиси ҳар қаерда бўлади: ҳаёт рамкага солинган расмга мос келадиган адабиёт эмас. Ҳақиқий ҳаётни гапириб берсанг, у мойбўёқ билан ишланган
суратдаги ҳайкал бўлагига ўхшаб қолади: ё оёқ юзадан суғуриб олинади, ё мармар бўлаги рамкага келиб урилади. Лекин аслида ҳаёт бундан ҳам баттар: у қаҳрамонлар сонини ҳисоблаб ўтирмайди, ёхуд уйғун ҳолатларни пойлаб юрмайди, ҳеч нарсага эътибор қилмай давом этаверади: Лук қамоқхона осудалигида ғойиб бўлади, Фиона ишқий ҳикоямнинг қоқ ўртасида йўқолиб қолади, Зев ўзининг Шиа Чангига етишолмай ҳалак, сиз билан менинг атрофимдаги яна қанчадан-қанча исмли ва исмсиз одамларни ҳисобга олсакми... Ҳатто Ли сўнгги бир неча кун ичида мени ташлаб кетди ва фақат ёғ босган қария яқинлашиб келаётган ўлим қиёфасида кибру ҳаво билан кезинаркан, ўз деворини тиклай боради: тош устига тош...

Ески ҳаётимга қайтармиканман ва ё бу кампир билан қоронғиликка қамалиб қолиб кетаманми? Ҳаётим ҳамма нарса ва ҳар кимники каби дунёдаги энг бўлмагур жойда якун топадими?

121

Ҳаётнинг ўзи учун бўлса, ҳеч қачон яшолмаган бўлардим. Ҳатто Венетсиядан кейин, Марселла она юрти Лидо ди Жессолога таклиф қилганда ва вақтимизни Адриатика денгизининг қирғоқларида хуш ўткизган онларимизда ҳам ҳаётимда нимадир етишмаётгандай туюлаверди. Аввалига буни қўлимнинг калталигига йўйдим, лекин баъзан чўнтакда пулнинг йўқлигига умуман эътибор бермай қўяркансан киши ва Ремарк айтганидай, қарзга яшайверасан. Бу турмуш тарзингга айланади. Бу ҳали пулнинг йўқлиги ҳақида эмас. Ундан-да чуқурроқ. Тасаввур қилинг, қирғоқда денгиз тўлқинлари қуршовида аста юриб кетяпсиз, лекин негадир ўзингизни шу учун бахтиёр сезмайсиз. Ҳеч нарса учун бахт бўларми? Ахир сиз бахт нимадир учун бўлишига ўрганиб қолгансиз: кўпроқ пул, яхши иш, яхши бошқариладиган юмуш ва бу боғлиқлик иккинчи ўзингизга айланади, ўзингиздан ҳам кучлироғига. Шунга ўхшаб мен ҳам ўзимдаги ҳокимлардан қутула олмадим.

Ҳа айтганча, айни ўша кунларда Венетсияда ўтадиган «Қай бир инсониятга қайси Худо?» дея номаланувчи яна бир йирик анжумандан қолдим. Унга асосий таржимонлардан бири сифатида таклиф қилингандим. Ўзим кўздан кечириб чиқишим лозим бўлган мавзулар ҳануз эсимда: «Динлар ва диндорлик», «Дин ва инсоният», «Дин ва бошқа эътиқодлар». Яна бир бор мабодо мавзулар икки ярим йил ичида назарий йўлдан-да ортиқроқ бир йўсинда ортимдан эргашиб юришини билганимда, Жессолодаги уруш-жанжални минг карра афзал билган бўлардим.

Лекин бу сафар ҳам ноҳақ чиқдим. Ҳозир буни эслар эканман, ўзимни бахтиёр ҳис этяпман. Худди ҳаётингиз сизга берухсат ёки ўзингизнинг бехабарлигингиз сабаб берилгани каби, бахтсизлик ҳам шундай, ҳеч кутилмаганда қаршингиздан чиқиб туради. Шунда ўсиб кетган соқолингиз жангарилар ҳарбий форма ўрнига берган ўқув кийимига ишқаланишига, исланиб кетган тўзғин сочларингизга, умуман, ҳеч нарсага эътибор бермай давом этаётган ҳаётдан миннатдор бўлиб кетасиз...

Нега ўтмиш хотирада бу қадар илиқ ва ширин ҳолда сақланиб қоларкин? Сиз уни яшаб ўтгансиз, лекин ўша маҳал унинг ширинлигини мутлақо сезган эмассиз, тўғрими? Ҳатто ҳозир яшаётган ҳаётингизнинг нечоғли ширин эканини-да сезмаяпсиз. Балки қоронғида ёлғиз ўтирганингиз, қари ўргимчак тошдан тўр тўқиётган, ҳаётингиз ва ўзингиз ўртасида ҳеч нарса мавжуд бўлмаган ушбу дақиқалар ўтмиш-бугун¬ертангиздаги энг яхши кечган фурсатдир ва сиз уни ҳозирнинг ўзида қадрига етмаётгандирсиз балки? Бу фақат тўрнинг навбатдаги уяси каби кейинги тошдир ва ё аввалгисининг ҳақиқий қимматини кўрсатиб берадиган қайдларнинг навбатдаги боби бўлса не ажаб? Лекин келаётган кунда яна қандай кўргуликлар бизни кутиб турибди экан?

122

Бугун мажбурий байрам ибодатидан кейин хонамга қайтиб келсам, қайдлар дафтаримнинг охирги саҳифасига Ли инглиз тилида бир парча ёпиштириб кетибди:

«Қирғиз оқини Тардуш Инончи Чор тулки овловчилар тегмаган ягона хабарчи эди. Уни телбага чиқариб қўйишган, сабаби у ўз сўзларини тошга ўйиб ёзишларига тоқат қилолмаган ва шундан буён қайтиб бирорта сўз ёзмаган эди. Доно Тонгюқуқ ўзининг Катта Қайтишини бажарар экан, яхшироқ жосуслик қилиш учун ўзини телбаликка солиб юрибдими-йўқми, шуни аниқлаш учун Тардушни ҳузурига чақиради. Инончи Чўр ҳар галгидай жим ва ғамгин эди.

У ўз аксини қария орқасида кўрганча Тонгюқуқнинг қаршисида турарди. «Мунча катта ойна» дея ўйлади у, тушимми-ўнгим? Лекин бирдан унинг акси Бахши дуосини куйлашга тушди:

«Бизнинг Хонимиз Қизил Тоғнинг устида! Муқаддас Биби Марям Ҳўкиз Тоғнинг устида! Муқаддас Ҳўкиз Қўчқор Тоғнинг устида! Муқаддас Инсон, кел, Катта Буғудан чиқиб кел, Ердан чиққан Аждаҳодан чиқиб кел! Агар «Ўлик!» десам, «Ўлик!» де! Агар «Тирик!» десам, «Тирик»! де...

Бечора Тардуш Инончи Чор аждаҳо қаршисидаги қўзичоқдай қалтиради ва акси куйлашни тўхтатган заҳоти қўрқувини ичига ютиб, бўғиқ овозда қичқира бошлади, чунки узоқ муддат овозини чиқармай юрганди.

«Осмон Шоҳининг ўғли бир куни Ерга тушди. У дунёнинг икки қисмида ҳам назорат ўрнатишни истаганди. У ер остидаги етти қатлам орқали ўтиб, уларни ва уларнинг қўриқчиларини истило қилди. Лекин Ер ости Шоҳининг Қизи Қора Тулкига айланиб, ёш йигитларни Ер остига олиб тушди ва отасининг жамғармасини кўпайтириб, уларни ўлдирди. У Осмон Шоҳининг Ўғлини товланувчи рангин терисига ошуфта айлаб, ўзига оғдириб олди. Ўғил ҳам унга ошиқу беқарор бўлди. Лекин қиз севгиси учун унинг жонини сўраган эди, ўғилнинг оти пишқириб, сакраб юборди. Шунда қиз жонининг ўрнига унинг отини сўраганда, Осмон Шоҳининг ўғли шундай деди: «Бир йигитда бир жон, бир севги ва бир от бўлади, агар у бир учун иккини берса, ўзида бор ҳамма нарсадан айрилади!» Шу сўзлар билан ўз севгисига якун ясади ва отини бўш қўйиб, тубсиз жарликка қулади ва унда ўлим топди. Шундан буён Қуёш от чоптириб, Тун эса Қора Тулкидай момиқ юлдузларнинг ранглари билан ўйнашиб юради, бироқ улар ҳеч қачон бир-бири билан кўришмайди... »

«Нақадар чиройли, шундай эмасми?» - деб ёзганди Ли сўнггида, лекин мен ҳикоянинг гўзаллиги ҳақида эмас, кўпроқ унинг таг маънолари тўғрисида ўйлаётгандим ва улар сероб эди...
123
Ли қайд дафтаримни қаердан топиб олди?
ундаги ҳамма нарсани ўқиб чиқдими?
в) агар буни инглизча ёзишнинг уддасидан чиққан экан, хўш, нимани даъво қилади, нега?

г) нимага у билан ҳануз сичқон-мушук бўлиб юрибман? Бошқа нима қила оламан?
яна бирор нарса ёзишим керакми ва ё шу ерда ҳаммасини тўхтатишим?
агар Ли ва кейинроқ уларнинг барчаси ҳаммасини билган бўлса, нега давом эттиришимга изн беряпти, нега эртароқ ўлдириб юборишмади? Уларга нима учун керак бўлиб қолдим?

ж) мени ўзларининг йилномачилари сифатида тутиб туришибдими, бошқа қанақа тушуниш мумкин, бир хил овқат еб, бир хил хавф остида туриб, бир хил ҳаёт кечириб, уч ойдан ошиқ вақтни ўтказдим, ҳали уларнинг бири эканимни ҳис қилганимча йўқ, улар ҳам мени ўзларининг бири эканини сезишмайди... Ли мени жосус дейди, шундай экан нега мени ўлдиришмайди?

з) Ли менга маълум ҳамма нарсадан хабардорми? У мени кузатган ҳолда мен билан бир хил турмуш кечирди, бирга ухлади, бирга овқатланди, бирга гаплашди, мана энди ҳатто ёзганларимни ҳам ўқиб юргани аён бўлди...

и) ...

Бас, агар бу Поличино сири бўлса, у ҳолда яшириниб, хитойчани инглизчага аралаштириб, бузуқ инглизчада ёзганларимнинг маъниси қайда қолди? Бу бемаъни нарсани ёзишни тўхтатишим керакми?

124

Мана энди аввал менга маънисиз туюлган нарсани тушунтириш фурсати етди. Ўша маҳал «Нима бало бу!» деб ўйлагандим. Лекин ҳозир бутунлай бошқача фикрдаман.

Сиз Ноам Шатский ва унинг марҳум биродари Зевни унутмагандирсиз? Гарчи Ноамнинг биродари ҳаётидаги роли нечоғли аҳамиятга эгалигини билмасам-да, кунларнинг бирида Қуддусда Ноам менга хориждан Зевнинг жасади солинган тобутни олганда, бу унинг биродари жасади бўлмаганини айтганди...

«Жасадни олгандан сўнг, уни ювиб, оқ кафанга ўраётганимизда, кўзларини матога ўрашдан аввал бирдан унинг атрофида жуда майда кесиклар борлигини сезиб қолдим, худди кўзлари косметик жарроҳлик қилинганга ўхшарди. Аслида унинг одатга кўра дарҳол
кўмилмагани ҳам мени шубҳалантирганди... Ҳақиқий яҳудий ҳеч қачон ўлимидан етти кун кейин кўмилиши керакмас!»

Ўша маҳал мен унинг томоғи ва бўйни атрофида ҳам кесиклар бўлиши мумкинлигига қизиқдим, лекин Ноам жавоб бериш ўрнига кўзини олиб қочди. Ўшанда нечоғли тўпори ва содда бўлганимни энди тушундим...

125

Ҳақиқатда мен бу ҳикоядан хабарим бор эди, чунки уни аллақачон учратгандим!

Зев ўз кундалигида Роҳиб Валаамовнинг Дандан Уйлиг исмли уйғурнинг номаълум манбасидан келтирган иқтибосини эслатиб ўтади., Тўртбурчак яҳудий ёзувида қандайдир «Аҳбар» томонидан ёзилган ўша манбага кўра, Валаамов ва Зев бир яҳудий руҳоний билан муносабатда бўлган. Яҳудий Ўн-Ўқ қабиласининг Кўк Турклари маҳкамасига юборилган икки элчисидан бири иккинчисининг тобутини кўтариб, ортига қайтиб келган.

«Ўғуз-Билга тамғачи Макрач солинган тобутни елкасига олиб, Ўн Хушхабарнинг кўплаб билимдонлари билан ортга қайтиб келди. Ўғуз-Билганинг ўзи жуда азоб чекканди: унинг юзига чуқур чандиқ тушган, тили кесилганди ва динни янги қабул қилганлар даштнинг ўртасидаги зиндондан қандай қилиб қочишгани тўғрисидаги фожеий ҳикояни айтиб беришди. Лекин тамғачи Макрачнинг жасади ювилганда, унинг хотини бу эри эмаслигини билиб, йиғлай бошлади. Катталар жасадни тезроқ кўмишга буюриб, хотиннинг қилиғини ғам ва узоқ жудоликнинг натижасига йўйишди, лекин бу воқеа барибир шубҳа туғдирди. Афсуски тили кесик Билга-Ўғуз ўзича бир нималар деб гапирмоқчи ва тушунтирмоқчи бўлар, лекин уни ҳеч ким тушунмасди. «Елчига ўлим йўқ» - бу ҳатто душманлар ўртасида ҳам мангу қоида эди, бироқ ана шу қоида бузилди, шундай қилиб, Ўн-Ўқ қабиласи Илоҳ номи билан кўк туркларига қарши уруш эълон қилди...

Лекин на Зев, на Валаамов ва на номаълум манба дашт ўртасидаги Ўн-Ўқ қабиласига келган динни янги қабул қилганлар тўғрисида ҳеч нима демаган.

126

Афғонистондаги Мозори Шарифга етиб келганимда, бу қўрқинчли туш бошланган жойга борган сари яқинлашиб келаётганимни тасаввур қилолмасдим. Машҳур зиёратгоҳ яқинидаги бозор ёнида БМТ ходими бўлган маҳаллий йигитни учратиб қолдик, у бу ердан Шинжондаги энг машҳур шаҳар - Қошғарга бормоқчи эканликларини айтди. Румийнинг тақдир ҳақидаги ривоятини биласизми? Унинг айтишича, кунларнинг бирида бойнинг хизматкори бозордан ҳафсаласи пир бўлиб қайтиб келади. «Сенга нима бўлди?», - сўрайди ундан хўжайин. «Мен бозорда Ажални кўрдим, у мени қўрқитди. Мен ундан қочиб, тўғри уйга келдим. Шунча йил чин дилдан хизматингизда бўлдим, агар мумкин бўлса, отингизни бериб турсангиз, мен Ҳиндистонга қочиб кетсам.» - «Албатта!», деган жавоб бўлади. Шундан кейин хизматкор отни олиб, у мамлакатдан чиқиб кетади. Кейинроқ, хўжайин бозорга бориб, у ҳам Ажални кўради. «Нега менниг хизматкоримни қўрқитдинг?
Сал мулойимроқ бўлсанг бўлмайдими?», - сўрабди Ажалдан. «Биласанми, - дебди Ажал, -бугун кечаси унинг жонини Ҳиндистонда олишим керак эди, у бўлса ҳануз шунда... »

Бу ривоятни БМТ ходими бўлган ўша йигит билан учрашувни ўйлаганимда эсга оламан. Буни ҳеч кимга, ҳатто Афғонистонда таржимонликка ёллаган нодавлат ташкилотининг вакилига ҳам айтмадим. Эрта азонда маҳаллий координаторга икки юз доллар тўладим ва у бир фожеий ҳикоя «ўйлаб топди», унга кўра, у Қашғарга бора олмади, лекин ўз ўрнига хўжайинига менинг боришимни таклиф қилди ва у учинчи йўловчи сифатида оқ-кўкиш «Тоёта» жипида мени олиб кетди.

127

Сизга қўрқинчли йўллар ҳақида айтиб ўтирмайман, уларни «ўлим талвасаси»да айтиб ўтганман, лекин чиндан ҳам бутун йўл расво эди. Бунақа йўлларда сиз ўзингизники бўлмай қоласиз, ҳатто яшаётганингизга шубҳаланасиз, чунки истаган киши ҳеч бир сабабсиз сизни тўхтатиши, тинтув ўтказиши, уриши ва ўлдириб юбориши мумкин. Тоғ довонлари ундан ҳам баттар: аранг турган тор йўлаклар, тўсатдан ёғадиган қор ва туманлик, на юқорида ва на жардалигингни билмаслигинг, текис ерга чиқаманми-йўқми дея умидсизликка тушиш... Бунақа йўллар одатда фақат эртакларда акс эттирилади. Лекин бу бўш юпанчдир, чунки ҳақиқатда у якун эмас, балки қўрқинчли тушнинг бошланишидир.

Лекин улар йўл тугади дейишса ҳам, саёҳат ҳануз давом этарди. Биз Қошғарда аввал Россия элчихонаси бўлган, бир кечалик тунаш баҳоси 500 долларлик (БМТ нинг чўнтагидан кетади-ку) меҳмонхонада тўхтадик. Бу дабдабали бинода «Йирик Ўлжа», полковник МакКартни, жосуслар ари уяси ва романтизм ҳануз сақланиб қолганди. Ажойиб суратлар, ғаройиб мебел ва ипак деворлар... Менинг бу мамлакатга кириш учун визам йўқ эди, хўжайин буни билар, дам-бадам «Биз БМТ ҳимоясидамиз» деб қўярди. Чиндан ҳам хўжайин меҳмонхонага тўлаган баҳони кўздан кечираркан, ҳеч ким мендан бу ҳақда сўрамасди. Хўжайин эса паспортини умуман кўрсатмас, унинг ўрнига ҳамма жойда БМТ гувоҳномасини кўрсатар, фақат бир гал канадалик қизининг расмини паспортининг ичидан олиб кўрсатганда, унга кўзим тушди. У паспортни бошқа қоғозларининг устига ташлаб, келгуси режаларни муҳокама қилишга тушди.

Мен эса режамни аллақачон пишитиб қўйгандим...

128

Жан-Пер Балпенинг сохта паспорти билан Қошғардан Урумчига йўлга чиққан автобусда икки кун вақт ўтказдим. Бу мен чиққан автобуслар ичида энг антиқаси эди. Аввал ҳайдовчи қўзғалиш вақти ўтиб кетса ҳам, одам тўлгунча кутиб ўтирди. Сўнг у автобусни Қошғарнинг нариги бир четидаги гараж томонга ҳайдаб, механик билан нимадир тўғрисида гаплашди, кейин яқинроқдаги қассобхона томонга бурилди, у ерда баланд овозда чақирганди, бир болакай икки килоча гўшт келтириб берди. У гўштни уйига ташлагандан сўнггина Урумчига қараб йўлга тушишимизни эълон қилди. Бу шунчаки
гап экан, чунки автобус Қошғардан чиқиши ҳамоно одамлар у ёққа-буёққа олиб бориб қўйинг, дея сўрай бошлашди. Шу тариқа автобус гоҳ ўнгга, гоҳ чапга, ҳатто бир йўловчи ухлаб қолган экан, бекати ўтиб кетгани учун, уни орқага ҳам ташлаб келди. Сиз нечоғли ғазаб ва хавотирга тўлганимни тасаввур қиляпсизми? Чунки биринчи қайрилишдаёқ ҳайдовчи мени политсияга топширади ва унда мени қаттиқ жазолашади деб ўйлагандим. Лекин энг шармандалиси, ҳар тун учун 500 доллар тўлаган Жан-Пер менга худди майда ўғрига тикиладиган кўз билан қараган бўларди!..

Автобуслар орқасидан келаётган ҳаракатдаги куч қайрилиб кетаётганини кўргач, анча хотиржам бўлдим, гарчи БМТ вакили жаноб Балпе барча политсия кучлари ва назорат пунктларини оёққа турғизиши мумкин эди. Лекин агар шундай қилса, визасиз шубҳали бир кишига бошпана бергани унинг баъзи қоидаларни бузганини очиқ-ойдин кўрсатиб қўйган бўларди. Ҳар ҳолда у бундай қилмади, БМТ ҳақида ижобий фикрим яна бир карра оқланди. Лекин саҳронинг ўртасига келганда, ният-мақсадим хотиримдан кўтарилди - қаёққа бунча шошилиб кетаётган эдим? Нега? Қачон? Ниманинг ортидан? Ниҳоят икки (балки уч) кундан кейин Урумчига етиб келдим.

129

Доно Тонгюқуқ ҳалиям чодирда якка ўзи Билга-Ҳоқон тўплаган Универсал Ақлу-заковатни варақлаб ўтирарди. Мана молхонада бир юлдуз остида мўъжиза туфайли отасиз туғилган бола ҳақидаги ҳикоя. Мўъжизани кўришга келишади, лекин подшоҳ она ва болани ўлдиришга буйруқ берди...

Ёки Хоннинг дарё ёқасида еттита бола туғиб, ўлим талвасасида ётган урғочи шерни учратган уч ўғли ҳақидаги ҳикоя бор унда. Энг кичик шаҳзода она шерни ҳаётга қайтариш учун озроқ гўшт ва қон керак деб ўйлайди ва шу онда янги туғилган болалар ва она шер учун ўзини қурбон қилишга қарор қилади. Узоқ тафаккурга чўмгач, ўзини она шерга едиради. Ҳикоянинг давоми унинг акалари ва ота-онасининг бу воқеадан ғам-андуҳга ботганлиги тўғрисида...

Бундай ҳикоялар одамни кучсиз ва бўш-баёв, таъсирчан ва вайрон қилиб кўрсатади. Тонгюқуқ бир гал Билга-Ҳоқонга шунга ўхшаш гап айтган, лекин у эътиборга олинмаган. Энди нима бўлди? Билга-Ҳоқон охирги васиятини қолдирди:

«Эй, турк қўмондонлари ва халқи, қулоқ тутинг! Устингиздаги осмон қулаб тушиб, остингиздаги ер ўпирилиб кетмаса, эй турклар, ким сизнинг Салтанатингизни ва ҳаётингизни барбод қила оларди? Эй турклар, афсус ва надомат чекинг! Қатъиятсизлигингиз учун доимо ошқозонингизни ва миянгизни тўйдириб турган ўз доно Ҳоқонингизни сотиб қўйдингиз, ўзингиз дунёнинг Тўрт Бурчига қадар чўзилган давлатга хоинлик қилдингиз ва ўзингиз ғалаён кўтарилишига сабабчи бўлдингиз. Мана энди қонингиз дарё бўлиб оқади, суякларингиз уюмидан тоғлар барпо этилади ва ўзи қул бўлган хўжайинлар ўғил фарзанд кўрадилар... »

Ҳукмдор ўлди, Қаҳрамон энди йўқ, биргина Тонгюқуқ дунё ақлу заковатини англаган, лекин ўз йўлидан адашган халқи ҳақида қайғуриши лозим...
Ана шу ўзим қўлда кўчириб ёзган ва кундалигимдан йиртиб олганим парчани атайин ўтирғичим устига Ли кўрсин деб ташлаб кетдим.

130

Урумчи вокзалига етмай туриб, атрофни кузатганим ҳолда, бу вокзалдан олдинги охирги бекатми-йўқми, аниқ билмасдан автобусдан тушиб олдим. Урумчига қилган бу сафарим аввалгисидан катта фарқ қиларди. Таржимоннинг кўчманчи ҳаётини яшаб ўтиб, бир кун жосусликда қўл келадиган ажойиб техникаларни ўрганиб олганман. Масалан, сиз Робия Қодир супермаркети қаерда жойлашганини жуда яхши биласиз, лекин ўша томонга қараб кетаётган йўловчидан «Кечирасиз, Робия Қодир супермаркети қаерда жойлашган?» дея сўрайсиз. У сизга тушунтира бошлайди ва «Мен ҳам ўша ёққа кетяпман, албатта кўрсатиб қўяман», дейди. Шу нуқтадан ўзаро суҳбатингиз бошланади. Агар яхши ният қилсангиз, суҳбатингиз натижасида дўстлашиб қолишингиз мумкин.

Аёлнинг исми Марям бўлиб, ёлғиз она эди. Унинг ўғлига супермаркетдан телепузикми ва ё дангасаполвоннингми расми туширилган футболка сотиб олгандим. Аёл мени уйғурча лағмонга таклиф этди. Икки кунни унинг Урумчи атрофидаги лойшувоқ уйида ўтказдим. Марям икки кун «Хангшиан Бингуа» меҳмонхонаси қаршисидаги суратхонадан менинг чиқариб қўйилган расмларимни олиб келиш учун югурди. Ахири уларни келтириб берди - икки ёшли расмлар: саҳро ўртасидаги эшак, машҳур сўфи Офоқ-хўжа зиёратгоҳи, «Икки от бир-бирини тепган маҳал уларнинг ўртасидаги эшак ўлади» деган буюк шоир Юсуф Ҳос Ҳожиб зиёратгоҳи, Урумчи тепалигидаги Хитой ибодатхонаси, бир жуфт Манихеан қўлёзма ва ... ва... юрагим Урумчидан Турфонга қадар қаттиқ уриб турганди... бир, икки, уч, тўрт... бир неча мутлақо оппоқ суратлар. ЙЎқ, улар тамоман оқ эмасди: бир неча овалсимон нур тўрт томондаги чанг бурчакдан таралиб турарди... Ўлик Шаҳардаги тош...

131

Ли икки ярим йил аввал Турфонда мени кузатиб юрган одамнинг айни ўзи эди. Ли ё Жон деб аталади ё Жонни Ли. Бу тушунча миямни тешиб ўтиб, мени қўрқитиб юборди. Нега олдинроқ буни сезмадим-а? Бу шунчалик аниқ эдики! Майин соқолини қиртишлаб, катта қора кўзойнак тақиб, инглизча гапиртириб қўйсангиз бас, қаршингиздаги ё орқангиздаги Лидан кўра, устингиздаги Жонни ясайсиз-қўясиз. Бу унинг хавфсизлик кучлари ходими эканини билдирадими? Шунга қарамай, у жангарилар орасида уларнинг ишончини қозониб юрибдими? Қандай қилиб? Қачон? Қаерда? Нега?

Вой Худо, жинни бўлиб қоляпманми?

Катта қора кўзойнак тақиб Турфонга кетаётган автобус орқасидаги ўриндиқда ўтириб кетардим, кўзойнаклар қиёфамни ўзгартириш учун тақилган, қолавреса, бу ўлкаларда кўзга яққол ташланадиган биринчи белги бўлиб, менинг туристлигимга ишора эди.
Айниқса, менинг икки йилдан зиёд вақтдан бери қидирувдаги портлатувчи сифатидаги ҳар бир назорат пунктига осиғлиқ турган суратимни хаёлга келтирсам... Ҳарқалай хавфсизлик ходимининг қўлига тушмаслигим керак эди, ҳаётимнинг биргина умиди - Жан-Пернинг паспортини қўрқув ичра олиб юрардим. Шукурки, манзилга етиб келдим. Дунёнинг энг чуқур инқирози.

Ҳаммаси тескари тартибда қайтарилаётган эди. Тер босган қўйиндаги қоғоз парчаси, катта қора кўзойнакли Жон-Зиангнинг зуғуми остида махфий агентлар тўғрисидаги хаёллар, Ўлик Шаҳарнинг ўзидан аввал келаётган чанг иси. Жаннат деб ўйлаганим жаҳаннам қуршовига қайтаяпманми? Шундай хаёллар мени янада эҳтиёткор қилиб қўйди, биринчи дуч келган уйғур дорихонасидан кўзойнаклар сотиб олдим ва уни таққандан кейингина ўзимни бир оз хавфсизроқ сездим, лекин кўзойнакда атрофни аранг кўриб турардим. Шу ерликларнинг айтиши бўйича: қассобдан сотиб олиб, баққолга пулини тўлайди. Бу иккинчи ҳалқа бўлиб, мен замонавий тсивилизатсиянинг марказида эмас, балки учинчи дунё мамлакатларида умргузаронлик қилардим. Дунёнинг ҳануз одам кун кечираётган нокерак ўлкаси. Шундай қилиб, қовушмаган кўзойнакларим туфайли юзага келган бош оғриғини босган кўк чойдан ичиб, токзордаги узумлар остида куним ўтди. Кечга яқин айланма йўл орқали Ўлик Шаҳарга томон йўлга тушдим.

Аввалдан ҳисобга олмаган бўлсам-да, ўша тун ой тўлиб турган эди. Бирдан, Хитой манбаларида ёзилишича, кўк туркларнинг ойдин кечада ҳужумга ўтишлари эсимга тушиб кетди.

132

Бугун эрталаб, яна бир бор, яшаб яшагим келмай қолди. Кеча ярим тунда қўмондон телба биродаримизни ўз қўли билан отиб ўлдирди. У бу сафар ҳам қочиб кетмоқчи эди, лекин қўриқчи уни топиб олди. Улар: «Беркинган жойингдан чиқ, сенга тегмаймиз, пулемётимиз ҳам ўқланмаган!» дея бақиришди. Телба йигит оёғини қайириб олган чамаси қимирлай олмасди, лекин аввал патрул, кейин қўмондон унга яқинлашиб келди ва телбани оёққа турғизмоқчи бўлди. У эса икки қадам юрибоқ, юмалаб тушди. Қўмондон уни яна турғазиб қўйди, лекин телба ожиз мушукчадай зўрға судралди ва қорга йиқилди. Қўмондон уни яна бир бор ўрнидан кўтарди ва олдинга томон итарди. Йигит бир қадам қўйди-ю, чалқанчасига қулади... Қўмондон нарироққа бориб, унга қарата ўт очди. Тана бир неча бор тўлғониб, ер тишлади қолди.

Бу мудҳиш воқеа ойдин кечада рўй берди...

133

Мен Антрактиканинг қоқ ўртасида ўлмоқ истайман. У ерда ҳеч ким мени тополмайди ва ўлик танамни кўриб ғамга ҳам ботмайди.

Нима деб валдираётганимни биламан. Мен унда бир марта бўлганман. Бу ҳам халқаро анжуманлардан бири эди, ҳомийлар чегарани бузиб, Антарктикада йиғилиш ўтказишга келишишганди. Мен доимо бу минтақага боришни орзу қилардим. Шунинг учун бу Атланта афсонасига ўхшаган бир нарса бўлдики, қорли тоғлардаги ишониш қийин бўлган ғаройиботлар ичида ўз йўқотган жаннатингни топиб олгандай бўласан киши: узун папоротниклар, динозаврлар ва болаликдаги рангли, тасаввурларга бой хаёлий ҳаётдаги яна минглаб бошқа нарсалар...

Афсуски, бунинг ўрнига хунукдан-хунук бир қаватли металл уйларни кўрдимки, уларнинг бирида халқаро анжуман ҳомийлари «разминка» қилишни бошлашди. Биринчи кун ичкилик билан ўтди-кетди, лекин Қозоғистон чўлларидан келган Донобек деган бир ёш совет йигити билан танишдим. У ён атрофни айлантиришга ваъда берди ва мижозларимиз жўрликда хуррак отишни бошлаб юборишганда, ҳужжатларимизни стол устига қўйиб, бошпанамиздан чиқиб кетдик. Барча йўл сигнал байроқлари ўрнатилган симлар билан белгилаб қўйилган, Донобекнинг тушунтиришча, энг хавфли нарса қор остидаги муз ёриқлари экан. Шамол қайсидир томондан яна бир қайсидир ёққа эсар, тиканли қор учқунлари чироғимизнинг ёруғида нурланиб, нақ кўзимизни мўлжалга оларди. Донобек қор устида юрадиган чана олишни таклиф қилганди, мен осудаликни бузишни ёқтирмаслигимни айтиб рози бўлмагандим. Биз икки жуфт чанғи олдик. Донобек олдинда, мен орқада бордик. Биз оппоқ қоронғиликда етим учоқ шумшайиб турган учиш майдони томонга қараб кетдик. Унинг охирида кичик тепалик бор эди. Мен чанғи учиш учун у ерга боришни таклиф қилдим. Донобек хоҳламайгина таклифимга кўнди ва биринчи бўлиб тепаликнинг устига чиқиб, учиш майдонига томон елиб кетди. Унинг қизил қор костюми қоронғиликда кўздан ғойиб бўлди. Мен ҳам ўша тепаликка чиқиб, бир зум атрофга боқдим ва ажойиб манзарани кўрдим - шамол булутларни қор учқунларидан ҳам тезроқ олдинга сурар ва баъзан қоронғи осмонда ойнинг қораси кўриниб қоларди. Бу лаҳзаларда бутун водий сеҳрли нурга чўмилган, менинг завқим ошиб-тошиб кетиб, бирдан тепаликнинг нариги тарафига сирпаниб кетдим. Бу шунчалик кутилмаганда рўй бердики, мен асло тўхтай олмас ва бунинг нақадар хавфли эканини тушуна бошлагандим, чунки у томонда тутиш учун арқонлар йўқ эди. Худо билади олдинда нима кутиб турганини, қайси лаънати ёриқ ҳаётимга якун ясайди ва ё тезлашиб бораётган ҳаракатимга қайси қоя чек қўяди...

Ҳатто ҳозир ҳам ўша танамни музлатиб юборадиган пойгани яхши эслайман. Лекин ўлганим йўқ. Бир соатча ўтиб, Донобек икки қутқарувчи билан қор устида юрадиган чанада келиб, мени тутиб қолишди. Лекин умрим бино бўлиб Ернинг устида-ю осмон остида унчалик қўрқувга, шунинг билан бирга, у қадар завқу шавққа тўлган эмасман..

134

Бу воқеани ярим тунда Ўлик Шаҳарнинг бошқа ери ва бошқа осмони остида эсга олдим. Буни ўзимга далда бериш учун эсладим, чунки ҳатто энг йирик минтақанинг ўртасида (Ернинг қоқ киндигида) ҳам ёлғизлигимдан даҳшатга тушаётгандим. Шеригим - тўлин ой қоп-қора осмонга безбетларча кириб кета бошлаган, унинг қарашидан юлдузлар ҳам эриб кетаётганга ўхшарди. Томирларимда қон ўрнига қўрқув оқаётган эди гўё. Мен сирли ёзувлар ўйиб ёзилган тошни кўрсатган ўша қарияни кўрмоқни истардим. Ундан Зевнинг тақдири тўғрисида сўрамоқчийдим. Агар шу ишни қилсам, ўтган икки йил ичидаги воқеаларнинг тагига ета оламан деб ўйлардим.
Аслида бу бемаъни бир фикр эди. Лекин у Билга-Ҳоқоннинг фикричалик маънисиз эмасди. Ҳақиқатда эса, ҳамма телбалик ўзимда эди, чунки ўша қария тунда мени кутиб ўтирган дея ишонардим. Бироқ, кўпинча аниқ нарсалар ноаниқ нарсаларни келтириб чиқаради.

Барибир! Мен Ўлик Шаҳарнинг бўм-бўш лой шакллари, ҳатто вайрон қилинган ярим шакллари орасидан олдинга юриб борардим. Ер остидаги ҳар бир илоннинг вишиллашию, қуриган ўт орасидаги ҳар битта чигиртканинг овозига диққат билан қулоқ тутардим. Ахири мудҳиш тунда Ўлик Шаҳарни кесиб ўтдим, лекин шуни сездимки, тўхтаган заҳотинг, атрофингга боқиб, туннинг қатнашчиларидан бирига айланар экансан, масалан, қабрга ўхшаган бир нарсанинг устига кичик ёзилиш қилишга тўхтайсан ва шу онда қўрқинчдан асар ҳам қолмайди. Ҳаракат қилишинг билан ҳаммаси яна бошланади. Ҳатто тунда ҳам асирга олишлари, зуғум ўтказишлари ёки ҳужум қилишларидан қўрқиб турасан.

Шу хаёллар билан ўтган сафар сирли дарвиш билан учрашган жойимга келдим. У ерда ерга қоқилган бир таёқ ва унинг учида бир неча муқаддас латталар билан отнинг ёллари ҳилпираб турарди. Лекин ҳеч ким йўқ эди. Атрофга қараб, ҳаёт асарини кўрмадим, лекин яқинроқда силлиқ бир нимадир турганига кўзим тушди. Юрак ютиб унга яқинлашдим: бу дарвиш менга кўрсатган тошнинг ўзи эди. Ўша пайт не аҳволга тушганимни тасаввур қилиб кўринг: истаган еримни топгандим! Тош тупроққа кўмилиб кетган, шу боис унинг атрофини тозалашга тушдим, бироқ унинг юзаси теп-текис эди. Шунда тошни ағдариш учун ерни кавлай бошладим. Қизишганимдан бирор асбобим йўқлигини ҳам унутиб, ерни эртаклардаги жодугарлар сингари қўлимда кавлай кетибман. Юзу баданим қора терга ботиб кетди. Бир соатдан ошиқ вақт қаттиқ ишлаб, тошни ўгирдим, лекин не кўз билан кўрайки, унинг бошқа томони ғадир-будир ва тишли бўлиб, унда ҳеч қандай ёзув кўринмасди...

135

Ендиликда вақтини асосан жангарилар штабида ўтказаётган Ли стол устидаги ёзувни ўқиганди. У буни мен ухлаб ётганимда ўқиган ва жавобини ёзиб, яна ўша стол устида қолдирганди:

«Бухоролик шаҳзода Нян Сянг (Ат-Тоҳарийнинг ёзишича, ҳақиқий исми Ниҳон Санг -Яширин Тош) ахири ноаниқликка барҳам бериб, Ислом динида эканини тан олди. Аслида, ҳар бир эътиқодли инсон мусулмондир, деди у, чунки бу фақат Аллоҳга бўйсунмоқ дегани. «Нега сен эътиқодингни бизнинг тилимизга ўгирмадинг? Нечун Хитойча эътиқоддаман деб даъво қилиб юрдинг?», дея сўради ундан Тонгюқуқ. - «Қоронғи хонада қора мушукни топиш жуда мушкул иш, айниқса, мушук у хонада бўлмаса...» - жавоб берди шаҳзода.

«Кейин унга нима бўлганини биласанми? - деб сўраганди Ли жавобида. Бирдан унинг хушхабарлари ҳар томонга тарқаб кетди. - Лекин мен мушуклар ҳақидаги бошқа бир ривоятни биламан - давом эттирганди Ли. - Кунларнинг бирида эр уйига бир кило гўшт сотиб олиб келибди. Кечроқ уйга меҳмон келади, буни пишириб берасан, - дебди у хотинига. Хотини гўштни яхшилаб қовурибди, лекин у пишгунича битта-битта олиб, еб қўйибди. Эри
уйга келгач, унга «қовурилган гўштни мушук еб қўйди», деб шикоят қилибди. Жаҳли чиққан эри дарҳол мушукни олиб тарозига солиб тортибди ва мушук роппа-роса бир кило чиқибди. Агар гўштни еган мушук бўлса, гўшт қани ва агар гўшт унинг ичида бўлса, мушук қани? - деган экан қизиққон эр... »

136

Ушбу жавоб мазмунининг икки маънолилиги ўз йўлига, лекин ундаги мантиқ юрагимда турли хил туйғуларни уйғотиб юборди. Ўқувчилик йилларимда бир куни сиёҳдон тагидаги чуқурчада бир ёзув борлигини сезиб қолдим. Буни қиз бола ёзгани билиниб турарди: «Мен сени севаман ва жавобингни интизорлик билан кутаман». Қанақа аҳволга тушганимни бир тасаввур қилинг. Ўшанда жавоб ёзиб, бу гапни ким ёзганини сўрагандим. Лекин гапни ёзган қиз ўзини кўрсатмади, шунга қарамай, ҳаётим мактублардаги сирли муҳаббат ҳаяжонларига тўлиқ кечди.

Ҳозир Лининг қисқача хатини ўқиб, негадир ўша туйғуни бошимдан кечирдим, гарчи у севги ҳақида эмас, балки менинг ҳаётим ва ўлимим хусусида эди.

Мен шарқ шеъриятидан таржима қилиб турардим. Бир гал қайсидир китобга ёзилган сўзбошида шоирнинг бир сатрини шарҳлаш анъанаси мавжуд эканини ўқиганман. Сўзбоши муаллифи гапида давом этар экан, агар бирор киши шу шоирнинг бир сатрини 39 йўлда шарҳлаган ва бу сатр ортида бошқа нарса йўқлигига ишонч ҳосил қилган бўлса, бошқа бир мутахассис бу шарҳга яна 47 та қўшимча шарҳ ёзганини айтганди.

Шуни назарда тутган ҳолда, Лининг мушук ва гўшт тўғрисидаги сўзларини биргина туйғу билан шарҳлашга юрагим бетламаган бўларди: «Ли жосусми ё жангари?» ёки: «У Жон эмасми, агар шундай бўлса, бу ерда нима қилиб юрибди?» Ҳатто: «Ли менинг қиёфадошимми ёхуд ўзим Ли эмасманми?» деб ҳам сўрай олмасдим. Ҳозир ўша 47 та қўшимча шарҳ ёзган иккинчи билимдонга ўхшаб, ёзишмада батамом бошқа қатлам ҳам мавжудлигини кўра олдимки, уни сизларга тушунтиришга ҳаракат қиламан.

137

Ҳафсалам пир бўлганди. Хонавайрон бўлгандим ҳатто. На расм ва на қари дарвиш бор, бунинг устига Шинжонда ҳар хил бош оғриқларга йўлиқардим. Эртасига куннинг қоқ ярмида, бирор жонзот инидан чиқмай яширинб ётадиган маҳал яна ўша жойга бордим. Яхшики, ўйинқароқ болаларни учратиб қолдим ва улар дарвишнинг икки-уч йил олдин кетиб қолганини айтишди. Мени Турфонга боғлаб турган биргина ришта - бу Зевнинг кундалиги эди. Болалар ҳамма нарсадан хабардор бўлиб, уларнинг бири Урумчида яшайдиган Шиа Чанг холанинг исмини билар, унинг бу ерда укаси ҳам борлигини айтиб берди. Холанинг укаси яқинда қамоқдан қайтди, деди болакай ва ҳатто менга унинг қаерда яшашини кўрсатиб қўйишгача рози бўлди. Гарчи у Кариз деган жой ёки ер ости ўралари яқинида бир манзилни кўрсатиб қўйган эса-да, лекин ҳали Шиа Чангнинг укаси билан учрашишга тайёр эмасдим. Ахир унга нима ҳам дердим: «Салом, Мен Зевнинг кундалигини ўқиб чиқдим...?» дейманми? Хўш, нима бўпти?
Мен нима қилишни ўйлаб, ўша ўраларни кўришга бордим. Аслида Зевнинг қотили билан кўришиш учун йўлга чиққандимки, албатта, у мени кўришдан хурсанд бўлади, деб ўйлаш телбалик бўлур эди. Ундан нима олишим мумкин? Умуман, нега бу ерга келдим? Яхшиси, ортимга қайтиб, жаноб Жан-Пер Балпега ўзимни топширганим маъқулмасми? Шу хаёллар билан бир соатча тентираб юрдим ва бирор яхшироқ қарорга келолмай, ахири ер ости каналида тинмай оқиб турадиган сувга ўхшаб, таваккалига у билан кўришиш учун кетдим.

138

Ҳаддан ташқари кўркам юзли, ўрта ёшлардаги мулойим бир киши эшикни очди ва ўзимни таништирмасимдан бурун ичкарига таклиф қилди. Очиғи, узун ҳовлида унинг ортидан эргашиб боришдан қўрқаётгандим, худди у қочоқ эчки-ю мен қурбонликка сўйиладиган қўй кабиман. Бунинг устига, у уйда ёлғиз яшайдигандай туюларди. Мени атиргул соя солиб турган тахта супага ўтиришга таклиф қилди. Ўн ёшлар чамаси қизалоқ дарҳол дастурхон келтириб ёзди ва нон-чой келтирди. Тўғриси, уни кўргач, сал ўзимга келдим.

«Биз сизни кутаётган эдик» - деди у. Мен қўрқиб кетдим, келишимни қаёқдан билдийкин? «Замин тўла ғийбат» - деди у ва жилмайди. Билишимча, Шиа Чанг ярим хитой, ярим уйғур эди, унинг укасини эса кўпроқ хитойга тортган бўлса керак, деб ўйлардим, лекин қаршимда турган кишида хитойларга хос ҳеч бир аломат сезилмасди. Қаерга келиб қолдим, дея иккиланишга тушдим. «Сиз Шиа Чангни қоралаб келгансиз, мана мен унинг укасиман» - деди у киши худди фикримни ўқиётгандай.

Лолу ҳайрон бўлиб, ўзим, кейинги икки йилда кечган ҳаётим, Лук, кекса дарвиш, Зевнинг кундалиги, бу ерга қайтишим ҳақида деярли ҳамма нарсани гапириб бердим... У диққат билан қулоқ солди ва биргина гап айтди, лекин ўша гап мени эсанкиратиб қўйди. У: «Ўша қария менинг отам бўлади» деганди.

139

Хитой Ҳукмдори қон ҳидини сезди. Биринчи майса ерни ёриб чиққан ва Билга-Ҳоқоннинг кулини ерга топшириш фурсати етганда, у элчиси княз Тсуанни ҳамдардлик билдириш ва қурбонлик қилиш учун юборди. Тонгюқуқ унинг ташрифидан кўзланган асосий мақсадни яхши биларди, лекин Ичи Лянгни Ўрта Қиролликка қайтишга қарор қилмасдан бурун княз делегатсиясига қўшиб юбориш лозим эди.

Тонгюқуқ ҳисобидаги вақт камайгандан камайиб борарди. Ўзининг йирик юришида ҳатто кўтарилиб-тушиб турган сарой аҳлини-да унутиб қўйганди: Побека ўғли ЙЎллукни ўзига оғдириб олган, лекин унинг икки амакиси - Салтанатнинг ўнг ва чап қанот шаҳзодалари ҳукуматни бошқаришда тўсқинлик қилар, шу боис Побека ўз ўғлини ғарбий шаҳзодани қатл этиб, унинг армиясига эга бўлишга кўндирди. Лекин айтмишларки, қўрқоқ олдин мушт кўтарар. /арб шаҳзодаси Ҳоқон саройига ҳужум қилиб, ЙЎллукни
ўлдирди. Лекин кўп ўтмай, унинг ўзи ҳам Муқаддас Дуғин тоғига қилган сўнгги зиёратидан қайтаётганида, Тонгюқуқ одамлари томонидан ўлдирилди.

Унда Ҳалҳа деган жойда Аллоҳнинг инояти билан шаҳзода Ашина ва Она Бўридан Кўк Турклари дунёга келди. Бешинчи ойнинг ўртасида Тонгюқуқ дарахт, ўсимлик ва ўт-ўлан ўсмайдиган дарё ёқсидаги муқаддас Бодун-инли тепалигига келиб, Тангри номи билан бир оқ қўйни қурбонлик қилди. У ерда, тепаликнинг устидан туриб кўрдики, турли қабилаларнинг турфа вакиллари ҳар хил йўлдан кетиб боришар, лекин сўнгги борар манзиллари бир экан. Гарчи у буни бутун ҳаёти давомида кўрган бўлса ҳам, биринчи марта унинг яширин маъносини тушуниб етди.

Одамлар Тангридан худди шу ерда Тонгюқуққа хабар келган дейишади, улар муқаддас тоғнинг тепасидан дарё қирғоғига тушиб турган бир нурни кўришган, лекин тулки овловчилар ҳеч кимга бирор нарсани очиқ айтишмаган...


140

Тушимга бир уй кирибди, бу уй Эмма Бовари ёки Анна Каренина каби машҳур адабий қаҳрамонга қарашли эмиш. Одамлар менинг у билан муносабатимдан даҳшатга тушишяпти. Ичкарига кириб, қулоқ тутаман. Залда диний қўшиқ айтаётган болалар хори. Уларга ҳалақит бермаслик учун юқорига чиқишим керак, лекин зинага кўтарилмоқчи эдим, унинг ўрнида нур таратиб турган йирик айиқполвон турганини сезаман. Тахтадан фойдаланиб, юқорига тирмашаман, лекин у шунчалик силлиқки, орқага сирпаниб тушавераман.

Қаҳрамоннинг ўзи олдимга келиб, мен билан жиддий бир нарса хусусида суҳбатлашади, лекин фикру хаёлим бошқа нарсада.

Қасрнинг юқорисига қараб югураман ва бирдан довул бошланади. Қора, қўрғошин булутлар компютердагидай сузади, шамол унинг занжирларини бузиб юборади. Лекин мен аллақачон қасрнинг юқорисидаман. Ундан пастга қарайман, тошқин ҳамма нарсани бузиб юбормоқда. Энг сўнгги ҳаракат - қаршидаги эшикни очишим ва хона ичкарисига киришим керак, лекин довул бундай қилишга йўл бермайди...

Бирдан шундай туйғу билан уйғониб кетдимки, энди нима қилишни аниқ билардим. Қоронғиликдаги Лининг ўриндиғига қарадим. У йўқ эди, сўнг яна ухлаб қолдим ва бояги тушнинг давомини кўрдим (қизиқ!).

Биринчи эпизодда юқоридаги кутубхонага чиқаман, унинг эшиги ўрнида бир тешик бор, пластик рамкага тегишим ҳамони у сурила бошлайди. Уни суриб, биринчи қаватдаги пластик томда кўрганимга ўхшаш кутубхонага кираман. Унда на девор, на шифт бор, фақат эгилувчан том мавжуд. Аввал чой тўла пиёламни тушириб юбораман, сўнг пастга сакрайман ва гарчи «тап» этиб томга тушмасам ҳам, у билан баб-баравар туравераман, худди учаётгандай...
Иккинчи эпизод иссиқ ёмғир ҳақида эди. Ёмғир остида яланғоч турардим, осмондан қуйилаётган кучли оқим бутун баданимни ювиб тушарди. Мен уйга томон юрар, ювиниб олишни ўйлардим, ким билсин, қанақа ёмғир ёғяпти экан ҳозир...

Гарчи кейинги икки эпизод ҳам анча ёқимли бўлса-да, уларнинг нима билан тугаганини билолмай уйғониб кетдим. Ниҳояси қандай бўлди экан?

141

Ҳаётда баъзан биз ўйлаган нарсаларнинг акси содир бўлади. Шиа Чангнинг укаси Зевни ўлдирмаганди. Унинг исми Камол бўлиб, Зевнинг қотили сифатида ўн икки йил қамоқда ўтириб чиққан, лекин аслида ҳаммаси бошқача рўй берганди.

Ҳа, Зев уларникига келгани рост. «Қора Тулки ҳақидаги қадимги эртакни эслайсизми?» -сўради мендан Камол. Бошимни қимирлатган эдим, у «Шундай қилиб Шиа Чанг уни бу ерга олиб келди» - деди. Лекин Зев унинг отаси билан танишгач, қизни унутди. Улар тули хил тарихий масалалар хусусида суҳбат бошлашган, эртасига Шиа Чанг Урумчидаги ишига кетганида ҳам, Зев у ерда қолиб, ҳикоя кетидан ҳикоя ёзиб ўтирарди. (Шу пайт у менга Зевнинг ўша ҳикоялар ёзилган кундалик дафтарини узатди, уларнинг кўпини аввал келтириб ўтганман... )

«Отам: «Ҳамма шохлар бир танадан ўсиб чиқади» дея кўп такрорларди, шу боис у хитой миллатига мансуб бўлган онамизга уйланган, шунинг учун Зев ундан суфизм билан шуғулланишни сўраганида, у қаршилик қилмаганди. Кейинчалик, отам мендан Зевни ёлғизликдаги қирқ кун - чилла пайтида Гансудаги машҳур буддистлар ғорига олиб боришимни илтимос қилган. Улар муқаддас ёзувларга тўла экани ва мен уларни Зевга ўқиб беришим керак эди. У менга ҳатто уларни қаерда, қанақа тошнинг ортида топишимиз мумкинлигини айтганди. Эртасига Зев билан Сучжуга йўл олдик. Автобусда деярли икки кун юрдик ва ахири манзилга етиб келдик ва биринчи ғорга киришимиз билан, у ерда ўқ товуши эшитилди ва мени ҳибсга олишди. Зевга нима бўлганидан хабарим йўқ, лекин мени қамоққа тиқиб, унинг қотили сифатида жазога тортишди...

Айтганча, ҳозир отам Шиа Чанг билан ўша ерда... »

142

Орқага чекинишга йўл йўқ эди. Мен ундан ўша ёққа олиб боришини сўрагандим, Камол қатъиян рад этди. Доимий назорат остида юрган айни ҳолатида у фақат Гансудаги ғорларга бориш йўлини тушунтириб бера олишини айтди. Унинг қўлбола картаси ва схемасини олиб, ярим тунда орқа томондаги кичик эшикдан чиқиб кетдим. Лекин жосусона туйғулар ўрнига бирдан шўролар гуруҳи билан биринчи марта Хитойга қилган сафарим эсимга тушиб кетди. Ана шуни ҳикоя деса бўлади!

... Мен Юрмаладаги курортда Ирмани кутиб олиш учун етиб келдим ва биз унда арчазорлар, қайноқ, совуқ ва романтик денгиз қирғоғида мазза қилиб икки кун қолиб кетдик. Унга шунчалик ўрганиб қолгандимки, у Узоқ Шарққа кетиши лозимлигини айтганда, у билан боришга қарор қилдим. Тасаввур қилинг - энг йирик қитъани у бетидан бу бетига кесиб ўтиш... Аввал Москвага учдик, кейин поездга ўтириб, Новосибирскка, сўнг яна учоқда Владивостокка учдик. Бу порт делегатсия аъзолари йиғиладиган ва сўнг биргаликда Хитойнинг Сан-Фан-Ҳи шаҳрига жўнайдиган марказ экан. Ирманинг тушунтиришича, Сан-Фан-Ҳи русчада хитойчадагидай эмас экан, энди билишимча, у инглизчада ҳам ундай эмаскан. Маъноси - мириқаётган аъзо... Ирма буни айтишга уялган, ундан ҳам, мени делегатсия билан бирга олиб кетишга ийманган эди, гарчи Сан-Фан-Ҳи Ирмани нега ташлаб кетмаганимнинг асосий мазмунини ташкил қиларди. Мен уни ўзи билан олиб кетишга кўндирдим. У виза масалаларини ҳал қилди ва эртасига Владивостокдаги меҳмонхонадан номаълум Сан-Фан-Ҳига томон қараб кетдик.

Поездда мен «сан-фан-ҳийимиз» учун аранг вақт ажратишимиз мумкинлигини тушундим, шунингдек, Ирма нега мени ўзи билан бирга олиб кетишдан уялганини ҳам англадим. Туристик гуруҳимиз «мешочники» деб аталган савдо-сотиқ учун чиққан гуруҳ экан. Ҳар беш минутда улар эшигимизни қоқишар ва хитойлар билан суҳбатлашиш учун ёрдам беришимизни сўрашарди. Ҳар беш минутда Ирма иккимиз таржима қилишга чиқар, аллақандай шинелнинг қанча туриши ёки сассиқ бир этикнинг нархини сўраб берардик.

Ҳарбий кийим-кечакдан ташқари советлар икки хил бошқа нарсани - эркак металл ханжарларни, аёл эса эркак аъзоси ичида қуритилган айиқнинг сафросини Хитойга олиб кетишаётганди. Бу икки товар ҳам ноқонуний эди, шунинг учун вагонимиздаги икки ажойиб хитойлик нима қилиш кераклигини айтди. Аёл эгилган ханжарларни сонига боғлаб олиши, эркак эса қуритилган айиқ сафросини эркаклик матоҳининг ёнига осиб олиши лозим эди. Ҳа, худди шундай, бу ҳазил гап эмасди.

Бундай саёҳатларда нудистларнинг пляжидаги каби шарму ҳаёни йиғиштириб қўйишга тўғри келаркан. Эсимда, купейимиздаги қўшнилар менга айиқнинг ҳалигинақа нарсасини беришган ва сонларига ханжарларни яшираётган Ирманинг қаршисида туриб, уни шимимнинг ичига киргизгандим. Аёлларга қийин бўлганди ўшанда, чунки улар ё туриб кетиши, ё фақат ётиб кетиши лозим эди, ҳар қалай икки ё уч ханжарни сонга осволиб кетишнинг ўзи бўлмайди-ку!

Сан-Фан-Ҳига жинсиларимиз ва ханжар ҳамда қиличларимиз билан ҳарбий шинелларимизни кийиб етиб келганимизда, хитой мулозимлари бизни шахтёрлар меҳмонхонасига жойлаштиришганди. Ҳар куни эрталаб бутун шаҳар барабан овозидан уйғониб кетар, қовоғи уйилган шахтёрлар «Таи-чи»ларини машқ қилиш учун меҳмонхонамиз олдидаги марказий хиёбонга келишарди. Кунлар сал ёришиб қолган, бизни бир сафга тизиб, бита-битталаб бозорга кирита бошлашганди. Ҳамма ўзи олиб келган нарсани чиқариб қўйган. Семиз бир совет хотин футболка ва ички кийимлар сотиб, ориқ ва ўта жиддий хитой эркакларини аврай бошларди. Аёл уларнинг олдида кийимларини ечар, хитойлик эркакларнинг катта очилган кўзлари учун марварид талаб қиларди. Гуруҳимиздаги бошқа бир эркак эса худди шу хотинни меҳмонхонага қайтишда аврашга тушган: улар шахтёрларга ҳам ўз товарларини сотишни исташганди.

Икки коммунист салтанатнинг бозор иқтисодига ўтиш шароитидаги мангу дўстлиги...

Бирдан ўша саёҳат эсимга тушиб кетиб, Хитойнинг ичкарироғига кириш иштиёғим ортди.

143

Балки нега бунақа нарсаларни вайсаб ўтирибди деб ўйлаётгандирсиз? Лекин менинг ўрнимга ўзингизни бир қўйиб кўринг, телбага айланишингизни бир кўриб қўяй...

Ёмон, жуда ёмон нарсларни олдиндан сезяпгандайман. Уч кундан бери Лининг қораси кўринмайди. Одамдан кўра унинг шарпасига ўхшаб қолган қария у ёқдан бу ёққа тентираб юрган бу тош ғордан чиқишга икки ҳафтаки менга рухсат беришмади. Қўрқяпман, энг ёмонидан қўрқяпман, Ли учун... Чунки унда менинг ҳаётимга кириладиган калит бор...

144

Унинг сўнгги жавоби аввалги жойга қўйилмганди, лекин кампир уни чопонининг ичидан чиқариб берди. Бу шошилиб ёзилган узун мактуб бўлиб, уни икки марта ўқиб чиқдим. Унда сўзбоши йўқ, тўғридан-тўғри матн бошланганди:

«Тонгюқуқнинг ўлими тарихини биласанми?

У ҳамма нарсани ўз режасига кўра амалга ошириб бўлгач ёки ўзинг айтганингдек, Буюк Қайтишни бажариб бўлгач, Шаҳзода Кул-Тегиннинг жанозасига келган барча асир элчилар ўзларининг эътиқодини ўзгартирган туркларнинг катта гуруҳи билан ўз мамлакатларига қайтгач, қизи Побека қолган-қутган турклар билан Гертсогиня унвони ва йилига 200 000 гран оқ қўрғошин ваъда қилган Хитой саройига кўчиб ўтишга тайёр турганда, Тонгюқуқ кўк туркларнинг барча қолган жангчиларини тўплаб, Ҳукмдорнинг саройини ёқиб юборади. У шунингдек бошларга ўрнашиб олган универсал ақлу заковатнинг ҳам кулини кўкка совурди ва шундан сўнг хитой генерали Ван-Чжун-Си қўшинларига қарши охирги урушга кирди.

Кулранг тулпори устида у кўп бор жангга кирган, баҳодирлиги ва ақллилиги учун шуҳрат топган баҳайбат бургутга ўхшарди. Шу ҳолда душманга ҳамла қилиб, бир нечасини ер тишлатди. Дуч келганини яксон айлади, қолган Кўк Турклари билан душман қўшинининг ичига ёриб кириб, жон жаҳди билан олишди. Бир маҳал душманлардан бири унинг тулпорини уриб йиқитди, лекин эски жангчи дарҳол ўзини ўнглаб, яна душман устига ёпирилди. У хитой генерали Ван-Чжун-Сини ўлдирди, лекин ўзининг ҳам ўлими ана шу жангда қарор топиши аниқ бўлиб қолди, чунки душман унга заҳарли ўқ отган эди, ўқ орқасини тешиб ўтди ва оппоқ тулпордан ерга гурсиллаб қулади. Танаси парча-парча бўлиб кетди ва душман отининг туёқлари уни саҳро бўйлаб судраб кетди. Суяклари эса тупроқ билан бир бўлди...

Қуёш осмонда қора тортди, саҳро тупроғи кучли шамолдан юқорига кўтарилди, она дарё Энасойдан сув ўрнига қон оқди. Кучлар тенг бўлмаган ўша урушда кўк турк жангчилари битта қолдирмай қирилди. Ҳар йили баҳорда ана шу саҳрода қип-қизил гиёҳлар бўй чўзади... »

145

«Турклар учун жангда ҳалок бўлишдан шарафлироқ жасорат йўқ эди, - давом этди Ли. -Касаллик ё қариликдан ўлиш улар учун ор бўлди. Қандай қаҳрамонлик замони! Айниқса, миллионлаб одам ё очликдан ва ё тўқликдан ўлиб кетаётган бизнинг замонамиз билан солиштирганда... Бироқ сену мен бутунлай бошқача ҳолатдамиз, шундай эмасми? Хўш, нега сен Гансуга боришга қарор қилдинг?

Кўп бор муни аниқлаб олишга уриндим: нега ўша буддистларнинг ғорига бордим? Биринчи галда, нима учун ўзимга ўлим жазоси тайинланган Шинжонга яна қайтиб келдим? Нечун бу йўлга туриб олдим? Ё аслида йўлнинг табиати шунақами, яъни танлаш имкони йўқ, тушдингми, бас, йўл сени истаган томонга олиб кетаверадими? Бошқа бир нарса: икки йилллик ҳаётимда жуда кўп уйғунлик, бир хиллик, мувофиқлик аломатлари кўринмаяптими? Уларни эслашга нима мажбур этди? Бу балки ўтган икки йилнинг шунчаки қарама-қаршиликлари ва ё фавқулодда ҳолатларимикин? Ё бу қандайдир бир бутун боғлиқликми?

Турфонда ёллаганим сариқ япон автомобилида Сучжоу томонга қараб кетарканман, худди шундай хаёллар менга ҳамроҳ эди. Шу хаёллар билан бўлиб, ўзимдаги қўрқув ва огоҳлик ҳиссини йўқотиб қўйдим ва бу менга анча ёрдам берди. Масалан, ҳайдовчи мени тўппа-тўғри милитсия пунктига олиб кетаётганига ҳам эътибор бермабман, чунки бундай узоқ сафар учун у махсус рухсатнома олиши керак экан. Бироқ ўзимни БМТнинг маданият ишлари билан шуғулланадиган ходимиман, Сучжоу политсиясининг бошлиғи мени кутиб турибди (балки ростдир!), дея у ердан осонлик билан қутулиб олдим. Лекин қўлёзмаларни деб ғорга кетаётганимни яшириб ўтирмадим. Маҳаллий политсиячи рухсат қоғозимизга қизил муҳр босиб берди ва биз Хитойнинг бошқа вилоятига қараб кетдик.

Ўз ишимнинг қаҳрамонлик эканига ишончим комил эмасди. Бу бутунлай шахсий масала эди. Агар мувофиқлик ҳақида сўрасангиз, бу Хитойда 200 000 гран оқ қўрғошинга бурканган Побека кабидир. Мен доим йирик жамоат сиқувидан қўрқар, газета ўқисам бошим оғрир, ўзимни эркин тутишга ўрганган эдимки, кутилмаганда бирор киши жамоат ишлари хусусидаги фикримни сўраб қолиши мумкин. Лекин Ли баъзан ҳақ бўлиб чиқарди. Ҳатто шу ерда ҳам бир неча марта Билга-Ҳоқон тутиб турган ўша элчиларнинг ҳолати билан ўзимнинг ҳолатим орасида мувофиқлик сезардим. Ўтган икки йилдаги воқеалар ва мен номини келтирган ва келтирмаган тадқиқотчилар орасидаги ўхшашликни ҳисобга олмаганда, бир неча бор ҳолатимнинг Ҳоқонникига ўхшаб кетишини ҳис қилдим. Икковимиз ҳам, масалан, турли усул билан маконни забт этдик. У ҳам, мен ҳам дунёдаги барча мавжуд ақлни бир жойга йиғишга интилдик, лекин вақт иккимизнинг ҳам попугимизни пасайтириб қўйди. У-ку Билга-Ҳоқон. Энди Ли Тонгюқуқни эслатяпти. Хўш, навбатдагиси ҳалқанинг боши саналмиш марҳум шаҳзода Кул-Тегинми?

Ва бу Лининг ўзи ҳақида эмасмикин? «Жангда ҳалок бўлишдан шарафлироқ иш йўқ...»

146

«Бухоролик шаҳзода Ниҳон-Санг Доно Тонгюқуқнинг энг охирги суҳбатдоши эди. Бир гал у пайғамбарлари бўлмиш Мусо алайҳиссаломнинг Ҳизр алайҳиссалом билан учрашгани тўғрисидаги ҳикояни айтиб берганди. Ниҳон-Санг ушбу ҳикояни гўёки махфий бир манбадан айтиб бераётганга ўхшарди:

«Мусо унга деди: Ўзингизга маълум бўлган тўғри йўлни ўргатишингиз учун сизга эргашсам майлими? У айтди: ЙЎқ, сиз мендай бўломайсиз. Нега менга берилган илм сизга берилмаганини тушунишни истамайсиз? У деди: Худо шоҳид, сиз менга сабр қилишни кўрсатгайсиз ва мен ҳеч бир нарсада сизга қаршилик қилмасман. У деди: Яхши, агар менга эргашмоқчи бўлсангиз, ўзим сизга сабабини айтмагунча, ҳеч нарса сўраманг.

Хуллас икковлари дарё ёқасидаги бир кемани кўришди ва Ҳизр алайҳиссалом кеманинг бир жойини тешиб қўйди. Мусо деди: «Бу тешикни кемадаги одамлар чўкиб кетсин деб қилдингизми? Сиз чиндан ҳам ёмон ишга қўл урдингиз.» У деди: Сизга мен биладиган нарсани билмайсиз деб айтмаганмидим? Мусо деди: «Мендан ғазабланманг, айтган сўзингизни унутибман, хатоимни кечиргайсиз.»

Шундай қилиб улар сафарни давом эттиришди ва йўлда бир болани учратишди. Ҳизр алайҳиссалом уни ўлдирди. Шунда Мусо сўради: «Бу бегуноҳ болани нега ўлдирдингиз? Сиз чиндан ҳам жуда ёмон иш қилдингиз.» У деди: «Сизга мен билган нарсани билмайсиз деб айтмаганмидим?» Мусо деди: «Кечиринг, тағин унутибман, бу сафар сиздан бирон нима сўрасам, мени тарк этасиз.»

Улар йўлда давом этишди ва бир шаҳарчага келишди. У ердаги одамлардан овқат сўрашганди, улар меҳмон қилишни исташмади. Ҳизр ерда йиқилай-йиқилай деб турган деворни бир зумда тузатиб қўйди. Мусо деди: «Агар истасангиз, бу ишингиз учун ҳақ олишингиз мумкин.» У деди: «Мана шу сиз билан менинг ажралишимизга сабаб! Мана энди сабр қилолмай сўраган нарсангизни шарҳлаб берсам бўлади.

Ҳалиги кема дарёда ишлайдиган камбағал кишиники бўлиб, мен уни чўктириб, шу атрофда дарёдаги барча кемаларни зўрлик билан олиб қўяётган подшоҳдан асраб қўйдим.

Болага келсак, унинг ота-онаси имонли кишилар эди, биз бу фарзанднинг эътиқодсизлигидан, ғалаён кўтаришидан қўрқардик. Биз Аллоҳ уларга ўша боладан яхшироқ бир меҳрибон ва имонли фарзанд беришини истадик.

Енди девор хусусида; у шаҳардаги икки етим болага қарашли бўлиб, тагида хазина бор эди. Уларнинг оталари ҳақгўй инсон эди, Аллоҳ улар имонга келишлари ва хазинани Аллоҳнинг раҳмати сифатида олишларини истади. Бу ишларни ўз хоҳишим билан қилганим йўқ. Мана сиз тоқат қилолмаган ишларнинг шарҳи».

147

Кекса Тонгюқуқ буни китобдан ўқиб ўрганган эмас, балки ўз бошидан кечирган. Аввал қўрқинчли туюлган ҳаракатлар, кейинча унинг мутлақо аксига айланса, яхши иш
деб аталган нарсалар ҳам ана шундай акс ўзгаришга юз тутиши мумкин эмасми? Яхши ният йўлни дўзахгача олиб келди, дейилади китобларда. Ўз фаолиятини бирорта Худога ҳам ишонмайдиган хитой фалсафасидан бошлаган Ниҳон-Сангнинг ўзи ҳам қарама-қарши томонга келиб қолмадими? Барча элчилар шу даражада вафодорлик қилишдики, аслида бу бутунлай тескари натижаларга олиб келмадимикин? Машҳур «буддист азоби» тушунчаси бошқаларга нисбатан қўрқоқлик ва эътиборсизлик каби ниҳон топди, универсал насронийликка эътиқод қилиш ғамгин ҳимоясизлик бўлиб қолди. Манихеан надомат ҳамма нарсага рухсат беришга айланиб қолди... Элчилар ҳаёти буни исботлаб турибди...

Лекин Тонгюқуқ Ниҳон-Санг ҳикоясини берилиб эшитди, чунки у тулки овловчиларнинг сўнгги мақсад-ғояларини тасдиқларди. Куннинг сўнггида унинг Катта Қайтиши ўша ҳақида эди...

Лекин ўзимиз-чи?..

Шу ерда Ли ўз хатига якун ясаган ва мен нега Тонгюқуқ ўлими билан бошланган ҳикоя унинг Катта Қайтиши билан ниҳояланишини тушунишга ҳаракат қилдим. Худди Қайтиш унинг ўлимидан ташқари юз беради, деб ўйланган каби...

148

Тавба, нега энди Тонгюқуқ ҳаётини тушуниш ўз ҳаётимда ёрдм беради, деб ўйлаяпман? Нега Турфон-Сучжоу йўлида тоғлар бағридаги дарё ёқасида жойлашган Кумуш қишлоғида тўхтаганимизда ҳам ана шу хаёлга бордим? Энди, Лининг хатини ўқиб бўлгач, нега у ҳақида ўйлаяпман ва бундан аввалги фикрни Тонгюқуқнинг сўнгги зиёратига мослаштиряпман? Ё охирги жанг тўғрисида ўйлаяпманми? Ким ҳақида? Тонгюқуқми? Балки ўзим ва Ли хусусидадир?

Кумулда кўп қимиз ичволиб, кўзим илинган экан, ғалати туш кўрдим: чўмилиш ҳавзаси олдида ўтирган эмишмиз ва пластик ё қоғоз оққуш сув юзасида бизни хушнуд қилиш учун сузиб келмоқда экан. Бирдан у тупура бошлади ва мен унинг сўлаги заҳарланганини сездим. Агар қимирласам, у буни сезади, - ўйладим мен - лекин бу очиқ жойда ҳам ўтира олмайман. Шу боис секингина қўзғалган эдим, оққуш ортимдан эргашди ва қочишдан ўзга чорам қолмади. Қочар эканман, ортимдан жодугар таъқиб этиб келарди. Нарироғдаги деворда чиқиш эшиги бор эди, уни итараркан, нақадар оғирлигини ҳис этдим. Лекин ундан-да оғири эшик ортида ҳам девор борлиги ҳақида ўйлаш эди. Шу тариқа эшик орқасига яшириндим - энди у заҳар тупуролмади.

Лекин алвастини ғишт девор ортидан келади, деб кутаётганимда, бирданига пол шишиб, металл панжа ўт очаётганини кўрдим. Шунда металл устунлар пастга қулаб туша бошлади, мен уларнинг устимга тушиб кетишидан қўрқиб, тумтарақай қочардим. Ҳолливуд филмидаги каби даҳшат! Қиёмат қўпган мисол.

Ҳамма қутқарув учоғи томон югурган. Кимдир билет сотяпти. Барибир, ичкарига кириб олдим. Учоқ қўзғалади, уни ташқаридан нимадир тебратиб юборади. Қўмондон филмлардаги сингари эълон қилганда, кинога тушаётгандай сезасан ўзингни: «Биз иккита
бошқа самолёт номаълум кучлар томонидан гаровга олинган платформага қараб учамиз». Шунга қарамай, қанотларимиз остидаги шаҳар ҳануз биз билан эди, балки у тоғ томондалиги учун шундай кўрингандир ё бу шунчаки декоратсиядир, ҳарқалай, фарқига боролмадим.

Барибир ўша айтилган платформага қўндик ва ҳамма учоқдан туша бошлади. Мен тушолмай четроқда турибман, чунки бейсбол шапкам платформадаги шўх болалар қўлида эди ва улар «ким шапкасини унутди» дея мени ташқаридан туриб жаҳлимга тегишяпти. Ниҳоят нураган, вайрон бўлган чексиз-чегарасиз бир йўлакка тушиб олдим.

Унда қўрқинчли лабиринтлар мавжуд, ёруғликда ғалати маҳлуқлар кўринади, номаълум кучнинг шарпаси ё қўрқув юракни чертади. Одамлар қайга йўқолди?

Бирдан қўрқув ичра бақирганча икки ўсмир қиз мен тарафга югуриб келади, уларни лабиринтнинг ёритилган томонидан келганини сезаман. Ён томондаги хонага кирамиз ва қизлар бақира кетади: «У бизни зўрламоқчи. У момиққина қизларни коллектсия қиламан, деб айтяпти!» Даҳшат, мен уларнинг кетларидан қон оқаётганини кўраман. Шу маҳал бармоқларидан қон томаётган одам ичкарига киради. Мен унинг икки оёқлари орасига тепаман, лекин у ҳеч қандай оғриқ сезмайди ва устимга ёпирилади...

149

Ярим тунда тоғ қишлоғимиздаги патрулдан бўлак ҳамма уйқудалигида, яшириниб ташқирига чиқдим. Агар патрул сезиб қолса, ҳаётимнинг тугаши аниқлигини билардим. Лекин жуда эҳтиёткорлик билан, билдирмай ҳаракат қилдим.

Сучжоу яқинидаги хитойларнинг Вунфигу деган қишлоғида ҳам шундай бўлди. Ярим кечада буддистларнинг ғорига ўтиш учун ташқарига отландим. Ўтган ҳафта бу ерга уйғурлар зиёратга келганини билардим, балки уларнинг баъзилари ҳали ҳам шу ердадир, худди кекса дарвиш сингари. Лекин у буддист эмасди. Менда Камол берган схема-режа бор эди. Унга кўра, иккинчи тепаликка тирмашиб чиқишим ва олти бўш ғорндан ўтиб, еттинчисига киришим лозим эди. Ой ёритиб турарди. Қишлоқнинг нариги томонида итлар ҳурар, оёқларим остидаги чирилдоқлар ўтлар ичига яширинар, мен эса тез-тез юриб биринчи тепаликка чиқардим. Лекин иккинчи тепалик тик қояга ўхшарди. Ой унинг орқасида кўринмай қолган, биринчи тепаликда ҳаёт саси ўчган ва мен ҳансираган нафасим билан бирга қолгандим.

Бир дақиқадан кейин ўзимни ўнглаб олдим-да, ярим метрча кенгликдаги сўқмоқ йўлни топиб, олдинга қараб кетдим. Бу сўқмоқдан фойда йўққа ўхшар, энг ёмони, миямда «Бу ерларда нима қилиб юрибман?» деган савол айланарди. Лекин бахтимга олдимда бир ғорнинг оғзи кўринди. Бу биринчи ғорми-йўқми, билмасдим, ҳарқалай тахминимга суянавердим.

Ҳаёт ғалати-я. Нафақат: «Бу ерда нега тентираб юрибман?» балки «Мунча телба бўлмасам, тоғдаги ғор шунчаги гап эмаслигини тушунмадимми?» деган савол ҳам қийнарди. Бу тамоман қоронғилик, мутлақо ёлғизлик ва даҳшатли қўрқинч эди. Мен
унинг қирғоғига ўтириб, биринчи тепалик ортидаги милтиллаётган уфққа қарарканман, худди орқамдан қандайдир маҳлуқ таъқиб қилиб келаётганга ўхшарди. Орқага қайтишим керакми? Лекин қаерга? Шу ерда тонггача қолиб, сўнгра яна қидирувни давом эттирганим маъқулми эди?

Бувим «Бекор ўтиргандан кўра бекор ишлаган яхши» деб тез-тез такрорлардилар. Хуллас, қўрқувни қувиш учун йўлимда давом этдим. Учинчи ғорга етганда, шуни аниқ тушундимки, гарчи истасам ҳам, ортга йўл йўқ эди энди. Бу ерга чиқиш учун роса тер тўккандим. Яна бир бор уфқдаги саробга қараб турдим-да, йўлда давом этдим. Бирор нарса тўғрисида ўйлаётганмидим? Айтиш қийин. Балки шунчаки хаёл учқунидир, яъни бу эртакдаги сўқмоқларга ўхшаркан, деганга ўхшаш. Тўртинчи ё бешинчи ғор олдида ёнаётган арча ва қоғоз тутуни димоғимга урилди ва унинг қаердан келаётганини билишга интилиб, кетавердим, кетавердим...

Тун ва кун ўз маъносини йўқотган, дунёдаги бошқа барча нарсалар ҳам маънисиз кўринган маҳал еттинчи ғорга етиб келдим...

150

Қишлоқнинг нариги томонида итнинг ҳуриши эшитилди. Қоровулимиз қишлоқдаги энг охирги итни ўзи билан олиб юришга одатланганди. Кампирнинг тош қафасидан тўппа-тўғри штаб томонга қараб юрдим. Бу ўша қачонлардир ўзимиз панжара ортида ўтирган бино. Ичкарида чироқ ёниқ турарди. Бинога яқинлашиб, қулоқ тутдим: ит ҳуриши узоқлашиб борар, деразадан сариқ шуъла тараларди. Эҳтиёткорлик билан орқа тарафдаги деразадан ичкарига назар ташладим. Ҳеч ким йўққа ўхшарди. Яна қулоқ тутдим. Юрагимнинг уришидан бўлак товуш эшитилмасди. Кейинги дераза томонга сурилаётиб, оёғимнинг тагидаги бўш пақирга қоқилиб кетдим ва у қоронғи бўшлиқда овоз чиқариб қулдираб кетди. Ўзимни йўқотиб қўяёздим. Ҳозироқ эшик очилиб, улар сокин тунни, унда менинг ўзимни чилпарчин қилиб юборишади, деб ўйладим. Бахтимга қишлоқнинг нариги томонида ит ҳурди ва унинг садоси қояларга урилиб жимиб қолди. Нафасимни ичимга ютиб, деразадан қарадим ва хона ўртасида кимдир полда ётганини кўрдим. Шу заҳоти тана қанор қопга ўралгани ва тананинг юз қисми қонга беланганига кўзим тушди. Ит ҳуриб, мен томонга яқинлашаётган замон, ерда узала тушган тананинг оёқ тарафида икки таниш тренер ҳам борлигини сезиб қолди нигоҳим...

151

Ли ўлган эдими? Ё қанор тагида қотиб қолган эски қон билан ухлаб ётибдимикин? Лекин қонли қопга ким уни ўраб қўйиши мумкин? Чироқ нега ёниқ турибди? Қолганлар қаёққа кетди? Менга энди нима бўлади? Ана шу саволлар қуршовида кампирнинг тош қафаси ортида қалтираб турардим. Қўриқчи яқин атрофда тентираб юрар, қаттиқ ҳуриш уй ёнида эшитила бошлаганди. Улар мени таъқиб этишармикин? Атрофимда нима бўлаётганини билмай қолдим. Бу қачонлардир еттинчи ғорда асир бўлганим туйғуга жуда ўхшаб кетарди.
У ерда, ўн беш-йигирма дақиқадан сўнг, осмон сарғая бошлагач, зим-зимистон ғор ичига кириб овоз бердим. Лекин ўз овозимнинг акс-садосидан бўлак товуш йўқ эди унда. Аста чуқурроқ киравердим. Балки кекса дарвиш тонгги ибодат билан машғулдир, деган хаёл ўтди миямдан. Бир оз кутиб туриб, яна қоронғиликка қараб салом бердим. Ҳеч кимдан садо чиқмади. Янада ичкари кириб, гугурт чақдим. /ира-шираликда тафаккурга чўмган ҳолда қимир этмай ўтирган ғалати шаклдаги одамларга кўзим тушди. Қўрқув ва қизиқиш ичра улардан бирига яқинлашиб, қўлимни теккизиб кўрдим. У Будданинг тош ҳайкали эди. /орнинг чуқурроғида жилдираб оқаётган сувнинг товуши эшитилди ва ўша томонга қараб юрдим. Мана энди аввал ёдлаб олганим ғорда аниқ-тиниқ мўлжал ола билардим. Биринчи залнинг юқорисида ўтирган еттинчи Будданинг орқасидаги махсус жойда қадимги уйғур қўлёзмалари бўлиши керак. Уларнинг орасидан Кекса Дарвиш ёлғиз ўтириб, тафаккурга чўмадиган, ғорнинг энг муқаддас жойини кўрсатиб берадиган иккинчи схема-режани топа олардим. Шундай қилиб, қўлимни тешикка тиқиб, қоғозларни пайпаслаб топгач, энди ташқарига тортиб чиқармоқчи бўлиб турганимда... бирданига қўлларимни орқага қайириб, бошимга дағал бир қоп кийгизишга улгуришди. Каттакон қўл чанг латта остидан оғзимни ёпиб турарди... Кейин юзим Будданинг тош ҳайкалига урилиб, кўзларимда олов чақнаб кетди ва шу заҳоти ҳушимни йўқотдим.

Шу тариқа ана шу жойда асирга тушдим.

152

Замон ва макон туйғусидан айрилдим. Беркитилган юзимнинг оғриғи шивалаб ёғаётган ёмғир остида тўхтаб-тўхтаб бораётган юк машинасининг ҳаракати билан қўшилиб кетганди... Ҳеч бир нарсани ўйлолмас, бунга мадорим ҳам йўқ эди. Нимага келгандиму, нима билан қайтяпман?

Ҳозир ҳам худди шундай туйғу юрагимни ўртарди. Барча режаларим нотўғри бўлиб чиқди, бари барбоб бўлди. Тартиб билан яратилган коинот тартибсиз бир нарсага айланди. Салтанатлар остин-устун, одамлар ҳалок бўлди. Ё бу шунчаки менинг бошимда қанот қоқаётган ўлим нафасимикин? Ит ҳуриши милтиқ товуши билан қўшилиб кетди.

Ўзимни иккинчисини йўқотиб қўйган эгизакдай ҳис қилдим. Ногирон кишининг ёлғиз оёғи каби. Лекин менинг иккинчим ким эди? Ли-ми? Лук? Зев? Роҳиб Валаамов? Ат-Тоҳарий? Билга-Ҳоқон? Тонгюқуқ-ми? Ва ё ўлимидан олдин ўлган Кул-Тегинми? Балки уларнинг ҳаммасидир? Балки ўзим ўзимга эгизакдирман? Худди «гросбух»да мижозлари бўлмаганда, ўзига-ўзи тилмочлик қиладиган таржимон сингариманми?

Балки бутун дунё ўзига ўзиг эгиздир ва шу боис маънисиз, ҳиссиз ҳаётнинг юзада давом этишига тўсқинлик қилмас, бу юза сувнинг юзасига ўхшаб нурли, оппоқ, учиб юрган булутларни ўзида акс эттиради, лекин кимда-ким бу саробга ишонса, уни ўз қаърига чўктириб, бир зумда асир олади. Мен доно тулки овловчи жангда ҳалок бўлиш учун кетмасидан бурун, Тонгюқуқнинг бухоролик шаҳзода Ниҳон-Сангга айтган сўнгги сўзларини ҳеч кимга айтмагандим. Бу сўзларни тақинчоқ каби бўйнимга осиб юрибман, уни ўз муҳаббатининг нишонаси сифатида ҳаётимнинг энг яхши ва энг
ёмон лаҳзалари учун Фиона (о, менинг кулгили, ноқонуний, имконсиз ва ягона севгим!) берган эди менга. Бу унинг ота-боболари - Кўк Туркларидан ёдгор эди.

Тангри бизни курашиш ва ғалаба қозонишимиз учун куч-қудрат билан сийлади. Ҳатто душман кўпчиликни ва биз озчиликни ташкил этишимизга қарамай, ғалаба биз томонда бўлди. Биз ундан-да улуғроқ марҳамат истадик. Узун истакларимизнинг асирига айландик. Бироқ ҳалокат остида яна бир янги ғалаба бор. Менким, Тангри ёрлақаган Доно Тонгюқуқ, унутилган одамларимни кўк туркларнинг ғолибона шон-шуҳратини ёйиш ва абадийлаштириш учун дунёнинг тўрт бурчига юбордим.

Сўнгсўз

Шу жойда қўлёзма ўз ниҳоясига етади. Бироқ икки бетли бошқа бир илова ҳам олгандик. Гарчи бу галгиси аввалгиси каби ҳуснихатда ёзилмаган эса-да, лекин бузуқ инглизчада худди ўша мавзуда битилганди, шу боис уни ҳам Гроссбух матнига илова сифатида тақдим этиш фойдадан холи бўлмаса керак, деб ўйладик. Алалхусус, мана ўша матн.

«Мен ҳамма жойда бўлганман, бироқ ҳеч қачон дунёнинг энг баланд нуқтаси, масалан, Эверестда бўлган эмасман. Лекин тап-тақир қояда ўтираркансиз, пастдаги истаган томонга қараб, энг баланд тепаликда турибман, деб тасаввур қилишингиз мумкин. Ҳамма йўллар оёқларингиз остига келади, барча томонлар сизнинг кўриш нуқтангиздан тарқалади. Иссиқ шамолу қор кўчкинларига эътибор берманг, кўзни қамаштирадиган ултрабинафша нурлар тўғрисида ўйламанг, фақат атрофингизу пастга назар ташланг. Ҳаётингиз бутун пасттекисликлар бўйлаб ёйилиб кетган.

Марко Поло ўзининг террористлар ҳақидаги асарига қистириб ўтган бир ҳикояни ўқигандим. Биринчидан, у ҳикоядаги воқеаларни ривожлантириб, ўз замонасига мослаштирган, иккинчидан, қарияга Оловуддин деб от қўйган, учинчидан, террористларнинг мақсадини анча осонлаштирган. Тўртинчидан...

Минг йиллар аввал исми «Тонгга туташ»га ўхшаган бир чол ўтган экан. У тўрт денгиз бўйлаб ёйилган буюк давлат барпо этибди. Унинг қароргоҳи энг катта саҳронинг ўртасида, Қутлуғ Водийдаги Муқаддас Тоғ остида ва Табаррук дарё устида экан. Ана шу ерда қария боғ яратибди, у боғ гўзалликда жаннат билан тенглаша оларкан. Бу боққа ҳеч кимнинг киришига изн берилмаган экан.

Чолнинг бир нечта қизи бўлгани ҳолда бирорта ҳам ўғли йўқ эди, шунинг учун ўз жияни жангда ҳалок бўлганида, унинг боласини асраб, ўзига ўғил қилиб олибди. Шу бола катта бўлиб, қаҳрамонга айланибди, етмиш етти жангга кириб, бирон марта бўлсин енгилмабди. Бутун қитъа унинг қўл остида экан. Лекин кунларнинг бирида ёлланган бир сотқин душман унинг орқасидан писиб келиб, ўлдириб кетибди.

Барча мамлакатларнинг элчилари марҳум Шаҳзодага яширин суиқасд уюштирганлар билан қўшилиб, унинг жанозасига келибдилар. Азадан кейин ҳамма чин дилдан ибодат қилиб бўлгач, қария уларнинг ҳаммаларини қаттиқ маст бўлгунча ичишларини буюради. Элчилар ухлаб қолишгач, уларни алоҳида-алоҳида ҳолда водийни ўраб турган тоғлардаги махсус ғорлар орқали бояги сирли боғнинг турли қисмларига олиб кетишади. Улар ана шу боғда уйғониб, жаннатга тушдик, дея хаёл қилишади. Қирғоғида асал томиб турган сутли дарёлар, нозик қўлларида шароб тутган яланғоч ҳуру парилар - ҳамма нарса жозибали ва кишини ўзига тортар эди... Қадаҳлар қайта-қайта кўтарилади... Келтирилганлардан бири ҳатто Муқаддас Тоғнинг энг юқорисидаги осмон тоқига олиб чиқилади...

Кейинги сафар уларнинг бари ўзларининг боғларидаги ажойиб, лекин зерикарли маконларидаги таржимонлари олдида уйғонишади. Ва бўлган воқеани туш деб ўйлаб, жаннатда, ҳатто майин ҳаволи Муқаддас Тоғда бўлганликларини бир-бирларига айтиб беришади, уларни таржимонлар батафсил ёзиб оладилар. Қизиғи шуки, ҳар бир элчи бундай мўъжизали маконда ёлғиз ўзим бўлдим, деб хаёл қилади. Гарчи уйга қайтиш фурсати етган бўлса ҳам, улар мўъжиза яна такрорланишига ишониб, интиқлик билан кутаверишади. Аста-секин уларнинг ҳар бири бу туйғуни бошидан ўтказгани аён бўлади. Шунда ҳамма ўзиникини маъқуллаб, бошқалар шунчаки уни такрорлашаётган ва ё тақлид қилишаётганини исботлашга киришиб кетади.

Айниқса, тоғ чўққисида бўлган элчи ҳаммадан кўп ўз сўзини маъқуллайди. Айтишича, унга борган жойида бир сирли кўзгу беришган ва бу кўзгу орқали нафақат Мовий Осмон қаршисидаги ўз юзини, балки ўн саккиз минг оламнинг бор ақлу заковатини кўрган. Бироқ, унинг самимият ила сўзлашича, маст ҳолда қўлларида кўзгуни тутиб туролмаган. Ё балки бу инсонга хос ҳаяжон туфайли содир бўлган. Ҳарқалай, у кўзгуни қўлидан ерга тушириб юборган ва у чилпарчин бўлиб, бутун водийга сочилиб кетган. Шунга ўхшаш ҳикояни айтиб берган элчилардан бири дарё ёқасида бўлган. У ҳам биринчи элчи гапларини айтган, лекин битта фарқи шуки, дарё уларни узоққа супуриб ташлаган. Ҳарҳолда уларнинг барчалари орасида кўр-кўрона душманлик пайдо бўлган...        Кунларнинг бирида қария уларни яна бир жойга тўплайди ва тағин маст қилиб, ҳаммаларини аввалги боққа элтади. Бу сафар улар уйғониб, қаршиларида ўзларининг эгизлари турганини кўришади. У эгизлар, улардан қарши ўлароқ, синган ойнапарчалар бир жойга йиғилган кўйи ўтиришган ва тарқоқ элчиларни ўзларига қўшилишга таклиф қилишарди. «Биз сизларнинг пок руҳларингиз бўламиз, - тушунтиришибди улар, - сиз эса пасткаш дунёдаги жисмимизсиз.» Ўз аксларига боқиб, элчилар йиғлашга тушибди: «Ҳаётимиздаги кирликлар нимадан иборат эди, дунёда нима гуноҳ қилибмиз?» Шу тариқа улар ўзларининг комил руҳлари билан бирга ўз нуқсон ва гуноҳларига иқрор бўлиб, кун ва тунларни ўтказадилар, лекин бир покиза ҳур энди улар ўз дунёларига қайтишлари ва унда барча муқаддас билимларни тарқатишлари лозимлигини эълон қилганида, ҳамма элчилар ўша турган жойларида қолишни, дунёга эса ўз руҳларини юборишни ўтиниб сўрайдилар.

Шу нарсаларни бошқариб турган қариядан бўлак ҳеч ким Буюк Қайтарув учун ким танлаб олинганини билмас эди...

Ҳикоя ана шунақа ниҳояга эга. Марко Поло унинг сўнгги вариантини ишлаб чиқди ва боққа юборилган кишиларни қария ҳаққи-ҳурмати ҳукмдорлар, шоҳлар ва императорларни ўлдирган террористлар каби ифодалади. Улар салтанат ва қиролликларни вайрон қилади, оила ва уруғларни чилпарчин этади, ўлим ва қўрқув уруғини экади... Улар дунёни зимдан олади...

Кўпгина кишилар шу таржимага амал қилиб келишган, чунки ҳикоя орқали маълум бир нуқтага етган деярли барча одамлар ё қотилнинг, ё бошқа бир турдаги қирғиннинг қурбонига айланган. Бундай қиссаларга бой китоблар тўлиб ётибди, уларни газеталарда

ўқиш, ойнаи жаҳонда томоша қилиш, интернетда очиш мумкин. Зомбилар, жангарилар, партизанлар, қотиллар... Улар ҳар жойда, ҳар бир ирқда, динда, миллатда мавжуд, улар ҳатто ораларингизда зирапчадай яшириниб юрган бўлишлари эҳтимолдан холи эмас... Ва сиз яширин бир илмнинг қўли тегадиган навбатдаги ўлжаси бўлишингиз мумкин... Энди навбат сизга етди...

Лекин бошқа бир шарҳ ҳам мавжуд. Энг баланд чўққида атрофни томоша қилиб ўтирарканман, энди ҳеч бир суиқасд ё фитнадан қўрқмагайман. Мен бунда қўрқув ва ташвиш парча-парча қилиб юборган жисмини тарк этган жон каби ягонаман. Балки улар ўлдиришмас, балки шунчаки ишонч ҳосил қилишмоқчидирки, сиз бир-бирига елимланган синиқ ойна - ҳаво қисқарган, қуёш кўзни қамаштирадиган даражада ёрқин, осмон шундоққина елкангизда ўтирган ёлғиз тоғнинг чўққисида кутиб турган ўзингизнинг эгизингиз ё соянгиз, руҳингиз ё жонингиз билан қовушгайсиз. Чунки куннинг сўнггида Кўк Турклари бор, шундай эмасми?
Шу жойда ҳаммаси тугайди.
Ноуман Смайлз, Ҳартфордшир»

Инглиз тилидан Аъзам Обидов таржимаси