07:48 / 26.12.2010 · Кутубхона
Бу дунёда ўлиб бўлмайди. Тоғай Мурод

Абдулла Қодирий номли Давлат мукофоти лауреати, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Муроднинг «Бу дунёда ўлиб болмайди» романи ХХ аср ўзбек зиёлиларининг кўргиликлари, дард-аламлари, фожиалари ҳақидадир. Бу асар ёзувчининг сўнгги романи бўлиб, коп йиллик
ижодий изланишлари инъикосидир.



Таги кўрмаганга гилам битмасин.
Қодир қулни чевараси, Холмат малайни невараси, Эсон хизматкорни боласи Ботир қўшчи тумандан айниб келди.
Қўшчи калондимоғ-калондимоғ қадам босди. Кибор-кибор қулоч отди. Керма қош-керма қош боқди.
Колхоз идораси қошида оёқ илди. Идора томига сердимоқ назар солди. Гап йўқ, сўз йўқ —    нарвондан томлади.
Томда қўлларини кетига қўйди. Том бош-адоғилаб қадамлади. Вазмин-вазмин қадамлади. Олисларга доно-доно боқиб қадамлади.
Бирдан қозиқдай қоқилиб қолди. Мисоли ҳайкал бўлиб қолди. Ерга шаҳодат бармоқ ўйнатди. Лик-лик ўйнатди. Қоровулни имлади.
Қоровул ҳадаҳа-ҳадаҳа келди. Нарвон пойида ҳайрона-ҳайрона турди. Қоши узра кафт соябон эта-ета мўлтайди.
Чақиргандай бўлдингизми? — деди. Қўшчи ҳокимона-ҳокимона сиёсат этди.
Халқ йиғилсин! — деди. — Халқни йиғинг! Қўшчи қўллари кетида тағин қадам олди. Мағрибга боқиб қадам олди. Машриққа боқиб қадам олди. Қоровул гапни кулги-мутойибага йўйди.
Ҳа, халқ келади! — деди. — Тайинлаб қўйиб эдим, халқ ҳализамат келиб қолади!
Халқ йиғилсин, дедимми, йиғилсин!
Қоровул ҳайрондан-ҳайрон бўлди. Туриб-туриб... ғаши келди.
«Ўзинг бир қўшчи бўлсанг, — демоқчи бўлди. — Сенга ким қўйибди идорани томига чиқишга?»
Яна-тағин, шайтонга ҳай берди.
Халқни нима қиласиз? — деди. — Мана мен халқ, ўзимга айта беринг!
Йўқ, халқ йиғилсин!
Шу вақт дарвоза олдида беш-олти деҳқон қора берди. Деҳқонлар нарвон пойига тўп бўлди. Кулги-мутойибага ўтди:
Син-симбатингизни даладан кўриб келдик.
Туманда нима гаплар бор, гапиринг, қани?
Қани, тумандан гурунг беринг, қани?
Қўшчи томдан тушди. Ҳовуз бўйлаб юрди. Ҳовуз супада тик турди. Қўлларини орқа этди. Йўқ қоринни олға сурди. Йўқ қоринни олға сураман дея... кетига чалқайиб қолди. Йўқ қорин олдинда қолди... Кети ич-кари кириб йўқолди. Ўзи кетига чалқайиб қолди! Қўшчи деҳқонларга бармоқ ниш этди.
Шундай туринглар! — деди. Деҳқонлар супа пойига тўп бўлди. Қўшчи супага бармоқ бигиз этди.
Ўтиринглар! — деди.
Деҳқонлар чўк тушди. Чордана қуриб ўтирди.
Қўшчи белқарсдан билак ўтказди. Белқарс тутамлади. Иўқ қоринни тағин-да олға сурди. Кети тағин-да ичкари кириб йўқолди.
—    Аммо-лекин! — деди. — Айтинглар, қани, мен кимман?
Деҳқонлар ўзаро қарашиб олди. Биламиз демишдай, бош ирғади. Ҳазил демишдай, мийиқларида кулди.
Ким бўлардингиз, ўзимизни Ботир қўшчи-да, — деди. Қўшчи йўқ қоринни олға силтади.
Йўқ! — деди. — Аммо-лекин тополмадиларинг!
Деҳқонлар бурчакка бет буриб келди. Деҳқонлар оғиз ушлаб кулди.
—    Колхоз тузилгани қачон эди? — деди қўшчи. — Сизларга қачон ақл киради? Топинглар, мен кимман?
Деҳқонлар юзидан кулгич қочди. Бари ўйлаб қолди. Охири чидаб ўтиролмади.
Унда, ўзингиз айтинг?
Биз бир далада юрган деҳқон бўлсак?
Сиз туман бориб келдингиз, сиз айтинг?
Қўшчи икки қўлини кўксига қўйди. Кўкрагини олға шиширди.
—    Мана шу... мен-а? — деди. — Мана шу мен! Айтинглар, қани, мана шу мен кимман?
Деҳқонлар тағин бир-бировига қаради.
Ҳа, шу сиз, шу сиз! — деди.
Унда, сизларга топшириқ: боринглар, мени ким эканимни билиб келинглар! Қўшчи шундай дея, супадан тушди. Кўчага равона бўлди.
Бир деҳқон қўшчини изидан етди. Қўшчини билагидан тутамлади.
—    Менга қара, Ботир, — деди. — Отангни кўрдим, аҳмади фориғ, энангни кўрдим, товони ёриқ, дейдилар. Отанг шул, энанг шул, нима қиласан, осмонга чиқиб? Туш пастга, туш!
Қўшчи қайтиб келди. Қўшчи кўкрагига кафт қўйди.
Мен! — дея кўкрак урди. — Мана шу мен, Ботир фирқаман, Ботир фирқа! Деҳқонлар ўзаро қарашиб-қарашиб олди.
Ким-ким? — деди.
Бир сўз билан айтсак: Ботир фирқа!
Қўшчи шундай дея, супа бош-адоғилаб одимлади. Деҳқонларга қараб-қараб одимлади.
—    Бир сўз билан айтсак, мен шу кундан бошлаб
Ботир фирқа бўлдим! Айни вақтда, қишлоқ шўросини раиси-да бўлдим! — деди. — Кимда-ким мени Ботир фирқа демас экан, ўзидан кўрсин! Деҳқонлар бақа бўлиб қолди.

2
Қўшчини Ботир фирқа демагичлар бўлди.
Биров — фирқа сўзига тушунолмай айтмади. Биров — қўшчи сўзига ўрганиб қолиб айтмади. Тағин биров — қўшчига фирқа сўзи ярашмайди, дея айтмади. Ана шунда, Ботир қўшчи... чилласида чироқ кўрмаган бўлди.
Қўшчи бировни меҳнат ҳақини қирқиб ташлади. Бировни томорқасини сувдан қисди. Бировни мол-ҳолини емишдан тортди.
Отига «фирқа» сўзини қўшиб айтмагичларни: «Халқ душмани», дея айблади. Шу-шу, қўшчи бир оғиздан — Ботир фирқа бўлди.

3
Ботир фирқа Ўзбекистон пойтахти Самарқандда олти ойлик сиёсий ўқишни битириб келди.

4
1933 йил тўлди.
Нон чучук бўлди. Нон ширин бўлди. Ота ўз ўғлини бир зоғора нонга алмашди. Она ўз қизини бир ҳовуч кепакка алмашди. Одамзот кунжара ейишгача борди.

5
Она бир эшакли ўткинчига кафтларини узатди.
—    Мана шу қизалоқни олиб кетинг, катта бўлса, эшигингизни супуради! — деди. — Бир ҳовуч кепакка бераман, бир ҳовучгина!
Ўткинчи ўзини эшитмасликка олди. Бозор учун нарх-навони сўрамади. Бошли-кўзли болани сўраб-суриштирмади.
Она ўнгга қаради, она чапга қаради. Бозорда ўзидан бошқа қолмади.
Шунда, она боласига боқиб ҳўнг-ҳўнг йиғлади. Боласига боқиб увв-увв йиғлади.
Она энкайди. Бўйин эгди. Боласини бўйнига миндирмоқчи бўлди.
Аммо боласи ўзини орқага олди. Йўқ, ишорасини берди.
Шунда, она, боласини елкаларига қўйиб-қўйиб олди.
Боласи овози борича йиғлади.
Она ўнг гапирмади — чап гапирди:
—    Ўчир, бозори касод! Ўчир, зоғора нон!
Она энди боласини қулоқ-чаккаси аралаш қўйиб-қўйиб олди.
Ниҳоят, таёқ ўтди. Боласи жонҳолатда турди. Жонҳолатда онаси елкасига осилди. Бўйнидан қучоқлаб олди.
Она рўмоли учига тутиклик бир нимани қўлтиғига олди. Тугунни эҳтиётлаб-еҳтиётлаб қўлтиқлади. Ё пирим, дея, жойидан қўзғолди. Оеқлаётиб, қалқиб-қалқиб олди. Ўзини ўнглаб олди. Бир-икки қадам босди.
Она елкасида бола, йўл олди. Она қўлтиғида тугун, йўл олди.
Бола онаси бошини опичлаб борди. Овоз бериб, йиғлай, деди. Онасидан қўрқди. Онаси оёқларини чимчилаб олишидан қўрқди. Бола бор-йўғи инг-инг этиб борди. Барибир, она кўксида шалвираб боражак боласи оёқларидан ўйиб-ўйиб олди. Она ўнг гапирмади — чап гапирди:
—    Ўчир, бозори касод! Сидирға ўтир, бозори касод, сидирға ўтир!
Бола ингилламай қолди.
Она ёлғизоёқ сўқмоқ бўйлаб юрди. Қишлоқни мўлжаллаб юрди. Қишлоқ бир қадам кўринса-да, хийла олис бўлди. Бир илон сўқмоқни кесиб ўтди.
Она таққа тўхтади. Сесканиб олди. Ўзини орқага олди.
Шунда, елкасидаги боласи кетига чалқайиб кетди. Кети билан йиқилиб тушай деди. Она боласини оёқларидан ушлаб қолди.
Она ёқасини кўтариб, ичига «туф-туф» этди. Илон юрмиш ўт-ўлан шитир-шитир тингунича
қимирламади. Жойида турди.
Тағин йўлида давом этди.
Бола онасини бошини опичлаб-опичлаб олди.
—    Ена, нон... — деди.
Она парво этмади. Бир маромда одимлади. Қош қорайиб борди.
Она қадамини катта олди. Аммо қадами ўнгмади. Боши айланди. Кўз олди тебранди.
—    Ена, но-он...
Елас-елас бир ит ҳурди. Ит кимга ҳурди? Ит нима-га ҳурди? Она оёқ илди.
«Ит менга ҳуряпти, менга! — дея ўйлади. — Ит бир нимани ҳидини олди. Ит нон ҳидини олди, нон. Ит ана энди чопиб келади!» Она ит ҳуришини... боласидан кўрди.
«Болам нон-нон деяпти. Ит «нон» сўзини эшитди», дея ўйлади.
—    Нон дема-я, қирилиб кетгур! — дея, боласи сонини ўйиб-ўйиб олди. — Ана, ит келяпти, нон дема-я!
Боласини нафаси ичига тушиб кетди. Она тағин йўлида давом этди. Ит яна бир ҳурди. Она ана шунда ит бор тарафга қараб кетаётганини англади. Йўлини чап солишни ўйлади. Аммо сўқмоқ ёлғиз бўлди. Ўз оти ўзи билан, ёлғиз. Она: «Ит нон ҳидини олди-ёв. Чопиб келиб ёпишмаса-ёв», дея ўйлади.
—    Она, но-он...
Она йўлини сўқмоқдан чап солмоқчи бўлди. Беш-олти одим босди. Аммо оёқлари чирмовуқларга илашиб қолди. Ёввойи бедаларга илашиб қолди.
Шундай кетса, оёқлари чалишиб йиқилишидан қўрқди. Ёмондан-ёмони... ўт-ўланлар ичида боягидай илонни босиб олишидан қўрқди.
Она яна қайтиб сўқмоққа тушди. Қўлтиқ тугунини маҳкамроқ босди.
—    Ена, но-он...
Она елкаларини учирди. Боласини силкиб-силкиб олди. Жеркиб-жеркиб олди. Оёқларини шапиллатиб-шапиллатиб уриб олди.
—    Нон дема! — деди. — Нонни отини атама! Она ҳамон ҳадик билан қадамлади.
Ит ёпишади, дея ҳадиксиради. Кун ботиб борди.
Кунботар алвон-алвон шафақ бўлди. Ҳаводан салқинлик уфурди. Ҳаводан оқшом нафаси уфурди.
—    Ена, но-он...
Ит тобора яқин бўла борди.
Она эҳтиёт учун... ит тараф қўлтиғи — ўнг қўлтиғи-дан тугунни олди. Авайлабгина... чап қўлтиғига қистирди. Кўнгли хиёл ором олди. Дадил одимлади. Боласи ич-етини тирнаб зорланди:
—    Ена, но-о-он, но-о-он...
Она итдан эллик-олтмиш қадам беридан ўтди. Батамом бемалол ўтди. Боиси, ит... боғлоқлик
бўлди.
Қош қорайиб-қорайиб қолди.
Она кулбасига етиб келди. Ўчоқ бошида чўнқайди.
Боласи елкасидан сирғалиб тушди. Жойида ўтириб қолди. Ўрмалаб-ўрмалаб олди. Оёққа қалқди. Той-той юрди. Атак-чечак юрди. Тетапоя-тетапоя юрди. Оёқларини ёйди. Теварак-бошга сер солди: қаерларда нон бўлади?
Бола ана шу жойларни титкилади. Дастурхонни очиб қаради. Тўнтариқлик тобоқлар остини қаради. Ўроғлик супрани ёйиб қаради...
Онани энка-тенкаси қуриди. Энтикиб-ентикиб на-фас олди. Ўзини ўнглади. Узига келди. Сўғин, қўлтиғидан тугунни олди. Ўчоқ бошига ёйди: тугунда кафтдай зоғора нон бўлди!
Узалиб, обтовани олди. Жўмрагидан ерга икки том-чи томизди. Жўмракни оғзига қўйиб кўтарди. Кўтариб сув ичди. Энтикиб сув ичди.
Зоғора нонни олиб... чаппа бурилди. Нонни катта-катта тишлади. Нонни катта-катта чайнади. Нонни кат-та-катта ютди... Зоғорадан ушоқ-да қолмади! Тағин... ўнг бурилди...
Боласи ҳали-ҳамон тобоқлар остидан... нон қидирди! — Бери кел! — деди она. — Бери кел, мана нон! Бола ҳадаҳалаб келди.
Она боласини бағрига олди. Она боласи оғзига... кўкрак солди. Боласига кўкрак берди.

6
Оналар... тасбеҳдай-тасбеҳдай тизилиб ўтирди. Она бир йўловчига қўл чўзди.
—    Мана шу қизалоқни ола кетинг, сизга қиз бўлади! — деди. — Бир кулчага алмашаман, бир кулчага!
Она бир йўловчига боласини кўрсатди.
—    Мана шуни зоғора нонга алмашаман! — деди. — Кафтдай зоғора нон бўлса бўлади!
Мазкур йўловчи... Ботир фирқа бўлди. У эътибор бермади. Бепарво ўтди.
Беш-ўн қадам ўтиб, оёқ илди. Боиси, овоз таниш туюлди. Кетига қайрилиб қаради. Кетига
қайтиб келди.
Чин, туюлганича бор бўлди. Боласини олдига олиб ўтирмиш она... Мирзахўжабойни беваси
бўлди.
Ботир фирқа қўлларини белига қўйди. Бевага қараб турди.
Она ерга қаради. Боласини бутлари орасига тортиброқ ўтирди. Боласини елкаларидан қучоқлаб ўтирди. Пешонасини боласи бошига қўйиб ўтирди. Она бетларини бекитиб ўтирди.
—    Изимдан юрилсин!
Ботир фирқа шундай дея, йўлида одимлади.
Она жойидан қўзғолди. Боласини уст-бошини қоқди: боладан хас-чўп тушди. Боладан чанг-тупроқ тушди. Бола... гупиллаб-гупиллаб чангиди!
Она ўз уст-бошини тузатди. Этагини қоқди. Желагини бетига тортиб қўйди. Боласини қўлидан етаклади.
Ботир фирқа кетига қайрилмай қадамлади. Ердан кўзини олмай қадамлади. Холилатиб-холилатиб оёқ илди. Онага қайрилмай гап очди. Ердан кўз олмай гап очди. Оҳиста-оҳиста гап очди:
Сиз Мирзахўжабойни кенжа заифаси... Зайнаб... Зайнаб хотинмисиз?
Шундай, шундай.

Қизалоғингизни оти нима?
Обод.
Обод, Обод... Мирзахўжабойни қизими?
Шундай, Обод... ўша кишидан!
Сиз кимни зурриётини бозорга олиб чиққанингизни биляпсизми? Кимсан, Мирзахўжабойни зурриёти!
Она миқ этмади. Она ерга тикилди.
—    Мирзахўжабойни зурриёти-я! — деди Ботир фирқа. — Чин, Мирзахўжабойлар совет ҳукуматини тан олмай, Афғонистонга қочиб кетди. Лекин у киши Саидхўжа эшонни тўнғич ўғиллари. Бир сўз билан айтсак, эшонзода, эшонзода!
Ана шунда, она тилга кирди. Желаги ёқаси билан оғзини ушлаб тилга кирди.
Бир норасидани товонига қолмайин деяпман-да, фирқа бова, — дея йиғлади. — Шугина норасида пешонамга сиғмаяпти!
Шугина бир... гўдакни боқиб бўлмай қолдими?
Йўқ-да, фирқа бова, йўқ-да. Хонумонимиз куйди! Биз куйиб-куйиб... кул бўлдик!
Мирзахўжабойни гўдаги учун-а?
Кунжара берсам, емаса нима қилайин? Зоғора нон отлиққа йўқ бўлса, нима қилайин?
Бир бориб айтсангиз... қадамингиз кира тилайдими? Ботир фирқа умид сувлари сепиб, умид сувлари сепиб кетди.

7
Ботир фирқа оқшом вақти аёлига тайинлади:
Мирзахўжабойни бевасига битта кулча олиб бо-риб бер, — деди. — Фақат биров билмасин, замон ёмон.
Битта кулча нима бўлади? — деди аёли.
Ҳар тандир ёпишингда биттадан кулча бериб келасан, тушундингми? Бевасига айт, биров билмасин. Замон ёмон, жуда ёмон...

8
1934 йил оёқлади.
Нон чучукдан-да чучук бўлди. Нон шириндан-да ширин бўлди. Илик узилди!

9
Кулбаларда бекаси билан хўжаси узала тушиб ўлиб ётди. Бекаси бағрида қизалоғи ўлиб ётди. Хўжаси қўйни-да ўғилчаси ўлиб ётди. Одамзот йўлларда ўлиб ётди. Ариқ бўйларида ўлиб ётди. Дарахт тагларида ўлиб ётди. Биров зоғора нондан шишиб ўлди. Биров кунжара-дан шишиб ўлди. Биров шуларни-да тополмай — очидан ўлди!
Қабристонлар лиқ-лиқ тўлди. Жасад қўяжак ер тугул, оёқ босажак ер қолмади.

10
Шунда Ботир фирқа бошлиқ фаоллар туман йўл олди. Катталарга мурожаат этди.
Мозористонда соғ жой қолмади, — деди Ботир фирқа.
Бутун туманда шундай, — деди катталар. — Биз юқорига хабар бердик, ёрдам берамиз, деди.
Унгача жасадларни қаерга қўямиз?
Топилади, тирикка топилган ер, ўликкаям топилади!

11
Қиш қариди.
Ел кўкламни пойлади. Интиқ-интиқ пойлади. Ўт-ўлан амал олишини қаради. Ўт-ўланлар билан кун кечиришни ўйлади. Кўкат еб, қорин тўйдиришни ўйлади.

12
Чин, юқоридан ёрдам келди. Полуторка миниб кел-ди. Учта НКВД ходими келди. Учовини-да белида мау-зер бўлди. Туман вакили НКВДчиларни танитди.
Бу ўртоқлар очарчиликка қарши курашиш учун келди! — деди.
Очарчиликни тугатиш учун! — дея тузатди НКВД командири.
Виноват, ўртоқ командир, виноват, — деди туман вакили. — Сиз фаоллар, мана шу ҳукумат вакиллари очарчиликни бартараф этишлари учун яқиндан ёрдам берасизлар!
Биз, сиз фаолларга суянамиз! — деди командир. — Сизлар қанчалик кўп ёрдам берсаларингиз, биз очарчиликни шунчалик тез тугатамиз. Биз бу борада етарли тажрибага эгамиз. Йигирманчи йилларда Украинада худди шундай очарчилик авж олиб эди. Миллион-миллион қурбонлар бўлиб эди, миллион-миллион! Москва бизни Украинага сафарбар этди. Биз жуда қисқа муддат ичида Украинада очарчиликка нуқга қўйиб келдик!
Биз учун келибсизлар, қўлимиздан келган ёрдамни берамиз, — деди Ботир фирқа. — Мана, тушунчали-тушунчали фаолларимиз ўтирибди.
Бизга тушунчали одам керак эмас, — деди ко-мандир. — Бизга юк ташувчи одам керак!
Хўп, мана фаолларимиз, танлаб олинг. НКВДчилар олтита фаолни танлаб олди.

13
Айтилмиш маҳкамани ўз қабристони бўлди. Ўз мо-зори бўлди.
НКВД ҳрдимлари ўр-жарларни кўрди. Сой-қирлар-ни кўрди. Ўйдим-чуқурларни кўрди.
Хароба-чолдевор-ларни кўрди. Ниҳоят, ана шу... қабристонни топди!
Қишлоқтсан беш-олти чақиримда эски бир ҳовуз бўлди. Гир айланмиш толзор ҳовуз бўлди.
Кўпдан буён қаровсиз ётмиш ҳовуз бўлди. Сув тўлдирилмаса-да, таги сернам ҳовуз
бўлди.
—    Мана шу жойни танладик, — деди командир.
Ботир фирқа тушунмади. Бир ҳовузга қаради, бир командирга қаради. Қишлоқ қибласида ёйилиб ётмиш қабристонга қаради.
—    Аммо-лекин ҳар юртни ўз қабристони бор, — деди.
Бор, тўғри, бор, — деди командир. — Лекин ана шундай буйруқ ҳам бор!
Қабристон кўчирилсин, дегич буйруқми?
Йўқ, бошқачароқ буйруқ, бошқачароқ...
Хўп, айтинг, қандайчикин буйруқ экан? Мен қишлоқ шўроси раисиман, билишим керак? ;
Қизиманг, ўртоқ раис, қизиманг. Биз ишимизни билиб қиламиз. Биз Украинада очарчиликка қарши курашиб, роса тажриба тўплаганмиз. Биз ана шу тажрибаларимиздан келиб чиқиб иш қиламиз.
Хўп, қани, тажрибаларингизни айтинг?
Тажрибаларимиз бундай: сиз айтган анави қабристон ўз ажали билан ўлганлар учундир. Фақат... очлиқдан ўлганлар учун эмас!
Нима фарқи бор, ўз ажали билан ўлди нима, очликдан ўлди нима? Бариям ўлим-да, бариям гўрга киради-да?
Барибир эмас-да, ўртоқ раис, барибир эмас-да. Ахир... нега очлиқдан ўлади? Совет замонида-я? Нега сиз билан биз юрибмиз, улар эса очликдан ўлади? Совет замонида-я? Буни совет тузуми душманлари эшитиб қолса нима дейди? Жар солиб ёяди, карнай қилиб чалади-ку! Ўзингиздан қолар гап йўқ, ёш совет тузумининг душманлари кўп. Улар совет тузумини бўғиб ташламоқчи, ҳа, ёш совет тузумини йўқ қилмоқчи. Сиз билан биз фирқамиз. Шундай экан, сиз билан биз совет тузуми душманларига қарши кўкрагимизни қалқон қилишимиз керак.
Фирқамиз, фирқа! — деди Ботир фирқа ғурур билан. — Ҳа, фирқамиз!
Ҳа-а, ана, ана! Оғзинг тўла қон бўлсаям, душманинг олдида тупурма, дейдилар. Шунинг учун сиз билан биз очарчиликка қарши шафқатсизларча кураш олиб боришимиз керак. Яъни очликдан ўлганларни ҳеч кимга билдирмасдан... ими-жимида... мана шундай ўраларга... кўмиб ташлашимиз керак.
Ботир фирқа бирдан сергак бўлди. Қулоғи динг бўлди. Кўзлари пир-пир бўлди.
Манавигами? Бу... ҳовуз-ку? — деди.
Нима фарқи бор, ўртоқ раис, нима фарқи бор? Тайёргина чуқур! Биров билади, биров билмайди. Билмаса, ҳовузни кўмиб ташлабди, дейди-қўяди. Шу билан гап тамом бўлади. Биз мана шундай йўл билан очарчиликка қарши курашамиз. Қарабсизки, тез кунда очарчиликни тугатамиз.
Буни... буни туман катталари билан бир маслаҳатлашиб кўриш керак.
Туман катталари уёқтса турсин, бутун совет ҳукумати катталари билади, ўртоқ раис. Бу ҳақда буйруқ бор. Очарчиликка қарши ана шундай курашилсин, деган буйруқ бор. Украинада очарчиликни ана шундай йўл билан бартараф этдик. Насиб бўлса, Ўзбекистонда ҳам очарчиликни ана шундай услубда тугатамиз. Ана иккитасини олиб келдик, ана.
Ботир фирқа гап билан андармон бўлиб билмади. Эътибор этмади. Ана энди эътибор берди. Ҳовуз тагига қаради. Қунт билан қаради.
Ҳовуз тагида... иккита қора нарса устма-уст тахлаб қўйилди. Иккита қора нарса узала-узала тахлаб қўйилди.
Ботир фирқа анграйиб қолди. Бир нарсаларга анг-райиб қаради, бир командирга анграйиб қаради.
Булар... одам... — дея дудуқланди Ботир фирқа. — Булар... одамми?
Йўқ, улар очдан ўлганлар, — деди командир. — Улар... совет ҳукуматига қарши очдан ўлганлар!
Ботир фирқа беихтиёр... беихтиёр ҳовузга тушиб борди.
Тахланиб ётмиш жасадларни қаради. Юзларни очиб қаради. Икковини-да таниди: бирови Ашир момо бўлди, бири Чори бобо бўлди.
Ботир фирқа марҳумларга тикилиб турди-турди... бе-ихтиёр қўлларини кўтарди. Марҳумлар ҳақига дуо ўқимоқчи бўлди.
Бирдан эсини йиғиб олди. Фирқа эканини ўйлади. Шўро раиси эканини ўйлади. Энг ёмони — тепасида НКВДчилар қараб туриши бўлди.
Ботир фирқа қўлларини туширди. Ҳадик билан НКВДчиларга кўз қири ташлади: йўқ, улар ўзларича гапиришиб турди.
«Хайрият, қўлларимни кўтарганимни кўриб қолмади, хайрият», деб хотиржамланди. Ботир фирқа тахланиб ётмиш марҳумларга тикилди... ичида фотиҳа ўқиди, ичида қуръон ўқиди.
Сўғин, юқорилади. НКВДчилар олдига бориб турди.
Рангингиз оқариб кетибди, қўрқдингизми? — деди командир.
Йўқ, нега қўрқаман, йўқ... — дея минғиллади Ботир фирқа.
Рангингиз докадай оқариб кетибди? Яна-тағин, дудуқланяпсиз?
Ҳа, энди... эл-юртчилик, ўртоқ командир, эл-юртчилик. Ўз эл-юртингиз эмасми, одамга пича ботар экан. Унча-мунча малол келар экан.
Ўртоқ раис, бу ҳақда буйруқ бор, буйруқ! — дея овозини кўтарди командир. — Буйруқ! Совет ҳукуматининг буйруғи! Совет ҳукуматининг хоҳиш-иродаси!
Ёки совет ҳукуматидан норозимисиз?
Ана шунда, Ботир фирқа бир сесканиб олди. Тева-ракка олазарак-олазарак бўлиб олди.
Ундай деманг, ундай деманг... — дея каловланди. — Ахир, мен... фирқаман, фирқа!
Фирқа бўлсангиз, нега иккиланасиз?
Ботир фирқа бирдан... қаддини ростлади. Қоматини адл-адл этди. Бошини тик-тик тутди.
—    Яшасин, шўро ҳукумати! — деди тантанавор. — Шўро ҳукуматига шон-шарафлар бўлсин!
Ботир фирқа шу қўйи қотиб турди. Мижжа-да қоқма-ди. Нафас-да олмади!
—    Ана бу бошқа гап! — деди командир.
Анаглундан кейин Ботир фирқа ўзини... одам ҳис этди. Ўзини эркин ҳис этди.   Одамга ўхшаб нафас олди.

14
Шу вақт сўқмоқ йўлда полуторка кўринди. Полуторка ҳовуз кемтиги олдида кўндаланг бўлди.
Машинадан бир НКВДчи «тап» этиб тушди. Машина орқасини очди. Машинага елка тутиб турди.
Машина устидагиси шолчага ўроғлиқ бир нарсани бурчидан судраб келди. Ўрам бир учини шериги елкасига қўйди. Ўрам иккинчи учини ўз елкасига қўйди. Иккита НКВДчи ўрамни елкалаб, ҳовузга тушди. Ўрамни бояги устма-уст жасадлар устига қўйди. Шолчани бир четидан тортди. Шолча ичидан... учта жасад... жасадлар устига юмалаб тушди!
НКВДчилар шолчани қоқиб-қоқиб тахлади. Ҳовуздан чиқиб келди. Шолчани машина устига ташлади. Командирлари олдига келди.
Тағин учтасини олиб келдик, — деди бирови.
Иккита десаям бўлади. Битта майдагина болача, — деди иккинчиси. — Менимча, боласи бўлса керак, бағрига босиб ётибди.
Боласи ўғилми-қизми? — сўради командир.
Ким қарабди, ўртоқ командир. Ишқилиб, бир гўдак одамча-да.
Шунда, Ботир фирқа ажабтовур бир овоз эшитди. Фирқа аланг-жаланг бўлди. Овоз кўкдан келяпти ё ердан чиқяптими, билолмади. Бир кўкка қаради, бир теваракка қаради, бир НКВДчиларга қаради. Командир ияги билан ҳовузга имо этди.
—    Ўрадан келяпти, ўрадан, — деди.
Ботир фирқа ҳовузга тикилди. Чин, овоз ҳовуздан келмиш бўлди. Назарида... назарида, жасадлар қимир-қимир этмиш бўлди.
Ботир фирқа ёқа тутамлаб-ёқа тутамлаб, анграйди. Ботир фирқа ёқа туфлаб-ёқа туфлаб, анграйди.
—    Ия! — дея командирга қаради. — Ия-ия... Ўз-ўзидан... ҳовузга тушиб борди. Қўрқа-қўрқа борди. Овоз қадам сайин яқин эшитилди.
Ботир фирқа жойида қотиб қолди. Қадам босишини-да билмади, кетига қайтишини-да билмади. Овоз тобора яқиндан келди.
Ботир фирқа ёқасини маҳкам тутамлади. Кўзларини ярим юмди. Ҳам қўрқув, ҳам шижоат билан юмди. Ичида пичир-пичир калима қайтарди. Дадил-дадил қадам қўйди. Жасадлар бошига борди. Кўзларини чирт юмиб турди-турди... бирдан ялт-ялт очди. Шунда... шунда, Мирзахўжабойни бевасини кўрди! Мирзахўжабойни зурриётини кўрди! Ботир фирқани ичидан... бир нима ўпирилиб тушди. Тан-жони жимир-жимир этди. Тан-жони увишиб-увишиб олди. Сочлари орасида мисоли қумурсқа юрди. Кўзларини тағин чирт-чирт юмди...
—    Уларни танидингизми, ўртоқ раис?
Ботир фирқа ана шунда кўзларини очди. Ёнларида НКВДчиларни кўрди.
Ботир фирқа танидим, демишдай бош ирғади. Тағин жасадларга тикилди.
Ана шунда, Мирзахўжабойни беваси кўзларини ярим очди! Бошидагиларга ўлик нигоҳ
билан боқди.
Ботир фирқа... биқинини чангаллаб-чангаллаб инқиллади.
У-у-уҳ!.. — дея оҳ урди. — Тирик, тирик! Ўртоқ командир, улар тирик! Командир шерикларига юз солди.
Дарҳақиқат, улар ҳали нафас олмоқда-ку? — деди.
Тўғри, тирик, тўғри! — деди бирови. — Лекин ҳозирча тирик, ҳозирча!
Барибир... ўлади! Бугун, бугун бўлмасаям... эртага ўлади! — деди иккинчиси. Мирзахўжабойни беваси жонсарак-жонсарак боқди. Мўлт-мўлт боқди.
Йўқ, йўқ... — дея пичирлади. — Фирқа бова, нон йўқ. Бўлмаса, келмас эдим... Гапидан, Мирзахўжабойни беваси қаерга келиб қолганини билмади, қаердалигини билмади.
Тағин битта кулча беринг, фирқа бова, — деди бева. — Боламга берайин, нон деяпти...
Бераман, бераман... — Ботир фирқа шундай дея, командирга юз солди.
Уртоқ командир, тирикларни кўмиш қандай бўлади?
Енди, нима қилайлик, ўртоқ раис? Замон шундай! Очарчиликни бартараф этмасак бўлмайди.
Аммо-лекин... тирик-да, тирик! Ана, бағридаги боласи-да тирик! Шўро ҳукуматига ишчи кучи керак, ўртоқ командир, улар ҳали иш беради.
Тушунаман, ўртоқ раис, тушунаман. Аммо улар барибир... ўлади-да, ўлади! Нима еб, жон сақлайди?
Мен уларга биттадан кулча бериб турар эдим, ўртоқ командир. Бундай бўлишини билсам, иккитадан кулча берар эдим, ўртоқ командир. Мен энди уларга иккитадан кулча бериб тураман, ўртоқ командир, иккитадан!
Командир Ботир фирқага ўсмоқчилаб-ўсмоқчилаб қаради. Бир кўзини қисиб-қисиб олди.
—    У билан... апоқ-чапоқмисиз дейман? — деди. — Балки қўлидаги боласиям... ўзларига қарашлидир, ўртоқ раис?
Йўқ, йўқ, ундай хаёлга борманг, ўртоқ командир, ундай хаёлга борманг. Гап шундаки...
Хўш, гап нимада?
Гап шундаки, ўртоқ командир, улар жуда азиз зотларни беваси, жуда табаррук зотларни зурриёти.
Ўртоқ раис, сиз айтгандек, казо-казоларга қараладиган бўлса, очарчиликни тугатиб бўлмайди. Украинада генералларнинг бола-бақрасини кўмдик, генералларнинг! Кўпларини тириклай кўмиб ташладик, тириклай! Бўлмаса очарчиликни тугатиб бўлмас эди! Мирзахўжабойни беваси Ботир фирқага мўлтиради.
Сув, сув... — деди. — Боламга сув беринг.
Учир! — дея ўшқирди бир ходим. — Ўладиган одамга... сув нима керак?
Тўғри, ўликка... сув нима керак? — деди иккинчи ходим.
Мирзахўжабойни беваси ана шунда қаерда эканини билди. Олазарак бўлди. Ботир фирқага ёлворди.
Фирқа бова, мени олиб кетинг, — дея инқиллади.
Ўзимга эн бўлолмайман, сизга қандай бўй бўла-ман? — дея ўксинди Ботир фирқа.
Мен отасини ёлғиз тирноғини одам қилишим керак... Бир ходим бирдан ҳушёр бўлди. Аланг-жаланг бўлди.
Нима-нима?! — деди. — Уйга кетасан? Кетасан-а, кетасан, кетиб бўпсан! Энди, сенинг... ўлигингни орқалаб келиш учун яна борамизми? Нима, сенинг... ўлигингдан бошқа ишимиз йўқми?
Уликларга дўқ қилманг, ўртоқ, ўликларга дўқ қилманг, — дед Ботир фирқа.
Дўқ қилмай бўладими? Ўзи, аллақачон ўлиб бўлган. Яна-тағин, уйга кетаман, дейди.
Олдин ўлсин... — деди Ботир фирқа.
Ўлади! Ўлимга маҳкум этйдган, ўлади! Ана, рангида ҳаёт асари йўқ. Биргина шу... ўлик учун тағин борамизми? Бунақада очарчиликни қачон тугатамиз?
Йўқ, улар ўлимга маҳкум этилмаган, — деди Ботир фирқа. — Мен олдин уларга биттадан кулча берар эдим. Энди, иккитадан кулча бераман...
Командир шерикларига назар солди.
—    Ана, ўртоқ раис, иккитадан кулча бераман, деяпти, — деди. — Битта шу... ўликка раҳм-шафқат қилайлик? Келинглар, уйига олиб бориб қўйинглар.
НКВДчилар ўзаро қарашиб-қарашиб олди. Ноилож қолди.
Биттаси машинадан шолчани олиб келди. Алам би-лан ёйди. Биттаси она-болани оёғидан олди, биттаси бошидан олди. Аччиқ ҳам зарда билан шолчага ўради. Ўрамни қўлтиқлаб, машинага йўл олди.


15
Биринчи кинотеатр қурилажак бўлди. Лойиҳа тасдиқ бўлди.
Ботир фирқа кинотеатр довруғини оламга ёяжак бўлди. Республика миқёсида достон этажак бўлди.
Шу мақсадда Йўлдош Охунбобоевни таклиф этди.
Қурилиш бошида катта йиғин бўлди. Карнай-сурнай чалинди. Ўйин-кулги бўлди. Қозон осилди.
Йўлдош Охунбобоев қарсаклар остида пойдевор ора-сига эсдалик ёдномасини жойлаштирди. Ёднома устидан биринчи ғиштни қўйди. Ғишт устини андава билан лойлади. Кейин, андавани Ботир фирқага узатди.
—    Марҳамат, ўртоқ Эсонов, марҳамат! — деди. Ботир фирқа Охунбобоевни қўлидан андавани олди. Бир қўлига ғишт олди.
Ботир фирқа кинотеатрни... иккинчи ғиштини қўйди! Қарс-қарс қарсаклар бўлди. Ура-ура, ҳайқириқлар бўлди.
Ботир фирқа Йўлдош Охунбобоевни назарига тушди. Ботир фирқа Иўлдош Охунбобоевни дастурига тушди.
—    Бизга сиздек коммунистлар керак! — деди Охунбобоев. — Олдин Тошкентда ўқитамиз, кейин Москвада ўқитамиз. Биз сизни кўтарамиз!
Турмуш бахтиёр бўлди, Ботир фирқа ундан-да бахтиёр бўлди!

16
Беш-олти кундан кейин... НКВД ходимлари келди. Қурилишни айланиб қаради. Бош ирғаб-ирғаб қаради.
—    Маданий-маиший иншоотларга кенг йўл! — деди.
Кейин, теварак-атрофни айланди. Шунда, Саидхўжа эшонни хонақосини кўриб қолди.
Хонақо кинотеатрдан юз қадамлар холисда бўлди. Ариқ бўйида бўлди.
Ариқ шовуллаб-шовуллаб оқди. Суви тоза ҳам тиниқ оқди.
Ел-юрт ана шу ариқдан сув ичди. Қўшҳовучлаб-қўшҳовучлаб сув ичди.
Ел-юрт ариққа ёмон нарса ташламади. Ариқни ҳаром этмади. Сувни булғамади.
Шу боисдан-да Саидхўжа эшон ана шу сув бўйида хонақо қурди.
НКВДчилар хонақони гир айланиб кўрди. Ичкарини айланиб кўрди. Илма-тешик этиб кўрди.
—    Бузилсин! — дея буюрди. — Янги турмуш ёнида эскилик сарқити бўлиши мумкин эмас! Бузилсин!
НКВД гапи — қонун! НКВД гапи — отилган ўқ! Эл-юрт нафас ютди. Эл-юрт сув сепмишдай жимжит бўлди. Эл-юрт аза тутди.

17
Хонақони мумтоз усталар қуриб эди.
Хонақо дарвозалари нақшинкор-нақшинкор дарвозалар эди. Деразалари жимжимадор-жимжимадор деразалар эди. Ғоят оҳанжомали эшик-дарвозалар эди, дераза-пештоқлар эди. Дераза-дарвозалар қадимги Шарқ меъморчилик санъатини ноёб намунаси эди! Айниқса, мазкур оҳанжома дераза-дарвозалар... арча дарахтидан эди. Арчадан ясалиб эди. Арчадан яратилиб эди.

18
Ботир фирқа фаолларга юз солди. Фаоллардан маслаҳат сўради. Фаоллар... Биров юзини олиб қочди. Биров эшитиб-ешитмасликка олди. Фаол зоти бор — ўзини олиб қочди.
Ботир фирқа энди... яккаш ўзи ўйлади. Бир эскича ўйлади, бир янгича ўйлади. Эскича билан янгичани қўшиб ўйлади.
Ана шунда, Ботир фирқа юрак ютиб... бир ишга қўл урди.
Кечаси эл-юртни ухлатди. Тўртта ҳалол деҳқонни эргаштириб, хонақога борди. Дарвоза-деразаларни буздириб олди. Колхоз ўтинхонасига ташитди. Бир бурчакка қалатди. Устидан тут кундаларини бостирди. Кундалар устидан шох-шаббалар ташлатди. Ўтинхонани қулфлади. Калитни чўнтакка солди.
Туя кўрдиларингми-йўқ? — деди.
Йўқ, — деди деҳқонлар.
Агар ҳиди чиқса, бештамиз ҳам манави ёққа борамиз. Ботир фирқа бармоқларини панжара-қамоқхона қилиб кўрсатди. Эртаси куни хонақо бузилди. Излар бости-бости бўлди.

19
Кинотеатр кун сайин қад кўтарди. Марказдан ашё-анжомлар келди.
Ботир фирқа кинотеатр эшик-деразаларини мактабга қўндирди. Боиси, мактаб эшик-деразалари қийшайиб ётиб эди. Қиш эса, бўсағада эди.
Кинотеатр эшик-деразаларини қўндириш вақтида қурувчилар қараса — эшик-да, дераза-да йўқ бўлди.
Қурувчилар марказга хабар берди.
Марказдан тафтиш келди. Текшир-текшир бошлади. Шунда,   Ботир фирқа тафтишчиларга мактабни кўрсатди. Важ-сабабларини айтди.
Аммо-лекин ўқувчи авлодни совуқдан сақлаб қолдим! — деди. Тафтишчилар бош ирғади. Ботир фирқани қўллаб-қувватлади.
Тўғри қилибсиз, — деди. — Хўш, энди нима қилмоқчисиз?
Енди... Энди, гап бундай, — деди Ботир фирқа. — Хабарларингиз бўлса керак, анави сув бўйида бир... эскилик сарқити бўлар эди.
Ескилик сарқити?
Шундай-шундай. Хонақоми, мачитми... шундай бир бало дейилар эди. Ишқилиб, диндорлар йиқилиб-турадиган намозхона эди. Мен отам замондан қолган ана шу намозхонани буздириб ташлаб эдим. Шара-бараларини ташлатиб юбориб эдим. Эскилик сарқитини шара-бараси кимга керак, тўғрими? Ана шу шара-бараларни қоровуллар ўтин қилиш учун ўтинхонага олиб бориб ташлабди. Қоровуллар билади-да, арча ёғоч яхши ёнади.
Арча ёғочданмиди? — деди тафтишчи.
Бари ашқол-дашқол арча ёғочдан эди-да, арча ёғочдан! Энди, ана шу эски-тускилардан фойдаланиб турсак деб эдим.
Қани, ўша эски-тускилар?
Ботир фирқага жон кирди. Тафтишчиларни ўтинхонага олиб борди. Тафтишчилар энкайиб қаради. Тафтишчилар қийшайиб қаради.
Вой-бу-уй, қани, кўринмайди-ю? — деди.
Мана шуларни «тагида ётибди, — деди Ботир фирқа.
Тайёр жиҳозниям шундай қиладими-а? — дея бош чайқади тафтишчи.
Бу ўзи бир... эскилик сарқити бўлса, нимасини аяйди? — деди Ботир фирқа. — Бу иш халқни эскиликка нафрати-ю, совет тузумига ҳурматидан!
Тўғри, лекин шундай жиҳозлар бекордан-бекор ўтин бўлгандан кўра... фойдаланса бўлмайдими?
Бўлади, бўлади.
Ўзи, қайта тикласа бўладими?
Жуда бўлади-да! Шундай қўли гул усталаримиз бор, боплаб ташлайди.
Унда, ўша усталарингизни чақириб, дарҳол тузаттиринг! Кейин, фойдаланишга топширинг!
Ботир фирқа учун шу гап керак эди. У юқорини буйруғини бажарди.

20
Ботир фирқа Тошкентда тўққиз ойлик сиёсий ўқишни тамомлаб келди.

21
«Гитлер уруш бошлашдан олдин... мағлуб бўлди. Ўз-ўзига гўр ковлади. Ўз бошини ўзи еди.
Гитлер СССР армияси имкониятларини билди. 1-фронт кучларини тош-тарози этиб кўрди. 2-фронт қудратини-да ўлчаб кўрди.
Аммо-лекин 3-фронт ҳақида ўйлаб кўрмади. Оқибат, 3-фронтни ҳисобга олмади. 3-фронт... фронт орти бўлди. Меҳнаткаш халқ бўлди. Чол-кампирлар бўлди. Бева-бечоралар бўлди. Етим-есирлар бўлди. Майиб-мажруҳлар бўлди. Бир сўз билан айтсак, тонгдан шомгача... фронт учун тер тўкувчи жафокаш халқ бўлди».
Ботир фирқа иккинчи жаҳон урушидан кейин ана шундай ўйлади. Ғалабани ана шундай шарҳлади.
—   Аммо-лекин Гитлер... мени сезмади, — деди Ботир фирқа. — Фронт ортида... мен меҳнат қилаётанимни Гитлер билмай қолди!

22
Туман ижроия қўмитаси биноси икки қаватли бўлди.
Ботир фирқа бино хоналарини айланди. Ҳар бир хонани алоҳида қараб кўрди. Деворларни кўрди. Эшикларни кўрди. Деразаларни кўрди.
—    Отасига раҳмат, — деди. — Ҳамма ишни партиявий аниклик билан бажарибди. Кейин, қўмита ҳовлисини айланди. Бино теварак-бошини қаради.
Фавқулодда қаққайиб қолди. Энсаси қотди. Пешонаси тиришди. Лабларини бурди. Теварак аланглаб, елка қисди. Ажабланиб, қучоғини бир очиб олди.
Қурувчилар қани? — деди.
Қурувчилар бинони топшириб кетди.
Енди қачон келади?
Қурувчи келармиди, фирқа бова. Бинони топши-риш қоғозига қўлимизни қўйдирди-ю, жўнаб қолди.
Олдинги раисларингиз шундай қабул қилиб олдими?
Ҳа-да, мана тайёр бино. Ўзингиз ҳам отасига раҳмат, деяпсиз-ку. Ботир фирқа кескин бош чайқади. Кескин ҳай-ҳай, деди.
Боиси, бинони йигирма гектарча ҳовлиси... бийдай бўм-бўш бўлди. Қуп-қуруқ дала бўлди. Теп-текис дала бўлди.
Ақалли бир ниҳол бўлмади. Ақалли бир... янтоқ бўлмади!
«Қасам урган ерга ўхшайди, — дея ўйлади Ботир фирқа. — Қарғишга учраган ерга ўхшайди».
—    Бугун қандай кун? —деди Ботир фирқа.
Бешинчи май, — деди бир ходим.
Вақт пича ўтибди, — деди Ботир фирқа. — Пичагина ўтибди. Аммо-лекин ҳалиям кеч эмас.
Ботир фирқа бир ҳафта қўмита биноси ичига кирмади.
Ҳовлида ходимлар билан хандақ қазиди. Ходимлар билан турли-туман ниҳол экди. Ўрик экди. Олма экди. Гилос экди. Дераза остида атиргул экди. Бўсаға олдида намозшомгул экди.
Ботир фирқа улкан дарвоза олдида ўйлаб қолди. Кетмон суяниб ўйлади. Теварак аланглаб ўйлади.
«Ҳовлини тўлдириб мевали дарахт экдик, — деди. Энди, дарвоза олдига-да мевали дарахт
ексак. Масалан, олма эксак. Олмани сояси ўзига яраша бўлади. Берса, беш-олти
кишига соя беради. Бу дарвоза ўз оти ўзи билан ижроқўм дарвозаси бўлади. Келим-кетим
кўп бўлади. Халқ дарвоза олдида йиғилади. Ичкари кириш учун навбат кутади. Олма қайси
бирига соя беради? Йўқ, беш-олтита улкан дарахт керак, улкан!»
Ботир фирқа ўилади-ўйлади — дарвоза олдида... ёнғоқ экар бўлди. Ёнғоқ ҳам мевали
дарахт, ҳам улкан дарахт, дея ўйлади. Кейин, ушбу фикридан-да қайтди.
«Ёнғоқ ўзидан одам учун зиён ҳид чиқаради, — деди. — Ижроқўмга кўзидан ёши
оққанлар келади. Бирортаси йиғлаб-йиғлаб, ёнғоқ остида... ухлаб қолса нима бўлади?»
Ботир фирқа тағин ўйлади. Ниҳоят, чинор экажак бўлди.
—    Ўн туп чинор керак, — деди Ботир фирқа. — Бирдан униб ўсадиган, дадил-дадили керак.
Ходимлар машинада колхоз-совхозларга йўл олди. Яхши-яхши чинор топиб келди. Ходимлар чинор томирини хандаққа солди. Чинор бўғзидан бир қўллаб ушлади. Ботир фирқа чинор остига бир сатил сув солди. Устидан нураб тушган девор тупроғини солди. Чинор томирларини девор тупроқ билан кўмди. Устидан енгил-енгил тепкилади. Тағин бир сатил сув солди. Энди, хандаққа ўзидан чиққан тупроқни солди. Тепкилаб-тепкилаб текислади. Ботир фирқа шу қабилда ўн-ўн бештача чинор экди.
—    Насиб бўлса, қулф уриб ўсади! — дея кулди у. — Насиб бўлса, бу чинорлар бутун туманга соя беради! Ботир фирқа эртаси куни ижроқўм раиси креслосидан жой олди.

23
1956 йил бўлди.
Ўзбекистонда телевизор жорий бўлди. Ўзбек халқи телевизор кўражак бўлди. Шу боис телевизор отлиққа йўқ бўлди.
Ушбу антиқадан бир донаси туман хотин-қизлар қўмитаси ихтиёрига келди.
Қўмита фаоллари мазкур мужда отини тополмай қийналди. Тўпорироқ, фаол «қути», деди.
Илғорроқ фаол, «ойна», деди. Ўқимишлироқ фаол «дилбузар», деди.
Фаоллар муждани қўйиб кўражак бўлди. Тўпори фаол мужда қоғоз халтасини, йиртди. Илғор фаол муждани халтадан суғуриб олди. Ўқимишли фаол муждани «қизил бурчак»ка кўтариб қўйди.
Бўлди — ундан уёғига бировини-да ақли етмади!
Телевизор шу туришида ойлаб турди. «Қизил бурчак»ни безаб турди.
Бегим кунлар — 8 март келди.
Қўмита совға-саломлар тайёрлади. Хайр-еҳсонлар тайёрлади. Ана шу телевизор Обод Мирзахўжаевага совға этилар бўлди.
Қўмита фаоллари телевизор қўйгич уста топиб келди.
Уста телевизорни бир аравачага босди. Аравачани ўзи тортди.
Фаоллар туман ижроқўми раиси Эсонов бошчили-гида Мирзахўжаеваларникига кириб борди.
Дастурхон турланди, турланди!
Кўнгилтортарлар дастурхон теварагидан жой олди.
Уста телевизорни қўйиш билан машғул бўлди. Уйга кирди-уйдан чиқди. Томга чиқди-томдан тушди. Охири телевизорни қўйиб берди. Телевизор бинойидай кўрсатди. Барча чапак чалиб юборди.
—    Яшасин, меҳрибон шўро ҳукумати! — деди Ботир фирқа. — Озод Шарқ хотин-қизларига алангали саломлар бўлсин!
Тағин чапак бўлди.
Еркаклар ёнма-ён хонадан жой олди. Ўрта дераза очиб қўйилди. Эркаклар ана шу деразадан телевизор кўриб ўтирди. Ботир фирқа билан уста қиттай-қиттай олди.
Ботир фирқа деразага қараб қадаҳ кўтарди. Деразага қараб тантанавор сўзлади:
—    Ҳурматли ўртоқ Обод Мирзахўжаева! Биз, шонли совет халқи, халқаро хотин-қизлар байрами 8 мартни бутун халқимиз, жонажон коммунистик партиямиз, меҳнаткаш колхозчи деҳқонларимиз, қаҳрамон ишчилар синфимиз, қўйингки, жамики шонли совет зиёлиларимиз КПСС ХХ съезди тарихий қарорларини улкан ғайрат-шижоат билан турмушга тадбиқ этмоқда бўлган бир вазиятда кенг байрам қилмоқдамиз. Ҳа, шонли коммунистик партиямиз ХХ съездидан кейин ҳали ҳеч қанча вақт ўтганича йўқ. Аммо-лекин биз совет халқи шугина қисқа вақт мобайнида оламшумул муваффақиятларни қўлга киритдик, бу билан бутун совет халқи, шу жумладан, озод Шарқ хотин-қизлари ҳар қанча фахрлансалар арзийди...
Ботир фирқа қишлоқ хўжалиги, халқ хўжалиги, саноат соҳасида эришилган ютуқларни рақамлар билан санаб берди.
Еркаклар ана шу шонли ютуқлар учун қадаҳ чўқиштирди. Аёллар... чой чўқиштирди. Шу вақт аёллар давраси ғимир-ғимир этиб қолди.
Вой, ўлдим, вой! — дея овоз эшитилди. — Вой, шарманда бўлдим! Эшиклар қарсиллаб ёпилди. Аёллар бири қўйиб, бири овоз берди:
Нима гап?
Тинчликми?
Ботир фирқа деразадан қарашдан орланди. Дастурхондан кўз олмай сўради:
—    Нима бўлди, ўртоқ Мирзахўжаева?
Жавоб бўлмади. Ичкаридаги вой-войлар ташқарилади. Ичкаридаги ҳа-ҳулар ҳовлилади. Ботир фирқа жойидан қўзғолди. Эшикни ярим очди. Ҳовлига мўралади. Ҳовлида бир паранжилик аёл бўлди. Паранжилик аёл қўлида ҳасса бўлди. Аёлни букчайишидан — момо бўлди.
Ана шу момо ҳовли дарвозасига қараб талпинди. Дарвозага қараб юлқинди.
Бир аёл момони тирсагидан олди. Бир аёл елкасидан олди. Бир аёл паранжи бурчидан
ушлади.
Мирзахўжаева момони йўлида тўғоноқ бўлди.
Ҳа, борасиз-да, эна, — деди Мирзахўжаева. — Аллақайтиб айланиб кепсиз, борасиз-да.
Қоч, йўлимни бер! Қоч дейман!
Хўп, ичкари киринг. Одам ҳоврини одам босади!
Бетингни мурдашўй кўргурлар! Қари-қартанг бир момони гуноҳга ботирган сенларни худо кўтарсин!
Ена, у бир ойна, эшитяпсизми, ойна!
Ҳа, ойнанг бошингдан қолсин, бошгинангдан қолсин!
У бир дилбузар, хола, дилбузар!
Қариган чоғимда юрувсиз бўлдим-а, юрувсиз-а!
Хола, анави ичкарида фирқа бовалар ўтирибди, кўп жавраманг.
Ичкариланг. Икки пиёла чой ичинг. Нон эгаси билан чучук!
Шунда, момо уй тараф қаради. Ботир фирқага қаради. Ҳассасини уй тарафга қўйиб дўқиллатди. Оҳиста изига бурилди.
—    Майли, туз тортган экан, кираман, — деди. — Лекин бировингниям бетингга қайрилиб қарамайман!
Ботир фирқа момони таниди. У Мирзахўжаевани кекса онаси Зайнаб момо бўлди. Зайнаб момо ҳассасини дўқ-дўқ уриб ичкарилади. Остонада ҳассасини деворга суяб қўйди. Бўсағада тик турди. Теваракка разм солди.
Телевизор қиблагоҳда — Зайнаб момони чап тарафида бўлди. Шу боис, Зайнаб момо чап тарафидан юзини бурди. Рўмолини пешонасига тортиб қўйди. Рўмоли чап тарафи бурчидан ушлади. Рўмоли бурчини юзи узра кўтариб... юзини яширди. Телевизорда сўзловчи диктордан... юзини яширди.
Зайнаб момо шу ҳолда ичкарилади. Ҳали ўзи ўтирмиш тўрдан жой олди. Сандиққа қараб ўтирди. Рўмоли бурчини ушлаб, телевизорга... елка буриб ўтирди. Телевизордан юзини бекитиб ўтирди.
Узатилмиш чойни енги ичида олди. Рўмолини қўйиб юбормай олди. Қайрилиб қарамай
олди.
Дастурхонга қараб ўтиринг, хола, — деди бир фаол.
Йўқ, қарамайман, — деди. — Номаҳрамларга қарамайман!
Дастурхон номаҳрам эмас-ку?
Дастурхон бўлмаса, анави қутида жавраётган бетавфиқ номаҳрам! Фаоллар оғиз ушлаб кулди. Бир-бирини туртиб кулди. Бир-бирини чимчилаб кулди. Ботир фирқа барини билиб ўтирди. Зимдан кузатиб ўтирди. Кўнгли, Зайнаб момо билан саломлашай, деди. Пиёла гардишига тикилиб гап бошлади:
Зайнаб момо, маза қандай? — деди. — Ўйнаб-кулиб юрибсизми? Суяк дадилми?
Шукур, фирқа бова, шукур. Ўзингиз қандай, бола-бақра катта бўляптими...
Шукур, шукур. Аммо-лекин овозингиз баланд-баланд чиқяпти, тинчликми?
Тинчлик бўлмай нима бўларди, фирқа бова. Худога шукур, қизларим ўзидан тинган. Шу қизлари қурғур, ўйламай-нетмай, номаҳрам эркакларга рўпара қилади-да. Ўлганимни кунидан ўтираман-да.
Енди, у телевизор-да, Зайнаб момо, телевизор.
Ҳа... қутиси бошидан қолсин! Бир сурбет... қутидан бошини чиқариб қарайди денг. Гуноҳларга ботиб ўлдим, гуноҳларга-я!
У бир диктор-да, Зайнаб момо, дикгор.
Ҳа... Ундай эркакни оти ўчсин, отгинаси ўчсин! Эркак зоти бунчалик сурбет бўлмайди-да! Шундай келиб ўтиришимни биламан — менга кўзини лўқ қилиб... гап отиб қолса бўладими?
Шундай туюлади, Зайнаб момо. Аслида, диктор ҳаммага қараб гапиради.
Қирчинингдан қийилгур, менга қараб гапирди! Кўзимга бақрайиб гапирди! Ишшайиб кулди ҳам!
Шу вақт телевизор бир куй чалди. Бир фаол Обод Мирзахўжаевани етти-саккиз ёшли кўҳликкина қизини силаб-сийпади.
Отинг нима? — дея сўради.
Диля! — деди қиз.
Йўқ, ўзингни отинг нима?
Дилбарчик.
Ҳа-а, Дилбар. Мана шу меҳмонларга бир ўйнаб бер, Дилбар. Ашула билсанг, ашула айтиб ўйна, хўпми?
Диля ашула айтиб-айтиб хиром этди:
Мунча уйқу босди сизи, оналар, Фикр этингиз, ўйлаб у пешоналар, Илм, маориф била бегоналар, Болдингиз оламга сиз афсоналар, Мазлумалар, жонлара жононалар, Қизларингизни ўқитинг, оналар!
Аёллар қарс-қарс қарсак чалди. Қийқириб-қийқириб олқишлади.
—    Қизлар... эркаклаб кетди! Ана, қизлар эркаклаб кетди! — деди Зайнаб момо. Зайнаб момо 8 март давраси давомида телевизор диктордан... бетини бекитиб ўтирди!

24
Ботир фирқа олий партия мактабида ўқиб келди.

25
Юқоридан катта келса — фаоллар йиғилишидан қайтар эди. Юқоридан катта келса — боғлар қўйнидан қайтар эди. Юқоридан катта келса... балиқ овидан қайтар эди. Бир саратонда Шароф Рашидов келди.
Қуёш шарқ буржидан... фалак гиламига қадам қўяр бўлди. Оламни содиқ зотлар қалбидай равшан ҳам мусаффо этар бўлди.
Шароф Рашидов туманма-туман айланди. Колхозма-колхоз айланди. Далама-дала айланди.
—    Енди, мана буёққа ҳайданг!
Шароф Рашидов шундай дея, адир тарафни кўрсатди.
Майда машиналар карвони адир оралаб йўл олди. Машиналар адир оралаб юрди-юрди... бийдай чўлдан чиқиб қолди!
—    Мана шу ерда тўхтатинг! — буюрди Шароф Рашидов.
Шароф Рашидов машинадан тушди. Теваракка назар солди. Кафтини пешонасига соябонлаб қаради. Кўзларини қисиб қаради.
Қиблаи олам бийдай чўл бўлди. Дунё мисоли чўлдан иборат бўлди. Кунботар-да кўриниб турди, кунчиқар-да қўриниб турди.
Саратон... ошиқ юрагидай ёнди! Маъшуқ юрагидай ёнди!
Бир чақиримча олисда оппоқ бир тасма узала тушиб ётди. Оппоқ тасма бир... машина йўл бўлиб кўринди, бир... сўқмоқ йўл бўлиб кўринди. Бу — Амударё бўлди.
Амударё сокин-сокин оқди. Шу боис, оқиб кетяптими ё тўхтаб турибдими — билиб бўлмади.
Шароф Рашидов фаолларга қараб-қараб юрди, оёқлари ости қум-тупроқларга тикилиб қолди. Тупроқдан кўз олмай бош чайқади.
—    Ишламабсиз, ўртоқ Ражабов, ишламабсиз, — деди.
Вилоят партия қўмитасини биринчи котиби Ражабов каловланиб қолди.
Енди, ўртоқ Рашидов... Мен обкомга якинда келдим, — дея манқаланди. — Ҳали-ҳозирча, областни яхши ўрганганим йўқ. Шу сабабли, ҳамма ишни келган жойидан давом эттириб турибман.
Сиз ишни келган жойидан давом эттирманг! — овозини кўтарди Шароф Рашидов. — Биласизми, совет ҳокимияти келгунича бу ерлар кимга қарашли эди?
Бухоро амирлигига қарашли эди.
Ҳа, Бухоро амирлигига қарашли эди. Бухоро амири ким эди?
Амир Олимхон эди.
Ана шу амир Олимхон... ҳарамидан нари кетмасди. Дейдиларки, қавми Лутни ишини ҳам қилган фурсат топса. Нима, энди сиз ҳам амир Олимхонни ишларини... келган жойидан давом эттирмоқчимисиз?
Мен... мен...
Совет ҳокимияти ўрнатилганига неча йил бўлди? Жавоб беринг?
Мен... ҳалол коммунистман, Шароф Рашидович, ҳалол! — дея қути ўчди Ражабов.
—    Чин коммунист сўзим. Мен баъзи бировлар юрган йўлларидан юрмайман. Мана, обком аъзолари гувоҳ.
Мен сизни охирги амирга тенглаштирмоқчи эмасман. Мана, сиз фарғоналиксиз. Боғ-роғлар водийсидансиз, қўли гул боғбонлар юртидансиз. Шунинг учун ҳам партия сизни мана шу воҳаларни боғ-бўстонларга айлантирсин, деб юборди. Мана шу эл-юртни обод қилсин, деб юборди. КПСС Марказий Комитетининг чўлларни боғ-бўстонга айлантириш ҳақидаги қарорига неча йил бўлди? Жавоб беринг?
Виноват, Шароф Рашидович, виноват. Мен... тушунмабман.
Ишни келган жойидан давом эттиряпман эмиш. Қанақа ишни? Амирларга ўхшаб, чўлларни чўллигича қолдириш, даштларни даштлигича қолдириш ишиними? Хонларга ўхшаб, фақат ўз нафсини қондириш, ўз қорнини тўйдириш ишиними?
Шароф Рашидов нега йўлини чўлга бурди? Нега чўл ўртасида тўхтади? Нега дабдурустдан бундай гап бошлади?
Ражабов бу бурилиш тасодиф эмаслигини энди билди. Бу гаплар олдиндан ўйлаб қўйилганини энди билди.
Билди-ю... Ўзбекистонни барча катталарига хос баҳонани қўллади. Ўзбекистонни барча катта зоти дастак этиб олмиш баҳонани қўллади:
—    Сув йўқ, Шароф Рашидович, сув йўқ! — деди.
Ражабов Ўзбекистон катталарини қўллаб-қувватлаб келмиш сув баҳонасини айтди-ю... балоларга қолди!
—    Сув? Анави сув бўлмай, нима?!
Шароф Рашидов шаҳодат бармоғини Амударёга ниш этди.
—    Анави сув бўлмай, нима? Кўз борми?!
Ражабов мунғайиб-мунғайиб қолди. Ражабов бошини елкалари ичига олди.
Сув, тўғри, сув... — дея минғ-минғ этди. — Лекин Орол... чекиняпти.
Нима-нима?
Амударё суви тўлалигича етиб боролмаётганлиги учун Орол денгизи қурияпти.
Орол денгизи? Энди, шу баҳонани топдингизми? Орол сиз билан биздан олдин ҳам бор эди, сиз билан биздан кейин ҳам бўлади! Суви камаяди, аммо қуримайди. Суви камайса, сиз билан биз айбдор бўлмаймиз. Амударё билан Сирдарё ҳам айбдор бўлмайди. Чунки Орол ҳамма тарафдан ёпиқ бир... кўл. Денгиз океанга чиқиши керак. Орол эса, океанга чиқмайди. Демак, Орол — кўл. Океан билан туташмайдиган, океан суви тушиб турмайдиган ҳар қандай сув — қуриш хавфи остида бўлади. Ўнта Амударёни олиб бориб қуйсалар ҳам суви камайиб бораверади. Орол ҳам шундай. Сиз, чўл-биёбонда ҳаёт
кечираётган халқни ўйланг! Сиз, оёқларингиз остида чўллаб ётган тупроқни ўйланг! Қаранг, ер қақраб ётибди, қақраб! Ер чатнаб ётибди, чатнаб! Асрлардан буён чўл-биёбон бўлиб ётибди. Сиз билан биз мана шу чўл-биёбонларни инсон яшайдиган маконга айлантирмасак... коммунист бўлиб нима қилиб юрибмиз? Жайдари тил билан айтганда... одам бўлиб нима қилиб юрибмиз? Қани, Ўзбекистон гимнини айтинглар-чи? Қани-қани?
Вилоят катталари тасбеҳдай-тасбеҳдай тизилиб турди. Катталар ер чизди. Катталар қизариб-бўзарди.
Ҳали, Ўзбекистон гимниниям билмайсизларми? — дея димоғида кулди Шароф Рашидов. — Ўзбекистон гимнини-я? Ана, холос! Чўл ўзлаштиришни эплай олмасаларингиз, гимн айтишни билмасаларингиз... коммунист бўлиб нима қилиб юрибсизлар? Ана шунда, райком Эсонов жонланди. Ўз жойидан овоз берди:
Мен пича айта оламан, ўртоқ Рашидов.
Пичами, тўлиқми?
Ҳа, энди, гимн бўлгач, тўлиқ бўлади-да, ўртоқ Рашидов.
Унда, иккаламиз айтамиз. Қани, келинг!
Райком Эсонов чопқиллаб-чопқиллаб борди. Шароф Рашидовни ёнида банда мисол-банда мисол турди. Шароф Рашидовга кўз қири билан қараб-қараб турди.
—    Қани, ўртоқ райком, иккаламиз мана шуларга бир намуна бўлайлик!
Шароф Рашидов қўлларини ёнларига босди. Қоматини мағрур керди. Бошини адл кўтарди. Шароф Рашидов бепоён чўл-биёбонга боқиб-боқиб... Шўролар Ўзбекистони гимнини айтди:
Серқуёш ўлкада қўмасдик зиё,
Дарёлар бўйида эдик сувга зор...
Уфқларга туташ чўл. Сап-сариқ чўл. Бийдай чўл.
Ана шу сап-сариқ чўл қўйнида гимн янгради.
Бари катта ғоз турди. Гимн айтар бўлиб, оғиз пичирлатди.
Шароф Рашидов катталарга мурожаат этди. Сўзни қалин-қалин қилиб айтди:
—    Ана, эшитдиларингизми? Дарёлар бўйида эдик сувга зор... Бу, ким ҳақида? Сиз билан биз ҳақимизда!
Ўзбекистонда яшовчи барча қоракўз халқ ҳақида. Лекин қоракўз халқда айб йўқ. Халқ саратон сариғида чанг ютиб, қаҳратон совуғида муз қотиб меҳнат қилади! Айб сиз билан бизда! Қаранг, асрлар мобайнида Амударё, Сирдарё деган азим дарёлар бўйида яшаганмиз. Аммо сувга зор бўлиб яшаганмиз. Асрлар давомида азим-азим дарёларнинг шундайгина қирғоғида яшаганмиз. Аммо сувга ташна бўлиб турмуш кечирганмиз. Бу нимадан? Бу, сиз билан бизнинг... Гап келганда, отангни аяма, дейдилар. Мана шу бийдай чўлда айтай, норасмий равишда айтай, қулоқларингизга айтай: бу сиз билан бизнинг ювошлигимиздан, ҳа, қўймижозлигимиздан! Бегона тиллар бизни «баран-баран», дейди. Мана, баранлик! Энди, буни қаранг: бутун бошли област раҳбарияти, ўнлаб раён раҳбарияти... Ўзбекистон гимнини билмайди! Ана, қўймижозлик! Райком Эсонов шунча зот орасида битта ўзи Ўзбекистон гимнини айта олишидан қувонди. Аммо Шароф Рашидовни гапларидан ғоят таъсирланди. «Ўзи, ўртоқ Рашидов куюнганича бор-да,— деди райком Эсонов. — «Баран» бўлмасак, Амударё бўйида сувга ташна яшаймизми? «Баран» бўлмасак, эл-юрт йўлбошчиси бўла туриб, Ўзбекистон гимнини билмаймизми?»

26
Тушдан кейин қабулга кирувчилар адо бўлди.
Райком Эсонов керишиб-керишиб яйради. Эмин-еркин бўлди.
Бир чойнак чой буюрди.
Чойни котиба қиз эмас... Обод Мирзахўжаева кўтариб кирди.
Райком Эсонов ажабланиб қолди. Жойидан туриб борди. Мирзахўжаевани қўлидан чойнакни олмоқчи бўлди.
Аммо Мирзахўжаева кўнмади. Чойни ўзи олиб келди. Чойнак қошида ўтирди. Райком Эсонов Мирзахўжаева билан юзма-юз ўтирди. Ундан ҳол сўради. Мирзахўжаева чой қайтара-қайтара бош ирғади. Чой суза-суза жавоб берди. Бир пиёла чойдан кейин мақсадга ўтди.
Бир бола бор, Ботир Эсонович, — деди_. — Ўзи Москвани битириб келган. Газетада ишлайди. Ўсадиган бола. Шоир!
Шоир? Зўр-ку!
Зўр бўлгандаям, улай-булай зўр эмас. Лаббайгўй эмас. Саркаш шоир. Янги оқим шоири. Франтсуз аван-гардизми... дейдими... Ана шундай авангард шоир!
Сиз франтсуз авангардизмини қаердан биласиз, ўртоқ Мирзахўжаева? — дея жилмайди райком Эсонов.
Мен тушунмайман, Ботир Эсонович. Қизимдан эшитаман, қизимдан.
Айтгандай, қизингиз шоира бўлди-а?
Ҳа, шеър ёзади. Шеърлари қўшиқ ҳам бўлди.
Райком Эсонов кўзларини пирпиратди. Кўзларини олиб қочди. Деразага қаради. Ундан чинорларга қаради. «Шеърлари қўшиқ бўлибди. Қизингизни ўзи ким бўлибди?» — дегиси келди. Боиси, Мирзахўжаевани ана шу кизи ҳақида узун-калта гаплар эшитди. Яхши-ёмон гаплар эшитди. — Аммо-лекин шундай фаолларимизни қизи ишқбоз бўлса, бошқалардан нима умид, нима хайр? — деди райком Эсонов. — Кимсан, илғор фаол Обод Мирзахўжаевани қизи нопок йўллардан юрса. Ўзидан сўрасаммикин? Уят, минг қилса-да, онаси. Ҳартугул, бир илмоқли гап отиб кўрай. Қизидан хабари бўлса — ярасини ёради».
Ҳозирги ёшлар... ўйинқароқ бўлиб қолди, ўртоқ Мирзахўжаева.
Замони келибди, ўйнаб-кулсин-да, Ботир Эсонович.
Чекиш, ичиш...
Бизни Диля ҳам чекади. Ичишини билмадим. Тўй-маъракаларда ичади, дейишади. Мен ҳали кўрмадим.
Совет хотин-қизлари чекмаслиги керак, ўртоқ Мирзахўжаева. Чекиш-ичиш совет хотин-қизларини ахлоқ-одоб нормаларига тўғри келмайди.
Хотин-қизларни чекиб-ичиши эскичагаям тўғри келмайди, Ботир Эсонович. Диляга кўп айтдим. Чекма-чекма, дедим. Қайда, фойдаси бўлмади.
Бир сўз билан айтсак, хотин-қизларимизда коммунистик ахлоққа зид қилиқлар кўпайиб кетмоқда.
Райком Эсонов шундай дея, кўз қири билан Мирзахўжаевага разм солди: Мирзахўжаевада ўзгариш сезмади.
«Демак, қизини... ишқбоз эканини билмайди, — деди райком Эсонов. — Қизидан хабари йўқ. Бўлмаса, қизариб-бўзарар эди. Ганини йўқотиб қўяр эди. Майли, ишқбозлик дарди шахсий масала».
Майли, ёшларни ўзи билади. Хўш, шу қизингиз?
Шу қизим тушунтириб туради. Шу бола етук авангард шоиримиз, дейди.
Тушундим, хўш?
Шу бола неча йилдан бери партияга ўтолмай юрибди экан. Ўрин йўқ, дейишар экан.
У бола сизга ким бўлади?
Қизим билан бир жойда ишлайди. Қизимни шеърларини ўрисчага сўзма-сўз таржима қилиб беради. Ўрисчани сувдай ичади.
Ўрисчани сувдай ичади? Шундайлар керак.
Жуда керакли бола. Шу болага... ҳидоят қўлингизни узатсангиз, деб эдим?
Бошидан ўтмаганни қошидан ўтма, дейдилар.
Қани ўзи?
Ташқарида. Чинорни остида ўтирибди. Чақирайми? Мирзахўжаева қабулхонага чиқиб келди.
Котиба қизга айтдим, чақириб келади, — деди. Райком Эсонов ўз креслосига бориб ўтирди. Мирзахўжаева... чойни оқлаб келди.
Остонада бир йигит қора берди: дароз-дароз. Соч-лари елкаларида. Қулоқлари остида. Райком Эсонов йигитни ичкари таклиф этди. Кўришиб-сўрашди. Гапни нимадан бошлашни ўйлади.
«Дароз одамни эси камроқ бўлади, — дея ўйлади.— Шу боис, фақат бўйига ўсади. Буни эси қанақа экан?»
Қани, ўзингизни таништиринг-чи?
Мен Мадиев... Ленин раён, Ленин совхоз, Ле-нин участкасида туғилдим. Ленин номли мактабда ўқидим, Ленин номли университетни тамомладим. Ле-нин комсомол сафига ариза бериб кирдим.
Енди, Ленин партияси сафига кирмоқчисиз, шундайми?
Ҳа! — деди Мадиев тантана билан. — Мен Ленин шанбаликларида қатнашаман. Ленин ҳақидаги шеърларни ёддан биламан. Лениннинг болалик ҳаётидан иншолар ёзганман. Ленин асарларидан диплом иши ёклаганман. Мен Ленин сиймосини кўксимда олиб юраман!
Мадиев шундай дея, кафти билан ёқа силади. Ёқасида Ленин расми бор думалоқ значок
бўлди.
Кўрдим, кўрдим, — деди райком Эсонов. — Кўкрагингиздаги расм, ўртоқ Ленинни ёш вақти бўлса керак?
Ҳа, доҳиймиз Ленин ҳамиша ёш! — деди Мадиев. — Ленин ҳамиша навқирон! Ленин тириклар ичра: тирик! Ленин ҳамиша биз билан!
Ўртоқ Ленин ҳақида шеър ёзганмисиз?
Ешлик қилдим, тажрибам етмади, — деди Мадиев. — Ленин ҳақида албатта шеър ёзаман!
Райком Эсонов партиявий-ташкилий ишлар бўлим мудирини чақирди. «Ўзингдан баланд амалдор нима деса — ана шуни бажар. Сўзсиз бажар. Аҳмоқона бўлса-да, бажар. Аблаҳона бўлса-да, бажар. Кўр-кўрона бажар. Ана шунда — ўсасан! Ўзингдан баланд амалдордан... қўрқиб яша. Ўзинг-дан катта амалдор.. етти пуштингни ҳақорат этиб сўкса, сен... кечирим сўра!
«Ҳаммамиз учун ҳурматли ва азиз» қўшимчаси билан аталувчи амалдорни... Мункар-накир деб бил! «Муҳтарам зот», «улуғ зот» «вич-вич» қўшимчалари билан аталувчи амалдордан қўрқ. Қўрқмасанг-да, ўзингни қўрққанга ол. Боиси, амалдор зоти... ҳайиқиб турувчи одамни ёқтиради. Амалдор зоти қўлини кўксига қўйиб турувчи одамни яхши кўради.
Бир қудратли амалдор... оталиғида бўл. Ана шу амал-дорга қўл бер. Ана шу амалдорни пирим — шефим, деб бил. Ана шунда — кўтариласан!»
Ботир фирқа коммунист бўлибдики — ана шу ҳаёт мантиқларини шиор этиб олди. Ана шу ҳаёт мантиқларига амал этиб яшади.
Оқибат — ҳузур-ҳаловат кўрди. Ботир фирқани тағин нималар кутарди?
Қўрқув! Кимдандир қўрқув, нимадандир қўрқув: гап тегиб қолмаса эди. Шов-шув бўлиб кетмаса эди. Хўжайин билиб қолмаса эди. Ревизия келиб қолмаса эди. Охири вой бўлмаса эди...
Ботир фирқани тағин нималар одам қилди? Ҳужжатлар! Партиявий-сиёсий ҳужжатлар. Ҳуқуқий ҳужжатлар. Молиявий ҳужжатлар...
Ботир фирқа... тирик инсонга ишонмади. Ботир фирқа... қоғоз-ҳужжатга ишонди. Ботир фирқа... юз-хотирга ишонмади, қасам-лафзга ишонмади. Ботир фирқа... қоғоз-ҳужжатга ишониб яшади.
Оқибат — Ботир фирқа қоғоз-ҳужжатлардан... таянч-садоқат кўрди!
Ана шундай бир муҳтарам зот телефон этиб қолди. Ётар вақти... ётар вақти партиявий
топшириқ бериб қолди.
Оқшом вақти Тўрақулов вафот этиб эди. Тўрақулов собиқ райком секретари эди. Марҳум
ертага дафн этилар эди.
Партиявий топшириқ ана шу ҳақда бўлди.
Ботир фирқа ётолмади. Ётиш учун юрак бетламади. Уйқуси йўқолди. Партиявий топшириқни бажариш учун шайланди. Машина буюрди. Тўрақуловни хонадонига йўл олди. Машина хиёлда йўл танобини тортди.
Хонадон... мотамхона бўлди. Зим-зиё қоронғизор бўлди. Жимжит зулмат бўлди. Мунгли ҳам қайғули бўлди. Хонадондан ажаб-ажаб ис анқиди.
Ботир фирқа бўсағада машинага суяниб турди. Тўрақуловни тўнғич ўғлини айттириб
келди.
Мана шу анқиётган нима? — деди Ботир фирқа.
Исириқ.
Исириқ, исириқ... қирқинчи йилларда мана шу исириқ учун одамлар сургун бўлган, қатағон бўлган. Шуни биласизми?
Исириқ тутатиб, отамни... инс-жинслардан қўриқлаяпман.
Ана гап, ана! Ким айтади сизни райком секретарини ўғли деб? Инс-жинс эмиш! Сиз ўзи қайси жамиятда яшаяпсиз?
Ичкарида... отам ётибди. Гигиена дегандай, гигиена...
Гигиена керак бўлса... дезодорант сепинг, дезодорант! Исириқ... эскилик сарқити! Шундай, исириқ эскилик сарқити!
Хўп, ўчириб ташлайман, хўп.
Бу, бир. Иккинчи: эртага дафн маросимида партия-совет арбоблари келади, обком секретарлари келади. Бир сўз билан айтсак, жамиятни қаймоғи келади. Аммо-лекин дафн маросимида жаноза ўқилмайди.
А?
Ўртоқ Тўрақуловга жаноза ўқилмайди! Тўрақулов райком секретари эди, депутат эди, қўша-қўша орден-медаллар соҳиби эди. Бир сўз билан айтсак, асл коммунист эди. Асл коммунист эскилик саркитларидан юксак туради! Шундай экан, биз ўртоқ Тўрақуловни асл коммунистчасига дафн этамиз. Ҳарбий оркестр мотам маршини чалади. Партия-совет арбоблари фахрий қоровул бўлади...
Отам...
Катта гапирганда, жим туринг! Қанақа одамсиз, ўзи? Сиз қайси жамиятда яшаяпсиз, ўзи? Мана, куни кеча ўртоқ Хрушчев катта нутқ сўзлади. КПСС программаси қабул қилинди. Программада: совет халқини ҳозирги авлоди коммунизмда
яшайди, деб айтилди. Дунё бўйлаб бир шарпа — коммунизм шарпаси кезиб юриб-ди, дейилди. Сизни хонадонингазда эса... исириқ кезиб юрибди, исириқ! Қанақа одамсиз, ўзи?
Хўп, узр.
КПСС программасида коммунизмга таъриф берилди. Коммунизм — эркин ва онгли меҳнаткашларни юксак даражада уюшган жамиятидир, тараққий этган жамиятидир, дейилди. Ана шундай жамиятда... жанозага бало борми?
Тўғри, лекин... мусулмончилик, увол-савоб, деган гаплар бор.
Машинага киринг. Мана, ручка, мана, қоғоз. Ёзинг: тилхат... Тўрақулов... жанозасиз кўмилди.

28
Жамоат суди шаҳар маданият уйида бўлди.
Суд раиси — маданият уйи директори саҳна тўрида ўтирди.
Суд ҳайъати аъзоси Ботир фирқа раисни қабатидан жой олди.
Айбдор саҳна билан зал оралиғида ўтирди.
Зал деярли тўлди.
Ана шунда раис жараённи бошлади. Расмий бўлимдан кейин мақсадга ўтди. Айбдорга сўз берди.
Ўртада ўтирмиш айбдор жойидан қўзғолди. Бир саҳнага қаради, бир залга қаради. Вазмин-вазмин сўзлади. Сипо-сипо сўзлади:
—    Мен, журналист Мадиев... редактсия топшириғи билан командировкага бориб эдим, қайтишимда об-ҳаво ёмонлашиб, самолёт учолмай қолди. Аеропортда уёққа югурдим, буёққа югурдим. Нима қилишимни билмадим. Редактсияга телефон қилдим. Ўша куни ҳамма пахтага кетган экан, ҳеч ким телефонни олмади. Пахта вақтида бундай юриш ёмон оқибатларга олиб келишини ўйладим. Бир ўртоғимга телефон қилдим. «Шаҳар ҳувиллаб ётибди, ҳамма пахтага кетган», деди ўртоғим.
«Бирор-бир раҳбарга узримни айтиб қўймоқчиман», дедим мен. «Шаҳар бўйича фақат обком секретари Ражабовни деразаси ёруғ бўлиб турибди. Бошқа раҳбарлар далада юрибди», деди ўртоғим. Мен ўйлаб-ўйлаб, аеропортдан област партия комитетини биринчи секретари Ражабовни қабулхонасига телефон қилмоқчи бўлдим. Лекин тортиндим. Обком секретарини телефонда безовта қилиш одобдан эмас, деб ўйладим. Кейин, ўртоқ Ражабов номига срочний телефонограмма бердим.
Нега айнан ўртоқ Ражабовга телеграмма бердингиз? Ахир, ўртоқ Ражабов сизнинг редакторингиз эмас-ку? — деди раис.
Бош редакторимиз пахтада экан-да. Қолаверса, газетамиз обкомни органи. Ўртоқ Ражабов бизнинг энг катта бошлиғимиз ҳисобланади. Шу сабабли, катта бошлиғимизга телеграмма бердим. Бошлиққа телеграмма бериш айб эмас-ку? Қайси айбим учун мени жамоатчилик судига қўяяпсизлар?
Қайси айбингиз учун? Ҳали, айбингизни билмайсизми?
Раис бир телеграммани боши узра кўтарди. Телеграммани тантанали суратда чапга кўрсатди, ўнгга кўрсатди. Кейин, телеграммани ўқиб берди:
—    «Я, корреспондент Мадиев... задерживаюс!» Зал бирдан жонланди.
Бир партия активи бош чайқади. Бир партактив лабларини чўччайтирди. Тағин бир партактив ҳуштакнамо овоз чиқарди. — Қандай наглост!
Валакисаланг, валакисаланг!
Этика йўқ, этика!
Сиёсий кўрлик бу, сиёсий кўрлик!
Бундайларга партия сафида ўрин йўқ!
Мадиев чучуксўз-чучуксўз бўлди. Мадиев тавалло-тавалло этди.
—    Хўп, устозлар, хўп. Тавба, устозлар, тавба, — деди. — Ўзи, нима гап? Мен тушунмаяпман, ўзи, нима гап?
Суд раиси ручкасини Мадиевга ниш этди.
—    Судланувчи, қора курсингизга ўтиринг! — деди. Айбдорни шахсий иши муҳокама бўлди.
Биринчи бўлиб област партия комитетини идеология секретари сўз олди:
—    Ҳурматли жамоатчилик суди, муҳтарам раис, партия активлари! Марксизм-ленинизм сотсиал-сиёсий тарақкиёт соҳасида шаҳар билан қишлоқ ўртасидаги, жисмоний меҳнат билан ақлий меҳнат ўртасидаги муҳим тафовутларни бартараф этиш, сотсиалистик миллатларнинг бир-бирига янада кўпроқ яқинлашуви, маориф системасини такомиллаштириш ва маданиятни ўстириш, давлатни мустаҳкамлаш, сотсиалистик демократияни такомиллаштириш соҳасидаги проблемалар — актуал проблемалар бўлмоқтса. Буржуа ва ревизионистик идеологияга қарши муросасиз кураш масалалари, меҳнаткашларни коммунистик руҳда тарбиялаш, уларнинг марксча-ленинча дунёқарашини шакллантириш масалалари биринчи даражали муҳим проблема бўлмоқда... Ана шундай бир шароитда, коммунист Мадиевнинг хатти-ҳаракати — буржуача хатти-ҳаракат бўлиб қолмоқда. Коммунист Мадиевнинг хатти-ҳаракати — партия-совет раҳбариятига, шахсан ўртоқ Ражабовга нисбатан ҳурматсизлик бўлиб қолмоқда!
Мадиев сапчиб турди. Мадиев тутақди. Мадиев жиғибийрон бўлди.
—    Қанақа буржуазия?! Қанақа ҳурматсизлик?! Айтсаларингиз-чи, ўзи, нима гап?! — дея бобиллаб-бобиллаб берди.
Мадиев Ботир фирқага кўз тикди. Илтижо билан кўз тикди. Паноҳ сўраб кўз тиқтси. Ботир фирқа... залга тикилди. Ботир фирқа... пинак бузмади. Ботир фирқа... киприк қоқмади!   -Залдан орден-медаллик бир кекса киши қўл кўтарди. Сўз беришларини пойламади — қўл кўтариб чиқиб келди. Мадиевни елкасидан босиб ўтирғизди. Жеркиб-жеркиб ўтирғизди.
—    Пича тийилсанг-чи, қанақа боласан, ўзи? Онанг-ни ичида қанақа ётгансан, ўзи? — дея жеркиди. — Мана, қулоқ сол: партия-совет раҳбарларига, особенно, биринчи шахсга бунақа телеграмма жўнатиш мумкин эмас. Биринчи шахсга: «Я задерживаюс», дейиш ўта ҳақорат бўлади, ўта сурбетлик бўлади. «Началство не опаздивает, а задерживается», деган гап бор-ку? Ҳамма гап шундан келиб чиқмоқтса! Сен ўзи кимсан-ки, «задерживат» қиласан? Сен билан биз фақат «опазднват» қиламиз, фақат айб қиламиз. Партия-совет раҳбарияти, особенно, биринчи шахс кечикмайди, айб ҳам қилмайди! Сен: «Я задерживаюс», деган телеграмманг билан ўзингаи... биринчи шахс қилиб қўйгансан. Биринчи шахс ўртоқ Ражабовни эса... пешка қилиб қўйгансан, пешка! Энди тушундингми?
Област комсомол комитетини биринчи секретари гапирди. Област газетасини бош редактори гапирди.
Айбдорни жазолаш учун таклифлар муҳокамаси бўлди. Гап... ўзгача тўн кийди:
Строгий виговор берилсин!
Ишдан ҳайдалсин!
Мадиев чидаб ўтиролмади. Важоҳат билан турди. Те-варакка олазарак қаради. Хунибийрон қаради. Пиш-пиш энтиқди. Пиш-пиш нафас олди.
—    Шу иккита сўз учун ишдан ҳайдайсизларми? — дея пишиллади, — Шу иккитагина сўз учун-а?
Мадиев чучук сўз тилаб... Ботир фирқага мўлтиради. Муте-муте мўлтиради.

Ботир фирқадан... садо бўлмади.
Енди, Мадиев суд аҳлига қаради. Бежо-бежо қаради. Ғазабнок-ғазабнок қаради... Энди, чапарасталабча-парасталаб сўқди:
—    Унда, сен чиновникларни.. ! Чиновниклар тўнка! Чиновниклар баран! Чиновниклар чўчқа! Т-фу, чиновниклар, т-фу!
Мадиев бот-бот тупурди. Ичидан балғам тортиб-тортиб тупурди. Қақириб-қақириб тупурди. Ичида тупуги тугагунича тупурди. Мадиев шаҳд билан ташқари отилди.
Кетидан партактивлар чикиб келди. Бири қўйиб, бири хитоб этди:
Ушланг бандитни, ушланг!
Хулиган кетди, хулиган!
Милитсия чақиринг, милитсия!
Мадиев милитсияни эшитиб, тўхтади. Партактивларга шиддатли қайрилди. Қулочларини ёйди. Партактивларни ўзига чорлади. Қаҳр ҳам алам билан бобиллади:
—    Кел, кел! Кел, буржуазия вакилини ушла! Кел,
совет ҳукумати душманини ушла! Кел, чет эл разведкачисини ушла, кел! Партактивлар жойида қолди. Бир одим олдин босолмади. Аксинча, кетига тис-тис бўлди. Мадиев бир партактивни ушлаб, иккинчи партактивга олиб бориб урди. Унисини бунисига урди. Тўс-тўполон бўлди. Тасир-тусур бўлди. Қий-чув бўлди. Шу вақт зинапояда милитсия кўринди.
Мадиев милитсиячилар чангалида талпинди. Мадиев милитсиячилар чангалида бақирди:
—    Қўйиб юборинглар, мен разведкачиман! Мен чет элга кетаман! Милитсиячилар Мадиевни қўлларини асир мисол кетига қайирди. Асир мисол ташқари олиб чиқди. Асир мисол — олдиларига солиб кетди.

29
Ботир фирқа Мадиевни кетидан қараб қолди.
«Туз-қалампир бола экан, туз-қалампир. Энди, орган штраф олади ё ўн беш суткага ётқизади, — дея ўйлади. — Ҳартугул, орган жиноий иш қўзғамаса бўлди. Болапақир, шоирлигига боради. Ўзига жавр этади».


30
Жамоат суди раиси Ражабовни ҳузурига йўл олди. Ражабовга суд жараёнини оқизмай-томизмай айтиб берди.
Ну-ну! — деди Ражабов. — Ахир, биз у болани бир... тарбиялаб қўймоқчи эдик-ку? Шунақа қилдими-а?
Шунақа қили. Сотсиалистик жамиятга антипатияси борлигини ошкора намойиш этди. Партактивларга тупурди. Туф-туф, деди.
Ну-ну! Мен бу болада руҳий касаллик аломатларини қўряпман, руҳий касаллик!
Узини буржуйман, деди.
Буржуй?
Разведкачиман, деб кўкрагига урди.
Разведкачи? Қанақа разведкачи?
Разведкачи бўлгач, капиталистик бўлади-да! Сотсиалистик бўладими?
Демак, жинни!

Капитализм жамиятига симпатияси бор экан. Чет элга қочиб кетмоқчи бўлди. Ражабов сапчиб турди. Галстугини тортқилади. Бўйнини бўшатди. Қўлларини шими чўнтагига солди,
«Чет элга» қочиб кетмоқчи бўлди? — дея, олакўз бўлди. — Прямо, суд залидан... чет элга қочмоқчи бўлдими? Коммунист Ибодов, ўйлаб гапиряпсизми?
Чет элга... кетаман, деди.
«Кетаман» дейиш бошқа, ўртоқ Ибодов, қочиб кетмоқчи бўлиш бошқа!
Ишқилиб, коммунистик партияга ошкора тупурди. Буржуазия дунёсига симпатиясини тантанавор намойиш этди.
Ну-ну, ҳақиқий жинни!
Бутун партактив олдида, афкор омма олдида шундай қилди.
Жинни, жинни! Жиннини жойи — жиннихона!

31
Райкомни машинаси баҳайбат дарвоза олдида бел бўлди. Машинадан Ботир фирқа тушиб келди. Дарвозани томоша этди.
Дарвоза қоп-қора бўёқлик бўлди. Дарвоза автомат билан бошқарилди. Очилса — чап тарафига кириб йўқолди. Ёпилса — тағин қайтиб келди. Дарвоза овозидан — дарвоза чўяндан бўлди.
Дарвоза ўнг ёнбошида қабулхона бўлди. Дарвоза билан қабулхона орасида ўтиш йўлаги бўлди. Иўлак билакдай трубалар билан ўроғлик бўлди.
Иўлак бошида иккита оқ халатли йигит ўтирди. Оқ халатли йигитлар авзойидан... ё ҳарбий, ё мелиса бўлди.
Қабулхона деворида: «...психоневрологическая болнитса» битикли вивеска бўлди.
Оқ халатли йигитлар Ботир фирқани ҳужжатини текшириб кўрди, юз-кўзларини қараб кўрди.
Бирови Ботир фирқани ичкари эргаштириб жўнади. Бош врач қабулига олиб борди.
Бош врач оёққа қалқиди. Бошлиқнинг креслосига... Ботир фирқани ўтирғизди. Ўзи пастдан
жой олди. Мактаб ўқувчиси мисол итоаткор тикилиб ўтирди.
Ботир фира райкомона гап очди:
Ўртоқ Мирзаев, вақт зиқ, мақсадга ўтамиз. Бир журналистимиз шу ёққа тушиб қолибди. Фамилияси Мадиев.
Бор, Мадиев бор. Клара, бемор Мадиевнинг касаллик варақасини олиб келинг! Ҳамшира бемор Мадиевни касаллик дафтарини олиб келди.
Мана, Мадиев Мирза — 1948 йидда туғилган, — ўқиди бош врач. Диагноз: шизофрения параноиалнбий синдром. Реактивнбий психоз. Депрессивно-параноиднбий синдром.
Ия-ия... — дея ажабланди Ботир фирқа. — Қанақа-қанақа?
Маниакално-депрессивнш психоз. Вяло протекаюшая шизофрения.
Ўртоқ бош врач, мен партия раҳбариман. Бир сўз билан айтсак, мен масалага партиявий ёндашаман. Сиз ҳам масалага партиявий ёндашиб, медитсина терминларини партиявий тушунтириб беринг.
Хўп бўлади, Ботир Эсонович. Шизофрения — бу, мия қобилиятининг бузилиши, фикрлаш тарзининг ишдан чиқиши, пароканда бўлишидир. Шизофренияни биринчи бўлиб Швейтсария врач Эйген Блейлер ўйлаб топган ва жорий этган. Блейлернинг таълимотича, шизофренияга йўлиққан бемор, ҳаёт ҳодисалари олдида ўзини жиловлаб ололмайди, тилини тийиб туролмайди, ёпиб юролмайди. Инсоний қонун-қоидаларга итоат этолмайди, инсоний ахлоқ-одобга риоя этолмайди. Шизофрения — кўнглига нима келади, ана шуни бажаради,
тилига нима келади, ана шуни айтади. Айтгандаям, телбаларча айтади, сурбетларча айтади. Шу сабаб, шизофрения — партия-ҳукумат учун бамисоли бемаҳал қичқирган хўроз бўлади.
Иўқ-е, унчалик эмасдир?
Шунчалик, Ботир Эсонович, мана шу... Мадиевчалик! Хў-ўш, паранойя — бу мунтазам давом этадиган руҳий парокандалиқдир. Бунда, бемор восвос ҳолатда ҳаёт кечиради. Восвослик узлуксиз давом этади. Бу дардга чалинган беморга ким қарши гапирса, ана ўша одамни ўзига душман деб билади. Совет медитсинаси тараққий этиб, шизофрения билан паранойянинг янги-янги турлари очилди. Академик Снежневский «вяло протекаювдая шизофрения» — секин-аста, кўзга чалинмай дардманд этадиган шизофренияни кашф этди. Бу ўта хавфли касалликдир. Академик Снежневский кашфиётининг буюклиги шундаки, бу диагнозни... ман-ман деган одамни пешонасига ёпиштириб... психболнитсага ўтқизса бўлади. Бу диагноз совет медитсинаси учун... ўта қулай диагноздир. Чунки инсонпарвар совет даврида... ғайритабиий фикрловчилар бўлиши мумкин эмас, ҳардамхаёллар бўлиши мумкин эмас. Партиявий тил билан айтганда, орамизда «инакомнсляюшие диссидент»ларга ўрин йўқ!
Шундай, шундай.
Ўзига бино қўйиш, ўта тажанглик, ўта таъсирчанлик, ҳар нарсани кўнглига олиш... руҳий касаллик симптомлари! Шизофрения! Паранойя! Мана, бемор Мадиев... ўз ватанини рад этиш дарди, ўз ватанидан кечмоқчи бўлиш дарди, ўз ватанини тарк этмоқчи бўлиш дарди! Бемор қонунга хилоф равишда ўз она ватанидан чет элга чиқиб кетмоқчи бўлган.
Чет элга кетмоқчи бўлган?
Ҳа, чет элга қочиб кетмоқчи бўлган.
Ия-ия...
Ўзини чет эл разведкачисиман, деган.
Ия-ия...
Хуллас, чет элга қочиб кетмоқчи бўлиб юрганда... фош бўлиб қолган!
Ия-ия... Туппа-тузук бола эди-я! Ўсадиган коммунист эди-я! Ҳай, аттанг, сизларга тушиб қолибди.
Гап бизда эмас. Мадиев кундалик турмушда ўзи шундай бўлган.
Сиз Мадиевни қаердан биласиз?
Қаердан билардим, ишончли манбалардан биламан. Мана, област партия комитетининг биринчи секретари ўртоқ Ражабовнинг рапорти. Жамоатчилик суди, халқ милитсиясининг ҳужжатлари. Инкор этиб бўлмас ҳужжатлар! Биз ана шу ҳужжатлар асосида... диагноз қўйдик! Коммунистик партия сўзи — диагноз! Коммунистик партия диагнози — совет медитсинаси диагнози!
Ботир фирқа жойидан қўзғолди. Кабинетни ичкаридан қулфлаб келди. Бош врач рўпарасидан жой олди. Врач билан бетма-бет бўлиб ўтирди. Самимий гап очди:
Ука, шахсан мен ўзим сизни коммунистик партия сафига қабул қилдим. Шу даражага кўтарилишингиз учун хиёл бўлса-да, улушим бор, деб ўилайман.
Албатта, Ботир Эсонович, албатта. Мени партияга ўтқазмаганингизда, бош врачлик креслоси қаерда эди?
Раҳмат, ука, раҳмат. Ҳали, яна қўллаб-қувватлайман. Энди, мана шу касалхона раёнимиз территориясида эканиданми ё сизни қўллаб-қувватлашимни билганиданми, ўртоқ Ражабов мени жўнатди. Шахсан ўзлари жўнатди!
Бажонидил, коммунистик партия нима деса шу, бажонидил.
Яшанг, партия чизиғидан чиқмасангиз, кам бўлмайсиз. Гап орамизда қолсин: мана шу Мадиевни чиқариб юборинг. Фақат биров билмасин.
Бош врач бирдан ўзгарди. Елкалари тик бўлди. Кўкси керилди. Юзи бешафқат тус олди. Кўзлари синов ҳам гумон билан тикилди.
Илож йўқ, Ботир Эсонович, илож йўқ. Касалхонамизнинг ўз ички қонун-қоидалари бор. Ана шу ички қонун-қоидаларни бузган врач... боши билан жавоб беради.
Партия талаб қиляпти, ука, партия!
Тўғри, партиянинг талаби биз учун қонун! Лекин медитсинанинг ўз ички қонун-қоидалари бор. Биз Гиппократ олдида қасам ичганмиз. Гиппократ! Қасамни бузган врач
—    врач эмас.
Шахсан ўртоқ Ражабов илтимос қилмоқдалар! Мана, ўша Ражабовнинг рапорти. Мана, шахсий имзоси. Шахсан ўзи қўл қўйган! Ўртоқ бош врач, Лев Тротскийни машҳур бир гапи бор. Ўртоқ Тротский бундай дейди: партия мисоли икки қаватли бинода яшайди. Иккинчи қаватда партия қарор қилади. Биринчи қаватда партия мазқур қарорни ижро этади. Ўртоқ Тротский айтганидек, иккинчи қаватда обкомпартия қарор қилди, биринчи қаватда райкомпартия — биз ана шу қарорни бажармоқчимиз, холос.
Шундай экан, ўшанда ўртоқ Ражабов рапорт ёзмасин эди? Кейин, сўзидан қайтмасин эди?
Ражабов сўзидан қайтмас эди. Шу, овозинг ўчгур... радио ёмон-да.
Бу ишга радионинг нима алоқаси бор?
Ия, ҳали хабарингиз йўқми?
Ботир фирқа юзларини эгди. Шаҳодат бармоғи билан врачни имлади. Врачни қулоғига оҳиста шивирлади:
Яқинда, овозинг ўчгур «Голос Америки» шу ҳақда... ҳурибди. СССР, КПСС, жиннихона, шоир, деб ҳурибди.
Гапирса-гапираверсин!
Енди, бутун дунёга шарманда бўлмайлик дейман-да. Москва нима дейди? Юқоридагилар нима дейди? Партиявий жазо оламиз, партиявий! Шу боис, ўртоқ Ражабов масалани босди-босди этмоқчи.
Иложи йўқ, Ботир Эсонович. Бемор келтирилганда, уч-тўрт кун медитсина текширишидан ўтказилади. Диагноз белгиланади. Ана ўшанда бир иложини қилса бўлар эди. Энди, бемор белгиланган муддат мобайнида ётиб даволанмаса... озодликка чиқарилмайди.
Бизни Мадиев қанча ётади?
Бемор Мадиевми, хў-ўш... бир йил ётади!
Бир йил?
Шунақа, бир йил ётади. Лекин сизнинг ҳурматингиз учун даволаниш муддатини олти ойга камайтириб беришим мумкин. Буёғи, масала сйёсий тус олибди экан, шунинг учун.
Сиёсий тус олмас эди-ю, боласи қурғурни... шеър ёзадиган қилиғи бор-да.
Шеър? Шоир денг?
Шундай, шундай. Болапақир, шу ҳолига... шеър ёзишни одат қилиб олган! Одатланган... қилиғини қаранг? Ёмонни бир қилиғи ортиқ деганлари шу-да. Емонни ана шу... шеър ёзиш қилиғини «Голос Америки»... дўмбира қилиб чалибди! КПСС адабиётни бузяпти. КПСС талантларни жиннихонага ўтқизяпти... деб акиллабди.
«Голос Америки» гапираверади. Гап шу, Ботир Эсонович, даволаш муддатини бир йилдан олти ойга камайтириш қўлимдан келади, холос.
Хўп бўлмаса, ўртоқ Мирзаев.

32
Ботир фирқа бош врач билан узун даҳлиз бўйлаб юрди. Теваракка қараб-қараб юрди. Даҳлизни икки тарафида қатор палаталар бўлди. Палаталар панжара-деворлик бўлди. Панжара-деворлар йўғон бармоқдай темирдан бўлди. Панжара-деворлар ораси бармоқ сиғар даражада зич-зич бўлди.
Ичкарида... беморлар сулайиб-сулайиб ўтди. Давра бўлиб ўйнади. Ўзларича рақсга тушди. Бир-бирини қучоқлаб тантсага тушди. Бир-бирига навбат бермай ашула айтди. Беморлар панжара-девордан... тилини чиқарди, тилини осилтирди, тилини ўйнатди. Беўхшов-беўхшов тиржайди...
Мен бу даргоҳга биринчи келишим, ўртоқ бош врач. Бундай, уёқ-буёқни таништиринг-да?
Таништирмайман, Ботир Эсонович, таништи-ролмайман.
Мен райкомни биринчи секретариман, партия посбониман. Мендан нимани бекитасиз? Кисқача справка беринг, билиб қўяй. Партиявий-ташкилий ишларда керак бўлиб қолади.
Фақат, гап шу ерда қолади.
Партбилетим билан жавоб бераман!
У ҳолда, умумий справка бераман. Мана бу корпусимиз беш қаватдан иборат. Ҳар қаватида ўн иккитадан палатамиз бор. Беморларимиз йигирма хилга бўлинади. Яъни йигирма хил руҳий касални даволаймиз. Йигирма хил руҳий нотавонга шифо берамиз. Масалан, мана бу палаталарда диний-руҳий беморлар даволанади. Диний-руҳий касал деганимиз шуки, жамиятимиз коммунизм қураётган бир даврда... булар шариат ишлари билан шуғулланганлар. Намоз ўқиганлар. Тоат-ибодат қилганлар. Ўзлари камдай, соф виждонли совет кишилари орасида диний тарғибот ишлари олиб борганлар. Шу сабаб, булар — диний-руҳий беморлардир. Мана булар эса — ҳуқуқни ҳимоя қилувчи беморлар ҳисобланади. Аниқроғи, тарихчи-руҳий касаллардир. Бу тарихчи-руҳий касаллар тарих дарсликларига қарши чиққанлар. Халққа тарихни қинғир-қийшиқ қилиб тарғиб қилганлар. Бу қинғирликлари билан «озод ва ҳур» совет халқи онгини заҳарлаганлар. Масалан, анави тиржайиб турган бемор... акам ўзларича Россия Ўзбекистонни қўшиб олмаган аксинча, босиб олган, деб тарғибот қиладилар. Биз бу донони даволаяпмиз. Манавилар — бойвачча беморлар. Буларда уй-жой, машина, мол-дунё мўл. Булар ана шу мол-дунёсини бировга мерос қолдиришни истамайди. Меросхўрлари эса кўп. Оқибат, меросхўрлар ўзаро жанжал қилади. Бойвачча эса, хаста бўлиб қолади. Кейин, бир меросхўри, мана бўлмаса деб, бойвачча беморни... бизга олиб келиб топширади. Мана бу беморлар эса — ҳарбий қонун-қоида қурбонлари. Булар ўз вақтида ҳарбий хизмат қилишдан бош тортган. Армияда хизмат қилишни истамаган. Ҳарбий хизмат вақтида армиядан қочиб кетган. Совет армияси шаънига ҳақоратомуз сўзлар айтган. Совет армияси қамоқхона, деган. Хуллас, совет армиясининг душманлари. Манавилар — ихтирочи-кашфиётчилар. Бу беморлар ўз касблари бўйича улкан кашфиётлар қилган, ихтиролар яратган. Кашфиётларини ўз ақллари билан яратган. Ихтироларини ўз қўллари билан яратган. Манави бемор ўзининг кашфиёт — ихтироси совет фанига қабул қилинаётган вақтда... тентаклигини намойиш қилиб қўйган. Биласиз, совет жамияти коллективизм асосига қурилган. Коллектив бўлиб меҳнат қилиш, коллектив бўлиб яратиш, коллектив бўлиб яшаш... Шу жумладан, совет фани ҳам коллектив меҳнат самарасидир. Шу сабаб, илмий текшириш институти директори, директор ўринбосари, лаборатория мудири... жами беш киши мана шу бемор... билан соавторлик қилмоқчи бўлади. Бу тентак эса... соавторликни рад этади! Елғиз ўзи кашфиёт қилиб, фан яратмоқчи бўлади. Бундан кейин, буни ким деб аташ керак? Жинни-да, жинни. Ана, ўтирибди.
Ботир фирқа эшитиб борди. Теваракка қараб борди. Бош ирғаб-ирғаб борди. «Бу касалхона эмас, қамоқхона. Шундай, қамоқхона», дея бош ирғади.
Бош врач, райком гапимни қўллаяпти, дея ўйлади. Гапида давом этди:
Мана булар - партия-ҳукумат раҳбарлари ҳаётига суиқасд қилмоқчи бўлганлар. Партия-совет арбобларини ҳақорат қилганлар. Коммунистик партия билетини йиртганлар. Табибликни даъво килганлар. Учар тарелкалар билан Қор одамни тарғиб қилганлар. Совет органлари ишига қарши чиққан нонкўр юристлар... Мана булар эса - ҳақиқатсеварлар.
Ким-ким?
Ҳақиқатсеварлар, адолатпарварлар. Сиз шоир-шоир дейсиз. Мана шу палатада... генерал ётибди, генерал!
Генерал?
Ҳа, совет генерали. Генерал Григоренко, Григоренко!
Ботир фирқа матбуот хабарларини эслади: генерал Григоренко Москвада — партия конферентсиясида сўзга чиқиб, КПСС фаолиятини кескин танқид қилади. Шундан кейин КПСС генерал Григоренкони партиядан ўчиради. Узоқ Шарққа сургун қилади. Шу вақтда Новочеркасскда ишчилар ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, намойиш ўтказади. КПССни буйруғи билан ҳарбийлар... намойишчиларни отади. Ушбу фожиани партия-ҳукумат бекитади. Генерал Григоренко эса, ана шу фожиа тафсилотини... варақа қилиб тарқатади! Генерал Григоренкони бу иши КПССни ғазаблантиради. Бир йиғилишда КПСС Марказий Комитети секретари ўртоқ Суслов: «Григоренко жинни», деб юборади. Ўртоқ Сусловни ана шу гапи... совет медитсинаси учун диагноз бўлади! Генерал Григоренкони Москвадаги Сербский номли институт эксперт-психиатрларига жўнатади. Профессорлар: «Генерал Григоренко паранойя кўринишли руҳий касал», деб диагноз қўяди. Даволаш учун Ленинградга юборганди. Яқинда эса, Тошкентга жўнатди.
Шундай зот... шу ерда ётибдими-а? — деди Бо-тир фирқа.
Ҳа, ичкарида ётибди. Энди, Тошкент Кремлдан йироқроқда. Бу деган сўз, генерал Григоренко совет халқи назаридан олисда, чет эл матбуотидан олисда, жаҳон оммаси эътиборидан олисда, деган сўз.
Аммо-лекин ана шу генерал ҳалол коммунист, дейишади. Беёзиқдан-беёзиқ ётибди, дейишади.
Бўлса бордир. Лекин КПСС диагноз қўйган! Ўртоқ Суслов: «Григоренко жинни», деб айтган! Ана, бизда кимлар даволаняпти! Сиз бўлса, шоир-шоир, дейсиз. Шоирингиз ким
бўпти?
Даволаш керак, жамиятимизга соғлом коммунистлар зарур, даволаш керак.
Даволаяпмиз, совет медитсинасининг сўнгги ютуқлари асосида даволаяпмиз. Ботир фирқа касалхонага қарай-қарай юрди. Касалхонага қарай-қарай машинага ўтирди. «Қабристон, қабристон! — деди Ботир фирқа. — Бу касалхона эмас, тирик инсонлар қабристони. Асл қабристонга ўлик инсонларни кўмади, бу қабристонга... тирик инсонларни кўмади».

33
Брежневдан кейин СССР остин-устин бўлди.
Шароф Рашидовдан кейин... Ўзбекистон алғов-далғов бўлди.
Эл-юртда: қайта қуриш, демократия, шариат сўзлари оралаб қолди.
Замон қалтис келди. Дўппи тор келди.
Ботир фирқа ўз аризаси билан... пенсияга жўнади.

34
Тонг саҳар — сут оқармаган вақт.
Тонг саҳар — оқ ип билан қора ипни ажратиб бўлмас вақт.
Ботир фирқа зироат сувлади.
Шланг билан настарларига сачратиб сув сепди. Атиргулларига сачратиб сув сепди. Сувни ток жўяси бошидан оқизиб қўйди. Ўзи зироат айланди.
Саҳар салқин бўлди. Сувли зироат саҳардан-да салқин бўлди.
Шу вақт кўчадан иккита оппоқ соя ўтди. Соялар зироат қабатлаб-қабатлаб ўтди. Гангир-гунгир гаплашиб ўтди:
Манави боғда кимдир юрибди.
Қим бўлади, эгаси-да.
Ўзи, кимни боғи бу?
Есонов деган бор-ку, ўшаники.
Ҳа, Қизил денг, Қизил!
Кизилки... айтгили йўқ. Қизил Байроқ!
Шугина Қизилда олам-жаҳон боғ бор-а?
Қизиллар умрида қўлини совуқ сувга урмаган. Авом халқни ишлатиб боғ яратган. Оппоқ соялар ўтиб кетди.
Ботир фирқа уларни кетидан қараб қолди.
«Ажабо, булар нега бундай оппоқ, либосда юрибди? — дея ўйлади. —Арвоҳ-а, арвоҳ. Узи, булар бемаҳалда қаердан келяпти?» Ичкари кирди. Кўрганларини кампирига айтиб берди.
Биламан, кўзим тушган, биламан,— деди кампири.
Арвоҳга ўхшайди-я? Оғироёқ аёл дуч келса... бўйидан тушириб қўяди.
Ҳаммаёқ мусулмонобод бўлиб кетди, раис бова, мусулмонобод бўлиб кетди. Мусулмонлар ана шундай кийинади. Сизгаям шунақа уст-бош олиб берайми?
Ўзи, у қанақа кийим бўлди?
Оппоқ иштон-кўйлак. Нима қипти?
Бошидаги... тувакка бало борми?
Тувак?
Ҳа, ёш болани тагига қўядиган тувак. Кампири ҳиринг-ҳиринг кулди. Тиззасига уриб-уриб кулди.
Такя, раис бова, такя! — деди.
Такя? У нима энди?
Мусулмончилик белгиси.
Енди, шуларни киймаса нима қипти?
Такя киймаса мусулмон бўлмайди, раис бова. Олиб бер, десангиз, олиб бераман.
Уларни кийиб нима қиламан?
Мусулмон бўласиз, нима қилардингиз, мусулмон бўласиз.
Т-фу-у-у!
Кампирини дами ичига тушди. Дарҳол гапни бурДИ.
—    Айтдим-қўйдим-да, раис бова, — деди. — Сиз катта одамсиз, партия ветеранисиз. Сизга ярашмайди.
Ботир фирқа кампирини гапидан тинчланди. Ўзича бош ирғади.
Ўзи, бу болачалар тонг саҳарда нима қилиб юрибди? — деди.
Чойхонада азон намози ўқиб келяпти.
Азон намози? Шулар намоз ўқигич бўлдими? Мен буларни биламан. Булар эски
алкашлар, эски бангилар. Анави Мадиев дегичи керосиндан бошқа нарсани ичади. Қилмаган аҳмоқчилиги қолмаган. Келиб-келиб, шулар намоз ўқийдими? Яна-тағин, чойхонада намоз ўқийдими?
Чойхонада намоз ўқиса, эл-юрт кўради, раис бова.
Намоз ўқишни биров кўриши шартми? Намоз ўқиш — эътиқод. Эътиқод — юракда
бўлади.
Э-е, раис бова, бу намозхонларда... эътиқод нима қилади? Замон эски изига қайтгудек бўлса, фирқага аъзо бўлади қайта, азон намози қолиб...
Шу намозини уйида ўқиса бўлмайдими?
Уйида намоз ўқиса, ким кўради? Уйида такя кийса, ким кўради? Ҳеч ким кўрмайди! Кўча-кўйда намоз ўқиса — эл-юрт кўради. Фалончи намозхон экан, дейди. Кўча-кўйда такя кийса, юрт кўради. Фалончи мусулмон экан, дейди.
Шу болачалар нега шуларни олдин қилмади? Олдин ҳам такя учун сурп бор эди. Жойнамоз учун сурп бор эди.
Бу замонни болаларини қилиғи кўп, раис бова, қилиғи кўп.
Шартми энди, мусулмон бўлиш учун бошига оппоқ тувак...
Такя!
Оппоқ такя кийиб олиш? Оппоқ иштон-кўйлак кийиб олиш? Аммо-лекин латта-путтага суянган, соқол-мўйловга ишонган мусулмончиликни охири вой бўлади. Тоат-ибодатга берилган мусулмончиликни оқибати ёмон бўлади. Мусулмончилик... дилда бўлади, кампир. Мусулмончилик одамни дилида бўлади.
Имонингиз пок бўлса бўпти-да, раис бова.
Шундай, шундай. Ҳамма гап — имонда! Инсонни инсон этувчи — имон. Дунёни дунё этувчи — имон. Бир сўз билан айтсак, имон билан яшаш керак! Замон бўлса — тескари кетяпти. Мана, ҳамма худога сиғиниб бошлади. Буни оқибати яхши бўлмайди. Худога сиғиниш бора-бора нималарга олиб келади, биласанми? Худога сиғиниш... шахсга сиғинишга олиб боради! Ишончим комил, худога сиғиниш... шахсга сиғинишга олиб боради.
Шулар худони биладими? Иши йўқ намоз ўқийди, нони йўқ рўза тутади, дейдилар. Ана, булар кимлар.
Чин, ҳар бир мусулмон фарзанди учун Қуръон табаррук китоб. Айтишларича, Қуръон еттинчи асрда нозил бўлган. Аммо-лекин ҳозир йигирманчи аср якунланяпти, йигирманчи аср! Еттинчи аср гапи тугул, мана шу йигирманчи аср бошидаги гаплар бугунги кунга тўғри келмай қолди. Йигирманчи аср шундай бир нуқтага келди... Ўтган йилги гап бу йилга тўғри келмай қолди. Кечаги гап бугунга тўғри келмай қолди! Масалан, Қуръон ҳам Ҳадисларда... отангни ўлдирганга... онангни бер, дейди. Душманинг чап юзингга урса, сен... ўнг юзингни тутиб бер, дейди. Ушбу панд-насиҳатларни қандай тушунса бўлади? Ким қандай тушунади — ўзи билади. Аммо-лекин ушбу панд-насиҳатларни мен мана бундай тушунаман: эй халқ, қўймижоз бўл! Эй халқ, пода бўл! Бизни баран-баран дейдилар. Афсуски, шу гапда жон бор. Асрлар мобайнида миямизга сингдириб келинмиш мазкур панд-насиҳатлар... баранлигамизни тамал тоши эмасмикин? Йиллар мобайнида қулоғимизга қуйиб келинмиш ушбу панд-насиҳатлар бизни... қўймижоз қилиб қўймадимикин? Эртадан-кечгача қулогимиз остида жаранглаб турмиш панд-насиҳатларидан... қўймижоз бўлиб қолмадикмикин? Худога шукур, биз ҳам мусулмон фарзандимиз. Худони ўзи кечирсин. Аммо-лекин шу ҳақда бир ўйлаб кўришимиз керак...

35
У, телевизорга... ўта илтифотли эди! Телевизорни бурагичдан ўчирар эди. Стабилизатордан ўчирар эди. Устидан бахмал ёпиб қўяр эди.
—    Бамисоли келин, келин! — дер эди.
Бугун... шаҳд билан турди. Шаҳд билан борди. Розеткани чангаллаб ушлади. Силкилаб
тортди. Розеткани қулочкашлаб отди.
Розетка бир бурчакка тарсиллаб тушди.
Телевизор бир айланиб... ана шу бурчакка юз буриб қолди!
Кампири эшиқдан юз кўрсатди.
Ҳа, раис бова? — деди.
Чой! — дея бақирди. Кампири чой дамлаб келди.
Тинчликми, раис бова? — деди. Ботир фирқа ёнбошлади. Оёқларини узатди.
Ўлмаган жон кўрар экан! — деди.
Ҳа, яна нима гап?
Гап кўп! Москвалик қайта қурувчилар ўртоқ Ленинни мавзолейдан олиб чиқиб ташлаш ташаббуси билан чиқибди. Шуни телевизорда кўрсатди.
Е тавба, Ленинни-я? Лениндай бир зотни-я? Қаёққа олиб чиқиб ташлар эмиш?
Ким билади, қаёққа олиб чиқиб ташлайди. Бирови, Ленин коммунистлар қабристонига кўмилсин, деди. Бирови, Новодевиче қабристонига қўйилсин, деди.
Сизнингча, қаерга қўйгани маъқул?
Масалага партиявий ёндашадиган бўлсак, ўртоқ Ленинни Волковский қабристонига қўйиш керак. Ленинградда ана шундай қабристон бор. Ўртоқ Ленинни онаси билан синглисиям ана шу қабристонда ётибди. Ҳаётлигида ўртоқ Ленинни ўзиям ана шундай васият қилиб эди.
Ботир фирқа токчадан Ленин ҳақидаги китобни олиб келди. Бир бошдан варақлади. Ленинни расмларини томоша этди. Ленин мавзолейи расмини кампирига кўрсатди.
Ана, КПСС ўйлаб топган қаср, — деди. — Ана, КПСС қурган қаср. Қаср бўлгандаям, санъат қасри. Партия санъати қасри! Сеҳрли қаср, сирли қаср. Ана шу қасрда буюк Ленин ётибди. Бир ўзи адёлга ўралиб ётибди. Мавзолей — КПССни илоҳий қудрати. Шу илоҳий қудрат бор экан — КПСС руҳи ҳукм суради. КПСС мангу яшайди! КПСС юлдузи мангу порлайди!
Порлайди, порлайди.
Ўртоқ Ленин ҳаётбахш зот эди, умидбахш зот эди. Масалан, ҳамма иш ўнглаб бўлмас даражада пачава бўлар эди. Оқибат, ҳамма ўзини йўқотиб қўяр эди. Аммо-лекин ўртоқ Ленин ўзини йўқотмас эди. У киши, энг аввало, душманларини хатосини пойлар эди. Гўё, тақдирга тан берган киши бўлиб турар эди. Душманлари хатоликка йўл қўйдими
—    ўртоқ Ленин бирдан оёққа турар эди. Душманлари хатосидан ўз вақтида, унумли фойдаланар эди. Ўртоқ Ленин душманларини хатолари туфайли зафар қозонар эди. Ўртоқ Ленин омадли зот эди. Омад деганлари ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Энг охиригача чидай олгич зотларгагина омад насиб этади. Боши берк ишларда ҳам энг сўнгги дақиқагача кураша олгич зотларгагина омад насиб этади. Ўртоқ Ленин ана шундай зот эди! Шу боис, ўртоқ Ленинга ҳамиша омад ёр эди.
Ленин ўз оти ўзи билан Ленин-да.
Мана энди, коммунистлар битта-биттадан таслим бўлмоқда. Биров қўшқўллаб ишини топширмоқда. Биров қўшқўллаб партия билетини топширмоқда. Садқаи коммунист деган ном кетгурлар. Садқаи инсон деган ном кетгурлар. Йўқ, мен охиригача бораман. Мен охиригача курашаман!
Ҳали отдайсиз, раис бова, отдай!
Ё бир Мрсквага бориб-келсаммикин? Ўртоқ Ленинни зиёрат этсаммикин? Ўртоқ Ленин, туринг, жойингиздан — юртингиздан капитализм ҳиди анқиб қолди, десаммикин? Капитализм... номини эшитиб, ўртоқ Ленин... гўрида тикка туриб кетса керак? Ўзи ўртоқ Ленинда... гўр борми? Мана ўз оти билан мавзолей, КПСС қасри. Унда, ўртоқ Ленинни... гўри қаерда?
Ботир фирқа китобни варақлаб-варақлаб ўйлади. Чой ҳўплаб-ҳўплаб ўйлади. Охиратни ўйлади. Беш кунлик дунёни ўйлади...
Аммо-лекин инсон дунёга бир келади, инсон дунёдан бир кетади, — деди. — Инсон дунёдан кетар вақти — уч кун. Жон бердими — уч кун ичида кетиши керак бўлади. Уч кун! Айтишларича, марҳум уч кун мобайнида ерга кўмилмаса, марҳум қабрга кирмайди, шундай, қабрга кирмайди. Марҳум жисман қабрга киради, аммо-лекин арвоҳи қабрга кирмай қолади. Марҳумни ўзи ер остида бўлади, арвоҳи эса... ер устида қолади! Шу боисдан-да, уч кунлик ўлик ғоятда азоб чекади, ғоятда кийналади. Уч кунлик ўлик фалак билан ер ўртасида аросатда қолади: тириклар орасига қайтай дейди — қайтиш йўлини билмайди. Ўликлар орасига борай дейди — бориш йўлини билмайди. Уч кунлик ўлик — аросат азобини тортади, сарсонлик азобини тортади.
Оқибат, тирикларни қийнаб бошлайди. Тирикларни қон-қақшатиб бошлайди, тирикларни куйдириб бошлайди.
Ҳа, яша. Ниҳоят, уч кунлик ўлик... тириклардан алам олади, тириклардан хун олади. Мотам ҳовлида бир нима... чирқ-чирқ учади.
Ана ўша... уч кунлик ўлик арвоҳи, раис бова, уч кунлик ўлик арвоҳи. Ана шу арвоҳ тириклардан... ўч олиш учун учади. Тириклардан қасос олиш учун... чирқ-чирқ этади.
Арвоҳ чирқ-чирқ этиб... тириклар кўнглига ғулғула солади, тириклар қалбига таҳлика солади. Ана шу арвоҳ чирқ-чирқ этиб... тирикларни адойи тамом қилади! Шу боис — уч кун! Марҳум уч кун меҳмон бўлади.
Ўлмак, ўлмакни иши кўммак, дейдилар.
Ўртоқ Ленин эса, етмиш йил... етмиш йилдан буён... кўмилмайди! Етмиш йилдан буён ўртоқ Ленин арвоҳи чирқ-чирқ этади. Етмиш йиддан буён ўртоқ Ленинни арвоҳи чирқ-чирқ этиб... совет халқларини қийнайди! Етмиш йилдан буён ўртоқ Ленинни арвоҳи чирқ-чирқ этиб... совет халқларидан қасос олади!
Уч кунлик ўлик етмиш йилдан буён аросатда ётади, денг. Арвоҳи... аллақачон хилқатда сайр этиб юрибди, денг.
Ўртоқ Ленинни мияси... Давлат Банкасида сақланади, шундай, Давлат Банкасида. Ичак-чавоқлари... ўша вақтдаёқ олиб ташланган. Ўзини устидан эса... Сиёсий бюро аъзолари қатор бўлиб юради! Байрам оти бор, парад оти бор — Сиёсий бюро аъзолари ўртоқ Ленин устида... саф бўлиб туради, ура-ура дея, қўл силкиб туради. Ўртоқ Ленин устидан... тепкилаб-тепкилаб туради. Мана, етмиш йилдан буён ўртоқ Ленин... Сиёсий бюрога оёқости бўлади!
Бечора Ленин... на тириклар орасида бор, на ўликлар орасида бор!
Мен сенга бир нима айтайми, кампир? Шу... мавзолейга ўртоқ Ленинни кўриш учун кирган одам, у ердан чиқиб... бир бошқа бўлиб қолади! Ҳа, одам мавзолейдан чиқиб... ажабтовур бўлиб қолади!
Ўлик — ўз оти билан ўлик-да.
Мавзолейдан чиққан одамлар бир бошқа бўлиб... уй-уйларига тарқалади. Чирқ-чирқ... товушлар остида тарқалади. Чирқ-чирқ... овозлар оғушида тарқалади. Ғарб мамлакатлари совет давлатини «ёвузлик империяси», деб атайди. «Ёвузлик империяси» деб аталиши — шу... мавзолей боис эмасмикин? Шу мавзолейдан келиб чиқмиш...
ажабтовурликда эмасмикин? Ана шу чирқ-чирқ... товушдан эмасмикин? Чин айтаман, кампир, бечора Ленин на... тириклар орасида бор, на... ўликлар орасида бор.

36
Ботир фирқа қайта қурувчи демократларни... уч тоифага бўлди. Уч авлодга бўлди. Ўз топқирлигидан ўзи қувониб олди. Ўз топқирли-гидан ўзи... сесканиб олди! «Бу авлод ўз ўрнини топмаган авлод. Бу авлод ҳамиятга муҳтож авлод, — деди Ботир фирқа. — Биринчи авлод... етти-ўн саккиз ёшлилар авлоди. Бу ёшдагилар... бозорда олибсотарлик қилади. Кўча-кўйда савдо-сотиқ қилади. Сақич сотади. Ароқ сотади. Бекатларда йўловчи машиналарни ювиб, пул ишлайди. Транспортларда чўнтак қирқади. Кўча-кўйда хотин-қизлар тақинчоғини қулоғидан юлиб қочади, бўйнидан шилиб қочади...
Иккинчи тоифа авлод — ўн саккиз-ўттиз ёшлилар авлоди. Бу авлод... мафия авлод, рекет авлод. Бу авлод холидан битта машина олиб қочиш учун... туққан онасини беради, никоҳидаги хотинини беради. Хонадондан битта видеомагнитофон ўғирлаб чиқиш учун... азиз жонини беради, гулдай умрини беради...
Учинчи тоифа авлод — ўттиз-қирқ беш ёшлилар авлоди. Бу авлод... ҳаётдан кўп нарсаларни хоҳлаб эди. Кўксини тўлдириб орзу-ҳаваслаб эди. Оғзини тўлдириб ўй-ниятлаб эди. Бу авлод... мансабдор бўлмоқчи эди, амалдор бўлмоқчи эди, шон-шуҳрат тахтига ўтирмоқчи эди. Бу авлод... Абдулла Қодирий бўламан, деб эди, Чингиз Айтматов бўламан, деб эди, Абдулла Орипов бўламан, деб эди. Ойни кўзлаб эди, юлдузни кўзлаб эди...
Охир-оқибат, бу авлод... қайта қурувчи демократ бўлди. Аммо-лекин ҳаёт учун куллан
зиён авлод бўлди. Халқ учун хавф-хатар авлод бўлди.
Боиси — бу авлод... омадсиз-омадсиз авлод! Алам-зада-аламзада авлод!
Бу авлод... ҳавода муаллақ осилиб қолди. Ўз касб-кори бўйича уёқлик-да бўлмади,
буёқлик-да бўлмади. Аросатда қолди! Оқибат ғайир авлод бўлиб қолди!»

37
«Хўп, қайта қурувчи демократларчалик ҳам борайлик, — деди Ботир фирқа. — Майли, шуларниям сазаси ўлмасин. Қайта қурувчилар совет тузуми... жойи-да янги жамият қурамиз, дейди. Хўп, қур! Тағин айтаман — қур! Аммо-лекин қани ўша янги жамият?
Жамият мисоли бир иморат бўлади. Эски иморатни бузишдан олдин янги иморатни қуриш керак бўлади. Бўлмаса, бузувчи хароба иморат ичида қолади. Ёмондан-ёмони — бузувчи вайрон иморатда қолишини-да билмайди, ҳали битмаган иморатга кўчиб ўтишини-да билмайди. Аросатда қолади. Аросатдан ёмони йўқ!
Чин, биз дунёда биринчи бўлиб сотсиалистик жамият қуриб эдик. Совет тузуми қуриб эдик. Янги тузум тамал тошини қўймасдан — эскисини бузиб эдик. Қўлимизга қурол олиб эдик. Елкамизга байроқ кўтариб эдик. Бошимиз узра шиор ҳилпиратиб эдик. Аммо-лекин бизда... марксизм-ленинизм утопияси бор эди, марксизм-ленинизм утопияси! Чин, марксизм-ленинизм ўз оти ўзи билан утопия эди. Аммо-лекин утопия бўлса-да... бор эди-да, бор!
Манавиларда эса... утопия-да йўқ! Ақалли, утопиягина-да йўқ! Яна-тағин, ўзларини: оппозитсия, оппозитсия, дейди.
Ўзи, оппозитсия нима? Оппозитсияни учта талаб-тамғаси бор: нима қилса — келажак яхши бўлади? Нима қилса — келажакда юрт обод бўлади? Нима қилса — келажақда халқ
тўқ бўлади?
Ана шу учта талабга жавоб берувчи зот... оппозитсия шон-шавкатига лойиқ бўлади. Ана шу учта талаб учун курашувчи зот... оппозитсия шон-шавкатига муносиб
бўлади...
Ўтмишга қайрилиб бош эгувчи зот, келажакка талпиниб енг шимарувчи зот — чин оппозитсиячидир!
Манавилар эса ўз тарихига тош отишдан бошқа нимани билмайди. Ўз ўтмишига тупуришдан бошқа нарсага кучи етмайди. Ўз аждодлари шаънига лой чаплашдан бошқа иш қўлидан келмайди».

38
Ботир фирқа партиявий ўйлади:
«Етмиш йил Улуғ Октябр револютсияси... дея сиғиниб келдик. Улуғ, улуғ... дея ҳамду санолар айтиб келдик. Энди, Октябр тўнтариши, Октябр суиқасди... дегич гаплар чиқиб қолди. Ҳатто, ўн еттинчи йил октябрида тож-тахт хўжасиз эди. Болшевиклар биттаям ўқ отмай, тахтни эгаллаб олди, дегич гаплар оралаб қолди. Йўқ, мен ишонмайман, йўқ».
Ботир фирқани ичини ит тирнади. Мувозанатини йўқотди. Қўли ишга бормай қолди. Газета-журнал титкилаб бошлади. Шу ҳакда бир тарихий ҳужжат топди.
Чин, 1917 йил 25-октябрида Николай II тахтини топшириб кетади. Керенский лашкар тўплаш учун Псковга жўнаб кетади. Оқ подшо тахти хўжасиз қолади! Смолний ҳарбий-инқилоб қўмитаси аъзоси Пестковский шу куни поляк ҳамшаҳри Дзержинский билан учрашиб қолади. Дзержинский бу фавқулодда учрашувдан фойдаланади. «Ҳозир биз сенга мандат ёзиб берамиз, сен шу мандат билан бориб, почтамптни эгаллайсан», дейди. Пестковский ҳамшаҳрини топшириғини бажаришга киришади. Йўлда яна бир танишини эргаштириб олади. Иккови йўловчи машина ушлайди. Почтамптни эгаллаш учун йўл олади. Энг олдин қоровулхонага кириб боради. Аскарлар билан ўзаро келишиб олади. Шундан кейин телеграф, телефон стантсияларини қўлга олади. Биттаям отишма бўлмайди, биттаям қурбон бўлмайди!
Бу вақтда ўртоқ Ленин Фофановлар уйи ертўласида бекиниб ўтиради. Револютсионерлар ўртоқ Ленинни таклиф этмайди. Чунки ўртоқ Ленин бундан олдин икки марта қўзғолон уюштириб, ҳар икки қўзғолонни-да хароб этиб эди. Шу боис, револютсионерлар ўртоқ Ленинга хабар бермайди. Ҳатто... ўртоқ Ленинга билдирмайдилар. Сабаби, револютсионерлар ўртоқ Ленинни... ўта экстремист, деб билади.
Аммо-лекин ўша Октябр кечаси ўртоқ Ленинни қалби нималарнидир сезади. Ўртоқ Ленинни қалби Октябр револютсияси... Ленинсиз ғалаба қозонажагини тушуниб қолади. Ўртоқ Ленинни қалби Россия тож-тахти... Ленинсиз эгалланажагини билиб қолади. Ўртоқ Ленинсиз-а?
Ўртоқ Ленин кечани қоронғилатиб, кўчага чиқади. Револютсионерлар таклиф этмасалар-да, Смолнийга ўзи кириб боради!
Ўша Октябр кечаси соат бирларда бир тўда револютсионер бош штаб аркидан чиқиб...
император дарвозаси томон юради.
Улар орасида машҳур Жон Рид ҳам бўлади.
Қишки сарой телефончиси ўз журналига: «Тахминан уч юз кишидан иборат делегатсия саройга яқинлашиб келмоқда», дея қайд этиб қўяди.
Ана шу делегатсия қиш учун ғамлаб қўйилган ўтинлар уюми устидан ўтиб... дарвоза олдига келади. Аммо дарвоза берк бўлади. Бир револютсионер шу яқинда жойлашган Преображенский полки казармасига йўл олади. Револютсионер казармадан лом сўрайди. Полк соқчиси эса: «Полк ухлаяпти, сенлар бўлса, револютсия қиламан, дея ивирсиб юрибсан», дея сўкиб беради.
Шундай бўлса-да, револютсионерлар кечаси соат бир яримларда бир амаллаб дарвозани очади. Қишки саройга кириб боради. Сарой ичида бир соатча... дайдиб юради. Нима қилишларини билмайди. Охир-оқибат, Қишки сарой ичида... адашиб қоладилар! Ботир фирқа ушбу ҳужжатни ўқиб, теваракка қаради! Теварак жимжит бўлди, одамзот йўқ
бўлди!
Тағин ҳужжатга қаради: барча сатрлар чин. Барча сўзлар чин. Барча ҳарфлар чин. Ана, манаман, деб турибди. Ана, аскардай саф тортиб турибди. Ўчирғич билан ўчирса ўчмайди. Олмос билан тирнаса, кетмайди.
Бу совуқ сатрларни қандай йўқотсак бўлади? Бу қоп-қора ҳарфлардан қандай қутулса
бўлади?
Ботир фирқа газетани олдин тўрт буклаб йиртди. Кейин, икки буклаб йиртди. Тағин майда-майда этмоқчи бўлди. Аммо қурби етмади. Газетани қулочкашлаб, пақирга отди. Газета устидан... оғзини тўлдириб-тўлдириб тупурди. Томоғини қириб-қириб тупурди. Газета устидан... бурунларини қоқиб-қоқиб ташлади.
Бир пиёла совуқ сув ичди. Ўзини босолмай энтикди. Оғир-оғир энтикди. Пақирга тикилиб қолди.
Назарида, газета пақир ичидан... чиқиб келажакдай бўлди. Одамлар орасида қўлма-қўл... ўқилажақдай бўлди.
Ботир фирқа шаҳд билан қўзғолди. Қаҳр билан гугурт чақди. Ғазаб билан газетани... ёқди!
«Ана, ана энди биров ўқиб бўпти, — деди. — Мендан бошқа биров ўқиб бўпти. Мен эса, туя кўрдингми йўқ».
У ана шунда газета нусхасини эслади. Газета... уч миллион нусхада бўлди. Яна-тағин... Москвани газетаси бўлди.
Шундай бўлса-да, ўз-ўзидан кўнгли тўлди. Ўз-ўзидан миннатдор бўлди. Ич-ичидан ором топди. Ич-ичидан таскин топди.
«Мен ўз партиявий бурчимни бажардим, — деди. — Битта ғаламисликни йўқ қилдим. Битта фисқ-фасодни тор-мор этдим. Ҳали яна... ўн саккиз миллион коммунист бор. Уч миллионта газета ўн саккиз миллион коммунист олдида нима деган гап? Ишонаманки, менинг ўн саккиз миллион коммунист сафдошларим ана шу уч миллионта газетани... бурда-бурда қилиб ташлайди! Яшасин ва яшнасин, Улуғ Октябр сотсиалистик револютсияси!» — Ура-а-а! — дея хитоб этди.
Хитобдан уй ичи зир-зир этди. Дераза токчасида турмиш мусича пириллаб учди. Ботир фирқа босиб-босиб чой ичди. Ўзини босиб олди.
Пешона терларини арта-арта ётди. Чалқанча ётди. Дастрўмолини пешонасига қўйиб ётди. Кўзларини юмиб ётди.
У энди замонавий ўйлади. Қайта қурувчиларча ўйлади. Демократларча ўйлади. «Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ, дейдилар, — деди. — Хўп, анави қайта қурувчи шоирларча ўйлайлик, дейлик. Чин, Улуғ Октябр револютсияси... қайси бир юртлар учун инқироз бўлди, қайси бир халқлар учун фожиа бўлди. Масалан, Болтиқбўйи республикалари учун... инқироз бўлди. Болтиқбўйи халқлари учун... фожиа бўлди. Боиси, Болтиқбўйи юртлари Европа мамлакатлари эди, тсивилизатсия ўлкалари эди. Литва немисдан қолишмас эди. Латиш инглиздан, эстон франтсуздан кам эмас эди. Совет тузуми ана шу тсивилизатсияли Болтиқбўйи республикаларини... кўп қатори килиб қўйди. Совет тузуми
тсивилизатсияли латиш билан... ўз ёзуви йўқ чукчани... баб-баравар этиб қўйди. Совет тузуми Санкт-Петербургдан Сахалингача ёйилган мамлакатни... бир хил этиб қўйди. Санкт-Петербугдан Сахалингача ёйилган турли даражадаги халқларни... тенглар ичра тенг этиб қўйди. Ваҳоланки, Улуғ Октябр револютсиясигача ёлғиз... Санкт-Петербург Европа тсивилизатсияси даражасида эди. Совет тузуми келгунича Ўзбекистон... феодал ўлка эди, феодал! Совет тузуми ўзбек халқи турмушига... тсивилизатсия олиб келди! Чин, бизда олдинлари-да тсивилизатсия бор эди. Бухорода тсивилизатсия бор эди. Самарқандда тсивилизатсия бор эди. Хивада тсивилизатсия бор эди! У... осиёча тсивилизатсия эди! Совет тузуми... европача тсивилизатсия олиб келди! Илғор тсивилизатсия олиб келди! Ўзи, империя
—    тсивилизатсия, демак! Империя азал-азалдан тсивилизатсия тарқатади. Империяни империя этиб турувчи қудратлардан бириям — тсивилизатсиядир. Шу боис, империяни қадами борган жойга тсивилизатсия-да боради. Масалан, Искандар Зулқарнайн забт этган эл-юрт маданияти гуллаб-яшнади. Икки-уч аср яшнади! Ушбу барқ уриб гуллаган давр тариҳда эллинизм даври, дея ном олди. Ана шу эллинизм давридан кейин Искандар Зулқарнайн империяси-да тугади. Кейин, римликлар Европага юриш бошлади. Римликлар... варвар Европани тсивилизатсияга даъват этди. Римликлар варвар европаликларга... варварларча муносабатда бўлди. Варвар европаликларни... тсивилизатсиялаштирди! Кўп ўтмади, римликлар империяси-да барҳам топди. Совет империяси-да... ана шундай бўлди! Совет империяси... феодал ўзбек халқини тсивилизатсиялаштирди! Совет империяси... феодал ўзбек халқини... ўрис халқи савиясига кўтарди, украин халқи савиясига кўтарди. Билмадим, совет империяси бўлмаса... савиямиз қандай бўлар эди...»
—    Яшасин совет тузуми! — деди Ботир фирқа. — Совет тузумига шон-шарафлар бўлсин!

39
У дарвозадан инқиллаб кирди. Токсўри остида чўкди. Дами чиқмиш копток мисол ўтирди. Кампири ошхона деразасидан юз кўрсатди.
Келдингизми, раис бова? — деди.
Чарчадим, итдай чарчадим.
Йиғилиш яхши ўтдими?
Дунёни... сурбет босиб кетибди, кампир. Кечагина туғилган болалар... шундай сурбет, шундай безбет! Олди-кетига қарамай, акиллайди. Бугунни эртаси бор, демай акиллайди.
Еси кириб қолади. Бир тўхтамга келиб қолади. Ошкоралик бўлиб, болалар ўзвдан кетиб қолди. Ошкоралик — янгилик. Одамзот янгиликни кўрса, босар-тусарини билмай қолади.
Чин, ошкоралик — янгилик. Аммо-лекин ошкоралик — шаллақилик эмас. Ошкоралик
—    безбетлик эмас.
Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ, дейдилар. Сиз замонгаям... бундай бир қаранг-да, раис бова. Ҳозир ҳаммаёқ... оти нима эди?
Демократия!
Ҳаммаёқ... ана ўшанақа бўлиб кетди!
Кампир, демократия — конститутсияга амал қилиш, демакдир. Демократия — конститутсиявий яшаш, демақдир. Демократия — қонун-қоидаларни тўла-тўкис бажариш демакдир, қонун-қоидалар чегарасидан чиқмаслик, демакдир. Бу демократлар конститутсияни оёқости қилмоқда, қонун-қоидаларни ер тепкиламоқда.
Ҳали, демократияни... ақл тиши чиқиб қолади.
Сен қаердан биласан?
Итга битган-битга битган ақл тиши... демократия-га битмайдими? Битади,
демократияни-да... эси кириб қолади.
Нима овқат қиляпсан?
Жиянингиз қишлоқдан зиғир мой олиб келди. Шуни чучитяпман.
Шу вақт айвонда телефон жиринглаб қолди. Кампири ошхонадан ҳадаҳалаб келди. Ботир фирқани қўлтиғидан олди.
Мойимга қараб туринг, раис бова, — деди. — Бўлинг-бўлинг! Мен телефонни олай. Туринг-туринг!
Ҳе...
Ботир фирқа сўкиниб-сўкиниб қимирлади.
Ошхонадан... димоғини зиғир мой иси олди. Ҳорғин тани тетик бўлди. Сўлғин руҳи қувват
олди.
Қозон бошида тик турай деди. Бўлмади — оёқлари ҳолсизланди.
Осма радио ости стулчага ўтирди. Деворга суянди. Деворга бошини қўйди.
Нутқ сўзловчи радио бирдан тинди. Бирдан гулдурос қарсаклар бўлди. Совет Иттифоқи гимни
янгради.
Ботир фирқа... лик этиб турди. Ёқаларини тузатди. Ўнгирларини тортиб қўйди. Қўлларини ёнларига босди. Қоматини ростлади. Бошини тик-тик тутди. Шифтга тикилиб... қотиб қолди. Ошхонани тутун олди. Ошхонани мой иси олди. Мой иси... димоқни қуйдирди. Кампири шанғиллаб кириб келди.
—    Вой ўлдим, вой ўлибгина қолдим, — дея шанғиллади.
Кампири питир-питир этиб, газни ўчирди. Совет Иттифоқи гимни-да соб бўлди, қозон тўла зиғир мой-да соб бўлди.
Қозон шундай қошингизда эди-ку, раис бова. Шундай келиб, қарасангиз... қадамингиз кира тилайдими?
СССР гимни янграганда... қозонга бало бор-ми?
Зиғир мойим куйиб кетди-я, зиғиргина мойим куйиб, адо бўлди-я! Ҳа, ўша ашулангизга куйдирги чиқсин, ашулагинангизга куйдиргигина чиқсин!
Мен масалага партиявий ёндашаман, партиявий!

40
Ботир фирқа... ўзига-ўзи гапиргич одат чиқарди. Ўзи гапириб-ўзи эшитгич одат чиқарди. Узи гапириб-ўзи кулгич одат чиқарди.
Бу одатини олдин ўзиям билмади. Ўйлаб кўрмади. Эътибор бермади. Кейин билиб қолди. Бидди-ю... вос-вос кунда қолди.
—    Тентак-пентак бўлиб қолган бўлсам-а? — деди. — Бўлмаса, одам ўзига-ўзиям... гапирадими?
Ботир фирқа теварак-атрофига аланг-жаланг бўлди. Теварақда одамзот йўқ бўлди.
—    Хайрият, биров йўқ. Бўлмаса, бечора партия ишида ишлаб-ишлаб, эсини... еб қўйибди, дер эди. Худони ўзи кўрсатибди, дер эди, — деди. — Барибир, эсимни... еб қўйганимни ҳеч ким исбот қилолмайди. Кимда-ким оғзини очса... мен сенга гапирганим йўқ, дейман...
Ботир фирқани бир кўнгли, дўхтирга бор, деди. Аммо бу фикридан қайтди. Дўхтир халқини оғзи бўш бўлади. Бировга айтиб қўяди. Оқибати ёмон бўлади.
Боиси, замон ёмон: совет тузумида ким амалдор бўлса — ўша одам мараз. Совет тузумида ким мансабдор бўлса — ўша одам малъун. Совет тузуми раиси — муттаҳам. Совет тузуми директори — аблаҳ.
Кечагина тухумдан чиққан зумрашалар... совет тузуми арбоблари тагини ковлайди. Ҳали
бурниниям артиб олмаган жинқарчалар... совет тузуми раҳбарлари тагини ковлайди. Бу жўжалар Ботир фирқани мазкур қилиқларини билиб қолса... оламга достон қилади! Майна қилиб кулади. Бармоқларини чаккаларига нуқиб-нуқиб кулади. Анави... ана шунақа, дея кулади. Эл-юрт ичида юрувсиз кулади.
Йўқ, дўхтирга бориб бўлмайди. Бировга-да айтиб бўлмайди. Аммо кампирига айтса бўлади. Кампири давосини топади.
Ботир фирқа тортина-қимтина дардини айтди. Кейин, кампирига кўз остидан қараб-қараб олди. Кўзларини пирпиратиб-пирпиратиб қараб олди. Кампири пинак бузмади. Ўзини сокин тутди.
Биламан, биламан... — дея минғиллади.
Нимани биласан, нимани биласан? — дея бидиллади Ботир фирқа.
С приветом... анақароқ бўлиб қолганингизни.
Ҳе, энангни... — дея ўдағайлади Ботир фирқа.
Кампири ҳовлига югургилаб чиқди. Ҳовли ўртасида кафтини оғзига қўйиб кулди. Кўзларини артиб-артиб кулди.
—    Раис бова, нима, умр бўйи қирчиллама йигит бўлиб ўтаман, деб эдингизми? — деди. — Қарилик
қарилигини қилади-да. Старост — не радост, дейдилар. Ҳаммаси ёшдан, раис бова, умрдан...
Кампири дераза ойнасидан кўриб турди: Ботир фирқа болишга ёнбошлади.
Ана шундан кейин ичкарилади. Яна қочиб чиқиш қулай бўлсин учун... эшик
олдироғидан жой олди. Тиззаларига йиғилиб қолмиш этакларини тортиб-тортиб текислади.
Сиз, ўзи... ким эканлигингизни биласизми, раис бова? — деди. Ботир фирқа тескари ўгирилиб ётиб олди. Зарда билан ётиб олди.
Билмайман! — дея тўнғиллади.
Сиз, республика яратган одамсиз, раис бова, сиз республика қурган одамсиз! Сиз бўлмаганингизда... бундай республика қаерда эди, бундай кунлар қаерда эди?
Қандай республика? — тағин тўнғиллади. — Қанақа республика?
Қанақа республика бўларди — мустақил Ўзбекистон Республикаси! Ботир фирқа ўнгига ағдарилди. Кампирига қараб ётди.
Ўзбекистон-а? — деди. — Мустақил Ўзбекистон-а?
Албатта-да, раис бова. Сиз бўлмаганингизда... бу иморатлар қаерда эди, бу юртлар қаерда эди?
Ботир фирқага... жон кирди! Қимир-қимир тўлғонди. Оҳиста-оҳиста турди. Кампирига қараб
ўтирди.
—    Кўп гапирма-да, аччиқ чой дамлаб кел, — деди.
Кампири дарров турди. Калишларини оёкдарига ила-ила югургилади. Чой дамлаб келди. Дастурхон ёзди.
Ботир фирқа чордана қуриб ўтирди. Чап қўлини тиззасига тиради. Бақалоқ шиширди. Томоқ қирди. Қи-роат билан йўталди. Салтанат билан йўталди.
Амалдорона-амалдорона чой ҳўплади. Мансабдорона-мансабдорона чой ҳўплади. Ўзига-ўзи ҳайкал қўйди: — Эркак... худони ердаги пайғамбари! — деди. Кампири дастурхон бир бурчида мунғайиб-мунғайиб қараб ўтирди. Чолини оғзига қаради. Чолини пешонасига қаради. Чолини пиёласига қаради.
Кампири амалдордан пенсия сўраб келган муштипар мисоли... мўлтираб-мўлтираб қараб
ўтирди.
Ботир фирқа кўрсаткич бармоғини кампири тарафга ниш этди.
Мана, сен! — деди. — Тилинг бор-а?
Тил? Тил, бор, ҳа, тил бор!
Тилинг бўлса, айт: анови Ҳамза кинотеатрини ким қурган? Тилинг бўлса, айт!
Ҳамза кинотеатриними? Давлат қурган, нима эди?
Ботир фирқа ўнг кафтини кампирига пешлади. Аччиқ ҳам хунибийрон бобиллади:
Қанақа давлат?! Қандай давлат?!
Сиз қургансиз, раис бова, сиз қургансиз! — бид-бид этди кампири. — Давлат дегани сиз, сиз дегани давлат, раис бова!
Шундай де! Давлат, давлат, дейсан! — дея тинчланди. — Ана шу кинотеатрни... мачит қилибдилар! Ана, бўлмаса!
Кампири бу гапни аллақачон эшитган бўлса-да — ўзини энди эшитганга олди. Мазкур кинотеатр аллақачон мачит бўлганини билса-да — ўзини энди билганга олди. Ёқаларини кампирона-кампирона ушлаб-ушлаб... ажабланди.
Ё тавба, кинотеатрни-я? — деди. — Ўша Ҳамза кинотеатрини-я? Ё тавба, шундай бир маданият даргоҳини мачитга айлантирибдиларми-а? Бу тентаклик қайси аҳмоқтсан чиқибди-а?
Қайси аҳмоқдан бўларди, анави кўча-кўйда акиллаб юрган... муслим ва муслималардан чиқади-да.
Енди нима бўлади, раис бова?
Нима бўларди, энди... кечаю кундуз намоз ўкийдилар-да, қайта қуриш қўлидан келмагач... намоз ўқийдилар-да. Эл-юрт учун бирор нарса яратолмагач... беш вақти намоз ўқийдилар-да.
Есизгина кинотеатр-а? Яхши-яхшй кинолар қўйиб берарди. Контсертлар бўларди.
Енди кинони тушингда кўрасан. Ма, чойингдан босиб-босиб қуй. Аччиқ-аччиқ чой ҳовурини босди. Ўпкасини босди. Вужудини вазмин-вазмин этди. Аммо кўнгил хижиллиги босилмади. Кўнгил ғашлиги босилмади.
Лик этиб турди. Уст-бошини тузатди. Ташқари йўл олди. Изидан кампири эргашиб келди.
Ҳа, йўл бўлсин, раис бова? — деди.
Уёқ-буёқни айланиб, оёғимни ёйиб келай.
Бинойи қиласиз, раис бова, бинойи қиласиз. Кўнгилни чигили ёзилади-да.
Кампири шундай дея-дея, ичкариламоқчи бўлди. Яна-тағин ўйлаб қолди. Айтайми-айтмайми, демишдай, оғзини ушлаб ўйлади, чоли кетидан қараб ўйлади. Охири чоли кетидан айтди:
Ай, раис бова, йўл-юзда биров билан майда-чуйда гап қилиб юрманг?
Гап? — дея кетига қаради Ботир фирқа. — Гап-ку, гап... Шу қайта қурувчи демократларга... ўнгирим тегиб кетсин, шу ўнгиримни қирқиб-қирқиб ташлайман!
Бинойи қиласиз, раис бова, бинойи қиласиз.

41
У дарахт тагларидан юрди. Қўлларини орқасига қўйиб юрди.
Хиёбон айланди: скамейкаларда дам олиб-дам олиб айланди. Куз япрокдарини шитир-шитир босиб айланди. Япроқлар уст-бошларига тўкилиб-тўкилиб айланди. Дарахтларда гурр-гурр этмиш чумчуқлар галасини томоша этиб-етиб айланди. Ариқда тип-тиниқ куз сувларини кузатиб-кузатиб айланди.
Куз сувларини ёқалаб юрди-юрди — ўша Ҳамза кинотеатри олдидан чиқди.
Бир келган йўлига қаради, бир сувга қаради, бир кинотеатрга қаради. Чўнтагидан
қўлрўмолини олди. Скамейка устини артди. Қўлрўмолини қоқиб, жойига солди. Плаши
етакларини йиғиб, скамейкага ўтирди. Елкасидан нафас олди. Сувга тикилди. Сувда ўз аксини кўрди. Ўз аксига қараб ўтирди.
Бошлари узра хазон ёғди. Уст-боши узра хазон ёғди.
Сув юзини хазон ёпди. Сув юзида хазон қалқди.
Сув бўйида бир каптар бўқоқ шишириб... ғанимига яғрин берди.
Ҳаводан куз ҳиди анқиди. Ҳаводан хазон ҳиди анқиди.
Қишдан... чопар келди!
Дунё куз бўлди. Дунё хазон бўлди.
Ботир фирқани кўнгли... куздан-да куз бўлди. Ботир фирқани кўнгли... хазондан-да хазон
бўлди.
Кинотеатрга тикилди: ана, ўша... қўш тавақали, залворли дарвоза! Ана, ўша... нақшинкор эшик! Ана, ўша... жимжимадор дераза!
Кинотеатрдан бир тўда ёш-ёш... муслим йигитчалар чиқиб келди. Муслим йигитчалар бошида оппоқ-оппоқ такя бўлди. Елкаларида оппоқ-оппоқ желаклар бўлди. Муслим йигитчалар ерга қараб одимлади. Қироат билан одимлади. Шариат пешволарича одимлади. Муслимона-муслимона одимлади.
Муслим-муслим йигитчалар... демократларча одимлади. Қайта қурувчиларча одимлади.
Ботир фирқа тағин сувга тикилиб қолди. Ҳадеб ўтириши жонига тегди. Жойидан оҳиста қўзғолди.
Бу вақт... қуёшдан нур кетди. Ёруғдан қувват кетди. Оқликдан ранг кетди.
Оппоқ олам доғланди-доғланди... Оқшом дегич ранг кириб келди.
Ботир фирқа намозхонларга халақит бермаслик учун — кинотеатр орқа тарафидан келди.
Кинотеатр деворларига бош-адоқ қаради. Синчиклаб-синчиклаб қаради.
Кинотеатр бурчагига бориб турди. Деворга ўнг кафтини қўйди. Деворни силаб-силаб олди.
Гўдак пешонасини силамишдай... девор бетини силади. Девордан кафт олмай — кинотеатр
ёқалаб юрди.
Кафтлари девордан майда кесакларни уматиб туширди. Хасларни учириб туширди. Қумларни кўчириб туширди.
Девор кафтларига ғадир-будур ботди. Девор кафтларини тирналади. Девор кафтларини қитиқлади. Айни вақтда кафтлари... девордан ҳузур олди. Девордан завқ олди. Девордан роҳат олди. Кафтлари ушбу завқ-шавқни... кўнглига узатди. Кафтлари ушбу ҳузур-ҳаловатни... кўнглига такдим этди.
Ботир фирқа энтикди. Ботир фирқа орзиқди. Ботир фирқа мисоли... каптар бўлиб учди!
Каптар мисол... девор бошида оёқ илди. Девордан кафтини олди. Кафтини кафтига уриб қоқди.
Пуфлаб-пуфлаб қоқди.
Ботир фирқа кафтларига қараб-қараб... кулимсиди. Деворга қараб-қараб... кулимсиди.
—    Ана, бизни кинотеатримиз, ана! — деди.
Ботир фирқа кинотеатр син-симбатига назар солиб... кулимсиди.
—    Ҳар бир маконда.. бизни қадамимиз бор! — деди. — Ҳар бир иморатда... бизни қўлимиз бор!
Ўзи ғишт қўйган жойни ўйлади. Шу жой қаерда эди, дея одимлади. Девор ёқалаб одимлади. Хомчўтлаб-хомчўтлаб одимлади.
—    Мана шу ерда эди, мана... — деди.
Ана шу жойга эгилди. Ана шу жой деворини сийпади. Ана шу жой пойдеворини силади. Йўлдош Охунбобоев биринчи ғиштни қўйиб эди. Мен эса... иккинчи ғиштни қўйиб эдим!
—    деди.
Шу вақт иккита ёш-ёш муслим кинотеатрга келди. Олдинма-кетин ўтди. Девор тагида эгилиб турмиш одамни кўрди.
Анави мўмин банда ким бўлди? — деди бир муслим.
Оти нима эди. Қизил, Қизил! — деди иккинчи муслим.
Астағфурулло, Кизил бундай табаррук даргоҳда нима килиб юрибди, тақсир?
Ким билади, балким намоз ўқимоқни ихтиёр этгандир?
Астағфурулло, Кизил намоз ўқийдими? Қизил кофирдан баттар-ку? Ўз оти ўзи билан Қизил-ку? Қайдам, даргоҳга... учирмоқчидир.
Унчалик эмасдир, тақсир.
Кизиллардан келади, тақсир. Қизиллардан ҳар бало келади. Улардан хонақоҳ деворига... чуриллатиш келади! Бориб, ҳайдаб юборингиз!
Ёши улуғ одам, яхши эмас. Ичкари кириб, мўйсафидларга айтамиз, мўйсафидлар гаплашиб қўяди. Қани, кирсинлар, тақсир!
Вақт шом еди.
Ботир фирқани кўнгли... шомдан-да шом бўлди. Ботир фирқани кўнгли... шомдан-да маъюс бўлди, шомдан-да мунгли бўлди.
Жувонмарг бўлгур муслимлар! — деди Ботир фирқа. — Ҳа, биз Қизилмиз, Қизил! Аммо-лекин биз Қизил бўлиб, яратдик! Биз Қизил бўлиб, қурдик! Бу муслимлар оппоқ қайта қурувчи бўлиб... нимани яратди? Бу муслимлар оппоқ демократ бўлиб... нимани қурди? Ҳа, биз Қизил Байроқ остида меҳнат қилдик. Аммо-лекин меҳнат қилдик! Бу муслимларни қўлидан беш вақти намоз ўқишдан бошқа иш келмайди. Бу муслимлар беш вақги намоздан бошқа нимани билмайди. Майли, менга деса,.. оқ бўл, кўк бўл. Лекин ярат, қур! Майли, менга деса, қора бўл, сариқ бўл, пистоқи бўл. Лекин ярат, қур! Майли, шу муслимларчалик ҳам борайлик. Мана, мана шу иморат. Шу иморатни биз қуриб эдик. Хўш, шу иморатни қайси жойи Совет? Қайси жойи Қизил? Шу иморатни қайси жойи коммунистик? Бир сўз билан айтсак, иморатни қайси жойи зиён-заҳмат? Ҳе, сендай қайта қурувчи муслимларни... Ботир фирқа катта йўлга қараб юрди. Юрди-юрди — кетига бурилиб қаради. Кинотеатрга бош-адоқ разм солди.
Биринчи ғиштини Йўлдош Охунбобоев қўйиб эди, — деди. — Иккинчи ғиштини... мен қўйиб эдим, мен!

42
Ўзбек хотин-қизларини... хотин-қизлар мажлисига олиб келиш азоб эди! Ўзбек хотин-қизларини бир жойга тўплаш қийин эди. Ўзбек хотин-қизларини уйидан кўчага чиқаришни ўзи... катта гап эди!
Биров — касал дер эди. Биров — қозон-тобоғини важ этар эди. Биров — эркагим жавоб бермайди, дер эди.
Шунда, эркакларни чақириб жавоб сўралар эди. Шунда-да жавоб бермагичлар бўлар эди. Ана шунда, Ботир фирқа эркакларни мажлисларда муҳокамага қўяр эди.
—    Сен феодалсан, феодал! — дер эди. — Сен совет хотин-қизларига бойларча муносабатда бўласан!
Ботир фирқа хотин-қизларни... хотин-қизлар йиғилишига олиб    келмай, мактабдан ўқувчи
қизларни чақирар эди. Ўқувчи қизларни қатор ўтирғизиб қўйиб, тумандан келмиш вакилага тавсия этар эди:
—    Мана, фаол хотин-қизларимиз! — дер эди. Бугун — қайта қуриш даврида...
Ботир фирқа 8 март байрамини кўп кўриб эди. 8 март маросимларини ўзи ташкил этиб эди. Аммо... бугунгидай 8 март байрамини кўрмаб эди!
Бу нима — халқ сайлими? Хотин-қизлар гап-гаштагими? Хотин-қизлар қурултойими? Барчаси деса-да бўлади!
«Ана буни демократия деса бўлади! — дея ўйлади Ботир фирқа. — Ана, қайта қуриш шарофати, ана!»
Одатича, сарой бир бурчидан жой олди. Теварак-бошдагилар билан бош ирғаб салом-алик
етди.
«Совет ҳукумати... етмиш йилда етолмаган ютуққа, қайта қуришни дастлабки кунларидаёқ... етдилар! — дея фикрлади Ботир фирқа. — Ҳа, жамият қайта қуриляпти. Янги ҳаёт бошланяпти. Ҳа, ўзбек хотин-қизлари қайта ҳаёт қуряпти. Бу таҳсинга лойиқ. Ана буни қайта қуриш деса бўлади».
Хотин-қизлар бири қўйиб, бири минбар кўтарилди. Бирови Оролни ҳимоя этди. Бирови табиатни муҳофаза этди. Бирови атроф-муҳитни ифлосланишига қарши нутқ сўзлади. Бирови алюмин заводига қарши бонг урди.
«Мана шулар... қозон-тобоғидан бери келмас эди, — деди Ботир фирқа. — Ана энди... ўс, ўзбек хотин-қизлари, ўс! Олға, ўзбек хотин-қизлари, олға! Барчаси... Улуғ Октябр сотсиалистик револютсияси туфайли. Барчаси... совет тузуми туфайли». 8 март йиғилишини бошқариб борувчи айтди:
—    Енди сўз, оташнафас қайта қурувчимиз, демократия байроғини боши узра кўтариб юрувчимиз... Дилбар Мирзахўжа қизига!
Баланд пештоқли дераза остидан оппоқ бир нарса қимирлади. Оппоқ нарса... бош-адоқ
оппоқ бўлди. Бош-адоқ оппоқ матога бурканмиш бўлди.
Оппоқ нарсани... боши қаерда, билиб бўлмади. Юзи қаерда, билиб бўлмади. Елкаси
қаерда, билиб бўлмади. Оёқ-қўли қаерда, билиб бўлмади.
Оппоқ нарса минбар сари қимирлаб борди. Ҳа-ҳа, қимирлаб борди!
Оппоқ нарса қимирлади-қимирлади — минбарга чиқиб борди. Йиғилганлар сари юзланди.
Ботир фирқа ана шунда оппоқ нарсани бет-бошини кўрди: кулчадай бир юз бўлди,
қорамағиз бир юз бўлди.
Кулча юз халойиққа тик қарамади. Халойиқдан нигохини бекитди. Қўлидаги қоғоздан кўз олмади.
Ботир фирқа оппоқ нарсага тигашди-тикилди — ким эканини билмади. Теварак-бошдан сўрай деди — аёл кишини суриштиришдан орланди.
«Ия, бу отинбиби ким бўлди? — деди Ботир фирқа. — Бундай отинбибилар йўқ эди-ку? Бундай оппоқ кийим-бош кийиш йўқ эди-ку? Ё шундай оқ кийим-бош мода бўлдими?»
Оппоқ нарсани лаблари... булк-булк этди. Афтидан, оппоқ нарса... калима ўқиди. Кулча юзларига фотиҳа тортди. Олдин ўнг тарафига туф-туф-туф этди. Кейин чап тарафига туф-туф-туф
етди.
Ботир фирқа минбар кўрди — бундай минбар кўрмади. Нотиқ кўрди — бундай нотикни кўрмади.
«Чиндан-да, бош-адоқ оппоқ кийиниш... мода бўлдимикин-а?»
Ботир фирқа шу хаёлда сарой аланглади. Чиндан-да, саройда оппоқ матога бурканган хотин-қизлар мўл бўлди. Ҳар учта хотин-қизни биттаси оппоқ матога ўралган эди. «Ҳа-а, буям яхши, — деди Ботир фирқа. — Оқлик — эзгулик!» Оппоқ нарса тағин теварак-бошига туф-туф, этди. Ёнбошларига туф-туф этди. Кейин, нутқини бошлади:
—    Бисмиллохир рахмонир роҳийм. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ансорларига
иймондан ўгит бериб, ҳаё иймондандур, дейдилар   
Ботир фирқа ана шунда оппоқ нарсани таниди. «Ия, бу Диля-ку, Диля! — деди. — Ўша ўзимизни Диля... »
Ботир фирқа оппоқ нарсани оғзидан кўз узмади. Кўзлари оппоқ нарсани оғзида бўлди, хаёллари оппоқ нарсани ўтмишида бўлди... Оппоқ нарса давоми этди:

—    Жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом
Қуръони карим муқаддас китобларининг йигирма тўртинчи сура, ўттиз биринчи оятларида шундай дейдилар: мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини номаҳрам эркакларга тикишдан тўссинлар ва авратларини ҳаромдан сақласинлар! Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини, яъни, устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар! Улар зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига, ё эрларининг оталарига, ё ўғилларига, ё эрларининг ўғилларига, ё ўзларининг оға-иниларига, ё ўзларининг оға-иниларига, ё оға-иниларининг ўғилларига, ё опа-сингилларининг ўғилларига, ё ўзлари каби аёлларга,   қўл остидаги чўриларга, ё аёллардан беҳожат бўлган, яъни жуда кеқсайиб қолган ёки ақлсиз-девона эркак хизматкор қулларга, ё аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдакларгагина кўрсатишлари жоиздир. Яна яширган зеб-зийнатлари билинсин учун оёкларини ерга урмасинлар! Барчаларингиз Оллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки, шунда нажот топсангизлар! Шундай экан, мен ожиза банда, шу ерда ўтирган барча мўмин-мусулмон мазлумаларга Муҳаммад, алайҳиссаломимиз ўгитларига амал қилиб, бошларига рўмол ёпинишларини сўрайман... Ана шунда Ботир фирқа бир қалқиб тушди. Теварак-бошига аланглади.
—    Ия-ия! — деди. — Бу нима деяпти?
Олд қаторда ўтирмиш бир аёл кетига бурилиб қаради.
—    Тўғри айтмоқда! — деди аёл. — Мусулмончиликка қайтиш вақти келди! Ботир фирқа тағин уёқ-буёғига аланглади. Бошқа бир гап кутди. Аммо шу гапни эшитолмади. Боиси, шу гапни айтажак зотни тополмади.
Иложсиз қолди. Бошини эгди. Тиззаларига тикилди. Оёқлари учига тикидди. Жойидан оҳиста қўзголди. Оҳиста ташқари йўл олди.
«Мусулмончиликка қайтиш вақти келди эмиш, — деди Ботир фирқа. — Шу вақтгача
қаерда эдинг? Шу вақтгача ким эдинг?»
Ботир фирқани қўллари белида бўлди, хаёллари аллақаёқларда бўлди...
«Бу жувон қайси бир эркакларни тиззасида ўтир-мади, — ўйлади Ботир фирқа. — Бу жувон
қайси бир эркакларни қучоғида ётмади».

43
Ботир фирқа хаёллар оғушида уйига кириб келди.
Уйида чалқанча ётиб ўйлади. Ёнбошлаб ётиб ўйлади:
«Булар ким бўлди, ўзи? Монах аёлларми? Монах аёллар ўрисларда бўлади-ку? Монах аёллар қоп-қора либосга бурканиб юради-ку? Булар оппоқ матога ўраниб, мажлисларда нутқ сўзлаяпти-ку. Барчаси мусулмон фарзанди-ку. АКШда ана шундай оппоқ либосга ўралган бир тўда бор. Отини ку-ку-лукс-клан дейди. Ку-ку-лукс-кланлар ҳамиша бошдан-оёқ оппоқ либосга бурканиб юради. Шу боис, ку-ку-лукс-кланларни кимлигини билиб бўлмайди. Ё булар ҳам ку-ку-лукс-клан бўлмоқчими?» Ботир фирқа ана шу ерда ўз фикридан қайтди.
«Ку-ку-лукс-кланлар АҚШда-ку? — дея мулоҳаза этди. — АҚШ капиталистик мамлакат-
ку? Йўқ, менинг кўрганларим совет хотин-қизлари, сотсиалистик хотин-қизлар! Масалага
партиявий ёндашиш керак, ўртоқ Эсонов, партиявий!»
Ботир фирқа ана шундай мулоҳазага боргани учун... ўзини-ўзи айблади.
«Падарлаънат, мегажин! — дея сўкинди Ботир фирқа. — Ўзи, булар нима қилмоқчи? Узбек
хотин-қизлари йигирманчи аср... бошига қайтмоқчими? Феодализмга... феодализмга
қайтмоқчими? Қайси мақсад билан феодализмга қайтмоқчи? Мусулмончиликками?
Ескича урф-одатгами? Иффатгами? Ўзбек хотин-қизлари... феодализмда шунчалар мусулмон эдими? Ўзбек хотин-қизлари феодализмда шунчалар... иффатли муслима эдими? Ўзбек хотин-қизлари феодализмда шунчалар... ҳур-еркин эдими?» Ботир фирқа... ғоясиз хаёлларга бормаслик учун токчадан «КПСС программаси»ни олди. Ёнига қўйди. КПСС программасига қараб-қараб овқат еди. КПСС программасига қараб-қараб чой ичди.
Кампири Ботир фирқани бу қилиғидан ҳайрон бўлмади. Аксинча, Ботир фирқани қўнглини олиш йўлини қилди: КПСС программасини силаб-силаб қўйди.
—    Хўп бинойи қиласиз, раис бова, — деди кампири. — Қайта мутолаа илмни онаси, илмгинани онаси!
Ботир фирқа маъқуллаб бош ирғади. Барибир, оппоқ нарсалар хаёлидан кетмади. «Агар феодализм замонида бўлса эди, Дилядай аёллар... бирор бойни ё ўнинчи, ё ўн бешинчи хотини бўлар эди, — деди Ботир фирқа. — Дилялар феодализмда қаерда ишлар эди? Бу ҳоли билан... ҳеч қаерга сиғмас эди! Қайси бир бойни кир-чирини ювиб кун кўрар эди. Оёғи бузуқлар... феодализмга-да сиғмайди! Бундайлар қайси бир... фоҳишахоналарда жон сақлар эди».
Ғанимат ғарники, дейдилар, — деди Ботир фирқа.
Лаббай?
Ғар қариса отин бўлади!
КПСС программаси устида ундай деманг, раис бова.
Ботир" фирқа хиёл бўлса-да, ўзини тийди. КПСС программасига қараб-қараб бош ирғади:
—    Чин айтасан, кампир, партиявий фикрлаш керак, партиявий, — деди.
Ботир фирқа кампирига 8 март йиғилишини айтиб берди. Оппоқ-оппоқ нарсаларни айтиб берди.
—    Кошки, одамлар уларни кимлигини билмаса, — деди Ботир фирқа. — Кайси юз билан тоат-ибодат қилади? Одамда бет бўлса! Ор-номус бўлса! Ғар қариса отин бўлиб... Қуръондан сабоқ бериб ўтирибди. Олатларингизни ювинг, дейди! Ҳе, олатинг бошингдан қолсин! Олатингга... куйдирги чиқсин!
Ботир фирқа оппоқ нарсаларни... чапарасталаб сўкмокчи бўлди. Яна-тағин... КПСС программасини юз-хотир этди!

44
Лик этиб қўзғолди.
Ҳовли айланди: дарахтларни ушлаб-ушлаб айланди. Дарахт учларига қараб-қараб айланди. Ер тупуриб-ер тупуриб айланди.
«Намоз ўқиш учун торгина бурчак керак. Хилватгина бурчак керак, — деди Ботир фирқа. — Намоз бир метрча жойда ўқилади. Ҳа, йиқилиб-туриш учун бир метргина ер керак. Беш-олти минутгина вақг керак. Ахир, совет давридаям тор бурчаклар бор эди-ку? Совет давридаям беш-олти минутлик вақт бор эди-ку? Нега булар совет даврида намоз ўқимади? Чин, коммунистик партия намозга қарши эди. Аммо-лекин КПСС шу намоз ўқимасин дея... деразангдан мўралаб турмаган эди-ку? КПСС шу ётиб-турмасин дея... оёқ-қўлингни ушлаб турмаган эди-ку? КПСС шу намоз вақтини билолмай қолсин дея... билагингдаги соатингни олиб қўймаган эди-ку? Намоз ўқиш учун... таҳорат олиш лозим бўлади. Ахир, КПСС таҳоратхонанг тирқишидан мўралаб турмаган эди-ку, шу таҳорат олмасин, дея? Таҳорат — ювиниб-чайиниш демак, ҳалолланиб-покланиш, демак. Ахир КПСС таҳоратхонангга кириб келиб... пок-ҳалол бўлма, дея, зуғум этиб турмаган эди-ку?
Чин, совет тузумини қусурлари кўп эди. Чин, совет тузуми кўп нарсаларга қарши эди.
Аммо-лекин инсон таҳоратига қарши эмас эди! Унда, нега булар бирдан... шариатпеша бўлиб қолди? Бирдан... намозхон бўлиб қолди? Бирдан... муслим ва муслималар бўлиб қолди?
Бир улуғ зот шу ҳақда зўр гап айтиб эди. Бу зот Камол Отатурк эдими ё Лев Толстой эдими? Ким бўлса-да, хўп айтиб эди. Ана шу доно гапни даври келди: бечора дин... ғар-ўғрилар учун қалқон бўлади. Бечора дин... мараз-муттаҳамлар учун қалқон бўлади. Бечора дин... аблаҳлар учун қалқон бўлади. Дин, балога қолган дин! Ишдан ҳайдалган ожиз банда — ўзини шариатга уради. Иш тополмаган қўли калта — художўй бўлади. Қўлидан фойдали иш келмаса — намозхон бўлади. Егани нон тополмай қолса — қўлига тасбеҳ олади. Борадиган жой тополмай қолса — мачитга боради. Юрар йўлини билмай қолса — шариат йўлидан юради. Муслим бўлади! Муслима бўлади! Бечора худо, бечорагина худо! Бечора пайғамбар, бечорагина пайғамбар! Чин, одам ўз динидан ташқарида яшай олмайди. Одамни одам этиб турувчи-да динидир. Одам қиёфасига солувчи-да диний мазҳабидир.
Мана, ХХ аср тамом бўляпти. ХХ аср якунланяпти. Ана шундай кунда... манавиларни ишини! Шундай тараққиёт кунида манавиларни қилиғини!»
Ботир фирқани хаёллари ўтмишларга учди. Оёқлари заминда бўлди. Хаёллари кечмишда
бўлди...
«Совет тузуми ўзбек хотин-қизларига нима каромат кўрсатди? — деди Ботир фирқа. — Совет тузуми ўзбек хотин-қизларига бешта каромат кўрсатди. Каромат деса дегулик! Ўзи, совет тузумидан олдин ўзбек хотин-қизлари бор эдими? Бор бўлса... оти... ожиза эди! Оти... тавқи лаънат эди! Совет тузуми уларга ном берди: ўзбек хотин-кизлари! Улар ана шу ном билан... инсон саналди. Ана шу ном билан ижтимоий-сиёсий куч бўлди. Ана шу ном билан маданий-маънавий қудрат касб этди. Бу — совет тузумини биринчи каромати бўлди.
Совет тузумини иккинчи каромати — совет тузуми ўзбек хотин-қизларига... паранжи-чиммат ташлаттирди! Ўзбек хотин-қизлари халтага ўроғлик... булбул эди. Ўзбек хотин-қизлари енг ичидаги... бедана эди. Узбек хотин-қизлари юзига парда тортиғлик... ойна эди. Совет тузумини учинчи каромати — совет тузуми ўзбек хотин-қизларини... хат-саводли этди! Чин, эскича мактаб-мадраса бор эди. Аммо-лекин мактаб-мадрасаларда фақат... ўғил болалар ўқитилар эди. Ўқиш заифалар учун... гуноҳ эди! Совет тузуми ана шу гуноҳни... бекор этди!
Совет тузумини тўртинчи каромати — совет тузуми ўзбек хотин-қизларини... никоҳдан ўтказди! Чин, эскида ҳам никоҳ бор эди. Аммо-лекин эски никоҳ... Эски никоҳ хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқи билан ҳисоблашмади. Совет тузуми ўзбек хотин-қизларини... ЗАГСдан
ўтказди!
Совет тузумини бешинчи кароматини... тан олиш лозим! Совет тузуми ана шу бешинчи кароматда... қош қўяман, деб, кўз чиқариб қўйди! Чин, совет тузумини мақсади — ўзбек хотин-қизларини эркаклар билан тенг ҳуқуқли этиш эди. Чин, тенг ҳуқуқли этди. Аёллар билан эркакларни тенгма-тенг кўрди. Аммо-лекин аёл билан эркакни бир қолипга солди. Аёл ким, эркак ким — билиб бўлмай қолди. Ўзбек хотин-қизларига... булдозер ҳайдаттирди, трактор ҳайдаттирди!»


45
Ботир фирқа оёқёйди учун ташқарилади. Хиёбонга йўл олди.
Хиёбонда одам кам бўлди. Барча ишга шошилди. Биров питир-питир шошилди. Биров бир нималар еб-еб шошилди. Биров чопқиллаб-чопқиллаб шошилди.
Одам одамга қарамади. Одамлар кўзи оёғи остида бўлди. Билагидаги соатда бўлди. Бекатда бўлди.
Ботир фирқа теваракка сокин боқди. Хотиржам нафас олиб боқди.
Ленин ҳайкали қошига келди. Бошидан похол шляпасини олди. Ленинга қараб... таъзим бажо
етди.
—    Саломатмисиз, ўртоқ Ленин! — деди. Шляпасини бошига қўндирди. Йўлида давом этди.
Кўм-кўк ўтлар ёқалаб юрди. Турли-туман атиргуллар олдидан юрди. Атиргуллар... атриёт анқитди.
У гулларга қараб... димоғини тўлдириб-тўлдириб нафас олди.
—    Оҳ-оҳ-оҳ! — деди. Ботир фирқа мириқди!
Сайр этиб юра-юра — хиёбон четидан чиқиб қолди. Тағин изига қайтар бўлди. Аммо оёқлари толиққандай бўлди. Аниғи, пича ўтиргиси келди.
Шу яқинда турмиш узун скамейкадан жой олди. Скамейка суянчиқларига қулочларини ёйди. Оёқларини кериб-кериб узатди. Оёқлари шундай роҳат олди, шундай роҳат олди! У ҳаётдан завқ-шавқ олди. У тўйиб-тўйиб хўрсинди. У ҳаётдан... шукур этди. Шунда, шу яқиндан шитир-шитир товуш эшитилди. Мисоли, дарахт япроқлари шитирлаб учиб тушмиш бўлди. Мисоли, еллар хазонларни шитирлатиб учирмиш бўлди. Мисоли, чумчуқлар хазонлар оралаб юрмиш бўлди. Ботир фирқа эътибор бермади. Диққат этмади.
Шитир-шитир мунтазам бўлди. Тез-тез бўлди. Тобора яқиндан бўлди. Ана шунда Ботир фирқа аланглади. Бош-адоқ назар солди.
Скамейка кетида ёйилиб ётмиш кўкаламзорда иккита оппоқ... Оппоқдан-оппоқ нарса турди. Энг ҳайратли жойи — оппоқ нарсалар... майда-майда бўлди. Дўмбоқ-дўмбоқ
бўлди!
Оппоқ-оппоқ дўмбоқчалар... беш-олти ёшлик... қизалоқлар бўлди! Оппоқ кўйлак-лозим
кийгувчи қизалоқлар бўлди. Оппоқ рўмол ўрагувчи қизалоқлар бўлди.
Қайта қурувчи шариатпешволар тили билан айтсак... муслималар бўлди!
«Ё тавба! — деди Ботир фирқа. — Тушимми ё ўнгимми? Нима бало, қайта қурувчилар
мени эсимни киритиб қўйиш учун шундай ташкил этяптимикин? Қайта қурувчилардан
келади. Жувонмарг бўлгур қайта қурувчилардан ҳар бало келади».
Ботир фирқа аланг-жаланг бўлди. Синчков-синчков аланглади. Диққат-еътибор билан
аланглади.
Йўқ, бу яқинда қайта қурувчи сувратлар йўқ. Йўқ, бу яқинда шариатпешво сиймолар
йўқ.
Ботир фирқа хотиржам бўлди. Унг тирсагини скамейка устига тиради. Юзини ўнг кафтига
қўйди. Дўмбоқ муслималарга ўйчан тикилиб қолди. Маъюс тикилиб қолди.
«Шуларни ёши, бўлса, беш-олтиларда. Кечагина туғилган қизалоқлар, — деди Ботир фирқа.
—    Афтидан, булар ҳали мактабниям кўрмаган. Булар ҳали бурниниям артиб олмаган. Нега энди, айнан шу бугун... шулар кўзимга кўриняпти?»
Ботир фирқа ўйлаб қолди. Гўё, туш кўрди. Гўё, дунёни энди кўрди. Гўё... бир балога йўлиқтси!
Қоматини хиёл ростлади. Томоғини қирди. Бошини уёқ-буёққа қимирлатди. Ўта жиддий бўлди. Энди, партиявий ўйлади. Партиявий фикрлади:
«Менимча, бундай жажжи муслималарни кўп кўрган бўлишим керак. Аммо-лекин раҳбарлик феълим қўзиб... майда-майда одамчаларга эътибор бермаган бўлишим керак. Раҳбарлик димоғим қўймай... оёқ остида ўралашиб юрган муслимачаларга қайрилиб қарамаган бўлишим керак. Яна-тағин, кексалик... бемалолхўжалигим ҳам қўшилиб,
гўдак муслималарга диққат этмаган бўлишим керак». Ботир фирқа жажжи муслималар билан сўрашмоқчи бўлди.
—    Ҳа-а, яхшимисизлар? — деди.
Гўдак муслималар жойида қолди. Ёнма-ён бўлди. Қўлларини кўксиларига қўйди. Бошларини эгди. Кўзларини калишлари учига қадади.
—    Димоғларинг чоғми?
Гўдак муслималар сукут сақлади. Калишларидан кўз узмади. Миқ этмади. Салом бермади. Ботир фирқа ана шунда тушунди. Негалигини англаб олди. Ўзича бош ирғади. «Айтмоқчи, шариат бўйича муслималар эркакларга қарамайди. Эркаклар билан салом-алик этмайди, — деди. — Тўғри, мана шугиналар тоат-ибодат этади. Намоз ўқийди, рўза тутади. Аммо-лекин муслима бўлиш учун... худони кимлигини билиш керак. Муҳаммад пайғамбарни кимлигини билиш керак. Бунинг учун аввало... Қуръонни ўқиш керак, Ҳадисларни ўқиш керак. Бор-йўғи беш-олти ёшлик муслималар бунча илмни қачон ўрганиб олди? Бор-йўғи беш-олти ёшлиқ муслималар Қуръону Ҳадисларни қачон ўқиб олди? Ёмондан-ёмони, бу муслимачалар... катта бўлса, ким бўлади? Эл-юрт тақдири шуларга қоладими? Шулар юрт келажаги бўладими?»
Ботир фирқа чидаб ўтиролмади. Тиззаларини муштлаб қўзғолди. Ерга тупуриб қўзғолди. Оҳ-оҳ уриб қўзғолди.

46
Ботир фирқа Москва телевидениесини кўриб кофе ичди. «Тонг» томошасини кўриб кофе ичди. Мазкур томошада ажаб бир синоатни кўрди: Париж олий ўқув юртларида сабоқ олувчи эронлик қизлар... паранжи ўрабди! Кўчада паранжи ўраб юрибди! Институтда паранжи ўраб юрибди. Дарсда-да паранжи ўраб ўтирибди!
Париж мери бундан хабар топибди. Паранжида юриш тақиқлансин, дея қарор чиқарибди. Ким паранжида юрса, олдин жарима солинсин. Кейин, ўз юртига қайтариб юборилсин, дебди. Эрон хотин-қизлари ушбу қарорни эшитиб, Теҳрондаги Франтсия элчихонаси олдида намойиш ўтказибди. Бу, мусулмончиликка қарши қарор, тезда бекор қилинсин, дея норозилик билдирибди.
Елчихона олдида тўда-тўда хотин-қизлар, қоп-қора паранжилик хотин-қизлар. Бошдан-оёқ қоп-қора хотин-қизлар!
Ботир фирқани завқи келди. Ич-ичидан шод бўлди.
«Жуда тўғри қарор! — дея маъқуллади. — Ана мер, ана раҳбар! Ахир, Париж мери... коммунист эмас-ку? Ахир, Париж мери... Қизил эмас-ку?»
Ботир фирқа ғайрати жўшди. Жойидан даст қўзғолди. Кафтини кафтига урди. Кафтини кафтига ишқади.
Барибир... ҳақиқат бор! — деди. Айвонда тимирскиланиб юрмиш кампири овоз берди:
Чакирдингизми, раис бова?
Яшаса бўлади! — деди Ботир фирқа.

47
Хиёбон тўла одам бўлди. Одам мисоли чумчуқ бўлди.
Одамлар елкасига чумчуқ бўлиб қўнса бўлди... аммо одамлар оралаб юриб бўлмади.
Одам.. қайнади!
«Райком буюрсаям бунча одам йиғилмас эди, — дея ўйлади Ботир фирқа. — Райком партиядан ўчираман, десаям бунча одам келмас эди. Демократия шарофати бу, демократия шарофати».
Ботир фирқа одамларни ёриб юролмади. Ичкарироқ киролмади. Теварак-бош аланглади.
Азим чинор остида турмиш бир кишига кўзи тушди.
Бу киши — собиқ обком секретари ўртоқ Ражабов бўлди.
У ана шу Ражабовни қоралаб борди. Ражабов билан кўришиб-сўрашди. Қўлларини костюми
чўнтакларига солди. Минбарга қаради. Йиғилиш бошланишини пойлади.
Ўрта яшар киши бир минбарга қаради, бир Ботир фирқага қаради, бир чинор шохларига
қаради.
Биз ҳам бор, мана шу чинорлар ҳам бор. Нима дедингиз? — деди.
Чин, чин, — деди Ботир фирқа. — Чинорлар ҳам бор... биз ҳам бор!
Шу чинорларгаям... йигирма йиллар бўлиб қол-ди-ёв?
Ундай, паст кетманг. Бу чинорларни умри... ярим асрдан ошиб кетди.
Ярим аср? Гапингизда жон бор. Чунки мен ҳам бор, шу чинорлар ҳам бор.
Шундай, асрлик чинорлар, шундай.
Қаранг, ярим асрдан зиёд эл-юртга соя-салқин бериб келади-я?
Шундай, шундай.
Бобонинг тол тиккани — ўзига ном эккани, дейдилар. Қайси бир... ота-боболаримиз экиб кетган-да?
Ботир фирқа юзларини четга буриб кулимсиди. Чинор шохларига қараб кулимсиди.
Ким билади, — деди.
Қаранг, бутун бир хиёбонни яшнатиб турибди. Яхшидан... боғ қолади, деганлари шу-да?
Ботир фирқа кўзларини олиб қочиб кулимсиди. Бош ирғаб-бош ирғаб кулимсиди.
Чин, яхшидан боғ қолади, чин, — деди.
Шу чинорларни ким экиб кетган бўлсаям... жойи жаннатда бўлсин!
Ботир фирқа оёқлари учига тикилди. Ботир фирқа хиёл хўрсинди. Ботир фирқа хиёл қизарди. «Раҳмат, раҳмат», — деди ичида.
Шу вақт, минбарга қайта қурувчи демократлар кўтарилди. Жой-жойини эгаллади. Йиғилиш Орол денгизини ҳимоя этиш ҳақида бўлди.
Орол ҳимоячилари бирин-бирин минбар кўтарилди. Аланг-жаланг нутқлар сўзлади.
Ботир фирқа нутқларни қунт билан эшитди. Унг қулоғини нотиқларга қаратиб эшитди. Кафтини
қулоғига елпана этиб эшитди.
Ботир фирқа бир нарсани фаҳмлаб қолди: улар нутқини Оролдан бошлаб... бошқа гапларга бурди. Орол номи бутунлай йўқолди.
Йиғилиш Орол ҳақида бўлди. Чинорларда осиғлик шиорлар Орол ҳақида бўлди. Минбар бетида илиғлик алвон чақириқ Орол ҳақида бўлди. Нутқлар бошланиши-да Орол ҳақида бўлди. Кейин, Орол номи... тамомила ғойиб бўлди!
«Буларни дарди Орол эмас, — деди Ботир фирқа. — Йўқ, буларни қайғуси Орол эмас. Бўлмаса, нима?»
—    Енди сўз... Мирзабуллоҳ ибн Усмон ўғли ал-Мадийга! Йиғилиш аҳли чайқалди. Йиғилиш аҳли; қарсак чалди.
«Исми шарифидан... Арабистондан меҳмон келган чиқади, — деди Ботир фирқа. — Исми шарифидан... араб шайхларидан бўлса керак». Минбарга дароздан-дароз бир бола чиқиб келди.
Ботир фирқа кекса кўзларига ишонмади. Кўкрак чўнтагидан кўзойнагини олиб тақди, эътибор бериб қаради.

Чин, бу ўша... Мадиев бўлди. Ўша дароз шоир бўлди.
«Тавба, — деди Ботир фирқа. — Булар ўзи нима истайди? Бу билан нима демоқчи? Ўзларини намозхон қилиб кўрсатмоқчими? Ўзларини шариат пешволари қилиб кўрсатмоқчими?»
—    Бисмиллоҳир раҳмонир роҳийм... — дея сўз бошлади Мадиев.
«Аввало, гап исми шарифдами? — деди Ботир фирқа. Масалан, мен ўзимни ал-коммунист... ибн фирқа... дея атасам, шариат пешвоси бўлиб қолармидим? Намозхон бўлиб қолармидим?»
Мадиев нутқини Оролдан бошлади. Бир-икки марта Орол-Орол, деди. Кейин...
—    Жаноблар, афтидан, кекса авлод осонликча таслим бўлмоқчи эмасга ўхшайди. Кекса авлод осонликча жон бермоқчи эмасга ўхшайди! — деди. — Шу сабабдан, кекса авлод дуч келган нарсага ёпишмоқда. Кўзига кўринган нарсага тиш-тирноғи билан ёпишмоқда. Ҳа, бу табиий ҳол. Чўкаётган одам чўпга ёпишиши табиий ҳол. Сизга маълумки, кекса авлод уруш ғалабасига ёпишиб кўрди. Биз ғалаба қозондик, деб кўкракларига орден-медаллар тақдилар. Парадлар ўтказдилар. Жаноблар, ғалабани оддий солдат қўлга киритган, оддий солдат! Ғалаба қозонганлар Европа қабрларида ётибди. Улар йигирма миллион, ҳа, йигирма миллион! Кекса авлоднинг тоталитаризм ўтмишлари, милитаризм кечмишлари энди ўтмаганидек, бу ёлғон даъволари ҳам ўтмайди! Жаноблар, кекса авлод ўзлари она-ватанимизни зулматга айлантирган тоталитаризм режимига, она халқимизни қулга айлантирган ўша милитаризм тузумига сизни ҳам, бизни ҳам қайтариш учун ёш авлоднинг... этагидан тортмоқда, ҳа, этагидан тортмоқда!
Халқ... кўклам елларидан чайқалмиш буғдойзор мисол... тўлқинланиб-тўлқинланиб олди! Халқ... кўкни кўтарди!
—    О-о-о! У-у-у! — дея нидо этди.
Ботир фирқани кўкси қизиди. Кўкси ёнди. Кўкси ғалаён этди.
Ўртоқ Ражабов, уйга меҳмон келмоқчи эди,— деди.
Мениям ишим бор эди, — деди Ражабов.
Унда, кетдик!
Улар одамларни ёриб-ёриб юрди. Катта кўчага чиқиб олди.

48
Ботир фирқа елкадан нафас олди. Юзларини рўмолча билан артди.
Ражабов... оғиз тўлдириб-оғиз тўлдириб тупурди. Қақириб-қақириб тупурди. Босиб-босиб бурун қоқди.
Булар нима деяпти, ўртоқ Ражабов?
Итим биладими, нима деяпти!
Гапира беради-да.
Шу-да, ўртоқ Эсонов. Минбарга отилиб чиқиб, лақиллайверади-да.
Ўз оти ўзи билан қайта қурувчи-да.
Нима, шулардан бошқа қайта қурувчи йўқми?
Бор, мана, сиз, биз ҳам қайта қурувчимиз.
Бўпти-да, ҳозир ҳамма қайта қурувчи.
Енди булар лидер, ҳа, лидер!
Қайси, ўшаларми? Маҳмадона, денг, маҳмадона.
Йўқ, улар интеллектуал, ўртоқ Эсонов, ҳа, улар интеллектуал.
Мен буларни юзида ҳам, сўзида ҳам интеллектуаллик кўрмаяпман, ўртоқ Ражабов.
Бор, сиз билан биз ёшларни билмаймиз, бор. Ёшлар Нитсшени ўқиган, Камюни ўкиган, Прустни ўкиган, Фрейдни ўқиган.
Сиз обком Ражабовсиз, сиз буржуа мафкурачиларини намуна қилманг, ўртоқ Ражабов!
Бақирманг, ўртоқ Эсонов, бақирманг. Кўчадан ўтган-кетганлар нима деб ўйлайди? Бор, барибир, ёшларда бор.
Бақирсам-бақирмасам? Нима бор, нима бор?
Интеллектуаллик бор. Интеллектуаллик донолик деб ўйлайсизми? Кечириб қўясиз. Интеллектуаллар халқ ҳисобига яшовчи бетайин бир тоифа бўлади. Интеллектуаллар халқ қалбида нима дард бор, ҳеч қачон англаб етмайди. Шу сабаб, интеллектуаллар халқдан оёғи узилиб қолган зотлар бўлади. Интеллектуаллар китобга қараб ўйлайди, китобга қараб фикрлайди. Интеллектуаллар китоб саҳифаларида яшайди, китобий яшайди. Шу сабаб, китоблардан оғзини тўлдириб тситаталар келтиради, тариҳдан сабоқлар ўқийди. Аммо... кўчат экиб, дарахт ўстиролмайди. Лой қориб, иморат қуролмайди. Гўнг сепиб, ерни тўйдиролмайди. Сабаби, интеллектуалларда ҳаётий ақл бўлмайди! Китоб бошқа, ҳаёт бошқалигини тасаввур ҳам этолмайди. Оқибат, ҳаёт ҳақида қоғоздай қуруқ ўйлайди, қоғоздай жонсиз ўйлайди. Ўйлари ҳаётдан жуда-жуда олис бўлади. Лекин интеллектуаллар ўзларини ниҳоятда акдли деб билади, ниҳоятда замонавий деб билади. Шу сабаб, ўзларини ҳамиша мен ҳақ, деб билади. Аслида эса, интеллектуаллар жисман ҳам, руҳан ҳам заиф зотлар бўлади. Масалан, интеллектуаллар изғирин шамол нималигини яхши билади, аммо ана шу шамолга бардош бериш қўлидан келмайди. Интеллектуаллар ўз мақсадлари йўлида ҳеч балодан тап тортмайди. Маразлик билан бўлса ҳам — кўзлаган мартаба-мансабларини эгаллайди. Аблаҳлик билан бўлса ҳам — ўйлаган шон-шуҳратларига эришади. Кейин... Ватани ёниб кетмайдими — интеллектуаллар телевизорга қараб ўтираверади. Халқи ўлиб кетмайдими — интеллектуаллар газета-журнал ўқиб ўтираверади.
—    Ўзи, булар намунча бақириб-чақиради? Намунча шаталоқ отиб югуради? Намунча питир-питир этади? Битта шулармикин десам, бутун СССР халқлари шундай бўлиб қолди. Қафасда яшаётган каптарни қўйиб юборса нима бўлади? Каптар пат-пат этиб, озодликка отилиб чиқади. Дастлаб, қаёққа учишини билмайди. Ерга қўнишиниям билмайди, кўкка учишиниям билмайди. Оқибат, боши оққан тарафга қараб учади. Шамол эсган ёққа қараб учади. Пойинтар-сойинтар учади, пала-партиш учади. Қаёққа учаётганини ўзиям билмайди. Тақдири энди нима бўлишиниям билмайди. Озодликка қандай эришди? Озодликни худо бердими ё ўз хўжайини бердими? Буниям билмайди! Озод бўлдим, дея патира-путур учаверади. Шундай ўчиб кетаверса — бир балога дучор бўлишиниям билмайди. СССР халқлари ана шу... каптар ҳолига тушиб қолди! Совет халқлари ҳали... озод яшаш нима эканини билмайди! Совет халқлари ҳали... ҳур-еркин парвоз этиш нима эканини билмайди. Нега шундай? Совет халқлари шу вақтгача коммунистик партия қанотлари остида яшаб ўрганган. Коммунистик партия нимани ихтиёр этса — ана шуни бажариб яшаб келган. Коммунистик партия нимани берса — ана шуни еб яшаб келган. Совет халқлари ўзларича... мустақил бир қадам босиб яшаб кўрмаган!
Сиз, совет халқларини қафасдан қутулиб чиққан... каптарга ўхшатяпсиз-да? Йўқ, каптар беозор бўлади. Каптар эзгу ниятли бўлади.
Унда, кимга ўхшат, дейсиз?
Булар.. Буржуа мафкурачилари СССРни халқлар турмаси, дейди-ку? Энди, ана шу гапдан келиб чиқамиз-да? Булар... Турмадан озод бўлиб чиққан... маҳбусларга ўхшайди! Булар турмадан халос бўлган маҳбус каби хавф-хатарли. Боиси — маҳбус турмада хоҳиш-иродасиз яшаган. Орзу-умидсиз яшаган. Уй-хаёлсиз яшаган. Ташаббус-илҳомсиз яшаган. Чин, у, тўғри, маҳбус бўлган. Аммо партия уни текин даволаган. Чин, у маҳбус бўлган. Аммо партия бир сўм пули билан... бир кун яшаган! У фавқулодда озодликка чиқиб қараса... теваракда олдингидай назоратчи йўқ, тақиқловчи йўқ! Демак, кўнгилга келганини қилса бўлади! Қайта қуришчасига айтсак...
озодлик, демократия! У шу вақтгача фақат... план бажарар эди, сотсиалистик мажбурият бажарар эди. У... яшаш нималигини билмас эди! Яшаш қанақа бўлади — бу ҳақда ўйлаб кўрмас эди. Аниқроғи... у яшамас эди! У... қимирлаб юрар эди! Ҳол сўрасалар... қимирлаб турибмиз, деб қўяр эди. Чин-чин, у ойлик маошини қўл қўйиб олиш учун... қимирлаб турар эди! Ана шу маҳбуслар... қайта қурувчи бўлди! Ўзи хон, ўзи бек бўлди!

49
Ражабов олдинда юрди, Эсонов кейинда юрди. Юрди-юрди — йўл чети скамейкадан жой олди. Йўловчи машиналарни кузатиб ўтирди.
Қалайсиз энди, ўртоқ Эсонов?
Бир нави, ўртоқ Ражабов, бир нави.
Қайта қурувчилар озодлик, озодлик, дейди. Озодлик — тўрт тарафинг қибла, оғзингга келганини гапир, дегани эмас-ку? Озодлик — бақириб-чақириб мансаб эгалла, шон-шуҳратга эриш, дегани эмас-ку? Ё озод бўлиш... ит бўлиб ҳуришми? Озод бўлиш... кўрин-ган одамни этагига кучук бўлиб ёпишишми?
Чин, ўртоқ Ражабов, чин. Озодлик — намойиш ўтказиш эмас, мажлис қилиш эмас. Телевизорда маҳмадоначилик қилиш эмас, газета-журналларда ялтироқ сўзлар айтиш эмас.
Тўғри, озодликни қуйлаш керак, кўкларга кўтариб куйлаш керак. Лекин озодликни қуйлаш учун... эл-юрт узра озодликни ўрнатиш керак! Бундай кунларга етиш учун... бир ўлиб... бир тирилади! Ўртоқ Эсонов, биз учун озодлик — тақдир инъоми бўлди! Биз учун озодлик — бахт қуши бўлди!
Озодлик учун... оғизни юмиш керак, қулоқни бекитиш керак, қадамни тийиш керак! Озодлик учун... шон-шуҳрат талашмаслик керак, мансаб-амал талашмаслик керак!
Афсуски, айнан ана шундайлар даврага отилиб чиқади. Кўкрагига уриб... ўзини халқпарвар кўрсатади, ўзини ватанпарвар кўрсатади! Ўзини ботир кўрсатади! Ана шундайлар олдинда байроқ кўтариб юради, шиор кўтариб юради. Нутқ сўзлаб юради, бақириб-чақириб юради. Аслида эса... тескариси бўлади! Шу сабаб, азал-азалдан дунё бир кам дунё бўлиб келади. Шу сабаб, азал-азалдан халқ бошига энди офтоб чиққанда... халқни бурни қонайди!
Озодлик демак — ўз оламини ўзи топиб олиш демак. Ўз йўлини ўзи топиб олиш демак. Ўзлигини топиб олиш демак.
Минг афсуслар бўлсин, биз ҳали... озодликка тайёр эмас эдик! Онгимиз... озодликка тайёр эмас эди! Ақлимиз... озодликка тайёр эмас эди! Озодлик-озодлик, сўзларини билар эдик. Аммо мазқур сўзларни мазмуни нима эканини билмас эдик! Чунки мазкур сўз бағрида... бир кун бўлса-да... ҳа-ҳа, бир кун бўлса-да... яшаб кўрмаган эдик! Мана, Яратганни ўзи бизни мазкур сўз бағрига топширди. Биз мазкур сўз бағрида... чақалоқ бўлиб ётибмиз! Биз ҳали отамиз ким, билмаймиз, онамиз ким, билмаймиз. Энг фожиали жой... дўст-душманимиз ким — билмаймиз!
Ўзи, яхшилаб ўйлаб қаралса, сиз айтган озодлик... тенгсизлик, демак. Шундай, озодлик, тенгсизлик демак.
Кўрасиз, бой бойга, камбағал камбағалга ажралиб қолади.
Ким бой, ким камбағал — кўриниб қолади. Масалан, магазинга кирасиз — кимматбаҳо кийим туради. Бой бўлсангиз, ана шу қиммат кийимни олиб киясиз. Ошхонага кирасиз — қиммат таомлар қаторлашиб туради. Бой бўлсангиз, ана шу қиммат таомни олиб ейсиз. Айтайлик, бой бўлсангиз — самолётда юрасиз. Камбағал бўлсангиз — лиқир-лиқир поездда юрасиз. Ана сизга озодлик, мана сизга озодлик! Олдинлари... тенглик эди, халқ
магазиндан хоҳлаган кийимини олиб кияр эди. Халқ ошхонадан иштаҳаси тортган таомини олиб ер эди. Халқдан ҳар бири самолётда уча олар эди!
Совет ҳукумати давлат бошига келиб қолибоқ... ерни халққа бўлиб берди. Халқ учун шаҳар-қишлоқларда ёппасига уй-жой қуриб берди, бошпаноҳсиз халқ бирдан уй-жойли бўлди. Ўзи қуриб берган уй-жой учун халқдан пул олмади! Бундан ортиқ яна қанақа ҳукумат бўлсин? Мен уни олийдан-олий каромати — бепул уй-жой деб биламан! Эзгудан-езгу мероси —- текин уй-жой деб биламан!
Чин айтасиз, ўртоқ Ражабов, чин айтасиз.
Енди, совет медитсинасини айтинг... Совет халқи онасини қорнидаёқ медитсина ёрдами олди. Ҳали туғилмаган совет чақалоғи медитсина ёрдами олди. Кейин, аёл туғруқхонага тушди. Совет чақалоғи туғруқхонада врачлар кўзи олдида ётди. Совет чақалоғи... совет медитсинаси қўли билан туғилди. Совет чақалоғи... совет врачлари кафтида дунёни кўрди, оппоқ чойшабларда ўралиб ётди. Совет чақалоғи... текин даволанди! Энди, манави қайта қурувчилар совет медитсинасини сўкиб бошлади. Агар совет медитсинаси бўлмаса, манави қайта қурувчиларни кўпчилиги... онасини қорнида ўлиб кетар эди! Тўғри, совет медитсинаси малакасиз даволади. Бу совет медитсинаси ёмон, деган гап эмас. Бизда халқ кўп, ер кўп. Ҳаммани малакали медитсина билан таъминлаш қийин. Энди...
СССР халқлар турмаси, халқлар турмаси... дейди. Ўзи, шу гап кимдан чиққан, ўртоқ Ражабов?
Албатта, Ғарб мафкурачиларидан чиққан-да! Кимдан бўларди?
Йўқ, бу фитна, бу иғво. Чин, СССР улкан деворлар мамлакати, узун деворлар мамлакати. Бу улкан деворлар метин қонун-қоида учун хизмат қилади. Покдомон хулқ-ахлоқ учун хизмат қилади. Чайир тартиб-интизом учун хизмат қилади. Масалага партиявий ёндашсак, СССР таркибида юзлаб элатлар бор. Улар неча-неча асрлардан буён киндик қони томган азалий юртида яшаб келди. Ҳали миллат даражасига кўтарилмаган элатлар-да бекаму кўст умр кечирди. Майда-майда элатлар улғайиб... миллат даражасига кўтарилди. Митти-митти уруғ-аймоқлар кўпайиб... халқ даражасига етди!
Халқ бўлди! Совет тузумида... аймоқлар миллат бўлди! Элатлар халқ бўлди! Совет тузумида... биронта-да халқ йўқ бўлмади! Ғарб мамлакатларида халкдарни сон-саноғи йўқ эди. Бош-адоғи йўқ эди. Ана шу халқлар ўз-ўзидан... пароканда бўлиб бошлади! Ана шу халқлар ўз-ўзидан... йўқолиб бошлади! Бутун-бутун халқлар ер юзидан... ғойиб бўлди! Масалан, Европада келт ҳамда иллирий, деган халқлар бўлар эди. Келтлар-да, иллирийлар-да тарихий халқлар эди. Юксак маданиятли халқлар эди. Биласизми, «Буюк Британия» номи қаердан келиб чиқади? Ана шу тарихий келт халқлари оиласига мансуб «бритт» халқи номидан келиб чиқади! Қани ўша халқлар, қани? Бриттларни немислар билан инглизларни ўзи... йўқ қилиб юборди! Улкан-улкан славян халклари бор эди. Болтиқ халқлари бор эди. Роман халқлари бор эди. Масалан, прусс, дегич Болтиқ халқи бўлар эди. Ниҳоятда ўзига хос халқ эди, қани ўша прусс халқи? Пруссларни бошига... немислар етди! Шундай маданиятли халқдан прусс, деган ном қолди, холос. Пруссия номи тарихий манбаларда бир учраб қўяди, холос. Ҳозир ҳам Европада бир қатор халқлар ер юзидан йўқ бўлиб кетиш хавфи остида яшамоқда. Масалан, Буюк Британиядаги ирланд халқи, Йспаниядаги баск халқи. Ирландлар-да, басклар-да халқ сифатида йўқ бўлиб кетмаслик учун... жон талвасада кураш олиб бормоқда! Шундай экан, энди масалага партиявий ёндашайлик...
Масалани партиявий ҳал этайлик!
Хўп, масалани партиявий ҳал этайлик. Энди, Ғарб мамлакатларини... нима деб атасак бўлади? Европа — халқлар қабристони, десак ярашадими? Европа — халқлар мозористони, десак эп бўладими?
У-у-у, ўртоқ Эсонов... каллангиз калла эмас — қомус, ҳа, қомус! Майли, Ғарб мафкурачиларини қўйиб турайлик. Ўзимизни КПССга қайтайлик. Манави қайта қурувчилар КПССни... суд қиламиз, дейдими?
Айтди, КПССни суд қиламиз, деб айтди.
Унда, қора курсида ким ўтиради? Ким айбдор бўлади? Ўртоқ Ленинми? У зот мавзолейда ётибди-ку? Уртоқ Брежневми? У киши аллақачон хилқатга кетди-ку. Ўзи, нимани суд қилади? Марксизм-ленинизмними? Сотсиализмними? КПСС қора курсига ўтирмайди. КПСС тавба-тазарру этмайди. КПСС учун... мана, мен айбдор бўламан! КПСС нима номаъқулчилик қилган бўлса — шу номаъқулчиликни мен қилдим! КПСС қандай хатоликка йўл қўйган бўлса, шу хатоликни мен қилдим! Мана, мен — обком Ражабов! КПСС — Сталин дегани эмас. КПСС — Брежнев дегани эмас. КПСС — миллион-миллион фақирдан-фақир коммунист демақдир. КПСС — миллион-миллион меҳнаткашдан-меҳнаткаш ишчи-деҳқон демакдир! Қайта қурувчилар ана шу миллионлар юзига лой чапламоқда. Ана шу миллионларни бадном этмоқда! Умр бўйи КПСС ош-тузини еб, энди КПССга... тупурмоқда! Булар... хунасалар! Эркак эмас, хунасалар! Мана, мен КПССни бир зарраси эдим — мен КПССни зарраси бўлиб қоламан! Судда КПСС учун... ўзим жавоб бераман, ўзим!
Булар судни биладими, ўртоқ Ражабов. Оғзига келганини гапираверади-да. Булар бир... оломон, оломон! Оломонда тўртта таркибий хислат бўлади. Бу қандай хислатлар? Булар — ғоя, ирода, руҳ, ахлоқ. Ана шу тўртта хислат жам бўлса — оломон бўлади. Ана шу тўртта хислат туфайли оломон қудратли ҳам даҳшатлидир. Оломон — бўрон, оломон — ёнғин, оломон — сел! Шу боисдан-да, оломон бўлар-бўлмасга қўзғола бермайди. Оломон бирор-бир ғоя учун қўзғолади. Янги бир ғоя дунёга келса — оломон ана шу янги ғоя учун қўзғолади. Мазкур ғоя порлоқми ё тубанми — оломон учун аҳамиятсиз бўлади.   Оломон қатордан қолма, кўпдан қолма — шиорлари остида саф бўлади. Оломон учун жамиятни яхши куниям бир, ёмон куниям бир. Жамият бирор ютуққа эришса — оломон қўзғолади. Жамият бирор парокандаликка учраса — тағин оломон қўзғолади. Оломон яхши кунда бир сиёсатдонни улуғлайди. Емон кунда... айни шу сиёсатдонни ер билан баравар этади! Оломон... тўқимтабиат бўлади! Бир кунлик кайфият билан жам бўлади. Бир соатлик мақсад билан йиғилади. Кейин, бирдан ... айниб қолади. Бирдан... тариқдай тарқаб кетади! Оломон жуда осонлик билан ўзига лидер топади. Чунки оломон лидерсиз бир қадам босолмайди. Лидерсиз бир сўз айтолмайди! Лидер оломон номидан ғанимига қарата биринчи бўлиб тош отади. Биринчи бўлиб ўқ отади. Шу боис, оломон ўз лидери кетидан... кўрларча эргашади! Ўз лидери изидан... подаларча юради! Ким оломон лидери бўла олади? Ўзида йўқ... фазилатлар билан оломонни ишонтира олувчи, ёлғон-яшиқ ғоялар билан оломонга таъсир эта олувчи, маза-бемаза шиорларни хорижий тиллар билан қўшиб сўзлай олувчи зот — лидер бўла олади! Инсон генерал бўлиши мумкин, аксинча, лидер бўлолмайди. Инсон министр бўлиши мумкин, аксинча лидер бўлолмайди. Масалан, Николай ИИ оқпошшо бўлди. Аммо-лекин лидер бўлолмади. Ўртоқ Ленин оқпошшо бўлолмади. Аммо-лекин лидер бўлди!

50
Газетада Орол денгизини қутқариш мажлиси ҳақида эълон берилди.
Ушбу мажлис бўлди.
Оролпаноҳлар бирин-кетин минбарлади.
Оролпаноҳ Мадиев бир ўнгга таъзим этди, бир чапга таъзим этди, бир олға таъзим этди. —   Хонимлар ва жаноблар! — деди.
Ботир фирқа кулиб юбормасин учун — кафтини оғзига қўйди. Узини йўтал тутаётган кўрсатиш учун оғзини ушлади. Ўзини кулгидан аранг тийди. Ерга қараб ўтирди. «Е, тавба, — деди, — сенга ким қўйибди бундай гапларни? Нима бало, инглиз лордимисан ё франтсуз қиролимисан?»
—    Хонимлар ва жаноблар, мана, қайта қуриш туфайли она-ватанимиз тубдан ўзгариб бормоқда. Заводлар, фабрикалар қурилмоқда. Маданий-маиший корхоналар, маданият уйлари очилмоқда. Мана шундай маданий-маиший корхоналардан бири тарихий ва кўҳна Қўқон шаҳрида очилди. Бу Қўқон зардўзлик фабрикасидир. Бу фабрикада қўли гул чеварларимиз турли-туман жилолик зардўзлик матолари, сарполари, дастурхону пардалар, қўйингки, турфа ранг зардўзлик либослари тикиб чиқармоқда. Буни қарангки, шу қўқонлик зардўз чеваралар тикиб чиқараётган матолар ичида жойнамоз ҳам бор экан. Жойнамоз! Оппоқ жойнамоз! Тўрт бурчакли жойнамоз! Ҳозиржавобликни қаранг, миллийликни қаранг! Ахир, озод ватанимиз мусулмонобод бўлиб қолди-да, мустақил халқимиз намозхон бўлиб қолди-да. Қўқон чеварлари ҳур ва озод халқимиз хоҳиш-иродаси учун лаббай, деб жавоб берган-да. Энди, ана шу Қўқон чеварлари жойнамозидан собиқ партия-совет арбоблари, бугунги пенсионерлар ҳам битта-биттадан олсалар. Жойнамозга пешоналарини қўйиб... беш вақти намозни бошласалар. Партия-совет ташкилотларида фаолият кўрсатиб, қилган айб-гуноҳларини ювсалар. Худои таолонинг бағри кенг — гуноҳларини бўйнига олиб, тоат-ибодатни бошлаб юборган бандасининг гуноҳидан ўтади. Беш вақти намоз гуноҳларини ювади! Марҳамат, собиқ партия-совет арбоблари, чеварларимиз тиккан жойнамозлар сизларга мунтазир!
Қайта қурувчилар партия-совет арбобларидан тавба-тазарру кутди. Қайта қурувчилар
партия-совет арбобларидан... узр-маъзур кутди.
Партия-совет арбоблари коммунист эди... коммунист бўлиб қолди!
Партия-совет арбоблари... Брежнев мисол миқ этмади! Брежнев мисол мижжа қоқмади.
Брежнев мисол... турғун бўлиб ўтирди. Брежнев мисол... ҳайкал бўлиб ўтирди!
Мадиев куйди, Мадиев ёнди! Мадиев... лўлилик йўлига ўтди.
—    Йўқ, биз энди сабр-тоқат қилолмаймиз! — деди. — Йўқ, сабр-бардошимиз ниҳоясига етди! Биз энди содир этилган жиноятлар учун кимлар айбдор эканлигини аниқлаб олишимиз керак ва зарур. Биз етмиш йил мобайнида жиноятчи партия-совет арбобларининг бутун бир авлодини тайёрлаб етиштирдик. Минг афсуслар бўлсинки, улар ҳар қадамда учраб туради, ҳар дақиқада учраб туради!
Мадиев партия-совет арбобларига қўлини пешлади. Кўрсаткич бармоғини бигизлади.
—    Биз булар билан... бўлмаймиз! — деди. — Йўқ, йўқ, биз булар билан бўлмаймиз!
Ботир фирқани назарида... Мадиев кўрсаткич бармоғини... Ботир фирқани пешонасига нуқиди. Назарида, бармоқ учи Ботир фирқани... пешонасига тегди. Дук-дук тегди... тик-тик тегди! Назарида, бармоқ учи Ботир фирқани пешонасида... ёпишиб қолди! Ботир фирқа кўзларини юмди — Мадиевни бармоғини кўрмай деди! Мадиевни бармоғидан қутулай деди.
Шу билан мажлис адо бўлди. Мажлис аҳли тарқалди.
Ботир фирқа билан Ражабов ҳамроҳ бўлди.
Булар ҳали-ҳозир тили билан юряпти. Кейин-кейин, устимиздан тўрт тарафга ёзади. Бу шахслардан келади, — деди Ботир фирқа.
Шахс? Шулар шахсми? — дея қўл силтади Ражабов. — Булар... бечора гўрсўхталар! Булар гўрсўхта бўлмай, ким гўрсўхта бўлади? Мана, мен. Мен қурдим, мен яратдим, мен савоб ишлар қилдим! Шундай экан, мен пири бадавлат шахсман. Мен бус-бутун шахсман. Мен етук шахсман! Хўп, ана шуларчалик ҳам борайлик.
Айтайлик, тоат-ибодат қилиш учун худони билиш керак. Бу бечора гўрсўхталар худони қаердан билади? Булар эски алкашлар, эски ғарлар!

51
Улар йўл четидан юрди. Оёқлари учига тикилиб юрди. Гап-сўзсиз юрди.
Йўлбўйи чойхонага келди. Юзма-юз ўтирди. Бир-бирига тикилди. Елкадан нафас олди.
Ниҳоят, Ботир фирқа кўкка бармоқ нишлаб-нишлаб сўзлади:
—    Сўзловчи нодон бўлса, сен доно бўл! Халқ мақоли!
Ражабов бирдан жонланди. Юзларида ёруғлик ўйнади. Кўзларида қувонч балқди.
Офарин, ўртоқ Эсонов, офарин! — деди Ражабов. — Сиз доно партия-совет арбобисиз! Ботир фирқа қомат ростлади. Ботир фирқа кўкрак керди. Кириниб-қириниб йўталди. Теваракка мағрур-мағрур боқди.
Курашамиз, курашамиз, дейди, — деди Ботир фирқа. — Ким билан курашади? Мен биланми? Ахир, мен Гитлер бўлиб, шаҳар-қишлоқларни вайрон этмадим, халқни қатл қилмадим. Гиммлер бўлиб, тирик одамларни ўтда куйдирмадим, буғдойзорларга ўт қўймадим. Ниҳояти... коммунист бўлдим! Мени нимам билан курашади? Отни ўлими — итни байрами, дейдилар. Булар... қари-қурилар билан курашмоқчи бўлиб юрибди. Булар... Дон Кихот! Йўқ нарса билан курашувчи Дон Кихот! Булар қуп-қуруқ галварслар. Ғариб-бенаво галварслар. Булар олдин-да шундай эди, бундан кейин-да шундай бўлиб қолади. Мана, Борис Елтсин. У олдин ҳам ўғил бола эди, ҳозир ҳам ўғил бола!
Ўртоқ Елтсин коммунистик эътиқод билан енг шимариб, коммунистик ишонч билан бел боғлаб... янгича ишламоқда! Коммунистик ватанпарварлик, коммунистик халқпарварлик билан тер тўкиб меҳнат қилмоқда. Ўртоқ Елтсин олдин ким эди? Собиқ партком, райком, обком, горком... хуллас, коммунист, ҳа, коммунист! Келинг, масалани партиявий ҳал этайлик: ўртоқ Елтсин коммунист бўлмаса, президентлик шоҳсупасигача кўтарилиб кела олар эдими? Йўқ, кўтарилиб келмас эди. Ўртоқ Елтсин коммунист бўлмаса... президент бўлолмас эди! Ўртоқ Елтсин ғайрат-шижоат билан қайта қуриб бошлади. Ишонч-еътиқод билан демократия тузиб бошлади. Ўртоқ Елтсин ўтмишидан қечмади. Яъни ўзидан кечмади. Ўртоқ Елтсин йўлини ўзгартирди, холос.
Бу борада ўртоқ Елтсинни протопоп Аввакум билан қиёсласа бўлади. Аввакум ота-боболардан қолган қадриятлар ва ўтмиш меросларини қайта тиклаш, асраб-авайлаш учун курашади. Ўртоқ Елтсин ҳам Аввакум мисол йўлдан борди.
Мана шу қайта қурувчилар олдин ким эди? Мен ҳамма қайта қурувчи ўртоқ Елтсинга ўхшаб, олдин обком бўлсин, демайман. Ахир, янги тузум демак — янги қурилажак иморат демак. Янги иморат қуриш учун куч-қувват керак, маблағ керак, малака керак. Мен мана шу Мадиевни шеърларини ўкиганман. Шеърларида ҳаётдан нишона бўлса — ўлсин агар! Авангард шоир эмиш. Франтсуз авангардларига тақлид қилиб, беш-олтита шеър ёзган. Франтсуз авангардлари қачонлардир ўтиб кетган. Бу зот франтсуз авангардизмига... энди етиб келибди! Шу беш-олтита шеъриниям ўзича эплай олмай, франтсузларга тақлид қилиб ёзибди. Ўзидан чиқариб, тўртта шеър ёзолмаган зот... қандай қилиб қайта қуради? Ўзининг тўртта мустакил фикри йўқ зот... қандай қилиб демократия қуради?
Булардан нима умиду, нима хайр, ўртоқ Ражабов.
Унда, кимдан умидланиш керак? Деҳқон ўз оти ўзи билан деҳқон. Деҳқон бечорага кетмон бўлса бўлди.
Булар мансабга талпиняпти, ўртоқ Ражабов, мансабга! Майли, даври келибди, мансабларни эгалласин. Аммо-лекин биз демократмиз, дея кўкрак уради. Яхши, демократия яхши. Демократия — ҳур фикрлаш демак. Демократия фақат ҳур фикрлаш билан кифояланиб қолмайди. Демократия — келажак фойдаси йўлида ҳалол ҳам илғор баҳолаш демакдир! Ана шу Мадиевларга айтгим келади: демократ, сен ўтмишга тош отма. Ўтмишга тош отиш, ўликни тепкилаш демакдир. Ўлик тирилиб, хатолари учун сендан кечирим сўрамайди. Ўлик тирилиб, қайта қуриш учун бир иш қилиб бериб бермайди. Демократ, ўтмишдан сабоқ олиш керак, сабоқ. Ана шу сабоқни хулосалаб, бугунни ўйлаш керак, бугунни. Бугунни хулосалаб, келажакни ўйлаш керак, келажакни. Демократ, сен ўтмишга тўппонча отсанг, ўтмиш сени тўпга тутади!
Нега энди бари ёппасига минбарга отилиб бошлади? Бари шиор кўтариб бошлади? Теварагига гуруҳ тўплаб бошлади?
Булар депутат бўлмоқчи, ўртоқ Ражабов, депутат.
Депутат бўлиш учун минбардан тушмаслик керакми? Бақириб-чақириш керакми? Шаккоклик қилиш керакми?
Одатда, уч тоифа одам халқ эътиборини олади. Уч тоифа одам овоз олади. Биринчи тоифа — ритсар бўлади. Бизда ритсарни халқ қаҳрамони, дейди. Халқ қаҳрамони ботир бўлади, жасур бўлади. Шу боис, курашсиз яшай олмайди. Халқ қаҳрамони осойишта ҳаёт нималигини билмайди. Билса ҳам тинч-осойишта яшамайди. Боиси, халқ қаҳрамони... тинчликни ёмон кўради. Бу тоифа одам инқилоб вақтида биринчилардан бўлиб қўлига қурол олади. Яловбардор бўлади, ура-урачи бўлади, оташзабон бўлади. Қаҳрамонликлар кўрсатгиси келади. Мардлик-жасорат намойиш этгиси келади. Шон-шуҳрат орттиргиси келади. Орден-медаллар олиб таққиси келади. Иккинчи тоифа одам — олижаноб одамдир, улуғнамо одамдир, авлиёнамо одамдир. Бу тоифалар хўрланган халқ учун қайғуради, ҳақоратланган халқ ўчун қайғуради, эзилган халқ учун қайғуради. Ғариб халқ учун, муштипар халқ учун қўлидан келган ҳамма ишни қилади. Бечора халқ учун ойлик маошини беради, қарилик нафақасини беради, ўлимлигини беради. Бу тоифалар элюртга эзгулик ҳам маърифат тарқатади. Учинчи тоифа одам — ишбилармон одамдир, тадбиркор одамдир, уддабурон одамдир. Булар фақат кирим-чиқимни билади, фойда-зиённи билади. Яратиб беради, қуриб беради. Бир сўз билан айтсак, бу тоифа одамлар фақат фойда беради. Ана, ана шу уч тоифа одам кўп овоз олади! Энди, манави Мадиевларни олайлик. Аввало, буларда мансаб-мартабани ўзи йўқ. Эл-юрт олдида бурч нима, жавобгарлик нима, билмайди. Турган гап, халқ бошқаларга овоз беради. Булар эса, йўл-йўлакай кулги бўлиб қолади, майна бўлиб қолади. Оқибат, ўзларини хўрланган ҳис этади, эзилган ҳис этади. Булар энди ҳақиқатни тиклаш учун ана шу... ғолибларга қарши кураш олиб боради. Ғолиблар билан ташлашади. Ғолиблар қараб турармиди? Ўртада ёмон-ёмон — сизу бизга ёмон бўлади. Сизу биз жафо чекамиз. Биримиз икки бўлмайди. Булар билмаяпти.— улар ўзларини ўзлари кўтариш учун Мадиевларни зинапоя ўрнида ишлатиб юрибди. Ўзларини ўзлари сайлаш учун — Мадиевларни қўғирчоқ қилиб ўйнатиб юрибди.
Манави Мадиев шоирни... соқолидан бошқа нимаси йўқ бўлса керак?
Соқолда гап кўп, ўртоқ Ражабов. Соқолдор одам анча-мунча халқни ўзига эргаштиради. Чунки соқол кишига авлиёнамолик бахшида этади. Масалан, Фидел Кастрони «қудрати» — соқолида.
Биттаям оқ ораламаган сочлар. Биттаям сочи тўкилмаган бошлар. Ойнадай теп-текис, гард юқмаган пешоналар. Тип-тиниқ, ялтироқ юзлар... Ана, қайта қурувчиларни портрети! Ана, демократлар ким! Кўпчилик қайта қурувчиларни ҳали... мўйловиям сабза урмаган! Шундай экан, қайта қурувчилар нимасига суяниб ваъз ўқийди? Демократлар нимасига таяниб оқсоқолчилик қилади? Биз нима учун шуларга қулоқ солишимиз керак экан? Биз нима учун шуларга эргашишимиз керак экан? Келинг, масалани партиявий ҳал этайлик: одамда... эркакча юз бўлса! Бу юзда кўпни кўрган пешона бўлса. Бу
пешонада узун-узун чизиқлар — олис-олис йўллар бўлса. Мазкур чизиқ-йўллар сермашаққат тақдирдан сўйлаб турса, эл-юрт тарихидан сўйлаб турса. Пешона дегани мисоли бир тарих китоби бўлса, мисоли бир қомус бўлса. Ўртоқ Эсонов... инсонда мазмун-маъноли юз бўлса! Бу юзда... мўл-мўл ажинлар бўлса, машаққатлар рамзи бўлган тиртиқлар бўлса, турли-туман дардлар асорати бўлса! Бу юзда... зўр қайғулар тамғаси бўлса, кўргиликлар белгиси бўлса, қора кунлар суврати бўлса! Ўртоқ Эсонов, инсон кўзларида... мунг бўлса, қайғу бўлса, дард-алам бўлса! Инсон кўзлари ҳам... тариҳдан сўйлаб турса, ҳам... келажакка чорлаб турса! Инсон кўзлари остида қават-қават... ажинлар бўлса! Ушбу ажинлар варақ-варақ... тарих бўлса! Инсон кўзлари остида думалоқ-думалоқ... халталар бўлса! Ушбу халталар яхши-ёмон кунларни бекитиб ётган бўлса... Ўртоқ Эсонов, ана шундай кўзларга қараб ўтирса бўлади! Ана шундай пешоналарга эргашса бўлади! Ана шундай юзларга қулоқ солса бўлади!
Буларни мақсади қайта қуриш эмас. Булар ленинчи кекса авлодни четга суриб ташласак — марра бизники бўлади, деб ўйлаяпти. Ленинчи авлоддан қутулиб олсак — тантана қиламиз, деб ният қиляпти. Ҳамма мансаб-мартабаларни эгаллаб олиб — давримизни суриб ётамиз, деб мақсад қиляпти.
Шундай, ўртоқ Эсонов, шундай.
Булар ўзларини қайта қурувчи, деб юрибди. Булар қайта қурувчилар эмас, булар... қайта бузувчилар! Ҳа, ўртоқ Ражабов, булар — қайта бузувчилар! Қайта бузувчи бўлганда-да... нонкўр бузувчилар! Кўрнамак бузувчилар!
Шу донолигингиз учун... икки чойнак чой олиб келмасам бўлмади.
Қимирламанг, ўртоқ Ражабов, ўзим олиб келаман.
Мен сизнинг ақл-заковатингизга... обкомдаёқ қойил бўлиб эдим! Энди эса — мен сизга сиғинаман!
Ўртоқ Ражабов, сиз обкомни биринчи секретарисиз, бюро аъзосиз! Сиз ўтиринг, ўзим чой олиб келаман.

52
—   Хонимлар ва жаноблар! — деди Мадиев. — Кейинги йилларда иқтисодий ва маънавий, сиёсий турмушимиздаги тарихий ўзгаришлар, улкан бурилишлар ўзбек халқи ҳаётини тамомила ўзгача баҳолашга эҳтиёж ўйғотмоқда. Қонли Октябр тўнтаришидан кейин бошланган ва ҳалигача давом этиб келаётган эътиқодлар кураши, ғоялар курашининг ғоятда қарама-қаршилиги бугунга келиб ҳамманинг диққат марказида турибди. Кескин курашлардан иборат бу мафкуравий сиёсатлар ичида миллий масала алоҳида ўрин тутади. Ботир фирқа бир қимирлаб олди. Уёқ-буёғига қаради. Мадиевни нутқидан ҳайрон бўлди. «Галварс... гапни олисдан бошлади. Яхшиликка бўлсин... — дея ўйлади. — Барибир, гапини бизга олиб келиб тақайди. Ишқилиб, отимни атамаса бўлди. Эл-юрт олдида шарманда қилмаса бўлди».
Тариҳдан маълумки, турли-туман хонлар ўзбек мўмин-мусулмонларининг қонини сўриб келди... тери-сини шилиб келди, мусулмонларнинг ўсиб-улғайишига, юксак тараққий этишига тўғаноқ бўлди. Собиқ тоталитар тузум мўмин-мусулмонлар ўз ақл-ҳушларини йиғиб олмасликлари учун, маънавий ва маданий ривожланмасликлари учун, миллий маданият ва миллий тил тараққий этмаслиги учун, бир сўз билан айтганда — ўзлигини англаб олишига йўл бермаслик учун қўлидан келган барча чора-тадбирларни ишлаб чикди ва амалга тадбиқ этди. Мўмин-мусулмонлар ўрис жаллодлари зулми остида бир амаллаб кун кечирди. Қонхўрлар мўмин-мусулмонларни «ёввойи», деб атаб келди... Ботир фирқа мисоли... янги кино кўрди. Мисоли янги кинода янги қиёфа кўрди. Шу
вақтгача турли киноларда турли қиёфаларда кўриб юрган артистини энди янги қиёфада
кўрди.
Бугунги кинодан гангиб қолди. Эс-ҳушини йиғиб ололмади. Минбардан кўз ололмасди. Ичида Мадиевни сўкди. Бураб-бураб сўкди.
Ниҳоят, ўзини босди. Осойишта бўлди. Сокин бўлди. Ўзича бош ирғади. Ўзича... Мадиевни... қўллаб-қувватлади!
Боиси, Ботир фирқа қалбан... миллатчи эди! Ҳа-ҳа, ич-ичидан:.. миллатчи эди!
Мана, умр ўтди — Ботир фирқа миллатчилигини тилига чиқармади. Мана, умр ўтди — Ботир
фирқа миллатчилигини юзага чиқармади.
Вазмин-босиқлигиданми? Ичимдан топ одам эканлигиданми?
Ботир фирқа оғиз очмасликни... ички бир дунёқарашдан деб билди. Ички бир ақлдан деб
билди.
«Коммунистик партия сиёсатига бегона ғоялар — мен учун-да бегонадир», дея ўйлади.
Аммо... ўзи билан ўзи гаплашди! Ич-ичидан гаплашди:
«Миллатчилик — ўз киндик қони тўкилган ерга садоқатдан бино бўлади. Ўз халқига меҳр-оқибатдан бино бўлади. Ўз қариндош-уруғларига меҳр-муҳаббатдан бино бўлади. Аммо-лекин миллатчиликни ёмон тарафлари-да бор. Миллатчилик — иблислар паноҳ топажак энг сўнгги паноҳ, демак. Миллатчилик — жаҳолат, демак. Миллатчилик — бир халқни бошқа бир халққа нисбатан нафрати, демак. Шу боисдан, жуда кўп фожиалар ана шу миллатчиликдан келиб чиқади».
Ё Ботир фирқа мансабидан тушиб қолишдан қўрқдими? Партбилетидан ажралиб қолишидан қўрқдими? Йўқ, яна йўқ!
«Миллатчилик мисоли бир олов, — дея ўйлади Бо-тир фирқа. — Олов ўз оти ўзи билан олов. Олов билан ўйнашиб бўлмайди. Одам оловни эҳтиёт қилмаса, бет-қўлини куйдириб қўяди. Одам оловни авайламаса, ўз уйини олов олдириб юборади. Бутун... дунёни ўт олдириб қўяди!
Чин, ашаддий миллатчи бўлиш керак. Ўз эл-юрти учун ўлимга-да шай миллатчи бўлиш керак! Кўнглида миллатчилик ҳис-туйғулари йўқ инсон... инсон эмас! У бир... робот, робот! Аммо-лекин ақл-фаросат билан миллатчи бўлиш керак. Ўта билим билан миллатчи бўлиш керак. Замон шамоллари эсишига қараб миллатчи бўлиш керак.
Мана, ХХ аср оёқлади. ХХ аср мисоли эски уй бўлиб қолди. Аммо-лекин ана шу эски уй бўсағасида тағин бир уй бор.
У — бутунлай янги уй. Инсон қадам босмаган уй. Ҳали эшиклари очилмаган уй. Ҳали чироқлари ёқилмаган уй.
Бу уйни номи — ХХИ аср! Мўмин-мусулмонлар орзиқиб ошиқажак ХХИ аср! Мўмин-мусулмонлар бахт-саодат кутажак ХХИ аср!
Енди, ана шу янги уй учун... талаш бўлади! Ер ол-ол бўлади. Юрт ол-ол бўлади. Эл ол-ол
бўлади.
Барча ўз мақсадлари йўлида... миллатчиликни ишга солади! Халқларни... миллий туйғусини ишга солади. Халқларни... миллий ғурурини олов мисол ковлайди!
Болшавойлар мусулмонларни терисини шилиб келди, қонини сўриб келди... эмиш. Ана гап! Авваламбор, совет тузуми даврида... хўроз ҳамма юртда бир хил қичқирди! Бу хўрозни оти — КПСС бўлди!
КПСС хўрози овози остида ўрис-да бўлди, гуржи-да бўлди, латиш-да бўлди, ўзбек-да бўлди. Қайтанга, КПСС хўрози дастидан ўзбекдан кўра... ўрис кўп талафот кўрди!»

53
Кетдикми, ўртоқ Эсонов?
Кетдик, ўртоқ Ражабов, кетдик.
Қайси йўлдан юрамиз?
Манави ёқдан юрайлик. Йўлда музқаймоқ олиб бераман.
Йўқ, музқаймоқ емайман, шамоллаб қоламан.
Хўш, таассуротлар қалай?
Шу, ўша-ўша!
Буларни ўзи ким... даъволари дунёни бузади?
Буларни гуруҳ деса-да бўлади, тўда деса-да бўлади. Тўда дейиш маъқулроқ. Тўдада оломонга хос тўртта хислат йўқ бўлади. Шу боис, тўда оломондан тубан туради. Ўз оти ўзи билан тўда бўлади. Тўда бирор ёмонликни олдини олиш учун тўда бўлмайди. Тўда бирор масала юзасидан қайғурмайди. Тўдада аниқ бир мақсад ҳам бўлмайди, орзу-ният ҳам бўлмайди. Тўда ҳамиша айбдор излайди, ҳамиша гуноҳкор излайди. Ўша айбдор ё гуноҳкор, мана мен, дея тўда олдига отилиб чиқса — тўда нима қилишини билмай қолади, нима дейишини билмай қолади! Боиси, тўдада айбдорни жазолаш нияти бўлмайди. Тўда бор-йўғи: «Ана, давлатни ўтирғизган», «Ана, халқ қонини сўрган», «Ана, турғунлик тимсоли», деган баландпарвоз хитоблар айтиб туради. Тўда фақат... бақириб-чақириб туради, шиорлар силкиб туради, байроқлар ҳилпиратиб туради! Қўл пахса қилиб туради, мушт дўлайтиб туради! Тўдани ҳамиша кимдир йиғади, кимдир жамлайди. Ана шу кимдир тўдани бошқаради, тўдани йўллайди. Ўзи эса... тўдадан суғурилиб чиқиб қолади, бекиниб қолади! Тўда эса... бир-биридан илҳом олиб кетаверади, бир-биридан ранг олиб кетаверади. Биринчи қадамдаёқ... тўда одам сифатида ўзини йўқотади... ўзини бой беради. Тўда оқни қора, дейди, қорани оқ, дейди! Тўда эл-юртга... ўт қўя олади! Ҳа, тўда эл-юртга ўт қўя олади! Нима учун тўда тез эътибор қозонади, тез кўзга кўринади? Боиси, тўдани касби — фитна-фасод бўлади, иғво-ғаламислик бўлади. Фитна-фасод билан иғво-ғаламислик эса — ўта ёмон қурол, ўта ўткир қурол! Иғво шамол мисол тез ёйилади. Ўқ етмаган жойга иғво етади! Ўқ етмас жойни фитна тешади! Чивин учиб киролмовчи хонадонларга иғво кириб боради. Бомба қўрқитолмовчи қалбларни фитна титратиб юборади, фитна қалтиратиб юборади! Фитна-фасод қанчалар ёлғон бўлса — шунчалар яшин тезлигида тарқалади. Фитна-фасод яшин тезлигида эл-юрт эътиборини олади, жамият ақлини олади. Фитна-фасод яшин тезлигида... ҳақиқатга айланади!
Ўзи, шу тўдаларга нима етмаяпти-а?
Фақат бир тахчиллик бор: амал-мансаб тахчил, раҳбарлик лавозимлари тахчил! Ўлиб кетгур, амал-мансаб деганлари... қовун-тарвуз бўлса экан, пайкалдан узиб олиб, қўлтиғига қистириб юборсанг. Амал-мансаб деганлари дала бўлса экан, беш-олти сотиҳдан ер бўлиб берсанг. Қачон демократия бўлади, қачон қайта қуриш бўлади? Мана шу бақириб-чақириб юрганлар мансаб билан таъминланмагунча... қайта қуриб бўлмайди!
Ўзи, азал-азалдан халқ икки тоифага бўлинади. Бири, амал-мансаб гаштини суриб юрувчи раҳбарлар. Иккинчиси, шу раҳбарларни... тагини ковлаб юрувчи мансабталаб даъвогарлар. Ана шу икки тоифа ҳамиша курашиб келади. Олдинлари совет тузумидан қўрқар эдилар. Энди эса, қўрқмай қўйди. Ошкоралиқка ўтди.
Йиғилишларда бақириб-чақирадилар. Ўз овозлари камдай, оғизларини микрофонга қўйиб чинқирадилар, қийқирадилар. Ким қандай ўйлайди, ўртоқ Ражабов, ҳар кимни ўзи билади. Аммо-лекин мен мана бундай ўйлайман: эл-юртга бўлган меҳр-муҳаббат... ўта ички бир муҳаббат бўлади. Ўта сеҳрли-сирли бир меҳр бўлади. Масалан... йигитни қизга бўлган муҳаббати мисол бўлади. Она юртга бўлган муҳаббат... йигитни қизга бўлган муҳаббати мисол... ботинан бўлади, асл бўлади. Бу меҳр-муҳаббатни... оломон олдида
изҳор этиб бўлмайди. Эл-юртга бўлган меҳр-муҳаббатни... микрофон орқали изҳор этиб бўлмайди! Шу боисдан-да уни оти меҳр-муҳаббат. Эл-юртга бўлган меҳр-муҳаббатни... амал-да бажарадилар, амалда кўрсатадилар! Масалан... тан-жонини қурбон қилиб кўрсатадилар! Тинчлик замонида эса — меҳнат жасорати билан кўрсатадилар, фидойилиги билан кўрсатадилар, сабр-бардоши билан кўрсатадилар. Чунки эл-юрт демак, қон демак, тан-жон демак!
У сиз, ўртоқ Эсонов, у сиз Ботир фирқа, коммунист Эсонов, райком Эсонов! Булар... реформатор, реформатор!
Реформатор? Ўргилдим, бундай реформаторлардан! Реформа, реформа, деб бақиради. Булар ҳали реформа нималигини билмайди. Реформа қаёқда, булар қаёқда? Реформа кўп улуғ ҳам... қонли сўз. Реформа қилиш учун... каллани кундага қўйиш керак! Ана шу каллада... отни калласидай юрак бўлиши керак! Пётр Биринчи ана шундай зот эди, ана шундай калла эди. Россияни Россия қилган ана шу Петр Биринчи бўлди. Петр Биринчи туфайли Россия Европа мамлакатлари қаторига келиб қўшилди. Петр Биринчи Европага етиб олиш учун қанчалаб қурбон берди, қанчалаб қон тўкди. Россия ағдар-тўнтар бўлди, маданияти хароб бўлди, маънавияти хор-зор бўлди. Петр Биринчи маданият ва маънавият эвазига... улкан армия тўплади, қурол-яроғ тўплади. Оқибат... айиқнамо Россия тузилди, ёввойинамо Россия қарор топди. Россияни маданияти ва маънавияти... ҳарбий куч ҳамда қурол-яроғ бўлиб қолди. Россия душманлари Петр Биринчи реформасига... ҳай-баракаллачилик қилиб турди! Булар рус оппозитсиячилари эди, бети йўқ мансабпараст-шуҳратпарастлар эди. Иккинчи улкан реформатор Александр ИИ бўлди. Ана у ҳақиқий реформатор эди, буюк реформатор эди! Александр ИИ 1861 йилда крепостной ҳуқуқни бекор қилди. Деҳқонларни... қуллиқдан озод этди! Ундан кейин Петр Столипин реформа ўтказди. У аграр реформани амалга оширди. Оддин тинчлик, ана ундан кейин реформа, шиори остида реформа кидди. Кейин, Сперанский. Ундан кейин ўртоқ Ленин реформа қидди. Тан олиш керак, ана шу ерда коммунистик партия катта ҳатога йўл қўйди. Коммунистик партия... Петр Биринчини йўлидан борди. Коммунистик партия мамлакатни... аскархона қилди, қуролхона қилди! Биринчи коммунист ўртоқ Ленинми ё Петр Биринчими? Ана шуни билиб бўлмай қолди!
Халқни ақл-идрокида қайта ўзгариш қилиш керак, халқни онгида чуқур янгиланиш содир этиш керак. Онг... онгни қайта қуриш керак! Реформани энг оғир жойи ана шу ерда!
Халқ эса янгича яшашни... ақлига сиғдиролмаяпти! Аниқроғи, халқни... ақли етмаяпти! Шу сабаб, ким нима деса, халқ... эргашиб кетяпти! Ё... бақрайиб қараб турибди!
Олдинлари ҳар бир яхши иш учун ҳам, ёмон иш учун ҳам — партия-ҳукумат жавоб берар эди. Энди эса, ҳар бир одам ўзи учун жавоб беради. Шу сабаб, одамлар қаёққа қараб юришини билмай қолди, кимга ишонишини билмай қолди. Одамлар ўзи учун ўзи жавоб беролмай қолди.
Мафкура... мафкурасиз яшаб бўлмайди. Мафкурасиз олға босиб бўлмайди. Келажакка қадам қўйиб бўлмайди. Мафкура эса — ғояларсиз бўлмайди, ғоя — мафкурани қон томиридир. Эл-юрт ҳамиша ғояларга ишониб келди, ғояларга суяниб келди. Эл-юрт ғоялар билан ўсиб-улғайди. Қайта қурувчилар тили билан айтсак: «ватан турғунлик ҳолатида ўсди, халқ турғун бўлиб яшади». Ана шу ғоялар... эл-юртни турғун ҳолатда сақлаб келди!» Урушларга йўл бермади. Мафия, рекет, деган босқинчиликларга йўл бермади. Турли алғов-далғовларга йўл бермади. Совет халқи... мисоли бургут қаноти остида яшади: яхши-ёмондан қўрқмади. Иссиқ-совуқдан қўрқмади. Оч-яланғочлиқтсан қўрқмади. Офат-балодан қўрқмади. Ана шу ғоялар... мамлакатни турғун ҳолатда сақлади! Аммо-лекин мамлакатни... осойишта¬фаровон сақлади! Ғоя-ғоя! Улуғ инқилоб ғояси, сотсиализм ғояси, байналминаллик ғояси, коммунизм ғояси. Эл-юртни ана шу ғоялар қудратли этиб турди!
Жамият мисоли бир тан-жон. Жамият руҳияти — мафкурадан иборат. Шу сабаб, жамият мафкура билан тирик, мафкура билан ҳаёт. Мафкура ҳаминқадар чайир бўлса, ҳаминқадар қудратли бўлса, ҳаминқадар покиза бўлса — жамият шу қадар ўсиб-унади!
Мафкура жамият манфаатларини ҳимоя этувчи ҳуқуқий-фалсафий ғоялардир, ахлоқий-диний қарашлардир. Шу боис, улуғ ниятлар, улкан режалар — мафкурадан бино бўлади. Бизда ана шундай мафкура бор эди. Уни коммунистик идеология, дер эдилар. Энди, коммунистик идеология йўқ... Энди, миллат манфаати дунёга келди, миллат мақсади дунёга келди. Энди, миллат шавкати дунёга келди, миллат орзуси дунёга келди. Қайта қурувчилар ана шулардан... мафкура тизими битишларй лозим бўладй. Ана шуларни жамлаб... миллий мафкура яратишлари лозим бўлади. Уни — ўзбекона мафкура, деб аташлари лозим бўлади.
Қайта қуриш демак — инқилоб демак. Инқилобни кароматлари кўп. Шундай кароматларидан бири — инқилоб... тўда-тўда кўпикларни юзага олиб чиқади. Тўда кўпиклар... юзада қалқиб юради, ҳаволаниб юради, савлат тўкиб юради. Кўпиклар асл нарсаларни... пастга уради, четга суради! Юзада эса... ёлғиз ўзлари қолади! Олисдан қарасангиз — кўпиклар жуда даҳшатли кўринади. Яқиндан қарасангиз — тайин-тутуриғи йўқ... пуфаклар бўлади! Қўлингизга олиб кўрсангиз... йўқ бир нарса бўлади! Ана, ўша кўпиклар, ана! Тўда кўпиклар... асл меҳнат самараларини ерга урмоқда, асл зотларни ерга урмоқда! Юзада мисоли тўда кўпик бўлиб... ўзлари қолмоқда! Бир тўда кўпиклар... Октябр инқилоби Римдан келган, дейдими? Улуғ Октябр инқилоби-я?
Ўзи, булар кўпик деса... кўпик экан! Шуниям тўлиқ билмас экан — тушунтиролмади. Аслида эса, гап бундай. Буни бировга айтманг, ўртоқ Ражабов, гап орамизда қолсин. ХВИ аср бошларида Москвани буюк князи Василий ИИИ Псков оқсоқоли Филофейдан бир қатор мурожаатномалар олади. Филофей шулардан бирида буюк қняздан Москвани... «учинчи Рим» қилишини талаб этади. Боиси, биринчи Рим — «еретик» попистлар қўлида қолиб кетган бўлади. Иккинчи Рим— Константинополни эса, мусулмонлар эгаллаб олган бўлади.
Константинопол...
Ҳа, ҳа, ўша шаҳар. Энди, буюк рус князи Василий ИИИ олдида иккита оламшумул масала кўндаланг бўлиб қолади: бутун ер юзида Христос ғояларини тантана қилдириш ва черков православи ҳукмини ўрнатиш. Шундай қилиб, буюк княз оқсоқол Филофейни даъватларини амалга ошириб бошлайди. Дастлаб, князни ўғли Иван Грозний ўзини подшо деб эълон қилади. Иван Грозний ўзини Рим ва Византия «тсезарлари» меросхўри этиб танитади. Қирғинбарот фаолият бошлаб юборади. Ундан кейин бу фаолиятни Петр Биринчи давом эттиради. Кенг қамров билан давом эттиради! Мазкур ғоя ХИХ асрда «славянофиллар» номи билан кенг авж олади. Кучли оқим сифатида тармоқ отиб боради. Славянофиллар, славянофиллар... 1917 йилда мазкур ғояни — «учинчи Рим» ғоясини... коммунистлар илиб олади! Коммунистлар «учинчи Рим» ғоясини ўзлаштириб олиб... «Октябр инкилоби» номи билан ҳаётга тадбиқ этади. Бир сўз билан айтсак, КПСС... Иван Грозний билан Владимир Ленинни пайвандидан ҳосил бўлади!

54
Ток ости сўри олачалпоқ кўлага бўлди.
Ботир фирқа ана шу сўрида ўтирди. Сўри панжарага орқа бериб ўтирди. Инқиллаб-инқиллаб ўтирди. Ўқчиб-ўқчиб ўтирди, ерга тупуриб-тупуриб ўтирди.
Кампири ним пиёла асал олиб келди.
Асалдан... баҳор ҳиди келди! Асал... гул атрини таратди!
Кампири асални чой билан суюлтирди. Ботир фирқани оғзига олиб борди.
Ботир фирқа асал ҳидидан бир сесканди. Асал ҳидидан икки ижирғанди. Бетини четга бурди.
Кўзни чирт юмиб, ютиб юборинг, — деди кампири. — Мен сизга ароқ ичинг, деганим йўқ.
Обком Ражабов қўймади, Ражабов.
Ҳанифа Ражабовна телефонда айтиб эди. Чоли қурғур отяпти, деб эди.
Шундай, обком Ражабов кўп ичгич бўпти. Менимча, манави алғов-далғов кунларга чидай олмаяпти. Совет даврида келажак аниқ эди, яшашдан мақсад анйқ эди.Совет халқи ёрқин келажакка ишониб яшар эди. Орзу-ҳавас билан яшар эди. Совет тузўмини ўз шиорла-ри бор эди. Масалан, совет тузумини «озодлик — тенг-лик — қардошлик
—    бахт-саодат», деган шиори бўлар эди. Қанчалар ҳаётбахш шиор эди, қанчалар эзгу шиор эди! Одам ана шундай шиорларни кўриб... яшаган сайин яшагиси келар эди! Энди, қайси шиорга ишониб яшаб бўлади? Энди, қайси шиорга эргашиб яшаб бўлади? Энди, манавиндай шиорлар даври келди: «уруш — босқинчилик — ўғрилик — талончилик». Энди, манавиндай шиорлар замони келди: «камбағаллик — бечоралик — очлик — қувғинлик». Обком Ражабовни ана шундай шиорлар қийнаяпти. Ўзи ошкора айтди.
Чин, кун кечириш қийин бўлиб боради. Бозор-ўчар қиммат бўлди. Нарх-наво беқарор.
Шундай, ҳамма нарса қимматлашиб, фақат... инсон арзонлашиб боряпти, инсон. Инсон сариқ чақачалик бўлмай қолди. Инсон сассиқ саримсоқчалик бўлмай қолди. Бир магнитофонни ўғирлаш учун... одамни отиб кетяпти. Ушоқдай тилла тақинчоқни олиш учун... аёлни пичоқлаб кетяпти. Фалакми кажрафтор, турмушми бемаза? Бу — иқтисодий тангликдан, демоқдалар. Йўқ, бу иқтисодий қийинчилиқдан эмас, йўқ. Бу — мафкуравий ожизликдан, кампир, мафкуравий заифликдан.
Кампири лимон қирқди. Лимон арчди. Ботир фирқани оғзига солди.
—    Чайнаб-чайнаб ютинг, — деди. — Уҳ-уҳламанг!
Ароқ совуқлик. Лимон совуқликни олади. Энди, босиб-босиб асал чой ичинг.
Ботир фирқа асал чой ичди. Пешонасидан дув-дув тер тўкидди. Юзларидан йилт-йилт тер
сизилди.
Кампири сочиқ билан терларни артиб-артиб олди.
Обком Ражабов тағин нималар деди? — дея сўради.
Нимаям дейди... тақдир-пешонасидан куяди. Порлоқ келажак учун умр бўйи меҳнат қиддик... деб ичади. Порлоқ келажакка етиб келиб, нима қўрдик... деб тағин ичади.
Кимдан куяди?
Кимдан бўлади, қайта қурувчи демократлардан-да. Обком Ражабовгаям ҳайронман. Шу қайта қурувчиларни нимасига куяди? Қайта қурувчи демократлар... касал, кампир, касал. Қайта қурувчи демократлар... мансаб-мартаба касалига йўлиққан, шон-шуҳрат касалига йўлиққан. Юракни даволаса бўлади, суякни даволаса бўлади. Аммо-лекин қайта қурувчи демократларни даволаб бўлмайди. Мансаб-мартаба дарди — даволаб бўлмас дард. Шон-шуҳрат дарди — сурункали дард. Бу дардларга йўлиққан одам... ўлиб қутулади! Шу боис, мансаб-мартаба дардига йўлиққан одам — қаллоблик, порахўрлиқдан қайтмайди. Шон-шуҳрат дардига йўлиққан одам — маразлик, ёвузликдан қайтмайди.
Ўзи, шу қайта қурувчи демократлар ўзларини бир бало чоғлайдилар, бир бало чоғлайдилар-е?
Буни, «мания величия», дейди. Уни руҳий касаллик-да деб бўлмайди, ақлий
соғломлик-да деб бўлмайди. Мания величия — эл-юрт бошига битган бало бўлади. Мания величия — мансаб-мартабаларга ўч бўлади, шон-шуҳратларга ўч бўлади, шов-шувларга ўч бўлади. Мания величия — жамиятни қўлга олиш учун курашади, жамиятни бошқариш учун курашади, жамиятни кафтида ушлаб туриш учун курашади. Бир сўз билан айтсак, жамият — эл-юрт гули бўлиш учун курашади. Ўз мақсади йўлида қўлидан келган барча ишни килади. Масалан, мания величия — ўзини кимдир қилиб кўрсатишга уста бўлади, ўзида йўқ нарсани бор қилиб кўрсатишга уста бўлади. Чала-чулпа шахсни — ёрқин юлдуз этиб кўрсатади. Чироқ ёқса ёришмовчи қалбини — оташ юрак этиб кўрсатади. Хом калласини — ақл халтаси қилиб кўрсатади. Мания величия
—    ел-юрт олдида ўзини жон фидо этиб кўрсатади, эл-юрт олдида ўзини улуғлар улуғи этиб кўрсатади. Охир-оқибат — ақл бовар қилмайдиган ютуққа эришади. Юрадиган йўлини билмайдиган, қиладиган ишини билмайдиган, гапирадиган гапини билмайдиган бир жазавадор... эл-юртни оғзига қаратиб олади! Бир қилиғи ортиқ, эси кирар-чиқар бир жазавадор... эл-юртни ўзига эргаштириб олади! Буларни барчаси жамият бетоблигидан бўлади, жамият хор-зорлигидан бўлади!
Совет ҳукуматини қадри ўтди, раис бова.
Шундай, совет ҳукуматини қадри ўтди. Шундай, КПССни қадри ўтди. Қайта қурувчи демократлар... совет ҳукумати ундай эди, КПСС бундай эди, дейди. Бекорларни беш марта айтибди! Қайта қурувчи демократлар қулдорлик жамияти иллатларини совет ҳукуматига олиб келиб ёпиштиряпти. Феодализм жамияти қусурларини КПСС бошига ағдаряпти. Капитализм жамияти айбларини совет ҳукумати устидан мағзава қилиб тўкяпти. Ёмон — совет ҳукумати ёмон, КПСС ёмон. Иван Грозний ўн бешинчи асрда ҳукмронлик қилиб эди. У ўз даври учун давлатни бошқариш тартиб-қоидасини яратди. Масалан, опричник номли алоҳида бир қўшин тузди. Опричник фақат Иван Грозний буйруғини бажарди. Опричниклар — эски жиноятчилар, оиласидан воз кечганлар, жиноят кўчасига кириб қолганлар, ҳеч балодан тап тортмайдиган қонхўрлар эди. Опричниклар халқни хоҳласа осди, хоҳласа сўйди, хоҳласа отди. Иван Грозний топшириғи билан айғоқчилар подшодан норози шахсларни аниқлади, ғайритабиий фикрловчи шахсларни топди. Опричниклар уларни бешафқат қийноқлар, калтаклар, тўқмоқлар зарби остида бўйнига олишга мажбур этди. Айбловчилар ёвузона қийноқлардан кейин қилмаган ишларини қилдим, дейишга мажбур бўлди. Айбланувчилар қонхўрона азоблардан кейин бегуноҳ одамлар номини сотишга мажбур бўлди. Опричниклар бегуноҳ айбдорларни озод-лиқда юрмиш ўғил-қизларини ҳам зиндон қилди, уруғ-аймоқлари, дўст-биродарларини зиндон қилди, ҳатто, айбланувчиларни вояга етмаган, норасида болаларини-да қамади ё сургун қилди. Иван Грозний ўз ўғлини қатл эттирди, амаки акасини қатл эттирди, жиянларини қатл эттирди. Қайта қурувчи демократлар Иван Грозний фаолиятини... совет ҳукуматига тўнкаб ўтирибди, ўртоқ Сталинга тўнкаб ўтирибди. Ахир, ХВ аср қаерда, ХХ аср қаерда?
Уямас-да-буямас, эл-юртни шўри қуриди, раис бова.
Шундай, қийин-қийин, халққа қийин бўлди. Халқ умри мобайнида КПСС чизиғидан чиқмай яшади, КПСС буйруғини бажариб яшади. Шу боис, халқ — иқтисодий ўқимай яшади, мафкуравий изланмай яшади, келажак ҳақида ўйламай яшади. Халқ учун КПСС ўйлади, халқ учун ҳукумат изланди. Халқ фақат... ишлади! Халқ жонажон коммунистик партия учун жон фидо этиб ишлади, халқ меҳрибон совет ҳукумати учун жонини жабборга бериб ишлади. Бундай халқни йўлдан уриш осон. Бундай халқни қўлидан етаклаб кетиш осон. Бундай халқни... қўйдай ҳайдаб кетиш осон! Қайта қурувчи демократлар ана шундай қилмоқда. Бурнини артиб олмаган мишиқилар... халқни лақиллатиб юрибди, халқни қўйдай етаклаб юрибди. Азал-азалдан шундай: кимдир биров лакиллаб, нутқ сўзлаб қўяди. Балога қолган... халқ бўлади! Халқ... дардини ичига ютади! Шу боис, халқ ҳамиша ҳукуматдан норози бўлади. Гўё, ҳукумат халқ ғаними. Гўё,
ҳукумат халқ зиёнига сиёсат олиб боради. Аслида эса ҳукумат — халқ посбонидир, халқ ҳимоячисидир. Халқни халқ қилувчи — ҳукумат. Халқни ички-ташқи офат-ғанимлардан ҳимоя этувчи — ҳукумат. Оппозитсия, оппозитсия! Ана, халқ ғаними ким! Афсуслар бўлсинки, халқ оппозитсияни... дўст деб билади. Халқ оппозитсияни... адвокат деб билади. Шу боис, халқ ҳамиша оппозитсияни... ҳукуматга қарши қўяди. Халқни ўзиям оппозитсияга қўшилиб... ҳукуматга қарши отланади. Аслида эса, оппозитсия — халқ ҳимоячиси ниқобидаги... халқ душмани! Шундай, оппозитсия — халқ душмани!
Қайта қурувчилар лой чапламаган одам қолмади. Қайта қурувчилар бошидан мағзава ағдармаган одам қолмади. Бир куни радиони қўйиб эдим, қайта қурувчилар радиодан... Хрушчевга мағзава тўкди.
Радиодан мағзава тўкди?
Ҳа, куппа-кундуз куни! Хрушчевни бошига... радиодан мағзава тўкди. Хрушчев — арпа ун, деди. Хрушчев — маккажўхори, деди.
Маккажўхори бўлса нима бўпти? Маккажўхори — дала маликаси! Шундай, маккажўхори дала маликаси, мўл-кўл озуқа. Хрушчев даврида асрлар мобайнида қақраб ётган чўл-биёбонлар... боғ-бўстон бўлди, шаҳар-қишлоқ бўлди. Хрушчев даврида одамзот фазога учди. Хрушчев даври... ойга учди! Гагарин, Гагарин!
Брежнев даврини айтмайсизми, Брежнев? Ҳай, бир давр эди-да...
У-у-у, Брежнев даври, Брежнев даври! Брежнев даври — сокин давр эди, осуда давр эди, сув сепгандай жимжит давр эди! Брежнев даврида турмуш бир маромда давом этар эди. Бирор ўзгариш бўлмас эди, бирор янгилик бўлмас эди. Барча нарса жой-жойида кимир этмай турар эди. Брежнев даври... мангу ҳайкал эди, мангу ҳайкал! Брежнев даврида... қуёш ёрқин нур сочар эди! Брежнев даври қуёши... ярқироқ эди! Брежнев даврида... сувлар сокин-сокин оқар эди! Сувлар... қилт этмас эди. Брежнев даврида... осмон мусаффо эди! Олам кўм-кўк эди, дарахтлар ям-яшил эди. Кўкатлар бодроқ-бодроқ эди. Брежнев даврида... шабадалар майин-майин эсар эди! Брежнев даври... болалари-да мўмин-қобил эди! Катта-кичикка иззат-ҳурматда эди. Ор-номусли эди, диёнатли эди. Брежнев даври кексалари... Мисоли тошкитоб, мисоли тошойна, мисоли тарих! Мана, манави ажинларим — колхоз-совхоз тузиш, манави ажинларим — чўл-биёбонларни ўзлаштириш, манавиниси — миллион-миллион тонналаб пахта териш... Ажинлар — умр, ажинлар — ёдгорлик. Брежнев давридан ёдгорлик.
Брежнев даврида барча сизни ўртоқ Эсонов, дер эди, Ботир фирқа, дер эди.
Енди эса... Қизил, дейди, Қизил!
Брежнев даврида бизни қуюқ-қуюқ зиёфатларга чақирар эди. Бизни тўрга ўтирғизиб қўяр эди. Совға-саломлар берар эди. Сирғалар, узуклар берар эди. Олдимга ноёб-ноёб сарполар қўяр эди. Сиз номер биринчи эркак эдингиз, мен номер биринчи аёл эдим.
Енди эса, бизни фамилиямиз... пенсионерлар! ХХ асрни қурган миллион-миллион казо-казоларни фамилияси битта — пенсионерлар! ХХ асрни яратган миллион-миллион казо-казоларни фамилияси битта — ветеранлар! Жуда ҳурмат-еъзоз этса — қариялар! Бир асрча эл-юрт учун тер тўккан миллион-миллион партия-совет арбобида... фамилияда қолмади, унвон-да қолмади, орден-да қолмади! Ҳатто, фамилиясидаги... «ўртоқ» қўшимчаси-да қолмади!
Совет тузуми... ойдайгина тузум эди-я! Ойдайгина тузумни йўқ қилишди-я?
Совет тузумини биров йўқ қилмади. Совет тузуми... ўзини-ўзи йўқ қидди. Ўртоқ Ленин билан ўртоқ Сталин яратган совет тузуми диктатура асосига қурилган эди, ириб битган идеология асосига қурилган эди, чириб кетган сиёсий тармоқлар асосига қурилган эди. Шу боис, олдин КПСС қулаб тушди. Кейин, СССР ағанаб тушди. Бу бирин-кетин фожиа нимадан бўлди: Горбачев, Горбачев! Ўртоқ Горбачев Кремлга келиб, ўта кескин ҳам сиёсий йўл танлади: давлат билан партия функтсиясини бўлиб-бўлиб ташлади. Идеология билан
сиёсий тармоқни партия қўлига берди. Барча хўжалик тармоқларини ҳукумат қўлига берди. Ана шунда... совет тузуми пойдеворига зил кетди! Кремл саройида ўртоқ Елтсин партия билетини минбарга ташлади. КПСС саройидан тантана билан чиқиб кетди. Ўртоқ Елтсин КПССни ташлаб кетди. Ана шунда... КПСС пойдеворига зил кетди! Совет тузумини Горбачев тугатди, дейдилар, ГКЧП тугатди, дейдилар, Елтсин тугатди, дейдилар, жидомасонлар тугатди, дейдилар. Йўқ, тағин, йўқ! Совет тузуми... ўзини-ўзи тугатди. Совет тузуми... ўз бошини ўзи еди.
—    Мен товуқ шўрвани сузиб келай. Товуқ шўрва ичдаги совуқликни олади. Ботир фирқа ўтмишини ўйлади. Ботир фирқа кечмишини ўйлади.
Олисларда қолмиш... совет тузумини ўйлади. Етим қолмиш... Совет ҳукуматини ўйлади. Есир қолмиш... КПССни ўйлади.
«Совет тузуми бунчалар азиз эди? Совет ҳукумати бунчалар қадрдон эди? КПСС бунчалар ардоқли эди? — деди Ботир фирқа. — Масалан, совет тузумида... ёшлигим қолди. Совет ҳуқуматида... мартабам қолди. КПССда... шавкатим қолди. Масалан, Сталин даврида... дунё ёш эди, мен ёш эдим, кампирим ёш эди. Сталин даври-да... кампирим қиз эди! Сочлари тақимини урувчи қиз эди. Сочлари тўлғониб юрувчи қиз эди. Ўримдан қочган зулфлари бор қиз эди. Юзлари юз эмас... анор эди! Сталин даврида... мен ошиқ эдим, кампирим маъшуқ эди!»
Ошхона тарафдан кампири келар бўлди. Қўш қўлида шўрва бўлди. Қўлтиғида тандир нон
бўлди.
Кампирини сочлари... дока рўмолидай оппоқ-оппоқ бўлди. Юзлари... ажин-ажин бўлди. Мункиллаб-мункиллаб қадамлар бўлди. Қадамлари ушбу дунёдай... тор-тор бўлди. Қадамлари ушбу дунёдай... қари-қари бўлди.
—    Сталин даврида... мана шу кампирим... қиз эди!
Барчин юзли-барчин юзли қиз эди! — пичирлади Ботир фирқа. — Мен ошиқ эдим, кампирим маъшуқ эди...

55
«.. .психоневрологическая болнитса».
Ботир фирқа ушбу вивескани ўқиди. Қайта-қайта ўқиди. Вивескага тикилиб қолди. «Шу вивеска олдига келганимга-да йигирма йил бўпти! Бир йигит ёши вақт. Бир қиз бўйи вақт! — дея ўйлади. — Аммо-лекин ўшанда райкомни машинасида юрар эдим. Отда эдим, оёғим узангида эди. Энди, пиёда-пешка бўлиб келдим, пиёда-пешка...» Ботир фирқа ўйлаганча бўлди.
Қабулхонада уни... бир дайдини текширмишдай текширди. Бир гадойни текширмишдай текширди.
—    Майли, бир пенсионер чол экансиз, — дея киритди.
Ботир фирқа ичкарилади. Йўлак бўйлаб йўл олди. Изидан Ҳанифа Ражабовна юрди.
Девордаги вивескани кўрдингизми, Ҳанифа Ражабовна? — деди.
Ўқидим-ўқидим.
Қаерга келиб қолдингиз, биляпсизми? Бир сўз билан айтсак, бу жой — шунақа жой. Бу жойни номи касалхона, холос. Ҳали кўрасиз. Дўстингиз-ку дўстингиз, душманингизни ҳам бу жойга тушгулик қилмасин.
Менда нима айб, Ботир Эсонович, менда нима айб? Ражабов кафеда ичган-да, кафеда.
Кўча-кўйда ичмасин эди. Кимсан, обком Ражабов оти бор.
Яна-тағин, бир ўзи ичган денг. Кейин, автобус бекатига бориб, скамейкада ухлаб қолган.
Ана, шу иши коммунист одамга эпми энди?
Бекатдагилар Ражабовни юраги ёмон бўлиб қолди, деб ўйлаб, «скорий помош» чақирган. «Скорий помош»чилар Ражабовни машинага солиб кўрсалар, ғирт маст бўлган. Айтишларича, маст одамни касалхонага олмас эмиш-ку?
Шундай, маст одамни шифохоналар қабул қилмайди. Маст одамни ё мана шу жой қабул қилади, ё ҳушёрхона қабул қилади.
Яна-тағин, «скорий помош» мана шу ерни машинаси экан денг.
Мана шу жойними?
Ҳа, мана шу ерни. Шу сабабдан, Ражабовни тўғри шу ерга олиб келибди.
Бу жойдан кўра ҳушёрхонага олиб борса яхши эди. Беш-олти сўм жарима тўлаб, қутулиб кетар эди. Билмайман, энди нима бўлади.
Енди бор умид сиздан, Ботир Эсонович.
Ҳанифа Ражабовна, мен... ўзимга эн бўлолмайман, сизга қандай бўй бўламан?
Сиз Ражабовни ҳам синфдошисиз, ҳам дўстисиз. Ўшани учун фақат сизга телефон қилдим.
Айни вақтида телефон қилибсиз. Шу уч-тўрт кунда ҳал этмасак, кеч бўлади. Гап шундаки, беморга уч-тўрт кун мобайнида диагноз қўйилади. Ана шу диагноз қўйилмасдан, обком Ражабовни бу жойдан олиб кетишимиз керак. Бугун иккинчи кун. Ҳали вақт бор. Ишонинг, бу борада... тажрибам бор!
Ботир фирқа бундан йигирма йил муқаддам келмиш кунларини эслади. Бир-бир эслади. Аммо Ҳанифа Ражабовнага билдирмади.
«Қайтар дунё деганлари чин экан, — дея ўйлади. — Ўшанда обком Ражабов шоир Мадиевни мана шу жойга жўнатиб эди. Беёзиқдан-беёзиқ жўнатиб эди! Мана энди... обком Ражабовни ўзи келди! Ўз оёғи билан келди! Ё обком Ражабовни... худони ўзи жўнатдими? Унда... худо бор экан-да?»
Ботир фирқа бош бино олдида чекиб турмиш оқ халатли билан салом-алик этди,
—    Бош врач Мирзаев ҳокимият мажлисига кетди, бугун келмайди, — деди оқ халатли. Ботир фирқа оқ халатли билан гаплашди. Мақсадини айтди.
Оқ халатли ҳамдардлик билан бош ирғади. Икки қаватли бинони кўрсатди. Ботир фирқа ана шу бинога йўл олди. Ҳанифа Ражабовна эргашди.
—    Ешитдингизми, Ҳанифа Ражабовна? — деди. —
Ҳали аниқ бир хулосага келишмайди. Буёғи, Мирзаев ҳалиям бош врач экан. Бўлди,
обком Ражабовни чиқариб оламиз!
Ботир фирқа наркология бўлимига кириб борди.
Бўлим бошлиғи Ботир фирқани таниб қолди. Таклиф-такаллуф этди. Ҳурмат-еъзоз этди. Касаллик дафтарини ёйиб кўрсатди.
—    Яхшиси, ўзингиз танишиб чикинг, отахон, — деди. Ботир фирқа Ражабовни касаллик варақаси билан танишди:
«... Бемор Ражабов остонада врачлар кўриниши билан каравотдан сапчиб турди. Палата ўртасида ғоз бўлди. Оёқларини икки ёнига керди. Қўлларини белига тиради. Бўйнини олға чўзди. Юзларини даҳшатли буриштирди. Лабларини чўччайтирди. Кўзларини ола-була этди. Важоҳат билан бақирди:
—    Яқинлашманг деяпман, яқинлашманг! Аммо врачлар ичкари кириб борди.
Бемор Ражабов ёввойиларча ҳайкириб... «Интернатсионал» айтди:
Вставай, проклятем заклейменнбий Вес мир голоднух и рабов!
Кипит наш разум возмушенний, И в смертний бой вести готов!
Бемор Ражабов югуриб, дераза токчасига чиқиб борди. Дераза устида осиғлик Кизил Байроқни юлиб олди. Тап этиб, пастга тушди. Қизил Байроқ дастасидан ушлаб баланд кўтарди.
—    Мана, Қизил Байроғим, мана! — деб бақирди. —
Бошимда Қизил Байроғим бор! Мен Кизил Байроғимдан паноҳ топаман!
Аслида эса, бемор Ражабов Қизил Байроқ дастаси билан... врачларни урмоқчи бўлди! Буни
пайқаб қолган врачлар санитар йигитларни ёрдамга чақирди.
Санитар йигитлар Қизил Байроқ билан... қуролланган бемор Ражабовни қуролсизлантирди!
Ражабовни... Қизил Байроқ қуролини тортиб олди! Ана шу ўз қуроли билан Ражабовни оёқ-
қўлини боғлаб ташлади.
Бемор Ражабов ўзини уёқ-буёққа олиб урди. Санитарларга бақирди:
—    Қизил Байроқни оёққа ўраб... хор қилманг! Шонли Қизил Байроқни оёқдан олинг! Шундай кўриниб турибди — бемор Ражабов оёқ-қўлларини бўшатишни талаб этди. Талаби амалга ошмагач, бақириб... «Интернатсионал» айтди:

Вес мир насиля му разрушим До основаня, а затем Му наш, му новуй мир построим, Кто бул ничем, тот станем всем!

Кейин, бемор Ражабов ғайритабиий фикрлар айтди:
Одам маймундан тарқалган! Маркс, Маркс! Лекин мен маймун эмасман, мени боғламанг!
Инсон озод бўлмоғи керак! Ленин, ўртоқ Ленин! Шундай экан, мени қўйиб юборинг!
Маркс, Энгелс, Ленин тирик! Марксизм-ленинизм ғоялари тирик!
Инсон ўз тақдирини ўзи ҳал қилмоғи керак! Оёқ-қўлимни қўйиб юборинг, ўртоқ Рашидовга бораман!
Рашидов оламдан ўтган? Йўқ, ўртоқ Рашидов барҳаёт! ХХ аср туркий халқларида иккита доҳий бор:
Камол Отатурк ва Шароф Рашидов!
Бемор Ражабов қай даражада бетоблигини ана шу гапларидан билиб олса бўлади». Ботир фирқа қоғозга тикилиб ўйлаб қолди.
Шу, ўзиниям бир кўрай? — деди.
Аслида мумкин эмас. Лекин сизга майли. Фақат тез кириб чиқиш керак, — деди бошлиқ.
Бир санитар йигит ичкари бошлади.
Ботир фирқа ичкарилади. Жаранг-журунг қулф-калитлардан ўтди. Тарақ-туруқ темир эшиклардан ўтди. Бир эшик-панжаралардан кирди.
Палатада ўнтача каравот бўлди. Барча каравотни ўз бемори бўлди. Бир бемор каравот қиррасига оёқларини қўйиб ётди. Бир бемор оёқларини деворга чиқариб ётди. Бирови қўлларини оғзига карнай этиб, «Андижон полка»сини чалди. Бирови каравот устида «Андижон полка»сига ўйнади.
Тағин беш-олти бемор каравотга михлаб ташланмишдай ётди. Сокин ётди. Одоб билан
ётди. Унсиз ётди. Тўшак остида бор-йўқлигини билдирмай ётди.
Ражабов ана шу беморлар сирасидан бўлди. У юзларини деворга буриб ётди. Кўзларини
юмиб ётди. Нафас олишини биддирмай ётди. Қўллари қаерда, оёқлари қаерда — билдирмай ётди. Тирик жонми-йўқми — нишона бермай ётди.
Ботир фирқа Ражабовдай оташин бир коммунист ҳолидан... эзилди! Оташин коммунист ҳолидан... куюнди!
Санитар Ражабовни туртди. Юзига оҳиста шапатилади.
Бемор, кўзингизни очинг, бемор, — деди. Ражабов кўз очиб қаради. Юзида илиқлик акс этди. Юзида ёруғлик акс этди.
Ҳай, тузукмисиз? — дея бош силтади Ҳанифа Ражабовна. Ражабов кўзларини очиб юмди: туппа-тузук, демиш бўлди.
Ҳанифа Ражабовна... эрини ўпиб-ўпиб йиғлади. Енглари билан кўзларини артиб-артиб йиғлади.
—    Ойни ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ. Бу кунлар ўтиб кетади, — дея йиғлади.
Ҳанифа Ражабовна ҳамёнини оғзига босиб-босиб йиғлади. Эрини юзига... юзини қўйиб-қўйиб йиғлади.
Пешонам қурсин... — дея йиғлади. Ражабов нимжон ҳам ногирон овоз берди:
Ўртоқ Эсонов, мени олиб кетинг...
Бардам бўлинг, ўртоқ Ражабов, бардам бўлинг! — деди Ботир фирқа. — Мен сизни олиб кетаман!
Санитар Ражабовни устидан адёлни сурди. Оёклари тарафга суриб-суриб қўйди. Ботир фирқа ана шунда... ажаб бир синоатни кўрди!
Ўртоқ Ражабовни қўллари... каравотга боғлаб қўйилди. Ит бойлагич... қайиш билан бойланди. Оёқлари-да ёнларига ёйиб-ёйиб бойланди. Оёқлари-да... ит қайиш билан бойланди! Маҳкам-маҳкам бойланди! Белларидан... отни айилидай қалин қайиш билан тортиб бойлаб ташланди.
Ботир фирқа титради. Ботир фирқа қизиди. Ботир фирқа олов олди.
—    Бу нима қилиқ?! — дея бақирди. — Обком секретари, Олий Совет депутати, меҳнат ветерани-я?!
Ботир фирқа Ражабовни қўлига ёпишди. Тугунни тимдалади! Кучи етмади. Ечолмади. Тугунга оғзини қўйди. Тугунни... тишлаб-тишлаб тортди! Тағин бўлмади. Ечолмади. Санитар Ботир фирқани қўлтиғидан кирди. Қучоқлаб тортди. Ражабовдан ажратиб олди.
Уртоқ Эсонов, оғир бўлинг! — деди.
Ахир, обком Ражабов... қутурган ит эмас-ку?! — дея бақирди. — Обком Ражабов... адирдан ушлаб келган ёввойи ит эмас-ку?!
Санитар... гапни эламади. Гапни корламади.
Тўғри, бемор обком, бемор депутат... лекин собиқ! Ҳа, собиқ! — деди.
Собиқ бўлса нима қипти, собиқ бўлса нима қипти?!
Собиқ... ҳайитинг ўтди, демақдир! Собиқ... ҳайитинг ўтгач, хинони... кетингга қўй, демақдир!
Қанақа ҳайит, қанақа ҳайит?!
Шон-шуҳрат — арафа ҳайит! Мансаб-мартаба — учкунлик ҳайит! Ҳайит ўтгач, хинони... кетингга қўй, дейдилар!
Ботир фирқа... ҳайкал бўлиб қолди. Юз-кўзи бўзрайиб қолди. Тили айланмай қолди.

57
Шу вақт узун айвонда... гурс-гурс товуш бўлди. Қарс-қарс овоз бўлди. Чил-чил синиш
бўлди.
Мазкур палатада ётмиш беморлар... ёппа-барака қўзғолди. Ёппа-барака эшикка ёпирилди. Ёппа-барака боис — эшикка тиқилиб қолди!
Оқибат — бирови бировини итарди. Бирови бировини муштлади. Бирови бировини тимдалади. Қий-
чув билан айвонлади.
Санитар... беморлар кетидан чопди!
Ботир фирқа ҳайрон бўлди. Уям айвонлади.
Айвонда бир тўда бемор... бўлим бошлиғи теварагини олиб турди. Бошлиқни оғзига қаради. Анграйиб қаради. Бақрайиб қаради. Мўлтайиб қаради. Бежо-бежо қаради. Бошлиқ   қўлларини белига қўйди. Сиёсат билан ҳаволанди. Ерга тикилиб ҳаволанди. Сукут сақлаб ҳаволанди.
Чивин учса билинажак сукунат чўқди!
Бошлиқ ҳаволаниб бош кўтарди. Оҳиста-оҳиста гап бошлади. Сокин-сокин гап бошлади:
—    Хўш, нима гап, жаноб беморлар?
Шунда, беморлар... баравар сўзлади! Баб-баравар сўзлади! Шовқин-сурон билан сўзлади. Ғала-ғовур билан сўзлади:
Манави Наполеон бўлиб... ватанимизга бостириб келди!
Мана бу Петр Первий... она юртимизга замбарак отди!
Сен-чи, сен? Сен Кутузов бўлиб... қарши ҳужумга ўтдинг-ку?
Сен палатадагиларни қиличдан ўтказдинг!
Сен тўппонча билан отдинг!
Сен замбарак отдинг!
Бўҳтон, бўҳтон! Мен замбараклардан бир йўла йигирматадан ўқ отилсин, деб буйруқ бердим, холос!
Полундра, полундра!
Мен қайта қурувчиман!
Мен демократман, демократ!
Ботир фирқа... масалани тушунмишдай бўлди. Беморларга бир-бир назар солди. Бир беморни бошида тўнтариқлик оқ тобоқ — Наполеонни қалпоги бўлди. Қўлида узун найза — супурги таёқ бўлди. Тағин бир беморни қўлида ичи тешик труба — дурбин бўлди. Бировида узун супурги — қилич бўлди.
Беморлар Наполеон билан Петр Биринчи лашкарлари кийимида бўлди: биров қалпоғини тескари кийиб олди. Биров костюмини тескари кийиб олди. Биров беқасам тўнини чаппа кийиб олди. Тағин биров алюмин лаганни барабан мисол бўйнига осиб олди. Иккита алюмин қошиқ билан барабан урди.
Бошлиқ... байроқ кўтариб олмиш бир беморга юзланди.
Сизга нима бўлди? — деди. — Туппа-тузук профессор-а, профессор!
Мен буларга тенг бўлмоқчи эмас эдим, жаноб дўхтир. Бундай қарасам, бирови Наполеон бўлиб, яна бирови Петр Первий бўлиб уруш бошлаб юборибди. Мен айтдим, ҳой саводсизлар, дедим. Ахир, Наполеон бошқа асрда яшаган, Петр Первий бошқа асрда яшаган, дедим. Шундай экан, улар қандай қилиб, бир-бири билан урушади, дедим. Шундай Петр Первийни бир генерали ўртага отилиб чиқди. Унда, Наполеон билан ким уруш қилган, деб қолди. Мен айтдим, ким бўларди, маршалл Кутузов-да, дедим. Петр Первийни генерали мана мен Кутузов деб, бошимга бир солса бўладими? Мен айтдим, сен Кутузов, шошмай тур, дедим. Сен Кутузовни бир кўзинг-ку йўқ... энди бу кўзингниям ўйиб олмасам кўрасан, дедим. Мен ҳам ўз қўшинларимни тўпладим.
Сизда ҳам қўшин борми? — деди бошлиқ.
О-о-о, қўшин бизда бор-да! Қайта қурувчилар қўшини! Ҳа, қайта қурувчи замонавий қўшин! Манавиларни қўшини алмисоқдан қолган қўшин. Отам замондан қолган қўшин! Бизнинг қўшинимизда... кимлар йўқ дейсиз? Мана, куни кеча
қўшинимиз... обком секретари билан бойиди, обком секретари! Депутат, ҳа, депутат! Ботир фирқани бадани жимир-жимир этди. Боши қизиди. Юзи лов-лов ёнди.
Сизга неча марта айтаман, аралашманг, деб? Мана, яна аралашибсиз! — куюнди бошлиқ.
Аралашмай бўладими, жаноб дўхтир, аралашмай бўладими? Мана, қайта қуриш давом этмоқда. Биз демократик жамият қуриш йўлидан бормоқдамиз. Биз миллатни оқлашимиз керак, жаноб дўхтир, миллатни оқлашимиз керак! Биз қадриятларимизни тиклашимиз керак, жаноб дўхтир, қадриятларимизни тиклашимиз керак! Наполеон, Кутузов, Петр Первий... Ахир, бу ерда миллийлик қани, миллийлик? Айтайлик, Кутузов ким? Кутузов сизга ким бўлади? Ўзингизни панага олмай, жавоб беринг! Ҳой Кутузов, ўзингизни кўрсатинг!
Ботир фирқа бемор қўл пешламиш ёққа қаради.
Бир бемор... бир кўзини қора латта билан бойлаб олмиш бўлди. Бошига кубанка қалпоғини кўндаланг қўндириб олмиш бўлди.
—    Ана, Кутузов, ана! — деди бемор профессор. —
Кутузов эмиш! Кутузов кимингиз бўлади? Холаваччангизми, поччангизми? Қани, бу ерда ватанпарварлик? Қани, бу ерда ўз халқига садоқат? Сиз энг аввало, ўз она-ватанингизни фарзанди бўлинг! Ўз она халқингизни ўғлони бўлинг! Сиз Амир Темур бўлинг! Сиз Бобур бўлинг! Сиз Иброҳимбек бўлинг!
—    Бу профессор миллатчи экан! Ур миллатчини, ур!
Шовинистларга ўлим! Сол шовинистни, сол!
Халоскор франтсуз қўшинлари, миллатчилар устига олға!
Петр Первий матрослари, бос шовинистни, бос! Ур-тўполон бўлди. Тарс-турс бўлди.
Ботир фирқа палатага қараб қочди.
—    Ҳанифа Ражабовна, кетдик-кетдик! — дея бид-бид сўзлади. — Ўртоқ Ражабов, сиз қимирламай ётинг, ўзим келиб олиб кетаман!
Ботир фирқа Ҳанифа Ражабовнани тирсагидан олди. Эшикка етаклади. Ташқари етаклади. Ташқари чиқиб олди.
Уф-уф, дея энтикди, галстугини бўшатиб энтикди.
«Ўша-ўша қабристон, — дея энтикди. — Тирик мурдалар қабристони!»

58
Хиёлдан кейин бошлиқ чиқиб келди. Бошлиқ Ботир фирқани қўлтиқлаб олди. Скамейкага олиб бориб ўтирғизди. Теваракка қараб бош ирғади.
Ҳа-а, ўзингиз яхшимисиз, отахон, ўзингиз? — дея бош ирғади. — Ўзингиз қалайсиз энди, ўзингиз?
Шу, кўриб турибсиз? Ичкаридан санитар йигит чиқиб келди.
Бўлди, Наполеонни ҳам, Петр Первийни ҳам... боғлаб ташладим! —деди.
Енди, Наполеон билан Петр Первийни реаниматсия хонасига олиб киринг. Наполеонга... сулфозин беринг, сулфозин! Петр Первийга эса... скипидар беринг, скипидар! Қўшин тортиб, уруш очиш оқибати нима бўлишини бир билиб қўйсин!
Бўлди, боплаймиз! Бошлиқ Ботир фирқага бет бўлди.
Ҳа-а, ўзингиз яхшимисиз, отахон, ўзингиз? Қалайсиз энди, отахон?
Ҳозирча бир нави.
Енди, гап бундай, отахон. Сиз ҳам, ўртоқ Ражабов ҳам она-ватанга хизмат қилиб қўйган зотсизлар! Шу сабаб, мен сизларга ёмонлик соғинмайман. Асло, ҳалигилар ҳолига тушмангизлар. Шунинг учун ўртоқ Ражабовга тайинлаб қўйинг, ақл билан иш қилсин.
Обком Ражабов ақлли коммунист! Нима қилишини билади.
Кўрдик... келганида ақлини кўрдик!
Обком Ражабовни... ичкилик йўлдан оздирди.
Мен сизларга ёмонлик соғинмайман. Қулоғига шивирлаб қўйинг, ўзини боссин. Бўлмаса, ҳалигилардай бўлади. Ҳалигилар дастлаб келишида... туппа-тузук одамлар эди! Ана, оқибатини кўрдингиз?
Ўзи, булар ким?
Ким бўларди, наркоманлар, алкашлар-да. Булар ўзини: «жеф», «мулка», «игнага ўтирган», «чифир», деб атайди. Буларни оти шунақа. Кўзингиз тушмадими, «игнага ўтирган»ларни вена қон томирлари олдида уколлар изи бор? Қўлларида татуировкалар бор?
Обком Ражабовни буларга тенг қилманг, ука.
Кечагидай байроқ кўтариб бақираверса... даволовчи врачлар битта укол беради... ҳалигилардай бўлиб қолади, тамом!
Укол... фойдали бўлади шекилли?
Сиз айтган уколлар бошқа, отахон, бошқа. Масалан, сулфозин уколимиз бор. Ана шу сулфозин уколи берилса... шундай оғрийди! Оғриғи дўзах азоби бўлади. Касални тан ҳарорати... қирқ градусга кўтарилади. Битта сулфозиндан кейиноқ касал дод, деб чинқиради. Ўзини уёқ-буёққа олиб уради. Палата бўйлаб бақириб чопади. Касал битта сулфозиндан кейин тартибга келмаса, унда, иккита кураги остига биттадан сулфозин берилади. Кейин, касални қўллари... шол бўлиб қолади! Касални думбаларига биттадан иккита сулфозин берилади. Ундан кейин, касални оёқлари юролмай қолади! Қарабсизки, касални қўллари ҳам ишламайди, оёқлари ҳам юролмайди. Касал қўл-оёқсиз бўлиб қолади! Бу ҳолатни медитсинада: «тўрт уяли услубда даволаш», дейдилар. Мана, укол билан даволаяпмиз, дейдилар. Аслида эса, сулфозин уколи... таёқ, дарра вазифасини бажаради! Сулфозин... жазо уколидир! Тўғри, сулфозин вақтинча талваса-телбаликни босади. Касални вақтинча карахт қилиб ухлатади. Аммо касални... умрбод руҳий касал қилиб қўяди! Ярим жон қилиб қўяди! Скипидар деганлари... сулфозиндан ҳам ёмон! Скипидар уколи ҳам калтак ва дарра сифатида ишлатилади. Скипидар оёқ-қўлни... шол қилиб ташловчи... чилвир-арқон ўрнида фойдаланилади.
Касал одамни чилвир-калтак билан даволайдими?
Совет медитсинасида касални даволаш учун чилвир билан калтак ишлатиш... қолоқлик, ибтидоийлик саналар эди-да. Касални урса — из қолади, шиш қолади, қон кетади. Касал кўриш учун келган қариндош-уруғлари буни кўриб нима дейди? Албатта, юқорига шикоят ёзади. Текшир-текшир ўтказади. Сулфозин билан скипидар уколи эса... билинмайди, кўринмайди.
Ука, жон ука! — дея сапчиб турди Ботир фирқа. — Обком Ражабовни озод қилинг! Бизни Ражабовни озод қилинг, жо-о-он ука!
Хўп, бош врач Мирзаев билан маслаҳатлашай. Эртагаям келасизларми? Унда, ўртоқ Ражабовга айтинглар: уч-тўрт кун ўзини босиб турсин, хўпми? Хўп, худони паноҳига!

59
Кампири Ботир фирқага бўқоқлик шим кийдирди. Украинча кўйлак кийдирди. Кител-костюм кийдирди. Бахмал шляпа кийдирди.
Кител-костюмга Меҳнат Кизил Байроқ орденини тақиб қўйди.
Нега шу орденни тақяпсиз, раис бова? — деди.
Йиғилиш «Ўзбекистонда сув хўжалиги ишлари» деб аталар эмиш.
Ҳа-а, шу орденни Катта Фарғона каналидан олиб эдингиз-а?
Шундай, Катта Фарғона каналидан олиб келиб эдим.
Шунгаям, ким қанча вақт бўлди-я?
Ўттиз тўққизинчи йилда эди. Авжи саратонда бошлаб, сумбула туққанида қазиб бўлиб эдик.
Қайта қурувчилар Катта Фарғона канали кунини ўтказар эмишми?
Бу бир гап. Аслида, қайта қурувчилар гапни Орол денгизига олиб келиб уламоқчи.
Оролга уласа, сизга нима. Сиз хизмат қилиб қўйгансиз. Мана исботи — орден!
Ия, ҳа-да, ҳа! Катта Фарғона каналини қирқ беш кунда қазиб ташлаганмиз, қирқ беш кунда! Яна-тағин, кетмон билан қазиганмиз, фақат кетмон билан! У вақтларда техника қаерда эди!
Орденингиз узукни кўзидай ярашиб турибди. Ўзингизни орденингиз эканлиги шундайгина кўриниб турибди. Фақат шу... уст-бошингиз ажабтовур-да, раис бова.
Уст-бошимга нима қипти? Манави галифе шим франтсуз генерали Галифе номи билан аталади. Бир сўз билан айтсак, мен франтсуз генерали Галифе номи билан аталувчи шим кияман! Манави украинча кўйлак. Хрушчевский кўйлак!
Биламан, биламан.
Бир вақтлар, бунақа украинский кўйлак фақат... икки кишида бор эди, икки кишида! Ўртоқ Хрушчевда бор эди ва ... менда бор эди!
Биламан, биламан. Энди, шу уст-бошни... вақти ўтиб қолдимикин дейман-да?
Вакти ўтмайди. Мен бор — галифе шим бор, мен бор — украинский кўйлак бор!
Қайта қурувчилар... кулмаса эди, дейман-да?
Қайта қурувчилар — бошсиз чавандоз! Демократлар — бошсиз чавандоз! Қайта қурувчи демократлар қаёққа кетяпти, нега кетяпти — ўзлариям билмайди! Қайта қурувчи демократлар ўзларини ўзлари ҳурмат қилмайди. Қайта қурувчи демократлар ўз қадр-қимматларини билмайди, ўз иззат-обрўларини билмайди. Шу боис, қайта қурувчи демократлар... ўзларига ишонмайди, сафдошларига ишонмайди. Оқибат, ҳузур-ҳаловатини йўқотади, жиғибийрон бўлади. Оқибат, ўзини кўз-кўз этиш, оташин нутқлар сўзлаш — қайта қурувчи демократлар учун тасалли-таскин бўлади. Оқибат, қайта қурувчи демократлар учун мансаб-мартаба, шон-шуҳрат — дори-дармон бўлади. Шундай экан, қайта қурувчи демократлар куладими, йиғлайдими — садқаи сарима!
Хўп, яхши бориб келинг, раис бова.
Ботир фирқа йўлда теварак-атрофни томоша этиб юрди. Тўхтаб-тўхтаб юрди. Пичир-пичир этиб юрди.
Ленин ҳайкали қабатидан ўтди. Ҳайкал қабатида оёқ илди. Бахмал шляпасини бошидан олди. Ленин ҳайкалига қараб... бош эгди. Ленин ҳайкалига қараб... бош ирғади.
—    Саломлар бўлсин, ўртоқ Ленин! — деди. Шляпасини бошига қўндирди. Йўлида давом этди. Йиғилишда одам мўл бўлди.
Ботир фирқа бир четдан жой олди. Шляпасини тиззасига кийдирди. Таниш-билишлар билан бош ирғаб салом-алик этди.
Раислик этувчи кириш сўзи билан йиғилишни очди. Биринчи бўлиб Мадиев сўзлади.
—    Хонимлар ва жаноблар! — деди Мадиев. — Жамият қандай бўлса, инсон ҳам шундай бўлади. Жамият қандай бўлса, ҳукумат ҳам шундай бўлади, ҳуқуқ-тартибот ҳам

шундай бўлади, туриш-турмуш ҳам шундай бўлади. Биз яшаган жамият — сотсиализм жамияти эди. Биз қурмоқчи бўлган жамият — коммунистик жамият эди. Биласиз, сотсиализм жамияти ақлли шахсларни жини ёқтирмас эди. Сотсиализм ақл-заковатли шахсларни бир четга суриб қўяр эди, овозини чиқармас эди. Чунки сотсиализм ақл-заковатли шахслардан кўрқар эди!
Мана, ватанимизга ҳам озодлик шамоли уфуриб, бизга ҳам эркинлик ҳуқуқи тегди. Биз ҳам ўз сўзимизни айтиш ҳақ-ҳуқуқига эга бўлдик. Бунинг учун худога минг қатла шукурлар бўлсин! Биз нега етмиш йил оч-наҳор яшадик? Чунки биз сотсиализм тузуми занжирида яшадик. Сотсиализм тузуми қонимизни сўриб келди. Сотсиализм меҳнат ҳақимизнинг учдан бирини бериб келди, гадойга бериладиган меҳнат ҳақини бериб келди. Натижада, биз гадойларча яшадик. Биз коммунизм учун сув текин меҳнат қилиб яшадик. Пешона теримиз билан топилган меҳнат ҳақимизни эса, СССР отли аждарҳо ўз домига тортиб келди. Биз эса, қуруқ қўл билан қолавердик. СССР бизни алдади. СССР бизнинг меҳнат маҳсулотларимизни, ер ости-ер усти бойликларимизни ташиб кетди. Биз энди ўз юртимизга ўзимиз бош бўлишимиз керак. Биз энди ўз мулкимизга ўзимиз эгалик қилишимиз керак. Биз энди халқ бўлишимиз керак, халқ! Гулдурос қарсаклар бўлди.
Қайта қурувчи демократлар бирин-кетин сўзлади:
Бундан беш-олти кун олдин Москвада бўлган Орол кунлари янгича тушунча ва янгича экологик тафаккурнинг бугунги жараёндаги реал имкониятларини намойиш этди. Миллионлаб инсоният умид нигоҳини тикиб турган Орол фожиаси инсониятни мудҳиш фожиалардан огоҳ этувчи аччиқ сабоқ сифатида қайд этил-ди. Анжуманда Орол тақдирини ҳал этувчи тадбирлар дастури олға сурилди...
Шарқий дарёларда беш-олти йилча умр кўрувчи кета, миттигина балиқ бор.Табиат кета балиғига гўзал ва фожиали умр ато этган. Кета балиғи насл қолдириш учун юзлаб километр йўл босиб, тоза сувларга сузиб келади. Тоза сувда уруғ ташлаб... жон беради. Яъни, зурриёт учун ўзини... қурбон қилади. Биз инсонлар-чи? Авлодларга нима қолдириб кетяпмиз? Наҳотки, шу миттигина кета балиғичалик бўлмасак?
Пахтани «оқ олтин» деб, кўкларга кўтардилар.
Бошқа барча ноз-неъматлардан юқори қўйдилар. Бу бир ёқлама сиёсат барча ноз-неъматларни далалардан суриб чиқарди. Пахта деб... Оролни мана шу фожиага олиб келди. Бу фожиалар учун пахта яккаҳокимлиги айбдор. Бунга йўл қўйиб берган раҳбарлар айбдор! Минбарда оппоқ либослик бир отинбиби бўй берди. Отинбиби юз очди. Бу — Диля бўлди! Мирзахўжаевалар сулоласидан бўлди.
«Бу жувон... суюқоёқ эди, — ўйлади Ботир фирқа. — Юз-кўзидан... ҳамон ўша-ўша! Ана, юзлари суюқ, суюқ! Кўзлари... ғар, ғар!» Диля қоғозини очди. Қоғозини ўқиди:
—    Оллои таоло якшанба куни қуёш, осмон, ерни яратди. Душанба куни ой, кун, юлдузни яратди. Сешанба куни қуш, қурт, қумурсқани яратди. Чоршанба куни сув, шамол, булутни яратди. Жумладан, дов-дарахтни, ўт-ўланни яратди. Айни ана шу куни ризқ-насиба-да улашиб берди. Пайшанба куни жаннат билан дўзахни яратди. Ниҳоят, Оллои таоло жума куни... одамзотни яратди! Шанба куни яратмади. Оллои таоло шанба куни... дам олди! Шу билан ҳафта етти кун бўлиб қолди. Нечун ҳафта етти кундан иборат бўлиб қолди? Нечун ҳафта олти кун бўлмади ё саккиз кун бўлмади? Сабаби, тоқлик — фақат Оллои таолога хос. Тоқлик — фақат Оллои таолога ярашади. Чунки Оллои таоло ягонадир, ягона! Мен ана шу яккаю ягона Оллои таоло номидан сўрайман: совет коммунистлари орден-медалларини топширсин!
Ботир фирқа гап тагини илғамади. Гап мағзини англамади. Деразага қараб хаёл сўрди: «Ана энди, қайта қурувчилар худони номидан сўзлагич бўлибдилар. Келиб-келиб, худони
номидан сўзловчи... одамни қаранг! Қайта қурувчилар худога шак келтирмасалар экан, худони тинч қўйсалар экан. Ўзи айтмоқчи, худо битта. Қайта қурувчи зоти бор... ўзини худо фаҳмлайди! Демократ зоти бор... ўзини худо чоғлайди! Ёмондан-ёмони — инсон ўз маразлигини... тоат-ибодат билан ниқоблаб яшайди. Инсон ўз аблаҳлигини... шариатпешволик билан бекитиб яшайди. Инсон ўз ҳаромилигини... худога эътиқод қўйиш билан яшириб яшайди! Азал-азалдан шундай. Балога қолган... худо, худо!» Диля чўнтагидан нарса олди. Минбарга бир қутича қўйди.
—    Мана, Меҳнат шуҳрати ордени! — деди. — Қайси бир йили 8 март байрами муносабати билан бериб эдилар. На илож, мен нодон олаверибман. Ўйламай-нетмай, олаверибман. Мен ана шу йўл қўйган хатом учун сиз азизлардан узр сўрайман! Мен ана шу айбим учун сиз яхшилар олдида ўзимни гуноҳкор деб биламан! Қизил совет ҳукуматининг ўзидай қизил орденини қабул қилиб олганим учун... мен сиз улуғлар олдида уятлиман, уятли! Қизил ҳукуматнинг қизил орденини кўксимда тақиб юрганим учун... мени кечиринг, мўмин-мусулмонлар, мени кечиринг!
Диля лабларини бурди. Кўзларини рўмолча билан артди. Рўмолчани оғиз-бурнига босиб... бош эгди! Ана шунда... елкалари билинар-билинмас титради. Диля... йиғлади! Диля йиғлади! Бузуқи қариса-да, ғамзаси қаримас, бўлди!
Ботир фирқа ана шунда тушунди. Ҳанг-манг бўлди. Аланг-жаланг бўлди. Олазарак бўлди. Саросима билан... орденига қаради! Кейин, минбарга қаради. Диля юз-кўзини артди. Оғиз-бурнини артди. Янада дадил сўзлади:
Қизил коммунистлар орден-медалини олиб келиб... мана шу ерга қўйсин! — дея, минбарни муштлади.
Қанақа орден? Қанақа коммунист? — залдан луқма тушди. Диля... минбарни муштлаб-муштлаб айтди:
Собиқ партия-совет чиновниклари! Етмиш йил халқ қонини сўриб, эвазига қўша-қўша орденлар олган қизил партократлар! Пахта яккаҳокимлигини ўрнатиб, Оролни қуритиб юборган қизил партноменклатурачилар! Ана, кимлар орденини олиб келиб топшириши керак! Ана шунда, Ботир фирқани чап кўксида... оғриқ қўзғолди. Кўкрак ости санчди. Кўкрак ости сиқилди.
У сиқилиш жой усти — орденига кафтини қўйди. Орденини ушлаб қўзғолди. Орденини ушлаб юрди. Қатор оралаб юрди.
Қўли кўксида кетажак Ботир фирқани кузатмиш ўнг қатордагилар... фирқа биз билан қўлини кўксига қўйиб, хайрлашяпти, дея ўйлади. Улар-да... қўлини кўксига қўйди:
—    Хайр, отахон, хайр, — деди.
Чап қаторда ўтирмиш ёш-ёш йигитлар Ботир фирқани қўли кўксида — орденида эканини кўриб... пиқ-пиқ кулди! Пичир-пичир этди:
Қара, Қизил кетди, Қизил.
Қизилларни уст-бошиям... советский!
Орденини маҳкам ушлаб олишини қара.
Орденимни тортиб олади, деб қўрқяпти.
Бечора қизилларни орден-медалидан бошқа нарсасиям йўқ. Ботир фирқа зинапоядан қўлини ордени — кўксига қўйиб тушди. Эшикоға олдидан қўлини ордени — кўксига қўйиб ўтди. Эшикоға-да қўлини кўксига қўйиб, хайр-маъзур этди.
Ботир фирқа бир амаллаб ташқарилади. Йўлга тушиб олди.
Йўл бўйи гулларга қараб энтикди. Кўм-кўк дарахтларга қараб энтиқди. Шохларда
чуғур-чуғур этмиш қушларга қулоқ солиб энтикди.
Оғир-оғир нафас олди. Чуқур-чуқур нафас олди.
Ниҳоят... юраги қўйиб юборди! Юраги озод ҳам вазмин бўлди.
«Орден оласан-а, орден оласан! — деди Ботир фирқа. — Олиб бўпсан! Сенлардан орден қарзим борми? Сенлар қачон менга орден бериб эдинг? Бу орденларни менга Йўлдош Охунбобоев берган, Шароф Рашидов берган. Орден олганларингниям кўраман!» Ботир фирқа кўкси — орденидан қўлини олди. Қулоч отиб-қулоч отиб қадам босди. «Шартаки бўл, санамараста бўл, эви билан бўл-да! Нонкўр бўл, эви билан бўл-да! — деди. — Сенлар, ўзи, қаердансан? Сенлар, ўзи, қаерда ўсдинг? Сенлар, ўзи, кимни боласисан? Осмондан туш-а, нонкўрлар, осмондан шалоплаб туш-а, нонкўрлар! Сенлар совет тузуми туғруқхонасида туғилдинг, совет тузуми боғчасида катта бўлдинг. Сенлар совет тузуми мактабида ўқидинг, совет тузуми институтида ўқидинг. Бир юмалаб... журнални ойнома, деб атадинг, газетани рўзнома, деб атадинг, редакторни муҳаррир, деб атадинг. Исми-фамилиянгни... Мирзахўжа қизи, деб атадинг. Бир янгилик шу, бор ўсиш шу, бор фарқ шу! Бу қадар нонкўр бўлма-да, қайта қурувчи демократ! Сенлар, ўзи, сотсиализмдан чиқдинг. Сенлар, ўзи, порлоқ коммунизм сари олға бораётиб эдинг. Сенлар пионер эдинг, комсомол эдинг. Сенлар коммунист эдинг, коммунист! Ана шундай бир вақтда Москвадан... шундай, Москвадан... бир бахт қуши учиб келди. Бахт қуши бошинг узра айланди-айланди... Охир-оқибат — бошингга келиб қўнди. Бу бахт қушини оти мустақиллик бўлди, мустақиллик! Бу бахт қушини оти — озодлик бўлди, озодлик! Бу бахт қушини... ошкоралик шамоли учириб келди, демократия шамоли учириб келди, қайта қуриш шамоли учириб келди! Бундай бахт қушига эришиш учун халқлар... ариқ-ариқ қон тўкади, ариқ-ариқ қон! Бундай бахт қушига эришиш учун ватанлари кунпаякун бўлади, кунпаякун! Сенлар эса... тайёр ошга эга бўлдинг, тайёр ошга! Шундай экан, тайёр ошни е энди. Оғзингдаги ошни ют энди».


60
Бўсағада кампири кутиб олди.
Кампири бошидан шляпасини олди. Елкасидан костюмини олди.
Қалай ўтди, раис бова? — деди.
Бузуқи қариса-да, ғамзаси қаримас, дейдилар! — деди Ботир фирқа. — Гап кўп. Бари маза-матрасиз гаплар.
Ўзи, майлис шундай бўлади-да, раис бова.
Бу қайта қурувчилар ҳали беш-олти кўйлак йиртиши керак. Қайта қурувчиларда ўша... кўйлакни ўзи йўқ! Қайта қурувчилар ҳали... кўйлак кўрмаган! Қайта қурувчи демократ — яланғоч қирол! Шундай, қайта қурувчи демократлар яланғоч қирол!
Гап десанг, қоп-қоп денг?
Яна-тағин, қайта қурувчи демократ зоти бор — фақат... худони номидан гапиради! Ўша худо — Яратганни ўзи ҳар бандасига бир арава беради. Демак, ҳар бандани ўз араваси бўлади. Ана шу аравасини йўлда қолдирган банда — одам бўлмайди! Бири икки бўлмайди. Шу боис, ҳар банда ўз аравасини ўзи тортиши керак. Деҳқон экинини экиши керак. Қурувчи иморатини қуриши керак. Олим фанини яратиши керак. Ашулачи ашуласини айтиши керак. Шоир... шеърини ёзиши ке-рак! Ана ўша демократлар — шоир. Демак, улар шеър ёзиши керак, шеър! Бир сўз билан айтсак, ҳар банда ўз касбий аравасини тортиши керак. Ана ўшанда... қайта қуриш бўлади! Ана ўшанда... эл-юрт обод бўлади. Булар бир оғиздан Орол-Орол, дейди. Нима, қайта қуриш демак — Орол денгизи, демакми? Қайта қуриш демак — Оролни тўлдириш, демакми? Яхшилаб эшитсам, қайта қурувчи демократларни дарди бошқа, кампир.
Нима экан, билдингизми?
Ҳали айтиб бераман.
Ботир фирқа ёнбошлади. Қайта қурувчиларни ўйлади. Хаёлидан ажаб-ажаб гаплар ўтди. «Биз учун бор эъзоз-еҳромларни нобуд этмоқдалар. Улуғ сиймоларни инкор этмоқдалар. Табаррук бисотларни тортиб олмоқдалар, — деди. — Ўзи... бисотда бирор нима қолдими? Менда, манави... кампирим қолди! Бор-йўқ бисотим — кампирим. Топган-тутган хазинам
—    кампирим. Суянган қанот-қуйруғим — кампирим». Ботир фирқа кампирига тикилиб ўйлади. Кампирига тикилиб сўзлади:
—    Кампир, шу қайта қурувчи демократлар бир кун эмас, бир кун... коммунистлар, кампирларингни топширинглар, деб қолса-я!
—    Нима-нима?
Коммунистлар, кампирларингни олиб келиб топширинглар, деб қолса... нима қиламиз? Кампири сокин кулди. Бош чайқаб кулди. Оғиз ушлаб кулди.
Ҳар нарса деяверманг, раис бова. Даққиюнусдан қолган кампир кимга керак?
Ия, ўттиз тўққизинчи йилдан қолган орденни топшир, деган қайта қурувчи... кампирингни топшир, демайдими?
Кампири кетига чалқайиб-чалқайиб кулди.

61
«Булар бунча бақиради? Оғиз фақат шуларда борми? — дея ўйлади Ботир фирқа. —
Гапингда маза-матра бўлса, бақирма. Одамга ўхшаб гапир. Одатда, бошида ақл-
фаросат йўқлар бақириб-чақиради. Бақириб-чақириш эса... ожизлик аломати!
Булар бу ожизлик билан... нимани қайта қуради? Қандай қайта қуради? Қачон қайта
қуради?
Қайта қурувчилар олдин ўтмиш-кечмишини унутди. Ўзларини кимлигини унутди. Энди эса... келажагини-да унутди! Келажак қайтиб келмайди!
Келажақда эл-юрт нима бўлади? Ўзлари келажақда ким бўлади?
Билмайди, бирови-да билмайди. Келажакни билиш учун — ўтмишдан сабоқ олиш керак. Ана шу сабоқлар заминида келажак режаларини тузиш керак. Ўтмишсиз келажак йўқ!
Ўзбек зиёлилари нега бечора бўлиб қолди? Нега ғариб-бенаво бўлиб қолди? Нега муштипар бўлиб қолди?
Боиси, зиёлилар... ўзини йўқотди! Ўзини зиёлиман деб юрувчилар оломон бўлиб қолди. Ўзини олим дея, кўкрак керувчилар сояга ўхшаб қолди. Ўзини арбоб дея, кўкрагига урувчилар қўғирчоқ бўлиб қолди.
Зиёлиларни... бир гуруҳ ўнгга бошлади. Бир гуруҳ чапга бошлади. Зиёлилар эрталаб ўнгга борди, пешинда чапга борди. Қайта қурувчилар нима деса — бош ирғаб ўтирди. Чапак чалиб ўтирди!
Оқибат, зиёли ўз юзини йўқотди. Ўз сўзини йўқотди. Ўз юзи йўқ, ўз сўзи йўқ одам... зиёли бўлармиди?
Енди нима бўлади? Қайта қурувчилар зиёлиларни чиқитга чиқариб ташлайдими? Қаерга олиб бориб ташлайди? Зиёлилар ҳали соғ-омон-ку? Соғ-саломат зиёлини чиқиндига ташлаб бўладими?»
Ботир фирқа йиғилишда бўлмиш гапларни бир-бир ёдлади. Гапларни ўзича мушоҳада этди. — Мана бу зотлар зиёли эмас! Йўқ, зиёли эмас! Булар халқдан чиққан одамлар... «Мадиев шундай дедими? Ҳа, Мадиев шундай деди, — ўйлади Ботир фирқа. — Хўп, Мадиевчасига ҳам борайлик. Чин, биз халқдан чиқдик. Чин, биз шунчаики одамлар. Хўп, одам шунчаики бўлмай, қанчаики бўлади? Хўп, одам халқдан чиқмай,
қаердан чиқади? Одам... ердан чиқадими? Одам... молдан чиқадими? Мадиевни шеърлари-да шунақа! Шеърларига: «халқ йўлида», «халқ оҳангларида», деб қўяди.
Ей, фитна шоир, халқ йўлида ёзмай, кимни йўлида ёзасан? Сигир-бузоқларни йўлида
ёзасанми? Қўй-қўзиларни йўлида ёзасанми?
Мадиевлар ўздни авангард-авангард, дейди. Илғор, демоқчи-да?
Менимча, авангард... елвизак, елвизак, демак! Адабий авангард — адабий елвизак,
демак!
Совет даврида эшиклар берк эди. Адабий елвизаклар... адабиёт эшигидан киролмас эди! Кўча-кўйда елиб-елиб... дунёдан ўтиб кетар эди.
Демократия даврида барча эшиклар баралла очилди. Адабий елвизаклар адабиёт эшигига... бостириб кирди!
Адабий елвизаклар йўлида учрамиш адабиёт дарғаларини... белидан олиб, беланги қилди. Бошидан олиб, тумов қилди. Бурнидан сув оқизди, кўзидан ёш оқизди. Оғзидан қон оқизди...
Ешикдан елвизакдай ҳуриллаб кириб... Адабиёт тож-тахтига ёпишди! Шу тож-тахтни олсак... Адабиёт бизники, дея ўйлади.
Афсус бўлсин, елвизак — ўз оти ўзи билан елвизак! Ғувв этиб ўтиб кетади! Ким асл зиёли?
Имон билан яшагувчи, ноҳақликка чидолмовчи, хўрлик — золимликдан нафратланувчи,
чин инсон бўлиб яшагувчи зот — асл зиёлидир!
Мадиевлар зиёлими? Зиёли бўлса, ушбу талабларга жавоб бера оладими?
Мана, Мадиев оғиз кўпиртириб нутқ сўзлади. Тош отмаган одами қолмади. Уртоқ
Лениндан тортиб... менгача тош отди! Тош отишидан мақсади — мансабдор бўлиш!
Ана шу тош отишини ўзи... Мадиев ор-номуссиз
еканини кўрсатади. Шон-шавкатсиз эканини биддиради. Юз-ғурурсиз эканини айтиб туради.    .
Ор-номуссиз одамга эл-юрт тақдирини топшириб бўладими? Юз-ғурурсиз одамга эл-юрт ихтиёрини бериб бўладими?
Дунёда қалтис ишлар кўп. Ана шундай қалтис ишлардан бири... тентак одам қўлига милтиқ бериш, юзсиз одам қўлига мансаб бериш! Эл-юрт учун иккови-да қалтис!»

62
Матбуотда Орол денгизини қутқариш ҳақида хабар берилди. Деворларда эълон осилди.
Йиғилишга оммавий равишда таклиф этилди. Те-лефонда таклиф этилди. Оғизма-оғиз таклиф
етилди.
Ботир фирқа телефонда таклиф этилди. Шахсан таклиф этилди! Йиғилиш хиёбонда бўлди. Хиёбон мўл-мўл одам бўлди.
Ботир фирқа меҳнат ва уруш ветеранлари қаторида ўтирди.
«Ўзи, одам йиғилса йиғилгудек ташвиш. Бундай ташвишни кўпайишиб ҳал этмаса бўлмайди, — дея ўйлади Ботир фирқа. — Орол эл-юрт дарди бўлиб қолди. Мен ҳам шу эл-юртни бир заррасиман. Аммо-лекин шахсан мен Оролга қандай ёрдам берсам бўлади? Коммунист Эсонов, сиз Оролга қандай ёрдам берасиз, десалар нима дейман? Одди-қочди гаплар билан Оролни қутқариб бўлмайди. Баландпарвоз сафсаталар билан Оролга
ёрдам бериб бўлмайди. Мен... пенсия пулимдан Оролга бераман! Мана шу ойлик пенсиямни Орол фондига бағишладим, деб айтаман». Оролпаноҳлар бирин-кетин минбарлади.
Оташин-оташин нуткдар билан Оролни... тўлдириб-тўлдириб ташлади! Лирик-лирик шеърлар билан Оролни... қутқариб-қутқариб ташлади!
Минбарга ашаддий оролпаноҳ Мадиев кўтарилди. Йиғилиш аҳлига қараб бош ирғади. Ўнг қўлини кўксига қўйиб бош ирғади. Бирдан... асл мақсадга ўтди:
—    Хонимлар ва жаноблар! — деди. — Мен умримга ачинмайман, мен марксизм-ленинизмни ўрганишга кетган вақгимга ачинаман!
Йиғилиш гувв-гувв этди. Йиғилиш қий-чув этди. Йиғилиш чувв-чувв этди. Мадиев қарсаклар остида қолди.
Мадиев кўкрак чўнтагидан бир ҳужжат олди. Ҳужжатни халққа пешлади.
—    Мана, КПСС билети! - деди. - КПСС, КПСС...
Барча тараққийпарвар мамлакатларда ижтимоий-иқтисодий қонун-қоидалар инсон ҳуқуқлари манфаатидан келиб чиқади. Бизда эса, етмиш йил мобайнида ҳамма нарса ҳукумат манфаатлари нуқтаи назаридан келиб чиқтси. Ҳукумат ким? КПСС! Чунки КПСС етмиш йил давомида ҳукмрон бўлиб келди. Коммунистик партия етмиш йил давомида мамлакатни бошқариб келди. Коммунистик партия етмиш йил мобайнида биз сизларга фаровон турмуш ато қилдик, деб қайта-қайта уқтириб келди. КПСС бизга гўзал ҳаёт тақдим этган эмиш! Буни қаранг-а! Мана шу қип-қизил билет бизга ҳаёт ҳадя этибди! Шугина билет-а! Демак, шу қизил билет бўлмаса — ҳаёт бўлмас экан-да? Шу қалин қоғоз бўлмаса — биз яшамас эканмиз-да? Буни қаранг-а! Мен энди мана шу қуруқдан-қуруқ КПСС қонун-қоидаларига қараб эмас, тараққийпарвар жаҳон мамлакатларида қабул қилинган умуминсоний қонун-қоидалар, умумбашарий хулқ-ахлоқ талаблари асосида ўз тақдиримни ўзим ҳал қилмоқчиман. Мени шу кундан бошлаб Совет Иттифоқи Коммунистик партияси аъзоси ҳисобламасликларингизни сўрайман! Гулдурос қарсак бўлди. Узлуксиз қарсак бўлди. Мадиев КПСС билетини минбарга ташлади. Халққа қарата қўл силкиди. «Наҳотки, партия ташкилотлари бефарқ қарайди? — уйлади Ботир фирқа. — Наҳотки, коммунистлар сукут сақлайди?» Минбарга Диля кўтарилди.
—    Ҳа, КПСС — партия эмас эди! — деди Диля. — КПСС ҳукмрон эди, КПСС ҳоким эди! Гўрингдан тутун чиққур Брежнев КПСС яккаҳокимлигини янги Конститутсия билан қонунлаштириб ҳам берди. Камина ана шундан кейин КПСС сафига ўтишга мажбур бўлдим. Чунки кўриб турибсиз — камина бир ожизаи заифа, КПСС эса, диктатор эди! КПСС золим эди! Биз ожизаи заифалар диктаторлик зулми остида ўз... аёллик иффатимизни йўқотиб қўймаслигимиз учун КПСС сафига киришга мажбур эдик. Биз заифалар, золим КПСС қамчиси остида... ногирону нотавон бўлиб қолмаслигимиз учун КПСС взносини тўлаб туришга мажбур эдик. Атоқли шоиримиз Ғафур Ғулом айтганларидек, бизнинг аёлларга ҳаё фазилат! КПСС учун эса — ҳаё бегона, ор-номус бегона! Мен энди КПСС сафида қололмайман! Номи улуғ, супраси қуруқ КПСС сафида қололмайман! Шундай бир жирканч партия сафига ўтганим учун мен сиз қоракўзлардан... кечирим сўрайман! Шундай бир жаллод КПСС сафида йиллаб взнос тўлаб юрганим учун мен сиз қоракўзлардан... минг бора узр сўрайман! Мени афв этинг, яхшилар! Мана, жаллод КПСС
билети!
Диля КПСС билетини минбарга ташлаб тушди.
«Буларни йўлдан қайтариш керак, — ўйлади Ботир фирқа. — Булар ҳали ёш коммунистлар. Буларга тушунтириш ишлари олиб бориш керак. Буларни партия ўқув юртларига, сиёсий курсларга ўқишга юбориш керак. Ана ўшанда кўзлари очилади. Ана ўшанда КПСС
нималигини англаб етади. КПССни лаънатлаб бўлмайди. КПССга шак келтириб бўлмайди». Мадиев боши билан имо этди — қайта қурувчилар бир даста шохча қўлтиқлаб келди. Шохчаларни ўртага тўдалаб қўйди.
Мадиев нигоҳи билан имо этди — қайта қурувчилар бир шиша ермойи олиб келди. Ермойини шохчаларга сачратиб сепди.
Мадиев қўли билан ишора этди — қайта қурувчилар гугурт қутисини оча-оча келди. Шохчалар остидан чирсиллатиб гугурт ёқди. Шохча ўтин олов олди. Олов одам бўйи кўтарилди.
Мадиев минбардан КПСС билетини олди. Олов олдига келди. Мисоли ўлик сичқонни думидан ушлаб кўтармишдай... КПСС билетини учидан ушлаб кўтарди. Мисоли ўлик сичқонни теваракка кўрсатмишдай... КПСС билетини боши узра айлантириб-айлантириб кўрсатди. КПСС... ўлик сичқон мисол шалвир-шалвир этди! Мадиев КПСС билетини... олов учига тутди!
Олов учи билан... КПСС учи учрашди. КПСС билан олов... юзма-юз бўлди!
КПСС олов олди! КПСС ёнди!
Мажлис аҳли қийқириб қарсак чалди. Мажлис аҳли ҳайқириб олди.
Ботир фирқа ўтиролмади. Сапчиб турди. Тишлари ғижир-ғижир этди. Қўллари мушт бўлди. Муштини шим чўнтагига тиқди. Халққа жовдираб боқди. Жовдираб-жовдираб боқди. Халқдан нажот бўлмади! Халқдан паноҳ бўлмади! КПСС... лов-лов ёнди!
Мадиевни қўли куйди — КПССни... ташлаб юборди! КПСС олов ичига тушди. КПСС олов ичида қолди!
Мадиев йиғилиш аҳлига қараб таъзим этди. Қўлини кўксига қўйиб таъзим этди.
Енди, Диля келди. Мадиевни қилиқларини такрорлади. Мадиев нима килди — Диля ҳам шуни
қилди.
Йиғилиш аҳли Диляни ҳайқириқ-қарсаклар билан олқишлади.
Кейин, учинчи қайта қурувчи, тўртинчи қайта қурувчи, бешинчи... эллигинчи қайта қурувчи демократ келди!
Ботир фирқа... элликдан кейин таҳликада қолди. Довдираб қолди. Эс-ҳушини йиғолмай қолди. Ботир фирқа... гимн айтаётган арбоб мисол ғоз-ғоз турди. Гимн эшитаётган коммунист мисол мағрур-мағрур турди.
КПСС... олов бўлиб ёнди! Олов бўлиб осмон ўрлади. Буралиб-буралиб ўрлади. «Ўртоқ Ленин сиймосидай мангу олов! — деди Ботир фирқа. — КПСС ғояларидай нурафшон олов! Коммунист қалбидай оташин олов! Коммунист фаолиятидай шон-шавкатларга, меҳнат жасоратларига бой олов!»
Ботир фирқа беихтиёр... чап кўкрагини ушлади. КПСС билетини... устидан ушлаб-ушлаб қўйди. Кафтини... билетлик чўнтаги устига қўйиб турди.
«КПСС яраланди! Жуда ёмон яраланди! — деди Ботир фирқа. — Аммо-лекин КПСС ўлган эмас! Йўқ, КПСС ўлган эмас... »
Ботир фирқа кетга тис бўлди-тис бўлди — йиғилишдан чиқиб олди.
Боши букик, қадам олди. Боши кўксида, қадам олди. Бехаёл қадам олди.
Уйда кўрпа-тўшак қилиб ётиб олди.

63
«Тўйдим, мен энди кетаман!»
Ботир фирқа ётди-ётди — ана шундай хулосага келди.
«Бўлди, мен яшашдан чарчадим, — деди. — Меҳр-оқибат, ҳурмат-иззатлардан
чарчадим. Мансаб-амал, шон-шуҳратлардан чарчадим. Қаҳр-ғазаб, нафрат-аламлардан чарчадим. Майли, мендан нафратлансинлар, мендан жиркансинлар. Мендан ҳазар қилсинлар. Тўйдим, мен яшашдан толдим.
Ҳар бандани ўз сиғинажак қиблагоҳи бўлади. Ўз сиғинажак улуғ зоти бўлади. Сиғиниш эса — эътиқоддан бино бўлади. Эътиқодсиз яшаб бўлмайди!
Мен пионерга эътиқод қўйиб яшадим. Мен комсомолга эътиқод қўйиб яшадим. Мен партияга эътиқод қўйиб яшадим.
Ўртоқ Ленин улуғ зотим бўлди! Жонажон КПСС қиблагоҳим бўлди!
Мен улуғ зотим Ленин учун ички-ташқи ғанимлар билан курашдим. Жон олиб, жон
бердим. Мен ўртоқ Ленин ғанимини ўз ғанимим деб билдим!
Мен қиблагоҳим КПСС учун неча-неча беш йилликларни ошириб-ошириб бажардим.
Неча-неча ўн йилликларни бажариб-бажариб ташладим. Мен қиблагоҳим КПСС учун
миллион-миллион тонналаб пахта териб бердим!
Қиблагоҳим КПСС барча ютукдарим илҳомчиси ва ташкилотчиси бўлди! Инсонда ватан битта бўлади. Ватан ёлғиз бўлади. Шу боис — ватанга оҳанжома тақиб бўлмайди. Ватанга упа-сурма қўйиб бўлмайди. Ватанга гард юқтириб бўлмайди. Ватан ўз оти ўзи билан — ватан!
Жуда бўлса — ватанга она сўзини қўшиб айтса бўлади. Боиси, ватан билан она айрилмасдир. Ватан билан она мангудир. Шу боисдан — она-ватан, деймиз. Она-ватан! Аммо-лекин мен — коммунист Эсонов, ватанга... сотсиалистик сўзини қўшиб айтдим! Сотсиалистик ватан! Она қолиб... сотсиалистик номини қўлладим! Она қолиб... сотсиалистик ватан, деб айтдим!
Бирдан... бари хароб бўлди. Бари сароб бўлди.
Ёмондан-ёмони — энди бу харобани тиклаб бўлмайди. Энди бу саробани тўлдириб бўлмайди».
Ботир фирқа чап ёнига ағдарилиб ўйлади, ўнг ёнига ағдарилиб ўйлади. Чалқанча ётиб ўйлади. Қарори қатъий бўлди: «Тўйдим, мен энди кетаман!»

64
Одам қариса... умидини йўқотади. Умидини бой беради. Келажақдан умидини узади. Одамни ана шу... одам қилиб туради. Одамни ана шу умид... суяб юради. Шу боис, одам... умидсиз яшай олмайди!
Одам ҳамиша... уфққа қараб яшайди. Уфққа қараб юради. Уфққа қараб хаёл суради.
Уфққа қараб орзу қилади. Уфққа қараб... дуои фотиҳа ўқийди.
Умид — одам учун мисоли уфқ. Умид — одамзот учун одамзот уфқи.
Оламни охири — уфқ. Одамни охири — умид!
Оламни сўнгга таянч нуқтаси — уфқ. Одамни сўнгги таянч нуқтаси — умид! Олам уфққа бориб тамом бўлади. Одам умидини йўқотиб тамом бўлади. Одам қариса, ана шу таянч нуқта — умидини йўқотади!
Шу боисдан, қари одам юрса — оёғи остига қараб юради. Қари одам ўтирса — ерга қараб ўтиради.
Ботир фирқа-да ана шундай бўлди!
«Ўзи, пешонам шўр экан, — деди Ботир фирқа. — Бир донишманд айтиб эди: худо ёмон кўрган бандаси-ни... қайта қуриш даврида яратади, деб эди. Худо шўри қуриган бандасини... ўтиш даврида яратади, деб эди. Шу гап чин экан. Мен шўрпешона эканман. Мана, умрим қайта қуриш билан ўтди. Қайта яратиш билан ўтди.
20—30-йилларда ўртоқ Ленин қур-қур, деди. Мен совет давлатини қурдим. 30—40-йилларда ўртоқ Сталин ярат-ярат, деди. Мен сотсиализм жамиятини яратдим. 40—50-йилларда Йўлдош Охунбобоев барпо эт-барпо эт, деди. Мен завод-фабрикалар барпо этдим. 50— 60-йилларда ўртоқ Хрушчев чўлларни ўзлаштир-ўзлаштир, деди. Мен чўл-биёбонларни боғ-бўстонга айлантирдим. 70—80-йилларда ўртоқ Брежнев билан ўртоқ Рашидов мўл-мўл пахта бер-пахта бер, деди. Мен ҳар йили олти миллион тонналаб «оқ олтин» териб бердим, олти миллион!
Партия-ҳукумат нима деса — лаббай, деб жавоб бердим. Эл-юрт учун қўлимдан келган барча ишни қилдим. Қайта қурдим, қайта туздим, қайта яратдим! Қайта, қайта, қайта... умрим ана шу «қайта» сўзи билан ўтди! Таржимаи ҳолим ана шу «қайта» сўзи билан тўлди!
Мана энди, тағин... қайта қуриш! Нимани қайта қураман? Қарийб бир аср... қайта қурдим! Бир аср... қайта яратдим! Бир аср йўқни бор қилдим! Бир асрлик меҳнатим кам бўлдими?
Енди нима қилсам — тинч бўламан? Нима қилсам — қур-қур, деган гаплардан қутулиб... ором оламан? Нима қилсам — ярат-ярат, деган гаплардан қутулиб... оёғимни узатиб ётаман?»
Ёлғиз бир йўл қолди. Ягона йўл қолди... У умрида барини кўрди: ХХ асрни бош-адоқ кўрди. ХХ асрни ўз кўзи билан кўрди. ХХ асрни қўли билан ушлаб кўрди. ХХ асрни ўз бошидан кечирди.
Ҳаётда маъно қолмади. Турмушда мазмун қолмади, Яшашда мақсад қолмади. Фақат бир йўл қолди. Энг қийини қолди. Энг ёмони қолди.
Ана шу ёмон йўлга... қандай етса бўлади? Қачон шу... ёмон кун келади? Қачон шу... қайта қурувчилардан қутулади?
Одамда ички бир руҳ-қудрати бўлади. Уни ўз-ўзини балогардонлардан ҳимоя этиш ички руҳ-қудрати деса бўлади. Ўз-ўзини бало-қазолардан авайлаш руҳ-қудрати деса-да
бўлади.
Бу руҳ-қудратни енгиб бўлмайди. Бу руҳ-қудратни даф этиб бўлмайди. Аммо бу руҳ-қудратни улуғ мақсадлар йўлида фидо этса бўлади. Масалан, эл-юрт йўлида фидо этса бўлади. Эл-юрт йўлида садақа этса бўлади. Эл-юрт йўлида қурбон этса бўлади. Айнан... ўлим инсон ким эканини кўрсатади! Инсон тош-тарозисини... тарозига қўйиб кўрсатади. Инсон қиёфасини ойнага солиб кўрсатади. Инсон қадр-қимматини... оппоқ қоғозга битиб кўрсатади.
Асл инсонни асл баҳосини... ўлим беради! Шу боис, асл инсон учун ўлим писанд эмас! Асл инсон ўлимни очиқ юз билан кутиб олади. Асл инсон ўлимни табассум билан кутиб олади. Боиси, асл инсон эл-юрт учун қўлидан келмиш эзгуликни бажариб бўлади. Асл инсон эл-юрт олдида ўз бурчини адо этиб бўлади.
Ана шунда, асл инсон ўз ҳаётидан кўнгли тўлади. Асл инсон ўз яшашидан кўзи тўяди.
Теварак-бошига мунис-мунис боқади. Тўқ кўнгил билан боқади. Тўқ кўз билан боқади. «Мен энди... кетақолай», дейди.
Инсон дунёга келди, дейдилар. Чин, инсон дунёга келади. Аммо инсон дунёга ўзи келмайди. Ўз оёғи билан келмайди.
Боиси, инсон онаси кўкрагида юролмайди. Оёқлари бўлади, аммо юролмайди. Шу боис — инсон онаси кўкрагидан ёруғ дунёга қадам босиб тушолмайди. Инсон туғилса: «инга-инга — мен келдим», дея овоз беради. Инсонни биринчи бўлиб... энага кўтариб олади! Энага бағрига босади. Энага инсонни ўраб-чирмайди. Энага инсонни йўргаклайди.
Енагадан кейин... ҳамширалар инсонни айланиб-ўргилади. Дўхтирлар инсонни кўз қорачиғидай авайлайди.
Енди, инсон: «дод, дунёдан кетаман», деса-чи?
Биров... отинг нима, демайди! Биров... ҳолинг нима, демайди. Ҳатто, биров... итмисан-ешакмисан, демайди!
«Ҳай, номард дунё, номард дунё! — деди Ботир фирқа. — Дунё нотанти экан, нотанти! Одам дунёга келаман деса... Инга-ингани эшитиб... қулоқлар динг бўлади! Энага, ҳамшира, дўхтирлар қучоқ очиб келади! Одам: «дунёдан кетаман», деса... Бирор зот итмисан-ешакмисан, демайди! Одам... дардини кимга айтишини билмайди! Кампирга айтсаммикин? Ҳай-ҳай, ув-вос солиб йиғлайди! Дунёни бошига кўтаради! Дўхтирдан маслаҳат сўрасаммикин? Йўқ, чол айниб қолибди, дейди. Унда, инсонни дунёдан ким кузатиб қўяди? Энага тоифа бир зот борми? Кимга мурожаат этса бўлади? Кимдан маслаҳат сўраса бўлади?»
Ботир фирқа ўйлади. Бирдан тан-жони илиқ-илиқ бўлди. Юз-кўзлари ёруғ-ёруғ бўлди. У шундай маслаҳатчини топди. У шундай энагани топди: «Гўрков! Қари одамни энагаси — гўрков!»

65
У улкан дарвоза олдида оёқ илди.
Дарвоза ўнгида турмиш тошга чўкди. Ўткинчи-кеткинчиларга қараб ўтирди. Бирорта таниш-билиш учратмади. Кўнгли тинч бўлди. Оҳиста қўзғолди. Темир дарвозадан ичкарилади.
Ана шунда, ажаб бир синоатни кўрди: сонсиз қабрлар. Панжара билан ўроғлик қабрлар. Ҳовли мисол ўроғлик қабрлар. Ялт-юлт сағаналар. Мармар плиталар. Оҳанжома тошлар. Ёлғизоёқ йўллар...
«Шаҳар, мисоли шаҳар! — деди Ботир фирқа. — Бу шаҳар абадий уйқуда ётади. Мангу оёқ узатиб ётади. Бу шаҳар кўзларини юмиб ўйлайди. Фақат ўйлайди. Ана, одамзотни ибтидоси! Ана, одамзотни интиҳоси! Одамзотни сўнгга манзили — бир парчагина ер. Одамзотни сўнгги макони — бир сиқимгана тупроқ. Барча инсон ана шу маконга келади. Инсон қип-яланғоч келади. Инсон шип-шийдам келади. Мен... ҳаммадан олдин келаман! Ўз оёғим билан келаман!»
Ботир фирқа марҳумлар шаҳри оралаб юрди. Марҳумлар йўлаги бўйлаб юрди. Теварак-
бошга кўз солиб юрди. Бўш жой... бўш жой тополмади!
Марҳумлар шаҳри шу қадар сераҳоли бўлди, шу қадар тиғиз шаҳар бўлди!
У марҳумлар шаҳри оралаб юрди-юрди, бир кулбага дуч келди. Кулба эшигани қия очиб
қаради: ичкарида бир одам устачилик қилиб ўтирди.
Уста Ботир фирқага бош ирғади. Асбоб-анжомларини ёнига қўйди. Ботир фирқани ичкари
таклиф этди. Бир думалоқ кундани қўрсатди.
Ботир фирқа думалоқ кундага ўтирди. Устадан ҳол-аҳвол сўради.
Уста бош ирғаб-бош ирғаб жавоб берди. Ботир фирқага бир пиёла чой узатди.
Ботир фирқа кулба ашқол-дашқолларини томоша этди. Бош ирғаб-ирғаб томоша этди.
—    Хўш, келинг-келинг? — деди уста.
Шундай... Ўтган-кетганларни ёдга олиб дегандай? — деди Ботир фирқа.
Яхши, яхши. Ўтганларни хотирлаш савоб иш. Баъзи бировлар ўз ота-онасини қабри қаердалигини билмайди. Ана, обод қилиб қўйдик. Айланиб кўришингиз мумкин.
Айланиб кўрдим. Хўп обод шаҳар бўпти!
Қанақа бўпти-қанақа бўпти?
Обод шаҳар бўпти!

Шаҳар? Ҳа, тилингизга бол, тилгинангизга бол-а! Шаҳар қилиб қўйдик-да, ҳа, шаҳар! Баъзи бир қабристонларни кўриб, одам ҳам тириклар шаънига ачинади, ҳам марҳумлар ҳолига ачинади. Деворлари нураб тушган супуриб-сидирилмаган, моллар оёқости қилган. Ўшанақа қабристонларни кўриб, одам... ўлишгаям қўрқади! Одам ўлишиниям билмайди, қолишиниям билмайди! Ана, бизни шаҳримиз — ярақлайди! Бизни шаҳримизни кўрган одам... ўлгиси келади! Ўлган сайин, ўлгиси келади! Бизни шаҳримизни кўрган одам... тезроқ омонатимни топшириб... шу шаҳардан макон топсам дейди!
Раҳмат, раҳмат...
Ботир фирқа бош ирғади. Ботир фирқа дудуқланди.
«Биз ҳам келадиган бўлдик, ука», дейишига бир баҳя қолди!
Аммо нафасини ичига ютди. Гапни бошқа ёққа бурди. Асл мақсадга ўтди:
Сиз бу шаҳарда кўпдан буён ишлайсизми, ука?
Шу, йигарма йиллар бўп қолди-ёв. Нима эди?
Ҳалиги... гўрков, дегич одамлар ҳам бўлар эди?
Бор, гўрков бор. Гўрковни кулбаси мана буёқда. Шаҳарни ўнг бурчагида. Бирор иш бўлса айтаверинг, хизматингизга тайёрман.
Сиз...
Мен тошга битик битувчиман. Олдин тош қўювчи эдим. Кейин, маҳоратим ошди. Тошга шакл берувчи бўлдим. Ҳозир, тошга битик битувчи бўлиб хизмат қиляпман. Охир-оқибат, шу шаҳарлик бўлиб қолдим. Худога минг қатла шукур, менча бўлган ҳам, бўлмаган ҳам бор.
Чин, чин. Тошга битик битишни ўзи бўладими? Мана шу қабр тошлар тайёр мармарга шакл берилиб килинадими ё бирор-бир қолипга солиб тайёрланадими?
Асл сағаналар соф мармардан бўлади. Шунчаки сағаналар тсементдан бўлади. Қум ва мармар увоқлари аралашмасидан бўлади. Барчаси тайёр ҳолга келтирилгач, мармар плитаси ёпиштирилади. Ана ундан кейин, марҳумни исми шарифи ҳуснихат билан ўйиб-ўйиб битилади.
У-у-у, ташвиши кўп экан!
Ҳа-да! Ўлишни... ўзи бўладими? Ўлишни... чидаганга чиқарган!
Чин, ўлишни ўзи бўлмайди. Ҳозир танқисчилик даври. Ашқол-дашқолни қаердан топяпсиз?
Бир инсон жон бериб келади-ю... тош топмаймизми? Топамиз! Тошларни мармар заводидан сотиб оламиз. Арматура билан тсементни дуч келган қурилиш иншоотларидан олиб келамиз. Шағал-қум деганларни ариқлардан оламиз.
Шундай қимматбаҳо тошлар, сағаналар, панжаралар... Менимча, бу нодонлик, манманлик аломати деб ўйлайман. Дунёдан ўтганлар кетидан шон-шуҳрат, обрў олмокчи бўлиш, деб ўйлайман.
Енди, манави беш қўл баравар эмас, отахон. Ҳаётда ҳаром пулини қаёққа қўйишни билмай юрган тентаклар кўп. Аслида, эскичада... қабр тош қўйиш гуноҳ! Ҳа, қабр тош қўйиш гуноҳ! Мусулмончиликда қабрни тошлар билан бостириб қўйиш ман этилади. Аслида, мусулмончилиқда қабрлар ер билан бир текис бўлиши керак. Қабрлар ер билан баравар бўлиши керак. Пайғамбарларимиз ҳам ана шундай йўл-йўриқ берганлар. Пайғамбарларимиз қабрлар устига фақат биттагина белги қўйишни буюрганлар. Сабаби, Расулуллоҳ алайҳиссалом Усмон ибн Мазъун қабри бошига биттагина тош қўйганлар. Бу тош: «Биродарим қабри қаердалигини билишим ва бошқа қазо қилган уруғларимни ана шу қабр қабатига олиб келиб дафн этишим учун белгидир», деган. Расулуллоҳ алайҳиссаломимизни ўз қабрлари ҳам ердан бор-йўғи бир қаричгана баланд, холос. Шу сабабдан ҳам қабрлар бошига ғиштин бинолар қуриш, бетон оҳанжомалар ўрнатиш, суратлар ўйиб солишни асло буюрмаганлар.
Мен ҳам шундай деб ўйлайман. Қайтанга совет даврида яхши эди.
Тўғри, совет даврида халқ қонунлардан қўрқиб... камтарона яшар эди! Совет халқи инсоф билан иш қилар эди. Совет халқи оғзини катта очмас эди.
Совет халқи кўп сабр-қаноатли халқ эди. Совет халқи бор бўлсаям, йўқ бўлсаям... борига шукур қилар эди! Совет халқи қорни оч бўлсаям... борига шукур қилар эди! Боиси, совет тузуми кўп халқпарвар тузум эди, кўп мехр-оқибатли тузум эди. Совет тузумини байналминаллигини айтмайсизми, байналминаллигини!
Лекин совет давриниям ташвишлари кўп эди. Шу бугунгидай эсимда: совет раҳбарлари сиёсий тафтиш учун келар эди. Сағаналардаги: «Худо раҳмат қилсин», «Жойи жаннатда бўлсин», деган битикларни ўчиртириб ташлар эди. Мармар тошлардаги ярим ой шаклларини ўйдиртириб ташлар эди. Қабрларни ном-нишонсиз қолдирганлари камдай, «Яна шундай такрорласам, жиноий жавобгарликка тортинглар», деган тилхат ёздириб оларди.
Мабодо ўшалар орасида... мен йўқмидим?
Йўқ, сиз йўқ эдингиз. Бўлсангиз, танир эдим. Раҳбарлар ҳам ҳар хил бўлади. Ичида бир... худо безориси бор эди! Худо йўқ-худо йўқ, деб дўқ урар эди. Мана, худо бор экан, бечорани... жинни қилиб қўйибди!
Жинни? Йўғ-е?
Ҳа-да! Савдойи бўлиб, жиннихонада ётган эмиш! Фамилияси... ҳа, фамилиянг қурсин... ҳа-ҳа, Ражабов, Ражабов! Падарингга лаънат, бир келиб: «Тошлардаги дуои фотиҳаларни ўчир», деди. Икки келиб: «Сағаналардаги байт-ғазалларни ўчир», деди. Жонга тегиб эди! Ана, худони ўзи кўрсатди. Жинни қилиб қўйди, жинни!
Ражабов... Ражабов... ҳа, таниш фамилия, таниш. Жинни эмасдир-е?
Енди, психболнитсада ётгандан кейин... ким бўлади? Имом-хатиб бўладими? Албатта, жинни бўлади-да!
Ражабов, Ражабов...
Ана ўша: «Барча қабр тошлар устида беш қирралик юлдузлар порлаб турсин», дея буйруқ бериб кетар эди. Буёғига нима дейсиз?
Ботир фирқа нафас ютди. Қилт этиб ютинди. Деразадан ташқари қараб олди. Бирдан сергакланди. Бирдан жонланди.
Бизга... беш юлдуз яхши! — деб юборди.
Хўп, сиз омонатингизни бемалол топшириб келаверинг. Буёғини бизга қўйиб беринг.
Нима қилай-нима қилай?
Сиз олдин омонатингизни бериб келинг. Буёғини биз боплаймиз!

66
Одамзотни ёши қайтса... маросимма-маросим юради. Маъракама-маърака юради. Чақирса-да боради, чақирмаса-да боради. Орқаворатдан эшитиб қолса-да, боради. Гап йўқ, сўз йўқ — қўли кўксида кириб боради.
Одамзот мартаба-мансабда эканида... ана шу даргоҳларга қўй сўйиб чақирса-да бормайди! Одамзот оёғи узангида эканида... ана шу маросимларга ялиниб-ёлворса-да бормайди!
Ботир фирқа-да ана шундай бўлди.
Бир профессор қазо қипти, дейишяпти, — деди кампири.
Худо раҳмат қилсин, нечада кетибди?
Ҳали пайғамбар ёшига етмаган экан. Бир бало касал экан, дейишди.
Худо раҳмат қилсин. Дард ёмон, ўз вақтида қаратмаса ёмон. Ёнбошлаб ётмиш Ботир фирқа қўзғолди. Маросим учун тайёр бўлди. Кўчага йўл
олди. .
Марҳумни оти нима — иши бўлмади. Марҳум кими бўлади — иши бўлмади. Сўраб-суриштириб кириб борди.
Ҳовли тўла... сонсиз оладўппи бўлди! Сонсиз беқасам тўн бўлди. Сонсиз белбоғ бўлди. Ҳовли қилт этмас сокин бўлди. Пашша учмас сокин бўлди. Нафас билинмас сокин бўлди. Ушбу сокинлик оти... мотам... мотам бўлди!
Мотамда... кўз билан кўриб бўлмас бир товуш кезиб юрди. Қулоқ билан эшитиб бўлмас бир товуш учиб юрди.
Ушбу товуш... ҳовли узра учди. Дарахт япроқлари бўйлаб учди. Тўн-дўппилар узра учди. Маъюс юзлар аро учди. Мунгли кўзлар аро учди. Ёшли ёноқлар аро учди. Ушбу товуш оти... унсиз йиғи... унсиз йиғи бўлди!
Ботир фирқа ҳовли бўсағасида манзил олди. Қўл қовуштириб ўтирди. Гап-сўз орасида марҳумни билиб олди.
«Ҳа-а, институт декани экан-да, — дея ўйлади Ботир фирқа. — Декан бозори чаққон одам бўлади, оғзи ошдаги одам бўлади. Деканни қўлида бутун бошли факултет бўлади. Ҳа-а, шу боисдан ҳам одам тумонот экан-да».
Тумонот қўзғолди: ичкаридан тобут қалқиб-қалқиб чиқиб келди. Катта кўчага қараб йўл
олди.
Ана шунда, Ботир фирқа бир савоб олмоқчи бўлди: тобутни бир четидан беш-ўн қадам кўтариб бормоқчи бўлди... Шу мақсадда тобут кетидан эргашди. Тобутга қўл узатди. Тобутга бармоқ ўйнатди.
Аммо қўли етмади — тобут қадам сайин олислаб борди. Ботир фирқа қўл узата-узата қолди. Тобутга қўли етмагани учун ёшидан ўпкаламади. Қувватсизлигидан-да ўпкаламади. Одам тумонот бўлди, тумонот! Ботир фирқа тумонот одамдан кўнгли ёруғ бўлди.
«Қайсики марҳумни жанозасига тумонот одам йиғилдими, бўлди, ана шу одам жаннати бўлади! — ўйлади Ботир фирқа. — Ана, тумонот одам, ана! Демак, профессор жаннати бўлди, жаннати!»
Ботир фирқа тобутга эргашиб борди. Тумонот одамни оралаб борди. Кўнглидан манави гаплар ўтиб борди:
«Менгаям... шунча одам келармикин? — деди. — Келмайди, келмайди! Совет даврида партия-совет органлари барчани сафарбар этар эди. Пионерлар фахрий қоровулда турар эди. Комсомоллар орден-медаллар кўтариб юрар эди. Коммунистлар оташин нутклар сўзлар эди. Энди, комсомол ҳам йўқ, партия ҳам йўқ. Аммо-лекин ўлим бор! Ана ўлим, ана... »
Катта кўчада одам тағин-да кўпайди. Одам тумонотдан-тумонот бўлди! «Мен бечорани жанозамга ҳеч ким келмайди! — деди Ботир фирқа. — Кизил эди, деб келмайди. Коммунист эди, деб келмайди. Ўз оти ўзи билан Ботир фирқа эди, деб келмайди. Шундай экан, мен бечораям... шу бугун омонатимдан қутулиб олсам бўларди! Ана, тайёр тумонот одам. Мен бечораям... шу бугун кетақолсам бўларди! Ана, ўз оёғи билан келган тумонот. Ана, тайёр тумонот одам, тайёр... »

67
«Сиз омонатингизни топшириб келаверинг. Буёғини бизга қўйиб беринг».
Ботир фирқа тош битикчини ушбу гапини ўйлади. Чалқанча ётиб ўйлади. Радиодан
музика эшитиб ўйлади.
«Омонатни топшириш кераклигини биламан, — деди. — Аммо-лекин шу омонатни қандай
топшираман? Ана шуни билмайман! Доно бўлсанг, айт? Омонатни узиш йўлини айт».
Радио хўп музика чалди. Мумтоз-мумтоз музика чалди.
Ботир фирқа музика оғушида ётди-ётди — руҳи ором олди. Қалби роҳат олди.
Қалбида мунислик давр сурди. Тан-жонида мунтазамлик давр сурди.
Жойидан оҳиста қўзғолди. Ўзига оро берди. Ташқарилади.
Йўл бўлсин? — деди кампири.
Оёғимни ёйиб келаман, — деди. Тағин қабристон йўл олди. Ўткинчи-кеткинчилар билан салом-алик этмаслик учун — йўлини четлардан олди. Одамларни кўриб-кўрмасликка олди. Тикка қараб юрди.
Қабристонга-да тикка кириб борди. Тош битикчини кулбасига-да тикка кириб борди.
Тош битикчи билан кўришиб-сўрашди. Тош битикчини ёнидан жой олди. Юзларига фотиҳа
суртди.
Марҳумларни йўқлаб келибсиз-да, отахон? — деди тош битикчи. — Марҳумларни йўқлаб туриш савоб иш. Кўп савоб иш. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки, дафн этилган марҳумни ҳоли бамисоли сувга ғарқ бўлаётиб, ёрдам сўраётган инсонни ҳолига ўхшайди. Борди-ю, ота-онаси, ёр-биродарларидан дуо ёхуд истиғфор бориб қолса, бу марҳум учун дунёдаги барча нарсалардан маҳбуброқ бўлади. Дарҳақиқат, Оллоҳ таборака ва таоло қабрларга аҳли тирикларнинг дуоларини етказади. Тирикларнинг марҳумларга қиладиган ҳадяларини талаби ғуфрон ва раҳмат ҳамда истиғфордир...
Шу мақсадда келдим, ука... — дея манқаланди Ботир фирқа.
Яшанг, отахон, яшанг. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам нақл қиладиларки, инсон қабристон ёнидан шунчаики ўтиб кетаётганда ҳам: «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн бир марта айтиб, марҳумларга унинг савобини бағишласа, марҳумлар одатича, ўша инсонга ҳам савоби тегади.
Ботир фирқа бош ирғаб маъқуллади. Кафти билан лабларини силади. Томоғини қирди. Нимадан гап бошлашини билмади.
Шу, биз партия-совет органларида ишлаб, шу... намозхонликка вақтимиз бўлмади, ука... — дея чайналди Ботир фирқа.
Ия, ҳали намоз ўқишни билмайсизми?
Партия-совет ишларини биламиз, ука. Ўзингиздан қолар гап йўқ. Кабинет, кресло, телефон, мажлис, нутқ... Умримиз ана шундай ўтди, ука. Увол-савоб ишларидан бебаҳра қолдик.
Намозхонликни фойдаси катта, отахон. Намоз ўқиш вақтида намозхонни асаб томирлари мулойим бўлади, диққат-еътибори бир нуқтага жам бўлади. Намозхон руҳияти тирикчилик ташвишларидан холи бўлади. Ҳордиқ-ором олади. Зеҳн-заковати пешланади, фикр юритиш учун соғлом бўлади. Намозхонлик еттилик рақамига имон келтиради. Яъни, намозхон ерга сажда қилганда — намозхонни ташқи аъзоларидан еттита жойи ерга тегиб-тегиб олади. Бурни-пешонаси, иккита қўли, иккита тиззаси ва иккита оёғини иккита учларидир. Намоз вактида намозхонни ички аъзолари чўққидан само сари талпинган... бургут мисол парвоз туйғуларини ҳис этади! Шу сабабдан донолар: «намоз ўқиш — меърожга чиқиш демакдир», дейдилар. Боиси, намозхонни ички аъзолари билан илоҳий дунёни ички мулоқотда бўлиши — меърожни бир кўриниши, демакдир.
Тош битикчи деразадан марҳумлар шаҳрига қаради. Кейин, Ботир фирқага қаради.
—    Увол-савоб ишларини билмасангиз, унда қийин экан, — деди. — Савоб ишларни ҳадисларга қараб қилмасангиз, марҳумлар уволига қоласиз, отахон. Яхшиси, бундай қиласиз: шундай бориб, қабрни бир четига ўтирасиз. Асло, қабр устига оёқ босмайсиз. Ҳадисларда: қабр устида ўтиришдан кўра чўғ устида ўтириб... кийим ва баданларингиз куйса, яхшироқдир, дейилади! Қабр бошига борганингизда, марҳумдан бирор нарса сўраманг. Овоз чиқариб йиғламанг. Қабр бошида чироқ ёқманг. Қабрни бир
четгинасида ўтириб, дуои фотиҳа ўқинг. Ҳали дуониям билмайсизми? Унда, ён дафтарингизни олинг. Қани, ёзинг...
Ботир фирқа ён дафтарини кўкрак чўнтагига солди. Ручкасини жойига қистирди. Оҳиста қўзғолди.
Келиб туринг, келадиган жойингиз, — деди тош битикчи. — Ҳа, келадиган жойингиз!
Келадиган жойимиз, шундай, келадиган жойимиз!

68
Ботир фирқа марҳумлар шаҳри аро равона бўлди.
«Биламан, келадиган жойим, биламан, — деди. — Аммо-лекин қандай қилиб келаман?» Ботир фирқа марҳумлар шаҳрини сайр этди. Шаҳар йўлаклари бўйлаб сайр этди. Марҳумлар шаҳри обод ҳам саришта бўлди. Марҳумлар шаҳри хушҳаво ҳам хушманзара бўлди.
У шаҳарни сайр этди-етди — қайтиб кетмоқчи бўлди.
Шунда, оппоқ панжарали бир қабрга кўзи тушди. Мармардаги марҳум сиймоси кўзларига иссиқ-иссиқ кўринди.
У ана шу қабр олдида оёқ илди. Чўнтагидан қўлларини олди. Кўзойнагини пешлади. Мармардаги сиймога тикилди...
Ана, ўша райком бўлиб ўлмиш, аммо... жанозасиз кўмилмиш Тўрақулов! Ана, ўша райком бўлиб дафн этилмиш, аммо... жанозасиз дафн этилмиш Тўрақулов! Ана-ана, ҳамон райком бўлиб ётмиш, аммо ҳамон... жанозасиз ётмиш Тўрақулов! Ботир фирқа райком Тўрақуловга тикилиб қолди... Қалби қон бўлди! Қалби қоп-қора қон бўлди!
—    Ей, парвардигор! — дея кафтларини очди. — Сен раҳмдил ва кечирувчи зотсан, эй, парвардигор! Биздан олдин ўтган мана шу зотларни гуноҳ-айбларини мағфират айлагин! Ана шу зотларга нисбатан қалбингда гина-кудуратинг бўлса, ювиб ташлагин, эй, парвардигор!
Ботир фирқа юзларига фотиҳа суртди.
Шунда, ён дафтари эсига тушди. Кўкрак чўнтагини пайпаслади. Ён дафтарини олди. Бармоқларини тупуклади. Дафтарини варақлади. Ҳали ёзиб тўлғизмиш бетини топди. Қабрни кунботар тарафидан келди. Панжара олдида чўнқайди. Дафтарчани панжара орасига қўйди — дафтарча силжиб тушди. Тағин олиб қўйди. Дафтарча панжара тирқишида жойлашди. Ботир фирқа дафтарча бошида жойлашиб ўтирди. Оёқларини ичига қайирди. Тиззаларига тирсак тиради. Кафтларини очди. Кафтлари узра дафтарчага кўз тикди. Мачитда ўтирмиш мулла қиёфасини олди. Қабр бошида оят ўқиди.
Сўзлар Қуръондан бўлди, овоз... партиявий бўлди! Овоз... райкомона бўлди! Сўзлар пайғамбардан бўлди, оҳанг... партия съездида сўзловчи оҳанг бўлди. Сўзлар охиратдан бўлди, оҳанг... райком бюросида дағдаға этувчи оҳанг бўлди:
—    Ассаламо алайкум аҳлад диёри минал мўъмина ва муслимийна ва инна иншоллоҳу бикум лоҳикун.
Антум фаратуна ва наҳну лакум табаъун...
Ана шу жойда Ботир фирқа чидаб туролмади. Ботир фирқани кўнгли бузилди. Ботир фирқани кўнгли вайрон бўлди.
Ботир фирқа... ҳўнг-ҳўнг йиғлаб қўя берди! Ботир фирқа... ўкириб-ўкириб йиғлаб қўя берди!
—    Ув-ув-ув!.. — дея йиғлади.
Кўзларини қўллари юзи билан артиб-артиб йиғлади. Бурунларини тортиб-тортиб йиғлади. Юз-кўзларини костюми этаклари билан артиб-артиб йиғлади.
—    Ей худо, мен бир нотавон бандангман! — деди. —
Мениям... йиғиштириб ол! Мен ғариб бандангниям йиғиштириб ол-да қўй! Ботир фирқа костюми ёқаларига юз-кўзларини артди. Ҳиқ-ҳиқ эта-ета, пешонасини билакларига кўйди. Ўпкасини босолмай — ҳиқ-ҳиқ этди. Елкалари силкиниб-силкиниб — ҳиқ-ҳиқ этди. Кўзларини юмиб... оғир тин олди.
Шунда, чала қолмиш оятни эслади. Тағин бошини кўтарди. Дафтарига қаради. Кафтларини дуо учун очди. Оятни давомини ўқиди. Оятлар... сукунатга сингиб-сингиб борди:
—    Насъалуллоҳа лана ва лакамул офията. Оллоҳум мағфир лаҳум, Оллоҳу марҳам ҳум...
Шу вақт турли-туман овозлар эшитилди. Овозлар тобора яқин келди.
У елкаси оша қаради. Кафтлари муаллақ кўйи қаради. Кўзларини пирпиратиб қаради.
Орқа тарафда бир-иккита қора кўринди. Қоралар яқин-яқин келди. Бировини бошида... ҳарбий
каска бўлди. Бировини бошида... қизил аскар телпаги бўлди. Икковини-да қўлида... милтиқ
бўлди! Улар... милтиқ пешлаб-милтиқ пешлаб келди!
Ботир фирқа юзларини ўнглаб олди. Муаллақ кафтларига тикилиб қолди.
«КГБ-КГБ! — дея ўйлади. — Булар КГБ! Кўза кунда синмайди, кунида синади,
деганлари ана шу бўлади. Мен ўртоқ Ягода қиличларини айланиб ўтдим. Мен ўртоқ Ежов
ўқларига чап бердим. Мен Лаврентий Берия қамоқларидан эсон-омон ўтдим. Ана, ана
енди қўлга тушдим! Ниҳоят қўллик бўлдим».
—    Тур жойингдан, тур!
Ботир фирқа олдин бир тизза бўлди. Кейин, икки тизза бўлди. Кафтларини ерга тиради. Оҳиста қўзғолди. Елкаларини қисиб, турди. Ғарибона турди.
—    Қўлингни кўтар!
Ботир фирқа қўлларини оҳиста кўтарди. Елкалари оша қўтарди. Бошп узра кўтарди.
—    Қимирлама, отиб ташлайман!
Ботир фирқа қотиб қолди. Райком Тўрақуловни сиймосига қараб қотди. Икки кўзи Тўрақуловни сиймосида бўлди, бор эс-ҳуши орқа тарафда бўлди.
«Мен бу ерда оят ўқиётганимни КГБ қаердан билди экан? — деди. — Айтмоқчи, тош битикчи! Падарлаънат тош битикчи! Демак, тош битикчи КГБни агенти экан! Тош битикчини эжакилаб-ежакилаб гап ковлашидан билиб эдим. Бир гапи бор, деб ўйлаб эдим. Аниқ, тош битикчи КГБни агенти, аниқ! Энди нима бўлади?»
Пих-пих-пих!
Пақ-пақ-пақ!
Ботир фирқани ёнидан бирови чопиб ўтди. Изидан иккинчиси қувиб ўтди. Бировини бошида ҳарбий каска-товоқ бўлди. Бировини бошида ҳарбий телпак — чойнакхалта бўлди. Қўлларида милтиқ — шохчўп бўлди. Болалар... уруш-уруш ўйнади!
Ботир фирқа... ҳаммомдан чиқмишдай енгил бўлди. Ботир фирқа... елкасидан бир қоп унни ташламишдай енгил бўлди.
Қўлларини оҳиста-оҳиста туширди. Болаларни кетидан қараб-қараб қолди. «Турқ-тароватидан... қайта қурувчи демократларни боласи! — ўйлади Ботир фирқа. — Шундай, тана бузоқни турқи туққанидан тамға!»
—    Т-фу! Итдан бўлган қурбонликка ярамаслар! — деди.

69
Бир инсон таваллуди нишонланар бўлса... халқ юбилярни кўкларга кўтариб мақтайди. Юбилярни хизматларини улуғлайди. Савоб ишларини бармоқ билан санаб беради. Юбилярга... ҳайкал қўяди!
Ана шу зот бандачилик этса... ҳайҳот, марҳум эрта кетди, дейди. Ҳайҳот, марҳумни кўп ишлари чала қолди, дейди.
«Биламан, мен ҳақимда-да шундай дейди, — ўйлади Ботир фирқа. — Хўш, қайси ишим чала қолди? Узи, кексалик... бир умрлик меҳнат самараси, демак. Кексалик... бир умрлик азоб-уқубат, демак. Кексалик... бир умрлик ғам-андуҳ демак. Шу боис, кекса одам... ҳаминқадар эъзозга лойиқ. Ҳаминқадар марҳаматга лойиқ. Боиси, кекса одам... яшамайди, яшамайди! Кекса одам... сўнгги маросимига ҳозирлик кўради. Кекса одам... дафн маросимини пойлайди! Дафн маросимини... узи-киб-узикиб пойлайди...»

70
«Бу сафар дангал гаплашаман, — деди Ботир фирқа. — Ўзиям, тош битикчи билмаган бало йўқ экан. Шундан бир иш чиқади. Ҳинд чойни кўрса, тағин-да очилиб гаплашади».
Ботир фирқа токчадан бир юмалоқ ҳинд чой олди. Кампирига билдирмай, костюм чўнтакка солди.
Бахмал шляпани бошга қўндирди.
Фотиҳага бориш инсон учун ҳам қарз, ҳам фарз! — деди.
Фотиҳали жой бор эдими? Айланай, раис бовамдан, айланай... У хаёллар оғушида марҳумлар шаҳрига кириб келди.
Кулба очиқ бўлди. Аммо тош битикчи йўқ бўлди. Вазиятдан, тош битикчи шу теваракда юрмиш бўлди.
Ботир фирқа тош битикчи келгунича марҳумлар шаҳрини сайр этди. Қўлларини орқасига қўйиб сайр этди. Тўхтаб-тўхтаб сайр этди. Фавқулодда... тош битикчини олдидан чиқиб қолди!
Тош битикчи бир қабр панжарасини тузатар бўлди. Панжарани динг-динг уриб кўрсатди.
Манавини қаранг, отахон, — деди. — Шундай темирни майиштириб кетибди-я! Ёш боладан ҳеч бало қолмайди-я!
Ёш бола, ёш бола-да, — деди Ботир фирқа.
Бошқа нарса қуригандай, шу панжарани майиштириб олиб, қиличбозлик ўйнайди-я! Бировини қулоғидан чўзиб, панжара ичидаги қабрни кўрсатдим.
Манави нима, дедим. Анави суратдаги одамни ҳовлиси, дейди! Унда, бировни ҳовлисида ўйнама, бор, ўзингни ҳовлингга ўйна, дедим.
—    Бинойи қилибсиз, хўп бинойи қилибсиз.
Ботир фирқа шундай дея, панжара олди скамейкага чўкди.
Тош битикчи панжарани тузатиб бўлди. Асбоб-анжомларини халтага солди. Ботир фирқани ёнидан жой олди. Нафасини ростлади.
Ҳа-а, келинг, отахон? — деди. — Оламда нима гаплар, энди?
Олам тинч-осойишта. Шу, қайта қурувчилар бақириб-чақириб юрибди, холос.
Мен қайта қурувчилардан қўрқмайман, отахон. Қайта қурувчилар мени ишдан бўшатолмайди. Мен ишсиз қолмайман. Чунки одам бор — ўлим бор. Ўлим бор — мен бор! Ўлимни иши — менсиз битмайди.
Ишқилиб, қайта қурувчилар ҳаммани ҳайдаяпти.
Ўзбек ўзагини қирқади, отахон, ўзбек ўзагини қирқади!
Шу боис, ишдан ҳайда-ҳайда, штат қисқаришлар авж оляпти.
Мен штат қисқаришлардан ҳам қўрқмайман. Юзлаб иш жойлар тақа-тақ ёпилиб қолади. Аммо... ўлим иши тақа-тақ ёпилмайди! Дунёда ҳамма штат қисқаради. Аммо... ўлим қисқармайди! Дунёда ҳамма нарса тамом бўлади. Аммо ўлим тамом бўлмайди! Ўлим мангу яшайди! Ўлим барча тузумлар учун абадийдир! Яшасин,
ўлим!
Шундай, ишингиз зўр, касбингиз ноёб касб, шундай.
Ҳа-да, ҳа!. Мен ноёб одамман, отахон, ноёб! Иш жойим ҳам ноёб. Мана иш жойим — шаҳримизда барча шароит муҳайё. Шаҳримизда... жондан бошқа нарса бор! Шаҳримизда фақат... жон йўқ, жон!
Ботир фирқа ана шунда мақсадга ўтар бўлди. Мақсадини айтиш учун сўз излади. Партиявий сўз излади. Илмий сўз излади. Халқона сўз излади. Охири, медитсина сўзида бир тўхтамга келди.
Шу, суитсид... суитсид... — деди.
Ким-ким?
Суитсид, дейман...
У ким?
Суитсид... мана шу шаҳарга ўз ихтиёри билан ташриф буюриш, демак.
Ҳа-а, ўз жонига ўзи қасд қилиш, денг! Тинчликми, отахон?
Тинчлик-тинчлик. Шу, биттаси бор. Шуни ҳаётида суитсид содир бўлмаса эди, деб қўрқаман.
Еси жойидами, ўзи?
Жойида, эси жойида. Ақл-заковат бобида... ул зотга тенг кам топилади! Юксак интеллектуал, шундай, юксак интеллектуал!
Унда, нега... ҳалигидақа ҳолатга тушади?
Ботир фирқа... ярасини ёрди! Мадда олиб кетмиш ярасини ёрди:
Одамга алам қилар экан, ука. Қарийб бир аср мобайнида ўртоқ Ленин доҳий, дедилар. Ўртоқ Ленин улуғ, дедилар. Шундай деб ўқитдилар, шундай деб тарбия бердилар. Энди, бирдан... Ленин жаллод, Ленин фашист, деб бошлади! Совет тузуми бир аср мобайнида ҳур замон бўлиб келди, тўкин-сочин замон бўлиб келди. Энди, бирдан... Совет тузуми қамоқхона, деб бошлади! Совет тузуми дўзах, деб бошлади! Идеал қолмади, ука, идеал қолмади! Идеалсиз яшаб бўлмайди, ука, идеалсиз яшаб бўлмайди! Идеалсиз ҳаёт — ҳаёт эмас, ука. Мана, идеалсизлик окибати — совет халқи бир-бирини итдай талаб бошлади. Совет халқи бир-бирини жаллоддай отиб бошлади!
Тузум алмашяпти, отахон, тузум алмашяпти. Тузум алмашиш даври энг ёмон давр эмиш. Тузум алмашиш даври уруш даври билан баравар эмиш.
Аммо-лекин одамга алам қилади-да, ука. Газеталарни очиб қарайсиз: уруш қатнашчиси ё меҳнат ветерани қазо қилган бўлади. Бечоралар, қайта қурувчиларни дағдағасига юраклари бардош беролмай... оламдан ўтмоқда!
Бўламан деган эл бир-бирини ботирим, дейди, бўлмайман деган эл бир-бирини этини ейди!
Буёғи қимматчилик. Гўшт қиммат, дори-дармон ундан-да қиммат. Пенсия пул дори-дармонга етмайди. Ваҳоланки, кекса одам дори-дармон билан тирик. Пенсия... арпага упоқ бўлмайди! Оқибат, кексалар бирин-кетин кетяпти. Газетани энг сўнгги четида — қора рамкага ўралиб-ўралиб кетяпти. Ана ўша қора рамкага ўроғликлар — уруш ва меҳнат ветеранлари. Мана шу ХХ асрни яратган зотлар! ХХ асрни қурган зотлар! Бу зотлар урушда полк-полк бўлиб жон берди. Армия-армия бўлиб жон берди. Энди эса... битта-битта бўлиб кетяпти! Якка-ёлғиз бўлиб кетяпти! Эни бармоқдайгина рамка ичида кетяпти! Тўрттагина рамка ичида кетяпти! Бечораларни қетаётганини биров биляпти,
биров билмай қоляпти. ХХ асрни яратган зотларни қадри шу бўлдими? Билсам, таъзиянома бериш учун — газетага яхшигина пул тўлаш керак экан. Арпага упоқ бўлмас... пенсия қайси бирига бўлади? Ҳадемай, уруш ва меҳнат ветеранларидан фақат хотира қолади, холос. Ҳали, шу хотира қолса! Замон шундай кетса, ХХ асрни бино этган зотлардан хотира-да қолмайди...
Ўз жонига ўзи қасд қилувчилар ёмон одам бўлмайди, дейишади.
Бўлмасам-чи, ука, бўлмасам-чи! Суитсидлар доно одам бўлади, ука, суитсидлар ҳалол одам бўлади! Эразм Роттердамский: фақат мутафаккир зотларгина ўз жонига ўзи қасд қила олади, деб эди!
Совет даврида ўз жонига ўзи қасд қилиш жуда кўп бўлар эди. Биров ўзини осар эди, биров ўзини томдан ташлар эди. Тағин биров йўғон томирини кесар эди, уксус ичар эди. Бир инсон нима учун ўз жонига ўзи қасд қилгани билан совет раҳбарлари шуғулланмас эди. Шуғулланса ҳам... бечора марҳумни ўзини айблашар эди.
Ўзимиз ҳам... бундан мустасно эмасмиз, ука.
Ўзингиз ҳам?
Беайб парвардигор, дейдилар, ука. Совет даврида... биз коммунизм қурамиз, бизда суитсид бўлиши мумкин эмас, деб келдик. Шу билан суитсидга барҳам бердикми? Аксинча, ўз жонига қасд қилувчилар сони йил сайин кўпайди. Ҳар йили минглаб инсон ўз жонига ўзи қасд қилди. Биз бу ҳолатни совет турмуш тарзига зид, деб баҳоладик. Суитсид ҳолларни бекитиб келдик. Мабодо ошкор бўлиб қолса, ўша суитсидчини... ўзини айбладик! Ўз жонига ўзи қасд қилувчиларни... бадном қилдик! Чунки энг яхши гувоҳ — ўлик гувоҳ, дейдилар. Кўзи юмуқ инсон сукут сақлаб ётаверади. Кўзи очиқ инсонлар эса мазза қилиб яшайверади. Бўлмаса, биттагина кўзи юмуқ инсон учун ўнлаб раҳбар ҳайфсан олади, партиядан ўчади, ишдан ҳайдалади. Ваҳоланки, совет суд-жамоат кодексида: «Инсонни ўз жонига қасд қилишига олиб келганлар беш йил муддатгача жиноий жавобгарликка тортилади», дейилган. Мен ҳалигача бирор раҳбарни ана шу модда билан жавобгарликка тортилганини эслай олмайман.
Унда, сиз ҳам чатоқ экансиз, отахон.
Беайб парвардигор, ука, беайб парвардигор.
Унда, сиз билан мулоқотда бўлиш хавфли экан...
Ия, ундай деманг, ука, ундай деманг. Ботир фирқа довдираб қолди. Жойидан лик этиб турди.
Апил-тапил ўнг чўнтагини ковлади. Чап чўнтагини ковлади. Шошиб, ҳинд чойни олди. Тезлик билан тош битикчини кафтига қўйди. Тош битикчини бармоқларини юмиб, чойни ушлатди.
Мана, ука, мана. Ҳақимизга дуо қилиб ичасиз, деб олиб келдим.
Бу, хинд чойми?
Шундай, яхши чой, шундай.
Нима қилардингиз, отахон, ўзингиз ичсангиз бўларди?
Енди, сиз эл-юртни савоб ишларини қиляпсиз, ука. Эл-юрт хизматини қиляпсиз. Шу боис, кўнгилдан чиқариб олиб келдим.
Раҳмат, раҳмат. Илоҳи омин, умрингизга умр қўшилсин, Оллоҳ-акбар! Мен сизга айтсам, отахон, бандачилик — худойи таолонинг даргоҳига меҳмон бўлиб бориш, демақдир. Марҳумлар шаҳрига сайёҳ бўлиб бориш, демакдир. Шундай экан, инсон меҳмон бўлиш учун шошилмаслиги керак. Меҳмон бўлишни эрта-кечи бўлмайди. Қолаверса, ўз жонига ўзи қасд қилишни ёмон томонлари кўп. Авваламбор, ўз жонига ўзи қасд қилиш — худо олдида жиноят қилиш, демакдир. Маълумки, бандасига иссиқ жонни худойим таоло ато этади. Ол, қулим, дейди! Иссиқ жон — энг ноёб бисотдир. Иссиқ жон — энг ширин неъматдир. Ўз жонига ўзи қасд қилиш — худойим таолони ноёб мулкига қасд
қилиш, демакдир! Ўз жонига ўзи қасд қилиш — худойим таолони неъматига қасд қилиш, демақдир! Шу боис, ўз жонига ўзи қасд қилиш — худога қўл кўтариш, демакдир! Албатта, худойим таоло бундай бандаларини лаънатлайди. Эй инсон, сен менинг бандам эмассан, дея лаънатлайди. Шу боис, ўз жонига ўзи қасд этган бандасини... ювмай кўмишни буюради!
Нима қилади-нима қилади?
Ўз жонини ўзи олган инсонни... ювмайдилар. Марҳумни тобутга солишдан олдин... ювиб-чаймайдилар.
Ботир фирқа сесканди. Баданлари увишди. Кўзлари пирпиради. Кўзойнаги устидан олайиб-олайиб қаради.
Бир инсон-а? — дея ҳайратланди. — Ўз ихтиёри билан тарки дунё этаётган инсон-а...
Худойим таоло: бу менинг бандам эмас, лаънатини ювиб-чаймасдан... кўмиб ташланглар, дейди. Садқаи инсон номи кетсин, дейди. Ҳаромлайин... ҳаромлайин кўмиб ташланглар, дейди.
Инсонни ювмасдан кўмиш? Инсон... мол эмас-ку?
Бандасиям эмас-да? Бандасиям эмас эканки... ўз жонига ўзи қасд қилади!
Инсон-а, бир инсон-а...
Худойим таоло ўз жонига ўзи қасд қилганлар учун... жаноза ҳам буюрмайди, жаноза! Суф сенга жаноза, суф, дейди!
А-а?! У-уҳ! У-у-у...
Ботир фирқа... ҳир-ҳир товуш чиқарди. Пиш-пиш нидо чиқарди. Шир-шир ҳуштак чиқарди. Аммо... тили айланмади! Тили калимага келмади. Бир сўз-да айтолмади. Беихтиёр-беихтиёр жойидан қўзғолди. Қўлларини ён чўнтакларига солди. Марҳумлар шаҳрига қараб серрайиб қолди. Марҳумлар шаҳрига қараб қотиб қолди... Ботир фирқа ана шуларни... билмас эди! Дафн урф-одатлари барча мўмин-мусулмонлар учун бир хил, дея ўйлар эди. Марҳумлар бир хил расм-русумда дафн этилади, дея ўйлар эди. Марҳумми, бўлди — кўп қатори дафн этилади, дея ўйлар эди.
—    Бирдан туриб кетдингиз, отахон?
Ботир фирқа тош битикчини овозидан ўзига келди. Сергак бўлиб, теварак-бошига қаради.
А? Оёқларим уюшиб қолди, ука, оёкларим! — деди.
Ҳа-а, мениям оёқларим қотиб қолди. Хўп, отахон, мен энди борай. Мени йўқлаёттан бўлишлари мумкин. Ботир бўлинг: ўзбек — ўзагини қирқади! Бўламан деган эл бир-бирини ботирим, дейди, бўлмайман деган эл бир-бирини этини ейди! Келинг, келадиган жойингиз!
Келаман, албатта келаман!
Худойим таоло қуёшни зиё, ойни нур қилиб яратган, отахон. Эмишки, худойим таоло одамзотни зуваласини лойдан пишитиб бўлгач... одамзот устидан атиги бир кун... бир кунгина қувонч ёмғирини ёғдирибди! Кейин, одамзот устидан... қирқ кун, ҳа-ҳа, қирқ кун... ғам селини ёғдирибди! Ана шу ғам селига бардош бериш... бандаси учун ҳам қарз, ҳам фарз, отахон!

71
Қабристон дарвозасидан... бир соя чиқиб келди. Шундай, бир соя чиқиб келди.
Сояда ҳаёт аломати бўлмади. Жон аломати бўлмади. Юзларида ранг бўлмади. Кўзларида
нур бўлмади.
Соя... силжиб-силжиб қимирлади. Шундай, соя силжиди, соя қимирлади.
Боиси, соя тор-тор қадам босди. Оҳиста-оҳиста қадами босди. Оқибат, оёқлари кўринмади. Қадамлари билинмади.
Шу боис, соя юряптими ё силжияптими, билинмади. Юряптими ё қимирлаяптими, билинмади.
Соя қулоч отмади. Соя қўл кимирлатмади. Қўлларини ёнларига босди.
Соя бош кўтармади. Юзларини кўксига эгди. Иякларини ёқасига босди. Кўзларини
туфлисига тиқди.
Соя бирдан... силжимай қолди. Жойида турди-турди — йўл чети скамейкага чўкди. Соя — Ботир фирқа бўлди. Коммунист Эсонов бўлди.
У оҳиста чапига — марҳумлар шаҳрига қаради. Ўнгига — тириклар шаҳрига қаради. У марҳумлар шаҳри билан тириклар шаҳри ўртасида ўтирди. Музтар бўлиб қолди. Муштипар ҳам нотавон бўлиб ўтирди.
Ўтирди-ўтирди... унсиз-унсиз йиғлади. Пешонасини ушлаб-ушлаб йиғлади. «Нима кунларга қолдим-а? — дея йиғлади. — Бу қандай замон бўлди? Қарийб бир аср меҳнат қилдим. Бир умр тер тўкдим. Бир умр эл-юрт хизматини қилдим. Мен учун меҳнат шон-шараф бўлди. Мен учун меҳнат ғурур ҳам фахр бўлди. Мен ҳаётни меҳнат деб билдим. Мен яшашни меҳнат деб билдим. Мен яратдим, мен бино этдим. Мана шу ХХ асрни... мен яратдим, мен!
Ана шундай зот кетса — мен ўлсам, мени... ювмайдилар, ювмайдилар! Ҳаром ўлган
мол мисол кўмиб ташлайдилар! Сассиқ маслиқ мисол кўмиб ташлайдилар!
Мендай бир зот ўлса... Менга... жаноза ўқимайдилар, жаноза ўқимайдилар! Оёғимдан
судраб... кўмиб ташлайдилар! Ном-нишонсиз кўмиб ташлайдилар. Отинг нима демай,
кўмиб ташлайдилар. Итмисан-ешакмисан демай... кўмиб ташлайдилар!
Демак, шариат бўйича... ўлиб бўлмайди! Урф-одатлар билан ўлиб бўлмайди. Эскичасига
ўлиб бўлмайди.
Мен чин коммунистман. Ленинчи коммунистман. Мен эл-юртга партиявий назар билан меҳнат қилдим. Мен эл-юртга марксизм-ленинизм ғоялари билан хизмат қилдим. Бир сўз билан айтсак, мен меҳнат қилдим, меҳнат!
Мен бола-бақрам демадим — жамиятим, дедим. Мен бола-бақрам учун меҳнат қилмадим — жамиятим учун меҳнат қилдим. Бир сўз билан айтсак, совет жамияти бор бўлсин, дедим. Коммунистик жамият бор бўлсин, дедим.
Шундай бир оташин коммунист ҳаётдан кўз юмса... Шундай бир содиқ ленинчини юраги уришдан тўхтаса...
Тобутим тепасида... ҳарбий оркестр мотам марши чалмайди! Комсомоллар орден-медалларим тўла бахмал ёстиқчаларни кўз-кўз этиб ўтмайди. Коммунистлар тобутим кетидан гулчамбарлар кўтариб юрмайди. Партия-совет арбоблари билакларига қора ленталар тақиб, тобутим бошида фахрий қоровуллиқда турмайди.
Емондан-ёмони... партия-совет арбоблари қабрим бошида: «У асл коммунист эди», дея оташин нутқлар сўзламайди!
Демак, коммунистчасига-да... ўлиб бўлмайди! Партиявий ўлиб бўлмайди. Бир сўз билан айтсак, эскичасига-да ўлиб бўлмай-ди, янгичасига-да ўлиб бўлмайди!» Ботир фирқа унсиз-унсиз йиғлади. Оғиз-бурнини кафти билан артиб-артиб йиғлади. Кафтига йўталиб-йўталиб йиғлади. Кафтига ўксиб-ўксиб йиғлади.
«Чин, мен коммунистман, коммунист. Аммо-лекин мен ҳам одамман, одам. Мен жаннат билан дўзахга ишонаман. Кўплар ҳамма гўр — бир гўр, дейди. Йўқ, ҳамма гўр — бир гўр эмас, йўқ! Гўр билан гўрни фарқи бор. Айтайлик, бир инсон дунёдан кўз юмади. Уни олиб бориб қабрга кўмадилар. Бўлди, шу билан у зотни унутадилар, отини атамайдилар. Боиси, у зот бу дунёсида бирорта эзгулик яратмаган бўлади. Бирор нима қурмаган бўлади. Бирорта боғ яратмаган бўлади. Шу боис, у зотни номи зим-зиё
йўқолади. Бир сўз билан айтсак, у зотни... бу дунёси йўқолади! У дунёси эса... дўзах бўлади! Гўри гўр эмас — ўра бўлади! Гўри гўр эмас — дўзах бўлади! Мазкур ўрада одамзот ётибди ё маслиқ ётибдими — эл-юртни иши бўлмайди. Дўзах — ана шу гўр! Ўзи, бу дунё ажаб дунё экан. Одам ўзини дўзахи ё жаннатилигини билиши учун... ўлиши керак экан, ўлиши!
Масалан, Шароф Рашидов ҳаётлигида жаннати меҳнат қилди, жаннати яратувчилик қилди, жаннати ишлар қилди. Шароф Рашидов... чўл-биёбонларни боғ-бўстон этди. Шаҳар-қишлоқлар яратди. Зилзиладан кейин Тошкентни қайта қурди. Ўзбек халқи номини жаҳонга ёйди. Тошкентда метро қурди...
Аммо-лекин ўртоқ Рашидов ўзини жаннати зот эканини билмай ўтди. Ўзгалар-да... билиб-билмасликка олди!
Ўлим... Шароф Рашидов жаннати зот эканини тасдиқлади!
Бу дунёдан Шароф Рашидов ўтди — демак, бу дунёдан ҳамма ўтади!
Мана, мен яратдим, мен бино этдим. Энди, бемалол оёқ узатсам бўлади. Аммо-лекин
қайта қурувчилар қандай қилиб... ўлади? Демократлар қайси юз билан ўлади?
Шариатпешво муллаваччалар билан ювуқсиз отинчалар қайси имон билан ўлади? Қайси
шон-шараф билан ўлади?
Қайта қурувчи муллаваччаларни кўмиб... одам ўлишини-да билмайди, қолишини-да билмайди! Ўлай десанг... қайта қурувчи муллавачча-отинчаларга бу дунёни ташлаб кетиб бўлмайди. Қолай десанг... ирода бардош бермайди. Майли, бир жон бўлса — бераман! Бир жон — бошдан садақа!
Аммо-лекин қайси ғоя учун жон бераман? Мен бир умр ғоя деб яшадим. Ғоя деб меҳнат қилдим. Ғоя деб пешона тери тўкдим.
Мен бир умр ғоя деб эзилдим. Ғоя деб азоб чекдим. Ғоя деб... жон олиб-жон бердим!
Боиси, коммунист учун ғоя — бирламчидир, бирламчи!
Шундай экан, мен қайси ғоя учун жон бераман? Шундай азиз жонимни қайси ғоя
учун садақа этаман? Мени жоним унча-мунча жонлардан эмас. Кимсан — Ботир
фирқани жони! Коммунист Эсоновни жони! Кўчада қолган жон йўқ!»
Ботир фирқа оёқлари остидан бир сиқим тупроқ олди. Тупроқни кафтида ёйиб кўрди. Кўзлари
олдига олиб келиб кўрди. Ҳидлаб-ҳидлаб кўрди. Димоғида... ер ҳидини туйиб-туйиб ўйлади...
«Мана, одамзотни отаси. Мана, одамзотни онаси. Мана, одамзотни бешиги! Дунёдан
неча-неча жамиятлар ўтди — фақат ер қолди. Неча-неча партиялар ўтди — фақат ер
қолди. Неча-неча сиёсатлар ўтди — фақат ер қолди.
Демак, бу дунёда-да, у дунёда-да... ердан бошқаси бекор экан!
Биз ана шу ердан яралдик. Биз ана шу ердан одам бўлдик.
Айтайлик, она ўз боласини тупроқ ерга қўйиб юборади. Яланг оёқ қўйиб юборади.
Бола ер чангитиб ўйнайди. Ҳолдан тойгунча ўйнайди. Мадори қуригунча ўйнайди...
Кейин, она боласини яна қайтиб ўз бағрига олади. Она боласини яна қайтиб ўз кўксига
босади...
Ер ана шу она мисол. Инсон ана шу бола мисол. Инсонни ўтмиши-да ер, инсонни келажаги-да ер.
Ана, мени-да онам келди. Онам: кунинг қайтди, деяпти. Кетар вақтинг бўлди, деяпти. Кунинг тўлди, деяпти...
Шундай, кетар вактим бўлди. Шундай, куним тўлди. Яшашдан мазмун қолмади. Яшашдан мақсад қолмади. Боиси, эл-юртга фойдам тегмай қолди. Эл-юрт хизматига ярамай қолдим. Эл-юртга яхшилик қилиш қўлимдан келмай қолди. Оқибат, эл-юртга керак бўлмай қолдим. Эл-юртга керак бўлмаслик — жуда ёмон! Одамзотни ибтидоси-да ғойибда бўлади, интиҳоси-да ғойибда бўлади. Ғойибдан йўлга чиқиб, мана, яна ғойибга кетдик.
Енди, фанодан бақога рихлат этамиз. Энди, руҳимиз танамиздан ажралади. Фоний дунеда покланмиш руҳимиз фаришталар ҳамроҳлигида Оллоҳ таоло маконига сафар этади. Руҳимиз ноклана олмаса — фаришталар тазйиқида азоб чекамиз.
Мана, мен поклана олмадим. Боиси, қандай покланишни билмадим. Шу боис, фаришталар исканжасида азобдаман!
Ҳаёт мисол бир боғ бўлади. Боғда дарахт мўл бўлади. Гул мўл бўлади. Ана шу боғни сара муаттар гули — одамзот бўлади. Серҳосил дарахти — одамзот бўлади. Одамзотда дарахт мисол уруғдан унади. Ниҳолдан ўсади. Дарахт бўлиб етилади. Мева тугади. Эл-юртга мева пишириб беради. Ниҳоят, куни битади. Оёғи ердан узилади. Боқийлик сари равона бўлади.
Яратганни ўзи одамзотга жон ато этади. Жон одамзотни олдин ҳалқумига киради.   Кейин, кўзларига киради. Ундан кейин, танани бошқа жойларига киради. Жон энг охирида одамзотни... оёқларига киради. Шу боисдан-да, одамзотни жони энг олдин... оёқдан узилади. Кейин, танани бошқа жойларидан жон узилади.
Одамзот қачон жон бёради? Қачон кўз юмади? Одамзот айни куч-қувватга тўлиб, жон бермайди. Одамзот айни пишиб, етилиб кўз юммайди.
Одамзот... жисман ишлаб бўлиб жон беради. Одамзот... руҳан меҳнат қилиб бўлиб кўз
юмади. Одамзот... қалбан ҳам жисман ҳориб-толиб жон таслим этади.
Мана, мен қалбан қаридим. Мен жисман толидим. Сафарим қариди, сафарим қариди!
Биз... ўлишдан қўрқамиз! Ўлик сўзидан қўрқамиз. Тобут сўзидан қўрқамиз. Марҳум
сўзидан қўрқамиз. Қалбимиз музлаб қолади. Тилимиз айланмай қолади. Бошимиз эгилиб,
елкаларимиз чўкиб қолади. Бир кун эмас, бир кун... ўламан, дея қўрқамиз.
Биз... ўлишни билмаймиз, ўлишни билмаймиз!
Шу боис, кўп одам... ўлишдан қўрққанидан... ўлиб қолади! Шундай, ўлишдан қўрққанидан ўлиб қолади. Уҳ, ана ўлдим-мана ўлдим, дея ўз ўлимини ўзи тезлатади. Ўлим даҳшатидан қўрқиб — ўз жонини апил-тапил топшириб қўяди. Аслида, табиий ўлим... тонг вақти келади, тонг вақти! Боиси, одамзот туни билан тиниқади. Туни билан ҳузур олади. Туни билан роҳатланади.
Ниҳоят, тонг вақти сўнгги бор... ирода билан энтикади. Сўнгги бор... озод ҳам оғир энтикади.
Шундай, ўлим ҳақ, шундай... Шундай экан, худо мен бечорага-да раҳм этса эди. Худо мен бандасини-да ўз раҳматига олса эди!
Олмайди, худо мени ўз раҳматига олмайди! Худо мени гапимга... қулоқ-да солмайди! Боиси, мен умримда худони отини атамай яшадим. Мен умрим мобайнида худога тош отиб яшадим. Мен умрим давомида худога шак келтириб яшадим! Шундай экан, худо мени... итмисан-ешакмисан, демайди!»

72
Марҳумлар шаҳри... жимжит бўлди. Жон аломати бўлмади. Ҳаёт нафаси бўлмади. Марҳумлар шаҳридан... мотам нафаси уфурди.
Тириклар шаҳри... ҳайқириб турди! Ашула айтиб турди. Ханда отиб турди. Тириклар шаҳридан... палов ҳиди анқиди. Кабоб ҳиди анқиди. Ўртада... Ботир фирқа бўлди. Коммунист Эсонов бўлди. Осмон йироқ, ер қаттиқ бўлди!
У тириклар шаҳрига қараб ўйлади. У марҳумлар шаҳрига қараб ўйлади. У осмонга қараб ўйлади.

«Бу дунёда ўлиб бўлмайди! Бу дунёда яшаб бўлади. Шу боисдан-да, бу дунё отини ҳаёт, дейди. Ҳаёт — яшаш, демак, қуёш — яшаш, демак. У дунёда... ўлса бўлди! У дунёда қуёш йўқ.
У дунёда сув йўқ. У дунёда нон йўқ. Шу боис, у дунёда яратиб бўлмайди. У дунёда экин экиб бўлмайди.
У дунёда... КПСС йўқ, КПСС йўқ! У дунёда сотсиализм қуриб бўлмайди!. У дунёда коммунизм қуриб бўлмайди.
У дунёда... орден-медал йўқ, орден-медал йўқ! Қўша-қўша унвонлар йўқ. У дунёда... гимн айтиб бўлмайди! У дунёда «Интернатсионал» айтиб бўлмайди! У дунёда... пенсия бермайди! У дунёда пенсия йўқ!
У дунёда... кампири нозик таъб билан боқмайди. Силаб-сийпаламайди. Саранжом-саришталамайди.
Шу боис, у дунёда ўлса бўлади! У дунёда оёқ узатиб ётса бўлади! Кўз юмиб ётса бўлади!
Бу дунёда эса... яшаса бўлади! Бу дунё — яшаш учундир! Сен яшагувчи дунёга келдинг. Сен ҳаёт завқини тотувчи дунёга келинг. Сен умр гаштини сурувчи дунёга келдинг.
Бу дунёга кеддингми? Энди яша! Тишни тишга қўйиб-қўйиб яша. Муштни тугиб-тугиб яша. Алп-алп одим отиб яша. Чидаб-чидаб яша. Яшашни чидаганга чиқарган!
Бу дунёга келдингми? Энди чида! Дунё — чидаган-ники! Охиригача чида, худо берган кунгача чида!»

73
У тушлик уйқуда ётди, ғарқ уйқуда ётди. Уйқусида телефон жиринг этди. Узун жиринг этди.
Ботир фирқа жирингни эшитиб, ётди. Кўзларини очиб ётди. Шифтга тикилиб ётди. Турай дея ҳафсала этмади.
«Телефон айвонда, — деди. — Айвонга бориш учун ким қанча йўл? Дивандан туриш
керак. Уст-бошни кийиш керак. Уйқухонадан йўл босиб ўтиш керак. Айвон эшигини
очиш керак. Зинапоядан тушиш керак. Ана ундан кейин телефонни кўтариш керак.
Ким қанча йўл, ким қанча азоб».
Телефон бетиним жиринг этди. Ётиш учун қўймади.
Ботир фирқа инқиллаб қўзғолди. Эснаб керилди. Уйқучил кийинди.
«Падарлаънат, бундай телефонни! — деди. Овози қайта қурувчи демократларни овозига ўхшайди-я? Билмайман, телефонлар ҳам қайта қурувчи демократ бўлиб қолдими?» Ботир фирқа имиллади-имиллади — телефонни олди. Телефон этувчи ўзини танитди. Ҳол сўради. Мақсадини айтди:
—    Отахон, эски горком — ҳозирги ҳокимият биноси олдидан Буюк ипак йўли ўтади, демоқдалар.
Ботир фирқа уйқучил пиш-пиш этди.
Йўлингиз унсин, ўртоқ ҳоким, йўлингиз унсин, — деди.
Гап шундаки, отахон, ҳокимият биноси олдида беш-ўнта ўриси дарахт бор.
Ўриси дарахт? Чинор денг, чинор.
Хўп, чинор, чинор. Гап шундаки, отахон, Буюк ипак йўли ана шу чинорлар жойидан ўтар эмиш. Ҳокимият маъмурияти кенгашиб, ана шу ўриси дарахт... чинорларни ҳашар йўли билан олиб ташламоқчи бўлди. Беш-олтита оқсоқолни ҳашарга айтмоқчи бўлди.
Қуллуқ, ўртоқ ҳоким, қуллуқ. Бизни ёшимиз тўқсонни қоралаб қолди. Энди, ҳашар бели бақувват ёшларни иши.
Кўпни дуоси кўл, дейдилар, отахон. Сиз оқсоқоллар фақатгина дуои фотиҳа берасизлар, бўлди. Ҳашарни ёш авлодни ўзи боплайди.
Бўпти, борганимиз бўлсин. Соат учга? Бўпти, борамиз.
Ботир фирқани умрида кўнгилсиз вазиятлар мўл бўлди. Хижил дақиқалар мўл бўлди. Ўзини ўзи эзувчи вақтлар мўл бўлди.
Аммо... кундузги уйқудан кейинги вазият! Одам тарс ёрилиб кетай дейди. Кўнгилга қил
сиғмайди. Одам ўртаниб кетади. Одамни пашша ғинғиллаши эзади. Ғинг-ғинг
пашшани милтиқ билан отсам дейди. Кундузги уйқу ёмон!
Кундузги уйқудан сўнгги ҳолатдан қутулишни билмовчилар кўчага чиқади.
Кўнгилочар ҳолат излайди. Кўнгилёзар мулоқот излайди.
Ушбу ҳолатдан қутулишни билувчилар аччиқ чой ичади.
Ботир фирқа кофе ичади. Бу сафар кофе ичмади.
Уйқуси бирдан очилди. Тан-жони жимир-жимир этди. Вужуд-вужуди лов-лов этди. Ич-ичи қизиди. Ботир фирқани кўнгли... кулди. Ботир фирқани юзи... кулди.
—    Кампир... улар мениям дуои фотиҳамни олар бўпти... — деди.
Афсус, кампири йўқ бўлди. Тўйда келинкўрди учун кетди. Ҳали қайтиб келмади. Ичига чироқ ёқса ёнмайди, дейди эл. Бу гап ичи қора одамлар учун айтиладими? Ичимдан топ, дегич одамлар учун айтиладими? Зиқнадан-зиқна одамлар учун айтиладими?
Ботир фирқа ушбу гап мазмунини тушунмас эди. Элни топган гапини қаранг-а, дер эди. Одамни ичи бир уй ё кўчамидики — чироқ ёқади, дея ўйлар эди. Кулгиси келар эди. Муштдай лампочка оғзига сиғмайди — қандай қилиб одамни ичига ёқиб бўлади, дея ўйлар эди.
У мазкур гап мағзини ана энди чақди. Айни шу вазиятда чақди.
Ботир фирқани... ичи ёнди! Ичи... ёруғ-ёруғ бўлди. Ичи... ойдин-ойдин бўлди. Кўзлари-
да равшан-равшан бўлди. Равшан кўзларидан равшан-равшан ёшлар оқди...
—    Кампир, улар мениям... одам ўрнида кўрибдилар... — деди.
Ботир фирқа аланг-жаланг бўлди. Кампири келинкўрдидан қайтмаганини билди. Оҳиста диванга чўкди. Елкаси билан суянди. Бошини чапга чалқайтди. Кўзларини юмди... Унсиз-унсиз йиғлади. Ич-ичидан йиғлади. Кўзларини қўл юзаси билан артиб-артиб йиғлади...
Кўнгли хиёл босилди. Тани сокин бўлди. Руҳи вазмин бўлди. Оғир тин олди.
Дарвоза тарафга қаради. Бедарак кампирини айблади. Кампирини койиди. Кампирини оқлади:
«У бечора бунақа телефон бўлишини қаердан билибди? Бечорани умри мени қобоқ-
тумшуғимга қараб ўтяпти. Майли, бир тўй-тўйласа тўйлабди-да».
Ботир фирқа бет-бошини ювди. Бет-бошини атирлади. Бет-қўлини мойлади.
Тағин дарвоза тарафга қаради. Кампиридан ҳамон дарак бўлмади.
—    Ўзим кийинаман, кампирни қараб ўтираманми.
Шундай дея шифонерни очди. Кийим-бошини кўздан кечирди. Бўқоқлик шимни олди. Украинча кўйлакни олди.
Ана шунда... кампири йўқлиги билинди. Ўта билинди.
Ботир фирқа украинча кўйлакни... костюм деб ўйлади! Украинча кўйлакни жимжимадор гулларини... костюм ёқаси деб ўйлади!
Шифонерда осиғлик костюмларни ушлади-ушлади — орден-медали бор қора костюмни суғуриб олди. Чўнтагидан партбилетни топди. Силаб-силаб, украинча кўйлакни кўкрак чўнтагига солди.
У орден-медалларига тикилиб қолди.
«Беш-олтита оқсоқол деяпти. Демак, танлаб-танлаб таклиф этибди, — дея ўйлади. — Ундай казо-казолар оддига бор топган-тутганни тақиб бориб бўлмайди. Танлаб-танлаб тақиб бориш керак».
Ана шунда... кампири йўқлиги тағиндан-тағин билинди!
У украинча, кўйлакни ҳамон... костюм дея ўйлади. Ҳамон... костюм кияяпман, дея ўйлади.
Ботир фирқа украинча кўйлакка... орден тақиб бошлади! «Бир... икки... уч. Мановни-да кўнгли қолмасин». Тақир бошига похол шляпа қўндирди. Кўзойнак тақди. У ўзини ойнага солди. Димоғ ҳам ғурур билан томоқ қирди. Эшик-дарвозаларни қулфлади. Ҳокимият сари йўл олди.

74
Ботир фирқа қўллари кетида қадамлади. Оҳиста қадамлади. Тантанали қадамлади. Бетон кўприқдан ўтди. Пастлаб энди. Оёқ тираб-тираб энди. Оёқ илиб-илиб энди. Нафас ростлаб-ростлаб энди.
Ҳокимият биноси олдида қаторланмиш машиналарни қоралаб келди. Машиналарга суяниб турмиш шофёрлар билан салом-алик этди.
Шофёрлар Ботир фирқани бош-адоқ қаради. Украинча кўйлакдаги... орденларга қаради. Бир шофёр оғзини ушлаб кулимсиди. Бир шофёр бетини бурчакка буриб кулимсиди. Бир шофёр чаппа бурилиб... чучкирди. Баҳонаталаб шофёрлар чучкурикдан... яйраб кулди.
Ия, саломат бўлсинлар, саломат бўлсинлар! — дея кулди. Ботир фирқа-да... қўшилиб кулди! Бош ирғаб-ирғаб кулди.
Биз-да шу тилакка ёрмиз! — дея кулди. Кўзидан кўзойнакни олди. Рўмолча билан артди.
Ҳокимият боғига қаради. Эътибор билан қаради. Синчковлик билан қаради.
Боғ... йўқ бўлди. Куюқ-қуюқ боғ йўқ бўлди. Ям-яшил боғ йўқ бўлди.
Ҳар-ҳар ерда кундалар юмалаб ётди. Шохлар тўда бўлиб ётди. Тупроқлар уюм бўлиб
ётди.
Арралар қирр-қирр бориб келди. Болталар тарс-тарс ёрди. Шохлар қарс-қарс синди.
Боғ марказида битта чинор омон қолмиш бўлди. Уям бўлса, бир ёнбош қийшайиб
ётмиш бўлди.
Чинор теварагида одам мўл бўлди. Сариқ-сариқ уст-бошларидан — қурувчилар бўлди. Бир қурувчи чинор шохига арқон бойлаб тортди. Бирови чинор шохи айрисига арқон ташлаб осилди. Бирови чинор томирини болталади.
Чинорни белига тросс солиб, анави самосвал билан тортиш керак, — деди Ботир фирқа.
Тросси йўқ экан-да камбағалларни, — деди бир шофёр. Ботир фирқа бошидан шляпасини олиб силкитди: хайр, ишорасини берди.
Йўл бўлсин, отахон? — деди бир шофёр.
Мана шу боғ ҳашарга таклиф қилиб эдилар, — деди.
Ҳа-а, расмий қисми ўтиб бўлди, отахон.
Ия-ия! — деди Ботир фирқа.
Лекин сизни кўп қарадилар.
Ҳамма бўлди, фақат сиз бўлмадингиз.
Ия-ия, шунақа денг?
Ботир фирқа бир келган йўлига қаради. Бир шофёрларга қаради. Бир оёқлари остига қаради. «Чин-да, битта мени кутиб ўтирадими? — деди. — Энди, қайтиб кетаверсаммикин?»
Отахон, озиб-ёзиб келибсиз, — деди бир шофёр. — Энди бир бориб, қурувчиларга ҳорманг-бор бўлинг этиб келинг.
Шундай денг, аммо-лекин шундай денг?
Ботир фирқа йўлида давом этди. Ҳокимият олди йўлақдан юрди. Йўлакдан боққа борди. Боғ айланаси арғамчи ип билан ўралмиш бўлди. Арғамчини ҳар-ҳар ерида қизил байроқчалар илиғлик бўлди. Огоҳ этувчи ёзмалар илиғлик бўлди.
Ботир фирқа арғамчи остидан ўтмоқчи бўдди. Бир ўнгига қаради, бир чапига қаради. Бир қўли билан шляпасини бошига босди. Бир қўли билан арғамчини кўтарди. Арғамчи остига эгилди.
—    Ҳай-ҳай! — дея овоз келди. Ботир фирқа қаддини кўтариб қаради.
Сариқ кийимлик киши шаҳодат бармоғи билан янди. Арғамчида илиғлик ёзмага ишора
етди.
Ботир фирқа бошидан шляпасини олиб, кишига қарата силкитди: узр-узр, демиш бўлди. Шляпасини бошига қўндириб, арғамчи-девор ёқалаб юрди. Шаҳодат бармоғини боши узра ниш этди.
—    Чин, техника хавфсизлиги! — деди. — Ўртоқ Эсонов, техника хавфсизлиги!
Арғамчи-девор ёқалашда давом этди. Боғни чап тарафига келди. Оёқлари толди. Йўл бўйи скамейкага чўкди. Шляпасини тиззасига қўйди. Чуқур нафас олди. Тақир бошини рўмолча билан артди. Ҳокимият майдонига тикилди: худди ўзини бошидай теп-текис майдон. Ўзини бошидай тап-тақир майдон.
«Совет даврида ҳар шаҳарни ўз Ленини бўлар эди. Ўртоқ Ленин шаҳар бош майдонида тикка турар эди, — деди Ботир фирқа. — Бизни Ленин мана шу майдонда тикка турар эди. Ўртоқ Ленин қўлини мана бундай узатиб, йўл кўрсатиб турар эди. ХХ аср ўзбек халқи доҳийси Шароф Рашидов байрамларда келар эди. Оталарча қучоқ очиб турар эди. Энди ўртоқ Ленин йўқ. Энди ўртоқ Рашидов йўқ...» Шу вақт бир нима қарс этди.
Ботир фирқа сапчиб оёқлади. Ўпкасини қўлтиқпади. Воҳ-воҳ этди. Ичига туф-туф этди.
Теваракка аланглади. Биров милтиқ отди-ёв, дея ўйлади.
Йўқ, боғда... боғда сўнгги чинор қулади!
Бирдан моторлар ўчди. Қурувчилар овози тинди. Ола-тасир босилди.
Ботир фирқа уёққа аланглади, буёққа аланглади. Соатига қаради: иш вақти тамом бўлди. Шляпани бошга қўндирди. Шими кетини қоқди. Шимини тортди. Украинча кўйлак ёқани тузатди. Боғ сари юрди.
Бу сафар арғамчи-девор олдида эгилиб ўтирмади. Арғамчини шундай кўтариб, ичкари кирди.
Шохчаларни қисир-қисир босиб борди. Шохлардан ҳатлаб-ҳатлаб борди. Япроқларни эзиб-езиб борди.
Сўнгги... сўнгги чинор олдида оёқ илди.
Бир уй ичи жой ўра бўлиб ётди. Ўра одам бўйи чуқур бўлди. Ўра гирди уюм-уюм тупроқ бўдди. Ура ичи патила-патила томир бўлди. Бармоқдай томир бўлди. Билақдай томир бўлди. Одамни сонидай томир бўлди. Ўқтомири... одамни белидай бўлди! Чинорни ўзи... ўра ёнбошида суяниб ётди. Ҳайбатли шохлари эллик қадам олисларда тарвақайлаб ётди...
Ботир фирқа энтиқди. Ботир фирқа қизиди. Ботир фирқа лов-лов этди.
Қўллари қалт-қалт этди. Юзлари дир-дир этди. Кўзлари пир-пир учди. Кўз олди туман бўлди.
Кўз олди зим-зиё бўлди.
Оёқ олди бир кундага... шилқ тушди.
Бирдан... олам ёруғ бўлди. Дунё тиниқ бўлди. Ҳаёт тирилди.
Ботир фирқага... дунёни энди кўрмиш одам мисол ўрага мўлтайди. Уйкудан энди
уйғонмиш одам мисол чинорга мўлтайди. Мунис-мунис мўлтайди.
Мўлтайди-мўлтайди... ҳўнграб йиғлади. Ҳўнг-ҳўнг йиғлади. Нотавон-нотавон йиғлади.
Хокисор-хокисор йиғлади.
Ёноқларидан дардлари дув-дув тўкилди.
Фавқулодда кулимсиди! Тотли-тотли кулимсиди. Энди... кулимсиб-кулимсиб йиғлади.
— Кампир, бизни боғларимиз... халқаро йўл бўлар эмиш, — деди. — Бизни боғларимиз...
Буюк ипак йўли бўлар эмиш. Биз энди Буюк ипак йўлидан юрамиз.
Ботир фирқа кундадан қўзғолди. Оёққа қалқди.
Шунда, ўра лабидан тупроқ кўчди. Кўчар тупроқ Ботир фирқани оёқлари олдида бўлди. Шу боис, Ботир фирқа мувозанатни бой берди. Қулочлари ёйилди. Кетига чалқайди. Шашт билан ўзини ўнглаб олди.
Орденлари жаранг-журунг этди. Нимадир бир нима... лип этиб ерга тушди. Кўчар тупроқ билан ўра остига силжиб кетди.
Ботир фирқа энкайиб қаради. Синчиклаб қаради. Нима экан — билолмади. Боиси, ўра чуқур бўлди, тупроқ қора бўлди. Ботир фирқа орденларини қаради. Орденларини ушлаб-ушлаб санади. Орденлар... тугал бўлди!
Кўкрак чўнтакни пайпаслади. Ана шунда англади.
Партбилети... партбилети ўрага тушиб кетибди! Коммунистик партия билети ўрада ётибди! Ўртоқ Ленин сиймоси тупроқда қоришиб ётибди!
Ботир фирқа сувга калла қилажак чўмилувчи мисол қулоч ёйди. Қулочини битта жамлади. Боши баравар этди. Ўрага ниш этди. Ўрага бош эгди. Ўра чуқур бўлди, ўра қалтис бўлди.
Қалтисдан-қалтис жойи — ўрага ташловчи... қари бўлди! Тўқсонларни қоралаб қолган мунис чол бўлди.
Шу боис, қария шайтонга ҳай берди. Қария шаштидан қайтди.
Аммо қария аҳдидан қайтмади. Ўра лабига кафтларини қўйди. Олдин ўнг оёғини ўрага солди. Кейин чап оёғини ўрага солди. Қария ўрага тушиб бошлади. Шунда, оёғи ости тупроқ кўчди. Кўчки оҳиста энди. Уям кўчки билан энди. Кўз очиб юмгунча ўра остида бўлди.
Ботир фирқа қаддини қоматлади. Кафтини кафтига уриб қоқди. Орденларини ушлаб-ушлаб кўрди. Сокин тин олди.
Теварак-бошга қаради. Энкайиб қаради. Томирлар орасини мўралаб қаради: партбилет кўринмади.
«Ё мен тушиб келгунимча сичқон тортиб кетдимикин? — деди. — Энди қазилган ўрада сичқон нима қилади?»
Ботир фирқа серрайиб турди. Энди, ўзи эниб келмиш тупроқни ковлади. Партбилет ана шу кўчки остида бўлди!
Ботир фирқа партбилетни қўшқўллаб ушлади. Пуфлаб-пуфлаб тозалади. Кўзлари олдига олиб келди. Мисоли олис айрилиқдан кейин тикилди. Соғинч-соғинч билан тикилди. «Бу партбилет мени ўқитди, хат-саводли этди, — деди. — Шу партбилет туфайли ўсиб-ундим, катта мартабаларда ишладим. Еганим олдимда бўлди, емаганим кетимда бўлди. Мана, қарилик пенсияси олиб ётибман. Бир сўз билан айтсак, ушбу партбилет мен учун нон-насиба бўлди. Ушбу партбилет ризқ-рўзим бўлди».
Ботир фирқа партбилетни тағин пуфлади. Силаб-сийпади. Эҳтиёт учун галифе шим киссасига солди. Энди, ошкора айтди:

—    Ўртоқ Елтсин шундай бир табаррук партбилетни ташлади, — деди. — Яна-тағин, Кремл саройида ташлади. Минг қилса-да, ўртоқ Елтсин... насроний-да, насроний, ўртоқ Елтсин насронийлигига борди. Худога шукур, мен мусулмонман, мусулмон. Мен мусулмон фарзанди... мени боққан партбилетни ташламайман. Мен мусулмон фарзанди, партбилетни ташлаб... нонкўр бўлмайман!
Ботир фирқа юзага чиқиш йўлини ўйлади. Тушиб келмиш йўлидан... тўрт оёқ бўлиб ўрмалади. Ўра белигача юқорилаб борди. Ўра белидан тупроқ билан қайтиб тушди. Кафтларини артди. Шляпасини босиб кийди. Теварагига боқди. Томирларни тутамлаб, чинор кундага чиқди. Кунда устидан ўрмалади. Тўрт оёқ бўлиб ўрмалади. Ўрмалади-ўрмалади — юзага чиқиб олди.
Ўзини тап этиб ерга ташлади. Елкасидан нафас олди. Уст-бошини тузатди. Галифе шимини қоқди. Боя ўтирмиш қундага чўкди. Осойишта тин олди. . Ўрага қараб ўтирди-ўтирди... ўзига-ўзи қойил бўлди:
«Ерни етти қатига тушиб келдим-а, ерни етти қатига-я? — деди. — Ақл бовар этмас жасорат! Шу жасоратимни кампир бир кўрса эди? Кампир ҳар гапини ўролида мени камситади. Шартинг кетиб-партинг қолди, дейди. У дейди, бу дейди... Мана, мен кимман, мана! Тили бўлса, мана шу чинор айтсин!»
Ботир фирқа юмалаб ётмиш чинорга қараб хаёл сурди. Хаёллари бир жойларга кетди. Хаёллари қаерларгадир кетди...
Хаёллар оғушида ўтирди-ўтирди... тағин йиғлади. Ҳўнгир-ҳўнгир йиғлади. У ушбу чинорларни... ўз қўли билан экиб эди. У ушбу чинорларни... ўзи парваришлаб ўстириб эди. Мазкур чинорлар остида эл-юрт учун жон фидо этди. Яхши-ёмон кунлари мазкур чинорлар остида ўтди.
Умри мазкур чинорлар остида адо бўлди. Олдин баҳор — охир хазон бўлди. Умр йўли — борса келмас йўл бўлди.
Ботир фирқани жони ачиди. Ботир фирқани тани куйди. Ботир фирқани тан-жони... шодланди.
—    Ўртоқ Рашидов... — дея энтиқди. — Шароф Рашидович, биз эккан чинорлар... Буюк ипак йўли бўлди, Буюк ипак йўли!
Ботир фирқани ичи куйди. Ботир фирқани ичи кул-ди...
Ўртоқ Рашидов... биз яратган боғлар... Буюк ипак йўли бўлди, Буюк ипак йўли! Ботир фирқани кўзларида қайғу бўлди. Ботир фирқани кўзларида байрам бўлди...
Ўртоқ Рашидов... биз энди Буюк ипак йўлидан юрамиз. Буюк ипак йўли бизни жаҳонга олиб боради. Истанбул, Париж, Лондон...

1994-1998 йиллар