Забаржад. Муҳаммад Исмоил
Сарвар Самандарович дарвоза очилишини кутиб турарди.
Икки қаватли данғиллама уйнинг темир дарвозаси жуда баҳайбат эди. Эшик очилавермагач, машинадан тушишга мажбур бўлди. Дарвоза табақаларини бирма-бир итараркан, шиппакларини шапиллатиб хотини келаётганини эшитди.
- Ўғлинг ҳали ҳам келмадими – деди у хотинига қарамай.
- Йўқ.
Сарвар Самандарович машинани ичкарига олиб кирди. Сўнгра сўрига ёнбошлади. Чой кўтариб келган хотини, чойнакни бир четга қўйди-да, хонтахтанинг чанг босганидан хижолат бўлиб, арта бошлади.
- Меҳрнинг нархи қанча туришини биласанми? Унинг нархи
машинадан ҳам, мана шу уйдан ҳам қиммат тураркан. Меҳрнинг нархи ота-онадан ҳам қимматроқ экан. Биз ўғлингга ҳамма нарсани бердик. Машина ҳам, мана шу уй ҳам ўғлингники эди. Лекин унга меҳр бермаганлигимиз учун, у ҳаммасини ташлаб, бу уйдан чиқиб кетди.
- Йўқ, биз тарбия бермадик.
- Яна янглишяпсан хотин. Биз унга меҳр бермадик. Наҳотки, шунча жанжалдан кейин ҳам шуни англамаган бўлсанг. Энди бас, шовқин-сурон кўтарма. Ҳақиқатнинг юзига тик қарайдиган пайт келди. Ҳеч кимни айблаётганим йўқ. Ўғлингни ҳам, келинингни ҳам, сени ҳам.
Сарвар Самандарович бироз тин олдида, юзини терс ўгирди: - Биз боши берк кўчага кириб қолдик.
* * *
Куй-қўшиқ авжида эди. Эстрада юлдузининг туғилган кунига мамлакатнинг нуфузли аёнлари йиғилганди. Назардан бироз четда қолган Шоҳруҳга, шохона зиёфатнинг инжа таманнолари, киборона нашъу-намолари завқ бағишламай қўйди. Юраги сиқилиб, кетишга тараддудланди. Унинг йўлини кесиб чиққан Исфандиёр, қўлидан махкам тутиб, қўшни стол сари етаклади. Унда дугоналаридан ажралиб, биргина қиз ўтирарди.
- Салом, яхшилар! Бу киши Шоҳруҳ Султонов. Ёшлар орасида энг зўр режиссёрлардан. Бу хоним дебъютант киноактриса Забаржад Зокирова. Албатта ғойибдан, бир-бирларингни танийсизлар, мен эса учраштирдим, холос.
- Салом, яхшимисиз!
- Салом!
- Яқинда, қайсидир кино дубляжида овозингизни эшитгандим.
- Ҳа, - деди қиз қошларини чимириб. Сўнгра ёнига худди хизматкори келгандай сўради. - Театрда нима гаплар?
- Тинчлик.
- Нега шовқин - сурон эмас.
- Шовқин кимга ёқади, ғалва кўтаришга тоқатим йўқ.
Ташаббус жазосиз қолмайди.
- Аскар ухлаяпти, хизмат ўтаяпти, денг – деди қиз ғолибона.
- Сафимизга келинг. Ухлаш ҳам катта маҳорат.
- Агар Жанна Дарк ролини талаб қилсамчи?
- Жанна Дарк бизда қўйилмаётганига анча бўлган.
- Давлатнинг ойлигини олиб, канадай семиришнинг вақти тугади деб жар солмайсиз-ми?
- Ҳеч ким семиргани йўқ. Ўзимнинг ҳам, бой бўлиб болтам йўқ, камбағал бўлиб халтам.
- Барибир, нимадир қилиш керак. Бошқа театрлар ишлаяпти-ю. Қотиб қолишнинг ҳузурбахшлиги сизнинг қиёфангизга ярашмас экан.
- Илтимос. Ярамни тирнаманг. Маиший мавзуларнинг бадбўй ҳиди шу қадар жонимга теккан-ки, гоҳи ўзим қўяётган спектаклларнинг бўм-бўш можароларидан кўнглим ағдарилай дейди.
- Одамларнинг кўнгли ағдарилиб бўлган.
- Сиз менга ортиқча баҳо бераяпсиз. Мен кимман? Қўлимдан
нима келади? Мен бўлмасам ҳам театр кам-кўстсиз ишлайверади. Бу дунёда ҳамма актёр. Юринг, яхшиси ўйнаймиз. Битимиз бир тўкилсин!
* * *
Шоҳруҳ эрталаб чўчиб уйғонди. Лаблари аламли пичирларди: «Истамайман, истамайман, истамайман! Наҳотки яхши кўриб қолган бўлсам. Йўқ, керакмас, керакмас! Э, Худо...»
Улар бугун кўришишлари керак эди. Забаржад театрга соат учларга яқин келди. Шоҳруҳ унинг қўлига сценарий тутди.
- Нажиб Маҳфузнинг «Родопис» асари. Родопис образини талқин қилиб кўринг-чи...
- Асар нима ҳақда?
- Махенра ва соҳибжамол раққоса Родопис ҳақида: Ёш ва навқирон Махенра тахтга ўтираркан, кунларнинг бирида самода учиб юрган бургут, унинг оёқлари остига, дуру-жавоҳирлар билан зийнатланган бир шиппакни олиб келиб ташлайди. ғойибдан юборилган бу ишоратнинг не сир-синоати бор эканлигига қизиққан шаҳзода мафтункор Родопис яшовчи қалъага йўл олади ва қаршисида гўзалликнинг мислсиз тимсолини кўриб...
Шу пайт Забаржаднинг қўл телефони чириллаб қолди.
- Алё, ҳа театрдаман. Гапни кўпайтирмай, олиб кетади одам
деган... Ҳа, ўн беш минутдан кейин чиқаман. Ҳа, давом эттираверинг... Кечирасиз.
- Давом этмайман. Энди, хонамга телефонни ўчириб киринг.
Бу ер сиз учрашув белгилайдиган жой эмас.
- Вой-бў укам-у – дея Забаржад лабини чўччайтирди.
- Укага истиғно оҳанги билан гапиришмайди.
- Шунақа гапириш мавриди эди.
- Мен ёлғонни ёмон кўраман.
- Кейин нима бўлди?
- Учрашувни бекор қилсангиз айтаман.
- Йўқ, кетишим керак.
- Агар сиз ,,, агар сиз кўзимга яхши кўринмаганингизда бу қилиғингиз учун ҳеч қачон кечирмаган бўлардим. Тўппончам бўлса...
- Ҳа. Ана саҳнада тўппонча пайдо бўлди. Станиславский назарияси бўйича, спектакл давомида энди у отилиши керак. Ҳа, илтимос у отилганда ҳақиқий отилсин. Ўқ ўрнига пахта отилиб чиқмасин. Ўқ товуши ўрнига мусиқа чалинмасин. Хўш, сиз мени қайси спектаклга чақираяпсиз ўзи? Ижодингизда Родопис бўлишим керакми? Ё хаётингизда? Очиқ айтаверинг. Мен ҳаммасини ижро этавераман. Мен бор маҳоратимни аямайман.
- Аввал асарни ўқиб кўринг. Катта кетманг. Ҳали синовдан
ўтасизми, йўқми Худо пошшо...
- Ҳоҳишингиз... Фармон сиздан ижро биздан. Хўп, хайр.
* * *
Шоҳрух бир ҳафтадан буён телефон қилмагани учун Моҳичеҳранинг кўзларига ёш тўлди. Бир ҳафтадан буён аламли бир ҳақиқат аён бўлиб бораётганди. Авваллари Шоҳруҳ унга кунда бир, икки телефон қилар, гоҳо ҳар соатда ҳолидан хабар олар, шунчаки ҳам валақлашиб ўтирарди. Телефон қилмаётгани ундан воз кечганидан далолат эди. Изоҳлашнинг, нега, нега, нега деган савол-жавобларнинг ҳожати йўқ эди. Шундай бўлсада, аёллигига борди. Бағрикенглик қилди. Телефон гўшагини кўтарди.
- Алё, Шоҳруҳ ака, яхшимисиз?
- Ҳа, Моҳи, қалайсиз?
- Кўринмайсиз? (ичида ўз саволига ўзи жавоб айтиб ўтирарди: Янги ёр топилганда эскисидан кечмоқ керак).
- Э, бироз ишларим кўпайиб кетди. (Кўринмайсиз эмас, Родопис ролини таклиф этмоқчи бўлиб юрувдингиз, нега индамай кетдингиз).
- Ҳа, мен ўйлабман, биздан билиб-билмай бироз хатолик ўтган бўлса, кечирим сўраб қўйсаммикан. (Ишларим кўпайиб кетганмиш! Керак бўлса Олий Мажлис кенгашини ташлаб келардингиз-у, дангалини айтиб қўя қолсада эркак деган).
- Э, хато сизда нима қилади? Онангиз ҳам сизни бетахорат эмизмаган (Родопис ролига нега раво кўрмаяпсиз демоқчи. Уни сенга берсам, исёнкор муҳаббат маъбудаси эмас, ҳис-туйғуларга қул бўлган ва шу сабабли Моренрани ҳалокатга учратган фоҳиша қиёфасини яратиб берасанми? Раҳмат, керак эмас).
- Бугун кечқурун спектаклим бор эди. Ҳафсалам бўлмай турибди. (Спектаклдан кейин бўшман, сиз нима қилмоқчисиз, Шоҳруҳ ака. Бир илиқ сўз айтсангиз-чи, кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшиб жўштирадиган. Шунчаям интиқ қиласизми?)
- Мениям негадир ҳафсалам йўқ. (Энди қармоғингга илиниб бўпман. Чақирсанг ҳам бормайман.) Бўпти, бўлмаса. Сал ишларим саранжом бўлсин, ўзим телефон қиларман. (Керак бўлсанг, ўзим топиб оламан. Ҳадеб телефон қилиб, жиғимга тегма.)
- Бўпти. Хайр, Яхши ишланг! (Нозу-карашмани сал оширишим керак шекилли, унча-мунча гап таъсир қилмаяпти. Ҳали кўрамиз, бир югуртирай, ўзинг келиб, оёғим тагига ётиб оласан.)
- Бўпти. (Ҳайрият, осонликча қутулдим. Бу билан ҳисоб китобимиз охирлаб қолган кўринади. Вақт – олий малҳам. Кунлар ўтиб, ҳаммаси унутилиб кетади. Хафа бўлма, Моҳичеҳра).
* * *
Сарвар Самандарович машинасини дарвоза тагига тўхтатди-да, сигнални босди. Тўғриси, шу қадар чарчаган, ҳолдан тойган эди-ки, машинасини кўчада қолдириб, киришга ҳам тайёр эди. Бироқ, ўзига Худодан озгина сабр сўраб турди. Бироздан сўнг, улкан темир дарвозани бир неча қулфларини шарақлатиб, дарвоза ёнида хотини пайдо бўлди.
- Ўғлинг, телефон қилмадими? – сўради Сарвар Самандарович, сўрига ёнбошларкан. Ҳовли ўртасида фаввора сув сачратиб, шовқин солар, палма дарахтининг улкан барглари, салқин шабадада силкинарди. Икки қаватли баҳайбат уйнинг фавворалари қанчалик баланд отилмасин, шамол осмондан куч билан тушмаса, ҳаво айланмасди.
- Йўқ, – деди хотини.
- Нима, энди қайтиб келмасмикан?
- Қайнанаси, биттаю битта қизим, шу уйда яшайверинглар, деганмиш.
- Нима, мени ўғлим иккитами? Ё яшириб қўйган, яна бир иккита болам борми? Бу уйларни ким учун солганман ахир?! Фалончини ўғли, хотининикига кетиб қолибди деган иснодга қолдим-ку?
- Бу гапларни урмасдан олдин ўйланг эди.
- Энди ўз боламни уролмайманми?
- Бу гапларни ёшлигида айтиш керак эди. Энди суяги қотиб қулоғига гап кирмайдиган пайтда, айтганингиз бефойда.
- Болалигида бола дедик, битта бола деб, қош-қовоғига қарадик. Мана оқибати. Ҳаммасига сен айбдорсан. Яна битта туғсанг, ўлиб қолмасдинг.
- Қон босимим бор. Баъзиларнинг битта боласи ўнта боладан афзал. Худо, берадиганини битта боланинг орқасидан ҳам бераверади.
- Агар иккита бўлганда биттаси кетса, иккинчиси суянчиқ бўларди.
- Шу пайтгача қаерда эдингиз, ҳой мард бола. Шу пайтгача ўйнашлардан бўшаганингиз йўқ-ку?! Мен, қон босимим бор деб важ кўрсатган эканман, нега мени дўхтирга олиб бориб тузатмадингиз. Ёшим қирқдан ошиб, элликка кетаётганида сизга энди бола керак бўлиб қолдими? Энди туғсам, бу бола йигирма йилда катта бўлиб олтмишдан ошганимда менга нима каромат кўрсатиб беради.
- Бу гапни сенга ўн беш йилдан бери айтаман. Гапга қулоқ солмайсан.
- Менга айтишингиз эмас, шу ишни қилишингиз керак эди. Сиз аксинча, мендан аразлаб, кўчада ялло қилиб юрдингиз. Мана энди бошимиз деворга «тақ» этиб урилгандан сўнг, ҳамма айбни менга тўнкаяпсиз. Мен кимман, мен сизнинг соянгизман холос. Ўзингиз тўғри бўлганингизда соянгизни эгрилигидан қўрқмасдингиз.
- Ўғлингга телефон қил, қайтиб келсин.
- Келади, келмай қаёққа боради. Ҳозир унга хотинининг гапи гап, сўзи сўз бўлиб турибди. Бир икки кун ўтсин, хотини бир ҳунарлар кўрсатсин.., Сарвар Самандарович хотини келтирган овқатдан истамайгина, чўқилиб-чўқилаб еди. У парҳез ҳаракатида юрарди. Семириб кетишни ёқтирмасди. Аниқроғи, унинг атрофидаги одамлар, унинг семириб кетишини ёқтирмасди. Сарвар Самандарович келишган, хушмуомала, хаётда жуда кўп одамлар билан мулоқотда бўлгани, доимо яхшилик умидида яшаб, оғир меҳнатдан сира бўйин товламагни учун, ҳамма билан чиқишиб кетар, ҳаёти ҳам кам-кўстсиз, фаровон кечарди. Театрдан ташқари ҳам, Тошкентда, Самарқандда, Андижонда шахсий фирмалари, дўконлари бор эди. Даромад ўшалар тарафидан келар, театрдаги раҳбарлиги, обрўси дўконлар ишини юргазишга хизмат қиларди. Лекин, Худо бандасининг ҳамма ишини тўла-тўкис уюб ташламас, албатта бир томонини кемтик қилиб қўяр экан. Сарвар Самандарович, серфарзанд оилада ўсди. Ўзи ҳам серфарзанд бўлишни истаган эди. Бироқ хотини битта туққандан кейин, туғишни орқага солиб юраверди. Кейин, кейин «қон босимим бор» деган важ карсон топди. Кейин-кейин, энди қаридик, шу битта фарзанд етади деб туриб олди. Сарвар Самандарович эса бекитиқча яна уйланишни ният қилиб юраверди. Хашакдан ўтин чиқмас, ўйнашдан хотин чиқмас деганларидек, ўйнашлар бири келиб, бири кетар, у эса уларнинг ичидан жиддий ўйлаб кўришга арзийдиганини ахтарарди.
* * *
Шоҳруҳ таништириш ва у бош ролда ўйнашига изн сўраш учун Забаржадни Сарвар Самандаровичнинг олдига олиб кирди.
- Шунақа денг. Хўш, Забаржадхон малика ролини ўйнай оласизми?
- Ҳаётда ҳеч малика бўлмаганман. Қўлимдан келмаса керак.
- Агар малика бўлганингизда сизни роль ўйнаш учун чақиришга ҳаддимиз сиғмасди. 15 асрда яшаганингизда эса чақиришга янада қийналардик.
- Хафа бўлманг, мен маликалик даъво қилаётганим йўқ.
Бор-йўғи роль сўраяпман холос.
- Албатта рухсат бераман. Ҳеч қайси маликадан кам жойингиз йўқ. Одамлар сизни ҳақиқий «Родопис» дея қабул қилишларига ҳам ишонаман. Аслини олганда бу асар Шох Моренра ва Родопис ҳақида эмас, сўнмас муҳаббат ҳақидаги қўшиқдир. Чин севгининг қисмати шундай. Одамлар келиб-кетаверади. Аммо ҳақиқий муҳаббат асрлар оша яшайверади.
- Мен ҳам шундай сўнмас муҳаббатни яратишга ҳаракат қиламан, Сарвар Самандарович.
- Марҳамат, саҳна сизники.
* * *
Орадан бир ойларга яқин вақт ўтди. Спектакл машқлари жараёнида Забаржад Родопис образини Шоҳруҳнинг кўнглидагидай қойилмақом қилиб ижро этди. Бу ролга даъвогар бўлган Моҳичеҳранинг ҳам, Гулбаданнинг ҳам талқинлари ўтмади. Забаржад бу образи орқали Моренра образини ижобийлаштириб юборган эди. Моренра ҳақиқий муҳаббат қурбони, қаҳрамони эди. Родописни бутун жон-жаҳони билан севиб қолган ҳукмдор Моренра салтанат юмушларини, тожу-тахт сиёсатини унутиб, ўзини муҳаббат изнига ташлаб, Родопис учун қаср қурдира бошлайди. Бундан дарғазаб бўлган коҳинлар ғалаён кўтаришади. Моренра мардларча исёнкорларга пешвоз чиқади ва ҳалок бўлади.
Моҳичеҳра талқинидаги Моренра, маишатга берилган, кайфу-сафо, ҳирсу-хавас туфайли салтанат ихтиёрини ҳокимлар қўлига топшириб қўйган ва сармаст ҳолда, ҳақиқатталаб жафокашлар тиғига дучор бўлган бебурд шоҳ образи эди.
Гулбадан талқинидаги Моренра эса, ўзини нима қилаётганини билмайдиган, авваллари аёл қучоғидан баҳраманд бўлмагани учун, раққоса Родопис тузоғига тушиб қолиб, ўзини қўярга жой тополмай, дарғазаб иғвогарларнинг зуғуми туфайли заҳарли тиғга ўзини урган шўрлик шоҳ образи эди.
Асар сюжети ҳам, сўзлари ҳам заррача ўзгартирилмаган, асл ҳолида қолганди. Фақат талқин этиш, сўзларга жило бериш, оҳанг ва шиддат бағишлаш, жон киритиб ижро этиш ўзгарганди холос. Бу образга ҳамма ўз нуқтаи назаридан ёндошганди.
* * *
Сўнгги бош репетиция ҳам муваффақиятли ўтди. Эртага премьера. Шоҳруҳ имкон топиб Забаржаднинг қулоғига пичирлади:
- Бугун сизни кузатиб қўяман!
Улар Забаржад яшайдиган кўча бошига етишганда, кун алламаҳал бўлиб қолган, кўчада одамлар сийраклашган, чанг-тўзон, шовқин-сурон тинганди.
Шоҳруҳ энгашиб Забаржаднинг қўлидан ўпди, сўнг бағрига тортди.
- Ҳамма актрисаларингиз билан шундай хайрлашасизми?
- Йўқ.
- Ким сизга бу ҳуқуқни берди?
- Сизни яхши кўраман. Шунинг учун ўпишга ҳаққим бор деб ўйлайман.
- Яхши кўришингиз сизга яна қанақа ҳуқуқларни беради,
билсак бўладими?
- Сиз мени яхши кўрмайсизми?
- Йўқ, яхши кўрмайман. Мен сизни билмайман. Сиз мен учун мавҳум одамсиз. Танишганимизга ҳам бор-йўғи бир ой бўлди.
- Бир пайтлар бир қўшиқ бўларди:
Мен кетганда анча ёш эдинг,
Боғбон қизи гуллар эркаси.
Мана энди ойдек тўлибсан,
Хаёлимнинг эй арзандаси.
Хаёлимда болаликдан бирга ўсгандаймиз. Бирга улғайгандаймиз. Кейин бир, икки ой бир-биримиздан узоқда юрганмиз-у, яна кўришиб тургандаймиз. Мен, ўзимнинг қадрдон ва жонажон дўстимни топиб олгандайман.
- Хотиржам бўлаверинг. Мен болалигимда ҳеч сизга ўхшаган дўстга йўлиқмаганман.
- Забаржад... - Шохруҳ Забаржадни қучоқлашга уринди:
Забаржад. Менга қаранг.
- Хўш, нима дейсиз?
- Сизни яхши кўраман!
- Нима бўпти? Қизиқ экансиз. Бу сўз мен учун ҳеч нарсани англатмайди. Ё шу гапни айтганингиз учун сизни яхши кўриб қолайми?
- Забаржад, туйғуларимни хақоратламанг.
- Сиз, ҳақоратламанг. Мен нима десангиз жим тураверадиган қўғирчоқ эмасман.
- Ҳеч бўлмаса, кетишимдан олдин бир оғиз ширин сўз айтинг.
- Яхши боринг.
- Шуми?
- Шу. Майли кечирдим. Агар, спектаклда рол берганим учун,
қучоқлашга ҳаққим бор деганингизда, кечирмасдим. Ҳарқалай, ўраб гапирдингиз-ку!
- Фаросатингиз, шунга етганига раҳмат!
- Яхши қолинг. Хайр!
Шоҳруҳ то Забаржад уйга кириб кетгунча қараб турди.
Сўнгра чўнтагидан машина калитини излай бошлади.
* * *
Моҳичеҳра чуқур қайғуга чўкиб ўтирарди. Шоҳруҳни ўзига қаратмоқчи эди, бўлмади. Агар йўлини қилсам, унга тегиб оламан деб, умид қилганди, қаердандир Забаржад пайдо бўлди-ю, ҳаракатлари зое кетди. Умид ва иккиланишлар, гумон ва муҳаббат алангасида икки йиллик умри ўтди. Бу икки йил қиз боланинг айни гуллайдиган ўн саккиз, йигирма икки, қолаверса йигирма тўртга тўладиган қисқа даври учун, жуда катта муддат эди. У мана шу жуда қисқа муддатнинг икки йилини Шоҳруҳга бағишлади ва охир-оқибат, Шоҳруҳнинг хаётида Забаржад пайдо бўлди-ю, ундан қуруқ қолди. Ҳатто унга насиб этиши керак бўлган, бош рол ҳам, ундан қиялаб ўтиб, Забаржадда тўхтади. Унга эса канизак роли тегди. Мана у саҳнада Забаржадга канизаклик қилади. Ҳаётда эса ундан ҳам баттар, мағлуб бўлган маъшуқа. Газеталар ҳам театр саҳнасида Забаржад Зокирова деган янги юлдуз пайдо бўлганлиги ҳақида тинмай ёзиб ётибди. Унинг канизак ролини ўйнашга рози бўлганлиги ҳам Шоҳруҳдан умидини узмаганлиги туфайли эди. Ҳарқалай узоқлашиб кетгандан кўра кўз-кўзга тушиб тургани яхши-да.
Моҳичеҳра ойнага қараркан, унинг аксидаги соҳибжамолни кўриб: «Э, бу Шоҳруҳ деганнинг кўзи кўрми-я» - деб юборди.
Моҳичеҳра ўз қоматига ўзининг суқи келиб, ойна атрофида гир-гир айланиб, ошифта бўларкан, телефон қўнғироғидан чўчиб тушди.
- Алё.
- Алё, Моҳи,,,
- О, Сарвар Самандарович! Хайрият, хайрият, бехато нишонга олувчи назарингиз ён дафтарингиздаги тўтигуллар рўйхатидан ортиб, бизга қадалганидан беҳад бахтиёрман.
- Бўлди, бас қил. Давлатнинг жуни билан ўзингни жунингни аралаштирма. Биласан ишли одамман. Бош қаший деб бошимни, ош ошай деб оғзимни тополмайман. Сени ҳам туну-кун менга кўзингни қадаб турган жойинг йўқдир.
- Сарвар ака, мен бўлмасам ҳам буни куни ойдай ўтаверади деб ўйлайсизда-а?
- Кунингиз менсиз, нафақат ойдай ўтади, қуёшдай ёруғ ўтаверади.
- Қўйсангиз-чи, сизсиз ўтган куним қурсин. Маймунлар ҳам ҳолимга йиғламай қўйган, ўзим уларнинг олдига бориб, хўнг-хўнг йиғлаб келаяпман.
- Олдингизга, бугун бир маймун борса, қабул қиласизми?
- Кўз ёшимни артишгами ёки сочимни силаб, ўйнашгами?
- Ўйнашга. Очинг эшигингизни.
Моҳичеҳра югуриб бориб эшикни очди. Ташқарида қулоғига қўл телефонини қўйиб, Сарвар Самандарович турарди
- Вой, келинг, шунча гапни кўчада айтиш шартмиди?
- Бу ерга келганда лабларим лаззатли юмушга тушиб кетади,
эсим оғиб гап тополмай сармаст бўламан.
- Вой бў, кўрамиз неча марта сармаст бўларкансиз.
Моҳичеҳранинг ғамзаси юракни ўртаб юборарди.
- Бу, сизни маҳоратингизга боғлиқ-да.
- Бизда ҳеч ёмони бўлмаган.
- Ўзингизни эҳтиёт қилинг, очкўз эшак тўрва тешар. Сарвар Самандарович костюм, галстукларини ечаркан, Моҳичеҳрани бағрига босиб, эркалай бошлайди. Узоқ ўпичдан сўнг, Моҳичеҳра унинг қучоғидан силтаниб, нари сурилди.
- Мен сизга ётганда яхшиман, бошқа пайт ёмонман, шундайми?
- Ҳа, яна нима бўлди?
- Театр раҳбарисиз. Бир оғиз айтганингизда менга бош ролни беришарди. Кўчадан келган анови қиз, театрда ишламай туриб, э йўқ, бе йўқ, бош ролни илиб кетди. Мен бурнимни тишлаб қолдим. Сиз нима бўлаётганига қарамайсиз ҳам. Шоҳруҳ Султонов бўлса бугунги замонда шаҳватпараст шоҳлар ҳақида спектакл қўйиб юрибди. Ҳозир шу керакми? Нима демоқчи, нималарга ишорат қилаяпти? Шунча йил театр остонасини ялаб, тажриба орттириб, устозлардан ўрганиб, бирим икки бўлсин, битим сирка бўлсин деб, жоним халак юрсам-у, қаёқдаги Шоҳруҳ Султонов кўчадан ўйнашини етаклаб келиб, мени унга канизак қилиб қўйса! Лаллайган ўртоғи Исфандиёр шоҳ ролини ўйнармиш. Таниш-билишчилик, ошно-оғайничилик, ҳамтовоқлик ҳам эви билан-да?! Раҳбар бўлиб, қаёққа қараяпсиз? Мен бечора бу ерда яхшиман, у ерда кўриб кўрмаганга, таниб танимаганга оласиз, ўтирсам ўпоқ, турсам сўпоқман.
- Ўзингизни босинг. Зокировага шунча ҳасадми?
- Ҳасад - қўғирчоқларга қилинмайди!
- Буниси бўлмаса, бошқа спектаклдан бош ролни олиб берарман? Шунга шунчами?
- Йўқ. Мен Родопис бўлишни орзу қиламан, Родопис.
- Мен кетдим. Ўтиришни ҳам расво қилдинг. Менга ҳеч жойда шавқат йўқ.
- Сарвар Самандарович, тўхтанг. Раҳбар бўлгандан кейин, халқни дардини эшитиш керак-да. Индамай жуфтакни ростлаш, ҳар дангасанинг қўлидан келади.
- Сизни бир хурсанд қилмоқчи эдим, аммо начора, битмаган савдога ширинкома йўқ.
* * *
Спектакл ижроси жуда муваффақиятли тугади. Томошабинлар ўринларидан туриб, ижрочиларни роса олқишлади. Шоҳруҳ одамларга назар ташлар экан, юраги ғурурдан гупириб кетди. Спектакл қаҳрамонлари қайта-қайта саҳнага чиқиб таъзим қилишди. Отилган қип-қизил гуллар гиламдай уларнинг оёғи тагига поёндоз бўлди. Театр раҳбари, янги спектаклнинг барча қатнашчиларига, жамоа оқсоқолларига зиёфат беришга ваъда қилди. Актёрлар, бу хушхабар учун яна чапак чалиб, шодон қийқиришганча, гримхоналарига отилишди.
Забаржад ҳам, ўзига биркитилган хонага отилди. Кўзгуга қараб, маликалик қиёфасидан кўзлари чақнаб кетди Сўнгра кийимларини алмаштирди. Яна оддий либосларга қайтиш, эриш туюлди. Начора, театр ҳаёти шундай. Саҳнада шоҳсан, ҳаётда яна ўз ҳолингга қайтасан. Яна эл қатори қорин тўйдириш ташвишига тушувчи, уйга қайтиш учун автобус кутувчи, шилқимларнинг телба-тескари гапларига жавоб қайтаришга мажбур йўловчига айланасан.
Забаржад мана шу хаёлларда, упа кетқазувчи латтани юзига суртганди, даҳшатли оғриқдан чинқириб юборди. Нима бўлганини билиш учун, кўзига тўлган ёш билан кўзгуга қараганди, қулоғининг олди, чакаги остидан то иягигача териси қип-қизил бўлиб, шилиниб тушганини кўрди. Фалокатнинг хунук жароҳатидан яна ваҳимага тушиб, баттар бақириб юборди. Хона бирпасда одамга тўлди. Кимдир, упа латтани хидлаб, кислота эканлигини аниқлади. Кимдир «Тез ёрдам» машинаси чақирди. Кимдир Забаржад ҳушидан кетмаслиги учун сув сепиб турди.
* * *
Кунларнинг бирида Забаржадни кўриш учун шифохонага Сарвар Самандарович келди.
- О, Забаржадхон. Ётаверинг, ётаверинг, ҳеч безовта бўлманг.
- Салом, яхшимисиз?- Забаржад дик этиб, ўрнидан турди:
- Кечирасиз. Бироз кўзим илинибди.
- Кўринишингиз яхши. Кўз тегмасин. – Сарвар Самандарович, Забаржадга яхшироқ разм солар экан, ичида ўйлади: «Қиз бечора, анча талофат кўрибди-ку. Буни, бу ҳолатда кўрган одамнинг афти буришмай иложи йўқ. Бу чандиқларни гриммда ҳам бекитиб бўлмаса керак.»
- Дори-дармонлардан танқислик йўқ-ми, Забаржадхон, биздан нима ёрдам. Лекин, ўша-ўша гўзалсиз. – Сарвар Самандарович юзида табассумини қўймасди, ичида эса: «Спектаклни бекор тўхтатган эканман, гоҳ-гоҳ қўявериш керак, Моҳи ўйнайверади. Сал шошилибман, энди бу менга тўғри келмайди. Меникини, тирноғида ҳам доғи бўлмаслиги керак». – дея ўйларди.
- Ўзингиз чарчамай ишлаб юрибсизми, Сарвар Самандарович,театрингизда бир жонимни бериб ишлай девдим, бўлмади. Сизга қойил, бир-бирини кўришга кўзи йўқ шунча одамни бошини бирлаштириб турибсиз, маҳоратингизга тан бердим.
- Э, ҳали ишлайсиз. Сиздай гўзал қизлар, дунёга минг йилда бир келади. Соғайиб кетинг, ҳали кўп кўришамиз. Энди мен борай.
Сарвар Самандарович Забаржадни қўлини ўпди:
- Бош рол сизники.Чиққунингизча кутамиз. Сарвар Самандарович ҳовлига етмай яна ўйлади: «Хотин қилмасам,ўйнаш қиларман. Даргоҳимни бир четида юрса, юрибди-да. Асл айнимас, деганлари шу бўлса керак, ҳуснини йўқотмабди.»
Забаржад уни кузатаркан: - «Афтинг қурсин, қари туллак, бетингдаги тиришлар, меникидан хунугу, бужмайтирганига ўлайми – дерди ичида: - Мен нимани ўйлаётганимни билмайди деб ўйлаяпти, шекилли. Мендан воз кечиб юборгани шундоққина кўриниб турибди-ю. Мендан-а, мендан!».
Забаржад, кўзгуни қўлига олди. «Мен шунчалик хунукман-ми?» У юзидаги битиб бораётган тиришни силаб қўйди. Мендан воз кечди-а?! Саҳнада Родописни ким ўйнашини кўрасиз! Ўйнаш қанақалигини бир кўрсатиб қўяй!»
Кун кеч бўлганда, Моҳичеҳра ва Гулбадан кириб келди.
Иккаласи ҳам шодликларини яширолмасди.
- Вой, Забаржад, сенга нима бўлди-а. Юрагим бир ачиди, бир ачиди. Келиб, келиб шундай гўзал қизни, Худо уриб қўядими? Кел, энди, чин дўст бўламиз. Сенга яқин дугона бўламан. – Шундай деяр экан, Моҳичеҳра Забаржадни юзини ўпиб қўйди. Ичида эса «Ҳа, Шоҳруҳга осилмоқчи эдинг. Баттар бўл. Энди унга яқинлашиб бўпсан. Чалпакка ўраб, олдига ташлашса сенга қарамайди. Бировни ошига қўл узатганнинг аҳволи шу. Шоҳруҳ акам, энди ўз-ўзимга қолди».
- Вой, Забаржад опа, ҳалиям бир чиройлисиз, бир чиройлисиз. Қанийди шу чирой менда бўлса, шу чандиққа ҳам рози эдим – деди Гулбадан.
Қизлар қийқиришиб кулишдилар.
- Қўйинг, ҳеч кимга кўргулик қилмасин. Душманимга ҳам раво кўрмайман – деди Забаржад.
- Шу чандиқни ҳам бир силашга зор йигитлар қанча ахир.
Гулбадан яна қийқирди. Ичида эса, «Ҳа, Исфандиёр акам ўзимга қолиб кетди. Кеча мени излаб боришининг сабаби бу ёқда. Сендан қочади энди, қочганда ҳам бетинг қурсин, деб қочади. Ва,- ҳаҳ-ҳа». Гулбадан ич-ичидан шодланиб қийқирарди. – Силатманг, силийман деб, қувласалар, қочинг!
- Жа-а, узоққа қочиб кетмасинлар, – Гапга – гап кийгизди Моҳичеҳра: - Барибир кимгадир силатиш керак, сен нима бу парини ҳамма жойи куйган деб ўйлаяпсанми? Куймаган жойлари ҳам бор.
-Майли, майли энди куймаган жойлари билан куйдираверсинлар – яна қийқирди Гулбадан.
Забаржад уларнинг бу қадар безбетлигидан ҳайрон қолди. Сўнгра, юзини буриштириб «Оҳ – деди-да ётиб олди: - Қизлар узр, миямга ҳам таъсир қилган шекилли. Бошим зирқираб қолди.
- Э, ётинг, ётинг – деди иккаласи ҳам бараварига.
Ўзингизни яхшилаб қаратинг. Мия кетса чатоғ-а. Яна бизни таниёлмай ўтирманг.
Улар кўнгиллари хотиржам хайр-хўшлашиб чиқиб кетишди.
* * *
Келмаганлар орасида, Исфандиёр қорасини кўрсатмай кетганди. У шифохонага тушганининг биринчи куни келди-ю, шу билан йўқ. Унинг келмаётгани, нима фикрда юрганидан далолат берарди. Лекин, Исфандиёр, Фиръавн ролини ўйнаган, одамлар кўзига қатъий фикрли, мард ва шиддаткор бўлиб кўринган ва ана шу ролни қойилмақом қилиб ўйнаган Исфандиёр нега бунчалик тез ўзгарди, юз ўгирди. Ахир, у эмасмиди, «тўйни тезлатайлик» дея шоширган. Ахир у эмасмиди «спектакл тугагач, биринчи куниёқ, мен шоҳ либосида, сен малика қиёфасида одамлар онгидан кетмай турибоқ, тўйни бошлаб юборамиз. Розилик берсанг бас, ўша кун уйингга совчи жўнатаман» - деган. Мен унга нима деб, жавоб беришни билмаганим учун, унинг самимийлигига шубҳаланганим учун, индамагандим. Бу ер шифохона эмас, ҳақиқий театр экан.
Шомга яқин бир даста гул билан Исфандиёр кириб келди.
- Забаржад, тузукмисиз?
- Раҳмат. Сиз сўрадингиз, энди бутунлай тузалиб кетсам керак. Фақат бироз бошим оғриб турибди.
- Бу ҳавонинг ўзгариб туришидан бўлса керак – деди
Исфандиёр. Ичида эса «Бошинг тузалгани билан бетинг тузалмайди. Сендан Гулбадан чиройлироқ. Энди Гулбаданга уйланганим маъқул. Клара Искандаровнанинг зуғуми ҳам босиларди, қоларди. Нервимни бузиб юраманми? Дадамга ўхшаб ётиб қолсам, бизни ким боқади. Сабр қилиш керак. Қайғуриш кимга зарил. Бунга уйланиб, умрим ҳасратда ўтсинми? Агар бунга уйлансам, Клара Искандаровна мени театрдан ҳайдаб юбориши аниқ».
- Ўзингизни ишларингиз яхшими, Исфандиёр ака – деди Забаржад самимий оҳангда. Негадир Исфандиёр билан озгина дардлашгиси бор эди.
- Ойим, тўйни тезлат деяптилар!
- Тезлатинг, нега тўхтаб турибсиз.
Исфандиёрнинг рангги оқариб кетди: - Сиз касалсиз-ку.
- Соғ қизлар кўп-у!
Исфандиёр енгил нафас олди.
- Мен сизни кутай десам, ойим тўйни тезлат деяптилар.
адам касал.
- Адангизни ўртага қўшманг. Ҳамма ҳам касал бўлавермайди. Юраги ёниб турган одамларгина касал бўлади. Сизнинг уйланишингизга қарши жойим йўқ. Мени кутманг.
–Сиз, ақлли қизсиз, Забаржад. Латофатли, дилбар қизсиз. Айниқса юрагингиз гўзал.
- Майли, энди боринг. Бахтли бўлинг. Тўйингизга айтсангиз, жон деб борардим-у, одамларнинг кайфиятини бузиб нима қиламан.
- Йўқ, йўқ бораверинг. Рўмол ўраб боринг. Рўмол ўраш ҳозир урфга кираяпти.
- Балки, бир амаллармиз,,, - Забаржад, чуқур хўрсиниқ олиб, ютинди.
* * *
Премьерадан бир ҳафта ўтгач, театр Бадиий кенгашининг «Родопис» спектаклига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш турли-туман баҳсларга сабаб бўлди. Театрнинг кекса режиссерларидан бири шундай деди:
- Ёш режиссер Шоҳруҳ Султонов жуда қизиқ мавзуни кўтариб чиққан. Мен уни бу муваффақияти билан табриклайман. У асарга оригинал ёндошган. Айниқса, бош қаҳрамон ролига Забаржад Зокирова яхши танланган. Кекса режиссер мана шу тарзда узундан узоқ гапирди. Гапни таниқли актриса Клара Искандаровна давом эттирди:
- Биз ёшларимизга бу қадар эрк бериб юборишимиз тўғри эмас. Ахир театримизга улуғ устозларимиз мустаҳкам тамал тошини қўйиб кетганлар. Мен ҳирс-ҳавас ботқоғига ботган раққоса Родопис сингари салбий образни бош қаҳрамон даражасига олиб чиқиб, муқаддас театримиз саҳнасини таптаётганлари учун, улуғ устозларимиз руҳи олдида ҳижолат тортаяпман.
- Тўғри айтдингиз, Клара Искандаровна – деди унга кўзини сузиб ўтирган Ботир Болтаев.- Мен ҳайрон қолдим. Солиқдан тушган пуллар, ўйнашининг оёғи остига ташланса-я! Буни қандай тушунса бўлади. Театримизга дам олишга келган азиз томошабинларимизнинг кўнглига ғулғула тушмайдими? Кейин, анови бош қаҳрамон қизимиз Забаржад Зокирова, жа-а қаттиқ муқом қилиб, ўзини маликалардай тутворган.
- Ахир у малика эмас, бор йўғи шоҳнинг ўйнаши холос-
Сўз навбати актриса Гулбадан Зуннуновага тегди:
- Забаржад Зокирова сира ўйнолмаган. Бу режиссер Шоҳруҳ Султоновнинг хатоси. Биз дебьютант актрисанинг гарданига оғир юкни, у кўтараолмайдиган юкни қўйиб хато қилдик. Томошабинларимиз эснаб, қарсак чалиш ҳам эсларидан чиқиб кетганини кўрган Забаржад охири тақдирга тан берди. Юзига кислота тортди. Мана энди жабрини чекиб, шифохонада Оллоҳдан мадад кутиб ётибди. Балки ҳозир у, кислота эмас қора сурсам бўларкан деб ўйлаётгандир, аммо энди кеч.
- Тарихий асарга бу тарзда замонавий ёндошмаслик керак, ўрнидан туриб кетди Исфандиёр. – Шоҳ асар дунёга келган. У театримизда ҳар куни ўйналса арзийди. У ҳар куни олчоқлар қулоқлари остида жаранглаб туриши керак.
- Э, мунча бақирасиз – дея гапни бўлди Клара Искандаровна – Сиз фиръавн Моренра эмассиз-ку. Бор йўғи Шоҳруҳнинг ўртоғи, ҳамтовоғисиз. Забаржад ҳам Шоҳруҳга бегона эмас. Янги танишларидан. Моҳичеҳра эса эскиси эди. Оғиз-бурун ўпишишлар театримизда нега бу қадар илдиз отиб кетди, Сарвар Самандарович!
Ниҳоят гапга театр раҳбари Сарвар Самандаровичнинг ўзи аралашди.
-Ўртоқлар, мен билмаган эканман. Актёр маҳоратига, саъйи ҳаракатига тўғри баҳо бермаслик, таниш-билишчилик кучайиб кетганини билмаган эканман. Раҳмат сизга Шоҳруҳ Султонов. Мени бундан ўз вақтида огоҳ этдингиз. Ҳамма гаплар деярли айтиб бўлинди. Хулоса,,, спектакл театр режасидан олиб ташлансин. Ёш режиссер Шоҳруҳ Султоновга саҳналаштириш учун спектакл берилмасин. Унинг ишда қолиш-қолмаслиги кўриб чиқилсин. Бу таклифга розилар қўл кўтарсин.
Йиғилганлар Сарвар Самандаровичнинг авзойига қараб туришди. У қўлини кўтаргач, бирин кетин бошқалар ҳам қўшилди.
* * *
Сарвар Самандарович уйга келса, ҳовлида шовқин сурон авж,
болалар югуриб-ўйнар, қийқиришар, оналарига ҳам қулоқ солмай, ўтларни, гулларни пайҳон қилишарди. Унинг қораси кўринганидан болалар, «тоғам келди» - дея, унинг этагига ёпишишди. Сарвар Самандарович уларни бирма-бир даст кўтариб, юзларидан ўпди. Қишлоқдан синглиси, болалари билан келган экан. Синглиси ҳам, ўтирган жойидан ирғишлаб туриб, унинг истиқболига пешвоз чиқди. Сарвар Самандарович дастурхон ғариблигини кўриб, хотинига бошқатдан қозон осишни буюрди. Ўзи эса, дастурхон бошида ўтиришга сабри чидамай, ўз хонасига кириб кетди. Синглисининг икки ўғли, бир қизи бор эди. Куёви эса учма-уч рўзғор тебратар, вақти келганда, Сарвар Самандарович қўли билан, ўрни келганда тили билан синглисининг кемтик рўзғорига қарашиб турар, унинг шамоли билан, синглисининг ҳам бир куни амал-тақал ўтиб турарди. Лекин бу сафар синглисининг ташрифи ҳам, жиянларининг хархашалари ҳам ортиқча ҳузур бағишламади. Қайтангга, юрак-юрагининг тубида яшириниб ётган аламларини юзага чиқариб юборди: «Қани энди мени ҳам шундай яна бир фарзандим бўлса, мана шу улкан ҳовлида ўйнаб юрса. Болали уй бозор, боласиз уй мозор деганлари рост экан. Наҳотки, ҳаётим шоми бошланган бўлса. Наҳотки, энди мен тугаб бўлдим. Наҳотки умримни шамолларга совурдим. Наҳотки, энди одамлар олдида юзим шувут. Болаликда, фарзандларим кўп бўлишини орзу қилардим. Наҳотки, орзуларим армонга айланса. Нега бу ҳақда жуда кеч ўйлаяпман. Нега хаётимни ўйнашлар оғушида саробга айлантирдим. Нега, қайта уйланиш ҳақида жиддий ўйлаб кўрмадим. Нега ҳамма нарсада, ҳамма ишда ютиб чиқишга ўрганган одам, энг муҳим нарсани, ҳаётимни бой бердим. Уйим бор, давлатим бор, шон-шуҳратим бор, Худо яна бир-иккита фарзанд берганида, бу дунёдан беармон ўтмасмидим.»
* * *
Шоҳруҳ мажлисдан тушкун кайфиятда чиқди. Туриб гапирмоқчи эди, лекин сўз бермаганларидан кейин, нима қилсин. Сўз берганларида ҳам ўзини оқлаш учун, бирор жўяли важ-карсон тополган бўларди. Доимо шундай бўлиб келган. У ўзини ҳимоя қилишни билмасди. Дарҳол сўз топиб беролмасди. Жўяли жавоблар унинг хаёлига доимо кеч келади. Умуман олганда унга туҳмат уюштиришди. Балки бу туҳмат эмас, унинг хатоларидир. Балки, хатолари учун тўғри жазолашаётгандир. У ҳеч қачон хато қилмайдиган силлиқ одамларга доимо ҳавас қиларди. Жазолангандан сўнг, эртасигаёқ тавба-тазарру қилиб, бошлиқнинг оёғига йиқилиб-ёлворадиганларга ҳам. Бироқ бундай қилиш унинг қўлидан келмайди. У қаттиқ тушкунликка тушиб кетади. Қаттиқ азоб чекади. Жуда қаттиқ ўйланиб, уни нега бунча хўрлашларини тушунолмай, кўзига ёш тўлади. Бировга ҳеч қачон ёмонликни ўйламаса, қўлидан келганча ҳаммага яхшилик қилиш пайида юрса-ю, нега доим калтак тагида қолади. Нега оёқлари остига олиб тепкилашади? Ахир биров унга зарра ишонч билдирса, шу ишончни оқлаш учун жонини ҳам беришга тайёр-ку. Шунча шармандаликдан сўнг, энди бошимни қандай кўтариб юраман? Ким деган одам бўлдим?
Шоҳруҳ мана шундай ғуссали хаёллар гирдобида кўча кезиб юрганди, Исфандиёрни учратиб қолди.
- Э, қайда юрибсан. Изламаган жойим қолмади.
- Кўча кезиб юрибман. Қаёққа ҳам борардим. Уйга борай десам, уйга сиғмайман. Ишхонада ўтирай десам, одамларга қарашга бетим чидамайди. Яна бироз ёлғиз қолсам, ўзимни ўзим еб қўйсам керак.
- Э, қўйсанг-чи бўлмағур гапларни. Сабр қил ҳаммаси ўтиб кетади. Юр, иккита-иккита пиво урамиз.
- Биласан-ку, ичмайман.
- Бўлмаса, бизникига кетдик. Битта яхши қўлбола ош қилдираман.
- Қўйсанг-чи, керакмас. – Шоҳруҳ индамай афтини буриштирди.
«Исфан... Забаржадни ростдан яхши кўрармикин? Яхши кўрсанега бу ҳақда ҳеч гапирмайди? Ё Забаржадни яхши кўришимни билгани учун индамайдими? Аёл киши учун ажралиб кетган дўстлар қанча! Эркак одам аёлни қизғанганчалик бошқа ҳеч нарсани қизғанмайди.»
- Гулбадан билан ҳали ҳам муносабатларинг яхшими? –
деди Шохруҳ Исфандиёрни кўнглига қўл солиш учун.
- Ҳа. Яхши!
- Нега бўлмаса, Клара Искандаровна сенга ташланиб қолди.
Қизи билан муносабатларинг яхши бўлса, бундай қилмасди-ку?
- Аввалгидай эмас. Гоҳ-гоҳ кўришиб турамиз-у, энди шунчаки учрашаётганимиз аён бўлиб қолди шекилли. Балки бу ҳақда ойисига айтгандир.
- Энди ким билан юрибсан?
- Вақти келса айтарман. Савдомиз пишмайроқ турибди. Қани уйга кетдикми? Такси...
Улар таксига ўтириб, Исфандиёрларникига йўл олишди.
Шоҳруҳ Исфандиёрларникига кирган заҳоти, бўғиқ овозни эшитди: - Ҳой, ким, Исфан... сенмисан?
- Ҳа, менман дада. Ўртоғим билан келдим. Бирга ишлаймиз.
Исми Шоҳруҳ.
Шоҳруҳ овоз келган хонага мўралади-ю, кроватда ётган одамга кўзи тушди.
- Э, ўғлим кел. Бир қўл, бир оёғим ишламай, шол бўлиб
қолган. Инсультдан. Ўзинг яхшимисан?
- Раҳмат. Юрибмиз. Илоё, соғайиб кетинг.
- Бу дарддан соғайганлар кам бўлади. Ётиб қолганимга етти йилдан ошди. Бу қайғу-ҳасрат ҳеч кимга тушмасин. Театрда ўн беш йил етакчи режиссер сифатида ишладим. Бир куни театрга янги раҳбар келди-ю, икки-уч хатойимни топиб, оддий режиссерликка тушириб қўйди. Театр – мен учун дунё маркази эди. Театрсиз менга ҳаёт йўқ эди. Қаттиқ тушкунликка тушдим. Ётиб ичдим. Чекдим. Кўкрагимни захга бериб ётдим. Ғам-хасрат эзиб ташлади. Бош кўтаролмай қолдим. Аммо тортган аламларим холва экан. Бошимга қон қуйилиб, инсульт бўлдим. Бир ойдан сўнг, мени яна етакчи режиссерликка тайинлашганида, театрга боролмадим. Мана етти йил бўлди. Энди болажонларимни тўйига ҳам бош бўлолмайман. Одам бўлиб бирор маъракага қатнашолмайман. Шунинг учун бошингга бирор кулфат тушганда, сабр қил, бардам бўл, ироданг мустаҳкам бўлсин. Суягинг синса синсин-у, ироданг синмасин. Бўлмаса, ношукур бандасини Худо шу кўйга солиб қўяркан.
- Илоё, соғайиб кетинг. Менга ҳеч нарса қилгани йўқ амаки.
Ишларим яхши.
- Ҳа. Ишларинг яхши. Меникидан сал яхши. Кўзларинг айтиб
турибди.
- Йўғ-е. Қани бир дуо қилинг. Энди мен борай.
Улар яна озроқ у ёқ-бу ёқдан чақчақлашди-да, ўринларидан
қўзғалишди. Шоҳруҳ бироз ўзини ўнглаганди.
* * *
Шоҳруҳ уйга ярим кечаси кириб келди. Ошхонада ғимирсиб яримта қотган нон ва очилмай қолган консервани топди. Қотган нонни қисирлатиб ер экан, ушоқлари томоғига тиқилиб қолгани учун, эринчоқлик сиртмоқларини бирма-бир ечиб, чой қўйишга мажбур бўлди. Аммо консервани иситишга мажоли етмади. Диванга чўзилар экан, дўкторнинг аянчли қиёфаси, инграниб айтган гаплари, хаёлида мингинчи бор жонланди. «Унинг юзига нима суртилганини билиб бўлмаяпти. Шунинг учун заҳа олиб кетиш хавфи бор.»
«Сени ҳеч қачон ташлаб қўймайман, Забаржад. Ҳеч қачон хор бўлмайсан. Сен учун жонимни ҳам аямайман. Сен учун сўнгги чақамни ҳам тикаман. Сени театрга мен олиб келдим. Сен мен туфайли хасадгўй илонларнинг заҳрига йўлиқдинг. Сен бир кунда театр саҳнасининг порлоқ юлдузига айландинг. Сени бу ғалабанг қанча одамларнинг юрагини куйдириб юборди. Сен алам ва нафрат қурбонига айландинг. Мен сени севаман ва ҳеч қачон хор қилиб қўймайман, Забаржад. Сен менинг қалбимдаги оловсан. Сен кўзларимнинг қароғисан, сен жонимнинг титроғисан, сен умримнинг ардоғидасан. Энди, бу театрда сени саҳнага чиқазишмас экан, мени ишдан ҳайдар эканлар, «Родопис» деган кино ишлайман, сен малика образини яратасан, сени номинг бутун оламга ёйилади. Бу кинони яратиш учун, мен уйимни сотаман, телевизоримни сотаман, кимга нимам керак бўлса, ҳаммасини сотаман, сени даволайман, сени бу фалокатлардан эсон-омон олиб чиқаман.»
* * *
Шифохона. Юзига дока ўралган Забаржад бошини қуйи эгиб ўтирибди. Қаршисида таскин берувчи сўз тополмай жони халак Шоҳруҳ.
- Қўйинг, йиғламанг Забаржад. Ҳаммаси яхши бўлиб кетади.
- Йўқ, ҳаммаси тугади. Энди театрга қайта бормайман.
- Ҳали, тузалиб кетасиз. Сиз жуда чиройлисиз.
- Чиройдан асар қолмади. Энди нафақат театрда, кўчада ҳам юролмайман.
- Сизнинг анкеталарингизни Болливудга жўнатгандим, то тузалгунингизча, жавоб келса ажаб эмас.
- Қўйинг, устимдан кулманг.
- Мен сизни яхши кўраман.
- Сиз ишингизни яхши кўрасиз. Сизнинг ишингизни бажариб турганим учун ҳам, кўзингизга яхши кўринардим. Энди ҳаммаси ортда қолди. Эртага спектаклингизда Моҳичеҳрами, Гулбаданми ўйнайди. Муваффақият келтиради. Шу билан улар ҳам кўзингизга яхши кўринади. Ўшалардан бирини яхши кўриб, яна андармон бўласиз. Мени яхши кўрганингиз, хотираларингиздагина қолади. Энди мени умрим кадр ортида, дубляжлардагина ўтади. Актернинг омади – гўзаллигидадир.
- Мен сизни бениҳоя гўзал қалбингиз учун яхши кўраман. Фақат ташқи гўзаллигингизга қизиққанимда, сизни бу қадар яхши кўрмасдим. Нима, Моҳичеҳра чиройли эмасми? Гулбадан гўзал эмасми? Уларнинг ортидан халлослаган итдай югурганим йўқ-ку. Актрисанинг гўзаллиги, бу ҳамманики. Саҳнанинг бешавқатлиги шундаки, актрисанинг гўзаллигидан ҳамма завқ олади, ҳамма баҳраманд бўлади, ҳамма уни ўзиники қилиб олади. Актриса ҳам, бу баҳраманд бўлгувчилардан хусни-малохатини қизғанмаслиги шарт. Санъат - қурбонлик талаб қилишининг мохияти – шу. Ҳолбуки, мен сизни яхши кўрар эканман, ташқи кўринишингизга эмас, қалбингизгагина эгалик қилишдан бошқа чорам қолмайди. Қалбингизгина меники бўлсин дея оламан. Сизни ҳали-ҳануз севишимнинг исботи шуки, аввал ҳам қалбингизни севганман, ҳозир ҳам. Юзингизга тушган чандиқ, мен учун ҳеч нарсани ўзгартиролмайди.
- Сиз, яхши кўриш деганда нимани тушунасиз? Ахир, дунёда яхши кўришдан-да баландроқ туйғулар борку? – деди Забаржад ҳомуш тортиб.
- Уйланиш ҳақида, гап очишимни истаяпсизми? Ҳали, бу ҳақда гапиришга эрта. Чунки, ҳали мени яхши кўришингизни билмайман. Мен ҳали сиздан ҳеч қандай меҳр кўрмадим. Сиз менга бир умр вафодор бўлишингизга ҳам кўзим етмайди. Сиздан ўзимга тегишли бирор илиқ сўз ҳам эшитганим йўқ. Оила қуришимиз учун, фақат менинг яхши кўришим камлик қилади.
- Мен театрни ташлаб, бутунлай қишлоққа кетмоқчиман.
Балки актрисаликни ҳам ташлаб юборарман. Ўқитувчи бўлиб ишлайман. – У бу сўзларни Шоҳруҳни кўзларига тик қараб айтди.
-Нега? Бир ҳафта – ўн кундан кейин мутлақо тузалиб кетасиз. Чандиқнинг ўрни қолмайди. Ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб қоласиз. – Шоҳруҳ унинг иккала қўлини махкам ушлаб турарди.
- Лекин мен кетсам ҳам, жўн кетмайман. Аввало бу ишни ким қилганини топаман. Ундан ўч оламан. Кейин бутунлай кетаман. Сиз билан ҳам бошқа кўришиш ниятим йўқ.
- Биринчидан, бу ишни ким қилганини билиш жуда қийин. Сизнинг хонангизни калити фаррошда бор, раҳбарда бор. Сиздан аввал турган, актерларда ҳам бўлиши мумкин. Уларнинг қайсидир бири, бу кислотани упадонга кечаси қуйиб кетган. Иккинчидан, театрдан кетишингиз бургага аччиқ қилиб, кўрпани ёқиш билан баробар бўлади. Учинчидан, мен билан бошқа учрашмаслик ниятингиз борлиги, нима, мени жазолашми? - Қайси айбим учун?
- Сизни айблаётганим йўқ. Энди мен бу ҳолатимдан кейин, сизга нолойиқ бўлиб қолдим. Мен сиздан кетмасам, барибир бир кунмас бир кун сиз мендан кетасиз.
- Мен сиздан кетмаслигимни исботи сифатида истайсизми, мен ҳам худди шундай кислотани юзимга сураман.
- Халқимизда «Хашакдан хашам бичма, ёлғондан қасам ичма» деган нақл бор.
- Демак, Сиз розисиз? – Шоҳруҳ, Забаржаднинг қўлини бир силтаб қўйиб юборди-да, хонада зарда билан кезина бошлади. У ниманидир ахтараётгандай эди. Унинг шашти шу қадар баланд эди-ки, ҳозир қўлига заҳар тушса, ичиб юборишга ҳам тайёр эди.
- Мен сизга гард юқишини истамайман. Агар мен учун шундай қиладиган бўлсангиз, сизни бир умр кечирмаслигим аниқ.
- Бўлмаса, театрдан кетиш фикридан қайтинг.Ўтган иш ўтди. Кавлаштираверишнинг кераги йўқ. Душман барибир топилмайди. Топилганда ҳам у сизга дўст бўлиб қолмайди. Мабодо топилса у сизга очиқ душманга айланади.
- Агар, топмасам, у бу ишни яна такрорлаши мумкин. Балки униси бундан ҳам аянчлироқ бўлиб чиқар.
- Билиб қўйинг, душманни топаман деб, дўстларни йўқотиб қўйишингиз мумкин.
- Дўстингиз Исфандиёр уйланиш ҳақида, анча вақтдан буён мени қистовга олиб юрганди.
- Воҳ, ярамас!
- Эсингизда бўлса, бизни у таништирганди. У бу гапларни бизни таништирмасдан олдин айтган.
- Сиз нима дедингиз?
- Ўйлаб кўраман.
- Асло ундай қилманг!
- Нега?
- Негаки, у сизни севмайди.
- Севишини сизни олдингизда айтмагани учун ишонмаяпсиз шекилли.
- Забаржад, у спектакл қўяяпти. Ахир у Фиравн Моренра эмас Исфандиёр-ку.
- У ўз сўзлари билан: Рози бўлинг, Сизга уйланаман» - деганди.
- Забаржад, рози бўлманг, ёлғончи у. Сиз мени севасиз-ку, у билан қандай яшайсиз.
- Сизни яхши кўришимни қаердан биласиз?
- Кўзларингиз айтиб турибди, Забаржад.
- Энди кетинг, гапларимиз тугаган кўринади. Одамлар келиб қолиши мумкин.
- Ҳали бекитиқча ишни пишитиб юрибсизми?
- Аёл киши ҳамиша сирли бўлиши керак.
- Ундан бошқаси ҳам борми?
- Ҳа, яна бир киши таклиф қилиб юрибди. – Забаржад иккинчи хотинликка маъносида икки бармоғини кўрсатди.
- Бу гапларни менга айтишга уялмайсизми?
- Бу гапларни сиздан яшириш уят! Энди кетинг.
- Ҳа, кетаман. Индамасам бутун шаҳарни айтиб чиқасиз шекилли.
- Ҳа, бутун шаҳар менга ошиқ!
- Жинни бўпсиз. Топганингизга тегиб кетаверинг.
Шоҳруҳ ўрнидан турди-да, шифохона эшигини тарақлатиб чиқиб кетди. Забаржад чуқур хўрсинди.
* * *
Театрда, спектаклни яна қўйиш - қўймаслик борасида қизғин мунозаралар кетарди. Сарвар Самандарович бу хусусда Забаржаднинг фикрини билиш учун йўли тушганда шифохонага келди.
- Сарвар ака, сиздан бир нарсани илтимос қилсам майлими?
Яна бирор ҳафта кутишнинг иложи борми?
- Нега? Ахир ҳамма бу ердан тезроқ чиқсам деб, ҳаракат қилади-ку?
- Қани, бироз кутайлик-чи, ахир уларнинг ҳам ҳақиқий башараси бордир.
- Актёрлик қилмоқчимисиз?
- Ҳа, мен актёрлигимга бориб, хаётда ҳам рол ўйнайман.
Энди... улар мени қўғирчоқни ўйнатгандай ўйнашларига йўл қўёлмайман. Улар туйғуларимнинг устидан кулишди, улар ўй-хаёлларим устидан ҳукмронлик қилишди. Энди атрофимдаги хаёт нимадан иборатлигини кўрмоқчиман.
- Спектакл режада турибди. Уни тўхтатолмайман. Балки ўрнингизга биров ўйнар.
- Ўзингиз биласиз. Ҳозир менинг юрагимда ҳам, худди юзимдаги сингари жароҳат бор. Менда кимнинг бу қадар хусумати борлигини билмасам бўлмайди.
- Ўзингизни қийнаманг, Забаржад. Барибир ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди.
- Мен кўзимни юмиб яшолмайман. Агар кўзим манна шундай юмуқ юраверса, яна бир кун чоҳга тушиб кетишим мумкин.
- Бу дунёда айбланмаган, адашмаган, чоҳга йиқилиб, юрак бағри қон, абгор бўлмаган одам борми?
- Мен саҳнадагина сценарийда ёзилганини ўйнашга мажбурман. Хаётда эмас.
- Хаётда ҳам... Худо пешонангизга ёзганини ўйнайсиз.
- Худо менинг пешонамни бир қарич ялтироқ қилиб яратган. Нима ёмонлик кўрсам бу ўзимдан, нима яхшилик кўрсам, бу – Худодан. Мен Худога ишонаман.
* * *
Бир кун Сарвар Самандарович Шоҳруҳни чақириб, ишдан ҳайдамаслигини айтди. Гап орасида «Родопис» спектаклини ҳам онда-сонда қўйиб туриши мумкинлигини уқтирди. Бош ролга Моҳичеҳрани тавсия қилди. Шоҳруҳ, Сарвар Самандаровичнинг тавсиясини рад қилди. Бош ролда фақат Забаржад Зокирова ўйнайди – деди. Театр раҳбари Забаржаднинг номини эшитиб, тортишиб ўтирмади. Ўзинг биласан – деди. Лекин ишхонадаги бу енгиллик Шоҳруҳнинг кайфиятини кўтаролмади. У Забаржад билан аразлашиб қолганидан сўнг, Забаржаднинг телефон қилишини кутарди. Ўзи телефон қилишга, шифохонага боришга ғурури йўл қўймас, ялиниб боришга истиҳола қилар, шифохона атрофини айланиб-айланиб кетар, тўсатдан учрашиб қолсак қандай яхши бўларди деб орзу қиларди.
Қўл телефон ҳам туну-кун ёниқ турар, Забаржад телефон қилиб қолармикин дея, жирингламаса ҳам бот-бот қарарди. Гоҳ-гоҳ унинг мендан бошқа ошиқлари ҳам бор дея, гумонсирар, бу шубҳа, жаҳлини чиқарар, шундай кезларда, шифохона скамейкаларида ўтирган кезлар, ўрнидан туриб, кетиб қоларди. Ўзига келган кезлар, хаёлан Забаржадга ўз шартларини айтарди: «Сенга уйланганимдан кейин, мендан бошқа ҳеч ким билан гаплашмайсан. Менга алоҳида вақт ажратасан. Менга ғамхўрлик қиласан. Меҳрингни аямайсан. Менга ўғиллар туғиб берасан.
Фақат меники бўласан. Фақат мени дейсан. Фақат мен билан гаплашасан. Кўзларингни олиб қочмайсан. Ширин гапларингни аямайсан. Ҳуснингга тўйгунимча ёнимда ўтирасан. Бир жойга борсанг сўраб борасан. Йўқ, яхшиси фақат мен билан борасан. Фақат мени спектаклларимдагина ўйнайсан. Фақат ижобий ролларда ўйнайсан. Мени қийнамайсан. Гап қайтармайсан. Мен нима десам маъқуллайсан ва ҳ.к. ва ҳ.к.
Бир куни уни қаттиқ соғинганида туш кўрди. Тушида унинг хархашалари, инжиқликлари аччиқ-тизиқ гаплари, инкорлари, камситишлари, ўзини катта олишлари, менсимасликлари ҳамма-ҳаммасини унутиб, бош эгиб борган эмиш. Унинг хонасига киришга юраги бетламай, ташқаридан туриб, бировдан айттириб юборган эмиш.
- Келинг! – дебди Забаржад жиддий.
- Келдим. Ўтган сафар келганимда, сотовойимни ғилофи тушиб қолибди. Шуни олиб кетмоқчийдим.
- Ҳеч қанақа ғилоф қолгани йўқ.
- Бошқатдан бир излаб кўринг, балки қолгандир.
- Беш тийинга, унақа ғилофдан бештасини беради.
- Менга ким беш тийинни беради. Кўчада ётган бўлса айтинг, бориб олай, олиб берадиган ошиқларим бўлмаса.
- Ажаб бўпти.
- Бетингизни очинг, бир кўрай.
- Сиз менга кимсиз, бетимни кўрадиган...
- Сизни яхши кўраман!
- Сиз яхши кўрадиган бетим куйиб қолган.
- Сизга уйланаман.
- Нима-а?!
- Мен охири шу қарорга келдим.
- Қарорга келишдан олдин мен билан маслаҳатлашдингизми?! Мен рози бўламанми, йўқми? Мени шартларимни бажарасизми? Ҳали сизни яхши кўришим учун тайёрмисиз. Биринчидан нима десам хўп дейишингиз керак. Доим гапимни маъқуллашингиз керак. Гап қайтармаслигингиз керак. Мени қийнамаслигингиз керак. Мен ота-онамни эрка фарзандиман. Улар доимо мен билан маслаҳатлашишган. Сиз ҳам шундай бўлишингиз керак. Менга доимо вақт ажратишингиз керак. Меҳрингизни аямаслигингиз керак.
- Бўлди, ўчир овозингни...
Забаржад Шоҳруҳнинг бақириғидан ҳайратланиб, кўзлари катта- катта очилиб кетибди.
Эсанкираб қолган Забаржадни қучоқлаб, лабларидан қаттиқ ўпа бошлабди. У Шоҳруҳни дўппослай кетибди. Анча вақт дўппослаб турибди-да, Шоҳруҳ қўйиб юбормагач, жимиб қолибди.
* * *
Театрда хаёт яна ўз измига тушиб кетганди. Сарвар Самандарович яна «Родопис» спектакли қўйилиши ҳақида топшириқ бергач, актёрлар ғимирлаб қолишди. Родопис ролида Моҳичеҳра ўйнайдиган бўлди. Қизғин репетициялар даври бошланди. Забаржад ҳақидаги шов-шувлар, миш-мишлар четга сурилди. Шоҳруҳ ҳам ҳаммасини унутаётгандай эди. Актерлар билан спектакл ҳақида мунозаралар юритар, аввалги довруғи сўнмаслиги учун жон-жаҳди билан ҳаракат қиларди. Ҳатто бир куни Моҳичеҳра билан саҳна ортида гаплашиб туришганида, ариза ёзиш учун театрга келган Забаржадни кўриб, салом берди-ю, Моҳичеҳрага қараб яна гапини давом эттираверди. Уларнинг олдидан тез-тез юриб ўтиб кетган Забаржад, алам ва изтироб алангасида қолди. Сарвар Самандаровичнинг қабулига кириш учун бироз пойлади-да, кутишга ортиқча тоқати етмай қабулхонадан чиқиб кетди. Қўлидаги аризасини эса йиртиб ташлади. Сўнгра театр саҳнаси томон юриб кетди.
* * *
Театрда айнан «Родопис» спектаклининг репетицияси бўлаётганди. Ҳар бир ҳатти ҳаракати, ҳар бир сўзи ўзига таниш бўлган манзарани кўриб эти жимирлаб кетди. Театр катта даргоҳ эди. У бўлмаса ҳам театр ҳеч нарса йўқотмасди, ўз изнида кетаверарди. «Мен бўлмасам, театр ҳаёти тўхтаб қолади» - деган одам янглишарди. Нафақат, Забаржад, нафақат Шоҳруҳ, ҳатто Сарвар Самандарович бўлмаса ҳам, театр ҳаёти ўз изнида, бир маромда кетаверарди.
Лекин, Забаржаднинг юрагида спектаклни саҳналаштиришга изн берган Сарвар Самандаровичга нисбатан ҳам ва айниқса, бу спектаклни сен учун, ҳа фақат сен учун саҳналаштираман, деган Шоҳруҳга нисбатан ҳам нафрати қўзиб кетди. Уларнинг ҳар иккиси ҳам кўзига алдоқчи ва хиёнаткор бўлиб кўринди. Улар бугун театрда алдашса, эртага хаётда алдашади...
Забаржад мана шундай аламли ўйлар исканжасида у ёқдан бу ёққа юраркан,гўё ҳеч нарса бўлмагандай, гўё ҳамма ўтган ишларга қўл силтаб парво қилмаётгандай тутарди ўзини. У узоқда турган Шоҳруҳга бош силтаб, салом берди-ю, Исфандиёр билан узоқ сўрашиб кетди.
-Қандай, яхшимисиз Забаржад...
-Яхши, раҳмат. Табриклайман. Гулбаданга уйланмоқчи эканлигингизни эшитдим.
- Ҳа. Сизга тишимиз ўтмагандан кейин, нима қилайлик,
қўлинг етган шохнинг шафтолиси ширин, дейишади-ку.
- Йўқ, йўқ ҳеч нарса деяётганим йўқ. Таслимман. Мана икки қўлимни ҳам кўтардим. Қизил гул экканнинг хирмони бўлмас, яхшини суйганнинг армони бўлмас.
- Айтаяпман-у, бўйи паст одамнинг баланд дорга
осилишининг ҳеч хожати йўқ. Биз кичкина одам бўлсак. Сиз театрда биринчи даражали юлдуз.
- Сиз ҳам биринчи даражали бўлмаганингизда шох ролини ўйнармидингиз.
- Йўқ, мен узоқ ўйлаб кўрдим. Мен табиатан иккинчи даражали одам эканман. Сизга қараганимда кўзим қамашиб, оёғим қалтираб кетаверади. Шундан кейин билдимки, ўзимбоп қизга уйлансам тузук экан. Сиз эса оловсиз, сизни темир қўллар ушлаб турмаса, унча-мунча қўлларни куйдириб юборасиз.
- Қўйсангиз-чи. Келинг, ёқангизни тўғрилаб қўяй.
Исфандиёр шохона кийимда эди.
Забаржад унинг кийимларини тўғрилай бошлади. Унинг Исфандиёр билан жуда илиқ ва хушчақчақ гаплашиб турганини кўрган ва бетоқат бўлиб, у ёқдан – бу ёққа бориб келаётган Шоҳруҳнинг алами бўғзига тиқилди ва жони чиқиб кетар даражада ўзини тутолмай қолди. «Мен уни театрга олиб келдим. Уни малика қиёфасида элга танитдим. Уни машҳур қилдим. Уни жонимдан ортиқ севдим. Кечаю-кундуз фақат уни ўйлаб, унинг учун яшадим. Унинг учун ишдан ҳайдалишимга оз қолди. Уни учун уйимни сотишимга оз қолди. Бугун ҳам ҳамма ишларимни йиғиштириб қўйиб, дарди-хаёлим фақат у бўлса-ю, нега у ёнимга келиб, саломлашишни ҳам ўзига эп кўрмаяпти. Нега мен унга худди бегонадайман. Исфандиёрдан нима кўрди. Нега у билан ҳиринглашиб турибди. Наҳотки мен шунчалик аҳмоқ бўлсам. Шунчалик фидоийлигим эвазига, заррача эътибор топмасам. Нега, нега? Нега у мени бунчалик хўрлаяпти. Нега, нега?
Шоҳруҳ шахд билан улар гаплашиб турган жойга борди-да жаҳл аралаш:
- Забаржад, бир лаҳзага мумкинми, сизда гапим бор, - деди.
- Йўқ, ҳозир бандман. Кўраяпсиз-ку, гаплашиб турибман.
Шоҳруҳ, ғазабини босолмай, Забаржадни қўлидан ушлаб, судрай бошлади.
- Тортинг қўлингизни... – Забаржад қўлини тортиб олиб оҳулардай чаққон ҳаракат билан саҳнадаги тахтнинг устига сакраб чиқди. Шу топда, «Родопис» спектаклини қўйгани ва унда Моҳичеҳра ўйнагани учун Шоҳруҳни кўрарга кўзи, отарга ўқи йўқ эди. Буни ҳамма тушуниб турарди.
Ўртадаги вазиятни юмшатиш учун гапга Исфандиёр аралашди.
- Қўйсанглар-чи... Нега бунча жанжал. Ўзингни бос, Шоҳруҳ.
- Сен жим тур. Ҳозир шу қилич билан қорнингни ёраман.
Шоҳруҳ шоҳ кийимидаги Исфандиёрнинг белидаги қилични шартта қинидан чиқарди: - Йўқол, кўзимдан.
- Ўзингни бос. Шоҳга қўл кўтаришга қандай ҳаддинг сиғди...
- Ҳозир ҳазилнинг пайтимас... Ҳаёт сен учун ҳазилдан иборат бўлиши мумкин. Лекин мен ўз тақдиримга майнавозчилик билан қаролмайман.
- Яхши ёр ёддан чиқмас денг. Забаржадни кўриб, ҳаяжонларингиз янгидан жўш уриб кетдими... – деди боядан бери вазиятни кузатиб турган вазир қиёфасидаги Ботир Болтаев. – Буни учун саҳнада жанжал кўтариш шарт эмасди...
- Сен ўчир овозингни... сенга тегишли гап йўқ бу ерда.
- Ҳа, у шу ерда жанжал кўтармаса бўлмайди. Ахир ҳаммани
олдида ўзини оқлаши, ўзини оппоқ қилиб кўрсатиши керак-ку. Гўё ҳамма қора, у оппоқ. Гўё у спектаклни қўймоқчи эмасди, ҳамма мажбурлади. У Забаржадга мана шуни тушунтирмоқчи – деди Клара Искандаровна. – Лекин шуни билингки, агар сиз истамаганингизда спектакл қўйилмасди.
- Ўчиринг овозингизни... Менга даллолнинг кераги йўқ.
- Бор гап шу. Агар ҳақиқатни беркитиб, жанжал тўполон, лўлилик билан енгиб чиқаман десангиз, марҳамат, жанжал кўтараверинг: Қўтир тана қўра булғар.
- Мен эмас, сиз ва сизга ўхшаганлар Бадиий кенгашда спектаклни саҳнадан олиб ташлашган. Забаржад йўқлигида уни саҳнага қайтарган ҳам сиз ва сизга ўхшаганлар.
- Нимани назарда тутаяпсиз. Шоҳруҳ Султонов – деди саҳнага кириб келган Сарвар Самандарович. -Нима гап ўзи, бу нима тўполон?
- Мен, умуман ҳеч нарсани муҳокама қилмоқчи эмасман.
Сизларга айтадиган гапим ҳам йўқ. Мен фақат Забаржад билан гаплашиб олмоқчиман.
- Мени, сиз билан гаплашадиган гапим йўқ.
- Мен ҳозир бу ердан индамай чиқиб кетишим мумкин.
Лекин сизга айтадиган бир оғиз сўзим бор, ўнг қулоғингиз билан ҳам, чап қулоғингиз билан ҳам эшитиб олинг: Мен сизни яхши кўраман.
- Ёлғон. Сиз ўзингизни яхши кўрасиз. Спектаклни ҳам
ўзингиз учун қўйдингиз. Агар у мен учун бўлганда, мени ростдан яхши кўрганингизда, ҳеч қачон Моҳичеҳрани чақирмасдингиз.
- Қўйинглар, битта рол учун талашманглар, шахсий муносабатларни аралаштирманглар – деди Сарвар Самандарович. – Забаржад, қани юринг, хонамга кирайлик.
- Забаржад, агар ҳозир, мен билан кетмайдиган бўлсанг, сендан мутлақо юз ўгираман. Сен билан бошқа ҳеч қачон кўришмайман.
- Менга шарт қўйишга ҳаққингиз йўқ. - Забаржад терс ўгирилиб, Сарвар Самандаровичнинг ортидан кета бошлади.
Клара Искандаровна пиқ этиб, кулиб қўйди:
- Лўлининг чирмандаси ёрилса, гардиши маймунга ўйинчоқ бўларкан – деди у истеҳзо билан Забаржаднинг ортидан.
Шоҳруҳ, алам ва нафрат билан қўлидаги қилични ясама тахтга уриб, тахтни қоқ иккига бўлиб юборди. Исфандиёрнинг бошидаги тожни олиб, ерга улоқтирди. Сўнгра, найзани ғазаб билан унга санчди.
* * *
Спектакль аввалгидек гавжум бўлмасада, ҳарқалай анча одам тўпланди. Бировлар унга аввалги довруғи туфайли келган бўлса, бировлар янги кўриниши қандай экан деб, баъзилар эса, қандай бўлишидан қатъий назар келганди.
Димоғи чоғ Моҳичеҳра спектаклдан сўнг Шоҳруҳни уйига таклиф қилди. Шоҳруҳ гапни чўзиб ўтирмади. Унга эргашиб йўлга тушди.
- Қандай яхши бўлди. Бир кунда бутун Ўзбекистон аҳлига танилдим. Ниҳоят талантим юзага чиқди, - Моҳичеҳра тинмай гапириб борарди: - Одамларнинг қарсагини айтмайсизми? Йигитларнинг қанчаси телефон номерларини беришди. Умрим бино бўлиб бунча гул олмагандим.
- Сен ҳақиқатдан ҳам чиройлисан Моҳичеҳра. Бу талантинг билан жуда катта режиссерлар билан ишлашга лойиқсан – Шоҳруҳ Моҳичеҳрага худди бугун танишаётгандай ҳайратланиб қарарди.
- Наҳотки шу гапларимга ишонади деб ўйласангиз?
- Ишонасиз. Сиз ўзингизни гўзаллигингизни ҳам биласиз.
- Йўқ-йўқ. Сиз бу гапларни Забаржадга айтинг. Уни кўриб телба бўлиб юрганларингиз эсимда. Мана шу спектаклни ҳам, аслида Забаржад учун қўйдингиз.
- Қўйинг, у билан иш бўйича гаплашардим. Орамизда ҳеч қандай жиддий гап бўлмаган.
- Агар Забаржадни юзи куйиб қолмаганда, у бугун ҳам шу спектаклда ўйнарди.
- Йўқ. Бош ролда у ўйнагани учун, спектакл Бадиий Кенгашдан ўтмади. Спектакл мана энди ўзининг бош қаҳрамонини топди.
- Агар мени ҳам юзим ўшандай чандиқ бўлиб қолса, мендан воз кечиб кетмайсизми?
- Йўқ.
- Агар, сизни менга қайтишингиз учун, ўша ишни мен қилгандим десам-чи?
- Бўлиши мумкин эмас.
- Бўлиши мумкин. Ўша ишни мен қилганман. Бўлмаса бугун сиз менинг ёнимда бўлмасдингиз. Лекин, ёнимдан кетмаслигингиз учун, ўзимнинг юзимни ҳам ўшандай куйдиришга тайёрман.
- Қўйинг, керакмас. – Шоҳруҳ ҳайратдан донг қотиб қолганди. - Балки ҳазиллашаётгандирсиз.
- Йўқ, бу ҳазил эмас. – Моҳичеҳра тўхтаб Шоҳруҳни кўзларига тик боқди: - Мен сизни яхши кўраман.
- Қасам ичинг.
Моҳичеҳра сумкачасидан кичкина шиша идишни олди:
- Ҳоҳласангиз, нафақат юзимга суртишим, ичишим ҳам мумкин.
- Қани ичинг-чи?
Моҳичеҳра, қўлида шиша билан бироз иккиланиб турди. У нима қилишни билмасди. Шишани Шоҳруҳни юзига отишни ҳам, ёки уни ичишни ҳам билмасди.
Моҳичеҳра қўлида кислота шишасини стол ўртасига қўйди.
- Хўп, майли. Лекин менинг ҳам бир шартим бор.
Мен сизни яхши кўришимни биласиз. Лекин, қизболанинг яхши кўриши ҳеч қанақа аҳамиятга эга эмаслигини, у ҳатто яхши кўришини ҳам очиқ айтолмаслигини ҳам биласиз. Лекин, мен бугун сизга бу гапни очиқ айтмоқчиман: Мен сизни яхши кўраман. Бу бугун, ёки кеча пайдо бўлган гап эмас. Бу сиз билан биринчи бор учрашганимиздан бери бор гап. Ва ўйлайманки у менинг сўнгги нафасимгача давом этади.
Моҳичеҳра шишани қўлга олиб гапни давом этди. Унинг важоҳати, севги изҳор қилаётган кишидан кўра аламзада одамнинг асабий, кўнгил фарёдларини эслатарди:
-Айтингчи, сиз кимни севасиз?
Шоҳруҳ Моҳичеҳранинг титраётган қўлидаги шишага тикилиб турарди. Ҳозир у Забаржаднинг номини аташи билан, бу кислота юзига сепилишини сезиб, юрагида ваҳима ўрмаларди. Ниҳоят, жим туришга тоқати етмай гап бошлади:
- Моҳичеҳра, балки театрда актёр севишганлар қиёфасини ярата олиши мумкиндир, лекин қалбида севгини ўзини ярата олмайди. Инсон ўз қалбига мана шу одамни севгин деб буйруқ бера олмайди. Инсон ҳали биронта тирик жонзотни ярата олмагани каби муҳаббатни ҳам ўз қўли билан ярата олмаган. Кишига ҳақиқий муҳаббатни ҳам Худо беради. У киши юрагига олов бўлиб келади ва олов бўлиб бир умр юракда яшайди. Мен Забаржадни мана шундай муҳаббат билан севаман ва бир умр унга фидо бўлиб яшайман. Сени ҳеч қачон севмаганман ва ҳозир сенга ёлғон ҳам гапира олмайман.
Моҳичеҳра қўлидаги шишани баланд кўтарди.
-Эссиз, хор бўлган умрим, хор бўлган ёшлигим, хор бўлган туйғуларим, изтиробларим, орзуларим. Мен, бир кунмас бир кун барибир менга қайтасиз, деб ўйлагандим. Афсуски, сиз маккор, тошбағир ва қайсар бўлиб чиқдингиз. Энди сиз билан бизнинг орамиздаги муносабатларга сўнгги нуқта қўйиладиган пайт келди. Сиз бу ўйинда ғолиб чиқдингиз. Лекин мен ҳам мағлуб бўлганим йўқ. Мен бу ҳодисага шунчаки бефарқ қаролмайман. Яшасин қасоскор ва бевафо ҳаёт! Яшасин, ичганинг сари заҳри тўйдирмайдиган муҳаббат! Мен, ушбу заҳарни сизларнинг орангиздаги буюк муҳаббат учун ичаман!
Шоҳруҳ, Моҳичеҳра кислотани унинг устига сепиб юборса керак, деб жон ҳовучлаб турганди, бироқ ўз оғзига олиб бораётганини кўриб, эсанкираб қолди ва бир зумда унинг қўлига отилди. Кислота Моҳичеҳранинг бўйнига, кийимларига, Шоҳруҳнинг қўлига сачради. Кислота теккан ерлар бир зумда жизғанак қилиб куйдира бошлади. Шоҳруҳ, дод солиб унинг бўйинларини, иягини артишга шошилди.
Шоҳруҳ Моҳичехранинг ҳамма кийимларини ечиб ташлади. У қип-яланғоч бўлиб қолди. Шоҳруҳ унинг оппоқ сийналарига қараркан, нима қилишини билмай, тек туриб қолди. Моҳичеҳра, кулиб, унинг истиқболига пешвоз чиқа бошлади ва қўлларини, унинг бўйнига қўйиб, таманно билан жилмайди.
Шоҳруҳ, секин ортга ўгириларкан:
- Мени кечир- деди ва хонадан чиқиб кета бошлади. У ўзини қўлга олиш, эҳтиросларини жиловлаш учун, лабларини шу қадар қаттиқ тишлаганидан, оғзининг бир четидан қон сизиб чиқа бошлади.
* * *
Забаржад қишлоққа кетиш учун, ҳамма кийим-кечакларини йиғиштира бошлади. Ижара ҳақини тўлади. Театр жамоаси билан хайрлашишга борганди, лекин кетиши ҳақида ҳам ҳеч кимга ҳеч нарса дея олмади. Театр бир дарё мисоли ўз ўрнида сокинлик билан тўлиб тошиб оқиб ётарди. Забаржад ундаги бир балиқча каби юзадан қараганда бор-йўқлиги ҳам билинмасди. Мана шу нарса, уни «Мен театрдан кетаяпман» дейишга йўл қўймади. Кетса, нима ўзгарарди. Унга ким «кетма» деярди. «Кетма» дегани билан, унга ким кетмаслиги мумкинлигини тушунтириб бераолади. Тушунтиргани билан, тушунишга арзирли нарса топилармикан? Забаржад Шоҳруҳни ўйлади. Театрда Шоҳруҳ бўлмаганида ҳам қолиши мумкин эди. У Шоҳруҳга қасдма-қасд кетишга шайланди. Ахир Шоҳруҳ эмасми, уни кўкка кўтарган, унинг муҳаббатини қозонган, унинг юрагига изтироб ва шижоат солган ва охир-оқибатда, муҳаббат чўққисидан ташлаб юборган. Мана, бу театрдан абгор ва мағлуб кетар экан, кўз тиккан, ишонган ва севган бир одамнинг олдига бориб, яна ўзининг мағлубияти ҳақида гапиролмасди.
Исфандиёр эса бу ҳолатдан мустасно эди. У Шоҳруҳ билан танишишга, демакки театрга келишига сабаб бўлган. Исфандиёр билан хайрлашмай кетаолмасди.
Исфандиёр оқшомга яқин келди.
- Нима бўлди?
- Уйга қайтмоқчиман. Мабодо битта-яримта мард чиқиб қоладиган бўлса эрга тегиб, оила қурмоқчиман.
- Театр нима бўлади? Ахир шу соҳада беш йил ўқидинг, диплом нима бўлади? Дипломни ҳам қўя турайлик, ахир актриса бўлиш бир умрлик орзуинг эди-ку, орзуларинг нима бўлади. Наҳот хаётингни бутунлай ўзгартирмоқчи бўлсанг?!
- Мен қаттиқ адашган эканман. Мен санъат соҳасига гўзалликни, меҳр-муҳаббатни, фидоийликни, инсондаги барча буюкликларни тарғиб қилиш учун кириб келгандим. Лекин афсуски, мен санъаткорлар орасида фақат разолатга, хиёнатга дуч келдим. Мен аввало инсонлардаги буюкликларни ўз бошимдан кечириб, уни кейинчалик саҳнага олиб чиқмоқчи эдим.
Мен саҳнада ёлғондан ўйнолмайман. Ўзим бахтни кўрмай, ёлғондан бахтиёр қиёфасида чиқолмайман. Ўзим севилмай севишган ёр қиёфасида чиқолмайман. Хиёнаткор, қасамхўр, ёлғончи одам бўлатуриб, ҳалоллик, ростгўйлик, мардлик ҳақида гапиролмайман. Мен театрда разолатнинг ҳамма турини кўрдим. Сизларнинг олдингизда қолсам, эртага Худонинг олдида жавоб беришга қўрқаман. Бу ботқоқда чўкишга ортиқча тоқатим йўқ.
- Кетсанг кетавер. Билиб қўй, театр ҳам чангалзор қонунига бўйсунади. Унда фақат кучлилар ғолиб чиқади. Айёр бўласанми, аблаҳ бўласанми, мард бўласанми, ҳар қандай қиёфага киришингдан қатъий назар, яшаб кетолсанг, кучлисан ва бир куни маррага етасан. Сенга ўхшаган ожизлар, йиғлоқилар, ҳардамҳаёллар, нима қилишини аниқ билмайдиганлар, ўз мақсади йўлида аёвсиз курашишни билмайдиганлар ўз-ўзидан бу чиғириқдан чиқиб кетадилар. Театрдан кетишинг бу сени мардлигинг эмас, заифлигингдандир.
- Бу жавоб, сизнинг ўз юрагингиздан чиққан жавоб эмас.
Сизда юракнинг ўзи йўқ. Сизнинг юрагингиз, мана шу жамоага аллақачон кушанда бўлиб, бўлган. Сиз энди жамоанинг умумий юраги билан яшаяпсиз. Сизнинг мардлик ҳақидаги тушунчангиз ҳам бошқа. Инсонийлик тушунчасини ҳам, бу бошқаларга ўргатиладиган тушунча деб қабул қилгансиз. Сиз, ҳатто муҳаббатни ҳам китоблардаги нарса деб қабул қилгансиз ва ўзингиз ҳаётда ҳеч кимни севишга интилмагансиз, сизни севганларни ҳам тушунмагансиз. Шунинг учун менинг саволларимга ҳам сизда ҳеч қандай жавоб йўқ. Жавобингиз, фақат инкор этиш, камситишдан иборат.
- Ҳар кимнинг гўри бошқа-бошқа. Мен нимаики қилган бўлсам ўзим жавоб бераман. Бошқалар ҳам шундай.
- Сиз ҳам, бошқалар ҳам бир кун жавоб беришни унутиб қўйгансизлар. Ташқарида кўрган одам сизни машҳур одам дейди. Ҳавас қилади, лекин ўз ҳаётингизда қилаётган ишларни бир кунмас бир кун, билиб қолса, энг ярамас одам ҳам бу қадар тубан бўлмаслигини кўриб ёқа ушлайди.
- Сен бундай хаёллар билан, бизнинг орамизда яшолмайсан.
Тўғри ўйлабсан, битта-яримтаси сени ўлдириб қўймасидан бу ердан кетганинг маъқул. Эр топ, оила қур, бола-чақа ўстир. Сенга энг яхши йўл шу.
Хайр, мен ҳам кетдим. Яхши қол.
- Хайр.
Исфандиёр терс бурилди-да, ўгирилмай хонадан шаҳд билан чиқиб кетди.
* * *
Бир кун, ёз кунларининг бирида, кечки салқин тушган пайт Сарвар Самандарович, хотини, ўғлини олиб, Бўзсувнинг овлоқ бир гўшасига чўмилишга борди. У пайтлар ўғли эндигина икки-уч ёшлар чамаси, Сарвар Самандарович ҳам ҳали ёш эди. Хотини ва ўғли соҳил бўйида дастурхон тузашга қолди. Сарвар Самандарович эса ўзини сувга отди. Яхши сузишни билмаса-да, Бўзсувнинг кенг, буралиб оқадиган жойига бориб қолди. Сув ўртасига етганида, ортга қайтишни ҳам, олдинга кетишни ҳам билмай, эсанкиради, сўнгра, «чўкиб кетсам-а» деган фикр хаёлидан ўтиб, ортга қайтмоқчи бўлди. Лекин, негадир, ортга қайтишни истаган сари, сув оқими уни, ўртага тортарди. Сарвар кучи борича интилиб, ортга ошиқди ва бир неча сониялардан сўнг, барча ҳатти-ҳаракатлари зое кетаётганидан даҳшатга тушди. Буралиб оқаётган сув уни пастга тортарди. Бехосдан уни томоғига алам ва ўкинчларга тўла хайқириқ келди: «Вой-дод! Қутқаринглар! Ёрдам беринглар, чўкаяпман!» Сарвар қирғоқда ҳеч ким йўқлигини биларди. У чўмилаётган жой, Бўзсувнинг овлоқ жойларидан бири эди. Чўмилгувчилар ҳам, кун ботиб, атроф қоронғулашаётганлиги сабаб, кетиб қолишган, қирғоқда хотини ва ўғлидан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Хотини эса, қирғоқда бамайлихотир унга қараб турар, ҳазиллашаяптими дегандай, дастурхонга андармон эди. Сарвар, жон ҳолатда яна бақирди: «Чўкаяпман, вой-дод, қутқаринглар».
Шундан сўнг, у қўллари акашакдай қотиб, қимирламасдан, сув ичига кириб кетди. Оёқлари ҳам, қўллари ҳам худди музлаб қолгандай қимир этмас, фақат миясигина чарх уриб ишлаб турар, миясида турли фикрлар ғужғон ўйнарди:
«Нега дод солиб бақирмайди. Нега одамларни чақирмайди?
Нега, нега? Нега уввос солиб йиғламайди. Нега жони узулгудай югурмайди. Мен ўлаётганимни сезиб, ҳатто, афти ҳам буришгани йўқ. Тўғрида, мен ўлсам, у нима ҳам йўқотарди. Ҳеч нарса. Тайёр уйим-жойим унга қолади. Йиққан бойликларим умрини охиригача еб ётса ҳам етади. Мен унга керакмасман. Мен кимга керакман. Ўғлим ҳам ўз кунини кўриб кетади. Фақат онамгина доғи-фироғимда адойи тамом бўлиши мумкин. Йўқ, йўқ онажон, менинг доғимни ҳеч қачон кўрманг. Мен ҳали яшайман, онажон. Мен ҳали тирикман онажон». Сарвар яна бор кучини тўплаб, сув юзига қалқиб чиқди: «Вой-дод, онажон».
Сарвар жон-жаҳди билан типирчилар, бу ҳаракатлари қирғоққа чиқиш учун эмас, бор йўғи, сув юзига қалқиб чиқиш учунгина эди.
Ўшанда уни қаердандир пайдо бўлиб қолган милиционерлар гуруҳи қутқариб қолганди. Орадан бир ҳафта ўтиб, у соғайиб кетди-ю, юрагида хотинига бўлган шубҳа ва нафрат бир умрга қолди. Энди у, хотини уни яхши кўришига ишонмасди. Ишонтиришни истаган кезлар ҳам, бўлиб ўтган ҳақиқат олдида ожиз эди.
* * *
Бир кун Забаржад Шоҳруҳга телефон қилиб, эрта-индин шаҳардан бутунлай кетишини айтди. Унинг бу сўзини эшитиб, Шоҳруҳ хапқириб кетди.
- Забаржад, ҳозир қаердасиз?
- Уйда. Ижарадаги уйимдаман. Йўқлигимга бу ер ҳам ҳувиллаб қопти.
- Бирон жойда учрашсак нима дейсиз?
- Кетар жафосигами?
- Ҳа.
- Балки кераги йўқдир.
- Керак, керак.
- Шунча учрашдик, шунча гаплашдик. Етар энди.
- Забаржад, сизни яхши кўришимни биласиз-ку, нега мени ёмон кўрасиз.
- Чунки, сизда ҳақиқий муҳаббат борлигига ишонмай қўйдим. Сиз мен излаган одам эмассиз. Сизга меҳр бердим-у, кўнгил беролмадим. Гарчи осон бўлмаса-да, иродамни ишга солиб, меҳр беришни ҳам тўхтатмоқчиман.
- Забаржад, бизни кўнгил боғлаб турмаганмиди?
- Бир ҳамдард дўст сифатида сизга боғланиб қолгандим. Сиз мени юпатардингиз, яшашга ҳам, саҳнада ҳам куч берардингиз, энг асосийси келажакдаги ёруғлик ҳақида уқтирардингиз. Гарчи кўнгилда, доғ қолса ҳам, бу ипларни узишга мажбурман. Мажбурман !!!
- Забаржад, нега сизда бу тушкунлик бирдан пайдо бўлиб қолди. Нега ёлғиз ўзингиз иккаламизнинг муносабатларимизга хулоса чиқараяпсиз?
- Соф муҳаббатга ҳеч қайси эркак қодир эмас экан. Мен ўзим излаган инсонни топаолмаганимдан, бунинг ҳеч иложи йўқлигидан ўзимни қўярга жой тополмаяпман. Мана театр ҳам тугади, жар ёқасига ҳам бир бориб, зўрға омон қолдим. Ота-онам ҳам, шаҳарда қачонгача ёлғиз, дайдиб юрасан деб қўйишмаяпти.
- Агар ҳозир сизга севги изҳор қилсам ишонасизми? Бу, сизни қолишингизга дастак бўлаоладими?
- Мен, кафолат бераманки, сиз ҳеч кимни ҳақиқий севмагансиз. Севги изҳорини ҳам осонгина уддалашингиз аниқ. Учраган қиз олдида буни бажара олишингизга аминман. Жумладан, менинг олдимда ҳам.
- Қўйсангизчи, шунақа гапларни. Агар сизни алдаётган бўлсам, авваламбор ўзимни алдаётган бўламан-ку? Шу ҳақда ҳеч ўйладингизми?
- Шифохона, менга жуда катта мактаб бўлди. Сиз, одамларга театр қўйиб берган бўлсангиз, мен шифохонада одамларни томоша қилдим. Мен томоша қилган саҳна, мени чилпарчин қилди. Сиз мени ўз сафингиздан жуда тез чиқариб юбордингиз. Албатта, сизнинг ижодингизга ҳисса қўшмайдиган одам сиз билан ёнма-ён юролмайдиган одам, сизга мутлақо керак эмас. Буни тушунса бўлади. Лекин мен ҳали ўлганим йўқ. Ҳали, сўниб ҳам тугаганим йўқ. Энди, муҳаббат масаласига келсак, муҳаббат бу сиз учун, - ижод. Мен учун эса ҳаёт-мамот. Сиз кимнидир севасиз, илҳомланиб ижод қиласиз, ҳаётингиздаги изтироблар майдонида туриб кураш олиб борасиз. Мен эса ундай қилолмайман. Сиз мени эмас, менинг театрдаги қиёфамни яхши кўрардингиз. Энди эса бу қиёфа йўқ. Шундан сўнг мени севмаслигингиз аниқ бўлиб қолди. Мен энди сизга ишонмайман. Сиз яна кимнидир топасиз. Ижод давом этаверади. Ўз туйғуларингизни ўйнайсиз, ривожлантирасиз, малакали севгибозга айланасиз. Пластинка тўхтамайди: Танишув, телефон қўнғироқлари, аврашлар, хушомадлар, кўкка кўтариб мақташлар, севиб қолгандай кўрсатишлар,ёлғон қийноқлар, изтироблар...
- Забаржад, сизда менга нисбатан бунча нафрат қаердан пайдо бўлди? Тўғри, кўп гапларингизга қўшиламан. Лекин, сиз воқеалар ривожини тезлатиб юбораяпсиз. Сиз балки, сизга уйланаман дейишимни кутаётгандирсиз ва бу гапни айтмаганим учун, мендан нафратланаётгандирсиз. Ишонинг, менинг сизга бўлган ишқий муносабатим самимий ва ҳеч қандай ўйин асосига қурилмаган. Шуни яхши билингки, мен сизни севишим, сизга уйланишим учун етарли асос бўлолмайди. Сиз ҳам мени севишингизни истайман. Сиз ҳам мени жон-дилдан яхши кўриб қолганингиздан кейингина, мен бу таклифни айтмоқчи эдим. Айтинг-чи, сиз ҳам менга бирор маротаба ўз муносабатингизни очиқ-ойдин билдирдингизми? Сиз мени севишингизни бирор марта кўриб, кўнглим тўқ бўлдими? Ахир, мен сизни, мени севинг деб мажбурлай олмайманку? Мени севмаган одамга, сизга уйланаман деб айтаолмайман-ку. Сизнинг олдингиздаги, биттаю, битта айбим, сизга уйланаман деб айтолмаганим, фурсат келишини кутганим холос. Хоҳласангиз, яна бир бор такрорлайман: Сизни яхши кўраман.
- Бу ўша, пластинкага ёзилган гаплар. Балки жавоб беришимни ҳам кераги йўқдир. Аммо, хайрлашишда, яна айтсам айтақолай. Тўғриси, бошда танишганимизда Сиздан умидим катта эди. Менга ҳайриҳоҳ ва севимли инсон топилганидан осмонда юрардим. Сизни, мен кўпчилик ёмонларнинг орасидан ажратиб олгандим. Хаётимдан жой бергандим. Кейин билсам, сиз ҳам ўша ёмонларнинг бири экансиз. Энди, таассуфларимнинг ниҳояси йўқ. Яхши инсонни топиш қийин экан. Гарчанд сиз бунга даъвогарлик қилсангизда, яхши инсонлик даражасига назаримда ҳеч қачон эришолмайсиз.
- Забаржад, бўлди бас. Мен ҳақимда шунчалик хаёлга борган экансиз, демак, орамиздаги муносабатлар сўнггига етибди. Нима ҳам дердим. Хайр. Шуни яхши биламанки, мени бу қадар таҳқирлашингиз учун, сизда ҳеч қандай асос йўқ. Модомики, бу сўнгги суҳбатимиз экан, мен ҳам сизга очиқ айтиб қўяқолай. Сиз, тенги йўқ гўзалсиз. Сизни яхши кўраман. Сизнинг юрагингизни, оташин қалбингизни, фикру-ўйларингизни яхши кўраман. Агар сиз истаганингизда, сиз менинг туйғуларимга пешвоз чиққанингизда, сиз менга қалбингизни очганингизда, сиз ҳеч иккиланмай, мени ўз хаётингизга олиб кирганингизда, сизнинг бир илтифотингизга минг илтифот билан жавоб берардим. Мен бутун жону-жаҳоним билан Сизнинг измингизга тушиб кетардим. Ҳолбуки, энди ҳаммаси тугади. Сиздан нафратланаман. Хайр!
Шоҳруҳ телефон трубкасини нафрат билан жойига қўйди. Асабий ҳолатда хона кеза бошлади.
* * *
Сарвар Самандарович Забаржад билан танишганида дастлаб бир талантли актрисага қарагандай қаради. Кейинчалик, унинг гўзаллигини, латофатини, унинг ақлу-фаросатини шу билан бирга у Сарвар Самандаровнинг ёрдамига муҳтож эканлигини кўргач, уни ўзига ўйнаш қилиб олишни истади. Забаржад, маъшуқа бўлмаслигига кўзи етгач, унга уйланиш тараддудига тушди.
Сарвар Самандарович Забаржадни яхши кўриб қолдими, йўқми ўзи ҳам билолмас, кўрса қувониб кетар, йўқ бўлса қайғу ботқоғига чўкарди. Фақат шуниси аниқ эди-ки, қарс икки қўлдан чиқади деганларидек, Сарвар Самандарович Забаржаднинг ҳамма истакларини руҳан бажаришга тайёр, Забаржаднинг унга бўлган муносабатини эса билиб бўлмасди.
* * *
Забаржад театрдан кетаролди Сарвар Самандаровичнинг қабулига кирди.
- Келинг Забаржадхон! Сизни яна театрда кўрганимдан бехад хурсандман.
- Раҳмат! Лекин мен сиз билан ҳам, театр билан ҳам хайрлашиш учун келдим.
- Нега?!
- Мана мен ўйнайдиган ролни ҳам олиб қўйишди. Менга қасд ҳам қилишди. Бадиий Кенгашдан ҳам ўтолмадим.
- Қўйинг, ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Бу роль бўлмаса бошқаси. Ҳали ёшсиз, калтак еб-еб катта бўлиб кетасиз... Мен энди сизга ёрдам бераман.
- Қанақа ёрдам.
- Сиз театрнинг паст-баландини билмайсиз. Муомалани билмайсиз, муроса-ю мадора қилишга ўрганмагансиз. Қолаверса, Тошкентда уй-жойингиз ҳам йўқ. Еб-ичишингиз, яхши кийинишингиз керак.
- Эвазига нима сўрайсиз...
- Мен билан бўлинг. Мен ҳамма нарсангизни қилиб бераман.
- Иккинчи хотин бўлишим керакми... Ўйнаш бўлишим керакми ёки яширин ошиқ-маъшуқми...
- Бунисини ўйлаб кўрамиз... Биз ўзимизни тақдир ҳукмига ташлаймиз. Қани, муҳаббат тўфони бизни қай манзилларга бошлар экан.
- Буни айтиш сизга осон. Сиз нима йўқотасиз. Ҳеч нарса.
Сизнинг оилангиз бор. Фарзандларингиз бор. Мен бадном бўлсам, кейин мени ким олади. Ҳатто шон-шуҳрат чўққисида турганимда ҳам, менга тоза кўнгил билан уйланадиган мард топиладими? Йўқ. Мен болалигимда қанчалик беғубор орзулар билан санъат йўлига қадам ташлаган эдим. Афсус, орзуларим сароб бўлиб чиқди.
Мен буни энди тушуниб етдим ва бу соҳадан кетишга қарор қилдим.
- Ўзингиз биласиз. Сиз кетганингиз билан театр ҳеч нарсани йўқотмайди. Ўрнингизга бошқаси келади.
- Хўп, хайр! Навбат кутиб турганларга, шу ўринни инъом қилганим бўлсин.
Сарвар Самандарович Забаржаднинг қатъийлигидан юраги ўртаниб кетди. Сўнгра, «Мен излаган қиз мана шу» - деган қарорга келди ва уни уйигача кузатиб қўйишга аҳд қилди.
* * *
Сарвар Самандарович кўча бошига етганида машинани тўхтатди. Хайрлашиш учун, машинанинг олдинги ўриндиғида ўтирган Забаржадни ўпмоқчи бўлди. Забаржад ўзини обқочди.
- Нега ўпишимни истамаяпсиз, Забаржад.
- Хоҳламайман.
- Нега?
- Хўп, ҳозир ўпасиз, кейин нима бўлади?
- Кейинини гапириб нима қиласиз?
- Нега энди келажакни ўйламаслигим керак?
- Келажакка етиш учун, бугундан ҳаракат қилиш керак.
- Сизни яхши кўришимни биласизми...
- Билмайман.
- Менга сизнинг қалбингиз ёқади. Биз иккимиз, бир одамнинг икки кўзига ўхшаймиз. Мен хаётимда жуда кўп одамларни кўрганман. Лекин аёллар ичида қалби юрагимга бу қадар яқин бирорта аёлни учратмаганман.Сизни учратганимдан сўнг бир пулга қиммат хаёт кечирганимни тушуниб етдим. Ортимга қарасам гўё ҳеч нарса йўқдай. Битта-ю битта фарзандим ҳам мени ташлаб қайнонасиникига кетди. Хотинимга минг ёлвордим, яна битта туғиб бер деб ялиндим. Йиллар давомида пойи-патаги бўлдим. Битта калишга шунча ялинганимда, менга аллақачон туғиб берарди. Аммо, йиллар давомида мен бутун жону-жаҳонимни аямаган хотиним менга бегоналик қилди. Лоақал заррача меҳри бўлганда, мени заррача яхши кўрганда, ҳолимга ачинганидан ҳам туғиб берарди. Аммо у, бағритошлик қилди. Бошқа туғишни истамади. Ҳаётим эса совурилиб бораяпти. Агар истасангиз сизга уйланаман. Яна фарзанд кўришни истайман. Мен сизни севаман. Танимдаги ҳар бир хужайра фақат сизнинг ишқингизда оловдай гуркираб турибди. Менга бахтли хаёт ато этинг. Мени боши берк кўчадан олиб чиқинг. Мен, сўнгги нафасимгача сизни бахтли қилиш учун яшайман.
- Сарвар ака, мен ҳозир бу ҳақда бир нарса деёлмайман.
Лекин, ростини айтсам, менга театр ҳам, спектакллар ҳам керак эмас. Уйда ўтиришни, фарзандларим бўлишини истайман. Дунёда аёллик бахтидан, оналик бахтидан улуғроқ бахт борми? Фарзанд одамнинг шоҳ асари бўлади. Чунки уни Худо яратади. Театрда мен асар яратганимда, образ яратганимда ҳам нимани яратардим. Лекин, сизнинг таклифингизга келадиган бўлсак, мен бу ҳақда ўйлаб кўришим керак. Ўйлашимнинг сабаби, мен сизга ишонмайман. Сиз мени яхши кўришингизни биламан. Лекин бу нарса бизнинг бахтимизга кафолат бўлолмайди.
- Сизни ишонтириш учун нима қилай? Бир кўзимни ўйиб берайми?
- Ишонч кўзда эмас, юракда бўлади.
- Юрагимни суғуриб берайми?
- Қўлингиздан келмайди.
- Агар қўлимдан келмаса, шу қўлларимни синдираман.
- Қўйинг, кичкина дарддан, катта фожеа ясаманг.
- Ишонмасангиз буни исботлайман.
- Майли, яхши боринг. Бу ҳақда яна гаплашамиз. Ахир бугун
хаётимизнинг сўнгги куни эмас-ку.
* * *
Сарвар Самандарович ўша кун туни билан ухлолмади. Ўз-ўзига гапириб чиқди: «Забаржад, то сени кўргунимча, менда бундай хаёллар йўқ эди. Сени илк бор кўрганимдаёқ, юрагим ток ургандай ўртаниб кетганди. Ва охир-оқибатда сени бутунлай севиб қоламан дея ҳеч ўйламагандим. Сен, умримнинг баҳорисан. Сен хаётимнинг энг гўзал фаслисан. Мен сени ишқингда, юрагимга ханжар санчилиб, юрагим типирчилашдан ҳам, қимирлашдан ҳам махкум, чорасиз, ярадор бемор ҳолатидаман. Нима қилай, сенсиз на нафас олишга қурбим етади, на сен томонга қўл чўзишга мадорим бор. Сен шундай бир юксакликдасанки, сен томонга қараб, сени излаб топай десам, кўзларимнинг нури етмайди. Сенга қараб сўрай десам, томоғимдан сўз ўрнига жоним чиқиб кетадигандай, талвасадаман. Забаржад, сени бир марта қарашингга шунчалар зорман-ки, юз йил зулматда ётиб, қуёшнинг чиқишини юз йил кутиб, унинг чиқиб келишини ҳам бу қадар соғинч ва илҳақликда, жонсарак кутмасам керак. Айт, нима қилай? Сени кўзларингга тўйиб-тўйиб термулишим учун рухсат беришинг учун, нима қилай. Сени сўзларингни, сенинг меҳрингни қозонишим учун нима қилай? Менинг қуёшим чиқиб, ботар чоғи томон тобора шиддат билан кетиб бормоқда. У ҳадемай уфқига ботади. Сўнгра оламни зулмат қоплайди. Кейин яна қуёш чиқади. Лекин у қуёш менсиз чиқади. Ҳаёт ўз изнида давом этаверади. У ёруғ оламда эса мен бўлмайман. Менинг сенга бўлган муҳаббатим эса тилларда достон бўлиб абадул-абад яшайди. Бундай муҳаббатни ҳали тарих кўрмаган.»
* * *
Сарвар Самандарович Забаржад ўз туғилган кунини
нишонламоқчи эканлигини театр жамоасига берилган таклифномадан билди. Таклифнома Сарвар Самандаровичга ҳам алоҳида берилган бўлсада, нега Забаржад унга ўзи айтмаганлигига ҳайрон қолди. Ходимлардан Забаржад қаердалигини сўраган эди, ҳеч ким аниқ жавоб беролмади. Бироздан сўнг хонасига унинг ўзи телефон қилиб қолди.
- Таклифномани олдингизми?
- Ҳа. Нега бу ҳақда шу пайтгача индамагандингиз?
- Тўғриси, мен туғилган кунимни нишонламоқчи эмасдим.
Умуман олганда, ҳали ҳам шу фикрдаман. Мен туғилган кунимда, театр билан хайрлашув кечасини ўтқазмоқчиман. Сўнгра, Тошкентдан бутунлай кетаман.
- Йўқ. Мен бунга йўл қўймайман. Сизни энди ҳеч кимга, ҳеч қачон хўрлатмайман. Сизни кўз қорачиғимдай асрайман. Театрнинг энг тўри ҳам сизники бўлади.
- Энди кеч. Қарорим қатъий. Мен кетаман. Сиз бу сўзларни менга жуда кеч айтаяпсиз.
- Мен ахир нима дейишим мумкин эди. Сиз мени яхши кўрасизми, йўқми ҳалигача билмайман. Ҳозир, бир оғиз айтинг, сизни яхши кўраман денг, ҳозироқ олдингизга етиб бораман.
- Энди кеч. Фойдаси йўқ, Сарвар Самандарович.
- Менга сўнгги имконни беринг. Майли, бу сўнгги учрашувимиз бўлақолсин. Лекин хўп денг.
- Хўп, майли. Сизга сўнгги имконни бераман.
- Унда, туғилган кунингизни, мен айтган жойда, энг зўр ресторанда қиламиз.
- Буни кармоним кўтармайди.
- Бу менинг ҳисобимдан бўлади.
- Сарвар Самандарович... Сиз мени севишингизни биламан.
Лекин сизнинг оилангиз бор. Мен учун улардан воз кечолмайсиз-ку.
- Бу ҳақда кейин гаплашамиз. Бизга муҳаббатнинг ўзи йўл кўрсатади. Агар бизнинг севгимиз ҳақиқий ва мустаҳкам бўлса, энг тўғри йўл ўз-ўзидан топилади.
- Сарвар ака, мен ўз қисматимни, келажагимни тақдир измига ташлаб қўёлмайман.
- Сиз таклифномадаги манзилни ўзгартиринг. «Silк Poad Hotel» деб ёздиринг. Ва илтимос сиздан, бир оғиз айтинг. «Сизни севаман» денг. Мана шу сўз, менга барчаси учун кифоя қилади.
- Айтолмайман.
- Илтимос, сиздан, бир оғиз айтинг.
- Хўп, яхши айтдим.
- Йўқ, «Сизни севаман» деб айтинг.
- Сизни севаман Сарвар ака!
- Мен ҳам сизни севаман.
- Хўп, хайр. Қўнғироқлашамиз.
- Албатта.
* * *
Забаржаднинг туғилган кунига бутун театр жамоаси, яқин дугоналари, ҳамкасб дўстлари ҳаммаси йиғилган эди. Ҳашаматли ресторан стол-стуллари дид билан безатилган, ресторан ўртасида, Забаржаднинг бўйи баравар келадиган саватли гулдаста – Сарвар Самандаровичнинг совғаси тантанага алоҳида кўрк бериб турарди. Табриклар, қутловлардан сўнг, ҳамма ўйингга тушиб кетди. Сарвар Самандарович ўйинга тушмасада, Забаржаддан кўзини узмас, келган мехмонларни ҳам, назардан қочирмас, улардан қайси бирлари Забаржадга ошиқлигини, бир-бир хаёлидан ўтқазиб ўтирарди. Умуман олганда, мана шу тантанада бўлаётган воқеаларнинг ўзи битта спектаклга жамласа сиғмайдиган воқеалар эди. Кимдир кимга муҳаббат изҳор қилар, кимдир-кимнидир ғийбат қилар, кимдир-кимдандир ўчини олиш учун пайт пойларди. Ниҳоят, тантанага келган машҳур хонанда, вальсга оид қўшиқ куйлай бошлади. Сарвар Самандарович ўрнидан қўзғалиб, Забаржад сари юра бошлади. Бироқ, у ҳали икки қадам ҳам ташламай, Исфандиёр ирғиб турди-да, Забаржадни белидан ушлаб, ўйинга судраб кетди. Сарвар Самандарович, ортга қайтишга ноқулай бўлиб, гўё сигарет чекиб келишга турган кишидай, ресторан ташқарисига чиқиб кетди. Унинг қўлида тилла занжир, тилла занжирга осиғлиқ, янги икки хонали уйнинг калити бор эди. Сарвар Самандарович, бу совғаларни Забаржаднинг бўйнига осиб қўймоқчи эди. Бироқ, ҳали мавриди келмаган экан, на илож.
Сарвар Самандарович Исфандиёрдан жаҳли чиқиб, анча вақт кўчада тентираб юрди. Ташқари совуқ эди. Изғирин шамол иссиқ жойдан терлаб чиққан Сарвар Самандаровичнинг этини жунжиктирар, шамол аралаш, ёмғир-қор, кўп фурсат ўтмай аъзойи-баданини қақшатиб юборди.
* * *
Яна аввалгидек гўзал ва мафтункор бўлиб кетган Забаржад ял-ял ёнганча, ҳар бир столдаги ўтирганлар билан қадаҳ уриштиравериб, табрикларни қабул қилавериб ва уларнинг ҳар бири билан бир ҳўплам – бир ҳўпламдан ичавериб охири маст бўлиб қолди.
Ўз столига келиб ўтираркан ширакайф ҳолатда яна қадаҳ кўтаришларини сўради.
- Келинглар, мана шу қадаҳни қисқа, аммо бетакрор ҳаёт учун кўтарамиз. Бир йил аввал ҳаммаси, худди мана шу ресторанда бошланган эди. Спектакль бир йил давом этди. Энди мен бу саҳнани тарк этаман. Анави мени (у Шоҳруҳ ўтирган столга ишора қилди) театрга олиб келди. Мана бу ҳам, (у Моҳичеҳрани кўрсатди) ҳасаддан юзимга кислота суртди. Мана бу эса (у Гулбаданни кўрсатди) ўйнашларини қизғаниб, мени спектаклдан олиб ташлади. Мана бу эса (у Сарвар Самандаровични кўрсатди) мени театрдан хайдади. Мана бу эса (у Исфандиёрни кўрсатди) отасидай юрак хасталигига йўлиқмаслик учун, мендан юз ўгирди. Лекин, мен ҳаммани кечираман. Чунки ҳаёт ўзи шундай. Келинглар, қисқа, аммо бетакрор мана шу ҳаёт учун кўтарамиз. Яшасин биз севган, аммо бизни севмаган ҳаёт! Сиз мени мағлуб бўлишимни истар эдингиз. Аммо мен ҳамиша ғолиб бўлдим. Бугун эса сизнинг оёқларингиз остига хор бўлиб йиқилишимни кўрасиз.
Алвидо!
Забаржад қўлидаги қадаҳни даст кўтарди. Бундан бир ҳавфни ва даҳшатни сезган Шоҳруҳ яшин тезлигида, столларни йиқитиб унга ташланди ва унинг қўлидаги заҳарли маргумуш солинган қадаҳни четга суриб юборди. Қадаҳ ерга тушиб, чил-чил синди. Ҳамма, саросима ва ваҳшат ичида бақириб юборди.
Шоҳруҳ Забаржадни кўчага судради. Баъзилар кетишга шайланди. Бу воқеадан бехабарлар эса бамайлихотир еб-ичишар, тантана сеҳридан маст бўлиб, дунёни унутишганди.
Шоҳруҳ эса, бир сўз айтмас, ташқарида ёмғир-қорга қарамай, ҳозиргина ўлим чангалидан сақлаб қолинган Забаржадни юз кўзларидан тинмай ўпар, уни бағрига босганича, ўкириб йиғларди.
Сарвар Самандарович ресторанга кираркан, ҳамма гуррос-гуррос ўйинга тушаётганини кўрди. Лекин ўйнаётганлар орасида Забаржад йўқ эди. Бундан хафсаласи пир бўлган Сарвар Самандарович, ўз ўрнига бориб ўтирмоқчи эди, Моҳичеҳра уни ўйинга тортиб қолди. Сарвар Самандаровичнинг ўйнагиси йўқ эди. Айниқса, Моҳичеҳра билан ўйнашни истамас, у билан ўйнаса, худди ўтган кунлар, у билан бўлиб ўтган воқеалар яна такрорланадигандай ўзини олиб қоча бошлади.
- Янги ёр топилганда, эскисидан тонмоқ керак денг.
- Ўтган ишга саловат. У кунларни унутиб юбор.
- Биз билан яна бир ўйнашсангиз, асакангиз кетмайди, Сарвар Самандарович. Ўйнашингизни бир кўриб қўйишсин. Қани туринг, мен ҳам ўйнашимни бир кўрсатай.
- Бўлди бас. Сени ўйнашинг кимга керак.
- Юрагингизни кўп сиқманг. Мен ҳали кўксимдан итарадиган даражада кераксиз бўлиб қолганим йўқ. Ишонмасангиз, юринг буёққа.
- Бўлди бас. Ҳозир мавриди эмас.
- Ҳозир айни мавриди. Биласизми, сиз кўзингизни тикиб ўтирган Забаржад ҳозир қаерда. Юринг кўрсатай.
Сарвар Самандарович дик этиб турди-да, Моҳичеҳрага эргашди. Унинг юраги бирдан безовта бўлиб ура бошлади. Моҳичеҳра эса унинг қўлидан ушлаб, шиддат билан, ресторан ташқарисига юриб кетди. Сарвар Самандарович ҳали ўзини ўнглаб олмаган ҳам эдики, ресторан ташқарисида, бурчакда, қоронғулик қаърида бир-бирининг пинжига суқулиб олган икки қорани кўрди. Уларнинг бири Шоҳруҳ, бири Забаржад эди. Шоҳруҳ Забаржадни қаттиқ қучоқлаб олган, уни ютақиб ўпар, Забаржад ҳам унинг бағрига синггиб кетганди.
Моҳичеҳра Сарвар Самандаровични уларни олдигача олиб бориш учун, қўлларидан зўр бериб тортар, аммо Сарвар Самандарович бир қадам ҳам ташлолмай, жойида қотиб қолганди. Сўнгра, Моҳичеҳра, - Мана кўринг уларни – дея бақирди. Унинг бақириқини эшитиб, Забаржад ҳам, Шоҳруҳ ҳам ялт этиб қарашди.
- Мана кўринг, сиз севган, сиз жонингизни бермоқчи бўлган одамнинг қиёфасини. Забаржад кел, яқинроқ кел. Сен ҳам бу одамнинг кўзига тик қара. Тик қараганда, ростини гапир. Бу одамнинг юрагида ҳеч қачон ёнмаган муҳаббат, энди бир марта ёнган эди. Мана шу муҳаббатни сен хор қилдинг.
Сарвар Самандарович сирт бурилиб, оёқ остига қарамай қадам ташлаган эди, қоронғуликда чуқурариқни кўрмай, юзтубан йиқилди. Ҳамма унга қараб энгашди.
Сарвар Самандарович бошига теккан қаттиқ зарбадан ҳушини йўқотди. Оғзи-бурнига тўлиб қолган ариқдаги сув, Бўзсувдаги чўкиб кетган ҳолатини ёдига солди. У ўшанда ҳам мана шундай, сувга чўккан ва ҳушини йўқотган эди. У пайтда, қирғоқ бўйида, дод солиб, ҳеч кимни ёрдамга чақирмаган, эрини чўкиб кетиши мумкинлигига ишонмаган хотини, ўғли билан турарди. Ҳозир эса, қирғоқда Забаржад ва Шоҳруҳ туришибди. Ҳозир Забаржад ҳам дод солмайди, бақирмайди. Сарвар Самандаровичнинг ўлиб кетиши мумкинлигига ишонмайди. Майли, ишонмаса ишонмас. Ҳақиқатан ҳам, ҳали ўлмайман. Худо ҳоҳласа ўлмайман. Мен ҳам яшашим керак. Мен ўлсам, менинг доғимда куйиб адо бўладиган онам учун ҳам ҳали яшашим керак. Мен учун, ҳали жонини беришга тайёр меҳридарё бир қиз борлиги учун ҳам ҳали яшашим керак. Нега бир умр меҳрга бунчалик зор ўтаяпман. Эй, Худо мени ҳам севадиган бир инсонни рўбарў қилсайдинг! Мен унга бутун жону-жаҳонимни бермасмидим. Ўшанда нега мени қутқариб қолдинг. Бир умр ўзимнинг қалбимдаги ёнаётган дарёда азобланганларим етмасмиди? Ўзимнинг қалбимдаги дарёга неча бор чўкканларим етмасмиди. Мен сенга нима ёмонлик қилдим, Забаржад. Сен учун ҳамма яхшиликларни қилмоқчи эдим-ку. Ишон, сени соф ва беғубор муҳаббат билан энди-энди сева бошлаган эдим. Агар қўлларимдан тутганингда, сен билан сен истаган муҳаббат диёрига бош олиб кетардим!
Эй, ҳаёт! Бир умр суйганимга яраша, сен ҳам мени бир бор суйганингда эди, бир бора шавқат қилганингда эди, эй мени бир умр ўзига бегона билган, мени доимо ўз меҳридан дориғ тутган, ҳаёт! Лекин, билиб қўй, мен сендан бир умр умидвор, яшайвераман, бир умр сендан имдод кутаман, бахт кутаман, муҳаббат кутаман, эй азиз ҳаёт!
Сарвар Самандарович, кимлардир унинг қўлтиғидан олиб, машинага миндираётганини ғира-шира илғади. Томоғига нимадир қаттиқ тиқилиб, нафас олишга қўймасди. Орадан анча вақт ўтиб, машинанинг қаттиқ-қаттиқ босилган сигналидан, бироз ҳушига келиб, кўзини очди. Кўзи олдида, ўзининг баҳайбат темир дарвозаси намоён бўлди. Сўнгра, зулфларни шарақлатиб, хотини дарвоза табақаларини оча бошлади.