07:19 / 13.12.2010 · Кутубхона
Бу сиз айтган жавоҳир...

Баъзида инсон хаётига ўзи кутмаган холатда, юлдузли даврлар кириб келаркан ва бу давр ўзининг нурафшонлиги, омадбахшлиги, саодатмандлиги билан киши хотирасида, тақдирида ўчмас из қолдираркан.
90-йиллар бошида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, Қуръони Каримнинг таржимаси хусусида бир неча бор муҳокамалар бўлиб ўтди ва уни таржима қилиш атоқли арабшунос олим Алоуддин Мансурга топширилди. Алоуддин Мансур номзодини, ўша пайтда Ёзувчилар уюшмасида биз билан бирга хизмат қилувчи адабий маслаҳатчи,  олим Анвар Турсун кўтариб чиққан ва бу таклифни шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, академик Алибек Рустамов, Ёзувчилар уюшмасининг ўша пайтдаги Раиси Одил Ёқубовлар қўллаб-қувватлаган эди.
Таржима “Шарқ юлдузи” журналида бобма-боб чоп этиладиган бўлди.
Таржима жараёни икки йилга чўзилди. Менинг қўшган кичкинагина ҳиссам шунда эди-ки, таржима қилинган қисмларни Қорасув шаҳридан келтиришда кўмаклашар, қўлёзма холатидан машинка ёзуви холатига ўгиришда қўлим тегиб, шу баҳонада домланинг суҳбатларига мушарраф бўлардим.
Таржима, миллий ва маънавий хаётимиз тарихида инқилоб бўлди ва у истиқлолимиз эришган энг катта ютуқлардан бири сифатида эътироф этилди.
Улкан дарё суви миллион-миллион аҳоли яшовчи шаҳар хаётига сингиб, турмуш тарзини обод қилганида, фаровонлик келтирганида, уларнинг барини бирма-бир ёзиб, таърифлаб бўлмаганидай, бу таржиманинг оламшумул хусусиятини, юртдошларимизни Каломуллоҳ мазмуни билан ошно қилишдаги буюк хизматини таърифлашнинг имкони йўқ.
Аллома Алоуддин Мансур, замонамизнинг Абу Ҳомид Ғаззолий сингари етук олими экан.
Истиқлол шабадаси эндигина эсаётган ўша йилларда, мустабид тузум келиб-кетувчи ёвуз мафкуралар заҳри инсон шахси, ақлу-заковатини емиришга қанчалик ўткир тиғ билан йўналтирилмасин, Худо асраган кишилар омон қолиши ва ўзбек миллати ўз буюклигини ҳеч қачон йўқотмаслигига, мана шу инсон сиймосида яна бир бор иқрор бўлгандим.
Журналистлигимга бориб, ўша йиллар домладан эшитган жавоҳир сўзларни ён дафтаримга ёзиб олган эканман, эндиликда уларни омонат сифатида, сизларга тақдим этмоқдаман. Зеро, олмос йиллар ўтса ҳам ўз қийматини йўқотмайди ва улар сизнинг кўнгил мулкингиздаги дурдоналар бўлиб қолишига умидворман.

Муҳаммад Исмоил

***
“Олим ёки толиби илм, олимларни тингловчи ёки илмни суювчи бўлинг. Илмнинг душмани бўлишдан сақланинг, акс ҳолда ҳалок бўласиз, - дегандилар пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом. Худди шунингдек инсон ҳар қанча шаккок бўлмасин, вужудида яратганга иймон келтириш ҳисси борлигини доимо сезади. Бу туйғусиз у ҳалок бўлишини ҳам билади. Энг муҳими бу туйғуни йўқота олиш инсоннинг қўлидан келмайди. Пайғамбаримиз самога боқиб, ”шундай анвар юлдузларни яратиб қўйган Аллоҳга нега одамлар иймон келтирмайдилар-а, - дея йиғлаган эканлар. Юлдузларни одамлар йўқотолмаганларидек, қалбларидаги Аллоҳга бўлган иймонни ҳам йўқотаолмайдилар. Фақат, бугунги куннинг фожеаси биз ўз кўнглимиздаги иймонга эътиборсиз бўлиб қолган эдик.

***

Аввало Қуръонни фақат бир адабий асар деб қараш тўғри эмас. Бу илоҳий Китоб Тангрининг борлигига иймон келтирган кишига биринчидан Яратганнинг қандай зот эканини танитади, сўнгра инсонга инсоннинг ким эканини, бу дунёга нима учун келганини, зиммасида қандай вазифалар борлигини ва яратган билан қандай алоқа боғлаши кераклиги, ўзи каби яралганлар, яъни атрофидаги олам билан қандай  муомала қилиши лозимлиги... қисқа қилиб айтганда қандай қилиб, инсон ўзининг нисбатан қисқа умрини ҳақиқий инсондай яшаши зарурлигини ўргатади. Шунинг учун ҳам бу Китоб мана 1400 йилдирки, дунёнинг ҳамма томонларида тиловат қилиниб келмоқда. Жаҳонда уни ўқимаган миллат, У таржима қилинмаган тил йўқ ҳисоби. Бизнинг аждодларимиз ҳам уни яхши билишган, ўқиб амал қилишган. Лекин афсуски неча ўн йилардан буён халқимиз бу илоҳий асардан бебаҳра яшади. Унинг на ўзини, на таржима тафсирларини ўқиш имкониятига эга бўлди.
Ҳайрият бугунга келиб шоир айтмоқчи:

Шукрким, ўтди жаҳолат даври, уйғонди жаҳон.
Эл эшитгай нени билсанг айт, ҳақиқатдан гапир.

***
Қуръонни ким томонидан қайси тилга таржима қилинмасин унинг аслидек бўлмаслиги аниқдир. Чунки ундаги ҳар бир оят, ҳар бир калима, балки ҳар бир ҳарф шу қадар топиб айтилиб, ўз ўрнига қўйилганки, бундай айтиш фақат Яратганнинг қўлидан келади, холос. Бу даъвойимизга Қуръон нозил бўлган даврда юз берган бир воқеа далил бўлса керак: Муҳаммад алайҳиссалом замонларида араб оламида адабиёт ниҳоят даражада ривожланган бўлиб, адиблар орасида тез-тез мусобақалар ўтказилиб турилар ва ғолибларнинг асарларини Каъба деворларига илиб қўйишар эди. Кунлардан бир куни саҳоба (яъни, пайғамбаримиз билан ҳамсуҳбат бўлган мусулмон)лардан бири Қуръондаги энг кичик сура бўлган “Кавсар” сураси ёзилган варақни ғолиб асарлар ёнига илиб қўяди. Шунда бу сурани ўқиган шоирлар бир овоздан “Бу башар сўзи эмас”, деб гувоҳлик берадилар. Шунинг учун уламолар Қуръонни аслидек қилиб таржима қилиш мумкин эмас деб ҳисоблайдилар. Мен ҳам Қуръоннинг ушбу ўзбекча таржимаси фақат Қуръон томонга бир қадам деб баҳоланиши лозим деб биламан.

***
Дарҳақиқат Қуръонда “Бу эслатмани (яъни Қуръонни) Биз ўзимиз туширганмиз ва уни ўзимиз сақлагувчимиз” мазмунидаги оят мавжуд. Асрлар оша мазкур оят Қуръоннинг илоҳий Китоб эканини қайта-қайта исботлаб келмоқда. Ўтмишни қўйиб турайлик, мана шу охирги асрда бу азиз Китобга қарши қанчадан-қанча хуружлар бўлмади? Уни ўтга ёқдилар, дарёларга оқиздилар, қабрларга кўмдилар. Бугина эмас. Яна Қуръонни ёд олган, ёки ҳаётини шу илоҳий китоб асосида ўтказмоқни истаган миллионлаб кишиларни йўқотиб юборишди. Кейинчи? Кейин бошқа миллионлар қўлларида, тилларида ва дилларида бир ҳарфи ҳам заҳаланмаган шу азиз Китоб билан пайдо бўлдилар. Ислом таълимотига кўра Қуръон илоҳий китобларнинг сўнггисидир. Бинобарин уни то қиёматгача йўқотмай, бузмай сақлашни Тангри ўз зиммасига олган. Шу боисдан бошқа илоҳий китобларга ўзгаришлар кириб, бузилгани ҳолда (масалан, Инжилнинг 70 дан ортиқ таржималари бор, лекин асл нусхаси ҳеч қаерда мавжуд эмас) Қуръон Пайғамбар алайҳиссаломга қандай нозил қилинган бўлса шундай сақланмоқда. Бу тўғрида япон олимлари жуда қизиқ тажриба ўтказдилар:
ХХ – аср мўъжизаси бўлган компьютер воситасида Қуръондаги ҳарфлар, калималар, оятлар ва суралар ўртасидаги юксак мутаносибликни ва теран изчилликни, ҳамда унда қамраб олинган мавзулар ва амри-фармонларнинг ўлмас-ўчмас эканини кўриб улар бу китобни бир киши эмас, бутун бир академия ҳам ёзиши амри-маҳол деган хулосага келганлар ва бу тажриба ҳақида битилган рисолаларида адолатли бир фаразни ўртага ташлаганлар: “Бизнинг асримиздаги айрим одамлар шу қадар тошбағир бўлиб кетганларки, ҳатто темир машина текшириб, исботлаб, иймон келтириб турган китобни ҳам инкор қиладилар”.

***
Эътиқод нафақат кўнгил ободлиги, балки ҳар икки дунёнинг ободлигидир. Зотан илму-фан равнақининг ўзи инсониятни бахтли қилаолмайди. Билъакс эътиқоддан айру тушган илм одамзодни бахтсизлик – ҳалокат ёқасига олиб бориб қўйиши тайиндир. Дунёдаги бор илму-фалсафалар ақлни тўлдиради, аммо кўнгилга озуқа беришга қодир эмас. Дилни фақат пок эътиқод обод қилади. Яъни эътиқодсиз дил-хароб бўлган дилдир. Инсоннинг зиммасида ақлидан кўра қалбининг ҳаққи кўпроқдир. Инсоннинг тириклигини билдириб турадиган нарса ҳам унинг қалбидир. Зеро сиз дам олганингизда миянгиз ҳам дам олади. Уни баъзан қаттиқроқ, баъзан эса секинроқ ишлатишингиз мумкин. Аммо бу беором қалб дунёга келганингиздан кетгунингизча билсангиз-билмасангиз, истасангиз-истамасангиз тинмасдан уриб-ишлаб туради. Демак ИНСОН деган оламнинг маркази - пойтахти қалб бўлиб, уни пок эътиқод билан обод қилмоқ бурчдир. Ажабки, эътиқод нопок дилларга сиғмайди – худди шўр ерда гул унмагандек! Ажабки кўпинча ўша шўр диллар тоза кўнгиллар устидан, уларнинг эътиқодлари устидан куладилар – эътиқодсизлик эътиқоддан устун бўлиб олади. Лекин шундай қора кунларда ҳам юксак эътиқод эгалари иймон-эътиқодсиз яшагандан кўра ўз эътиқодлари йўлида қурбон бўлишни шараф деб биладилар. Бунга тарихдан истаганча мисол топиш мумкин. Мана масалан Октябрь инқилобидан кейинги сургун ва қирғинларда қанчадан-қанча улуғ зотлар ўз эътиқодлари сабабли шаҳид бўлдилар. Қўқонлик бир фозил мўйсафиднинг ҳикояси орадан йигирма беш йилдан ортиқ вақт ўтса ҳам кечагидек қулоғим остида эшитилаверади: 20-йилларда солдатлар кунда-кунора уламо ва фузалоларни шаҳар четидаги бир жарлик ёқасига олиб-келиб отишар, улар кетганидан кейин, одамлар қўрқа-писа келишиб шаҳидларни чуқурдан тортиб чиқиб қабристонга олиб бориб кўмишар эди. Биз болалар пана-пастқам жойларга яшириниб бу даҳшатни томоша қилардик. Бир куни уч-тўрт кишини олиб келишиб, командир энди отишга буйруқ бермоқчи бўлиб турганида узоқдан бир киши кўринди ва шошиб шу тарафга қараб кела бошлади. Афтидан қўқонликка ўхшамас эди. Яқин келгач жар ёқасига тизиб қўйилган кишиларни кўрсатиб солдатлардан “Булар кимлар”? – деб сўради. Командир “Булар руҳоний, диндор унсурлар бўлгани учун отувга ҳукм қилинганлар. Агар жонингдан умидинг бўлса йўлингдан қолма” деб дўқ-пўписа билан жавоб қилди. Шунда ҳалиги киши, ”Ундай бўлса шошмай туринглар” – деб ўзи ҳам жар ёқасига, маҳбуслар ёнига бориб турди ва деди, - Мана энди отинглар. Сал кечиксам мен ҳам булар билан бирга кетмай, сенлар билан қоларканман”.
Мана шу ҳикояни эшитганимдан буён буюк туркигўй адиблар – Абдуллоҳ Қодирий, Абдулҳамид Чўлпонларнинг ўлими ҳақида ўйлайман, уларнинг ночор, ноилож ўлиб кетганлар деган фикрни ҳеч қабул қила олмайман. Назаримда улар ўзгалар тирик қолиши учун ҳар қандай разолатдан қайтмаётганларини кўриб турсаларда эътиқоддан кечиб яшайдиган ҳаётни ўз ихтиёрлари билан ташлаб, пок эътиқод билан шаҳид бўлишни ўз ихтиёрлари билан танлаб олганлар. Ва адашмаганлар. Зотан бу хаёт нақадар ширин, нақадар тотли бўлмасин эътиқоддан кечиб яшашга арзийдиган даражада қимматбаҳо эмас.

***
Оёғи ердан узилган одам жисман ҳалок бўлса, қалби осмондан узилган одам – эътиқоддан кечган одам руҳан ҳалок бўлади. Ҳақиқий осмондан ажраб қолган одам назаримда иссиқхонада – сохта осмон остида ўстирилган ўсимликка ўхшайди – на мазаси бор, на ҳиди. Чунки жон инсоннинг ҳеч қачон ўлмайдиган асли-моҳияти, жасад эса бир муддат кийиб юрилиб, эскириб, яроқсиз ҳолга тушгач ечиб қўйиладиган кийим каби нарсадир. Шунинг учун ҳам баданингизнинг бирон аъзоси касалланса, кесилса ё шилинса ўша аъзо эмас, балки жонингиз оғрийди. Мана шу аён ҳақиқатдан кўз юмган киши адашади.
Ҳаёт нақадар оғир, нақадар аччиқ бўлмасин арзир-арзимас сабаб-баҳоналар билан кечиб юборилаверадиган даражада арзон матоҳ эмас!
***


Шундай ривоят ҳам бор:
Ийсо ҳаворийларга “мол-дунё топиш ҳаром” дедилар. Улардан бири «Нима сабабдан”, - деб сўради. “Чунки мол-дунё одатда ҳаром йўл билан топилади” деди Ийсо. – “Агар ҳалол йўл билан топилса-чи?” – деб сўралди.
-    У ҳолда харом ишларга сарф қилинади”.
-    “Агар халолдан топиб, халолга сарфланса-чи?”
-  “Барибир харом – деди Ийсо – чунки ўша ҳалолдан топиб, халолга сарфлаб юрган вақтингда Тангрига ибодат қилишдан қоласан”.
Ислом динида эса бу масалага кенгроқ қаралади.  Масалан пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом саҳобаларга шундай деганлар: ”Бу дунё деб охиратидан кечган киши ҳам, охират деб дунёсидан кечган киши ҳам сизларнинг яхшингиз эмас. Балки ҳар иккисидан баҳрманд бўлган киши яхши кишидир”. Ислом ўша ҳалол меҳнат билан дунё топиш ва уни халол ишларга сарф қилишни муҳим ибодатлардан деб ҳисоблайди. Бу динда одам Тангрининг ердаги халифаси саналиб, дунёни обод, фаровон қилиш ҳамманинг зиммасидаги бурч деб қаралади. Ислом ”Дунё топиш харом эмас, балки дунёга қул бўлиб қолиш харом”, дейди. Шунингдек ислом бировнинг ҳаққидан ҳазар қилишга буюради. Бунинг ибратли мисолларидан бири Пайғамбар алайҳиссалом вафот қилганларида бир кўйлакларини бола-чақаларининг нафақаси учун бир яҳудийга ярим қоп арпага қўйиб кетганларидир. Ҳолбуки ислом давлатининг хазинаси у пайтда олтин кумуш билан тўла эди. Аммо у зот бу хазина фуқаронинг хаққи деб қўл теккизмаганлар.

***

Бутун Ер шари одамлари исломга кириб, ҳаммаёқ исломобод бўлиб кетса ҳам, Аллоҳнинг буюклик сифатига заррача сифат қўшилиб қолмайди, ёки аксинча, ҳамма диндан қайтиб, Ер юзининг барча инсонлари жаҳолат ботқоғига ботса ҳам, Аллоҳнинг буюклик сифатидан мисқолчалик камайиб қолмайди. Ким номоз ўқиса ўзи учун ўқийди, ҳаётини тиклаш, саодатли яшаш, қиёматдаги мушкулотларини осон қилиш учун ўқийди.
Унинг тўғри йўлдан юриб топган ҳидоятига Аллоҳ муҳтож эмас, ўша банданинг ўзи муҳтождир.

***

Бизнинг ақлимиз ҳам Ерга ўхшайди. Ер шўрҳок, қаттиқ ва қуруқ бўлса, экин униб чиқмаганидай, ҳидоят озуқаси билан ақлга ишлов бериб турилмаса, ундан яхши фикрлар униб чиқмайди.

***

Исломда мартаба илмига қараб белгиланади. Мабодо, 13 яшар бола 70 яшар кишидан кўра тўғрироқ, қироати комилроқ ўқиса, бемалол имомликка ўтавериши мумкин.

***

Одамнинг бошига ҳар куни уйқунинг келиши, ўлимнинг ҳар кун келишидир.
Одам уйқуга кетганда ўлим диёрига борар, уйғонганда қайтиб келаркан.
Худо, охиратни эслатиш учун, ўлимни эслатиш учун, уйқуни чиқарган.

*** 
Олим, ҳалоллик, тўғрилик, хақгўйлик билан илм тўпласа, унинг қурган бу иморати – масжидга ўхшайди.

***

Одамлар кўрсин деб, ўқилган намоз,
Уларга қилинган саждадир, холос.

***

Ер юзидаги ҳамма олиму-уламоларнинг ёзганлари, ҳатто Қуръонга қилган  тафсирлари, Қуръоннинг бир сатричалик қудратга эга бўлмайди.

***

Мусулмон одамнинг мусулмончилигининг биринчи белгиси, шукур қилишидадир.

***

Дуо – ибодатнинг илигидир.

***

Қуръон билан Қуръоннинг таржимаси орасидаги фарқ Ер билан Осмончаликдир. Буюк Аллоҳ ва гуноҳкор банда орасидаги фарқ қанча катта бўлса, Қуръон ва унинг таржимаси орасидаги фарқ шунча каттадир.

***

Ҳатто Ислом давлатини қураман дея жаҳд қилиш ҳам, бир манфаатни кўзлаб қилинадиган ҳаракатдир. Ҳақиқий мусулмон ҳеч қандай манфаатни кўзламай, холис ният билан Аллоҳ ризолигига эришаман деб, ният қилсагина, у ҳақиқий мусулмон бўлади. Банда холис ният қилмас экан, бирор манфаатни кўзлар экан, у ҳатто Ислом давлати қурган бўлса ҳам, заррача савобга эришолмаслиги, Аллоҳ ризолигига етишолмаслиги мумкин.
Ва аксинча, у Аллоҳ розилиги учун ва фақат Аллоҳ учун мисқолча савоб иш қилса, қиёмат куни тоғчалик мағфиратга эришиши мумкин.

***

Мисол учун, итни биров туртса, осмонга қараб увиллар, ўзига етган жабр учун, Аллоҳга шикоят қилар экан. Буни биров унга ўргатмаган, буни унга Аллоҳнинг ўзи ўргатган.

***
Баъзи бир одамлар намоз пайти ўзларини сувга тушган балиқдек эркин тутадилар ва роҳатланиб намоз ўқийдилар. Баъзилар эса, қафасга тушган қушдек, бетоқат бўладилар.
Биз намоздан олдин ўзимизни қайси тоифага мансублигимизни текшириб олайлик.

***

Раҳимдиллик – инсондаги энг комил фазилатлардан биридир. Бу туйғуси шаклланмаган инсон, ҳайвондан ҳам пастроқ даражага тушиб қолиши мумкин. У Аллоҳдан энг узоқда турган инсондир.

***

Онанинг ўз фарзандига меҳри қанчалик беътама бўлмасин, Аллоҳнинг ўз бандасига меҳри ундан минг чандон беътама ва покроқдир.

***

Пайғамбаримиз ўз хаётлари давомида ҳамиша биринчи бўлиб салом берганлар ва бутун умрлари мобайнида у киши алик олган ҳолат юзага келмаган.

***

Ибодат қилиб юрган дўпписиз одам, дўппи кийиб ибодат қилмайдиган одамдан минг бора афзалдир.

***

Мусулмон одам динидан айрилган заҳоти, хотинига талоқ тушади.

***

Ким кимдан қўрқса, ўшанга банда бўлади.

***
Пайғамбаримизнинг саҳобалари 124 минг нафар бўлган экан. Саҳобалик шу қадар юксак мақомки, ислом йўлидаги мингта вали, мингта муфтийнинг даражаси битта саҳобаникига тенг келолмайди.

***   

Имом Аъзам Раҳматуллоҳу алайҳ етти минг марта Қуръонни хатм қилган эканлар. Етти минг марта Қуръонни хатм қилиш – бу муттасил йигирма йил давомида ҳар куни бир бор тик туриб Қуръонни тўлалигича ўқиш демакдир.

***

Қуръон кишига қувват беришини шунда ҳам  кўриш мумкинки, Имом Аъзам, ҳаётларининг сўнгги ўттиз йилида бирор марта оғизлари очиқ бўлмаган ва  83 минг масалани айтган эканлар.


***

Ҳаётимизнинг энг қимматли, энг гўзал дақиқалари дунё бўйлаб қилган сайру-саёҳатлар, боғу-роғлар, ресторанлардаги чоғларимизда эмас, жойнамоз устидаги онларимиздадир. Биз ҳеч қачон жойнамоз устидагидай азиз бўлмаймиз.
Ибодат - фаришталарнинг юмушларидандир.

Муҳаммад Исмоил