Афтидан, бу Алишер Навоийнинг ўз ҳаёти билан боғлиқ воқеаларни акс эттирувчи ғазаллардан бири. Чунки унда яқин кишисидан ажралиб, шодлиги ғамга мубаддал бўлган, қаттиқ қайғу чеккан одамнинг ҳасрат-ўкинчлари, бевафо ва бебақо дунё, унинг нотанти ишларидан норози қалбнинг нидоси ифодаланган. Классик шоирлар ўз андуҳлари, шахсий кечинмаларини ҳам анъанавий образларда, умумий тарзда баён қилишни маъқул кўрганлар, лекин шундай бўлишига қарамай, ушбу шеърда анъанавий ифода-истиоралар замири-да самимий инсоний дард, мотамзада юракнинг фиғон-ҳасрати, нохуш кайфиятини ҳис этамиз. Бироқ ғазал гарчи андуҳли оҳангда бошланиб, унда навоиёна ўртаниш — ёнишлар ғулғуласи авж пардада кўкка ўрлаган бўлса-да, асар мактаъга келиб умумий умидворлик, илоҳий ишққа дахлдорлик туйғуси қалбга сингади.
Шоир ғазални жудолик дардидан бетоқат дилнинг ғалаёни-ни тасвирлаш билан бошлайди:
Соқиё, талх ўлди айшим ҳажр бедоди била,
Тут ачиғ майким, ичай Мирзо чучук ёди била.
Агар «Мирзо чучук ёди» деган маълумот бўлмаганида, байтни одатдаги ошиқона мазмунли шеърлар қаторида таҳлил қилган бўлардик, яъни ошиқнинг ҳижрондаги изтироблари сифатида талқин этардик. Албатта бу ерда ҳам айрилиқ ҳақида гап боради, аммо бу бошқа хилдаги айрилиқ. Шоир сўфиёна ишқи илоҳий ёхуд севгилисидан ажралган одам кечинмасини эмас, балки меҳр қўйган, азиз тутган одамини йўқотган кишининг ҳолатини қаламга олади. Хўш, Мирзо деб Навоий кимни назарда тутган? Ё у Мирзо Чучук лақабли одаммикин? «Бадоеъ ул-бидоя» ва «Ғаройиб ус-сиғар» девонларининг 1988 йилги нашрида ҳақиқатан ҳам бу Мирзо Чучук тарзида ёзилиб, номлар кўрсаткичида тарихий шахслар қаторида зикр этилган. Лекин бу одам ким, у қаиси тоифадан, нима билан шуғулланган, Навоийга қандай алоқаси борлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот келтирштаган. Шоир ҳаётига оид тадқиқотларда ҳам бундай маълумот йўқ, унинг бошқа асарларида эса бу номни учратмадик. Фикримизча, бу байтда Навоий Мирзо Чучук лақабли одамни эмас, Мирзо исмли шахсни назарда тутиб, унинг бевақт вафотидан ғоят қайғураётганини изҳор этган. Яъни «Мирзо Чучук ёди билан» деб эмас, балки «Мирзонинг чучук ёди билан» тарзида ўқишимиз керак. Байтдаги «талх» (аччиқ) ва «чучук» сўзларининг бир-бирига зид қўйилиши ҳам шунга ишора: Мирзонинг ширин ёди билан аччиқ май ичай. Бу одам Самарқандда яшаган ва Навоийнинг меҳру муҳаббатини қозонган, ёшлигида вафот этган истеъдодли шоир Мирзобек бўлиши ҳам, жувонмарг Мўмин Мирзо бўлиши ҳам мумкин, Амма ғазал «Бадоеъ ул-бидоя» ва «Ғаройиб ус-сиғар» девонларига киритилганидан у самарқандлик Мирзобек Вафойи хотирасига бағишланган деган тахминимиз тўғрироқ бўлиб чиқади. Энди байтнинг мазмунини келтирамиз: «Эй соқий, айрилиқнинг зулмидан ҳаётим майи, яъни турмушим аччиқ бўлди, сен ҳам менга аччиқ май тут, токи Мирзонинг ширин ёди билан ичайин». Май бу ерда шароб ҳам, руҳий сархушлик тимсоли илоҳий маърифат нури ҳам эмас. Бу инсоний кашриятнинг, руҳий изтиробларнинг йиғма ифодаси — ғаму ҳасрат рамзи. Шундай қилиб, май фақат шодлик ва сурур, дилхушлик ифодасигина эмас, мотамзадалик, андуҳнинг ҳам ифодасидир. Фарқ шундаки, «айшнинг талх» ўлишини ифодаловчи май «аччиқ майядир. Иккинчи байт:
Сипқориб жоми сипеҳр, ақдоҳин айлай рез-рез,
Неча чеккайман забунлуғ чарх бедоди била.
«Сипеҳр» — осмон, фалак; «ақдоҳ» — қадаҳлар. Шоир бу сўзлар воситасида ажойиб истиорали тасвир яратган: осмон жомида май ичиб, унинг қадаҳларини майда-майда қилиб ташлайман, дейди у. Қадимгиларнинг тасаввурида осмон етти қаватдан иборат, Навоий ана шу қабатларнинг ҳар бирини бир қадаҳ деб олади ва шўришу ошўбим шунчалик зўрки, осмон жомини сипқориб, қаватлари — қадаҳларини чил-чил қи-либ синдириб ташлайман, дейди у. Чунки чархи фалак — осмоннинг зулми ҳадидан ошган, қачонгача ундан алам, хорлик чекиш мумкин? «Хажр бедоди» ни шоир «чарх бедоди» билан боғлайди, зеро дўстни дўстдан жудо этган, бир дам шодликни раво кўрмайдиган ғаддор душман шу забун (паст) ва ситамгар чарх-да! Бу ўринда шундай савол туғиладики, Навоийнинг фалакка қарши бош кўтариши, исёни унинг та-саввуфий эътиқодига зид эмасми? Ахир осмону фалакни ҳам оллоҳ яратган-ку. Буни англаш учун «тақдир» истилоҳининг маъносини билишимиз лозим. Тақдир ёки тиқдири азал — бу киши ҳаёти, фаолиятининг худо томонидан олдиндан белгиланиши демак. Бу тушунча тасаввуфда кенгроқ маънода талқин қилинади: Мутлақ руҳ томокидан яратилган моддий дунё ўзи мустақил ҳаракат қила бошлаш, одам фарзанди ана шу моддий дунёдан жабр кўради. Мутлақиятнииг ўзидан эмас. Демак, Навоий осмонга қарши ғазабкор норозилик изҳор этганда, тангрига қарши эмас, балки ҳамма вақт инсонга ўз муроди бўйича яшашга имкон бермайдиган чархи фалакка қарши чиққан бўлади.
Зуҳд кўнглум кўзгусин қилмиш мукаддар, эй ҳариф,
Сингдирурмен тавба пири ишқ иршоди била:
«Зуҳд» — парҳез, тийиниш, узлат. «Ҳариф» — суҳбатдош, дўст. «Иршод» — тўғри йўл кўрсатиш, ҳидоят. «Муқаддар» — ғуборли, қора, ғамгин. Байтнинг маъноси бу турур: «Зуҳд, яъни зоҳидона тавба-тазарруъ кўнглимнинг кўзгусини ғуборлик қилибди, эй дўст, бундай тавбани ишқ пирининг раҳнамолигида синдириб ташлайман». Шоир қуруқ, сохта зоҳидлик билан илоҳий ишқ майидан баҳрамандликни қарама-қарши қўяди, чунки зоҳидлар фақат тавба билан чегарала-нар, илоҳиётни дарк этишнинг орифона лаззатидан бехабар эдилар. Ҳақиқий сўфийнинг кўнгил кўзгуси илоҳиёт нури билан сайқал топади, зоҳидлик тавбаси, яъни илоҳиёт майидан тавба қилиш аксинча кўнгилни хиралаштиради. Тавба тасаввуфда ҳам бор, аммо унда тушунча тариқат йўлига киришнинг биринчи босқичи, ҳаром-ҳалолдан тийинишни англатади. Зоҳид тавбаси, шундай қилиб, тараққий топмаган, намойишкорона тавбадир. Осмон қадаҳларини «синдириш» билан зуҳд тавбасини «синдириш» орасида алоқа борми? Агар зоҳидлик билан осмон, яъни дунё ва дунёпарастликни алоқадор деб ҳисобласак, унда осмон қадаҳини синдириш билан зуҳд тавбасини синдириш ҳам алоқадор бўлиб чиқади.
Бевафолик гар бўлурким қилди ул шўх, эй кўнгул,
Сирфа қилмас ошнолиғ одам авлоди била.
Бу байтнинг маъноси «сирфа» сўзининг («Ғаройиб ус-сиғар» девонининг 1959 йилги ва «Бадоеъ ул-бидоя»нинг 1988 йилги нашрида мазкур сўз шу кўринишда чоп этилган) маъносини англаш орқали билиб олинади. Алишер Навоий асарларининг изоҳли луғатида «сирфа» — жабр, зулм, жафо деб тушунти-рилган ва ушбу байт мисол қилиб келтирилган. «Фарҳанги забони тожик» луғатида мазкур сўз йўқ, балки «сирф» сўзи борким, унинг маъноси холис, соф, фақат, ҳечдир. «Ғиёс ул-луғатяда ҳам сирф (сирфа сўзи йўқ) сўзи шу хилда изоҳланган. Қани, зулм, жабр маъносини қўйиб кўрайлик-чи: «Эй кўнгил бевафолик агар ул шўх қилган даражада бўлса, зулм (жабр) қилмас ошнолик одам авлоди била». Қўриниб турибдики, маъно чиқмади; зулмнинг ошнолик қилиш ёки қилмаслиги мантиқсизлик. Энди «холис», хсоф», «ҳеч» сўзларини қўллаймиз: «Бевафолик агар ул шўх қилганчалик бўлса, холис (соф) қилмас ошнолик одам авлоди била» ёки: «Бевафолик агар ўша шўх қилганчалик бўлса, ҳеч қилмас ошнолик одам авлоди билан». Бу жумлаларда ҳам аниқ маъно йўқ, байт китобхон учун жумбоқ бўлиб тураверади.
«Ғиёс ул-луғат»да мазкур сўзнинг «сарф» ва «сарфа» шакллари ҳам келтирилиб изоҳланган. Сарф — олтин ва кумушни саралаш, харажат қилиш, сарфлаш, шунингдек, бута, ҳийла ва ҳодиса, замоннинг айланиши, умуман айланиш ва бирор нарсанинг тўнтарилиши. Сарфа — ёруқ юлдуз, у Ой манзилларидан ўн иккинчисининг номидир, бахиллик, хасисликни билдиради: ҳийла, макр, зиёдалик рамзи. Бу маъноларнинг қайси бири Навоий байтига мос келади? Агар феъл сўзни оладиган бўлсак, сарфлаш, ҳаражат қилиш, агар равишни оладиган бўлсак, сира, қеч, агар от сўз керак бўлса, юлдуз, фалак маъносида олишимиз мумкин. Сарфлаш маъносида: «Ул шўхнинг бевафолига — жабру ситами шунақа бўлса, у одам авлоди билан ошнолик қилмайди, яъни одам авлодига ошнолигини сарфламайди». Бунда «ул шўх» — пари, руҳ, умуман реал бўлмаган хилқат сифатида англашилади. Сира маъносида: «Агар ул шўхнинг бевафолиги шунақа бўлса, у одам авлоди билан сира ҳам ошнолик қилмайди». Юлдуз маъносида: «Бевафолик агар ул шўх қилганчалик бўлса, Сарфа, яъни юлдуз одам авлоди билан ошнолик қилмайди». «Сарфа» сўзининг яна тежаш, фойда маънолари ҳам бор: «Агар бевафолик ул шўх қилганчалик бўлса, одам авлодига ошноликни тежамайди» ёки: «Бевафолик агар шу бўлса, яъни у шўх қилганчалик бўлса, одам авлоди билан ошнолик фойда қилмайди». Қейинги талқинда маъно борга ўхшайди, дарҳақиқат, маҳбубанинг бевафолигини кўрган лирик қаҳрамон «Одам боласи билан ошнолик қилишнинг фойдаси йўқ экан», деган хулосага келиб, ҳафсаласи пир бўлиши мумкин. Шунинг учун «Ғаройиб ус-сиғар» нинг янги нашрида «сирфа» сўзининг «сарфа» деб тузатилганини маъқуллаш лозим.
Навоий ўлимни айрилиқ деб, ошиққа зулм деб олар экан, уни бевафолик ҳам деб атайди. Ошиқни доғда қолдириб, ташлаб кетиш... Чархнинг, замонанинг бевафолиги, ситамидан бир нишона бу. Шу нуқтада «сарфа» сўзининг замон айланиши, юлдуз (чархи фалак тимсоли), ҳийла, макр, хасислик маънолари ҳам туташади. Фалак одам авлоди билан ошнолик қилмайди ва ҳоказо.
Ваҳки синди нахли уммедим, хушо ул боғбон,
Ким эрур хушҳол бир навраста шамшоди била.
Маъноси: «Умидим ниҳоли синди, эвоҳ нобуд бўлди. Қўкарган шамшоди билан хушҳолу хурсанд юрган боғбонга ҳавасим келади, қандай яхши!» Аламли ўкинч ва дард бор бу мисраларда — нахли уммедини йўқотган одамнинг ичидан отилиб чиққан ўкирик ва бошқаларга нигоҳ ташлаб таскин топиши. Унинг ниҳоли синган, умидлари чилпарчин, аммо бошқа боғбонларнинг ниҳоли кўкарган, улар шод. Бу ҳасад эмас, бу умидли нигоҳ, ҳаёт абадиятини ҳис этиш. Байтдаги «синди» сўзи олдин ўқиганимиз «рез-рез», «синдирурман» сўзларини эсга солади. Синиш — ўлим, синиш — исён, руҳий зилзила. Фалак зулми, ажал шамоли унинг умид ниҳолини синдирди, у бўлса бир ғазабга келиб, осмон қабатларини синдиришга чоғланади, бир аччиқ-аччиқ ҳасрат майини сипқоради, бир «навраста шамшодихдан хушҳол боғбонларга қараб таскин топади. Шоир аламзада одамнинг руҳиятидаги ўзгаришларни бир нечта шеърий байтда ана шундай теранлик билан чизади. Қейинги байтларда таскин оҳанги, ноиложлик, ночорлик давом эттирилган, Масалан, олтинчи байт:
Чун ҳудо Лайли қулоқин ёлқитур, Мажнун, не суд
Тоғни гар келтурур афғонга фарёди била.
Яъни: «Эй Мажнун, фарёдинг билан тоғни фиғонга келтири-шингдан нима фойда. Лайлининг қулоғига туякашларнинг хиргойиси ёқмаяпти-ку. Шоир ўзининг оҳу ноласидан пушай-мон, чунки бўзлаб дод солишлар, фалакнинг гирибонидан олиш ҳеч бир нафъ келтирмайди, ҳеч ким уни эшитмайди. Ҳатто Лайли ҳам Мажнуннинг фарёдларидан тўйган». Навоий инсоннинг тақдир қаршисида ожизлигини таъкидламоқчи. Укириклар беҳуда, ундан кўра муаззам, беҳудуд Ишқ саҳросига қадам қўй, ўзингни шу билан овут — нажот шунда, деб уқтиради у:
Эй Навоий, ишқ саҳросида худ қўйдинг қадам,
То нечук лошкайсан ул поёни йўқ водий била.
Ишқ водийси — илоҳий даргоҳ, бир-биридан ажралган дўстларнинг васлга эришадиган, дийдор кўришадиган жойи. Инсон руҳи ўз маҳрамини излаб топади. Навоий ва унинг замондошларининг ишонч-имони шундай эди. Шу сабабли шоир ишқ водийсига кирдингми, имиллама, олдинга интил, дейди. Яъни: «Эй Навоий, ишқ саҳросига қадам қўйганингдан кейин, энди нега бўшашасан («лошкайсан»— қадимги туркий сўз бўлиб, бўшашмоқ, имилламоқ маъноларини билдиради) поёни йўқ бу водийда». Ғазал Навоийга хос ана шундай мантиқий якун — шоирона, руҳбахш оҳанг билан ниҳоясига етган.
Нажмиддин Комилов