Икки юз минг мисра

Алишер Навоий ўз ақлу заковатини жуда ёшлигидан бошлаб жонажон халқининг маънавий-маданий равнақига хизмат қилдирган буюк сиймодир.

Ўз халқининг — «эгнида ширдоғу, бошида қалпоқли ўзбек»нинг маънавий оламини бадиий ижод орқали бойитишни ўзининг юксак бурчи деб билган шоир, ҳатто халқ бошига бало, офат тушадиган бўлса, доимо у менга келсин дейди:
Агарчи саъб балодур вале будур тилагим,
Ким бу бало манга бўлғай ҳамиша то бўлғай.
Алишер Навоий халқининг дилини равшанлаштириш, ҳаёт гўзалликларини турли назм бўёқлари билан кўришга муяссар қилишдек улуғвор машаққатли ишга бел боғлайди. «Турк алфозиға дағи мулоҳазани лозим кўрилди — оламе назарға келди, ўн саккиз минг оламдин ортиқ, анда зеб ва зийнат; ва сипеҳре табъға маълум бўлди; тўққуз фалакдин ортуқ, анда фазл ва рифъат; махзане учради, дурлари кавокиб гавҳарларидин рахшандароқ: ва гулшане йўлуқти, гуллари сипеҳр ахтаридин дурахшандароқ: ҳарими атрофи эл аёғи етмакдин масун ва ажноеи ғаройиби ғайр илги тегмакдин маъмун».
Улуғ шоирнинг бу сўзлари унинг ўз ижодида — тўртта ғазаллар девони, «Хамса»си хамда бошқа жамъи 25 та асардан иборат ўзбекча (туркча) ёзилган мероси мисолида яққол кўринади.
Алишер Навоийнинг қалам аҳлидан ва ўзидан ҳам ягона талаби: «сўзни кўнгилда пишқармагунча тилга келтурмас»ликдир:
Донау дур сўзини афсона бил,
Сўзни жаҳон баҳрида дурдона бил.
Мазкур байтдан ҳам яна бир бор кўринадики, поэтик ижодда шоир сўз қўллашнинг ўта устаси — етук санъаткор бўлган.
Маълумки, Алишер Навоий 8—9 ёшларидан бошлаб етук ғазаллар ижод қила бошлаган. Бироқ назмий ижоди шарқ адабиётидаги девон тузишнинг анъанаси ва маълум талабларига тўла мос келган бўлса ҳам ёш шоир ўз ғазалларини девон сифатида тўплашни ўйламай, ҳар куни янги мавзуда «абётлар» битганини
Ҳар кун яна бир ишқ иладур афсона,
Ҳар тун яна бир шамъғадур парвона.
Иш анга жунун, манзил анга майхона
Девон ясамоқни не билур девона —
тарзида айтган эди.
Алишер Навоий ҳар бир байтини фарзанд деб билади. Дастлаб, 1484 йилда
Шеър ҳам чун кишигадур фарзанд,
Кўнглига қуту бағриға пайванд,
деса, 1485 йилда ҳатто шеърни ташкил қилувчи ҳар бир сўз гуғишган, ўз боласига ўхшаш эканлигини таъкидлайди.
Ки сўз зодаи табъи фарзанд эрур,
Чу фарзанд эрур, жонға пайванд эрур.
Шоир бу фикрларини 1499 йилда эса хулосалаб:
Жаҳонда кимга бўлса мунча фарзанд,
Ки бўлғай барча руҳафзоу дилбанд —
дейди. Ҳақиқатан ҳам, шоирнинг ўз «фарзандялари воситасида мана асрлар давомида «руҳафзоу (руҳлантирувчи) дилбанд (фарзанд)» бўлиб келаётгани шубҳасиздир.
Алишер Навоий девон тузишга фақат ўрта ёшарлик даврида киришади:
Навоий ғамға қолди ўз каломи жонфизосидин,
Анингдек ким, етар булбулға меҳнат ўз навосидин...
Ранж кўрмай киши топарму фароғ,
Кўнгли ўртамайин ёнарму чароғ.
Тухм ерга кириб чечак бўлди,
Қурт жондин кечиб ипак бўлди.
Шоир адабий фаолиятига танқидий қараб, ўз-ўзига савол беради:
Лола тухмича ғайратинг йўқму? Пилла қуртича ҳимматинг йўқму?
Зўр ихлос ва қунт билан «абётяини девон қилишга кириш-ганини маълум қилади:
Ҳукм мазмуниға қалам чектим,
Сафҳи тартибиға рақам чектим.
Мана шундай заҳматлардан сўнг «Чор девон» ёки «Хазойин ул-маоний» девонлари тартиб топган эди. Алишер Навоий ўз девонларини шоҳнинг қасри, ўзини эса мана шу олий қасрни безовчи меъмор, балки мардикор деб билади:
Ғараз ул эрдиким, бу қасри олий,
Ки ҳаргиз бўлмағай, ёраб, заволи...
Ани шаҳ иҳтимоми қилди маъмур,
Мени меъмор фарз эт, балки муздур.
Ҳар бир меъмор, уста ўзи барпо этадиган олий қасрлар пештоқига, албатта, исмини ёзиб қўяди. Мазкур «шоҳ қаср» айвони пештоқида ҳам Алишер Навоийнинг исми ўчмас нурли зарлар билан битилажагини шоир қуйидагича ифодалайди:
Китоб ўлғай бу қасри чархи кирдор,
Бу исм айвонида бўлғай намудор...
Бу шоҳ айвони умрининг биноси,
Матин ўлсун, нечукким чарх асоси.
Қадар девонидин ҳар лаҳза комин,
Қазо дилхоҳидек еткурсун, омин!
Алишер Навоий девонидаги ғазалларнинг турли вақт ва ҳолатларда ёзилганлиги ҳамда. барча байтларининг умумий ҳажми ҳақида қуйидагича маълумот беради: «Яна дақойиқшиор муҳаққиқлар хизматида ва ҳақойиқдисор мудаққиқлар ҳазратида арзим улдурким, бу паришон абётим, шаҳ қилғондек тартиб топти, бу зобита қайдиға кирмастин ва робита силкига тортилмасдин бурун, бу жиҳатдинким, агар баъзиси васатисинда айтилғон бўлса, баъзи сиғарисинда айтилиб эрди ва баъзи фикрий бўлса... бадиҳа ва баъзи соғ эрканда бўлса, баъзи усруклукда ва баъзи хушмандликда бўлса, баъзи девоналикда воқиъ бўлуб эрди. Ароларида, шоядки, фоҳиш тафовўт бўлғай деб жамъ қилмоғида далирлик қилинмас эрди, аммо халойиқ аросида минг байт, икки минг байт ортуғроқ ўксукроқ ким ўзлари жамъ қилиб эрдилар бағоят машҳур бўлуб эрди. Булар-нинг тартибиға ҳукм бўлғондин сўнгра баъзи абётеким, хомроқ ва баъзи ғазалиётеким, нотамомроқ эрди, китобат шуюидин ва шуҳрат вуқуъидин ўзгалар орасидин хориж килмоқлик мутааззир, балки муҳол кўрунди». Ушбу муло-ҳазалар «Хазойин ул-маоний» девонига шоирнинг барча ға-заллари киритилмаган, деган фикрни тасдиқлайди.
Алишер Навоий ғазал шайдоларига мурожаат қилиб, ўз девонида содда байтлар ҳам борлиги учун айбламасликни, «гул аросинда бир тикан» ва «яхшилар ичинда бир ёмон», албатта, бўлишлигини айтади:

Шукр, ўлса, хумор ҳам бўлур бу давронда,
Айб айлама, содда байт бу девонда.
Юз гул аросинда бир тикан бўлса, не тонг,
Юз яхши ичинда бир ёмон бўлса, не тонг.
Ва, ниҳоят, Алишер Навоий 1499 йилда ёзган олтинчи маснавиёти — «Лисон ут-тайр» («Қуш тили»)да барча асарларининг мисралар миқдори ҳақида ҳам маълумот берган:
Назму насрим котиби тахминшунос,
Ёзса юз минг байт этар эрди қиёс.

Шунга кўра, Алишер Навоийнинг бутун ижоди икки юз минг мисрадан зиёд деган хулосага келиш мумкин. Лекин шоирнинг форс-тожик тилида ёзган ғазаллари ва масна-вийлари сони ҳам шу ҳисобга кирган-кирмагани бизга маълум эмас.

Баҳром Бафоев, филология фанлари доктори
Аҳмаджон Каримов, филология фанлари номзоди