Энг бахтли одам. Алберт Малтс

Жесси йиғидан аранг ўзини тутиб турарди. У стулда Томнинг келишини кутиб, яллиғланган оёғига дам бериб ўтирганидан хурсанд ва Томнинг «Нега йўқ дерканман, албатта, хоҳлаган пайтда иш бошлашинг мумкин» дейишидан катта умид қиларди.
Икки ҳафтадан буён у ёмғирли кечаларда ухламай, ҳам очиқиб, Канзас шаҳридан Миссури, Тулза ва Оклахомага кўчиб юриб, охири  қидирган ерини топди. Ниҳоят, Том хонага кириб келди. У Жессига эътибор бермагандай, шунчаки қараб қўйди. Уни танимади чамаси. Аслида, Жесси Томнинг  жияни эди. Тўғри, улар беш йил бир-бири билан кўришмади. Фақат Том ўша илгариги Том эди. Ё Худо, наҳотки у шунчалик ўзгариб кетган бўлса?
Том Брекет телефонда гаплашиб бўлиб, стулга суяниброқ ўтирди. Хунук боқиб турган кичкина мовий кўзларини Жессига қаратди. У илгаригидай пишик тадбиркорларга ўхшаб  ўтирарди.
«Эшитаман, деди у ниҳоят, - мендан бирор нима хоҳлайдиларми?»
«Сиз мени танимадингиз чамаси, -деди Жесси. - Мен Жесси Фултон бўламан.
«А-ҳа» деди Брекет, бошка ҳеч нарса демади.
«Ҳа-ҳа, бу менман, Элла сенга салом йўллади.»
Брекет ўрнидан турди ва бурчакда ўтирган жиянига юзма-юз келди. Жесси астагина қўзғалди. Брекет бурдаланган от гўштини кўздан кечираётгандай ғалати қараш қилди, унинг кўзларида ачиниш аломати бор эди.
«Ҳа, ана энди ишондим, бу ростдан ҳам сен экансан, фақат Худо ҳаққи, бутунлай ўзгариб кетибсан.»
«Беш йил ҳазил гапми ахир, бунинг устига мени бир-икки боргина кўрган бўлсангиз.»
«Жуда озиб кетибсан-ку»
Жесси жим бўлиб қолди. Орага  сукунат чўкди. Бирдан Брекет жонланиб «Нимага қаққайиб турибсан, қани кел, ўтир-чи укам» деди ва Жессининг қўлини қисиб қўйди. «Сени кўрганимдан жудаям хурсандман, шу холос, бошқа ҳеч нарса деб ўйлама!»
«Ҳечқиси йўқ» минғиллади Жесси ва секингина жойига ўтирди.
«Нимага оқсоқлаяпсан?»
«Тошга қаттиқ қоқилиб кетдим; туфлимни ҳам йиртиб олдим.»
У оёғини стул остига яширди, туфлисининг йиртиқлигидан уялиб кетди. Эрталабдан бери бирор ишни бошлашдан аввал туфли сотиб олишни ўйлаб ўтирувди.
Брекет унинг туфлисига қаради. У боланинг аҳволини тушунди ва раҳми келиб кетди. Бу ҳолни умрида биринчи марта кўриб туриши эди. Синглиси унга ҳар ҳафта хат ёзиб турган бўлса-да, лекин бирор марта шунчалик ёмон аҳволда яшаётганини айтган эмасди.
«Яхши, менга қулок сол, -гап бошлади Брекет, - қани, менга ҳаммасини айтиб бер-чи, Элланинг аҳволи  калай?»
«О, у жудаям яхши» дарҳол жавоб қилди Жесси.
«Болалари-чи?»
«Улар ҳам ёмон эмас»
«ўзинг-чи? ўзинг нима иш қиляпсан? Ишинг нима буляпти?»
Жесси худди шу саволни кутиб турган эди:
«Том, эшит, сенинг олдингга маслаҳатга келдим. Ёрдамингга муҳтожман»
Брекет инграб юборди. У Жессининг шундай дейишини биларди, шу боис дарҳол жавоб берди: «Қўлимдан келмайди. Ҳафтасига бор-йўғи 35 оламан холос.»
«Биламан, -деди Жесси, - биламан, сен бизга пул беролмайсан. Лекин биз сенинг қўлингда ишлайдиган киши билан гаплашдик. У шаҳримизга келган экан. ўша одам менга иш топиб бера олишингни айтди.»
Брекет бақиргна бўлиб сўради: «Сен Канзас шаҳридан 2 ҳафта ичида пиёда келганинг учун иш  топиб беришим керакми?»
«Бўлмаса-чи, Том, йўқса мен нима ҳам қила оламан?»
«Худо ҳаққи, менда бирорта ишнинг ўзи йўқ бўлса. Бунинг устига нефт иши қандай бўлишини ҳам билмайсан-ку.» 
Жесси бўш келмади.
«Ахир ўша одам сенга ҳар доим ишчи кучи кераклигини айтди-ку!»
«Воей... Сен менинг бўлимимдаги ишни назарда тутяпсанми?» сўради Брекет паст овозда.
«Ҳа, Том, шундай!»
«Йўўқ, бўлмайди, сен бўлимимда ишлашни хоҳламайсан, сен бунинг қанақалигини билмайсан ахир!»
«Нега билмас эканман, биламан!, - қаттиқ туриб олди Жесси, - ўша одам сенинг диспетчер эканингни айтди-ку, сен юк машиналарини жўнатар эмишсан, шундайми?
«Ким экан ўзи ўша одам?»
«Адашмасам, унинг оти Эверет...»
«Егберт эмасми эҳтиёт, бўйи мен билан тенг» сўради Том.
«Ҳа-ҳа, Эгберт эди, Эгберт, энди эсимга тушди.
Том бармокларини бир-бирига чалиштирди. Юзи ғалати тус олди. «Йўқ, менга маъқул эмас» деди у.
Жесси бақириб юборди. У Том иш беришга рози бўлади деб ўйлаганди. «Йўқ, -деди у ва ялинишга тушди, - бошқа бирон иш йўқми?»
«Иш бор, деди Том, - Эгбертнинг иши бор!»
«У ишдан кетдими?»
«У ўлди. Иш жараёнида ўлди. ўтган кечаси тамом бўлди, агар билмоқчи бўлсанг.»
«Оҳ! Шундай дегин...
«Енди менга қара Жесси, сенга баъзи нарсани айтиб қўяй. Сен ҳайдайдиган нарса оддий нарса эмас. Бу -  нитроглитсерин!
«Хабарим бор, сен мени билмайди деб ўйлама»
«Жим тур бир оз, - буюрди Брекет, -  сен бир марта акса берсанг, бу нарса ҳама томонга учиб, бирпасда заҳарлайди. Биласанми уни қандай қилиб олиб юришларини?
«Мен аста-секин, эҳтиёт бўлиб ҳайдайман», деди Жесси, - машина бошқаришни жуда яхши биламан.»
Брекет баттар бақириб берди: «Сен Эгберт эҳтиёт қилиб ҳайдамаган деб ўйлайсанми?»
«Том, - илтимос қилди Жесси, - шаштимдан қайтарма, қандай бўлса ҳам эплайман, Эгберт 1 мил учун 1 доллар ҳақ олишини айтди, мен ҳам шундай қилсам бўлмайдими?
«Албатта, сен ҳам шунча олишинг мумкин. Бу айтишга оппа-осон. Фақат нимага компания бунча кўп пул тўлайди деб ўйлаб кўрганмисан ўзи? Бу осон - Эгбертга ўхшаб бошинг тошга бориб урилмагунча юраверасан. Вақти келиб, машинанг билан бирга ағдарилиб тушганингда биласан. Биз энди Эгбертдан унга нима бўлганлигини сўраб билолмаймиз. Бирор нарсани аниқлаш учун машинаси ҳам энди йўқ. Танаси ҳам ҳолмади. Ҳеч вақо йўқ! Ҳа йўқ! Энди тушунгандирсан?»
Орага бир оз сукут чўкди.  Жесси узун ориқ қўлларини чалиштириб ўтирарди. У кўзини юмди-да, мулойим овозда «Ҳеч нарсага аҳамият бермайман, Том, сен менга бир яхшилик қилиб, иш берсанг бўлди», дея ўтинди.
Брекет қўлини столга қарсиллатиб урди. «Йўқ!»
«Мени эшит, Том, - давом этди Жесси, - нега мени тушунмайсан?» У кўзини очди. Улар жиққа ёшга тўлган эди. «Менга қара, мен энди ортиқ бундай яшолмайман. Агар кўчада тентираб юраверадиган бўлсам, уйда очимиздан ўламиз, Том.»
«Ундай бўлса, сен менга айтишинг керак, - бақирди Брекет, - эркак киши оиласи оч турганда, сохта ғурур билан бемалол юришга ҳечам ҳаққи йўқ! Мен озроқ қарз оламан ва биз уни Эллага жўнатамиз.»
«Ундан кейин-чи?»
«Кейинми, кейин озроқ кутишга тўғри келади. Ёш бола эмассан, ҳаётдан тўйдим деб айтишга-да ҳаққинг йўқ. Албатта, бир кунмас бир кун иш ҳам топасан.
«Йўқ!,- деди Жесси ўрнидан сапчиб, - йўқ, мен ҳам шунга ишонардим, лекин энди бундай кутиб ўтиролмайман. Сен бошимни кўтариб юришимга кўмаклаш. Ёки яна 5-6 йил кутиб ўтиради деб ўйлаяпсанми?»
Брекет ўрнидан турди. «Хўп, шундай деб ҳам ўйлайлик. Сен нима, ўзингча Эллани ўйлаяпман дейсан. Қилаётган ишинг унга ёқади деб ўйлайсан шекилли. Мабодо бир кори ҳол бўлса-чи?»
«Балки менинг бахтим кулиб боқар», - ўзини оқлади Жесси.
«Афсуски ҳамма шундай деб ўйлайди, - тўнғиллади Том нафрат билан. - Бу ишни бошлаганингдан кейин эса, ўз-ўзидан омад сўроқ белгисига айланади-қўяди. Аниғи шуки, эртами-кечми барибир ўласан.»
«Шундай бўлса ҳам майли , - дарҳол жавоб қилди Жесси. ўлдирса ўлдирибди-да! Ахир унгача нимагадир эга бўламан-ку. ўзимга туфли сотиб оламан, болаларга қанд-қурс дегандай. ўзимнинг ҳам қорним тўйиб юради. Ҳар кун бир марта бўлса ҳам озроқ пиво ичиб турарман. Эллага яхши кийимлар олиб беришни хоҳлайман. Оилам билан кинога боришни истайман...»
Брекет яна жойига ўтирди. «Бўлди, бас қил!»,-деди у.
«Йўқ,-давом этди Жесси, - мендан асти қутила олмайсан. Эшит, Том, ўйлаб кўр, агар 3 ой ишласам, минг доллардан ошиқ пул ишлар эканман. Ким билсин, балки мен бундан кўпрок яшарман. Эллани ҳам оёққа турғизарман.»
«Нимага бундай деб айтяпсан?- қарши чиқди Брекет, -ўйлашимча, сен жудаям бахтиёр бўлмоқчисан-а? Ҳар дақиқа, юрганингда, ётганингда тинчинг бўлмайди аҳмоқ, юрагингни ҳовучлаб эртага ўламанмикин, деб турасан-ку. Энг ёмони ҳордиқ кунларида ишламай ётганингда билинади. Бу кунлардаги асаб қақшашини ким ортга қайтариб берарди сенга? Қандай қилиб бахтиёр бўлишинг мумкин-а?»
Жесси илжайди. «Мен албатта бахтли бўламан! Сен ташвишланмай қўявер. Шунчалик бахтиёр бўламанки... Том, фақат... мен ҳам бошимни кўтариб яшасам бўлди»,-деди у.
«Э-е, бўлди қил энди»,-жеркиди яна Брекет.
Болакай жим бўлди. Озроқдан кейин унинг пичирлагани эшитилди: «Том, ўтинаман, ундай дема. Том, ёрдам бер... Том, мени ташлаб қўйма...»
Орага қайта жимлик чўкди. Брекет икки қўлини бошига кўтарган ҳолда кафтларини чаккасига қаттик босиб турарди.
«Том, Том», - ялинди Жесси.
Брекет индамади. Ва ниҳоят «Ҳай, майли!», деди у, - «Сен айтганча бўлақолсин. Худонинг ўзи мадад берсин сенга.» Унинг овози зўрға эшитилди. «Агар бугун кечаси ҳайдайман десанг, майли, бугундан бошлайқол.»
Жесси индамади. Аниқроғи, у ҳеч нима деёлмасди. Брекет унга қаради. Шашқатор ёшлар Жессининг юзига оқиб тушмоқда эди.
Брекет туришга шайланаркан «Ишим кўп, майли» деб айтди.
Жесси аста юриб ташқарига чиқди. Юрагида қандайдир тасвирлаш қийин булган қувонч ғимирлади. «Мен дунёдаги энг бахтли одамман», пичирлади у ўзига-ўзи. «Мен бутун ер юзидаги энг бахтиёр кишиман.»

Инглиз тилидан Аъзам Обидов таржима қилди