Ёлланган қотил. Томмазо Ландолфи

Т. юрагини харсангдай босиб ётган ваҳмни енгиллатишга имкон туғилганидан қувониб кетди ва бу кўримсизгина аёлга бошидан яқинда кечирган  савдони очилиб-сочилиб гапириб берди.
Енди, орадан бир-икки ойни ўтказиб, мисоли асал ойини бошларидан ўтказаётган келин билан куёвдай қаймоқлашиб юрган ошиқ-маъшуқларга бир назар солайлик. ўша оқшом—меҳмонхона тагидаги қаҳвахонада эшитганларига боз қайтиб, рангпар хоним жаноб Т.га кўнгил берди: ажал қотилданми, бошқаданми, барибир ҳар бошда бир ўлим муқаррар, бир куни ўлиб кетарканманда, деб ҳаётга кундан бурун этак силкиш, хурсандчиликдан юз буриш ярамайди, деди ва буни икки карра икки тўртдай тушунтириб қўйди. Жаноб Т. ҳам дарҳол бўлмасада аста-секин қатъиятсизликни ташлаб, янги, айтиш жоизки, бокира туйғуларга эш бўлди. У гоҳи-гоҳида, ўзининг мушкул аҳволга тушган дамларини эслаб қўярди: хоним эса порлоқ келажакларининг режасини тузар, гарчи безовта туйғулар ҳануз  юрагини тимдалаб турса-да, у хонимнинг бу машғулотига халал бермасди.
Вафодор ошиқлардай очилиб-сочилиб аҳд-паймонлар қилишиб, ширин суҳбатлар қуришган оқшомлардан бирида Т. кайфичоғ, олти миллион лирга тушгани ёдидан кўтарилиб кетган, хиргоҳини баланд олиб, меҳмонхонадаги хос хонасига кеч қайтди: бир маҳал ошхона эшигининг  тутқичи ташқаридан бехос буралиб, Т.нинг олайиб кетган кўзлари олдида қотил пайдо бўлди. Хонага бу нокас қандай қилиб кирди экан? Наҳотки, уни тинчитиш учун келди... Э, худойим, энди-енди, сал...
— Сиз...  сен... олган пулингни оқлагани келдингми?
— Жа  обқочасиз-а, очилиб кулди ёлланган қотил. — Мени ким деб ўйлаяпсиз? Лафз пулдан баланд туради:  агар сизни ўлдириш учун келганимда мени пайқамай қолардингиз.
—Унда нега келдингиз?
—Бадбахт қурбонимни бир кўрай-чи, дедим-да. Устига -устак мендан қилган шубҳа-гумонларингизни тарқатай, дедим. Ваъда-ваъда! Муҳими, сиз ҳалигидай, яъни ҳаётдан кўз юмсангиз, қани нима йўқотаркансиз, шуни билгим келди.
—Агар мен туйқусдан?.. Барибир ўлишимга тўғри келади, гарчи?.. — ғудраниб нимадир демоқчи бўлди шўрлик Т.
—Қўйинг энди! — жеркиб берди меҳмон, одатдагидай унинг нима демоқчилигини олдиндан фаҳмлаб.
— Мен сизга ёлландим, ҳатто ҳаққимни олдиндан олдим ҳам. Яна менга нима керак? Балки сизга керакдир, ўзингиздан ўпкаланг, энди.
— Агар ўзим сиздан илтимос қилсам-чи...
— ўлдираман деб сўз бердимми, тамом. Ҳаққим бор бунга, — деди жиддий туриб қотил. — Шартни бажариш виждонга тўғри иш бўлишини айтиб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак? Мен қонсираяпман, буни унутманг.
—Ё худо, ахир, сиз менинг кейинги пайтдаги ишларимдан хабардорсиз-ку, сиздан ўтиниб сўрайман...
—Нима-нима? Майли, пуллар ўзингизда қолсин, бироқ мени ўлдирманг, демоқчимисиз?
—Худди шундай.
—Бироқ мен касб-коримга хиёнат қилолмайман-ку!
—ўтинаман! —
ёлворди Т.
Қотил уккиникидай ўткир кўзларини унга қадаб тикилди.
—Нима, ўрталарингда муҳаббат пайдо бўлдими?  — ишшайди қотил.
—Ҳа.
—Севишиб қолдиларингми?... Хўш, бахтлиман дерсиз ҳали?!
—Ҳа! Ҳа!
—Начора, бундан баттари бўлмайди, — деди шарт кесиб қотил. — Кейинги пушаймон ўзингга душман, ҳозир нариги дунёда юрган бўлишингиз ҳам мумкин эди... Қисқаси, афсуслар бўлсинки, хуштор бўлиб қолганингизнинг ишимизга алоқаси йўқ.
—Тўхтанг!
—Тўхтардиму, вақт кетди-да, — деди қовоғидан қор ёғиб қотил ва гўё бошини шифтга уриб олишдан эҳтиёт бўлгандай эгилиб, оҳиста турди (шу лаҳза Т.нинг хотирасига бир бесўнақай таниш аёлнинг: "Мен жойимдан қўзғолгунча бошқа биров ўн марта туриб ўтиради" деган гапи келди)
—Чиройлими у? —  қизиқсиниб сўради қотил.
—Айтарлимас. Бироқ яхши кўраман —  бу аниқ. Ҳа, севаман.
— Бундан чиқдики, пушаймонсиз?
— Сиз билан тузган шартномамизни назарда тутаяпсизми?
— Бўлмаса-чи!
— Афсус-надоматга ҳожат йўқ. Хайр... сўнгги учрашувгача.
— Илтимос, яна бир дақиқа, сизга саволим бор.
Қотил бармоғини бигиз қилди.
—Ешитаяпсизми?
Кўчада тонг ёриша бошлаганидан дарак бериб,  эшикларнинг тарақлагани, нонфурушларнинг ҳуштаклари, қора ишчиларнинг томоқ қириб йўталган товушлари эшитилди.
—Ваъдага вафо қиламан, хайр тонг отаяпти.
—Наҳотки!  — шундай деб деразага югуриб борган жаноб Т. пардаларини очиб қаради-ю, дағ-дағ титраб ёлворди. — Йўқ, ҳали қоронғу, шошилмасангиз бўларди.
Унинг гапи жавобсиз қолди. Т. ўгирилиб қараганида хонада ҳеч ким йўқ эди. Қотил ғойиб бўлганди.
Жаноб Т. маъшуқаси билан суҳбатлашиб ўтириб, ўзининг ғаройиб қотилига, ўзини ўлдириш учун шахсан пулга ёллаган одамкушга айтишга улгурмай қолган гапини эслади:
—Бу нусха бирор бир гапга кўнмайди, қон тўкмайсан, чўнтагингдаги олти миллион шундоқ ўзингга қолаяпти, бу пуллар ўзингники, фақат лафздан қайтсанг бўлди, десам унамаяпти. Касб-корига, обрўсига путур етармиш, яна қонсираётганига ўлайми.
—Билганини қилсин, сен, руҳингни чўктирма, —  деди хоним. — Эҳтиёт бўлсанг бўлгани, ахир бу қийин иш эмас-ку, а? Сен хонангда унинг бемалол кириб-чиқиб юришига йўл қўйганингдан кейин, албатта, у...
— Бемалол эмиш! Эшик, деразалар тамбаланган, деб айтганманку сенга, қўнғироқлар улаб қўйилган. Гапимга ишон, у одаммас, иблиснинг ўзгинаси: бир зумда ер остидан пайдо бўлади-қолади.
—Буни қара-я, Ажалнинг худди ўзи!
—Шунақа.
—Хўш, унда нима қилиш керак деб ўйлайсан?
—Биласанми, дейлик, мен энг сўнгги кунгача қотилимнинг назаридан қочиб юрсам, хабаринг бор, биз бир йил муддатга шартнома тузганмиз, яъни у бир йил ичида мени ўлдириши лозим. Агар шу вақт ичида  мен унга тутқич бермасам, шундан кейин у нима қиларкан?
—Балки ҳеч нима қилмас.
—Балки, дейсан-а! Менинг ҳаёт-мамотим шу "балки"га боғлиқ бўлиб қолишини хоҳлаяпсанми?
—Ҳозир сени бир йил ўтгач нима юз бериши  қизиқтираётир, шундан кейин шартномаларинг кучини йўқотадими, йўқми, шуни билмоқчисан-да?
—Худди шундай.
—Хўш... буни унинг ўзидан сўраш керакмикан?
—Тўғри айтдинг! Бироқ уни қаердан излаб топаман? Ёлланма қотил деганинг  ёзувчи ё шоир эмаски, қаҳвахонада хаёлга чўмиб ўтарса.
—Кутиб тургин, ўзи келиб қолар.
—Агар ўлдириш учун келса-чи? Унда бу унинг охирги келиши бўлади, мен уни кўришга ҳам улгурмайман-ку, мени зимдан тинчитади-кетади?...
— Қулоқ сол, — деди хоним бироз ўксик оҳангда, — сен худди абадий яшашни талаб қилаётган одамга ўхшаб гапирасан-а, гўё бошқаларнинг сендан қарзи бордай!... Ол-а! Бахтлимисан? Бахтли бўлсанг ўйна-кул, ёмон хаёлларга берилиб, ваҳимага тушаверма. Иккимизнинг умумий бахтимиздан қувон, яйра.
Жаноб Т. ўзича бир нима деб минғирлади, бироқ хонимнинг ҳақлигини тан олмай иложи йўқ эди.
Ҳақиқатдан ҳам улар беҳад бахтиёр эди. Узоқ вақт — қарийб уч ойдан бери! Бировларга уч ой оздай туюлар, бироқ уч ойда бутун бир умрнинг айшини сурса бўлади, ахир, бахт дегани вақт билан ўлчанмайди-ку. Бироқ, кейин нима бўлгани... аён. Мана сизга жўн тақдирларнинг яна бир кечмиши, дейиши мумкин аллақандай ичи қора кимса: "Хўш, бори шу экан-да? Бу шўрлик ошиқ-маъшуқларнинг ҳам бахти охир шундай завол топибди-да»? Ё худо, бунақа ўйлайдиганлар учун бахт деганларининг поёни бўлмаслиги керакдай гўё! Қанийди шундоқ бўла қолса!
Ҳа, уч ойдан кейин, боя айтганимиздай, воқеалар нохуш томонга қараб ўзгарди. Т. ўзининг маъшуқасини таний олмай қолди, бироқ у ҳануз хонимни қаттиқ севар, аччиқ изтироб чекарди. Аммо хоним пайтини топиб, тап тортмай унга хиёнат қилди: кўнгли кетган бир эркакни, ўзидан ёшроқ, Т.дан кўра ҳаётсеварроқ хуштор топди. Оқибатда Т.нинг дарду дунёсига дўзах олови туташиб афсус-надоматлари гуриллаган гулханга айландики, у тағин (худди ҳикоямиз аввалида айтилганидай) ўлиб-йитиб кетишни жуда-жуда истаб қолди.
Бу орада қотил қорасини кўрсатгани йўқ. Аксига олиб жаноб бу одамкушнинг оғзига чўп ўлчаб кетишни (агар бу вазиятни  шундай ифодалаш ўринли бўлса), бошқача айтганда, ўз жонига қасд қилиб, қотилни доғда қолдиришни энди режалаштирган оқшом одатдагидай қотил ғойибдан пайдо бўлди.
Бу пайт Т. ёзув столи ортида хомуш ўтирар, лакланган стол устида тўппонча ётарди. Қотил тим қоронғуликдан чиқиб келди.
—Ва ниҳоят! — уни кўриб қичқириб юборди Т. — Яратганга шукр! Ишни битиргани келдингизми?
—Нимага ишониб бундай деяпсиз? — деди хафа бўлиб қотил. — Ҳалиям  тушунмаяпсиз шекилли? Мен момоқалдироққа ўхшайман, — берилиб тушунтира кетди у, — аҳмоқлар момоқалдироқдан қўрқишади, ахир гулдирак яшин чақнаб сўнгандан сўнг эшитилади-ю!
—Унда қайси шамол
бу ёқларга учириб келди?..
—ўзим ҳам билмайман: феълим ғалатироқми,  ким билсин, балки сизнинг бахтиёр чеҳрангизни бир кўргим келдими. Биласизми, ишнинг мана шу томони ҳузурли-да. Одамни ўлдириш, айниқса, ўлимни орзу қилганларни тинчитиш — хайр-саҳоват қилгандай бир гап.
— Ким сизга мени бахтли деб айтди!  —  норозилик билдирди Т. — Сизни кутавериб кўзим тешилди-ку ахир, мана...
— Наҳотки, — ўсмоқчилади қотил. — Атиги икки-уч ой олдин ялиниб-ёлвориб мени лафздан қайтишга кўндирмоқчи бўлдингиз, пора тиқиб, ўлдириш ҳуқуқимдан мени маҳрум қилмоқчи бўлдингиз...
—    Нима ҳам дердим! Ундан бери қанча сувлар оқиб кетди, энди ҳаммасидан юз ўгирдим, ҳаёт ўзи менга терс, мавҳум, мантиқсиз, чидаб бўлмайдиган даражада — бу ҳаёт эмас, дарёни бўғиб ётган бир уюм харсанг. Хуллас, мен бугуноқ, ҳозироқ жонимни олишингизни илтимос қиламан. Бўлинг, қимирланг.
—ў, биродар, ўзингизни босинг: ўтган куни ўлгингиз келган эди, кеча яшагингиз кеп қолди, бугун яна ўлишни истайсиз... Тушунмай қолдим!
— Бироқ, сизнинг ишингиз мени ўлдириш, бошқасини қўяверинг, ҳаққини олгандан кейин ишни бажаринг-да! Бўлинг,  бўла қолинг, эшитаяпсизми?
— Тўғри, талабингиз тўғри. Бироқ, қизиқда энди: яна икки-уч ой ўтиб-ўтмай ҳозиргидай ёлвориб ўтирмайсизми, яшагингиз кеп қолмайдими?
— Қанақа безбетсиз!  Балки шундай ҳам бўлар. Бироқ яшаш иштиёқи барибир ўлим хоҳиши билан алмашинади... бу демак... Сиз мени тушунаяпсизми? Ҳаёт ўлимни тан олмаган пайтдагина моҳият касб этади, аксинча, булар ҳаммаси чўпчак.
— Ҳа, энди бундай нуқтаи назардан қараганда, албатта...
— Хуллас, менингча, истиснога ҳожат йўқ.
— Тағин бахтли бўлиб кетишингизга истисно тариқасида қараяпсизми? Ишонч билан айтаманки, сиз ноҳақсиз. Хайр, кўришгунча.
Шундай деб қотил ғойиб бўлди.
Ҳақиқатдан ҳам тез орада жаноб Т.нинг ишлари тағин юришиб кетди. Албатта, ишқу муҳаббат бобида эмас, бу гал пул масаласида бахти чопди, сабил пул деганлари маълум маънода севги-муҳаббат ўрнини босишга қодир матоҳ-да!
Бир куни эрталаб кўчада сандирақлаб юриб, жаноб Т. биржа биноси олдига бориб қолди. "Қизиқ, нечун бу биржа бинолари нуқул баланд устунли, маҳобатли бўлади-а, биржами ё қасри олий, билмайсан киши (аслида биржанинг қасрдан қаери кам). Аммо мана бу бинога гап йўқ, Устунлариям нақд икки минг йиллик! "Жаноб Т. биржа бўсағасидан ҳатлаб ичкарига кираркан, хаёлидан фақат шу кечди, холос, бошқа ҳеч нимани ўйлагани йўқ: уни бу ерга бирор-бир амалий иш эмас, балки шунчаки қизиқувчанлик етаклаб келган эди: у ҳатто (бир пайтлар аллақандай даллолнинг ихтиёрига топширилган ва қисқа вақтда баҳоси текинга айланган) анчагина Н. актсиясига эгалигини ҳам хотирага келтиргани йўқ.
Ичкари тирбанд эди. Ит эгасини танимайди, олағовур, оломоннинг устидаги таблода актсиялар қийматининг кўтарилиб, тушиб тургани ҳар дақиқада қайд қилиб турилибди. Жаноб Т.гарчи иқтисод масаласида нўноқроқ бўлса-да, таблога бир қараб қўйди ва шу нафас ўзини кимдир зимдан кузатаётганини пайқади. У ортига ўгирилди: ёнгинасида қора кийим кийган бир кимса қаққайиб турар ва жаноб Т.нинг нигоҳи қаёққа қараётганини илғашга уринарди.
— Ғалати-а, тўғрими?
— Ҳечам. Мен, шунчаки, бекорчиликдан.
— Бироқ янглишмасам, сиз таблодаги Н.га қарадингиз?
— Н. дейсизми? — овоз чиқариб такрорлади Т. ва ўзининг, гарчи қиймати бир пул бўлса-да, актсияси борлигини, актсияси таблодаги рўйхатда қайд этилаётганини англаб қолди.
— Демак, актсиянгиз бор, тўғрими? — тирғалди қора кийимли нусха, афтидан у товламачига ўхшаб кетарди.
— Ҳа, озроқ бору, бироқ ундан сариқ чақалик наф йўқ!
— Нотўғри ўйлаяпсиз, — пичирлади қора кийимли. —Шу бугун Н. актсияси анча ўсади, бир неча пункт юқорига кўтарилади. Бизам, акаси, қирриқларданмиз, гапимизга эгалик қила оламиз, қолаверса, тепадаги ишларданам хабаримиз бор.
Т.га барибир эди, у тепадан на яхшилик ва на ёмонлик кутар, бироқ ҳозир вазиятнинг қулайлигини тўғри баҳолай олди ва ишонқирамай сўради:
— Сиз мендан Н.актсиясини сотиб олишни хоҳлармидингиз? (Т.шўрлик қачондан бери бу даҳмаза қоғозлардан қутилишни орзу қиларди!)
— Ҳозироқ, шу ернинг ўзида оламан! Қанчалигидан қатъи назар—миллион бўлсаям!
— Менда бунча актсия йўқ.
— Қанча бор?
— Икки мингча чиқар.
— Оламан.
— Нақд пулгами? — минғирлади Т. ўзининг дадиллашаётганидан юраги увишиб.
Қора кийимли шимининг чўнтагидан чек дафтарчасини суғуриб олиб, ҳавода силкилаб деди:
— Шошманг. Олдин сиз баҳосини айтинг, қанча?
У ақлни шошириб қўядиган рақамни айтди... Энди фақат биржадаги даллолни топиб, актсияларни олиш лозим эди, вассалом. Шундай қилиб иш пишди.
Ана энди жаноб Т. нима бўлаётганини  ҳали фаҳмлаб улгурмай, боз устига, арзимас актсиясининг нархи бир сакраб том баравар ошиб кетгани сири нимадалигини тушунмай туриб, кўз очиб юмгунча бир қоп пулнинг  тагида қолдики, бундайин хушбахт, бундайин кўтаринки ҳолатни изоҳлаш ва одам боласининг шундай лаҳзаларда кўзи чақнаб, яшашга иштиёқи беҳад ошиб-тошиб кетишини  айтиб ўтириш ортиқча, деб ўйлаймиз.
Зеро, йўқдан дунё топиб турганда ўлишни, ўлимни орзу қилиш ғирт аҳмоқликки, соядай таъқиб этиб юрган қотилни ҳам бунча пул билан қайта сотиб олсаям, лафзидан қайтарсаям бўлаверади... "Бироқ, қисталоқнинг ичида ғужури бор-да, у нокасни кўндириш, ҳарқалай осон бўлмас-ов", дея хаёлан иккиланди Т.
Хуллас, жаноб Т.нинг боши осмонда, оёғи ер искамайди, аммо бу қадар сурурли кайфиятнинг охири кўпинча бахайр бўлмаслигини у ҳозир хаёлига келтирмайди. Чунки Т.га бойлик осмондан тушди гўё, қолаверса, актсияларнинг туйқусдан нархи беҳад ошиб кетгани Т.нинг ақлини шошириб, ҳовлиқтириб қўйдики, у олди-сотди ишларига йўқлигини ҳам унутиб актсиябозликка берилиб кетди.
Илонга авралгандай, жаноб Т. актсиялар қийматининг гоҳ кўтарилиб, гоҳ тушиб кетишига ғарқоб бўлиб, бу сирли ўйиннинг васвасасига учиб, кунларнинг бирида бору будидан ажраб, бозбоягидай мулла мирқуруққа айланди-қолди.
Бир қоп пул шамолга соврилди-кетди! Шунақа ҳам бўларкан-да! Мана, у яна ноумид, дардига ҳамдард йўқ, ғам-аламда қоврилиб ёлғиз ўзи мўридай шўппайиб ўтирибди... "Яхшиямки, бир йиллик муҳлат поёнига  етиб қолди, — ўзига хаёлан далда берди жаноб Т., —қотил алдамайди, у сўзида турадиган йигитлардан".
Бир йиллик муҳлатнинг тугашига эса бир ойча бор эди. Жаноб Т. ана шу охирги бир ойни не азоб-уқубатларда ўтказганини айтиб ўтириш бизнинг вазифамизга кирмайди.
Мана, ниҳоят, жаноб Т. билан ёлланган қотил келишишган бир йиллик муҳлатнинг энг сўнгги куни ҳам етиб келди, ваъдага вафо қилиб ёлланган қотил остонада пайдо бўлди.
— Бугун охирги кун, — дея кўриниш берди у.
— Э, худога шукр-ейй, — қичқириб юборди Т.  — Мана, мен тайёр!
Қизиқ, бу гапдан қотил сал довдирагандай бўлди.
— Баъзи бир ноаниқликлар бор, — чайналди у.
— Қанақа?
— Сиз... ўзингизга буни айтганман... гоҳ ўлишни истаб қоласиз, гоҳ яшагингиз кеп қолади: сизники нақ баҳор ҳавосидай.
— Ҳали шунақа денг! Унда менам эслатиб қўяй: сизга барибир эмасми, фарқи нима?
— Бошдаёқ мен ўзимнинг мулоҳазаларимни айтиб эдим, — деди норозилик билдириб қотил. — Мисол учун, агар сизни мен сиз айтган, сиз истаган пайтда гумдон қилсам...
— ...Унда сюрприз бўлмайди — меҳнатингизнинг гаштини суролмай қоласиз, шундайми? Буни мен тушунаман. Хўш, бахтиёр юрган кунларимда мени ўлдиришингизга нима халақит берди?
Ҳақиқатан ҳам бугун қотилнинг машқи паст эди, у жавоб қилиш ўрнига ялтираб турган туфлисининг ингичка тумшуқларига термилиб қолди. Шу алпозда бироз каловланиб турган қотилнинг ниҳоят берган жавоби Т.ни ҳайратга солди.
— Журъат етмади.
— Нима? Сизга-я, сиздай одамга  журъат етмади...
Қотил жаноб Т.нинг ҳаяжони босилсин деб бироз сукут сақлаб туриб, сўнг деди:
— Айб  санасангиз-да, тан олиб айтишга мажбурман: сизни гумдон қилишга журъатим етмайди.
— Ё худо, нега бунақа бўлаяпти ўзи?
— Хуллас калом, бу ишни ўйламай бўйнимга олган эканман, энди афсус қилаяпман.
— Очиқроқ гапиришнинг иложи борми?
— Рости, бизнинг шартимизга кўра, мен сизнинг ҳаётингиздан доим хабардор бўлиб туришим керак эди, доим сизни ўйлашим, сизнинг ҳолатингизга киришим лозим эди.
— Хўш?
— Эй, азиз биродар, наҳотки тушунмаётган бўлсангиз? Ҳаёт, инсон ҳаёти қанақа бўлишидан қатъи назар... Йўқ, маъзур тутасиз, очиғи, бунақа масалаларга ақлим етавермайди, мен сабабини тушунтиролмайман! Бу жуда мушкул муаммо, жуда чалкаш... Сезаяпсизми?
— Тасаввур қилингки, мен ҳеч нарсани тушунмаяпман. Ахир, гап бунда эмаску.
— Гап шунда, шунда. Ҳар қандай ишнинг, ҳатто одам ўлдиришнинг ҳам тартиб-қоидаси бўлади. Боз устига бизнинг ишимизнинг ишкал жойи ҳам бор.
— Қанақа ишкал?
— Биз сиз билан ўхшашмиз, бир-биримизга ўхшаймиз.
— Гап бу ёқда, денг! Ғоятда миннатдорман.
— Арзимайди. Айтмоқчиманки, бир пайтлар мен ўзим ҳам сизга ўхшаб аёллар ва бошқа сабаблар туфайли кўп изтироблар чекканман. Кейин эса... яна сўнг тағин...
— Тақдир мени ҳам роса сийлаган: севинчим қайғу билан, аламим ҳузур-ҳаловат билан алмашиб турган, демоқчисиз-да?
— Худди шундай, фақат фарқимиз шуки, сиз гапириб берганингизда жуда рафтор топиб гапирасиз, меники қовушмайди... Шоирона гапирасиз, сиз достон айтгандай қилиб айтасиз!
Жаноб Т.нинг назарида бу нусха гапни олиб қочаётган эди, (айни дамда ўлиш истаги) ҳам пучга чиқаётганди. Бироқ у ўзини қўлга ола билди.
— Энди бу шеъру шоирлик етмай турганди! Бас, гапдан ишга ўтиш керак, лафзни бажаринг.
Ёлланган қотил бўшанг ҳиринглади.
— Улгураман ҳали. Муҳлат оқшом соат ўн иккида тугайди.
— Майли, сизнингча бўла қолсин. Энди боринг ва қайтиб келганингизда хоҳланг хуфёна, хоҳланг очиқчасига — ишни битиринг! Фақат илтимос, мени алдаманг. Муҳими, бу — менинг умримдаги энг сўнгги оқшом бўлиши керак!
— Чучварани хом санабсиз! — заҳрини сочди ёлланган қотил сўз бойлигининг бор имкониятини ишга солиб. — Менга деса муҳлат қиёмат қойимгача чўзилмайдими, мен  сизни барибир ўлдирмайман.
— Қайси жин урди? Ҳазил ҳам эви билан-да? Хўш, билсам бўладими: балки ўзингиз айтарсиз, бу нимаси ахир, лафз қани? Сиздан нима талаб қилаётганимни жуда яхши биласиз-ку, мен ўлишни хоҳлайман, ўлишим керак, буни бир йилдан бери муштоқ бўлиб кутаётганим ўзингизга  маълум... Хўш?
Қотил кўзини олиб қочди, чап қўлининг бош бармоғи билан мўйловини  босиб силади. Сўнг мижозини ранжитиб қўйишдан чўчиган косибга ўхшаб узрли оҳангда деди:
— Бўладиган гап шу: мен сизга олти миллионни қайтариб бераман, бу пул сизга ортиқчалик қилмайди, қарабсизки, олам гулистон, ана шунда...
— Йўқ! — бақирди жаноб Т. ва овозини баттар кўтариб шовқин солди: — Йўқ! Йўқ! Сиз менинг устимдан кулаяпсиз, мени ҳақорат қилаяпсиз, ортиқ чидаёлмайман! Мен ўлишни истайман, ўлдиришингиз учун сизга пул тўладимми, тўладим. Энди мени тирик қолдиришингизга  йўл қўйиб бўпман, қайтариб берадиган пулингизни  бошингизга ёстиқ қилинг! Менга касбингизнинг обрўсини рўкач қилганингиз эсингиздами? Ҳа, ҳурматли ёлланган қотил  билиб қўйинг, менинг ҳам касбим бор, мендаям ўз касбимнинг обрўсини ўйлайдиган фаҳм-фаросат, виждон бор: бу — ўз жонига қасд қилиш касби, ўзини ўз қўли билан ўлдирувчи — худкушнинг обрўси, иззати, ҳатто айтиш мумкинки...
Ана шу дамда Т. билан ёлланган қотил туйқусдан бир-бирларига тикилиб, сукут сақлаб қараб қолишди ва... иккаласи ҳам бараварига  қаҳ-қаҳ отиб, бор овозда  кулиб юборишди.
— Жа, олдингиз лекин! — ёлланган қотил чангак бўлиб, оёғи билан ер тепиб хохолади. — Йў... йў... ҳатто хаёлингизга келтира кўрманг... ха-ха-ха, вой, ичагим узилиб кетди-ёв... зинҳор ён бера кўрманг...!
— Яна кимга, ха-ха-ха, кимга? —  аранг гапирди Т., кулгидан лавлагиси чиқиб.
— ўзингизга, унга, уларга, ҳаётга!
— Ундайми, шундайми? Керакмасми?... У ҳолда қандай бўлади?
Ҳайҳот,  бу саволга бериладиган жавоб кўп мажбурият юкларди, шу боис ёлланган қотил жавоб қилмади. У туйқусдан кулгисини тийиб, одатдагидай, керишиб ўрнидан қўзғалди.
— Соғ бўлинг. Кейинги сафаргача шу жойда тўхтаймиз. Олти миллионни мен эртага сизнинг жорий ҳисобингизга қўйиб қўяман. Хайр, яхши қолинг!
Т. бирдан ўзига келиб, яна бир нима деб эътироз билдирмоқчи бўлди, бироқ уларнинг суҳбатига сўнгги нуқтани қотил қўйди:
— Сизни менми ёки бошқа бир ёлланган қотилми — ким гумдон қилганининг нима аҳамияти бор?!

Аҳмад Отабоев таржимаси