Бўри одам йили. Стивен Кинг

«Ярим вайрона саройдаги зулмат ичида
у пахмоқ бошини кўтарди.
Унинг сап-сариқ кўзлари ёнарди.
– Мен очман, - ириллади у.»
«Бўри».
Генри Эллендер

Январ

Эҳтимол, қаерлардадир осмонда тўлин ой чарақлаб тургандир, лекин бу ерда, кичкинагина Такер Миллз шаҳарчасида, инжиқ январ ҳавоси бутун осмонни қалин қор пардаси билан тўсиб ташлаганди. Изғирин шамол қутурганича бўм-бўш кўча бўйлаб кезар, шаҳарнинг сариқ рангли қор сурадиган машиналари аллақачон қалин қор остида қолганди.
«GC&WМ» темир йўл компанияси ходими, эгнига жун пиджак кийган озғин, узун бўйли Арни Вестрам лабига «Кемел» сигаретини қистириб олганича асбоб-ускуналар сақланадиган омборда тунни ўтказаётганди. Унинг машинаси йўлда бузилиб қолган ва у тонг отишини кутиб, ўзи билан ўзи қарта ўйнаб ўтирарди. Ташқарида шамолнинг увиллаши кучайди. Вестрам бошини кўтарди ва қулоқ солди, кейин яна қарта ўйинига берилди. Бу бор-йўғи бир шамол…
Лекин шамол эшикни тирнамайди… ва ичкарига киритишларини сўрамайди.
Арни қартасини йиғиштириб, ўрнидан турди. Унинг ажин босган юзида деворда осиғлиқ турган керосин лампанинг шуъласи жилваланарди.
Ешик яна тирналди. Бирортасининг ити, ўйлади у, совуқда қолиб кетган, энди исинмоқчи. Аммо уни нимадир тўхтатиб турарди. Итни ташқарида, совуқда қолдириш бераҳмлик, албатта, ўйлади у, бироқ эшикни асло очмасликка қарор қилди. Қўрқувнинг совуқ панжалари унинг юрагини ғижимлаб турарди.
Такер Миллзда нохуш давр ҳукм сураётганди; об-ҳаво қандайдир нохушликдан дарак берар, Вестрамнинг томирида оқаётган Уелс қони эса уни бундай нарсаларга жиддий ёндашишга мажбур қиларди.
У чақирилмаган меҳмонни нима қилиш кераклигини ўйлашга улгурмади, кутилмаганда шамолнинг овозини ёвуз ўкириш босиб кетди. Эшик оғир тананинг зарб билан урилишидан титраб кетди… сўнг яна зарба берилди. Юпқа эшик зарбалардан синиб кетгудай бўлар, унинг ёриғидан қор парчалари отилиб кирарди.
Арни Вестрам талвасага тушганича эшикка тираш учун бирор буюм топиш илинжида аланглай бошлади. Аммо у синиқ стул олдига етиб боргунича номаълум мавжудот шундай кучли зарба бердики, эшик ўртасидан ёрилиб кетди.
Бир неча лаҳзаларга у узун ёриқ орасида қисилиб турди, унинг тумшуғи қаҳр билан жийирилган, сап-сариқ кўзлари ёниб турарди. Бундай улкан бўрини Арни умрида кўрмаганди…
Ва унинг ириллашида узуқ-юлуқ инсон сўзлари қулоққа чалинарди.
Ниҳоят эшик иккига бўлиниб кетди. Махлуқ хонага кирганди.
Арни бурчакка отилди ва қўлига белкуракни олди. Махлуқ полга қапишганича оловдек сариқ кўзларини бурчакдаги кишига тикканди. Унинг катта очилган оғзидан тили осилиб турар, қозиқдек курак тишлари ялтирарди.
У ириллаганича олдинга сакради. Арни Вестрам белкуракни силтади.
Фақат бир марта.
Инсон қичқириғи эшитилди ва шу заҳоти ўчди.
Худди тўлин ой қалин булутлар орасига яширинганидек, Такер Миллзга инсонлар қалбини даҳшатга солувчи хавотир яширинча кириб келди. Ҳеч қандай сабаб ва огоҳлантиришларсиз Мейн штатидаги мўъжазгина шаҳарчада қиш тунларининг бирида бўри-одам пайдо бўлди. Маҳаллий газетада илгари табиат ишқибозлари клубининг саёҳатлари ҳақида мақолалар чоп этилган бўлса, энди қайғули мавзуда хабарлар берила бошланди.
Бўри-одам даври шу тарзда бошланди.


Феврал

Авлиё Валентин куни арафасида Стелла Рандолф каравотида ётганича деразадан кўриниб турган ойни томоша қилар ва севги ҳақида ўй сурарди.
О, севги, севги. Сен қандайсан ўзи?…
Бу сафар Авлиё Валентин куни муносабати билан камтарин чевар Стелла севги изҳори битилган нақд йигирмата табрикнома олган, улар орасида Жон Траволта, Роберт Редфорд ва Пол Нюмен… ҳатто машҳур «Кисс» гуруҳи хонандаси Эйс Фрилидан келган табрикномалар ҳам бор эди. Уларнинг барчаси девордаги китоб токчасига тартиб билан териб қўйилганди. Ҳар доимгидек, бу табрикномаларни у ўзига ўзи жўнатганди.
Севги – бу тонгдаги бўса… ёки ишқий романдаги сўнгги хайрлашув бўсаси… Севги… бу оқшомдаги атиргул…
Такер Миллзда ҳамма унинг устидан кулса ҳам майли. Ёш болалар уни мазах қилишса ҳам, «семиз сигир» деб аташса ҳам майли, барибир у севги ва тўлин ойнинг нима эканлигини ҳаммадан кўра яхшироқ билади. Ва ҳозир, у ўзининг бесўнақайлигини унутганича севги келишига ўзини ишонтирарди.
Кутилмаганда кимдир деразани тирнаганга ўхшади.
У ўрнидан турди. Деразадан тушаётган ой нурини эркак кишининг шарпаси тўсиб турарди.
- Мен ухлаяпман, - ўйлади қиз, - ҳолбуки бу туш экан, мен унинг ичкарига киришига ва мен билан истаганини қилишига рози бўламан… Майли, одамлар севги ифлос, тақиқланган нарса деяверишсин… ЙЎқ, севги энг соф, энг тўғри… Севги – бу лаззат…
Ҳали ҳам туш кўраётганига ишонган қиз кўзларини ярим очганича дераза томон йўналди.
Бироқ қўли совуқ ойнага теккач, у ташқарида эркак кишини эмас, каттакон паҳмоқ бўрини кўрди, у дераза рафига панжаларини тираганича уй ичига қараб турарди.
«ЙЎқ, Авлиё Валентин тунида албатта севгим келиши керак», - ўйлади қиз. Унинг кўзлари алдаяпти холос. Албатта бу эркак киши, унинг севгиси.
Бу ойдин тунда у қизнинг олдига келган. У…
Қиз деразани очди ва юзларига урилган совуқ шамол уни бу туш эмаслигидан огоҳ этди. Ҳеч қандай киши йўқ эди ва у буни тушунди. У қўрқувдан қалтираганича ортига тисарилди ва шу лаҳзада хона ичига бўри ўқдек отилиб кирди.
Севги… бу… тунги фарёд…
Темир йўлни таъмирлаш ускуналари сақланадиган омборда яқинда Арни Вестрамнинг нимталаб ташланган танаси топилганлиги қизнинг ёдига жуда кеч тушди. Жуда кеч…
Улкан махлуқ у томон қадам ташлади. Стелла орқага тисарилди, оёғи каравотга урилиб, чалқанчасига йиқилди.
Бўри унинг устига энгашди. Қиз унинг қайноқ нафасини ҳис қилди. Бўрининг сариқ кўзлари унинг кўзларига тикилди.
- Менинг севгим, - пичирлади қиз ва кўзларини юмди.
Севги – бу ўлим…


Март


Бу йил охирги ёққан оғир ҳўл қор Такер Миллздаги барча йўлларни дарахтларнинг синган шохларига тўлдириб ташлади.
- Она табиат ўз мулкини тартибга соляпти, - деди шаҳар кутубхоначиси Милт Штурмфюллер ўзига-ўзи. У хотини билан стол ёнида ўтирганича қаҳва ҳўпларди. Ориқ, кўзлари кўк ўрта бўйли бу киши ўн икки йилдирки, хотинини хўрлаб келарди. Лекин буни ҳеч ким билмасди.
Милтга ўзи топган ибора шунчалик ёқиб тушдики, у сўзларини яна такрорлади: «Ҳа, она табиат ўз мулкини тартибга соляпти…» Шу пайт чироқ бир липиллади-ю, ўчди. Бундай бўлишини кутмаган Донна Ли Штурмфюллер қичқириб юбораркан, қаҳвасини тўкиб юборди.
- Тезда латтани ол-да артиб ташла,- деди совуқ оҳангда Милт. – Ҳозироқ.
- Ҳа, жоним, албатта.
Қоронғиликда сочиқни излаётган аёл оёғини стул қиррасига уриб олиб яна қичқирди. Эри кўзидан ёш чиққунча кулди. Унинг энг севимли машғулоти хотинига озор етказиш ва «Ридерз Дайжест» журналида чиқадиган латифаларни ўқиш эди.
Ўз мулкини тартибга солаётган она табиат қуриган шохлар билан бирга адашиб электр узатиш симларини ҳам узиб юборганди. Оғир ҳўл қор симлар устига ёғаверди, ёғаверди, натижада симлар узилиб кетди.
Бутун шаҳарча зулмат ичида қолди.
Ўз ишидан қаноатланган қор аста-секин тинди. Ҳарорат ўн олти даража совуқ эди. ЙЎллар қаҳратон совуқдан хоккей майдони сингари яхмалакка айланганди. Уйлар ҳали ҳам зулмат ичида эди. Яхмалак йўлдан юриб симларни улашга ҳозирча маҳаллий монтёр ўзида журъат тополмаётганди.
Булутлар сезиларли даражада сийраклашди ва улар орасидан тўлин ой мўралади.
Тунги жимжитликни бўрининг увиллаши бузди.
Қотиб ухлаётган эрининг ёнида ётган Донна Ли бу увиллашни жимгина тингларди. Констебл ҳам Лаурел Стритдаги уйи деразаси олдида турганича бу овозга қулоқ солди. Увиллашни бошқалар ҳам эшитишди.
Лекин овоз эгаси кимлигини ҳеч ким билмасди. Шунингдек, эрталаб симларни улаш учун Таркер Брукка борган маҳаллий монтёр кўриб қолган кўчада ётган саёқ кишининг исмини ҳам ҳеч ким билмади. Музлаб қолган жасад чалқанчасига ётар, эски палто ва кўйлаги бурда-бурда қилиб ташланганди. Унинг даҳшатдан қотиб қолган кўзлари осмонга тикилганди.
Жасад атрофи изларга тўлиб кетганди.
Бўри панжасининг изларига.


Апрел


Ой ўрталарига келиб, қор ўрнини сурункали ёмғирлар эгаллаган паллада Такер Миллз яшилликка буркана бошлайди.
Матти Теллингемнинг ҳовузидаги муз ва одамлар «катта ўрмон» деб атайдиган ўрмондаги қорлар эриб, йўқола боради. Баҳор келаётганини ҳис қилади киши.
Шаҳарча узра ваҳима кўланкаси пайдо бўлганига қарамасдан бу байрамни ҳар бир шаҳарлик ўзича нишонлайди. Хейг буви пироглар пиширади ва совутиш учун дераза токчасига териб қўяди. Якшанба кунлари руҳоний Лестер Лоу «Сулаймон подшо қўшиқлари»дан парчалар ўқийди ва «Тангри муҳаббатининг тирик булоғи» мавзусида чиқишлар қилади. Дунёвий мактаб тарафдори, атеист ва пиёниста Крис Райтсон бўкиб ароқ ичади. Такер Миллздаги ягона қовоқхона эгаси Билли Робертсон Крис Райтсонни кузатиб қўяркан, ошпаз аёлга агар бугун тунда бўри-одам бирортасини ўлдирадиган бўлса, бу қурбон албатта Крис бўлишини айтиб минғирлайди.
- Худо ҳаққи, менга уни эслатма, - деб унинг гапини бўлади ошпаз аёл.
Унинг исми Элайза Фурне бўлиб, йигирма тўрт яшар бу аёл черковга ҳар ҳафта борар ва руҳоний Лестер Лоуга бўлган яширин муҳаббати туфайли черков хорида берилиб куйларди. Аммо бу муҳаббатига қарамасдан у Такер Миллзни тарк этиб бошқа хотиржамроқ жойга кетмоқчи эди, чунки бўри-одам билан боғлиқ даҳшатли воқеалар уни хавотирга солаётганди. У Портсмутда ҳам яхшигина пул топиш мумкинлигини ва у ерда бўрилар бўлса ҳам, улар ҳарбий флот денгизчилари бўлишини ўйларди.
Ҳақиқатан ҳам, ой тўлишган пайтда Такер Миллзда тунлар даҳшатли тус оларди. Кундузи эса ҳар ҳолда яхши эди. Кутилмаганда шаҳарча осмонида варраклар пайдо бўлар, улар кундан-кунга кўпайиб борарди.
Кеча ўзининг ўн биринчи баҳорини қаршилаган Бреди Кинкейдга варрак совға қилишганди. У бугун оламдаги ҳамма нарсани унутганича куни билан варрак учирди. У кечки овқатгача уйга қайтиши ҳақида берган ваъдасини ҳам унутиб қўйганди. У ҳатто болаларнинг аллақачон уй-уйларига тарқалиб кетишганини, боғда ёлғиз ўзи қолганлигини ҳам сезмаганди.
Фақатгина ғира-шира қоронғулик атрофни қоплай бошлагани унинг боғда ортиқча узоқ вақт қолиб кетганлигини англашга мажбур қилди. Ўрмон ортидан тўлин ой кўтарилиб борарди. Бреди кечки овқатга кеч қолганидан, отаси энди уни жазолашидан ёки қоронғиликдан қўрқмаётганди.
Мактабда у бўри-одам ҳақида шивирлаб гаплашадиган ўртоқларини масхара қиларди. Аммо энди у қўрқувдан қалтирай бошлади. Болаларнинг қўрқинчли ҳикоялари энди унга ҳақиқатдек туюлаётганди.
У шошиб-пишиб ғалтагини ўрай бошлади. Варрак ҳавода чирпирак бўлиб айланди ва боладан ўнлаб қадам нарига тушди.
Бреди варраги тушган томонга қадам ташларкан, йўл-йўлакай ғалтагини ўраб борарди… бир пайт унинг қўлидаги ғалтак худди балиқ илинган қармоқ ипидек қаттиқ тортилди.
Тунги сукунатни момақалдироқдек ўкирик бузди ва Бреди Кинкейд қичқириб юборди. У ишонади, энди у болаларнинг чўпчаклари рост эканлигига ишонади, лекин энди кеч. Унинг қичқириғини бўрининг этни сескантирадиган увиллашга айланаётган ириллаши босиб кетди.
Бўри бола томон қадам ташларди. У худди одамлардек икки оёқлаб югурар, қалин жуни ой нурида ялтирар, кўзлари эса чироқ сингари ёниб турарди. Унинг одамларникидек узун тирноқли қўлида варрак ҳилпирарди.
Бреди бурилиб қочишга шайланди, лекин кучли қўллар унинг елкасидан тутди. У қон исини туйди.
Бредини эрталаб боғ ичидан топишди. Боланинг бошсиз танаси уруш қаҳрамонларига атаб тикланган ҳайкалга суяб қўйилган, бармоқлари орасига қистирилган варрак эса шамолда ўйнарди.


Май


Якшанбага ўтар кечаси руҳоний Лестер Лоу даҳшатли тушдан терга ботган ва қалтироқ босган ҳолда уйғониб кетди. У катта очилган кўзларини черков ҳовлисига қараган деразага қадади. Деразадан кўриниб турган тўлин ойнинг кумушранг нурлари полни ёритарди ва руҳоний ҳатто бўри-одамни кўришга ҳам тайёр эди. У кўзларини чирт юмди ва ёвуз кучни эслагани учун Худодан кечиришини сўраб илтижо қилди. Яратганга илтижосини у ҳар доимгидек «… Исо Масиҳ номи билан. Омин» деб тугатди.
Агар бу лаънати туш бўлмаганида эди…
У тушида черковда адашганларнинг қайтиши ҳақида маъруза ўқиётган эмиш. Черков одатдагидан фарқли равишда ибодатга келганлар билан тўла экан.
Тушида у шунчалик эҳтирос билан маъруза ўқирдики, ўнгида ҳеч қачон бундай қилмасди. У «Йиртқич бизнинг орамизда юрибди» деган мавзуда маъруза қилаётганди.
- Йиртқич, - деди у, - ҳар доим бизнинг орамизда яшириниб юради. Шайтон учун чегара йўқ. У мактабда битирув кечасида рақс тушиши мумкин. У сиздан бир қути сигарет ва гугурт сотиб олиши мумкин. У сосиска чайнаганича Бангордан келадиган автобусни кутиб Брайтоннинг дорихонаси рўпарасидаги бекатда сиз билан бирга ўтириши мумкин. Йиртқич контсерт залида сизнинг ёнингизда ўтириши ёки Мейн Стритдаги Чет ва Чоу барида олмали пирог ейиши мумкин.
- Йиртқич, - давом этди у, овозини пасайтириб. – Йиртқичдан кўзингизни узманг. Чунки у сизга жилмайиб, қўшнингиз эканлигини айтиши мумкин, лекин унга ишонманг, иниларим ва сингилларим, зеро унинг тишлари ўткир ва агар унга диққат билан қарасангиз, унинг кўзлари ўйнаётганлигини кўрасиз. У Йиртқичдир, у ҳозир шу ерда, Такер Миллзда. У…
Шу пайт у жим бўлиб қолди, унинг нотиқлик санъати ниҳоясига етди, чунки бу ерда, черковда, унинг кўз ўнгида даҳшатли воқеа юз бераётганди. Черковга ташриф буюрганларнинг юзлари ва баданлари ўзгара бошлади ва у бу ерга йиғилган уч юз нафар кишининг бўри-одамларга айланишаётганини кўрди. Шаҳар бошқаруви раиси, оппоқ ва семиз Виктор Боулнинг ранги қорая бошлади, сўнг юзларини қалин тук қоплади. Мусиқа ўқитувчиси Ваёлет Маккензи… унинг озғин танаси кутилмаганда семирди, бурни эса узун ва текис кўринишга келди. Табиатшунослик ўқитувчиси Элберт Фриманнинг танаси семириб, костюми йиртилиб кетди ва кийимлари орасидан қоп-қора қалин жунлар ўсиб чиқди. Унинг қалин лаблари очилиб, курак тишлари кўринди.
- Йиртқич… - қичқиришга уринди руҳоний Лоу, аммо тили унга бўйсунмасди ва у даҳшат ичра ортига тисарилди. Черков ходими Кел Бладвин тишларини иржайтирганича олдинга отилиб чиқди. Унинг ортидан Ваёлет Маккензи ташланди ва улар бир-бирларини тишлаб-тирнай кетишди.
Уларга бошқалар ҳам қўшилишди. Черков худди ҳайвонот боғида овқат берилаётган пайтни эслатарди. Бу сафар умумий шовқинга руҳоний Лоунинг «Йиртқичлар! Йиртқичлар биз билан! Улар ҳамма жойда бор! Йиртқичлар!!!» деган чийилдоқ овози ҳам қўшилди. Бирдан у овози бошқача чиқаётганини, гапириш ўрнига ириллаётганини сезиб қолди. Қора ридосининг енгларидан ҳам қўл эмас, узун тирноқли панжалар чиқиб турарди…
Шу пайт у уйғониб кетди.
- Бу бор-йўғи туш, - ўйлади у ўзини-ўзи тинчлантиришга уринаркан. – Худога шукр, бу бор-йўғи туш.
Лекин эрталаб черков эшигини очаркан, унинг кўзи биринчи бўлиб тушган нарса черков қоровули Клайд Корлисснинг бошсиз танаси бўлди. Руҳоний Лоу шунча дуо-илтижо қилса-да, бу туш эмасди ва у даҳшатга тушганича дод солди.
Ҳа, Такер Миллзга яна баҳор келди – у ўзи билан бирга даҳшат олиб келганди.


Июн


Йилнинг энг қисқа бу тунида Такер Миллздаги бар хўжайини Алфи Нопфлер барнинг пластик қоплама қопланган устунини ярақлатиб артаётганди. Қаҳвахона бўм-бўш бўлиб, Алфи қоронғи кўчага тикилганича мана шундай ёз тунида ўтказган илк ишқий учрашувини хотирларди. Қизнинг исми Арлена Мак Кюн эди. Ҳозир у Бангордаги адвокатга турмушга чиққан. Қандай ажойиб тун бўлганди!
Кутилмаганда эшик очилиб, ичкарига ой нури тушди. Ҳозир тўлин ой бўлгани учун Алфи қаҳвахонага ҳеч ким келмаслигига ишонарди. Одамларнинг айтишларича, ой тўлган тунда Такер Миллз кўчаларида Йиртқич пайдо бўларди. Аммо Алфи бундай эртакнамо миш-мишлардан чўчимасди, унинг оғирлиги юз килога яқин бўлиб, флотда хизмат қилган чоғида чиниққан мускуллари ҳозир ҳам анча-мунча одамни чўчитарди.
- Эҳтимол, - ўйлади у, - барни эртароқ ёпиш керакдир. Қаҳва қайнатгични ўчириб, музлатгичдан пиво оламан-да, кинога бораман. Бундай тунда пиво ичиб филм томоша қилганга нима етсин.
Айни шу лаҳзада эшик очилди ва у ичкарига кириб келган мижозга ўгирилди.
- Салом, ишлар қалай? – деди у ўзининг доимий мижозларидан бирига… унинг бундай тунда кириб келиши ажабланарли эди. Одатда, у барга эрталаб соат ўнда келарди.
Мижоз у билан сўрашди.
- Қаҳва қуяйми? – сўради Алфи.
- Агар мумкин бўлса.
«Кўринишидан, у бу ерда узоқ ўтирмаса керак. Касал бўлиб қолдимикин?» ўйлади Алфи.
Кутилмаган манзарадан унинг фикри бўлинди. Ялтироқ қаҳва қайнатгичга тикилиб тураркан, у даҳшатли ва ғайритабиий манзаранинг гувоҳи бўлди. Такер Миллздаги ҳар бир киши яхши танийдиган бу мижознинг ташқи кўриниши аста-секин ўзгара бошлади. Унинг юзи худди резина ниқобдек чўзила бошлади. Кўйлаги чок-чокидан сўкилди ва Алфининг ёдига жияни севиб томоша қиладиган фантастик филм тушди.
Бир неча сония ичида мижознинг юзи ваҳший ҳайвоннинг тумшуғига айланди, унинг жигарранг кўзларида эса сариқ-яшил учқун чақнади.
Кутилмаганда эшитилган ёввойи ўкириш қаҳрли ириллашга айланди. У – махлуқ, йиртқич ёки бўри-одам, кимлигининг аҳамияти йўқ, панжаларини пештахта устидаги қанддонга узатди ва уни деворга қаратиб отди.
Алфи қочаман деб қаҳва қайнатгични ағдариб юборди, қайноқ ичимлик унинг оёғини куйдирди. Даҳшат ва оғриқдан ўзини йўқотиб қўйган Алфи овозининг борича қичқирди.
Йиртқич ҳайвонларга хос эпчиллик билан пештахта устига сакраб чиқди. Унинг устида ҳали ҳам сўкилиб кетган кўйлак ва шимининг парчалари осилиб турарди.
Йиртқич ириллаганича Алфига ташланди. Йиртқичнинг узун курак тишлари унинг елкасига ботди. Фаввора бўлиб отилган қон ҳаммаёқни қип-қизил қилиб ташлади.
Алфи эмаклаганича қочишга уринди, қичқирмоқчи ҳам бўлди, лекин унинг кўзлари тўлин ой нуридан қамашиб кетди. Йиртқич яна унга ташланди ва Алфининг кўзларидаги ой шуъласи бутунлай сўнди.


Июл


Улар Мустақиллик кунини нишонлашни тақиқлашибди!
Мана шу сўзлардан сўнг Мартин Кослав яқинларининг норозиликларини кўрди.
- Бунчалик аҳмоқ бўлма, - деди онаси. Онаси унга кўпинча қўпол муомала қилар, унинг ногиронлиги ва бир умр ногиронлар аравачасида ўтиришга маҳкум эканлиги учун ачинаётганлигини билдирмасликка уринарди.
- Келаси йилгача кутиб тур! – деди отаси унинг елкасига шапатиларкан. – Кейинги байрам зўр бўлади! Икки баравар зўр бўлади, жин урсин! Эй-ей, ўзинг кўрасан ҳали, кичкинтой!
Герман Кослав Такер Миллздаги ўрта мактабда жисмоний тарбиядан дарс берар ва ўғлига доимо сохта самимият билан муомала қиларди. Бундан ташқари, у ҳар икки гапининг бирида «ей-ей!» деган сўзни ишлатарди. Гап шундаки, Герман Кослав тўп ортидан қувадиган, югуриб юрадиган, кўкариб кетгунча сувда чўмиладиган соғлом болалар дунёсига ўрганган, Мартини кўрганда эса асабийлаша бошларди. Ҳар сафар Мартига кўзи тушганда унинг асаби қўзирди. Асабийлашганда эса «ей-ей!», «жин урсин!» деган сўзларни ўрни келса-келмаса ишлатаверарди.
- Ха-ха! Ниҳоят сен ўзинг истаган нарсани ололмадингми! – деди опаси, Мартин ҳокимият биноси олдида йилда бир марта бўладиган мушакбозликни қандай орзиқиб кутганлигини айтганида.
Опаси Кейт ўн уч ёшда, у эса ўн ёшда бўлиб, опаси Мартин юра олмагани учунгина уни ҳамма яхши кўришига ишонарди. Шунинг учун мушакбозлик бекор қилинганидан Кейт жуда хурсанд эди.
Ҳаттоки, доим Мартиннинг тарафини оладиган бобоси ҳам унчалик жон куйдирмади.
- Байрамни ҳеч ким тақиқлагани йўқ, болагинам, - деди у ўзиюрар ногиронлар аравачасида ўтирган Мартинга. Бу суҳбат икки кун илгари, иккинчи июлда бўлиб ўтганди. – Улар бор-йўғи мушакбозлик ва сайилни бекор қилишган, холос. Сабабини ўзинг биласан-ку.
Мартин бунинг сабабини биларди. Ҳаммасига газеталар «Тўлин ой қотили» деб номлашган қотил сабабчи эди. Мартин болалардан ҳам у ҳақда кўплаб миш-мишларни эшитганди. Уларнинг айтишларича, қотил одам эмас, қандайдир махлуқ. Эҳтимол, бўри-одамдир. Мартиннинг ўзи бунга ишонмасди – бўри-одамлар фақат даҳшатли филмларда бўлади – балки у ой тўлишган тунда одам ўлдириш истаги кучаядиган қотилдир. Мушакбозлик айнан ана шу қотил сабабли бекор қилинганди.
Ҳаттоки январда ҳам, аравачада ўтирганча деразадан болаларнинг чана тортқилашларини кузатган Мартин мушакбозликни ўйлаганида ҳамма нарсани унутарди. Унинг миясини иссиқ ёз, муздай кока-кола, мушакбозлик ўтказиладиган тун ҳақидаги хаёллар банд этарди.
Енди эса байрам мушакбозлигини бекор қилишибди… Одамлар нима деса деяверишсин, лекин Мартин улар Мустақиллик кунини – унинг байрамини тақиқлашганини ҳис қиларди.
Уни тушунадиган ягона одам бугун эрталаб уларникига келган Ал тоғаси эди. У айвонда боланинг ёнида турганча унинг сўзларини тингларди. Оиланинг барча аъзолари ҳовли ўртасидаги ҳовузда қийқириб чўмилишарди.
Мартин Ал тоғасига дилидаги гапларни ҳаяжон билан тўкиб солди.
- Нимани назарда тутаётганимни тушуняпсизми? Бу онам ўйлаганидек, менинг ногиронлигим ёки бобом айтганидек, Мустақиллик куни билан мушакбозликни аралаштириб юбораётганим билан боғлиқ эмас. Фақат, сабрсизлик билан бир нарсани узоқ вақт давомида кутсанг… кейин эса шаҳар кенгашидаги жаноб Боул пайдо бўлиб, ҳаммасини йўққа чиқарса. Бу адолатдан эмас. Айниқса, бу сен учун жуда муҳим нарса бўлса, тушуняпсизми?
Ал тоға Мартиннинг куйиб-пишиб айтган сўзларидан кейин узоқ сукутга чўмди. Сукунат шунчалик узоққа чўзилдики, Мартин ҳовуз томонда кимнингдир сувга сакраганини ва отасининг «Зўр сакрадинг, Кейт! Эй-ей, гап йўқ!» деганини эшитди.
Сўнг Ал тоға хотиржамлик билан жавоб қайтарди:
- Албатта тушунаман. Биласанми, сенга бир совға тайёрлаб қўйганман. Эҳтимол, бу сенга ўз Мустақиллик кунингни нишонлаш имконини берар.
- Ўз Мустақиллик куним? Нимани назарда тутяпсиз?
- Машинам олдига борайлик. Сенга бир нарса бераман. – У Мартин оғиз очишга улгурмай бетон йўлак бўйлаб қадам ташлади.
Мартин аравачасини юргизди. Ҳовуздан узоқлашгани сари у энди оила аъзоларининг шодон қийқириқларини эмас, аравача ғилдиракларининг тарақлашини эшита бошлади.
Ал тоғанинг томи очиладиган «мерседес»и бор эди. Ота-онаси бу машинани ёқтиришмас, Мартин эса уни кўрганда ақлдан озгудай қувонарди. Бир марта Ал тоғаси уни машинасига ўтқизиб, шаҳар ташқарисида сайр қилдириб ҳам келганди.
Ал тоға машина ичидан нимадир олди ва Мартин машина олдига етиб келгач, қўлидаги тугунни унга узатди.
- Мана, ол, - деди Ал тоға. – Мустақиллик куни билан!
Дастлаб Мартиннинг кўзи хитойча ёзувларга тушди. Кейин тугунни очди. Тугун турли хил ўлчамдаги мушакларга тўла эди.
- Остидаги ипни тортиб ерга ташласанг, жуда ажойиб камалакни кўрасан. Мана буларини эса бўш шиша идишга солиб ёндирасан.
Ал тоға қийқириқлар овози келаётган ҳовуз томонга кўз ташлади.
- Раҳмат! – Ниҳоят Мартин ўзига келди. – Раҳмат, Ал тоға!
- Фақат онангга уларни қаердан олганлигингни айтма, - огоҳлантирди тоғаси. – Айтишади-ку, кўр отга кўз қисишнинг нима ҳожати бор? Келишдикми?
- Албатта, албатта, - деди Мартин шошиб-пишиб, отга кўз қисиш билан мушакбозлик орасида қандай умумийлик борлигини тушунмаса-да. – Ишқилиб, булар сизга керакмасмиди, Ал тоға?
- Керак бўлса яна топишим мумкин, - жавоб қайтарди Ал тоға. – Брижтаунда бир танишим шунақа нарсалар билан савдо қилади. – У Мартиннинг бошини силади. – Мустақиллик кунини бемалол нишонлашинг мумкин, фақат ҳамма ухлаганидан кейин. Баланд овоз чиқарадиган мушакларни отмай қўяқол, ҳаммани уйғотиб юборасан.
Ал тоға машинасига ўтирди ва калитни буради. Машина ўрнидан қўзғалди. Мартин машина кўздан йўқолгунча миннатдорчилик маъносида қаддини эгиб турди ва томоғига тиқилиб қолган тупукни ютишга уринаркан, бор кучи билан йиғлаб юбормасликка тиришди. Сўнг тугунни яшириб, аравачасини хонаси томон юргизди. У тезроқ қоронғу тушиб ҳамма ухлашини сабрсизлик билан кута бошлади.
Бу оқшом у ҳаммадан аввал ухлашга ётди. Унинг олдига онаси кирди ва (унинг адёл орасидан ингичка ёғочдек чиқиб турган озғин оёқларига қарамасликка уринаркан) хайрли тун тилаб уни ўпди. – Тузукмисан?
- Ҳа, ойи.
Онаси нимадир демоқчи бўлди, лекин сўз тополмай бошини сарак-сарак қилганча чиқиб кетди.
Сўнгра опаси югуриб кириб, унинг устига энгашди ва шивирлади: - Хўш, қалай? Сен ногирон бўлганинг учунгина истаган нарсангни олавермайсан.
- Агар менда нима борлигини билганингда оғзинг очилиб қоларди, - деди Мартин юмшоқлик билан. Кейт хонадан чиқиб кетиш олдидан унга шубҳали назар ташлади.
Охирида отаси кириб каравот четига ўтирди. – Тузукмисан, ошна? – деди у сохта қувонч билан. – Негадир эрта кунда ётиб олибсан. Жуд-да эрта.
- Чарчадим, дада.
- Ў кей, - у Мартиннинг ёғочдек оёқларига шапатилади ва ўрнидан турди. – Афсус, мушакбозликни бекор қилишибди. Ҳечқиси йўқ, келаси йили ҳаммаси яхши бўлади. Эй-ей! Хафа бўлма! – У хонани тарк этди.
Мартин жавоб ўрнига сезилар-сезилмас жилмайди.
Уйдагиларнинг жой-жойларига тарқалишларини узоқ кутишга тўғри келди. Меҳмонхонадаги телевизор ишлашда давом этар ва экрандаги омманинг сохта кулгиларини тез-тез опасининг ҳиринглаши босиб кетарди. Онасининг телефонда кимнидир табриклаётгани эшитилди. «Ҳа, - дерди у, - афсус мушакбозликни бекор қилишибди. Менимча, ҳозирги вазиятни ҳисобга оладиган бўлсак, бу жуда тўғри қарор. Ҳа, албатта, Мартин қаттиқ хафа бўлди». Суҳбат сўнгида у кулди, Мартиннинг олдида у ҳеч қачон бунақа кулмасди.
Соат миллари етти яримдан саккизга, кейин тўққизга келди, у халтанинг жойида турганлигига ишонч ҳосил қилиш учун тез-тез қўлини ёстиқ остига суқарди. Тўққиз яримда, ой анча баландга кўтарилгандагина уй аста-секин сукутга чўма бошлади. Телевизорнинг ўчирилгани ва Кейтнинг бошқа дугоналари кеч ётишлари ҳақида тўнғиллаганича ётоқхонага кириб кетгани эшитилди. Кейин эса ота-онасининг паст овозда гаплашишаётгани эшитилди. Ва…
…ва у барибир ухлаб қолибди, чунки қўлини ёстиқ остига тиққанида уйда сукунат ҳукмрон эканлигини, ой эса анча ёрқин нур сочаётганлигини англади. У шошиб-пишиб халтани ва олдиндан тайёрлаб қўйилган бир қути гугуртни олиб чўнтагига солди. У энди каравотдан тушишга тайёр эди.
Мартин учун бу қийин иш бўлса-да, лекин атрофидагилар одатда ўйлашганидек оғриқли эмасди. Унинг оёқлари сезиш қобилиятидан маҳрум эди, шунинг учун у ҳеч қандай оғриқни ҳис қилмасди. У иккала қўли билан каравот четини ушлади ва бир амаллаб оёқларини пастга туширди. Сўнг каравотидан бошланиб, бутун хонани айлантириб боғланган тутқични ушлади. Мартин тутқичга таянганича аравачасига ўзини ташлади.
Бир оз нафасини ростлагач, у диққат билан атрофга қулоқ солди. «Баланд овоз чиқарадиган мушакларни отмай қўяқол, ҳаммани уйғотиб юборасан», деганди Ал тоға. Уйдаги чуқур сукунатга қулоқ тутган Мартин тоғасининг ҳақ эканлигини тушунди. У ўз байрамини якка ўзи нишонлайди ва буни ҳеч ким билмайди. Эртага мушак қолдиқларини кўришса кўришар. Бунинг аҳамияти йўқ.
У тепкини босди. Ўзиюрар аравачанинг чироқчаси ёнди. Мартин ўнгга бурилиш тугмасини босди ва аравача ўнгга бурилди. Ташқарига чиқадиган эшикка юзлангач, Мартин «Олдинга» деб ёзилган тугмани босди, аравача олдинга юрди.
Мартин эшик зулфинини секин туширди ва ташқарига чиқди. Айвонда у халтани йиртди ва ёзнинг сеҳрли туни, чигирткаларнинг бир маромда чириллаши, билинар-билинмас шабада, баргларнинг шитирлаши ва ой ёғдуси олдида мафтун бўлиб туриб қолди.
У ортиқ кута олмасди. Мартин дастлабки мушакни олиб, гугурт чақди, мушак кўк ва яшил учқунлар сачратиб юқорига кўтарилди.
Тўртинчи июл, - ўйлади у ва унинг кўзлари чақнаб кетди. – Бу менинг, фақат менинг байрамим, менинг энг қувончли байрамим!
Мартин вақтни ўтказмасдан навбатдаги мушакни ёндирди ва сап-сариқ рангли оловдан кўз узолмай қолди. Мушак ёниб тугашини кутмасдан у яна навбатдагисини ёндирди, бу сафар қип-қизил ранглар шуъласи атрофни ёритди.
У қўли билан пайпаслаб халта ичидан бир боғлам мушакни олди. Лекин Ал тоғасининг сўзлари ёдига тушиб, уни ҳозир отиш даҳшатли ҳодиса бўлишини – мушакнинг овози ҳаммани уйғотиб юбориши мумкинлигини ўйлади.
У мушакни тиззасига қўйди ва халтани титкилаб бошқа мушакни олди. Мартин пиликни туташтириб мушакни осмонга отди.
Қондек қип-қизил шуъла ўтлоқни ёритди… ва бу ёруғлик ичида Мартин буталар орасидан ярим ириллаб-ярим йўталиб чиқиб келаётган улкан махлуқни кўрди.
У бир неча сонияга ўтлоқ четида ҳавони ҳидлаб туриб қолди, сўнг ногиронлар аравачасида қўрқувдан кўзи қинидан чиқиб кетай деб ўтирган Мартин томон қадам ташлади. У букчайганича аравачаси суянчиғига қапишди. Махлуқ худди одамлардек икки оёқда тик туриб келарди. Унинг яшил кўзлари ўртасида қип-қизил чўғ ёнарди. У аста-секин яқинлашаркан, вақти-вақти билан тўхтаб, ҳавони ҳидларди. Йиртқич узун курак тишларини кўрсатиб ириллади.
Худди одамнинг қўлига ўхшайдиган тирноқли панжалар боланинг томоғи томон чўзилди. Болакай шу онда ҳали ҳам қўлида бир боғлам мушакни ушлаб ўтирганини англади. Мартин беихтиёр гугурт чақиб, пиликни ёндирди. Пилик атрофга учқун сачратганича, вишиллаб ёна бошлади. Бўри-одам ўзини орқага ташлади ва худди одамлардек овоз чиқарди.
Шу онда Мартин қўлидаги мушакни халтага солиб, халтани бўри-одамнинг тумшуғига отди ва мушаклар бирин-кетин отила бошлади. Махлуқ этни жунжиктирадиган овозда ўкирди, оғриқ ва ғазабдан ўзини йўқотганича куйиб қолган тумшуғини ушлади. Бирданига тўртта мушакнинг отилишидан кейин Мартиннинг кўз олдида махлуқнинг чўғдек ёнаётган кўзларидан бири оқиб тушди. У яна ўкирди, бу сафар оғриққа чидолмай панжаларини юзига босди. Уйда бирин-кетин чироқлар ёна бошлади, махлуқ ортига ўгирилди ва ўкирганича ўрмон томонга отилди.
- Нима бўлди?! - ҳаяжонланиб сўради Мартиннинг онаси. Бу сафар унинг овози илгаригидек қуруқ эмасди.
- Ким у, жин ургур? – бақирди отаси.
- Мартин? – деди қалтироқ овозда Кейт. – Мартин, тузукмисан? Унинг овозида ҳам одатдаги нафрат йўқ эди.
Фақат Косло бобогина донг қотиб ухлаб ётарди.
Мартин аравачасига ҳолсизгина суянганича, мушакнинг аста-секин сўнаётганини кузатарди. У шундай даҳшатга тушгандики, ҳаттоки йиғлашга ҳам ҳоли қолмаганди. Эртасига уни Вермонт штатига, Жим тоға ва Ида холаларникига бутун ёзги таътилни ўтказиб келиш учун жўнатиб юборишди (бу политсиянинг маслаҳати билан қилинди, чунки тўлин ой қотили Мартинни хавфли гувоҳ сифатида ўлдиришга уриниши мумкин эди).
У бўри-одамнинг қўрқинчли қиёфасини кўрган ва тирик қолган илк гувоҳ эди. Ва унинг кўнглида ҳеч ким билан, ҳаттоки уни тушунадиган Ал тоғаси билан ҳам баҳам кўрмайдиган болаларча қувонч бор эди. У мушакбозлик бўлганидан бахтиёр эди…


Август


- Бўри-одам бўлганига мутлақо ишонмайман, - деди констебл Генри овозининг борича. Станнинг сартарошхонасидаги ҳамма мижозлар жим бўлишди. Такер Миллзда кейинги ўн йилликдаги энг иссиқ августнинг иккинчи ярми эди. Иккинчи кундирки, тўлин ой нур сочиб турар ва бутун шаҳар нафасини ичига ютганича навбатдаги қотилликни кутарди.
Констебл Генри йиғилганларга бир-бир кўз югуртирди ва ўз фикрини давом эттирди.
- Шундай кишилар бўладики, - деди у, - худди иккита одамга ўхшашади. Шахс иккиланишига ўхшаган нарса, тушуняпсизларми?
У йиғилганларнинг ўзига ҳурмат билан қарашаётганидан ҳузурланиб бир оз сукут сақлади, сўнг гапида давом этди.
- Бу одам ҳам ой тўлганда кўчага чиқиб одам ўлдирадиган, лекин нима қилаётганини ўзи билмайдиганлар тоифасидан бўлиши керак. Аслида у ҳар ким бўлиши мумкин – банк кассири, ёнилғи қуйиш шохобчаси механиги. Эҳтимол, у ҳозир орамизда ўтиргандир. Гаров ўйнашим мумкинки, у қалбан йиртқич, ташқи кўринишидан эса оддий одам. Лекин бўрига айланадиган одам йўқ, бу болалар учун эртак холос.
- Кославларнинг ўғли тўғрисида нима дейсан? – сўради Стан.
- Бу айнан менинг фикримни тасдиқлайди, - деди Генри. – Бундай бемаъниликка фақат болаларгина ишонишади.
Мартин Кославнинг шаҳарчада олти кишини ўлдирган қотилни кўрган биринчи гувоҳ бўлганлиги констеблнинг асабини қўзиганди. Бунинг устига, унга болани сўроқ қилишга рухсат беришмадими? ЙЎқ. Боланинг қаердалигини биладими? ЙЎқ! Чунки у оддийгина қишлоқи бир политсиячи-да! У фақат тирмизакнинг кўрсатмаларини ўқий олди холос. Агар унинг гапига ишонадиган бўлса, «йиртқич»нинг бўйи етти футдан ортиқ, бутун танаси жун билан қопланган. Унинг тишлари узун-узун, кўзлари яшил. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Унинг одам қўлларига ўхшаган қўлларида узун тирноқлари бор. Думи ҳам бор. Дум! Қандай бемаънилик!
- Балки, - деди Кенни Франклин, - балки қотил бутун аъзои баданини бўяб олган одамдир? Ниқоб таққанми?
- Бунга ишонмайман, - эътироз билдирди Генри қизишганича. - ЙЎқ, жаноб! Бунга ҳеч қачон ишонмайман! Мишиқи бола мактабда бўри-одам ҳақидаги ҳикояларни эшитиб олган ва куни билан аравасида ўтирганича у ҳақида ўйлаган. Бу мантиққа мос келади, тўғрими? Агар ўша тунда буталар орасидан сен чиқиб келганингда ҳам у барибир бўри деб ўйлаган бўларди!
Кенни илжайди.
- ЙЎқ, - минғирлади Генри. – Бу болакайнинг кўрсатмалари ҳеч нарсага арзимайди.
Мартин Кославнинг кўрсатмаларидан норози бўлган констебл Генри бошқа бир тахминини айтиб юборишига сал қолди.
- Тўртала мушак ҳам унинг юзи олдида портлаган, ҳаммаси бир вақтда. Агар унинг бир кўзи, аниқроғи, чап кўзи кўр бўлиб қолган бўлса ҳам ажабланмайман.
Агар констебл Генри бу фикрида қатъий турганида ҳам, 1984 йилнинг бу жазирама августида шаҳарчада фақат бир киши кўзини боғлаб юрганини кўриб, ўз тахминидан кулган бўларди. Шаҳарчадаги барча одамлар ичида энг охирида ўша кишидан гумон қилиниши мумкин эди. Генри қотил ўз онаси бўлиши мумкинлигига ишониши эҳтимол, лекин бу кишининг қотил эканлигига ўлақолса ишонмасди.
- Бу ишни очишнинг битта йўли бор, - деди Генри, девор ёнидаги курсида навбат кутиб ўтирган тўрт-беш кишига қарата семиз бармоғини ниқтаркан, - бу виждонли политсиячи текшируви. Ва бу ишни мен ўз зиммамга олмоқчиман. Мен қотилни тутиб келтирганимда штат федерал политсиясидаги олифталар аҳмоқона фикрларини бас қилишади.
Генрининг юзида орзу ифодаси акс этди. – У ҳар ким бўлиши мумкин, - минғирлади у. – Банк кассири… ёнилғи қуйиш шохобчаси хизматчиси… кеча барда сен билан бирга пиво ичган йигит. Ҳақиқий политсиячи бу жумбоқни ечади. Сўзларимни ёдда тутинглар.
Ой шуъласида кумушдек товланган улкан бўри Такер Миллзга чиқиш йўлидаги чорраҳада турган «додж-пикап» машинаси ичига кириб олгач, Генрининг политсиячилик фаолияти барҳам топди.
У ириллашни эшитди ва худди ҳайвонот боғидаги шернинг қафасидан келадиган ҳидга ўхшаш ҳидни туйди.
Орқасига ўгириларкан, у ям-яшил кўзни кўрди. Катта жағлар очилгач, унинг кўзи узун тишларга тушди. Йиртқич мазах қилгандек ўткир тирноқлари билан унинг юзини тирнади. Қон тизиллаб отилди. Генри елкасида қайноқ қонни ҳис қилди. У қичқириб юборди. Йиртқичнинг ортида тўлин ой хира нур сочарди.
Генри камарига қадалган тўппончасини унутиб қўйганди. Виждонли политсиячи текшируви ҳам унинг эсидан чиқиб кетганди. Бунинг ўрнига унинг хаёлига эрталаб сартарошхонада Кенни Франклин айтган сўзлар келди. «Балки, қотил бутун аъзои баданини бўяб олган одамдир? Ниқоб таққанми?».
Бўри-одам унинг томоғига чанг солаётганда Генри ниқобнинг йиртилган овозини эшитиш ва қотилнинг юзини кўриш умидида жонҳолатда йиртқичнинг тумшуғидан чангаллаб тортди.
Лекин ғазаб ва оғриққа тўла йиртқич ўкиригидан бошқа ҳеч нарса юз бермади. Тирноқли қўл - ҳа, у айнан қўлни кўрди, қандай ғайритабиий бўлмасин, болакай ҳақ экан – унинг томоғини йиртиб ташлади. Машина ойнаси қонга бўялди.
Бўри-одам Генрининг янги қиртишланган бошидан тортиб машина ичидан чиқарди. Сўнгра тантанавор ириллади ва политсиячининг бўйнига тишини ботирди.


Сентябр


Ой охирлаб борар, тўлин ой кечаси яқинлашиб келмоқда эди ва Такер Миллзнинг саросимага тушган аҳолиси қўрқув билан ой тўлишини кутарди, лекин ҳеч нарса юз бермади. Дунёнинг қаеридадир бирин-кетин бейсбол мусобақалари ўтар ва футбол мавсуми бошланганди; Канада тоғларида эса қалинлиги бир фут қор ёққанди. Лекин ер шарининг бу бурчагида ҳали ҳам ёз ўз ҳуқуқини талаб қилаётганди. Уч ҳафта илгари болалар мактабга қайтишганди. Зерикарли синф хоналарида куйиб-пишиб ўтиришга маҳкум бу болалар ўзларича бахтсиз эдилар. Эр ва хотинлар ҳеч қандай сабабларсиз жанжаллашишарди. Шаҳарчага кираверишда жойлашган ЎНилнинг ёнилғи қуйиш шохобчасида қандайдир сайёҳ Паки ЎНил билан бензин нархи масаласида жанжаллашиб қолди ва Паки уни бензин шланги билан бир солди. Оқибатда Ню жерсилик йигитчанинг юқори лаби йиртилди. У тишларини ғижирлатиб аллақандай суд жараёнлари ҳақида ғўлдираганича узоқлашди.
- Билмадим, унга яна нима керак эдийкин, - деди Паки кечқурун қовоқхонада. – Мен уни сал туртиб қўйдим холос, тушундингми? Агар уни бор кучим билан урганимда унинг оғзини бутунлай қийшайтириб қўярдим, тушундингми?
- Албатта, - деди Билли Робертсон, худди агар унинг сўзини маъқулламаса Паки уни ҳам урадигандек. – Яна пиво ичасанми, Пак?
Милт Штурмфюллер хотинини идиш ювиш машинаси ювган ликопда тухум қолдиғи қолганлиги учун калтаклаганди. У ликопдаги сариқ доғга қаради ва хотинини боплаб туширди. Паки ЎНил айтганидек, Милт уни «бор кучи билан» урди.
- Лаънати, - деди у бурни қонаб ерда ётган Донна Лининг тепасида тураркан. – Онамнинг идиш ювиш машинаси бўлмаса ҳам идиш-товоқлар доим тоза турарди. Сен нима қиляпсан?!
Кейинроқ Милт Портленд касалхонасидаги шифокорга Донна Ли зинадан йиқилиб тушганлигини айтади. Тўққиз йилдан буён оилавий контслагерда яшаётган Донна Ли буни тасдиқлайди.
Кеч соат еттиларда тўлин ой кўтарилди, шамол турди – узундан-узоқ давом этган ушбу мавсумдаги дастлабки совуқ шамол. У шимол томондан булутларни ҳайдаб келди ва ой гоҳ уларнинг ортига ўтиб, гоҳ яна пайдо бўлиб булутлар билан бир оз беркинмачоқ ўйнади. Сўнгра булутлар қалинлашди ва ой ғойиб бўлди. Ҳаво тундлашди. Ҳамма уйига шошиларди.
Тунги соат иккиларда шаҳардан йигирма мил нарида жойлашган Веси Стедж Роуддаги Алмер Синнеманнинг чўчқахонасида даҳшатли чийиллаш эшитилди. Алмер пижамасини елкасига ташлади, шиппагини кийди ва қуролини олиш учун ўрнидан турди. Хотини Алмердан унинг ташқарига чиқмаслигини ўтиниб сўрай бошлади.
Алмер уни итариб юборди ва эшик ёнида турган милтиғини қўлига олди. Унинг чўчқалари нафақат чийиллашар, балки худди тушида одамхўр қотилни кўрган ёш қизчалардек юракни ларзага солиб қичқиришарди.
У милтиқ тепкисини туширмоқчи бўлди ва даҳшатли овозни эшитиб, турган жойида қотиб қолди. Бу бўрининг увиллаши эди, лекин унда қандайдир инсоний овоз бор эди ва бу овоз Алмер Синнеманни ортига, ошхонага қайтишга мажбур қилди. Алмер хотинини қучоқлади, улар диванга ўтиришди ва худди ёш гўдаклардек қалтирай бошлашди.
Чўчқаларнинг чийиллаши аста-секин тина бошлади ва тез орада бутунлай тўхтади. Ҳа, улар чийилламай қўйишди. Уларнинг овози бирин-кетин ўчди. Йиртқич яна увиллади. Унинг овози қўрқинчли эди.
Алмер деразага яқинлашди ва ниманингдир – айнан нима эканлигини англолмади – бир сакраб қоронғуликка сингиб кетганини кўрди.
Сўнгра дераза ойналарини ювганича ёмғир ёғди. Бу илк, ҳақиқий куз ёмғири эди.
Ерталаб Алмер чўчқахонасида ўзи тахмин қилган манзаранинг гувоҳи бўлди. Тўққизта чўчқанинг барчаси ва иккита сигири ўлиб ётар, уларнинг танаси бўлиб ташланган, ярим ейилган ҳолатда эди. Уларнинг чаноғидан чиқиб кетган кўзлари кузнинг совуқ осмонига тикилганича қотиб қолганди.
Алмернинг Минодан етиб келган укаси Пит унинг ёнида турарди. Улар узоқ жим туришди. Кейин Алмер анчадан буён ўйлаётган гапини гапирди.
- Суғурта айрим нарсаларни қоплайди. Ҳаммасини эмас, айримларини. Қолганига мен зарар кўрадиган бўлдим. Ҳарқалай, одамлардан кўра чўчқаларнинг ўлгани яхшироқ.
Пит бош ирғади ва кескин деди:
- Балки, етар!
- Нимани назарда тутяпсан?
- Нимани назарда тутаётганимни биласан. Келаси тўлин ой кечасида 40 киши ўлади, ёки 60, ёки 160… Аҳмоқ ҳам тушуниб турган нарсани тушунмасликка олишнинг кераги йўқ. Буни қара, худо ҳаққи!
Пит ерга имо қилди, чўчқаларнинг нимталанган таналари ёнида катта-катта излар бор эди.
Улар бўри изига ўхшарди ва айни пайтда ҳайратланарли тарзда инсон оёқ изларини эслатарди.
- Мана бу лаънати изларни кўряпсанми?
- Ҳа,- жавоб берди Алмер.
- Булар бўри-одамнинг излари, - деди Пит. – Сен буни биласан, Алис ҳам билади, шаҳардаги деярли барча одамлар буни билишади. Жин урсин, ҳатто мен ҳам биламан!
У акасига қаради. Сўнг яна гапида давом этди.
- Бас, бунга чек қўйиш керак.
Алмер узоқ ўйланди ва жавоб қайтарди:
- Розиман, лекин келаси тўлин ойда эмас.
- Ноябргача кутмоқчимисан?
Алмер бош силкиди.
- Ўрмон сийраклашади ва изларни топиш осон бўлади.
- Келаси ой бўлмайдими?
Алмер Синнеман нимталанган чўчқаларига, сўнгра укасига қаради.
- Одамлар янада эҳтиёткорроқ бўлишлари лозим, - деди у.


Октябр


Мартин Кослав Хеллоуин байрамида совғалар олиб уйга қайтганида, уй бўм-бўш эди. У аравачасида тўғри ётоқхонасига кирди ва ярим ойнинг юлдузлар билан бурканган совуқ осмонга кўтарилишини томоша қилиб ўтирди. Ташқарида, айвонда совуқ шамол хазонларни чирпирак қилиб айлантирарди. Такер Миллзда октябрдаги тўлин ой кечаси ҳеч қандай қотилликсиз ўтди. Айримлар – улардан биринчиси Стенли Пелки – сартарош ва яна бири – Кел Болдуин – бу ердаги ягона автодўкон соҳиби, даҳшат тамом бўлганига ишонишарди: қотил ўрмонда яшаб юрган бирор дайди бўлса керак, энди у бу ердан кетган ва қайтиб келмайди. Бошқалар эса бундай фикрда эмасдилар. Улар ҳисоблаб юришарди: ой тўлган туннинг эртасига ўрмондан нимталаб ташланган тўртта буғу топилганди. Узун куз оқшомларида қовоқхонада пиво ичиш баҳонасида қайноқ баҳс-мунозаралар авжига чиқарди.
Мартин Кослав эса биларди.
Ўша Хеллоуин оқшомида кўчага чиқишганида, отаси унга резина ниқоб олиб берди. Мартин ниқобни тақиб олди. У аравачасида ўтирар, жонсиз оёқларини шол рўмол ёпиб турарди.
Мартинни отаси фургон машинада олиб юрарди: унда махсус релс бўлиб, Мартин аравачасида машинадан бировнинг ёрдамисиз туша оларди. У тиззасига халта қўйиб олганди ва улар йўл бўйидаги барча уйларга кириб чиқишди. Қовоқхона, Сникерс бари, католик руҳонийси уйи, Чанки бари ва баптист руҳонийси уйида унинг халтаси тўлди. Кейин улар Рендолфларникига, Куинларникига, Диксонларникига ва яна ўнлаб уйларга боришди. Мартин уйига бир халта ширинлик ва кутилмаган ҳодисадан қўрқув билан қайтарди.
У биларди.
У бўри-одамнинг кимлигини биларди.
Мартин борган уйлардан бирида, Йиртқичнинг шахсан ўзи, тўғри, тўлин ой бўлмаганлиги учун у одам қиёфасида эди, Мартиннинг ниқоб остидаги юзи девордай оқариб кетганини ва қўлқоп ичидаги бармоқлари маҳкам сиқилганини сезмаган ҳолда, унинг халтасига қанд ташлади. Бўри-одам Мартинга қараб жилмайди ва унинг бошини силади.
Ҳа, у бўри-одам эди. Мартин буни билди. Мартин унинг кўзида тасма борлиги учунгина билгани йўқ. Бу инсон қиёфаси билан бундан тўрт ой илгари ёз тунида кўзидан ажралган йиртқич тумшуғи орасида сезилар-сезилмас умумийлик бор эди.
Вермонтдан Такер Миллзга қайтганидан бери Мартин ҳушёр юрар, эртами-кечми бўри-одамни учратишига ва уни танишига ишонарди, чунки у бир кўзли одам бўлиши керак эди.
У политсияга бўри-одамнинг бир кўзи оқиб тушганлигини айтганида, улар Мартиннинг бу сўзларига бош ирғаб қўйишди, лекин унга политсиячилар ишонишмагандай туюлди. Эҳтимол, уни ёш бола дейишгандир ёки ўша тунда улар бу воқеани ўз кўзлари билан кўрмаганликлари учундир. Нима бўлганда ҳам бунинг аҳамияти йўқ эди – Мартин унинг кимлигини биларди.
Такер Миллз – кичкина шаҳарча, лекин шу кунгача Мартин бир кўзли кишини учратмади, сўраб-суриштиришга эса ботинмади. Барибир Такер Миллз – кичкина шаҳарча. Эртами-кечми у Йиртқични ўз инсоний қиёфасида кўради. Уйга қайтаркан, жаноб Кослав Мартин бугунги байрамда чарчаганлиги учун жим бўлиб қолди, деб ўйлаётганди. Аслида бундай эмасди. Мартин ўша мушак отилган тундан бери ҳеч қачон ўзини бунчалик тетик ва бардам ҳис қилмаганди. У бўри-одамни топиш учун олтмиш кун керак бўлганлигини ўйларди. Ахир Мартин католик эди ва шаҳар четидаги черковга қатнарди.
Унинг халтасига ширинлик ташлаган ва бошини силаб қўйган бир кўзи боғлиқ киши католик эмасди. Йиртқич Лестер Лоу – баптист черковининг руҳонийси эди.
У эшик кесакисига суяниб, жилмайди. Мартин сариқ рангли тасмани аниқ кўрди. Тасма руҳоний отага қароқчи қиёфасини берганди.
- Кўзингизга нима бўлди, ҳазрат Лоу? – деди жаноб Кослав. – Умид қиламанки, бу жиддий эмас.
Ҳазрат Лоу маъюс жилмайди. У бир кўзидан ажралганди, лекин ҳаммаси Худонинг иродаси. У яна Мартиннинг бошини силаб қўйди.
Шундай қилиб, Мартин октябр шамолининг қўшиғи, сўнгги баргларнинг шитирлашига қулоқ солиб, ярим ойга тикилганича каравотида ётарди.
У битта нарсани ўйларди: энди нима қилиш керак?
У ҳозирча нима қилишни билмас, лекин бу саволга албатта жавоб топишини ҳис қиларди.
Болакай ухлаб қолди, Такер Миллзда эса шамол ғувиллагнича октябрни қувиб, ўзи билан кузнинг сўнгги ойини олиб келмоқда эди.


Ноябр


Такер Миллзга тунд ноябр кириб келди.
Руҳоний Лестер Лоу эшиги олдида турганича кўчада юз бераётган воқеаларни кузатаётганди. У ҳозиргина почта орқали олтита китобча ва битта хат олганди.
Кўчада машиналар тизилиб кетганди. Улар шаҳардан чиқиб кетаётганди.
Об-ҳаво маълумотига кўра, қор ёғиши керак эди. лекин машиналардаги кишиларни бу нарса қўрқитолмасди. Улар ов кийимларини кийиб олишган, қўлларида қурол, ёнларида този итлари бор эди. Тўртинчи кундирки, Алмер Синнеман ва унинг укаси Пит бошчилигидаги бу кишилар шаҳар ташқарисига чиқишаётганди.
Ой тўлишига оз қолганди. Қуш овлаш мавсуми аллақачон тугаганди. Буғу овлаш мавсуми ҳам. Лекин улар учун бўри-одам овлаш мавсуми энди бошланганди.
Бу одамларнинг айримлари шунчаки бекорчихўжалар ва ушбу сафар улар учун ўрмонда дам олиш, пивохўрлик қилиш, олмахон ва қарға отиш учун бир баҳона эканлигини руҳоний Лоу биларди.
Улар ҳақиқий йиртқичлар, ўйлади Лоу ва қўлини беихтиёр июлдан бери кўзига боғлаб юрган тасмага узатди.
Охирги машина кўздан ғойиб бўлди. Ҳа, уларнинг айримлари шунчаки бекорчилар, лекин айримлари – масалан, Алмер ва Пит Синнеманлар - ўта хавфли.
«Агар бу махлуқ, ким бўлишидан қатъи назар – одамми ёки ҳайвонми – овга чиқса, итлар унинг изига тушишади. – Руҳоний Лоу икки ҳафта илгари сартарошхонада Алмернинг мана шу сўзларини эшитганди. – Агар у пайдо бўлмаса, биз кимнингдир ҳаётини, ҳеч бўлмаганда, бирортасининг чорвасини сақлаб қолган бўламиз».
Ҳа, улардан айримларининг - ўн кишими, эҳтимол йигирма кишидир – қўлидан иш келади. Лекин руҳоний Лоуни улар эмас, бошқа нарса ташвишга солаётганди.
Хатлар, мана нима ташвишга солаётганди уни. Ёш бола қўли билан ёзилган хатлар. У бугун келган хатга қаради. Илгаригилари билан бир хил ёзув: «Руҳоний Лоуга, баптист руҳонийси уйига, Такер Миллз, Мейн 04491».
Ва яна ўша туйғу… қуршовга тушган махлуқ туйғуси. У итлар қуршовига тушган – жангга тайёр, лекин айни пайтда итлар томонидан ёриб ташланишини тушуниб турган тулки таҳлика остида нимани ҳис қилишини тасаввур қилди.
У эшикни оҳиста ёпди ва бобосидан қолган соат ҳар бир сонияни санаб турган меҳмонхонага кирди; у ўтирди, Миллер хоним ҳафтада икки марта артадиган стол устига диний китобларни қўйди ва янги келган хатни очди. Олдин келган мактублардаги сингари унда ҳам на салом-алик, на имзо бор эди. Мактаб дафтаридан йиртиб олинган бир парча қоғозга шундай сўзлар ёзилганди:
«Нега ўзингизни ўлдирмаяпсиз?»
Руҳоний Лоу қалтираётган қўли билан юзини чангаллади. Бошқа қўлидаги қоғозни ғижимлади ва стол устидаги кулдонга ташлади. У чўнтагидан гугурт чиқарди ва илгаригилари каби бу хатни ҳам ёқиб юборди. У хатнинг ёнишини диққат билан кузатиб турди.
Ўзининг аслида ким эканлиги ҳақидаги фикр Лоунинг миясига икки томондан келганди. Биринчидан, май тунидаги даҳшат – тушида черковдаги барча одамларнинг бўрига айланиб қолиши, кейин эса Клайд Корлисснинг ёриб ташланган жасади топилиши. Ўшанда у илк бор ўзида… қандайдир ўзгариш бўлаётганини сезганди. У буни нима деб аташни билмасди. Лекин нимадир жойида эмасди. У баъзида эрталаблари, тўлин ой пайтида ажабланарли тарзда тетик, бардам ҳолда уйғонарди. Бу ҳиссиёт аста-секин йўқолиб борар ва ой тўлишган пайтда яна пайдо бўларди.
Туши ва Корлисснинг ўлимини эсларкан, у шу пайтгача ўзи рад этиб келган бошқа далилларни ҳам тушуна бошлади. Масалан, ифлос ва йиртилиб кетган кийимлар, танасидаги кўкимтир доғлар ва яралар (улар мутлақо оғримас ва жуда тезлик билан битиб кетарди). У ҳаттоки баъзида қўллари ва… лабларида қотиб қолган қон доғларини ҳам рад этарди.
Иккинчидан, 5 июл куни у эрталаб бир кўзидан ажралган ҳолда уйғонганди. Худди кўкимтир доғлар ва тилинган излардаги сингари у бу сафар ҳам ҳеч қандай оғриқни сезмади – фақатгина чап кўзи ўрнида бўшлиқ пайдо бўлганди. Энди ҳаммаси аён бўлган, рад этишнинг иложи йўқ эди: у – бўри-одам, у – Йиртқич.
Кейинги уч кун давомида уни яна ўша таниш ҳиссиёт чулғаб олди. Бугун ой тўлади ва овчилар итлари билан изғиб юришади. Хўш, нима бўпти! У улар ўйлагандан кўра ақллироқ. Улар бўри-одам ҳақида гапиришяпти, лекин одамни эмас, фақат бўрини назарда тутишяпти. Улар ўз машиналарида юришади – у ҳам ўз машинасида юраверади. Бугун, тушдан сўнг, у Портленд йўлидаги бирорта меҳмонхонага боради. Бўрига айланганида эса унинг ёнида ҳеч ким, овчилар ҳам, итлар ҳам бўлмайди. ЙЎқ, улар уни қўрқитолмасди, у улардан қўрқмайди.
«Нега ўзингизни ўлдирмаяпсиз?»
Дастлабки хат шу ойнинг бошида келганди. Унда шундай сўзлар бор эди:
«Кимлигингизни биламан!»
Иккинчисида шундай ёзилганди: «Агар Худога ишонсангиз – шаҳардан кетинг. Одамларни эмас, ҳайвонларни ўлдиришингиз мумкин бўлган бирор жойга кетинг».
Учинчи мактуб:
«Бас қилинг!»
Бор-йўғи шу - «Бас қилинг!»
Енди эса:
«Нега ўзингизни ўлдирмаяпсиз?»
Чунки бундай қилишни истамайман, жаҳл билан ўйлади руҳоний Лоу. Менга нима бўлганини тушунтириб беролмайман. Мени бўри тишламаган, лўли аёл қарғамаган. Бу шунчаки… шунчаки содир бўлди. Бир куни, ўтган йилнинг ноябрида, Саншайн Хилл қабристонида бир неча дона гул уздим ва уларни черковдаги гулдонга солиб қўймоқчи бўлдим. Мен илгари бундай гулларни кўрмагандим… Шаҳарга қайтгунимча улар сўлиб қолди. Ҳаммаси қорайиб кетди. Эҳтимол, бу ўшанда бошлангандир. Бундай ўйлашга сабаб йўқ, албатта, лекин барибир… Мен ўзимни ўлдирмайман. Йиртқич улар, мен эмас!
Лекин хатларни ким ёзяптикин?
У билмасди. Мартин Кославга бўлган ҳужум ҳақида Такер Миллз газеталарида ҳеч қандай хабар берилмаган, миш-мишларга қулоқ солишни эса Лоу ўз қадрини ерга уриш деб биларди. Хеллоуин байрамига қадар Мартин Лоу ҳақида билмагани каби, руҳоний Лоу ҳам Мартин ҳақида ҳеч нарса билмасди. Йиртқич қиёфасида ўзи билан нималар содир бўлиши ҳақида эса ҳеч қандай тасаввурга эга эмас, фақат бу даврнинг бошланишидаги хавотир ва ундан кейинги қониқиш ҳиссини биларди, холос.
Мен Худога ишонаман, ўйлади у, хонада борган сари тезроқ юраркан. Унга меҳмонхона торлик қила бошлади. Мен Худога ишонаман ва ўзимни ўлдирмайман. Мен яхши ишлар қиламан ва агар баъзида ёвузлик қиладиган бўлсам нима бўпти – менгача ҳам одамлар ёвузлик қилишган; ёвузлик ҳам Худонинг иродаси, агар мен лаънатланган бўлсам, Яратган мени кечиради ва ўз даргоҳига қабул қилади. Ҳамма нарса Яратганга боғлиқ… У ким экан-а? Қандай қилиб билсам бўлади? Тўртинчи июл куни кимга ҳужум қилганман? Кўзимдан қандай ажрадим? Нима учун у шу пайтгача жим юрди? Итларингизни тезроқ йўқотинглар. Тезроқ…
У тобора тезроқ юра бошлади, ундаги зўриқиш кучайди ва у сийрак соқоли қалинлашаётганини, ягона кўзи эса яшил тусга кираётганини сезмади. У энкайди ва ўзи билан ўзи гаплаша бошлади… лекин унинг сўзлари ириллашга айланиб борарди. Ниҳоят, кун тун билан алмашди. Лоу ошхонага отилди, кийим илгичда турган машина калитини олди ва гаражга чопди. У Портлендга йўл олди. Дастлабки қор учқунлари машина чироқлари нурида рақс тушганича ерга тушарди. Лоу булутлар ортидаги ойни, унинг кучини ҳис қилди, кўкрак қафаси оқ кўйлагини йиртганича кенгая бошлади.
У радио мурватини буради ва ўзини шунчаки… зўр ҳис қилди! Ўша тунда юз берган нарса ё Худонинг жазоси, ёки тақдир ҳазили эди – бу жуда кулгили, чунки Лоу Йиртқичга айланиш учун Портлендга кетганди, у ўлдирган одам эса Такер Миллзда яшайдиган Милт Штурмфюллер бўлиб чиқди… Эҳтимол, Худо шундай бўлишини истагандир, чунки Такер Миллздаги энг аблаҳ одам айнан Милт Штурмфюллер эди. У ўша тунда худди илгаригилари каби хотини Донна Лига иш билан кетаётганлигини айтиб уйдан чиқиб кетган, унинг «иши» эса Донна Ли анчадан буён бермай қўйган лаззатни берувчи Рита Теннисон исмли фоҳиша эди.
Руҳоний Лоу Портленд-Вестбург шоссеси бўйидаги «Орифтвуд» меҳмонхонасига келган ва Милт Штурмфюллер билан Рита Теннисон ҳам ўша ноябр тунида ўз ишларини бажариш учун айнан мана шу меҳмонхонани танлашганди.
Милт кеч соат ўндан ўн беш дақиқа ўтганида машинасида қолдирган ичкиликни олиб келиш учун ташқарига чиқди. У ой тўлган мана шундай тунда Такер Миллзда эмаслигидан ўзини-ўзи табриклади ва айни шу лаҳзада машина томидаги бир кўзли Йиртқич бир ҳамла билан унинг бошини узиб ташлади. Милт Штурмфюллер эшитган сўнгги нарса бўри-одамнинг тантанали увиллаши бўлди; унинг боши машина остига юмалади, унинг кўзлари очиқлигича қотиб қолган, бўйнидан қон шовиллаб отиларди. Йиртқич унинг жасади устига энгашди ва ютоқиб қон ича бошлади.
Ертасига эса Такер Миллздаги уйида ўзини шунчаки… зўр ҳис қилаётган руҳоний Лоу қотиллик ҳақида газетада ўқийди ва шундай ўйлайди: «У яхши одам эмасди. Бу Худонинг иродаси».
У яна шундай деб ўйлайди: «Менга хат ёзаётган бола ким экан-а? Июлда кимга ташлангандим? Буни аниқлаш керак. Энди миш-мишларга қулоқ солмасам бўлмайди».
Руҳоний Лоу кўзидаги тасмани тўғрилади, газетани ёпди ва ўйлади: «Ҳаммаси Яратганнинг иродасига боғлиқ, агар Худо хоҳласа, мен уни топаман. Ва овозини ўчиришга мажбур қиламан. Бир умрга».


Декабр


Янги йил киришига ўн беш дақиқа қолганди. Дунёнинг бошқа жойларида бўлгани каби йил охирига етаётган ва ҳамма ерда бўлганидек, Такер Миллзда ҳам ўзгаришлар юз берганди.
Милт Штурмфюллер ўлган ва унинг ниҳоят қулликдан қутулган беваси Донна Ли шаҳардан кўчиб кетганди. Айримлар унинг Бостонга, айримлар эса Лос Анжелесга кетганини айтишарди. Бир аёл шаҳарчада китоб дўкони очганди, дўкон ёниб кетди. Сартарошхона ва қовоқхона, Худога шукрки, ўз жойида эди. Марҳум Клайд Корлисснинг қўлидан ҳеч нарса келмайдиган укалари Алден ва Эррол ҳали ҳам тирик эдилар. Шаҳарда энг ширин пирог пиширадиган Грамма Хейг инфарктдан вафот этганди. Тўқсон икки ёшли Вилли Харрингтон Болл стритдаги уйида сирғаниб йиқилиб тушиб оёғини синдириб олганди. Мактаб директори Олли Паркернинг бурнидан қон кетиб, кучли зўриқиш деган ташҳис қўйилди. Яхшиямки, миянгиз оқиб кетмабди, деди шифокор, унга қон босимига қарши дори ёзиб бераётиб ва Оллига қирқ фунтга озишни маслаҳат берди. Ажабланарлиси шундаки, Олли Рождествогача йигирма фунтга озди. У ўзини бутунлай бошқа одамдек ҳис қиларди. «У тўшакда ҳам бошқа одамга айланди», деб мақтанди унинг хотини сирдош дугонаси Дейл Барнига. Варрак мавсумида Йиртқич ўлдирган Бреди Кинкейд ҳали ҳам ўлганлигича қолган, ногиронлар аравачасида ўтирадиган Мартин Кослав эса илгаригидай ногирон эди.
Нимадир ўзгарган, нимадир асл ҳолича қолган ва Такер Миллзда йил қандай – кучли шамол ва Йиртқичнинг кўринмас ташрифи билан – бошланган бўлса, шундай охирига етаётганди.
Кославларнинг меҳмонхонасида Мартин ва тоғаси Ал ўтиришарди. Улар телевизорда Дик Кларкнинг янги йил шоусини томоша қилишаётганди. Мартиннинг тиззасида 38-калибрли «колт» тўппончаси ётарди. Унинг ичида соф кумушдан тайёрланган иккита ўқ бор эди. Алнинг Хемденда Мак-Катчен исмли дўсти бор эди. Бир неча марта рад этишлардан сўнг у Мартиннинг кумуш қошиғини эритишга ва иккита ўқ ясаб беришга рози бўлганди.
- Бунинг ишлашига кафолат беролмайман, - деди Мак-Катчен Алга, - лекин ишлаши керак. Менга қара, кимни ўлдирмоқчисан, бўри-одамними ёки қонхўр махлуқними?
- Иккаласини ҳам, - деди Ал унга жавобан куларкан. – Бу менинг жиянимга. У даҳшатли филмларни севиб томоша қилади ва ўйлайманки, бу унга зўр совға бўлади.
- Бўпти, ўқ отилганидан сўнг уни топсанг, менга олиб келиб бер, - деди Мак-Катчен. – Унга нима бўлишини кўрмоқчиман.
Ростини айтганда, Ал нима қилишга ҳам ҳайрон бўлиб қолганди. У Такер Миллзда тўртинчи июлдан бери бўлмаган ва Мартинни ўшандан буён кўрмаганди. Унинг опаси, Мартиннинг онаси Алнинг совғасидан тепа сочи тикка бўлганди.
- Аҳмоқ, унга бирор нарса бўлиб қолса нима қилардинг? Қилаётган ишингни ўйладингми?! – қичқирди у телефонда.
- Айтишларича, уни айнан мушак сақлаб қолибди-ку, - ўзини оқлашга уринди Ал, лекин телефонда қисқа гудок товушини эшитди. Опаси қайсар аёл эди. эшитгиси келмаган нарсани эшитмасди.
Кейин эса, шу ойнинг бошида Мартин қўнғироқ қилди.
- Сиз билан кўришишим керак, Ал тоға, - деди у. - Фақат сизга айтадиган гапим бор.
- Ойинг билан уришиб қолганман, - жавоб қилди Ал.
- Бу жуда муҳим, - деди Мартин. – Илтимос!
У келди ва опасининг таъналарини сабот билан тинглади, сўнг Мартин билан бирга сайр қилишга рухсат сўради.
Декабрнинг аёзли, очиқ куни эди. Ал тоғаси уни машинасига ўтқазди ва улар йўлга тушишди. Ал тоға Мартиннинг ҳикоясини хавотир билан тинглади.
Мартин ҳикоясини мушакбозлик қилган тундан бошлади. У мушак отиб Йиртқичнинг чап кўзини чиқарганини айтиб берди. Кейин эса Хеллоуин байрами, руҳоний Лоу ва имзосиз хатлари ҳақида айтди. Портлендда Милт Штурмфюллер ўлдирилганидан сўнг ёзилган икки хатга имзосини қўйганини ҳам айтди.
- Унга ҳеч қандай хат ёзмаслигинг керак эди, - деди Ал тоғаси. – Э, Худо, Мартин, сен адашаётган бўлишинг мумкинлиги хаёлингга келмадими?
- Келди, - деди Мартин. – Шунинг учун ҳам охирги икки хатга имзо қўйдим. Кейин нима бўлганини сўрамайсизми? У отамга қўнғироқ қилиб хат ёзаётганимдан шикоят қилган-қилмаганлигини сўрамайсизми?
- У бундай қилмадими? – сўради Ал қандай жавоб бўлишини сезган ҳолда.
- ЙЎқ, - деди Мартин. – У отам билан ҳам, онам билан ҳам, мен билан ҳам гаплашмади.
- Мартин, унинг бундай йўл тутганига юзлаб сабаблар бўлиши мумкин.
- ЙЎқ. Фақат битта. У – бўри-одам, у – Йиртқич ва у ой тўлишини кутяпти. Руҳоний Лоу сифатида у ҳеч нарса қилолмаслиги мумкин. Лекин бўри-одам қиёфасида кўп нарса қўлидан келади. У мени ўлдириши мумкин.
Мартин бу сўзларни шундай соддалик билан айтдики, Ални деярли ишонтирди.
- Сенга қандай ёрдам беришим мумкин? – сўради Ал.
Мартин унга мақсадини айтди. Унга иккита кумуш ўқ ва тўппонча керак. У яна Ал тоғасининг янги йил арафасида, ой тўладиган тунда унинг ёнида бўлишини истайди.
- ЙЎқ, - деди Ал тоғаси. – Сен яхши боласан, Мартин, аммо, ошириб юбораётганга ўхшаяпсан. Яна бир марта ўйлаб кўр.
- Эҳтимол ошириб юбораётгандирман, - деди Мартин. – Лекин янги йил куни сизга қўнғироқ қилишиб, каравотда менинг бурдалаб ташланган жасадим ётганлигини айтишса, қандай аҳволга тушасиз? Сиз шуни истайсизми, Ал тоға?
Ал нимадир демоқчи бўлди, лекин ўйланиб қолди ва машинасини шоссе томон кескин бурди. У Ветнамда жанг қилган ва бунинг учун тақдирланганди, у бир неча марта аёллар қўйган тузоқларга чап берганди, ҳозир эса ўн яшар жиянининг қармоғига илинганди. Тўғри, у буни тан олишни истамасди. Аммо Мартин тоғасини яхши билади, у энди Мартиннинг иттифоқчисига айланганди.
Тўрт кундан кейин, ўнинчи декабрда Ал тоға қўнғироқ қилди.
- Ажойиб хабар! – эълон қилди Мартин оила аъзоларига. – Ал тоғам янги йил куни бизникига келаркан!
- Ҳеч қачон! – деди онаси қатъий қилиб.
Лекин Мартинни бу фикридан қайтаришнинг иложи йўқ эди.
- Ахир уни мен таклиф қилганман.
Онаси куни билан унга норози қиёфада тикилиб юрди. Лекин укасига унинг келмаслигини сўраб қўнғироқ қилмади. Энг муҳими ҳам шу эди.
Ниҳоят вақт бўлди. Янги йил арафаси. Ал келмаслигига Мартиннинг онасининг ишончи комил эди. Ташқарида ҳақиқий қор бўрони бўлаётганди. Шамол қор учқунларини учирганча увилларди. Тўғрисини айтганда, Мартин хавотирга тушиб қолди, лекин Ал тоғаси кеч соат саккизларда кириб келди.
Ўн бир яримда ҳамма ухлаб қолди. Фақат улар иккаласигина уйғоқ эдилар. Ал тоға бу бемаъниликка ишонмаса-да, эҳтиёт шарт битта эмас, иккита тўппонча олиб келганди. Кумуш ўқлар солинган тўппончани Мартинга берди. Иккинчисини, 45-калибрли «магнум» тўппончасини эса, агар ўша махлуқ кириб келса отаман, деган фикрда (у бу фикрига тобора шубҳа қилаётганди, чунки вақт ўтиб борар, бироқ бўри-одамдан дарак йўқ эди) ўзида олиб қолганди.
Улар ҳозир телевизорда Тамс Сквердаги Алед Кемикл биноси устидаги улкан шарнинг нур сочишини томоша қилиб ўтиришарди.
Йилнинг сўнгги дақиқалари ўтиб борарди. Телевизор қаршисидаги бурчакда янги йил арчаси турар, у жуда маъюсга ўхшарди.
- Мартин, ҳеч нарса… - сўз бошлади Ал тоға ва айни шу лаҳзада меҳмонхонанинг гулли дераза ойнаси парча-парча бўлиб кетди. Ичкарига совуқ шамол, қор учқунлари ва … Йиртқич кириб келди.
Ал даҳшатдан қотиб қолди. Йиртқич жуда улкан, қўллари гиламга теккудай энгашиб юрса-да, бўйи етти фут эди. Унинг ягона яшил кўзи (Мартин тасвирлагандай экан, ўйлади таҳликада Ал) атрофга аланглади ва ногиронлар аравачасида ўтирган Мартинга тикилди. У тишларини иржайтирганича бола томон юрди.
Мартин хотиржамлик билан «колт»ини кўтарди. У аравачасида жуда кичкина кўринарди. Унинг оёқлари худди ёғочдек осилиб турарди. Бўри-одамнинг ўкириши, шамолнинг чийиллаши, дунёда бундай воқеа қанақасига содир бўлиши мумкинлиги ҳақида миясида чарх ураётган фикрлари орасида Ал жиянининг овозини эшитди:
- Бечора руҳоний Лоу. Мен сизни қутқармоқчиман.
Мартин тепкини босди. Тўппонча қандайдир бўғиқ товуш чиқарди.
Бўри-одамнинг ўкириги бошқача оҳангда янграй бошлади, энди у оғриққа чидолмаган ҳайвоннинг қичқиришига айланганди. У девор томон учиб кетди. Девордаги Куре ва Ив мўйқаламларига мансуб асарлар унинг устига тушди. Унинг даҳшатли тумшуғи қонга бўялган, яшил кўзида эса ҳайрат ифодаси мужассам эди. У Мартин томонга яна қадам ташлади. Мартин тўппончани худди ёш бола чойнак кўтарганидек иккала қўлида тутиб турарди. У кутди, кутди… ва бўри-одам яқинлашиши билан яна ўқ узди. Йиртқичнинг кўзи худди шамолда ўчган шамдек ўчди. У дераза пардасига ўралашиб қолди. Ал оппоқ пардани бўяётган қонни кўрди.
Мартиннинг отаси кўзлари қинидан чиққудек ҳолатда эшикни очганида бўри-одам чўккалаб қолганди. Алнинг «магнум»и тиззасида турар, талмовсираганидан тўппончани отиш хаёлига ҳам келмаганди.
Йиртқич йиқилди… жон талвасасида типирчилади… ва ўлди.
Жаноб Кослав даҳшатдан оғзини очганича қараб турарди.
Мартин тоғасига ўгирилди, қўлидаги тўппончадан тутун чиқарди. У ҳорғин, лекин хотиржам кўринишда эди.
- Янги йилингиз билан, Ал тоға, - деди Мартин. – Йиртқич ўлди. – Шу сўзларни айтаркан, у йиғлаб юборди.
Кослав хонимнинг энг чиройли дераза пардасига ўралашиб қолган бўри-одамнинг кўриниши аста-секин ўзгара бошлади. Унинг юзи ва танасини қоплаган жунлар йўқолди. Оғриқ ва ғазабдан қимтилган лаблар бўшашди. Панжалари оддий қўлга айланди.
Пардага ўралган руҳоний Лестер Лоу ўз қонидан пайдо бўлган ҳалқобда ётарди.
Ал тоға Мартиннинг ёнига келди ва уни юпата бошлади. Отаси эса ерда ётган жасадга тикилди. Мартиннинг онаси эшик ёнида турарди. Ал Мартинни бағрига маҳкам босди:
- Ҳаммасини зўр бажардинг, кичкинтой, - шивирлади у. – Мен сени яхши кўраман.
Ташқарида шамол увиллар, қор ёғар, Такер Миллзда эса янги йилнинг илк дақиқаси тарихга айланиб улгурганди.

Русчадан Дилшодбек Асқаров таржимаси