Мен уни театрда учратиб қолдим, имлаётганини кўриб, танаффус пайтида ёнига бориб ўтирдим. У билан охирги марта кўришганимга ҳам анча бўлганди, агар исмини айтиб чақиришмаганида, ўйлайманки, уни танимаган бўлардим. У менга синчковлик билан мурожаат қилди:
«Ҳа, биринчи марта учрашганимизга ҳам кўп йил бўлди. Вақт қандай тез ўтади-я! Ҳечам ўзгармабсан. Сен билан биринчи марта учрашганим эсингдами? Мени нонуштага таклиф қилгандинг.»
Есимдами?...
Бу йигирма йил бурун бўлганди. Мен Парижда яшардим. Лотин кварталида1 кичкина бошпанам бор эди ва ишлаб топган пулимга тирикчилигим аранг ўтарди. Хоним менинг китобимни ўқиб чиқди ва менга бу ҳақда хат ёзиб юборди. Мен унга миннатдорлик билдирдим ва кўп ўтмай ундан яна бир хат олдим. Хатда унинг Париждан ўтаётгани, мен билан учрашиш нияти борлиги ёзилганди. Лекин вақти чегараланган, фақат келаси пайшанба куни бўш бўларди. У мендан Фоётсда оддийгина нонушта беришимни сўраганди.
Фоётс франтсуз сенаторлари овқатланадиган жой бўлиб, ҳамёним кўтармаганидан у ерга боришни ҳатто хаёлимга келтирмаган эдим. Лекин менга хушомад қилдилар, мен эса аёл кишига «йўқ» дейиш учун ҳали жуда ёшлик қилардим. Ой охиригача тирикчилигим учун саксон франким қолганди, холос. Оддийгина нонушта эса ўн беш франкдан ошмасди. Агар кейинги икки ҳафта нафсимни кофедан тийсам, ишим жойида бўларди.
Уни Фоётсда, пайшанба куни, ўн икки яримда, кутишимни ёзиб юбордим.
Хоним мен ўйлагандек ёш эмасди. Афт-ангори унча кўримли эмас, ўзи ҳийла савлатли кўринар эди. У ҳақиқатан ҳам қирқ ёшларда
Еди, оппоқ дона-дона тишлари менга одатдагидан кўпдай туюлди. У сергап аёл эди. Мен эса мулойим-қобил тингловчи бўлишга тайёр бўлиб турдим. Чунки, афтидан, у мен ҳақимда гапирмоқчи эди. Таомномани келтиришганда ҳайрон қолдим, чунки нархлар мен чамалагандан анча юқори эди. Лекин хоним мени тинчлантирди.
«Мен нонуштага ҳеч қачон овқат емайман», деди у.
«Қўйсангиз-чи!» дедим ўзимни ҳимматли кўрсатишга уриниб.
«Фақат битта овқат ейман. Менингча, бизнинг замонамизда одамлар жуда кўп овқат ейишади. Имкони бўлса, озгина балиқ... Қизиқ, уларда лосос гўшти бормикан?»
Йўқ, бу пайтда лосос ови мавсумига ҳали эрта эди, бу таомномада ҳам йўқ эди, лекин мен офитсиантдан бирорта бордир, деб сўрадим. Ҳа, уларда битта ажойиб лосос бор экан. Мен уни меҳмоним учун буюртдим. Офитсиант: «Овқат тайёр бўлгунча бирор нима ейсизми», деб сўради.
«Йўқ, - деди хоним. - Мен фақат битта таом ейман. Агар сизда озгина увилдириқ топилса, майли. Мен ҳеч қачон увилдириққа «йўқ» демайман».
Юрагим «шув» этиб кетди. Увилдириқни ҳамёним кўтармаслигини бидардим, лекин хонимга буни айта олмасдим. Офитсиантга ҳарна қилиб бўлса-да увилдириқ келтиришни буюрдим. Ўзим учун таомномадаги энг арзон таомни танлидим. Бу қўй гўштидан тайёрланган котлет эди.
«Менингча, сиз гўштни жуда яхши кўрсангиз керак, - деди у. - Билмайман, котлетдай қувватли таомларни егач, ишга қандай киришаркансиз. Мен ҳеч қачон ошқозонимни қийнамайман.»
Сўнгра ичимликдан гап очилди.
«Мен нонушта пайти ҳеч қачон ҳеч нарса ичмайман», деди у.
«Мен ҳам», дарҳол жавоб бердим мен.
«Оқ винодан ташқари». У гуё мен гапирмагандек сўзини давом эттирди: «Бу франтсуз оқ винолари шундай кучсизки. Бу винолар овқатни ҳазм қилдиришда жуда яхши».
«Нимани хоҳлайсиз?», сўрадим ундан.
«Шифокорим менга шампан виносидан бошқа ҳеч нарса ичишга рухсат бермайди».
Афтидан, рангим озгина оқарди. Мен бир шиша буюрдим. Ўзимни хотиржам тутиб, шифокорим менга шампан виносини ичишни мутлақо тақиқлаганини айтдим.
«Ундай бўлса, сиз нима ичмоқчисиз?»
«Сув»
У увилдириқ ва лосос гўштини еб бўлди. Кейин яйраб санъат, адабиёт, мсиқа ҳақида гапирди. Мен эса ҳисоб-китоб бўйича қанча тўлашим ҳақида ўйлардим. Қўй гўштидан тайёрланган котлетим тугаганида у деди:
«Кўриб турибман, сиз нонуштага қувватли таомларни тўйиб ейишга одатланиб қолгансиз. Бу нотўғри, албатта. Нима учун менга таассуб қилиб фақат битта таом билан қаноатланмайсиз? Аминманки, шундай қилсангиз ўзингизни жуда яхши сезасиз.»
Офитсиант қўлида таомнома билан яна келганда, «Мен фақат битта таом емоқчиман», дедим.
Хоним унинг нари кетишини ишора қилди.
«Йўқ,йўқ, мен нонуштага ҳеч қачон ҳеч нарса емайман. Фақат енгилгина тамадди қиламан, бундан ортиғини хоҳламайман. Мен ҳеч нарса ея олмайман, лекин агар уларда бирорта бундайроқ сарсабил бўлганда эди. Сарсабилдан бирорта емай Париждан кетсам афсусланган бўлардим.»
Юрагим шув этиб кетди. Мен сарсабилни дўконларда кўргандим ва ҳаддан ташқари қимматлигини билардим. Уларга кўзим тушса, кўпинча сўлагим оқарди.
«Хонимнинг билгилари келаётир, сизда сарсабилдан бирорта топилармикан?», сўрадим офитсиантдан.
Мен «йўқ» дейди деб умидландим. Унинг кенг юзига мамнун табассум ёйилди ва у мени шунақа катта, шунақа чиройли, шунақа юмшоқ сарсабиллар борлигига ишонтира кетдики, ҳанг-манг бўлиб қолдим.
«Мен зиғирчаям оч эмасман, - хўрсиниб деди меҳмоним, - лекин, модомики сиз қаттиқ туриб олган экансиз, сазангиз ўлмасин, сарсабил ейишга эътироз билдирмайман.»
Мен сарсабил буюрдим.
«Сиз ҳам емоқчимисиз?»
«Йўқ, мен ҳеч қачон сарсабил емайман.»
«Биламан, уни ёқтирмайдиган одамлар ҳам бор.»
Биз сарсабил тайёр бўлгунча кутдик. Мени ваҳима босди.
Гап ойнинг охиригача қанча пулим қолишидамас, ҳозир овқатга тўлашга етиш-етмаслигида эди. Мабодо ўн франкча етмаса, меҳмонимдан қарз сўрашга тўғри келса, жуда ёмон бўларди. Бунга қурбим етмасди. Мен қанча пулим борлигини аниқ билардим ва агар тўлашга пулим етмаса, қўлимни чўнтагимга тиқиб, туйқусдан ваҳима солиб бақириб, ирғиб ўрнимдан тураман, пулимни ўғирлашибди, дейман деган қарорга келдим. Ундан ҳам овқат ҳақини тўлашга етарли пул чиқмаса, у ҳолда соатимни қолдириб, кейинроқ қайтиб келиб тўлайман, дейишдан бошқа илож қолмасди.
Хуллас, сарсабилни келтиришди. Улар жуда катта ва иштаҳани қўзғатадиган даражада эди. Қиздирилган ёғ ҳиди димоғимни қитиқлади. Хоним уларни қандай қилиб жиғилдониданўтказаётганини кузатдим ва одатдагидек хушмуомалалик билан Болконда дараматургиянинг аҳволи ҳақида гап очдим. Ниҳоят у тугатди.
«Қаҳвами?» деб сўрадим.
«Ҳа, фақат музқаймоқ билан қаҳва», жавоб берди у.
Менга энди барибир эди, мен ўзимга қаҳва ва унга музқаймоқ билан қаҳва буюрдим.
«Сиз биласиз, мен бир нарсага аминманки, - деди у музқаймоқни еб бўлиб, - икковмиздан биримиз овқатга муносабатни ўзгартиришимиз керак, биримиз эса жиндек кўпроқ ейишимиз ҳам мумкин.»
«Сиз ҳали ҳам очмисиз?» аранг сўрадим мен.
«О, йўқ, мен оч эмасман: кўриб турибсиз, мен нонуштага ҳеч нарса емайман. Эрталаб бир пиёла қаҳва ичаман, кейин тушлик, лекин ҳеч қачон нонуштага биттадан ортиқ таом емайман. Мен сизни гапираётган эдим.»
«О, тушуниб турибман!»
Кейин хунук воқеа юз берди. Биз қаҳвани кутиб турган пайтда, юзида сохта табассум билан катта-катта шафтоли тўла саватни кўтариб бош офитсиант олдимизга келди. Бу пайт шафтоли пишадиган мавсум эмас эди. Уларнинг нархи биргина яратганнинг ўзига аён. Мен ҳам билдим, бироқ сал кейинроқ, баҳонасида, у гапини давом эттира туриб паришонлик билан шафтоли олди.
«Биласизми, сиз қорнингизни гўшт билан тўйдириб олдингиз, энди ҳеч нима ея олмайсиз. Мен озгина овқат тановул қилдим, шунинг учун шафтоли еб маза қиламан.»
Тўлашим керак бўлган ҳисоб айтишди. Тўлаётганимда чўнтагимдаги пулим базур етишини кўрдим. Унинг кўзлари бир лаҳза мен офитсиантга берган уч франкка қадалди ва билдимки, у мени ўтакетган хасис одам, деб ўйлади. Бироқ ресторандан чиққан пайтимизда ҳали олдимда бутун бошли бир ой бор, чўнтагимда эса бир пенни ҳам йўқ эди.
«Мендан ўрнак олинг, - деди у биз қўл сиқишаётганимизда, - ва ҳеч қачон нонуштага биттадан кўп овқат еманг.»
«Мен бундан ҳам яхшироқ қиламан, - жавоб бердим мен. - Бугун тушликка ҳеч нарса емайман.»
«Қизиқчи, хурсандчилик билан ҳайқирди у, файтунга ирғиб чиқиб. - Сиз ҳақиқий қизиқчисиз!»
Ниҳоят мен ўчимни олдим. Ҳозирги кунда унинг вазни йигирма бир стоне.
Алишер Отабоев таржимаси