Хелстонга ўзиюрар аравачада ўтирган қария касалга, нимадандир қаттиқ қўрққан ва ўлишга тайёрга ўхшаб кўринди. Унга бундай манзара таниш эди. Оъз касбининг усталари ичида Хелстон танҳо эди. «Фаолияти» давомида у ўн саккиз эркак ва олти нафар аёлни ўлдирган, ўлим нима эканлигини биларди. Уй совуқ ва жимжит эди. Жимжитликни каминдаги оловнинг овози ва ташқарида эсаётган ноябр шамолининг увиллаши бузарди холос.
- Сиз зарба беришингизни истайман. - Қариянинг овози эски қоғознинг шитирлашини эслатарди. - Билишимча, сиз айнан шу нарса билан шуғулланасиз.
- Сизга ким айтди? - қизиқди Хелстон. Унинг ёши ўттиз иккида, барваста қоматли эди. Аммо унинг ҳаракатлари енгил, худди инсон қиёфасидаги акулага ўхшарди.
- Менга Сол Лоджиа исмли киши айтди. Сиз уни танир экансиз.
Хелстон бош ирғади. Агар Сол тавсия қилган бўлса, демак, ҳаммаси жойида.
- Кимга зарба беришим керак?
Дроган аравачасидаги қандайдир тугмани босди ва аравача худди шиша ичига қамалиб қолган пашша сингари овоз чиқариб олдинга силжиди.
- Қурбонингиз орқангизда турибди, - деди Дроган.
Хелстон кескин ҳаракат қилди. Ҳаёти тез ҳаракат қилишга боғлиқлигини билгани учун унинг мияси ҳам, гавдаси ҳам доим тайёр турарди. У дивандан ирғиб турди, бир тиззаси билан чўккалаб ўтирди ва шу билан бирга плаши чўнтагидан 45-калибрли тўппончасини чиқаришга ҳам улгурди. Сония ичида у тўппончасини... мушукка ўқталди.
Хелстон ва мушук лаҳза давомида бир-бирига қараб туришди. Хелстон учун бу кутилмаган ҳол эди. Мушук унга танишдек кўринди.
Унинг тумшуғи худди иккига бўлингандек: ярми оқ, ярми қора эди. Ярим қоронғи хонада унинг кўзлари катта-катта, камин шуъласи акс этган қорачиқлари эса чўғдек кўринарди.
Хелстоннинг миясида ғалати бир ўй чақнаб ўтди: биз бир-биримизни биламиз. У тўппончасини қўйнига солди ва ўрнидан турди.
- Сизни отиб ташлашим мумкин эди, - деди у Дроганга. - Мен ҳазилни ёқтирмайман.
- Мен ҳазиллашаётганим йўқ, - жавоб қилди қария. - ўтиринг. Мана буни олинг. - У тиззасини ёпиб турган адёл остидан қалин хатжилд олди ва Хелстонга узатди.
Хелстон ўтирди. Мушук унинг оёғига суйкалди. У бир оз Хелстонга қараб турди, сўнг ғужанак бўлиб олди.
Хелстон савол назари билан Дроганга қаради.
- У ўзини дўстона тутади, - деди қария. - Бошланишига. Бу мушук уйимда уч кишини ўлдирди. Битта мен қолдим. Мен қари, касалман... Аммо ажалимдан беш кун бурун ўлишни истамайман.
- Ишонгим келмаяпти, - минғирлади Хелстон. - Сиз мени мана шу мушукни ўлдириш учун ёлладингизми?
- Марҳамат, хатжилдни очинг.
Хелстон уни очди. Хатжилд юз ва эллик долларлик пулларга тўла эди. У уч минггача санаб, саноқни тўхтатди.
- Бу ерда қанча бор?
- Олти минг доллар. Қолган олти мингини эса мушук... йўқ қилинганлигини исботлаганингиздан сўнг оласиз. Жаноб Лоджиа сиз ишингиз учун шунча пул олишингизни айтганди.
Хелстон жимгина бош ирғаб тиззасига чиқиб мудраётган мушукни силади. Хелстон мушукларни ёқтирарди. Унга ёқадиган ягона жонивор деса ҳам бўлади. Улар ёлғиз юришади. Худди Хелстон каби.
- Сизга ҳеч нарсани тушунтирмаслигим ҳам мумкин эди, - деди Дроган. - Эҳтиёткорлик - қуролланиш демакдир, бу ишга менсимай қарашингизни истамайман. Бундан ташқари, ўзимни оқлаш учун сабаблар ҳам бор. Шунчаки, сизга тентакдай кўринишни хоҳламайман.
Хелстон яна бош силкиди. У ичида бу ишни осонлик билан амалга оширишига ишонч ҳосил қилиб бўлганди, ортиқча изоҳга ҳожат йўқ эди. Аммо Дроган гапирмоқчи экан, майли, эшитади.
- Кимлигимни билсангиз керак? Пулни қаердан топишимни?
- Дроган дори ишлаб чиқариш корхоналари, - деди Хелстон.
- Ҳа. Американинг энг йирик дори ишлаб чиқарувчи компанияларидан бири. Бизнинг молиявий муваффақиятимиз асоси эса мана бу. - У халати чўнтагидан шишача чиқарди ва Хелстонга узатди. - Три-дормал-фенобарбин, «Ж» таркиби, - деди Дроган.- Тузалишига умид қолмаган беморлар учун мўлжалланган. У оғриқ қолдирувчи дори. Умидсиз беморларга яхши таъсир кўрсатади.
- Сиз ҳам шундан ичасизми? - сўради Хелстон.
Драгон унинг саволини жавобсиз қолдирди.
- Дори бутун дунё бўйича кенг тарқалган. У эллигинчи йилларда бизнинг Ню Жерсидаги тажрибахонамизда яратилган. Биз дорини мушукларда синаб кўрганмиз, чунки уларнинг асаб тизими мураккаб тузилган.
- Нечта мушукни шу тарзда нариги дунёга жўнатгансиз?
Дроган қунишди.
- Бундай савол беришингиз нотўғри.
Хелстон елкасини қисди.
- Дори ишлаб чиқарилган ва федерал фарматсевтика ассотсиатсияси томонидан тасдиқлангунига қадар ўтган тўрт йил давомида беш мингта мушук... э-е, йўқ қилинган.
Хелстон ҳуштак чалиб юборди. У мушукни аста силарди.
- Энди эса, бу мушук сизни ўлдиргани келган, шундай деб ўйлаяпсизми?
- Мен ўзимни айбдор ҳисобламайман, - деди Дроган, унинг овози қалтираб чиқди. - Беш мингта мушук юз минглаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун қурбон қилинган.
- Келинг, бас қилайлик, - деди Хелстон. У ўзини оқлашларга тоқат қилолмасди.
- Мушук уйимизда етти ой илгари пайдо бўлди, - давом этди Дроган. - Шахсан менга у ҳеч ҳам ёқмасди. Инфектсия ташувчи мавжудот... Дуч келган жойда юраверади... Ёки ахлат титади... Опам уни боқмоқчи бўлди. Ҳаммаси ўшандан бошланди. Опамга бу қимматга тушди. - У мушукка нафрат билан қаради.
- Сиз мушук уч кишини ўлдирганини айтгандингиз.
Дроган қалтироқ овоз билан ҳикоясини бошлади. Мушук Хелстоннинг тиззасида ухлар, қотилнинг кучли бармоқлари уни силарди. Баъзи-баъзида камин ичида ёнаётган ўтин чирсиллаб овоз чиқарар, шунда мушукнинг мускуллари худди пўлат пружинадек таранг тортарди. Ташқарида совуқ шамолнинг увиллаши эшитиларди. Бу шамол қиш совуғини етаклаб келаётганди. Қариянинг овози эса борган сари ғижирлаб чиқарди.
Етти ой илгари улар бу ерда тўрт киши эдилар: Дроган, етмиш тўрт ёшли опаси Аманда, дугонаси Керолайн Бродмур ва уйда йигирма йилдан бери хизмат қиладиган Ричард Гейж. Ёши олтмишдан ошган Гейж «Линколн» машинасини ҳайдар, овқат тайёрлар ва кечки пайт ичимлик келтирарди. Кундузи хизматкор аёл келиб-кетарди. Шу тарзда улар тўртталаси ўзига хос бой қариялар жамоаси сифатида икки йилга яқин яшаб келишди. Уларнинг ягона машғулоти кутиш эди - ким кимдан узоқроқ яшайди. Кейин эса мушук пайдо бўлди.
- Биринчи бўлиб уни Гейж кўриб қолди, - сўзида давом этди Дроган. - Дастлаб у мушукни ҳайдашга уринди, уни тош, таёқ билан уриб ҳайдади. Аммо мушук кетмади. Уни овқат иси ўзига тортарди. Оъзи ҳам териси суягига ёпишиб кетган мушук эди. Унақа мушукларни машина йўлига очидан ўлсин деб ташлаб кетишади. Жониворни очидан ўлишга мажбур қилиш - қандай даҳшат, шафқатсизлик.
- Нима, ундан кўра уларнинг асаб тизимини синаб кўрган маъқулроқми? - сўради Хелстон.
Дроган унинг саволини эшитмаганга олди ва ҳикоясини давом эттирди. Унинг мушукларни кўргани кўзи йўқ эди. Мушук кетмаслиги маълум бўлгач, у Гейжга мушукни заҳарлашни буюрди - мушуклар овқатига три-дормал-фенобарбин аралаштириб берди. Бу овқатга мушук қараб ҳам қўймади.
- Бу вақт ичида Аманда Дроган мушукни кўриб қолди ва уни боқаман деб туриб олди. Дроганнинг ўзи бунга қаршилик қилди, аммо опаси устун келди. Опаси доим бунга эришарди.
- Ҳа, Аманда айтганини қилди, - деди Дроган. - Мушукни уйга олиб кирди. У худди ҳозир сизга суйкалаётгандек Амандага суйкаларди. Лекин менинг ёнимга бирор марта яқинлашмади. Ҳа, яқинлашмади... ҳозирча. Опам унга идишга сут қуйиб берарди. «Бечора оч қолибди», - опам йиғлаб юборай деганди унинг сут ичишини кўриб. У ва Керолайн мушукнинг атрофида парвона эдилар. Улар мушукларни ёмон кўришимни билганлари учун менинг жиғимга тегишарди. - У Хелстонга қайғули назар ташлади. - Аммо бу уларга қимматга тушди.
Май ойининг ўрталарида Гейж одатдагидек уйдаги чироқларни ёқиш учун соат олтида ўрнидан турди. Унинг қичқириғи Дроганни ҳам, Керолайнни ҳам уйғотиб юборди. Аманда Дроган зина олдида ликоп синиқлари ва «Мушукчалар» қутиси - мушуклар учун овқат - устида ётарди. Унинг қорачиқлари шифтга тикилганича қотиб қолганди. Унинг оғзи ва бурнидан қон оқиб ётарди. Аманданинг умуртқаси, бир оёғи синган, бўйни эса мажақланиб кетганди.
- Мушук унинг хонасида ухларди, - деди Дроган. - Менимча, у Амандани миёвлаб уйғотган, Аманда ликоп олиб пастга йўл олган - унга мушук «Мушукчалар» овқатини қуруқ емайдиганга ўхшарди. Шунинг учун сутга аралаштириб берарди. У ликопга сут қуйиш учун пастга тушмоқчи бўлган. Аманда зина четига етиб келганида мушук унинг оёғига ташланган. Аманда қариб қолган, оёқлари камқувват эди. Бунинг устига уйқусираётган бўлган. Бир сўз билан айтганда, мушук уни чалиб юборган...
«Ҳа, - ўйлади Хелстон, - шундай бўлган бўлиши мумкин...» У кампирнинг зинадан думалаб тушаётганини, қичқиришга ҳам улгурмаганини тасаввур қилди. «Мушукчалар» атрофга сочилади, ликоп синади, кампир эса полга гурсиллаб тушади. Унинг суяклари синади. Мушук эса атрофга сочилиб ётган овқатни ейиш учун пастга тушади...
- Терговчи нима деди? - сўради Хелстон.
- Бахтсиз ҳодиса. Лекин мен билардим.
- Лекин нима учун мушукни йўқотмадингиз? Аманданинг ўлимидан сўнг?
Чунки у агар мушукни йўқотса, Керолайн Бродмур уйдан кетишини айтганди. У касал эди, вақт-вақти билан у турли бемаъни хаёлларга ўралашиб қоларди. Бир куни у Дроганга Аманданинг руҳи мушукка ўтганини айтганди.
Хелстон бировларнинг фикрини ўқишга уста эди, шунинг учун ҳам у Дроган ва Керолайн Бродмурлар бир пайтлар ўйнаш бўлишганини, бир мушук учун қария ундан ажралишни истамаганини дарҳол англади.
- У ростдан ҳам кетиб қолиши мумкин эди. Бу эса ўз жонига суиқасд қилиш билан тенг, - деди Дроган. - Ахир унинг ҳеч кими йўқ эди. У бу ерда иккинчи қаватда яшарди. У етмишга кирганди, жаноб Хелстон. Мен унинг шу ерда қолишини истадим ва мушук ҳам қолди...
Хелстон бош ирғар ва соатига қараб қўйди.
- У июн охирларида ўлди, - деди Дроган, - ўлим уйқу пайтида юз берган. Шифокор бунга хотиржамлик билан ёндошди... Шунчаки келиб ўлим ҳақидаги далолатномани қайд этиб кетди, бор-йўғи шу. Лекин унинг хонасида мушук бўлган! Бу ҳақда менга Гейж айтди.
- Лекин кампир барибир касалликдан ўлиши керак эди-ку, - деди Хелстон.
- Албатта, - деди Дроган юзини буриштириб. - Шифокор ҳам айнан шундай деди. Лекин мен биламан. Ҳаммаси эсимда. Онам айтиб берганди. Мушуклар қариялар ва чақалоқларни айнан улар ухлашаётганда ўлдиришни хуш кўришади. Уларни бўғиб ўлдиришади.
- Бу афсона-ку, шундай эмасми?
- Бошқа афсоналар сингари ҳақиқатга асосланган афсона, - эътироз билдирди Дроган. - Мушуклар тирноқлари билан юмшоқ нарсаларни юмдалашни ёқтиришади. Ёстиқ, қалин гилам ёки... адёл. Чақалоқларнинг ёки қарияларнинг адёлини. Заиф одамнинг устида қўшимча юк бўлишади...
Дроган жим бўлиб қолди, Хелстон эса бу манзарани тасаввур қилди. Керолайн Бродмур хонасида ухлаяпти, унинг касал ўпкасидан хириллаб нафас чиқяпти. Оқ-қора тумшуқли мушук унинг устига сакраб чиқади ва қариянинг ажин босган юзига чўғдек кўзларини тикади. Сўнгра у кампирнинг қоқсуяк кўкрагига ётиб олади... Нафас аста-секин тўхтайди... Мушук эса кампирнинг жони узилишини кузатиб туради.
У анча-мунча нарсадан таъсирланмасди, аммо хаёлидаги манзарадан эти жимирлаб кетди.
- Дроган, - Хелстон мушукни силашда давом этди. - Лекин айтинг-чи, нима учун ветеринарга олиб бориб, ўша ерда ўлдиртирмадингиз? Амаким ўтган йили итидан шунақа қилиб қутулганди ва бу унга йигирма долларга тушган.
- Кўмиш маросими биринчи июл куни бўлиб ўтди, - Дроган Хелстонни эшитмаётгандек эди. - Керолайнни опамнинг ёнига кўмдик. Учинчи июл куни Гейжни шу хонага чақирдим ва унга мушук солинган халтани бериб Милфорддаги ветеринарга олиб боришини буюрдим. У «Хўп бўлади, сер», деди ва халтани олиб чиқиб кетди. Уни шундан сўнг тирик кўрмадим. «Линколн» соатига олтмиш мил тезликда кўприкнинг бетон тўсиғига урилган. Дик Гейж тил тортмай жон берган.
Унинг юзида саноқсиз шилинган жароҳатлар бўлган.
Хелстон жим бўлиб қолди. Унинг хаёлида навбатдаги даҳшатли манзара пайдо бўлди.
Дик Гейж «Линколн»да Милфорд томон бурилишга яқинлашяпти. Унинг ёнидаги ўриндиқда халта турибди. Дикнинг эътибори йўлга қаратилган, эҳтимол у юк машинасини қувиб ўтаётгани учун эски халтани йиртиб чиққан оқ-қора тумшуқли мушукни сезмай қолгандир. У юк машинасини қувиб ўтаётган пайтда мушук унинг юзига ташланади ва ўткир тирноқлари билан чанг солади. Ёвуз панжалар унинг кўзини ўйиб олиш учун чўзилади. «Линколн» ўнг томонга оғади, юк машинаси ҳайдовчиси жон ҳолатда сигнал чалади, аммо Дик ҳеч нарсани эшитмайди. Улкан ўргимчак мисол бу махлуқ Дикнинг юзига бутун танаси билан ёпишиб олган. Унинг яшил кўзлари худди дўзах чироқларидек ёнади, оғзидан кўпик сачрайди, кучли орқа оёқлари қариянинг бўйнига тирноқларини ботиради. Гейж кўприк четига урилаётганини кўриш тугул англаб ҳам етмайди. Мушук машинадан сакрайди, «Линколн» эса ўқдек келиб бетон тўсиққа урилади. Гейж машина рулига урилади ва кўкраги мажақланади...
Хелстон ғалати товуш чиқариб ютинди.
- Мушук қайтиб келдими? - минғирлади у. Дроган бош ирғади.
- Бир ҳафтадан кейин. Аниқроғи, Дик Гейжни кўмишган куни.
- У автоҳалокатда ҳам тирик қолибдими? Соатига олтмиш мил тезликда-я? Бунга ишониш қийин.
- Айтишларича, уларнинг тўққизта жони бўларкан. Оъшандан сўнг мен унинг иблис мушук эканлигини ўйлаб қолдим. У мени...
- Жазоламоқчими?
- Билмадим. Лекин шундан қўрқяпман. Мен уни боқаман, тўғрироғи - уйни йиғиштирадиган аёл. Бу мушукни ўша аёл ҳам ёқтирмайди. Унинг айтишича, бундай тумшуқли мушук қарғиш экан. Тангрининг қарғиши. Уни ўлдиришингизни истайман, - деди қария. - У билан яшаётганимга тўрт ой бўлди. У тунлари хонамга киради. У мени кузатади. Чамаси, у... Кутяпти. Охир-оқибат мен Сол Лоджиа билан гаплашдим ва у сизни тавсия қилди. Сизни у...
- Ёлғиз иш қилади, дедими? Яъни, шеригим йўқ.
- Ҳа. У яна шундай деди: «Хелстон ҳеч қачон қўлга тушмаган. Ҳаттоки ундан биров шубҳа ҳам қилмаган. У доим ерга оёғи билан тушади... Худди мушукка ўхшаб».
Хелстон қарияга қаради. Кутилмаганда унинг бармоқлари мушукнинг белини сиқди.
- Йўқ! - қичқирди Дроган. У ҳансираб нафас оларди. Унинг рангпар ёноқлари қизариб кетди. - Йўқ... Бу ердамас.
Хелстон маъюс жилмайди. У мушукни оҳиста силай бошлади.
- Яхши, - деди у, - келишдик. Унинг жасади керакми?
- Худо ҳаққи, йўқ! - қичқирди қария. - Уни ўлдиринг! Кўмиб ташланг! - У бир оз жим турди. - Менга унинг фақатгина думи керак,- деди у. - Уни ўтга ташлаб, қандай ёнишини томоша қилмоқчиман.
Хелстон ўзининг 1972 йилда ишлаб чиқарилган «Мустанг» автомобилида кетаётганди. Дроганнинг уйидан у соат тўққиз яримларда чиққанди. Ноябр оқшомининг увада булутлари орасидан совуқ ой кўриниб турарди. Машинанинг барча ойналари очиқ эди. Совуқ худди пичоқдек Хелстоннинг баданига санчилар, аммо бу унга хуш ёқарди.
У Плейсерс-Глендан бурилди ва шаҳардан ташқарига чиқди. Хелстон тезликни соатига ўттиз беш милдан оширмасди. 35-шоссега етгачгина у «Мустанг»ига эрк берди. Энди машина соатига етмиш мил тезликда юриб борарди.
Мушук икки қаватли хўжалик халтасида ётар, халта каноп ип билан маҳкам боғланганди. Фалати топшириқ, ўйлади Хелстон ва буни топшириқ деб ҳисоблаётганидан ўзи ҳам ажабланди. Энг ғаройиби, мушук унга жуда ёққанди. У уч нафар қарияни ўлдирибдими, демак унинг қуввати озмунча эмас экан... Айниқса, уни ветеринар билан «учрашув»га олиб кетаётган Гейж ҳақида гапирадиган бўлсак. Хелстон шартномани бажармаслик ниятида бўлмаса-да, мушукни ўзига яқин сезди. У мушукни тезда ва моҳирона ўлдиради. Машинани дала четида тўхтатиб, мушукни халтадан чиқаради, унинг бўйнини синдиради, сўнгра қарияга кўрсатиш учун думини кесиб олади. Кейин эса, ўйлади у, мушукни кўмаман.
У мана шуларни ўйлаётган дақиқаларда мушук қўққисдан унинг рўпарасида пайдо бўлди - унинг оқ-қора тумшуғи ваҳшиёна жийирилганди.
- Жин урсин! - деди Хелстон беихтиёр халтага қараб - икки қаватли халтада катта тешик пайдо бўлганди. У яна рўпарасига қаради ва худди шу лаҳзада мушук унинг юзига чанг солди. У ўзини орқага ташлади... Ва «Мустанг» ғилдиракларининг чийиллашини эшитди.
Машина у ёқдан-бу ёққа чайқалди. Хелстон мушукни бор кучи билан урди, йиртқич пихиллади, лекин жойидан жилмади. Хелстон уни яна урди, мушук эса қочиш ўрнига унинг юзига сапчиди.
«Гейждақа бўлди, - ўйлади Хелстон. - Худди Гейждақа». У тормозни босди. Мушук унинг бошида ўтирганича тирноқларини янада чуқурроқ ботиришга уринди. Унинг қорни Хелстоннинг кўзини тўсиб қўйганди. У мушукни урди, кейин яна, яна урди. Шу лаҳзада у кучли зарбадан қалқиб тушди. У мушукка яна зарба беришга куч топди, лекин қўли мушукнинг бақувват мускулларига таъсир қилмади. Унинг қўли сирғалиб пастга тушди.
Шунинг баробарида унинг онги зулмат қаърига сингиб кетди.
Ой уфқ ортига яширинаётганди. Тонг отишига бир соатча вақт қолганди. «Мустанг»нинг олд қисми темир-терсак уюмига айланганди.
Хелстон аста-секин ўзига кела бошлади. У кўзини очиб биринчи кўрган нарсаси тиззасида ўтирган мушук бўлди. У хотиржам миёвлади ва яшил кўзларини Хелстонга қадади. Хелстон оёқларини ҳис қилмади.
У машинанинг олд қисми пачоқланганини, двигателнинг бир қисми унинг оёқларини мажақлаб ташлаганини, ўзини эса ўриндиққа қисиб қўйганини кўрди. Қаердадир бойқуш сайради.
Мушук унга тиржаяётгандек кўринди.
Хелстон унинг ўрнидан туриб керишганини кўрди. Кутилмаганда мушук Хелстоннинг елкасига сакради. У мушукни юлқиб олиш учун қўлини кўтарди. Лекин қўли ҳаракатга келмади.
«Умуртқам, - ўйлади у худди малакали шифокорлардек. - Умуртқа суягим синибди. Мен фалажман».
Мушук унинг қулоЁига миғвлади ва бу миёвлаш унга момақалдироқдек туюлди.
- Йўқол! - қичқирди Хелстон. Унинг овози қуруқ чиқди. Мушук бир лаҳзага сергак тортди. Бирдан унинг тирноқлари Хелстоннинг ёноқларини тилди. Кучли оғриқдан унинг томоғига бир нарса тиқилгандек бўлди. Иссиқ қон оқди. Сезиш қобилияти йўқолмабди.
У бошини ўнгга бурди. Унинг юзига юмшоқ юнг урилди. Хелстон мушукка бақирди. Мушук ўриндиққа сакради. У нафрат тўла кўзларини Хелстондан узмасди.
- Бундай қилмаслигим керак эдими? - хириллади Хелстон.
Мушук тишларини иржайтирди. Хелстон Дроган нима учун уни иблис мушук деб атаганини тушунди. У... Тирсаклари ва елкасида оғриқ туриб унинг фикри бўлинди.
Сезиш қобилияти тикланяпти.
Мушук тирноқларини чиқариб унинг юзига отилди.
Хелстон кўзларини юмди ва оғзини очди. У мушукни қорнидан тишламоқчи эди, аммо бир парча юнгни тишлашга улгурди, холос. Тирноқлар унинг қулоқларига санчилди. Чидаб бўлмас оғриқ турди. Хелстон қўлларини кўтаришга уринди. Қўллари сал қимирлади, аммо тиззасидан кўтарилмади.
У бошини олдинга эгди ва чўмилиб чиққан одамдек силкиди. Мушук маҳкам ёпишиб олганди. Хелстон ёноқларидан қон оқаётганини ҳис қилди. Қулоқлари худди ўт ичида қолгандек қизиётганди.
У бошини орқага ташлади ва бақириб юборди - унинг бўйни энди оғриб кетди. Лекин мушукни бошидан тушира олишга эришди.
Хелстоннинг бир кўзига оқаётган қон кирди. У кўзини ишқалаш учун қўлини кўтаришга уринди. Унинг қўллари қалтиради, аммо тиззасидан кўтарилмади. У қўлтиғи остида 45-калибрли тўппончаси турганини эслади.
«Агар тўппончамни чиқара олсам, сенинг тўққизта жонингдан асар ҳам қолмайди».
Қўлида яна оғриқ турди. Двигател мажақлаган оёқларида ҳам санчиқ турди.
«Балки заҳирада жоним қолгандир?»
Енди мушукни бир ёқли қилиш керак. Энг асосийси шу. Кейин мана бу темир-терсак ичидан чиқиб олиш керак - балки бирортаси шу атрофдан ўтиб қолар. Бу кимсасиз йўлдан биров ўтиши, айниқса саҳар соат бешда ўтиши амримаҳол, аммо жиндай бўлса-да имконият қолган эди. Ва... Мушук нима қиляптикин?
У мушукнинг яна юзига сапчишини истамасди, аммо унинг орқада, назардан четда туришини ҳам хоҳламасди. У пешойна орқали мушукни кўрмоқчи бўлди, бироқ ҳеч нарса чиқмади. Пешойна зарба таъсирида қийшайиб қолган, унда йўл чети кўриниб турарди.
Хелстон кута бошлади. Сезгилари қайта бошлади. Тонг отиб келаётганди. Қаердадир қуш сайради.
Хелстон қўлини қимирлатиб кўрди, аммо тиззасидан сал юқори кўтара олди, холос.
Ён ўриндиқда қандайдир товуш эшитилди. Хелстон ёнига ўгирилди ва чўғдек ёнаётган кўзларни кўрди. Хелстоннинг у билан гаплашгиси келди. - Ҳали бирор марта топшириқни уддаламаган куним бўлмаган, - деди у. - Бу мушукча биринчиси бўлиши мумкин эди. Лекин тез орада қўлларим ўзига келади. Беш, бор ана, ўн дақиқадан сўнг. Маслаҳат берайми? Ойнадан ўзингни ташла. Ҳамма ойналар очиқ. Тезда ўзингни ол.
Мушук ундан кўзини узмасди. Хелстон яна қўлини қимирлатиб кўрди. Қўли бир ярим сантиметрча кўтарилди. Мушук унга қараб тишларини иржайтирди.
Мушук нима қилмоқчи эканлигини тушунган Хелстон бор кучи билан қичқириш учун оғзини очди.
Мушук унинг юзига ўқдек отилди. Шу лаҳзада Хелстон ниҳоят, мушук ўлдириш истагида ёнаётган махлуқ эканлигини тушуниб етди.
У ола-була қотилнинг нафрат тўла нигоҳини кўрди. У уч нафар қарияни тинчитган, энди унинг, Жон Хелстоннинг навбати келганди.
Мушук тўғри унинг оғзини нишонга олиб сапчиганди. Хелстон ўқчиб юборди. Унинг оқ-қора тумшуғи аллақачон Хелстоннинг оғзи ичида эди.
Хелстоннинг танаси бир силкиниб тушди. Сўнг яна бир марта. Кафтлари мушт бўлиб тугилди, кейин аста бўшашди. Кўзлари эса шишадек қотиб қолди.
Унинг оғзидан оқ-қора думнинг учи чиқиб турарди. Кейин эса дум ғойиб бўлди.
Қаердадир яна қуш сайради... Тез орада Коннектикут далалари тонг нуридан ёришди.
Фермернинг исми Уилл Росс эди.
У далада қолган тракторини таъмирлаш учун кетаётганди. Тонг ёруғида у йўл четида турган машинани кўрди.
- Э, Худо, ўзинг асра!
Рулда ўтирган кишининг юзи қонга бўялганди. Қотиб қолган нигоҳлар узоқ-узоқларга тикилиб турарди.
Уилл рулдаги кишининг ҳужжатларини кўриш мақсадида унинг плаши чўнтагини титкиламоқчи бўлди. У эндигина қўлини чўзган ҳам эдики, мурданинг қорин қисми дўппайиб турганини кўрди.
- Бу нимаси? - деди Росс. У жасаднинг кўйлагини кўтарди ва кўрган нарсаси бир умрга ёдида қолди.
Уилл Росс бўкириб юборди. Хелстоннинг қорни ёрилган ва унинг ичида мушукнинг қонга бўялган боши кўриниб турарди. Мушукнинг кўзлари Уиллга Ёазаб билан тикилганди.
Росс қичқирганича ўзини орқага ташлади. Бўм-бўш даладан ўнлаб қарғалар чўчиб осмонга кўтарилишди. Мушук ташқарига чиқди ва керишди.
Сўнгра эса югуриб кетди. Росс уни кузатиб қолди. Мушук шудринг босган ўтлар устидан чопиб борарди.
Гўёки унинг тугалланмаган яна қандайдир зарур иши бордек эди.
Русчадан Дилшодбек Асқаров таржимаси.