Шеър ва шоирлиқ. Фитрат

(Адабий мубоҳаса)

Шеър ва шоирлиқ деган сўзлар бизда янгиғина бир нарса эмас. Турк улуси ўз борлиғини очунға кўрсаткали шеър ва шоирлиқни билибғина келганлар. Ҳар ким ишонадирким, турк улусининг борлиғи ва маданийлиғи араб келгач бошланмаган. Турклар Олтой теграсинда маданият қуруб, ҳукумат ясаб, тинчгина яшаб турғанда арабларнинг Арабистондағи ҳолларини, эҳтимолким, ўзлари ҳам билмас эдилар. Маданий бир улуснинг шеърсизлиғин сўйламак эса, гапуруб турған бир кишининг жонсизлиғина ишонмоқ каби кулинчдир. «Турклар мусулмонлиқдан бурун ҳам буюк маданий донғли бир кун кечирганлар». Мана бу сўзни қабул қилдикми, «Туркларнинг мусулмонлиқдан бурун ҳам шеърлари, шоирлари, адабиётлари бор эди» демакдан ўз бошимизни қутқара олмаймиз. Ўзбек, тотор, қирғиз, туркман орасинда турк оди каби унутилмас бир йўсунда бу кунгача яшаб келган чўбчаклар, маталлар, эртаклар, ўлан ва лапарларнинг ҳар бирини эшитиб юрамиз. Туркман, қирғиз эллариндағи наврас кишилари, кичкина болалар, ўқув, ёзув билмаған халқнинг қизларининг сўз усталиқлари борлиғини билиб турамиз. Мана шунларнинг ҳар бири турк эски адабиёт мадрасасиндан тушуб қолған баҳоли тошлардан бошқа нарса эмасдир. Улус ора оғиздан-оғизға айланиб юрған чўбчаклардан яхшиғина онглашилурким, турк эски адабиёт мадрасасинда севги ва ошикдан бошқа фалсафа, ҳикмат ва ахлоқдан ҳам кўб нарсалар бор экан.
Эсиз, мингларча эсизким, араб келгани сабабли эски турк адабиётининг буюк ва баҳоли излари сўлинди, йўқолди кетди. Зийрак, тиришған, чидамли, онгли ҳар ишнинг кетини тушунган араблар қайси ўлкани босиб олғанда энг кўп шул ўлканинг эски дини, эски тили, эски битиклари, эски асарларини битирурға тушар эдилар. Биз турклар араб босқини билан ўз ҳарфларимиз ва ўз ёзувимизни йўқотғандан кейин ўз адабиёт ва шеърларимиздан ҳам айрилишимиз табиий эди. Мана шул айрилиш сабабли кўб керакли нарсаларимизни йўқотдик. Эски адибларимизнинг шеър ва шоирлиқ тўғрисида қандай йўллари, қандай қарашлари бор эди, бунларни билмаймиз. Бунлар йўқолған, қўлимиздан чиқғандир. Эски турк адабиёти тўғрисида очиқ ва етарлик билгиларимиз йўкдир.
Адабиётимизнинг икинчи бўлими мусулмонлиқдан бошланадир. Адабиётимизнинг бу бўлими учун керак бўлған негизлар ва тамалларни бизга Эрон орқали араблар юборғанлар. Биз мусулмонлиқдан сўнг адабиёт йўлларини ияручилиқдан сира қутултира олмағанмиз, адабиёт йўлларинда энг катта ҳунаримиз кўпрак эронлиларға, ундан кейин арабларға иярмак бўлған. Адабиёт йўллариндағи бу ияру-чилиғимизнинг кўзга кўринур ерларини чизиб ўтайлик.
Сўнгги араб адиблари шеърни «каламу муваззанин муқаффанин» дея таъриф қила(р) эдиларким, «вазнли, қофияли гап» демакдир. Бизнинг шоирларимиз ҳам шеърни шул бино қабул этдилар. Шунинг учундирким, «вазн» ва «қофия»си бўлған турли маънисиз сўзларнинг шарафина ишонған сайин шеърнинг ҳақиқатиндан узоқлашиб қолдилар. Етти-саккиз сўзни билгили бир вазнда тизиб, кетинда билгили бир сўзни қофия қўймоқ билан шеър орасинда ердан қўккача айирма бордир. Шеърда кишиларнинг қонини қайнатғучи, сингирларини ўйнатғучи, миясини титраткучи, сезгусини қўзғатғучи бир куч, маънавий бир куч бор. Шундай бир кучи бўлмаған сўз вазн ва қофияси бўлсун шеър бўла олмайдир.
Юқорида дедикким, шеърни «вазнли, қофияли сўз» деб таъриф этканлар. Арабнинг сўнг адиблари дейдирлар: бу сўз тўғридир. Арабнинг ясама шоирлари бўлған мантиқ илмлиси шеърни янглиш йўлда таъриф қилғанлар. Арабларнинг чин ва табиий шоирлари бўлған жоҳилият шоирлари эсалар, шеърни бу маъно билан онгламаған эдилар. Тарихи исломни ўқуған мактаб болалари ҳам биларким, араблар Қуръон оятларина қарши «ҳува қовлу шоир» (ва шоир сўзидир, шеърдир) деган эдилар. Қуръон «Ва ма ҳува биқовли шоир» (бу шоир сўзи эмас, шеър эмас) деб сўзларини қайтарған эди. Табиий шоир бўлған жоҳилият шоирлари шеърни «вазн» ва «қофия»ли сўз деб билған бўлса эдилар, «вазн» ва «қофия»си бўлмаған Қуръон оятларини «шеър» демас эдилар. Биз ҳам шеърни «вазн» ва «қофия»дан иборат (деб) билиб турғанча чин шеърға яқинлаша олмаймиз. Талабимиз қилған каби «шароб, жом, хумор, ҳол, хат, қош, кўз, гул, булбул» сингари ўн-ўн беш сўзни билгили вазн тизиб, «ол, ҳол, хол» каби сўзларни «қофия» қилармиз-да, ўзларимизни шеър ёзған атаб ўтуб кетармиз. Ҳолбуким, шеър бошқа, «қофия» билан «вазн» бошқадир. Ўйла эса «шеър» надур?
Биласизким, ҳар биримизда жон ва онгимизни теграмиздағи нарсалар ва ҳодисалардан чорландуруб турғучи «беш сезгич» (ҳаввоси хамса) бордир. Жонимиз шул беш сезгич орқали дунёнинг ўз теграмизга эришкан нарса ва ҳодисаларни билиб тура(р) ва ҳар бирисиндан қайғи, севинч, қўрқув, қизиш, қайнаш каби сезги ва туйғилар оладир. Қишнинг қорли совуқ бир кунида йиртиқ чопонли, кўк бетли, оқ соқолли бир тиланчи бобонинг ўрнида йиқилиб қолғанини кўрганда юрагимиз сезгисиз қоларми? Шундаёқ ёп-ёлғуз бу йўлда бир кишининг яралариға ўралиб, қонлариға беланган ўлукни қўйуб қочар; бири ўлукнинг бошиға тутуб, унинг бўялиб ётқон гавдасини қўрганда ҳар ким ўзиға яраша бир нарса сезар: бири буюк бир қўрқув билан ҳолиға йиғлар; бири чуқур қозиб кўмар; бири эса ул ярали гавдани кўргач, қони қайнаб кетар. Бу ишни қилған виждонсиз йиртқичларни топуб ўлдирмак учун ҳар ён чопар. «Шеър» юракимизда ҳосил бўлған ана шундай сезгиларни ҳунарлича сўзлар билан бошқаларнинг юрагига ўткармакдир. Шоир теграсиндағи нарса ва ҳодисалардан олдиғи сезгиларни ҳунарлича (хидматкорона) сўзлар билан бошқаларға ўткармакчи бўладир. Кишининг юраги қанча «сезағон» (мутахассис) эса, шунча яхши шоир бўлар. Шоирлиқ учун юрақда бир сезги ва у сезгини ҳунарлича сўзлар билан бошқаларға ўткаргучи бир куч керакдир. «Қофия» билан «вазн»нинг эса, шеърнинг ҳақиқатиға таъсири йўкдир. Бир неча кишилар шеър учун «ҳунарлича сўзлар»нинг ҳам тейишлигини инкор қила-лар. «Шеър юрақдаги сезги тўлкунларини сўз орқали ташқариға тўкмакдир» дейдилар. Бу қараш бир оз ифротдир. Шеърнинг бир санъат бўлғанлигини қабул эткандан кейин бу қарашнинг аҳамияти қолмас, айниқса, биз каби «чин шеър ва санъат» очуниндан узокдашғанлар эсимизга келган ҳар бир сўзни «юракимиздаги сезги тўлқунлари» гумон қилиб ташқариға ота берсак, Тангри кўрсатмасун, ўқучиларимиз қочарға йўл тополмай қоларлар..!
Шеър ики турлидир: манзум шеърлар (тизим шеърлари), мансур шеърлар (сочим шеърлар). Тизма сўзлар билак шеър сўйламак бўлғани каби сочиқ сўзлар билан ҳам шеър сўйламак бўлар. Сочиқ шеърлар (мансур шеърлар) учун «вазн» ва «қофия»нинг тейишлиги бўлмаса ҳам сўзларнинг ҳунарлича (санъаткорона) бўлиши тейишдир.

II

Ўткан мақоламизда шеърнинг «нималиги»ни (моҳиятини) айткандан кейин ики турлилигини кўрсатдик. Ики турли шеърдан сочим шеър тўғрисида қисқағина гапуруб, тизим шеър тўғрисиндағи сўзни икинчи мақолаға қўйған эдик. Тизим шеърларининг ойдин ва очиқ бир сифати «вазн» билан «қофия»дир. Биринчи мақолада «вазн билан қофия-нинг шеърни ўқитурға таъсирлари йўқдир» деган эдик. Бу ерда эса, тизим шеърда вазн ва қофиянинг кераклигини сўйлармиз. Вазн билан қофиянинг шеърға таъсири йўқдир, вазн ва қофияси бўлмаған кўп шеърлар бўлғани каби «шеър» бўла олмаған вазнли, қофияли сўзлар ҳам кўпдир. Шеър юрак сезгиларини кўрсатмакдир. Вазн ва қофия эса, сўзнинг «безаги» (зийнати)дир. Юракимиздаги сезгиларни тўғри бермакчи бўлсоқ қофиясиз, вазнсиз бир шеър (сочим шеър) ёзиладир. Шеъримизни безамакчи эсак, вазнли, қофияли шеър (тизим шеър) ёзармиз. Вазн ва қофия юракимиздаги сезгиларимизни тасвирлай олмайдир; сезгиларимизни тас-вир этучи сўзларимизни безайдир (зийнат берадир); сезгиларимизни бошқаларға ўткармак учун айтилғуси сўзлар вазнли, қофияли бўлғанда мусиқа оҳангини бериб тура-дир, шунинг учун қулоққа ёқимлироқ келадир.
Қоп-қоронғу бир кечада бошқа бирисининг пучмоғинда севгилисини кўзлаб турған бир киши шамолнинг эсиши билан япроқ ва бутоқ тебранишлариндан чиққан мунгли мусиқага ияриб бир шеър айтадир. Бу шеърнинг етти-саккиз сўзи бир вазнда тизилган, бир вазнда кўринган ҳар сўз туркумининг оғир нидо - қулоқға бир турлигина таъсир беручи сўзлар қўйилса, ул шеърнинг таъсири, албатта, яхшироқ бўлар. Мана шеърда вазн ва қофия безаги (зийнати) шудир.
Энди мусулмонлиқдан сўнгра турк шоирларининг қабул этдиги вазнға боқайлик. Турк шоирларининг мусулмонлиқдан сўнгра қабул қилған вазнлари тубда араб вазнидир. Эронлилар бу вазнни араблардан қабул этиб олғандан кейин ўз шеърларини ўйноқи ва назм руҳиға кўра ўзгартканлар, ислоҳ этканлар. Бу кун бизнинг орамиздағи «вазн» шул эронлилар томонидан ўзгартирилган вазндирким, араб ваз-ниндан бир оз айирмаси бордир. Дунё саҳнасинда «иярув-тақлид»нинг рўлини ҳеч бир миллат биз турклар каби адо эта олмағандир! Биз қайси бир миллатнинг қайси бир нарсасига тақлид этмакчи бўлсак, ўзимизнинг миллий руҳимизға қарамасдан тақлид этамиз. Араблар қайси бир улусдан қайси бир сўзни олғанда ўз шевалариға кўра бузуб олғанлар. Бир арабни ўлдирсангиз (ҳам) «Петроғрад-Петрас-бурғ» демайдир. «Битрожрад-Битрасбурж» дейдир. «Франсик» демайдир «афранж» дейдир ва, шундай қилиб, ўз тилининг истиқлолини сақлаған бўладир. Арабларға иярмак билан махтаниб юрган бизлар эсак, арабнинг бу яхши қилиғина бутун қарши кетамиз. Тилимизға кўб қофияли араб сўзини эмас, унинг имлосини ҳам ўз сўзимизнинг имлосига қараб ўзгартмакни «фарз» деб биламиз! Эронлилар араб сўзини ўз тиллариға қараб ўзгарткан эканлар, биз эронлилардан шеър вазни остида ўз руҳини эмасда, тилимиздан чиқарған еринда шеър вазнида бўлса; биз шеърнинг ўзини олганмиз (яшасун тақлид!). Ҳолбуким, эрон вазни билан туркча шеър ёзуб турк улусиға ўқутмоқ мумкин эмасдир. Форси(й)ча дунёнинг энг ўйноқи ва нозли сўзларидандир. «Вазн» чанбаринда театру саҳнасиндағи қизлар каби ўйнаб турадир. Турк сўзи эса, оғир, виқорли, гавдалидир. «Мафоъийлун, мафоъийлун» чанбаринда ўйнаб турмоқ нари турсин, вазнга кира олмайдир, сиғмайдир. Эрон вазнида туркча шеър ёзғанлар ики турли ишка мажбур қолалар. Биринчиси, шеър орасинда кўбрак арабча сўзлар киргузалар. «Мафоъийлун» вазнини туркча сўзларданғина тўлдура олмайлар. Икинчиси, вазн раияси билан туркча сўзлар-нинг гавдасини бузарлар, эрон вазнида шеър айтқон бутун турк шоирлари шул ики касалга тутилғанлар, бирортаси ҳам қутула олмаған. Туркча шеърда арабча, форсча сўзлар киргузган турк шоирларимйзнинг ҳар ҳолда билгили бир йўллари бор эди. Ундан ҳам сўзнинг маънисини англаб ўз еринда қўя(р) эдилар. Ҳозирғи шоирларимиз эсалар, бус-бутун йўлсиз ва қоидасиз кета(р)лар. Нетайким, нурли шоирларимиздан бири «ёзувчилар уюшмаси»га бир шеър ёзмиш. Шеърнинт биринчи мисраъ(с)и шудир:
Куч билан босған йўлингу миллата «роҳи алҳамду».
Шу шеърдаги «роҳи алҳамду» сўзиға кўнмасак мумкин бўлмайдир, «роҳ» форси(й)ча бир сўз, «ҳамд» арабча сўздир. «Ал» сўзи арабча «изофа» қоидасиға қарши бирлашдиришдир. Ўз тилларини «аслан англаш шарқияда матлабдир» деган бир қисм ислоҳ шоирлари ҳам бўйла бир ишка кулибгина қарайдир.
Туркча сўзларнинг гавдасини бузмай олмоқға кўб ти-ришкан шоир Навойидир. Навойининг шеърларинда гавдаси бузилған сўз оз кўринадир. Демак, Навойи ҳазратлари бу ишнинг совуклиғини онгламиш, бироқ ўзини бутун қутқара олмамишдир. Мисол айтиб, Навойининг шул шеърини кўрсатамиз:
Юзингни кўриб, мени рамида
Ишқ ўтиға бўлғали гирифтор.
Шул байтдаги «юз» сўзини бузуб «юзз» қилмағунча вазн тўғри келмайдир.
Эмди шул ики ишка шеърларни, байтларни охтарайлик. Юқорида сўйлаған эдикким: зоҳиран ўз юракиндаги эзгу туйғуларини сўзлар воситаси билан бошқаларға бериб ўткармакчи бўладир. Бошқа турли айтканда: шоир сўз орқали бошқаларға таъсир этмакчи бўладир. Бунинг учун шоирға керакдирким: сўзларининг яхши қабул бўлишиға тиришсун, шеърни бузғучи сўзлардан узоқлашиб турсун.
Биламизким, ҳар улус ўзининг миллий мусиқасини, миллий тилини кўбрак севар, бунлардан кўбрак таъсир оладир. Бир турк кўб йиллар Оврўпанинг музика мактабида ўқуған бўлсун. Оврўпанинг музикасини неча йиллар қулоқ солған, неча йиллар тинглаган бўлсун. Бир кун Туркистонга келиб эски турк мусиқасини эшитканда бошқа ҳолға тушар. Оврўпа музикасида кўра олмадиғи таъмнида келиб эски турк мусиқасида кўрадир.
Мана шу ҳол тил тўғрисида очиқроқ ва буюкракдир. Негаким, тил улуснинг эски бир нарсасидир. Усмонли ҳукуматининг аскарий хидматига кирган донғли немис жинероли «Фундурғруҳич» пошонинг усмонли чериклари (нафарлари) тўғрисида шуйла бир мутолааси бор. «Фундурғруҳич» пошо дерким: «Усмонли нафарлари асру урушған эрурлар, буни ҳар ким биладир. Бунларнинг бир урушга келишлари «дин» кўлкасиндандир, бунларда «дин» сезгиси кучлидир. Бироқ бунларға «вазн» сезгиси бермак бўлмайдир. Негаким: «вазн» сўзининг туркчаси йўқдир. «Вазн» арабчадир, турк олдида ёт сўздир. Ёт сўз нима бўлса ҳам сафо истаған таъсирни бера олмайдир».
Яхшиғина пиширилған паловдан бир оғиз олиб ҳордиқ билан чайнаб туришлик кишининг тишиға тош текиб қолса кайфи қандай қочар? Ёт бу сўзға учраған туркнинг ҳам кайфи шуйла қочадир. «Туркники» деб ўқуб турган шеърида ёт сўзға учраб, кайфини қочирған бояқиш турк туркча сўзлардан ҳам бир-икисининг гавдасини бузуқ кўргач, у шеърдан безадир. Икинчи йўла уни ўқумоқчи бўлмас.
Мана шунинг учундирким: турк шоирлари ўз шеърларини турк кўбчилигига маъқул қила олмағанлар. Ўзлари туркча айтғач, шеърларининг совуқлиғини кўргач, форсийча ёза бошлағанлар.
Форси(й)ча шеър сўйларға берилған кўб турк шоирлари бор. Уларнинг бу ишлари учун кўб сабаблар кўрсатиладир. Бироқ менга ул сабабларнинг биринчиси, Эрон вазнидан туғилган шул қабоҳатлардир. Туркча шеърнинг ўзига кўра бир узри бор. Эрон вазнида сўйламак фикрий шул тонуқлар ила чурутилгач, турк вазнининг олий (суфати) қолиб кетадир. Уни бошқа бир мақолада сўйлармиз.