Сайфи Саройи

Сайфи Саройи ХIV асрда яшаб ижод қилган туркий адабиёт вакилларидан биридир. У адабиётимизда шоир ва таржимон сифатида ўз ўрнига эга.
Манбалардан маълум бўлишича, Сайфи Саройи 1321 йилда Қамишли юртида туғилган. Қамишли-Хоразмдаги қишлоқлардан бирининг номи. Аммо у ном Волга бўйида ҳам кўп учрайди. У Қамишлидан билимини ошириш  учун Саройга  келади. Сарой-Олтин Ўрда давлатининг пойтахтидир. Муҳаммад ибн Арабшоҳнинг ёзишича, «Сарой тутган ўрни ва халқининг жуда кўп бўлиши билан энг катта шаҳарларнинг бириси эди. У фан марказига айланди. Оз вақти ичида бу ерда кўплаб атоқли, машҳур кишилар тўпланди». Улар орасида Қутбиддин ар-Розий, Маъсуд Тафтазоний, Камолиддин ат-Туркманий, Ҳофиз ибн Баззозийлар бор эди. Шунингдек, машҳур шоир Камолиддин Хўжандийнинг ҳам ХIV аср охирларида Саройда яшаб ижод этганлиги яхши маълум. Шоир шу ерда яшаб турган даврида «Саройи» деган тахаллусини олган. Сайфи унинг исми бўлиб, «Қилич» деган маънони билдиради. /Б.Тўхлиев. 9-синф. 189-190-бетлар/.
Сайфи Саройининг яшаб ижод қилиб ўтган даври тарихда Ўзбекхон ўғли Тинибек ва Жонибекларнинг ҳукмронлиги даврига тўғри келади. ХIII асрдаги мўғуллар истилоси мамлакатни издан чиқарган эди. Бу босқин туфайли кўплаб кишилар қирилди. Кўплаб шоирлар ўзга юртларга кетиб қолди. Сайфи Саройи ҳам шулардан бири эди. У шундай ёзади:

Ўсиб тупроғим узра найзалар, мен эвдин айрилдим,
Ватандин бенишон ўлдимда, ўзга юртга эврилдим.
Нечун менга фалак жавр айлади, қандай гуноҳим бор?
Илоҳо айла кам жабринг, мен элга содиқ ул эрдим.

Демак, Сайфи Саройи Мовароуннаҳрда, Олтин Ўрда давлатининг пойтахти Саройда яшаб ижод қилган. Миср ва Туркияда ҳам яшаган. «Гулистон бит-туркий» китобидаги қуйидаги мисралар  шоирнинг  Миср  маликларидан бирининг хизматида бўлганлиги, қариб қолганлиги туфайли ўз ватанига кетиш учун маликдан рухсат сўраганидан далолат беради:

Илоҳий бу қари мискин қулингни,
Бағишла кўргузуб тўғри йўлингни.
Маликлар расмидир дилшод қилмоқ,
Қариса қулларин озод қилмоқ.
Қари ёрли қулинг Сайфи Саройи,
Фақиру бенаво лутфинг гадойи.
Ани лутфинг билан дилшод қилғил,
Бағишлаб ёзуқин озод қилғил.

Адиб тахминан 1396 йилда вафот этган.
Сайфи Саройининг ўзбек адабиёти тараққиётига қўшган ҳиссаси бебаҳодир. Ундан бизгача, бир қанча ғазал, қасида, қитъа, рубоийлар, «Суҳайл ва Гулдурсун» достони, «Синбонднома», «Гулистон» каби асарларининг эркин таржималари етиб келган. Булардан ташқари, Саъдий «Гулистон»и таржимасига киритилган оригинал шеърий парчалар, маснавийлар ҳам Сайфи Саройи қаламига мансубдир. Шоир ғазалларида шакл ва мазмун бирлигини биринчи ўринга қўяди. Шоирнинг «Шоирлар таърифида» деган маснавийсида ижодкорларга талабчан муносабатда бўлади:

Жаҳон шоирлари, эй гулшани боғ,
Кими булбулдурур сўзда, кими зоғ.
Кими тўти тегин чайнар шакарни,
Кими лафзи билан ўртар дурарни.
Кимининг сўзлари мавзуну ширин,
Кимининг лойиқи таърифи таҳсин.
Кими ўзганинг ашъорин меним дер,
Кими ҳайвон каби шалғам чўпин ер.
Кими маъни тузуб вазнин тузотур,
Кими вазнин бузуб, санъат кузотур.

Сайфи Саройининг лирик шеърлари миқдор жиҳатдан жуда оз. Девон тариқасида тартиб берилмаган. Бизгача ундан фақат «Гулистони бит-туркий» асарининг кириш қисмидаги ва сўнгги варақларидаги «Кўнгул», «Топулмас», «Кўзларинг», «Таолаллоҳ зеҳи сурат», «Ул юзи ой», «Янги ой»,  «Қамар юзингдин», «Ерур», «Тутар», «Менингтек нечалар ҳайрон», «Кўринур» каби ғазаллари ва бир «Баҳор тасвири» шеъри етиб келган. Шу шеърлар ҳам шоир шеърияти ҳақида маълум тасаввур уйғотади.
Сайфи Саройи шеърларига назар солсак, мавзу жиҳатдан турлича эканлигини кўрамиз. Ишқ-муҳаббат, вафодорлик ва садоқат мавзулари етакчилик қилгани ҳолда, одамийлик, инсон қадр-қиммати, ижтимоий мавзулар ҳам учрайди. Шоир сўз ўйинларидан маҳорат билан фойдаланади. «Ерур» радифли ғазали бу жиҳатдан характерлидир:

Дилбаримнинг зулфи сунбул, чеҳраси гулзор эрур,
Бўйина ошиқ санубар, юзина гул, зор эрур.
Оғзи фистуқ, кўрки тангсуқ, ўзи мушфиқ ёр эрур,
Ҳуснининг чови Хитоу Чин ичинда бор эрур.
Асли алчин, сўзлари чин, кўзлари тотор эрур,
Минг яшар ҳар ким дудоғи шарбатин тотор эрур...
Васфина Сайфи Саройининг иши ашъор эрур,
Андин ўзга бирла ошиққа емак ош, ор эрур.

Сайфи Саройи ғазаллари ўзининг оҳангдорлиги, содда ва ўйноқилиги билан ҳам ажралиб туради.

Янги ойдур қошинг, эй кўрка бойим,
Қилур таъзим юзунгни кўрса ойим.
Су ичканда дудоғингдан су томса,
Битар қанду шакар ул ерда дойим...

Шоир яхшиликни илгари суради. Ёмонлик қилганга ҳам яхшилик қил дейди:

Ямонлик қилган эрга, эзгулик қил,
Қопар ит оғзини луқма отадур.

Сайфи Саройининг бундай қарашлари «Гулистони бит- туркий»да келтирилган байтларда ҳам кўринади.

Етганича кучинг кўнгул ёпқил,
Ким халойиқ сенга дуо қилғай.
Тушган эр ҳожатин раво қилсанг,
Ҳақ сенинг ҳожатинг раво қилғай.

Ёки:
Синдирур бўлса уриб олтин қадаҳни катта тош,
Синмас олтин қиймати, ортмас баҳоси тошнинг.
Сайфи Саройи шоир Хоразмийнинг табиат гўзаллигини мадҳ қилган бир ғазалига назира тариқасида йигирма тўрт байтлик қасида ҳам ёзган. Унинг бу қасидаси Искандария ҳокимига бағишланган. У бизгача етиб келган ўзбек тилида ёзилган ХИВ аср қасидасининг илк намунасидир.
Сайфи Саройининг «Суҳайл ва Гулдурсун» достони ҳам характерлидир. Бу достон ҳақида манбаларда маълумот йўқ эди. 1966-67 йилларда фарғоналик  Камолхон Султонов деган кишининг қўлида сақланган қўлёзма асосида у топилди. Бу қўлёзмада Сайфи Саройига замондош Туғлихожа Хоразмий, Мавлоно Ишоқ Хоразмий, Мавлоно Аҳмад Урганжий каби шоирларнинг бир қанча ғазаллари берилган. Сўнггида Сайфи Саройининг икки байти, уч қитъаси ва 82 байт-164 мисрадан иборат «Суҳайл ва Гулдурсун» достони берилган. Бу лиро-епик асардир. Достон асосида дунёвий ишқ ётади. Севгида вафодорлик, мардлик тараннум этилади. Манбаларда қайд этилишича, достон 1394 йилда ёзилган. Асар Низомийнинг «Хисрав ва Ширин», Навоийнинг «Меҳр ва Суҳайл» асарларини эслатади. Достоннинг қисқача сюжети шундай: Амир Темур Урганчга ҳужум қилади. Кўп киши асир олинади. Улар орасида Суҳайл ҳам бор эди. Темурнинг қизи Гулдурсун Суҳайлни кўриб севиб қолади. Гулдурсун қоровулларни маст қилиб, Суҳайлни банддан  озод қилади. Улар қочадилар. Саҳрода очлик ва сувсизликдан Гулдурсун ҳолсизланиб қолади. Узоқ қишлоққа сув излаб кетган Суҳайл қайтиб келганда Гулдурсун вафот этган бўлади. Даҳшатга тушган Суҳайл шундай қарорга келади:

Менга яхши букун  ёр бирла ўлмак,
На лозим ғам билан дунёда қолмак.

У ўзига тиғ санчади ва ҳалок бўлади. Шамол бўлиб, уларнинг жасадини қумлар билан кўмади.

Суҳайл оҳ урди, шу дам қўпди бўрон,
Анингтекким, бузулди чархи даврон.
Алар узра тўкилди, кўмди тупроқ,
Бу сирни танҳо саҳро билди кўпроқ.

Сайфи Саройининг булардан ташқари, Саъдийнинг «Гулистон» асарини таржимаси ҳисобланган «Гулистони бит-туркий» асари  ҳам етиб келган. Олимларимизнинг қайд этишича, ҳижрий 793, мелодий 1390-91 йилларда таржима қилинган бу асар форс-тожик шоири Саъдий Шерозийнинг «Гулистон» асарининг ўзбек тилидаги энг биринчи ижодий таржимасидир. Саъдий бу асарни 1258 йилда ёзган эди.
Сайфи Саройи «Гулистони бит-туркий» асарининг жаҳон бўйича бирдан-бир нусхаси Лейден университетининг кутубхонасида сақланмоқда. Бу қўлёзманинг фотонусхаси  Москва ва Тошкентда ҳам сақланмоқда. Фарғонада топилган «Ёдгорнома»да бор.. Сайфи Саройи «Гулистон»нинг асосий мағзини олиб уни ўз замонаси руҳини акс эттирувчи янги ҳикоятлар, қитъа ва байтлар билан тўлдириб, она тилида халқига тақдим этади. Сайфи Саройи «Гулистон»идаги ҳикоятлар қуйидаги бобларга бўлинган:
Биринчи боб-султонлар ҳақидаги ҳикоятлар.
Иккинчи боб-фақирлар ахлоқи ҳақидаги ҳикоятлар.
Учинчи боб-қаноатнинг фойдаси ҳақидаги ҳикоятлар.
Тўртинчи боб-сукутнинг фойдаси ҳақидаги ҳикоятлар.
Бешинчи боб-ишқдаги йигитлик сифати ҳақидаги ҳикоятлар.
Олтинчи боб-қариликдаги заифлик сифатлари ҳақида.
Еттинчи боб-тарбиянинг таъсири ҳақида.
Саккизинчи боб-суҳбат одоблари ҳақида.
Ҳар ҳикоятнинг охирида масал ёки фалсафий чекинишлар мавжуд. Масаллар, тўртлик, байтлар шоирнинг мулоҳазаларини тасдиқлаш учун хизмат қилган.
Асардаги ҳикоятлар мавзулари ранг-баранг бўлганидек, образлар ҳам хилма-хилдир. Шоҳлар, вазирлар, амалдорлар, руҳонийлар, олимлар, ҳунармандлар, деҳқонлар, дарвешлар, ўғрилар, паҳлавонлар, савдогарлар ва бошқалар. Шартли тарзда номлануви «Асир, подшо ва вазир» ҳақидаги (асир подшони сўкиши, икки вазир икки хил талқин этиши), («Подшо ва уч ўғли») кичик ўғилнинг кўримсиз, аммо жасурлиги), «Малик, қул ва кема», «Нўширавон ва кийик овлаш», «Тош билан боғлиқ ҳикоят», «Паҳлавон ва шогирди» (шогирднинг хиёнати ва 360 усул), «Паҳлавон ва сўкиш», «Ўғри, шоир ва итлар» каби ҳикоятлар характерлидир.
Умуман, «Гулистони бит-туркий»даги ҳикоятларни ўқиш, ундаги мазмун ва моҳиятни англаш, ҳикоятлардаги қизиқарли тасвирлар ҳар бир ўқувчини ўзига ром эта олади.