Собиқ Шўролар даврида ўзбек мумтоз адабиётининг бир қатор вакилларининг ижоди, уларнинг адабий мероси турли сабаблар, тўсиқлар натижасида етарлича ўрганилмади, тарғиб этилмади. Бу жиҳатлар диний, исломий ғоялар, мафкуралар билан боғлиқ асарларда, ҳукмдорлар меросини ўрганиш ёки қатор мумтоз шоирларимизни замонавийлаштиришга уриниш кабиларда кўринади. Ўтмиш меросимизнинг нодир ёдгорлиги бўлган «Қисаси Рабғузий» китоби ва унинг муаллифи Носируддин Бурҳонуддин Рабғузий мероси ҳам халқимиз ҳаётидан узиб қўйилди. Ушбу китоб нашр этилмади. Таълим муассасаларида етарлича ўрганилмади. Илмий ишлар амалга оширилмади. Асардаги мавзулар, кўпгина пайғамбарлар билан боғлиқ ҳикоятлар диний мафкура билан, исломий ақидалар билан суғорилганлиги сабабли ўша давр қарашларига мос келмасди. Ҳолбуки, Рабғузийнинг ушбу асари ер юзининг пайдо бўлганидан бошлаб сўнгги пайғамбар – Муҳаммад ҳаётига доир бўлган воқеаларни тасвирлар экан, уларда кишиларни тўғриликка, комиликка, ахлоқан покликка чақириши билан юксак аҳамият касб этади.
Рабғузий ҳақида етарлича маълумот етиб келмаган. Бизгача етиб келган ягона асари «Қисаси Рабғузий»да баъзи маълумотлар мавжуд. Ундаги маълумотлар ҳам тўлиқ эмас. Унинг асл исми Носируддин бўлиб, Хоразмнинг Работу Ўғуз деган жойида туғилган. Асарининг муқаддимасида отаси Бурҳонуддиннинг Ўғуз Работининг қозиси бўлганлигини айтиб ўтади. Асарда бу ҳақда: «Бу китобни тузган, тоат йўлида тизган, маъсият ёбонин кезган, оз озуқлик, кўп ёзуғлук /яхшилиги оз, гуноҳлари кўп/ Работ Ўғузининг қозиси Бурҳон ўғли Носируддин...» деб қайд этилган. Рабғузий сўзини проф. Н.Маллаев «Работи ўғуз»нинг бирикувидан келиб чиққан дейди. Демак, Рабғузий ХIII асрнинг охирлари ва ХIV асрнинг бошларида яшаган хоразмлик шоирдир. Унинг «Қисаси Рабғузий» асари ўзбек насрининг қадимий намунаси. Бу асар ислом динини қабул қилган мўғул бекларидан бири бўлган Носируддин Тўқбуғанинг топшириғи ва ҳомийлигида ёзилган. Асар ҳижрий 709 йил, мелодий 1309-10 йил, баъзи манбаларда 1311 йил яратилган деб кўрсатилади. Тўқбуға Рабғузийга пайғамбарлар ҳақида асар ёзишни топширади ва натижада «Қисаси Рабғузий» юзага келади. Муаллиф асарни бир йил заҳмат чекиб тугатганини қайд этади. «Қисаси Рабғузий»нинг турли даврларда кўчирилган бир неча қўлёзма нусхаси мавжуд. Улар дунёнинг турли кутубхона ва қўлёзма фондларида сақланади. Асарнинг энг қадимий қўлёзма нусхаси ХВ асрда кўчирилган бўлиб, у Британия музейида сақлаб келинмоқда. Гронбек томонидан 1948 йили Копенгагенда нашр қилинган. Манбаларга қараганда, ХV аср Лондон нусхаси 1340 йилда Рабғузий тириклик даврида кўчирилган. ХV-ХVI асрларга мансуб Санкт-Петербург, ХIХ асрга оид Тошкент нусхалари мавжуд. ХIХ асрнинг II ярми ва ХХ асрнинг бошларида Тошкент, Қозон шаҳарларида бир неча марта нашр этилган. Асарнинг тўла матни илк марта рус туркийшунос олими Н.Илминский томонидан 1859 йили Қозон шаҳрида эълон қилинган. Ушбу асар Радлов, Томсен, Мелиоранский, Малов, Кононов, Босим Аталай каби хорижий туркийшунос олимлар, Фитрат, Н.Маллаев, Т.Фафуржонова, И.Остонақулов каби ўзбек олимлари томонидан тадқиқ қилинган.
Рабғузий ушбу асарни ёзишда Қуръони карим, ҳадислар, Абу Ишоқ Нишопурий асари, исломга оид турли китоблар, шунингдек, Ҳасан Басра, Жобир ибн Ансорий каби қиссагўйлар ижодидан фойдаланган. Асарни ўқир эканмиз, Рабғузийнинг ўнлаб бундай асарлардан ижодий фойдаланганлигининг гувоҳи бўламиз. Бу манбалар иккига бўлинади:
1.Адабий манбалар.
2.Тарихий манбалар.
Адабий манбаларга, аввало, Қуръонга ёзилган тафсирларни, сўнг Иcҳоқ Нишопурий, Абул Ҳасан Кисоий қиссаларини киритиш мумкин. «Қисаси Рабғузий»да Муҳаммад пайғамбар ҳаётигача бўлган қиссалар бевосита Қуръон шарҳи вазифасини бажарган бадиий асарлар, иккинчи гуруҳга Имом Исмоил Бухорийнинг «Ал Жоме ал саҳиҳ», Абу Исо ат Термизийнинг «Шамоили набавия» китобларини киритиш мумкин.
Рабғузий пайғамбарлар ҳақидаги қиссаларда олам ва одам ҳақидаги қарашларини бадиий ифодалашга ҳаракат қилган. Қиссалар асосини тарихий воқеалар ташкил этади. Асар 72 қиссадан иборат. Қиссалар мавзу жиҳатдан ранг-баранг. Оламдаги бутун мавжудот эгаси бўлган Оллоҳни улуғлаш, пайғамбар ҳаётига доир лавҳаларни эслаш, камтаринлик ва такаббурлик, ота-она ва фарзанд муносабатлари, ватан ва меҳнатсеварлик, эрк ва адолат, дўстлик
ва ҳамжиҳатлик, уруш ва тинчлик кабилар шулар жумласидандир. Асарда шундай бир жумла борки, у асар мавзусини аниқлаш имконини беради: «Дунёга боринг, менга тоат қилинг, маъсиятдан йиғилинг, қон тўкманг, хамр ичманг, халқ орасида кўни ҳукм қилинг, зино қилманг, хиёнат қилманг». Яъни инсон Оллоҳга тоат қилса, ҳамиша унинг ёди билан яшаса, охиратини ўйласа ёмон ишлардан сақланади, ўзидаги ёмон унсур ва иллатлардан қутилишга ҳаракат қилади.
«Маъсиятда йиғилинг»-гуноҳдан сақланинг дегани. Гуноҳ ва савоб тушунчаси асарда кўп тилга олинади. «Кўни ҳукм қилинг»-бу насиҳат амалдорларга тааллуқли бўлиб, ҳар ишда адолатли, тўғри ҳукм қилиш зарурлиги таъкидланган. Кучсизларга озор етказмаслик ва инсон шаҳвоний ҳисларга берилмаслиги, бу йўлда юрганларга шармандалик, юзи қаролик, азоб-уқубат етиши айтилади.
Исломда хамр /ароқ/ ичиш ман қилинади. Чунки у кўп ёмон ишларга сабаб бўлади. Қон тўкиш, бесабаб бировни ўлдириш ҳам исломда қораланади. Омонатга хиёнат қилмаслик олижаноб фазилат.
Асарда Нуҳ, Довуд, Сулаймон, Исо, Мусо, Юсуф, Яъқуб, Исмоил, Иброҳим каби пайғамбарлар, Луқмони ҳаким ҳақидаги ҳикоятлар келтирилган.
Асарда одамнинг, ер юзи, кўк, жин, фаришталарнинг яратилишидан бошлаб маълумотлар келтирилади. Мана оламнинг яратилиши ҳақидаги хабар: «Хабарда андоғ келур: Якшанба кун кўкларни яратти, душанба кун ойни, кунни, юлдузларни яратти, фалак ичинда туритти, сешанба кун олам халқинда қуш-қуртларни, фаришталарни яратти, чаҳоршанба кун сувларни яратти, елларни, булутларни чиқарди, йиғочларни, ўт-емларни яратти, ундурди. Рўзиларни улаштурди. Пайшанба кун ужмох, тамуғни, раҳмат ва азоб фаришталарни яратти, ҳурларни яратти. Азина кун одамни яратти. Шанба кун нарса яратмади». /«Қисаси Рабғузий». 12-бет/.
Одамнинг яратилиши ҳақида ҳам гап боради. Жаброил, Исрофил, Мекоил тупроқ олиб келишга буюрилади. Улар қилмаган ишни Азроил бажаради. Шу учун ҳам жонзотлар жонини олиш унга топширилади. Одамни тупроқдан яратади. Тоғ, Тенгиз, Кўк улардан яратишни талаб қилишади. Тупроқ жим тургани боис ундан яратилади /17-бет/.
«Қиссаи Қобил ва Ҳобил»да тасвирланишича, Қобил билан Иқлимо, Ҳобил билан Абудо туғилади. Иқлимо гўзал. Абудо кўрксиз эди. Қобилга Абудо бериладиган бўлди, у кўнмади. Одам уларга қурбонлик қилишни, кимнинг қурбонлиги қабул бўлса, Иқлимо берилишини айтди. Ҳобилнинг қўйи қабул бўлди. Қобил тош билан уриб Ҳобилни ўлдирди. Қарғаларга қараб, Ҳобилни ерга қўйди. Одам кўмиш шундан қолди. /30-31- бетлар/
Нуҳ ва кема билан боғлиқ ҳикоят кўпчиликка яхши таниш. /Баёни берилади, таҳлил қилинади/.
Асарда катта бир қиссани Юсуф пайғамбар ҳақидаги қисса ташкил этади. Яъқуб, унинг ўғиллари, Юсуф ва Зулайҳо ҳақидаги воқеалар анча машҳур. /Ҳикоят таҳлил қилинади/.
Ҳазрати Довуд ҳақидаги қисса ҳам эътиборли. Қисса Довуднинг таърифи билан бошланади. Ундан кейин Довуд ҳақидаги умумий тасаввурлар баён этилади:»Довуд ялавоч (пайғамбар) бани Исроилдан эрди. Ўн қариндош эр дилар, оталари Ишоъ отлиғ. Довуд қамуғидин (барчасидин) кичик эрди. Тун-кун йиғлаюр эрди ибодат ичинда» Довуд пайғамбар билан боғлиқ бир неча ҳикоятлар берилади. Адолат билан ҳукм қилиши, кечалари раият ҳоли билан танишиши, бир кампир қиёфасидаги фаришта у халқ молини ейишини айтиши, сўнг Довуд пайғамбар темирчиликни ўрганиши баён қилинади.
Асарда Мусо пайғамбар, Сулаймон ва қаринча, Сулаймон ва курсиси, Сулаймон ва Билқис ҳақидаги, Юнус, Илёс, Хизр, Луқмони ҳаким, Исо, Искандар ҳақидаги қиссалар ҳам эътиборлидир.
Асарнинг катта қисми пайғамбаримиз Муҳаммад ҳаётларига бағишланган. Рабғузий ҳақида гап кетганда унинг шеърияти ҳақида ҳам сўзлаш жоиз. Чунки ҳар бир қисса бошида ёки охирида келтирилган шеърлар бундан далолат беради. Айрим ғазаллар воқеалар ичида ҳам берилади. Булар Рабғузийнинг туркий аруз ва бармоқ вазнини яхши эгаллаганидан гувоҳлик беради. Ушбу асарда 600 мисра шеър ўрин олган бўлиб, булар ғазал, рубоий, қитъа, тўртлик, қасида жанрларида битилган. Баҳорни, Наврўзни мадҳ этувчи шеър бор. Рабғузий асарида халқ оғзаки ижодининг ҳам чуқур таъсири сезилади. Масалан: Бани Исроил уларга 12 бақувват, баланд бўйли кишиларни юборишади, боғбон келиб уларнинг олтитасини бир енгига, яна олтитасини иккинчи енгига солиб олади. Уларни қўл- оёқли қуртлар деб атайдилар. Ёки Мусо пайғамбар ҳассасини ерга санчса мевали дарахт, душманга қарши илон, дарёдан ўтишда кўприк вазифасини бажаради. Ёки Юсуфнинг акаси Яҳудо наъра тортса, Миср эли ҳушсиз йиқилади ва ҳоказо.