Х-ХII асрлар адабиётимизда юксалиш даври бўлди. Туркий тилда асарлар яратилди. Қорахонийлар даврида бу нарса яна ҳам яққолроқ намоён бўлди. Панднома руҳдаги асарлар юзага келди. Аҳмад Югнакий ҳам ана шу даврга мансуб шоирлардан бири. Унинг асари эса дидактик характерда.
Аҳмад Югнакийнинг истеъдодли шоир ва мураббий, донишманд инсонлиги қайд этилади. Адиб Аҳмад ҳақида оз маълумот сақланиб қолган. Унинг ҳаёт йўллари, турмуши ҳақида етарли маълумотга эга эмасмиз. Шу сабаб ҳам ҳозирги кунда адибнинг яшаган даври масаласида олимларимиз ўртасида илмий баҳслар давом этмоқда. Шу пайтгача унинг яшаган даври ХII аср деб келинарди. Фитрат, Н.Маллаев, Қ.Маҳмудов, И.Ҳаққулов, Б.Тўхлиев, Ҳ.Болтабоев каби қатор олимларимиз ана шу фикр тарафдори. Проф. М.Имомназаров ЎзАС газетасида /1998 йил/ И.Ҳаққулов, Қ.Маҳмудов ва бошқалар билан баҳсга киришиб, Югнакийни VIII асрга мансуб деган фикрни илгари суради. Бунга сабаб нима? Навоий «Насоим ул-муҳаббат»да шундай ёзади: «Адиб Аҳмад ҳам турк элидин эрмиш. Анинг ишида ғариб нималар манқулдур. Дерларки, кўзлари битов эрмишки, асло зоҳир эрмас эмиш. Басир бўлиб, ўзга басирлардек андоқ эмас эрмишки, кўз бўлғай. Аммо бағоят зийрак ва закий ва зоҳид ва мутаққий киши эрмиш. Ҳақ субҳонаҳу ва таоло агарчи зоҳир кўзин ёпуқ яратқондур, аммо кўнгил кўзин бағоят ёруқ қилғондур.
Маскани Бағдоддин неча йиғоч, баъзи дептурлар, тўрт йиғоч йўл эркан. Ҳар куни Имом Аъзам дарсига ҳозир бўлур экандур ва бир масала ўрганиб бу йўлни яёғ борур экандур...» (Навоийнинг нигоҳи тушган. Т.,1986. 12-бет). Навоийнинг «Имом Аъзам дарсига ҳозир бўлур экандур» деган фикри М.Имомназаровнинг юқоридаги хулосага келишига сабаб бўлган. У Имом Аъзамни Бағдоднинг алломаларидан ханафия мазҳабининг асосчиси Имом Аъзам абу Ханифа ан Нуъмон ибн Собит /699-767/ деб билган. (Буюк сиймолар, алломалар. 1-китоб. 22-бет). Кўпгина олимларимиз Навоий тилга олган киши бу аллома эмас /Б.Тўхлиев бу шахс кимлиги аниқ эмас дейди. «Ўзбек адабиёти». 9-синф. 2000 йил. 158-бет/, бошқа бир хиллари эса тасаввуф илмида улуғлардан ғойибдан таҳсил олиш мавжудлигини, бу ҳам шу билан боғлиқлигини таъкидлайдилар.
Аҳмад Югнакий ҳақида ўз асарида маълумотлар учрайди. Асар матнида достоннинг ёзилган йили, жойи кўрсатилмаган. Достоннинг нусхаларидан бирида ХV аср темурий ҳукмдорлардан Арслонхўжа Тархон адиб ҳақида қуйидаги маълумотларни қайд этган: Адибнинг ери Югнак эканлиги /манбаларда Югнак Фарғона водийсида ҳам, Туркистон атрофида ҳам, Самарқанд ёки Сирдарё атрофларида эканлиги кўрсатилади/, отасининг оти Маҳмуд, ўзи Адиб Аҳмад, китобининг оти «Ҳибатул ҳақойиқ», асарни Қошғарий тили билан ёзгани, ким бу тилни билса асарни тушуниши в.ҳ. Яна бир номаълум шахс томонидан ёзилган қайдда эса, шоирнинг кўзи ожиз бўлгани, китоб 14 бобдан иборат эканлиги ёзилади:
Туға кўрмас эрди адибнинг кўзи,
Тузатти бу ўн тўрт боб ичра сўзи.
«Ҳибатул ҳақойиқ»-«Ҳақиқатлар армуғони» /Б.Тўхлиев «Севимли ҳақиқатлар» дейди/ нинг бугунгача учта тўлиқ қўлёзмаси ва иккита айрим парчалари сақланиб қолган. Уларнинг энг қадимгиси 1444 йилда Самарқандда Улуғбекнинг нуфузли бекларидан бўлган Арслонхўжа Тархон топшириғига кўра, котиб Зайнул Обиддин ибн Султонбахт ал Журжоний ал Ҳусайний томонидан уйғур ёзувида кўчирилган. Кейинги нусха уйғур ва араб ёзувларида бўлиб, 1480 йилда Туркистонда Истамбулга бориб қолган котиб Шайхзода Абдурразоқ бахши томонидан кўчирилган. Учинчи қўлёзма араб хатида бўлиб, унга туркия султони Боязид ИИ муҳри босилган. Бу нусха ҳам ХВ аср охири ХВИ аср бошларида кўчирилган. Турк олими Нажиб Осим 1914-1916 йилларда иккинчи нусхани топиб, нашр этган. «Ҳибатул ҳақойиқ» Туркияда 1915-16, 1951 йилларда, Тошкентда 1971, 1972 йилларда, Пекинда 1980 йилда, Олмаотада 1984 йилда нашр этилган. Асар баъзи манбаларда 235 байт, 254 байт ёки 484 мисра, 512 мисра деб кўрсатилади. Умуман, достоннинг умумий ҳажми 500 мисрадан ортиқ.
Достоннинг иккинчи нусхасида асар 14 бобдан иборатлиги қайд этилсада, у 11 бобдан ташкил топган. 3 боби бошқа бобларга кириб кетган бўлиши мумкин. Достоннинг биринчи боби 1-10 байтлар худога, иккинчи боби 11-19 байтлар пайғамбар ва тўрт халифага бағишланган. Учинчи боб 20-33 байтлар Додсипаҳсолорга бағишланади. Тўртинчи боб 34-39 байтлар китобнинг ёзилиш сабаби ҳақида, асосий қисм бешинчи бобдан бошланади. Бешинчи боб 40-62 байтлар билим мақтови ва жоҳилликнинг зарарига, олтинчи боб 63-86 байтлар тил одобига, еттинчи боб 87-110 байтлар дунёнинг фонийлигига, саккизинчи боб сахийлик ва бахилликка, тўққизинчи ва ўнинчи боблар 176-226 байтлар турли хил масалаларга бағишланган, ўн биринчи боб 227-235 боблар китобнинг хотимасидир.
Навоий Югнакийга юқори баҳо беради. Юқорида қайд этилган асарда унинг қуйидаги байтларини келтиради: «Балки аксар турк усулида ҳикмат ва нукталари шоеъдур...
Байт:
Улуғлар не берса, емасмен дема
Илик сун, оғиз ур, емасанг ема.
Байт:
Сўнгакка иликтур, эранга билик,
Биликсиз эран ул иликсиз сўнгак...»
Аҳмад Югнакий инсон ҳаётида илмнинг аҳамияти юксаклигини қайд этади. Турли ўхшатишлар орқали илм ва илмли кишиларни улуғлайди. Билимли кишини қимматли динор, билимли хотин-ер ўрнида, илмлининг оти абадий, у ўлса ҳам номи ўчмайди, билимлининг бири билимсизнинг мингига тенг, илмсиз эса, емишсиз мева, билимсиз эркак-хотин кишидир, илмсиз иликсиз суяк, илимсиз тирик бўлса ҳам ўлик ўрнида ва ҳоказо.
Биликлик биринга биликсиз мингин,
Тенгакли тенгади биликнинг тенгин...
Сўнгакка йиликтак эранга билик,
Еран кўрки-ақл, сўнгакнинг йилик...
Адиб таъкидича, билимли керакли сўзни билади, кераксиз сўзни айтмайди. Билимсиз эса нима деганини билмайди. Тили бошини ейди:
Биликлик кераклик сўзин сўзлаюр,
Кераксиз сўзини кўмиб кизлаюр.
Биликсиз на айса аюр уқмайин,
Анинг ўз тили ўз бошини еюр...
Шоир тил хусусида ибратли фикрлар айтади. Тили бўш киши бошини ейди. Ўқ яраси битади. Тил яраси тузалмайди. Аҳмоқнинг қони тили туфайли тўкилади. Тўғри сўз асал, ёлғон сўз саримсоқ пиёз, чин сўз шифо, ёлғон сўз касал каби, тўғри гапириш, сир бермаслик муҳим.
Оғиз-тил безаги кўни сўз турур,
Кўни сўзла сўзни, дилингни беза.
Аҳмад Югнакий саховатни улуғлайди, бахилликни қоралайди:
Йимишсиз йиғочтак карамсиз киши,
Йимишсиз йиғочни кесиб ўртагил.
Камтарлик, сабр-қаноат инсон безаги:
Улуғликка тегсанг, янгилма ўзунг,
Қали кийсанг атлас, унутма бўзунг.
Умуман, Югнакий ўз достонида ўқувчига панд-насиҳат билдиради. Асарда турли бадиий воситалар, халқ мақоллари, таъбирлари учрайди. Ўхшатиш, такрир, тазод каби санъатлардан кенг фойдаланилган.