Шўро даври ўзбек адабиётининг ривожига салмоқли ҳисса қўшган улуғ адиб, шоир, олим, жамоат арбоби Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек 1905 йили Тошкент шаҳрида бўзчи оиласида дунёга келди.
Олдин ўрта мактабда, 1922—1925 йилларда эса Тошкент педтехникумида таълим олди. Сўнгра Ўрта Осиё Давлат дорилфунунида ижтимоий фанлар факултетида ўқишни давом эттирди. Ленинграддаги Плеханов номидаги Халқ хўжалиги институтида таҳсил кўрди. 1930 йили Ўрта Осиё Давлат дорилфунунини тугатиб, Олий мактабларда сиёсий иқтисоддан дарс беради.
Ойбек адабиётга 1926 йили чоп этилган «Туйғулар» шеърий тўплами билан кириб келади. Шоирнинг «Дилбар давр қизи» (1931), «Ўч» (1932), «Бахтигул ва Согиндиқ» (1933), «Темирчи Жўра» (1933) поемалари ўз даврининг шеърий солномаларидандир. Унинг йигирмадан ортиқ достонлари бўлиб, тарихий, замонавий ва хорижий мавзуларда яратилган.
Ўзбек халқининг 1916 йилги миллий озодлик қўзғолони ёзувчининг «Қутлуғ қон» (1940) романида зўр маҳорат билан реалистик ифодаланган. Адибнинг иккинчи йирик тарихий асари «Навоий» (1944) романидир. Ойбек бу романда ўзбек адабиётида биринчи бўлиб, улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий образини яратди. Унинг «Олтин водийдан шабадалар» (1949) асарида халқимизнинг урушдан сўнгги давр яратувчилик меҳнати, «Қуёш қораймас» (1958) романида Улуг Ватан урушида эришилган ғалаба акс эттирилган. Адибнинг «Улуғ йўл» (1967) асари эса «Қутлуғ қон» романининг мантиқий давоми бўлиб, унда ёзувчи миллий онгнинг шаклланишини маҳорат билан кўрсата олган.
Ойбек 1949 йилда Покистонга саёҳат қилди. Адиб Покистон ҳаётини, фикр ва туйғуларини, кураш ва интилишларини «Покистон хотиралари» очеркларида, қатор шеърларида, «Зафар ва Заҳро», «Ҳақгўйлар» достонларида, ниҳоят «Нур қидириб» повестида тасвирлади.
Адибнинг автобиографик повести «Болалик» 1963 йилда яратилди. Қиссанинг бош қаҳрамони ёш Мусо яъни Ойбекнинг ўзидир.
Ойбек истеъдодли шоир, йирик носир бўлибгина қолмай, машҳур олим, давлат ва жамоат арбоби, публитсист танқидчи ва таржимон ҳамдир. Ўзбек китобхони Пушкиннинг «Евгений Оиегин», Лермонтовнинг «Маскарад» асарини, антик Рим адабиёти намуналарини, арман эпоси «Сосунли Довуд»ни Ойбек таржимасида ўқишга муяссар бўлган.
Ойбек 1943 йилда Ўзбекистон Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзолигига сайланди ва 1950 йилгача Академияда ижтимоий фанлар бўлимининг раиси лавозимида ишлади. У юқори малакали филологлар тайёрлашга катта ҳисса қўшган устоздир.
Улкан адиб «Навоий» романи учун Иттифоқ Давлат мукофоти лауреати бўлди, бир неча орден ва медаллар билан тақдирланди. У Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти совриндори ҳам бўлган. Ёзувчининг асарлари ўзбек адабиётининг жаҳон аро шуҳратини янада оширди. Устоз маҳорати ёш ёзувчилар учун ижод дорилфунунига айланди. Ойбекнинг ўлмас асарлари маънавий хазинамиздан мангу ўрин олди ва умумхалқ мулки бўлиб қолди. Унинг энг яхши асарлари жаҳон адабиёти хазинасига ҳам кирган. Ойбек 1968 йил 1 июлда 63 ёшида вафот этди. Вафотидан сўнг унинг 20 жилдлик тўла асарлари мажмуаси нашр этилди.