Ўзбек адабиётининг машҳур намояндаларидан бири, Иттифоқ Давлат ва Ленин мукофотларининг лауреати Ғафур Ғулом 1903 йил 1 майда Тошкент шаҳрининг Қўргонтеги маҳалласида меҳнаткаш оиласида туғилди. Тўққиз ёшида отасидан етим қолган Ғафур аввал эски мактабда, сўнгра рус-тузем мактабида таълим олди.
У Октябр тўнтаришидан кейинги йилларда муаллимлар тайёрлов курсини битириб, янги усулдаги мактабларда ўқитувчилик қилди. 1923 йилдан болалар уйида мудир ва тарбиячи, сўнг «Камбағал деҳқон», «Қизил Ўзбекистон», «Шарқ ҳақиқати» рўзнома муҳарририятларида ишлади. Рўзнома унинг учун дорилфунун ролини ўйнади, халқ ҳаётини ўрганиш, унда фаол аралашиш йўлида муҳим восита бўлди.
Унинг мамлакатни ҳимоя қилиш ҳақидаги тантанавор қасидалари, ўтмиш сарқитларини қораловчи ҳажвий шеърлари ва халқнинг кундалик ижодий меҳнатини олқишловчи асарларидан жамланган «Динамо» ва «Тирик қўшиқлар» номли дастлабки шеърий тўпламлари 1931-1932 йилларда чоп этилди.
Шоир лиро-епик жанрларида (1930-1935) «Кўкан» поемасини, «Тўй», «Икки васиқа» балладаларини яратди. Бироқ, шоирнинг бир қатор шеърларида, хусусан, биз кўп йиллар коллективлаштириш мавзуидаги энг йирик лироепик жанрдаги асар деб мақтаб келган «Кўкан» поемаси ҳозирги кун талаблари даражасида эмаслиги сезилиб қолди. Жумладан, поемада бошдан оёқ мақталган коллективлаштириш сиёсати маълум ижобий натижалари қаторида чексиз зулм — фожеаларга ҳам сабаб бўлганлиги бор бўйича реалистик ифодаланмаган эди. Мустақиллик даври ўтмиш тарихига яқиндан ҳақиқат кўзгусида боқишни тақозо этгач, бундай нуқсонлар маълум бўлиб қолди. Худди шундай ҳол уни партия, она Ватан, В.И.Ленин, Октябр ҳақидаги шеърларида ҳам сезилади. Шу туфайли шоир ижодини заррача камситмаган ҳолда унга танқидий ёндашишни тақозо этади.
30-йиллар Ғафур Ғулом ҳикоя, очерк, фелъетонлар қатори «Нетай», «Ёдгор», «Тирилган мурда» каби қиссаларини ҳам ўз китобхонига тақдим этди.
Улуғ Ватан уруши йилларида шоир ўз ижодининг бутун ҳароратини фашист босқинчиларига қарши курашаётган халққа, унинг муқаррар ғалабасига бағишлади. У «Сен етим эмассан», «Олтин медал», «Кузатиш», «Вақт», «Соғиниш» каби шеърларини ижод қилди, публитсистик очерк ва мақолалар ёзиб, халқни жанг ва меҳнат ғалабасига отлантирди. Сўнгги йилларда Ғафур Ғуломнинг 20 га яқин шеърий тўпламлари чоп этилди. Айниқса, шоирпнинг «Кузатиш», «Сен етим эмассан», «Қиш», «Бизнинг кўчада ҳам байрам бўлажак», «Вақт», «Оналар» сингари асарларида дунё халқларини фашизм вабосидан халос этган жангчиларимнинг мардона курашлари тасвирланган.
Ғафур Ғулом уруш йилларида ёзилган шеърларидан жамланган «Шарқдан келаётирман» тўплами учун 1946 йили Иттифоқ Давлат мукофотига сазовор бўлди. Адибга вафотидан сўнг «Ленин ва Шарқ» мавзусидаги асарлари учун Ленин мукофоти (1973) берилди. Ғафур Ғулом ўз даврида «Ҳурмат белгиси» (1944), уч марта «Меҳнат Қизил Байроқ» ордени (1937, 1951, 1961), Ленин ордени (1949), медаллар ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган. У Ўзбекистон Фанлар академиясининг аъзоси (1943) эди. 60 йиллик юбилейи муносабати билан унга Ўзбекистон халқ шоири фахрий унвони берилди. Шоирнинг кўпгина асарлари қардош халқлар, Осиё ва Европа тилларига таржима қилинган.
Ўзбек шеъриятининг оташин жарчиси, улкан санъаткори Ғафур Ғулом миллий адабиётимизнинг ривожига катта ҳисса қўшган адибдир. Адиб 1966 йилда хасталикдан сўнг вафот этди.