Мумтоз адабиётимизнинг энг яхши анъаналарини янги даврда муваффақиятли давом эттирган замондошимиз шоир Асқарали Ҳамроали ўғли Чархнй Қўқонда 1900 йилда таваллуд топган. Бошланғич маълумотни эски мактабда олган Асқарали отасидан ҳуснихат машқ қилишни, онасидан шеър ёзишни ўрганди.
Бўлғуси шоир Ҳофиз, Саъдий, Навоий, Бедил, ғазалларини меҳр билан ўқийди. Сулаймонқул Рожий, Мирза Ҳўқандий каби қўқонлик шоирлардан аруз қоидаларини ўрганиб, копроқ ҳажвиётга мойиллик кўрсатди. Асқарали Октябр тўнтаришидан кейин Чархий тахаллуси билан шеърлар ёзиб юрган бўлса-да, уларни узоқ вақтгача матбуотда эълон қилмайди.
Чархий 1938-1939 йиллардаи бошлаб, Қўқондаги «Янги Фарғона» газетасида, «Муштум» журналида фаол қатнашди. Шоир «Ширин ва аччиқ» (1959), «Шеърлар» (1966), «Алихўжа ва Хўжаали» (1970), «Девон» (1972) номли китобларини ўқувчиларга тақдим этди. Чархий ижодида лирик шеърлар билан бир қаторда, сатирик шеърлар ҳам алоҳида ўрин тутади.
Чархий мумтоз адабиётимизнинг асосий вазни — аруз системасида ва классик шеъриятнипг турли жанрларида муваффақиятли ижод этган ва уни рпвожлантирган истеъдодли шоирдир. У кўп йиллар давомида Қўқондаги Муқимий уй-музейида илмий ходим бўлиб ишлаб, Муқимийнинг кўп қиррали адабий меросини тўплаш ва авайлаб сақлаш ишига муносиб ҳисса қўшган.
1975 йилда республикамиз ҳукумати шоир Чархийга Ўзбекистон халқ шоири деган фахрий унвон берди.
Чархий истеъдодли ғазалнавис, ажойиб қўшиқчи-шоир, жонкуяр маърифатчи сифатида ихлосмандлари хотирасида ўчмас из қолдирди.
У 1979 йил 18 декабрда Қўқонда вафот топди.