Замонамизнинг кўзга кўринган шоирларидан бири Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Ҳабибий янги даврда мумтоз шеъриятимизнинг энг яхши анъаналарини ривожлантирди. У ўз ғазаллари билан халқимизнинг умид ва интилишларини, руҳий камолотини ифодалаб келди.
Ҳабибий 1890 йили Андижон вилоятининг Пахтаобод туманидаги Қўқон қишлоғида камбағал деҳқон оиласида туғилди. У эски мактабда, Андижон, Қўқон мадрасаларида таълим олди. Навоий, Фузулий, Муқимий ва Фурқат разалларини мутолаа қилди, уларга эргашиб шеърлар ёзди. Хусусан
Шарқ адабиёти анъаналарига эргашди. Саъдийнинг сеҳрли, фалсафий шеърияти, буюк Навоийнинг ҳаётбахш ижоди, Фузулийнинг шеърий каломи уни қўллаб-қувватлади.
1919 йилда Ҳабибий Андижоннинг Бўтақора қишлоғида яшаб, деҳқончилик билан шуғулланди. Йигирманчи йилларда халқ қўшиқлари услубида кўплаб шеърлар яратди. Ҳабибий ўз замонаси мавзулари, колхоз тузуми, каналлар қурилиши, чўлларни ўзлаштириш, Фарҳод ГЕСининг бунёд этилиши ва бошқа йирик ўзгаришларни қаламга олди.
Шоир ижодида она Ватан ва халқимиз ҳаёти ва кураши, интилишлари ҳақидаги шеърлар етакчи ўринни ишғол этади. У бир шеърида:
Ей, ҳур Ватаним, тоза тану жон ила севдим,
Жон ила тану покиза виждон ила севдим, —
дея Собир Абдулла, Чархий, Чустий каби адибларга ҳамоҳанг жўр бўлди. Шу ғоя унинг «Ўлкам», «Фарҳод қўшиги», «Муборак ёш», «Инсон азиз», «Улуғ бурч», «Чеварлар», «Муддао билан» каби шеърларида ўз маромига етказилди.
Улуғ Ватан уруши йилларида шоир қаламини найзага айлантирди. Унинг бу даврдаги ғазаллари орасида «Жангчи йигит қўшиғи», «Боладан ота-онага хат», «Онадан болага хат» каби ғазаллари, айниқса, характерли эди. Шунингдек, Ҳабибийнинг «Колхозчилар ашуласи» (1951), «Кўнгил тароналари» (1957), «Танланган асарлар» (1967), «Девон» (1971) каби шеърий тўпламлари ҳам халқ эътиборига сазовор бўлди.
Ҳабибий 1974 йилда 85 ёшга тўлиши муносабати билан Ўзбекистон халқ шоири унвонини олишга муваффақ бўлди. Зокиржон Ҳабибий ўзбек шеъриятининг ғазал ва қўшиқчилик бобида ўзига хос мактаб яратиб, аруз вазнидан муваффақиятли фойдаланган катта истеъдод соҳибидир. Шир 1982 йили 92 ёшида вафот этди.